282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 18

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 18 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ЗАРСОЙ. БАҲОР. ЁШЛИК ХОТИРАЛАРИ

Зарсой қишлоғига баҳор келди. Бу йил у анча куттирди. Чунки қиш чўзилиб кетди. Ҳатто Наврўз арафасида ҳам қор ёғди. Ҳартугул дарахтлар гул очиб улгурмаганди. Наврўздан кейин ҳаво бирдан исиб, табиат яшнаб кетди. Ўриклар қийғос гуллади. Яйловларда майсалар зумрад рангга кирди. Кўзагуллар, бинафшалар очилди…

Миртожи Тўтиёни тоғ сайрига таклиф этди. Тўтиё уялди. “Невара боқиб ўтирган момога тоғ сайрини ким қўйибди”, деб истиҳола қилди.

– Шунчаки сайр эмас, гаплашадиган қизиқ гаплар, маслаҳатли ишлар бор, – деди Миртожи. – Хоҳласангиз, Мунис билан неварангизни олиб чиқинг.

– Қизалоғимиз ҳали кичкина. Кейин сиз Мунисниям, боласиниям ўтган куни олдингизга борганда кўргансиз. Мен эса Миршодижонни анчадан бери кўрганим йўқ. Уни олиб чиқсангиз, яхши бўлар эди. Дарвоқе, вақти бўлса Лайло ҳам чиқсин, – деди Тўтиё.

– Лайло билан Миршодижон кеча хорижга учиб кетишди. Ўшаёқда уларни Нозим кутиб олади. Қисқаси, сизу бизга маъқул келадиган бир воқеа юз берадиганга ўхшайди.

Яп-янги, ғоят бежирим “Такума” машинасини Миртожининг ўзи ҳайдаб чиқди. Уни ўтган куни харид қилишди.

– Кўз тегмасин, энди бутунлай соғайиб кетдингиз, фақат ўзингиз миниб юришингиз учун битта машина харид қилайлик, – деди Лайло бир кун олдин.

– Майли она қизим, – деди Миртожи. – Ўзим ҳам манови янги чиққан машиналарга ҳавас қилиб юрибман.

“Такума”ни дўкондан миниб чиққач, йўл-йўлакай ҳафсала билан ювдирди. Шаҳарнинг текис, равон кўчалари бўйлаб бироз айланиб юрди. Пешин намозини янги масжидда ўқиди. Намоздан сўнг анча ўтириб, шукрона айтди. Яқиндагина машина олиш тугул, рўзғорни юргизишга қийналиб қолганларини эслаб, қисқа фурсатда ўзларини ўнглаб олганларини хотирлаб, “Ўзингга шукр, Парвардигорим” деб қўйди. “Қизимни ўз паноҳингда асра, омадини, бахтини қайтарма, энди турмуши изга тушиб кетсин”, дея илтижо қилди. Мардини алоҳида дуо қилди. “Шу боланинг ҳам бахтини очиб, муносиб жойлардан ато этгин”, дея сўради Яратгандан. Энг охирида: “Қилган барча ниятларимизнинг ижобатини бергайсан, иншооллоҳ”, деб ўрнидан турди. Пешиндан сўнг мелисахонага бориб, машинага номер олди. Кейин ҳовлига келиб, машинани гаражга олиб кириб қўйди.

– Дам олиш куни тоғ томонга чиқиб, қишлоқларни бир айланиб келишни ният қилдим, – деди Лайлога. – Вақтинг бўлса, сен ҳам юр.

– Жон деб борардим дада. Лекин… Индин Москвага учиб кетмоқчиман. Сочидаги буюртмаларга оид айрим ҳужжатлар имзоланади. Кейин Грецияга бир-икки кунга ўтишим керак. Рухсат берсангиз… Миршодини ҳам бирга олиб кетсам. Томоша қилиб келарди.

– Грецияга? – ҳайрон бўлиб сўради Миртожи. – У ёқда ҳам бирон йиғилиш бор эканми?

– Йиғилиш йўқ. Шунчаки. Афинадаги қадимги олимпиада иншоотларини томоша қилмоқчимиз.

– Яхши, яхши ўйлабсан қизим. Ҳамонки, Афинага отланибсан, Миршодижоннинг укаси кичкина Нозимжонни ҳам кўриб қайтинглар. Нозим акангдан сўрасанг, қайси пансионатда эканини айтади.

– У кишининг ўзи ҳам ўша ерга борар экан, – деди Лайло сал ўнғайсизланиб. Бунинг сабаби “отам атай Нозим билан учрашгани бораётган экан деб ўйламасин”, деган истиҳолада эди.

– У ҳолда жудаям яхши! – деди қувончини яширмай Миртожи. – Оиланинг барча аъзолари жамулжам бўлар экансизлар. Нозим ҳойнаҳой ўзи таклиф қилгандир Афинага? Шундайми?

– Йўқ, – деди Лайло отасини такрор ҳайратга солиб. – Мен ўзим айтдим.

– Мана буни жудаям тўғри қилибсан, қизим. Мана бу ақлли иш бўпти, энди… Нозим “ярашайлик” деса, йўқ демагин қизим, – деди Миртожи ҳаяжонини бир қадар босиб. – Чунки ҳамма қайғу-кулфатлар, гина-андуҳлар ўтиб кетди. Энди ҳаётни қайтадан бошлаш керак. Тўғрими, йўқми? Менимча, ўзинг ҳам ярашиш ҳақида қатъий қарорга келгансан. Тўғрими, йўқми? А, қизим? Ярашадиган бўлдингми?

– Билмасам, ҳалиям иккиланяпман, – деди Лайло. Аммо Миртожи буни: “Ҳа, ярашмоқчиман” деган маънода тушунди.

– Иккиланма қизим. Нозим ҳам энди аввалги Нозим эмас. Буни ўзинг ҳам кўриб, билиб юрибсан-ку. Энди у бутунлай бошқа одам бўлган. Ярашганларингдан кейин боласини у ерда қолдирмаслик керак. Олиб келиб, шу ерда тарбия қилиш лозим. Тўғрими, йўқми?

– Тўғри, – деди Лайло.

– Кейин… кейин… яна бир масала бор, қизим, – деди Миртожи бироз чайналиб. – Бу сизларнинг ярашувларингизга боғлиқ. Мен нима ҳақда гапирмоқчи бўлаётганимни сезиб тургандирсан?

– Нима экан, тушунмадим, – деди Лайло атай ўзини гўлликка солиб. Ҳолбуки, отаси нимани назарда тутаётганини жуда яхши англаган ва ўзини жилмайишдан зўрға тийиб турарди.

– Агар, аввало сен рози бўлсанг, кейин Нозим кўнса, Тўтиё холанг билан турмуш қурсам, деган ниятим бор. Биламан, бунга сен кўнсанг ҳам, Нозим кўниши қийин. Лекин сизлар ярашиб, яхши яшаб кетсангиз, кейинроқ кўнар? Мен кутиб туришга тайёрман, қизим.

– Нозим акага бу ҳақда ҳеч гапирмаганмисиз?

– Ноқулай-да қизим, эркак одамга: “Онангга уйланмоқчиман”, деб айтиш жудаям ноқулай. Орияти келиши мумкин.

– Майли, бўлмаса мен бир гаплашиб кўрай.

– Йўқ-йўқ, қизим. Сен шошилма, бу масала жудаям нозик. Мавриди келсин. Аввал сизлар ярашиб кетинглар. Бу кейин, кейинроқ. Ҳозирча гап очмай тур, мабодо…

– Мабодо ўзи гап очиб қолса-чи?

– Ўзи гап очса, “отамнинг ниятлари холис”, дегин. Мунис қизимга, неварамга ҳам ўзим ғамхўрлик қилмоқчиман. Шуни айт.

– Майли дада. Яхши ният қилган бўлсангиз, бир кунмас-бир кун ижобат бўлади. Онамнинг ҳам иззатини қилдингиз. Шунча вақт ўтди. Мен розиман. Нозим ака ҳам йўқ демас.

– Раҳмат қизим. Мени тушунганинг, астойдил розилик берганинг учун. Лекин Нозимга ҳозирча гапирмай тургин.

Лайло отасининг ёш боладай ҳаяжонланганини кўриб, кулгиси қистади.

– Намунча қўрқасиз? Тўтиё холамнинг розилигини олганмисиз ўзи?

– Энди гаплашаман қизим.

– Вой, сизни қаранг-у! Ҳали онасининг розилигини сўрамай туриб…

– Агар Нозим кўнса, Тўтиё кўнади деб юрибман-да. Қарилик қурсин, одамнинг эси кирди-чиқди бўлиб қолар экан.

– Сиз аввал Тўтиё холам билан гаплашиб олинг дада, хўпми?

– Хўп қизим. Сизларнинг ярашмоқчи эканликларингизни айтсам бўлади-а?

– Бўлади…

Ана шу “бўлади” туфайли Миртожи Тўтиёга дадил қўнғироқ қилганди. Аммо ваъдалашган жойига яқинлашиб, узоқдан Тўтиёни кўргач, яна ҳаяжонлана бошлади.

Тўтиё ҳозир ўрта ёшли аёлларга русум бўлган одми, лекин ғоят бежирим костюм-шим кийиб олибди. Ўзига роса ярашган. “Қадди-қоматини яхши сақлаган, деб ўйлади Миртожи юраги ҳаприқиб. Худди ўттиздан ошмаган аёлга ўхшайди. Мени у билан кўрган одам қизи билан юрибди, деб ўйлаши мумкин”. Миртожининг ўзи ҳам мумкин қадар ёш кўриниш учун эгнига оч рангли замонавий камзулча ва жинси шим кийган, кўзига қора кўзойнак тақиб олганди. “Барибир сочимнинг оқлигидан қарилигим билинади”, деб ўйлади у хафа бўлиб. Сўнгра бир қур ёшлик йилларини армон билан эслаб қўйди. Машинадан тушиб, Тўтиёга яқинлашар экан:

– Неварамни кўриб чиқсам бўладими, – деб сўради у Тўтиё билан салом-алик қилгач.

– Мунис уни ухлатяпти. Қайтар чоғи кирарсиз, – деди Тўтиё.

– Яхши. Кетдик бўлмаса. Мунисга айтадиган бир гап бор. Уни ҳам қайтишда айтаман.

– Янги машинага ўхшайди, муборак бўлсин, – деди Тўтиё орқа ўриндиққа ўтирар экан.

– Ие, айтмадимми ҳали сизга? Янги, ҳали яп-янги. Биринчи бўлиб сиз ўтиряпсиз. Ўзиниям сизга атаб олдим-да. Насиб этса, икковимиз миниб юрайлик деб, – деди Миртожи машинани юргизар экан.

– Яхши кунларда миниш насиб этсин, илойим, – деди Тўтиё.

– Айтганингиз келсин, – деди Миртожи.

Бироз жим кетишди. Кейин:

– Лайло билан Нозим ярашмоқчи эканидан хабарингиз борми? – деб сўради Миртожи.

– Хабарим бор. Нозим қўнғироқ қилди. “Яқинда ўғлимни олиб бораман, яраш оши қилишга тайёрланинг”, деди.

– Лайло ўғли билан ўша ёққа кетди. Чамаси улар ҳаммалари бирга қайтишади…

– Яхши. Илойим ярашганлари рост бўлсин.

– Бизлар қачон ярашамиз, Тўтиё?

– Бизлар мана, ярашиб юрибмиз-ку.

– Мен росмана ярашиб, никоҳ ўқитиб, турмуш қурсак дейман.

– Болаларимиз ярашиб бўлишсин-чи.

– Кейин майлими?

– Кейин… майли. Аммо Муниснинг олдида менга ноқулай бўлмайдими? У ёлғиз.

– Мунис қайтага хурсанд бўлади Тўтиё. Отаси билан онаси қовушса, боласи хурсанд бўлмайдими? Кейин… бизлар бирга бўлсак… Муниснинг боласини ўзимиз боқар эдик. У ҳали ёш, бахти очилиб кетар.

– Қайдам…

Машина шаҳар шовқинини ортда қолдириб, икки тарафида тутлар тизилган Зарсой йўлига чиқди.

– Вой, бизнинг қишлоғимизга қараб юряпсиз-ку, кўрганлар нима дейди?

– Хавотир олманг. Қишлоғингизга етмасдан ўнгга, тоғ томонга бурилиб кетамиз. Сизни тоғнинг энг баланд жойига, қорли чўққилар остонасига олиб чиқмоқчиман.

– Нега керак шунча узоққа бориш. Ёмғир ёғиб, сел келиб қолса…

– Ёмғир ёғса, беркинадиган жой бор. Ўйланманг…

Асфальт йўл тугагач, ярим чақиримча қияликдаги қум-шағал йўлдан юқорилашиб, қуюқ арчазор бошланган жойдаги қўҳна, аммо бетон ва тошдан қурилгани боис анчайин пишиқ каттакон бир иморат ёнига етишди.

– Бу бир пайтлар колхознинг сутчилик фермаси бўлганми? – деб сўради Тўтиё.

– Ҳа-а-а, биларкансиз. Каттакон ферма бўлган. Ёнида колхознинг меҳмонхонаси бўлган. У ҳам сотилади. Уй қилиб яшаш мумкин.

– Бизлар лола сайлига чиққанда, бу ердан кўп ўтганмиз, – деди Тўтиё. – Роса серсут, қора ола голландия зотли сигирлари бўлар эди. Хароб бўп қопти, қаранг…

– Мана шу фермани қизим Мунисхонга олиб бермоқчиман. Касби – молдўхтир. Ўзингиз айтгансиз, болаликдан чорвани яхши кўргани учун қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кирган деб.

– Институтни битиргани билан бир кун ҳам ишламаган, тажрибаси йўқ. Бунинг устига, ферманинг аҳволини қаранг…

– Биргалашиб тиклаймиз-да. Қизим раҳбар бўлади. Сиз билан икковимиз унга ёрдам берамиз. Яна қанча мутахассис, қанча ходим керак бўлса олинади. Ўзингиз айтганингиздек, Голландиянинг зотли молларини харид қиламиз. Сут-қатиқ мўл бўлади. Дўкон очиб бераман, сотасиз. Ахир сут-қатиқ сотиш борасида тажрибангиз катта-ку!

Миртожи охирги гапларини кулиб айтди. Тўтиё ҳам жилмайиб қўйди. Чамаси, ёшлик йиллари эсига тушди.

– Келгусида ферма ёнида кичик бир ёғ-пишлоқ заводи қуриш мумкин, – деди Миртожи гапини давом эттириб. – Униям қуриб олсак, қозонингиз ҳам, чўмичингиз ҳам, пичоғингиз ҳам мой бўлади. Энди гап бундай: қайтиб боргандан сўнг Мунисхон қизимга ушбу масалани яхшилаб тушунтирасиз. Менимча, рози бўлади. Ўзининг ҳам юраги сиқилиб юрибди-ку. Ишга овунса, ғамини ҳам тезроқ унутади.

– Ҳали боласи кичкина-ку, унга ким қарайди?

– Қаровчи оламиз. Менинг қизларим уйда ўтириб, бола боқадиган қизлар эмас. Ана Лайло, катта бир компанияни бошқаряпти. Шаҳло хорижда, банкда бўлим бошлиғи. Мунисхон опаси улардан кам эмас, пеш бўлиши керак. Шундай деб айтинг. Ўзини қўлга олсин. Ҳозир имкониятимиз борида ўзини эплаб олишига ёрдамлашишимиз керак. Бахти очилиб, яна турмуш қурадиган бўлса, майли. Аммо манови ишни йўлга қўйиб берсак, ҳеч қачон зарар қилмайди.

– Майли, гаплашай-чи…

– Иккинчиси. Эрта-индин Нозим келгач, у билан ўзимизнинг масалани ҳам гаплашасиз. Уларни яраштириш асносида ўзимизнинг тўйни ҳам ўтказиб юбориш керак.

– Вой, қанақа тўй? Уят бўлмайдими?

– Мен сизга тўй қилиб уйланмасам, юрагимда армон билан ўлиб кетаман. Чунки сиздан тўй қарздорман, азизим. Ҳаммаси рисоладагидек бўлиши керак. Оқ либос, никоҳ, ЗАГС… Худди бундан ўттиз йил илгари орзу қилганингиздек. Ўша орзуни албатта рўёбга чиқаришим керак. Қарорим қатъий!

– Қўйсангиз-чи. Бунга болаларим, айниқса Нозим сираям кўнмайди.

– Кўндиринг.

– Кўндиролмайман.

– Кўндирасиз.

– Ҳали уларни яраштириб, тўйини қилинг. Невараларингизнинг тўйини ўтказинг.

– Ҳаммасини қўшамиз. Қирқ кун тўй берамиз.

Баҳор ҳавоси эмасми, ҳаво айниб, шаррос ёмғир қуйиб юборди. Улар шоша-пиша машинага чиқишди. Орқа ўриндиққа ёнма-ён ўтиришди. Миртожи Тўтиёнинг оппоқ, момиқдек юмшоқ билагидан ушлаб, ўзига тортмоқчи бўлди. Тўтиё қаршилик қилди.

– Ҳай-ҳай, уят, гуноҳ бўлади.

Миртожи ўзини қўлга олди. Бироқ қуйилиб келган эҳтирос таъсирида:

– Хоҳласангиз, шу бугуноқ никоҳимга олай.

– Келишдик-ку, аввал болаларни қовуштирайлик.

– Майли, майли азизим, – деди Миртожи ва эшикни очиб, ташқарига чиқди. Бир зум ёмғирга юзини тутиб, осмонга қараб турди.

– Шамоллаб қоласиз, тез машинага киринг, – деди Тўтиё. – Сел келиб қолмай кетайлик.

– Ҳозир, ҳозир кетамиз, – деди Миртожи. Бирпасдан сўнг машинага ўтириб, моторни ўт олдирар экан, ойна орқали Тўтиёга қараб, қувлик билан кўзини қисди:

– Топдим. Нима қилишни, муаммойимизни қандай ечишни ўйлаб қўйдим.

– Нима экан? – қизиқсинди Тўтиё.

– Кейин айтаман…

Эртаси куни Мунис боласи билан келиб, Миртожига паспортини ташлаб кетди. Миртожи қизининг паспортини очиб, кўз югуртирар экан, бир қадар истиҳола билан анчадан бери ўйлаб юрган гапини айтди:

– Қизим, агар йўқ демасанг… “Камолова” эмас, Миртожиева деб сенга янги паспорт олсак… Ҳозир эмас. Ҳозир тезроқ мулкни сотиб олиш керак. Кейин, кейинроқ… Хўш, нима дейсан?

– Майли, фақат онамга бир оғиз айтарсиз…

– Албатта, албатта айтамиз.

Миртожи ўша куниёқ мулк бошқармасига бориб, “Кумушқайнар” қишлоғидаги чорвачилик ферма мажмуасини харид қилиш ҳақида ариза ва бошқа ҳужжатларни топширди. Бир ҳафтадан сўнг кимошди савдоси бўлди. Ферма ва атрофдаги бир неча гектар яйлов Мунисхон номига хусусий мулк қилиб расмийлаштирилди. Ҳужжатлар олинган заҳоти фермани қайта тиклаш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

– Ёз охиригача ферма ҳам, уй-жой ҳам битиши керак, – деган шартни қўйди Миртожи қурувчилар раҳбарига. – Кузда Голландиядан Гольштен зотли сигирлар олиб келинади. Насиб этса, бу йил биринчи қишловни шу ерда ўтказамиз.

МЕН КУТАМАН, МУНИС

Ва ниҳоят… Кузнинг илк кунларидан бирида салқин оромбахш оқшомда Н. шаҳридаги бизга таниш маскан – собиқ металл қуювчилар маданият саройидаги муҳташам “Интизор” тўйхонасининг кичикроқ бир хонасида Нозим ва Лайло иштирокида тўй бўлди. “Иштирокида” дея тўла асос билан айта оламизки, бу гал улар иккаласи ҳам ўз жойида, тўйхонанинг тўрида ўтиришибди. Икки ёнида икки ўғил. Ортларидаги улкан экранда ўчиб-ёниб турувчи сўзлар билан “Фарзандларимиз Миршоди ва Ёқубжонларнинг суннат тўйига, Умида қизимизнинг туғилган кунига хуш келибсиз”, деб ёзиб қўйилган.

Ушбу тўйни улар “хамир учидан патир” деб аташди. Бу фикр бир ҳафта олдин бўлган “маслаҳат”да Миртожидан чиқди.

– Агар йўқ демасаларингиз, дастлаб невараларимизнинг тўйини ўтказсак. Яъни Миршоди ва Ёқуббекларнинг суннатини, Умидахонимизнинг туғилган куни, яъни икки ёшга тўлишини қўшиб, яқин ошна-оғайниларга кичикроқ бўлса ҳам бир давра қилиб берсак. Кейин яна ўйлаб кўраверамиз…

Таклиф барчага маъқул тушди. Гарчанд Мунис “Умидани қўшиш шарт эмас” деганига қарамай, Нозим “Умиданинг туғилган кунини ҳам қўшиб нишонлайлик. Бу янгича тадбир бўлади”, деди.

Маслаҳатнинг эртасига Нозим ва Лайло ЗАГСдан ўтишди. Никоҳ ўқитишди. Нозим бу ерда уйи йўқлиги боис Лайлони меҳмонхонадаги номерига олиб кетмоқчи бўлди. Лайло: “Бизникига бора қолайлик, ўз шаҳримизда меҳмонхонада юришга уяламан”, деди. Нозим: “Никоҳнинг биринчи оқшомини қайнотамникида ўтказаманми қадимгиларга ўхшаб”, деб унамади. Биринчи кунданоқ икковлари ҳазил-ҳузул билан анча тортишишди. Охири Нозим ён берди. Ерга қарай-қарай қайнотасиникига келди. Лайлонинг парқув тўшаклар солинган ётоқхонасига киришди.

– Шунча вақтдан бери шундай оромбахш ётоқда бир ўзинг ётдингми, азизим, – деди Нозим Лайлони қайта-қайта бағрига босар экан. – Бир оғиз айтсанг-ку, қуш бўлиб учиб келар эдим…

Давра катта эмас. Нари борса икки юз чоғли одам. Ҳаммаси таниш чеҳралар. Лайло тарафда унинг яқинлари – Миртожи, Шаҳло ва Фарҳод, Нозим тарафда Тўтиё, Мунис. Сал берида Мардибой ва Қўшоқбой. Алоҳида столлар теварагида Диоген бошлиқ россиялик меҳмонлар, ёнида Туркия ва қозоғистонлик шерикларнинг вакиллари. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқ идоралари, саноат-савдо доиралари вакиллари, таниқли шоиру адиблар, санъаткорлар ҳамда журналистлар.

Шўхчан, аммо майин оҳангдаги мусиқа янграб турибди. Даврани одатдагидек бадиий сўз устаси Қосим Давронов олиб борарди.

– Азиз биродарлар, муҳтарам меҳмонлар, бундан беш йил олдин биз худди мана шу ажойиб масканда бугунги мўъжазу ихчам, аммо тўкин ва файзли дастурхонимиз соҳиблари Нозимжон ва Лайлохонларнинг никоҳ оқшомини зўр тантана, беҳад шоду хуррамлик билан ўтказган эдик. Ўшанда уларнинг қўша-қўша фарзандларининг тўйларини, ўзларининг асал, кумуш, олтин, жавоҳир тўйларини ҳам биргаликда ўтказайлик, ўша кунларга етайлик, дея эзгу тилаклар билдирган эдик. Не ажабким, не бахтким тилакларимиз ижобат бўлди. Ана шу саодатманд ва нурли ҳаёт йўлидаги бағоят чароғон дастлабки босқичлардан бирига, яъни уларнинг асал тўйига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айни бир вақтда бу янги авлодимиз иқболининг муқаддимаси, ҳаётларидаги биринчи тўй. Икки навқирон алп йигитнинг йигитлик босқичига кириб бориш йўлининг бошланиши. Қолаверса, азизларим, йўқ қолаверса эмас, чунки бу инсон ҳақида қолаверса деб гапириб бўлмайди. Сўзимнинг бошига қайтмоғим ва аввало айтмоғим зарур ҳамда лозимки, ушбу тантананинг тамал тошида, мустаҳкам пойдеворида биз учун ғоят ҳурматли улуғ инсон Миртожи акамизнинг серқирра, кечаги куни машаққат ва заҳматларга тўла, бироқ бугуни ва эртаси чароғон, нурли, ҳароратли ва ҳаловатли ҳаёт фаолияти, худди шунингдек, Тўтиё опахонимизнинг нафақат фарзандлари, балки ҳар бир пок ниятли аржуманд инсон кўзга тўтиё қилгудек, марвариддек, асл инжудек мусаффо умр йўли ётади. Уларга ҳамдам бўлган, ҳозирда марҳум, бироқ руҳлари ҳамиша биз билан бирга бўлган инсонларнинг хотиралари ҳам ўчмас бўлиб битилгандир бу ҳаёту умрларнинг мунаввар ва мукаммал саҳифаларида. Қаранг, қандай улуғвор рамз бор ушбу тантанамизда. Авлодлар давомийлигининг, оила салтанатининг, сулола силсиласининг абадиятидан далолат эмасми бу? Худди шундай. Бинобарин, келинглар, даврамиз дебочасидаёқ ихчам, лўнда ва мазмунли бир истакни билдирайлик. Ушбу саодат ва садоқат силсиласининг метин ҳалқалари ҳеч қачон узилмасин! Қарсакларингиз бу оиланинг уч авлод вакилларига!

Қарсаклар янграйди. Лайло Нозимга маъноли қарайди. Нозим эса ўйчан кулимсираб, Марди томонга назар ташлайди. Марди бунга эътибор бермайди. У эса шу топда Нозимнинг ёнидаги бошқа бир чеҳрага ҳайрат билан қараб турар, гарчанд уни илгари ҳам бир неча бор кўрган, кўп марта суҳбатлашган бўлса-да, ҳозир худди умрида илк бор кўраётгандек, оғзи очилиб, маҳлиё бўлиб қолган. Ҳарчанд уринмасин, нигоҳини узолмади. Бу чеҳра соҳибаси Мунис эди. У бугун чиндан ҳам мафтункор. Чунки у бугун ҳаётида биринчи марта ўзгача бир ҳаяжон ва ширин хаёллар оғушида.

Шу топда ўзи тўйдаю, фикрида тўйдан бир неча кун олдин кечган суҳбатлар такрор жонланиб турибди. Минг ҳаракат қилмасин, ўша суҳбатлар таъсиридан ҳануз қутулолмаяпти. Бунинг бир нечта сабаблари бор эди. Болаликдан ўксиниб, елкаси қисиниб ўсган, сўнгра айни бўй етганида “оламан” деб умидвор қилган йигит изсиз йўқолиб кетгани учун яна боши эгилган, минг машаққат билан турмушга чиқиб, энди тинч ва бахтли ҳаёт кечириш умидида бўлганида эри, она ва укасига қўшилиб, мусофирчилик азобларига дуч келиб қийналган укасининг уқубатли саргузаштлари боис қон ютган, ниҳоят касофат эрининг яна изсиз йўқолгани ва бу гал ўзи эмас, бир уюм суяги қайтиб келгани туфайли буткул чўкиб, “Мен бахт учун туғилмаган эканман”, дея тақдирига тан берган. “Шу етимчани омон-эсон катта қилиб олсам бас”, деган илинжда яшаётган ҳали ёш, дуркун жувон кейинги кунларда бири-биридан умидбахш, бири-биридан ёқимли уч хабар эшитди.

Отасининг катта мулк олиб бераётганидан, шубҳасиз, у аввалдан хабардор эди. Гарчанд бу хабар ҳам севинчли бўлса-да, Мунис у қадар руҳланмаган. “Майли, нима биландир овунишим керак-ку ахир”, деган тасалли билан чегараланган эди. Нозим ва Лайлонинг қовушиши эса уни беҳад севинтирди. Укасининг уйда тинчи бўлса, ўзи ва боласи ҳам хор бўлмаслигини биларди. Онаси минг истиҳола билан “отангга тегмоқчиман”, дея кулгили гап айтганида эса, у терисига сиғмай кетди. Чунки оиламизда тўрт кўз тугал бўлса, бахтимиз ҳам бут бўлади, дея ишонарди. Шу боисдан онаси айтган гапдан кулиш ўрнига, баралла йиғлаб юборди ва содда волидасини бир қадар қўрқитиб ҳам қўйди. Ўзи-ку, Тўтиё шўрлик бу гапни қай тарзда айтишни билмай, роса қийналган, чайналиб, тутилиб, ғоят андиша билан, айни пайтда бироз кулгили қилиб сўзлади.

– Отанг мени оламан деяпти, қизим. Хуллас, сира қўймаяпти. Тегмасанг, ўламан дейди. Ҳайтовур, мен ҳам эрга тегадиганга ўхшайман. Агар сен қаршилик қилмасанг.

Муниснинг эса севинчданми, юрагига узоқ йиллардан бери қадалиб келаётган тугуннинг очилгани боис кўнгли бўшаб кетганди.

– Нега йиғлайсан, қизим, ё нотўғри гапирдимми, розимасмисан? – деди Тўтиё иккиланиб

– Тўғри, аяжон тўғри, минг марта розиман!

Учинчи – дафъатан қараганда, Мунис учун энг асосий, энг муҳимдек кўринадиган, бироқ эшитган заҳоти унинг ғашини келтирган хабарни отаси куни кеча айтди.

– Мунисхон, она қизим, мана, уканг билан синглингни охир-оқибат қовуштирадиган бўлиб турибмиз. Бизларни ҳам тушуниб, онанг билан турмуш қуришимизга ҳам розилик берибсан, барака топ, бахтли бўл, қилган орзу-ниятларингга эришгин. Раҳмат, қизим! Бизлар бирга бўлсак, қолган умримизни бир-биримизга суяниб, соғ-омон ўтказсак, сизларга ҳам суянч, мадад бўлсак деймиз. Онанг бироз иккиланяпти. “Одамлар нима деркин, устимиздан кулишмасмикан?” – дейди. Менинг билишимча, ҳамма тушунади. Муҳими, уканг – Нозимжон тўғри қабул қилди-ку. “Миртожи ака, бу беш кунлик дунёда адоват, ғараз, қасос деган нарсалар ғирт бўлмағур гаплар экан, энди гина-кудуратларни ташлаб, меҳр-оқибат билан яшашимиз керак”, деди. У яна бир фикрни айтди. Бу гапни асли у сенга билдирмаслигимни, агар масала пишадиган бўлса, кейин онанг билан бирга айтишимизни сўраган. Мен ўйлаб-ўйлаб, аввал кўнглингни билишим керак, деб ўйладик. Она қизим, бу умр савдоси. Бунда шошқалоқлик қилиш ярамайди. Бунда кўнгилга, юракнинг измига қараш керак. Хуллас, Нозим: “Марди ака сизга куёв бўлиш нияти бор экан, унда айтинг, Мунис опамга уйлана қолсин, ана шунда оиламиз ҳам, сармоямиз ҳам яхлит, жипс бўлади”, дейди. Мен унга: “Сармоя инсоннинг кўнглидан, орзу-интилишидан устунроқ, муҳимроқ бўлолмайди, буни рўкач қилиш керак эмас”, деб айтдим. Аммо-лекин чуқурроқ ўйлаб кўрсам, бу ерда биринчи галдаги гап сармояда эмас экан. Марди етимхонада катта бўлган, ёлғиз, кимсасиз йигит. Тақдир тақозоси билан оиламизга яқинлашди, бизнесимизга қўшилиб, катта ёрдам берди. Шундай пайтлар бўлдики, у мени ўз отасидай кўриб, ҳатто боқди, касодга учраган вақтимда қайта тиклади, ғам-кулфатда ёнимда турди. Лайлога харидорлиги ҳам оиламизга боғланиш мақсадида бўлган. Уйланмаган йигит ҳар куни бир қизга ошиқ бўлади, дейишади. Тўғри, сен айтишинг мумкин: “Кеча синглимни яхши кўриб, бугун менга кўнгил қўя оладими” деб. Албатта, мен унга “Мунис қизимга уйлан”, дея олмайман. У уйланмаган йигит. Эҳтимол, ўзини бошқа нияти бордир. Сен яна айтишинг мумкинки, “Ота, менинг унга кўнглим йўқку” деб. Сени ҳам ҳеч ким мажбурламайди. Аммо чуқур ўйлаб қаралса, Нозимбой анча жўяли фикр айтганга ўхшаб кўринади.

– Нозимбойингиз ҳаммасини чўтга ташлаб, ҳал қилиб ташлабди-да, – деди маъюс кулимсираб Мунис. – Унингиз қанчалик ақлли бўлмасин, одамнинг тақдирини чўтга, компьютерга солиб, ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш мумкин эмаслигини тушунмайди. Ўзи аввал мендан бир оғиз сўраса бўлмас эканми?

– Она қизим, барибир сени ҳеч ким мажбурламасди. Унинг аввал Мардибойнинг кўнглини билинг деганида жон бор. Чунки…

– Тўғри. Мен турмуш қурганман, болам бор. Марди эса бўйдоқ. Кўнгли тортармиди…

– Бу бир маслаҳат, қизим, маслаҳат. Сен ҳам ҳар қалай ўйлаб кўр. Мардига разм солиб кўр, сина. Ажабмаски… майлими, қизим?

– Майли, – деб юборди Мунис беихтиёр. Чунки отасининг “ажабмаски” деган охирги сўзи унинг юрагида акс-садо берди. Мардини Мунис анчадан бери билади. Разм солиб юрибди. Ақлли, билимдон, ўта маданиятли, меҳнаткаш. Бир оилани гулдай қилиб боқадиган йигит. Манаман деган қизлар орзу қилса арзийди. Лекин у Лайлони севган-ку. Мунисга уйланишга рози бўладими? Мабодо уйланган тақдирда ҳам кўнгил қўядими?

Ҳар қалай, “ноумид шайтон” деган фикр ўтди хаёлидан. Отаси тўғри айтди: “Уйланмаган йигит ҳар куни бир қизга ошиқ бўлади”, деб. Ҳақиқий севги эса бирга яшаш чоғида пайдо бўлиши керак. Бу аввало аёлнинг ўзига боғлиқ. Мунис Баҳодирга феъли қанақалигидан қатъи назар, бутун меҳрини беришга уринди. Лекин Баҳодир бошқача одам экан. У худди капалакка ўхшаб, гулдан-гулга қўниб юришни яхши кўрарди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам умри капалакникидек қисқа бўлгандир. Бас, ўлган одам ҳақида ёмон фикр юритиш яхши эмас. Бўлгани бўлиб ўтди. Энди умрни орқага қайтариб бўлмайди. Энди олдинга қараш, аввалги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилиш лозим.

Отаси қизининг кўнглидан кечаётган фикрларни илғади. “Майли қизим, бу ҳақда кейинроқ яна гаплашамиз” деди. Кейин нима бўлди, отаси Мардибой билан гаплашдими, йўқми, гаплашган бўлса, у нима деди, Мунис билмайди. Ҳар ҳолда у ўша суҳбатдан сўнг ўзи сезмаган ҳолда тез-тез ойнага қарайдиган бўлди. Тўйга ҳафсала билан тайёрланди. Шунча пайт ўзига қарамай юрди, кийимига ҳам эътибор бермади, шу боис ойнага қарашга ҳам хуши келмасди. Янги кўйлак тиктириб, сартарошхона ва бошқа гўзаллик салонларига кириб келгач, кўзгуга қараб, ўзини таниёлмай қолди. “Шу менми?” деб сўради беихтиёр овозини чиқариб. Кўп вақтлардан буён илк бора ўзи ўзига ёқди. “Марди акамга ҳам ёқармиканман?” – деб ўйлади.

Мана ҳозир ногаҳон баландлаган мусиқа таъсирида хаёллари оғушидан сирғалиб чиқар экан, ўзидан кўз узмай турган Мардига зимдан назар солди ва: “Отам гаплашибди. Энди акамулломиз бозордан қўй харид қилувчи кишидек синчиклаб разм солмоқдалар”, деб ўйлади ҳазиломуз оҳангда.

Мусиқа тобора баландлади, шунда Давронов микрофонни қўлига олиб, йиғилганларга мурожаат қилди.

– Ана энди тўй соҳибларини даврага таклиф этамиз. Қани, азизлар, марҳабо, шўх-шўх рақслар билан дилларимизга аъло кайфият улашинг! Марҳабо! Ҳа, асса!

Раққоса қиз шўхчан сакраб-сакраб ўйнади. Сўнгра мусиқачиларга қараб, нимадир деди. Мусиқачилар бир-бирларига боқиб, янгича бир янгроқ мусиқани бошлаб юборишди. Даврага Нозим билан Лайло, ундан сўнг Миртожи билан Тўтиё таклиф этилди. Қўшоқбой хотини билан ўйнади. Ўйнай туриб, қўли билан Мардига “келинг” дея ишора қилди. Ушбу манзарани кузатиб турган Мунис: “Агар… ҳозир келиб, мени таклиф этса… тикилиб тургани бекорга эмаслиги маълум бўлади”, деб ўйлади.

Марди худди унинг фикрларини уққандек, Мунис томон юрди. Муниснинг юраги гупиллаб уриб кетди. Ҳаяжонлана бошлади. “Бирданига рози бўлмаслигим керак, “имога маҳтал экан” деб ўйламасин”, – деган фикр кечди хаёлидан. Марди унга яқин келиб:

– Яна бир марта салом сизга, – деди.

– Ассалому алайкум, – деди Мунис ҳаяжон оғушида ёноқлари қизариб.

– Сизни табрикламоқчи эдим…

– Тўй биланми? Раҳмат, – деди Мунис.

– Тўй билан ҳам. Ундан кейин янги ишнинг бошланиши билан.

– Раҳмат. Менинг ҳали бу соҳада тажрибам йўқ. Маслаҳат берасизлар-да…

– Албатта маслаҳат берамиз. Гарчи ҳеч ким бош маслаҳатчингиз Миртожи акадан ўтказиб, йўл-йўриқ кўрсатиб беролмаса-да, ҳар қалай биз ҳам билганимизни айтамиз. Истасангиз, ҳозироқ баъзи фикрларни айтишим мумкин. Юринг, айвонга чиқайлик.

Тўйхонанинг атрофи айвон билан ўралган. Ораорада унга олиб чиқувчи эшиклар бор. Улар ланг очиқ. Кимдир чеккани, кимдир шунчаки тоза ҳаводан нафас олгани кириб-чиқиб турибди.

– Майли, юринг, – деди Мунис ичида ўз журъатига ўзи қойил қолиб. “Бизнесчи хонимлар ана шунақа дадил бўлмоғи керак”.

Айвонга чиқишди. Марди босиқ, майин овозда ўзи истамаган ҳолда мажбуран бизнес ҳақида сўзлар, Муниснинг қулоғига эса гап кирмас, унинг хаёллари тарқоқ, юраги ёқимли бир безовталик билан урар, кўзлари эса ўғринча йигитнинг жуда бежирим, анчайин қимматбаҳо кийимига, ярқираб турган қора туфлиси, бўйинбоғи, силлиқ таралган сочларига боқиб қолар, чамаси кўзлари ҳам ҳаяжонланмоқда эди. “Намунча журъатсиз бўлмаса, тезроқ мақсадга кўча қолмайдими? Ёки отам ҳали гаплашмадимикан? У ҳолда, бошқача қараб тургани-чи?”

– Мунис, ушбу тўйга қараб туриб, гарчанд ҳозир ўрни, мавриди бўлмаса ҳам, бир гапни – мен анчадан бери ўйлаб юрган бир таклифни сизга айтишга жазм этмоқчиман. Фақат айбга буюрмайсиз. Масхара қилмайсиз. “Дон Жуан” деб устимдан кулмайсиз.

“Хайрият-э…” – деди ичида Мунис. Ташида эса ўзини соддаликка солиб, кулимсираб:

– Нима гап экан, кулгили гапми? – деб сўради.

– Мен учун кулгили эмас, агар сиз кулмасангиз…

– Йўқ, кулмайман, айтинг, – деди тоқати тоқ бўлиб Мунис.

– Сизнинг қўлингизни сўрамоқчиман, агар айбга буюрмасангиз…

Мунис бир лаҳза саросимага тушди. Гарчанд бу саволга берадиган жавобнинг бир неча шаклларини аввалдан роса пишитиб қўйган бўлса-да, шу топда ҳеч бири тилига келмади. Охири, таваккал қилиб, шундай деди:

– Аввал Лайлони яхши кўрган эмасмидингиз?

Албатта, бу савол ўта қўпол, ранжитадиган савол эди. Бироқ Марди учун айни вақтида берилгани маълум бўлди. Чунки у бу савол қачондир кутилмаганда ўртага ташланиши мумкинлигини билар ва унга жавоби тайёр эди.

– Ҳаққоний савол, Мунисхон, бунинг устига жуда ақлли тарзда берилган савол. Сиз тўғри айтдингиз. Мен Лайлони яхши кўрганман. Ҳалиям яхши кўраман. Сизниям яхши кўрганман ва ҳамон яхши кўраман. Мен болалик чоғларимдан бошлаб етимхонада кўп аёлларни, қизларни яхши кўрганман. Очиғи, аёл зотидан қай бири сал меҳрибонлик кўрсатса, дарҳол яхши кўриб қолар эдим. Бунга чамаси она меҳрига тўймаганим сабаб бўлса керак. Аммо мен ҳар қанча аёлни яхши кўрсам ҳам, охир-оқибат битта аёлга уйланишни ва ўша ягона аёлни бир умр севишим керак деб ўйлайман. Бу севги эса фақат ва фақат никоҳингга олиб, уйланиб, бир ёстиққа бош қўйган аёлингга аталган бўлиши шарт. Эҳтимол, фикримни тушунтира олмагандирман…

– Мен турмуш қурган аёлман, болам бор…

– Бунинг менга аҳамияти йўқ, Мунис. Мен сизни қанча ардоқласам, болангизга ҳам шунча меҳр кўрсатаман.

– Отам рози бўлармиканлар? – ўсмоқчилаб сўради Мунис. У бу саволи билан отасининг Мардига бу ҳақда гапирган ё гапирмаганини билиб олмоқчи эди.

– Рози бўладилар, деган умиддаман, гарчанд ҳали бу ҳақда гаплашганимиз йўқ. Чунки мен аввал ўзингизнинг олдингиздан ўтишим керак эди. Агар сиз рози бўлсангиз, кейин у кишига гап очаман. Тушунтираман. Зеро, у киши ҳам дарҳол бояги гапни эслашлари мумкин. Бироқ мен Лайлони ҳам, сизни ҳам, очиғи, айнан Миртожи акам туфайли танидим ва яхши кўрдим. У киши беназир инсон. Гарчанд танишувимиз мутлақо ғалати бир тарзда юз берган бўлса-да, мен бизларни Оллоҳнинг ўзи учраштирган деб ўйлаб юраман. Хуллас, Нозимдан ҳам, Лайлодан ҳам, Қўшоқбой акадан ҳам бир умр миннатдорман. Агар Нозим қочиб кетмаганида, Лайло тўйда ёлғиз қолмаганида, Қўшоқбой аканинг эсига мен тушиб қолмаганимда… тақдирим бутунлай бошқача кечган бўларди. Сизни учратмаган бўлардим.

– Демак, отам билан бу ҳақда гаплашганларингиз йўқ? Ростданам-а?

– Йўқ Мунис. Лекин истасангиз шу бугуноқ, йўқ, бугун ноқулай, яхшиси эртага учрашиб, гаплашаман. Гаплашайми? Майлими?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации