Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
ОТАБОЙ ШАВҚИЕВНИНГ АРМОНИ
Кипр. Денгиз соҳилидаги хушҳаво шаҳарча. Шавқиев мана бир ойдирки, шу ерда. Икки қаватли каттакон бир уйда яшамоқда. Бу уйни бир неча йил аввал сотиб олганди. Москвада яшаб, бизнес қилувчи ҳамюртларидан бири билан Тошкентда қайсидир бир тўйда танишиб, суҳбатлашганларида, ўша одам кутилмаганда таклиф билдирди.
– Кипрда бир нечта шарқона ҳовли-жойлар қуряпман. Биттасини олсангиз-чи.
Шавқиев аввалига сохта камтарлик билан:
– Э-ҳе, бизга у ёқлардан уй олишга йўл бўлсин, – деди. Янги таниши бўш келмади.
– Отабой ака, ортиқча камтарлик қилмай қўя қолинг энди. Сизнинг ким эканингизни, тижорату мавқеингизни узоқ-яқиндагилар яхши билишади. Аммолекин мен айтган қўрғонни олиб қўйсангиз, зарар қилмайсиз. Европа ва Осиё меъморчилик услубларини уйғунлаштириб, ажабтовур қилиб қурганман. Бир неча хоналарни махсус ўзбекча жиҳозлашга мослаганман. Ер юзининг жаннатида худди ўз уйингизда ўтиргандай ҳис этасиз. Истасангиз, машинада суратлар бор. Кўрасизми?
– Кўрамиз. Суратни эмас. Янаги ой ўша томонларга ўтиш ниятидаман. Сиз менга қўнғироқ қилинг, хўпми?
– Хўп…
Қўрғон москвалик меҳмон мақтаганидан ҳам зиёда экан. Лекин Шавқиев ҳайратини сездирмади. Талашиб-тортишиб, нархини анча камайтириб олди. Олган заҳоти уста чақириб, дарчаю дарвозаларини алмаштирди. Қулфи калитини мустаҳкам қилиб ўрнаттирди. Юртга қайтгач, ўзи ишонган кишилардан икки нафарини хотинлари билан жўнатди. Уларга уйни қўриқлаш, тоза сақлаш, боғу гулзорини парваришлаб ўтириш вазифаси юкланди. Шавқиев ўша пайтда бу ерга доимий яшаш учун келиши мумкинлиги ҳақида мутлақо ўйламаганди. Шу боис:
– Биз йилда бир-икки марта келиб дам олиб кетамиз. Бошқа вақт ўзларинг хон, ўзларинг бексизлар. Аммолекин гулдай қилиб ўтирасизлар. Эътиборсизлик қилсаларинг кечирмайман.
Бир ойча олдин келиб кўрдики, қўрғон одамлари бу хуфия паногоҳни кўнгилдагидан-да зиёда қилиб ўтиришибди. Отабой ота бу ҳижрат манзилгоҳига йўл олар экан, бир хаёли хотинларининг кенжасини, соҳибчирой Шукрияни олиб кетсам-чи, деб ўйлади. Кейин фикридан қайтди. “Янги ҳаммомга эски тоснинг нима кераги бор”, дея ҳазил қилди ўзига ўзи. Гарчанд Шукрияга уйланганига ҳали бир йилдан ошгани йўқ. Ўзи асли тўрт хотиндан сўнг, “энди бошқа уйланмайман”, деб юрганди. Ёши ҳам етмишни қоралаяпти ахир. Тўрт хотиннинг ўзини эпласа ҳам катта гап энди бундан буёғига. Шукрки, ҳозиргача уларнинг барчасини ҳар жиҳатдан қаноатлантириб келди. Ҳар бирига алоҳида ҳовли-жой, биттадан машина ва иккитадан бола олиб берган. “Олиб берган” деган ибора унга сира ёқмайди. Нима ҳам қилсин. Хотинларининг биттаси ҳам ундан бола туғмади. Биринчи ва иккинчисининг устига хотин олар чоғи айбни уларнинг бўйнига қўйиб, рози қилган. “Ахир мен ҳам фарзанд кўришни истайман”, деган. Учинчиси ҳам туғмаганидан сўнг Шавқиев хотинлари билан бирма-бир гаплашиб, “Ҳеч кимни айблаб ўтирмаймиз. Хоҳласанг, етимхонадан бола олиб бераман, тарбия қиласан, хоҳламасанг, талоғингни қўлингга бераман, тўрт томонинг қибла”, деган маслаҳатни солди. Ҳеч қайсиси кетишни хоҳламади. Шу тариқа Отабой ота уч хотинига иккитадан бола (бир ўғил, бир қиз) олиб бериб (уларнинг барчасини ўз номига ўтказди, яъни “Отабоевич” ёки “Отабоевна” деб ёздирди албатта), умид ила тўртинчисига уйланди. Не надоматки, тўртинчисидан ҳам тирноқ бўлмади. Унга ҳам бояги маслаҳат солинган эди, жувон ёш эмасми, ғўрлик қилиб, “Жавобимни беринг, кетаман” деди. “Ҳай, эсингни йиғ, одамлар айтмайдими “Отабой хотинини боқолмасдан талоқ қилиб юборибди” деб. “Бўлмаса, шартим бор” деди аёл. “Қанақа шарт, айтавер”. “Менга бола керакмас, ўқишга кираман”. “Қанақа ўқишга?” “Ҳуқуқшуносликка”. Шавқиев кулди. “Кира олармикансан менинг ёрдамимсиз?” “Ёрдам беринг-да!” “Майли, ёрдам берганим бўлсин. Қанча-қанчасини арзимаган пулга киргизиб юборганман-ку. Аммо-лекин менинг ҳам шартим бор. Бошқа опаларинг сингари сен ҳам икки бола тарбия қиласан. Хавотирланма, ёрдамчи олиб бераман. Хизматкор аёлнинг ёнига яна бир энага ёллаймиз. Болага улар қарайди. Сен ўқийверасан. Бир жиҳатдан ўқиганинг ҳам тузук. Керак бўлиб қолади”.
Шундай қилиб, тўрт хотинга саккиз болани олиб берган ва “энди фақат эзгулик ва савоб ишлар ила машғул бўламан”, дея аҳд этиб юрган кунларида тасодифан Шукрияга дуч келди. Худди бир пайтлар ҳув ёшлик чоғлари, қирчиллаган пайтларида Малоҳат исмли бир моҳичеҳрага дуч келгани сингари. Майли, Малоҳат ҳақида кейинроқ. Ҳозир соҳиби қудратнинг Шукрия билан ҳангомасини охирига етказайлик. Шундай қилиб, Шукрия…
Танишув самолётда юз берди. Шавқиев хорижий сафарларнинг биридан қайтаётган эди. Орқасидаги ўриндиқда ўтирган бениҳоя сулув бир қиз эътиборини тортди. Саломлашди. “Қизим-қизим”лаб гапириб, танишди. Исми – Шукрия, ўзи хориждан буюм олиб келиб сотиш билан шуғулланар экан. Бир гапириб, ўн кулади. Шўх-шаддод қиз. Очиқ, журъатли. “Шаҳар марказида “Элита” деб номланган дўконим бор, – деди қиз. Мижозларим энг сўнгги русумда кийинадиган бойвачча йигитлару бойвучча қиз-жувонлар. Топишим яхши. “Нексия” автомашинам бор”.
“Сизга “Нексия” эмас, “Бентли” ёки ҳеч бўлмаганда “Мерседес” ярашади, синглим, – деди Шавқиев. – Ҳусни жамолингиз… жудаям баланд экан”.
Телефон алмашишди. “Сиз менинг дўконимга кириб туринг, хурсанд бўласиз”. “Майли”, деди Шавқиев. Орадан икки-уч кун ўтгач, Шукриянинг ўзи қўнғироқ қилди. Чамаси, у Шавқиевнинг кимлигини суриштириб, билиб олган.
– “Бентли” мошинни қачон совға қиласиз, кутавериб, тоқатим тоқ бўлиб кетди-ку, – деди у “ҳе” йўқ, “бе” йўқ, томдан тараша тушгандек. Шавқиев қизнинг дадиллигидан завқланди.
– Хоҳласангиз… шу бугуноқ…
Икки ойдан сўнг Шукрия Шавқиевга бешинчи хотин бўлди. Қизнинг отаси бир умр шофёрлик қилиб, ўлиб кетган, онаси ва бир опаси бозорда савдо билан машғул экан. Тўй эскича ва кичикроқ бўлди. Шукрия ўзи ўта замонавий қиз эканига қарамай, шунга кўнди.
– Тўй ҳисобига тежалган маблағни ўзимга берасиз, – деди ҳазиломуз. Шавқиев буни мутлақо жиддий тушунди. Чунки шусиз ҳам тўйгача жавоҳир тақинчоқлар туҳфаси учун анча харажат тортганди. Қизи тушмагур, ўша биринчи қўнғироғидан кейинги илк учрашувданоқ Отабой отани секин-аста ийдириб, соға бошлаган. Чунончи кунлардан бир кун:
– Майли, “Бентли” мошинаси ҳозирча шарт эмас. Лекин чиндан ҳам мард бўлсангиз… сизни кичик бир дўконга олиб бораман, ўша ердан бирон арзимас буюм харид қила қолайлик.
“Кичик бир дўкон”дан олинган “арзимас совға” унча-мунча пулнинг бетига қарамайдиган Шавқиевнинг капалагини учириб юборди. Бошда у дўкондаги нархларга етарли эътибор бермай, “Хоҳлаган нарсангизни танланг”, деганди. Шукрия чиройли бир буюмни кўрсатди. “Пулини айтинг”, деди Отабой ота.
Шавқиев қимматбаҳо тошлар бобида анчайин кўзи пишган одам бўлса-да, бу кўримсиз дўконда шу қадар қиммат буюм бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. «Нафи нилуфар” деб аталувчи бриллиант зеби гардон бир юз эллик минг доллар турар экан. Шавқиевнинг ичидан қиринди ўтди. Бир хаёли Шукрияни секин ташқарига олиб чиқиб: “Ўв, манжалақи, мен пулни кўчадан супуриб олаётганим йўқ, бор тошингни тер”, демоқчи бўлди. Лекин йигирма тўрт-йигирма беш ёшлардаги қизнинг бениҳоя келишган қомати, бўлиқ кўкраклари, сутга чайилгандек оппоқ юзига қараб, нафсини тия олмади. “Айни етилиб, узишга маҳтал бўлиб турган олма…”
– Ўзи… молининг ўзи шунчалик қиммат нархга арзийдими, азизим, – деди у Шукриянинг белига кўзини қадаб. Шукрия шамани тушунди, ўз навбатида у ҳам Шавқиевнинг дўппайган қорнига нигоҳини қадаб, боплаб жавоб қайтарди:
– Арзимаса… сизни – шундай обрўли одамни овора қилиб, бу ёқларга олаб келармидим. Аммо-лекин гап бошқа томонда. Уни эплашга кучимиз (“кучингиз” демади) етармикан?
Шавқиевнинг орияти озорланди. Дўкончига қараб:
– Мени танийсанми? – деб сўради. Сўнгра жавоб кутмай яна ўзи гапирди. – Отабой отани эшитгандирсан?
– Эшитганман тақсир, эшитмай ўлибмизми…
– Ўра, ўраб бер ўша матаҳингни. Пулини олиб келиб беришади…
Шавқиев дўкондан чиққан заҳоти Шукрияни “шаҳар ташқарисига айланиб келишга” таклиф этди. Тижорат аҳлининг муайян тоифасига хос бўлган “фойданинг фойдасидан тезроқ фойдаланиш” туйғуси уни ушбу “бениҳоя қимматбаҳо ва муҳташам қалъани тезроқ забт этиш”га ундамоқда эди. Аммо қалъа муҳташамликдан ташқари, анчайин мустаҳкам экан.
Отабой ака, мен сизга… қўнғироқ қилишга жазм этишдан олдин обдон суриштирганман. Сизни шаҳримизнинг энг солиҳ, энг диёнатли бойларидан, зинодан ҳазар қилувчи киши, тасарруфидаги тўрт хотиннинг барчасини ҳалол-покиза никоҳ билан олган, ҳозир ҳам гарчанд бирортасидан фарзанд кўрмаган бўлса-да, ҳеч бирини хор қилмай, қадрини баланд тутиб юрибди, дейишган. Шунинг учун ёшингиз сал каттароқ бўлсаям… сизга меҳр қўйганман. Агар хафа бўлмасангиз, бир гап айтсам. Шаръий никоҳ ўқилмагунча, сайру саёҳатдан тийилиб турсак.
“Маликаи айёрнинг ўзгинаси-ку бу, – деб ўйлади ичида ёниб Шавқиев. – Ҳали мен унга “тег” деб айтмасимдан, масалани ҳал қилиб қўйганини қара. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да…”
Шавқиев хотин халқини анча яхши биладиган одам. Бироқ бунақасига биринчи бор дуч келиши. Нима ҳам дерди. Замонавий ёшлардан-да. Ўқиган, илми-амали бор. Бунинг устига савдогарлик билан шуғулланиб, ҳаётий тажриба орттирган. Дарвоқе, ўша самолётдаги илк суҳбат чоғида Шавқиев ундан:
– Қиз бола ҳолингизга савдо иши оғирлик қилмайдими? – деб сўраган эди.
– Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи вассаломнинг завжаи муҳтарамалари Ҳадича онамиз ҳам савдогар бўлганлар, – дея мот қилган эди. Бу гал яна мот қилди.
– Унда никоҳни тезлаштирайлик. Нима қиламиз вақтни чўзиб, – деди Отабой ота.
– Юринг бўлмаса, онамнинг олдидан ўтайлик.
Она рози бўлди. Никоҳ, тўй куни ва тартиблари белгиланди. Шавқиев бу орада ўтган бир ойдан зиёд вақтни ҳаяжон ичра ўтказди. Шунча марта уйланиб, бу қадар ҳаяжонланмаган. Эҳтимол, бунинг сабаби Шукриянинг ўта гўзаллиги ва шу чоққача Шавқиевга ҳеч бўлмаганда ростмана ўптириш у ёқда турсин, билагидан ҳам тузукроқ ушлатмагани билан боғлиқдир. Дастлаб Шавқиев бундан аччиқланди: “Ўв, нимага ноз қиласан, нарху ҳақингни ошиғи билан тўлаб қўйдим-у”, демоқчи, ҳатто шартта ушлаб, мажбурламоқчи бўлди. “Йўқ, – деди кейин, – висол лаззати шуниси билан ширин. Нозлантириб, нозлантириб эришмоқ керак. Яна бир эҳтимолий сабаб: Шавқиевнинг юрагида андаккина ўжар иштибоҳ ғимирлаб турар, унинг мазмуни бундай эди: “Шунча харажат қилвординг, ишқилиб шунга арзийдиган чиқсин-да!”
Тўй ўтди. Висол онлари нақадар гаштли. Шавқиев шу пайтгача қилган барча харажатларига бир оқшомнинг ўзида мингдан-минг рози бўлиб кетди. “Сен мени қайтадан жигитга айлантирдинг, ҳай қиз! – дея ҳайқирди у. Зўр экансан!”
Афсуски, янги келиннинг қирқи чиқмаёқ ошга пашша тушди. Оддий кунларнинг бирида “қоровулхона” котибаси унга бир хат узатди.
– “Шахсан ўзларига” дейилган экан, очмадим.
– Оч шу ерда, ҳозир оч-да, ўқи, – деди Шавқиев қисталоқ душманлар бирон дори-пори солиб юборган бўлмасин, деган ўйда. Котиба очиб, дастлабки қаторларига кўз югуртирди-ю, ранги оқариб кетди.
– Ўзингиз… ўзингиз ўқинг, яхшиси, – деди хатни узатиб. Шавқиев шошмасдан кўзига кўзойнагини тақди. Кейин хатга кўз ташлади.
“Қалай, ямалган калиш оёғингизни ҳўл қилмаяптими? Ёки Шукрияхоннинг денгиздай кенг ва бепоён муҳаббати ичра сузишга қулочингиз етмаяптими? Наҳотки сиздай кўпни кўрган, тажрибали …шунос алданиб, битта аферист шаллақининг қирқ ямоқ “муҳаббати”ни кўзга суртиб ўтирсангиз. Ҳайф-э! Ё энди латифадаги Насриддин Афандига ўхшаб “гўшт” еёлмай, шўрвасига қаноат қиладиган бўлиб қолганмисиз!..”
“Вой абла-аҳ, худди ўзим ўйлаган гаплар-ку, деган фикр ўтди хаёлидан. Наҳотки, ёпиштиришган бўлса?”
– “Гулдур-гуп”, – деди у котибага. – Сен ҳеч нарса кўрмагансан, ўқимагансан. Бу бир туҳмат. Душманларнинг иши. Ёзган одамни топиб, жазосини берамиз. Дарвоқе, почта билан келган-а? Ҳа майли. Бор, боравер!
Кейин ўзини босди. Чиндан ҳам туҳмат бўлиши мумкин. “Ямалган калиш”. Оғир айб бу. Наҳотки, Шукрия алдаган бўлса?! Шундай чиройли қизнинг йигирма бешга кириб, бирон йигитга қўлини ушлатмай юриши ақлга сиғмайди. Аммо нега бу ҳақда олдин ўйламадим.? Аҳмоқ чол!
Гумон иймондан айиради. Арзимаган бир имзосиз хат туфайли Шавқиевнинг ҳаловати йўқолди. Кимдир атайлаб ғашига тегишни, асабини эговлаб, мувозанатдан чиқаришни хоҳлаётганини у билиб турар, “Бунақа иғволарга учмаслигим керак”, деб ўзини тинчлантиришга уринар, аммо барибир буни уддалай олмасди. Ўзи ўша кунлар тижоратдаги азалий рақобатчилари унга қарши ҳужумга ўтиб, унинг Россия ва бошқа хорижий мамлакатлардаги олди-бердиларига анчагина путур етказишган, бунинг устига вилоят маъмуриятида юқори лавозимда ишловчи қалин ошнаси вазифасидан олиниб, прокуратура ва солиқ идорасидаги ғанимлари ҳам бош кўтариб қолишган, хуллас, аҳвол шусиз ҳам анча мураккаб эди. “Фалокат бир келса, қўша-қўша келади”, дейишади. Нима бало, Отабой отадан яна омад юз ўгира бошладими? Наҳотки? Бундан анча йиллар олдин бир неча марта шундай бўлган. Аммо Шавқиев ҳар гал фалокатларни енгиб, ўт ичидан омон чиққан. Қақнус қушдек ўзини тиклаб олаверган. Умуман, шу чоққача мудом унинг айтгани айтган, дегани деган бўлиб келди. Беҳисоб молу давлат йиғди. Қўлини қайга узатса, етадиган бўлди. Амалдорман ёки прокурору мелисаман деганини пул билан қўлида қўғирчоқ қилиб ўйнатди. Фақат… Фақат бир марта унинг шашти қайтган. Бир мартагина. Шунинг оқибатида…
Мана энди Малоҳат ҳақида сўзлашнинг мавриди келди. Малоҳат…
Ўшанда Отабой ҳали ёш эди. Гарчанд бу орада икки марта уйланишга улгурган эса-да, қалби муҳаббатга ташна эди. Бунга сабаб, дастлаб уни холасининг чақалоқлигида “бешиккерти” қилиб унаштириб қўйилган қизига мажбуран уйлантиришган, етти йил фарзанд кўришмагач ва кўз очиб кўрган хотини ўзига кўнгилсизлигини англаб етгач, “Майли, устимга хотин олиб, ўзингизни бир синанг” деганидан сўнг, иккинчи бор мактабни эндигина битирган қўшни қишлоқлик бир қизни тузукроқ кўрмай, танимай уйланган. Шу туфайли унга ҳам кўнгил қўёлмай юрганди. Сирасини айтганда, Отабой икки марта уйланиб ҳам ҳақиқий муҳаббат нима эканлигини англаб етмаган. Бу қудратли, сеҳрли ва шафқатсиз туйғуни у Малоҳатни учратганидан сўнг ҳис эта бошлади.
Воқеа бундай бўлган: анча йиллар давомида “Уддабурон Отабой” ота деб ном чиқарган, кейин газетада фельетон бўлиб, иши терговга тушган, аммо прокурору суддан тортиб, оддий қўриқчисигача сотиб олганидан сўнг сувдан қуруқ чиқиб кетгач, Отабой шаҳарда, кейин қишлоғига келиб “қон чиқарди”. Шу баҳонада отасидан қолган ҳовлида уч-тўрт кун турди. Овга чиқди, тоғлардаги хушҳаво масканларни сайр этди. Ўша кунларда булоқ бўйида сув олаётган бир қизга кўзи тушди.
Малоҳатни мановиларга ўхшаб, ўта даражада чиройли деб бўлмасди. Дафъатан қараганда, чеҳраси тиниқ, оддийгина қиз. Аммо унда одамни ўзига оҳанрабодек тортувчи бир нур бор эди, гўё. Исми Малоҳат эканини Отабой сал кейинроқ билди. Билган заҳоти “воҳ”, бу исмни ким қўйса ҳам билиб қўйган экан, деди. Уни биринчи бор кўрган заҳоти ошиқу беқарор бўлди. “Шу қизни олмасам Отабой отимни бошқа қўяман”, дея қасам ичиб юборди ўзига ўзи. Ўша кундан эътиборан аҳдини амалга оширишга киришди. Қизга одам қўйди. Ота-она бошда ижирғанган бўлса ҳам, Отабойнинг серҳиммат ҳадялари таъсирида: “Агар қизимиз рози бўлса, майли”, дейишибди. Қиз эса: “Ўламан саттор, тегмайман”, деб туриб олди. Отабой юборган тилла, дуру маржонларни тепкилаб отди. Уч карра юзма-юз бўлган суҳбат чоғида ҳам Отабойнинг кўзига тик боқиб, “тегмайман” деди. Отабой: “Агар иккита хотиним борлигини ўйлаётган бўлсанг, икковиниям шу бугуноқ талоқ қилиб, жавобини берайин. Мени қари деб ўйлама, ҳали ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочираман, молу давлатим беҳисоб, бошингдан зар сочаман, тиллога чўмилиб яшайсан”, деди. Малоҳат: “Гап унда эмас, шунчаки сиз ўзингиз менга ёқмайсиз”, деди. Шу гап Отабойга алам қилди. “Сенга қанақа одам ёқади ўзи, билсак бўладими?” – деб сўради. “Худо насиб қилгани бордир”, деди Малоҳат. “Агар насиб қилдирмасам-чи?” – деди ғазаб билан Отабой. “Сиз Худодан ҳам зўрмисиз?” “Ҳа, зўрман!” “Тавба қилинг-е, нодон одам”, деди Малоҳат. Отабой муҳаббати нафратга айланганини ҳис этди, жаҳл билан хезланди, қизга шапалоқ тортиб юбормоқчи бўлди. Ҳар қалай ўзини босди. “Ўйла, ўйлаб кўр қизалоқ. Сен фақат мен билан бахтли бўлишинг мумкин, бошқа одам билан эса ҳеч қачон бахтли бўлолмайсан, бунга сира-сира йўл қўймайман, умрингни азоб-уқубатга айлантираман”, деди Отабой. “Сиздан келганини Худодан кўраман”, – деди Малоҳат. Бу уларнинг сўнгги учрашуви эди. Қайтиб кўришишмади. Отабойнинг қаҳри қаттиқ эди. Кейинроқ у Малоҳатнинг қўшни қишлоқлик бир йигитга текканини эшитди. Бир хаёли ўша йигитни кимлигини ҳам суриштирмасдан дарҳол гумдон қилмоқчи бўлди. Фикридан қайтди. Хўш, аввал билайлик-чи, ким экан ўша бахтли йигит? Маълум бўлдики, Миртожи деганлари Отабойнинг соҳасига, яъни тахта савдосига бевосита алоқадор, майдароқ чайқовчи, қамалиб чиққан, бунинг устига Малоҳатга уйланишдан олдин бир қизни алдаб, ҳомиладор қилиб, ташлаб кетган. “Худонинг ўзи менга қасос олиш учун имконият яратмоқда”, деб ўйлади қувонч билан Отабой. Энди уни боплайман…”
Аммо ҳадеганда боплай олмади. Ўша кунлар катта миқдорда яширин мол билан қўлга тушган шериклари Отабойни сотишди. У саккиз йилга кесилиб кетди. Шу боис қасос муҳлати бирмунча кечикди. Чиқиб келгач, яна жаҳл устида Миртожининг жонига қасд қилмоқчи бўлди. Чунки у бойиб кетган, деярли Отабойнинг ўрнини эгаллаган. “Йўқ, – деди Отабой яна, – уни ўлдирмайман. Энг яхшиси, энди Малоҳатга берган “ваъда”ни бажаришим керак, майли, улар тирик юраверишсин, лекин кўргани азоб-уқубат бўлсин”, деди. Миртожини усталик билан ўзига яқинлаштирди. “Кўз олдимда, қўл остимда бўлсин, мавриди билан минг хил кўйга соламан”, деб ўйлади. Айтганини қилди. Миртожини, оиласини минг кўйга солди. Малоҳат шўрлик охир-оқибат ўлиб қутулди. Миртожининг фирмаси синди, ўғлидан, хотинидан айрилиб, мажруҳ бир кимса бўлиб қолди. Ҳайратланарли жиҳати шундаки, Миртожи Отабойдан шунча жафо кўрса ҳам ғинг демади. Ё сезмадими? Малоҳат унга Отабойнинг таҳдиди ҳақида айтмадимикин. Эҳтимол. Чунки ўшанда: “Сиздан келганини Худодан кўраман”, деганди. Миртожининг ўзи наҳот сезмаган? Ёки сезмаганликка олдими? У ҳолда Нозимни қутқаришини сўраб илтимос қилиб келганини қандай тушунмоқ керак? Хуллас, Отабой ўз ниятига етди. Кейин эса пушаймон қила бошлади. “Бекор қилдим, бекор қасдлашдим”, деб ўйлайдиган бўлди бот-бот. Аммо энди бу тазаррунинг нафи йўқ. Қолаверса, у нега пушаймон қилиши керак? Ахир у иродаси суст, латтачайнар одам эмас-ку. Бу ҳаёт курашдан иборат. Ана шу курашда кучли ва шафқатсиз одамгина ғолиб бўлади. Тўғри, гоҳ-гоҳида савоб иш ҳам қилиб туриш керак. Шунда бўйнингдаги гуноҳлар ювилади. Дарвоқе, ўшанда у Миртожининг илтимосига биноан Нозимни қутқаргач, гуноҳларимни лоақал юздан бирини ювдим, деб ўйлади. Кейин у, “Нозимни Миртожининг қизи билан яраштирсам яна бир савоб бўлар”, деб ўйлади. Сирасини айтганда, Нозим унга ёқарди. “Худди менинг ёшлигимни эслатади бу бола” деганди бир куни. Бир пайтлар у Нозимдан ўз мақсади йўлида усталик билан фойдаланганидан ғурурланиб юрганди.
Мана ҳозир, юртдан, жамики катта-кичик муаммолардан узоқда туриб, бир неча кун давом этган таҳлика исканжасидан қутулиб, енгилроқ нафас олганидан сўнг яна шу ҳақда такрор-такрор ўйламоқда. “Қувғинди бўлиб юрганим ўша қилмишлар учун жазо эмасмикан?”
Нафсиламбрини айтадиган бўлсак, Отабой Шавқиев шу чоққача шунча йил яшаб, шунча савдоларни бошидан ўтказиб, шунча қилғиликларни қилиб, бирон марта ўзи ҳақида астойдил танқидий мулоҳаза юритган эмасди. Шу пайтгача у нимаики яхши-ёмон қилган бўлса, ҳаммасини тақдир ҳукми, замона зайли, шароит тақозоси деб ҳисоблаб келди. Мактабни анчайин яхши битказган бўлса ҳам, шаҳарга келиб, на олий ва на ўрта бир ўқув юртига ўқишга, кейин тузукроқ бирон ишга кирди. “Тақдирим шу экан-да, энди очдан ўлмаслик учун қанақа бўлса ҳам бирон тирикчилик қилиш керак”, деган қарорга келди. Қишлоққа қайтиб боришдан фойда йўқ эди. Шу боис унча-бунча йигитлар яқинига ҳам боришга ор қиладиган қоровулчиликка бажонидил рози бўлди. Унга дастлаб кичик бир дўконни, кейин мундайроқ омборни ишониб топширишди. Пировардида, темир йўл яқинидаги улкан ёғоч омборига ишга ўтди. Шу аснода хўжайинларга хушомадни, иши тушган одамга пойипатак бўлишни ва энг муҳими, ёлғонни ипдай эшишни ўрганди. “Ёлғончилик хавфли касал, у қўрқоқликнинг онаси”, дер эди ўқитувчиси, раҳматли Танқи Файзуллаев. Отабой эса ёлғон ёрдамида бойиш ва ҳатто, эларо катта ҳурмат-эътибор қозониш мумкинлигини амалда исботлади. Тахта омбори теварагидаги ўғри ва фирибгарлар билан тил топишиб, беҳисоб молу давлат орттирди. Мелиса, прокурор, хуллас, унча-мунча амалдорни кафтида ўйнатадиган бўлди. У илк марта ёлғон гапирган, дастлабки фирибгарлигини қилган кезларидан бошлабоқ: “Замон шунақа, алдамасанг, фириб бермасанг одамдай яшолмайсан, янчиб-мажақлаб ташлашади”, дея хулоса чиқариб олганди. “Бу мамлакатдаги одамларнинг деярли ҳаммаси иккиюзламачилик қилиб яшайди. Дилида бир гап, тилида мутлақо бошқа гап. Хўжайинини олдида мақтайди, хушомад қилади-ю, орқасидан ёмонлайди. Бир-бирини-ку, кўрарга кўзи йўқ. Ҳасадгўйлик қон-қонига сингиб кетган. Шунинг учун бу жамиятда ким ёлғондан кўпроқ ва устамонлик билан фойдалана олса, ўшанинг ошиғи олчи бўлади…”Кейинроқ пули кўпайиб, қўли узайиб, қудрати ошгач, у сувнинг бетида юриш учун фақат алдамчилик ва фирибнинг ўзи кифоя қилмаслигини тушуна борди. “Пулинг борми – кучлисан, демак, ўрни келганда куч ишлатиш, зўравонлик қилиш ҳам керак”. Ҳар тугул, у табиатан қўрқоқроқ бўлгани боис рақибларидан ҳеч бири билан ошкора тўқнашувга бормасликка ҳаракат қиларди. “Ҳамма ишни зимдан усталик билан силлиқ амалга ошириш керак. Энг ашаддий душманингни ҳам “жоним-жоним” деб жонини ол, қўйнига кир. Шундагина ҳаммаси хамирдан қил суғургандек бўлади…” Бу қоидага мудом қатъий амал қилар, кичикни “жон ука”, тенгқурни “жон дўстим”, каттани “жон ака” деб чақирар, ҳокимият ёки ҳуқуқ идораларида ишловчиларнинг эса ёшидан қатъи назар, ҳаммасига “акажонгинам” деб мурожаат этарди. Ўзини шу қадар мулойим, шу қадар ақлли тутардики, сиртдан қараган киши уни “пашшага ҳам озор бермаса керак”, деб ўйлаши табиий эди. Аслида эса…
Кетма-кет бўлган икки телефон қўнғироғи Отабой отанинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Биринчи телефон яқин атрофдан эди. Отабой ота ҳайрат ва ғазаб билан бақирди:
– Амалия? Қанақа Амалия? – деб такрор сўради у телефон қилувчининг ёқасидан ушламоқчидек қўлларини олдинга чўзиб. – Сен нима деяпсан, ўзинг тушунаяпсанми? Якубовскийнинг хотини билан қизи уйларида чиққан ёнғин чоғида куйиб кетган деб ўзинг айтмаганмидинг, аблаҳ? Қанақасига ўлмаган экан? Ким қочирган? Сен мени лақиллатаман деб овора бўлма! Тушундингми? Ўзинг туғдирган муаммони ўзинг ҳал қил! Гап тамом!
Иккинчи қўнғироқ эгаси билан у мулойим гаплашди.
– Ваалайкум ассалом ўғлим, яхши, ҳаммаси яхши. Ўзингиздан сўрасак, она юртга мустаҳкам ўрнашиб олдингизми? Бахайр? Тинчликми? Кутилмаган қўнғироқ? Нима дейсиз, Нозимнинг ўрис хотини тирик эканми? Хўш, нима бўпти? Отасининг меросини талаб қилмоқчи эканми? Кимдан? Хориждаги шериклардан. Хўш, кейин-чи? Нозим нимани биларкан? Сизга ўзи айтдими? “Бу ишларнинг бошида Шавқиев турибди”, деб ўз оғзи билан айтдими сизга? Йўқ, кимдан эшитдингиз? Унга ким айтибди? Якубовский билан қамоқда бирга ўтирган одам? Ким экан у? Сиз ўшанинг афт-башарасини кўрдингизми? Йўқми? Майли, қўяверинг, топиб оламиз. Сиз? Сиз нимадан қўрқасиз? Нозимдан? Нозимдан қўрқманг. Тўғри, у қизиққон. Аммо у ҳарқалай сизга тегмаса керак. Миртожи қалай? Борди-келди қилиб турибдими? Орани бузманг. Нозим билан ҳам. Мабодо у бирон иштибоҳ билдириб, сизга даъво қиладиган бўлса, биз бормиз. Бўлди. Гапни қисқа қилинг. Вақтим йўқ…
“Энди бир ками сенинг ташвишинг билан шуғулланишим қолувди”.
Шавқиев иккинчи қўнғироққа жиддий эътибор бермади. Сабаби, биринчи қўнғироқ фикру зикрини банд этган, режаларини ўзгартириб юборган, нафсиламбрини айтганда, катта миқдордаги чиқим қилиш хавфи туғилган, чиқим эса табиийки, Отабой отага ёқмас, айниқса муҳожиротда юриб, даромадидан буромади кўпайиб кетган чоғда салкам тўрт миллион доллар пулдан кўзини чирт юмиб воз кечиши, очиғи, жонини суғуриш билан баробар эди.
“Галварслар, ақалли битта ишни кўнгилдагидек қилиб бажаришолмаган. Бу муаммони ҳал этиш анча-мунча ташвиш ва харажат талаб қилади”.