Текст книги "Мугат фолбин"
Автор книги: Абдужалол Рахимов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 8 страниц)
– Оҳ, балам! – деди Зарбиби ҳайқириб оқаётган сойга қараб.
Эркин нима қилишини билмай кўприк устида қотиб қолди. Йилонсойнинг лойқа сувлари кўпириб оқар, унда кетма-кет бир қиз билан йигит кўриниб-кўринмай оқиб борарди. Эркин ўғлининг чапдастлик билан сузаётганини кўриб бироз бўшашди. Эрмамат тинмай олдинга интиларди. Энди қизнинг боши кўринмас, ҳаво кириб шишган бинафшаранг гуллик кўйлаги оқиб борарди. Икки-уч сонияда Эрмамат унга етиб олди. Бу пайтда «Матиз» ҳайдовчиси билан Зарбиби ҳам Эркиннинг ёнида юрак ҳовучлаб туришарди. Ҳаммалари кўзларини катта-катта очганча сойга тикилиб қолишган. Фақат Забаржад жойидан қимирламади. У машинанинг олдинги ўриндиғида кўзини юмган ҳолда нималарнидир шивирлаб ўтирарди.
Эрмамат жуда тез ҳаракат қилди. Кўз очиб-юмгунча қизни кўйлагидан тортиб қирғоққа етди. Қиз ҳушсиз эди. Эрмамат уни дадил кўтариб олди. Кўзи юмуқ, боши осилиб ётарди. Югуриб келган Зарбиби «Оҳ!» деб юборди. Эрмамат ҳеч кимга эътибор бермасдан аниқ, чаққон ҳаракат қиларди. Қизни ерга ётқизди. Дарҳол юрагига қулоғини тутди.
– Юраги урмаяпти! – деди овози титраб.
– Оҳ, ўлибдими?! – Зарбиби иккала қўлини юзига босди.
Эрмамат момосининг гапини эшитмади. Ўйлаб ўтирмай қизни чап кўкраги остига икки кафтини қўйиб силкита бошлади. Унинг оғзидан сув отилди. Бир фурсатдан кейин ўқчиди. У нафас олди. Нимагадир бошини у ёндан бу ёнга силкитди.
– Ўғлим, кел, кўтарамиз, – деди Эркин Эрмаматнинг ёнига келиб. – Тезроқ дўхтирга олиб бориш керак!
– Ман ўзим, ата, – деди Эрмамат. У қизни енгилгина кўтарди. Машина томонга тез-тез юриб кетди.
Эркин йўл-йўлакай ўғлининг ҳарбий ботинкаси билан шимини йиғиштириб олди. Улар машинанинг орқа ўриндиғига ўтиришди. Ота-бола қизни ўрталарига ўтқазиб суяб олишди. Эрмамат кабинанинг ўзида кийинди. Қизнинг ҳуши ҳалиям ўзида эмасди. «Матиз»нинг эгаси машинани катта тезликда қишлоқ томонга ҳайдаб кетди. Бу ерларни яхши биларкан. «Қишлоқ шифокорлик маскани» деб ёзилган бино қаршисида тўхтади.
Атрофи гулзор, озода бинонинг эшиги очиқ. Остонада оқ халатлик икки аёл гаплашиб туришарди. Эрмамат машинадан тушди. Энгашиб, қизни кўтариб олди ва бино томонга тез-тез юрди. Оқ халатдаги аёллар йўл беришди.
– Нима бўлди? – деб сўради ёши каттароғи.
– Ўзини сувга ташлади, – йўл-йўлакай жавоб берди Эрмамат.
– Тўғридаги хонага юраверинг.
– Хўп.
– Манави кушеткага ётқизинг.
Эрмамат қизни авайлаб ётқизди. Бошини тўғирлаб қўйди. Бир зум тикилиб қолди. Қиз ниҳоятда гўзал эди: юзи сутга чайилгандек оппоқ, қошлари қалам билан чизилгандек нозик, қоп-қора. Узун-узун киприклари сўлим чеҳрасига оройиш берган.
– Яхши, энди сиз чиқиб туринг! – докторнинг овози эшитилди.
Эрмамат хонадан чиқди. Катта даҳлизда отаси билан момоси кутиб туришарди.
– Нима бўлди? – сўради Зарбиби неварасининг истиқболига юриб.
– Ҳеч гап, момо. Мани чиқариб юборишди.
– Ман қутқардим, билай кимлигини, аҳволини, демадингми?
– Йўқ.
Эркин келиб онасининг тирсагидан тутди:
– Апа, нима лозим бўлса, шуни қилдик. Энди қайтсак ҳам бўлади.
– Бироз шошма, билайлик ахир?
– Машинада холам кутиб қолди.
– Майли, – деди бу гапни эшитиб Зарбиби.
– У бизни кимникига олиб кетаётганди?
– Билмадим, балам. Холанг ҳамма гапни айтавермайди. «Совчиликка», деди холос.
– Ажаб?
– Эрмаматга кўзлаган қизи бордир-да. Бибижоним сизларни ўз боласидек кўради.
– Тўғри, апа.
Шу пайт ичкаридан доктор аёл чиқди.
– Опа, қиз яхшими? – деди жим турган Эрмамат энтикиб.
– Яхши. Нима бўлганини айтиб берасизми?
Эрмамат бўлиб ўтган воқеани қисқа қилиб гапириб берди.
– Олмагул кимингиз бўлади?
– Ҳеч ким. Биз йўловчи, опа, ўзини сувга ташлаганини кўриб қолдик.
– Худо асрабди… сиз ҳам.
Шифокор ҳамма гапни тушунганди. У шу қишлоқлик эди.
– Бечора Олмагул, – деди бошини сарак-сарак қилиб – Ёшгина қиз нималарни кўрмади-я!
– Аҳволи чатоқми?!
Аёл Эрмаматга бошдан-оёқ қараб чиқди.
– Ука, бу қиз сиздай бир йигитни бахтли қиларди…
– Нима бўлган?
– Ҳеч…
– Ҳозир яхшими, ахир?
– Ҳозир яхши, қутқариб қолибсизлар. Лекин қизни руҳан қўллаб-қувватлаш керак. Яна жонига қасд қилиши мумкин.
– Олдига кирсам майлими? – деди Эрмамат ҳеч кимга эътибор бермай.
– Ҳозир томирига дори юборяпмиз, кейинроқ кирарсиз. Уйига одам юборганман. Ҳозир келиб қолишади. Кетмай туринглар. Ота-онасига бўлган воқеани тушунтириш керак.
– Хўп, – деди Эрмамат чин дилдан.
Шу пайт эшик забт билан очилиб, ҳовлиққанича бир аёл кирди. Эллик ёшлардаги озғин бу аёлнинг ранги ҳаяжондан оқариб кетган. Бошидаги рўмоли сирғалиб елкасига тушганини ҳам сезмасди.
– Қизим тирикми?! – деди-ю, йиғлаб юборди.
Унинг ортидан оқара бошлаган мўйлови осилиб турган, эски дўппилик эркак кўринди. Бу киши унинг эри эди.
– Қизингиз тирик, Тозагул опа, – деди доктор.
– Шарапат, қани у?! Олдига кираман. Бечора қизим, адо бўлган қизим! Болажоним, бошингга нима кунлар тушмади-я! Сани шунинг учун туққанмидим?!
Шовқин-суронни эшитиб беш-олти нафар оқ халатлик қизлар йиғилиб қолишди.
– Ҳамма ўз ишига борсин! – деди шифокор жаҳл билан.
– Хўп бўлади, Шарофат Алиевна! – деди улардан ёши каттароғи.
Аскар кийимидаги лўли йигитга ажабланиб тикилиб турган қизлар бир зумда йўқ бўлиб қолишди.
– Шарапат, қизимни кўрсат?!
– Опа, Олмагулнинг аҳволи яхши. Уйғотиб юборасиз-да?
– Йўқ, жим бўламан. Тириклигини кўзим билай кўрай!
– Майли. Фақат овоз чиқарманг.
Улар бемор ётган хонага кириб кетишди. Олмагулнинг отаси даҳлиздаги юмшоқ ўриндиқда қўлини пешонасига тираб ўтирарди. У нима дейишини, нима қилишини билмай қолди. Қизининг бахтсизлиги уни адо қилибди. Буни, тушкун қиёфаси, кўзларининг тубтубига чўккан ғам-андуҳдан ҳам билса бўларди.
Бироздан кейин Тозагул билан доктор қайтиб чиқишди.
– Олмагулни Йилонсойдан булар қутқаришган, – деди доктор.
– Сенми, болам? – Олмагулнинг онаси шофёр йигитга қаради.
– Аскар бола олиб чиқди, – деди у бир чеккада турган Эрмаматга ишора қилиб.
– Олмагулга шу йигит биринчи ёрдам кўрсатолмаганида ундан айрилиб қолардик, – деди доктор.
– А-а?!
– Опа, қизингиз клиник ўлимни бошидан кечирди.
Тозагулнинг кўзлари юмилиб, ўзидан кета бошлади. Уни Эрмамат ушлаб қолди. Эри келиб қўлтиғидан олди. Икки кишилашиб ўриндиққа ўтқазишди. Ҳамшира қиз югурганича шиша идишда дори олиб келди. Доктор доридан пахтага томизиб, Тозагулга ҳидлатди. Ранги докадек оқариб кетган аёл зўр-базўр кўзини очди.
– Раҳмат, болам, – деди Эрмаматга қараб синиқ овозда.
– Бобоёр ака, Тозагул опани уйга олиб боринг, – деди доктор. – Қизингизни аҳволи яхши. Лекин туман шифохонасига олиб бориш керак. Одам юбораман, кийимларини бериб юборасиз.
Бекпўлат ака ҳайдовчига қаради:
– Обориб қўясанми, ўғлим?
– Майли, амаки, йўловчиларим кутиб туришар?
– Улар ҳам боришади. Меҳмонлар чой ичиб кетишади. Майлими? – У ёши улуғроқ эркак деб Эркинга қаради.
– Майли, бибижон рози бўлса, бораверамиз, – дея ундан аввал Зарбиби жавоб берди.
Тозагул опа анча ўзига келиб қолди. Ҳаммалари ташқарига чиқишди. Забаржад машинада, ҳамон кўзини юмиб ўтирарди. Бобоёр ака билан хотини орқа ўриндиққа жойлашишди.
– Апа, сиз ҳам ўтиринг, – деди Эркин Зарбибига.
– Сизлар-чи?
– Биз орқангиздан борамиз.
– Топа оласизларми?
Эркин кулди. Онасини машинага ўтқизар экан:
– Топамиз, апа, топамиз, – деди.
Янги «Матиз» қишлоқ кўчаларидан ғизиллаб кетди. Машина эски ёғоч дарвоза қаршисида тўхтади. Бу икки тавақалик дарвоза бир пайтлар жигарранг бўёққа бўялган. Ёмғир, қуёш таъсирида ранги униқибди. Девордан ёнғоқ, беҳи шохлари чиқиб турибди. Ариқда шилдираб сув оқмоқда. Сермева беҳининг бир нечта шохи эгилиб сувга тегай-тегай, деб турибди. Буларнинг бари ажиб манзара касб этган. Қишлоқнинг салқин ҳавоси дилни яйратади. Забаржад машинанинг очиқ ойнасидан синчковлик билан термулади. Шофёр, Тозагул, Зарбибилар машинадан тушишди. Уларга эргашган Бобоёрни Забаржад тўхтатди:
– Иним, сиз ўтира туринг. Гап бор. Ўзингиз билан маслаҳатлашайлик?
Бобоёр эшик тутқичини ушлаганича қолди.
– Тозагул, меҳмонларни ичкарига бошлайвер. Биз ҳозир кирамиз, – деди.
«Исми Тозагул экан, – дея ўйлади Забаржад. – Олмагул – унинг қизи. Ахир, шу исмлар ҳам ният билан қўйилган. Наҳот, бу бегуноҳ, пок инсонлар шунчалар азобланишса! Эшқул уларнинг ҳаётларини заҳарга айлантирди. Энди ҳамма гап отасида. У рози бўлармикин?».
Бекпўлат йўлга қаради
– Бобоёр иним, биз мугатлар оддий одамлармиз, – дея гап бошлади Забаржад. – «Лўлини эккани унмайди, лўлига тегса охирати куяди», деган гаплар бидъат. Ман сизга ўзим билган ҳаётимизни айтиб бераман.
Урушдан аввал1313
Иккинчи жаҳон урушидан аввал, демоқчи.
[Закрыть] ота-боболаримиз кўчманчилик қилиб яшашган. Ким эшакда, ким пиёда кўрпа-тўшагини орқалаб қирма-қир юраверган. Қишда биров уйига қўйган. Бунинг иложи топилмаса, ертўла қазиб, ўт ёқиб ўтираверган. Мугатлар беш-ўнтадан тўпча бўлиб яшашган.
Урушни аччиқ тутуни мугатларнинг чайласига ҳам етиб келди. Бизни тўпдан беш-олти йигитни урушга олишди. Улардан Илаш, Ҳаким деган икки йигит соғомон қайтиб келишди. Уларнинг тўпимизга қайтиши ҳаётимизни ўзгартириб юборди. Мугатлар колхозга ишга кириб, ўзларига уй қуришди. Пахта, каноп етиштириб, экканлари унишини исботлашди.
Йиллар ўтиб, тўпимизга бошқа мугатлар ҳам қўшилишди. Уларга оқ уйлар беришди. Мирзавали, Суннат деган йигитлар мугатлардан чиққан биринчи тракторчилар эди.
Бугун мугатларнинг фарзандлари ҳам мактабга боришади, иним. Мугат йигитлари ҳарбий хизматни ўташмоқда. Мугатлар фермер далаларида пахта етиштирадилар…
Забаржаднинг бу гапларини эшитиб Бобоёр ўйланиб қолди. Ўзлари билан ёнма-ён яшаётган бу одамлар ҳаётини билмас экан. Улар орасида ҳам турфа инсонлар, турфа тақдирлар бор…
– Ман қизингизни бошидан ўтган воқеаларни биламан.
– Қандай? – Бобоёр Забаржадга ажабланиб қаради. – Ҳа-я, фол кўрасиз-ку. Фолбинларни…
– Ман алдамайман. Олмагул ёлғиз фарзандингиз. Тўғрими?
– Тўғри.
– Эшқулни ўлдирмоқчи бўлиб юрибсиз.
– Буни ким айтди?
– Қандай қилиб биров айтсин? Сиз, бу ҳақда, ҳеч кимга гапирмагансиз-ку?
– У бир-икки йилда қамоқдан чиқиб келади. Наша чекканига кўп беришмайди. Барибир, ўлдираман!
– Энди Эшқулни ҳеч қачон кўрмайсиз. Умрининг охиригача қамоқда ўтиради.
– Йў-ўқ.
– У одам ўлдирган, босқинчи!
– Кимни?! – Бобоёрнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Мани бегимни, чолимни, Сафар лўлини! Бир беозор одамни ўлдирди!
Бобоёр лол бўлиб қолди. Кўзларини пирпиратиб фолчи кампирга тикилар, нима дейишни билмасди.
– Гап манга эмас, иним, – давом этди Забаржад. – Гап сизнинг қизингиз устида.
– Қишлоқда мениям, қизимниям юзимиз шувит бўлди. Энди у ҳеч кимга керакмас, – деди Бобоёр бошини чангаллаб.
– Адашасиз, ико, Олмагул бизга керак. Унга совчи бўлиб келдик. Армияда хизмат қилаётган бўз йигитга сўраймиз, қизингизни.
Бобоёр кампирга тикилиб қолди. Бу хушхабарми ё тақдирнинг яна бир шафқатсиз зарбасими, тушунолмади.
– Ким у йигит? – деди базўр.
– Йигитнинг исми Эрмамат. Ҳозир отаси билан келади. Сиз уни биласиз.
– Йўғ-э?
– У, қизингиз ўзини Йилонсойга ташлаганида қутқарган йигит.
Бобоёр йўлга қаради. Қишлоқнинг тор кўчасида икки киши кўринди.
– Ҳа-я, шерикларингиз келишяпти, – деди ҳуш-беҳуш Бобоёр.
У охирги икки ой ичида қаттиқ эзилди. Озиб-тўзиб, янаям қорайиб кетди. Юзида ажинлар кўпайди. Еганичгани ичига тушмайди. Тунлари юраги сиқилиб ухлолмай чиқади. Бир томондан ҳамқишлоқлари олдидаги шармандалик, иккинчи томондан ёлғиз қизининг тақдирини ўйлайвериб адо бўлди. Уйдан кўчага чиқмай қўйди. Бугунги воқеа, айниқса «Шарапат дўхтир» айтган гаплардан ваҳимага тушди. «Ўзини яна сувга ташлармикин? Осиб қўйса-я?!», дея хавотирли ўйларга борди. Ахир, унинг шу қизидан бошқа зурриёди йўқ-ку! Аслида ҳали ёш қизини ўзи асролмади. Ўша куни нега уйда ёлғиз қолдирди?! Қишлоқда Эшқулдек касофатлар ҳам борлигини биларди-ку!
Ота-бола Бобоёр аканинг уйи олдига етиб келишди. Эрмамат сувга осилган беҳи шохларига ҳавас билан қаради. Ёнидаги отасига нимадир деди. Эркин кулиб, ўғлининг елкасига қоқди. Забаржад билан Бобоёр уларнинг истиқболига машинадан тушишди. Бобоёр, кексайган бўлса ҳам ҳали қадди сарвдек тик, озғин, қора кийинган, сочлари оппоқ лўли кампирга қараб қолди. Унинг қиёфасида аллақандай сирлилик, кишини ўзига ишонтира оладиган ҳикмат бор эди.
– Ана, топиб келдикми, хола? – деди Эркин жилмайиб.
– Айни вақтида келдинг, – деди Забаржад.
Бобоёр Эрмаматни кузатарди. Хаёлидан минг хил ўй ўтди. Чеҳраси кулиб турган бу забардаст йигит қизига уйланадими? Ахир, қизининг номуси булғанган-ку!
– Бундай ўйламанг, – деди Забаржад. – Қизингиз у дунёда бўлиб қайтди. У қайта туғилди, энди у бокира.
Бобоёр ҳамон бир сўз деёлмай жим турарди. Нимани ўйлаётганини бу кампир қаёқдан билди? Уларнинг бугун шу ерда пайдо бўлиб қолганларида нима каромат бор? Шулар бўлмаганида қизи ўларди. Унда… Бобоёр ҳам ўзини ўлдирарди. У, қизим учун ўч оламан, деб яшаётганди. Бу лўли кампир ҳамма муаммоларини бир кунда ҳал қилиб ўтирибди. Йигит истаралик, армияда хизматда экан… Забаржаднинг овози унинг хаёлларини бўлди:
– Уйингизга бошланг, – деди у.
Бобоёр дарвозани очди. Забаржад, Эркин, Эрмаматлар ичкарига киришди. Улар ўзларини узун йўлак бошида кўришди. Йўлак бўйлаб кўтарилган ёғоч сўриларга ток новдалари таралган. Товланиб турган узум бошлари ҳавасни келтиради. Бу ишкомда узумнинг нимранг, пушти тойифи, оқ тойифи, каттақўрғони навлари бор. Томорқанинг қолган қисми мевали дарахтлар экиб боғ қилинган.
Ҳовли тўридаги супада Тозагул билан Зарбиби суҳбатлашиб ўтиришибди. Гапдон Зарбиби Тозагулга қизини қандай қутқарганларини айтиб берарди. Тозагул жим ўтириб эшитмоқда. Шу пайт аввалги важоҳатидан асар ҳам қолмаган, бўшашиб келаётган эрига кўзи тушди. Ёнидаги меҳмонларни таниб ўрнидан турди. Забаржад салобати, нурли чеҳраси билан ҳаммадан ажралиб турарди.
– Келинг, хола, – деди Тозагул.
– Келдик, болажоним, дардингни аритай, деб келдик. Бобоёр иним, тўрга ўтинг. Шу хонадоннинг бегисиз, улуғлигингиз бор.
Ҳамма ўтирди. Забаржад қўлини фотиҳага очди:
– Илоҳо омин, шу хонадонга Оллоҳим файз-барака берсин. Ёмонлик арисин, қизимизнинг дардига шифо бер, Худойим! Бахти очилиб, эл-улус олдида ота-онасининг юзлари ёруғ бўлсин, Оллоҳу акбар!
Тозагул дастурхон ёзиб, нон, мева-чева, бир лаганда узум олиб келди.
– Тозагул, хохаржон, ўтир, – деди Забаржад.
– Ҳозир, чой қайнасин.
– Чой қайнагунча бизнинг ишимиз пишсин?
Тозагул фолчи кампирнинг гапларига ажабланди. Шунинг билан бирга, бу овозда бир ҳамрозлик бор эдики, кўнгилда ишонч уйғота оларди. У музтар бўлиб супанинг четига омонатгина ўтирди.
– Бобоёр иком билан гаплашиб олдик, – деди Забаржад. – Биз қулчиликка-совчиликка келганмиз, ўргулай.
Ҳамма ялт этиб Забаржадга қаради.
– Бобоёржон, ман сизга айтган гапларни шерикларим ҳам билишмайди.
Бобоёр Эркин билан Эрмаматга қаради, улар Забаржадга.
– Эркин, ман сизларни шу хонадонга бошлаб келаётгандим, – деди Забаржад. – Олмагулни кўприкнинг устида учратдик. Эрмамат уни қутқариб олди. Тақдирдан ҳеч ким қочолмайди, ўргулайлар. Энди ҳамманглар рози бўлинглар, ёшларни бошини қовуштириб қўяйлик?
Даврага сукунат чўмди. Фақатгина Эрмамат ширин жилмайди. Ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Тозагул уни зимдан кузатарди. Ғаддор Эшқулдан қутулгани ростми? Наҳотки ҳаётида фараҳли кунлар бор? Шу йигит унга куёв бўладими? Мугатлар билан ўрталарида кўринмас девор борлигини инкор этиб бўлмайди. Тўғри, уни енгиб ўтганлар бор… Фолбин кампир «тақдир шу» деб турган бўлса… У эрига қаради. Бобоёрни ҳам турфа ўйлар қийнамоқда эди. Охири, юзага келган вазиятдан қутулишнинг йўли битта, деган қарорга келди:
– Агар қизим… Розиман, – деди у Тозагулга қараб. – Фақат, тўй…
– Тўй катта бўлади, – деди Забаржад. – Урф-одатларимиз бир хил. Биз ҳам мусулмон. Қизни сепини ортиғи билан қиламиз. Новвос етаклаб келамиз. Элнинг олдида юзингизни ерга қаратмаймиз. Бунга ман, Забаржад фолбин кафилман, ўргулай.
– Қизим нима деркин?
Шу пайтгача жим ўтирган Тозагулнинг паст овозда ўртага ташлаган саволи ҳаммани сергак қилиб қўйди. Бир ёнда Эркин билан Зарбиби, иккинчи томонда Бобоёр билан Тозагул ҳам Зарбаржадга тикилишди.
– Бу томони, энди, мана бу аскар йигитга боғлиқ, – деди Забаржад маъноли қилиб.
Шу пайт кўчадан машина овози эшитилди. Дарвоза очилиб, оқ халатли ҳамшира кирди. Очиқ дарвозадан «тез ёрдам» машинасини кўриб Тозагул сапчиб ўрнидан турди:
– Қизимга бир гап бўлдими?!
– Қизингиз яхши, – дея жилмайди ҳамшира. – Юрак уриши равон. Бир неча кун даволанади. Туман шифохонасига «тез ёрдам»да олиб борамиз. Бирор киши борадими, деб келгандим. Кийимлариниям бериб юборарсиз?
Эрмамат сакраб ўрнидан турди:
– Ёрдам керак бўлса, бораман, – деди дадил.
Ҳамма унга қаради. Отаси секин туртди:
– Жим ўтир!
– Яхши бўларди, – деди ҳамшира. – Олмагулнинг ўрнидан туришига ҳам рухсат йўқ. Носилкани кўтаришардингиз?
Ҳеч ким эътироз билдирмади. Гапдон ҳамшира энди Тозагулга қаради:
– Опа, машина бор экан, сиз орқама-орқа борарсиз? Кийимларини мендан бериб юборинг. Илтимос, тезроқ. Шарофат Алиевнадан гап эшитаман.
Тозагулни рози бўлишдан бошқа иложи қолмади. Уйга кириб, катта целлофан халтада қизининг кийимларини олиб чиқди. Эрмамат отасидан рухсат сўраб ҳамшира билан чиқиб кетди.
– Ўргулайлар, биз ҳам келинимизни кузатиб борамиз, – деди Забаржад фотиҳага қўл очиб.
Келинга совға
Фотиҳа ўқилгач, ҳамма ўрнидан турди.
– Сиз уйда қолаверинг, – деди Тозагул эрига.
Бобоёр ака рози бўлди. Қолганлар кўчага чиқишди. «Матиз» ҳайдовчиси машина артарди. Мижозларини кўриб апил-тапил ишини тугатди. Забаржад олдинги ўриндиққа, Зарбиби, Эркин, Тозагул орқага ўтиришди. Тозагул шошиларди. Қизидан хавотирда эди. Унга Эрмамат ҳақида гапириб беришни ўйлади.
«Матиз» Йилонсой кўпригидан ўтаётганида Тозагул сувга ваҳима билан тикилди. Кўпириб оқаётган сойнинг ваҳший тўлқинларида қизи кўрингандай бўлди.
– Тозагул, сан қўрқма, – деди Забаржад. – Олмагул энди қийинчилик кўрмайди. У бахтли бўлади.
Забаржаднинг ишонч билан айтган гапи Тозагулга таъсир қилди. У фолчи кампир олдида ўзини хотиржам ҳис қила бошлади.
«Матиз» туман шифохонасига етиб келди. Дарвозада Олмагулни олиб кетган «тез ёрдам» – «Дамас»га дуч келишди. Иккала машина ҳам тўхтади. Олдинги ўриндиқдаги ҳамшира қўлини силкитди. Тозагул машинадан тушиб, унинг олдига келди.
– Тозагул опа, қизингиз реанимация бўлимида, – деди у. – Аҳволи яхши. Кириб кўрсангиз бўлади. Аскар йигит қараб ўтирибди.
Реанимация бўлимида беморни олдига навбат билан киришга рухсат беришди. Аввал Тозагул билан Забаржад кирди.
Олмагулга кислород маскаси тутиб қўйилган. Бироқ қарашлари тетик.
– Болам, нега ундай қилдинг? – деди Тозагул йиғламсираб.
Олмагул кўзини юмиб олди. Юзига икки томчи ёш тушди.
– Бўлди, ҳеч нарса сўрамайман. – У қизининг сочларини силади. – Ҳали ҳаммаси эсингдан чиқиб кетади. Мани айтди, дерсан.
Олмагул қўлидаги узукни кўрсатди. Тозагул сарғишяшил кўзлик тилла узукка ажабланиб қаради.
– Бу, мандан келинимга совға, – деди Забаржад. – Ҳеч қачон қўлидан ечмасин!
Хотима ўрнида
Мен ушбу қиссага нуқта қўйиб, бироз айлангани кўчага чиқдим. Қаршимдан қора кийинган мугат кампир келарди. Бир-биримизга яқинлашганимизда тўхтаб, қаради.
– Менда гапингиз борми? – дедим.
У индамади.
Мугат кампирга пул бермоқчи бўлиб чўнтагимни кавладим.
– Керак эмас! – деди у зарда билан. – Сан мани айтганимни қилдинг.
Мен ажабланиб елкамни қисдим. Кампир кўздан ғойиб бўлди. Унинг бўйнида сарғиш-яшил тошлардан тизилган маржон борлиги кейин эсимга тушди.
2011 й.
ҲИКОЯЛАР
ДАҲШАТЛИ ВОҚЕА
Бу воқеа дарё бўйидаги шаҳарчада катта шов-шувга сабаб бўлди. У ўзининг инсонларга хос бўлмаган шафқатсизлиги билан эшитганларни лол қолдирди. Кимдир ишонди, кимдир «хотинларнинг бичиб-тўқигани», дея қўл силтади. Аммо, ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар бор эди. Уларнинг даҳшатли ҳикоясини, шунингдек судда берган кўрсатмаларини ҳеч ким рад эта олмади.
Воқеа узоқ чўл туманларидан бирида бошланганди…
Маматқул мактабни битирар-битирмас далага чиқиб кетди. Ўқишга ихлос қўймади. Болалигидан кетмон чопиб ўрганган, билаклари ғўзага сув тарашга яради.
Маматқул туну кун далада. Сувчилар билан сира зерикмайди. Кўнгил ишларини хаёлига келтирмайди. Шундай кунларнинг бирида Бувхолни учратди.
Бувхол – қишлоқ дўконида ишлайдиган Карим тарашанинг яккаю ёлғиз қизи. Мактабни битириб на ўқиди, на ишлади. «Бунга ҳожат йуқ, отасининг топгани етади. Жонини қийнаб нима қилади?»
Кунларнинг бирида, оқшом қўнган маҳал, қўшни қишлоқлик холасиникидан қайтаётганида Маматқулни учратди.
Маматқул тутзор кўчадан секин юриб даладан қайтарди. Ёнидан ўтаётган қизни сезмай қолди.
– Вой! Маматқул ака, сизмисиз? – деган овоздан чўчиб тушди.
Тўхтаб, Бувхолга тикилиб қолди. Таниди:
– Ия, дўкончи қиз, сенмисан? – деди.
– Нега дўкончи бўларканман? – Бувхол лабини чўччайтирди.
– Бўлмаса нимасан? Дўконда … (Карим тарашага, деб юборай деди) отангга қарашиб турасан-ку?
– Барибир, дўкончи эмасман!
– Нимасан, бўлмаса? – эрмак қилди Маматқул.
– Ҳеч нима!Бувхолман, тамом.
– Бувхол бўлсанг нимадан қўрқиб кўчани нариги бетидан кетяпсан?
– Нимага қўрқарканман?
– Бўлмаса берироқ юр?
– Мана! – Бувхол унинг яқинига келиб сўрашишга қўлини узатди.
Маматқул билагидан қаттиқроқ тортганди, қиз тўппа-тўғри қучоғига келиб тушди.
– Вой!
Маматқул уни қучоқлаб, юзидан ўпиб олди. Бувхол типирчилаб йигитнинг қучоғидан чиқди-да, ҳеч нарса демай югуриб кетди.
Шу-шу Бувхол тез-тез қўшни қишлоқлик холасиникига бориб турадиган бўлди.
Орадан икки ой ўтиб Карим тараша якка-ю ёлғиз қизини сувчи Маматга берди. Бермасликнинг иложи қолмаганди…
Эр-хотин эл қатори яшашди. Маматқулни Бувхолнинг инжиқликлари қийнарди. Айниқса, рашки чатоқ бўлди бу хотиннинг. Бувхол эрини сийпалаган дарахт шохидан ҳам қизғанади. Бу – яхши кўришими, расвойи жаҳон инжиқлигими, Маматқул тушунолмасди.
Улар икки қиз, бир ўғил кўришди. «Болалар билан андармон бўлиб қолар», деб ўйлаганди. Ундай бўлмади. Хотини ўша-ўша Бувхол эди. Уйидан шовқин-сурон аримайди. Болаларини арзимаган шўхликларигаям қарғаб ураверади. Улар улғайиб қолишди. Тўнғич қизлари олтинчида ўқийди. Кенжатой Азимжон – иккинчида. Маматқул Азимжонини ҳамон тиззасидан туширмайди. Эркатойи дадасининг бўйнидан қучоқлаб ўтириб чой ичади.
Ўша даҳшатли воқеа юз беришидан аввал бир ҳодиса содир бўлганди. Маматқул далада эридан чиққан бевага илакишиб қолди. Қишлоқдагилар «бу бола айниди» дейишди. Маматқулнинг ўзи «энди ҳаловат топдим», деди. Охири, уйидан кетиб қолди.
Бувхол жазавага тушди. «Эр бермоқ – жон бермоқ» эканлигини шунда тушунди. Далага бориб, ўша хотинни юмма талади. Ёқасини йиртиб, юзини юлди. Уларни Маматқул ажратиб қўйди.
– Йўқол! – деди хотинига нафрат билан ўшқириб.
– Жон томирингни қирқаман! – деди Бувхол оғзидан кўпик сачратиб.
Эрта қайнаган – тез совир, дегувчи эдилар. Бувхол совимади. «Бевафо ёр – жонингга дор» деди. Севдирган ҳам тил, бездирган ҳам тил экан. Эрининг бир оғиз «йўқол!» дегани Бувхолни қутуртирди. «Яна ўша манжалақининг олдида-я!».
Бувхол тўрт-беш кун жим юрди. Лекин, қилаётган ишини билмасди. Хаёлида «Жон томирингни қирқаман!», деган гапи қайта-қайта жаранглайверди. Бошини буркаб ётди. Ухлади, турди. Ҳовлига чиқади, уйга киради: ўша-ўша, «Жон томирингни қирқаман!» қайтарилаверди.
Ёзнинг ўрталари эди. Бувхол Азимжонни олдига чақирди:
– Эртага Тошкентга борамиз! – деди.
Азимжон онасининг овозидаги титроққа эътибор бермади.
– Рости билан Тошкентга олиб борасизми?! – деди энтикиб.
Бувхол боласини итариб уйга киритиб юборди.
– Мени вақтли уйғотинг, – деди Азимжон.
Башоратни ич-этини эридан ўч олиш хаёли қурт бўлиб кемирарди. У «Ўйламай сойга тушдим, энди менга қир қайда?» қабилида иш тутди.
Саҳарда туриб нимагалигини ўзи ҳам билмай томорқасидан бир сўмка қилиб бодринг терди. Ширин ухлаб ётган Азимжонни уйғотди. У кўзини ишқалай-ишқалай онасининг орқасидан йўлга тушди. Улар Тошкент автобусига ўтирганларида қуёш ётоғидан бош кўтараётганди.
Автобус тўхтамай узоқ йўл босди. Азимжон ухлаб қолди. Ҳатто туш ҳам кўрди. Тушида онаси билан Тошкент кўчаларида қўл ушлашиб юрганмиш. Онаси унга тўртта мороженое (битта эмас, тўртта-я!) олиб берибди. Китоб дўконига ҳам киришибди. Дўкондан учинчи синф китобларини, кейин мовий рангли попка сотиб олишди. Янги попкасининг устида елканли кекма сурати бор…
Онаси қўлидан силтаб тортганида Азимжон уйғонди.
– Тушамиз! – деди қаҳрли овозда Бувхол.
– Шу ер Тошкентми? – деди соддалик билан Азимжон.
– Йўқ, бошқа автобусга ўтирамиз!
Азимжон онасига эргашди. Оғзида тушидаги мороженоенинг мазаси. Елканли кема чизилган янги попканинг ҳидини ҳам сезгандек бўлди.
Автобус дарёнинг эски ўзанидаги кўлда тўхтаганди.
– Озгина дам оламиз, – деди онаси.
Азимжон ҳайрон бўлди: «Ахир, чарчашгани йўқ-ку? Тезроқ Тошкентга етиб олиш керак. У ерда-а! Маз-за! Лекин, ҳозир онасига бўйсунишга мажбур. Бўлмаса, жаҳли чиқиши мумкин».
Улар автобус бекатидан озгина юриб кўл бўйидаги бир туп чинорга етиб боришди.
– Ўтир, – деди онаси. – Бодринг еймиз.
Азимжон чинор остидаги ажириқзорга чўккалаб ўтирди. Онаси унга қарамасликка ҳаракат қиларди. Кўлга тикилиб ўтириб бодринг еди. Азимжон, Тошкентга олиб бориш фикридан қайтиб қолмасин, деб онасига сўзсиз бўйсунарди.
– Бўлдим, – деди қўлидаги бодрингни еб бўлиб ўрнидан қўзғаларкан.
– Яна е! – деди онаси.
Азимжон яна битта бодринг олиб ея бошлади.
– Сувга туш! – деди бир пайт онаси.
– Нега?
– Чўмил!
– Йўқ, қўрқаман.
– Туш, деяпман!
Онаси унинг кўйлак-шимини тортқилаб еча бошлади. Азимжон онасининг важоҳатидан қўрқди. Бувхолнинг қўллари қалтирар, қимтилган лаблари алланималарни пичирларди.
Азимжонни кийимларини ечиб, кўл бўйига етаклаб келди. Азимжон йиғлаб юборди.
– Туш! – деди онаси ўшқириб.
– Йў-ўқ, қўрқаман, чуқур!
Бувхол ўғлини кўлга итариб юборди. Сувнинг чети чуқур, қиялик эди. Азимжон чўкиб кетмаслик учун типирчилаб, сувни сачратиб қўлига илинган қамишнинг шохини ушлаб олди.
– Ая, ая-а! – деди у жон ҳолатда типирчилаб.
Бувхол унинг овозини эшитмаслик учун икки қўллаб бошини сувга босди. Азимжон жон ҳолатда юлқиниб қўлидан чиқиб кетди.
– Бўктирманг, жон ая, ўлиб қоламан! – ялинарди у.
Бувхол яна жон-жаҳди билан боласини сувга итарди. Азимжон соҳилдан осилиб турган қамишларни чангаллаб олди. У нима бўлаётганини тушунмас, қўрқув, ўлим хавфи, ўзини ҳимоя қилиш ҳиссиёти бошқариб турарди. Бола ниҳоятда чарчаб қолди. Оёқлари музлади. Кучдан кета бошлади. Оғзидаги ютиб улгурмаган бодринг томоғига тиқилди. Бақирмай ҳам қўйди. У ҳушини йўқотди. Қамишни тутамлаган қўли чангак бўлиб қотиб қолганди. Азимжон секин сувга чўкиб борарди.
Шу пайт орқадан аёл кишининг бор овозда қичқиргани эшитилди. Бувхол сапчиб ўрнидан турди. Бир аёл дарё кўприги томонга бор кучи билан югуриб борарди. Бошидаги дурраси елкасига осилиб тушган. Ўнг қўлини кўтариб силкитганича алланима дея қичқиради. Кўприкдаги икки милиционер аёлнинг нима деяётганини англолмай ҳайрон туришарди.
Аёл йигитларнинг олдига етиб борди. Бувхол турган томонни кўрсатиб нимадир деди. Формадаги милиция ходимлари шу лаҳзанинг ўзида кўл томонга отилишди. Бувхол чинор остидан чиқиб жон-жаҳди билан қоча бошлади. Йигитлардан бири унинг ортидан югурди. Иккинчиси кўл бўйига тушди.
Азимжон жажжи қўли билан қамиш пояларини чангаллаганича ҳамон сувда ҳушсиз ётарди. Оқариб кетган лаблари қимтилган. Юзи сувга кириб-чиқиб турибди.
Милиционер йигит ўйлаб ўтирмай ўзини сувга отди. Азимжоннинг қўлини қамишдан бўшатиб, соҳилга олиб чиқди. Бошини пастга қилиб ётқизди-да, кўкрагидан қаттиқ босди. Азимжоннинг оғзидан бодринг билан сув отилиб чиқди.
Шу пайт ёрдамга чақирган аёл етиб келди. У тинмай хансирар, зўриққанидан қўллари титрарди.
– Нафас оляптими? – рўмолини ўрай туриб сўради.
– Билмайман, – деди усти шалаббо бўлиб кетган милиция ходими.
Бир лаҳза ўйланиб турди-да, сувга тушишдан олдин ажириқзорда қолдирган телефонига ёпишди.
– «Тез ёрдам» етиб келгунча бола тамом бўлади… Таниш таксичи бор, чақираман. Касалхонага олиб бориш керак!
У телефон тугмаларини босаркан, ҳушсиз ётган боланинг юзларига уриб-уриб қўйди:
– Укача, кўзингни оч!.. Алё, оғайни, бу мен, Шокирман. Шу ердамисан?.. Яхши, тезроқ кўл бўйига туш!
Шокирнинг тепасида энгашиб турган аёл бирдан ўкириб йиғлаб юборди:
– Нега чўктиради?! Жодугар!.. Кими бўларкан у? Бола ўзи эргашиб келди-ку? Қўйларни хайдаб кетаётгандим, шу ерда ўтлатаман… Болани додлаганини эшитиб қолдим. Қарасам, бошидан сувга босяпти! Қўрқиб кетдим! Болани сўймоқчи деб ўйладим! Қўрқдим, қўлида пичоқ кўрингандек бўлди!
Шу пайт чинор остига қаймоқранг «Матиз» келиб тўхтади.
– Шокир!Нима гап? – ҳайрон бўлиб сўради ҳайдовчи.
– Оғайни, болани чўктиришган, тезроқ олиб бормасак бўлмайди.
«Матиз»нинг эгаси орқа эшикни очди. Шокир Азимжонни кўтариб машинага ўтирди. Эшикни ёпаётганида иккинчи милиция ходими Бувхолни тутиб келиб қолди. Шокир кабинадан бошини чиқариб:
– Бўлимга олиб бор! – деди-да машина эшигини ёпди.
«Матиз» ғизиллаб катта кўчага отилди.
– Хотин кишиям шунақа тез югурадими! – Погонида сержантлик белгиси бор йигит Бувхолнинг кишанланган қўлидан тортди. – Кимнинг боласи эди?
– Ўзимни болам… Кенжа ўғлим.
– Нима?!
Сержант ҳайрон бўлиб қолди. Бироз жим турди-да:
– Алдаманг, барибир қўйиб юбормайман, – деди.
– Алдаётганим йўқ, – ҳиқиллади Бувхол. – Сиз мени турмушимни билмайсиз! Ҳаётдан куйганман! Эрим бошқа билан юриб кетган. Ўшанга басма-бас қилдим! Шунақа-а!
Бу гапларни эшитиб сержантнинг оғзи очилиб қолди:
– Шунга-ми?! – деёлди ишониб-ишонмай.
Ҳамон кўл бўйида ўтлаб юрган қўйларига тикилиб турган аёл ҳамма гапларни эшитди. У титраб-қақшаб Бувхолнинг олдига келди.
– Эрингдан ўч олиш учун болангни чўктирдингми?! – деди овози қалтираб.
– Ҳа!
Аёл бор кучи билан Бувхолнинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Бу зарбанинг овози кўлда ҳам акс садо берди. Бувхол гандираклаб кетди.
– Ўлганинг яхши, бу кунингдан!
Аёл яна Бувхолга ташланганида сержант ўртага туриб олди:
– Опа, қонун бор, жиноятига яраша жазо олади.
* * *
Азимжонни туман касалхонасида реанимация шифокори Одил Каттахонов қабул қилиб олди.
– Интенсив постга! – деди боланинг юрагини эшита туриб.
– Тирикми? – боланинг муздек баданини ушлаб сўради ҳамшира.
– Юраги жуда суст уряпти. Тезроқ бўлинглар! Йўқотиб қўямиз!
Азимжон интенсив хонадаги кушеткада деярли жонсиз ётарди. Лаблари кўкарган, бадани мармарсимон рангда. Доктор кўз, лаб шиллиқ қаватларини очиб кўрди: оч пушти рангда. Ўпкасига фонендоскопини тутганда нотекис хириллаш эшитилди.
– Отсос! – деди.
Ҳамшира жажжигина мосламани ишга туширди. Хонага бўғиқ ғўриллаган товуш таралди. Одил Каттахонов нозик пластик ичакни ҳамшира идишда узатган сувга ботирди.
– Яхши, ишлаяпти, – деди.
Кейин Азимжоннинг бурни, сўнгра оғзини тозалашга киришди. Идишга лойқа, кўкимтир суюқлик оқди.
– Кардиамин! – деди доктор боланинг ёнбошига ишора қилиб.
Ҳамшира қарсиллатиб дори шишасини синдирди. Игна санчаётганида Азимжон ингради.
– Яхши, – деди доктор. – Венага преднизолон юборамиз. Кейин қирқ фоизли глюкоза… Тез, қизлар!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.