Текст книги "Асаб кучи"
Автор книги: Поль Брэгг
Жанр: Здоровье, Дом и Семья
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 7 страниц)
Аралаш парҳез учун оддий меню
Нонуштада: бутун грейфрут, иккита тухум ёки қуритилган мевалар, асал, ундирилган дон, икки бўлак ундирилган буғдой дони қўшилган нон ёнғоқ ёғи билан.
Ленчда: сабзавотли салат суюқ массаси билан, қовурилган ёки қозонга ёпиштирилган жўжа, горчица кўки, бўлакча қилиб кесилган апельсин.
Тушликда: карамли салат, пиёз қўшилган жигар, янги узилган нўхот, донли нон, асал қўшилган драчена.
Сизнинг асабларингиз кўп миқдорда кальцийга муҳтож
Биз соғлигимиз ва асаб кучимизни тиклашда бошқа минерал моддаларга нисбатан кальцийга муҳтожлигимизни кўпроқ сезамиз.
Кальций агар тўғри пропорцияда қабул қилинган бўлса, тишларимиз мустаҳкамлигини, суякларимиз бақувватлигини, пўлатдек асабларни, кучли мушакларни, эластик терини, бир меъёрдаги юрак уришини, гавдамиз тўғрилигини, ўткир ақлни ва соғлом ички аъзоларн беради.
Агар кальций миқдори пасайса, сиз асабийлашасиз, ўзингизни идора қила олмайдиган, жаҳли тез чиқадиган бўлиб қоласиз. Кальций сизнинг соғлигингизни назорат қилишга ёрдам беради, сиздан шахс яратади.
Асабларнинг фаолияти учун кальций жуда зарур. Бу минерал модда тананинг бир жойидан иккинчи жойига импульсларни узатишда ёрдам беради. Кальций бўлмаса, сиз қўлингизни иссиқ плитадан тортиб ололмайсиз, автомобилга йўл беролмайсиз, овқат мазасини сезмайсиз. Кальций етишмаслиги томир тортилишига, юрак уриши пасайишига олиб келади. Кальций етишмаслиги кишининг бўйи ўсишдан тўхташига, тишларнинг майдалашишига, суякларнинг нимжонлашишига олиб келади, юмшоқ этларда ўзгаришлар пайдо бўлганда кальций етишмаслигини аниқлаш қийинлашади, юмшоқ этда фақат 1% кальций бор, лекин шу 1% кальций етишмаслиги юз берса, одам ҳаддан ташқари асабийлашади. Қонда кальций етишмаслиги асаблар сигнал юбора олмаслигига олиб келади. Натижада асаблар емирилади, тана бўшашиб, дам ололмайди. Бу ҳаяжонга берилувчан болаларда, айниқса, сезилади. Катталарда эса ёқимсиз характер, сабабсиз сўкинишлар, кайфият ўзгарувчанлиги, кейинроқ мушакларда томир тортишиши, бўғилиш каби оқибатларга олиб келади.
Кальций етишмаслиги аниқланган болалар ва катталар тирноғини чайнаш, қўл ва оёқларини тинимсиз ҳаракатга келтириш, резина чайнаш, бурун кавлаш, қулоқни кавлаш, бош қичиши каби одатларга дучор бўладилар. Улар маълум муддат тинч ўтиролмайдилар, қўллари ёки бармоқлари билан тақиллата бошлайдилар. Улар ҳаддан ташқари инжиқ бҲлиб, сабабсиз йиғлашлари, ўзларини идора қила олмасликлари кўзга ташланади.
Кальций етишмаслиги ҳатто шахснинг ўзгаришига олиб келади ва тескариси эса яхши томонга ўзгартириши ҳам маълум.
Мен узоқ тажрибалар ўтказиб, шунга ишонч ҳосил қилдимки, аввал жаҳлдор, сабабсиз инжиқ, йиғлоқи, жанжалкаш, асаби бузилганлар ҳаёт тарзини ўзгартириб, соғлом табиат қонунларига риоя қилишганидан сўнг тинчланиб, бахтли инсонларга айланадилар.
Эсингизда бўлсин, сиз ўзингиз билан ўзингиз яшайсиз. Аниқ биламанки, сиз бахтсиз, нотинч, жаҳлдор киши билан яшашни истамайсиз. Сиз бахтли бўлиш учун туғилгансиз, демак, буни ҳар биримиз ўзимиз учун ўзимиз қилишимиз зарур. Ҳар куни етарлича кальций истеъмол қилинг.
Кальцийга бой озуқалар
– Бодом, бодом писта мағизлари;
– Пишган соя, ловия, нўхат, фасол;
– Лавлаги;
– Пишлоқ, айниқса, эчки сутидан тайёрлангани, бошқа пишлоқлар, эски пишлоқ;
– Сабзавотнинг ёш кўк қисми, лавлаги ёш барги, горчица кўки, момақаймоқ кўки, салатлатук, кресс-салат…
– Сут, қўй, эчки сутлари кучли, сигир сути ҳам бўлаверади, от, туя сутлари бебаҳо;
– Тозаланмаган ун;
– Суяк уни.
Сиз улардан кераклиларини танлаб, ўзингизга маълум рацион тузиб оласиз ва асабларингизнинг кучини етарлича миқдорда ушлаб тура оласиз. Бу сизга асабларингизнинг тинч ва бехато ишлашига ёрдам беради.
Табиий озуқалар асосида парҳез сақлаш
Табиат қонунларига бўйсуниб яшаш қийин эмас, бунда сиз эркинлик, соғломлик ва бахтга эришасиз. Табиий озуқалар асосида парҳез сақлашнинг бир неча оддий қоидалари мавжуд. Рецепт ва менюларни тузишда барча имкониятларингиз ва ақл-фаросатингизни ишга солинг.
Асосий қоидалар
1. Табиий парҳезнинг бешдан уч қисмини мева-сабзавотлар ташкил қилсин (хом ёки енгил пиширилган ҳолда). Нонушта вақтида мевали ва сабзавотли салатлар истеъмол қилинг. Уларни тайёрлашда иложи борича кам сув ишлатинг. Ҳаддан ташқари пишириб юборманг. Мен сопол идишда, озгина сув солиб, овқат тайёрлайман. Картошка пўчоғи билан бирга печкада пиширилади. Тахминан 25 дақиқа 550 С температурада духовкада жуда мазали бўлиб пишади. Мен консерваланган ёки музлатилган сабзавот ва мевалардан фойдаланмайман, ўзим тайёрласам, унда химикат йўқлигига ишонаман.
2. Парҳезингизнинг бешдан бир қисмини протеинлар ташкил қилсин. Гўштни ҳафтасига уч мартадан кўп истеъмол қилманг, тухумни ҳам. Протеинлар соя, чечевица, жигарранг гуруч, турли хил ёнғоқлар, янги тутилган балиқ, табиий пишлоқ, писталар ва пиво ачитқисида кўп бўлади.
3. Парҳезнинг қолган бешдан бир қисми уч бўлакдан иборат:
– табиий ёғ ва мой: зайтун, соя, ёнғоқ, писта ёғлари;
– табиий ширинликлар: асал, клён шакари, қуруқ мевалар;
– табиий крахмал: барча донли ўсимликлар.
Кўп еманг, туз истеъмол қилманг. Менинг уйимда қуритилган сув ўтининг ховончада майдалангани қўшимча сифатида ишлатилади.
Шундай қилиб, сиз:
1. Ҳазм бўлмайдиган озуқалар истеъмол қилманг.
2. Фақат табиий озуқа истеъмол қилинг.
Сиз унга тез ўрганасиз ва оқибатда муносиб равишда мукофотланасиз.
Жисмоний ҳаракатлар – бақувват асаб кучини барпо қилишда тўртинчи қадам
Бақувват асаб кучини барпо қилишда 2-5 мил масофани тез юриб ўтишдек яхши усул йўқ.
Сиз қари ва ҳолсизмисиз? Бекорларни айтибсиз! Менинг чевараларим бор, лекин ҳалиям тез юраман, сакрайман, югураман, сузаман, велосипедда учаман, тоғларга чиқаман, теннис ўйнайман, ёшим спорт билан шуғулланишимга халақит бермайди. Албатта, сиз бирданига сувга шўнғимайсиз, кечга бориб спортчи бўлиб қолмайсиз. Буни аста-секин бажаринг. Аввал бир мил пиёда ўтинг. Буни бир ҳафта қилиб ўргангандан сўнг масофани икки милга оширинг. Мушакларингиз машқларга кўникканидан кейин масофани кўпайтиринг ёки чопиш тезлигини ошириб боринг.
Энди мушакларингиз анча пишийди. Қон юришини тезлаштиринг, нафас олиш чуқурлашади ва ўпкани кислород билан тўлдиради, сиз бутун танада янги куч сезасиз, иштаҳангиз очилади, уйқунгиз эса худди ёш бола уйқусидек оромбахш бўлади.
Асаб кучи резервуарлари янги куч билан тўлади, ҳаётга қизиқишингиз ортади. Қанчалик кўп вақтингизни очиқ ҳавода ўтказиладиган машқларга ажратсангиз, шунчалик асаб кучлари заҳираси ортиб боради, сиз вазминлашасиз ва асабийлашишдан холи бўласиз. Бу, айниқса, болаларда тез кўзга ташланади. Ҳаракатсиз болалар спорт ўйинларидан воз кечадилар ва кўпинча жисмонан, руҳан кучсиз бўлиб ўсишади. Актив спорт ўйинларини севадиган, мунтазам машқ қиладиган болалар асаб тизими мустаҳкам бўлади, чунки бошқа кечинмаларга уларда вақт қолмайди.
Ёшингиздан қатъий назар, аста-секин машқлар қилишга, югуриш ёки пиёда юришга ўзингизни мажбур қилинг. Бошланишида бироз қийналсангиз ҳам, кейин ўрганиб кетасиз.
Агар сиз вазмин, ўз кучига ишонадиган, бўларбўлмасга асабланмайдиган, бақувват бўлишни истасангиз, очиқ ҳавода ўтказиладиган машқлар ҳаётингиз бир бўлагига айлансин.
Кучли ҳаяжонланганда ёки ҳиссиётга берилганда очиқ ҳавода сайр қилинг
Бир неча йил аввал мен очиқ ҳавода сайр қилиш билан ҳиссиёт ва ҳаяжонларимни жиловлашим мумкинлигини тушуниб етдим.
Мен олдимда турган ҳар қандай муаммони еча оламан, бунинг учун 2-5 мил масофага тез юриш кифоя. Натижада кислород мияни озиқлантиради, ҳар бир инсон аниқроқ ўйлай бошлайди.
30-йиллар улуғ молиявий инқироз вақтида бор-йўғидан ажралган бир бойвачча дўстим бир куни олдимга келиб, ҳаётнинг қизиқлиги қолмади, энди у дунёга равона бўлсам ҳам бўлаверади, деган гапларни айтди. Шунда мен уни ўзим билан сайрга таклиф қилдим ва бирга беш соатча ўзаро суҳбат қуриб сайр қилдик. Бу вақт ичида мен унга пул ҳамма нарсани ҳал қилавермайди, ҳаёт қадрини фақат пул ташкил этмайди, деган фикрларни сингдиришга ҳаракат қилдим, нариги дунёга равона бўлишга шошилмаслик маслаҳатини бердим.
Узоқ вақт очиқ ҳавода сайр этиш уни ҳам тиниқ ақл билан фикрлашга мойил қилди. У ўз фикридан қайтди. У ҳозир ҳам мен билан дўст, молиявий бой бўлмаса ҳам, маънан бой ва бақувват.
Кайфиятингиз ёмонлашиб, безовта бўлаётган вақтингизда тезда очиқ ҳавога чиқинг ва жисмоний машқлар билан шуғулланинг, бўлмаса, салбий фикрлар сизни қамраб олади. Сайр қилиш ёки жисмоний машқлар билан шуғулланиш ақлингизни тиниқлаштиради ва муаммоларингизни ҳал қилиш осонлашади. Очиқ ҳаводаги ҳар қандай фаолият шахсни етиштиради.
Сизга қандай машқларни бажариш мумкин
Қадимги ҳиндулар Худога яқинлашишни истаб, бунга эришиш учун тана ва қон кучли тоза бўлиши кераклигига ишонар эдилар. Улар йога деб аталувчи машқлар тизимини ривожлантириб бордилар. Унинг асосига қўйилган фикр шу эдики, инсон танасини машқ қилдириш йўли билан соғлом қилиш мумкин.
Мен ишонаманки, тўғри машқлар эркак ва аёлларнинг янги авлодини ярата олади. У одамлар кучли ва соғлом бўлишади. Кундалик ишларини бажариб, яна ўқиш, хоббилари билан машғул бўлиш имкониятига эга бўладилар. Улар дангаса, ялқов, машқлар билан шуғулланмайдиган одамларга нисбатан 20-40 йил кўпроқ навқирон, куч-қувватга тўла ҳаёт кечиришлари мумкин. Мунтазам махсус машқлар бажариб, инсон узоқ йиллар жисмонан ёш, бақувват қолиши мумкин. Жисмоний машқлар аёлларга кўп нарса туҳфа қилади. У жозибали, вазмин, доимо ёш, қаддиқомати келишган аёлга айланади.
Ҳозир сизнинг ёшингиз нечада эканлигидан қатъий назар, шу онданоқ турли машқлар бажариб, биологик ёшингизни орқа томон буришингиз мумкин, яъни яшаришингиз ўзингизга боғлиқ.
Шундай қилсангиз, қуйидагиларга эришасиз:
1. Сизда кислород циркуляцияси яхшиланади, ўзингизни қувватлироқ сезасиз.
2. Тананинг баъзи ерларида, айниқса, бўйин, кураклар ва умуртқа поғоналарида йиғиладиган чарчоқни тезда кетказади, улар чўзилувчанлигини орттиради. Ўзингизни енгил ва бўшашган ҳис қиласиз.
3. Доимий чарчоқ ҳиссини йўқотиш – энг асосий ютуқ. Қон танада ва, айниқса, мияда тез айланиб турмаса, яъни циркуляция бўлмаса, бундай одам ўзини доим ҳориган сезади. Машқлар қон айланишини яхшилайди, барча аъзоларни кислород билан таъминлаб, қувватингизни оширади.
4. Машқлар асаб тизимини тинчлантиради. Демак, сиз кечаси яхши ухлайсиз ва кейинги кун учун куч йиғасиз.
5. Машқлар ҳиссий назоратни оширади, асабларни мустаҳкамлаб, мувозанатни сақлайди, бу эса соғлом асаб тизими ва соғлом ақл фаолиятидан дарак беради.
Машқларни мунтазам бажарсангизгина, керакли ютуқларга эришиш мумкин.
Менинг «Ички жисмоний соғломликнинг олтин калитлари» китобимда бу машқлар тизими берилган.
Ёшингиз машқлар билан шуғулланмасликка баҳона эмас. Менинг Рой Уайт исмли дўстим 107 ёшда бўлишига қарамасдан кунига 5-7 мил пиёда юради. Ҳеч ким машқлар бажариш учун ўзини қари сезмасин.
Ҳаракатсиз дам олиш – бу аъзоларни занглатиш. Илдам қадамлар билан юринг, қанча кўп нарсани сезишингиз мумкинлигини биласиз.
Агар танангизни ишлатмасангиз, уни йўқотасиз.
Тўғри нафас олиш – бақуват асаб кучини тиклашда бешинчи қадам
Кислородга тўйинмаган одамлар кўпинча асаби бузилган бўлади. Юқорида қайд қилинганидек, ҳаётий аъзолар фаолияти асаб тизимига боҚлиқ. Шунинг учун асаб емирилиши ошқозон, буйрак, жигар, ичаклар ва бошқа аъзолар фаолиятини пасайтиради, турли касалликлар келтириб чиқаради.
Юрак ва ўпка асаб емирилишидан, айниқса, азият чекади. Биз кўп кузатганмиз, озгина ҳаяжонлансак ҳам, нафас олиш тезлашади, юрак қисқариши ҳам ўз навбатида тезлашади. Юрак уриши тўхтаганидан бир неча дақиқа ўтганидан сўнг ўлим содир бўлади. Юракка кислород етиб келмаса, у уришдан тўхтайди.
Қон – ҳаёт оқими, у тоза бўлиши шарт. Юрак ва ўпка вазифаси – қонни тоза тутиш. Ҳар бир нафас олинганда кислород қонга ўтиб, ҳаёт бағишлайди. Заҳарли, ишлатиб бўлинган ҳаво чиқариб ташланади. Шунинг учун биз чуқур ва тўғри нафас олишимиз зарур. Нафас олишнинг икки усули мавжуд:
1. Кўкракдан нафас олиш (грудное дыхание);
2. Диафрагмалар ёрдамида нафас олиш.
Кўкракдан нафас олиш усули
Кўкракнинг қовурға қисми ҳаракати, айниқса, унинг юқори қисми ҳаракати натижасида нафас олинади.
Нафас олинганда кўкрак қафаси кенгаяди. Нафас чиқарилганида эса тораяди. Бу нафас олиш усули, айниқса, нафас олиш ва чиқариш чегарасида – кўкрак қафасини ривожлантирувчи ички машқлар шакли бўлиб, ҳамма томонлама фойдали ҳисобланади. Танага кучли ташқи таъсир рўй берган ҳолларда кўкрак нафас олиш усули ишлатилади. Бу баъзан куч ёрдамида нафас олиш дейилади.
Диафрагмалар ёрдамида нафас олиш
Диафрагмалар ёрдамида нафас олиш, бошқача айтганда, қорин бўшлиғи ёрдамида нафас олиш шу билан характерланадики, нафас олинганида қорин бўшлиғи кенгаяди, катталашади ва нафас чиқарилганида қисқаради, яъни кичиклашади. Айтиш зарурки, бу усул билан нафас олинганида ҳаво қорин бўшлиғига кирмайди, юрак ва ўпкани қорин бўшлиғидаги бошқа аъзолардан ажратиб турувчи кенг мушак – диафрагма пастга ҳаракат қилиб қисқарса, ҳаво ўпкага киради, диафрагма юқорига ҳаракат қилса, ҳаво ўпкадан чиқарилади.
Бу кенг мушакнинг галма-гал пастга ва юқорига ҳаракати аъзоларни ҳаракатга келтиради ва қорин бўшлиғидаги босимни ўзгартиради.
Диафрагма ёрдамида нафас олиш – тинч нафас олиш ёки нормал нафас олиш дейилади. Ёшлигимизда шундай нафас оламиз. Камдан-кам одамлар бу нафас олиш усулидан фойдаланадилар. Кўпчилик катталар кўкрак нафас олиш усулини қўллайдилар. Чунки катта бўлган сари одамлар танасини сиқадиган кийим кияди, ўтириб меҳнат қилади, бу эса диафрагма ҳаракатини қийинлаштиради. Натижада кўкрак нафас олиш усулига одатланилади. Йиллар ўтиши билан бу шунчалик одатга айланиб кетадики, қорин бўшлиғи ёрдамида нафас олишга ўтиш кўп куч талаб қилади.
Диафрагма ёрдамида нафас олиш усулининг ютуқлари
1. Ўпканинг юқори ва пастки қисмларига ҳаво ўтиши натижасида қон кислородга яхши тўйинади.
2. Диафрагма қорин бўшлиғида босимни ўзгартириши натижасида қон циркуляцияси яхшиланади.
3. Ичаклар ҳаракати яхшиланади, бу эса овқат ҳазм бўлишини фаоллаштиради ва заҳарли чиқиндилар тезроқ чиқариб ташланади.
Кўп ҳолларда кўкрак ёрдамида нафас олишдан диафрагма ёрдамида нафас олишга ўтганлар сурункали ўпка, юрак, жигар хасталикларидан халос бўлганларининг гувоҳи бўлганман.
4. Диафрагма ёрдамида нафас олиш асабларга тинчлантирувчи таъсир ўтказади.
Ўта сезгир одамларда тез-тез учраб турадиган асаблар тизими параличини йўқотади.
Пневмо-гастрик тизими, нафас олиш ва ички аъзолар орасидаги боғлиқлик бола туғилишида яққол кўринади.
Туғилмаган боланинг аъзолари ҳали ишга тушмаган, агар бола ошқозонига ташқаридан овқат кириб қолса, ҳазм бўлмас эди. Лекин биринчи нафас олиши биланоқ, «ҳаёт нафаси» олиниши билан ҳаёт машинаси ишга тушади. Бу биринчи нафас олиш пневмо-гастрик асабларини уйғотади.
Диафрагма ёрдамида нафас олишга
ўрганиш
Диафрагма ёрдамида нафас олишни чалқанча ётган ҳолда ўрганиш маъқул, чунки бу энг қулай вазият.
Бу бир неча ҳафта ичида машқ қилиб ўрганилгандан сўнг машқни ўтирган ёки турган ҳолда бажаришга ўтасиз. Нафас олишни тўла назорат қилишга ўтгунча ва бундай нафас олиш одатга айлангунича машқларни бажариб бориш зарур.
Диафрагма ёрдамида нафас олиш юрак фаолиятини нормаллаштиришда зарур. Кучли юрак уриши ва юрак фаолиятининг бошқа ўзгаришлари асаблари бузуқ одамларга хос бўлган ҳолатдир.
Кўпинча диафрагма ёрдамида нафас олиш турли юрак хасталикларидан холи қилади.
Диафрагма ёрдамида аста-секин ва узоқ нафас олиш бузилган асабларни назорат қилади
Турли хил оилавий келишмовчиликлар, молиявий муаммолар ёки касалликлардан сўнг асаб тизимининг бузилиши табиий ҳол, лекин уни нормал ҳолатга келтириш мумкин.
Тезда тинч жойга боринг, ҳатто бу ҳожатхона бўлса ҳам. Тинчланиб ўтиринг. Томирдан қон уриш тезлигини санаб кўринг. Қон уриши ва нафас олишингиз анча тезлашади. Энди аста-секин тўла диафрагма ёрдамида нафас олишга ўтинг. Секин ва узоқ нафас олганингизда дақиқасига неча бор нафас олишингизни сананг. Бир неча дақиқа ўтганидан сўнг қон уриши пасайганини сезасиз. Сизнинг асабларингиз тинчланди. Сиз ҳаяжон билан фикрлаш ўрнига ўзингизни вазмин тутиб, холис фикрлашга ўтасиз. Сиз вазиятни назорат қиласиз. Диафрагма ёрдамида секин ва чуқур нафас олиш тинчланиш ҳамда ҳаяжоннинг олдини олишнинг энг яхши усулларидан биридир.
Диафрагма ёрдамида нафас олиш узоқ ҳаёт булоғидир
Тез-тез нафас олувчи ҳайвонлар қисқа умр кўрадилар. Узоқ умр кўрувчилар секин нафас олишади. Бу сирни мен 130 ёшга кирган, кўринишидан эса 70 ёшларга ўхшаш ҳиндистонлик бир қариядан билиб олдим. Унинг кўзлари яхши кўрарди, кайфияти яхши ва ақли ўткир эди. У дақиқасига бир марта нафас оларди. Унинг роҳатланаётгани кўзга ташланиб турарди.
Сувли муолажалар – бақувват асаб кучини барпо қилишда олтинчи қадам
Бақувват асаб кучини барпо қилиш учун бизнинг баданимиз фақат ич томонидангина эмас, балки ташқари томондан ҳам тоза бўлиши шарт. Бизнинг маданий озуқаланиш дастуримиз, табиий озуқа, нафас олиш – буларнинг ҳаммаси танани токсин-зарарлардан тозалашга хизмат қилади. Бу заҳарларни тери тешикчалари орқали чиқаради. Тана терисида 96 миллион тешикча мавжуд. Тери – инсон танасининг энг катта аъзоси ва танадаги ортиқча заҳарли моддалар, намликни чиқариб ташловчи аъзо ҳисобланади.
Сувли муолажалар фақат тери тешикчаларини тоза сақлашгагина эмас, балки бақувват асаб кучини барпо қилиш учун ҳам жуда зарур. Заҳарлар тери тешикчалари орқали чиқади, уни ювиб туриш керак. Шунинг учун кунига ювиниш жуда муҳим.
Мен шахсан ўйлашимча, душ – терини тозалашнинг энг яхши усули. Мен кучли босимли душни яхши кўраман. Совун турини танлаш ҳам муҳим. Мен ҳеч қачон хўжалик совунидан фойдаланмайман. Чунки унинг таркибида ишқор бор, баъзи бир туалет совунларида ҳам ишқор мавжуд, улардан фойдаланмаган маъқул. Чунки тери юзаси бузилади, тери қурийди, ёрилади. Бундан асаблар ҳам азият чекади, шунинг учун тоза атир совунлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Тана терисига совуқ сув зарурлиги
Совуқ сув худди тоза ҳаво сингари тана ва терини тетиклаштиради. Унга зарар етказмайди. Бундан олтмиш йиллар аввал мен бадантарбия отаси ва асосчиси Макфэдден билан танишганман. У «Қутб айиғи» номли, йил давомида тинимсиз фаолият юритадиган клуб ташкил қилди. Клуб аъзолари қишин-ёзин чўмилишади. Ҳозирги вақтда бу клубга аъзолар сони бир неча мингдан ошиб кетган.
Кимки қишда ҳам совуқ сувда чўмилса, унинг териси соғлом ва жозибадор. Бу чўмилувчилар учун асаб муаммолари умуман йўқ.
Танангизни совуқ сувга ўргатсангиз, асабларингиз кучи ниҳоятда ошади.
Совуқ сув – энг яхши тетиклаштирувчи восита. Чўмилиб бўлганингиздан сўнг сувни совуқлаштира боринг. Сўнг яна ва яна, тана совуқ сувга ўрганганидан кейин сиз роҳатланасиз. Совуқ сув асабларни жойига келтиришда ҳам муҳим рол ўйнайди. Душ қабул қилгандан сўнг сочиқ билан артиш ўрнига қўл бармоқлари билан енгил уқалаб, теридаги сувни секин-аста кетказинг, бу кучли асаб тизимини барпо қилади. Тана териси бармоқлар ёрдамида қуритилгандан сўнг дағал газламадан тайёрланган сочиқни олиб, яхшилаб ишқаланг, буларнинг ҳаммаси тери тонусини кўтаради, бундай муолажалардан сўнг ўзингизни тетик ҳис қиласиз.
Бақувват асаб кучини барпо қилишда илиқ сув ҳам аҳамиятли
Совуқ сувли душ ҳар доим ҳам фойдали эмас. Шунинг учун илиқ ёки иссиқ сувли муолажадан фойдаланиб туриш мақсадга мувофиқ, айниқса, киши қаттиқ меҳнат қилиб, кўп энергия сарфлаб чарчаган бўлса, унинг асаблари тугунча ҳосил қилиб боғланиб қолади, уни бўшатиш учун эса илиқ ёки иссиқ сувли (40 С) муолажа фойдалироқ бўлади. Бундай вақтда совуқ сувдан фойдаланилмайди.
Сузиш буюк асаб кучини барпо қилади
Сузиш – асаб кучини барпо қилиш учун энг яхши машқ. Атлетик спорт турларини узоқ ўрганиб, шу фикрга келдимки, сузиш асаб кучининг катта захираларини очиб беради. Агар мен АҚШ президенти бўлсам, минглаб сузиш бассейнларини қурдирган бўлардим. Токи ҳар бир америкалик бассейнда сузиш имкониятига эга бўлсин. Мен ўз ўқувчиларимни шунга чақираман, ҳар бир инсон сузишни кундалик машқларининг бир қисми қилиб олиши керак.
«Мен сувдан қўрқаман, сузишни билмайман» каби баҳоналарни келтирманг. Қўрқувни енгиб, сузишни ўрганиб олиш мумкин. Яқинда мен 78 ёшли аёлни учратиб қолдим. У бир умр сувдан қўрқиб, сузишни билмаган. Охири у Гавайяга кўчиб ўтган ва бир неча ой ичида сузишни ўрганиб олган.
Аёлнинг айтишича, умрининг кўп қисмида асаб касаллиги ва уйқусизликдан азият чекиб келган. Сузишни ўрганганимдан сўнг асабланиш йўқ бўлиб, худди ёш боладай ухламоқдаман, дейди у. Мен барчани даъват қиламан: сузишни ҳаётингизнинг бир бўлаги қилинг. Бу асаб кучини барпо қилиш билан бирга сизга роҳат бағишлайди. Соғлик берувчи сув кучидан самарали фойдаланинг.
Қуёш ванналари фойдаси
Қуёш – энергия булоғи. Барча яшаётган, нафас олаётган ва ўсаётган қуёш энергиясига муҳтож. Инсон кийимларга ўралгани сабабли рангсиз, кучсиз ва касалманд бўлади. Ҳозирги замонда кийим одамни одам қилиб кўрсатади, деган гап бор. Шунинг учун аёллар ақлларидан озгунларича охирги модага мос кийинишга ҳаракат қиладилар. Кийим бизнинг маданиятда муҳим аҳамиятга эгалигини мен яхши тушунаман, лекин қуёш нурларини сингдирган соғлом тана модага нисбатан каттароқ аҳамиятга эга эканлигини тан олишимиз зарур.
Қуёш нурлари тўғридан-тўғри тананинг очиқ жойларига тушиб, танага ҳаётий энергия ва янги куч бағишлайди. Бу нурлар соғлик, бахт, узоқ умр асоси ҳисобланади.
Кўпчилик одамлар заҳарли чиқиндилар билан шунчалик тўйинганки, қуёш нури таъсирида улар танаси ёрқин қизил ранг олади ва ичи заҳарга тўлган пуфакчалар билан қопланади. Эсингизда бўлсин, қуёш нурлари организмдан заҳарларни йўқотади. Эрталаб вақтли ва кун иккинчи ярмининг охирлари қуёш ваннаси олиш учун энг яхши вақт ҳисобланади. Кимнинг бадани қуёш нурида куйиб чиниққан бўлса, улар туш вақтида ҳам қуёш нурларидан қўрқмайдилар. Эрталаб соат 6-7 дан то 10-11 гача қуёш ванналари қабул қилиш мумкин. Соат 11 дан то 16-17 гача қуёш нурларидан беркинганингиз маъқул, чунки кучли инфра қизил нурлар баданга зарар келтириши мумкин. Эрталабки ва кечки куйдирмайдиган қуёш нурлари терини ёшартиради, оч жигарранг тус беради ва силлиқ қилади. Қуёш чарчаган асабларни ўзига келтириб, тонусини оширади. Агар сиз қуёш нурлари остида бироз мудрасангиз, тана асаб кучлари резервуарларини тўлдирган бўласиз.
Менга вақтим йўқ, деб айта кўрманг. Дам олаш кунлари бор, зўр бериб овқатланиш ўрнига 30 дақиқа қуёш ваннасини қабул қилинг.
Асаб таранглигини қандай бўшатиш мумкин
«Релаксация» сўзи (бўшашиш) худди «севги» сўзидек маънога бой. Агар бир сигарета чекиб (виски ичиб, кофе ичиб ёки чой ичиб) бироз бўшашиб оламан, деса, уларнинг бўшашиш ҳақидаги тушунчаси жуда саёз, аслида эса улар стимулятор ҳақида гапирмоқдалар. Агар сиз чой, кофе, алкогол ичсангиз, қандай қилиб бўшаша оласиз? Бу бўшашишга тескари, чунки стимуляторлар асабингизни янада таранглаштиради. Баъзилар саёҳатга чиқиб бироз бўшашаман, дейди. Бўлмаган гап, чунки улар барча одатларини бирга олиб кетадилар. Саёҳат кимларнидир бироз янгилаши мумкин, лекин асабни бўшаштириши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Релаксация – сезги нозиклиги
Сезги-ҳиссиётларингиз ҳаётингизни йўналтириши учун анча вақт ўтиб, улғайишингиз керак бўлади. Сиз ўзингизга айтасиз: «Сезяпман, режалаштирган бўлсам ҳам, у ерга бормаслигим керак».
Сиз бу ички овозингизни эшитасиз ва бормайсиз. Режангиз бузилади. Сиз ўз сезгиҳиссиётингизга ишонасиз. Баъзан бундай гапни эшитиб қоламиз: «Сезяпман, бу одам мени ёқтирмайди» ёки «Сиз менинг ҳиссиётларимни ҳақоратладингиз». Тўғри, биз ўз сезгиҳиссиётларимизга эга бўлишимиз керак. Демак, релаксация бу – сезиш, ҳис қилиш. Сизнинг сезгингиз, ҳис-туйғуларингиз асабларингизнинг бўшашишига олиб келади, тинчлантиради, ички мувозанатни тиклайди. Ўзини чарчаган, қийналган, хафа, кучсиз ва эзилган сезиш қандайлигини ҳамма билади, бундан қанча азият чекишларини ҳам билишади.
Агар биз ҳолсизлик, чарчоқ, асабийлашишни ҳис қилсак, биз бу сезгини кундалик нотўғри одатларимиз билан олиб кирамиз. Ҳаётда нимани ният қилсангиз, шуни оласиз. Релаксация – бу сезги ва у маълум сабабга кўра яратилган. Агар сиз асаб кучини барпо қилиш аниқ дастурига риоя қилсангиз, демак, сиз тўла релаксация ҳиссиётини ҳам барпо қилган бўласиз.
Сиз бунга лойиқ бўлишингиз керак.
Кучаниш ва релаксация – ҳаёт пульси
Агар табиат қонунлари бўйича ҳаёт кечираётган бўлсангиз, сиз автоматик тарзда релаксация ҳиссига эга бўласиз.
Кучаниш – ҳаётнинг бир қисми. Мен беш минглик аудитория олдида икки соат давомида маъруза қилиш учун кафедрага кўтарилганимда, албатта, ҳаяжонланаман, кучанаётганимни сезаман. Ҳаёт – бу ҳаракат, ҳаракат эса кучанишни талаб қилади.
Сизнинг кўкрак қафасингизга ажойиб мушак жойлашган бўлиб, у ўз ҳаракатини туғилмасингиздан олдин бошлаб, то дунёдан кўз юмгунингизгача ишлайди. Бу – сизнинг юрагингиз. Аввалига у кучанади, кейин бўшашади. Юрак худди ҳаёт сингари, ҳаёт ҳам кучаниш ва бўшашишдан иборат. Қандайдир вазифани бажариш учун кучанасиз. Агар асабларимиз соғлом бўлиб, меъёрида ишласак, иш тугаганидан сўнг автоматик равишда бўшашамиз.
Бу – жисмонан, ақлан ва руҳан ривожланиш дастури асосида ҳаёт кечираётганлар учун улуғ туҳфа. Сиз юрак мушакларининг қисқаришини ўзгартира олмаслигингиз каби релаксация ҳиссини чақира олмайсиз.
Релаксация шундай нарсаки, у асаб тизимингиз ичида фаолият юритади. Ҳаёт – бу юқорига парвоз қилиш ва пастга қараб йиқилиш. Бутун ҳаётимиз, керак бўлса, кучаниш, кейин эса бўшашишдан иборат.
Асаб тизимингизни шундай мустаҳкам қилингки, сизнинг танангиз автоматик равишда кучаниш ва бўшашишга одатлансин. Бу сизнинг табиий ҳаёт ритмингиз бўлади. Танангизга эътиборли бўлинг, шунда у соғлом бўлади. Агар сиз танангиз қадрига етмасдан бераҳмларча муносабатда бўлсангиз, у сизга худди шундай жавоб қайтариб, бетобликдан бошингиз чиқмайди. Танангиз тинчланса, кўнглингиз ҳам тинчосойишта, ҳаёт гаштга тўла бўлади. Шундай бўлишига интилиш учун арзийди.
Асаб кучи захирасини тузинг
Асаб кучларини ўйламасдан бекорга сарфлашдан ўзингизни тийинг, шунда сиз жисмоний, ақлий ва руҳий энергиянгиз ўсиб боришини таъминлайдиган нуқтага етганингиз маълум бўлади.
Бу ерда асаб кучини сақлаш бўйича бир неча муҳим маслаҳатлар келтирилган:
1. Супермен комплексидан узоқлашинг. Баъзи одамлар ўзларидан кўп нарсани хоҳлашади. Улар барчасига улгуришни исташади. Бажариб бўлмайдиган ишга уриниб, доимо асаблари кучанган ҳолатда бўлишади. Мен кам инсоннинг мукаммал бўлишига ишонаман, лекин асаб емирилиши ҳисобига эмас. Бир одам барча ишни бажара олмайди.
Нимани яхши уддасидан чиқсангиз, ўшани қилинг. Ҳаётингиз узун, соғлом ва бахтли бўлади.
2. Сизни безовта қилаётган нарса ҳақида яқинларингиз билан ўртоқлашинг. Ичингизда сақламанг.
Агар сиз кимдандир норози бўлсангиз, унинг олдига келиб, тинчгина тушунтиринг, кўпинча бу тушунмовчилик бўлади, холос. Қариндош-уруғ, оила аъзоларингиз, ўртоқларингиз, ишчиходимларингиз, умуман, ким бўлишидан қатъий назар, очиқ-ойдин муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг. Кўпчилик эр-хотин, ота-она ва болалар норозиликларини ичларида сақлаб, охири юз кўрмас бўлиб кетишади. Баъзилар атрофларини «тош девор» билан ўраб, ҳеч кимни яқинларига келтирмайдилар, бу эса асабни кучанишга олиб келади.
Бундай вақтда кимгадир ишониб кўнгилни ёзиш лозим, дўстингизга, шифокорга, руҳонийга. Бундай мулоқот муаммога янгича ёндашиш ва уни ҳал қилиш йўлини кўрсатади.
3. Ўз кайфиятингизни назорат қилинг. Кайфият – ўта яхши нарса, уни йўқотманг. Назорат қилинадиган кайфият сизни мақсад сари етаклайди. Назоратдан чиққан кайфият сиз ва атрофдагиларга азият етказиши мумкин. Ўазаблансангиз, ҳаддан ташқари кўп асаб кучини йўқотасиз.
Жаҳлингиз чиқаётганини сезсангиз, ўтиринг ёки ётиб олинг, ичингизда сананг, ҳеч нарса гапирманг, чунки кейин пушаймон бўласиз.
Жисмоний иш билан ўзингизни банд қилинг ёки энг яхшиси – очиқ ҳавода сайр қилинг. Сизни бу ҳолатга келтирган одамдан ёки вазиятдан ўзингизни четга олинг, «ҳаммасини» айтиб олишга уринманг, чунки кўп асаб кучи йўқотасиз, гулларга қаранг, боғбонлик қилинг, уй ишлари билан шуғулланинг, ҳеч қачон жисмоний куч ишлатманг.
Кайфиятингизни ҳар доим назорат қилиб боринг.
Жанжаллашишдан ўзингизни олиб қочинг
Оддий ўртоқларча суҳбатдан бошланиб, ҳаяжонли тортишувлар оқибатда катта жанжалга айланиб, ҳатто жароҳатлаш ва ўлимгача олиб келган воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Бу эса, албатта, катта ғам-ғуссага сабаб бўлади. Мунозара қилиш, далил келтириш ақлни чархлайди ва кўпинча фойдали ҳисобланади. Лекин камдан-кам одамлар ҳаяжонланмасдан ўртоқларча суҳбат олиб боришга қодир. Менинг маслаҳатим шундай: жанжаллардан қочинг, чунки бу турли хил асаб бузилишига олиб келади. Айниқса, овқатланиш вақтидаги жанжал ошқозон яллиғланишига сабаб бўлади. Тортишув қизиб, жанжалга айланаётган вақтда ўзингизни тўхтата билинг ва сизнинг гапингиз тўғридир. Менинг ҳозир жанжаллашиш ниятим йўқ, деб суҳбатга нуқта қўйган маъқул.
Бошқалар билан жанжаллашманг, жиғига тегманг, ўзингиз билан ҳам шундай қилишга йўл қўйманг.
Сув билан ёғ аралашмагани каби баъзилар бир-бири билан келиша олмайди.
Шахсий ҳаётимда мен ўзимга ёқмаган одамлар билан мулоқотдан қочаман.
Табассум қилинг
Эски мақолалардан бирида бундай дейилади: «Агар сен кулсанг, сен билан бирга бутун олам кулади, агар сен йиғласанг, бир ўзинг йиғлайсан».
Кулгу – ўзига яраша машқ бўлиб, қорин бўшлиғи атрофида нормал циркуляция ҳосил қилади. Кулгу бахтли руҳий ҳолатни келтириб, соғликни мустаҳкамлайди. Юзингизни жаҳли чиққан одамникига ўхшатинг, сизни ёмон кайфият қамраб олади, арзимаган гапдан ғазаблана бошлайсиз. Бундай руҳий ҳолат асабларингизни бузади, юрак ва ўпка ҳаракатларини паралич қилади. Кулгу эса тескари натижа беради.
Ички табассум
Қуйидагича тажриба ўтказиб кўринг:
Китоб ўқишни тўхтатиб, табассум қилинг. Сиз ич-ичингизда тушунтириб бўлмайдиган бахтиёрлик ҳиссини сезасиз, ваҳоланки, бунга арзигулик сабаб йўқ эди.
Энди эса юзингизни жаҳли чиққан одамникига ўхшатинг. Сиз ҳақиқатда жаҳлингиз чиқаётганини сезасиз. Агар юрак уриши тезлиги ўлчаб кўрилса, унинг ўзгарганини кўриш мумкин. Ҳатто ўзингизни зўрлаб, жаҳли чиққан одамга ўхшатиш ҳам барча ички аъзоларингизда ўз акс-садосини беради. Шунинг учун табассум қилинг. Ҳатто китоб ўқиганингизда, тинчланиб дам олаётганингизда, жаҳлингиз чиқса ҳам, қандайдир низони ҳал қилишда ҳам табассум қилинг. Охир-оқибат табассум сизга бахтиёрлик ҳиссини туҳфа қилади. Яхши китоблар ўқинг, кулгули воқеаларга бой китоблар жуда кўп. Радио ва телевидиниеда ҳам кулдирадиган кўрсатувларни кўринг. Ўта жиддий, кулмайдиган, ҳўмрайиб юрадиган шерикларингиздан узоқда бўлинг. Мен кўпроқ болалар ва ўсмирлар билан бўлишини ёқтираман, чунки улар доим хушчақчақ. Қизиқчилик қиладиган, хушчақчақ одамларга ҳамроҳ бўлишга ҳаракат қиламан, чунки яхши кайфият атрофдагиларга тез юқади. Атрофингизда бахтли одамлар бўлса, сиз ҳам ўзингизни бахтли сезасиз. Табассум қилинг, сизга ҳам табассум туҳфа қилишади.