Электронная библиотека » Абдужалол Рахимов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Мугат фолбин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Абдужалол Рахимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 8 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ОДАМЛАР

Осмонда ликопчасимон ғаройиб учар жисм пайдо бўлди. Лекин буни ҳеч ким пайқамади. У бир кўриниб, бир кўринмай пастлай бошлади. Зум ўтмай, пахта даласидан анча узоқда, кимсасиз қирлар ортида ғойиб бўлди.

Учар ликопча ўтлари сувсизликдан қовжираган майдонга қўнди. Бу техник қурилма кўринишидан ўта мустаҳкам маъдандан ишланган бўлиб, бирорта тирқиши кўринмасди. Ногаҳон қобиғи қуёш нурида эриб кетаётгандек бўлди. Ундан ялтироқ кумушранг кийимдаги пакана одам балиқ сингари сузиб чиқди. Оёғи ерга теккач, атрофга аланглади. Куз қуёши қиздираётган даштда ҳеч кас кўринмади. У енгил одимлаб рўпарадаги қиртепага кўтарила бошлади. Йўл-йўлакай қавжираган ўт-ўланларга эгилиб қўлини теккизиб борди. Қип-қизил мевалари қоқи бўлиб қолган ковул олдида узоқроқ тўхтади. Уни сувсиз қир-адирда яйраб палак отган ўсимлик ҳайратга солди. Кафтидан ковулнинг яшил поясига ипакдек нозик нур юборди. Нур қайтганда ажабланди: «Ковулнинг томири роппароса ўн беш қулоч ер остига кириб борибди. Бу нозик ўсимлик қандай қилиб шунчалик чуқур намликка етиб борди?».

У бир зум шуларни ўйлади. Қўлида кумушранг игна пайдо бўлди. Эгилиб, уни ковул баргига санчди. Диққат билан билагидаги мосламанинг мониторига тикилди ва ҳайратдан кўзлари катта-катта очилди. Мониторда ковул пояси, меваси, томири таркибидаги бирикмаларнинг узундан-узоқ рўйхати кўринганди. Пакана одам ковулнинг ушбу сайёра аҳолисида учрайдиган нафас қисиши, ошқозон, жигар хасталикларига даволигини тушунди. Оғриқ қолдириш, гижжа ҳайдаш, яраларни битиришда фойдаланса бўларкан!

«Ҳали бу ўсимликнинг сирлари очилмаган, – деган хулосага келди у. – Ковул сайёрадаги ғаройиботлардан бири! Тўғри, у бундан аввал Ернинг Шарқ қисмида қизил кедр дарахти игнабаргларида кучли антибиотик борлигини аниқлади. Ҳиндистонда ёмғир ёғишидан дарак берувчи, Грузияда ер остида гуллайдиган ўсимликларни ҳам учратди. Лекин сувсиз қирда ўсган ковул бу сайёра одамлари учун табиби ғайбнинг ўзгинаси! Ажаб, улар қандай одамлар?».

Пакана саволига жавоб излаб узоқдаги пахта даласига қаради.

* * *

Пахта терими айни қизиган пайтлар эди. Кун тикка келган. Дала шийпонида Эргаш билан Зулхумордан бошқа ҳеч ким қолмади. Ишчилар овқатланиб, катта пайкалнинг этагига тушиб кетишди. Аёллар фермер хўжалиги ажратган автобусда марказлаштирилган боғчага жўнашди.

Зулхумор радиодан берилиб қўшиқ эшитарди. Ёнига Эргаш келиб ўтирди. Беихтиёр ҳаракат билан дўпписини тўғирлаган бўлди-да, Зулхуморнинг қўлини ушлади.

– Жим! – дея қиз қўлини тортди. – Жим! Эшитинг, Ботир Зокиров ашула айтяпти. Бирам яхши кўраман!

Зулхумор ашула оҳангига мос тебрана бошлади.

– Кимни? – қизни гапга солмоқчи бўлди Эргаш.

– Ботир Зокировни-да …, ашуласини.

– Мени-чи? – Эргашнинг қуёшда қорайган бақувват қўллари қизни икки ўрим сочларига тегажоқлик қила бошлади.

– Мен бошқача яхши кўришни айтяпман, – лабини бурди қиз. – Тавба, қўшиқ эшитасизми, йўқми? Сизниям болали аёлларга қўшиб жўнатиш керак эди.

Зулхумор ўзининг ҳазилидан завқланиб кулиб қўйди.

– Ҳали вақтлироқ-да, – оғзининг таноби қочиб деди йигит. – Кейин… сиз билан бирга кўриб келавераман.

Зулхумор гапидан пушаймон бўлди. Юзи лов-лов ёниб, ўрнидан турди. Деворда осиғлиқ радионинг овозини кўтарди. Хонанда юракларни сел қилиб куйларди: Интизор ошиқ ёрини зор-зор бўлиб чорлаяпти. Унга чаманларни, куйлаётган булбулларни ҳадя этади. Эргаш ҳам борган сари қудрати ортиб бораётган соҳир овозга қулоқ тутди…

Шу пайт бехосдан радио ўчди. Зулхумор алам билан симни тортқилади.

– Вой, қуриб кетгур-ей, – куйиниб типирчиларди қиз. – Қаранг, Эргаш ака, бунга бир бало бўлди. Энг яхши кўрган қўшиғимиди-я!

Эргаш завқланиб Зулхуморга тикилиб турганида радиодан асабга тегувчи чийиллаган, ғўриллаган овозлар эшитилди. Шовқин тингач, кимдир уларнинг исмларини айтиб чақирди:

«Эргаш! Зулхумор! Бизни эшитяпсизларми?»

– Вой! – чўчиб тушди Зулхумор. – Бу нимаси, Эргаш ака, эшитдингизми?

– Эшитдим, – ажабланди Эргаш ҳам.

Радиодан яна бояги товуш эшитилди:

«Эргаш! Зулхумор! Бизни эшитяпсизларми? Жавоб беринг!»

Бу ғайритабиий ҳолатдан Зулхуморнинг томоғи қақраб қолди. Атрофга аланглаб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ҳайрати ортиб, Эргашнинг елкасига суянди. Бундан дадилланган йигит атрофга аланглаб қаради-да:

– Эшитяпмиз, – деди секин. Кейин ошхонага кириб бир пиёла сув олиб чиқди.

«Яхши! – дўриллади бояги овоз. – Қўрқманглар, биз ҳозир сиз-з-нинг ҳузурингизга борамиз».

– Сиз кимсиз ўзи?! – Зулхуморни сўрига етаклаётган Эргаш яна атрофга аланглади.

Шу лаҳзада шийпон олдида паст бўйлик, буғдойранг юзли одам пайдо бўлди. Уни кўриб Эргашнинг эти жунжикиб кетди. Пакананинг бошида бир тола ҳам соч йўқ. Бир жуфт қоп-қора кўзлари силлиқ юзининг роппа-роса ярмини эгаллаган. Қаттиқ қимтилган ингичка лаблари нақ қулоғигача етади. Эгнидаги ялтироқ кумушранг, учувчиларникига ўхшаш кийими даланинг енгил шабадасида сирли шатирлайди.

– Қўрқманг, биз Кавсар сайёрасидан учиб кел-ганмизз. Биз ўзга сайёралик меҳмон! – Унинг дўриллаган овози эшитилди.

Орқасини ўгириб ўтирган Зулхумор овоз келган томонга ялт этиб қаради. Қаради-ю, шу заҳоти Эргашнинг сув тутиб турган қўлига ёпишиб олди. Пахта гулли пиёладаги сувнинг ярми ерга тўкилди. Эргаш сувнинг қолганини Зулхуморга ичирди.

– Ким бу, қўрқяпман?! Жон Эргаш ака, юринг, тезроқ дам олиш хонасига кириб қулфлаб оламиз!

У Эргашга илтижоли термилди. Зулхуморнинг моҳваш чеҳрасига қараб йигитнинг меҳри жўшди. Билинар-билинмас титраётган қўлини бошига қўйиб, сочларини силади:

– Қўрқманг, Зулхумор, мен ёнингиздаман!

Эргаш олдинга ўтиб Зулхуморни пана қилди.

– Ҳой, ростингизни айтинг, кимсиз ўзи? «Биз-биз» дейсиз. Бир – ўзингиз-ку, у ерда?.

Эргаш қизни пана қилганини кўриб Пакана кулди. Беўхшов лаблари орасидаги майда тишлари ялтираб кетди.

– Биз Кавсар сайёрасидан, ўзга сайёралик, – жавобини қайтарди. – Марказ элчиси мен билан бирга. – У қўлидаги қутичанинг ёниб-ўчаётган қизил тугмачасига ишора қилди.

– Хўп, сизга нима керак? – Эргаш янги унган майсадек майин мўйловини қишлоқ йигитларига хос бир ҳаракат билан силаб қўйди.

Пакананинг овози радиодан эшитилаётганини энди пайқади. Гапираётганида лаблари қимирламасди. Айрим сўзларни жуда тез талаффуз қилар, баъзан нимагадир тутилиб қоларди. У қуёш нури акс этиб ялтираётган кийимини шилдиратиб бир-икки қадам олдинга юрди.

– Тўхтанг! Зулхумор қўрқяпти, – деди ўжарлик билан Эргаш.

– Яхх-шши! – У жойида тўхтади. – Саволингизга жавоб бера-манн. Бизз Марказз топшириғи билан Ер сайёрасини ўрганамизз. Пахта ўсимлиги. Фермеррларр ҳақида маълумот тўплайми-зз.

– Унда, фермерга учрашинг-да, олдин.

– Сизлар билан суҳбатлашамизз. – Пакананинг лабида табассумга ўхшаш бир ифода жилва қилди.

– Майли! – Эргашниям дангалчилиги тутди. – Мухбирга ўхшаб савол берасиз-да? Мана, Зулхумор энг зўр теримчи! Биз ҳозирча, оддий сувчи… Сўрайверинг, бехижолат… Хафа бўлманг-у, савол-жавобни тезроқ битирсак, ака. Шу десангиз, тушунасиз-ку, Зулхуморхонга бир-икки оғиз гапим бор эди. Ҳозир аёллар келиб қолишади…

Пакананинг лабларида яна табассум пайдо бўлди:

– Ях-ши кўрасиз?

– Ҳа-да, – жилмайди йигит.

– Истайсизми, бир зумда тўй бўлади?

– Йўқ! – хитоб қилди шу пайтгача терс ўгирилиб жим ўтирган Зулхумор. – Қизиқ одам экансиз, унақаси бўлмайди.

– Бизда ҳаммаси тез бажарилад-ди, – дона-дона қилиб дўриллади Пакана.

– Бизда ундаймас, – секин пичирлади қиз.

Пакананинг гапи Эргашга маъқул тушгандек бўлганди. Жилмайиб ҳам қўйди. Лекин Зулхуморнинг эътирози ўйлантирди: «Бу ўзга сайёраликка ишониб бўладими! Шундаям Зулхумор билан муносабатлари бинойидек. Бу одам ораларини бузиб қўйиши ҳеч гап эмас». Ҳаммасини тарозига солиб, Эргаш шундай хулосага келди.

– Ҳа, – дея Зулхуморнинг гапини тасдиқлади. – У ёғини ўзимизга қўйиб беринг, ака.

Пакана жим бўлиб қолди. Чамаси, у Марказ билан боғланди.

– Пахта тер-яп-сиз? – деди кейин.

– Ҳа –да! – «Шуниям сўрайди-я», дегандек йигитнинг энсаси қотди.

– Қа-чон ту-гай-ди?

– Кузнинг охирларида. Об-ҳаво яхши бўлса, ҳаракат қиляпмиз.

– Истайсизми, бир зум-да те-риб оласиз?

Эргаш Паканага ажабланиб қаради. Дўпписини қийшайтириб бошини қашиб турди-да, «Қанийди! «деди.

Пакана шу заҳоти қўлидаги қутичанинг тугмасини босди. Кўз очиб-юмгунча пахта ортилган ўнлаб тележкалар дала йўлига тизилди. Эргашнинг ҳуши бошидан учди. Уч-тўрт қадам олдинга юриб, ўн олти гектарлик пайкалга қаради. Ҳозиргина оппоқ чаноқлар бодроқдай тизилган ғўза туплари шип-шийдам бўлиб қорайиб қолганди. Йигитнинг тилига калима келмасди. Зулхуморни олдига қайтиб, секин елкасидан ушлади:

– Қаранг!

Зулхумор ҳаммасини кўрган ва ажабланиб ёқасини ушлаб турарди. Эргашга мунис нигоҳ билан боқди:

– Йўқ, бунақаси кетмайди! – деди жиддий.

Эргаш ҳам Паканага қараб «йўқ» ишорасини қилди.

– Нима уч-чун? – ажабланди Пакана.

– Бунақаси қизиғамас, ака, – деди Эргаш. – Ўзимиз терволамиз, ўрганиб қолганмиз. – Яна бироз тараддудланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Икки ой бекор қоламиз-ку?… Терим тугаса Зулхуморнинг аяси далага чиқармайди, – Эргаш ҳазилга ўтди.

– Ха-ха-ха-ха! – Пакана дўриллаб кулди.

У бироз «ха-ха-ха»лаб турди. Кейин қўлидаги қутичанинг тугмасини яна бир марта босди. Шу заҳоти шийпон қаршисидаги пахта ортилган тележкалар кўздан йўқолди. Рўпарадаги пахтазор оппоқ чаноқларга бурканди.

– Иш бунақа бўпти, – деди Эргаш кўнгли жойига тушиб. Кейин сўрига, Зулхуморнинг ёнига ўтирди. – Келинг, ака, бир пиёла чой қуйиб бераман. Ана ундан кейин саволингизни бераверасиз.

Пакана беўхшов бошини сарак-сарак қилди:

– Маълумот етарли. Марказ тас-диқ-ла-ди! Сиз-з шундай одам-м-лар-ки!..

– Қандай?

Эргашнинг гапи оғзида қолди. Пакана ерга кирдими ёки осмонга учдими – бирдан ғойиб бўлди.

Эргаш шийпондан югуриб чиқиб, атрофга аланглади. Асфальтланган майдонга ёйиб қўйилган пахта қуёш нурларида кўзни олиб товланади. Радиодан Ботир Зокировнинг сеҳрли овози таралмоқда… «Боғимга ноз ила ёр кел, қувноқ овоз ила ёр кел…». Эргаш шийпон томонга ўгирилди. Зулхумор берилиб қўшиқ тингларди.

У секин қиз томонга юрди.

* * *

Пакана яна ўзи баргига игна санчиб кетган ковул олдида пайдо бўлди. Игнадан билагидаги қабул қилиш мосламасига ҳамон ахборот оқими қуйилиб келарди. Бу ахборотда ковул гулининг таркибидаги дармондорилар, илдизининг шарбати одамларда қон ивишини тезлатиши ва яна аллақанча омиллар бор эди. Айниқса, ковулдан саратон касаллигининг олдини олиш ва даволашда, инсон умрини узайтиришда фойдаланиш мумкинлиги уни лол қолдирди…

Пакана бу ахборотларни сайёра одамларига етказмоқчи эди. Эргаш ва Зулхумор билан учрашганидан кейин фикридан қайтди. «Бу сир-синоатларни яқин орада одамларнинг ўзлари ечишади», деган хулосага келди.

У ковул баргидаги игнани суғуриб олди. Кейин пастга, учар ликопча томонга одимлади.

ҚОР БОЛА

Электрон йўлдан катта тезликда борардим. Трассомобиль ғилдираклари мис ўтказгичларга деярли тегмайди. «Ғилдирак» атамаси трассомобилнинг ўтмишдоши – автомобиль ғилдиракларига нисбатан олинган. Аслида, улар ўрнида электрон йўлдан қувват олувчи тагликлар бор. Мукаммал машина фазога кўтарилиши, сув остида сузиши ҳам мумкин.

Ташқарида бўралаб қор ёғяпти. Бу тезликда қор зарралари кўринмайди. Фақат ботинан ҳис қилиш мумкин: атрофнинг оқлиги, осмоннинг оқлиги, табиатнинг маҳзунлигидан.

Тоғли ҳудудда электрон йўл тугади. Тезлик кескин пасайиб, трассомобиль таққа тўхтади. Дарҳол учиш мосламасини созладим. Бу машинанинг учиш қуввати кам. Лекин ўн беш чақирим масофа – қадрдон тоғли қишлоғимгача бемалол етади.

Машина ҳавога енгил кўтарилди. Икки чақирим учиб, баландладим. Қаршимдаги қорли тоғлар мен томонга яқинлашади. Баландлик ва тезлик ҳиссиёти доимо учувчиларни мафтун этган. Ҳар сафаргидек юксак чўққилар салобатидан лол эдим. Уфқларга туташган чексиз оламни дил-дилдан ҳис этмоқдаман.

Бироз учиб, рўпарамда аллақандай қора доғга кўзим тушди. Бу доғ оппоқ доғ тизмаларини иккига ажратиб турарди. Учар машина тезлигини пасайтирдим.

Қора доғга яқинлашган сари ҳайратим орта борди. Мана, энди аниқ кўринди: тоғ дарасидан қўнғир-сариқ тутун кўтариларди. Аввалига, очиқ кўмир конида ёнғин бўлган, деб ўйладим. Учар машинани пастлатганимда ҳаммасига тушундим. Бу, янги қурилган кимё корхонаси экан. Улкан минорадан кўтарилаётган тутун тозалаш босқичидан ўтмаган.

Юрагим эзилиб кетди. Демак, бизнинг қишлоқ осмонида ҳам қора булутлар пайдо бўлибди. «Фазо» босқичида узоқ ушланиб қолдим. Қувват манбаи тугамоқда. Парвозни давом эттиролмайман. Заҳирадаги қувват манбаини эса фазода улаб бўлмайди. Дарага қўнишим керак. Ўйлаб ўтиришга вақт қолмади. Учар машинани пастлатиб, тоғ дарасига оҳиста қўндим.

Дарада мени ғаройиб ҳодиса кутарди. Двигателни ўчирганимни биламан, иллюминатордан тушган оппоқ нур кўзимни қамаштирди. Кабина эшигини очдиму, ерга сакраб тушдим. Тиззамгача қорга ботиб, ёруғлик келаётган томонга тикилдим. Қорли заминда доира шаклидаги улкан техник қурилма нур таратиб турарди. Аввалига, бу ҳам янги кимё корхонасига қарашли бўлса керак, деб ўйладим. Бироқ тикилиб қарагач бу фикримга ўзим ҳам ишонқирамадим. Нур таратаётган доиранинг омонатдай қийшайиб туриши шубҳамни оширди. Қалин қорда қийналиб ўша томонга юрдим. Ғаройиб доирага яқинлашар эканман, фикрим бутунлай ўзгарди. Бу, номаълум конструкциядаги фазо кемаси эди. Кемада бутун доира бўйлаб чироқлар ёниб турибди. Бироқ двигатель овози эшитилмайди. Ҳеч қандай ҳаракат ҳам сезилмади. Бу кемада ҳаёт нишонаси йўқ эди гўё. Мен ҳадиксираб, тўхтадим. Бироз кузатдим. Кейин яна ўша томонга юрдим.

Кемага яқин қолганда қор кечиб юришдан чарчадим. Нафасим бўғзимга тиқилди. Харсиллаб, юрагим тез урарди. Тўхтаб, нафасимни ростладим. Шу пайт қаердандир инграган овоз эшитилди. Чўчиб кетдим. Юрагимни ваҳима босди. «Адашиб, қорда қолган йўловчими?» деб ўйладим. Бир неча қадам олдинга юрдим. Инграш янаям яқиндан эшитилди.

Йирик-йирик қор ёғмоқда. Ер ҳам тизза бўйи қор. Ҳеч ким кўринмайди. Шу пайт овоз қор тагидан, шундоққина оёғим остидан келаётганини фаҳмлаб қолдим. Овоз чиқаётган жойни мўлжаллаб қорни титкилай бошладим. Қўлим юмшоқ нимагадир тегди. Уни тез-тез қордан тозаладим. Ё, Худо! Қор остида оппоқ кийим кийган тўққиз-ўн ёшлардаги бола ётарди. Мени, қаҳри қаттиқ, дейишади. Лекин ёш боланинг қўли тирналсаям юрагим сирқирайди.

Аввалига, бола музлаб қолган, деб ўйладим. Юзига қўлимни қўйдим. Юзи илиқ эди. Хайрият, музлаб қолмабди. Лекин қаттиқ совуқ кучини кўрсатган. Бола оғир-оғир нафас оларди. Уни кўтариб олдим-да, трассомобиль томонга юрдим. Қалин қорни кечиб қадам ташлаш оғир. Ўзимда қаёқдан куч пайдо бўлганига ҳайронман. Бояги чарчоғимни унутдим. Терлаб-пишиб машинага етиб келдим.

Трассомобилнинг иссиқ кабинасида болани юмшоқ ўриндиққа ўтқаздим. У ҳуш-беҳуш ҳолатда эди. Танаси қизисин, деб қўл-оёқларини ишқаладим. Бола ўзига кела бошлади. У атрофдаги қишлоқ болаларига сира ўхшамасди. Қоп-қора, қалин қошлари бир-бирига туташиб кетган. Бироз жингалак сочи чироқ нурида ялтирайди. Лаблари ингичка, бироқ оғзи катта. Тикилиб турганимда кўзини очди.

– Хайрият, музлаб қолмабсан, – дедим. – Исминг нима?

Бола индамади. Уйқудан уйғонгандай ҳайратланиб менга қаради.

– Шу ерликмисан?

Унинг ингичка лабларидан ингроққа ўхшаган овоз чиқди.

– Майли, бироз дамингни ол. Ўзингга келиб қоласан. Энди сени «Қор бола» деймиз. Яхшики, учраб қолганим. Мен бўлмаганимда музлаб қолардинг.

Хаёлимга минг хил ўй келди. Қаршимдаги фазо кемаси билан Қор бола ўртасида боғлиқлик борми? Қандай? Кемада ҳаёт нишонаси йўқ-ку? Балки бу жой фазовий тадқиқотлар ҳудудидир? Янаям ким билсин.

Қор бола инграй бошлади. Бу инграшлар ихтиёрсиз овозларга ўхшамасди. Изтироб ёки оғриқдан ҳам эмас? Товушларда қандайдир изчиллик бор. Мен иккиланиб қолдим. Қайта-қайта Қор болага тикилдим. Унинг ранги ҳам эгнидаги кийимлари сингари оппоқ. У қимирлай бошлади. Ўрнидан турмоқчи бўлди. Мен кабина шифтига ишора қилдим:

– Бошинг тегиб қолади.

У ажабланиб атрофга қаради. Кейин индамай эгнидаги оппоқ тўнга ўхшаш кийимини ечди. Тўнини қўйиб юборган эди, кабинанинг олдинги ойнасига ёпишиб қолди. Оппоқ тўп юзасида аллақандай тасвирлар ҳосил бўла бошлади. Ҳайрон бўлиб Қор болага қарадим. Унинг кўзларидан нур тараларди. Бу нур тўн юзасида тасвирга айланмоқда.

– Тушундим, – дедим унга.

Тасвирда юлдузли осмон пайдо бўлди. Кейин зимистон бағрида учиб бораётган фазо кемаси кўринди. Кема яқинлаша бошлади. Тасвир тиниқлашди. Бу, мен тоғ дарасида кўрган фазо кемасининг ўзгинаси эди!

Қор бола бир нечта товушларни талаффуз қилди. Лекин ҳеч нарса тушунмадим. Шу онда бошимда ғувиллаган, шиғиллаган товушлар пайдо бўлди. Кўз олдим жимирлашди. Бироз ўтиб, шовқин йўқолди. Экрандаги тасвирлар хаёлимга кўчди гўё: ўша нотаниш кемада пайдо бўлдим. Қор бола сингари оппоқ одамлар кўринди. Улар бошқарув хонасида уёқдан буёққа юришар, техник мосламаларни созлашарди. Афтидан, қўнишга тайёргарлик кўриларди. Хаёлимдаги овоз ва тасвирлар тинди. Ўзимни яна трассомобиль кабинасида ҳис қилдим.

Қор бола нимадир демоқчи бўлди. Ишора билан кабина қобиғидаги экранга қарашни таклиф этди. Миямдаги шовқин тинди. Экранга қарадим. Тасвирда Ер сайёраси, ундаги океан, қитъалар бир-бир ўта бошлади. Ер атмосферасига кирган номаълум фазо кемаси тезлигини камайтира борди. Ниҳоят, менга таниш тоғ дараси устида тўхтади. Оппоқ фазогирлар ташқи олам тўғрисида ахборот йиға бошлашди. Дастлаб, ҳаводан намуна олишди. Нимагадир кимё корхонаси минораси устида узоқроқ туриб қолишди. Фазо кемасини сариқ-қўнғир тусли тутун қоплаб олди. Кема бирдан ерга шўнғиди. Бироқ, ерга қўнмади, чамаси, қулаб тушди.

Тасвирда кеманинг бошқарув хонаси кўринди. Хонани сариқ-қўнғир тутун қоплаганди. Демак, герметик қатлам шикастланган. Оппоқ одамлар бўғилиб қолишди. Ёниб-ўчаётган хавф-хатар чироғи олдида барваста фазогир турибди. У қандайдир тугмачаларни босарди. Бироқ жон-жаҳди билан уринишлари беҳуда кетди. Фазогирлар заҳарли тутун таъсирида бир-бир қулай бошлашди. Хавф-хатар чироғи олдидаги фазогир ҳам бўғилиб, ранги кўкара бошлади. Бир неча сонияда ҳушини йўқотди. Унга ёрдамга келаётган шериги ҳам жон қийноғида кўзларини катта-катта очиб гиламга йиқилди.

Тасвирда кеманинг бошқа хонаси пайдо бўлди. Заҳарли тутун ҳали бу хонага ўтмабди. Бироқ, деворлардаги чироқлар, асбобларнинг кўрсаткичлари хавфдан огоҳлантирмоқда. Хонада эгнидаги кийими сингари юзи ҳам оппоқ, озғин аёл ва бир бола бор. Аёл ўриндиқли мосламанинг тутқичини жон ҳолатда тортқиларди. Тутқич жойидан қўзғалди. Мосламадаги яшил чироқ ёнди. Аёл хона бурчагида ғужанак бўлиб ўтирган бола томонга отилди. Уни шоша-пиша ўриндиққа ўтқазди. Тугмачаларни босиб, қайишлар билан танғиб ташлади. Буларнинг бари шунчалик тез юз бердики, аёл болани маҳкам қучоқлаб ўпишга улгурди. Шу заҳотиёқ хона шифти четга сурилиб, туйнук очилди. Бола ўтирган ўриндиқ отилиб, туйнукдан чиқиб кетди.

Мен боланинг юзини кўриб қолишга улгурдим. Бу… Қор бола эди. Шу дақиқада шифтдаги туйнук беркилиб, бу хона ҳам заҳарли тутунга тўлди.

МЎЪЖИЗА

Дарё бўйидаги бу қишлоқ одатдаги ҳаёти билан яшайди. Болалар мактабга боришади, катталар – ишга. Бир тараф ям-яшил боғ, иккинчи томонда пахта далалари, қир-адир.

Қишлоқ ўртасида оқ мактаб бор. Одамлар нима учундир шундай, «оқ мактаб» дейишади. Бир пайтлар қишлоқ уйлари сомоншувоқ бўлган. Фақат катта мактаб ҳар йили оқланарди. Шу-шу «оқ мактаб» бўлиб кетди. Яқинда эски мактаб бузилиб, қўш қаватлик янги бино, спорт зали қурилди. Энди, аввалги мактабни таниб бўлмайди. Ундан «оқ мактаб» деган ном қолди.

Бу мактабнинг ўқувчилари ҳам ҳамма ўқувчилардек компьютер хонасига ишқибоз. Айниқса, Илёс компьютер ўйинларига муккасидан кетган. Ёнида диск олиб юради. Хонада ўқитувчилар бўлмаса Илёсвойни дискидаги ўйинлар компьютерга кўчади.

Қишлоқдан узоқ-узоқларга чўзилган катта йўл ҳам ўтган. Йўл бўйида уч қаватлик коллеж қурилди. Бу коллеж ўқувчиларнинг орзуси. Эҳ, коллежда ҳамма нарса бор! Компьютерлари интернетга уланган! Хоҳласанг, Африкага саёҳат қиласан. Ёки, саргузаштўйинларга бошинг билан шўнғийсан.

Қишлоқнинг ҳамма болалари ҳам Илёсга ўхшаган, жайдарироқ, деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, жа-а унчаликмас. Мана, Илёснинг қўшниси, энг яқин дўсти Аҳмаджон. У мактабни олди ўқувчиси. Олимпиадаларда ғолиб! Баҳолари аъло! Ўзи еттинчида ўқийдию, математикадан тўққизинчи синфдагиларни мот қилади. Бўйи узун, нозик, оппоққина бола. Мактабда ҳурмати бор. Ўқитувчилар ҳам «сиз» лаб гапиришади.

Бу болалар мўъжизаларга ишонишмасди. Лекин, кунларнинг бирида уларнинг ҳаётларида мўъжиза юз берди.

Аҳмаджон билан Илёс мактабдан қайтиб, қўйларини ўтлоққа ҳайдашди. Кун чиқишдаги уйларнинг орқаси катта ўтлоқ. Ундан нарида олмазор боғ бор.

Қишлоқ болаларининг ўзларигагина тегишли жойлари бўлади. Тутзорми, қир-далами, бари бир, энг асосийси, бу ерда улар ўйнашади. Катталар «чегара»ни бузишмайди. Ўтлоқ ҳам болаларнинг ана шундай ўз мамлакатлари эди. Икковлон қўй-қўзилар билан серўт тепалик ёнбағригача келишди.

–Шу ерда… дам оламиз, – деди Илёс керишиб.

Аҳмаджон рози бўлди. Улар тепаликнинг кунгай томонига ёнбошлаб олишди. Қўйлар ўтдан бош кўтаришмасди. Манглайида оқи бор қўзичоқ уёқдан буёққа югуриб, барра майсаларни чимдиётган совлиқни эмиб, яна қочади.

– Қара, Илёс, шу қўзинг жа-а ажойиб-да, – деди Аҳмаджон завқланиб.

– Э-эй, – Илёс эснади. – Жонга тегди… ҳар куни қўйларни ўтлатиш. Мактабда ярим кунинг ўқиш билан ўтади, бошинг оғрийди. Кейин, яна қўй боқ! Уфф!

Аҳмаджон дўстининг инжиқликларига ўрганиб қолган. Аммо, гапини жавобсиз қолдиргиси келмади:

– Ўқишниям қотиряпсан-да жуда, – деди юмшоқроқ оҳангда. – Компьютер ўйинидан бўшамай қолдинг.

– Бўпти! Фақат сен ўқийсан! Ўқийверасан, чар-чамай-сан!

– Ундаймас-у…

– Қўй, Аҳмаджон, ҳозир уришиб қоламиз. Яхшиси, қизиқроқ нарсалардан гапир?

– Нимани гапирай?

– Биласанми, мўъжиза юз берса-ю, физика китобига қараган заҳотинг ҳаммаси миянгга қуйилиб қолса! Қалай?

– Зўрсан-ку.

– Тўғри-да, ўйлаб кўр, физика ўқитувчиси қизларнинг олдида уялтиради. Мана, бу еримга келди шу физика! – Илёс кўрсаткич бармоғи билан томоғини «кесиб» кўрсатди.

– Шунақа дегин? – кулди Аҳмаджон. – Унда, ўқишни қизиғи қолмайди.

– Қўй-э, шу олифтагарчиликни! – чўрт кесди Илёс.

– Майли, – деб қўяқолди Аҳмаджон.

Бу Илёсга қўл келди. У куйиниб гапира кетди:

– Бир ухлаб турсанг-да, ўзингни ка-атта шаҳарда кўрсанг! Уйинг ўнинчи, йўқ, йигирманчи қаватда! Деразангдан булутлар кўриниб туради! Уйингда ҳамма нарса бор: овқатни тайёр олиб келишади, хоҳлаганингни! Қўй боқмайсан. Истаганингча компьютер ўйинлари!

–Буларга ўқиш, меҳнат билан эришилади, Илёсвой.

– Ҳамма нарса бўлса, ўқиб нима қиласан? Олма теришгаям бормайсан. Йигирманчи қаватда қўй нима қилсин?

– Хаёлпарастсан.

– Бўпти-бўпти, ёмғир томчилаяпти. Қўйларни олмабоққа ҳайда, ўзимиз шийпонга кириболамиз.

– Қўйлар олма шохларини кемириб ташлашади.

– Э-эй, турсанг-чи!

Аҳмаджон ўрнидан қўзғалди. Илёс ҳуштак чалиб қўйларни ҳайдаб кетди. Олмабоққа етганларида ёмғир шаррос қуя бошлади. Болалар шийпон томонга югуриб кетишди. Шийпонга яқин қолганда Аҳмаджон Илёсни енгидан тортди.

– Нима?

– Қара! – Аҳмаджон чап тарафга ишора қилди.

Илёс Аҳмаджон кўрсатган томонга қаради. Дабдурустдан ҳеч нарсага тушунолмади. Олмабоғ четидаги сайҳонликда улкан минора пайдо бўлганди. Шакли Бухорога саёҳатларида кўрган минораларга ўхшайди. Тепасида гумбази ҳам бор. Бироқ, бу миноранинг на ғишти, на ранги йўқ. Кумушранг-шаффоф товланиши юракка ваҳима солади. Ёмғир томчилари ҳам бу минорага таъсир этмасди. Аниқроғи, ёмғир минора шаклидаги бўшлиқни четлаб ёғарди. Эртак китобларидаги хаёлий гапларга болалар ишонишмасди. Аммо, табиатнинг бу мўъжизаси уларни лол қолдирди.

– Юр, борамиз! – биринчи бўлиб ўзига келди Илёс.

Улар ҳадик билан секин-аста юриб «минора»га яқинлашишди. Бирдан Илёснинг кўзи тиниб, боши айланди.

– Қайтамиз, бошим айланяпти, – деди Аҳмаджон ҳам.

Бироқ, улар орқага қайтиша олмади. Пастда, сирли миноранинг ичида бирдан чақмоқ чақди. Болалар ҳушларидан кетишди.

Улар кўзларини очганларида деворлари, шифти ҳам оппоқ, кенг хонани кўришди. Илёс «тушим эмасмикан», деб қўлини мушт қилиб қисди. Ёнидаги Аҳмаджонга кўзи тушиб атрофга аланглаганича унинг елкасидан ушлади. Улар ёнма-ён қўйилган оппоқ, юмшоқ оромкурсиларда ўтиришарди.

Болалар бу ғайриоддийликдан ўзларига келиб улгурмай иккинчи бир ҳодиса содир бўлди. Қаршиларидаги хона девори ҳеч қандай овоз чиқмасдан дарё сувидаги гирдоб сингари эриб кетди. «Гирдоб»дан дароз одам сузиб чиқди. Ҳа, худди сув остидан шўнғиб чиққандек! Унинг бўйи икки қулоч келади. «Баскетболчи бўлса керак», деб ўйлади Илёс.

– Йўқ, мен баскетболчи эмасман, – деди дароз йўғон овозда дона-дона қилиб. – Исмим – Луи Ком.

«Мен нима ўйлаганимни қаёқдан билди?», дея ажабланди Илёс.

– Биз миядан таралаётган биотўлқинлар воситасида мулоқот қиламиз, – деди яна ўша овоз. – Ўтлоқдаги орзуларингизни ҳам «эшитдик». Биз узоқ сайёра вакилларимиз, – у қўлини баланд кўтарди.

– Биз қаердамиз?!

Луи Ком беўхшов кулди:

– Коинот кемасида, – деди қўлларини икки тарафга ёйиб.

Аҳмаджон сайҳонликдаги кумушранг-шаффоф минорани эслади. Ҳаво булут, ёмғир ёғаётган эди. Буни ионлашган ҳаводаги бирор жараён ҳосиласи деб ҳам ўйлаганди. Аслида эса…

– Ҳа, Аҳмаджон, ўша «минора» – коинот кемаси эди. Ҳозир шу кемадасизлар. Бу кема истаган шаклга кира олади. Минора тархи Ер сайёрасидаги энг мукаммал шакл.

– Самарқанд, Бухородаги минораларни кўрдингизми? – беихтиёр сўради Аҳмаджон.

– Ҳа, – деди дўриллаб Луи Ком. – Минг йиллик минораларнинг геометрик тузилиши мукаммал.

Кутилмаган бу ғаройиботдан болалар чўчиб қолишганди:

– Бизни олмабоққа қайтаринг?! – деди Аҳмаджон.

– Шошманг! Илёс бир зумда олим бўлиб қолишни, ҳамма қулайликлар, бойликка эга бўлишни истаганди-ку?.. Сизларга шундай имконият берамиз. Бунинг учун биз билан учиб кетасиз. Сайёрамиз одамларига Ер, ундаги ҳаёт, одамлар ҳақида гапириб берасиз.

– Ўзингиз чиқиб билиб олаверинг-да, – муросага келтирмоқчи бўлди Аҳмаджон.

– Йўқ, бу мумкин эмас! – чўрт кесди Луи Ком. – Кемамиз, сиз кўрган «минора» мустаҳкам ҳимоя майдони билан ўралган. Ердаги беҳисоб вирус, бактериялар сизлар учун мутлақо зарарсиз. Биз эса улар таъсирида лаҳзада ҳалок бўламиз.

– Биз… уйимизни соғинамиз, – ғўлдиради Илёс.

– Шош-ма! – деди дона-дона қилиб Луи Ком. – Ҳозир сайёрамиздаги ҳаётни кўрсатаман. Кейин, ўзингиз хулоса чиқарасиз. Сизларни мажбурлаб олиб кетмайман. Бу, Низомга хилоф.

Шу пайт Луи Ком йўқолиб, болалар қаршисида учувчиларникига ўхшаш иккита бош кийими пайдо бўлди.

– Бошингизга кийинг! – яна Луи Комнинг овози эшитилди. – Шунда, бизнинг ҳаётимиз билан танишасиз. Ажойиб, беғам, меҳнатсиз ҳаёт билан!

Болалар иккиланиб қолишди: Қутулиш чорасини топиш керак! Ўйланиб турганларида мосламалар ўзўзидан ҳаракатга келиб бошларига кийилди. Илёс уни олиб ташламоқчи бўлди. Лекин, қўллари кўтарилмади. Кўз олди жимирлашиб, катта шаҳар пайдо бўлди. Осмонўпар уйлар қутичалардек бир-бирига ўхшайди. Кўчалар ўқувчилар чизғичидек равон. Ҳар ер-ҳар ерда кафтдеккина яшил боғлар бор. Дароз одамлар сайр қилиб юришибди. Баъзилари жажжи учар машиналарда парвоз қилишмоқда. Осмонўпар бинолардан биридаги хонадон кўринди. Шинам хонада бир аёл билан икки бола юмшоқ гиламга ётиб олишган. Улар деворнинг бир томонини эгаллаган баҳайбат экрандаги фильмни томоша қилишмоқда. Рангли фильм коинотдаги ҳаёт ҳақида эди. Учувчилар кийимидаги одам тошдан тошга енгил сакраб югурмоқда. Уни қуваётган даҳшатли махлуқнинг жирканч қиёфаси киши этини жунжиктиради.

Илёс экранга тикилиб қолди. Шу пайт хонадаги болаларнинг онаси ўрнидан турди. Икки кафтини бирбирига урган эди, экран оҳиста хиралашиб, ўчди. У болалари билан қўшни хонага чиқди. Бу хона кўринишидан ошхонани эслатади. Болалар тақсимчалар қўйилган стол атрофидан жой олишди. Оналари жавондан мовий рангли қутича олиб очди. Қутичадан думалоқ мовий хапдорилар олиб, ҳар бир тақсимчага икки донадан қўйди. Болалар хапдориларни дарҳол оғизларига солишди. Устидан сув ичиб, чиқиб кетишди. Оналари ҳам худди шундай қилди.

«Шу ҳам ҳаёт бўлди-ю? Ўтлоқлар йўқ, қўйлариям йўққа ўхшайди» хаёлидан ўтди Илёснинг.

– Ўтлоқлар, қўйлар керак эмас, – Луи Комнинг таниш овози эшитилди. – Биз беғам ҳаёт кечирамиз. Истироҳат учун кичик боғларни сақлаб қолганмиз. Ақлли машиналар, темиртанлар ҳамма юмушни бажаришади. Сизга ўхшаган болалар махсус лабораторияларда муолажа олиб, керакли билимга эга бўлишади. Биз беғам яшаймиз, беғам… Эшитяпсанми, Илёс?!

– Йўқ! Керакмас! – Илёснинг овози жаранглаб эшитилди.

Шу пайт болаларнинг бошларидаги мосламалар ечилиб, кўздан йўқолди. Улар яна ўзларини оппоқ хонада кўришади. Луи Ком Аҳмаджон билан Илёсга совуқ кўзларини қадаб турарди.

– Қаердан учиб келдингиз? – деди биринчи бўлиб ўзига келган Аҳмаджон.

Луи Комнинг кўкрагидаги рангли чироқлар ёнибўча бошлади. У жавоб учун Бош координатордан рухсат сўрарди.

– Биз «Ифэзди» сайёрасиданмиз, – деди ниҳоят тилга кириб.

– Нима учун бу ерга қўндингиз? Ахир…

– Ҳа, бу ер қўниш учун ноқулай… Сайёранинг атмосфера қатлами қуюқ. Кема шикастланди. Биз Ер сайёрасини ўрганишда давом этдик. Иш якунланди. Кемани созлаш керак.

– Биз ёрдамлашамиз! – деди Аҳмаджон туйқусдан.

– Мен ҳам! – Илёс ўрнидан туришга уринарди.

Луи Ком бошини сарак-сарак қилди:

– Бунга ҳожат йўқ. Созлаш бошланди. Муаммо – кема ҳимоя майдонида. Қувват манбаи тугаса ҳалок бўламан.

– Сизга қандай қувват манбаи керак?

Аҳмаджоннинг дадиллигига Илёснинг ҳаваси келди. «Аълочилигича бор-да», деб қўйди ўзича. Луи Ком эса ҳамон бефарқ қиёфада турарди.

– Икки атомли водород, – деди у.

– Сувдан ажратиб олиш мумкин-ку, – ҳозиржавоблик билан таклиф қилди Аҳмаджон.

Луи Ком боши билан «тасдиқ» ишорасини қилди. Кейин қўшиб қўйди: – Мен кемадан чиқа олмайман, ҳалок бўламан.

Энди, Аҳмаджон уни тушуна бошлади. Луи Ком эркин фикрлай олмасди. Шу боис болалар унга ёрдам беришларини ақлига сиғдиролмади.

– Биз чиқа оламиз-ку! – дейишди Аҳмаджон билан Илёс бараварига.

Луи Ком жим бўлиб қолди. У Бош координатордан рухсат сўрарди. Бир маҳал жонланиб, қўлини кема деворига узатди. Кафтида муштумдек кумушранг соққа пайдо бўлди. Ғаройиб соққа ҳавода муаллақ сузиб Аҳмаджоннинг қўлига келиб тушди.

– Оғир экан, – деди Аҳмаджон.

Луи Ком ўнгдаги деворга ишора қилди. Болалар ўша томонга қарашди. Девор сатҳи ёришди. Унда қишлоқ манзараси пайдо бўлди.

Қадрдон ўтлоқлари, олмабоғ… Улар ҳаяжонланиб кетишди. Лекин, ҳамон ўринларидан туришолмасди. Тасвир боғ четидаги жилға бўйлаб пастлай бошлади. Мана, болалар ёз бўйи мазза қилиб чўмиладиган дарё… Дарёнинг кенг, тўлиб-тошиб оқаётган ўзани…

– Электролиз мосламасини шу ерга ташлайсиз!

Аҳмаджон билан Илёс беихтиёр ўринларидан кўтарилишди. Худди Луи Ком сингари ҳавода муаллақ сузиб коинот кемасининг оппоқ деворига сингиб кетишди.

Улар олмазор боғда пайдо бўлганларида ёмғир тинганди. Яшил майсаларда биллур томчилар ялтирайди. Кун оға бошлабди. Қуёш сўнгги нурларини сочмоқда.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации