Текст книги "Мугат фолбин"
Автор книги: Абдужалол Рахимов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 8 страниц)
У қўллари қалтираб, маржон шодасини бўйнига тақди.
– Ҳеч нарса сезмадингми?
– Йўқ.
– Ҳали ўзинг ҳаммасини билиб оласан. Бу тошларнинг номи «забаржад».
– Моможон?!
– Қўрқма, ман айниб қолганим йўқ. Забаржад ман эмас, мана шу тошлар аслида. Бу исмни момом берган. Айтганки, бу соҳир тошлар гардундан99
Гардун – фалак, осмон.
[Закрыть] ёғилган. Унинг эгаси фол кўради ва… уёғини билмайман. Уни билиш балки санга насиб қилар. Маржонни ҳеч қачон бўйнингдан ечма! Нима ҳодиса юз берса ҳам қўрқма, забаржад тошлар сани асрайди. Билиб қўй, маржонни қудрати чексиз. Ман уни доим сезиб турганман. Мани асрагани етар. Энди санга…
Бувиси чуқур «уф» тортиб, кўзларини юмди. Забаржад «Момо, моможон!», дея додлаб юборди.
У момосининг исми Забаржад эканлигини ўшанда билди. Унга ҳам шу исмни қўйган экан.
Забаржад шуларни эслаб дадил ўрнидан турди. Эгнига қора нимчасини кийди. Бошига катта кўк рўмол ташлади. Қумғондаги сувда юз-қўлини ювди. Кейин дарвозани овозсиз очиб, чиқиб кетди.
Харсангтош ортида
У тоғ томонга юрди. Кеча ойдин. Тўлишган моҳитобнинг сирли ёғдуси йўлларини ёритди. Шу ёғду билан тўғрига кетаверди. Анча юриб, таниш харсангтошга етганда тўхтади.
Харсангтошнинг атрофида на бирор бута, на бир дарахт бор эди. Йўғонлиги икки қулоч, бўйи тўрт-беш одам бўйи келади. Баҳайбат тошни юқорисида бир қулоч катталикдаги доира тешик бор. Тешикдан увиллаб шамол ўтиб турибди. Гоҳ чақалоқ йиғисига, гоҳ аёл фарёдига ўхшаш овоз эшитилади. Бу овоз одамни ваҳимага соладиган, ҳеч қандай оҳанг билан қиёслаб бўлмайдиган ғайриоддий куйга айланди. Забаржадни бўйнидаги маржони қизий бошлади. Кўзини юмиб, қоронғиликка кирди. Кейин ёруғликка сизиб ўтди. Бир-бир қадам ташлаб харсангтош ортига юрди. Ўнг қўли билан муздек тошни ушлаб узоқ-узоқларга термулди. Фикран Эшқулни қиёфасини тасаввур қилди. Забаржад қараб турган ҳудуд ёришиб, эски енгил машинада тоғ томонга келаётган Эшқул билан Ризо кўринди. Машинани Ризо бошқарарди.
– Кампир тириклигини қаёқдан билдинг? – деди Эшқул.
– Кира қилиб юрганимда йўловчилар гапиришди.
– Ишни хом қилган экансан-да?!
– У ўлганди, аниқ биламан! Юраги урмаётганди, баданиям совиб қолди. Кампирни фолбин, дейишганди. Бир балоси бор экан-да?!
– Энди, чала ишингни ўзинг битирасан! Синглиси билан кетибди, дедингми?
– Аниқ, синглиси билан. Тоғ томонга, уни уйига. Мугатлардан битта мижозим бор. Ҳар куни шаҳарга олиб бораман, косиб йигит, сапожник, ўша айтди.
Эшқул ёмон сўкиниб, тиззасига шапатилади.
– Агар хабар қилган бўлса, санам, манам чиққан жойимизга кетамиз, узо-оқ срокка!
– Нафасингни иссиқ қил!
– Нима, пешанангни силашадими?
– Жим бўл! Блокпост!
Забаржад улар ўзини излаб келишаётганини тушунди. Ой тўлишган тунда, харсангтош ортидаги сирли жойда маржон унга мислсиз катта қувват бағишлади. Ҳозир Забаржаднинг имкониятлари чексиз. Истаган ерига фикран, ҳам жисман бора олади. Хоҳлаган одамига таъсир ўтказади. Ўша, даҳшатли тунда шундай қилолганидами?! Сафар беги тирик қоларди…
Забаржад нажот йўлини излади. Фикр кўпириб-тошаётган дарёдек қуйилиб келарди. Ризони машинасидан синглисининг уйигача бўлган йўлни бир зумда кузатиб чиқди. Топди! Йўлда «блокпост» бор. Нажот ана шу жойда! Блокпостда беш-олти нафар махсус кийим-бошдаги хизматчилар туришибди. Забаржад улардан ёши каттасини танлади: шуниси бошлиқ бўлиши керак. «Катта»га фикран таъсир эта бошлади. У безовталаниб қолди. Йўлда Ризо бошқараётган «Москвич» елиб келарди.
– Машинани тўхтатиб, текшир! – деди постдаги йигитга.
– Нима гап, ўртоқ командир?
– Ҳеч гап йўқ. Бир нарсани сезгандек бўляпман. Ит билан текшир!
Олча рангли эски «Москвич» «Stop» белгисида тўхтади. Постдаги сержант «жезл» таёғини кўтарди. У ўзини таништириб, ҳайдовчининг ҳужжатларини сўради. Ризони ранги оқариб кетди. Қўли қалтираб, техник паспорт билан ҳайдовчилик гувоҳномасини узатди. Бу пайтда иккинчи хизматчи ит билан машинага яқинлашди. Ит бирдан ҳайдовчининг ёнида ўтирган Эшқулга ташланди. У кабинага ётиб олиб, «итингни ол!» дея қичқира бошлади. Шу пайт яна икки нафар форма кийган милиция ходимлари келишди.
– Машинадан туш! – деди улардан бири Эшқулга.
Эшқулни бўйсунишдан бошқа иложи қолмади. Кабинадан чиқиб, икки қўлини машинага қўйиб турди. Сержант касбига хос чаққонлик билан чўнтакларини бир-бир пайпаслаб чиқди. Шимининг чап чўнтагидан гугурт қутисини олганда ит занжирини узгудек бўлиб сакрай бошлади. Сержант гугурт қутини очиб, ундаги қўнғир рангли кукунни ҳидлади.
– Наша экан, – деди.
Эшқулни тишлари ғижирлади. Энкайиб турганича жон-жаҳди билан машинани бир урди. Ўша заҳоти бақувват йигитлар қўлига кишан уришди. Ризога машинани четга олиш буюрилди.
Забаржад умрида одамларга ёмонлик қилмаганди. Эшқул билан Ризонинг ҳолини кўриб, иккиланди: «Тўғри қилдимми? Уларниям бола-чақаси бордир. Жабр бўлмасмикин?». Бу ўй унга тинчлик бермади. Фикран Эшқулни уйини излай бошлади. Кейин, харсангтош ортида йўқ бўлиб қолди.
Олмагул
Эшқул Қирорти қишлоғилик эди. Бу қишлоқ Забаржадни уйидан беш-олти чақирим нарида. Унга баланд-баланд қирлар ошиб борилади. Катта йўлдан овлоқда жойлашган.
Эшқулнинг уйи қишлоқ четида экан. Кўҳна пахса деворга темир дарвоза ўрнатилган. Забаржад бўёқ кўрмай занглаб кетган дарвозани тақиллатганида тонг ёришганди. Ичкаридан ёш келинчак чиқди. Лўли кампирни кўриб иккиланиб қолди.
– Қизим, ман фолбинман. Чарчаб қолдим. Рухсат берсанг, бироз дам олай? – деди Забаржад.
– Киринг хола, – келинчак йўл берди.
Забаржад унинг ортидан юрди. Бу ҳовли қишлоқдаги сўлим, файзли хонадонларга ўхшамасди. Каттагина саҳнга дарахт, ҳатто ток экилмаган. Кетмон тегмаган ер қақраб ётибди. Ҳовли тўрида бир туп ўрик ўсган. Остида беўхшов ёғоч сўри. Забаржад сўри четига ўтирди. Қўлини фотиҳага очиб, дуо қилди. Бинафша гулли кўйлакдаги, яшил шоҳи дурра ўраган келинчак хомуш эди. У ўрнидан қўзғалди.
– Ўтир, қизим, – деди Забаржад. – Исминг нима?
– Олмагул.
– Ҳаётинг яхши эмас экан.
Олмагул бошини кўтармай ўтирарди.
– Хўжайин келиб қолади, – деди секин.
– Келмайди!
– Сиз қаёқдан биласиз?
– Ман фолбин-ку, қизим. Уни яхши кўрасанми?
– Қўрқаман… Қўрқаман, хола, жудаям қўрқаман! Умримни хазон қилди!
Олмагул йиғлаб юборди. Кўз ёшини рўмолининг учи билан артиб, Забаржадга қаради:
– Дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Юрагим зардобга тўлди. Яшагим келмаяпти, хола! – Унинг кўзларидан дув-дув ёш қўйилди.
– Ундай дема, қизим. Сан ҳали ёшсан. Қўлингни берчи манга?
Олмагул ўнг қўлини узатди. Забаржад унинг кафтини силади.
– Дардинг арийди, болам.
– Йўқ!
– У сани зўрлаб олган.
– Қаёқдан билдингиз?
– Манга айтиб бер, юрагинг бўшайди.
– Айтмаганимдаям бутун қишлоқ билади, хола! Юзим қора мани, – пиқиллаб йиғларди Олмагул.
– Ота-онанг яхши одамлар экан.
– Уларнинг бошлари эгилди. Пешанам шўр экан… Ўша куни уйда ёлғиз эдим. Кун кеч бўлиб қолганди. Эшқул пойлаб юрган экан. Ҳеч ким йўғида кириб келди. Кўзлари қип-қизил. Мастга ўхшарди. Қўрққанимдан овозим чиқмай қолди. Уйга қочиб кирдим. Эшикни беркитолмадим. У орқамдан кирди. Ўзимни деразага отдим. Ушлаб олиб бошимга мушт туширди. Ўзимдан кетиб қолибман. Белимдаги қаттиқ оғриқдан ҳушимга келдим…
Олмагул икки кафтини юзига босиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. «Йиғлаб ол, енгил тортасан» деди кўнглида Забаржад. У юрагидаги бор аламини тўкмоқчидай анча пайт йиғлади. Кейин кафтларини юзига босиб, оққан ёшларини сидирди-да, давом этди:
– Қип яланғоч Эшқул устимда ётарди… Кейин… «энди мен билан юр, уйимга олиб кетаман, бошқа иложинг йўқ» деди. Уни айтганини қилдим. Нима деса шуни қилдим. Икки ой бўлди, аҳвол шу. Отам билан онам ҳам адо бўлишди.
– Уч кун аввал тунда қаерда эди?
– Ризо деган шериги бор. Уям шу қишлоқда туради. Иккаласиям қамалиб чиққан. Ўша билан кетганича саҳарда кириб келди… Нега сўраяпсиз?
– Керак, болажоним, керак. Қўлида нима бор эди?
Олмагул Забаржадга ажабланиб қараб қолди.
– Қопчиқ бор эди, – деди. – Омборга олиб кириб кетди. Унда нима бор? Кўрайми?
– Одамлар келиб сўрашса, кўрсатасан. Ўзингни қўлга ол, қизим. Ақл билан иш қил.
Забаржад фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. Олмагул нима дейишни ҳам, нима қилишини ҳам билмай ўсал бўлиб қолди. Фолчи кампир дарвоза томонга юриб, кўринмай кетди.
Жиноят фош бўлди
Забаржад Эшқулнинг ҳовлисидан чиқди. Тонг отиб, қуёш заррин нурларини қишлоққа ёйиб улгурганди. Қирорти қишлоғи эрта уйғонади. Чўпон йигит подани қирга ҳайдаб кетди. Сигирлар ортидан вовуллаб югурган итлар Эшқулни уйидан наригача бориб, тўхташди. Бир-икки ҳуриб, қишлоққа қайтишди. Итлар йўл четида тикилиб турган мугат кампирга қараб ҳам қўйишмади. Забаржад қирлар ўртасидаги йўлга тикилиб қолди. Йўлдан иккита машина елиб келарди.
Машиналар Эшқулни дарвозасига келиб тўхташди. Улардан форма кийган милиция ходимлари, фуқаро кийимидаги икки нафар йигитлар тушишди. Охирида қўллари кишанланган Эшқул, унинг орқасидан Ризо чиқди. Уларни аввалги «кишнаб» юришларидан урвоқ ҳам қолмаганди. Эшқул кўзларини ола-кула қилиб дарвозасига тикилди. Кўк катак кўйлаги ғижимланган, сочи тўзғиган, лабини қимтиб, алам билан тишларини ғижирлатди. Малла Ризони аҳволиям уникидан яхшимас. Билагидаги кишан бўйнидан ҳам бўғаётгандек оғзини очиб турибди. Милиция ходимларидан бири дарвозани тақиллатди. Кўзларини катта-катта очиб, ажабланганича Олмагул чиқди. Милиция ходимларини кўриб қўрқиб кетди. Эшқулга кўзи тушиб, орқага тисарилди.
– Келин, уйда ким бор? – деди фуқаро кийимидаги ходим. – Мен терговчиман. – У гувоҳномасини очиб кўрсатди.
– Ҳеч ким, – деди Олмагул қўрқа-писа Эшқулга қараб.
Эшқул юзини бошқа томонга бурди. Терговчи Олмагулга уйни тинтишга рухсатномани кўрсатди.
Қўни-қўшнилар йиғилиб қолишганди. Забаржад уларга қўшилиб кетди. Эшқул билан Ризони дарвозадан ичкарига олиб кириб кетишди. Йиғилган одамлар ҳам уларга эргашишди. Ҳеч ким қаршилик қилмади. Ҳовлини ўртасида уларни тўхтатишди.
– Илтимос, шу ерда тура туринглар, – деди милиция кийимидаги йигит. – Уй тинтув қилинади. Гувоҳлар керак.
Олмагул ҳамқишлоқларидан уялиб, хонасига кириб кетди.
– Эшқул, ўзинг кўрсат, нима бор? – деди терговчи. – Терговга ёрдам берсанг ҳисобга олинади. Буни яхши биласан.
– Ҳеч нарса йўқ, – деди тўнғиллаб Эшқул. – Нашани ўзим чекаман. Бошқа ҳеч вақо йўқ. Бўйнимга илолмайсила!
– Кўрамиз, қани бошланглар-чи, – деди терговчи.
Тинтув бошланди. Бироз вақт ўтиб чордоқдан бир қучоқ қурий бошлаган ўтни улоқтиришди.
– Бу, наша ўсимлиги, – деди терговчи. – Далолатнома тузинглар. Гувоҳлар имзо қўйишсин.
Бир йигит суратга тушира бошлади. Забаржад ўзини панага олди. У Олмагулни кутарди. Унинг омборхонадаги пул тўла қопчиқни кўрсатиши муҳим эди. Лекин Олмагул уйдан чиқавермади. Забаржад тинтув қилаётган йигитлардан бирига тикилиб қолди.
– Ўртоқ командир, омборни очиш керак, – деди у.
Олмагулдан калитни олиб чиқишди. Омборда синчковлик билан тинтув бошланди. Ниҳоят, оқ қопчиқни топиб чиқишди. Ўша заҳоти гувоҳлар иштирокида қопчиқ очилди.
– Бу қандай пул? – деди терговчи Эшқулга.
– Пулдақа пул, ўзимни йиққан пулим.
– Уч кун аввал қўшни қишлоқда мугат чол ўлдириб кетилганди. Уни уйидан ҳудди шунга ўхшаш қопчиқдаги пул йўқолган?
– Ҳеч қандай мугат чолни билмайман! – Эшқулнинг ранги оқариб кетди.
– Келинни чақиринглар, – деди терговчи.
Уйдан кўзи ёшланган Олмагул чиқди. У қалтирар, одамларнинг кўзига қаролмасди.
– Бу кимники? – қопчиққа ишора қилди терговчи.
Олмагул пиқиллаб Эшқул томонга ишора қилди.
– Эшқулники, шундайми?
– Ҳа.
– Қачон олиб келган?
– Ўтган куни, саҳарда.
Эшқул бирдан Олмагулга ташланди:
– Онангни…
Уни милиция ходимлари ушлаб қолишди. Олмагул дафъатан нима бўлганини тушунолмади. Эшқулнинг важоҳатидан қўрқиб ўзини ташлаб юборди. У ҳушидан кетганди. Одамлар орасида шов-шув бошланди. Ўрта ёшлардаги икки аёл югуриб келиб Олмагулни кўтариб олишди. Уни ўрик остидаги сўрига ётқизишди. Шу пайт дарвозадан бир эркак билан бир аёл кириб келишди. Одамлар издиҳоми икки четга сурилди. Эркак «Топганингни онасини…» деб қўлларини мушт қилиб олдинга ташланди. Сўрида беҳуш ётган Олмагулга кўзи тушиб тўхтади. Ёнидаги аёл бирдан Эшқулнинг юзига чанг солди.
– Номард, боламни нима қилдинг?! Падарингга лаънат! Отанг ҳам қишлоқни булғаганди, сенам итлик қилдинг, уйинг куйгур!
Милиция ходимлари тўхтатгунларича у Эшқулнинг башарасини юлиб ташлади. Юзидан қон оқаётган Эшқул ўзини орқага олди.
– Баттар бўл! – деди одамлар орасида турган қари кампир. – Йигит ўлгур, гулдек қизни хор қилдинг!
Бу гапни эшитиб Олмагулнинг отаси аламдан ўкириб юборди. Яна Эшқулга ташланди. Унинг йўлини милиция ходимлари тўсишди.
– Амаки, ўзингизни босинг, – деди ёш сержант. – У қилмишига лойиқ жазо олади.
– Бутун қишлоққа шарманда қилди, бўйнимни букди, итвачча!
Ота бошига муштлаб йиғлаб юборди. Икки эркак келиб уни қўлтиғидан олиб кетишди.
Қопчиқдаги пулга ҳам далолатнома тузилди. Омборхона билан қўшиб суратга туширишди. Шундан кейин милиция ходимлари Эшқул билан Ризони олиб чиқиб кетишди.
Бу пайтда Олмагул ўзига келиб қолганди. Ўрик остидаги сўрида карахт ҳолатда ўтирарди.
– Бор, кийимларингни олиб чиқ, – деди онаси. – Қорнимга сиққан уйимгаям сиғасан. Елкангни чуқури кўрсин бу гўристонни. Уруғини уйи куйсин! Бўйни узилмаса розимасман…
Аёл яна узоқ қарғади. Йиғилиб ётган аламларини айтиб йиғлади. Юрагидаги мадда бойлаган яра ситилиб чиқарди гўё. Ҳамқишлоқлари аҳволини тушуниб жим қараб туришарди. Бу пайтда Забаржад одамлар орасидан сирғалиб чиқди. Унга ҳеч ким эътибор бермади. Узун қора либосдаги мугат кампир қир томонга юрди. Энди бу ерда қиладиган иши қолмади. Кўнглида ёқимли енгиллик ҳис қилди. Бўйнидаги маржонини силаб, алланималар дея пичирлади.
У яна харсангтош ортида пайдо бўлганида асат ойининг қуёши тоғу тошларни қиздирарди.
Эркин
Вақт тушга яқинлашди. Забаржад оч, чарчаган бўлишига қарамай енгил одимлаб қишлоқ томонга юрди. Мугатлар қишлоғида ҳар кунги ҳаёт давом этарди. Кимдир эшак аравада салом бериб ўтиб кетди. Оқ яктакли бир киши иккита қўчқорини дарвозадан киритолмай ҳалак. Ажириқ ўсган ерга бағрини бериб, тилини осилтириб ётган катта олапар ит ўйноқлаётган қўчқорлардан безор бўлиб, ўрнидан турди-да, нари кетди.
Зарбибининг дарвозаси очиқ экан. Забаржад кириб келганида хонада Зарбиби билан унинг тўнғич ўғли Эркин хомуш ўтиришарди. Эркин сакраб ўрнидан турди.
– Холажон, бормисиз?! – деди қувониб истиқболига чиқаркан.
Эллик ёшлардаги, соч-мўйлови оқара бошлаган девдек эркакни ёш боладек қувониши Забаржаднинг кўнглини бузди. Ўзини тошдек тутиб юрган кампир мумдек эриди. Кўзларидан дув этиб ёш қуйилди.
– Сандек жияним бўлганидан кейин бор бўламанда, – деди елкасидан олиб кўришаркан.
– Бибижон-ей, мани музтар қилдингиз? – дея Зарбиби ҳам ўрнидан турди. – Йўқлигингизни кўриб, кутдим, кутдим-да, охири чидай олмадим, Эркинимга ичимни ёрдим… Хато қилибманми?
– Йўқ, хато қилмагансан.
– Бир гап бўлдими?
– Бўлди, Зарбиби, бўлди бир гап.
– Айтинг, ахир юрагим ёрилиб кетади?!
– Язнангни қотиллари топилди.
– Ё Худо! Ким экан у иймонсизлар?
– Зарбиби, кўрмаяпсанми, ҳолдан тойганман, йиқилай деяпман. Чой-нонингни обкел?
– Ҳозир, бибижон, ҳозир! Мангина ўлай! Сизни кутавериб миягинам айниб қолибди…
Зарбиби яна алланималар дея жавраганича чиқиб кетди.
– Ўтиринг, хола, – деди Эркин ҳануз тик турган Забаржадга.
Забаржад «Худога шукур!», дея кўрпачага ўтирди. Эркин ёстиқ устидаги елпиғични олиб уни елпиди.
– Борлигингга шукур, – деди Забаржад жиянига меҳри товланиб. – Сан хафа бўлма. Ҳозирча тириклигимни ҳеч ким билмагани маъқул эди. Шунинг учун ҳеч кимга айттирмадим.
– Ман сизни ташлаб қўярмидим, холажон?!
– Бола-чақангни ўйладим. Биламан, апангниям, маниям бировга хафа қилдирмайсан. Лекин, улар одам эмас, улар – илон! Ундайларнинг на миллати, на жинси бор. Қоп-қора юракларига банг1010
Банг – гиёҳванд модда демоқчи.
[Закрыть] билан қувват берадилар. Улардан бизгина эмас, қўни-қўшнилари, ҳамқишлоқлариям жабр кўрдилар. Энди жазоларини олишади.
Хонага Зарбиби кирди. Хонтахтага дастурхон ёзиб, тўртта иссиқ нон қўйди.
– Тандирга нон ёпиштиргандим, – деди. – Қизариб пишибди. Сизнинг насибангиз-да, бибижон. Нон азиз, азиз нон билан кириб келдингиз. Бундан буёғи хайрли бўлади.
– Чой қайнадими, апа? – деди Эркин уни гапдан тўхтатиш учун.
– Ҳозир, мангина ўлай, яна тандирни оғзини беркитмабман-ку? Семиз товуғимни аёғи куяди-я!
Эркин билан Забаржад бир-бирларига қараб кулиб қўйишди. Зарбиби чой дамлаб кирди. Забаржад кетма-кет икки пиёла чой ичди, иссиқ нондан еди. Синглиси билан жияни унинг оғзини пойлашарди. Буни сезиб, қисқагина тушунтирди:
– Қотиллар Қирорти қишлоғидан экан. Пул учун босқинчилик қилишган. Мани ўлган, деб ташлаб кетишганди. Тириклигимни билиб қолишибди. Буёққа келаётганларида мелисалар ушлашди.
– Бечора язнамни қотиллари қўлга тушдими?
– Ҳа.
– Ё тавба! – деди Зарбиби кўзларини ола-кула қилиб. – Ҳаммамизни Худо асрабди.
– Шундай. Эрта саҳарлаб йўлга чиқамиз. Эртадан кейин бегимнинг худойисини ўтказамиз.
– Ухлайсизми? – деди Эркин холасига ачиниб.
– Йўқ, бироз ўтирайлик.
– Майли.
– Укаларингни аҳволи қандай? Уларга қараб турибсанми?
– Қараб турибман, хола. Тўртта укам фермерда ишлайди.
– Эркингинам укаларига бош, худога шукур, – дея қўшимча қилди Зарбиби.
– Фермер ойлик тўлайди, – деди Эркин. – Бир тоннадан буғдой ҳам берди. Буғдойдан бўшаган ерга маккажўхори экиб олишади.
Забаржад кўзини юмиб олди.
– Эркин, ўғлинг келопти, – деди туйқусдан.
– Қайси ўғлим? – Эркин ажабланди.
– Эрмамат, армиядаги кенжа ўғлинг.
– Ий-е, ҳали вақт бор келишига. Қишда келади у.
– Чиқ, у келди. Эрмамат армияни тугатиб, мелисага ишга киради.
– Йўғ-е, хола?
– Отпускасида уйлантирамиз, тақдирига ёзилган қиз бор.
Бу гапларни эшитиб Эркин каловланиб қолди. Шу пайт деразани кимдир чертди.
– Момо? – деган овоз эшитилди.
– Эрмамат-ку! – Эркин сакраб ўрнидан турди.
Зарбиби эшикни очишга улгурмади. Аскар кийимида Эрмамат кириб келди.
– Ман келдим, момо!.. Ата! Катта момо, сиз ҳам шу ердами? Зўр-ку!
Эрмамат кулар, ҳаммани бир-бир қучоқлаб ўпарди.
– Момомни дарвозаси очиқ экан, шу ерга кирдим, – деди у оппоқ тишларини ялтиратиб куларкан.
– Тўғри қилгансан, – деди Эркин ўғли билан фахрланиб, – аввали момонг, ундан кейин ман тураман.
Бу гапни эшитиб Зарбиби кўзига ёш олди.
– Эркиним, тўнғичим, бегимдан ёдгорим, – деди енги билан кўз ёшларини артиб .
– Чегара бузувчини тутиб олдим, – деди Эрмамат самимий жилмайиб. – Шунга мукофотлаб, таътил беришди.
– Биз ҳам сани мукофотлаймиз, – деди Забаржад. – Уйланасан!
Эрмамат ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Бу гап ҳазилми ё чинлигини билолмай, кулди.
– Ўғлимни тақдирига ёзилган қиз ким, хола? – деди Эркин.
– Кимлигини кейин айтаман. Фақат билиб қўйинглар, иймонли инсонлар муҳтожларга, йўлда қолган бахти қароларга моли ва жони билан ҳам ёрдам беради. Шундай одамни иши ўнгидан келади, ҳаёти фаровон бўлади. Қари фолбиннинг гапига ишонинглар, болаларим!
Эрмамат бошини эгганича Забаржаднинг гапини тингларди. Унинг очиқ чеҳраси, ҳарбий кийимдаги бақувват гавдасига қараб отаси ҳам ўй суриб қолди. Зарбиби опасининг гапларини қувватлади:
– Бибижон ҳеч қачон хато гапирмаган. Бу гапларда ҳам бир ҳикмат бор, ҳа!
Улар Эрмаматни сўроққа тутиб кунни кеч қилишди. Айниқса, Зарбиби неварасининг олдидан жилгиси келмасди. Унга Эрмаматнинг ҳарбийда нима билан шуғуллангани, қандай овқатлар егани, ўртоқлари кимлиги, бари-бари қизиқ эди. Эрмамат Сафар дадасининг фожиали ўлимини эшитиб қаттиқ қайғурди. Ғазабдан титраб, қотиллардан ўч олишга тайёрлигини билдирди. Уни Забаржад овутди:
– Қотилларнинг жазосини Худо берди, – деди. – Ман унинг бир бандаси, сан ҳам, ўғлим!
Уйқуга ётишдан аввал тонгда йўлга чиқишга келишиб олишди.
Узук
Забаржад охирги уч кунги воқеалар таъсирида ниҳоятда ҳолдан тойганди. Бунинг устига фолчилик (у фикран ва жисман ғайриоддий сафар қилишларини шундай атарди) катта қувватини олди. Ниҳоят, бу тун тинч ухлади. Тонг ёришганида тиниқиб уйғонди.
Зарбиби аллақачон йўл тадоригини кўриб ғимирлаб юрарди. У таҳорат олиб, бомдод намозини ўқиди. Ҳовлига чиққанида дарвоза очилди. Эркин билан Эрмамат киришди. Бўйлари бўйларига тенг ота-болаларни кўриб Забаржаднинг кўнгли кўтарилди.
– Яхши ётиб турдингизми, момо? – дея Эрмамат унинг олдига келиб елкасини тутди.
Эркин ҳам жилмайиб салом берди. Ҳаммалари бошлашиб уйга киришди. Зарбиби дастурхон ёзиб, чой дамлаб қўйган экан. Ўтириб, бирга чой ичишди. Улар шошилишарди. Забаржад дастурхонга фотиҳа қилган ҳамон ўрниларидан туришди. Дарвозани қулфлаб, йўлга тушганларида энди тонг ёриша бошлаганди.
Қишлоқ тонгининг ҳавоси дилни яйратади. Забаржад, Зарбиби, Эркин ва Эрмамат икки тарафи ажириқзор, жинғил буталари ўсиб ётган сўқмоқдан катта йўлга қараб кетишди.
Бекатга етиб келганларида биринчи автобус ғизиллаб келиб тўхтади. Ҳаммалари автобусга чиқишди. Автобусда одам сийрак эди. Кимдир мудраб, кимдир ойнага термулиб жимгина боришмоқда. Забаржаднинг ёнида ёш келинчак ўтирарди. Тиззасида тўрт ёшлардаги боласи. У мунчоқ кўзларини катта-катта очганича ажабланиб Забаржадни кузата бошлади. Забаржад боланинг укпар қадалган дўпписини тўғирлаб қўйди.
– Ана шундай, болам, – деди пешонасини силаб.
Келинчак ҳам Забаржадга тикилиб қолган. Унинг ичида бир нима тўлқинланар, сиртига чиқаролмай қийналмоқда эди.
– Бувингга салом бер, ўғлим, – деди овози титраб.
Бола қўлини Забаржадга узатди. Забаржад қўлидан ўпиб қўйди.
– Хола, бизни танимадингизми? – деди келинчак.
– Танидим, балам… Ўғлингни асраб қолдинг. Умри узоқ бўлсин.
– Ўша куни, сиз «болангга хатар бор» деб йўлдан қайтарган кунингиз…
У бироз жим бўлиб, икки кафтини юзига босди. Ўғлини қучоқлаб ўпди. Бола онасининг қўйнидан қутилишга уриниб типирчилади. Келинчак боланинг бошини силаб тинчлантирди. Кейин гапида давом этди:
– Ўша куни дуч келган машинага ўтириб уйимга қайтдим. Қишлоққа етгунимча титраб-қақшаб, юрагим шошиб бордим. Машинадан тушибоқ югуриб кетдим. Дарвозамизга етай деганимда кўчадан пода ўтаётганди. Уйдан болам чиқиб қолди. Эгнига отаси олиб келган қизил майка-иштонни кийдириб қўйишибди. Қизил рангни кўриб подадаги ола буқа сакрай бошлади. Бир лаҳзада подадан ажралиб чиқди-да, бола томонга югурди. Буқа ўғлимга ташлангунича қандай қилиб учиб борганимни билмайман. Уни қучоқлаб, ўзимни дарвозага урдим! Худо асради! Сиз туфайли болам тирик қолди!
Аёлнинг кўзларидан ёш қуйилиб келарди. Ҳаётнинг қалтис лаҳзалари, оналик меҳри буткул ўзгартирибди. Кечаги жиззаки келинчак ўзини босиб олган. Сокин дарёга айланган.
– Айтганингизни қилдим. Эримдан кечирим сўрадим. Мени кўтариб уйни айланди, – дея жилмайди. – Кеча тушдан кейин, онамни кўриб келай, деб рухсат сўрадим. Туғилган уйимда тун бўйи ухлолмадим. Саҳарлаб йўлга чиқдим. Яна учрашиш насиб қилган экан. Юринг бизникига, меҳмон бўлиб кетасиз?
– Хафа бўлма болам, боролмайман. Муҳим ишим бор, бошингдан ўргилай!
Аёл бармоғидаги тилла узукни ечиб Забаржадга узатди.
– Холажон, шуни олинг, мандан эсдалик!
– Олмайман, ўзингга буюрсин!
– Олмасангиз, қаттиқ хафа бўламан. Боламни сақлаб қолдингиз, олинг!
Забаржад узукни олиб ёруққа тутди. Бу, сарғишяшил кўзлик тилла узук эди. Иккинчи кафтини узукка яқинлаштирганида атроф ёришиб кетди. Узук олтинранг нур тарата бошлади. Автобусдаги йўловчилар ажабланиб қолишди.
– Узукни кўзи забаржад тошидан, – фолбин кампир ўз-ўзига гапираётгандек пичирлади. – Болангни ман эмас, мана шу тош асради. Майли, оламан. Аммо, ўзимга эмас. Бу узукни яна бир хизмати бор.
Забаржад уйига қайтади
Забаржад уйига етиб келганида юраги ҳаприқиб кетди. Дарвозанинг бир тавақаси очиқ. Ичкарида таъзияга келувчилар учун курсилар қўйилган. Бу манзарадан юраги эзилди. Зарбиби, Эркин, Эрмаматлар унга йўл беришди. Забаржад секин юриб ҳовлига кирди. Бирпас тўхтаб атрофга термилди. Гўёки ўз уйида узоқ вақт бўлмагандек. Уч кун ичида бошига тушган кулфату, у кечирган воқеалар бир умрга татигулик эканини тушунди. Беги қурган, болалари улғайган уй кўзига етимдек кўринди. Ҳовли файзсиз, ҳар бир дарахт боғбонини излаётгандек… Шу пайт ичкаридан катта ўғли Садир чиқди. Холаси, бўласи ва аскар кийимидаги жияни қуршовида онасини кўриб ҳушидан кетаёзди. Титроқ қўллари билан уни қучоқлади.
– Апа-а! – дея ёш боладек ўкириб йиғлаб юборди. – Тирикмисиз, апа-а! Биз сизни…
Девдай эркакнинг онасини қучоқлаб йиғлашидан Зарбиби ҳам таъсирланди. У кўзига ёш олиб Сафар язнасини айтиб йиғлади. Қий-чувни эшитиб уйдан Малоҳат билан Наврўз чиқишди. Опа-ука оналарини кўриб чунонам уввос тортишдики, Забаржад уларни базўр тинчитди:
– Ҳа бача, ман зиндаман, бачахом, зиндаман!1111
Ҳа болам, ман тирикман, болаларим, тирикман!
[Закрыть]
Оналарининг болаликдан қулоқларига қуйилиб қолган чертиб-чертиб гапиришлари таъсир қилди. Бироз ўзларини босишди. Оҳ-воҳлар билан, бир-бирларини суяб ҳаммалари уйга киришди. Малоҳат онасига ёпишди:
– Апа, апажоним, нега бизни қўрқитдингиз? Атамдан айрилганимиз етмасмиди?!
– Шундай қилиш керак эди, қизим. Мана, энди сизлар биланман.
– Бизларни ташлаб кетманг!
– Ташлаб кетмайман. Эрта саҳарда атангни худойисини ўтказамиз. Қирқини ўтказганимиздан кейин ўзинг сочимни ўриб қўясан. 1212
Мугатлар одатига кўра марҳумнинг беваси бегининг қирқи ўтгунича сочини ёйиб юради.
[Закрыть]
Шундан кейин Забаржаднинг ишораси билан хола ва бўлаларидан ҳол-аҳвол сўрашди. Жанозани ўтказибоқ саҳарлаб кетиб қолгани учун Зарбибидан ўпкалашди.
– Эрмамат, хизматинг тугадими? – дея аскар кийимидаги бўласига ажабланиб қаради Садир.
– Йўқ, ака, таътил беришди.
– Яхши хизмат қилибсан-да?
– Ёмон эмас.
Қариндошларнинг бир ерга тўпланишгани ҳаммаларини бироз чалғитди. Маъракага тайёргарлик ташвишлари билан кун кеч бўлди. Забаржад хонасида ётолмади. Ҳовлига жой солиб беришларини талаб қилди.
– Апа, уйда ётамиз, – деди Малоҳат онасига жовдираб қараркан.
Ўғиллари Садир билан Наврўз ҳам ҳовлида ётишига қарши чиқишди.
– Энди хатар йўқ, – деди Забаржад. – Босқинчиларни ушлашган.
– Олиб кетган пулларини мелисалар қайтариб беришди, – деди Садир. – Атамда бироз пулим бориди. Униям бериб юборганларида, ўлдиришмасмиди. Атажоним, бериб юборсангиз бўлмасмиди?!
– Ундай эмас, Садиржон. Уларнинг қилмишларини кейин айтиб бераман. Ўзингни қийнама.
Забаржад қоронғи тушар-тушмас ҳовлидаги сўрига ётиб олди. Бироз хаёл суриб ётдида, ухлаб қолди. Тун ярмидан оғганда уйғонди. Кеча сокин эди. Фалакка кумушранг юлдузлар сочилган. Ой ярим доира шаклига кирибди.
Автобусдаги келинчак берган узук Забаржадга янги қувват ато этди. Аввалига узукнинг кўзи забаржад тошидан эканига ўзи ҳам ҳайрон қолди. Ёруққа тутиб, иккинчи қўлини яқинлаштирганида узук нур таратди. Шунда, кекса фолбин узукнинг соҳир қувватини тушунди.
Забаржад бу қувватдан фойдаланиш йўлларини яхши билиб олган эди. Ҳозир ҳам Забаржаддаги ғайриоддий соҳир қувват ой тўлишган тундагидан кам эмас. У овоз чиқармай ўрнидан турди. Ертўла томонга юриб, кўздан ғойиб бўлди.
Забаржад қоронғуликка кирди. Зимистондан ёруғликка сизиб ўтаркан Олмагулнинг қиёфасини тасаввур қилди: Мана, қишлоқ четидаги Эшқулнинг уйи. Таниш пахса девор, занглаган темир дарвоза. Ичкаридан чиқиб келган ўн саккиз ёшлик маъсума келинчакнинг чеҳраси маҳзун эди. Мана у, «хўжайин келиб қолади», дея чўчиб кетди. «Қўрқаман… Қўрқаман, хола, жудаям қўрқаман! Умримни хазон қилди», деди лаблари титраб…
Забаржад Олмагул ётган қоронғи хонада пайдо бўлди. Қиз уйқусида нималардир деб алаҳлар, ниҳоятда безовта эди. Забаржад унга бироз тикилиб ўтирди. Кейин бармоғига забаржад кўзлик узукни тақиб қўйди. «Энди сани мана шу узук асрайди» деди-да, хонадан ғойиб бўлди.
Забаржад ҳеч гап бўлмагандек ўрнига келиб ётди. Тун осмонидан ярим доира ой тикилиб турарди. У кўзини юмиб, мудради. Ҳеч қанча вақт ўтмай ошпаз келди. Ҳамма уйғониб, саҳарги эҳсонга ҳозирлик бошланди. Бирин-кетин қўни-қўшнилар чиқишди. Бири ошпазга қарашди, бошқаси дастурхон тузашди. Маҳалла-кўйни кутишда болалари ёлғизланиб қолишмади. Буларни кузатиб ўтириб Забаржаднинг кўнгли кўтарилди: «Сафар бегим, ҳурматингиз бор», деб қўйди.
Маъракага маҳалланинг ёшу қариси келди. Улар Сафар бобони эслаб, унинг мўмин, яхши одамлигини таъкидлашди. Забаржад очиқ деразадан бу гапларни эшитиб ўтирарди. Кўнгли тўлиб кетди. Айтиб-айтиб йиғлагиси келди.
Маърака ўтиб, одатга кўра, қариндош-уруғлар билан қабристонга боришди. Қабр бошида бегидан айрилганини янаям чуқурроқ ҳис қилди. Қабрни қучоқлаб йиғлади. Бирам йиғладики, кўз ёшлари адо бўлмади. Жаноза куни айтолмаган марсияларини айтди. Ҳаётининг гўзал лаҳзалари ўтганлигини тан олди. Фикри тиниқлашди. Қолган умрини фарзандларига, савоб ишларга сарфлашга аҳд қилди. Олдинда уни яна бир иш кутаётганини ўйлади. Кучини асрашга, ўзини босиб олишга уринди.
– Болам, биз холанг, Эркин бўланг билан бир ерга бориб келамиз. Эрмамат ҳам бирга боради, – деди Садирга.
– Апа, чарчадингиз, кейинроқ борсангиз бўлмайдими? – деди Садир онасини аяб.
– Йўқ, Садиржон, ҳозироқ йўлга тушамиз. Вақтимиз оз, жудаям оз! Бу, савобли иш, ўғлим. Кейин фақат сизлар билан бирга бўламан. Ҳеч қаёққа бормайман. Отангизнинг руҳи покларига дуолар қилиб ўтираман.
Садирнинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмади. Қабристондан қайтишгач унинг ўзи жўнаш учун машина топиб келди. Малоҳат билан Наврўз оналарини ўпиб хайрлашишди.
Зарбиби, Эркин ва Эрмаматлар Забаржадга ҳамроҳ бўлиб Қирорти қишлоғига жўнаб кетишди.
Тақдир ажойиботлари
Қаймоқранг «Матиз» асфальт йўлдан елиб бормоқда. Йўлнинг икки тарафи пахтазор. Бўлиқ ғўзаларни асат қуёши қиздира бошлаган. Яшил барглар орасидан садафдек чаноқлар мўралайди. «Бу ҳам Оллоҳнинг каромати, – дея ўйлади Забаржад. – Тупроқдан оппоқ пахта униб чиқади. У бизни кийинтиради, инсон қиёфасига киритади. Аммо, орамизда инсонийлигини йўқотган, кўнгли қора одамлар ҳам бор. Эшқул билан Ризо шундайлардан эканлиги аниқ. Бунчалик катта гуноҳлар юкини қандай кўтариб юришар экана? Ундайлар азиз тупроғимизни булғашади. Бу тупроқ муқаддас. Уни кўзларимизга суртишимиз керак».
«Матиз» уч-тўрт чақиримдан кейин ўнгга бурилди. Олдинда баланд-баланд қирлар кўринди. Эшқул билан Ризо яшайдиган қишлоқ шу қирлар ортида. Машина баландликка қийналмай, енгил кўтарилди. Қуйида ям-яшил дарахтларга бурканган катта қишлоқ кўринди. Қишлоққа Йилонсой кўпригидан ўтиб борилади. Бу ўйноқи сойнинг сувлари ойнадай ялтираб, чувалган ип сингари қир оралаб аллақаёқларга оқиб кетади.
– Машинангни тезлат! – деди олдинда ўтирган Забаржад безовталаниб.
– Хола, бу йўлларда тезлаб бўлмайди, – деди ҳайдовчи хотиржам.
– Керак бўлганда, тезлаш!
– Хўп, хола, – деб қўйди у ўжар лўли кампир билан баҳслашгиси келмай.
Машина кўприкка яқинлашиб қолди. Эски бетон кўприкнинг тўсиғи йўқ жойида аллаким сойга тикилиб турарди. Машина кўприкка етди ҳисоб. Қалтис вазиятда турган қизни кўриб ҳамма ҳайрон қолди. Забаржад беихтиёр олдинга талпинди:
– Тезроқ бўл!
– Хўп, дедим-ку.
– Тўхтат!
Машина кўприкда тўхтади. Шу пайтнинг ўзида қиз сойга қулади. Бу шундай тез юз бердики, «Матиз»дагилар нима бўлганини англолмай қолишди. Фақат Эрмамат машина эшигини забт билан очиб, чақмоқдек шиддат билан ўша томонга ташланди. У югура туриб оёғидаги ҳарбий ботинкаси билан шимини ечишга улгурди. Бир зум ҳам тўхтамай қизни орқасидан ўзини сувга отди. Ҳамма машинадан тушиб ўша томонга югурди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.