Текст книги "Мангу латофат: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 32 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
МАТОНАТ ВА МУҲАББАТ
Ўзбекистон Қаҳрамони, устозу мураббий, муаллим, танқидчи Озод Шарафиддинов
Ҳаёт шундай. Кўп нарсаларнинг номи ўзига муносиб. Кўп нарсаларнинг номи ўзига номуносиб. Ўзига муносиб номлар ўз иши-ҳуши билан банд. Тараққийда. Номуносиб номларга эса муносиб ном топмоқ зарурати бор. Муносиб ном топилгач, улар тақдирда белгиланган тараққий даврасига киради.
Озод Шарафиддиновнинг номи ўзига жуда муносиб. Ўзига жуда ярашган. У эътиқодли инсон ва демак, чинакам озод инсон. Озод фикрлайди. Озод туйғулар билан яшайди. Унинг мардлиги, тўғрисўзлиги, ўз шаъни ва ўзгалар шаън-шавкатини қаттиқ риоя қилиб, инсонга чуқур ҳурмат билан қараши ҳам ўша озод табиатга эга эканлигидан. Унинг неча юзлаб шогирдлари севадиган ва рангин бу дунёда бировга ёқадиган, бировга ёқмайдиган журъати ҳам ўзини ҳамиша озод инсон деб ҳис қилганлигидан. У ўз озодлиги тепалигида туриб бошқа барча фазилатлари – олимона, маърифий, ижодий, инсоний, ижтимоий хусусиятларини тарбиялаган ва вояга етказган.
Мен аслида УСТОЗ ҳақида ёзсам, уни шундай сўзлар билан бошлайман деб кўпдан бери ният қилардим. У ниятга кўра сўзнинг илк жумласи бундай бўлиши керак эди:
Озод Шарафиддинов – туғма танқидчи
Лекин менга ҳозир одам озодми, озод эмасми? – деган масала беҳад муҳим бўлиб кўринади. Тириклик ва олам борлигининг мутлақ қонуниятлари мавжуд. Лекин мутлақ озодлик йўқ. Коинот чексизлигида мутлақ озодлик борми? Ҳар қандай чексизлик яралиш ва яратилиш расм-русумлари, қонун-қоидалари билан чекланган, меъёрланган, ўлчанган эмасми? Туғилишдан озод махлуқотлар ва хусусан, инсон боласи муборак ОНА ва ОТА батни ва сумбаларига абадул-абад бойланган эмасми? Одам қайси ёшда бўлмасин, шу бойланганликни ҳар дақиқада ҳис қилиб яшамайди дейсизми? Бу бойланганлик одам тўлиқ озод эмаслигини англатиб туради. Балки бу ёpyғ оламда кўк назари ва кўк шарти билан таваллуд топган биргина зот – Исо Масиҳгина инсон эришиши мумкин бўлган озодликнинг мукаммал бир мисолидир. Лекин Исонинг Кўкка йўллаган илтижолари, ёлворишлари, Кўкдан нажот кутишлари унинг киндиги Кўкка бойланганлиги, демак, озодлигида интиҳосиз эмаслигини кўрсатади. Балки Исо Масиҳ тақдири бутун одамзод учун мутлақ озодлик йўлидаги бир мўъжизавий интилишдир. Мен озодликнинг бот меъёрини маърифатга интилиб яшашда кўраман. Маърифатга интилган одам озоддир. Ана ундан кейин келади ўз ҳақини таниган озоддир деган тушунча. Ана ундан сўнг келади яна бир тушунча: инсоннинг барча ҳақҳуқуқларини тўла рўёбга чиқарадиган ва тўла оғишмай риоя қиладиган мамлакат озоддир. Маърифат озодлиги, ҳақ озодлиги, мамлакат озодлиги ҳамма вақт биргадир. Уларни бир-бирларидан ажратиб бўлмайди. Мана шу уч нарсанинг жамулжамлигида шахс озодлиги тўлиқ намоён бўлади. Мен Озод Шарафиддиновнинг номи изоҳсиз қолмасин деб, бу муҳокамаларни келтиряпман. Шайхзода, ном номусга эгадир, деб кун улуғ гапни айтган.
Озод Шарафиддинов туғма танқидчи, деганда нимани назарда тутаман? Бу билан унинг маърифатга интилишининг туғмалигини таъкидлаб кўрсатмоқчи бўламан. Озод Шарафиддиновни туғма муаллим, деб айтиш ҳам айни ҳақиқат. Барча улуғ ва кўзга кўринган танқидчилар туғма муаллим бўлганлар. Tyғмa мураббий бўлганлар. Tyғма устоз бўлганлар. Демак, муаллимлик танқидчиликнинг ва танқидчилик муаллимликнинг узвий бир давомидир. Танқидчи илм, адабиёт, ижтимоий ҳаётни дид ҳамда фаросат меъёрлари, қонуниятлари асосида талқин ва таҳлил қилувчи муаллим. Танқидчи муаллим ниманидир тасдиқлар ёки ниманидир инкор қиларкан, дид ва фаросат меъёрларини таъкидлайди ва шакллантиради. Tyғмa танқидчи муаллим бизга жавоҳир яширинган қутича қаерда ётганлигини билдиради. Агар билдиришдан ожиз бўлса, жавоҳир қаерда яшириниб ётганлигини тахмин қилади, бизга ўз тахминларини айтади ва шундан сўнг, биз эҳтимол, олтин рудаларининг табиий қувурлари изига тушамиз. Истибдод замонларида истибдодга қарши курашувчилар ҳам, истибдодни сақлаб колишга уринувчилар ҳам танқиддан ўз орзу-истаклари йўлида кураш қуроли сифатида фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Истибдод замонларида танқид кураш қуролига айланди. Истибдод замонида, умуман, бадиий адабиётни ҳам кураш қуроли деб тушуниш ва тушунтириш расм бўлди. Чор ҳукмдорлари ва совет раҳбарлари пардоз-андозни ғоятда севар эдилар. Улар эртаю кеч ўз ишларини пардозлаш ва андозлаш билан шуғулланардилар. Ҳаммадан аввал пардоз-андозни авло кўрардилар. Улар адабий танқид зиммасига ҳам аввало миллатпарвар кучларнинг юрагига найза уриш, уларни маҳв этиш ва ундан сўнг зўр бериб воқеликни пардозлаш, упалаш, эликлаш, чиройли қилиб кўрсатиш қуроли сифатида фойдаландилар. Танқидчилик найза уриш ва пардозандозчиликда хийла ишларни қилиб қўйди. Найзабозлик ва пардоз-андозчилик айниқса, Сталин шахсига сиғиниш, Хрушчев, Брежнев сингари совет раҳбарларини кўкларга кўтариб мадҳу сано ўқиш замонларида авж олди. Бадиий адабиётни ҳам, адабий танқидчиликни ҳам боши берк кўчага киритиб қўйди. Лекин кейин маълум бўлди, пардоз-андоз зийнат сифатида жуда маъқул нарса бўлса ҳам, лекин ижтимоий ҳодисага айлантирилганда, у фақат таназзул ва қотиб қолишга олиб борар экан.
У дунё жуда чигал эди.
Озод Шарафиддинов эллигинчи йилларнинг биринчи ярмида катта-кичик ўқишларни тугатиб, диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилиб, Ўзбекистон ҳаёти ва адабиёти илмига кўтаринки руҳ билан кириб келди. Сталин замонасидан кейинги эрувгарчилик эди. Мафкура зўравонлиги тугамаган, сувоқчилик ва лойгарчилик ҳамон давом этарди. Зўрлик билан йўқ қилинган адибларнинг қувғин асарлари аста-секин ёруғликка чиқиб келаётган эди.
Мана шундай бардавом ҳарбий коммунизм шароитида Озод Шарафиддинов ўзини аслаҳахонага киргандай сезиши ҳам мумкин эди. Бинобарин ўшa пайтда аслаҳа кўтарган танқидчилар оз эмас эди. Уларга танқидчи адабиётга аслаҳа билан кириши керак деб уқтириларди. Улар ҳам аслаҳаларини одамни ҳуркитадиган даражада фахр билан кўтариб юрардилар. Зотан, Қодирий романлари, Чўлпон, Усмон Носир, «Алпомиш»… – худди мана шу аслаҳахонада аввалбошда хароб қилинган эди. Лекин Озод Шарафиддинов гарчи шу даврнинг одами бўлса-да, аслаҳа тутмади. Талантли асарларга қарши аслаҳа ишлатмади. Унинг интилишларида мураббийлик ва муаллимлик хусусиятлари кучли эди. У адабиёт, шеърият, китобларни беҳад севарди.
Ўша эллигинчи йиллар шароитида Озод Шарафиддинов ўзини аслаҳахонага эмас, муҳаббатнинг саройига киргандай тутди. Ҳа, муҳаббатнинг саройига кирган ошиқдай тутди ўзини.
Ҳозир тушунтираман бунинг нима эканлигини… муҳаббатнинг саройи деган гўзал тушунчани мен Чўлпондан олаётирман. Эсингизда-ку, Яшин акалар, Ҳалимахон опалар ёдлаб юрадиган бу ажиб ғазал:
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдимку…
Менга кимдир тушунтириб бера оладими, «муҳаббатнинг саройи» деганда буюк адиб нимани назарда тутяпти? «Асрлик тош»чи, у бизга нималардан хабар беради? Нега бу йўл хатарли? Нега ошиқ муҳаббат саройида дарҳол «карашма денгизи»га ўтди? У муҳаббат саройидан нималарни излагай эди ва нега дунё кезиб, ёрини топмай кулбасига қайғулар, аламлар, сўнмас изтироблар билан қайтди? Оҳанглари бизни кўкларга бошлаб кетадиган бу сирли шеър ўз бағрига нега бунчалар кўп афсоналарни яширган? Муҳаббатнинг саройи деганда гўзал ижодкорлик, гўзал нафис адабиёт майдони – маконларини тушунса бўладими? Ахир бадиий адабиёт қуролдан эмас, айни муҳаббатдан яралади-ку! Бадиий адабиётнинг онаси муҳаббат-ку! Шу маънода адабиётни сиёсий-мафкуравий аслаҳахона эмас, муҳаббат саройи деб қарасак тўғри бўлмасмикин? Жуда кўп нарсалар ўз ўрнига тушмасмикин? Жуда кўп саволларимизга жавоб топилмасмикин? Бу ҳеч қачон, ҳеч қайси бир шароитда адабиётнинг ўлмаслигига инкор этиб бўлмас далолат, асос бўлмасмикин?
Озод Шарафиддинов ҳам адабиёт майдонига ўз муҳаббати билан кириб келди. Бу туғма танқидчининг муҳаббати эди. Tyғмa танқидчининг туғма муҳаббати эди. Танқидчи муҳаббат изҳор қилади. Танқидчилик менинг тушунчамда – муҳаббат изҳор қилиш. Бу сўзга, гўзал сўзга муҳаббат. Танқидчига яна бошқа кўп фазилатлар ҳам сув ва ҳаводай зарур. Лекин у фазилатлар қанча бўлмасин, қандай деб аталмасин, қандай тушунтирилмасин – ҳаммаси шу туғма муҳаббатдан бошланади. Аввалбошда шу туғма муҳаббат бўлмаса, танқид ҳам, танқидчи ҳам йўқ. Пала-партиш сўз ўрамлари, силлиқ, текис баёнпазликлар, давр аслаҳасини кўтаришлар бўлиши мумкин. Лекин булар ҳали ҳеч қачон танқидчилик деб саналган эмас.
Эллигинчи йиллар тугаётган ва олтмишинчи йиллар бошланаётганда биз – ўша пайтнинг ёшлари Озод Шарафиддиновнинг адабиёт дарсларини тинглаганмиз. Бу дарсларга у бутун юрагини бағишларди. Адабиёт ҳодисаларини энг илғор нуқтаи назар билан тушунтирарди. У баъзан керакли сўзларни топишга қийналарди. Лекин биз ҳаммамиз унинг муҳаббатини ҳис қилардик. Муҳаббатли одамни севардик. Ёшлар бари Озод Шарафиддиновни севардилар. Унга эргашардилар. Унинг раҳбарлиги остида илмий дунёга кириш иштиёқида бўлардилар. Бизнинг назаримизда Озод Шарафиддинов адабиётнинг жонли, жуда мураккаб жараёни ичидаги одам эди. Усмон Азимнинг Озод Шарафиддинов эътиборига тушган бир сатр шеъри бор: «Курашиб яшайдиган одам бахтиёр» деган. Озод Шарафиддинов худди мана шундай курашиб яшайдиган, курашиб ёзадиган, одамлар учун курашадиган одам эди.
Мен ўйлайманки, ишончим комилки, шундай муҳаббат ва шундай курашиб яшаш туйғуси ва иштиёқи бўлмаса, Озод Шарафиддинов ҳеч қачон Эркин Воҳидов мийиғидаги нозик зарофатни, Миртемир сўзлари замирида қалашиб ётган мунгни, Шайхзода юрагидаги маърифат оқимларини, Абдулла Орипов шеърларида безовта титраган миллат дардини, Зулфия шеърларидаги мумтоз оҳангларни англамас ва бунчалар ёниқлик билан таҳлил эта билмасди.
Ҳали-ҳануз фахрланиб юраман. Мен нашриётга илк ишга бориб, муҳаррирлик касбини энди-энди ўзлаштириб келаётганда, не бахтки, Озод Шарафиддиновнинг биринчи йирик китобини ўқиб, унга муҳаррирлик қилганман. У китобга биргаликда «Замон – Қалб – Поэзия» деб ном қўйганмиз. Назаримизда ҚАЛБ ҳамиша ўртада туриши керакдай эди. Замон ҳам, Поэзия ҳам қалб орқали тушунилар ва яратиларди. Бу китоб менинг ва мен тенгиларнинг адабиётни тушунишимизда, унга муносабатимизда, ундан инсонийлик ва маърифат ахтаришимизда янги бир марра бўлди. Янглишмасам, бу ўша давр адабиёти учун ҳам янги бир марра каби қабул қилинган эди. Бу китобга кирган «Замон – қалб – поэзия», «Лирика ҳақида мулоҳазалар», «Ниҳоллар», «Поэма ва қаҳрамон» туркумидаги мақолалар даврнинг энг илғор мезонлари, андозалари, талаблари руҳида ёзилган эди. Улар эрувгарчилик даври адабиётида ва унинг ҳодисаларини англашда воқеа бўлди. Бу китоб танқидда ҳалоллик, ёрқин ҳаққонийлик, инсонийлик пайдо бўлганлигини кўрсатди. Ўша даврда бу китоб Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Зулфия, Миртемир, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Ҳусниддин Шарипов сингари адибларнинг янги асарлари каби кун баҳслар, мунозаралар, шов-шувларни уйғотди. Китобдаги танқидни ҳамма ҳам бирдай қабул қилмаган бўлиши мумкин. Лекин бу жўмард, танти, журъатли, очиқ, ҳалол танқид эканлигини Ғафур Ғулом ҳам, Уйғун ҳам, Мирмуҳсин ҳам тан олди. Танқидчи эллигинчи-олтмишинчи йилларда яратилган ранг-баранг асарларга мурожаат қилиб, улардан янгилик қидирди, шоирларнинг изланишларига алоҳида ypғy берди. Давр адабиётига изланиш ва кашфиёт талаби билан ёндашди. Шеърни сўзбозлик, насиҳатбозлик, тавсифбозликка айлантириб юборишга кескин қарши чиқди. Аччиқ бўлса ҳам очиқ таҳлиллар қилди. Иллюстративлик нимаю образлилик нима? – деган саволни такрор-такрор қўйди. Саволларига шеърият намуналаридан жавоб қидирди. У ўша пайтда авж олган тавсифбозлик ва баёнчилик шеърни қуритади, деб очиқ ёзди. Шy билан бирга адабиётдаги изланиш ва кашфиётчилик, янгилик излашни жон-дилдан қутлади. Ўша даврнинг жуда катта шоирлари ижодида тез-тез учраётган шарҳчилик ҳақида дадил танқидий мулоҳазалар айтди. Бу чин маънода гўзал бир старт бўлган эди. Кейин мана ҳозирга қадар Озод Шарафиддиновнинг кўп йирик китоблари оламга келди. Уларнинг барида ўша илк йирик асарнинг – «Замон – Қалб – Поэзия»нинг файзи, шукуҳи, равшан андозалари ва руҳи давом этди. Йигитлик тантилиги ва муҳаббати билан яратилган бу таҳлилларда Озод Шарафиддиновнинг ўзига хос ижодкорлик қиёфаси кўзга ташланди. У адабиёт жараёнлари ва манзараларини кенг ва батафсил ёритадиган, аниқ-равшан ўлчовлар, мезонлар билан оғишмай иш кўрадиган, адабиёт ҳақида улуғвор тасаввур уйғотадиган ижодкор танқидчи сифатида танилди. У ижодий қиёфа яратиш ва манзара яратишда маҳорат касб этди. Унинг Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Зулфия, Ғафур Ғулом, Миртемир, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари қатор адиблар ҳақидаги қиёфа яратувчи асарлари, «Йиллар ва йўллар» тадқиқоти ҳали-ҳануз ўз кучи, танқидий, таҳлилий тароватини йўқотмаган. Бу каби жуда кўп асарларида Озод Шарафиддинов ҳақиқий қамрови кенг танқидчи сифатида намоён бўлди. Албатта, у давр асарларини ҳозирги кун озод кишиси, унинг озод ақли, кишанлардан халос бўлган файзи билан ўқилса, жуда кўп қарашлар, ёндашишлар, фикр-мулоҳазалар кўп давомли эътирозлар уйғотиши мумкин. Биз ҳаммамиз буни ҳозир жуда табиий деб биламиз. Қарашларимизда кўп илгарилаб кетганмиз. Энди ҳеч қачон декларатив танқид ва унинг қурол-аслаҳалари қайтиб келмаслигига ишонамиз. Озод Шарафиддинов бир авлод, бир даврнинг танқидчиси бўлиб қолгани йўқ. У бир неча авлод сафларига қўшилиб борди. Бир неча авлодга чин маънода ҳамнафас бўлди. Ўзини доим қизиқишлари доираси жуда кенг ижодкор сифатида кўрсатди. Ёдимда, 65-йилда Озод Шарафиддиновнинг машинасига ўтириб, «Тирик сатрлар»нинг қўлёзма нусхаларини кўтариб йигирмадан ортиқ элнинг кўзга кўринган адибларининг уйларига остонама-остона юриб, уларни «Тирик сатрлар»нинг муҳокамасида қатнашишларини сўраганмиз. Ўшанда мен Мамарасул Бобоев ҳам, Зулфия ҳам, Миртемир ҳам, Асқад Мухтор ҳам – ҳамма-ҳаммалари Озод Шарафиддиновни қанчалар ҳурмат қилишлари, унинг порлоқ келажагига ишонишлари, ундан жуда кўп нарсаларни кутишларини сезган, пайқаган, гувоҳи бўлганман. Ўшанда улар ҳаммалари «Тирик сатрлар»нинг нашриётда ўтган муҳокамасига жам бўлган ва бу фавқулодда муҳим тўпламнинг чиқишини ёқлаган, қўллаган, тўпламга кирган унутилган, маҳв этилган шоирлар ижоди ҳақида танқидчилар билавермайдиган ноёб сўзлари, кузатишларини айтган эдилар. Мен ўшанда билганман бу ташқаридан жуда бахтиёр кўринадиган, бахтиёрлик тўғрисида шеърлар ёзадиган таниқли кишиларнинг юракларига қанчалар оғиp, кўтариб юриш қийин дардлар, оғриқлар чўкиб ётганлигини. Улар бу оғриқларини билдирмас, халқнинг қурбонларини яна кўпайтиришликни балки истамас эдилар. Кейинчалик Зулфия хоним ўлимидан пича бурун бу оғриқларни ўзининг «Хотира синиқлари» достонида ларзали сўзлар билан ифодалаб берди.
Озод Шарафиддинов кўп замон зарбаларини ўз юрагидан ўтказди. Унинг матонати бизга дарё эди ва далда берарди. Ҳозир ҳам биз унинг янада ортган матонатидан дарё ва далда оламиз. У қисқа бир пайтда оғиp хаста бўлишига қарамай, қанчадан-қанча бугунги ўзбек ўқувчиси учун нондай зарур китоблар ёзаётгани дунё тафаккури жавоҳири бўлмиш эсселар намуналарини ҳормай-толмай навқирон бир ғайрат, шижоат билан ўзбекчалаштираётгани ҳам барчамизга ҳавас ва далдадир. Озод Шарафиддинов сўз баҳрига толмас ғаввос каби шўнғишдан чарчамайди. Эллик йилдан бери унинг сўзи муҳаббатга айланади. Эллик йилдан бери унинг муҳаббати сўзга айланади. Унинг муҳаббати ҳаёт яратади.
1999 йил 7–8 март
ЗАМОН ЗАРГАРИ
(Абдулла Қаҳҳор – ўтмиш ва номсиз қаҳрамонлар)
Авлод келади, курашади, яратади, насл қолдиради, ўтади. Инсон авлодларининг тарих саҳнасига тўлқин-тўлқин бўлиб келишлари ҳам ўта сирли, тўлқин-тўлқин бўлиб саҳнадан тушиб кетишлари ҳам сирли. Авлодлардан наслларга фақат тажрибалар қолади. Насллар бу тажрибаларнинг кўп қисмини такрорлайдилар ва яна бир қисмини ўз кунларига яроқсиз бўлиб қолгани боисидан ўтмишда қолдирадилар.
Одам одамдан фарқ қилгандай авлодлар ҳам авлодлардан фарқ қиладилар. Одамлар одамларга ўхшаганларидай авлодлар ҳам авлодларга ўхшайдилар. Фарқларда уларнинг ўзига хосликлари, такрорланмас белгилари зоҳир бўлади. Ўхшашликлари эса уларнинг ёлғиз бир бани-башардан тарқаганликларини доим эслатиб туради.
Мана, йигирманчи аср охирлаяпти. Ўтган аср ва бу аср инсоният учун инқилоблар даври бўлди. Фашизм инқилоблари бўлди, қизил инқилоблар бўлди, демократик инқилоблар бўлди. Инсоният исёнлар ва қўзғолонлар қила-қила шу инқилобларга етиб борди ва бу инқилобларнинг оғир, фожиали, ғоятда аччиқ тажрибаларидан тажрибалар олиб, ўзига хулосалар чиқариб – фақат тенглик – шахснинг ихтиёрини буғмаслик, халқлар, мамлакатлар, ўлкаларнинг эркини тортиб олмаслик, ўз измига бўйсундирмаслик асосидагина адолатли ҳаёт қуриш мумкинлигини англаб етди. Энди инсоният ўз табиий тараққиёт йўлини топиб олди. Табиий тараққиёт йўли табиатнинг ўзидаги тараққиёт ва азалий қонунлар ва қонуниятларгагина суянади ва уларни бузишга эндиликда ҳеч қачон йўл қўймайди. Жамият табиатдан бир кўчирма. Шуни унутганлар инсониятни доим ҳалокатга, урушлар, бир халқни иккинчи зўрроқ халқ томонидан қарам қилишга бошладилар. Шуни ҳисобга олмаганлар ўз халқи ва инсоният олдида ҳамиша жинояткор кимсалар бўлиб қолдилар. Абдулла Қаҳҳор саксон бешга кирибдилар. Абдулла Қаҳҳор ҳақида ёзмоқчи бўлиб ўтириб, Абдулла Қаҳҳорлар авлоди ҳақида ўйламаслик, сўз юритмасликнинг сира иложи йўқлигини англаб турибман. Абдулла Қаҳҳорлар авлодидан (авлод сўзини бу ерда ижтимоий-фалсафий тушунча маъносида оляпман) жуда оз одамлар қолди. Улар ғоятда ноёб. Аср аввалида дунёга келган бу авлод ўтиб кетди. Аслида бу авлод Сталин ўлиб, Хрушчев сиёсат тегирмонига келгандаёқ маънан ўтиб бўлган эди. Сталиндан давр то Горбачёвга тегирмонни топширгунча аслида шу Сталин ясаган даврнинг у ёки бу қадар давом этган оқавалари эди. Чамаси, сталинизм ниҳоят Саддам ва Кастро билан барҳам топади. Ва инсоният ниҳоят бу ўта сиёсийлашган балодан буткул қутулади.
Абдулла Қаҳҳорнинг авлоди… Беҳбудий, Фитратлар авлоди… Илгари бу авлодларни белгиларини кўрсатганда, уларни жадид – миллатчи адиблар ва шўро адиблари деб фарқлар, ажратар эдилар. Жадид адибларининг аксар қисми ўтган ўн тўққизинчи асрдан йигирманчи асрга кириб келган, шўро адиблари эса асосан йигирманчи асрнинг иккинчи чорагида шакллана бошлаган ва Сталинча мустамлака даврининг кўз, қулоқ эшитмаган зўравонлиги остида ўзларини қизил инқилобчилар сафига олган эдилар.
Аслида ижтимоий ҳаётнинг табиий тараққиётига кўра бу икки қудратли авлод бир-бирига қуйилиб бориши, бири иккинчисига куч бағишлаши, тўлдириши ва устоз-шогирд, давомчи бўлиши керак эди. Лекин сиёсий тўнтаришлар, янги мустамлакачилик сиёсати туфайли бу авлодлар зўравонлик ва турли хийла-найранглар воситасида бир-бирларидан ажратиб ташландилар. Ажратиб ташлашнинг ўзи билангина кифояланилмади. Балки улар ўртасига ўтиб бўлмас ғов ташланди. Бир миллатпарварлик, озодлик ва мустақиллик жабҳасида туриши ва тинимсиз кураш олиб бориши керак бўлган авлодлар аллапалла дегунча икки жабҳага ажратилди. Мустамлакачилик сиёсати уларни бир халқнинг зиёли, мунаввар фарзандларини мутлақо бирбирига зид икки жабҳага итқитиб юборди. Янги империя – қизил салтанат ўзи босиб олган ерларда ҳаётни ўта сиёсийлаштирди. Синфий кураш ниқоби остида халқларни икки рангга ажратди. Шу даҳшатли рангли ниқобни кийган ҳар бир халқ ўз ичида ўз-ўзини қира бошлади. Болта тутқизиб ўз томирини ўзига кестирди.
Бу сиёсийлашувнинг оқибатлари ҳали-ҳамон тамомила битган эмас.
Шундай қилиб, Абдулла Қаҳҳорлар авлоди сиёсийлашди. Уларнинг тоза, гўзал онгларига зўрлаб қизил кўйлак кийдирилди. Улар янги қизил мустамлака ғояларини тўла қабул қилдилар ва ўзлаштирдилар. Қайси бир асарларида бўлмасин, ниқобланган мустамлакачилик ғояларини ёқладилар, куйладилар ва шу сиёсатни, шу ғояларни айни ҳақиқат деб танидилар, унга эътиқод қўйдилар.
Жадид миллатпарварлари эса ҳеч қачон бу ниқобдор ёвуз ғояларни қабул қилмадилар, улар билан муроса қилмадилар, сўнгги нафасгача озодлик ва мустақиллик учун кураш олиб бордилар.
Лекин янги шўро адиблари билан жадид адиблари ўртасида бир муҳим нарсада умумийлик сақланиб қолди. Ҳар икки томон ҳам баб-баробар халқпарвар, баб-баробар миллатпарвар эди. Уларни шу улуғ миллатпарварлик ҳамиша бирлаштириб туради ва кейинги авлодни олдинги авлоднинг ўзи истайдими-йўқми, давомчисига айлантиради. Ойбек ўз миллатпарварлигида қанчалар юксакда туради! Ғафур Ғулом миллатпарварлигининг эҳтироси, шиддати-чи! Абдулла Қаҳҳордаги миллатга ўта изтиробли, аламли муҳаббат-чи! Бу улкан адибларнинг қай бири миллатпарвар эмас эди? Йўқ бундай улкан адиб! Шу маънодаги миллатпарварлик табиий тараққиёт учун янада табиийдир. Чунки миллатпарварлик бўлмаса, ҳар қандай миллат йўқ бўлиб кетишга маҳкум. Миллатпарварлик инсонпарварликнинг энг муҳим узви. Ҳеч қачон уларнинг бирини иккинчиси бўлмаса, тасаввур этиш мумкин эмас. Миллатчилик эса бошқа миллат фарзандларига адовати билан фарқланади. Бу адоват эса охир-оқибатда сиёсий эзилишдан келиб чиқади. Бу эзилганнинг эзувчига адовати билан баробардир.
Абдулла Қаҳҳорлар авлоди… Ха, бу авлод ўтиб бораётир. Бу авлоднинг умумий қиёфаси қандай?
Бу авлоднинг бир ижтимоий белгисини эслаб ўтдик. Уларнинг ҳаётлари ўта сиёсийлашган ҳаёт, уларнинг қарашлари ўта сиёсийлашган қарашлар эди.
Шу белги – улар учун бош белги. Қолган барча белгилар ва хусусиятлар шунга боғланган, яъни ўта сиёсийлашув остида шаклланган. Бу авлод ўз эҳтиросли миллатпарварлигини маърифатпарварлик остига яширди. Халқни маърифатли қилиш учун зўр берди. Жадидлар учун эса маърифат мустамлакачилик зулмларидан қутулишнинг бир йўли, чораси, қуроли эди. Абдулла Қаҳҳорлар ўзларини озод деб билдилар. Қодирий ва Чўлпонлар эса ўзларини озод деб билмадилар. Ҳақиқатан том маънодаги озодлик йўқ эди. Озодлик турлича олижаноб тушунчаларни ифодалайдиган сўзлар билан ўрин алмаштирилган эди. Сўзлар, ғоялар олижаноб эди. Лекин ҳақиқий озодлик йўқ эди. Чўлпонлар, қанчалар қўрқинчли бўлмасин, йўқ нарсани баралла йўқ дер эдилар. Қаҳҳорлар эса йўқ нарсани бордай қилиб сўйлар, ўзларини бордай тутар эдилар. Балки улар йўқнинг йўқлигини улкан ақл ва иқтидор эгаси сифатида ичларида теран англагандирлар. Лекин бу англовларини ҳеч қачон ошкор қилмасдилар.
Қаҳҳорлар авлоди қиёсларга берилган эди. Улар ҳар бир қадамда мавжуд турмуш билан кечаги кунлар – яъни ўтмишни чоғиштирар эдилар. Ўтмиш билан янги мустамлака воқелигини чоғиштириш жуда қулай эди. Ҳар ҳолда қоғозда бўлса ҳам, жумҳурият эълон этилган, унинг дастурига салтанатдан эркин ажралиб чиқиш ҳуқуқи битиб қўйилган эди. Лекин бу ажралиб чиқиш ҳуқуқидан фойдаланаман деган ҳар қандай кас ўша заҳоти бўғиб ташланар эди. Нисбатан яхши замонларда ҳам шундай эди.
Шўро адиблари турмушдан қандай бўлмасин, яхшилик топишга, халқнинг ҳаётида яхши ўзгаришлар кўришга, ҳар қалай ҳаёт яхшиланиб бораётганини ҳис қилишга одатландилар. Бу жиҳатдан янги ҳаётни ўтмиш ҳаёт билан солиштириш, қиёслаш улар назарида яхши самаралар берар, бошқа бир томондан олганда эса, «комиссарлар» кўз қарашида ҳам бу нарса маъқулланарди. Тинч яшаш, ижод қилиш, маълум бир рўшноликларга эришиш, тазйиқлардан вақтинча бўлса-да, эмин бўлиш учун бу жуда катта аҳамиятга эга эди.
«Комиссарлар» эса ҳар соҳани ғоятда қаттиқ назорат қилардилар. Ҳамманинг фикрини бир қолипга солиш учун беҳад қаттиқ ҳаракат борарди. Ана шундай шароитда янги ҳаётни ўтмиш ҳаёт билан қиёслаш ва янги ҳаёт фойдасига ҳукмлар, хулосалар чиқариш жуда яхши самаралар берарди.
Шуни қайд этиб ўтиш зарурки, ўтмиш билан қиёслар янги шўро адибларигагина хос бир ҳодиса эмасди. Аслида ўтмишга қиёслар дастлаб Фитрат ижодида бошланган эди. Кейин бу йўлни Қодирий ҳам, Ҳамза ҳам, Чўлпон ҳам қабул қилди. Улар ўтмишни теран англамагунча янги замонни ва халқнинг ҳолатини тушуниб, тушунтириб бўлмайди деган хулосага келган эдилар. Мамлакат, халқ нега шундай аҳволга тушди ва нега ҳар нарсага тоқат қилишга одатланди? – деган муаммога янги ҳаётнинг ўзидангина жавоб излаш етмас эди. Ўтмиш тарих ҳар томонлама таҳлил этилган чоғдагина рўй бераётган залолатларнинг илдизи очилар ва шундагина даволаш, тузатиш чораларини қўллаш мумкин бўларди. Фитратлар забунлик ва зулм илдизларини қўйдириш учун ўтмишга мурожаат қилдилар. Ёш шўро адибларининг ўтмишга мурожаати фақат қиёс ва тарғибот учунгина эди. Бироз ўтиб у янги замонни мадҳ этиш, тасдиқлашнинг бир воситаси бўлиб қолди. Шўро адиблари забунлик ва зулм илдизларини очдилар, лекин ҳодисаларни таҳлил қилиб ўтирмадилар. Таҳлил хатарли эди. Хулоса бир жойга тақаларди. Бу жойга эса тегиб бўлмас эди. Тегиш ўлим билан тенг эди.
Қаҳҳорлар авлоди худди фитратлар авлоди каби ўтмишни яхши билади. Уларнинг суяклари ўтмишда қотган. Қонларига яхшими-ёмонми ўтмиш сингиган. Ҳар икки авлод зиёлилари ҳам ўтмишдан кескин қутулишга тарафдорлар. Улар ўтмишни ёқламайдилар. Лекин Қодирийлар ўтмиш тарих саҳифаларида халқни халқ қилиб ушлаб ва сақлаб турган қудратли нурли кучларни ҳам кўрадилар. Тарихнинг энг тушкун дамларида ҳам мададкор оқ шарпалар юзага чиқадилар. Улар назарида ўтмиш бағрида озодлик учун курашга ярайдиган буюк куч яшириниб ётади.
Лекин хусусан, Қаҳҳор бундай қарашга қўшилмайди. У ўтмишни яхши билади ва унда тугал забунлик, хорлик, гадолик кўради. Ўтмиш Қаҳҳор назарида қора ўпқон. Халқ шу ўпқонда яшайди. Бу ўпқонда фақат oғриқ, хулиё ва иситма ва бош-кети кўринмас забунлик бор. Ўпқондан тинмай фарёд овози келади. Қаҳҳор ростдан ҳам бу ўпқонни кўрган, ўзини унинг ичидан таталаниб чиққан деб билади. Унинг қулоғи остида ўтмиш ўпқонидан чиқаётган садолар сира битмайди. У ўтмиш сасларини мозорлар ва тобутлардан чиқаётган овозларга ўхшатади.
Айтайлик, Фитрат ва Қодирий ўтмишни тарих орқали тушунтиришга интилади. Қаҳҳор ва Ғафур Ғулом эса ўтмишни – ўтмиш орқали англамоқчи бўладилар. Сиз тарих ва ўтмиш бир нарса эмасми? – дейишингиз мумкин. Лекин булар бир нарса эмас. Қаҳҳор назарида ўтмиш – бу оддий халқнинг турмуши, Мўминжон Муҳаммаджонов – Тошқин домла жуда топиб айтгандай ўтмиш бу «турмуш уринишлари». Ва шу холос. Фитрат ва Қодирий назарида эса ўтмиш бу аввало – тарих. Юртнинг, халқнинг неча минг йиллик тарихи.
Қаҳҳор доим ўтмишга ёзувчи кўзи билан қаради, унинг ўтмишга қарашлари тузумда шаклланган сиёсий қарашларга тўла уйғун. Жуда оз истиснолардан ташқари Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмиш ҳақида яратилган барча машҳур асарларининг қаҳрамонлари – мазлумлар. Уларнинг барчалари забонсиз мазлум. Миркарим Осим асарининг гўзал ибораси билан айтганда, тилсиз гувоҳлар. Ҳаддан ошган зулмнинг тилсиз гувоҳлари. Туробжон. Сотиболди. Қобил бобо. Бабар. Исмлар ҳам жуда оддий. Айтиш мумкинки, тупроқдай жўн. Бир пайтлар адабиётчиларнинг тилида «антигерой» (яъни зиддиқаҳрамон) деган тушунча сўз юрарди. «Антигерой» дейилганда қаҳрамонлик хусусиятларидан маҳрум бўлган кимсалар тушуниларди.
Ҳақиқатан ҳам юқоридаги номлари саналган қаҳрамонлар – қаҳрамонлик хусусиятларидан маҳрум. Улар ўзларининг нега бундай аянчли ҳолга тушганликларини тушунтириб, ифодалаб беролмайдилар. Забунлик уларни шу қадар лол ва карахт қилиб қўйган. «Бемор»га қулоқ соламиз: «Бемор оғирлашди. Сотиболди хўжайиннинг олдига арзга борди, аммо бу боришдан муддаоси нима эканлигини аниқ билмас эди…» Бу ниҳоятда теран англанган ҳол: Туробжон арзга борадию арзини баён қилолмайди. Қашшоқлик бошдан ошиб уни забонсиз қилиб қўйган. «Анор»га қулоқ соламиз: «Туробжоннинг бу сўзлари хотинининг қулоғига нотайин бир ғулдираш бўлиб кирар эди. Унинг Туробжон билан уй қурганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу уч йилдан бери ғулдираб келган, ҳозиргиси шунинг давомидай эди. Иттифоқо, бу кун нима бўлди-ю, уч сўзни равшанроқ айтди: «жигарларинг эзилиб кетсин», деди… Мужмал турмушга яраша мужмал ғулдирашлар. Уч йил бирга бир ёстиққа бош қўйиб яшаган ёш эр-хотин ўртасида уч сўздан ортиқ ҳеч эсда қоладиган воқеа бўлмаган. Забунлик бу бечораларни шу даражада гунг қилган. Кўп ҳолларда Қаҳҳор бу каби қаҳрамонларига ҳатто исм ҳам қўймайди. Сотиболдининг хотини, Туробжоннинг хотини деб қўя қолади. Ғулдирашлар ҳам, исмсизликлар ҳам, арзини баён қилолмасликлар ҳам зулмнинг оқибатлари. Бабар ҳеч кимга ўзининг гуноҳсизлигини тушунтириб беролмайди. Атрофдагилар унинг гуноҳга қодир эмаслигини тушуниб етишга қодир эмаслар. Бу турғун, чириган муҳитнинг белгиси. Шунинг учун то Бабар ўз гуноҳсизлигини тушунтиргунча жонидан айрилади. Қобил бобо-чи? Унинг тушунтиришлари бари: «ола ҳўкиз эди…» деган сўзлардан нарига ўтмайди. Атрофдагилар ҳам уни тушунмайдилар ёки ўзларини тушунмаганга оладилар. Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмишдан ёзган асарларида қаҳрамонларнинг кўксиларидан инграгандек садогина чиқади. Шу ингроқ овоз ёзувчининг ҳикоя усулидан ҳам дам сайин келиб туради.
Мана шу ўта кучли маҳорат билан чизилган қаҳрамонлар… Уларда на руҳий ҳолат ва на изтиробли ички ўйлар, кечинмалар зоҳир. Улар нега бундай, деган саволни ўз олдиларига қўймайдилар. Истибдод ва зулм уларни шундай сўнг даражага еткизган. Ўтмиш уларни тамомила қиёфасиз қилиб қўйган. Бундай юксак маҳорат билан яратилган асарлар қандайдир тарзда бу халқнинг ўтмиши ва ўтмишда нурли чироғи йўқ эди, деган мафкуравий хулосага олиб келар, бу эса ўша давр адабий ҳаёти ва адабий сиёсати учун жуда қулай эди. Қаҳрамонларни адабий сиёсат учун қулай тарзда тасвирлаш, ғояларни ҳукмрон сиёсатга бўйсундиришга уринишлар жуда талантли тарзда «Сароб»да ҳам, «Қўшчинор чироқлари»да ҳам, «Синчалак»да ҳам тўла намоён бўлади.
Буларнинг бари адабиётни ҳукмрон сиёсий тузумнинг манфаатларига мослаш ва тўла бўйсундириш, бадиий сўз ва бадиий ижодкорликни тамомила сиёсийлаштиришнинг оқибатлари эди.
Шўро адабиёти бугун ўтмиш бўлиб қолди. Бу адабиёт ҳаёт ва халқ ҳақида, тарихий воқеликлар тўғрисида маълум сиёсий гуруҳнинг нуқтаи назари бўйича ўзига хос тасаввурлар яратди. У тасаввурларнинг кўпи «социалистик эртаклар» эканлиги бугун равшан бўлди.
У давр ҳам, у адабиётлар ҳам эндиликда тарихнинг мулки. Социалистик авлод ва у яратган маданият ҳам биз учун меросга айланди. Меросга айланган маданият обидалари эса насллар томонидан ўрганилади, уларга эндиликда ва бундан сўнг турли сиёсий тепа ва тепачалардан туриб эмас, жаҳоннинг барча халқларига қадрли бўлган барча инсонларга бирдек азиз умуминсоний қадриятлар нуқтаи назари билан қараб баҳо берилади, эъзозланади.
Абдулла Қаҳҳорнинг асарлари шўро даври маданиятининг барча хусусиятларини ўзида акс эттирган ёрқин намуналаридир. Улар ҳаёт ва халқнинг ички-ташқи оламини қанчалар ёритолди, улар ҳақида қанчалар таълим беролди – шунга кўра янги наслларга ҳамроҳ бўлажак.
Абдулла Қаҳҳор ўз даврининг юксак иқтидор ва салоҳиятга эга адиби. У халқни маърифатли қилиш, унинг умумий маданиятини юқори савияга кўтариш йўлида бутун адиблик таланти баробарида тер тўкди. Ўз замонасининг етук зиёлиларидан бирига айланди. Халқ ўртасида катта обрў қозонди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?