282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 19

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 19 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мунис энди ноз қилиш мавриди келганини англади.

– Ҳали мен ўйлаб кўрай, сиз ҳам яна ўйлаб кўринг. Кейин “қиз олмадим” деб пушаймон бўлмайсизми, менга иддао қилиб, юзимга солиб юрмайсизми?

– Мен бир гапни айтишдан олдин пухта ўйлаб, қатъий қарор қилиб, кейин айтаман Мунис. Мен томондан пушаймон ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Сиз эса майли, ўйланг. Қанча ўйлайсиз? Қанча муҳлат керак? Аниғини айтинг.

– Мана бу гапларингиз ҳам чинакам тадбиркорнинг гаплари, – деди Мунис вужуди яйраб

– Ўзингиз ҳам тез орада ана шунақа аниқ-пухта ишлайдиган бўласиз. Хўш? Қанча кутай? Қанча десангиз, шунча кутаман. Мунис, қачон айтасиз?

– Янаги ҳафта.

– Бўпти! Юринг, энди ичкарига кирайлик. Меҳмонлар маҳтал бўлиб қолмасин.

Ичкарида эса тўй тантанаси тобора авжига чиқмоқда. Ҳамма, ҳатто тўйболалар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам рақсга тушмоқда эди.

БАҲОДИРНИНГ “ТИРИЛИШИ”

Ҳайҳотдек ҳовлида Миртожининг бир ўзи. Эрталабдан бери тагига тўп-тўп этиб, тўкилиб ётган қирмизи шафтолиларни теришга ҳам ҳеч ким йўқ. Лайло билан Нозим икки болани олиб, “Тўй саёҳати”га кетишди. Қайтиб келганларидан сўнг, қаерда яшаш масаласини ҳал этишмоқчи. Миртожи уларга шу ҳовлини қолдириб, ўзи Тўтиёни олиб қишлоққа, фермага кетмоқчи эди. Аммо Тўтиё тушмагур, кўп кутдингиз, энди яна бироз кутинг, Мунис билан Мардининг тўйини ҳам ўтказиб олайлик, деб оёқ тираб турибди. Нозим: “Тўй шартми, иккаласи ҳам тўй кўрган-ку, бизга ўхшаб, ЗАГСдан ўтишсин-да, никоҳ ўқитиб, яшайверишсин” деган, бунга Мунис ҳам рози эди. Лекин Марди кўнмади. “Кичикроқ бўлса ҳам тўй қилиб, элнинг олдидан ўтайлик”, деди. Миртожи уни тушунди. Ўша биринчи ва иккинчи тўйда кўнглидан кечган фикрларни тасаввур этди. “Ўшанда тўғри қилганмидим?” – деб ўйлади. Обрў кетмасин деб, аччиқ устида кўрилган ўша чоралар бугунга келиб ўзига нақадар оғриқли туюлди. Опаси ўрнига келин бўлиб кетган Шаҳло қизининг бахтли бўлиб кетгани учун, Нозимнинг ўрнига мажбуран куёвлик ролини ўйнаган Марди алал-оқибат ўзининг энг яқин одамига айлангани учун Худога шукрона айтди. “Эй парвардигор, гарчанд бошимга шунча кулфатлар тушган бўлса ҳам, ориятимни, ғуруримни ерга урмаганинг учун, эл ичида юзимни шувит қилмаганинг учун сенга мингдан минг қуллуқ!”

Дарвоқе, ниятнинг холислигини қаранг. Шаҳло билан Фарҳод яқиндагина хориждан қайтиб келишди. Фарҳод жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонасига ишга юборилибди. Улар пойтахтда яшашмоқда. Икки қизлари бор эди. Яқинда ўғилли бўлишган. Қолдибой қудаси ўғил неварага интиқ эди. Энди ўзида йўқ хурсанд. “Тошкентда бир тўй берай, қатнашганнинг ҳам, эшитганнинг ҳам оғзи очилиб қолсин”, деб юрибди.

Шу тариқа энди бундан буёғи Миртожининг боши тўйдан чиқмай қоладиганга ўхшайди. Минг шукр, ишқилиб кўз тегмасин. Мунис билан Мардининг тўйини тезроқ ўтказиб олсайди, ўзи ҳам муроду мақсадига етади. Мана бунақа ёлғизликка чек қўйилади. Тўтиёнинг васлига етади. Энди… энди ундан бир дақиқа ҳам узоқлашмайди. Қўлидаги узук мисол мудом бирга олиб юради. Тўтиёнинг исми жисмига монанд экан. Миртожи шунча йиллик айрилиқдан сўнг ниҳоят васлига етиш имконига эга бўлаётгани ёки ёши бир жойга бориб, худди чойнинг таъмини, ҳузурини нозик ҳис эта бошлагани каби севгининг, аёл муҳаббатининг таъсирини ҳам нақадар чуқур туяётгани учун шундай деб ўйлаётгани йўқ. Оддий бир инсон сифатида четдан, холисона кузатиб, умрида учратган анча-мунча аёлларга таққослаб, ана шундай хулосага келди. Тўтиё чиндан ҳам Тўтиёйи асл экан. Покиза, иймон-инсофли бир хилқат экан. Йўқса, такроран яқиндан мулоқот қила бошлаганларига шунча вақт бўлганига, ўзининг кўзларида ҳам муҳаббат лиммо-лим эканига қарамасдан, ақалли бир марта билагидан ушлатмади-я! Шунча сабр қилдик, яна озгина сабр қилайлик деди. Ношаърий висолга рози бўлмади. Эҳтимол, ҳув ўшанда, биринчи бор ёшлик қилиб, тажрибасизлик туфайли янглишгани, оғзи куйгани боис шу қадар эҳтиёткор бўлиб қолгандир? Ким билсин? Хатолардан хулоса чиқариш, уларни такрорламасликка ўзида етарлича ирода топа олиш ҳам бир давлат. Ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди бу. Миртожининг ўзи бунга мисол. Ҳаётнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушуниб етгунига қадар неча бор янглишди, неча бор суринди, қоқилди, кимларнингдир таъна-маломатига ҳам қолди. Минг бор шукрки, парвардигор унга хатоларни тузатиш имкониятини берди…

Ичкарида устма-уст телефон жиринглади. Миртожи хаёллари булутдек тарқаганича, шошиб уйга кирди. Гўшакни олди. Муниснинг бир қадар ҳаяжонли овозини эшитди.

– Ҳа, она қизим, тинчликми? – деб сўради салом-аликдан сўнг.

– Анави… бир хабар эшитдик… тўғрими, нотўғрими, ҳали билмаймиз.

– Қанақа хабар экан?

– Анави… Баҳодир ака… тирик эмиш…

– Нима? Қанақасига тирик бўлади? – деб сўради беихтиёр Миртожи. – Йили ўтиб кетганига ҳам бир йил бўлди-ку…

– Билмасам… Шунақа гап топиб келишган…

– Шошма қизим, мен ҳозир бораман. Ўша ерда гаплашамиз. Нозимга қўнғироқ қилганинг йўқми?

– Йўқ, ҳали ҳеч кимга айтганим йўқ. Онам “аввал отангга айтгин” деди.

– Тўғри қилибсан? Онангнинг ўзи уйдами?

– Ҳа.

– Бўпти, мен ярим соатдан сўнг етиб бораман…

* * *

– Ҳалиги Шавқиев деган одам бор эди-ку, ўша киши ҳозир Жанубий Американинг қайсидир мамлакатида экан. Хотини яқинда ёнига бориб келибди. Улар Америкада учрашишган… – дея тутилиб-тутилиб гап бошлади Мунис.

– Шавқиевнинг бешта хотини бор эди. Қайси бирини айтяпсан, қизим?

– Кичкинаси бўлса керак. Бизлар қатори. Бир неча дўконлари бор. У мен борадиган сартарошхонанинг ҳам эгаси. Ўша аёл дугоналаримдан бири билан сирдош. Ўшанга айтибди. “Эрим бошда анча қийналганди, ҳозир яхши, халқаро полициянинг қидируви тўхтатилган. Ишларининг ҳаммасини пул билан тинчитиб, ёпиб юборган. Тез орада Америкага кўчиб келади, шундан сўнг мен ҳам ўша ёққа кетаман”, депти.

– Хўш, хўш, майли, Шавқиев соғ-омон юрган, халқаро полиция таъқибидан қутулган бўлса яхши, бироқ бу гапнинг Баҳодирга нима алоқаси бор экан?

– Ўша Шавқиев хотинига айтибди: “Полициядан ҳам, суддан ҳам қутулганман, бироқ ўзимнинг нон-тузимни еб юрган Баҳодир “ўлдираман” деб қасд қилиб юрганмиш” депти…

– Балки бошқа Баҳодирдир? Баҳодир дегани битта туғилмаган-ку?

– Йўқ. Ўша бўлса керак. Чунки Шавқиевнинг хотини: “Нега ўзингизнинг одамингиз сизга қасд қилади?” – деб сўраган экан, у: “Бундан икки йил олдин Швейцарияда Баҳодирга суиқасд қилинган. Ўшани мендан кўриб юрибди”, деганмиш…

– Иҳм… демак… тирик қолган эканми? Унда бизлар кўмган жасад, суяклар кимники экан? Астағфирулло… Чет элнинг полицияси, экспертизаси ҳам адашар эканми… Ғалати-ку… Майли қизим, бизлар барибир шошмайлик. Тирик бўлиб, икки йилдан зиёд вақт мобайнида ўзидан дарак бермай юрган бўлса, бу ҳам бежиз эмасдир. Дарвоқе, ўша Шавқиев хотинига Баҳодирнинг қаердалигини айтмабдими?

– Йўқ, айтмаган.

САМАНДАР ДЕГАНИ КИМ?

Баҳодир ҳув ўша куни Кипр пойтахти Никосияда Шавқиевнинг ҳузуридан қўйни пуч ёнғоққа тўлиб чиққач, анча пайт кўча айланган ва кечки пайт Кипр пойтахтининг кунчиқар тарафида жойлашган мавзелардан бирига, кўримсизгина уч қаватли уйга борганди. Учинчи қаватдаги квартиралардан бирининг қўнғироғини чалди. Эшикни сарғиш соқолли, яшил кўзли бир йигит очди.

– О-о, биродарим Баҳодур, – деди у чучук туркий тилда ва бағрини очди. Улар қучоқлашиб кўришишди.

– Ишлар қалай, – деб сўради Баҳодирдан малласоқол дастурхон ёзиб, чой узатар экан.

– Ҳаммаси режадагидай кетмоқда.

– Отабойнинг ҳузурида нима гаплар?

– Чол ҳалиям очкўзлигини қўймаяпти. Кеча Швейцария тоғларида Якубовскийнинг хотини ва қизига суиқасд уюштириб, ўлдиртириб юборибди. Якубовскийга тегишли пулларни аввал олиб қўйган бўлса керак. Унга мени ҳам Швейцарияга боради, деб айтишган чамаси, мени ҳам ўлдиртирмоқчи. Ҳойнаҳой, Швейцария банкларидаги ҳамма пулларга эгалик қилиб, янги паспорт олиб, бошқа ном остида яшамоқчи.

– Чучварани хом санабди у одам. Давосдаги банкир ошналар билан гаплашганмиз. У Якубовскийнинг пулларини ололган эмас. Лекин шунинг ҳаракатида юрибди аблаҳ, очкўз. Ўзининг пулини олиб, ҳазм қилишни ўйласа-чи. Бироқ биз, ўзининг пулларини ҳам олишига йўл қўймаймиз. Чунки ўша пулларни у ҳалол йўл билан топмаган. Бинобарин, биз уларни мусодара этишга тўла ҳақлимиз. Сенинг пулларингни эса, сен ўзинг, азиз биродарим, ўз ихтиёринг билан бизнинг “ҳаққоний кураш”имиз йўлига бахшида этасан, тўғрими?

– Тўғри муҳтарам Саидмамат, тўғри. Мен бу ҳақда сизга Самарадалик чоғимдаёқ айтганман. Аслида у пуллар менинг пулларим эмас. Шавқиевдан, Якубовскийдан, марҳум банкир ошнам ва бошқа бизнесчилардан “ҳаққоний кураш” жамғармаси учун шилиб олинган. Фақат битта илтимосим бор.

– Илтимосинг қабул қилинади. Сен чиндан ҳам эртага Швейцарияга жўнайсан. Шавқиев сени ўлдириш учун ёллаган одамлар бизнинг биродарларимиз. Улар сени йўлда ҳақиқатан ҳам “ўлдиришади”. Тамом. Баҳодир ўлади. Индиндан эътиборан, сен янги паспорт билан қайта туғиласан, худди ўтда ёниб, қайта бино бўлган Самандар сингари. Дарвоқе, исмингни ҳам Самандар деб қўйсак бўлмайдими? Яхши исм, нима дединг?

– Бўлади. Самандар бўлса, Самандар-да…

– Демак, келишдик. Энди сен дамингни ол. Эртага “ўладиган” одам яхшилаб ҳордиқ чиқариши керак, – дея кулди малласоқол. Кейин қўшимча қилди. – Олдинда сени буюк жасоратлар кутмоқда йигит. Ҳали сен билан бирга шундай ишлар қилайликки, хуллас, тарих саҳифаларини ёриб кирасан, Диана ибодатхонасини ёндирган Герострат сингари. Ҳа, айтганча, сен ҳақингда бошлиқларимизнинг фикри ҳам ижобий. Ажабмаски, ҳаракатимизнинг йирик бўғинларидан бирига раҳбар этиб тайинлашса. Менга қолса, сени халқаро жамғармамизга хазинабон этиб тайинлаган бўлардим. Майли, бу ҳақда кейин. Аввал сенинг “таржимаи ҳол”ингни тозалаб олишимиз зарур. Акс ҳолда биринчи муюлишдаёқ қўлга тушасан. Айтганча, “дум” илаштириб келмадингми?

– Хафа қилманг, Саидмамат оға, мени… бугун кўраяпсизми?

– Баракалла. Сен ишончли одамсан. Буни биламан. Сен Шавқиев эмассан…

– Саидмамат оға бу… Шавқиев юраверадими шунақа қилиб? Унинг масаласини ҳал қилиш пайти етмадими?

– Йўқ. Ҳали етмади. Чунки ҳали маблағи бор. Ҳали биз у “соғин сигир”ни соғишда давом этамиз. Соғиб бўлганимиздан кейин, “гўштга топшириш” зарур бўлса, ўшанда сенга топширамиз. Ахир сен қассобнинг боласисан-ку, шундай эмасми?

– Оббо, сиз-ей, отамнинг қассоб бўлганини ҳам биларкансиз-а? Қанақа қилиб? Мен бу ҳақда ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмаганман-ку.

– Э-э, биродарим Самандар, биз шунақа билгир бўлганимиз боис, омон-эсон юрибмиз-да, халқаро полициянинг туну кун қидиришига қарамай. Акс ҳолда, аллақачон тугаб, битиб кетар эдик. Сени чиндан ҳам етти қават авра-астарингни ағдариб текширтирганмиз. Айтиб бўлмайди-да. Битта ҳамюртинг бор эди. Бир пайтлар бирга ишлаганмиз. Махсус хизмат айғоқчиси бўлиб чиқди, малъун. Балиқларга ем қилиб юборишга тўғри келди. Сен унақа эмас. Сен фидойи йигитсан. Улуғ мақсадимиз йўлига жонингни тиккансан. Кўнглингни тўқ қил. Сени ҳеч қачон ташлаб қўймаймиз. Энди ётиб ухла. Юр…

Малласоқол Баҳодирни иккита каравот қўйилган кичик бир хонага бошлаб кирди. Ўрнини кўрсатиб, чиқиб кетди. Баҳодир ечинди. Кўрпага кирди. Уйқуси келмай, анчагача ўйлаб ётди. Кўз ўнгидан Саидмамат билан биринчи марта танишган пайтлари жонланди. Ўшанда Баҳодир Россияга иш қидириб келган, бошини қайга уришни билмай, тентираб юрарди. Самара шаҳридаги бозорлардан биридаги ошхонада охирги пулига яримта карам шўрва олиб, қаттиқ нон билан тамадди қилаётган Баҳодирнинг нигоҳи қўшни столларнинг бирида ўтириб, узун сихга тизилган кавказча кабобнинг чақалоқнинг муштидай келадиган гўшт парчаларини иштаҳа билан оғзига тиқаётган малла йигитга тушди. Азбаройи ҳавас қилганидан кўзини узолмай қолди.

– Ҳа биродар, қорин очми? – деди таниш тилда малла йигит унинг тикилиб турганини пайқаб.

– Йўқ-йўқ, раҳмат, – деди Баҳодир.

– Бери кел, қўноғим бўл, уялма қардош, – деди малла йигит. Баҳодир беихтиёр ўрнидан туриб, йигитнинг ёнига борди. Йигит унинг олдига кабоб тўла лаганни суриб қўйди.

– Е, қорнингни тўйғазиб ол! Кейин гаплашамиз…

Баҳодир кейинги ҳафталарда қорни тўйиб овқатланмагани учун уят-андишани йиғиштириб, ўзини кабобга урди. Бироз нафси қониб, кўзи чарақлаб очилди. Йигитга қаради.

– Танишиб қўяйлик, менинг исмим – Саидмамат, – деди малла. – Сеники-чи?

– Баҳодир.

– Шунақами? Ўзимам ўйладим-а, ўзимизникилардан бўлсанг керак деб. Хўш, гапир-чи, нима қилиб юрибсан? Нима муаммоинг бор?

– Иш қидириб келувдим. Ўзим иқтисодчиман, маълумотим олий.

Малла йигит кулди.

– Олий маълумотлиман дегин? Ҳозир олий маълумотингнинг кимга кераги бор? Ҳозир буларга қора иш қиладиган, қора меҳнатчи керак. Тушундингми?

– Қора меҳнат бўлса ҳам майли…

– Шунақами? Унда мен сенга ёрдам бераман. Агар ишончни оқласанг, эҳтимол қора меҳнат қилишнинг ҳожати бўлмас. Қани юр, кетдик!

Малла йигит уни машинасига миндириб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Баҳодир кимларнинг қўлига тушганини англаб етди. Қўрқди, қочишга уринди. Бироқ, энди кеч бўлган эди. Шу орада Нозимнинг талаби, Миртожининг кўмаги билан уйланиш баҳонасида юртга қайтди. Аслида… аслида Баҳодир мактабдалик пайтидан севишиб юрган қизи Муниснинг ҳузурига энди қайтмоқчи эмасди. Унга уйланиш хаёлида ҳам йўқ эди. “Теварагимда шунча замонавий қизлар турганида эгнидан тезак ҳиди анқийдиган молдўхтирга уйланаманми?” – деган ижирғаниш бор эди кўнглида. Қолаверса, унинг нияти бойроқ бир одамнинг қизини олиб, енгил, тўқ ва тўкис ҳаёт кечиришдан иборат эди. Мунисга хат-хабар етказмай, тутқич бермай юришининг боиси ҳам шу эди. Нозим уни қидира бошлаганини дастлаб эшитган чоғида ҳам: “Топганда қўлидан нима келарди, опасини мажбурлаб қўйнимга сололмайди-ку”, деб масхараомуз кулганди. Не ажабки, фурсати келиб, бу яъни уни қидиришаётганлари жонига оро кирадиганга ўхшаб қолди. Саидмаматга: “Унаштирилган қизимнинг ёши ўтиб кетяпти, бориб уйланмасам бўлмайди”, деди. Саидмамат бунақа нарсага жиддий қарар экан. “Албатта, бориб уйланиб, хотинингни ҳам олиб кел, шу ерда бахтли турмуш кечирасизлар”, деди. Баҳодир эса бир иложини қилиб, юртимда қолиб кетаман деб ўйлади. Иложини қилолмади. Сирасини айтганда, мабодо юртида қолган тақдирда ҳам малла йигит ва ошналари чангалидан қутула олмаслигини, шу ерда ҳам уларнинг топшириғини бажариб, қанақа ишлар қилишга мажбур бўлишини тахминан билиб, тушуниб турар эди. Шунинг учун, “нима бўлса, пешонамдан кўрдим”, дея яна Самарага қайтди. Малла йигит уни ўз одамлари орқали Якубовский билан таништирди. Якубовский раҳматли яхши одам эди. Малла билан мулоқот-муносабат қилмасликка уринарди. Аммо Баҳодир унинг ҳар бир қадами ҳақида Саидмаматга маълумот бериб турарди. Нозимни Якубовский оиласига олиб кириш фикри ҳам ўша – Саидмаматдан чиққан. Кейинчалик Якубовскийни қаматиб, унинг бизнесини парчалаш, Нозимдан “қўғирчоқ” сифатида фойдаланиш, Шавқиев билан тил бириктириб, қанча одамларни йўлдан олиб ташлаш, охир-оқибат унинг ўзини ҳам синдириш – ҳамма-ҳаммаси ўша камтаргина, мўмин-қобилгина бўлиб юрадиган малла йигитнинг кирдикорлари эди. Саидмамат Якубовскийнинг қизи борлиги, Нозимни у билан таништириб, уйлантириб, кекса полковникнинг бизнесига эгалик қилиш режаси ҳақида гапирганида Баҳодир Нозимга ҳасад қилди. “Бел оғритмасдан шунча молу давлатга эга бўладими”, деб куйди. “Аслида Амалияга ўзим уйланишим керак эди, юрардим бойвачча бўлиб”, дея ўртанди. Саидмамат Шавқиевга “ишлов бериш”ни бош лаган пайтларда, у Отабой ота ҳузурига бош эгиб борди ва малланинг ўзи, теварагидаги одамлари, қилаётган ишлари ҳақида мунтазам маълумот бериб туришга тайёр эканини айтди. Бу ўта қалтис таваккал эди. Шавқиев бир оғиз айтса, Саидмаматнинг одамлари Баҳодирнинг гўштини бурдалаб ташлашлари аниқ эди. Бироқ Баҳодир мўлжални аниқ олган, Шавқиев бу “таклиф”га муҳтож эканини ва жон деб қабул қилишини билар эди.

Шу тариқа у “икки томонлама ўйин” бошлади. Ҳар икки томондан олган катта-катта мукофотларни Швейцариядаги банклардан бирига ўтказиб турди. Пайти келиб, ҳаммаси кунпаякун бўлиб кетгач, мен омон қоламан, жамғарган пулларимни сарфлаб, кексалик гаштини суриб юраман, деб ўйлади. Аммо банкир дўстларидан бири унинг маблағлари ҳақида Саидмамат ва хўжайинларига маълумот бериб қўйибди. Бундан бир неча муддат аввал уларнинг одами Баҳодирнинг олдига келиб, “Биродарларимиз тўплаган пулларингизни ҳаракатимиз фаолияти учун сарфлашингизни исташяпти”, деди сурбетлик билан. Бунақа таклифлар “инкор этиб бўлмайдиган таклиф” ҳисобланар, акс ҳолда худди Якубовский сингари жазоланиши мумкин эди. Ҳалиям Саидмамат уни азбаройи ҳурмат қилгани боис, унга бундай иззат кўрсатилаётганини Баҳодир биларди. Шунинг учун ғинг демади. Аммо талвасага тушди. Саидмаматнинг олдига келишдан аввал унинг рухсати билан Шавқиев ҳузурига отланди. Саидмаматга у: “Шавқиевнинг бошқа мамлакатлардаги маблағлари ҳақида маълумот олиш учун унинг ёнида юришим керак”, деб айтди. Аслида ҳам мақсади шу эди. Ва шу аснода тўс-тўполонда Шавқиевнинг беҳисоб сармоясидан “чўтал” юлмоқчи эди. Бу ҳақда Саидмаматга индамади, албатта. У ўйлардики, Саид ва унинг одамлари бир кунмас-бир кун қўлга олинади ва Баҳодир сувдан қуруқ чиқиб кетади…

Шавқиев уни ўзига яқинлаштирмади. Устига-устак, Баҳодир Отабой ота уни ҳам Якубовскийнинг оиласи сингари йўқ қилиб юбормоқчи бўлаётганини эшитиб қолди. Шунда Саиднинг маслаҳати билан Шавқиевнинг олдига берухсат бостириб борди. Баҳодир “унинг кўзларига тик қарасам, қилган хизматларимни эслатсам, шояд инсофга келса”, деб ўйлади. Шавқиев эса инсофга келадиган ҳолатда эмас экан. У Баҳодирнинг имо-ишора билан қилган дўқ-пўписаларини ҳам писанд этмади. У яраланган бўрига ўхшарди. Ваҳшийлашганди. Баҳодир буни кўргач, “Майли, мен сиздан хафа эмасман”, деб чиқди. Орқасидан Шавқиевнинг: “Мен эса сендан хафаман, жудаям хафаман” деб қолганини эшитди. Орқага ўгирилмади. Баҳодир Шавқиевнинг пулларидан анчагина қисмини ўмариб юрганини биров билиши мумкин эмас, деб ўйларди. Зеро, шу хиёнатнинг ёлғиз гувоҳи – банкир ўлиб кетган. Шу боис Отабой отанинг ортидан қичқириб айтган гапини эшитиб, қўрқиб кетди. “Ўлдирмоқчи бўлаётганининг асосий сабаби ўша”, деб ўйлади. Яхшиям, ташқарида Саиднинг икки гумаштаси кутиб турибди. Акс ҳолда шу ернинг ўзида гум қилишлари мумкин эди. Йўқ. Шавқиев Саиддан қўрқади. Баҳодирга ўз уйида ҳужум қилолмайди. Буни Баҳодир билади. У зимдан ҳужум қилади. Аммо Саиднинг одамлари ҳар қадамда пойлаб юришибди. Якубовскийнинг одамларини эса Нозим тўхтатди. У опасининг бева бўлиб қолишини истамайди-ку ахир. Шавқиев эса… Шавқиев хавфли. У қотилни мутлақо бошқа жойдан, шахсан ўзи ёллаши ҳам мумкин. Аммо Баҳодир барибир ундан қўрқмайди. Саид билан суҳбат чоғида у: “Шавқиевни тинчитиш пайти етмадими” деган гапни атайлаб, ўсмоқчилаб айтди. Олган жавобидан қониқди. Зеро, у ҳали ҳам Шавқиевдан ўз ҳақини ундиришдан умидвор эди. У ўлиб кетса, кимдан ҳақ олади. Шавқиев тирик юргани яхши. Унинг бойлиги бутун дунёга сочилган. Баҳодир ақалли биттагина бўлагини бўлса ҳам, албатта қўлга киритиши шарт.

Демак, “ўйин” ҳали давом этади…

Эртаси куни ҳамма иш Саидмамат айтганидек, силлиқ ва пухта бажарилди. Ўликхонадан олинган икки мурданинг ёнига Баҳодир ва яна бир йигитнинг ҳужжатлари солиниб, тоғ йўлида машина жарга юмалатилди. Полиция “тасодифан” ёнмай қолган ҳужжатларга асосланиб, машинадагиларнинг шахсини аниқлади. Иш “бахтсиз ҳодиса” сифатида беркитиб юборилди. Самандар Қаландаров деган шахс эса самолётда Покистонга учиб кетди.

– У ерда сени ажойиб бир йигит, собиқ ҳамюртинг кутиб олади. Бундан буён икковларинг мудом бирга бўласизлар, – деди Саидмамат. – Жасур йигит у!

– Ким экан исми, мен эҳтимол танирман?

– Танийсан, албатта танийсан, агар хотиранг панд бермаса, сен уни аввал кўргансан. Исми… исми эмас, тахаллуси бор унинг – Дагар. Жуда ҳам барваста, паҳлавон йигит. Шарқ яккакурашлари устаси, мерган, ўқчи ва яна бошқа фазилатлар соҳиби. Лекин жуда қобил, юввош. У сенга содиқ дўст, ҳамкор, қуролдош бўлади.

“Демак, мени қаергадир урушга юборишмоқчи”, – деб ўйлади Баҳодир. – Майли, нима бўлса, тақдирдан кўраман”.

* * *

Карачи аэропортида Баҳодирни Саид айтган барваста йигит кутиб олди. Баҳодир уни аввал қаерда учратганини дарров эслади. Шавқиевникида кўрганди.

– Ассалому алайкум Баҳодир ака, – деди у.

– Ваалайкум, – деди Баҳодир. – Яхшимисан ука, ҳалиги… исминг Дагармиди? Қалайсан?

– Яхши ака, ўзингиз яхши етиб келдингизми?

– Яхши, яхши. Қани йўл бошла, қаёққа юрамиз?

– Йўлимиз анча узоқ. Вазиристон вилоятига боришимиз керак.

Баҳодир тушунди. Вазиристон – Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудуди. Афғонистонга, Чеченистонга юбориладиган мужоҳидлар шу ерда тайёрланади. Қизиқ, Саид уни қаерга юборишни мўлжаллаган экан?

Дагар деганларининг асли исми Тўхта эканини Баҳодир мужоҳидлар маконига етиб келиб, у билан битта чодирда бир ҳафта яшаганидан сўнг билди.

– Бу ҳаётда яккаю ягона мақсадим қолган, у ҳам бўлса – Отабой Шавқиевнинг гўштини бурда-бурда қилиш, – деди йигит узун тунлардаги суҳбатлардан бирида ногаҳон юрагини очиб.

– Нега Тўхтабой, у одам сенга нима ёмонлик қилди? – деб сўради ўсмоқчилаб Баҳодир.

– У… у менинг севгилимни тасқарага айлантирган.

– Севгилинг унинг учинчи хотини эди, шунақами?

– Шунақа. Эшитганмидингиз?

– Сал-пал. Аммо-лекин жудаям шафқатсизлик қилган экан аблаҳ. Сен уни чиндан ҳам ўлдирмоқчимисан?

– Ҳа.

– Унда… Мен сенга ёрдам бераман. Мақсадингга етасан.

– Қачон? Қандай қилиб?

– Мавриди келади. Нима қилишни айтаман…

* * *

Олти ойлик тайёргарликдан сўнг Баҳодир билан Тўхта яна бир неча киши ҳамроҳлигида яширин йўллар билан Чеченистон ҳудудига етиб келишди. Россия Федерал қўшинларига қарши жангларда қатнашиб, ҳар иккаласи ярадор бўлди. Баҳодирни худо асради: ўқ чап елкасидан кириб, юрагининг ёнгинасидан чиқиб кетди. Бир ой Грузиянинг қайси бир кичик шаҳарчасидаги касалхонада, кейин Туркиядаги госпиталлардан бирида даволаниб чиқди. Дагар эса граната парчаси тегиб, ўнг кўзидан айрилди. У ҳам Туркияда даволанди. “Вакиллар” ҳар иккисига анча-мунчадан пул бериб, “Энди тўрт томонларинг қибла”, дейишди. Баҳодир Саидни излади. У ҳалок бўлибди.

– Мана энди чинакамига озод бўлибмиз, – деди у қувонч билан Тўхтага. – Ана энди сен кўзлаган мақсадни амалга оширса бўлади.

Шундан сўнг улар Шавқиевнинг изини қидиришга киришишди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации