Электронная библиотека » Абдужалол Рахимов » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Мугат фолбин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Абдужалол Рахимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 8 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бу орада курсдошларим диплом ишларини топширишди. Мен ҳамон касалхонада ётардим. Устозларимиз ишлаган суратларимдан сўрашибди. Ўртоқларим хонамдаги суратлардан диплом иши учун фойдаланишни маслаҳат беришди. Рози бўлдим. Дўстларим мен ўша тунда ишлаган сурат – Ферузанинг портретини олиб кетишибди. Акварелда ишланган бу сурат билим юртида анча шов-шув бўлибди.

Дипломларини олиб, уй-уйларига қайтаётган курсдошларим мен билан касалхонада хайрлашишди. Фақат, Феруза келмади.

Салкам икки ой даволандим. Аҳволим анча яхшиланди. Касалхонадан чиқиб, билим юртидан дипломимни олдим-да, уйга қайтдим.

Ферузанинг тақдири билан бошқа қизиқмадим. Ўша, охирги кун воқеасини эсламасликка ҳаракат қилдим. Эсласам, бошимга оғриқ кирарди. Шундан кейин аввалги қувноқ, гўзал, мен учун жуда-жуда азиз бўлган Ферузанинг суратларини чиза бошладим. Бу овунчоқ эҳтиёжга айланди. Юрагим сиқилганда, тўлиб кетганимда хаёлимдаги ўша бокира қизнинг суратини чизаман. Армонимни бўёқларга кўчириб енгиллашаман…

Фурқат жим бўлиб қолди. Унинг ҳикояси якунига етди. Бироқ мен учун кўп нарсалар мавҳум эди. Фурқатни саволга тутишни истардиму истиҳола қилардим. Чунки, мусаввирнинг кўнгли ҳам феъли каби ўзига хос нозик, таъсирчан экан.

Биз Куркулдак ёқалаб секин юрардик. Фурқатнинг ҳикояси таъсирида анча жойга бориб қолганимизни сезмабмиз ҳам. Орқага қайтдик. Сув шилдираб оқади. Яшил майсалар оёғимизни ўпади. Вақт тинимсиз ўтиб бормоқда. Ҳаёт давом этаётир. Уни ҳеч ким тўхтатолмайди. Ундай десам… Фурқат ўзининг ҳаётини ўша, Ферузани йўқотганини билган лаҳзада кино лентасидай тўхтатиб қўйибди. Феруза унинг хаёлларида яшамоқда.

– Феруза билан бошқа учрашмадингизми?

– Йўқ! Иккинчи мартасига… бардошим етмайди!

– Фурқат «ногиронлигим туфайли рад этилишга» демоқчи бўлди. Мен тилимни учидаги саволни беришдан ўзимни тиёлмадим:

– Фурқат, дўстим, ҳаётда ҳаммани бир суйгани топилади-ку?

– «Тенги» демоқчисиз… Мен ана шуни хоҳламадим. Уйланмай ўтганларни кўрганмисиз?

– Кўрганман.

– Сабабини ҳеч сўраганмисиз?

– Ноқулай… .

– Мана, ўшандайлардан биттасини билиб олдингиз. Инсонда кўнгил бор. У шунчаки, қоида бўйича яшолмайди. Буни тушунмайдиганлар кўп. Cиз ундай эмассиз… Мен ўқиб, сурат чизган ҳикояни ўзингиз ёзгансиз. Шундайми?

– Ҳа.

– Ҳикояда севишганлар тақдири ечим топмаган. Якунини очиқ қолдиргансиз. Чунки, тақдирни олдиндан айтиб бўлмайди.

Мен нима дейишимни билолмай қолдим. Бу ақлли, истеъдодли йигитнинг тақдирини қаранг! Кеча менга дарвозани очган онасининг кўзларидаги андуҳ сабабини энди тушундим. Бир кам дунё, деганлари шу эканда! Бироқ, бу юк бир кишига оғирлик қилмайдими?! Нега унинг исмини Фурқат қўйишган? Тўғри, Фурқат – улуғ шоиримиз. Алишер, Бобур деган исмлар ҳам кўп. Лекин, «фурқат» сўзининг мазмуни – айрилиқ…

Мен ўз хаёлларим билан жим борардим. Фурқат ҳам Куркулдак сойига термилиб сокин ўйга чўмган. Балки у Феруза ҳақида ўйлаётгандир.

Сойнинг суви эса ҳамон шилдираб оқарди.

1974,2011 йй.
ПАЙПОҚЧАЛАР

Шифокорлар ҳаётидан репортаж ёзишим керак эди. Ташқарида қаҳратон қиш. Аямажиз забтига олган. Марказий шифохона узоқ эмас. Шунинг учун таҳририятдан чиқиб пиёда кетавердим. Йўл-йўлакай дўконга кириб, ўғлимга иссиқ пайпоқчалар ҳам олдим. Касалхонага етгунимча совуқ ўтиб кетди. Дарвоза олдида иккита болакай яхмалак учарди. Юзлари совуқдан қизариб кетибди. Лекин завқланиб қичқиришлари оламни бузади.

Ичкарига кирдиму танамга илиқлик югурди. Бош шифокор болалар реанимацияси бўлимини тавсия қилди. Демак, репортажимни шу бўлимдан ёзаман.

Бўлимга кириб ташқаридаги қишни ҳам унутдим. Катта даҳлизда хонаки гуллар ўстирилган. Хитой атиргули қип-қизил бўлиб очилибди. Болалар ўйнайдиган бурчак ҳам бор. Суянчиқли жажжи ўриндиқлар, катта-кичик қўғирчоқ, машиначиларни териб қўйишибди.

Ўрта бўйлик, озғин, рангпар доктор билан танишдим. Исми Шароф. У ҳамма докторлардек оғир, босиқ йигит экан. Шароф бўлим ҳақида гапириб берди:

– Реанимация – жонлантириш бўлими. Бизга оғир беморлар келишади. Яқинда энг замонавий реанимация мосламаларини олдик. Сизга кўрсатаман…

Шу пайт эшик очилиб ўрта ёшлардаги, тўладан келган ҳамшира кирди. Суҳбатимиз бўлиниб қолди. Доктор унга норози қаради. Ҳамшира буни дарҳол пайқади. Бироз иккиланиб турди-да, секингина:

– Шароф Махмудович, боланинг отаси келди, – деди.

– Чақиринг, кирсин.

Эшикдан узун бўйлик, ихчам, буғдойранг, ўттиз ёшлардаги йигит кирди. Кўринишидан устачилик билан шуғулланадиганга ўхшайди. У лабларини қимтиб олган. Бир оғиз гапирмади ҳам. Индамай кушеткага ўтирди.

Мен ажабландим. Доктор билан бемор боланинг отаси бир-бирларига беилтифот эдилар. Шароф Махмудович йигитни докторларга хос синчковлик билан кузатди. Кейин босиқлик билан гапира бошлади:

– Ўзингиз биласиз, болани аҳволи оғир эди. Юрак нуқсони билан туғилган. Тўққиз ойлигидаям аҳволи оғирлашганди. Тўғрими?

– Ҳа.

– Айтиш бизнинг вазифамиз, текширувга берайликми, ё… ?

– Кераги йўқ!

– Унда тилхат ёзиб берасиз, докторларга даъвом йўқ, деб. Бўлмаса, экспертиза қилиб ўлим сабабини аниқлашади.

Йигитни бир-бирига қовуштириб ўтирган дағал қўллари титраб кетди. Ёноқ суяклари бўртиб чиққан чўзинчоқ юзига ярашган юпқа лабларини куч билан қимтиди. Хаёлимда тишлари ғижирлаб кетгандек бўлди. Ичидан вулқондек отилиб чиқаётган нидони тутиб қолиш учун бир фурсат жим қолди. Кейин ғўлдираган овозда:

– Бироз шу ерда ётиб турсин… Уйдагиларни тайёрлаб келай. Тилхат ёзиб, олиб кетаман, – деди.

– Ҳали онасига айтмадик.

– Айтмай туринглар. Мен келай…

– Болани кўрасизми? Ҳали найларни олиб ташламадик.

– Кўраман, ўғлимни!

«Кўраман, ўғлимни!» деган сўзларни у шундай ботиний фарёд билан айтдики, этим жимирлаб кетди. Бояги ишчан кайфиятимдан зарра ҳам қолмади. Ёзилажак репортажим, болалар реанимацияси бўлимидаги шарт-шароитлар қизиқтирмай қўйди. Доктор қайтиб кирганини ҳам сезмабман.

– Ўтирибсизми? – Узр, – деди Шароф Махмудович. – Болада туғма «порок» бор эди. Операцияга рози бўлишмади. Дори-дармонлар билан тўрт ёшигача яшади. Бу сафар кеч олиб келишди…

Мен индамадим. Шароф Махмудович:

– Юринг, хоналарни кўрасизми? – деди.

Ўрнимдан турдим. Биз бўлим йўлагига чиқдик. Кираверишдаги катта даҳлиз кундузги чироқлар билан қўшимча ёритилган. Болалар ўйнайдиган бурчак ҳамон бўш.

– Янги келган аппаратимизни кўрасизми? – деди Шароф Махмудович.

– Майли.

Доктор йўлак тўрига юрди. Чап тарафдаги охирги эшикни очди. Хонага аввал ўзи кирди. Мен унга эргашдим. Бу, касалхонанинг оддий хоналаридан бири эди. Хона тўрига янги сунъий нафас бериш мосламаси қўйилган. Шароф Махмудович тўғри ўша томонга ўтиб кетди.

Хонада иккита болалар каравоти ҳам бор. Мен чап томондаги каравотча олдида тўхтаб қолдим. Унда, бўй-бастига қараганда тўрт ёшлардаги бола ётибди. Фақат… яшил катакли адёл боши аралаш ёпиб қўйилган!

Дарҳол ҳаммасини тушундим. Бу, ўша, мен шифокор хонасида кўрган йигитнинг ўғли! Адёл калта экан, боланинг оёқчалари чиқиб қолибди. Пайпоғининг нақшлари ажойиб. Яшил рангли, иссиққина пайпоқчалар. Албатта, дадаси ёқтириб олган бу пайпоқчаларни. Онаси меҳр билан, оёқчалари совқотмасин, деб бугун эрталаб кийдирган.

Энди бу пайпоқчалар керакмас. Онаси уларни ҳеч қачон кийдиролмайди. Ажойиб нақшларини силаб қўймайди. Дадаси пайпоқчалар олиб келмайди. Чунки, у бошқа уйғонмайди. Ширин уйқуда онасини ташлаб кетди. Ҳали онаси пайпоқчалар эгасиз қолганини билмайди. У жонлантириш бўлимининг қайси бир хонасида ўғлини кутмоқда. «Боламга томчилатиб дори юборишаётир», дея безовта. Боласининг игна санчилган билаги оғриётганини ўйлаб кўз ёши қилаётгандир? Ёки сездимикан? Сезган бўлса, бу юрак оғриғига қандай бардош бераётир?! У албатта оддийгина аёл. Эрининг устачилик қилиб топган пулини болалари билан баҳам кўраётган, тонг саҳарда сигир соғиб, тунлари бола аллалайдиган оддий аёл!

Мен Шароф Махмудовичга қараб турардиму гапларини эшитмасдим. Чамаси, у гапини тугатди. Биз хонадан чиқдик. Катта даҳлиздаги болалар ўйнайдиган бурчак, жажжи ўриндиқ ва ўйинчоқлар совуқ кўринди.

Касалхонадан қайтаётганимда қор учқунларди. Қўлларим совқотди. Лекин чўнтагимга тиқишга ҳайиқаман. Чунки, чўнтагимда ўғилчамга, деб сотиб олган янги пайпоқчалар бор. Бу пайпоқчалар ҳам нақшлар билан безатилган. Уларнинг ранги яшилмиди, мовиймиди, эсимда йўқ. Дарвоза олдида ҳамон иккита болакай яхмалак учмоқда. Уларнинг завқланиб қичқиришлари оламни бузади.

2011 й.

ФАНТАСТИК ҲИКОЯЛАР

СЎНГГИ ҚУРОЛ

Коинот кемаси Радж сайёрасининг эллиптик орбитасига кирди. Кемадаги уч нафар фазогир электрон телескопда сайёрани кузата бошлашди. Улардан бири – Санжарбек ниҳоятда ҳаяжонланмоқда. Телескоп билан боғланган мониторга иштибоҳ ила тикилганича турибди. Фазогирнинг пешонасини тер томчилари қоплаган. Бу унинг биринчи коинот сафари. Ҳозир бутун диққат-эътибори сирли сайёрада.

Мониторда дафъатан ялт этган оловли нуқта пайдо бўлди. Санжарбек ҳушёр тортди. Зум ўтмай нуқтанинг ёйсимон йўналиши кема ҳаракатига мослашди. Бунинг нима эканлигини фаҳмлаган ёш фазогир беихтиёр даҳшатга тушди.

– Жанговар ракета! – дея қичқириб юборди.

Кема сардори Мардон Муродий билан Сурайё ҳам монитор экранига қарашди. Бундай вазиятларда Мардон Муродий ўта тезкор ҳаракат қиларди. У турфа рангли чироқлар ёниб-ўчаётган бошқарув марказининг ўнг томонидаги мовий тутқични зарб билан босди. Тутқич тепасидаги асбобнинг кўрсаткич мили юқорига сапчиди.

– Ҳимоя майдони ишга тушди! – Сурайёнинг овози эшитилди.

Мардон Муродий яна экранга тикилди. Оловли нуқта кемага яқинлашиб қолганди.

– Ҳа, бу, жанговар реактив снаряд, – деди у ўзига қараб турган фазогирларга.

– Кимсасиз сайёрада реактив снаряд қаердан пайдо бўлди?! – Сурайё ҳайратини яширолмади.

– Ҳа-а, – деди жумбоқли қилиб Мардон Муродий.

Йигит билан қиз устозлари ниманидир билиши, сирни очишга шошилмаётганини фаҳмлашди. Лекин ҳозир савол-жавобларнинг ўрни эмас. Монитордаги оловли нуқта борган сари катталашарди. Маълум фурсат ўтиб учи найзадек ўткир ракета кўринди.

Мутаассир фазогирлар нафасларини ичларига ютиб кузатиб туришди. Бошқариладиган реактив снаряд кемага жуда яқинлашиб қолди. Шу пайт кўринмас тўсиққа кучли зарб билан урилиб, портлади. Монитор экрани алвон рангга бўялди. Аланга қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай, лаҳзада йўқолди. Коинот яна рутубатли зимистонга айланди.

– Қўнамиз! – Мардон Муродийнинг буйруғи эшитилди.

Бошқарув бўлмасида ҳар ким ўз ўрнини эгаллади. Кучли ҳимоя майдони билан қуршалган фазо кемаси Радж сайёрасининг инсон қадами етмаган заминига шўнғиди. Осуда сайёра кучли ҳаво тўлқинидан титраб кетди. Атом двигателлари тошларни емирувчи наъра билан кемани оҳиста қўндирди.

Фазогирлар аниқ ҳаракат қилишарди. Ҳар замонда сардорининг қисқа, аниқ буйруқлари эшитилади. Дарҳол кузатув иллюминатори очилди. Кема ғаройиб шаклдаги тошлар қалашиб ётган дарага қўнганди. Сурайё нотаниш олам манзарасига ҳайрат билан термулиб қолди. Санжарбек асбобларнинг кўрсатувларини кеманинг электрон журналига ёза бошлади. Фақат Мардон Муродийгина қандайдир хавфни сезгандек ҳамон бошқарув маркази олдида безовталанмоқда.

Коинот кемаси, тевараги қоялар билан қуршалган дарада, узоқ парвозда чарчаган қушдек хорғин турарди. Раджнинг табиий ёритқичи Ер қуёшидан кам нур сочмас экан. Тоғ дарасида баланд қояларгача бўлган масофа бемалол кўринади. Кемадан нарироқдаги баҳайбат харсанглар бири-бирисига ёнбошлаб сирли шакллар ҳосил қилган. Кавказ раққосларидек тик, ихчам қояларнинг сервиқор жозибаси ниҳоятда мафтункор. Чўққилардаги қизил, сариқ, мовий ва яшил тошларнинг бетакрор жимирлаши бу сайёранинг ўзига хос томони эди. Илми нужум мутахассиси бўлган Сурайё одатда осмон жисмларини кузатарди. Ҳозир доира шаклидаги зирҳли ойна олдида турганича сепли келиндек мумтоз замин тароватидан кўз узолмай қолди. Қиз шу ҳолда узоқ туриши мумкин эди. Бироқ қоялар орасида бехосдан чақмоқдек ёрқин нур бир ялт этди-ю, алангаланди. Унинг кўзларига сонсиз-саноқсиз найзалар санчилгандек бўлди. Кучли оғриқдан қичқириб юборди. Шу заҳоти ҳолсизланиб, беҳуш йиқилди.

Бу пайтда Мардон Муродий билан Санжарбек ҳимоя майдонининг заҳирадаги қувватини ишга тушириш билан машғул эдилар. Сурайёнинг қичқирганини эшитиб электр токи ургандек қиз томонга отилишди.

– Сурайё! – Санжарбек қизнинг бошини кўтарди.

Бироз ўтиб Сурайё ўзига кела бошлади. У иккала кафти билан кўзларини беркитиб олганди. Томоғи қақраб, гапиролмай инграрди. Мардон Муродий унинг лабига учи найчалик идишдаги суюқликдан томизди. Сурайё узуқ-юлуқ сўзлай бошлади:

– Кўзим… кўзимга ўткир нур… санчилди!

Сурайёнинг титроқ овози йигит юрагини ўртаб юборди. Санжарбек қизнинг пешонасига тушган сочларини меҳр билан силади. Кейин кўзларини очиб кўрди. Ҳеч қандай жароҳат излари сезилмади. Фақат қорачиқлари бироз кичрайган, кўзлари қизарибди.

– Қаттиқ оғрияптими? – эркаловчи овозда сўради у.

– Жудаям қаттиқ! – ўзига келиб қолган Сурайё нолиди.

Қиз қўлларини кўзидан олмай туришга ҳаракат қилди. Санжарбек унга ёрдамлашди. Мардон Муродий иллюминатор олдига қайтди. У сирли сайёрани бутун диққатини жамлаб кузатарди. Шу тобда замбарак отилса ҳам эшитмайдигандек эди.

– Бу, «Дубль беш»…, – ўзи билан сўзлашаётгандек деди у.

– Нима?! – Сурайёни суянчиқли курсига ўтқазаётган Санжарбек устозига ажабланиб қаради.

– Дубль беш! – қатъий такрорлади Мардон Муродий. Кейин иллюминаторнинг коинот нурларидан ҳимоя қилувчи қопламасини туширди.

– Мен кўрмаяпман! – Сурайёнинг изтиробли овози эшитилди. Мардон Муродий яна қизнинг олдига келди. Тиббиёт қутисидан жажжигина асбобни олиб, қизил чироғини ёқди. Алвон рангли нурни Сурайёнинг иккала кўзига бир-бир тутиб, диққат билан текширди.

– Қизғиш ранглар ғужғон ўйнаяпти, – нолиди Сурайё.

– Шундай бўлиши мумкин.

– Кўр бўлиб қолсам-а?!

– Йўқ, ундай бўлмайди! – деди ишонч билан Мардон Муродий. – Санжарбек, Сурайёга ҳимоя шишали кўзойнак беринг!

Йигит кема қопламидаги тугмалардан бирини босди. Чапга сурилиб очилган жажжи жавондан зарғалдоқ гардишли кўзойнак олди. Уни дарҳол Сурайёнинг кўзига тутди.

– Энди дам олиш бўлмасига кузатиб қўйинг!

Мардон Муродийнинг овозидаги қатъий ишонч иккала ёш фазогирга ҳам ижобий таъсир қилди. Устознинг сўзларидан кўнгиллари бироз бўлса-да таскин топди. Ёши элликларга бориб қолган, ўрта бўйлик, ҳаракатлари дадил кема сардори улар учун доимо олий даражадаги фазогир намунаси бўлиб келди. Ҳамкорликдаги коинот сафарида устозларидаги юксак иқтидорнинг янги қирраларини кашф этишди. Бу эса кема сардорига бўлган ишонч, ҳурматларини янаям оширди.

Санжарбек Сурайёни етаклаб бошқарув бўлмасидан чиқиб кетди.

– Нима бўлди? – сўради Санжарбек дам олиш бўлмасига киришгач.

– Мен сизни эшитяпман.

– Унда, яхши.

– Мен тушунтиролмадим. Мен фикрингизни, ботиний хаёлингизни эшитяпман.

– Қандай қилиб?

– Билмадим… Ўзимни бир неча марта синаб кўрдим. Устознинг ҳам лаблари қимирламади. Лекин фикрларини аниқ-тиниқ эшитдим. Сизни ҳам…

– Мени?!

– Ҳа, сиз «Сурайёга нима бўлди?!» деган саволни безовталаниб қайтаряпсиз.

– Тўғри!.. Сурайё, нега ундай бўляпти?

– Кўзимга нур тушганида бошим қаттиқ оғриди. Шундан кейин қулоғимда шовқин пайдо бўлди. Устозни, сизниям хаёлларингизни эшита бошладим.

Санжарбек «Сурайё алаҳсираяпти» деб ўйлади.

– Алаҳсираётганим йўқ, – жилмайди Сурайё.

– Ий-е?!

– Мен фикрингизни эшитяпман.

– Бу қанақаси?!

– Билмадим, ҳайронман. Кўзларимга нур тушганидан кейин шундай бўлиб қолди. У қандай нур? Ўзим ҳам чўчияпман.

– Қўрқманг, ўтиб кетади. Ҳозир кўзингизни юмиб, ухланг.

Сурайё итоаткорлик билан кўзларини юмди. Санжарбек шошилиб чиқиб кетди. Бошқарув бўлмасига кирганида Мардон Муродий ўриндиқ суянчиғига ўзини ташлаганича ўй суриб ўтирарди.

– Аҳволи қандай? – деди Санжарбекка юзланиб.

– Яхши. Ухлашга ҳаракат қиляпти.

– Биз Ер тақвими бўйича учинчи минг йилликда яшаяпмиз. – Мардон Муродий секин сўзлай бошлади. – Урушлар, давлатлар, халқлар ўртасида низолар йўқ. Буларни тарих китобларидан биламиз. «Дубль беш» ўша, тарих китобларида қолиб кетган даврларда яратилган темиртан робот. У ўзини ўзи бошқара олади. Сарфланган қувватини қайта тиклайди. Ҳар қандай ташқи таъсирдан ҳимояланади. Энг хавфлиси, темиртан мустақил такомиллашиш имкониятига эга. Мана шулар унинг абадийлигини таъминлади. Афсуски, темиртаннинг ҳамма мосламалари, бутун қудрати инсонларга қарши созланган. Кейинчалик у ўз қўмондонини ҳам танимайдиган қудратли ва ваҳший жангчига айланди. Шукрким, бундай ёвуз темиртан битта, бошқа яратилмаган.

Бу гапларни эшитиб пўлатдек мустаҳкам иродали Санжарбекнинг ранги оқариб, суянчиқли курсига ўтириб қолди. «Кема ишдан чиқди, шу сайёрада қолиб кетишимиз мумкин», дейилса ҳам бунчалик ўзини йўқотмасди. Устозидан яна ниманидир сўрамоқчи бўлди, лекин тили калимага келмади. Мардон Муродий йигитнинг ҳолатини тушунди.

– Бу темиртанни Ердаги мухолиф мамлакатлар бирлашмаси яратган, – давом этди у. – «Дубль беш» ҳамма турдаги ядровий қирғин қуролларини ўзи ишлаб чиқаради. Бунинг учун микросинхрофазотрон мосламаси бор. Бу асосда зарраларни тезлатувчи улкан иншоот яратиши мумкин. Хом ашёни ҳам ўзи излаб топади… Шундай даврлар бўлганки, Ернинг буюк, иқтидорли олимлари урушлар учун ишлашган. Бунга сарфланган маблағнинг беқиёслиги ҳақида гапириб ўтирмасам ҳам бўлади. Ўша вақтларда сиз тенгиларнинг уй-жойсиз қийналиб юрганлариям кўп бўлган…

Санжарбекка устозининг пешонасидаги ажинлар кўпайиб кетгандек туюлди. Кўзларидаги ғамгинлик дилидаги сўроқларни тилига кўчирди:

– Шундай ақлли одамлар буёғини ўйлашмаган эканда?

– Ўйлашган. «Дубль беш» хотирасига киритилган дастур бўйича ишлаши, ўз «ҳунар»ини душман мамлакатларга қарши қўллаши керак эди. Шундай бўлдиям. Кейин яна мукаммаллаштиришди. Темиртаннинг номи ҳам шундан. Бу, бешинчи такомиллаштирилган нусха. Охири уни бошқариб бўлмай қолди. Таъсир доирасидаги ҳудуддаги тирикликни яксон қила бошлади, ўз эгалариниям қириб тугатаёзди.

– Ердаги ҳаёт хавф остида қолган экан-да?

– Худди шундай!

– Биз бу тўғрида ҳеч нарса билмасдик?

– Бу, Ер тарихидаги энг оғриқли нуқта. У давр узоқ давом этмади. Шунинг учун ҳамма манбаларда ҳам ёзилавермайди. Темиртаннинг кейинги тақдири мавҳум эди. Шу боис, бу ҳақдаги маълумотлар ҳам ошкор қилинмади.

– Энди-чи?

– «Дубль беш»нинг ҳануз борлиги тахмин қилинганди.

Санжарбек ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Ер ҳақидаги аччиқ ҳақиқат қалбини ўртади. Юраги бўшлиққа айланди. Устозига тикилганича турарди. Мардон Муродий «сир»ни очишда давом этди:

– Охири, «Дубль беш» га ўзини парвоз йўналишида такомиллаштириш имкони берилди. Ниҳоят, жиловсиз қирғин қуроли Ердан учиб чиқиб кетди… Асрлар ўтиб, темиртаннинг «изи» йўқолди. Номи Ер давлатларининг махфий ҳужжатларидагина қолди. Биздан аввал сафарда бўлган фазогирлар унинг Радж сайёрасида эканлигини тахмин қилишди. Биз бу ёвуз машинани тополмаслигимиз ҳам мумкин эди. Шу боис сизларга бу ҳақда маълумот берилмаган.

– Демак, тополмаганимизда, у тирик сайёраларни излаб, яксон қилаверарди, шундайми? – Санжарбекнинг гап оҳангида истеҳзо сезилди.

– Балки…, – оғир тин олди Мардон Муродий.

Бошқарув хонасининг эшиги забт билан четга сурилди. Ҳаяжонини яширолмай, ҳовлиққанича Сурайё кирди.

– Кўзингиз қандай? – Санжарбек қизнинг истиқболига ўрнидан турди.

– Энди кўряпман, яхши кўряпман. Ҳаммаси ўтиб кетди.

– Бизни эшитдингизми? – Мардон Муродий ўзаро алоқа мосламасига ишора қилди.

– Ҳа, устоз, мослама ўчирилмаган экан… «Дубль беш»ни йўқ қилиш керак. Йўқ қилиш шарт!

– Шундай. Лекин бу осонмас. Биз кемадагина тўлиқ ҳимоядамиз. Ақлли темиртаннинг ўзи ажал излаб келмайди.

Сурайё Мардон Муродийга дадил боқди:

– Балки, бу сайёрадаги тирикликниям «Дубль беш» қириб юборгандир?

– Йўқ.

– Ҳали сайёрани ўрганмадик-ку?

– Раджда олий даражадаги тириклик бўлмаган. Буни Ер олимлари тасдиқлашди. Сабаби кўп омилларга боғлиқ. Ҳозир буни муҳокама қилишнинг пайтимас. Раджнинг массаси Ерникидан тўрт марта кичик.

– Демак, тириклик бўлганидаям Ердагига ўхшамасди.

– Ҳа, Сурайё. Хуллас, бир нарса аниқ: Ақлли темиртан аллақачон бизни йўқ қилишга уриняпти. Олдинроқ ҳаракат қилишимиз керак. Сайёрага бирга чиқасизлар. Тайёрланинг!

Йигит билан қиз бошқарув хонасидан чиқишди. Бироздан кейин ўзаро алоқа мосламасида Санжарбекнинг бўғиқ овози эшитилди:

– Ҳимоя майдонли скафандрларни кийдик. Сайёрага чиқишга рухсат беринг?

Мардон Муродий жавоб беришдан аввал мониторга қаради. Сўнгра иллюминатор олдига келди. Сайёра тошлоқларида сирли сукунат ҳукм сурарди. Радж қуёши уфққа оға бошлаган. Қояларнинг чўққиларида олтинранг нурлар ялтирайди.

– Рухсат! – деди у қатъий.

Бир неча дақиқадан кейин иллюминатор қаршисидаги тошлоқда узун-қисқа икки гавда кўринди. Улар сийрак ҳавода енгил ҳаракат қилиб боришарди. Мардон Муродий монитордан сайёра ҳудудини кузата бошлади. Кун ботиш тарафда пароканда шуълалар кўринди. У дарҳол тушунди: темиртан шу ерда! Бу ҳақда Санжарбек билан Сурайёга алоқа мосламасидан хабар қилди:

– «Дубль беш» ўнг томонингиздаги харсанглар ортида! Мени эшитяпсизларми?

– Эшитяпмиз, яхши эшитяпмиз, – жавоб беришди Сурайё билан Санжарбек.

– Шошилманглар, – далда берди сардор.

– Мен уни кўряпман! – Сурайёнинг ҳаяжонли овози эшитилди. – Бўйи уч қулочлик тавия экан!

– Қоялар орасида техник қурилма бор, – қўшимча қилди Санжарбек.

– Бу, электрон-таъмирлаш корхонаси, – тушунтирди Мардон Муродий. – Ўтган даврда «Дубль беш» ўзини мукаммаллаштирган… Қурол ишлаб чиқарган…

Мардон Муродийнинг гапини тасдиқлагандек, техник қурилмадан оловли чизиқлар отилди.

– Жанговар снарядлар! – Санжарбекнинг овози эшитилди.

Харсанглар орасидаги темиртан нурланиб турарди. Бу, мукаммал электрон блоклар тўла қувват билан ишлаётганидан дарак беради. Унинг қобиғи жигарранг-қизғиш тусда бўлиб, одамсимон шаклда яратилган. Чамаси, эркин ҳаракат қилиши учун шу лойиҳа танланган. Бош ўрнидаги қутича бетиним айланиб турибди. Унга ўткир учли ялтироқ антенналар ўрнатилган. Елкасида қўлсимон икки механизмдан ташқари йиғма қанотлар ҳам бор. Оёқлари ўта қўпол, худди ёнма-ён турган катта тўқмоқларни эслатади.

Мардон Муродий Санжарбекнинг қўлида лазер тўппончасини кўриб қолди.

– Отманг! – буюрди у. – Темиртанда нурқайтаргич бор. Радиомаёқни ишга тушираман, чалғитамиз.

Шу пайт атрофни ўқларнинг даҳшатли чийиллаган овози тутди. Харсанглар орасига пухта яширилган қирғин қуроли ишга тушганди. Ўқ ёмғири радиомаёқ алдовида сайёранинг узоқ-узоқ чеккаларига йўналди. Атрофни кўкимтир-оқ тутун қоплади. Бирин-кетин портлаш овозлари эшитилди. Улуғвор чўққилар осмонга сапчиётган алвон шуълалардан яллиғланиб турарди.

Мардон Муродий яна кузатув мосламаси мониторига тикилди. Фазогир чорак асрлик коинот сафарларида кўплаб воқеалар, муаммоларга дуч келди. Энг қалтис вазиятларда ҳам ўзини йўқотмади. Бугун эса инсонларга хос кўнгил ваҳимасини қува олмаётир. У Сурайё билан Санжарбекни ўйларди. Улар Мардон Муродийнинг шогирдлари, фарзандларидек азиз. Лекин бу ваҳший темиртанни йўқотмаса ҳам бўлмайди. Акс ҳолда, ота-боболар руҳи чирқирайди. Ахир, Ердек гўзал сайёрани минг йиллар ардоқлаган уларнинг аждодлари эмасми?! Буюк Ипак йўлини яратганлар Мардон Муродий, Санжарбек, Сурайёларнинг ота-боболари-ку! Етти минг чақиримлик Ипак йўли йигирма беш аср давомида сайёра давлатлари ўртасида дўстлик-биродарликни юзага келтирди. Урушлар-чи? Тўғри, урушлар ҳам бўлди. Лекин «Дубль беш» Ер тарихидаги сўнгги қора доғ. Ундан халос бўлиш учун жондан кечса ҳам арзийди.

Кемадан ташқарида қирғинбарот давом этарди. Фақат бу урушда бир томон жангга кирган. «Дубль беш» турли қуроллардан ўқ отар, нишонга олган душмани эса битта – ўзи яралган Ердан ташриф буюрган коинот кемаси эди. Санжарбек билан Сурайёни кучли ҳимоя майдони асраб турибди. Темиртанга яқинлашишнинг ўзи машаққатли. Уни йўқотишнинг ягона йўли – қувват манбаидан узиб қўйиш. Бу, айни даврдаги техникавий имкониятлар билан ҳам осон эмас. Қисқа масофада фазогирларнинг ҳимоя майдонлари панд бериши мумкин. Темиртан ҳам асрлар бўйи ўзини такомиллаштирган. Бундан ташқари, «Дубль беш» руҳиятга таъсир этиш қобилиятига эга. Инсон фикрини масофадан ўқийди, мия фаолиятини фалажлай олади.

– Сурайё, темиртандан узоқлашинг! – Мардон Муродий буйруғини такрорлади.

– У фақат мени таъқиб қиляпти? – ажабланди Сурайё.

– Сиз аёлсиз, танангиздан таралаётган биоқувват тўлқинларига ҳаяжон таъсирлариям қўшилган. «Дубль беш»нинг биоантеннаси ёмон ишламаяпти. Буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз.

– Ҳа, устоз.

Темиртан фазогирларни борган сари сиқиб келарди. Улар кемага яқинлашиб қолишди. Эҳтиёт учун ҳимоя майдони энг юқори нуқтасигача кучайтирилди. «Дубль беш»ни йўқ қилиш учун бир нечта режа тузилганди. Улардан бирортаси ҳам иш бермади.

– Устоз!

Сурайёнинг овозини эшитиб Мардон Муродий сергак тортди:

– Кемага қайтинглар! – деди қатъий қилиб.

– …

– Буюраман!

– Устоз, менда бир фикр туғилди. – Ўзаро алоқа мосламасидан яна Сурайёнинг овози эшитилди. – «Дубль беш» фикримизни ўқиш қобилиятидан фойдаланяпти. Режаларимизни олдиндан билиб ҳаракат қилиши ана шундан. Лекин тез-тез адашяпти. Уни фикран зўриқтириш керак. Темиртанни зўриқиш ишдан чиқаради. Балки…

– Бу иш бермаслиги мумкин, хавфли!

– Бошқа иложимиз йўқ, устоз. – Сурайёнинг дона-дона сўзлари Мардон Муродий билан Санжарбекнинг қулоқлари остида жаранглади. – У энди кемага ҳам зарар етказиши мумкин.

Бу пайтда «Дубль беш» ҳамон олдинга одимларди. Жигарранг-қизғиш тусдаги мустаҳкам зирҳли қобиғи аниқ кўзга ташланиб қолди. Темиртаннинг ўта кучли қуроллардан иборат «жангчи»лари ўқ отишдан тўхтади.

Аҳвол танг. Мардон Муродий катта хатарни сезди. Фазогирларнинг ҳаётлари азал-азалдан қил устида туради. У пешонасидаги тер томчиларини сидириб, ўрнидан турди. Ҳозир вазият ниҳоятда қалтис!

Сурайё чигирткадай олдинга сакрай бошлади. Ҳар сакраганида тўрт-беш қулоч масофани енгилгина учиб ўтарди. Шундай ҳаракатни бир неча марта такрорлаб, темиртанга анча яқинлашди. Орқасидан отилган Санжарбекка кескин қўлини силтади. Мардон Муродий ҳам Санжарбекка тўхташни буюрди. Шу пайтда икки фазогирнинг бир ерда бўлиши хавфсизлик қоидасига тўғри келмасди.

Сурайё темиртанга яқинлашиб олгач, ҳимоя майдонини ўчириб, фикрини жамлашга ҳаракат қилди. Қаттиқ чарчаганидан мияси бўм-бўш эди. Темиртан ҳам жойида тўхтади. «Ҳаракат қилиш керак!», хаёлидан ўтди Сурайёнинг. Шу заҳоти темиртан ҳам ғимирлаб қолди. Сурайё ўзининг мия фаолияти билан «Дубль беш»нинг фикрни ўқиш қисми бир тўлқинга созланганини тушунди. Унинг антенналаридан бири шу вазифани бажарарди. Сурайёнинг юрагини ваҳима босди. Бироқ бу бир дақиқалик инсонларга хос бўлган ҳиссиёт эди. Чекиниш мумкин эмас! Қаршисидаги ҳиссиз темиртаннинг қотилликлари хаёлидан ўтди. Уни мажақлаб ташлашни ўйлади. Шу заҳоти қоялар орасидан жанговар ракета мосламаси ғизиллаб чиқди. Сурайёга радиоалоқа халақит бера бошлади. Скафандри кўкрагидаги халқани бир силтаб, алоқани узди. «Тўхта!», фикран буйруқ берди темиртанга. «Дубль беш» жойида шамдек қотиб қолди. Ракета мосламаси ҳам тўхтади. «Мен сени душманингман!», дея ботинан ҳайқирди Сурайё. Темиртаннинг бош қисмидан тутун кўтарилди. «Мендан кучсизсан, ҳалок қиламан!». Темиртан ерга қулади. Металл қисмлари ёқимсиз ғижирлай бошлади. Бош қисмидан қоп-қора тутун кўтарилди. Сурайё бир қадам олдинга юрди. «Қувват манбаинг ишдан чиқди, сен портлаб кетасан!». Сурайёга хаёлидаги овоз бутун сайёрада акс садо бергандек туюлди. «Портлаб кетасан, портлаб кетаса-а-аан!», акс садо берди қоялар. Бу овозга кучли гумбурлаш қўшилди. Сурайё кўкрагига урилган қаттиқ зарбани сезди. Кўнгли ағдарилиб, кўз олдида қип-қизил оташ-олов пайдо бўлди. Оёқлари ердан узилиб, ҳавода муаллақ учди…

Сурайёнинг жонсиз танаси устига биринчи бўлиб Санжарбек етиб келди. Бу пайтда Мардон Муродий нимагадир уриб олган пешонасидаги қонни сидириб ташлаб, скафандр кийиш хонаси томонга гандираклаб борарди.

У етиб келганида Санжарбек ақлдан озгандек ер депсинар, қояларга қўлини бигиз қилиб нималардир, дея қичқирарди. Қоялар ҳамон «портлаб кетасан, портлаб кетаса-а-а-ан», дея акс садо берарди. Лекин бу овозни Худо қарғаган тошлоқда энди ҳеч ким эшитмасди.

Сайёрада туннинг совуқ шарпаси кезиб юрибди. Радждан жуда-жуда ёрқин кўринадиган беҳисоб юлдузлар минг хил жилва билан имо қилади. Ана, тўпидан ажралиб бир юлдуз учди. Сўнган юлдузни инсон умрига қиёслашади. Агар юлдуз инсон бўлганида кимсасиз сайёрадаги фазо кемаси теварагида юрган икки жонли нуқтани кўрган бўларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации