Электронная библиотека » Иброҳим Ғафуров » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Иброҳим Ғафуров


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 32 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Унинг Шарқ мавзуидаги шеърларида кўзга ташланадиган наъракорлик ҳам балки шу – ўзини Шарқ фарзанди ва шоири деб билишдан туғилган бўлса ажабмас. Халқ бошига тушган катта фожиани енгиш учун шундай шеърлар керак бўлган-да…

 
Не тонгки, ҳозир бундай ёзмайдилар
Не тонгки ҳозир бундай сезимлар сезмайдилар.
 

Ва ҳозир бундай наъра тортмайдилар. Ҳар замоннинг ўз хоссаси бор.

Балки ғала-ғовyp, турли ерларда экстремистлар бош кўтараётган вақтда шундай кучли нотиқона қамров билан ёзишни даврнинг ўзи ва масалаларнинг долзарблиги талаб ҳам қилаётгандир.

Ҳозир эндиги шоирлар бутун Шарқ номидан, Шарқ халқларининг позицияси ва нуқтаи назаридан туриб эмас, балки индивидуал бир инсон, бир шахс, бир ижодкор назаридан туриб сўз айтадилар. Замонлар бошқача. Ижодлар бошқача. Ижодларга қарашлар бошқача. Ўзга талқинлар. Ўзга равишлар, ўзга рафторлар.

Ғафур Ғулом эса ўз даврида миллионларнинг қалби ва интилишига доир сўзларни айтишга ўзини бурчли деб билган эди.

Шоирлар энди ўз қалбларини ўзлари тинглайдилар ва ўз қалбларига доир гапларнигина шеър гапи деб биладилар. Шунга кўра баъзан Ғафур Ғуломнинг шеъри ва бу шеърни севган, қалбида олиб юрган ўқувчилари олтмишинчи йилларнинг ўрталарида қолиб кетганлармикин деган безовта дардли хаёллар ҳам туғилади.

Рост, ўттизинчи – қирқинчи йилларнинг наъра тортиш, ҳайқиришлари бугун ажабланарли туюлиши мумкин. Зотан, бугун наъраларга ўрин йўқ. Ҳар замоннинг ўз садоси ўзига ярашадир. Ҳозир бўронлар тингандай, осуда, вазмин, оқил таҳлиллар, талқинлар замони киргандай.

Ғафур Ғуломнинг ўттизинчи – эллигинчи йиллардаги ўқувчиси наъра тинглайдиган, ҳайқириқларни ёқтирадиган, ҳайқириқларсиз ҳеч ишини битирмайдиган, бир сўз билан айтганда, наърага мойил ўқувчи эди. У ўқувчи маршларни севар, маршлар тинглаб, жабҳаларга, меҳнат майдонларига сафланарди. Наъра солиб ижтимоиёт майдонлари ва саҳналарида жўшга кирарди. У замонлар ўтганидек, у садолар босилганидек, у ўқувчилар ҳам бирлари ўтдилар, бирлари кексардилар. Лекин наъра қолди. Наъра сўзи қолди. Чунки у юракдан ўт олган ҳақиқий бедор сўз эди. Тирик сўз эса абадиятга дахлдор:

 
Ҳе Осиё, Европа
           кўҳна дунёнинг
Африка
У қора танларинг сенинг,
Афғоннинг, Эроннинг,
           жумла жаҳоннинг қуллари,
Дамашқнинг, Басранинг етим, туллари,
Марокаш эрлари,
Сиём шерлари
           раъдвор наъралар
                      тортмоқлик галинг…
 

Ғафур Ғуломнинг йигитлик чоғларида ёзган мана шундай шердам, ғаройиб чарсиллаган, қалдираган қофияларида замоннинг қадами, кураши, аёвсизлиги жам бўлгандек эди. Ғафур Ғулом учун сўз қурол эди. Буни тушунишда ва амалий ифодасида шоир ўз даврининг кам одамлар етиб кироладиган пешқадами эди.

* * *

XX аср эски дунёдан батамом воз кечамиз деб уйғонди. Ғафур Ғулом эса асрнинг шундай мафкуравий уйғониш тонгида туғилди. У вақт ва аср дарёсининг четига чиқиб томошабин бўлиб туролмас эди. Унинг табиатида ҳаётни фаол меҳнат ва кураш билан ўзгартиришга интилиш майли жуда кучли эди. Унинг йигирманчи йиллар аввалида ёзган илк шеърларидаёқ хўрланиш ва қарамликка исён аланга олди. Ғафур Ғуломнинг инсонпарварлик дунёқараши эрта илгарилаган, шаклланган, у йигирма ёшидаёқ ижодий мақсадини ўзи учун белгилаб олган ўскин йигит бўлиб етилган эди. У замон воқелигига бор бўйича шўнғиди. Юрагидаги жуда катта ижодий куч-қувватни юзага чиқариш учун ҳаётнинг бепоён хайрли, кураш, меҳнат билан тўлган майдонлари – соҳаларини топди. Ғафур Ғулом табиатан ғоятда долзарб одам эди. У ўзини янги меҳнаткашлар замонининг агитатори ва тарғиботчиси деб тушунарди. Кейинчалик бир мақоласида буни аниқ-равшан ифодалаб берган эди: «Ўзим долзарблик ва ҳозиржавобликни, сиёсий ўткирлик ва партиявий юксакликни ижоднинг ўзаги деб тушунганим учун…» Унинг маърифатли хонадонда тарбия топганлиги бу хонадоннинг зиёли анъаналари ҳам шуни тақозо ва ҳатто талаб қиларди. Йигирманчи йилларнинг ўрталариданоқ тарғиботчилик янги шаклланаётган совет адабиётининг бош йўлига айланди. Кўп ёзувчилар ва шоирлар ўзларини «партиянинг дастёрлари» деб эълон қилдилар.

Ёш, ғайратли Ғафур Ғулом каби катта иқтидорли шоирларга ўлкага худди «мангу бахт, толе» келгандай бўлиб туюларди. Янги қурилишлар, янги саноат шаҳарлари, янги техникалар, янги мутахассислар асрий қолоқлик, мудроқлик, феодал шароитлар, урф-одатлар, қашшоқлик, забунликни енгиб ўтувчи, уларга бутунлай барҳам бергувчи мўъжизавий бир қудрат деб қараларди. Ёшликнинг жўшқинлиги, шижоатига ўзгаришлар мислсиз бир тўлқин бағишлар, 1935 йилнинг бир шиддаткор шеъри «Текстилкомбинат ва Миср эҳроми»да айтилганидай, «дунё томида туриб ғалаба ноғорасини чалишга» чақирарди. Наъралар ва ҳайқириқлар фақат Ғафур Ғyломгагина хос бўлмай, балки бир идеология ортидан эргашган, унга эътиқод қўйган Нозим Ҳикмат, Маяковский, Лоҳутий, Ҳамза, Бедний, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва уларнинг издошларининг овозларида ҳам баралла қулоқка чалинарди. Баъзан паравозлар, болғалар, синфий босқинлар гулдурослари орасида эрта кўклам очилиб, совуқ шамолларда титраб қалтираб турган жозибали бодом гулларининг ҳам таровати кўзга чалиниб қоларди.

 
Ҳей, қўшиқ айтгим келаётир
Кўклам қўшиғин
Бодом гулларининг
           юмшоқ ҳидлари
                      йигит ўпкаларга
                                 бошлади оқин…
 

Диктатуралар, синфий курашлар бугун ўтмиш тарих саҳифаларида сарғайиб, инсониятнинг истеъмолидан чиққан каби ётади. Лекин ҳаёт ғолиб, бодомлар ҳамон азал гўзал қўшиғини айтиб гуллайди. Ва Ғафур Ғуломнинг «Боғ», «Чаман», «Аввал баҳор эди…», «Қоғоз», «Сиёҳдон», «Икки шеър», «Алишер Навоий қабри устида», «Тун билан тонг», «Собиқ ой юзлигимга» каби ўнлаб гўзал, нафис, инсоний туйғулар юлдуздай сочилган, боғбонлик, ошиқоналик, энг юксак ватанпарварлик руҳи билан суғорилган шеърлари ҳамон ҳар қандай одамни тўлқинлантиради, севишнинг қудрати нималарга қодир эканлигидан дараклаб туради.

XX асрнинг биринчи ярмида Ғафур Ғулом ўз шеърларида авангардга, модерн шеърнинг жуда таъсирчан замонавий янги шаклларига интилди. Уларнинг ёрқин буюк намуналари билан адабиёт хазинасини бойитди. Ғафур Ғулом улуғвор, қудратли истеъдод соҳиби эди. У ҳар қанча жозибали бўлмасин, ҳайқириқлар ичида қолиб кетишни, олқишлар, қутловлар, минбарлар овози билан чекланишни истамади. У эҳтимол олқишларни ҳаммадан кўра ҳам яхшироқ ифодалай оларди. Лекин унинг улуғ иқтидори ва даҳоси ҳамиша бу чекловларни ёриб ўтиб борди.

Ғафур Ғуломнинг кўтаринки пафос ва патетикага мойил талантига «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка», «Таклиф қиламан», «Нон», «Қалблар можароси», «Маданий қатра», «Тугасин такя», «Олқиш» ва уруш йилларида дунёга келган «Сен етим эмассан», «Мен яҳудий» сингари жарангдор, жангжў шеърлар қанчалар хос бўлса, «Кузатиш», «Соғинч», «Хотин», «Вақт», «Аввал ўқи», «Куз келди», «Чин арафа», умрининг охирги йилларида яратилган «Алишер Навоий қабри устида», «Ҳамма ердан сен гўзал», «Тун билан тонг», «Собиқ ой юзлигимга» сингари улуғвор инсоний кечинмалар акс этган дилрабо шеърлар ҳам шунчалар хос эди. Бундай шеърлар улкан шоир ижодий меросида оз эмас. Бу каби асарлар ўз донишманд фалсафаси, ҳаётийлик қудрати билан Ғафур Ғуломни Муҳаммад Иқбол, Назрул Ислом, Рабиндранат Тагор, Нозим Ҳикмат, Пол Робсон сингари шоир адиблар қаторида мустаҳкам туришига мангу гувоҳнома беради. Улар бари вақтни енгиб бораётган асарлардир. Қолаверса, «Шум бола» ўзбек насрини Америка адабиётининг фахри «Геклберри Финн» ва «Том Сойер саргузаштлари» сингари улуғ ҳаётпарварлик даражасига кўтармадими, бир етимнинг шўх ва аламли саргузаштларини инсониятнинг Раблезиан саргузаштлари миқёсига олиб чиқмадими? «Ёдгор», «Нетай», «Шум бола», «Менинг ўғригина болам», Афанди туркум ҳикоялари адабиётнинг энг улуғ ҳунари ва санъати саргузаштда эканлигини исботламадими?

* * *

Ғафур Ғулом ижодининг бошидан охиригача ҳаётийлик ва инсонийликка интилди.

У ҳаётийликни – инсонийлик, инсонийликни – ҳаётийлик деб тушунарди. Унинг ўзи ҳам, қарашлари ҳам, бутун шоирона кечинмалари, ҳиссиётлари ҳам ўз даврининг, ўз халқининг ҳаёти билан чамбарчас бўлиб кетган эди. Бу жиҳатдан, айтайлик, Пушкин ўз даври жамиятига қанчалар фаол таъсир кўрсатган бўлса, Ғaфур Ғуломнинг ҳам XX аср Ўзбекистон одамларига ва халқига таъсири шунчалар кучли бўлган эди. Бундай ялпи эмоционал таъсир кўрсатиш жуда камдан-кам шоирларгагина насиб этади.

1948 йилнинг апрелида биз ўн ёшни тўлдирган, бешинчи синф дарсликларини иштиёқ билан ўзлаштиришга шўнғиган эдик. Адабиёт муаллимимиз дарсга ёшлар учун чиқариладиган газетани кўтариб кирди. Газета япянги, ундан қўрғошин ва керосин ҳиди анқиб турарди. У одатдагича йўқлама ҳам қилмай, ўтилган дарсни сўраб ҳам ўтирмай, газетани шалдиратиб очди-да, «Бугун шоиримиз Ғафур Ғуломнинг шеърлари чиқибди. У сиздек ёшлар учун ёзилган. Шуни ўқиб бераман» – деди-да, «Сизга» деб номланган шеърни ўзининг адабиётчиларга хос ширали ва ўткир овози билан ўқий кетди.

 
Мажлисда муборак юзингиз кўриб,
Шоирнинг довдираб қолиши мумкин.
Қайсингиз Алишер, қайсингиз Пушкин,
Қайсингиз Нодира, Ломоносов ким?
 

Биз кутилмаганда шеър тўлқини ичига кириб сел бўлдик-қўйдик. Гарчи оташин бу шеър университет талабаларига қарата айтилган бўлса ҳам, лекин ҳамма сўзлари бизга ҳам тааллуқли эди.

 
Хато айтмоқдаман, доно авлодлар,
Бу мажлис эгаси сиз ўзингизсиз.
Эндиги оламнинг ҳар бир мушкули
Ҳал бўлмас мўътабар бир сўзингизсиз.
 

Юрагимизга ҳеч бир тўсиқ билмай оби ҳаёт томчиси каби тўкилди бу сўзлар. Ўзимизни ростданам оламнинг мушкулларини ҳал қилишга куч-қудрати етадиган, сўзи, иши мўътабар кишилардек ҳис қилардик. Шоирнинг бизга, мурғак ақлимиз ва тушунчаларимизга виқор ва буюклик билан мададга келаётганлиги туйғуларимизни умидли кўкларга қадар кўтарарди:

 
Сиз, ахир, осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин.
Ақлу балоғатнинг шотуларидан
Юксала берингиз секундлар сайин…
 

Биз бу шеърни ўз сўзимиз ва ўз шоирона ҳаётий дастуримиз каби қабул қилдик. Уни ёдлаб олдик. Ўшандан бери бу шеър умр бўйи бизга ҳамроҳ. У бизнинг фикримизни юксалтирган, дидимизни тарашлаб тарбиялаган. Биз неча замон бу шеър таъсирида юрганмиз. Ўтирсак ҳам, турсак ҳам уни ўқиганмиз. Университет даргоҳига илк қадам қўйганимизда ҳам илк эшитган шеъримиз шу шеър эди. Ёшгина домламиз Лазиз Қаюмов биринчи дарсга кириб, дарсни шу шеърни ёд ўқишдан ва унинг бадиий теранликларини изоҳлашдан бошлаган эди.

Биз шу шеър таъсирида шундай бўлдик. Балки Эркин Воҳидов сингари шоирларнинг ҳам шундай бўлгани ушбу шеър файзидандир. Шундан сўнг Ғафур Ғуломнинг шеърий китобларини кидириб топиб ўқишга берилдик. Ҳаётимизга «Шум бола», «Ёдгор», «Нетай», «Соғиниш», «Кузатиш», «Вақт», «Яша дейман, ўғлим», «Сен етим эмассан», «Ўқи», «Олтин медаль»… Эҳ-ҳе, не-не дурдоналар ва шеърлар ва шеъриятнинг олтин дамлари кириб келди. Шоирнинг ўша пайтларда чиққан «Тонготар қўшиғи» китоби бизнинг энг севимли китобимизга айланди. Сўнг акамга қарашиб пул топиб шоирнинг 1953 йилда нашр этилган энг мўътабар китобларидан бири – «Танланган асарлар»ни сотиб олдим. Бу китобнинг чиқиши биз учун чинакам байрам бўлган эди.

Ғафур Ғуломнинг асарларини ўқиб, фикримиз, хаёлимиз фазолар, ойу юлдузлар қадар юксала борарди. Аллақандай даҳфатан тушунтириш ҳам қийин бўлган ёрқин фалсафийлик кўксимизни тўлдирар, кўнглимизга яшаш илҳомини соларди.

Биз ўқирдик:

 
Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин…
 

Бу сатрлар дунёга келганда Ўзбекистон кўкида унинг дурахшон юлдузи балқигандай бўлган эди. Кунда ўқирдик бу сатрларни, ҳар дамда ўқирдик ва дилларимизга олтин сўзлар қуйилгандай туюларди. Ўзбекистонда бу сўзларни ёд ўқимаган ва уларни ўзиники деб билмаган киши чамаси йўқ эди.

 
Бизнинг янтоқлардан ҳалво пишгандай,
Бизнинг қамишлардан шакар тўкилур;
Бизнинг тариқлардан бир тўйган чумчуқ,
Жаҳонлар айланиб йироқдан келур…
 

Жонимиз, қонимизга ифтихор каби оқиб кирарди бу каби оҳанрабо сўзлар. Ифтихор, ғурур, агар шоирона сўзларда моддийлашса, улар Ғафур Ғуломнинг шеърларида юксак даражада моддийлашган – қуйма жавоҳирларга айланган эди.

Ғафур Ғулом бу каби шеърлари билан бизнинг назаримизда толе яратарди. Бизнинг қалбларимизга кириб толе яратарди. «Ассалом»да «толе синамадик, толе яратдик» деганда шоир минг бора ҳақ эди.

Биз инсон ҳурмати, эъзози, маърифати, унинг Ватанни севиши нималигини Ғафур Ғулом шеърларидан ўқиб, англардик ва шу ўқишларда ёшлигимизнинг эътиқодлари туғиларди:

 
Инсонга ҳурмат бу – ўзин танимак
Муқаддас атамак яшаган ерни…
 

Инсонга ҳурмат Ғафур Ғуломнинг шоҳ сатрларида янграб турарди. Ғафур Ғуломча инсонпарварлик қалбларимизга реза-реза сингирди. Бу шеърларни биз ўзимизга мураббий деб билардик. Улар ақлимиз, идрокимизни чархлаб борарди:

 
Дуруст, виждонлимиз, ақл эгаси,
Геркулес қудратли инсонпарварлар.
Бор бутун бу хислат кибр бўларди
Ақлда ихтиро бўлмаса агар…
 

Шоирнинг шеърлари шу қадар таъсирга эга эдики, биз Самарқандга бағишланган шеърларини ўқиганда, ўзимизни шу дурахшон шаҳарлик деб ҳис қилардик, Наманган тўғрисидаги гўзал шеърларини тинглаганда, нега Наманганда туғилмаган эканмиз, дердик. Тошкент, Фарғона, Хоразм ҳақидаги порлоқ шеърий дурдоналарни-ку асти қўяверинг! Шоирнинг назар уфқлари шу қадар кенг эдики, у дам бизни озодлик учун курашаётган Жазоирга, Ливанга, Ҳиндистонга, Афғонга, Хитойга, океанлар оша Пабло Неруда ва Тунон яшаётган Лотин Америкаси ўлкаларига бошлаб борарди.

 
Ўзимиз шу ерлик, меҳмондўст авлод,
Дўстларни чақиринг чаманингизга;
Отам шу ерда денг, мен ҳам бўлай шод,
Бир даста гул бўлинг Ватанингизга!
 

Ғафур Ғулом дўстларни ўз чиройли Ватанига чақирар, бизни ҳам шунга ундар, дўстларга бағри очиқлик – унинг дунёсида ўта инсоний овозга – ўзбекона яшаш удумига айланган эди. Ғафур Ғуломнинг дўстлик туйғулари юксак чўққиларга кўтарилган «Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим», «Она қизим Жамилага», «Юракдан юракка», «Буюк оламга салом», «Ливан омон бўлади», «Анор», «Улуғ ҳинд халқига», «Самад Вурғунга» каби улуғ инсоний иқтидор акс этган асарлари жуда кўп мамлакатларда акс садо берган, Ғафур Ғуломни ўз даврининг улкан маданият ва жамоат намояндалари қаторида мустаҳкам сафбаста бораётганидан, адабиётимизни дунё миқёсига олиб чиқаётганидан дарак берган эди.

Биз Ғафур Ғуломнинг ҳаётийлиги, инсонийлиги, жуда катта миқёсларда тафаккур юритиши туб ва асил миллийлик билан туташиб кетганлигини ва уларни ижодиётида бир-биридан ажратиб бўлмаслигини сезардик. У беҳад олижаноб ҳиссиётларни куйларди. Сатрларидан тўкин, беғубор, самараси ҳеч қачон тугамайдиган ва балки бутун инсониятга татийдиган миллий боғнинг ифорлари гуркирарди:

 
Кошкийди, халқим учун Ҳофиз ғазалларидек
Тинч-омонлик замоннинг лирикасин ёзолсам.
Кошкийди, бир нафас мен бу хуршидий хонамда
Oтa-бобом бошлаган дафтарин тўлғазолсам…
Кошкийди, Бенавою Халилуллолар билан
Бир дастурхон устида «мурча миён» чой ичсак,
Кошкийди, видо айтиб жаҳоний кулфат билан
Истиқбол субҳидамин бирга бирга қучишсак…
 

Улуғворликда – ҳаётийлик, ҳаётийликка – улуғворлик – Ғафур Ғулом сатрларида шунчалар мислсиз қийматга эга.

Қадимда китоб варақлари очилиб кетмаслиги учун уни ипак билан тикиб қўярдилар ва буни шероза дер эдилар. Ғафур Ғулом шеърларини бир-бирига ҳеч қачон сочилиб кетмайдигаи қилиб чамбарчас улаган ва бирлаштирган куч-қудрат унинг ўзбекона миллий ўзига хосликларни энг таранг пардаларда куйлагани эди. Агар таъбир жоиз бўлса, миллий ўзига хослик Ғафур Ғулом ижодиётининг мангу шерозасидир. У энг нозик инсоний туйғуларни қоғозга туширганда, энг долзарб сиёсий мавзуларнинг шоирона талқинларини яратганда канда қилмайдиган – ҳамиша боғ ва боғбонлик файзини, руҳини, шоирона кўтаринкилигини улар ичига олиб киради. У ўзининг донишманд, фалсафий, инсонийлик гупуриб турган тафаккурий силсилаларига ҳамиша табиат, коинот, юлдузлар, боғ йўллари орқали кирди. Ғафур Ғулом муҳташам боғининг эшиклари ҳамиша коинот сари очилган.

 
Шеърим дўстларимга келсин деб фором
Дилимнинг боғига анор ўтқазай…
 

Қанчалар гўзал, қанчалар халқона ва қанчалар чин маънода Ғафурона бу каби образлар ва бу каби миллий қарашлар, миллий образли фикрлашлар:

 
Олтин ерим мақтовини олсам тилимга,
Кўксим танбур косасидай лиммо-лим жаранг.
Куйга солинг шу дамларнинг шивир-шивирин,
Илк ўпичнинг илигидек шифо бундадир.
Койиш топмай, ҳаcca тутмай юз ёшнинг сири
Туққан ерни муккай ўпмак – шифо шундадир…
 

Ғафур Ғулом бутун ижодида – хоҳ насри, хоҳ фельетонлари, кулги ҳикоялари, латифалари, мутойибалари, шеърлари, йирик манзумалари, кенг публицистик меросида – ҳаммасида толейи, қисматида чинакам ўзгариш, тикланиш, янгиланиш рўй бераётган одамларни тасвирлади. Уларни кенг миқёсларда акс эттирди. Шоир доим ўзбек халқининг муносиб замонавий маданий турмуши учун курашди, десак бунда муболаға йўқ. У катта хаёл эгаси эди, бинобарин, ҳар бир бадиий сўзи катта хаёл меваси каби туғилди. У бир шеърида: «Бир замон яратдик сизга мерос бўлсин деб» деган сўзни айтади. Замон яратиш осон ҳунар эмас. У ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди. Лекин шоирнинг ёшлар учун том маънода замон яратгани бу бор гап ва бунда муболаға йўқ. Ғафур Ғуломнинг қалби ёшларга, болаларга – истиқболга доим очиқ эди. Унинг ёшларга пешвоз чиқмаган дами йўқ ҳисоб. «Сиз учун шеърлар ёзиб тўймайман», дейди. Бу унинг чин сўзи. Ғафур Ғуломнинг ён дафтарларидан бирида шундай фикр қайд этилган: «Ахлоқ билан адабиёт бир-бирининг давоми. Бир халқнинг ахлоқини билмоқ учун адабиёти билан таниш». Ғафур Ғуломнинг ўзи ўз халқининг асил маънавий-ахлоқий гўзалликларини, унинг яшовчан, ҳаётий қарашларини тўлалигича асарларида ифодалади. «Шум бола», «Гилос данагидан тасбеҳ» туркумига кирган сўнгги асарларида саргузаштлар, қизиқ воқеалар замирига теран ижтимоийликни сингдирди. Мумтоз ва замонавий адабиёт муаммолари устида оригинал тадқиқотлар ўтказди. Сон-саноқсиз фельетонлари ва кулги асарларида янги ҳаёт муносабатлари шаклланиши учун тинимсиз жанг қилди.

Ғафур Ғуломнинг шоирлик этаги мудом дуру жавоҳирларга тўла эди. Ғазал гуфтию дур суфти деган Ҳофизнинг фахриёна сўзи гўё Ғафур Ғулом учун айтилгандек эди. Унинг жони жаҳони, дилу дунёси ғазалга тўлган эди. У бекорга айтмаган:

 
Кўзимдан ойнакни ирғитиб ташлаб,
Келажак қиссасин ёзишим керак.
Йигитлик умрини қайтадан бошлаб,
Минглаб қон бағрини қазишим керак…
 

Лекин 66-йил баҳорги ер силкинишларида унинг қалби беҳад ларзага келди. Шоир ўзининг қуёш билан тутинган не-не сатрларини мангу сафарига ола кетди. Бироқ шоирнинг ўзи башорат қилгандай:

 
Не-не тарихларни бошдан ўтказиб,
Талай жафоларни тортган эски Шарқ –
Не-не даҳоларни тарбият қилиб,
Офтобдай жаҳонни нурга қилди ғарқ…
 

Ғафур Ғуломнинг шеърияти ва бутун ранго-ранг бой мероси ўзбек ери, ўзбек қалбининг нурига ғарқ бўлиб келаётган наслларга пешвоз бораверади.

* * *

Ғафур Ғулом кўтаринки образларга бениҳоя бой ижодиёти билан ҳаётда ҳам, адабиёт дунёсида ҳам қудратли таъсир майдонларини яратди. Бу таъсирнинг баракали оҳангдор кучини Шайхзода, Зулфия, Саида Зуннунова, Саид Аҳмад, Туроб Тўла, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Шукрулло, Рамз Бобожон, Шуҳратлар авлоди ва ниҳоят Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари мамлакат ҳурматига сазовор бўлган адиблар ижодида ҳам кузатиш мумкин.

Ғафур Ғуломни ўқиш – илҳомёр ва илҳомбахш ўқишдир.

Ғафур Ғулом ижодининг уфқлари жуда кенг жуғрофий маконларни қамраб олади. У ўзбек адабиётини Шекспир, Лопе де Вега, Фридрих Шиллер, Ходи Тоқтош, Маяковский, Нозим Ҳикмат, Пушкин, Грибоедов, Рудакий, Руставели, Саъдий каби улуғ алломаларнинг асарларининг жаранги билан бойитди. Унинг бадиий таржима сўзи шоирона кашфиётлари, кутилмаган, тонгриқма ихтиролари билан бизни ўзига тортади. Ғафур Ғулом инсониятнинг мангу майсазорларини севарди. Унинг севгиси ҳар бир сўзида садо бериб туради.

Ғафур Ғулом ёзувчиликни ўқитувчилик билан баробар қўяр, уларни халқ ўртасида маърифат зиёсини ёқувчилар деб биларди. Ўзи эса ўқитувчилар каби олимлик ва тарғиботчиликни бирга қўшиб олиб борарди. Унинг барча тарғиботлари олимнинг тадқиқотига, тадқиқотлари эса тарғиботга ўхшарди. У ўзининг ўтмиш ва замонавий адабиёт ҳамда ижтимоий-маиший ҳаёт масалаларига бағишланган илмий-публицистик чиқишларида, тадқиқот мақолаларида адабиёт ва ҳаётнинг шу пайтгача муаммо бўлиб келган томонларига равшанлик киритар, ишончли далолатлар келтирар, адабий жамоатчилик унинг муҳокамаларини эътибор бериб тингларди. У адабиёт ҳодисаларини ҳаётийлик мезонлари асосида баҳолар, ёш ниҳолларни қўллаб-қувватлар, уларни устодларча талабчанлик билан ардоқларди. Ғафур Ғуломнинг илмийпублицистик меросида «Фольклордан ўрганайлик», «Навоий ва замонамиз», «Икки Машраб», «Атойи эмас, Отойи», «Муқимий» туркум тадқиқотлари, Қорий, Ажзий, Васлий, Фурқат, Айний, Аваз, Тўқай, Олтой, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Шайхзода, Собир Абдулла, Низомий, Жомий ижодининг бебаҳо қирраларини очишга қаратилган таҳлиллари ва ахборот тариқасидаги илмий маълумотлари ҳалиҳанузгача ўз қимматини йўқотган эмас.

Ўз даврида Ҳомил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Салоҳиддин Мамажонов, Адҳам Акбаров, Наим Каримов, Ваҳоб Рўзиматов сингари олим ва адиблар қизиқарли ва кенг кузатишлар олиб борганлар. Шубҳа йўқки, шоирнинг кенг мероси янги тадқиқотлар, янги талқинлар, янгича изланишларни кутади. Келажагимиз Ғафур Ғyлом каби оташин шоирлари билан ҳам фахрлидир. Шоир билан бирга биз ҳам комил ишонч билан такрорлаймиз:

 
Тириклик чоғида айтолганим сўз
Гарчанд умрларга қилур кифоя.
Ўлимни билмаган дўстларим сифат
Meнu ҳам минг йиллар қилур ҳикоя…
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации