282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 17

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 17 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

“ЛАЙЛО, ЛАЙЛО СЕНИНГ ЁНИНГДА…”

Ўша куни Самарага ҳали куз тугамаган бўлишига қарамай, кутилмаганда чиройли қор ёғди. Биринчи қор эди бу. Ҳаво совуқ ва тоза. Нозим хизматхонасидаги камин ёнида оромкурсига ястаниб, “Европа ва Осиё бинокорлик анъаналарининг уйғунлашуви” деган қизиқ рисолани ўқиб ўтирар эди. Рисолани унинг муаллифларидан бири бўлмиш Марди бериб юборибди. У яқинда ана шу мавзуда Москвада номзодлик диссертациясини ёқлаган. Нозим ҳимояда ва ундан кейин “Метрополь” меҳмонхонаси ресторанида берилган зиёфатда қатнашган ва: “Жуда зўр мавзу экан, иложи бўлса диссертациянгиз матни билан танишиб қўйишим керак”, деганди. “Яқинда рисола шаклида чоп этилади, бериб юбораман”, деди Марди.

Ҳимояда Лайло ҳам қатнашди. Ҳимоядан сўнг Мардини табриклади-да, зиёфатга ўтирмасдан кетиб қолди.

– Эртага “ЎзРосойл” компанияси вакили билан Устюртда қуриладиган нефтчилар шаҳарчасининг лойиҳасини кўриб чиқишимиз керак. Насиб этса, тез орада катта иш жабҳаси очилиши кутиляпти, – деди у Нозимга қараб. – Шундай бўлиши мумкинки, келгусида Ўзбекистондан Россияга эмас, аксинча, Россиядан Ўзбекистонга ишчи кучи жалб этишга тўғри келади. Чўл қўйнида бундай шаҳарлардан бир нечтаси қурилади. Чунки Устюртда ҳар йили ўнлаб янги нефть ва газ конлари очилмоқда.

– Айтганингиз келсин. Майли боринг. Муҳим масала экан. Дарвоқе, биз томонга “кутилаётган ташриф”ни қачон амалга оширасиз? Ёки синов муддати ҳалиям тугамадими? Ахир беш йил етарли бўлмадими?

– Кутилаётган ташрифни кутилмаганда амалга оширамиз, – деди кулимсираб Лайло. – Ана шуниси қизиқ бўлади.

Шу лаҳзада Нозим: “Агар мен билган Лайло бўлса, ростдан ҳам мутлақо кутилмаган пайтда кириб келади, манови гўзал биринчи қорга ўхшаб…” – деб ўйлади.

Кўнгил яқин бўлса, ўйлаб турган одаминг ё келади, ё қўнғироқ қилади. Бу ҳам ҳаётда кўп учрайди.Ҳозир ҳам шундай бўлди. Худди Нозимнинг шу ҳақда ўйлаб ўтирганини билгандек (ҳолбуки, кейинги пайтлар Нозим бу ҳақда туну кун ўйлайди), телефон жиринглади. Гўшакни қулоғига тутган Нозим беихтиёр ўрнидан сакраб туриб кетди.

– Лайло! Ваалейкум ассалом! Қаердасиз? Самарада? Қачон келдингиз? Қаерга тушдингиз? Меҳмонхонага? Оббо, анови кишини қаранглар, тўғри келавермайсизми? Қайси меҳмонхонада?

– Ўша сиз билан ажрашишган меҳмонхонада, – деди Лайло. Нозимнинг нафаси ичига тушиб кетди. Лайлонинг овозида киноя ёки иддао оҳанги йўқлигини пайқаб тургани учун ўзини тезда қўлга олди.

– Ўтган ишга саловат дейдилар. Бошқа меҳмонхонага тушсангиз ҳам бўларди, эски яраларни тирнамасдан.

– Мендаги яралар битиб кетган, сизда эса қанақа яра бўлиши мумкин? Қўйсангиз-чи иримчиликни? Шунчаки, менга бу шаҳардаги энг яхши меҳмонхона шу деб айтишди.

– Ҳозир етиб бораман, – деди Нозим шоша-пиша кийинар экан.

Лайло уни меҳмонхона эшиги ёнида кутиб олди.

Эгнига бағоят ярашиқли пўстин кийган, бениҳоя чиройли сочлари елкасига ёйилган. Сутга чайилгандек оппоқ юзи совуқдан бирозгина қизарган. Сочи, киприклари, қошларига қор зарралари илашган. Нақадар чиройли. Нақадар малоҳатли.

Нозим бора солиб, уни қучоқлаб, белидан кўтариб олди.

– И-и-и, ана ўғлингиз қараб турибди, уят бўлади, – деди Лайло шоша-пиша унинг бағридан чиқишга уринар экан.

– Қани, қани, – деди Нозим.

– Ана, қор ўйнаяпти. Миршоди, бери кел, ўғлим.

Сал нарида баланд бўйли арчалар ёнида қор уюмини юмалатиб юрган Миршоди онаси томон ўгирилди. Унинг ёнидаги бегона эркакка бир зум ҳайрон бўлиб қараб турди. Гарчанд илгари кўрган бўлса ҳам, дафъатан танимади.

– Дадангга салом бер ўғлим, – деди Лайло у яқин келгач.

– Ассалому алайкум, – деди Миршоди.

– Ваалайкум ассалом, ўғлим, – деди Нозим уни бағрига босиб, юзларидан ўпар экан. – Яхши келдингизми?

– Яхши келдим, самолётга миниб, осмонда учиб келдик, – деди Миршоди бийрон тилда.

– Э, яшанг ўғлим, – деди Нозим. – Онажонингизни ўзингиз олиб келмасангиз, келишлари жудаям қийин бўлди.

– Шунисига ҳам раҳмат демайсизми, дадажон, у киши умуман келмасалар нима қилар эдингиз? – дея Миршодининг номидан гапирди Лайло.

– Раҳмат! Раҳмат-э! Минг марта раҳмат, – деди Нозим ва кутилмаганда кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Лайло ўнғайсизланиб, унинг қўлтиғидан олди. Нозим кўз ёшларини ўғлига кўрсатмаслик учун четга қаради.

– Ана, даданг ҳам аразлаб қолдилар, худди сенга ўхшаб, – деди орадаги ноқулайликка барҳам бериш учун Лайло. Нозим ўзига келиб кулимсиради.

– Сиз ҳам аразчимисиз, Миршодижон, ўғлим?

– Йў-ўқ, мен фақат компьютердаги ўйинни ўчириб қўйишса, аразлайман, – деди соддалик билан Миршоди.

– Компьютерда ўйин ўйнашни яхши кўрасизми?

– Ҳа. Компьютерингиз борми?

– Бор. Ҳозир машинадан олиб, хонага кирамиз. Сизга ёқиб бераман. Мазза қилиб ўйнайсиз. Майлими, онаси?

– Майли, – деди жилмайиб Лайло.

Нозим машинасидаги мўъжаз ноутбук компьютерини олиб, Миршодининг қўлига берди. Учовлари биргалашиб, меҳмонхона ичкарисига киришди. Лифтда еттинчи қаватга кўтарилиб, Лайло олган уч хонали “люкс” номерга етиб келишди. Нозим компьютерни тамаддихонасидаги стол устига ўрнатиб, ёқиб берди.

– Ана энди бемалол ўйнайверинг. Бизлар онажонингиз билан суҳбатлашиб ўтирамиз. Бизларга халақит берманг, хўпми ўғлим?

– Хўп, – деди Миршоди компьютердан кўзини узмай.

Лайло кулиб бош чайқади: “қулоғига кирмади” деган маънода.

– Тушундингизми ўғлим, – дея яна бир марта сўради Нозим.

– Тушундим, – деди Миршоди ва ўйин билан машғул бўлди. Нозим Лайлони ичкарига, ним қоронғи шинам ётоқхонага етаклади. Кирган заҳоти эшикни зич ёпиб, илгични ўтказди, сўнгра белидан қучоқлаб, ўзига тортди. Ташналик билан юзларидан, бўйинларидан ўпа бошлади. Дудоғи билан Лайлонинг дудоғини излади. Топди…

– Анови… ўғлингиз келиб қолади ҳозир, – дея шивирлади тобора кучайиб бораётган эҳтиросни жиловлашнинг уддасидан чиқолмай Лайло.

– Эшикни қулфладим, – дея ҳансираб шивирлади Нозим. – Лайло, азизим, жоним, севгилим, биринчи муҳаббатим, бу лаҳзаларни қанчалик интиқлик билан кутганимни билсангиз эди…

– Мен ҳам, – деди Лайло кўзидан шашқатор ёш оқиб, ўзини тамоман Нозимнинг ихтиёрига топширар экан. – Мен… мен фақат сизни ўйладим, фақат сизни кутдим. Сиз бўлсангиз, мени талоқ қилиб кетгансиз. Тегманг менга, – Лайло бу сўзларни ранж-алам билан эмас, ширин бир ноз билан, ўзи ишонган ақидани тасдиқлатиб олиш учун айтди. Чунки шу чоққача қанча гап ўтмасин, у ўзини Нозимнинг хасми, жуфти ҳалоли деб ҳисоблаб келган. Ундан бошқага хотин бўлишни тасаввурига ҳам сиғдиролмаган, шу боис чинакам талоқни талаб этишга жазм этмаганди.

Чамаси Нозим ҳам шу топда Лайлонинг кўнглидан кечаётган гапларни англаб турар эди. Шу боис эҳтирос ва меҳр билан уни каравотга ётқизди. Қулоқларидан ўпиб, шивирлади:

– Азизим, жоним, ёлғизим, “талоқ” деган сўзни бир марта айтганман. У ҳисобга ўтмаган. Сиз ҳамиша шаръий, ҳалол хотиним бўлгансиз. Сиз менинг садоқатли, вафодор ёримсиз. Сиздай ёрга бир умр қул бўлсам арзийди.

Бу сўзлардан, эҳтиросли бўсалардан Лайло чойга тушган қанддек эриди. Унинг инграниб “ростданми, энди ҳеч қачон ташлаб кетмайсизми, жонгинам”, деган сўзлари Нозимга беқиёс кучли эҳтирос, шавқу шиддат бағишлади. Икковлари бамисоли бир тан, бир жон бўлиб чирмашиб кетишди. Вужудлари бирлашиб, нафаслари туташиб, юраклари ҳамоҳанг тепиб, висол лаззатидан маст бўлишди. Бир маҳал ўринларидан туришиб, ювиниб, тараниб, оёқ учида Миршоди ўтирган хонага кириб келганларида болакайнинг компьютердан кўз узмаган кўйи соддалик билан:

– Нимага эшикни қулфлаб олдинглар, – деган гапини эшитиб, бирваракай кулиб юборишди.

– Ўзи қулфланиб қопти, ўғлим, бизлар ҳам зўрға очдик, – деди Нозим. – Зерикдингми?

– Зерикканим йўқ, қорним оч қолди, – деди Миршоди.

– Бечорагина бола, – деди Лайло.

– Э-э, шунақа демайсизми, ўғлим, мана ҳозир ресторанга тушиб мазза қилиб овқатланамиз-да, қани онажониси, тайёргарлигингизни кўринг.

* * *

Ресторандаги нонушта чоғида Нозим:

– Сирасини айтганда, шу меҳмонхонани танлаганингиз худонинг хоҳиши бўлган, – деди. – Айрилган жойимизда қайта қовушганимиз яхши бўлди. Келинг, энди ҳеч қачон айрилмасликка аҳд қилайлик.

– Сиз айрилмасангиз, мен ҳеч қачон айрилмайман, – деди Лайло. – Ҳеч қачон! Чунки фақат битта одамни – сизни деганман. Сизни бир кўришда бир умрга севганман. Қаттиқ севганман. Шунчалик қаттиқ севганим учун тўй куни эгнимдаги оқ кўйлагим билан сизнинг орқангиздан кетганман. Шуни тушунасизми?

– Тушунаман жоним, ҳаммасини тушунаман. Мен адашганман. Мени адаштиришган. Мен қасос деган бемаъни туйғуга асир бўлиб қолганман. Энди билсам… қасос бу худди саҳродаги рўё сингари алдамчи, одамни тўғри йўлдан чалғитувчи нарса экан. Энди мен бошқа одамман. Наҳот, шунча пайтдан бери сезмаган бўлсангиз?

– Сездим, сезганим ва текшириб, синаб, ишонч ҳосил қилганим учун сизга ўша куни “Ўзим бораман” деб айтдим ва келдим. Акс ҳолда севгимни қалбимда сақлаб юраверар эдим.

– Ёнимда бўлса ҳам юраверармидингиз юрагингизни очмай.

– Юраверар эдим.

– Бардошингизга қойилман, – деди Нозим.

Кечки нонуштадан сўнг Нозим уларни ўзининг яшаш жойи – фирмага қарашли дала-ҳовлига олиб кетди. Шаҳар четида, ўрмон ичида жойлашган бу хушҳаво масканда ҳамма шароит муҳайё эди. Суҳбат қолган жойидан давом этди. Диоген Миршодини жисмоний машқлар залига олиб кириб ўйнатиб ўтирди.

– Биз эртагаёқ учиб кетишимиз керак, – деди Лайло.

– Нега бунча тез? – оғринди Нозим.

– Бу ёққа келганимизни ҳеч ким билмайди. Отам ҳам. У кишига Москвага иш юзасидан боряпман деганман. Чиндан ҳам Москвадаги ишларни бажариб, сўнгра бу ёққа учдик. Ҳали билмайман, агар Миршоди айтиб қўйса, отам койишлари ҳам мумкин. Янаги сафар очиқ-ошкор келамиз. У кишининг рухсат ва розиликларини олиб.

– Бутунлай келасиз, – деди Нозим.

– Бутунлай келишга розилик бермасалар керак, – деди Лайло. – Қолаверса, ишим ўша ёқда-ку.

– Ундай бўлса… Мен бораман бутунлай. Майлими? – деди Нозим.

– Ишингиз-чи?

– Ишдан бўшайман. Уйда ўтираман болаларга қараб. Сиз боқасиз. Хўпми?

– Майли, – деди кулиб Лайло. – Ўзи сизни шунақа қилиб, уйга қамаб қўймасам, яна қочиб кетишингиз мумкин.

– Энди қочмайман. Энди чиндан ҳам жиддий гап: бу ердаги ишларга Диогенни бошлиқ қилиб, ўзим кичик Нозимни олиб, юртга кетишни ўйлаб юргандим.

– Тўғри ўйлагансиз. Нозимжонни олиб кетиш керак. Ўзимиз катта қиламиз.

– Сиз унга ҳам оналик қиласизми?

– Албатта.

– Ундай бўлса…

– Уни олиб келишга бирга борамиз, – деди Лайло. – Қачон бориш керак.

– Мен айтаман. Олдин айрим ҳужжатларни тўғрилашим керак.

– Яхши. Унда ўзингиз айтасиз.

– Айтаман. Ҳали унгача яна кўришамиз-ку…

Эрталаб Лайло билан Миршоди самолётга чиқиб, юртга учиб кетишди.

“ОМАДИНГ БИР КЕТМАСИН…”

Денгиз соҳилида куз. Инжиқ ва йиғлоқи бир фасл. Худди тиши оғриётган кампирга ўхшайди. “Ўзимизнинг тийрамоҳ қандай яхши эди-я, – деб ўйлаб ётарди Отабой ота. – Чарос ва кишмиш узумлар қарсиллаб пишиб ётган бўлса керак. Ҳусайни билан шакарангур-чи? Сап-сариқ, олтиндай товланади. Анжир-чи, анжир?” Болалигида бир қўшиқ бўлар эди қизлар айтадиган: “Опа-опа, занжир, товоқ тўла анжир…” Яна биттаси: “Бир ҳовли бор анорлию анжирли, Қачон борсанг дарвозаси занжирли…” Қандай беозор ва беғубор қўшиқлар бор эди. Афсус, ёздириб қўймаган экан. У кўп ашулаларни ёздирган. Анча қисмини бу ёққа ҳам ўзи билан олиб келган. Кун бўйи ўша ашулаларни эшитиб ётади. Шу топда қўтир кўнгли она юртнинг ширин мевалари ҳақидаги қўшиқларни қўмсади. Фонотекани титкилаб, эски ашулалар орасидан шу топдаги кайфиятга мос бир оҳанг қидирди. Ҳадеганда тополмади. Охири таваккал қилиб, дуч келган бир қўшиқни қўйиб юборди. Ёшлик йилларида анчайин таниқли бўлган бир хонанданинг панду насиҳатдан иборат ашуласи янгради.

 
“… пул кетса ҳамёндин кетар,
Омадинг бир кетмасин, бир кетса ҳар ёндин кетар…”
 

“Худди кимдир атайлаб қўйгандек, деб ўйлади Отабой ота. Худди мени кетма-кет омадсизликлар таъқиб этаётганини билгандек…”

Ҳорғинлик билан оромкурсига чўзилди. Мудрамоқчи бўлди. Уйқуси келмади. Қушуйқу бўлиб қолган. Шу оқшом қисқа, бироқ ўта бемаза бир туш кўрди. Тушида у кино кўраётган эмиш. Таниш кино. “Саҳронинг оппоқ қуёши” деб аталади. Бош қаҳрамони Сухов деган мўйловли бир ўрис. Кинода ўша ўрис Абдулло деган бойнинг ҳарамидаги хотинларни халос қилади. Отабой отанинг тушида эса Сухов унинг – Отабой Шавқиевнинг беш хотинини озод этган эмиш. “Юринглар, кетдик, – дер эмиш у аёлларга. – Энди бу тиришган, буришган чолдан ҳеч бир наф йўқ. Аввал у Отабой эди. Энди у Отақул – қул, гадо, қашшоқ, чувринди бир одам. Энди ундан ҳазар қилиш керак!” Отабой ота синчиклаб разм солди. Сухов дегани Сухов эмас, Дмитрий Якубовский бўлиб чиқди.

“Сен ўлгансан-ку Дима, сен қандай қилиб тирилдинг”, деб сўрармиш Отабой ота.

“Мен тирилганим йўқ, сен ўлдинг, биз нариги дунёда учрашиб турибмиз”, дер эмиш кулиб Якубовский.

“Мантиқсиз гапиряпсан Дима, мантиқсиз, дебди Отабой. – Мени ўлдирадиганни ҳали онаси туққан эмас!”

“Сен аслида ҳеч қачон тирик бўлмагансан Ота, дебди Якубовский. Сен мурда бўлиб яшагансан. Ҳозир ҳам мурдасан. Сен қилган ишларни тирик одам қилмайди”.

Отабой ота туш кўраётганини билиб ётган бўлишига қарамасдан, “наҳотки” деб ўйлади. Чўчиб уйғонди. Кўксига туфлаб:

– Астағфирулло, – деб қўйди. Соатга қаради. Саҳарга яқинлашибди. Уйқуси қочиб кетди. Ўрнидан туриб, хонада у ёқдан-бу ёққа юриб бадантарбия қилмоқчи бўлди. Қўшни хонадан соқчи йигитнинг хурраги эшитилди. “Тўнка, қотиб ухлаб ётибди. Калласини кесиб кетса ҳам сезмайди. Қайтанга буни ҳайдаб, бошқасини қолдирсам бўларкан…” Шавқиев харажатларни камайтириш мақсадида мулозимлари сонини кескин қисқартиришга мажбур бўлди. Теварагида битта қоровул, бир ошпаз ва биргина шахсий соқчи қолди. Бошқа (салкам йигирма киши, илгари ўз юртидалигида эллик нафардан ошган пайтлари ҳам бўлган)ларидан узр сўраб, жавобини берди.

– Истасангиз, иложини топсангиз, шу ерда ўз тирикчилигингиз билан машғул бўлинг, хоҳламасангиз, юртга қайтинг. Она-Ватанда бир бурда нон ҳамиша топилади.

Бу сўзларни у ўкинч ва дард билан айтди. “Иложини тополсам, ўзим ҳам кетардим, гадо бўлсам ҳам ўша ерда яшардим”, демоқчи бўлди-ю, айтолмади. Ғурури, орияти йўл бермади. Қолаверса, аввалги ғурур ва кибрдан бугун асар ҳам қолмаган. Куну тун таҳлика остида яшаш одамни эгиб, букиб ташлар экан. “Ҳар тугул ҳали буткул синиб кетганим йўқ, ҳали мен ўзимнинг обрў-эътиборимни тиклашим, яна ўша-ўша Отабой ота бўлишим мумкин, унинг учун сабр қилишим, манови таҳликали кунларни чидам билан ўтказиб юборишим, душманларимни битта-битта мавҳ этишим зарур”, деб ўйлар эди у.

“Хато қилдим. Биттагина, бир донагина хато мени шу аҳволга солди. Агар ўшанда… ҳув тўқсон учинчи йилда, Москвада бўлган учрашув чоғида камчиликка йўл қўймаганимда, очкўзлик, хасислик қилмаганимда олам гулистон эди…”

Ўшанда у жўнатилган кўп миқдордаги вино ва бошқа маҳсулотларнинг пулини ҳисоб-китоб қилиш ҳамда эвазига ёғоч-тахта олиб, юртга жўнатишга келишиш учун Москвага ўзи борди. Илгарилари ҳамма ишни ўтирган жойида телефон билан ҳал қиларди. Шу сафар ўзи боришига тўғри келди. Чунки катта миқдордаги маблағ Москвадаги банклардан бирида йиғилиб қолди.

“Россия” меҳмонхонасида дўстлари уни кавказлик меҳмон билан таништиришди. “Меҳмон” қоп-қора соқол қўйган қирқ ёшлардаги киши.

– Отабой Шавқиевич, биродаримиз сизга ажойиб бир таклиф билан мурожаат этмоқчи.

– Марҳамат, – деди Отабой ота, – Агар ҳар икки томон учун фойдали таклиф бўлса, бажонидил кўриб чиқамиз.

Соқолли йигит сергаклик билан теварак-атрофга бир қур назар ташлаб чиққач, паст овозда салмоқлаб, дона-дона қилиб гапирди.

– “Менатек” банкида анча-мунча сармоянгиз бор экан. Ўша сармоядан биз муайян муддат фойдаланиб, сизга икки ҳисса кўпайтириб берсак, нима дейсиз?

– Нима мақсадга ишлатмоқчисиз?

– Буниси билан ишингиз бўлмасин…

Шавқиевнинг жаҳли чиқди.

– Мен фоизга пул берадиган судхўр эмасман. Бунинг учун банклар бор. Ҳамонки, менинг пулим ишлатилар экан, мен ўзимни ўша ишда иштирокчи деб ҳис этмоғим керак.

Соқолли йигит кулимсираб қўйди.

– Ишнинг мазмунини айтсам, қўрқиб кетмайсизми?

– Сиз ука, мени яхши билмас экансиз, – деди ғаши келиб Шавқиев. – Агар чумчуқдан қўрққанимда тариқ экиб юрмасдим. Айтаверинг, нима экан ўша шу даражада катта фойда. Нима, бу нашами?

– Йўқ, наша эмас, – деди соқолли йигит. – Хотиржам бўлинг. Биз нашафурушликдек қабиҳ иш билан шуғулланмаймиз. Бу – гуноҳ.

– Бўлмаса, бемалол айтаверинг, чекинган номард, – деб юборди Шавқиев. Соқолли йигит энди астойдил жилмайиб, унинг елкасига қўлини қўйди.

– Раҳмат, биродар! Сиз ҳақиқий биродар экансиз. Сизнинг маблағингиз савоб йўлида, мазлум бир халқнинг миллий озодлиги йўлида ишлатилади.

Москвалик йигитнинг сабри чидамади:

– Очиғини айтавермайсанми, “шап-шап” демасдан, “шафтоли” де, қўй!

Соқолли унга қараб бир ўқрайди-да, сўзини давом эттирди.

– Ҳарбий дўстлардан бирмунча замонавий қурол-аслаҳалар олмоқчи эдик. Пулини зудлик билан тўлашни сўрашяпти. Ўзимиздаги маблағлар камлик қилди. Шу боис биродарларга мурожаат этишга мажбур бўлдик…

Шавқиевнинг нафаси ичига тушиб кетди. “Қуроласлаҳа савдоси. Бу бутун дунёда таъқиб этилади-ку. Наҳотки, билиб-билмай катта можарога аралашиб қолдим…”

Аммо энди орқага йўл йўқ эди. Кавказдаги айрим гуруҳларни у билади. Ўзинг бермасанг, тортиб олишлари ҳам мумкин. Шу боис энди нима бўлса ҳам тақдиридан кўради. Бир марта аралашса-аралашибди-да қурол савдосига, келгусида пухта бўлади. Четроқ юришга ҳаракат қилади.

Соқолли йигит Шавқиев ўйлаганидан ҳам ортиқ мард экан. Савдо-сотиқнинг бориши ҳақида унга мунтазам маълумот бериб турди. Олинган фойдани бир кун ҳам кечиктирмай, айтган жойига етказди. Ундан ташқари, Шавқиевга ёғоч-тахта жўнатадиган фирмаларнинг барчасига одам юбориб: “Отабой – бизнинг одам, уни чув туширишга уринганнинг калласи кетади”, деб огоҳлантириб қўйди. Фирмалар ўтакаси ёрилиб, Шавқиев томонга ёғоч-тахтани дарёдек оқизишди. Шавқиев шу чоққача, яъни салкам йигирма йилда топган пули миқдоридаги сармояни бир йилнинг нари-берисида ишлаб олди. Аммо…

Аммо қарийб ўн йил давомида соқолли йигитнинг исканжаси остида яшади. Ниҳоят, уч йил олдин унинг отилганини эшитди ва биринчи марта енгил нафас олди. “Худога шукр, энди улардан батамом қутулдим”, деб ўйлади. Янглишган экан…

– Уларнинг совунига бир марта кир ювсанг, умрбод қутулолмайсан Ота, – деганди Якубовский бир пайтлар. – Улардан узоқ юр!

Ўшанда “Россия” меҳмонхонасида у “Менатек” банкидаги сармоянинг барчасини сизларнинг миллий озодлик ҳаракатингиз учун ҳадя этаман”, деганида олам гулистон эди. Уни қайтиб ҳеч ким безовта қилмасди. Бироқ Шавқиев катта миқдордаги пулдан воз кечиб юбормади. Очкўзлик қилди. Кейинроқ эса, қўрқди. Мени ҳам Якубовский ва бошқа айрим бизнесчиларга ўхшаб, ўлдириб юборишади деб ўйлади. Қолаверса, сувдай оқиб келаётган пуллар ҳам кўзини қамаштириб ташлади. Ичига дам солди. Ўзини бениҳоя қудратли, бир-иккита одамнинг эмас, бутун-бутун халқлар, давлатлар тақдирини ҳал этишга дахлдор улкан шахс дея ҳис қила бошлади. Энди у истаган одамини бамисоли пашшадек оддий бир ҳаракат, арзимаган имо билан йўқ қилиб юбориши мумкинлигини билар эди. Беҳисоб қудратга эга эканини англагач, кўнгли ғалати-ғалати нарсаларни тусайдиган бўлди. Турли ўйинлар, машғулотлар ўйлаб топа бошлади. Якубовскийнинг фирмасини банкрот қилиш, ўзини турли кўйга солиш, сезиб қолгач, қамоққа тиқиш, охир-оқибат ўлдиртириб юбориш, Миртожининг фирмасини банкрот қилиб, Нозимга олиб бериш, кейин Нозимнинг ўзини ҳар мақомда йўрғалатиш… хуллас, бу ўйинлардан Шавқиев худди футбол ёки бокс ишқибози муҳим бир мусобақадан завқ олгани сингари шодланар эди. Тўғри, барибир ҳам аслига тортиб, кўпинча ҳисоб-китобда хомлик қилиб қўярди. Баҳодир, банкир ва бошқа анча-мунча гумашталари шундан фойдаланиб, кўпгина маблағни ўмарган. Лекин улар пировардида барибир бир-бирларини сотишар, Шавқиев охирида ғолиб чиқарди. “Қарта ўйинининг олтин қоидаси шундай, – дея такрорлашни яхши кўрар эди у. – Пули кўп одам охир-оқибат барибир ютиб чиқади”.

Афсуски, ўша “олтин қоида” ҳам энди иш бермай қолди. Тўғрироғи, айнан ўша қоиданинг қурбони бўлди ўзи ҳам. Соқолли йигит “бартараф этилиши”дан сўнг унинг шериклари яраланган бўрилар сингари ҳеч кимни аямади. Шавқиевнинг хорижий банклардаги ҳамма пулларига чанг солишди. Ҳатто Кипрдаги, Канар оролларидаги мулкларигача тортиб олишди. “Ўз юртингда тўплаган бойлигинг ҳам етти пуштингга етади”, дейишди. Шунча сарватдан ҳеч вақо қолмади. Чиндан ҳам бир кетса, ҳар ёндан кетар экан. Мисқоллаб йиққан бойлигидан бирпасда жудо бўлди.

Ҳозир шу уйда ижарада яшаяпти. Ижара пулини зўрға амалламоқда. Эрта-индин ягона соқчиси ва хизматкорига ҳам жавоб беришга тўғри келиши мумкин…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации