Текст книги "Мангу латофат: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 32 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
ДАШТЛАР МАЙСАСИ
Қуриган ёввойи ялпиз
2.04.91.
Самарқанддан чиқиб Қарши йўлидаги Жом қишлоғи рўпарасида тўхтадик. Самарқанддан Қаршига қараб юрганда йўлнинг ўнг томони бир-бирига мингашиб кетган адирлар. Чап томонда тоғ тизмалари ястаниб ётади. Ҳозир тизмаларнинг усти оқиш мовий жилва билан қопланган. Тизмалар йўл ёққа энган сари баланд тепаларга, сўнг елкадош адирларга туташади. Адирлар ҳозир нимтатир яшилликка ўранган. Онда-сонда оқ гулларга бурканган олмазор боғлар учрайди. Борлар ғоятда сийрак. Қирларнинг бети яккам-дуккам ҳайдалган ва ҳозир кузда сочилган уруғ кўк аланга бўлиб товланади.
Олис тоғ этакларида ер бағирлаган лойкесак кулбалар етти-саккиз тўп бўлиб, шу мунғайиб туриши билан неча минг йиллар илгари бу ерларда мавжуд бўлган ҳаёт равишларини эслатади. Подалар олислардан нашвати гулига ёпишган болариларга ўхшайди. «Бу ерлар жуда бой, ҳаддан ташқари бой бўлиши мумкин, – деган ўй келади. – Лекин ернинг бойлигини билдирадиган фақат битта ўлчам бор, у ҳам бўлса, шу ер эгаларининг юраги… Ер эгасидаги юрак бойлигигина ернинг бойлигини юзага чиқаради…» Эҳтимол, ўша пайтда етти машина қатор бўлиб йўлдан шувиллаб кетаётганда бундай кўтаринки хаёл миямга келмагандир. Эҳтимол, ҳозир шундай деб ўйлаётгандирман.
Кўтаринки гаплар ўзининг ҳосилсизлиги ва ёлғонга яқинлиги билан киши юрагини эзади. Баъзан тўғри гаплар кўтаринки шаклга киради. Бу шаклни кейин ҳеч нарса қилолмайсиз. Қўлингиздан келмайди. Шаклни бузолмайсиз. Чақалоқни она қорнига қайтариб юбориб бўлмайди. Фикр ҳам шундай. Қайсар ва ўз дунёга келиш қонуниятлари бор. Мен Ғафур Ғулом ёки Ҳамид Олимжонни улар усуллар ва жумлазорларининг кўтаринкилиги учун айблай олмайман. Булар туғмa кўтаринкилик. Уларни ё қабул қилиш керак, ё қабул қилмаслик. Бошқача йўл йўқ.
– Шу боғларнинг ўзигина ҳосилга кирса, бутун дунёни мева босиб кетса керак-а? – дейман машинада бирга кетаётган биродарларимга.
– Ҳа-а-а… – дейди Абдураззоқ ака чўзиб. Абдураззоқ ака жуда чиройли киши. Юзидан ўзбек барқ уриб туради. У жуда олижаноб фикрлайди ва дунёга олижаноб назар билан боқади.
– Тўғри-ю, ярмидан кўпи чириб кетади бу олмаларнинг… Қолган ярмини қурт ейди…
– Нега ундай? Ахир, қаранг, беш-олти ёшли дарахтлар каҳрабодай сарғайиб ётибди-ку, яхшилаб дориланган бу борлар. Нега қурт есин? – дейман ўсмоқчилаб.
– Барибир қурт ейди. Бу сепган дорилари мевани, ҳосилни ҳамма қуртлардан сақлолмайди. Бири ўлса, бошқаси қиради олмаларни…
– Дорилар олмаларнинг ёғочини сарғайтириб ташлабди бу дорилар заҳарли бўлса керак. Улар кейинчалик мевага ҳам таъсир қилса керак.
– Йўқ, таъсир қилмайди. Дорини олма гулламасдан олдин сепадилар.
– Лекин дори олманинг вужудига ҳам ўтади-ку. Вужудига ўтгач, гулига ўтмайдими, гулга ўтгач, меванинг мағзига ҳам кириб боради, – дейман нечукдир шаҳар бозорларидаги олмалар тобора бемаза бўлиб бораётганини эслаб.
Абдураззоқ ака ўйланади. У билан ёнма-ён ўтирган ҳамкасб дўсти тасдиқлайди:
– Таъсир қилса керак… Ҳа, албатта, таъсир қилади. Дори маълум муддатдан сўнг зарарсизланади, деймиз-у, лекин ҳали заҳарли дориларнинг таъсири қанчага чўзилади? Уларнинг ўзгаришларининг ўзи яна қандай ўзгаришларни келтириб чиқаради? Ўзгарганда у дорилар нималарга айланади? – Буларни ҳали мутахассислар охиригача текшириб етмаганлар. Жуда-жуда нозик иш… Лекин бизнинг дориларни қўллашимиз тўла ҳамоқат даражасида…
Мен буйрагимни ўйлайман. Олма дарахтларининг дориланган каҳрабо вужудларига қарайману буйрагимда симиллаб оғриқ қўзғалади.
«Шу дориларнинг бари охир-оқибат бориб менинг буйрагимдан ўтади. Буйрагим ҳам охир-оқибат шу ота юртимда ўсган дарахтлардай… уларнинг пажмурда меваларидай… Берч олмалар… Берч буйраклар… яллиғланган буйраклар…»
* * *
А.нинг шеърларини ўйлайман. Бизнинг ҳаммамизни йўлга отлантирган А.нинг шеърлари.
Кечагина дорилфунунда сўйлаган сўзларимни қайта хаёлимдан кечираман: А.нинг шеъри ҳаёт учун курашади. А.нинг ўзи ҳам ҳаётда ўз ўрни учун курашади. Унинг бутун умри шундай ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиш учун курашдан иборат. Ҳаёт эса мудом бизнинг курашларимиз устидан кулади… А. йигитлик куч-қудратига тўлган чоғларида кўп башоратангез сатрлар айтган. Улар миллий онг, миллий хаёлни шакллантирган фикрлар. А. «Ниманидир ахтараман шеърдан ҳам улуғ» деган. А. албатта буни ўзи ҳақида айтган. Лекин бу олтмишинчи йилларда мингларча ўйли ёшларнинг фикрига айланган… Сатр-ку айтилди. Лекин А. орадан йигирма беш йил ўтиб ўзи ахтарган нарсасини топдими? Топмадими?
Кўзларимга гоҳ кўринар телба мисоли
Мен бир вақтлар сажда қилган ҳазрати инсон…
А. ўз шеъри билан мурожаат қилган авлод топдими? Топмадими? Шараф ҳам келди шоирга. Шуҳрат ҳам келди. Давлат ҳам… Лекин А. шуларни ахтарганмиди? Лекин булар ҳар қанча жозибали бўлмасин, шеърдан улуғ эмас. Шоир хаёлли одам назарида шеърдан улуғ эмас. А. узоқ йиллар ўтиб, жуда кўп нарсалардан ҳафсаласи пир бўлиб, гоҳ тортиниб, гоҳ ҳаволаниб ва ҳар сафар яна ўша асил дарвешона хаёллари oғушигa қайтиб, мен қидирган нарса муҳаббат эди, деди.
Рост, муҳаббат шеърдан улуғ бўлиши мумкин.
Аксинча шеър қайда?
Қайдан келади?
Лекин барибир, А. ахтарган нарса муҳаббат бўлганда ҳам у сиз билан биз ўйлаган, тасаввур қилган муҳаббатмикан? Муҳаббат деганда, А. тамомила ўзга бир олам ва унинг равишларини тасаввур қилса керак. Биз эса бу тасаввур оламига ҳали-ҳамон кириб боролмаётгандирмиз? Дўстим Олим Отахон бир пайт: «Алҳамдулиллаҳ…» деганда, арабнинг кўз ўнгида бошқа бир олам, бизнинг кўз ўнгимизда эса бошқа бир олам рўёси турса керак, деган эди.
А. муҳаббат деганда, кўз ўнгида нималар пайдо бўлади? Бу сирни у бизга очган эмас. Очмайди ҳам.
* * *
Адирлар кавлаб ташланган эди. Ҳар томонга қараб кавланган. Ҳар томонга қараб тартибсиз симлар, симёғочлар тортиб кетилган. Кавланган жойларнинг қирғоқларини ёмғир, қор ювиб тушган, тупроғи сарғайиб кўринади. Эскироқ кавланган ерлардан майсалар унган. Ер ўз вужуди яра бўлиб ётишини истамайди. Ярасини дарров майса билан ёпади. Кечиринг. Яна чиройли гаплар…
Орқада келаётган уч машина бирдан йўлнинг ўнг томонидаги адирлар сари тушган чоғроқ йўлга бурилди. Биз олдинга ўтиб кетдик.
– Юраверайлик. Биз уларни Жомда кутиб оламиз, – деди машинамиздаги аллаким.
Бироз юргач, Жомнинг мармар кони кўринди. Мармарни Белоруссиядан келиб олиб кетишар экан. Мармар эвазига бу ерларга мактаблар, боғчалару ва турли замонавий болалар муассасалари қуриб беришни келишилган экан.
– Қуриб бердиларми? Кўрсак бўладими? – деб сўрадим Абдураззоқ акадан.
– Қайда дейсиз? Ҳеч нарса қурилган эмас.
– Мармар-чи?
– О, мармарни майдалаб олиб кетишяпти.
– Нега ундай?
Бу ерларни ва унинг урф-одатларини биладиган ҳамроҳларим елкаларини қисдилар. Адабиётшунос Исроил Самарқанддан чиқаверишдаги боғда бизнинг шарафимизга ёзилган дастурхондан захира тарзида олинган чойнакдек анорни қонини оқизмай суйди. Ҳаммамиз тамшана-тамшана анор едик.
Йўл босарканмиз, мармар кони доим кўз ўнгимизда, чап кўзимиз устида турди. Кон. Бағри тилиниб, уйиб ташланган унча баланд бўлмаган тоғ. Атрофи айлана йўллар. Юк машиналари тўхтовсиз чопади. Тоғнинг боши оқиш ғубор билан қопланган.
Мармар тоғнинг нариси Жом. Ўз номига жуда ярашган. Адирлар бу ерга келиб айланади ва пасаяди. Улуғ кулол бу ерда адирларни шапатилаб-шапатилаб сўнг бир гўзал жом ясаган. Жомни ясаб бўлгач, кўнгли ўрнига тушиб, яна адир-адирлаб кетган…
Бу йўлда Самарқанддан кетаверишда барча қишлоқлар чап томонда, яъни тоғ тизмаси этакларида муюшган эди. Ўнгда эса фақат мингашган улкан адирлар ва ора-чора борларгина кўзга ташланади.
Жомгача бўлган каттагина қишлоқ Оқсой ҳам сўл ёқда. Йўлдан Оқсой жуда жозибали кўринади. У ерда яшагинг келади. Сўлим, сурурли ранг-бўй ҳали бундан ўчмаган. Лойшувоқ ўйлар нечукдир ўзига тортади. Оқсой ёнидан ўтиб бораётганимизда Абдураззоқ ака:
– Оқсой чиройли қишлоқ. Бу ерда Суннатилла Анорбоев ишлаган. Айтмоқчи, нега Суннатилла Анорбоев кўринмай кетди? – деди. Саволини ҳаммага қарата айтди.
Ичимда: «Ростдан, нега Суннатилла ака кўринмай кетди?» – деб ўзимдан сўрадим. Ичимизда икки шоир бор эди. Улардан бири:
– Ўта дилкаш одам Суннатилла ака. Шахматни жуда қотиради. Этагингдан тутиб олиб ўйнамаганингга қўймайди. Ажойиб…
Бошқа бир шоир менинг ёнимда бирга ўтириб эди. Кўпга эмас, менга эшитарли қилиб: «Ҳозир кўчага чиқиш, бир жойга бориш ҳам қийин бўлиб қолди. Бир гуноҳингни эслатиб дарров юзингга сапчишдан тоймайдилар. Ҳаёт жуда дағал бўлиб кетди. Суннатилла ака эса кўнгли нозик одам…» – деди. Сўнг бироз ўйланиб ўтирди-да: «Бир дунё тугаб, бошқа дунё бошланди… – деди. – Энди кўплар бу дунёга етиб юролмайдилар. Улар бошқача тарбияланганлар, бошқача ёзганлар. Ўша бошқача ёзилганларни кейин қизиқиб, топишиб ўқишармикан?» У елкасини қисди. Ўсиқ қошларини юқорига кўтариб, узун киприкларини тез-тез пирпиратди. «Ҳай, билмадим. Билмадим-ов, – деди. – Балки қидириб ҳам ўтирмаслар… Бу фожиа…»
Бошқалар бу гапга аралашмадилар.
Машиналаримиз сой ичига эниб борди ва кўприкдан ўтгач баландликка кўтарилди. Баландликнинг белига чиққанимизда бу ерда, йўлнинг ҳар иккала томонида йигирма-ўттиз чоғлик турли машиналар қаторлашиб тургани, кўп одамлар йўл четида А.ни кутаётганликларини кўрдим.
Шу тепадан эътиборан Қарши ерлари бошланаркан. Йўл Қарши томонга ҳам улкан адирлар оралаб кетарди.
– Мен бу йўлдан ўқиб юрган пайтларим кўп ўтардим. Жуда қадимги йўл… – деди Абдураззоқ ака машинадан тушаётиб. – Анави қишлоқ эса Жом. Ёзувчиларингиз Мурод Муҳаммад Дўст шу қишлоқдан чиққан…
Кимдир унинг гапини бўлди:
– Жой ҳам солаётган эди шу ерда.
Кўплар билан қучоқлашиб кўришдик. Бошқа бирлар эса чеккароқда бизга қараб турдилар. Чамаси, уларни А.дан бошқа ҳеч ким қизиқтирмасди.
Кўклам қуёши анча ҳаволаб қолган. Осмонни нимтатир оқиш, қир булутлар чулғаган. Қуёш шу булутлар орасидан эриган кумушдай ярақлайди.
Йўлнинг ўнг томонидаги баландгина тепага чиқдим. Шу ердан Жомни, қадрдон Муроднинг қишлоғини томоша қилдим. Қишлоқнинг уйлари тўп-тўп ва тартибсиз қурилган эди. Янги солинаётган жойларнинг сони эскиларидан қолишмайди. Энди кўтарилаётган уйлар сойнинг узоқ ичкариларигача кўзга чалинарди. Шулар ичидан Муродга ўхшаган уйни ахтардим. Олисда энг чеккада қадди баланд уй кўзимга чалинди. «Балки шудир…», – деб ўйладим. Сўнг бу беҳосил машғулот ўзимга нашъа қилди. «Сенда заковат бўлса, – дедим ўзимни ўзим яниб, – бировнинг қурилиб битмаган уйини қидириб ўтирмас эдинг. Мана, А.да чинакам заковат бор».
«– Устоз, – деди бир кун тулки тулкига,
Нечун биз нишонмиз доим кулкига!»
Шу икки қатор шеърнинг ўзидан истаганча заковат нишонасини топиш мумкин. У «Калила ва Димна»даги заковатдан кам эмас. Шогирд тулки ҳам, устоз тулки ҳам, гарчи уларнинг ҳеч қандай тавсифи келтирилмаган бўлса-да, кўз ўнгингизга келади. Шоир чизмаган нарсани ўз хаёлингизда чизасиз. Шоир сизнинг заковатингизга йўл очади. Шогирд тулкининг ори келганга ўхшайди.
Менга тажрибакор тулкининг шогирд тулкига: «ука» деб мурожаат қилиши жуда маъқул келади. Агар шу ерда у «ука» демаса, шеър ҳам шеър бўлмасди:
«– Ука, – деди шунда тулкига тулки
Бул ҳодисотнинг сабаби шулки,
Касбини эплолмай қолса аксари
Тулкилик қилади ҳайвонлар бари…»
Бу нозик қочирим ғоят нашъали. Устоз тулкининг донолиги ҳам, тулкилиги ҳам бунда тўла мужассам.
Мана шу шеър ҳақида одамларга сўзлаб бермоқчи бўламан. Лекин қачон қаерда сўйласам, ҳеч фикрни шу шеърга тўғри келтиролмайман. А.нинг моҳиятини бошқа, кўтаринки ватанпарварона шеърларидан топмоқчи бўламан. Хаёлим шу томонга оради. Рост, А. кўтаринкилик ва мадҳда ҳам чакки эмас. Бекорга у Ғафур Ғулом билан аллақандай турма яқинлик сезмайди ўзида. Лекин менга қолса, мадҳ А.нинг стихияси эмас.
А.нинг стихияси – зарофат.
Шуниси ҳам борки, зарофат – сўз ўйинларигина эмас.
Зарофат – нимкулги.
Зарофат – ўткир киноя.
Зарофат – беозор ҳазил.
Зарофат – кутилмаган нигоҳ.
Заковат ва зарофат – А.нинг стихияси. Фалсафий, таълимий, қочирим шеърларда у ўз юксак баландлигига кўтарилади.
А.нинг рубоийларида ҳам шу икки хислат шоҳ хислат. Улар худди Бадахшоннинг ложувард тоши каби кўзингизни майин ва бебаҳо шуълага тўлдиради.
Мен тепага чиқиб ўтирдим. Бу тепанинг номи бордир. Лекин мен билмайман. Бу ерда биладиганлар ҳам йўқ. «Тошкентга борсам, албатта Муроддан сўраб оламан», деб сўз бераман ўзимга.
Тепанинг энг тепасига чиқдим. Пастдагилар кўринмай қолди. Фақат биз келган йўл, мармар қон ва Жомгина кўринади.
Осмон эса гарчи юпқа булутли, аммо бепоён. Баҳорнинг осмони. Мармар қон чангиб ётир. У ердан қимматбаҳо оқ мармар чиқади. Йўлдан онда-сонда машиналар ўтади. Лекин ўнгга бурилиб кетган уч машинадан дарак йўқ. Тик турган кишилар машиналарнинг ичига ёки соясига ўтдилар. Нариги тепаларга ҳам одамлар ва хотин-халаж, бола-бақра ўрлаб кетдилар.
«Ўтир!» – деб буюрди ғайбдан кимдир. Бир чимдим бўлиб қолган майсага ўтирдим. Чумолилар қалъаларидан чиқиб ширин ўтларни ялаб, заиф очилган чечаклар узра ўмбалоқ ошиб юрадилар. Олдинги қўлларини қуёшга кўтариб силкитадилар, сўнг шу қўлларини ялайдилар.
Бу ер жим-жит. Йўлдан ўтаётган машиналарнинг овозини ҳам тепалик ютади ва шовқин бу ердан беозор эшитилади.
Қир. Яна қир.
Пода. Яна пода.
Бир тепа. Яна бир тепа.
Бир жар. Яна бир жар.
Қишлоқ ичида ҳурпайиб гуллаган ўриклар. Ҳурпайган ўриклар.
Ҳурпайган гуллар.
Жомнинг қантак ўриклари шундай ҳурпайиб гуллайди.
Гўзал Зарафшон тизмалари шу ерда, Жом қишлоғининг тагида тугайди. Бурилиб кетади.
* * *
Ҳурпайган, эй, қадим Жом! Кечир мени! Сени билмайман!
Адир тепасида тош устида ўтирибман. Бирдан турналарни беҳад маъюс овозлари келди. Хира булутлар тагидан турналарни қидириб топдим. Улар учта тўда эдилар. Учала тўда бир-бирини хабарлаб ва бир-бирларига учиш йўлини кўрсатиб қурайлардилар. Дунёда турнанинг овозидан ҳам маъюс овоз бўлмаса керак. Балки алла шундай маъюсдир. Турналар жуда баланд учаётир эдилар. Орқада қолган дўстларини чақирар эдилар. Олдинда учаётган тўда Жом тепасида анчагина айланди. Кейин бошқа тўдалар етиб келгач, учала тўда Жом узра айланиб ўтдилар-да, сўнг тўғри Самарқанд томон йўл олдилар. «Йўл олдилар», деб ёздим. «Учдилар» десам, тўғрироқ эди. Лекин гап карвон устида, турналар карвони устида кетаётгани учун «йўл олдилар», дедим. Карвон йўл олади-да…
Муҳаммад Юсуфнинг кеча дорулфунундаги зарофатини эсладим. «А. Баҳор билан бирга юради. У турналар борган томонга боради. Бугун мен Самарқандда турналар Қаршига қараб учганларини кўрдим. Эртага биз турналар изидан Қаршига борамиз…»
Шоирлар ёлғон суйламайдилар. Лекин бугун турналар ўз азалий йўлларидан, Қаршидан Самарқанд сари учиб борардилар. «Ўзбеклар қадимдан содда халқ бўлганлар, – деб ўйладим. – Улар содда сўзлайдилар. Содда иш қиладилар. Содда ўйлайдилар…» – деб ўйлаб ўтирдим-да, турналарнинг ҳазин нолиши таъсиридами ё Жом қишлоғининг бағри кенг шукуҳими, хаёлимда «Содда тушунчамда… содда тушунчамда… менинг содда тушунчамда…» – деган жумла тилимда айлана бошлади.
Менинг содда тушунчамда –
ой осмонга одамни
сеҳрлашга чиқади,
ойдан бўлар одамларнинг
жигари.
Менинг содда тушунчамда –
чин шоир сеҳргардир,
одамларга одамни жигар қилар
ғамгузорий сўзлари.
Менинг содда тушунчамда –
қуёш чиқар кўк юзига
ўт бергани одамларнинг
қонига.
Менинг содда тушунчамда –
қуёши йўқ одамлар
булар доим шафқатсиз.
Менинг содда тушунчамда –
ўзбек кўкси тилсимдай,
бу тилсим калитини кўкка отгандай
Худо.
Менинг содда тушунчамда –
шу калитни кўк бетидан қидиради шоирлар.
Менинг содда тушунчамда –
на ўзини,
на ўзгани
тиндиради шоирлар…
Қир тепасида тош устида ўтириб шуларни ўйладим.
Жомдан менга шу сўз келди. Жом менга А.нинг отаси сўйлагандай фақат бир қадам орадангина эшитиладиган ва фақат рубоий ўқиладиган ғамгузорий овозда:
«Ўтир!» – деб эди.
Энди: «Тур!» – деди. Туриб қир устини кездим.
Тошбақалар шибир-шибир ўт оралардилар. Пастга тушдим. Бир болакай тошбақанинг боласини тутиб ўйнарди.
Унинг кунгурасини қўлчалари билан силарди.
Қолиб кетган машиналар келди.
Биз яна йўлга чиқдик.
Болакай тошбақасини қир бағрига қўйиб юборди.
Тошбақа одам қўлининг изларини олиб кетди.
* * *
Дафтарим ичидан бир кафт қуриган ёввойи ялпиз чиқди.
Кўп уриниб уни қаердан олганим, ким берганини кеч эслолмадим.
Ялпиз ўткир исини йўқотмаган эди.
ҚЎТИРБУЛОҚ
3.04.91.
Қир ошдик. Қир ошиб текисликка чиққанимиз йўқ. Яна бошқа қир-адирлар орасига кириб бордик. Йўлнинг ўзи адирлар ичидан ўтади.
Мен бу қирларни билмайман. Бу адирларни билмайман. Зарафшон тоғларини билмайман. Тизмалар устида ё остида юрган эмасман. Менинг бу «Билмайман» дейишим мақтанишга ўхшаб кетяпти. Лекин бу мақтаниш эмас, уят. Ўз ерини билмаслик жуда уят. Баландпарвоз сўзлаяпти деманг, ўз элини билмаган одам бошқа нимани билади? Агар билганда ҳам, унинг булардан ташқаридаги, булардан истисно, холи билимига ишониб бўладими? Шунинг учун мен билмаганимдан уяламан ва шу уятдан озгина бўлса-да халос бўлиш учун, буни очиқ тан оляпман. Менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ, деган фаришта одамдан, хўп, сенинг сира гуноҳинг йўқ экан, сен тоза экансан, айт-чи, сен ўз элингни биласанми, ўз юртингни, ўз жуғрофиянгни биласанми, деб сўранг. Мабодо, билмаса, унинг фаришталиги ва тозалигига ишониш қийин. Элини билмаган кимса эли олдида гуноҳкор. Бу ерда «гуноҳкор» деганим «қарздор» деганим ҳам.
– Иброҳим ака, бу қирларда кузда ё ёз ўртасида бўлганмисиз? – деб сўради адирнинг майса кўрпасига ёнбошлаб ётганимизда шоир Икром.
Бўлмаганман, дедим, бўйнимни қисиб. Билмаган одамнинг бўйни доим қисиқ-да ва иши мудом орқага кетган-да. Билган ўн дақиқада етиб борадиган манзилга билмаган ярим кун, баъзан эса йиллар давомида етиб боролмайди. Гапларим доноликка ўхшаб кўринмасин. Билмаган ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилаверади. Билмаганнинг билгани қурсин. Қийнаб юборади.
Икром денгизчиларникига ўхшаган қўли билан шабадада тебраниб турган майсаларни силади ва кафтини чалғи чалгандай у ёқдан бу ёққа чалди.
– Тақрон нима дегани, биласизми? – сўради Икром.
– Билмайман.
– Ёз чиққанда қирда ўтларнинг сарғайиб қуришини бу ерларда «тақрон» дейишади. Тақрон чоғи ҳам бу ерлар чиройли бўлади.
«Тақрон» сўзини дафтаримга ёзиб қўйдим. Атрофимга қарадим. Сайлга чиққан ўзбеклар. Машиналар, отлар, эшаклар, туялар, бир сўз билан айтганда, кўҳна ва замонавий уловлар тепалар чеккасига қайтарилган. Нотиқлар сўз айтмоқдалар. Шоир шеър ўқимоқда. Одамлар қирда ранг-баранг гуллаб ётган чечакларга ўхшайдилар. Улар ўланларга қоришиб кетганлар. Уларни майса-чечаклардан ажратиб бўлмайди. Ўзбеклар майса. Ўзбеклар қир ва саҳро одамлари. Саҳро ва қир улардан ҳеч қачон ётсирамайди.
Қизлар эса шунчалар алвон либосларга ўранганларки, капалаклар мисол у томондан бу томонга тўда-тўда бўлиб ўтадилар. Бунақа чиройли капалакларни ҳеч кўрган эмасман.
Шунчалар ранго-ранг издиҳом!
А.нинг шикаста овози бу издиҳомнинг эр ҳайқириқларига кўмилиб кетади. Лекин булар шикаста овозни ҳам диққат билан тинглайдилар ва уни ўз қийқириқларига кўмиб юборадилар. Барибир, А. шуларнинг шоири. Шу тўлқинда туғилган. Эҳтимол, ҳозир бу қийқириқлар уни чўчитади, лекин унга ёт эмас. Бу ранго-ранг азамат издиҳом манави баҳор чечакларини қанчалар суйса ва қиш бўйи орзиқиб кутса, А.нинг шеърларини ҳам шундай суяди. Ўқиганман: «Кибор шоир» деган тушунча бор. Халққа юксак булутларнинг оқ тўдаси ичидан боқадиган шоирлар балки кибордирлар. Лекин А. ундай эмас. У кибор эмас. Кибор фикр эгаси эмас. Унинг сўзи халққа яқин. У ўз халқининг тилини топган. Унинг шеъри бу баҳор майсаларига ва баҳор шабадаларига, илк чечаклардан шарбат эмадиган ва ҳеч қачон ҳеч нарсани яксон қилмайдиган мана шу капалакларга ғоятда яқин.
У ҳайқиролмайди. Ҳайқиришни истайдими, йўқми, билмайман. Истамаса керак. Ҳайқириқ унга ёт. Лекин баъзан аллақандай кайфият таъсирида ҳайқириб шеър ўқимоқчи бўлади. Шунда нозик қомати орқага, ҳа, орқага (олдинга эмас) ёй каби эгилади. Тобора жўшиб шеър ўқиркан очилган қавсга ўхшаб қолади. Бу зўриқиб шеър ўқиш туфайли бўлса, эҳтимол. Ҳамма шеърларини эмас, айрим шеърларини ўқиганда, унинг ҳолати шундай очилган қавс ҳолига киради.
«Ҳайқиряпман ҳозир… Баъзида лекин
Заиф шамолларга бўйсунар созим.
Юрагим, юрагим, миттисан-ку сен,
Ҳайқириш аслида сенгами лозим…»
Турғунлик бошланмаган, лекин унинг шабадаси келаётган ва коммунизм ўзининг энг чўққисига кўтарилган пайтда айтган буни А.
Митти юрак. Митти юлдуз. Митти шеър. А. Ўзи ҳақида ўзи шундай дейиши мумкин. Бунга ҳақли. У ўзини «Энг нўноқ одамдан нўноқман» деб ҳам пастга уриши мумкин. Бир чеккаси шоирона камтарлик удуми. Бошқа бир чеккаси ўзи табиатан дарвешликка мойил. Лекин бошқалар унга бундай деёлмайдилар. Бошқалар бундай десалар, бошқача эшитилади. Шоир ҳақли бўлган нарсага бошқалар ҳақли бўлмасликлари мумкин.
Ўзбек миллий ҳаётида «базм» тушунчаси ўзига хос. Ўзбек ўз ҳаётини базмсиз тасаввур қилолмайди. Базмни айш-ишрат маъносида тушуниш ҳам йўқ эмас. Лекин халқ базмни умрнинг байрами деб билади. Навоий базмни ижод ва шеърият, гўзал шеърий мусобақалар деб тушунган. У барча йирик асарларида базмларни алоҳида шавқ-завқ билан тасвирлайди. Унинг ҳар бир ғазали эса туйғулардаги чексиз гўзалликларнинг чин базмидир.
Агар ўзбекнинг базми тортиб олинса, унинг энг қимматли нарсаси – ҳаёти тортиб олинган бўларди.
А. уйга ботиб юради.
Юраги митти. Ўйи полвон.
У уйнинг исканжасидан қутулиш учун муттасил уринади.
* * *
Капалаклар пориллаб учиб кетдилар. Отлар дупур-дупур ҳар томонга тарқади. Майсалар яна ёлғиз осмон билан сўйлашмоққа тушдилар.
Йўл четидаги бекат.
Йўлга қарата солинган шинам қўналға. Қўналғанинг икки томони баланд айвон.
Дастурхонга бир неча турли қовурдоқлар катта лаганларда уюлган. Чойнакдек-чойнакдек ноклар. Кафтга сиғмайдиган анорлар. Нок ва анор апрелнинг бошида бениҳоя лаззатли бўлиб кетади. Бу дастурхон Германиядаги бир князликни бир ҳафта туйдириши мумкин. Етти-саккиз хил, турли шаклда қизартириб пиширилган сомсалар.
Булар дастурхонга қўйилган таомларнинг фақат бир қисми. Тортилаётган таомлар алоҳида. Жўжа қовурдоқдан лаззатли шўрвагача. Фақат қўйнинг қовурғасидан қовурилган қовурдоқдан икки-уч турли кабоб ва охири паловгача… Еган билан, ичган билан дастурхон устида ҳеч бир таом озаяётгани йўқ. Бўшаган лаганларнинг ўрни тўхтовсиз тўлиб турибди.
Одам ўзини жуда ожиз ва ҳақир сезади бу ўзбекнинг базм дастурхони рўбарўсида.
4 апрел, жума
Болалик чоғларимизда, қирқ олтинчи, қирқ еттинчи йилларда ёз ва куз пайтлари чуқурсойлик Салом аммамизнинг узумзор ва нокзор боғларига сайилга чиқардик. Салом аммамнинг боғлари ва улкан қўрасига темирйўл изидан ўтиб бориларди. Темирйўл ва поездлар бизга фавқулодда қудратли нарсалар бўлиб кўринарди. Катталар олдинга ўтиб кетиб, биз чўян изларга энгашиб ётиб диққат билан изга қулоқ солардик. Узоқлардан бўлса-да поезд келаётган эса чўян из ажиб бир тарзда зингиллаб турарди. Биз чўян изга қулоғимизни қўйиб шу товушни эшитишни севардик. Анчагача зувиллаган овоз келмаса, катталарнинг орқасидан қоронғи қамиш ариқдан тезроқ ўтиб олайлик, бўлмаса, бувимиз кетиб қоладилар, деб зинғиллардик.
Қарши четидаги улкан қадимий қабристонда туриб ҳозир, шу тобда, ҳеч нарсага қарамасдан, гарчи галстук таққан одам бўлсам ҳам, ерга ётиб, қулоғимни қабристон майсаларига тутгим келди.
Қабристоннинг кунботарида ҳайбатли девдай тепа. Жуда маъюс тепа. У ерга Жинлар ва Руҳлар макон қурган. Дунёнинг сирли тепаси. Нигоҳимни қадим ва янги қабрлар эмас, нуқул шу тепа тортади.
Бу орада А.нинг отаси ёнимдаги кимгадир тушунтира бошлади:
– Муқанна ўтган жойлар-да бу ерлар. Ана шу тепа ҳам Муқаннанинг тепаси бўлган. Унинг қўрғонлари ва қоровулхоналари бўлган бунда. Бу ҳамма тепаларда… – Қарши атрофидаги барча тепаларни қулочини ёзиб кўрсатади.
Бобонинг қиёфасида жуда қадим одамларнинг нуқси бор. Қошлари қуюлиб, қийиқ, асл ўзбекона, манғитона кўзларига тушган. Даштнинг ҳавоси юзини ва қўлларини мумдай қорайтириб юборган. Хастароқ овоз билан равшан-равшан сўйлайди. Тетик фикрлайди. Қабристондан чиқиб борамиз. Атрофдагилар ола-ғовуp сўйлашиб борадилар. Мен бобонинг сўзларини яхшироқ эшитиш учун унга яқинроқ юраман. Ҳассасига мункайиб бораётган бобога шовур-шувур нечукдир ёқмайди.
– Қабристондан чиқаётганда дуо ўқиб чиқинглар. Бу ерда ётганлар тиланиб ётибдилар. Сиздан дуо тилайдилар. Кимлар ётибди бу тепаларда…
Шунда мен бу тепага сажда қилиб, уни тинглагим, қадим боболар ва момоларнинг, Муқаннанинг сасини уққим келди.
Муқаннанинг овози келиб турганига ҳеч шубҳам йўқ. Фақат у овозни эшитгувчи зийрак қани?
Исо ҳазратлари чин дилдан ўлик тирилсин десанг, ўлик тирилади. Ихлос қилсанг, ихлосинг рўёбга чиқади, деганлар. Бунинг учун дилнинг тозалиги ва ихлоси қай мақомда бўлиши керак…
* * *
Рўза ойи эди. Кун ботганда, бобо билан унинг кенг ҳовлисининг ғарбий томонига қўйилган чоғроқ сўрисида ўтириб ифторлик қилдик. Бобо бизнинг тегимизни суриштирди. Айтдик. Бобо нечундир бизга эшон деб мурожаат қилдилар. Бободан буни мақтов ўрнида қабул қилдик. Бобо А. атрофини қуршаган ёки бир пайтлар А. билан яқин бўлган барча адибларни яхши билади ва улар ҳақида билганларини кулиб-кулиб ҳикоя қилиб ўтиради. Сайёр, Шукур Холмирза, Маҳмуд Саъдийни эслаб, нега булар кўринмай қолди, дедилар. Замон ўзгариб бориши, тунга яраша А.нинг атрофи, уни қуршаган одамлар доираси ҳам, табиийки, ўзгариб боришини бобо тан олгилари келмайди. У киши бир пайт дўстликда дилдорликлар қилган одамлар охиригача ҳам шундай бўлиши керак деб ўйлайдилар. Йўловчини йўлда ташлаб кетишни ақлларига сиғдиролмайдилар.
Омон Азиз бобони гапга солиб ўтиради. У кимни сўйласа, бобо уни таниган бўлиб чиқади. Ўша одам ҳақида бир қизиқ тафсилотни албатта айтиб ўтади.
Қopoнғи тушди. Бугун булутлардан холи кўкда тиниқ юлдузлар бодради. Битта ярқироқ кўкимтир йирик юлдуз сўримизнинг нақ тепасида мовий шуъла сочади. Ҳовли чорси ва кенг. Атрофда уйлар. Бобонинг ўзи ҳовлининг кунботишига қатор солинган камтарона ўйларда ёлғиз истиқомат қилади. А. кунботишга тушган, лекин кунчиқишга қарата солинган шу уйлардан бирида туғилган. Уйларнинг томига қараб ток сўрилари тортилган. Биз ўтирган сўридан сал қуйироқда битта олма қийғос гуллаган. Юлдузларнинг шуълаларида у худди шамдай оқариб кўринади.
Омон Азиз бобога Қўтирбулоққа борганимизни ҳикоя қилади. Бобонинг мийиғида табассум жилваланади.
* * *
Булоқ қўнғиртовнинг этагида. Баланд-баланд тепалар орасида. Биз булоқ бўйига борган маҳалда кун уфққа оғган, ётоғига тез эниб борарди.
Булоқ икки тепалик орасидан чиққан ва айлана бўлиб бироз ергача чўзилган. Булоқнинг суви ҳаддан ташқари шўр. Омон Азиз пича чеккароққа бориб авайлаб қўлини билагининг ярмигача сувлади. Қўли бир зумда оппоқ оқариб қолди. Булоқнинг ичи юзлаб ҳовузчаларга айлантирилган. Ҳовузчаларнинг атрофи лой билан ўралиб гўё «ванна» ҳосил қилинган. Ҳозир бу ерда зоғ йўқ. Лекин ёз келиши ҳамоноқ булоқ атрофи зиёратчилар ва даволангани келганларга тўлиб кетади. Касалга чалинганлар шу «ванна» – ҳовузчаларга тушиб бўйинларигача кўмилиб ўтирадилар.
Ҳозир баҳор. Сувга ҳеч ким тушмаган ва хира кўкимтир. Лекин одамлар туша бошлагач, ҳовузчаларнинг сувлари қанчалар лойқаланиб кетишини тасаввур қилиш мумкин. Шуниси ғаройибки, барча ҳовузчаларнинг суви бир сатҳда. Булоқнинг суви ҳеч қачон камаймас экан. Булоқнинг кунботиш тарафида ёлғиз бир қабр сўппайиб туради. Шу қабр туфайли булоқ ғоятда сирли кўринади. Бу ерга номаълум бир хотин кўмилган дейдилар. Қачон кўмилган, ким кўмилган? – ҳеч ким билмайди.
Чоллар биз болалигимизда ҳам бу қабр шундай эди, дейдилар.
Менингча, бу қабрда шу мўъжиза булоқнинг париси ётади. У булоққа ва ундан даво истаб келувчиларга ҳомийлик қилади.
Бироз вақт шу маъюс қабр атрофида булоқ тепасида жимгина ўтирдик. Назаримда, миллион-миллион оппоқ капалаклар ҳовузчалар узра чарх уриб ўйнар, сув юзалаб шўх учсалар-да ва ишқ ойинларини адо этсалар-да, лекин сира булоқ сувига мўъжаз қанотчаларини теккизмас здилар.
Ғамгин шеърга ўхшаган булоқ ва унинг сирли париси билан хайрлашдим.
Ҳали-ҳануз булоқ тез-тез ёдимга тушади ва тушларимга киради. Бир куни ўз-ўзидан миямнинг аллақайси ерларида шу сўзлар туғилди:
Булоқ бўйи. Ғариб бup қабр.
Хаёлимга келди шул таъбир:
Бунда ётур йиғлаб тўймаган,
Висол лаззатларин туймаган.
Мен дардимни баён айласам,
Қўшилишиб менга қўяди.
Таскин бериб, ҳолин сўрасам,
Нола қилиб ёшин қуяди.
Париларнинг тулпорлари ўтлаган Қўнғиртов, дардлари минг йиллардан бери ердан қайнаб чиқаётган кўҳна булоқ, Аржаспу, Афросиёб, Муқаннанинг руҳи безовта кезиб юрган азамат тепалар ва умуман бу алп ерларнинг бари юрагимга нечукдир далда беради.
Халқимиз жуда қадим халқ. Лекин унинг ҳақиқий тарихи, назаримда, энди-энди бошланадигандай туюлади.
Бу алп ерлар майда одамларнинг ери эмас. Йўқ. Бу ерлар алпларни турмаса, унда яшаганимиз бекор…
1991 йил
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?