Электронная библиотека » Абдужалол Рахимов » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Мугат фолбин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Абдужалол Рахимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 8 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Раҳимов Абдужамол
Мугат фолбин : саргузашт қисса ҳикоялар

МУГАТ ФОЛБИН
(саргузашт қисса)

Тунги шарпалар

Ёзнинг чилласи ўтган бўлса ҳам бу кеча ҳаво дим бўлди. Тун ярмидан оғган. Ой тўлишган палла. Тўлиной юлдузли осмонда беғам сузади. Катта ҳовли этагидаги бўшаб ётган молхона, ундан наридаги бутазор ой ёруғидан панада қолган. Буларнинг бари, ой нури тушмаётган узоқдаги тоғлар ҳам шаффоф кумушранг парда ортида сирли кўринади.

Бу тунда Забаржаднинг уйқуси қочди. Очиқ деразадан ташқарига термулиб ётарди. Бирдан кўз олди қоронғилашди. Авваллари, фол очаётганида ана шундай бўларди. Кейин, хаёлида бир ҳудуд аста-секин ёришиб, қаршисида ўтирган одамни кўрарди. У билан фикран мулоқотга киришиб, йўқотган буюми ёки молини топар, дардини билиб ўзига айтарди. Шундан кейин бироз боши оғрирди. У пайтларда фол кўриш катта қувват талаб қилишини билмасди. Энди бўлса, қариб, фол кўрмай қўйганига ҳам анча бўлди.

Ҳозир кўз олди ўшандагидай қоронғилашиши юрагига ваҳима солди. «Энди мугат11
  Марказий Осиё лўлилари ўзларини мугат, (муғ-оташпараст) деб аташади.


[Закрыть]
кампир кимга ҳам керак?» деб ўйлади. Ёши етмишдами, саксондами, ўзиям билмайди. Фақат узоқ, жуда узоқ яшади.

Забаржад ётган жойида қалқиб кетди. Кўз олди ёриша бошлади. Ёруғликда икки киши кўринди. «Ё Оллоҳ! Бу кимсалар у билан чоли ётган шу хонага яқинлашишди! Ниятлари ёмон! Улар эшикни итаришди. Йўқ! Забаржад уларни орқага қайтариши керак! Авваллари у буни эплаган. Руҳий қувватини йиғиб, уларнинг фикрини чалғитади. Кейин, бу ердан чиқиб кетишга мажбур қилади!».

«Оҳ, бўлмади! Қари мугат қувватдан қолибди…».

Забаржад эплолмаслигини сезди. Бўйнидаги сарғиш-яшил тошлардан тизилган маржонига ойнинг нури тушиши керак. Шунда, руҳий таъсир қуввати ўн, юз чандон ортади. У бунга улгурмади. Ўзини хаёлидаги қоронғиликка урди. Кўз олдида очиқ деразадан мўралаб турган тўлиной пайдо бўлди.

Тунги сукунатни бузиб хона эшиги ғижирлади. Овоз чиқармай икки шарпа кирди. Улар девдай-девдай йигитлар эди. Забаржад босқинчиларни мақсадлари пул эканлигини тушунди. У жим ётарди.

Шу ҳолатда фикран қоронғиликка шўнғиди. Кейин ёруғ ҳудудга ўтди. Кўз ўнгида чоли билан ётган хона ёришди. Энди икки босқинчини аниқ-тиниқ кўрди. Уларни таниёлмади. Бири – қоп-қора, кўзлари катта-катта, бўйдор йигит. Иккинчисининг бўйи уникидан бироз паст, юзи, сочлари маллатоб.

– Ризо, деразани ёпиб, пардасини тушир, – деб пичирлади қора йигит.

– Ит ҳам йўқ-ку, нимадан чўчийсан?

– Айтганимни қил, хотиржам бўламан!

Малла индамади. Деразани ёпаётганида ой нури тушиб турган ҳовлига хавотир билан қараб қўйди. «Унинг исми Ризо экан». Забаржад эслаб қолишга ҳаракат қилди. У ухлаётгандай ётсада, аслида ҳамма воқеаларнинг ичида эди. Қора йигит Ризога Забаржадни кўрсатди. Ўзи чолга ташланди.

Ризо чап қўлини Забаржадни оғзига босди. Юзига мушт туширди. Қоқ суяк, озғин мугат кампир жим бўлиб қолди. Бу пайтда қора босқинчи чолни уйғотиб олганди. Сафар лўли (уни шундай деб аташарди) хириллар, нима бўлаётганини тушунмай, кўзларини катта-катта очиб ётарди.

– Пул қаерда?! – деди қора босқинчи илондек вишиллаб.

Чол қўрққанидан дағ-дағ титрар, бу азоблар тушидами ё ўнгида эканлигини ҳали яхши ажратолмаганди. Жонини олгани келган ғаддор ким?! Ё унинг умри интиҳосига етгану, бўғаётган Азроилми?.. Ниҳоят, кекса Сафар «пул, пул» деган сўроқлардан қийноқнинг моҳиятини англагандай бўлди. Уйнинг бурчагига ишора қилди.

– Эшқул, кампир тамом бўлганга ўхшайди, – деб қолди Ризо овози титраб. – Бўйнидаги шиша тақинчоғидан бошқа ҳеч вақоси йўқ уни!

Чол билан овора бўлаётган Эшқул унинг гапига эътибор бермади. Забаржад бўйнидаги маржон ҳақида гап бораётганини билиб титраб кетди. Бу сариқ-яшил шаффоф тошлар унга бувисидан ёдгорлик.

– Гапирмадими? – деди чолни қийнашда давом этаётган Эшқул.

– Йўқ, жони бўш экан. Бир муштда ўчди.

– Аҳмоқ, нега шошдинг!? Чол пул қаердалигини билмаса-чи?

Эшқул чолни яна бўға бошлади.

– Пул қани, гапир!? Ўлдираман!

– Бурчакда, кўмилган, – деди чол базўр.

– Яна, яна қаерда?! Биламан, лўли, пулинг кўп! Айт, бўлмаса жонингни оламан?!

Забаржад қимир этолмасди. Ризо унинг бўйнига қўлини қўйди. Томири урмай, танаси совиб қолган. Аслида, Забаржаднинг ўзи танасини шу ҳолатга туширди. Буни ботиний овоз буюрди: «Жонингни асрашинг учун қимирлама, нафас ҳам олма!». Забаржад шундай қилди. Лекин, юраги секин, жуда секин, ҳар дақиқада икки-учтадан ураётганини сезди.

Чол ўзларининг ўлимлик пуллари кўмилган бурчакни кўрсатганди. Ризо сапчиб турди-да, бориб кигизни кўтарди. Энди улар ҳовлиқиб қолишганди.

– Кампирни ўлгани ишни пачава қилди! – деди пишиллаб Эшқул. – Тезроқ бўл! Манави чолниям тинчитамиз энди.

Ризо бўйра остидаги ўрани топди. Ўрадан бир қопчиқ пул олди.

– Қолгани қани?! – Эшқул чолни яктагидан ушлаб силкитарди.

Сафар лўли индамади. «Ўғлимизни пулларини айтмади» деб ўйлади Забаржад. У бу даҳшатларнинг ҳаммасини кўриб ётарди. Фикран бегига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аввалига, бардам бўлишини сўради. Бироқ беги буни англайдиган аҳволда эмасди. Забаржад уни ҳам қоронғилик орқали ўз оламига чақириб олишга уринди. Лекин қуввати етмади. Бегининг хириллаб ҳаёт билан видолашаётганини кўрди. Қора босқинчи қулоғига зарб билан бигиз санчганида бир тўлғаниб, жим бўлиб қолди. Забаржад ўзини базўр қўлга олди. «Бегим, – деди ботинан, – қийналиб кетган бегим! Полвоним, меҳрибоним!». Унинг кўзларидан ёш қуйилди. Пул тўла қопчиқни қўлтиқлаб чиқиб кетаётган босқинчилар буни сезишмади.

Забаржад чақмоқдек тез фикрлай бошлади. У босқинчиларни йўқотиб қўймаслиги керак! Улар узоқлашмасидан бунинг чорасини кўради. Қотиллар ҳали унинг таъсир доирасида.

Забаржад фикран қоронғилик қаърига сизиб кирди. Кўзини очиб, ўрнидан турди. Деразадан тушиб турган ой ёруғига келди. Ойнинг нури бўйнидаги маржонига тушди. Маржон қизиб кетди. Забаржад учар юлдуздек бир силкиниб, қопчиқни қўлтиқлаб қочаётган икки шарпанинг олдида пайдо бўлди. Аввал, бегига наштар санчган қора босқинчи – Эшқулнинг қўлини ушлади. У юпқа қўлқоп кийган экан. Забаржад қўлқоп четидан сизиб кирган қўлини унинг кафтига қўйди.

– Қўлим қичияпти, яна пул топамиз, – деди Эшқул.

– Мениям қўлим жимирлашиб кетди. – Ризо хавотирга тушиб қолди. – Юр, яхшиси тезроқ кетайлик! Лўлиларни жини борга ўхшайди.

– Бу тарафларда жин бўлса, уям сенсан, – «хи-хихи»лади Эшқул. – Сариқ жин!

Ризо бунга жавобан нимадир деб ғингшиди. Улар қадамларини тезлатиб кўздан ғойиб бўлишди.

Забаржад орқага қайтди. Энди бу икки босқинчини истаган пайтида топа олади. Исмларини ҳам билиб олди: бегининг қотили Эшқул, малласи Ризо. «Балога йўлуқларинг!» деди уларнинг орқасидан. У бегининг ҳолидан хабар олишга шошарди. Бор кучини тўплаб ўзини қоронғиликка урди. Зимистондан бир лаҳзада сизиб ўтди. Кўзини очганида чап юзида оғриқ сезди. Бу, малла Ризо урган муштнинг оғриғи эди. Бунга эътибор бермади. Қаршисида оппоқ кийимда, худди ухлаётгандек бўлиб чоли ётарди. Ўзини унинг устига отди.

– Оҳ, бегим, чи шуд?!22
  Оҳ, бегим, нима бўлди?!


[Закрыть]

Забаржад бегидан айирилганини тушунди. Кўзларидан оққан ёш Сафар лўлининг юзига томди. Хаёлида биргина фикр совуқ тошдек қотиб қолганди: «Наҳот беги энди ҳеч қачон кўзини очмаса?!». У беихтиёр Сафарнинг совий бошлаган пешонасини силарди.

Забаржад шу аҳволда узоқ ўтирди. Сафар билан ўтган умри кўз ўнгидан ўтаверди. Сафарнинг ёшлик даврлари, ўт-оловлиги, тунлари ёш Забаржадни қўлларида кўтариб юрганлари…

Тим қора қалин мўйловлик, қадди сарвдек келишган мугат йигити дунёга бир келдию, кетди.

Фарёд

Ҳовлидаги хўроз бирор кор-ҳолдан хабар бермоқчидек жон-жаҳди билан қичқирди. Хўрознинг қичқириғи Забаржаднинг изтиробли хаёлларини бўлди. Мияси чақмоқдек тез ишлай бошлади: энди нима бўлади? Улар қотил. Кампир ҳам ўлган, деб ўйлашаётир. Агар тирик қолганини билишса-чи?! Қора илон билан сариқ илон заҳар солгани қайта келиши аниқ! Чунки, Забаржад қилмишларига гувоҳ.

У икки кафтини чеккасига босди. Бошини кўринмас тиғ пармалайди. Аслида, яшашидан маъно ҳам қолмади. Болалар ўз йўлларини топишган. Бегидан айрилгани – ёшлик хотиралари, тотли кунлари, умридан айрилгани. Энди яшашнинг қизиғи йўқ. Бироқ… улар ялло қилиб юраверсинми? Болаларига, борингки, яна бирор кимсага – мўмин инсонга ёмонлик қилишмайди, қотиллик қилишмайди, деб бўладими? Забаржад – кексайиб, умрини яшаган мугат фолбин. Қанчадан-қанча одамларга яхшилик қилди. Кимнидир йўқотган сигирини, отини топиб берди. Не-не танноз санамларга ўғирлатган олмосу тиллоларини қайтарди. Фолбинлик – Яратгандан берилган хислат. Уни яхшиликка ишлатди. Умр бўйи эзгуликка хизмат қилди… Забаржад шундай жафоларга лойиқмиди?

Унинг аждодлари ҳам эзгу ишлар қилиб ўтишган.

Уруш йиллари кўчманчилик қилиб кун кўришарди. Қирларда ертўла кавлаб қишлашган. Очликдан ёввойи буталарнинг мевасини териб ейишарди. Дайдиб юрган етим-есирлар кўпайиб кетди. Бир куни бувиси бозордан ўн-ўн бир ёшлардаги қизчани бошлаб келди. Исми Садинисо экан. Ота-онаси ўлиб кетган. Қизча кўчада қолибди. Ўзлари нима аҳволда-ю… Лекин бувисининг қарорига ҳеч ким қарши чиқолмасди. Садинисо мугатлар оиласида фарзанд бўлиб қолди. Бўй етганда мугат йигитга турмушга беришди. Ҳозир Садинисо бибиси ҳаёт. Бир этак невара-чеваралари бор.

Забаржадни бувиси ана шундай эди. Унга ҳам эзгу ишларни ўргатди. Бугун нега унинг бағрини қон қилдилар? Нега уни бегидан айирдилар?! Балки, бу ҳам тақдирнинг аччиқ бир синовидир? Кўз ёшларидан на фойда…

Тонг ёришмоқда. Бироз ўтиб қўлида иккита иссиқ нон билан тўнғич ўғли Садир кириб келади. Отасини унга топширди. Оҳ, болажоним-а! Забаржад эса, Забаржад фолбин энди ҳамма учун йўқ бўлади.

У ихраб-сихраб ўрнидан турди. Қулоғидан оққан қони қотиб қолган бегига кўзи тушиб ичидан момақалдироқдек кучли бир фарёд келди. Қари фолбин уни базўр тўхтатиб қолди. Деразадан мўралаётган тўлиной узоқдаги тоғлар ортига ботиб борарди.

Забаржад хона бурчагидаги михда осилиб турган боғичли халтани олди. Унга кўйлаги, майда-чуйда буюмларини солди. Дераза токчасидаги сув тўла човгумни ҳам олди. Чиқиб кетишидан аввал кўнгли бесар бўлиб яна бегининг олдига келди. Чўк тушиб, пешонасини силади. Юмуқ кўзидан охирги марта ўпиб, ўрнидан турди.

Забаржад ҳовлига чиқди. Ташландиқ молхона ортидаги бутазорга қараб юрди. Бу ерда бир-бирига чирмашиб наъматак, маймунжон ўсиб ётибди. У деворга яқин бориб, ерни тимирскилади. Ёғоч қопқоқнинг зулфинини топди. Устини ажириқ босган қопқоқни базўр кўтарди. Зинадан ертўлага тушиб, қопқоқни яна беркитди. Тимирскилаб бориб ёғоч сўрига ўтирди. Қўлидаги човгумни ерга қўйди. Кейин халтасини бошига ёстиқ қилиб сўрига ётди.

Ертўлада

Забаржад кўзини очганида ертўла зинасига қопқоқ тирқишидан қуёш нури тушиб турарди. У бироз ана шу нурга тикилиб ўтирди. Кейин энди бу оламда Сафар йўқлигини эслаб ўкинди. Уҳ тортиб, ўйга чўмди: Сафар ёшлигидан жуда эҳтиёткор эди. Унинг бу фазилати Забаржадниям, фарзандлариниям кўп бор фалокатдан, бало-қазолардан асраган. Молхона қураётганида шу ертўлани кавлаб, ҳеч кимга билдирмай устини ёпиб қўйди.

– Буни нега кавладингиз, Садирни отаси? – деди Забаржад ажабланиб.

Улар, мугатлар одатига кўра, бир-бирларини тўнғич ўғилларининг исми билан чақиришарди. Сафар қилаётган ишини тўхтатиб, белкуракка суяниб турди-да:

– Бир куни керак бўлиб қолади. Ё санга, ё манга, балким иккаламизга, Садирни онаси, – деди.

– Ўзингиз биласиз, – деб Забаржад нари кетди.

Чол ҳар замонда ертўлани тозалаб турарди. Қопчиқдаги қотган нонларни ҳам олиб тушиб қўярди. Забаржад бурчакда осилиб турган қопчиққа қаради. Кўзига ёш қуйилиб келди. Шу пайт ташқаридан қий-чув овозлар эшитилди. Ҳойнаҳой болалари, қариндошуруғлар йиғилишган. Энди Забаржад азадор: у секин соч ўрамларини еча бошлади. Мугатлар одатига кўра бегининг қирқи ўтгунича сочини ёйиб юриши лозим. Қирқи ўтиб, қабр тепасига боришганида яқин қариндош аёллардан бири сочини ўради. У ким бўларкин? Қабрга «гандум» – ундирилган буғдойни ким олиб келаркин? Ахир, яшил буғдой майсаси марҳум руҳига тасбеҳ ўгириб туриши керакку.

Забаржаднинг юраги қалқиб кетди. У ҳозир бегининг ёнида бўлиши шарт! Уни сўнгги манзилига кузатиши, фарёд қилиши керак эмасми? Болаларининг олдида оталарининг фазилатларини айтиб йиғлаши лозим. Лекин ҳозир, бунинг иложи йўқ!

Кўз олдига Эшқул билан Ризони қиёфаси келди. Бу икки босқинчи, қотилнинг совуқ башараларини сира-сира унутолмайди. Уларни жазоси олдинда. Ҳозир болаларининг юрагига таскин бериши керак.

У кўзини юмди. Қоронғиликдан бир сонияда соҳир ёруғликка ўтди. Бу ҳолатда танаси ертўлада қолиб, фикран истаган ҳудудига бора оларди. Забаржад беги ётган хонага кирди. Чолнинг бош томонида катта ўғли Садир ўтирибди. Кўзлари қизариб кетибди, боши эгик. Эрка қизи Малоҳат сочларини ёйиб йиғламоқда.

– Апам, апам қани?! – дея йиғи аралаш оҳ урарди у.

Кенжа ўғли Наврўз отасининг оёқларини қучоқлаб олганича надомат чекаётир:

– Нега ман шу тунда уйда бўлмадим? Меҳмонга кетгандим, ата, бормай адо бўлай, атажон! Апам қаерда, апамни топиб беринг, атажон, атажоним!

Забаржад кенжатойининг зорланишларига чидаб туролмади. Йирик-йирик тим қора кўзлари, қуюқ мўйлаби отасининг ёшлигига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Забаржад фикран унинг қўлини ушлади.

Наврўзнинг қўли қизиди. У қўлини бошига қўйиб жим бўлиб қолди.

– Ака, апам тирик, – деди. – Апам тирик!

Садир бошини кўтариб укасига қаради. Сочлари ёйилган Малоҳат йиғидан тўхтади.

– Қаёқдан билдинг?! – Малоҳат укасини елкасидан қучоқлаб олди.

– Менга хабар келди, – ёш боладек кўзини пирпиратди Наврўз.

– Қандай хабар, ико33
  Ико – ука.


[Закрыть]
?

– Билмайман, биби44
  Биби – опа.


[Закрыть]
, билмайман. Мани апам хаёлимга кириб ана шундай овутардилар. Бари рост чиқарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Апам тирик! Язнамга55
  Язна – почча.


[Закрыть]
айтинг, қидирсунлар?!

Шу пайт ҳовлига беш-олтита милиция ходимлари кириб келишди. Улар билан оқ халат кийган икки нафар «тез ёрдам» шифокори ҳам бор. «Энди бегимга ҳеч ким ёрдам беролмайди», дея ўйлади Забаржад. Бўйнидаги маржони қизий бошлади. У қайтиши кераклигини тушунди. Ҳамма воқеаларни кўриб-била оладиган ёруғликдан қоронғилик қаърига шўнғиди. Кўзини очганида ертўладаги сўрида ўтирарди. Кетмон билан қаттиқ тупроқни текис ўйиб ишланган зинада қопқоқ тирқишидан тушаётган қуёш нури ўйнарди.

Жаноза

Забаржад танасида қаттиқ чарчоқ ҳис қилди. Сўрига ётиб дам ола бошлади. Хаёлан, қиладиган ишларига режа тузди: аввало, қувватини йиғиб, бегини сўнгги манзилига кузатади. Бу кузатиш фоний дунёда беги билан ёнма-ён бўла оладиган, унга содиқлигини изҳор эта оладиган сўнгги имкондир. Ахир, мугат аёллари бегларини ниҳоятда қаттиқ ҳурмат қилишади. Мугат аёл эри нима қилса ҳам кечиради. Уни доим ҳақ, деб билади. Фарзанд – Худонинг неъмати. Бештами, саккиз, ўнтами – хомиладор бўлса туғаверади. Фарзанди хасталанса жонини фидо қилишга тайёр. Мугат онаси ҳамма оналар каби қуёшдан оташ меҳр, чеҳрасига ойдан нур олган. Забаржад ҳам мугат аёли, Забаржад ҳам она. Унинг беги, суюкли Сафари – мугат эркакларининг сардори эди…

Забаржаднинг кўзига яна ёш қуйилиб келди. У қувват тўплаши керак. Халтасидан пиёла олди. Човгумидан тўлдириб сув қўйди. Ертўла бурчагида илиниб турган қопчиқдан қотган нон олди. Нонни сувга ивитиб қўйди. Бироздан кейин бир чимдимдан олиб ея бошлади. Кейин сўрига ётиб мудради.

Забаржад ҳовлида кўтарилган қий-чувдан ўзига келди. Тобут кўтарилаётганини тушунди. Кўзини юмиб, фикрини жамлади. Лаҳза ўтмай қоронғилик қаъридан ёруғликка чиқиб олди. Фикран юқорига кўтарилди. Ҳовлини одам босган. Қизи, қариндош аёллар сочларини ёйиб йиғлашмоқда. Ёш-қари, бир тўп эркаклар тобутни елкаларига олишди. Тобут кўтарган оломон дарвоза томонга юрди. Забаржад фикран бориб тобутнинг бош томонига ёпилган чакмонни силади: «Бегим! Осмонни йиғлатган оғриқларга бардош берган, бегим! Сизни ўзим кузатиб бораман. Ман, Забаржад ёнингиздаман!» деди. Сафарнинг қулоғига Эшқул санчган бигиз кўз олдига келди. Беги бир ихрагани, кейин жим бўлиб қолганини эслади. Ичу ташида титроқ турди. «Худо жазоларингни беради, ман ҳали тирикман!» деди.

Қабристон қишлоқ четида эди. Жаноза аҳли «Авлиё ота» қабристонининг лўлилар хилхонаси» деб ёзилган дарвозадан кириб борди. Олдинда – тўн кийиб, хасса тутган ўғиллари. Янги кавланган қабр тупроғини кўриб Забаржаднинг ичидан фарёд келди: Энди беги совуқ тупроққа кўмилади! Уни ҳеч қачон кўролмайди! Унинг эркаловчи, ширали овозини эшитолмайди…

Сафар лўлини лаҳадга катта ўғли Садир билан ёши улуғроқ қариндошлардан бири қўйишди. Дам тупроғи йиғилди. Зум ўтмай қабр тупроққа тўлди. Имом «Сураи Мулк»ни тиловат қила бошлади: Бисмилла’ ҳир роҳма’нир роҳийм «Таба’ рокал-лазий би-йадиҳил мулку ва ҳува ъала’ кулли шай-ин қодийр.»…

Масжид имомининг овози қабристон узра сирли таралди. Уфқни қизил шафақ қоплади. Шом намозига яқинлашганда жаноза аҳли қабристондан қайтди. Забаржад одамларнинг кўзига кўринмаса-да, улар билан бирга эди. Танаси ертўлада бўлгани ҳолда фикран ўғиллари, уруғ-аймоқлари орасида бўлди. Унга маржон ёрдамида ўта олган ёрқин олам шу имкониятни берди. Узоқ-яқиндан жанозага келган тумонат одамни кўриб кўнгли бироз таскин топди. Ташвишли кунларда мугатлар доимо бирга бўлганлар. Бундай пайтларда гина-қудуратлар унутилади, муаммолар ортга сурилади. Забаржад қўни-қўшниларидан ҳам миннатдор бўлди. Ахир, бегини шу одамлар сўнгги йўлга кузатдилар. Фолбин уларни тарк этар экан, қалбларига нурли тилаклар йўллади.

Забаржад танасини ертўладаги сўрида ҳис қилганида қуввати қолмаганди. Юраги беҳол, кўнгли шикаста ўтирарди. Буларнинг барини кексаликка йўйди. Ётиб, кўзини юмди.

У ширин туш кўрди: ёш келинлик пайти экан. Бўйнида бувисидан қолган ёдгорлик маржон. Сочи кумуш тангалик ипак иплар қўшиб ўрилган. Қўлларига хино қўйилган. Эгнида бинафшаранг крепдешин кўйлаги. Кўзлари ёшлик эҳтиросидан ёнади. Шундай ҳимо билан юрадики, бундан ўзи уялиб кетади. Сафар ҳам самбитдек бўйлик, қора қош, қора кўз йигит. Забаржад уни ҳаммадан қизғанарди. Шу куни Сафар нимагадир қоронғи тушганда кириб келди.

– Бегим! – деб Забаржад унинг бўйнидан қучоқлади. – Нега кеч келасиз? Ман соғиндим!

У бегининг кўзларига тикилди. Сафарни эти жимирлашиб кетди.

– Хаёлингга бошқа нарса келдими? – деди.

– Ким билсин…

– Мугат йигитлари хотинига садоқатли бўлишини биласан-ку? Мани борим, тану-жоним саники, Забаржад!

У шундай деб, бақувват қўллари билан Забаржадни кўтариб олди. Забаржад унинг қайноқ қучоғида эриб, ўзидан кетай деди. Ҳушини йўқотмаслик учун уйғониб кетди…

Ҳаммаси туш экан. Забаржаднинг юраги тез урар, нафаси қисиб, пешонасидан тер қуйиларди. Кўзини очиб, зимистон ертўлада эканлигини ҳис қилди. Ўрнидан туриб, пайпаслаб зинани топди. Икки қўли билан қопқоқни юқорига кўтарди. Қопқоқ кўтарилганда юзига салқин ҳаво урилди. Юлдузли осмонга кўзи тушди. Энди ертўла қопқоғини баралла кўтарди. Тўлиной тоғ томонга яқинлашмоқда. Демак, бир-икки соатдан кейин тонг ёришади. У шошилиши керак!

Забаржад халтасини олиб ташқарига чиқди. Ертўла қопқоғини эҳтиётлик билан ёпди. Қаддини ростлаб, атрофга аланглади. Ойдин кеча. Атроф жимжит. Гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Ҳовлида осойишталик. Уйда қолган хассакашлар чарчаб ухлаб қолишган. У бутазордан чиқиб дарвоза томонга юрди… Ажаб, дарвоза илгаги туширилган, очиқ экан. «Беркитишни унутишибди», деб қўйди пичирлаб Забаржад. Ташқарига чиқиб, дарвозани маҳкам беркитди. Халтасини елкасига осди-да, катта асфальт йўлга қараб кетди.

Забаржаднинг фоли

Тонг ёришишига ҳали бироз бор. Қишлоқ кўчаларида ҳеч ким кўринмайди. Ҳар ер-ҳар ерда олапар итлар эринчоқлик билан хуришади.

Юз-кўзини рўмол билан ўраб олган Забаржад тез-тез юриб бормоқда. Уни ҳеч ким таниб қолмаслиги керак. Кўрган тақдирда ҳам тонг саҳарлаб биринчи автобусга шошаётган мугат аёлига ҳеч ким эътибор бермасди. Забаржад дадил қадам ташлаб кетаверди. У биринчи автобусга улгуриши лозим. Бу автобус бозорчи қишлоқ аёлларини йиғиб шаҳарга боради. Аёлларнинг кўпчилиги сут-қатиқ сотишади. Парранда, мева-чева олиб кетаётганлар ҳам бўлади. Забаржад икки чақиримча юриб, яйдоқ даладаги бекатга яқинлашди. Шу пайт бекатдан бир аёл ўзига тикилиб турганини кўриб қолди.

– Ё Оллоҳ! Синглим, Зарбиби-ку, – пичирлади у.

Бекатдаги аёл ҳам шошиб у томонга юрди.

– Биби, бибижон! – деди у Забаржадни жон-жаҳди билан қучоқлаб. – Ўзингизми? Тирикмисиз?!

– Тирикман, Зарбиби, хохаржон, 66
  Хохар – сингил.


[Закрыть]
тирикман. Лекин овозингни чиқарма. Буни ер ҳам билмасин.

– Биби, бибижоним, нима бўлди?! Язнамни ким ўлдирди?.. Ман сизникида ётиб қолган эдим. Ҳозир йўлга чиқдим.

– Дарвозани сан очдингми?

– Ман, бибижон, ман. – Зарбиби кўзига ёш олди. – Уйингизда қололмадим. Тирик бўлсангиз маникига келасиз, деб ўйладим, бибижоним! Сизсиз уйингизга сиғмай қолдим, чидолмадим!

– Бас, Зарбиби, бас! Ана, автобус келопти. Гапирмай, жим ўтир. Ҳозир саникига жўнаймиз. Уйингга борганда ҳаммасини айтаман. Тириклигимни сандан бошқаси билмасин, болаларинг ҳам! Уқдингми?

– Уқдим бибижон, уқдим. Нима десангиз – шу, бибижоним!

Бекатга автобус келиб тўхтади. Оғизларигача рўмоллари билан беркитилган икки мугат кампир ихрабсихраб чиқиб олишди. Улар бир оғиз гапирмай бўш ўринларга ўтиришди. Автобусда йигирма чоғли хотинхалаж бор. Ёнларида оқ халта, сут тўла алюмин идишлари. Забаржад юзига фотиҳа тортди. Ҳамма жим ўтирарди. Бир пайт ўрта яшар бир аёл Забаржадга майда пул кўтариб келди:

– Хола, дуо қилинг, бозоримни берсин, – деди.

Забаржад фолбин эди. Садақа сўрамаган. Лекин бу аёлга рад этса бўлмайди, бошқача тушуниши мумкин.

– Оллоҳ бозорингни берсин, болам, – деди замзамали овозда. – Беш нафар фарзандингни ризқини олиб қайт. Сан яхши аёлсан. Яхшилар яшасин бу оламда, ўргулай.

Бозорчи аёлнинг оғзи очилиб қолди. Раҳмат айтиб, жойига бориб ўтирди. Ёнидаги шеригига нимадир деб пичирлади.

Забаржадни олдига яна бир сутчи аёл пул кўтариб келди. Униям алқаб, фарзандларига ризқ тилади. Яна бироз фурсат ўтиб ёшгина келинчак ёнида туриб олиб минг сўмлик пул узатди.

– Хола…

Забаржад унинг қўлидаги пулни нари итарди.

– Ёнимга ўтир, – деди.

У ўтирди. Бироздан кейин:

– Хола, эрим бошқаси билан юради. Шунга фол очиб қўйсангиз, – деди йиғламсираб.

– Бегингга яхши кўриб теккансан. Шундайми?

– Ҳа.

– У ҳам сани яхши кўради.

– Лекин…

– «Лекин»и йўқ, қизим. Ўртангиздаги илиқликни авайла. Уни музга айлантирма. Севгилингга етишганингга шукур қилмайсанми! Бизни қишлоқда Бекмурод деган йигит бор. Ёшлигида ниҳоятда келишган, ёқимтой эди. Уни Ойша исмли қиз севиб қолди. Бир йил учрашиб юришди. Қиз Бекмуродсиз яшолмасди. Лекин онаси уни камбағал йигитга бермади. Биз мугатларда ҳам мол-дунёга хирс қўйиб, фарзандларини бебахт қилиб қўяётганлар бор. Ойша жудоликка чидай олмади, ўзига ўт қўйди. У фарёд чекиб катта ҳовлида югурар, гуриллаб ёнарди. Ёнаётган қизни ушлаш осон бўлмади. У ҳижронга, жудоликка, севгисиз ҳаётга ўт қўйди. Қизнинг ҳазон бўлган умрига йиғламаган одам қолмади. Йигит мажнунсифат бўлиб қолди… Сан севгилингга етишгансан-ку! Нега шукр қилмайсан?

Аёл Забаржадга тикилиб жим бўлди.

– Эринг сани яхши кўради, – давом этди Забаржад. – Уни қийнаб юборгансан. Ҳозир орқангга қайт! Тўрт яшар ўғлингга хатар бор.

Келинчакнинг ранги оқариб кетди.

– Ўғлимни қаёқдан билдингиз?

– Ман ҳаммасини кўриб турибман, қизим. Ҳозироқ қайт, кечикиб қолма… Ҳа-я, тўхта, қўлингдаги узукни ҳеч қачон ечма. – У келинчакнинг сариқ-яшил кўзлик узугига ишора қилди.

Автобус навбатдаги бекатда тўхтади. Келинчак гандираклаганича ўзини эшикка урди. Шу заҳоти биринчи дуо олган аёл Забаржадни олдига келди:

– Хола, унга нима дедингиз?

– Эринг сани яхши кўради, болангга хатар бор, тез уйингга қайт, дедим, болажоним!

– Яхши қилибсиз. Манга дардини айтиб келаётганди… Хатар ҳам ростми?

– Рост, ўргулай болажоним, рост!

– У нима?

– Бола қаровсиз қолди… У кўчага чиқиб кетади. Эгнидаги кийими қизил экан. Пода билан келаётган буқа у томонга югуради…

– Худо сақласин!

– Худо сақлайди… Лекин бу аёл бегини кўп хафа қилган. Феъли бор. Эрни ҳурмат қилиш керак, болажоним! Йўл устидамиз.

 
Аё, дўстлар, бу йўлларнинг уқубаси кўб,
Ўтса бўлмас пир хизматин қилмағунча,
Юз минг бало, меҳнат, офат, хатари кўб,
Туйса бўлмас пир хизматин қилмағунча. 77
  Аҳмад Яссавий, «Девони ҳикмат», 132-ҳикматдан.


[Закрыть]

 

Забаржад байтга дардини қўшиб айтди. Икки-уч аёл кўзларига ёш олишди. Бошқа ҳеч ким Забаржаднинг олдига келмади.

Автобус тоғ этагидаги қишлоққа етди. Забаржад билан Зарбиби бекатда тушишди. Бозорчи аёллар ортларидан қараб қолишди. Улар тез-тез юриб кетишди.

Маржоннинг сири

Зарбибининг ҳаёти силлиқ кечмади. Ўн еттига тўлартўлмас хотини ўлган мугат йигитига эрга беришди. Бегининг аввалги хотинидан Эркин исмли икки яшар ўғли қолганди. Зарбиби Эркинга ўз боласидек меҳр берди. У ҳам Зарбибини «апа» деди. Йиллар ўтаверди. Зарбиби бирин-кетин тўққиз фарзанд кўрди. Ўғилқизлари улғайиб, уй-жойлик бўлишди.

Зарбибининг Эркинга меҳри бўлакча эди. У отасига жуда-жуда ўхшашлигиданми ёки гўдаклигида уни дарров «апа» деганиданми, ким билсин, Эркин болачақалик бўлганидаям Зарбибининг ёнидан жилмади. Ҳовлилари ҳозир ҳам ёнма-ён. Эркин кунда бир хабар олмаса кўнгли тинчимайди.

Зарбиби билан кичик ўғли бирга туради. У икки кун аввал хотинини олиб қайнотасиникига кетди. Зарбиби уйда ёлғиз қолганди. Дарвозани ўзининг калити билан очди.

– Ҳеч ким йўқми? – деди Забаржад ажабланиб.

– Болалар қуданикига кетишган, уч-тўрт кун туриб келишади.

– Ёлғиз бўлсанг янаям яхши… Дам олишим керак. Қолганини кейин кўрармиз.

– Биби, юрагим шошади, нима бўлганини айтинг? – деди синглиси хонага киришганда.

– Язнангни икки босқинчи ўлдириб, пулини олиб кетди.

– Ё худо! Сиз-чи?

– Мани ўлган, деб ўйлашди. Биласан, ўзимни ҳар ҳолатга сола оламан. Мани шу асраб қолди.

– Ким у, ер юткур босқинчилар? – Кўрпача солаётган Зарбиби опасига қаради.

– Ёмон одамлар… Ман дам олай, Зарбиби?

– Вой худо, мангина ўлай! Бибижон, ҳозир чой қайнатаман. Чой ичамиз, кейин ухлайсиз, жоним қурбон!

Зарбиби шошиб чиқиб кетди. Забаржад кўрпачага ўтириб, атрофга аланглади. Хона ўша-ўша эди: тўрда кўрпалар тахланган сандиқ. Унинг ёнида кўҳна жавон. Жавонда коса, пиёла, чойнаклар. Энг юқорисида уч-тўртта янги пақир билан иккита ялтироқ тоғора бор. «Синглим пухта аёл», деб қўйди ўзича Забаржад. Бўйнидаги маржонини ушлади: «Ҳали ҳаммаси олдинда».

Зарбиби кириб дастурхон ёзди:

– Бир товуғим бор, тухумини яширади.

У қовурилган тухум тўла тақсимчани дастурхонга қўйди.

– Мангина тухум қўядиган ҳамма жойларини биламан. Ҳозир тандирни ичидан тўртта тухум олдим.

– Нима дединг?. .

Ўз хаёллари билан банд бўлган Забаржад унга қаради. Зарбиби гапини қайтарди:

– Товуғим тандирга тухум қўйганини айтаман-да.

Зарбиби опасининг аҳволи яхши эмаслигини кўриббилиб турарди. Ўз билганича руҳий азоблардан чалғитишга уринарди:

– Шу десангиз, бир куни келин нон ёпиб, тандирни беркитишни унутибди. Ана шу товуғим, ўзи энг бўлиқ товуқ, ҳар тухуми муштумдай-муштумдай келади, тухум қўймоқчи бўлиб тандирга учиб кирибди. Ўша заҳоти оёғи куйган денг, қақоғлаб оламни бошига кўтарди. Ҳовлини юз марта айланди ўзиям. «Оёғи куйган товуқдек», деганларини шунда билдим.

У Забаржадга синовчан назар ташлади. Забаржад ҳамон хомуш, карахт ўтирарди.

– Гиред овқата, биби88
  Овқатдан олинг, опа.


[Закрыть]
, – деди Зарбиби.

Забаржад, иштаҳаси бўлмаса ҳам, қовурилган тухумдан еди. Устидан босиб-босиб чой ичиб, бироз ўзига келди. Зарбиби ичкари хонага жой солиб берди. У бир-икки ағанаб ётдида, қаттиқ уйқуга кетди. Шу бўйи туш пайтида уйғонди. Зарбиби тайёрлаб берган сувга ювиниб олди. Кейин Сафар бегининг руҳига тиловат қила бошлади. Узоқ тиловат қилди. Унга умрбод содиқ бўлганини, беги энг азиз одами, жондан азиз фарзандларининг отаси эканини қўшиб айтди. Яратгандан қотилларнинг қилмишларига яраша жазо беришини сўради.

Тушликдан кейин Зарбиби билан гаплашиб ўтиришди.

– Ухлаб ётганингизда Эркин ўғлим чиқди, – деди Зарбиби. – Қўшнилар «икки киши бўлиб келишди», дейишибди. «Шеригим йўловчи мугат аёл эди», деб қўя қолдим. Ё тўнғичимга айтаверайми? У жуда ақлли-да, ўзини босиб олган.

– Йўқ, – деди Забаржад ўйлаб ўтирмай. – Айтганимни қил! Ҳозирча ҳеч ким билмасин. Вақти келиб, айтарсан.

– Хўп, бибижон.

– Дарвоза қулф турсин.

– Хўп.

– Биров келса, ман ичкарига кираман, кейин очасан.

– Нима десангиз, шу. Сизни ҳам ўлдириб кетишганда нима қилардим?! – Зарбиби кўзига ёш олди.

Опа-сингил болаликдан аҳил эдилар. Бу аҳиллик турмуш қуриб кетишгандан кейин янаям мустаҳкамланди. Забаржад синглисига кўп ёрдам берди. Зарбиби эри ўлгандан кейин жўжабирдай жон бўлиб қолди. Опаси орттирганидан рўмолини учига тугиб келар, синглисининг болаларига кийим-кечак қилиб берарди. Зарбиби ҳам болаларидан Забаржадни «апа» дейишларини талаб қиларди.

Уни оғир кунларида ана шу меҳр бу ерга бошлаб келди. Яна бир сабаб: Забаржад синглисиникига келибкетиб юрган пайтларида ўзи учун бир сирни кашф этди. Бу, бувиси унга қолдирган, ҳеч қачон бўйнидан ечмайдиган маржоннинг сири эди. Кунлардан бирида Забаржад тоғ томонга гиёҳ тергани борди. Момосидан қолган бироз табиблиги ҳам бор эди. Гиёҳларни қайнатиб, мугатлар маҳалласидаги хаста болалар, аёлларни даволаб кетаверарди. Тоғда гиёҳ териб юриб бир харсанг тошни орқасига ўтганида бўйнидаги маржон қуёш нурида товланиб, қизий бошлади. У кўзини юмиб олди. Кўз олди қоронғилашди. Бирдан ёп-ёруғ нурли ҳудуд пайдо бўлди. У ёруғликка ўтди. Чўчиб кетганидан кўз олдига Зарбибининг уйи келди. Кўзини очиб… ўзини синглисининг уйида кўрди. Шунда, маржон ёрдамида кўп ишларни қила олишини тушунди. Ҳозир бошида оғир ташвиш билан Зарбибининг уйида ўтирар экан, ана шулар хаёлидан ўтди. Қишлоққа тун пардасини ёя бошлаганда Забаржад бир қарорга келди.

– Манга ҳовлидаги сўрига жой сол, – деди синглисига.

– Кечаси салқин-ку, биби?

– Тоғни ҳавоси даво.

– Майлига, ман ҳам ёнингизда ётаман.

– Йўқ, Зарбиби, сан уйда ёт!

Опаси илгарилари ҳам бир ўзи ташқарида ётарди. Унинг қизиқ-қизиқ одатлари бор. Шунинг учун Зарбиби индамай, кўнди. У опасининг тирик қолганига минг бор шукур қилар, нима деса шунга рози эди. Ҳовлидаги сўрига жой солди. Забаржадга хайрли тун тилаб, хонага кириб кетди.

Забаржад бошини ёстиққа қўйиб ётиб ухлаб қолди. Тун ярмида терлаб, босинқираб уйғонди. Тоғли қишлоқда асад ойининг салқин тунлари бошланганди. Рутубатли тоғ ҳавоси хуш ёқди. Ўша даҳшатли кечадаги тўлиной ҳамон фалакда осилиб турибди. Кўз олдига бувиси келди. Катта оқ рўмол ўраган, боқишлари тийрак кампир хаёлида қўрғошиндек ўрнашиб қолган. Ўшанда у юз ёшдан ошганди. Фикри тиниқ, хотираси кучли эди. Набираларидан Забаржадга алоҳида эътибор билан қаради. Имкон топди дегунча ёнига чақириб фол кўришнинг сир-синоатларини тушунтирарди. Йиллар ўтиб Забаржад кўҳлик, бўй етган қизга айланди. Бу пайтда бувисининг анча-мунча «сир»ларидан воқиф эди. Кекса момо кучдан кетиб, тўшакда ётиб қолган кунларидан бирида Забаржадни ёнига чақирди:

– Бўйнимдаги маржонни ол! – деди.

– Моможон, керакмас! – Забаржад титраб кетди.

– Вақт етди, айтганимни қил!

Забаржад сариқ-яшил шаффоф тошлардан тизилган маржонни бувисининг бўйнидан ечди.

– Тақиб ол!


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации