Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
НОЗИМ ЯНА РЕЖА ТУЗАДИ
Нозимбой янги хўжайинларининг ишончини жуда тез қозонди. Шаҳар ва унинг атрофида ким кўп, Ўрта Осиёдан келиб, ярим очиқ, ярим яширин ишлаб юрганлар кўп. Улар тирикчилик туфайли оғир шароитларда, юпун яшашади. Нозим бошлиқ (у энди кичик гуруҳлардан бирига бошлиқ) йигитлар ана шу мардикорларни шилишади. Мардикорларнинг яшашию ишлаши ноқонуний бўлгани боис муштумзўрларнинг мушугини пишт дейдиган одам йўқ. Бирда ярими сал норозилик билдириб, кекирдагини чўзадиган бўлса, “Нозимчилар” унинг таъзирини бериб қўйишади. Нозим бундан руҳланди. “Э, гап бу ёқда экан-ку”, деб қўйди. Чунки бозордаги омбор мудирлигида топадиган даромади ҳам бу ердаги тушум олдида ҳеч гап эмасди. Амалиянинг муносабати ҳам қайтадан яхшиланди. У кейинги пайтлар илакишиб юрган ресторан қўшиқчиси Арнольдни ташлаб, яна Нозимнинг бағрига қайтди. Аслида Нозим уни бағрига қайтармоқчи эмасди. Энди унинг оёғи остида бунақа қизлардан сон мингта. Хўжайинларнинг “тавсия” шаклидаги тазйиқига биноан у яна собиқ валинеъматининг қизи билан ниҳоят қонуний турмуш қурди. Айтишларича, буни Дмитрий Фёдоровичнинг шахсан ўзлари зонадан туриб маъқуллабди. Айтибдиларки, агар Нозим Амалияни ўз ҳифзу ҳимоятида асраса, қайнота жаноблари озодликка чиққач, уни беҳад хурсанд қилар экан. Амалия бунга қуйидагича аниқлик киритди:
– Ўша сен айтган гап: дадам қутулиб келса, каттакон қаср совға қиларкан бизга.
– “Ўлма эшагим, арпа ейсан” деган мақол бор бизда. Даданг қачон чиқади, мумсиклик қилмасдан, ҳозир бериб қўя қолса бўлмасмиди?
– Унинг ўзи нима қилишини сену мендан яхшироқ билади. Кўрасан, бир йил ўтмай, чиқиб келади. Бир эмас, бир неча уйлар бизники бўлади. Янгилариниям қурамиз.
Нозим индамади. Унинг хаёли бошқа томонга кетган эди. “Миромар” қўшма корхонаси хўжайини Миртожи ёлғиз ўғлидан айрилгач, миясига қон қуйилиб, ногирон бўлиб қолган. Унинг бу ердаги одами Марди ҳам ҳозир ўша ёқда ишлаётир. Айтишларича, бу ердаги раҳбар йигит Мардибойнинг одами. Миртожини жини суймайди. Шу боис Миртожининг буйруғига биноан ўзига ёрдамчи қилиб қўйилган Баҳодирни ҳам. Нозим бу ҳақда Баҳодир билан гаплашиб, масаланинг тагига етишга бир неча бор уриниб кўрди. Баҳодир сир бой бермади. Афтидан Марди уни пишиқлаб кетган. Мунис-ку, ўша номард отасининг устида ўлиб қолади. Ўгай укасининг фотиҳасига бориб келгани етмагандек, уч кун ўтмай, “отам оғир аҳволда экан” деб, яна йўлга отланди. Ундан ҳам бирон гап олиш мушкул. Ўзи аслида бу фирмани ҳам бир титкилаш керак эди-ю, Нозим ўз “фаолияти”нинг бошида опаси ва поччаси ишлаётгани боис “Миромар”ни “мижозлар” рўйхатидан ўчиртирган, “Ўғри ҳам ўз маҳалласига тегинмайди”, деган мақолни айтиб, хўжайинларини ҳам шунга кўндирган эди. Хўжайинлари “Миромар”нинг маҳаллий акционерлари кимлигини билишгач, бунга рози бўлишган. Акционерлар орасида шаҳар ҳокими ҳам бор экан. Қолаверса, “Миромар”га тегмаганлигининг энг асосий сабаби, ўзининг аслида нима иш билан шуғулланишини уйдагилардан яшириш эди. Онаси, Баҳодир ва Мунис ҳам кўпчилик сингари Нозимни “Ҳимоя” қўриқчилик-соқчилик фирмасининг ходими деб ўйлашарди. Улар билишмасдики, бу фирма ҳимоя ниқоби остида йирик тадбиркорлардан тортиб, оддий мардикорларгача, хуллас, озгина даромад топувчи кишиларни аёвсиз шилиш билан шуғулланади. Э, шошма-чи, ўша янги раҳбарнинг ўзи билан гаплашиб, қўйнига қўл солиб кўрса бўлмасмикан?
Миясига келган бу фикрдан ўзи ҳам хурсанд бўлиб, “Миромар” фирмаси идорасига йўл олди. Корхона раҳбари Давид Насимов уни биринчи марта кўраётгандек хушнуд қарши олди. Аммо аввалига сир бой бермай, кўпроқ Нозимнинг гапига қулоқ солди. Нозим ҳам биринчи мартадаёқ мақсадга кўчмади. Яқинроқ танишиб қўяй деб келдим, ҳар қалай ҳамюртлармиз, деди. Ресторанга “бир пиёла чой”га таклиф этди. Насимов нимадандир чўчиди. “Ресторанга эмас, менинг квартирамга келинг. Ёлғиз тураман, бемалол суҳбатлашамиз, ҳеч ким халал бермайди”, деди. Нозим кўнди. Икки кундан сўнг кўришишга шартлашишди. Айтилган кун Нозим бир шиша қимматбаҳо виски, газаклар кўтариб келди. Қиттай-қиттай олишгач, тилларининг тушови ечилди.
– Ана энди гапиринг, – деди Насимов.
Нозим гапни узоқдан бошлади. Миртожи ва Марди ҳақида аввал яхши сўзлар айтди. “Иккаласи ҳам тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган одамлар”, деди. Сўнгра Насимовнинг кўзига синовчан тикилиб турди-да:
– Лекин одамгарчилик, инсоф, диёнат масаласида иккисини ҳам худо қисган. Очкўз, хасис кишилар. Бир тийин устида ўлиб қолишади. Шунинг учун ҳам “ўхшатмасдан учратмас” деганларидек, топишиб олишган. Янаям… сиз яхшироқ биласиз.
Насимов Нозим ва Миртожи ўртасидаги зиддиятдан хабардор эди. Бу ҳақда Марди айтиб берган. Бундан ташқари, Нозимнинг опаси ва поччаси “Миромар”да ишлай бошлагач, улар билан ҳам чиқишмай қолгани, бир гал ҳатто Баҳодирни арзимаган баҳона билан калтаклагани хусусида ҳам етарли маълумотларга эга эди. Марди Нозимни жинидан баттар ёмон кўради. Унга “Шоқол” деган лақаб ҳам қўйган. Хуллас, Насимов Нозимни кўрган заҳоти: “Овчининг ови юришса, ов ўз оёғи билан келади”, деган нақлни эслаган, ўзининг хуфя режасида “бу йигитдан фойдаланиш мумкин эмасмикан”, деган хаёлга борган эди. Нозимнинг шартакилик билан айтган гапларидан сўнг ич-ичидан яйраб кетди. Бироқ, шунга қарамай, эҳтиёткорлик билан гап бошлади.
– Миртожи ака ҳақида ҳозир ёмон гапириш яхши эмас. Оғир касал ётибди. Қолаверса, мен у кишини яқиндан билмайман. Муносабатимиз Марди орқали. Аммо-лекин мен Мардидан хафаман, ўзи қиёматли укам-у, лекин ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқат шуки, Марди қўлига пул киргач, айниди. Йўқса, мен у билан эсини таниган чоғдан бери ака-дўстман. “Миромар”нинг қарийб ўттиз фоиз акциясига эгалик қилади-ю, менга: “Манови сизнинг улушингиз”: деб ақалли беш фоиз бермади. Шунчаки ёлланма директор қилиб, ишлатиб юрибди. Директорлик ҳам номига, бир томондан, поччангиз Баҳодирни ўринбосарликка тайинлаб, айғоқчи қилиб қўйган. Иккинчи томондан, опангизми, синглингизми ҳар битта қўл қўйилган ҳужжат ҳақида ўша заҳоти телефон қилиб, Мардига хабар беради.
– “Миромар”ни банкрот қилиб, синдириб ташлаш керак. Сиз директорсиз, қўлингизда-ку! – деди Нозим.
– Бу осон эмас. Айтдим-ку, Марди ўша ёқда туриб ҳам ҳар бир қадамимни ўлчайди деб.
– Биргалашиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай ишни амалга ошириш мумкин, – деди Нозим. – Ўйланг, сиз ахир директорсиз, акахон!
Насимов узоқ ўйланди. Бу орада Нозим бостириб-бостириб чекди. Насимов ичмади. Ўйланди. Сўнгра мийиғида илжайиб, секин овозда гап бошлади.
– Иккита режа туғилди. Бири катта, иккинчиси кичикроқ. Иккиси бир-бири билан боғлиқ. Бири иккинчисини тўлдиради.
– Айтинг қани.
– Каттаси шуки, опангизни кўндирасиз. Бунинг учун аввал поччангиздан кечирим сўраб, у билан ярашиб, сўнгра опангиз билан жигарчилик муносабатларини тўла тиклайсиз. Миртожибой ҳақида унга фақат ва фақат яхши гапиринг. “Ўлиб кетмасидан олдин ҳақиқий отангизнинг номига ўтинг, шундай қилсангиз, у беармон кетади”, денг. Қолаверса, Миртожибойнинг мақсади ҳам аслида шу. Опангиз ҳақиқий отасининг фамилиясига ўтиш учун судга ариза топширсин. Кейин “Миромар” акцияларининг асосий қисмини Мардидан тортиб олиш учун ҳаракат бошлаймиз. Бу режа албатта анча узоқ вақтга чўзилади. Яна бир кичик ва тез ҳосил берадигани ҳам бор-у, қалтисроқ.
– Айтинг!
– Мен Мардига: “Маҳаллий катта жиноий гуруҳлардан бири, “Миромар” акцияларининг муайян қисмини берасанлар ёки ойига фалон миқдорда солиқ тўлайсанлар”, деган шарт қўйди”, – дейман. У албатта иккинчисига рози бўлади. Бошқа иложи йўқ. Рози бўлмаса, корхонада жиддийроқ бир авария қилиб, “ўшалар портлатишди” деймиз. Хуллас, рози бўлгач, ўша миқдорни тенг бўламиз.
– Қанча бўлади ўша миқдор?
– Буни ўзимиз белгилаймиз…
– Режаларнинг иккаласи ҳам зўр, – деди Нозим. Аммо “солиқ” масаласида тенг эмас, менга олтмиш беш фоиз беришингизга тўғри келади. Чунки унинг бир қисмини чиндан ҳам ўзингиз айтган жойга топширмасак, охири вой бўлиши мумкин. Ўғрилар қавми уларнинг номини сотиб, пул ўзлаштирганимизни билиб қолишса, у дунёю бу дунё омон қутулолмаймиз. Ўзи шу пайтгача менинг ҳурматим учун тегинмай келишяпти “Миромар”га.
– Майли, – деди Насимов. – Розиман. Олтмиш бешга ўттиз беш. Аммо менинг ҳам битта шартим бор. Акцияларнинг эллик бир фоизини қўлга киритганимиздан сўнг менга йигирма беш фоизини берасиз.
– Йигирма фоиз, – деди Нозим.
– Майли, – деди Насимов.
Шу тариқа икки улфат ҳали ушланмаган “ўлжа”нинг гўштини тақсимлаб, ўйлаган режаларидан ўзлари завқланиб, анча маҳалгача суҳбат қуришди.
– Энди қиёматлик ака-ука бўлдик, – деди Насимов кузатар чоғи уни бағрига босиб. – Орамиздаги суҳбат, мўлжаллаган ишларни бошқа ҳеч ким билмаслиги керак. Акс ҳолда иккимиз ҳам хароб бўламиз.
– Айтмасангиз ҳам яхши биламан, – деди Нозим.
МАРДИ ХОРИЖДАН НЕГА ШОШИЛИНЧ ҚАЙТДИ
Миртожибойнинг касалхонадан чиққанига ҳам олти ой бўлди. Аммо соғлиғи тўла тикланмади. Ўрнидан туриб кета олмади. Бир оёқ, бир қўли буткул фалажланган, шунинг оқибатида иккинчи тарафини ҳам тузукроқ ишлатолмасди. Уззукун чўзилиб ётгани боис иштаҳаси йўқ. Овқатни кам ейди. Оқибатда озиб-тўзиб кетди. Уни бугун кўрган одам тунов кунги гуриллаб юрган Миртожи эканига ишониши қийин эди.
– Германияга олиб бориб, энг яхши дўхтирларга қаратишимиз керак, – деди Марди Лайлога.
– Фойдаси бўлармикин, ўзлари кўнмаяптилар-ку.
– Кўндиринг, сиз айтсангиз кўнади. Мени ишдан қолиб кетмасин деб қизғаняпти. Сиз: “ўзим бирга бораман, ёнингизда бўламан”, деб айтинг.
– Майли, айтиб кўрай-чи…
– Фақат айтиб кўриш эмас, кўндириш керак. Мен тегишли одамлардан аниқ адресларни олдим. Мюнхен шаҳрида ажойиб клиника бор экан. Қанча-қанча одамларни оёққа турғазиб юборишган.
– Кўндирсам, бизларни ким олиб боради?
– Ўзим олиб бораман. Фақат ҳозирча у кишига бу ҳақда гапирманг.
– Майли…
Миртожи Германияга даволанишга боришга рози бўлди. Уни аэропортга махсус аравачада олиб боришди. Самолётга чиққанларидан кейин ёнида Мардибойни кўриб, Лайлони койиди:
– Мардибой акам бормайди, ўзим онам билан бирга олиб бораман, дегандинг-ку?
– Мен бирга бориб, клиникага жойлаб қўяман-у, қайтаман, – деди Мардибой.
– Эҳ, Мардибой, Мардибой, бу ёқда иш қолиб кетади-ку…
– Дада, намунча шу иш-иш деб куюнасиз, соғлиғингизни ўйласангиз-чи, – деди Лайло. Миртожи оғир сўлиш олди. Хўрсинди.
– Менинг соғлигим кетиб бўлган. Бу ёқдаги иш хароб бўлиб, сизлар қийналманглар дейман-да, қизим.
– Нимаси хароб бўлади? Бир маромда кетяпти-ку ҳаммаси.
– Майли, кейин гаплашамиз, – деди ҳорғинлик билан Миртожи. Самолёт еру кўкни гулдиратиб, самога кўтарилди.
Миртожи йўл бўйи ўйлаб кетди. Юраги ғаш. Заводларининг иккитаси тўхтаб қолган. Сабаби турлича. Биттаси текширувда, яна бирига хом ашё етмай турибди. Унинг фойдасидан зиёни кўп. Ҳамма умид қўшма корхонадан. Лекин Мардибойнинг айтишича, у ёқда ҳам ишлаш қийин кечяпти. Оғзини очиб, “ейман” деб турган кўп. Миртожи ишлар орқага кета бошлаганига Мардини айблай олмайди. У тиришиб, елиб-югуриб ишлаяпти. Фақат… омад келмаяпти. Бизнес шунақа, омадинг бир келса, ҳар томондан келади. Бир кетса ҳам ҳар томондан тирқираб кетади. Майиб бўлиб қолиши – омадсизликнинг бошланиши эди… Энди бу омадсизлик тўлқини ўтиб кетишини кутиш керак. Аммо у қачон ўтиб кетади. Кутишнинг чегараси борми?
У қизининг қистови билан даволанишга рози бўлди-ю, лекин соғайиб кетишига ишонмасди. Чунки инсультдан сўнг ўнгланиб кетган бирон кишини кўрмаган. “Зора мўъжиза юз берса”, деди у Лайлога.
Самолёт Мюнхен аэропортига қўнганида маҳаллий вақт кечки саккиз экан. Меҳмонхонага жойлашишди. Кечки нонуштани Миртожи хотини билан хонада қиладиган бўлди.
– Сизлар ресторанга тушиб овқатланинглар, – деди Мардибойга, – Мусиқа эшитиб, сал кўнгил ёзинглар.
Лайло билан Марди ресторанда айтарли кўнгил ёзишолмади. Сабаби, ҳар иккиси ўзининг хаёли билан банд эди. Чуқурроқ таҳлил қилинса, иккиси ҳам асли бир хил, тўғрироғи, икки нарса ҳақида ўйлашаётганди. Яъни биринчиси: Миртожибой соғайиб кетармикан, иккинчиси: ишларининг бориши кўнгилдагидек эмас, охири нима бўлади?
Шу боис улар нари-бери овқатланиб, ўз хоналарига чиқишди. Лайло люкс хонага, отасининг ёнига кирди. Мардибой ўзига ажратилган одмироқ номерда анчагача уйғоқ ётиб, “Миромар”даги кейинги воқеаларни хаёлидан ўтказди. Юрагида анчадан бери туғилиб, тинчлик бермай келаётган саволларга жавоб топишга уринди. Давид Насимов пишиқ одам. Аммо кейинги пайтда иш суръати, даромад солиғи тинимсиз пасайиб боряпти. Буюртма кам. Тўғри, Самарада шаҳар маъмурияти раҳбари ва унинг “Миромар”га хайрихоҳ бўлган муовини ишдан кетди. Бироқ, сабаб фақат шу бўлса, майлийди. Жиноий гуруҳлар босимни кучайтириб, тобора кўпроқ ҳақ талаб қилишаётган экан. Уларнинг дастидан кейинги ой ишчиларнинг маоши ҳам насия бўлиб қолган… Марди анчадан буён Миртожига бир гапни айтмоқчи бўлади-ю, сира мавридини тополмайди. Унга қолса, мавсумий ишлайдиган заиф заводларни сотиб юбориб, бутун диққат-эътиборни қурилиш бизнесига қаратиш керак. Қурилишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. Қолаверса, Марди қурувчи. У шу соҳани яхши билади. Кунгабоқар экиб, ёғ чиқариш ҳам зўр иш. Лекин бу Мардининг иши эмас. У ҳар бир одам ўзи яхши билган иш билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайди. Эҳтимол, янглишаётгандир. Чиндан ҳам Миртожи айтмоқчи, тадбиркор киши серқирра бўлиши керакдир? Аммо Марди ҳали у даражага етолгани йўқ. Шу боис кундан бурун бунчалик катта хўжаликни эплайман деб, бели синиб кетишини хоҳламайди. Бунинг устига, бугунги кунда биров тўрт танга топса, ўн киши унга панд бериб, оёғидан чалишга уринади. Нима бўлгандаям, Марди чекинаётгани йўқ. Лекин у қўлидан келадиган ишини қойил қила олмади. Шуниси аниқ…
Эртасига Миртожи касалхонага жойлаштирилди. Марди ортга қайтди. Ўзига қолса, бир-икки кун қолмоқчи эди. Миртожи қўярда-қўймай жўнатди. Бунинг устига Давид қўнғироқ қилиб, ишда айрим муаммолар туғилаётганини айтди. Марди бу ҳақда Миртожига гапирмади. Мюнхендан Москва орқали Самарага учди.
* * *
Бу дунёнинг ишлари қизиқ.
Чархи кажрафторнинг чандон тушунарсиз ишваю нағмалари бор. Гоҳида гадо бир юмалаб, соҳиби давлат бўлади ёки аксинча, шоҳ қоқилиб, гадога айланади....
“Миромар” қўшма корхонаси бир йилдан зиёд вақт давом этган инқироздан сўнг банкрот деб эълон қилинди. Асбоб-ускунасию, дов-дастгоҳи сотувга қўйиладиган бўлди. Корхонага асосий харидорликни даъво этиб турган “Ҳимоя” фирмаси директорлигига бизга яқиндан таниш бўлган Нозимбой тайинланди. Ўша тайинловга бағишланган йиғилишда шаҳарда анча йиллардан бери ўзининг “жиноий обрў-эътибори” билан танилган, бир неча марталаб қамоқда ўтириб чиққан, ҳозирда “Ҳимоя” ҳуқуқий фирмасининг муассислари, яъни амалдаги эгалари бўлган икки киши гап талашиб қолишди. Уларнинг биринчиси жиноий доираларда “Олмос қўл” лақаби билан маълум ва машҳур бўлган (бунга сабаб, жиноий гуруҳлар ўртасидаги отишмалар чоғида оғир яраланиб, чап қўли ишламай қолган) Антон Алексеевич Квашнин Нозим ҳақида:
– Бу болага ишониб бўлмайди. Бир марта алдаб қочган, қорни тўйгандан сўнг яна сотиб кетади, – деди.
– Ўйламай гапирма. Нозим “полковник”нинг (айни пайтда қамоқда ўтирган Дмитрий Фёдоровичнинг лақаби шунақа эди) куёви. Унга тўлалигича ишониш мумкин. Қолаверса, унинг жилови “полковник”нинг қўлида. Истаган мақомига йўрғалатиши мумкин.
Сўнгра икки шерик бир-бирларига лақабларини айтиб эмас, ҳақиқий исми-шарифлари орқали мурожаат этишга ўтдилар.
– Степан Михайлович, – деди Квашнин. – Сенга неча марта айтишим керак? Энди лақабларни унутайлик. Дмитрий Фёдорович Якубовский бир пайтлар полковник бўлган бўлса бўлгандир. Айни пайтда у истеъфога чиққан-ку. Бунинг устига, “фахрий дам олиш”га юборилган. Уни исми-шарифи билан, керак бўлса “муҳтарам жаноб Якубовский” деб айтишимиз зарур. Шундай эмасми жаноблар? Ҳурматимизни сақлайлик-да!
– Шундай, шундай, Антон Алексеевич, – деди Чёрний. – Биз энди чинакам ошкора ва қонуний бизнес билан шуғулланяпмиз. Қолаверса, сизни яқин орада шаҳар кенгаши депутатлигига кўрсатмоқчимиз. Хўш, Нозим масаласида фикрингизни ўзгартирасизми?
– Майли, сиз нима десангиз – шу. Аммо агар… яна сотқинлик қиладиган бўлса, соғ қўймайман…
Шубҳасизки, шу ўринда: “Нозимнинг қайси айби ҳақида гап кетяпти”, деган савол туғилади. Сирасини айтганда, бу “айб”ни Нозимнинг ўзи ҳам аллақачон эсидан чиқариб юборганди. Бундан бир неча йил олдин Нозим бошқа шаҳардаги бир аёлдан арзимаган миқдорда мол олиб кетиб, пулини қайтаришни эсидан чиқарганди. Ўша аёл Самарага бир иш билан келиб, бу ерда тасодифан Нозимни учратади. “Қарзингни қачон тўлайсан, ярамас?” деб ёқасига ёпишади. Нозим уни уриб-сўкиб, ҳайдаб юборади. Шунда аёл “ҳақиқат ва адолат” излаб, тегишли кишиларга мурожаат этади. Тегишли “муҳокама”дан сўнг Нозим аёлнинг пулини қўшимчаю фоизлари билан қайтариб берди. Аёлку рози бўлиб кетди. Бироқ Нозимнинг “биродарлар” ўртасидаги обрўсига жиндай путур етди. Агар Дмитрий Фёдорович тегишли кишиларга қўнғироқ қилиб, кафиллигини олмаганида, ким билсин нима бўларди?
Алқисса, “ичак-чавоғи” билан сотиб олинаётган “Миромар” фирмасига янги директор этиб Нозимбой номзоди кўрсатилишига келишиб олинди.
Нозимбой мазкур йиғилишда қатнашмади. Уни таклиф этишмаганди. Ҳамма гапни орқаваротдан батафсил эшитди. Ўзига ишончсизлик билдирган, “яна сотқинлик қилса, соғ қўймайман”, дея таҳдид қилган “Олмос қўл”ни ичида сўкиб қўйди: “Шошма, ҳали сен чўлоқни бу қўлингдан ҳам жудо қиламан…”
Аслини олганда, Нозим бунақа майда-чуйда эътирозларга эътибор бериб ўтирмаса ҳам бўларди. Чунки унинг қайнотаси Дмитрий Якубовский қамоқда ўтирганига қарамай, шаҳардаги жиноят гуруҳларига умумий раҳбарликни давом эттирар, айни пайтда ўғрилик, талончилик ва рэкэтни ташлаб, қонуний тадбиркорлик билан шуғулланаётган собиқ ўғрию каллакесарлар ҳам ундан ўлгудай қўрқишарди. Айтишларича, Якубовский аввал Афғонда, кейинроқ Чеченистонда хизмат қилган чоғида даҳшатли ишлар қилган. Менман деган қонхўр каллакесарлар ҳам унинг олдида аммамнинг бузоғидек гап. Агар ўша одам омон бўлса, Нозим дар қолмайди. Ҳимоячиси бор. Мана бу одамни ҳақиқий меҳрибон қайнота деса бўлади. Аслида “Миромар”ни банкрот қилиб, “Ҳимоя” фирмасига сотилишга мажбур этган ҳам Якубовский. Ҳолбуки, ўшанда уни кўргани борганида Нозимдан: “Нима муаммо, нима ёрдам керак?” деб сўраганида, Нозим ич-ичидан кулганди. “Бу одам ўзи бор-йўғидан ажралиб, қамоқда ўтирибди-ю, яна нима ёрдам керак”, деганига куяйми”, дея ўзича масхаралаганди. “Миромар” фирмасини банкрот қилиб, тортиб олишимиз керак, директори биз томонда”, деган гапни ҳам тахмин-таваккал қилиб айтган. “Директор биз томонда бўлса, бу ишни хамирдан қил суғургандек, осон бажариш мумкин. Мен тегишли одамлар билан гаплашиб кўрай-чи”, деди Якубовский.
Шундан сўнг “Миромар”да текшир-текширлар бошланиб кетди. Ҳаммаси Якубовский айтганидек, силлиқ кечди. “Миромар”нинг бўйнига катта-катта “яширилган солиқ”лар илинди. Банкдаги ҳисоб рақами беркитилди. Бор-йўқ пули давлат фойдасига мусодара этилиб, директор Давидбой устидан жиноий иш қўзғаб юборилди. “Ахир бунақа келишмагандик-ку”, дея йиғламсираб қўнғироқ қилди Нозимга у. “Хавотир олманг, тез орада қутқариб оламиз” деди Нозим. Давид етти йилга кесилди. Нозим унга берган ваъдасини қайтиб эсламади. Унинг фикру зикри “Миромар”ни тезроқ қўлга киритиш билан банд эди.
– Сен оғир аҳволда ётган бир бемордан ҳам қасд олишдан ҳазар қилмас экансан-да, – деди унга поччаси Баҳодир.
– Қўрқма, сен билан Мунис корхонада қоласанлар, Миртожию Марди билан эса ишинг бўлмасин, – деди Нозим.
– Ҳар қалай обрўйинг борида тўхта, шаштингдан туш, жудаям қалтис кетяпсан, – деди опаси.
– Сен менга ўргатма, – деди Нозим зарда билан. – Сенга… ҳаромилик қилиб ташлаб кетган назарий отанг яқинми ё бир қориндан тушган уканг зарурроқми, ана шуни чуқурроқ ўйлаб кўр!
– Болам, инсофингни йўқотма, – деди онаси. – Бунчалик шафқатсиз бўлишни кимдан ўргандинг?
– Шафқатсизлардан, – деб жавоб берди Нозим хотиржамлик билан. Кейин бу гапи ўзига нашъа қилди.
– Биласизми? Билмасангиз, билиб қўйинг. Ўша Миртожининг у ёқдаги заводлари ҳам ёпилган. Ҳадемай, ичак-чавоғи билан сотилади. Бир мирига зор бўлади ўша Миртожи бойвачча…
– Ўшанда сенинг кўнглинг жойига тушадими ишқилиб? Тинчийсанми?
– Ҳа, ўшанда тинчийман…
“Ёмон гапга ҳам, яхши гапга ҳам фаришталар “Омин” дер эмиш. Бу нақл нечоғлик тўғри эканига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Майли, бу ҳақда кейин. Ҳозир воқеалар силсиласидан четга чиқмайлик. Нозим ўз мақсадига эришди. “Миромар” қўшма корхонаси банкрот сифатида тугатилиб, мол-мулклари сотилди. Уларни қўлга киритган “Ҳимоя” фирмаси корхонанинг номини “Гранд” деб ўзгартириб, қайтадан рўйхатдан ўтказди. Янги директор – Нозимнинг таклифига биноан қўшма корхонанинг бир қисм ишчилари янги фирмага ўтишди. Баҳодир оддийроқ вазифага ўтказилди. Мунис эса укасининг қўлида ишлашдан бош тортди.