Текст книги "Мугат фолбин"
Автор книги: Абдужалол Рахимов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 8 страниц)
ҚАЛБИМ ҚЎШИҒИ
Гузардаги тўйхонада одам гавжум. Шовқин-сурондан безиб ҳовлига чиқдим. Ёнбошдаги хонадан қўшиқ эшитилди. Беихтиёр тўхтаб, қулоқ сола бошладим. Қўшиқ айтаётган аёлнинг овози майин, тиниқ эди. Нолалари шунчалар таъсирлики, кўнгил тубидаги мудроқ ҳисларни уйғотади. Севги, вафо ҳақида бунчалар ёниб куйламаса!? Ахир, бунинг учун катта дард бўлиши керак-ку! Ким экан бу аёл?
Шу пайт таниш овоз хаёлимни бўлди:
– Нега бу ерда турибсиз? Ичкарига кирмайсизми?
Қайнсинглим Холида экан.
– Бу аёл ким? – дедим.
– Ашула айтаётганми?
– Ҳа.
– Сабоҳат. Ҳамшира бўлиб ишлайди. Фақат аёллар бор жойда айтади.
– Нега?
– Шунақа…
– Ёниб айтаркан.
– Ўзиям юраги тўла дард-да…
Орадан бир неча кун ўтди. Сабоҳатнинг овози хаёлимдан кетмади. Ҳамшира экан… Яхши ҳамшира бўлса керак. У ҳақда газетага мақола ёзмоқчи бўлдим. Суриштириб, касалхонанинг болалар бўлимида ишлашини билиб олдим.
Касалхонада Сабоҳатни ҳамма биларкан. Ниятимни айтганимда, «Тўғри қиласиз, шундай аёллар ҳақида ёзиш керак», дейишди.
Мен уни сўроқлаб болалар бўлимига кирдим. Сабоҳат навбатчилигини топшириб, энди кетмоқчи бўлиб турган экан. Мен қўшиғини эшитган аёл тасаввуримда жуда гўзал эди. Адашмабман. Эгнида аёлларга урф бўлган мовий йўллик адрасдан тикилган кўйлак. Юзидан нур ёғилиб турибди. Тим қора, шаҳло кўзларида бир соҳирлик бор. Хотиржам, маъноли боқади. Таҳририятда ишлашимни, у ҳақда газетага мақола ёзмоқчилигимни айтганимда:
– Мендан тажрибали ҳамширалар бор-ку? – деди истиҳола билан.
– Қўшиғингизни эшитгандим, дардли айтаркансиз…
У елкасини қисиб, ширин жилмайди. Биз ҳамширалар хонасига кирдик. Гапимиз гапга уланиб кетди. Узоқ суҳбатлашдик. У бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб берди.
* * *
– Ўша пайтларда тиббиёт коллежида ўқирдим, – дея ҳикоясини бошлади Сабоҳат. – Андижонлик Иқболхон, деган қиз билан дугона бўлиб қолдик. У Тошкентда ўқишни орзу қилган экан. Дарсдан бўш пайтларимизда шаҳар айлангани чиқиб турардик. Бир куни, «Акамни кўриб келайлик», деб қолди. Акаси техника университетида ўқиркан. Йўқ деёлмадим. Ўшанда, бу кун ҳаётимда ҳам бахт, ҳам фожиа бўлишини билмагандим…
Сабоҳатнинг кўзларидан ёш қуйилди. Ўрнидан туриб, дераза олдига борди. Рўмолчаси билан кўз ёшларини артди. Бир муддат ҳовлидаги қуюқ дарахтзорга тикилиб турди-да, келиб ўтирди.
– Кечирасиз, дардимни достон қилиб ёзмаслигим керак эди. Баъзан тўлиб кетаман…
У хижолат бўлиб, самимий жилмайди. Мен томонга бир назар ташлади-да, гапида давом этди:
– Иқболхон билан техника университетининг ҳайбатли даҳлизига кирганимизда акаси зинадан тушиб келаётган экан.
– Ака! – деб юборди Иқболхон.
Қорачадан келган, гавдаси ихчам, бўйдор йигит ялт этиб бизга қаради. Кўзларига кўзим тушди-ю, чақмоқ чаққандек бўлди. Бўшашиб кетдим. У кулиб, олдимизга тушди. Иқболхон акасини қучоқлаб олди.
– Ака, кўргани бормайсизам, – деди ўпкалаб.
Мен индамай бир чеккада турардим.
– Имтиҳонлар кўп, энди бораман, деб тургандим, – деди акаси.
Унинг овози тиниқ, сўзларни жуда чиройли талаффуз қиларди.
– Бу, дугонам, Сабоҳат, – дея Иқболхон менга қаради.
– Яхшимисиз, синглим, – деди у жилмайиб.
– Маҳамаджон акам ўқишга қаттиқ берилганлар. Сингилларини ҳам эсдан чиқариб юборадилар, – яна ўпкалади Иқболхон.
Шу-шу бўлди-ю, биз Маҳамаджон ака билан танишиб қолдик. Коллежни битирадиган йилимиз Маҳамаджон ака диплом олиб, Андижонга кетдилар. Уйимизга совчилар келишди. Онам, узоққа қиз бермайман, деб туриб олдилар. Охири, Иқболхоннинг ўзи келиб розиликларини олди. Коллежни битирдиму, тўйимиз бўлди.
Андижоннинг қишлоғига келин бўлиб тушдим. Қайнонам, қайнотам жуда меҳрибон эдилар. «Тошкентлик келинимдан айланай» дердилар қайнонам доим. Қишлоқда янги шифокорлик маскани очилган экан. Ҳамшира бўлиб ишга кирдим. Ўртамизда рашк, деган нарса бўлмаган. Маҳамаджон акам туман марказида, электр тармоқлари корхонасида муҳандис бўлиб ишлардилар. Ишдан кеч келиб, эрта кетадилар. Биз бахтли эдик. Йилда икки-уч марта ота-онамни кўргани бориб тураман. Иқболхон ҳам турмушга чиқиб кетди. Кетма-кет икки фарзанд кўрдик. Аввал ўғлим Муродбек туғилди, кейин қизим Гулоро.
Бир аёлда бундан ортиқ бахт бўладими! Мен бахтли эдим. Ишдан келиб ҳовлимизга гуллар экаман. Қайнона-қайнотамнинг хизматларини қиламан. Улар невараларини бошларига кўтариб юришади. Маҳамаджон акамнинг ишдан келишларини кутиб, овқатга уннайман.
Бир куни қоронғи тушди ҳамки, Маҳамаджон акамдан дарак бўлмади. Ҳаммамиз хавотир олдик. Ишхоналарига қўнғироқ қилсам, тўйга кетишган, дейишди. Ёш монтёр йигит уйланаётган экан. Ишдан кейин жамоа бўлиб шу тўйга боришибди.
Эрта баҳор эди. Чақмоқ чақиб, ёмғир ёғарди. Кўнглимдаги хавотир янаям ортди. Болаларни ухлатдим. Кўзимга уйқу келмайди. Дам-бадам ҳовлига чиқаман. Ёмғирга қараб кўнглимдаги хавотир янаям ортади. Ярим кечада дарвоза қаттиқ тақиллади. Оёғимга шиппагимни қандай илганимни билмайман, югуриб чиқдим. Юрагим отилиб кетай, дейди. Оҳ, дейман, Маҳамаджон акам бўлсин-да! Эй, Худо, бахтимга кўз тегмасин!
Дарвозани очдиму, қотиб қолдим. Дарвозахонадаги чироқни хира ёруғида бегона эркак турарди. Устибоши шалаббо бўлиб кетган… Элас-элас эсладим, бу киши Маҳамаджон акам билан бирга ишларди. Оғзимни очишга улгурмасимдан:
– Келин, қайнотангизни чақиринг, – деди овози қалтираб.
– Маҳамаджонакам қани? – дедим йиғламсираб.
Оёғимдан қувват кетди. Ёмғир ёғиб турибди-ю, танамда бир нима ёнди. Ҳолсизланиб, дарвозага суяниб қолдим. Қайнонам ҳам, қайнотам ҳам ухлашмаган экан. Югургилаб етиб келишди.
– Хавотир олманглар, Маҳамаджон касалхонага тушиб қолди, – деди бояги киши.
– Нима бўлди?! – деди бўғиқ овозда қайнотам.
– Тўйдан қайтаётганида машина…
Унинг қолган гапини эшитмадим. Кўз олдим қоронғулашиб, қўлим дарвозадан сирғалиб тушаётгани эсимда, ҳушимдан кетибман.
Уйда ўзимга келдим. Қайнонам йиғлаб, пиёлада чой тутиб турардилар.
– Мен… ўзим бораман, – дедилар қайнотам.
Доим хушчақчақ, бардам юрадиган, дангал гапирадиган қайнотамни таниёлмай қолдим. Унинг овози заиф, хаста одамники сингари эди.
– Дадажон, мениям олиб кетинг? – дедим йиғламсираб.
Қайнонам ўкириб йиғлаб юбордилар. Биз бир-биримизни қучоқлаб йиғладик.
– Онаси, келин ҳам боради, – дедилар қайнотам.
– Мен-чи, боламм…
– Невараларинг ким билан қолади?
– Оҳ, болам, болажоним, сенга нима бўлди, тойчоғим!?
Қайнонамнинг фарёдига чидаб бўлмасди. Мен тезда ўрнимдан туриб, устимга халатимни ташладим. Қаердан куч пайдо бўлди, билмайман. Йиғламай ҳам қўйдим. Хаёлимда, «балки, қон бериш керакдир», дейман.
– Тезроқ, дадажон, тезроқ! – дея ялинаман қайнотамга.
Бизни бояги киши машинасига ўтқазиб, олиб кетди. Йўл-йўлакай, тўйдан қайтаётган машина катта тезликда сирпаниб, дарахтга урилганини айтиб берди. Ҳайдовчи енгил шикастланибди. Маҳамаджон акам бошидан жароҳат олган экан.
Туман марказидаги касалхонага етганимизда ёмғир тўхтади. Касалхона ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Гўё олам тинч, одамлар ором олмоқда. Соат тунги иккилар эди. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига кирдик. Йўлак тўридаги жарроҳлик хонаси эшигида қизил чироқ ёниқ. Операция ҳали тугамабди. «Аварияда операция оғир бўлади», дейман ўзимча. Шифокорлар хонасидан чиқиб келган докторга ёпишиб олдим.
– Мен кираман, ҳамшираман, балки қон керакдир?! – дейман.
У дилхун бўлиб турган қайнотамга қаради.
– Амаки, ўтириб туринглар, – деди хонасига ишора қилиб. – Учта тажрибали жарроҳ ишлаяпти. Вилоятдан нейрохирург чақирганмиз. Ҳамма чоралар кўриляпти.
Шифокорлар хонасига киришдан бошқа чорамиз қолмади. «Оллоҳим, жонини асра! – дейман хаёлан. – Майли, чўлоқ бўлса ҳам, келишган чеҳралари чандиқ бўлса ҳам майли, жонини асра! Жонини… Ширин жонини, ҳеч бўлмаса болалари учун…». Икки кафтимни юзимга босиб, унсиз йиғлайман, кўзларимдан шовуллаб ёш оқади.
Орадан анча вақт ўтди. Музтариб юрагим қон бўлиб кетди. Бир пайт эшик очилиб, жарроҳлар киришди. Қовоқлари солиқ эди. Ўтирган ўрнимдан сакраб турдим.
– Нима илож бўлса, ҳаммасини қилдик, ҳозир реанимацияда, – тушунтирди улардан бири.
– Кўришим керак! – дедим олдинга отилиб.
– Майли, киринглар, – деди ёши улуғроғи.
Қайнотам билан югургилаб реанимация бўлимига кирдик. Ҳамшира бизни катта хонага олиб кирди. Хона ўртасидаги каравотда Маҳамаджон акам ётарди. Боши дока билан танғиб ташланган. Сунъий нафас олиш аппарати улаб қўйилган. Аппаратнинг мониторига кўзим тушди. Юрак тез урарди. «Тирик! Тирик-ку!» дейман ўзимча. Қайнотам иккаламиз каравотни икки чеккасида турибмиз. Маҳамаджон акамнинг кўзлари юмуқ.
Вилоят шифохонасидан нейрохирург келибди. У докторлар қуршовида кирди. Биз, иложсиз икки жон четга ўтиб турдик. У Маҳамаджон акамни текшириб кўрди. Алланималар, деб гаплашишди.
– Ҳозир қимирлатиб бўлмайди, – деди у ниҳоят.
Улар чиқиб кетишди. Бизга иккита курси қўйиб беришди. Маҳамаджон акамни томирига дори томчилайди. Биз ана шу дори томчиларидан ҳам умид кутамиз. Оҳ, бу кутишнинг азоблигини! На йиғлаймиз, на бир оғиз гаплашамиз. Фақат, Маҳамаджон акамнинг чеҳрасига термуламиз. Кўзини очиб қолармикан, бирор ҳаракат пайдо бўлармикан, деймиз-да.
Реанимация доктори дам-бадам кириб хабар олади. Ҳамшира монитордан кўзини узмай ўтирибди. Тонг ота бошлаганида аппаратдан чийиллаш овози эшитилди. Ҳамшира сакраб туриб, «Доктор!» деб бақириб юборди.
Хонага доктор, ҳамширалар ёпирилишди. Бизни четга суриб қўйишди. Докторнинг, «Дефибриллятор!» деган овозини эшитиб, ўзимдан кетиб қолдим.
Биз Маҳамаджон акамдан айрилдик… Йиғладиксиқтадик, бир-биримизни овутдик. Унинг ёшгина жони увол кетди. Муродбек билан Гулоролар ҳали гўдак эди. Бу жудоликнинг нима эканлигини тушунишмасди. Мен уларни бағримга босиб йиғлардим.
Йиғи ҳам адо бўларкан. Маҳамаджон акамнинг қирқи ўтди. Йиғламасдиму, хаёлим ўзимда эмасди. Овқат еган-емаганимни билмайман. Ҳовлидаги ўзим эккан гуллар ҳам кўзимга совуқ кўринади. Аҳволимни кўриб онам, «уч-тўрт кун уйга олиб кетайлик», деб қайнона-қайнотамдан рухсат сўрадилар. Улар ноилож рози бўлишди. Қайнотамнинг, «Невараларимсиз мен ҳам ўлиб қоламан», деган ўксинишлари сира-сира ёдимдан чиқмайди.
Тошкентга келдик. Бу ерда ҳам туролмадим. Кўз олдимда Маҳамаджон акам: «Сабоҳат, мени ёлғиз ташлаб кетдингизми?», деб жилмайиб туравердилар. Бўлмади. Бир ҳафтадан кейин яна Андижонга қайтдим.
Орадан бир йил ўтди. Энди у ёруғ оламда йўқ. Лекин, кўз олдимдан кетмайди. Маҳамаджон акам мен учун тирик эди. Баъзан унга нимадир деб гапириб юбораман. У ҳам жилмайиб жавоб беради. Ва…
Ўз-ўзидан куладиган, баъзан бесабаб йиғлайдиган бўлиб қолдим. Қайтиб ишга чиқолмадим. Қўлим қалтирайди. Кўз олдимда сунъий нафас олиш аппаратининг монитори пайдо бўлади.
Озиб-тўзиб кетдим. «Бундай қилманг, болам, – дейдилар қайнонам. – Болаларингиз бор ахир…», дея йиғлаб юборадилар. Бу орада Иқболхонлар Тошкентга кўчиб кетишди. Куёв шифокор эди. Тошкентдаги клиникалардан бирига ишга ўтди. Кўргани келганларида қайнотамга, мени аҳволимдан хавотирда эканлигини айтибди. Қайнотам ота-онам билан маслаҳатлашиб, мени Тошкентга олиб кетишларига рози бўлишди.
Тошкентга келиб, шифохонада даволандим. Анча ўзимга келиб қолдим. Бироқ, Маҳамаджон акам кўз ўнгимдан кетмади.
Дардимни қаергадир яширишим керак эди. Яшириб бўлмади. Соғинчларимни шеър қилиб ёзиб, хиргойи қила бошладим. Шу билан юрагим бўшайди, енгил тортаман. Бора-бора, бу эҳтиёжга айланди. Кейинчалик овозимни баралла қўйиб айтдим. Айтавердим, айтавердим… Дардимни қўшиққа солиб айтдим.
Бироз вақт ўтиб ишга кирдим. Муродбек билан Гулоро эсли-ҳушли бўлиб қолишди. Муродбек қуйиб қўйгандек отасининг ўзи! Унга қараб ҳам овунаман, ҳам эзиламан.
Дунёнинг ишлари-да, менга оғиз солганлар бўлди. Иккинчи турмуш қуриш хаёлимга ҳам келмаганди. «Йўқ! – дедим онамга. – Бошқа турмуш қурмайман!». Шу гапим етарли бўлди. Бу ҳақда қайта ҳеч ким оғиз очмади…
Сабоҳат аччиқ қисмати ҳақидаги ҳикоясини тугатиб, менга қаради:
– Мана, шундай қилиб яшаб юрибман. Маҳамаджон акам ҳар олган нафасимда ҳаёт, кўнглим ардоғида. У кишига қандай хиёнат қиламан?! Ўша, сиз эшитган қўшиқ – қалбим қўшиғи. Унга аччиқ қисматимни, меҳр-муҳаббатимни, садоқатимни қўшиб айтганман. Энди, бир умр шу қўшиқ билан яшайман.
Сабоҳат чуқур тин олиб менга қаради:
– Ғалати экан, деб ўйлаётгандирсиз? Буларни сизга нима учун айтганимни биласизми?
– Кўнглингизни бўшатиш учун.
– Балки… Лекин, шуларни ёзишингизни истардим. Маҳамаджон деган Андижонлик йигит ҳақида, унинг номи мен учун бир умр табарруклиги ҳақида.
* * *
Мен Сабоҳат билан хайрлашиб чиқдиму, унинг беназир ҳикояси хаёлимдан кетмади. О, муҳаббат, нақадар қудратлисан! Кўзга кўринмас маъво бўлсангда, одамлар қалбида мангу яшайсан! Сенга ҳамма интилади. Етишганлар бахтли одамлардир. Сабоҳатнинг севгиси, садоқати менинг ҳам қалб қўшиғимга айланди. Уни Сизга айтмасликнинг иложини тополмадим.
2012 й.
К Ў Н Г И Л
Ўшанда туман газетасида масъул котиб бўлиб ишлардим. Газетамизга расм чизиб юрган тасвирий санъат ўқитувчиси касал бўлиб қолди. Шофёримиз Юсуфжон «Сойбўйи қишлоғида зўр рассом бор», деди. Газета кутиб турмайди. Навбатдаги сондаги ҳикоям суратсиз чиқишини ҳам хоҳламасдим. Иш тугашини сабрсизлик билан кутдим-да, ҳикоямни қўлтиқлаб Сойбўйига қараб кетдим.
Сойбўйи – туман марказига туташ қишлоқ. Ўртасидан Куркулдак сойи ўтади. Куркулдак – бебош сой. Қирлар, далалардан илон изи бўлиб ўзига йўл топиб оқаверади. Икки-уч қулоч кенгликдаги сув баҳорда кўпириб-тошади. Лойқаланиб келган кучли оқим соҳилдаги уйларгача кўтарилади. Куркулдакнинг гил тупроқдан аллақандай сирли шакллар ҳосил қилган ўзани ҳам ғалати, бошқа сойларникига ўхшамайди. Бу соҳир соҳилларни узоқ термилиб томоша қилгинг келади.
Мусаввир шифер томлик, темир дарвозаси мовий рангга бўялган оддий уйда яшаркан. Куркулдак бўйидаги бу уй нимаси биландир одамлар кўзидан панада, хилват масканни эслатади. Илк таассуротим беҳуда эмаслигини кейинроқ билдим.
Дарвозани етмиш ёшлардаги кампир очди. Бироз тикилиб турди-да, қоқ суяк қўлини тутқичдан олиб, ичкарига киритди. Индамай ўнг тарафдаги хонага имо қилди.
Хонага бир тавақалик эшикдан кириларди. Эшик юзасига катта қизил лола сурати чизилган. Лола ёниб, нурланиб турибди. Худди эртаклардаги ҳаёт гулининг ўзи! Лоланинг атрофи нима учундир қора рангга бўялган. Бу қора бўёқ, ортида катта сир бордек таассурот уйғотади.
Кампир ўз хонаси томонга кетди. Мен эшикни очиб ичкарига мўраладим. Хонадан буёқ ҳиди келиб турибди. Оқланган деворларга ҳар хил катталикдаги суратлар осилган. Ўртада эски стол. Устида сиқма бўёқлар, палитра, бир тўп мўйқалам солинган кувача, кандакорлик билан ишланган кўҳна жез кўза. Деразага тескари ўтирган йигит мольбертга тикилганча сурат ишларди. У ишига шунчалик берилганки, эшик очилганигаям эътибор қилмади. Эшитган бўлсаям, онам очди, деб ўйлагандир.
– Мумкинми? – дедим тутқични қўйиб юбормай.
У менга қаради. Диққат билан тикилиб қолди. Ҳеч кимга ўхшатолмади чамаси:
– Кираверинг, – деди секин.
Мен девордаги суратларга қарай-қарай мусаввир томонга юрдим. У ўрнидан турди. Қўлини бериб сўрашди.
– Ҳали чаласи бор, – деди «Ассалом, Наврўз!» деб ёзилган катта шиорга ишора қилиб. Ҳозир битириб бераман.
– Газетаданман, – дедим, мени ким биландир адаштираётганини сезиб.
У ҳижолатомуз жилмайди:
– Узр, мебель корхонасидансиз, деб ўйлабман. Мен безакчи рассом бўлиб ишлайман. Унча-мунча ишларини уйда чизиб бераман.
Қорачадан келган, ўрта бўй, озғин бу йигитнинг ёши ўттиз бешларда. Қиёфасида кўзга ташланадиган жиҳат унинг кўзлари эди. Кўзларида чуқур бир маъно, мунг бор. Мусаввир ниҳоятда самимий жилмаярди. Ўрнидан туриб дераза олдига борди-да, ўриндиқ олиб келди. Уни ўнг оёғи оқсарди.
– Ўтиринг, – деди мулозамат билан.
Мольберт қаршисига у билан ёнма-ён ўтирдим. Нигоҳим чизаётган суратига тушди: сув солинган оддий банка идишда бир даста лолақизғалдоқ ёниб турарди. Орқасида, нимқоронғиликда сиқма бўёқлар, палитра, жез кўза… Булар, мен хонада кўрган таниш буюмлар эди. Қаршимдаги столда расмдаги лолақизғалдоқларни кўрдим.
– Натюрморт ишлаётгандим, – деди у.
– Шофёримиз… Юсуфжон сизни яхши рассом, деганди. Тўғри экан. Исмингиз Фурқат, шундайми?
– Ҳа. – У ҳокисорлик билан жилмайди.
– Газетамизга расмлар керак бўлиб туради. Ишлаб бероласизми?
– Қўлимдан келса, майли.
– Мана, бу ҳикояни олиб келдим. Ўқиб, сюджетдаги бирор вазиятни тасвирласангиз яхши бўларди?
У қўлимдан ҳикояни олиб ўқий бошлади. Мен ҳали тугалланмаган натюрмортни томоша қилишда давом этдим. Суратнинг композицияси ниҳоятда қизиқарли эди. Тасвирдаги лолақизғалдоқларнинг жонлилиги, япроқларидаги мусаффолик руҳингизга тиниқлик олиб киради. Дастадаги бир дона қизғалдоқ пастга эгилганича хомуш қолган. Худди кўз ёши тўкаётгандай. Шу бир дона лолақизғалдоқ киши эътиборини тортиб ўйлантиради.
Натюрмортга термилиб вақт ўтганини сезмасдим. Лолақизғалдоқларнинг ҳар бир япроғи, орқадаги нимқоронғуликка яширинган буюмларда ҳам сир борга ўхшайди. Мен беихтиёр ана шу сирни ечишга уринардим. Фурқатнинг овози хаёлимни бўлди:
– Қизиқарли экан, – деди у ҳикоямга ишора қилиб.
– Чизиб берасизми?
– Қўлимдан келганича.
– Раҳмат, Фурқатжон.
– Эртага келоласизми?
– Шу пайтда келсам бўладими?
– Келишдик.
Мен Фурқат билан хайрлашиб, чиқиб кетдим.
… Эртасига таҳририятдаги ишимни тугатиб, яна Сойбўйига йўл олдим. Куркулдакнинг ажойиб манзараларидан завқланиб Фурқатларнинг уйига етиб келдим. Бу сафар дарвозани Фурқатнинг ўзи очди. У самимий жилмайиб турарди.
– Келинг, марҳамат, – деди чин дилдан.
Биз олдинма-кейин бўёқ ҳиди анқиб турган мусаввир устахонасига кирдик. Кечаги ўриндиқ ҳамон мольберт ёнида турарди. Мен ўтирдим. Фурқат мольбертга маҳкамланган альбом варағига ишора қилди:
– Мана… ҳикоядаги учрашув вазиятини тасвирладим.
Суратда бир қиз сув бўйида ўтириб юзини чаярди. Тепаликдаги йигит унга термилиб турибди. Йигитнинг кўзларида соҳир ўйчанлик бор.
– Бу, Куркулдак сойи-ку! – дедим таниш манзарадан ҳайратланиб.
– Куркулдак бўйлари ёд бўлиб кетган.
– Йигит ўйчан турибди?
– Мен шундай тасаввур қилдим. Ҳикояда йигит билан қизнинг тақдири жумбоқ бўлиб қолган.
– Тўғри…
– Ёқмадими?
– Ажойиб сурат, – дедим шошиб. – Мен ўйлагандек! Яхши чизаркансиз.
Фурқат жилмайди. Кейин суратни олиб узатди:
– Сизга ёқса бўлди.
– Кўрсам бўладими? – деб сўрадим девордаги мойбўёқда, акварелда ишланган асарларга ишора қилиб.
– Бемалол, – деди у.
Ўрнимдан туриб суратларни кўздан кечира бошладим. Бу жажжи кўргазмада манзара, натюрмортлардан ташқари бир қизнинг портретлари эътиборимни тортди. Портретлардаги қиз турли вазиятларда тасвирланган. Унинг ёшлик ўти ёниб турган кўзларида маъсумалик бор. Юзларининг тиниқлиги, ўзига ярашиб турган майда ўрилган сочлари киши эътиборини тортади.
– Бу қиз ким? – деб сўрадим беихтиёр.
– Феруза.
– Яхши кўрган қизингизми?
– …
– Уйланмаганмисиз?
– Йўқ.
– Ёшингиз ўттиз бешларда бўлса керак. Тенгдошмиз-а?
– Тўғри.
– Нега?. .
У оёқларига ишора қилди:
– Оёғимда туғма нуқсон бор.
– Ахир…
– Қиз бола учун бу аҳамиятли.
– Нима воқеа бўлган?
– Тарихи узоқ. Хоҳласангиз айтиб бераман. Шу кунларда юрагим тўлиб юрибди. Сиз журналистсиз, одамларни тушунасиз… Юринг, Куркулдак бўйига тушамиз.
Биз мовий дарвозадан чиқиб, кўчанинг нариги бетидаги сойга тушдик. Атроф ям-яшил. Шилдираб сув оқади. Фурқат шу дамда биринчи муҳаббатини эсга олгиси келди. Юрагини ҳануз орзиқтирадиган севги ҳикоясини шундай бошлади:
– Ўша пайтда Тошкентда, тасвирий санъат билим юртида ўқирдим. Маҳаллада ижара уйда яшайман. Феруза ҳам билим юртимизда ўқиб, қўшни хонадонда ижарада турарди. Биз салкам уч йил давомида дўстлашиб кетдик. Вақт ўтган сайин Феруза мен учун дўстдан яқинроқ бўлиб қолди. Бирор кунимни усиз тасаввур қилолмасдим. Лекин бу ҳақда оғиз очишга юрагим бетламаган. Мени оёғим оқарди. Бу туғма камчилигимни болалигимдан ҳис қилиб ўсганман. Сурбетроқ болалар «чўлоқ» деб устимдан кулишарди. Ногиронлигимни яширин кўз ёшларим билан тан олардим. Бу ҳолат улғайганимда ҳам руҳиятимдан кетмади.
Гуруҳимиздаги қизлар менга эътибор беришмасди. Фақат Феруза чизган суратларини кўрсатиб маслаҳатлашар, фикримни диққат билан эшитарди. Баъзан тушликка ҳам бирга чиқардик. Бироқ муносабатларимиз бундан нарига ҳам ўтмади. Биз дўст эдик. Лекин менинг юрагимда шундай пинҳоний туйғу уйғонгандики, уни на сўз билан ифодалаб, на бирор нарсага қиёслаб бўлади. Ферузасиз нимамнидир йўқотиб қўйгандек безовталанардим. Уни кўриш учун юз чақирим йўлни пиёда босиб ўтишга ҳам тайёр эдим. Лекин Ферузага бу ҳақда ботиниб гапиролмайман. Сабаби, яна ўша оёқларим… Баъзида ўйланиб қолардим: оёғим оқсаса нима! Ахир мен оёғи чаққон йигитлардан ортиқроқ, юз, минг марта ортиқроқ сева оламанку!? Севган қизимни бахтли қила оламан. Унинг қадрига етаман. У ҳеч кимдан кам бўлмайди. Юрагим, вужудим, хаёлларим уники, Ферузаники бўлишини хоҳлайман…
Лекин буларнинг бари менинг орзуларим. Ферузачи? У қандай ўйларкин? Юрагида менга нисбатан дўстликдан, курсдошликдан, қолаверса ижара уйлардаги қўшничиликдан ортиқроқ жой борми?
Билим юртини тугатиш арафасида эдик. Мен ҳам курсдошларим қатори диплом ишига қаттиқ киришганман. Манзара сурат ишлаш учун ижара уйим яқинидаги истироҳат боғини танладим. Бу боғда салкам юз йиллик чинорлар ўсади. Йўлакларга қизғиш қум сепилган. Мовий осмонга тегиб турган дарахтларнинг учи сирли шакллар ҳосил қилган.
Мен этюднигимни оқ, қизил рангларга бўялган ўриндиққа қўйиб, боғдаги манзарага мафтун бўлиб турардим. Шу пайт дарахтзордан бир қиз югуриб чиқди. Қўли билан оғзини беркитганича боғ дарвозаси томонга югуриб кетди. Унинг кўзлари, менга жуда-жуда таниш, қадрдон кўзлар ёшли эди. Қўлимни олдинга чўзганимча нима дейишимни билмай қолдим. Бу қиз… Феруза эди!!!
– Феруза! – дедим жон-жаҳдим билан.
У таққа тўхтади. Бу ерда мени кўришини кутмаган экан. Бир сония кўзларини катта-катта очиб қараб турди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Кейин югурганича боғдан чиқиб кетди. Мен ҳайрон бўлиб турганимда кимнидир қўли зарб билан елкамга тушди.
Мен турган жойимда дарёдаги қайиқдек қалқиб кетдим. Орқамга ўгирилдим-у, не кўз билан кўрайки, ола-кула қараб Жамшид турарди. Жамшид шу маҳалланинг боласи. Бу бўйдор, қўрс йигит устачилик қиларди. Ферузанинг атрофида ўралашиб юрганини кўрганман. У олдинга ўтиб, менга хезланиб келди:
– Ҳа, жўжа, пойлаб юрганмидинг?! Мен сенга, мушук-сичқон ўйнашни кўрсатиб қўяман! Ферузадан, узоқ юр!
Бу гапларни эшитиб ғазабдан тишларим ғижирлаб кетди. Бутун баданимда титроқ турди. Мушакларим таранг тортилди. У менинг энг азиз одамимга чанг солаётган эди.
– Қўлингни торт, ифлос, Феруза нега йиғлади?! – дедим хириллаб.
– Сизни нозик гапларингизга ўрганиб қолган экан, эркак ҳидидан чўчиди. Қалай?!
Бу совуқ гаплардан кўз олдим қоронғилашди. Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди. Бор кучим билан Жамшиднинг башарасига қандай мушт туширганимни билмайман. У мендан, оёғи ногирон, йигитларнинг сершовқин давраларига аралашолмайдиган, тортинчоқ Фурқатдан буни кутмаганди. Менга шундай ўқрайдики, кўзлари соққасидан чиқиб кетди гўё. Иккинчи муштни туширишга улгурмадим. Жамшид қорнимга зарб билан тепди. Оғриқдан инграганимча йиқилиб тушдим. Қорнимни ушлаб думалаб ётганимда бир нуроний қария пайдо бўлди. У ҳассаси билан Жамшиднинг елкасига туширди. Акс ҳолда, мени тепкилаб, мажақлаб ташлаши ҳеч гап эмасди.
– Ҳаёсиз, номард! – деди чол яна ҳассасини ўқталиб. – Қизга муомала қилишни билсанг олиб юр-да, наҳот тўшингга тортиб айғирдай эзғиласанг!
Мен бу гапларни эшитиб, шахт билан ўрнимдан турдим. Қаердан куч пайдо бўлганини билмайман. «Шу ерда ўлсам ўлай, мараз Жамшидни башарасига яна бир мушт туширсам бўлди!» деб ўйлардим. Қўлимда бир сиқим намиққан қизил қумни ғижимлаб олганимча телбалардек гандираклаб, титраб уни қидирардим. Қариянинг ғазабланганини кўрган Жамшид жуфтакни ростлаб қолган экан.
Ота қўлимдан ушлаб ўриндиққа бошлади. Кийимларимга ёпишган қумни қоқди.
– Ўтир, – деди у ғамхўрлик билан. – Бу қиз киминг бўлади?
Мен индамадим. Жамшид қаттиқ тепган экан, қорнимдаги оғриқ яна хуруж қилди. Ота юзим тиришганини кўрмасин, деб ерга энгашдим. У менга бир қараб олди-да, гапида давом этди:
– Туппа-тузук, қўлидаги китобини кўрсатиб суюниб-суюниб гапириб келаётганди бояқиш. Ҳалиги, аблаҳ барзанги панага ўтган заҳоти ёпишса бўладими… Ҳаёлик қиз экан, китоби билан юзига туширди.
Шу дамдаги аҳволимни тасвирлашга тил ожиз. Бир зумда бўлиб ўтган воқеалар таъсирида карахт эдим. Танамдаги эмас, дилимдаги оғриқдан инграб юбордим. Жамшидни кўргани кўзим йўқ! Ўзимча уни борки қора сўзлар билан лаънатлардим. Хаёлимда Ферузанинг ёш тўла кўзлари. Улар мендан меҳр, нажот кутаётгандек. Ҳозир Ферузани ёнида бўлишим керак, деб ўйладим. Секин, ихраб ўрнимдан турдим. Ҳали очиб улгурмаган этюднигимни елкамга осдим.
– Раҳмат ота, энди мен борай, – дедим.
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўравериб пишиб кетган қария аҳволимни тушуниб турарди. Шунингдек, Ферузага бефарқ эмаслигимни ҳам сезди:
– Тўхта ўғлим, уни китоби тушиб қолган. Ҳозир, қарай-чи, – деди.
Қария дарахтзорга кириб кетди. Мен қизил қум тўшалган йўлакдан оқсоқланиб бир неча қадам ташладим. Умримда биринчи марта ногиронлигимдан шундай ўкиндимки, яшашдан маъно қолмади, деб ўйладим. Тўғри, болалигимда оқсоқлигимдан кулган болалар бўлган. Лекин уларнинг изтироби, нари борса, кўз ёши билан чиқиб кетган. Онажонимнинг сира-сира адо бўлмайдиган, шаршарадек меҳрларидан овунганман. Ҳозиргиси мутлақо бошқача эди. Жамшиднинг разиллиги, сурбетлиги юрагимни туб-тубидаги кемтик, оғриқли жойга заҳарли ўқ санчди. Мен ундан ўзимга келолмаётгандим.
Бир нафасдан кейин ота яна ёнимга келди. Қўлидаги яшил муқовалик китобчани пуфлаб-пуфлаб чангдан тозалаган бўлди-да, менга узатди. Китобчани олдим. Ғўлдираганча миннатдорлик билдирган бўлдим. Кейин оёқларим чалкашиб, гандираклаб боғ дарвозаси томонга кетдим.
Дарвозадан чиқиб маҳаллага қараб юрдим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Аҳволимга ажабланиб қараётган йўловчиларга ҳам, кўчадаги таниш манзараларга ҳам бефарқ борардим. Йўлда кетяпман-у, хаёлимда ярамас Жамшиднинг башараси. Ўзимча уни бўғиб ташлагим келади. Аслида, мен уни бошдан-бош ёқтирмасдим. Кўчамизда пайдо бўлиб Ферузага тикилиб-тикилиб қарашлари ғашимни келтирарди. Феруза унга эътибор бермасди. Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлардим. Лекин бугунги воқеа, уларнинг бирга боғга кирганлари-чи? Феруза мендан ўзини тортиб қолганини сезиб юргандим. Наҳот ўрталарида бир гап бўлса?!
– Ҳозироқ Ферузани топишим керак!
Бу қароримни ўз-ўзимга овоз чиқариб айтдим. Кейин тез-тез юриб кетдим. Ҳушим ўзимда эмасди. Йўлакка туташ бекатга етганимда автобус келиб тўхтади. Бир амаллаб чиқиб олдим. Одам тиқилинч. Кимдир елкамга туртди, биров оёғимни босиб олди. Кечирим сўраб, сурилиб олдинга ўтиб кетди. Лекин мен буларни сезмасдим. Миямда бир савол чархпалакдек айланади: «Феруза нега Жамшид билан боғга келди?». Мен шу саволга жавоб излаб қийналардим.
Автобус ижара уйимиз қаршисидаги бекатда тўхтади. Елкамга осиб олган этюднигимнинг тасмасини жон-жаҳдим билан ғижимлаб эшик томонга интилдим. Олдимдаги қиз четга сурилди. Этюднигимнинг олдинги қирраси кимнидир пиджагига илиниб қолди. У тўнғиллаб этюдникка қўшиб мениям нари суриб юборди.
Сур-сур билан автобусдан тушдим. Қаршимда таниш уйни кўриб кўнглимдаги қутқу ўн ҳисса ортди. Юрагим тез ура бошлади. Феруза дарвозахона тепасидаги болахонада яшайди. Кулранг дарвоза қаршисида қўшни болалар уч ғилдиракли велосипедчани талашишарди.
– Оғайни, Феруза опангни чақириб юборгин? – дедим болалардан ёши каттароғига.
– Буни ичида нима бор? – деди у этюднигимга ёпишиб.
– Бўёқлар, расмлар бор.
– Кўрсатинг!
– Феруза опангни чақириб берсанг, кўрсатаман.
У чопқиллаб қия очиқ дарвозадан ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин болахона деразаси очилди. Ичкаридан Феруза қараб турарди. У мени кўриб нима қилишини билмай каловланиб қолди. Назаримда, йиғидан қизарган кўзларида ҳамон ёш бор эди. Ҳаяжонланганидан ушлаб турган оқ қоғози ерга тушиб кетди. Феруза қўлини узатганича қотиб қолди. Мен оқсоқланиб келиб қоғозни олдим.
Не кўз билан кўрайки, бу Жамшиднинг олачалпоқ кўйлак кийиб тушган сурати эди. Унинг сурбетларча тикилиб турган қиёфасига кўзим тушгани ҳамон тутақиб кетдим. Суратни ғижимлаб муштимга тугдим. Болахона деразасига қарадим. У ерда Феруза йўқ эди.
Мен икки ўт орасида ёниб, лол бўлиб турардим. Дарвозанинг кичкина дарчаси очилиб, Феруза чиқиб келди. Юзлари қизарган, кўзидан ёш қуйиларди.
У секин олдимга келди-да, қўлимдан Жамшиднинг суратини олди. «Мени кечиринг» деди ва индамай қайтиб кириб кетди.
Шу пайтдаги аҳволимни билсангиз эди… Кўрган одам ақлдан озган ёки маст, деб ўйлаши аниқ: кимнидир урмоқчидай муштларимни тугиб, букчайганча қотиб турардим.
Дарвоза олдида ўйнаётган болалар бизга эътибор беришмади. Уч ғилдиракли велосипедчани уёқданбуёққа судрашар, оламнинг бор қувончини шу велосипедчада кўришарди. Уларга қараб ўзимни бироз босдим. Бурилиб, ижара уйим томонга юриб кетдим.
Қоронғи хонамга кирганимда бояги аламлар яна ғалаён қилди. Бироқ, бу тўфоннинг кучи аввалгисидан ўн чандон ортиқ эди. Ўзимни темир каравотга ташладим. Миямни алам кемирарди: «Оёқларим, ногирон оёқларим айбдор барига! Менга ўхшаганлар қайси қизга керак?! Оқсоқлик нега менинг тақдиримга ёзилди?! Буларнинг бари чидаб бўлмайдиган азоб!».
Кўзимни очсам ҳам, юмсам ҳам Ферузанинг ёшга тўлган кўзлари таъқиб қилаверди. Ўрнимдан туриб, чироқни ёқдим. Хона бурчагидаги мольбертни ёруққа судраб келдим. Дуч келган қоғозни ёпиштириб, қўлимга қалам олдим. Хаёлимдаги Ферузани чиза бошладим. Чизавердим, чизавердим, ҳолдан тойгунимча чиздим. Унинг ёшга тўлган кўзларини, титраб турган лабларини чиздим. Кейин акварель бўёқларга ёпишдим. Ферузанинг кўзидаги ёш томчисини тасвирлаганимда ўзимнинг ҳам кўзларимдан ёш қуйилиб келди. Қизил бўёқни суртганимда томиримдаги қон рангини кўрдим. Қора бўёқни ишлатганимда кўз олдимга ярамас Жамшид келди. У менинг биринчи даражали рақибимга айланганди.
Тонгга яқин каравотимга ётиб ухлаб қолибман. Хабар олган уй эгалари чироқни ўчириб кетишибди. Тушда уйғондим. Бошим қаттиқ оғрирди. Ўрнимдан тураётганимда маст одамдек чайқалиб кетдим. Бошим айланиб, ўзимни яна каравотга ташладим. Миямда бир золдир бор-у, худди у ёндан бу ёнга чайқалаётгандек. Яна ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Бўлмади. Шу аҳволда индамай ётавердим. Бир пайт уй эгасининг тўққиз-ўн ёшлардаги ўғил невараси кирди.
– Фурқат ака, касал бўлиб қолдингизми? – деди олдимга келиб.
– Шунақага ўхшайди, – дедим заиф овозда.
– Мен ҳозир, – деди-да, чиқиб кетди.
Уй эгаси – амаки яхши одам эди. Дарров «тез ёрдам» чақирди. Мени касалхонага олиб кетишди. Дўхтирлар «асабингиз зўриқибди», дейишди. Бир ҳамшира ногиронларда бундай ҳолат бўлиб туришини тушунтирди. Касалхонада салкам икки ой ётдим. Курсдошларим келиб кўриб туришди. Ферузаям келди. «Яхши бўлиб қолдингизми?», деди-ю, мендан кўзини олиб қочди. Энди ўзимни анча тутиб олгандим. Балки бу тинчлантирувчи дориларнинг таъсиридир. У билан хотиржам гаплашдим. Лекин юрагимдаги яра оғриқ берарди. Мен уни доим ҳис қилиб турардим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.