Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
КУЛФАТ УСТИГА КУЛФАТ
“Ҳар бир инсон ҳаётининг ярми асал, ярми заҳар, дегувчи эди Миртожининг отаси унга насиҳат қилган кезлари. – Икковини тенг бўлиб, еб юбориш керак. Аввал бирини кўпроқ еб қўйсанг, кейин иккинчисини истеъмол этишга тўғри келади…”
Чамаси Миртожибой умрининг энг гуллаган чоғларида саргашта асалари сингари гулзор узра парвоз қилиб, асалини кўпроқ еб қўйган-у, энди заққумини ютишга мажбур бўлмоқда эди. Худди Нозимбой кибр ила башорат қилганидай, бу ёқдаги заводларини, қизига олиб берган дўконлару кўчмас мулкларини ҳам бирма-бир сотишга тўғри келди. Омад кетса, фалокат оёқ остида деганлари тўғри. Бир томондан солиқ, иккинчи томондан прокуратура босиб, текшир-текшир узлуксиз давом этди. Мардибой ёшлик қилдими, тажрибаси етишмадими, фирмага унинг ўзидай раҳбарлик қилолмади. Ҳали соғломлигидаёқ Миртожининг ўзига панд бермоқчи бўлиб юрган гуруҳ қора қилмишини қилиб, мақсадига эришди. Заводлар бирин-кетин касодга учради. Қолаверса, аввалбошдан Миртожининг ўзи ҳам хомлик қилган экан. Қўшма корхонага хориждан катта қарзлар эвазига олиб келинган ускуналар эски бўлиб чиқди. Бир-икки йил ишламаёқ, яроқсиз ҳолга келди. Ишлаб чиқариш тўхтади. Нарёқдаги ускуна сотган фирмалар таг-туги билан йўқолиб кетган экан. Бу ёқда банк: “Қарзингни қачон узасан”, деб оёқ тираб турибди. Хуллас, Миртожи қатъий қарорга келди: “Ҳамма нарсани сотиб, қарзларни узиш керак. Агар мен ўлиб кетсам-у, оиламнинг бўйнида шунча қарз қолса, гўримда ҳам тинч ёта олмайман. Қорнимиз оч бўлса ҳам, қулоғимиз тинч бўлсин…”
Шу тахлит у шу ердагисиниям, Россиядагисиниям – ҳаммасини сотди. Ишқилиб қарзларнинг ҳаммасидан қутулди. Ихтиёрида бор-йўғи кичик бир қурилиш фирмаси қолди, холос. У ҳам аслида Мардига тегишли. Миртожи ярмига шерик. Шу боис энди Миртожи бундан атиги бир ярим-икки йил аввалги пулдор Миртожибой эмас. Ўртаҳолдан ҳам оддийроқ бир инсон. Аммо у энди ҳар қалай ўз оёғи билан кириб-чиқиб юрган жонли бир одам-ку. Бунисини у негадир биринчи ўринга қўя олмайди. Ўзидан бошқа ҳамма – хотини, қизлари, Мардибой, Қўшоқбой: “Соғлиқ бўлсин. Молу давлат топилади”, дейишади. Миртожининг ўзи эса бошқача фикр юритади. “Бойлик бўлмаса, соғлиқнинг нима кераги бор?” дейди ўзига ўзи. Илгари тескарисини айтарди. “Соғлиқ бўлмаса, бойликнинг нима кераги бор?” дерди. Энди бунақа деяпти. Янглишаётганини сезади. Аммо нима қилсин? У тўкис ҳаётга ўрганган. У мудом даромад кўришга одатланган. Энди фақат уйда, зўрға ҳаракатланади. Бунинг устига хотини ҳам дардчил бўлиб қолди. Ёлғиз ўғлининг дарди уни адо қилди. Қандли диабет касалига йўлиқди. Бу хасталик ёмон экан. Буйрагини қуритибди. Қанча умри қолган, Худога аён. Агар унга бир нарса бўлса… Миртожи қанақа яшашини тасаввур этолмайди. Ўзи шусиз ҳам кейинги пайтлар кўрган кўргиликлари эзиб ташлади. Тунов куни Қўшоқбой ғалати бир гап топиб келди.
– Нозимбойни кўрдим, – деди у. – Шаҳарнинг кўчасини тўлдириб, иккита олти юзинчи “Мерседес”да юрибди. Кийими пўрим. Ёнида соқчилари бор. “Гранд” фирмасининг бош директори бўлибди. Қўшма корхона очишга келганмиш. Эшитишимга қараганда, Лайлога қўнғироқ қилиб, учрашувга чақирибди. “Метропол” меҳмонхонасида турган экан. Лайло уни қайириб ташлабди. Сизга айтмаган чиқар. Лекин билиб қўйишингиз керак.
Миртожи индамади. Қўшоқбойга нохуш қараб қўйди. Шу гапни айтмаса ҳам бўларди. Ёши элликка боряпти-ю, фаросати кам. Мардибой ёш бўлса ҳам ақлли, индамади. Ҳолбуки, у ҳам кўрган, ё ақалли эшитган. Аксинча, ҳар гал Миртожининг кўнглини кўтаришга уринади.
– Ишларимиз ёмон эмас, – деди кеча. – Буюртмалар кўпайди. Ишлайман деган одамга иш топилар экан. Яқинда давлат буюртмачи ташкилоти коллеж ва лицейлар қурилиши бўйича танлов ўтказар экан. Ўшанда қатнашиш учун ҳужжат тайёрлаяпман. Агар ютиб чиқсак, зўр бўларди. Вилоятларда юзлаб коллеж-лицейлар қурилади. Ҳар бири катта бинолар мажмуасидан иборат бўлади…
– Илойим Худо омадингизни берсин, Мардибой, – деди Миртожи. – Ғайрат қилинг ўғлим. Эл аро юзимиз ёруғ бўлсин.
– Ёруғ бўлади насиб этса, – деди Марди.
Марди кетганидан сўнг Миртожи Лайлони чақирди.
– Ўтир қизим, сенга айтадиган муҳим гапим бор,– деди. Лайло унинг гапларига диққат билан қулоқ солди.
– Мен сенга бу ҳақда ҳеч қачон очиқ гапирмаганман қизим, – деди Миртожи сўзларини дона-дона қилиб. – Бугун мавриди келди. Сен эрка қизимсан. Мен ҳамиша сенинг кўнглингга қараганман. Ёшлик қилиб юзимга оёқ қўйганингда ҳам кечирдим. Чунки ўша ишни сен соддалигинг, ҳаётда тажрибасизлигинг учун билмай, ўйламай қилгансан. Ўша нобакор сенинг соддалигингдан фойдаланган. Сен унга ишонгансан. Майли, ўтган ишга-ку саловат. Лекин… У сени яна камситишга, хўрлашга, устингдан кулишга уринади…
– Қўнғироқ қилганини… сизга айтишибди-да? Мен кайфиятингизни бузмай деб индамай қўя қолгандим. “Боламни кўрсат”, деди. Мен унга: “Бу сенинг боланг эмас”, дедим. Хотиржам бўлинг, дада, унга ўзимни хўрлатиб қўймайман.
– Баракалла, қизим. Лекин уни ҳозир жудаям кучайиб кетган дейишади…
– Кучайган бўлса, ўзига. Мен ундан буткул юз ўгирганман. Биласиз-ку…
– Биламан қизим, биламан. Аммо… Сен… Мардибой чамамда ҳалиям умидвор бўлиб юрибди. Илгари сен унинг таклифи тагида қанақадир манфаат, тама бор деб ўйлагансан. Энди унинг биздан тама қиладиган нарсаси йўқ. Шунинг учун мабодо яна шу ҳақда гап очса, яхшилаб ўйлаб кўр, қизим. Бу болани кўп синадик. Яхши кунимизда ҳам, ёмон кунимизда ҳам бирга бўлиб келяпти…
Лайло дарҳол нимадир демоқчи бўлди-ю, андиша устунлик қилиб, тилини тийди.
– Майли, ўйлаб кўраман, – деб суҳбатга якун ясашга уринди. – Лекин Миртожи гапини давом эттирди.
– Балким… у кўнглингга унча ўтирмас. Аммо баъзида оила шаъни, келажаги учун одам ўз туйғуларини бошқариши мумкин, бу сенинг қўлингдан келади. Қолаверса, оила фақат севги асосида қурилиши керак, деган қоида йўқ. Ўзаро ҳурмат, бир-бирига суянч бўлиш, яхши фарзандлар тарбиялаш – бу нарсалар севгидан ҳам устун туради назаримда. Мен эҳтимол адашаётгандирман сенинг фикрингча. Аммо ҳозир оиламиз шундай бир вазиятда, мураккаб бир ҳолатда турибдики, фақат кўнгилни ўйлаб, уни жудаям оғир аҳволда қолдириб қўйиш мумкин…
– Агар оиламизнинг тақдири учун шу нарса керак бўлса, майли, мен розиман дада, – деди кутилмаганда Лайло. – Лекин кейинчалик у юзимга солмасмикан?
– Марди унақа йигит эмас. Қолаверса, ҳеч ким уни мажбурлагани йўқ. Ўзи шуни истаган. Ҳалигача шу истакда собит бўлиб келяпти. Ундан ташқари, келгусида муносабатларингиз бекаму кўст бўлиши кўпроқ сенга боғлиқ. Меҳрибон бўлсанг, садоқатли бўлиб, кўнглидан чиқсанг, эркак одамга шундан бошқа нарса керак эмас.
– Майли, сиз нима десангиз – шу.
– Мана бу бошқа гап, қизим. Мен эртага Марди билан гаплашаман.
– Ўзингиз гап очиб, “Қизимни ол, рози бўлди”, деманг-да.
– Йўқ. Унақа демайман. Ўзинг билан гаплашади. Рози-ризоликни ўзларингиз ҳал этасизлар. Хўпми?
– Хўп…
Эртаси куни Миртожи Мардини чақириб, гапни узоқдан бошлади. Яна ишнинг боришини суриштирди. Суҳбатнинг охирроғида мавзуни мақсадга яқинлаштирди.
– Уйланиш масаласи қанақа бўляпти? – деб сўради.
– Дидимга тўғри келадиган қиз учрамаяпти, – деди Марди.
Миртожи ундан “Лайло эса ҳалиям кўнмади” деган гапни кутганди. Марди “барибир фойдаси йўқ” деб ўйладими, бу гапни айтмади. Миртожининг ўзи дангал гапиришга мажбур бўлди.
– Лайло-чи?
– Лайло “йўқ” деган-ку.
– Йигит дегани сал қатъиятлироқ бўлиши керак-да, ўғлим. Яна гапириб кўринг, кўнар.
– Кўнармикин?
– Кўндиринг-да.
– Хўп, майли, – деди Марди қизариб. Қизаришининг боиси – ички бир севинч тўлқини, ҳаяжон юзига қалқиб чиққан эди. Миртожи қизини кўндирган.
Икки кундан сўнг кечқурун у Лайлонинг ишхонасига қўнғироқ қилиб, ресторанга таклиф қилди.
– Онамнинг тоблари йўқ. Бугун эрталабдан бери иссиқлари тушмаяпти. Врач ёнида ўтирибди, – деди Лайло.
– Бўлмасам… уйга бирга қайтайлик, мен ҳам у кишидан хабар олай.
– Майли келинг, – деди Лайло.
Марди тезда етиб келди. У келгунча уйдан яна қўнғироқ бўлибди. Онанинг аҳволи оғир экан. Биргалашиб, зудлик билан йўлга тушишди. Ҳовлига етиб келганларида ичкаридан Шаҳлонинг юракни тилкалаб юборувчи ноласи эшитилди.
– Вой онажо-они-им! Онажон, онагина-ам!
“ҲАҚИҚАТ ҚОШИДА БОШ ЭГАМАН”
Бу галги таъзияга одам кам келди.
Икки юз чоғли одам тўпланди. Миртожи жаноза олдидан пичирлаб, Худога нола қилди: “Эй Парвардигор! Жисмимга қувват бер, шўрлик ёстиқдошимнинг тобутини кўтармасам, уни сўнгги манзилга элтмасам қиёматда маломатга қоламан, ахир”. Оҳи худога етдими ё мўъжиза юз бердими, ишқилиб, вужудида ғайри бир куч пайдо бўлди.
Жонсиз қўли, оёғи ҳам бинойидек ишлаб кетди. Миртожи жанозада мулланинг ортида турди. Тобутни биринчи бўлиб, ердан ўзи узди. Сўнгра тобуткаш кишилар олдига тушиб, қабристонга пиёда йўл олди. Хайриятки, қабристон ҳовлисидан унчалик узоқ эмас. Дафн тугаб, фотиҳа ўқилгач,ортга ҳам пиёда қайтди. Ҳовлига йиғилган ўттиз-қирқ чоғли одам унинг қайтиб келишини кутди. Сўнгра қуръон тиловат қилиниб, дафн иштирокчилари бирин-кетин тарқалишди, бешўн киши қайтаётиб, Миртожига далда берган бўлди:
– Сабр-бардошли бўлинг ака, ўлим ҳақ, тақдир экан…
– Раҳмат, раҳмат. Илоҳим яхши кунларингизда хизмат қилайлик, – деди Миртожи. Кейин ёлғиз қолди. Қўшоқбой билан Марди бирга кетишган. Миртожи маъюс хаёл суриб ўтирди.
Шаҳар аҳли Миртожининг исмидаги “бой” қўшимчасини олиб ташлаганига ҳам анча бўлди. Энди унга ҳамма қатори муомала қилишади. Кимдир орқаваротдан: “Ишонмагин молингга, бир кун қўлдан кетаро” деб пичинг қилиб қўяди. Айримлари сурбетлик билан:
– Ҳа-а, бой ота, қалайсиз энди? Юрибсизми носвойни отиб, – дея таъна-маломат ҳам қилади. Миртожи қочиримни тушунмаган кишидек бу иддаолардан хафа бўлмайди.
– Мен носвой чекмайман, ука, – деб қўя қолади.
Бу гаплар Миртожининг ориятини қўзитди. “Наҳотки мен ўзимни хўрлатиб қўйсам”, деб ўйлади. Олдин соғлиғимни тиклайин, кейин кўрасанлар, деб аҳд этди.
Энди у кўпроқ ҳаракатланишга уринади. Врачлар: “Сизни фақат ҳаракат қутқариши мумкин, акс ҳолда яна ётиб қоласиз”, дейишган. Тинимсиз ҳаракат. Саҳар туриб, бомдодни ўқигач, ташқарига чиқиб кетади. Қўшни маҳалладаги “Ёшлик” стадионига боради. Кун сайин илдамроқ қадам ташлашга, ҳатто чопишга уринади. Тунов куни югураман деб, йиқилиб тушди. Ёмон йиқилди. Қаншари ерга тегди. Кўз олди қоронғилашди. Қўрқиб кетди. “Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймайин, шу куним ҳам ғанимат бўлиб қолмасин”, деб ўйлади. Бир амаллаб ўзига келди. Ўрнидан турди. Соғ қўли билан қаншарини силади. Ногаҳон бошининг ичида нимадир “қирс” этгандек туюлди. “Бошим ёрилганми, нима бало?” Йўқ, кўз олди ёришиб, тасаввури тиниқлашгандек бўлди. Ўзини бардамроқ ҳис этди. “Наҳотки тиқилиб ётган томир очилиб кетган бўлса”, деб ўйлади ҳаяжон билан. “Йўғ-е, инсульт деган дард осонликча тузалганини ҳеч ким кўрмаган. Янаям… ким билади. Оллоҳнинг мўъжизалари кўп. Ажабмаски, шунча чеккан жафоларим эвазига марҳаматига ноил этган бўлса…”
Шу хаёлда жонсиз қўлини қимирлатиб кўрди. Аввалгидан енгилроқ ҳаракатлангандек туюлди. Юраги гупиллаб урди. “Чиндан ҳам мўъжиза юз бераётганга ўхшайди”.
Юришини тезлатди. Чўлоқ оёғи ҳам енгиллашгандек. Бироқ барибир… асли қадимгидай эмас. Майли, шунисига ҳам шукр. Муҳими, руҳи кўтарилиб, кайфияти яхшиланди. Уйга қайтгач, бадантарбияни яна давом эттирди. Шу тариқа кундан кун ўнгланиб, гоҳ ҳасса билан, гоҳ ҳассасиз юрадиган бўлди.
Бошидан ўтган савдолар, айниқса бизнес соҳасидаги мағлубияти ҳақида ҳам у энди алам билан эмас, хотиржам фикр юритар, мудом битта саволга жавоб излар эди: қаерда хато қилдим? Бу саволга ўзи ўнлаб, юзлаб жавоб бериб кўрар, кўнгли тўлмай, янги-янги жавоблар қидириш билан машғул бўлар эди.
“Нозимни бошидаёқ бартараф этиб юборганимда битта душман кам бўлиб, фалокатларнинг олди олинармиди? Нега кўнгилчанлик қилдим?”
“Йўқ-йўқ! Нозимга зиён-заҳмат етказмаганинг тўғри бўлди. Акс ҳолда бошингга тушадиган кулфатлар бундан ҳам кўп бўлар эди. Сен Нозимни кечириб, ўз умрингда қилган энг оғир гуноҳлардан бирига берилиши муқаррар бўлган жазони сал енгиллаштирдинг. Тўтиёни, қизингни қайта топдинг. Салгина бўлса-да, кўнгилларини олдинг… Сен омадсизликларингнинг сабабини бошқа жойдан изла…”
“Пул, молу давлат қўлнинг кири” дейишарди. Бор пайтида Миртожи бунақа ҳикматли ибораларга ҳазиломуз муносабатда бўлар эди. Энди айримларнинг сохта ҳамдардлик билан шу йўсинда сафсата сўқишлари ғашини келтирадиган, жаҳлини чиқарадиган бўлиб қолди. Чунки шу гапларни айтаётганларнинг ўзлари ҳам уларга ишонмасликларини, иложини топсалар, ана шу “кир”ни жон-жон деб ялаб-юлқашга, кўзга суртишга ҳозиру нозир эканликларини яхши англар эди. Қизиқ, инсон боласи шу “кир”ни – пулни шунчалар яхши кўрмаса…
“Сен ҳануз кечаги, эски гапларни такрорлаяпсан. Ҳолбуки, бугун руҳиятинг, дунёқарашинг мутлақо бошқача. Пулсиз, молу давлатсиз ҳам бинойидек яшашинг, бахтли бўлишинг мумкин. Пулдан, молу давлатдан айрилган бўлсанг, эвазига биринчи муҳаббатингни, ана шу муҳаббат маҳсули бўлган жондан азиз зурриёдингни топдинг, билиб қўй, бундай толе, бундай севинч ҳар кимга ҳам насиб этавермайди”. “Тўтиёни топганим, ундан иккимизни боғловчи фарзандим борлиги албатта, катта бахт. Лекин… Уларга етишишнинг иложи бўлмагандан кейин… Нима наф?”
“Сабр қил, вақт ҳамма дардни даволайди. Тўтиё ҳам, Мунис ҳам ҳали… олдингга келишади. Сени кечиришади. Севгилингнинг висолига яна эришсанг, ажаб эмас. Ўзинг ўйла: ёшликда берган кўнгил… биринчи муҳаббат, биринчи висол, биринчи бўса… кўз очиб кўрганинг… орадан ўттиз йилча вақт ўтиб, унга эришиш қанчалик сурурли, қанчалик сафоли. Сен ҳозир бой берган пулу молингни эмас, юрагингда қайта гуллай бошлаган муҳаббат ҳақида ўйла. Кекса одамнинг қалбида тамоман янги муҳаббат туғилган чоғда у бамисоли онадан қайта туғилгандай бўлади. Ўзини ёш, бардам, беҳад куч-ғайратли ҳис этади. Бунда ажиб бир сир, ажиб бир мўъжиза бор. Айримлар бекорга ёши бир жойга борган чоғда ёш хотинга уйланмайди. Бундан мақсад ҳаётга янгича нигоҳ, янгича муносабат билан қадам ташлаш, умрни мумкин қадар узайтиришдан иборат. Ва кўпинча улар бунга эришадилар ҳам. “Саксонбой, тўқсонбойларни туғдирган ҳоллари ҳам учраб туради…”
“Тўтиё ёш эмас-ку…”
“Гап ёшда эмас аслида. Ҳамма гап ҳис-туйғуларнинг янгиланиши, аниқроғи қайтадан, янгидан туғилишида. Агар сен Тўтиёга мутлақо янги, тўғрироғи, худди ўша – чорак аср чамаси олдин бўлгани каби кўнгил қўйсанг, уни жонингдан ортиқ севсанг, унинг учун ҳар қандай синовга, ҳар қандай мағлубиятга тайёр турсанг, дунёда сен учун ундан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса мавжуд эмас, деб қатъий ишонсанг, ана шунда ҳаётинг янгидан бошланади. Ана шунда ҳар қандай дардни енгасан. Ана шунда… Яна юксак чўққиларни забт этасан…”
Миртожи шундай ўй-хаёллар билан ўзини овутди. Овутдигина эмас, руҳини кўтарди. Ҳаётга бўлган қизиқишини кучайтирди. Сўнгги пайтлардаги лоқайдликни енгди. Бугун эрталабки бадантарбияни ҳар қачонгидан кўра катта иштиёқ, яхши кайфият билан бошлаб, илк марта беш-ўн қадам югурди. Бундан руҳланиб, стадионда яна бир соатча қолиб кетди. Ҳовлига қайтган чоғи Лайло хавотирланиб, дарвозадан чиқаётган экан.
– Тинчликми, дадажон, узоқ қолиб кетдингиз, – деб сўради у.
– Ҳаммаси жойида. Кайфиятим яхши. Иштаҳам зўр.
– Ундай бўлса тезроқ ошхонага киринг. Қуймоқ совиб қолмасин. Ҳа, дарвоқе, сизга… Отабой отами, бобоми деган одам қўнғироқ қилган эди.
– Ҳа-а, Отабой Шавқиевми, нима дейди?
– “Бир ҳол-аҳвол сўраб қўяй дегандим, бемалол бўлса, келганидан сўнг бир қўнғироқ қилиб юборсин”, деди.
– Майли. Чойни ичай-чи. Қўнғироқ қиларман.
Отабой ота ҳақида ҳикоямиз бошида бир оғизгина гапириб ўтганимиз, ҳойнаҳой, эсингизда бўлса керак. Ўшанда Миртожиникидаги тўй билан бир пайтда унинг ҳам тўйи бўлаётган эди. Миртожи ўз ташвиши билан овора бўлгани боис ул муҳтарам зотнинг “бахт ва висол оқшоми”да қатнашолмаганди. Тўй куни бошланиб кетган ғавғою савдолар туфайли тўйдан сўнг ҳам “қутли бўлсин” маъносидаги ташрифнинг имкони туғилмади. Орадан бирон ойлар ўтгач, Миртожи ҳар қалай уни шаҳар миқёсидаги бир машваратда кўриб, астойдил табриклаган киши бўлди. “Узр, муайян сабаблар билан боролмадим”, деди. Чўнтагида аввалдан конвертга солиб тайёрлаб қўйган беш дона юзталик “конвертлашган валюта”ни киши билмай қилиб, қўлига қистириб юборди.
Бошда хушламайроқ кўришган Отабой ота қўлида “тўёна”нинг қайноқ тафтини ҳис этгач, бироз юмшаб:
– Узрингизни қабул қилиш маросимини рухсатингиз билан бизнинг кулбаи вайронада ўтказамиз-да, элатдош, – деди.
– Имконият туғилган заҳоти ҳузурингизга чопаман, – деди Миртожи гап йўсинини элатдошнинг ҳазиломуз оҳангига мослаб. – Сизникида меҳмон бўлиш биз, фақирлар учун бахт.
– Ўлманг, қадрдон ҳамқишлоғим, бу мен учун ҳам юксак шараф бўлур эди. “Меҳмон атойи худо” деган машойихларимиз. Қолаверса, муҳтарам шоиримизнинг “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам” деган ажойиб сатрлари бор. Бинобарин, ўз ташрифингиз билан кулбаи вайронамизни обод этасиз, деган умидни билдириб қоламан.
– Иншооллоҳ! – деди Миртожи ва хаёлидан: “Етти иқлимга кўз-кўз қилса арзигулик кошонасини “вайрона” деб аташни хуш кўради бу қоровул”, деган фикр ўтди. Аммо-лекин бу одам билан… яхши муносабатда бўлиш шарт. Мавридини топиб, ўтиб қўйиш керак…
Барибир ўтолмади. Иш деди, ташвиш деди – фурсат топмади. Кейинроқ эса… жаҳл қилди. Чунки Миртожи сотувга қўйган мулкларини учинчи шахслар орқали Отабой ота харид қилаётганини, ҳар бир сўм устида қаттиқ талашиб, нархни ерга уриб, арзон-гаровга туширишга уринаётганини пайқаб қолди. “Ҳамтуман, ҳамқишлоқ бўлмай ўл, очофат”, – деди ичида. – Бойлик, молу давлатинг беҳисоблигидан ёрилиб кетай деб турибсан-у, бошига кулфат тушган одамни шилиш, яна хўрлашдан ҳам тап тортмайсан…”
Отабой ота Миртожиникидаги таъзияларга ҳамма қатори келиб-кетиб, тил учида ҳол сўраб юрди. Бирон марта ўтириб, суҳбатлашгани йўқ. Касалхонада ётганида ҳам ақалли бир қургина қорасини кўрсатган эмас. Эҳтимол, у Миртожининг мулкларини арзон-гаров сотиб олгани туфайли истиҳола қилиб юргандир?
“Истиҳолани биладими бунақа одам. Ўзи бир гал айтган эди: “бизнесда раҳм-шафқат, кўнгилчанлик кетмайди” деб. Шунчаки, у энди Миртожини писанд қилмайди. Миртожи энди бой эмас. Энди у ҳеч ким… Шу боис ҳам Миртожи ҳайрон бўлди. “Яна нима демоқчи экан? Сотиб оладиган арзигулик нарсам қолмади-ку. Яна нима шумликни ўйлади экан бу қари тулки?”
Шу фикрлар оғушида телефон гўшагини қўлга олди. Рақам терди.
– Ассалому алайкум, устоз, – деди.
– Э-э, ваалайкум, қадрдон ҳамтуманим! Бормисиз ушбу олам саҳнида? Саломат юрибсизми? Арзимаган проблемалар билан ўралашиб қолманг-да, биродарим. Сиз катта давраларнинг одамисиз. Мундоқ ўзингизни кўрсатиб туринг…
– Майли ака… эътиборингиз учун…
– Сиз эътиборга арзигулик инсонсиз, жигарим. Сизга нисбатан тақдир томонидан бўлган кулфатларга чора йўқ албатта, улар Худодан. Аммо-лекин налог, прокурор, мелиса тарафидан қилинган ишлар… чамаси, ноҳақликлар бўлдиёв… Агар рухсат этсангиз, мен ўзим тегишли одамлар билан гаплашиб…
– Ҳожати йўқ Отабой ака, – деди Миртожи унинг гапини босиқлик билан кесиб. – Менга нисбатан ҳеч қанақа ноҳақлик қилинган эмас. Ҳаммаси ҳаққоний. Мен… ҳақиқат қаршисида бош эгаман…
– Аҳа-а, шундай денг. Аммо-лекин бу гапингиз марднинг гапи бўлди. Раҳмат сизга! Анови… майда-чуйда қасоскорларнинг баҳосини эса… биз берамиз.
– Асло зарурати йўқ! Мен ҳеч кимдан домонгир эмасман. Мен… Мен… Раҳмат ака. Ҳозирча ҳеч қанақа қасос олинмаган. Ҳеч ким тажовуз этмаган. Агар… шунақа бирон бир ҳатти-ҳаракатни сезиб қолсам, ўзим сизга мурожаат этаман. Агар рухсат берсангиз албатта…
– Рухсат. Сизга доим эшигимиз очиқ. Қалбимиз, юрагимиз, бағримиз ҳам очиқ, ҳамқишлоқ!
– Раҳмат ака! Хайр бўлмаса.
– Омон-эсон бўлинг…
“Ҳамма гапдан хабари бор бу чолнинг. “Чорасиз бўлиб қолди, энди гумаштага айлантираман”, деб ўйлаяпти. Чучварани хом санабди. Осонликча бўш келадиган аҳмоқ йўқ!”
Миртожи пиёладаги чойнинг қолганини симириб, ўрнидан турди. “Мардибойнинг ишларидан бир хабар олиб келай-чи, нима гаплар бўлаётган экан”, деб пўрим кийимларини кийди-да, фирма идорасига йўл олди. Йўл-йўлакай Марди ҳақида ўйлаб кетди. “Уни менга худонинг ўзи етказди. Агар Нозим қочиб кетмаганида Марди билан учрашармидик? Шунга айтсалар керак: “Ҳар ёмонликнинг бир яхши жиҳати бор” деб. Айтишларича, ҳозир Нозим зўр эмиш. Қамалган қайн отасининг ҳамма фирмалари унинг ихтиёрида экан. Майли, ёмон бўлса ҳам, омон бўлсин. Мен уни… кечирдим. Тўтиё учун, Мунис учун кечирдим. Мардини эса… агар куёв қилолмасам, қиёматли ўғил қилиб олишим керак…”
* * *
Марди айни шу лаҳзаларда вилоят ҳокимлиги қурилиш бўлими раҳбари ҳузуридаги кенгашда – кенг, ёруғ хона тўрида деворга осилган лойиҳа чизмаларини бирма-бир изоҳлаб, шарҳлаб нутқ сўзламоқда эди.
– Вилоятимиз қишлоқларидаги коллежлар, лицейлар бинолари, уй-жойлар ва қолаверса, бошқа иморатлар шубҳасиз, шарқ меъморчилигининг айрим анъаналари, миллий бинокорлик ютуқларини ўзида мужассам этмоғи зарур. Айни пайтда уларда жаҳон архитектураси, дизайн санъатининг энг сўнгги ютуқларидан унумли фойдаланилиши лозим. Содда қилиб айтганда, шаҳарда бўладими, қишлоқда бўладими, қуриладиган ҳар битта янги иморатимиз пишиқ, мустаҳкам, чиройли бўлиши билан бирга, муҳташам, яъни салобатли, одам кўрганда қойил қоладиган, ҳатто ақлини шоширадиган даражада ҳашаматли бўлмоғи зарур. Зеро, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур олий ҳазратларининг: “Қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган иморатларимизни кўринг”, деган гапи бугунги кунда ҳам бизга дастуриламал бўлиши шарт. Шу билан бир қаторда, бу иморатлардаги қулайликлар ҳам уларнинг салобатига яраша бўлмоғи зарур. Биз таклиф қилаётган лойиҳалар вилоят, мамлакат бўйича ўтган меъморчилик анжуманларида ипиданигнасигача текширилиб, ўрганилиб, муҳокама этилиб, маъқулланган. Шунинг учун уларни республика ҳайъатига тавсия этиб, рухсат олинишига кўмаклашишни сўраймиз…
Мардидан сўнг яна уч киши сўзга чиқиб, лойиҳалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
– Қайсидир бир мамлакатда “ҳар қандай шаҳар ва қишлоқдаги энг баланд, чиройли иморат бу ибодатхона, яъни черков ёки масжид биноси бўлиши керак” деган қоида бор экан, – деди Марди охирида яна сўзга чиқиб. – Бу албатта, тўғри. Лекин, бизнингча, маърифат масканлари биноларининг ҳам салобати ундан кам бўлмаслиги керак. Чунки юртимиз азал-азалдан илм-маърифат юксак даражада ривожланган мамлакат бўлиб келган…
– Таклиф бор: ҳозир айтилган лойиҳалар тасдиқ учун тавсия этилсин, – деди мажлис раиси. Йиғилиш аҳли таклифни бир овоздан маъқуллади. Йиғин тарқалди.
– Ҳамиша мана шундай дадил, қатъият билан ҳаракат қилсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, – деди бўлим раҳбари Марди билан хайрлашар экан.
* * *
Бир ҳафтадан сўнг танлов бўлди.
Марди танлов ўтган бинодан чиқибоқ, Миртожига қўнғироқ қилди. Гўшакни Лайло олди.
– Табриклайман, танловда ғолиб чиқдик. Дастлабки буюртма олинди. Минг ўринли академик лицей биноси. Бу жуда катта ҳажмдаги иш… Дадангиз уйда эмасми?
– Югургани стадионга кетувдилар. Келинг, ҳадемай қайтадилар.
– Майли, ҳозир бораман…
Миртожи Марди келганидан сўнг ҳам анча ҳаяллади. Бу орада Лайло чой дамлаб келди. Марди чайналиб-чайналиб, эски гапни қўзғади.
– Мана, ойижонимизнинг қирқлари ҳам ўтди. Ўша куни… Сизга айтмоқчи бўлган гапимни… энди айтишга рухсат берарсиз?
– Мардибой ака, келинг, бугун ўша гапни гаплашмайлик. Мавриди эмас.
Мардининг нафаси ичига тушди. “Ахир ўша куни Миртожи акамнинг ўзи шу ҳақда сўз очган ва “рози” дегандек қилганди-ку. Нега бунчалик… Ё чиндан ҳам ҳали мавриди эмасми? Мен шунчаки кўнглини билмоқчи эдим, холос. Эртагаёқ тўй қилайлик, демоқчи эмасман-ку. Лайло мени тўғри тушунмади шекилли”.
Лайло Мардининг чеҳрасига қараб, уни хафа қилиб қўйганини англади. Вазиятни юмшатиш учун нима деса тўғри бўлишини ўйлади. Ўйлаб-ўйлаб охири:
– Мардибой ака, сиз мени тушунасиз-ку, – деди ерга қараб. – Ўша куни… отамнинг гапини рад этолмагандим. Лекин яна кўп ўйладим. Хато устига хато қилиб, сиз ҳам, мен ҳам бир умр қийналиб юрмайлик дейман. Мен энди… отамга қарашим, боламни тарбиялашим керак. Жон ака, тўғри тушунинг, хўпми? Сизни… Сиз суюкли акам бўлиб қолинг. Майлими?
Марди ҳеч нарса демади. Олдин ерга қаради. Сўнг Лайлонинг гуноҳкорона жилмайиб турган юзига қаради. Бир зум ўйлаб тургач… ўзи ҳам жилмайди.
– Сизга… Сизнинг қатъиятингизга ҳайкал қўйса арзийди, – деди. Шу пайт дарвоза тарафдан Миртожининг овози эшитилди.
– Қани, ҳой Миршоди, Лайло, ким бор, дарвозани очмайсизларми?
Машинасини ҳовлига киритиб, ундан тушар экан, айвонда ўтирган Мардини кўрди.
– Хўш, бўримисиз, айиқмисиз, шермисиз? – деб у томон юрди.
– Бўри, ҳозирча бўри! – деди Марди қучоқ очиб қарши олар экан. – Лицей очдик.
– Табриклайман Мардибой ўғлим, табриклайман! Бошланиши чакки эмас, – деди Миртожи уни бағрига босиб. – Ният холис. Худо хоҳласа, бундан катталари ҳам насиб этади.
– Айтганингиз келсин.
– Қани, Лайло қизим, ошнинг тадоригини кўринг, – деди Миртожи чеккароқда қўл қовуштириб турган қизига қараб. – Бу хушхабарни ювмасак бўлмайди.
– Аллақачон тагини солиб қўйганман, – деди Лайло.
– Баракалла, зеҳни ўткир қизим. Бўлмаса, манови дастурхонни қайтадан тузашга киришайлик. Бисотингда борини олиб чиқ қизим. “Камбағалнинг бир тўйгани, салкам бой бўлгани”, дейишади. Бир тўяйлик.
Марди кулиб қўйди. Бир йил аввал обрў-эътибори, молу давлати беҳисоб бўлган, кейин бирпасда боласидан, хотинидан, бор-йўқ мулкидан айрилиб қолган, оғир дардга йўлиққан, лекин иродаси синмаган бу одамга ҳавас ва ҳурмат билан қаради. “Мана шундай одамга учратгани учун тақдиримдан минг бор рози бўлмоғим керак. Лайло тегмаса тегмас, бунинг учун бу оиладан хафа бўлишга ҳаққим йўқ…”
Улар ошни еб, устидан аччиқ-аччиқ чой ичиб, узоқ суҳбатлашиб ўтиришди.