Текст книги "Мангу латофат: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 32 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
ЧАРАҚЛАБ ТУРГАН КУН
Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмаднинг саксон ёшини тўлдирган кунида
Кимдир Саид Аҳмад асарларини чарақлаб турган оддий қуёшли кунга ўхшатди. Чарақлаб турган кунни у ҳар қанча оддий бўлса ҳам беармон қадрига етсанг арзийди. Баъзан бундай кунларга ўрганиб қоламиз: ўзи азалдан шундай бўлади, шундай бўлиши керак деб ўйлаймиз. Ўтаётган, ўтиши муқаррар кунлар қаторида, улардан бесаноқ бири деб қабул қиламиз. Ҳолбуки, у такрорланмас, бугун ўтади ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келмайди. Келгани энди бошқа кун бўлади. Чарақлаб турган оддий қуёшли куннинг ўз қайтарилмас нури, меҳри, сир-синоати, йўл-йўриғи, равиш-рафтори бор. Одамнинг кўнгли равшан тортади Саид Аҳмад асарларини ўқиганда. У ҳикоя қилган воқеалар замирида тоза бир гавҳар товланаётгандек кўринади. Тасвирдаги сўзлар ва тасвирдаги юракларни ҳам шу гавҳар нури ич-ичидан ёритиб туради.
Бу чарақлаган кун ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Унинг улуғ манбалари бор. Диққат билан қаранг: чарақлаган куннинг қуёши Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғyлом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар чопони этагидан чиққанлигини кўрасиз. Ҳаёт учун билмадим-у, лекин ўзбек адабиёти учун Саид Аҳмад шу адиблар этагида туғилган, шу адибларнинг меҳр-зиёсидан тўла баҳраманд ва баҳрадор бўлган. Қоронғида туғилган, қоронғилик, тундлик, бадқовоқликни ёқтирган ёки улуғлаган ўзбек адиблари бўлмаса керак.
Ўзбек адиблари бошларига қандай ишлар тушган бўлмасин, аксаран ва асосан ҳаётсевар бўладилар. Ўзбек адиблари ҳамиша яхшиликка чоғланганлар. Умид билан муносиб яшашга чақирадилар. Ўзбек халқининг табиатида ва характерида чарақлаган қуёшли куннинг улушлари ва улгилари бор. Меҳр, оқибат, иймон, диёнат, муҳаббат, вафо қуёшли кунда туғилган ўзбекнинг ўзак илдизларидир. Унинг ўзагини сабр, матонат ва қаноат азал-азалдан қувватлантириб туради.
Саид Аҳмад асарларига миллий ғоя нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, улар бадиий тўқимаси ҳадислардек содда ва ғоятда таъсирчан эканлигини кўрамиз. Шу маънода улар худди Қодирий насри каби ўта халқона, халқнинг қарашларига яқин.
Ўзбекнинг меҳри кенг, бардоши ва қаҳри ҳам қаттиқ. Унинг меҳри қанчалар бўлса, қаҳри ҳам шунчалар бор.
Саид Аҳмаднинг романлари, худди таронага ўхшаган гўзал ҳикоялари, Такла-макондан Атлантика океанининг нариги қирғоғигача сайлга чиққан «Келинлар қўзғолони» асари, кулдириб куйдирадиган ҳажвлари меҳр ва қаҳрнинг юғуруми. Ҳатто унинг гўзал хотира асарларида ҳам меҳр ва қаҳр туташиб ётади. Кечириш – улуғ фазилат. Кечириш – шунчаки кунда бўладиган ҳодиса эмас, у одамни ва умуман умр деган жуда мураккаб ва ноёб ҳодисани тушуниш ҳамда донишмандлик билан бўлади.
Афв чироғи қачон ўлгай ёруқ,
Қилмаса исён туни осий ёзуқ? –
дейди Навоий. Гуноҳкорлик ва кечирим бир-бирига шундай боғланиб ётади. Лекин ҳамма нарсани кечириш мумкинми? Хусусан, эл-юртга хиёнатни? Халқдан, унинг азал туриш-турмушидан, халқни халқ қилиб, уни не-не бало-офатлардан сақлаб келаётган удум-урфу одатлардан юз ўгириш, диёнатсизлик, иймонсизликни кечириш мумкинми?
«Уфқ»даги жигари куйган ота Икромжонни эсланг. У қочоқ, қўрқоқ ўғли Турсунбойни қанчалар севмасин, унинг хиёнатини кечиролмади. Ўз қўли билан ўғлини отиб ўлдирди.
Ҳар кимки осию гунаҳкарроқ,
Афв ила раҳматка сазоворроқ… –
деб ёзади яна Навоий.
Саид Аҳмад Ўзбекистонимизнинг не-не миллатпарвар фарзандлари каби гуноҳсиз тарзда айбланиб, оғир азобуқубатларни бошидан кечирди. У гуноҳ ва гуноҳ нима эканлигини жуда чуқур билади. Ўз ҳаётининг қиммати баробарида тўғри хулосалар чиқарган. Ўз ва ўзгалар ҳаётининг ўта изтиробли, фожиали ҳолатлари ҳақида ёзганда Саид Аҳмад кечириш ва кечирмаслик масаласига яна қайта-қайта мурожаат қилади. Буни унинг кейинги вақтлар ичида кетма-кет эълон қилаётган воқеий асарларини ўқиб, кузатиб бораётган китобхон ҳам илғаб олди. «Сароб» номли ҳикояда олим отаси ва ота орқали халқимизнинг инсоний удумларига хиёнат қилган Кимсанбой мустабид шўро даври сиёсатининг ҳаддан ортиқ аянчли қурбони сифатида итдан ҳам баттар бўлиб ўлди. Олимжон домла қамоқда сўнгги дамда ўғлини таниди. Ўғлининг ўлими ҳар қанча аянчли бўлмасин, уни кечиролмади:
«– Домла, бир мусулмоннинг боласи оламдан ўтди, – дедим. – Шунга жаноза ўқитсак бўлармиди? Домла индамади. Узоқ сукутдан сўнг:
– Унга жаноза лозим эмас, – деди. – Кўкрагида кофирнинг сурати бор. Энди у бежаноза, бекафан кўмилади…»
Олимжон домланинг азоби Икромжон фожиасидан кам эмас. «Қоракўз Мажнун» ҳикоясида бегона юртларга кетиб қолган суюкли ўғлини ўттиз йилдан бери кутаётган кампир Саодат ая… Ўғли бўйнига бут тақиб келганда Саодат аянинг қандай ҳолга тушганлигини тушуниш мумкин. Кампир узоқ замонлар бошқа халқ ичида яшаб унинг урф-одатларини қабул қилган, ёши элликдан ошган ўғли Бўрихонга қараб тураркан, «ўзбеклиги қолмабди», деб ўйлайди. «Бўрихон учун Ўзбекистонда мустақиллик бўлдими, бўлмадими, барибир эди. У ўзга юртнинг фуқароси, ўзга эътиқоднинг сиғиндиси эди. Туғилган юртга муҳаббат туйғуси уни тарк қилганига кўп йиллар бўлган. Она тили қадим-қадим замонлардаёқ унутилиб кетган Шумер тили қатори туманлар орасида қолиб кетганди…» Кампирнинг юрагида ўғлининг бу ғариб аҳволини кўриб нимадир узилади. Ўғлидан тирик айрилганини ҳис қилади. Бўрихоннинг шунча йиллардан бери асраб келган, гўдакликда кийган кийимларини ҳовли ўртасига олиб чиқиб ёқади. Саодат кампир ҳам, Икромжон ҳам, Олимжон домла ҳам ёки «Азроил ўтган йўлларда» ҳикоясидаги Жалол полвон ҳам ўз гуноҳкор фарзандларини кечиришлари мумкин эди. Лекин улар кечиролмайдилар. Кечиримни қиёматга қолдиришни афзал кўрадилар. Саид Аҳмад улуғ меҳрли, лекин қаҳри ҳам ўта қаттиқ одамларни шундай тасвирлайди.
Саид Аҳмад бундай ҳолларда ўзининг кимнинг тарафида эканлигини яшириб ўтирмайди. Ёзувчи сифатида холис ва бетараф бўлиш зарурати ҳам мавжудлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Кечириш ва кечирмасликни аниқ тасаввур қилади. Бунда ўзбекнинг қадим ахлоқ тушунчаларидан келиб чиқади. Диёнат ва диёнатсизликка келганда халқнинг бу нарсаларга соғлом қарашлари ҳамда нуқтаи назарларини ифодалайди.
Воқеаларга, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларига ўз муносабатини очиқ, яширмай ифодалаш Саид Аҳмадга хос. Бу ҳол унинг барча асарларига лирик-публицистик тус беради.
Шу ерга келганда, яна бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Саид Аҳмад барча қаҳрамонларини ўз шахсидан олиб, ўзидан чиқариб, ўзига чоғиштириб тасвирлаётгандек туюлади. Худди шунингдек, унинг барча мушфиқ, меҳрибон, вафодор, жонфидойи аёл қаҳрамонларида ҳам гўзал адиба ва шоира Саида Зуннуновадан алланималардир бор. Улар бир халқнинг аёллар шажарасининг жуда лазиз, шафқатлар ва меҳр-оқибатларга тўлиқ меваларидир. Қаҳрамонларнинг юракларига ёзувчи юрагидан алланималардир кўчади. Бетараф бўлмаган адибларда қаҳрамонлар ёзувчининг фарзандлари каби дунёга келади.
Саид Аҳмад ўз ўқувчилари билан учрашувларидан бирида: мен ўртача яшамадим. Ёниб, куйиб, ўртаниб, севиб яшадим, деган сўзларни айтди. Бу сўзлар қанчалар ҳақ эканлиги унинг асарларида ҳам кўзга ташланади. Ўртачалик ҳаётнинг меъёри бўлиши мумкин. Лекин ўртачалик ижоднинг меъёри, ўлчови бўлолмайди. Ҳамма гап шундаки, ижоддаги ўртачаликда таъсирчанлик йўқ. Таъсирчанлик бўлмаган ерда ҳақиқий тарбия – инсон тарбияси ҳам йўқ. Адабиётни эрмакка айлантириш, ўртача бир ҳунарга дўндириш кўнгилни озурда қиладиган бадбинликдан ўзга нарса эмас.
Бугун муҳаббатли сўзнинг ёши саксонга чиқди. Муҳаббатли сўз мактабга айланди. Саид Аҳмаднинг романчилик, ҳикоячилик, ҳажвчилик мактабидан Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Ўлмас Умарбеков, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам ва яна бошқа кўплаб шоирона ёрқин сўзли ёзувчилар етишиб чиқдилар. Баъзи Қодирийлар этагидан бош кўтариб чиққан Саид Аҳмад устоз-шогирдлик мактабида ва ўз нурли тўни енгидан бу каби халқимизнинг суюкли адибларини чиқарди.
Саксон ёшида ҳам истиқлолимиз шарафи учун курашиб, халқпарварлик йўлида катта ишлар қилаётган, Навоийча айтганда, элимизнинг ҳақиқий маънодаги навобахши бўлаётган бузруквор, моҳир адибимизнинг умри узоқ бўлсин, ибратомуз асарлари халқимизни ҳамиша ўзини англаши, билиши, эркинликни ҳимоя қилишга руҳлантирсин, далда ва мадад етказсин.
2000 йил 4 май
САИД АҲМАД ВА САИДА
Улар бир-бирларига суяниб яшашди. Бир-бирларига қараб илҳом олишди. Ўрталаридаги меҳру муҳаббатнинг ҳамма вақт қадрига етишди, ардоқлашди.
Саид ва Саида…
Энг оғир айрилиқ дамларида бир-бирларини бирор зум унутишмади. Тақдир ёрлақаган пайтларда қувонч ва эркаликларни доим бирга баҳам кўришди.
Саид ва Саида…
50-йилда икки меҳрибон, икки ошиқ-маъшуқ, севишганларнинг никоҳ тўйлари ўтар-ўтмас Саидни «миллатчи», «халқ душмани» деб куракда турмайдиган туҳматлар билан қоралаб сургун қилишди. Улар Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эдилар. Уларга Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодаларнинг назари тушган, адабиётнинг машаққатли йўлларига оқ фотиҳа беришиб кузатган ва хайрихоҳлик билан қўллаган эдилар.
Саиданинг бошига ўшанда Саидникидан кам бўлмаган оғир, мушкул иш тушди. Уни уюшманинг котибиятига чақириб, «Халқ душмани» – Саиддан воз кечишни талаб қилдилар. Ўшқирдилар. Дўқ-пўписалар ёғдирдилар. Саида ёш эди. Ёш бўлса ҳам икки олий институтни тугатган, таҳсил кўрган, тошдан қаттиқ бардошли қиз эди. Ўртага олиб қистадилар. Воз кечмади. Шунда маълум бўлди; ҳеч қандай куч уни воз кечишга мажбур қилолмасди. Йўқ, у Саида бўлгани учунгина эмас. Унинг дегани, танлагани, тақдирига қўшгани Саид бўлгани учун ҳам у ҳеч қачон воз кечмас эди. Узоқ йиллар ўтгандан сўнг, ҳатто Саида ҳам дорулбақога кўчгандан сўнг Саид бу ҳақда ёзди. Йиғлабйиғлаб, жигари хун бўлиб ёзди. Йиллар юраги тубида ётган армон, алам, муҳаббатини қоғоз саҳифаларига тўкди. Унинг Саида ҳақидаги хотираларини Саиднинг энг гўзал достони, ўлмас таронаси дейиш мумкин.
Саид ва Саида…
Саида ўша тунлари оқармас йиллар Саидни кутди. Изларидан юрди. Тазйиқлар, таъқиблар, хўрланишларнинг ҳаммасига чидади ва кутди. Саидани тақдир кутиш ва бардош учун яратганга ўхшарди. Узундан-узоқ романлар, таржималарни уйқусиз тунлар, қутсиз кунлар ўтириб машинкалади. Шунда меҳнатни халоскор деб билди. Кейин у ҳамма вақт меҳнатнинг гўзаллиги ва инсонийлиги ҳақида ёзди. Ҳамма қаҳрамонларини меҳнатнинг турфа синовларидан ўтказди. Барча шеърлари, достонларини туганмас меҳнат ичра ўзини ўзи яратган ва туганмас меҳнатда ютиб чиққан одамларнинг ва айниқса, хотин-қизларнинг қўшиғи каби яратди.
Меҳнат қила билмаслик, бировнинг эрки, ихтиёрини бўғиш, ўзгалар ва уларнинг бахтсизлиги ҳисобига кун кўришни бориб турган маънавий қашшоқлик ва разолат деб ҳисоблади. Ўша қийин эллигинчи йиллар уни шуларга ўргатди.
У ўзини Саидга бағишлашга қарор қилди. Унинг бу қарори 40 – 50-йиллар орасида етилди. Саидни тамом ноҳақ жазолаганларидан сўнг унинг бу қарори қатъий мустаҳкамланди. У ўз олдига Саидни кутиш ва бу қийинчиликни енгиб ўтиш мақсадини қўйди. У Саиднинг ҳақлиги, бегуноҳлигига ва ўзининг ҳам ҳақлиги, тўғри эканлигига ишонарди. Бу емириб бўлмас ишонч Саиданинг ноёб характерига қўшилиб, алоҳида поэтик оламга айланди ва унинг эндиги ёзадиган барча асарларининг тўқимасига кирди.
Саида ва Саид…
Саида сабрсизни тиз чўктирадиган, иродасизни етти букиб ташлайдиган, бебурдликни бир умрга юзи қаро қиладиган ўша оғир шароитдан юқори кўтарила олди. Саиданинг қонида бормикан маҳрамлик?
Ёки бу қимматли хусусиятни ўзи дуч келган жуда оғир атмосферада унга зид инсоний куч-қудрат сифатида кўнгил қаърларида тарбияладимикан?
Аёлларнинг қони маҳрамликдан қоришган бўлади. Ўрта аср Европа файласуфи Монтеннинг эссесидаги эрлари ўлимга ҳукм этилган римлик аёллар уларга оғир дамларда қандай далда берганликлари, қандай ибрат кўрсатганликлари ва эрлари билан бирга ўлим шарбатини ичганликлари бежиз эмас. Аёллар маҳрамликда бундай фидойилик, жон беришга тайёр бўладилар.
Сен менга бемалол суянавергил
Мушкулинг, дардингни – борин тўкиб сол…
Бу Саиданинг сал кейинроқ ёзган сатрлари. Фақат ўзига жуда ишонган киши шундай маҳрамона ёзади. Ҳаёт қандай бўлмасин, унда мустақил, мустаҳкам тура оладиган киши шундай диловарлик билан ёза олади ва шундай маҳрамона ҳаракатларга доим қодир бўлади.
Саида ўз характеридаги мана шу теран инсоний фазилатни барча асарларига олиб кирди, қаҳрамонлари тақдирида уни таҳлил қилди. Ёзувчи ва инсон, аёл ва унинг асарлари мана шунчалар бири бировига уйғунлашиб кетган эди.
Саиданинг кейинчалик бадиий асарларида ypғy олган садоқат, меҳр, вафо, оқибат сингари ахлоқий меъёрлар хусусидаги қарашлари ҳам худди шу маҳрамликдан кучқувват олар эди.
Бирга жарга тушгум ва ошгум довон
Дўстсиз, садоқатсиз ҳаётми ҳаёт?!
Саида ва Саид…
Улар доим бир-бировларига жўровоз бўлишга интилдилар. Лекин ҳеч қачон рақобат қилмадилар. Кимўзарга ёзмадилар ёки ҳаракат қилмадилар. Саидага бундай мусобақа руҳидаги эгоизм тамомила ёт бир нарса эди. Саид «Уфқ» романини ёзганда, саҳифама-саҳифа Саиданинг далдасини ҳис қилиб турди. Саиданинг тунлар бўйи бедор кўринган хорями, фикрчан, серташвиш нигоҳи роман қаватларига тўлқин-тўлқин мавж бўлиб кирди. Саиданинг ишончи Саиднинг кучига куч қўшди.
Саиднинг илк ўқувчиси Саида эди.
У худди илҳом париси каби Саиднинг қоғозлар билан тўлиб кетган иш столи, унинг тинмаган эски қадрдон машинкаси, бир зумда тўлиб чиқадиган кулдони, Саид яратаётган ҳаёт чорловларига лаббай деб турган қаҳрамонлар узра парвона эди.
Саид ва Саида ўзлари беҳад севган ёзувчилик ишида қийин, ўта шарафли бахтларини топган эдилар.
Саида ва Саид…
Бугун уларнинг файзли хонадонлари фарзанд, куёв, набиралар, шогирдлар, мухлислар билан гавжум. Саид тез-тез Саида бу кунларни кўрмади деб армон қилади. Лекин Саида бу хонадон барча орзуларининг ичида бор, Саиднинг ҳамон саксонга кирдим, толиқдим демай ёниб-куйиб, ўртаниб, завқ-шавққа берилиб ёзаётган асарлари битганда, биринчи бўлиб ҳамон Саида: «Ҳорманг! Яхши ёзибсиз!» – дейди. Саид ва Саиданинг сўнгсиз суҳбатлари тугамайди. Зотан, «Руҳ билан суҳбат», «Лирик нутқ»ида бу суҳбат ҳеч қачон тугамаслигига шоира ишора қилиб кетган эди.
Бўстон бўлди боғим ҳавасманд қўлларида…
– деган эди Саида ўйинқароқ Саид ҳақида эркалаб. Бу аёл, инсон, адиба тан бериши, айтиши мумкин бўлган энг гўзал сўз, эътироф эди.
Саид ва Саида ўртасида шундай рўшнолик бино бўлган эди.
Бу азал боғининг сўлмас бўстонларидан биридир.
Руҳий чекиниш:
Ҳаётнинг ҳовури ўтиб кетади. Иссиғи-совуғи, шовқинсуронлари, жангу жадаллари ўтиб кетади. Сизнинг хотирангиз қолади сайланган кўнгилларда. Кўнгилларнинг дилбар мақомларида. Сизнинг нозик адоларингиз, дилбар, жонипор сўзларингизни, ноёб истиораларингизни эслаб юришади давраларда. Ишқнинг ўйноқи ҳаволарига тўлган ғазалларингизни куйлашади тўй-ҳашамларда.
Балки ёзганларингизни ҳамма ҳам бирдай шавқ билан ўқийвермас. Сизнинг нозик руҳингиз бундан ранжимагай. Ўқимай қўйганлар деб ўкинмагай. Булар янги замон ўқувчилари. Сизнинг сўнгги ҳикоянгиз, сўнгги ғазалингиз битганига чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бу ёқларда ҳамма нарсалар ўзгариб кетди. Бу ёқларга озодлик келди. Бу ёқлардан зулм, истибдод, қарамлик кетди.
Сиз тасвирлаган дам меҳрибон, дам вафодор, дам турмуш ишларида тангу тор, олчоқ қайноналар, ўз ҳақи учун талашолмайдиган, ўта андишали беозор, сочи супурги келинпошшалар, эрини уруш майдонларида йўқотган ва ҳамон кўзи йўлда уларни кутаётган бева аёллар, эрки ўта чекли хотин-қизлар замонлари орқада қолди кетди. Ўзбек аёлларининг ор-номуси, уят-андишаси сиз учун беҳад қадрли ва сиз ушбу одоб-ахлоқ мезонлари, ўзбек аёли маънавиятининг жон томирларини ҳимоя қилишга ҳамиша тайёр эдингиз. Асарларингизни шу олижаноб ишга бағишлардингиз. Сиз ўзбек қизлари сочларини узун ўриб юришларини ёқтирар эдингиз:
Сочим узун бўлса, тим қора бўлса,
Орқамда тўлғаниб турса юрганда, –
дер эдингиз. Бу 40 – 50-йилларнинг идеали эди. Сиз вафо-садоқатга ҳам идеал деб қарардингиз. Уруш беваларининг вафоларида қанчалар инсонийлик кўргансиз, уларни аёл сифатида қанчалар улуғлагансиз. Лекин ҳозир сочларини уриб юрадиган қизлар жуда кам. Сочни икки ёки қирқ ўрим қилиб юриш ҳамма замонлар учун ҳам идеал эмаслиги, модалар тамомила ўзгариб туриши одатий бўлиб қолди. Ҳозирги қизлар ўзларига қандай турмак ёқса, шундай қилиб чиройли бўлиб юришади. Бунга қанча харажат-чиқим бўлса ҳам, сарфлашади. Ўзларига ёқса бўлди-да!!!
Сиз тасвирлаган аёллар ҳаддан ташқари камтарин эдилар. Аввало уларнинг ҳаётга қўядиган талаблари ҳам камтарин эди. Улар кўп нарса истамайдилар. Оддий нарсалардан қаноатланадилар. Эҳтиёжлар кўп эмас. Кўп бўлса ҳам юзага чиқармайдилар. Бу яхшими, ёмонми? Тўғрими, нотўғрими? Яқинда қизимиз америкаликлар ҳузурида инглиз тилидан синовдан ўтиб келди. Унинг инглиз тилидан билимлари юқори баҳоланди. Лекин қизимизга: «Ҳаммаси яхшию, жуда уятчан экансиз», дейишибди. Қизимиз буни кулиб айтиб берди. Лекин бизни бу сўз ғоятда ўйлантириб қўйди. Аввал: «Нима, биз бола уятсиз бўлиши керак эканми?» – деган хаёлга бордик. Лекин америкаликлар аёл киши ҳеч қачон уятсиз бўлишини талаб қилмасалар керак. Гап чамаси ортиқча тортинчоқликнинг зарари ҳақида боради. Улар балки тортинчоқлик, уятчанликни ички ожизликдан, шахснинг ўзига ишончсизлигидан, мустақил фикрлай олмаслигидан деб билишади. Ҳозир маънавият, ахлоққа қарашлар шундай ранг-баранг бўлиб боряпти. Саида Зуннунованинг жуда кўп қаҳрамонларида шундай тортинчоклик, уятчанлик кўзга ташланиб туради. Бу ёзувчи ўйлаб топган нарса эмас. У узоқ давом этган тарихий муҳитнинг натижаси. Қолаверса, биз XX асрда хотин-қизлар эмансипациясини ҳамиша ўзимизча чалаярим талқин қилиб келганмиз. Эмансипация ҳар доим жуда жиддий бош қотирадиган масала. Аёлнинг тўла ҳажмдаги тенгҳуқуқликка эришиши ва ундан тўла ҳар томонлама фойдаланиши бу – бу ҳаётнинг ва айниқса, биз яшаб келган, бизга ўрганиш бўлган ҳаётнинг тўла ўзгариши, янгиланиши ва шулар асосида талабаси бўлар эди, албатта.
Саида Зуннунованинг асарларини қайта ўқиб ўтириб, унинг мунаввар сурати қошида шуларни сўзлагандай бўламан.
ОРФЕЙ ВА ОЛИЙ ЖАМОЛ
Абдулла Ориф – Ўзбекистон Қаҳрамони
Орфей ва Абдулла Ориф… Гапни бунчалар узоқдан бошламас эдим. Лекин бизнинг сўз тарихимиз бунчалар узоқ бўлса ва у жуда қадим, ҳатто тарихдан олдинги замонларга бориб тақалса, бир-бирига боғлиқ бўлса, бири иккинчисидан келиб чиқса, мен нима қилай… Бунинг устига суриштириб келса, инсоният туққан шоирларнинг барчаларининг киндикларини афсонавий ва афсонасоз Орфей боғлаган бўлиб чиқса, тарих олдида, одамзоднинг шоирлари олдида бош эгмай иложинг йўқ.
Орфей – шеър, қўшиқ, сознинг илк сеҳргари. Одамзод шоир, созанда деганда илк уни таниди ва ўзи севган кейинги барча шоирларни унга ўхшатди.
Ростдан ҳам сўзу созда қайдаки сеҳр бор, билингки, миллатидан қатъи назар, у ерда Орфей ҳам бор. Демакни, Орфей ўзбек шоири Абдулла Орифга ҳам тўғридан-тўғри дахлдор. Уларнинг қавмлари бир: сеҳрсозлар қавмига кирадилар.
Шеърни кўпдан жоду билан тенг кўраман. Ибтидода жодудан кейин шеър сўзи оҳанги билан дунёга келган. Балки аксинча ҳамдир. Аввал сўз келиб, сўнг унга ҳавасда жоду туғилгандир. Балки жодунинг онаси шеърдир.
Шоиримизда мен «олий жозиба» ва «олий бир жамол» деган классик ёрқин ибораларни учратганман. Шеър моҳиятан, аслида, шундай олий бир жамолдир. У инсон фаолиятининг олий бир жозибаси сифатида дунёга келади ва шундай жозиба сифатида яшайди. Бўлмаса, Навоий сўзласаю биз йиғламас эдик. Бўлмаса, Қуръон сўзласаю биз йиғламас эдик. Бўлмаса, Инжилу Таврот сўзласаю биз йиғламас эдик…
У бизни жозиба ва жамол каби ром этади ва олий жозиба каби олий бир жамол каби тарбиялайди. Мангу тарбияда бўлади. Мангу адолат, меҳрибонлик либосларини кияди. Мангу мурувват сингари ҳар сафар бизни соғиниб кўришади. Шеърнинг бу таърифи эсингиздан чиқмасин. У кейин керак бўлади. Чунки бошқа таърифлар айланиб-айланиб шу эшикка келадилар. Шу эшикдан нон-туз тотадилар.
Шундай одамлар бўладики, улар мангу савол билан туғиладилар. Ўз мангу саволларига умр бўйи азоб-изтироб билан жавоб излайдилар. Ҳаётда энг юксак шарафларга эришган чоғларида ҳам бу мангу савол уларни асло тарк этмайди. Бу: «Одам нима?», «Ҳаёт нима?» – деган саволлардир. Биз Абдулла Орифнинг ҳар бир шеърида бу саволга у ёки бу тарзда дуч келамиз. Шоирнинг барча изтироби осон бўлмаган ўйлари, андишалари, фикр қийноқлари шу ўқ атрофида айланади. Унинг барча ёзган асарларига, улар тўртликми ё достон, ва ё қасида, фалсафий кўлам бағишлайди.
Ҳаётда ҳамма нарсаларнинг баҳсли томонлари албатта бўлади. Лекин фақат вақтгина ҳеч қандай баҳсни кўтармайди. Вақт билан баҳслашиб бўлмайди. Вақт билан баҳслашиб ҳеч ким ҳали уни енгган эмас.
Лекин ҳалиги савол ypyғи билан дунёга келадиганлар ўз саволларига жавоб излаб, беихтиёр вақт билан баҳсга киришадилар. Гарчи вақтни енгиб бўлмаслигини билсалар ҳам, барибир ўз мангу саволлари уларни тинч қўймайди. Улар енгиб бўлмас ҳодиса билан беллашишдан чўчиб, ҳадиксираб ўтирмайдилар.
Мангу савол билан туғиладиган одамлар булар – шоирлар, инсониятнинг муаллимлари, донишмандлари, муаррихлари… Улар мангу баҳс учун туғиладилар.
Шеърни фақат шеър деб англайдиган эҳтиросли ўқувчи бизнинг бу кўтаринки мулоҳазаларимизга қўшилмаслиги ҳам мумкин:
– Шоир дунё ва тирикликнинг, ўз ҳаяжонларининг қўшиқчиси. У сўзни вазн ва қофияга солиб айтади, холос. Муҳими: унинг қўшиқчилиги… Баҳс, мангу савол ва ҳоказо-ҳоказоларни сизлар, шеър танқидчилари ўйлаб топгансизлар. Қўшиқни фақат қўшиқ, шеърни фақат шеър деб қараш ва англаш жоиз…
Агар шеърга олий жамол ва олий жозиба деб қарамасак, қадрли ўқувчимизнинг фикрларига қўшилиш мумкин.
Орфейдан қолган бир хосият шуки, у шеърни сеҳр ва соз билан оғушта қилди, сўзни созлади ва шунда сўз янги моҳият, даража касб этди. Орфей – энг қадимги шоир ва созанда ҳеч қачон қўшиқ ва сўзни бир-биридан ажратмаган, шеър билан созни бир нарса деб тушунган. Шеъриятни: «Лирам!», «Созим!» – деб атаган. Орфика, орфизм деган шеърий тушунчалар шундан қолган.
Ўқувчим мангу савол, вақт билан баҳс деганга ўхшаш ҳодисаларни ўйлаб топиб шеърни чигаллаштирмаслик, мураккаблаштирмасликни хоҳлайди. Ҳамма нарсалар ҳамма вақт оп-ойдин бўлишини истайди.
Биз ҳам шуни истаймиз. Лекин орифона, орфейёна шеър деганда уч карра уч тўққиз деб чекланиш мумкин эмас.
– Лекин майли-ку, – дейди яна эски ва янги ўқувчим. – Сиз, мана, боядан бери Абдулла Ориф ҳақида сўз бошламоқчисиз. Нимадир демоқчисиз. Илгарилар ҳам кўп бир нарсалар дегансиз. Лекин нега Орфей? Афсонавий юнон созанда ва қўшиқчиси билан XX асрнинг ёрқин шоирларидан бири ўртасида нима ўхшашлик, яқинликлар бор? Орфейдан келаётган азал қўшиқ қисмати унга ҳам тегишли, унга ҳам бегона эмас. Орфей каби у ҳам сўзни созга айлантиролган. Жиндек лутфга ўрин бериб айтсак, у ҳам ўша азал шоири каби эли учун созга айлана олган…
Абдулла Орифни Орфейга менгзашдан ҳайрон бўлаётган замондош мусоҳибимни кўриб турибман.
Лекин… нега? Орфей ва Ориф муқояса манбаи бўлолмайдими? Номлардагина чиройли ўхшашлик ҳамда оҳангдошлик борми? Балки шу ўхшашлик ва қофиядошлик чуқурроқ қаралса, тасодиф эмасдир?
Орфей – Ориф – буларда қўшиқнинг азал қисмати мужассам ва булар наҳот мангу савол ва мангу дардни инкор этолса?!
Мен бундай тушунаман бу нарсаларни.
У илон чаққандай оғир карахтликда ётган ўлкани карахтлик ва заифлик чангалидан чиқаришда – Чўлпонлар, Ойбеклар, Қодирийлар, Ғафур Ғуломларга издошдик қилмадими? Улар билан ўзини маслакдош, сафдош билмадими? Шоирлар, адиблар, муаллимлар зиммасига тушган озодлик, миллий равнақ ишини ўз ухдасига олмадими?
Озодлик ҳақида қайғуриш яқин ўтмишимиз, XX аср тарихимизда шоирлар, муаллимлар, адиблар зиммасига тушмаганмиди?
… Орфей илон чақиб ўлган гўзал ёри Эвридикани ер остидан олиб чиқишга уринди. Унгача ҳеч ним севган ёрини ер тагидан олиб чиқишга жасорат қилмаган эди.
Мен бунда барча йирик шоирлар қисматига дахлдор азал бир маъно ва маънавийликни кўраман.
Орфей ер ости илоҳини қўшиқ айтиб, соз чалиб рози қилди ва ром қилолди, сеҳрлай олди. Ер ости илоҳи рози бўлди ва фақат бир шарт қўйди: ёринг сенга эргашиб бораётганда, ортингга қарама, ўгирилма. Акс ҳолда Эвридика яна ер остига кириб кетажак! Орфей най чалиб, ёрини эргаштирди. Бир ерга етганда, келяптими, йўқми, деб ҳавл олиб орқасига қаради. Орфей энди Эвридикадан абадул-абад айрилди.
Бу одми гап билан айтганда, ҳеч ким бино бўлиб у дунёдан қайтиб келмаслигига ишорадир. Қолаверса, одам боласининг ожизлигидан нишона. Бундай ўйлаб қарасанг, одам психикаси ва мияси шундай қурилганки, у орқасига қарамаслиги мумкин эмас. У албатта ўгирилиб қарайди. Чунки бу унинг қисматида ёзилган.
Одам боласи ўтмишига ўгирилиб боқмай иложи йўқ. Чунки одам боласининг табиатига орифлик битилган. Яъни у ҳамма нарсаларни билишни хоҳлайди. Нега ман этилганлигини билиш ва тушунишни истайди. Уни бу истакдан маҳрум этиш кечириб бўлмас ёвузликдир.
Одамга билиш тилаги урф бўлди.
Лекин орқага ўгирилиб қарама, деганда нима ҳикмат бор экан?
Яна бир илоҳий қиссада битилгандирким, Худо Лут қавмига жазо тайинлади. Бу қавм Лут даъватларига кирмади. Худонинг хайрли йўлини тутмади. Оғир разолатга ботди. Фаҳшга мук кетди. Худо жазо тайинлаган кеча шаҳардан ўз аҳли аёлини олиб чиқиб кетишликни амр этди. Орқангга қарама! – деди. Лекин Лутнинг хотини разолатга берилган қавмдан эди. У кетар чоғда ўз орқасига қайрилиб қаради. Шу заҳот туз тепага айланиб қолди. Ўгирилиб қарамасликда қандай ҳикмат бор? Балки Худо ўз иродаси билан яратаётганда бизнинг томошабин бўлишимизни хоҳламас.
Лекин одам боласининг шарафи ва фожиаси унинг ўгирилиб қарашга, яъни билишга, маърифат олишга маҳкумлигида.
Абдулла Ориф худди Чўлпон боболари каби ёниқ най чалиб занжирланиб ётган эли юртини уйғотишга бел боғлади. Унинг шеърлари уйғотиш шеърлари ва куйлари – бари уйғотиш куйларидир.
У XX асрнинг сўнгги чорагида миллий сўзни ва миллий созни асоратнинг ўта маккор кўриниши – ғоявий демагогия, мадҳиябозлик ва социалистик чақириқбозлик чангалидан қутқаришга интилди. Бу хайрли ижтимоий интилишларда у албатта ёлғиз эмасди. Буюк тажрибалар унга ёр эди. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Ойбек, Зулфиянинг умр поёнидаги ёзганларида синфий биқиқлик ва тангу торликлардан фарёд саслари эшитиларди. Инсон овози янграётган эди. Эркин Воҳидов, Хайриддин Салоҳ кабилар ижоди баробарида шеъриятда эркинлик руҳи жасоратга тўла бошлаган эди. Абдулла Ориф булар билан изма-из, сафма-саф ўз сертуғён овози билан майдонга кирди.
Унинг сиймоси, шахсида даврнинг овози, халқнинг иродаси, хоҳиши мужассамлаша бошлади.
Ҳақиқий шоирнинг ҳар бир шеъри бу аввало – гўзал бир иқлим, гўзал бир диёр, гўзал бир хилқатдир. Абдулла Ориф ўктам жасорат билан шеъриятда шундай ўз иқлими, ўз диёри, хилқатларини яратди.
Ҳар бир гўзал шеър бу – шоир шахсининг шу шахсда мужассамлашган гўзал ва олий жамолларнинг намоён бўлиши, тафаккури олмос қирраларнинг даврни ёриб – давр ичига чуқур кириб бориши, яна шу олмос қирралар билан замондошларнинг юракларидан ўрин олишидир.
Абдулла Ориф шеърияти шундай куч касб этди.
Ернинг қаърларидан улкан ёриқлар, синиқлар ўтади. Ер дарзлари, улар нимага керак? Бу дарзлар Еримизни яхлит тутиб туришга хизмат қилади. Шу қудратли дарзлардан Ернинг теран нафаси ҳамиша чиқиб туради. Бу заминимизни оғир талафотлардан асрайди.
Абдулла Орифнинг энг яхши шеърларида Ернинг шу туғёнли нафасига уйқаш бир дам бор. Буни у айниқса шеър ўқиганда одамлар яхши ҳис қиладилар.
Абдулланинг ижодкор сифатидаги яна бир тарихий миссияси – у шеърни ҳаётга яқинлаштирди. Одамийлик тирилди. Навоийнинг энг улуғ ғояси – ўзбек адабиётининг бош ғояси – одамийлик яна кўклади. Одамийлик билан шеър яна кенгликка чиқди. Фалсафадан йироқлашиб кетган, сафсатага мук тушган шеър яна Навоий ўзанига қайтди. Унинг шеъри одамийлик маърифати билан тўлиб, одамни озод яшашга ўргатадиган сўзга айланди ва шу мақомда ўз юксак бадиий тарихини яратди.
* * *
Абдулла Орифни доим хаёлга ғарқ ҳолда кўраман.
Унинг хаёллари ўз ичига қаратилган. Юрагининг тубсиз қаърларидан гавҳар излайди.
Абдулла ўз хаёлини тинглайди. Шундай ғарқи хаёл бўлган дамларда ғоя ортидан аста чиқаётган қуёшдек қўшиқ сўзлари туғилади:
Шоир аҳли куйлармикан битта қўшиқни
Борми экан бу дунёда олий, комрон дам.
Қуёш бир кун чулғармикан ҳар тўрт уфқни
Туғиларми бахти комил, бус-бутун одам?
Туғилар деймиз. Чунки армонли, дардли шеър қаърларида худди шундай одам яшамайдими, ахир?
2001 йил, март
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?