Электронная библиотека » Абдужалол Рахимов » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Мугат фолбин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Абдужалол Рахимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 8 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ҳамширалар иситиш чироқларини ёқишди.

Аста-секин Азимжоннинг терисига ранг кира бошлади. У кўзини очди. Бироз олазарак қараб турди-да, йиғлаб юборди.

– Қўрқма, – деди ҳамшира. – Яхшисан! Мана, ҳаммаси ўтиб кетди… Отинг нима?

Ҳамшира Азимжоннинг оғиз-бурнини беркитиб турган кислород маскасини ечди. Бирдан болани қалтироқ босди.

– Мени ўлдирмайсизларми?! – деди йиғламсираб.

– Биз сени ҳаётга қайтардик, жиннивой, – деди ҳамшира. – Мелиса амакинг қутқарди.

– Мен мелиса амаки билан кетаман, – деди Азимжон синиқ овозда.

Кечга яқин Маматқул касалхонага келди. Бу пайтда Азимжон анча ўзига келиб қолган, олдида ўтирган ҳамшира билан гаплашиб ётарди. Ҳамшира ўрнидан туриб Маматқулга жой кўрсатди. У курсига ўтириб, ўғлига эгилди.

– Дада-а, – деди йиғламсираб Азимжон. – Энди кетиб қолмайсизми?

– Йўқ, кетиб қолмайман. Тузалиб кетсанг бўлди, ўғлим!

– Дадангни қучоқлаб қўй! – деди уларни кузатиб турган ҳамшира.

Азимжон ҳолсиз қўллари билан дадасининг эгилган бошидан қучоқлади.

Маматқулни кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.

* * *

Бу воқеанинг тафсилоти Бувхол устидан бўлиб ўтган судда муфассал аниқланди. Эшитганлар даҳшатга тушишди.

Ниҳоят, айблов фикрини ўқиш учун прокурорга сўз берилди. Ёш, забардаст гавдали бу прокурорни одамлар «қаҳри қаттиқ» дейишарди. У ўрнидан туриб, бироз жим қолди. Сўнгра, эслаб қолмоқчи бўлгандек, темир панжара ортида ўтирган Бувхолга бироз тикилиб турди ва қўлидаги қоғозга қарамасдан сўз бошлади:

– Олимлар маймуннинг онги, боласига меҳрини синовдан ўтказмоқчи бўлишибди… Она маймун боласи билан махсус идишга жойлаштирилибди. Кейин, секин-аста бу идишга сув қуя бошлашибди. Маймун дарҳол боласини авайлаб қўлига олибди…

Сув маймуннинг белигача кўтарилганида, – дея давом этди прокурор, – боласини боши узра даст кўтарибди!

Суд залидан: «Ана, жониворам болам, дейди-да!», деган аёл товуши эшитилди. Прокурор эътибор бермай давом этди:

– Сув маймуннинг бўғзига кўтарилганда… боласини оёғи остига ташлаб, унинг устига чиқиб ўз жонини асраган экан!

Прокурор бироз жим бўлиб қолди. Залдагилар ҳам сукутда эдилар. Суд ҳайъатлари совуққон прокурорнинг одатдан ташқари айблов фикрини ҳайрон бўлиб тинглашарди.

Прокурор яна темир панжара ортидаги Бувхолга қаради:

– Сиз, она! – дея бақирди у. – Сиз, нимангизни асраш учун ўз болангизни… сувга бўктирдингиз?!

Забардаст прокурорнинг ҳайқириғидан дераза ойналари чил-чил синиб кетгандек бўлди.

2012 й.
ҚУНДУЗХОН

Қундузхон «суднинг қора курсиси» нималигини ҳукм ўқилаётганида билди. Судьянинг «бир йил озодликдан маҳрум қилиш», деганини эшитиб боши устида жаллоднинг қиличини кўрди. Капалаги учиб кетди. Бутун баданида титроқ турди. Наҳотки, у қамалади?! Нима учун? Паймонқулни севгани учунми? Ахир… ҳаммасини уни деб қилди-ку?! Шу ҳолатда ўтираркан, Паймонқулни биринчи марта учратган кунини эслади…

…Қундузхон қаҳратон қишда эридан ажрашиб, Сирдарё бўйидаги қишлоққа, онасиникига қайтиб келди. Қўлидаги қизи энди икки ёшга тўлганди. Онасининг «уйингга қайт», дейишларига қулоқ солмади. «У пиёниста билан яшолмайман», деди. Дардини фақат қўшни келин Заршода тушунди.

– Қундузхон, ўртоғжон, мениям аҳволим сеникидан яхшимас, – деди у. – Бир кун ҳам турмасдим бу эр билан. Акаларимдан қўрқаман. Туғилган уйимда жой йўқ, мен бечорага. Эр ўлгур эрта саҳардан отволади. Кун бўйи оғзи сасиб юради. Бу эркаклар бутилка қучоқлаб туғилганми, нима бало…

– Меникини аҳволиям шу эди, – хўрсинди Қундузхон.

– Қўявер ўртоғжон, кўклам келса далага чиқиб кетамиз, иш кўп.

… Орадан кунлар ўтиб, кўклам келди. Баҳор ерни ёриб чиқаётган майсалар, куртаклаётган яланғоч дарахтлар билан бирга диллардаги мудроқ ҳисларни ҳам уйғотди. Далалар, қирлар оралаб ёйилиб кетган фермер хўжаликларида иш бошланди.

– Эрим билан дала шийпонига кўчиб борамиз, – деди бир куни Заршода. – Сен ҳам юр! Ишчилар керак, дейишяпти. Уч маҳал овқат фермердан, ишлаган ҳаққингни ҳам оласан. Оёқ-қўлинг бут. Онангни пенсиясига қараб ўтираверасанми?

Заршоданинг бу гапи Қундузхонга жўяли туюлди. Уйда сиқилиб кетди. Қизи бўлса, онасига ўрганиб қолган.

Қундузхон фермернинг шийпонига келиб оғзи ланг очилди. Бу ер аввалги ғариб дала шийпонларига сираям ўхшамасди. Эски шийпоннинг уч хона-ю, айвони таъмирланган. Ёнидан қатор қилиб пишган ғиштдан ўн чоғли хоналар қурилган. Ундан нарида тракторлар учун ҳам тўртта бостирма бор. Ҳовли саҳни боғ. Ток новдалари ипакдек чиройли қилиб таралган.

– Икки хонада биз яшаймиз, – деди Заршода. – Ёнимиздаги хона сеники. Янги қурилган уйларда эркаклар туришади.

– Нима иш қиламан? – деди Қундузхон иккиланиб.

– Қўрқма, ўртоғжон, сен ишчиларга овқат пиширасан. Фермер билан шундай келишдик. Иш қизиган пайтда ҳамма шу ерда бўлади.

Заршода уни ошхонага бошлаб борди.

– Бугунча беш кишига мошхўрда қилсанг бўлди. Эплайсанми, ё қарашворайми?

– Ҳар куни қиладиган ишим-ку, – деди Қундузхон.

Заршода эрини ёнига кетди. Эри фермер хўжалигида тракторчи. Шу кунларда чигит экишдан бўшамайди. Болалигидан далада ишлаган Заршода сеялкада ўтиради. У ўт-олов феъли туфайли эри билан муроса қилиб келади.

Қундузхон мошхўрдага гуручини солиб, айвондаги хонтахтага дастурхон ёзди. Шу пайт тўп-тўп этган қадам товуши эшитилди. У ялт этиб ўша томонга қаради. Шийпонга ўрта бўйлик, қотмадан келган, елкасига терини артадиган оқ қийиқ ташлаб олган йигит кириб келарди. Оёғидаги қўнжи қайрилган қўпол этиги асфальтланган йўлакка урилганда «тўп тўп» этган овоз чиқади. Эркак яқинлашганида Қундузхон яна қаради. У ўттиз ёшлардаги, қорачадан келган нотаниш йигит эди. Чақнаб турган кўзларига нигоҳи тушганда қўрқиб кетди. Юраги бир қалқиб, оёқлари бўшашди. Танидаги қувватини биров сўриб олгандек бўлди. Каловланиб айвонда тураркан, йигит бир кўз қирини ташлади-да боғ томонга ўтиб кетди.

Қундузхон эридан ажрашганидан кейин ҳеч кимга қайрилиб қарамаганди. Бир-икки бева эркаклар оғиз солишди. «Эрга тегмайман», деди қисқа қилиб. Ҳозир бу йигитнинг орқасидан тикилиб қолганига уялди. Ўзини тутиб олиб ишини қилаверди.

Нотаниш йигит белигача ечиниб, ариқда ювинди. Кейин узум ишкомлари ортида кўринмай кетди.

Шийпонга тўрт ишчи олдинма-кейин кириб келишди: Заршода, эри, яна икки эркак.

– Паймонқул ака келдими? – деб сўради Заршода.

Қундузхон ишком томонга ишора қилди:

– Ким у?

– Чигитга дори аралаштириб туради. Сурхондарёлик. Буниям уйи бузилиб келиб қолган. Ажрашганига икки йил бўлибди. Эрим шу кишигаям рашк қилиб ўлади. «Паймонқул ака» дема эмиш. Нима дей? Ёши мендан катта бўлса. «Сурхондарёлик» деб қўя қоламан.

– Ғалати, индамас экан.

– Шунақа, камгап. Ҳеч кимга зиёни йўқ. Ҳамма ишни қилиб кетаверади.

– Ўша ёқда турадими? – Қундузхон узумзор ортини кўрсатди.

– Ўзига тахтадан сўри қиволган. Ўшатта ётади. Тоғлик қишлоқдан экан.

– Хм.

Ишчилар ювиниб, хонтахта атрофига ўтиришди. Қундузхон уларга овқат суза бошлади.

– Иккаламиз сени хонангда ичақоламиз, – деди Заршода.

– Яхши бўларди.

Қундузхон яна Паймонқулни кўришдан чўчирди. Лекин, бунинг иложи бўлмади. Заршода хонада ўзларига жой тайёрларди. Қундузхон икки қўлида овқат билан хонтахта олдига келганида яна Паймонқулга дуч келди. У пастдаги кўрпачада ўтирарди. Косаларни олаётганида кафти Қундузхоннинг бармоқларига олов бўлиб тегди. Оёғи дармонсизланиб, ўчоқбошига қайтди. Охирги косани олиб келганида яна шундай бўлди. Бу сафар Паймонқулни қўллари унинг бармоқларини силаб ўтди. «Атайлаб қилдими? – дея ўйлади. – Сездими?.. Ўзимга эҳтиёт бўлишим керак!».

… Икки ҳафта шу алфозда ўтди. Паймонқул билан бир-икки оғиз гаплашишди. У камгап экан. Эркаклар билан ҳам иш юзасидангина гаплашарди. Лекин, ишчилар Паймонқулни ҳурмат қилишади. Қундузхон уни ювинаётганида ҳам кўрди: билак мушаклари ўйнаб, баданидан куч ёғилиб турарди.

Паймонқул ҳам Қундузхонга яқинлашишга ҳаракат қила бошлади. Буни Қундузхон сезди. Бир сафар кийимларини ювиб беришини илтимос қилди. Ёлғиз учратганида ҳаётини суриштирди. Ўрталарида илиқлик пайдо бўлди.

Ёзда далада иш қизиди. Заршоданинг эри хуфтонгача трактордан тушмайди. Қишлоқдан қатнайдиган яна бир тракторчи унга шерик. Паймонқул тунда ҳам ғўзага сув қўяди. Навбат билан ухлаб олишади. Қундузхоннинг иши кўпайди. Энди катта қозонда овқат пишради. Тунги сувчиларга чой қайнатиб беради.

Бир куни кечки овқатдан кейин Заршода билан эрини қишлоққа чақиришди. Тўрт яшар ўғиллари иситмалаб қолибди.

– Бир ўзинг қўрқмайсанми? – деди Заршода Қундузхонга.

– Нимадан қўрқаман, ит хуриб ётибди-ку.

– Паймонқул келиб қолар.

Қундузхон индамади. Паймонқул келиб қолишини у ҳам жуда-жуда истарди. Ишларини тамомлаб, хаёл суриб ётиб ухлаб қолди.

Шийпондаги катта олапарнинг овозидан уйғонганида тун яримлаганди. Ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Электр чироғининг хира ёруғида Паймонқулнинг шарпаси кўринди. Қундузхон шошиб унинг истиқболига чиқди.

– Чой дамлаб берайми?

Паймонқул унга тикилиб қаради:

– Майли, – деди.

Қундузхон ўчоқда илиб турган қумғонга ўт ёқди. Бир зумда қумғон қайнади. Катта чойнакка аччиқ қилиб кўк чой дамлади. Нима қилсин? Хонтахтага жой қилиб чақирсинми? Ёки ўша, ёғоч сўри қўйган жойига олиб борсинми? Яхшиси, ўзидан сўрайди.

Ойдин кеча эди. Моҳитобнинг сирли ёғдуси йўлини ёритди. Яқинроқ бориб Паймонқулни чақирмоқчи бўлди. У ишком остидаги сўри олдига келди. Нима деб чақиришни билмай иккиланди.

– Бориб, чой ичасизми? – деди.

Паймонқул даст ўрнидан турди. Қўли беихтиёр Қундузхоннинг белига бориб қолди. У чўчиб кетди. Паймонқул уни қучоқлаб олди. Қундузхоннинг типирчилашига эътибор ҳам бермай юз-кўзларидан ўпа бошлади. Бироз қаршилик кўрсатиб, аёл ҳам қандай қилиб унинг бўйнидан қучоқлаганини билмай қолди…

Ярим соатлардан кейин иккилари ҳам ёғоч сўрида оёқларини осилтириб ўтиришарди.

– Энди нима бўлади? – деди Қундузхон овози қалтираб.

– Эртага никоҳлаб оламан, – Паймонқул одатича гапини қисқа қилди.

Қундузхон унинг кўксига бош қўйди.

«Индамас» эртасига айтганини қилди. Заршода тушликка келганида Қундузхонни бир четга торди:

– Паймонқул ака эримга «совчиликка боринг», дебди.

– Кимга?

Қундузхон шундай деди-ю, дувв қизариб кетди. Заршода уни биқинидан чимчилади:

– Кўз қисишиб юрганларингни сезувдим. Балосан! Нима, йигитмисан йигит… Бораверайликми?

– Майли, – деди Қундузхон ерга тикилиб.

– Холам биладиларми?

– Бугун бориб айтаман.

… Шу билан ҳамма иш жадаллаб кетди. Эртасига тушдан кейин никоҳ ўқитиб, уч-тўртта қўни-қўшни, қарияларни чақиришди. Расмий никоҳдан дала ишлари тугагандан кейин ўтадиган бўлишди. Паймонқул Қундузхоннинг қизини тиззасига олиб ўтирди. Уни ўз қизидек кўришга сўз берди. Ҳозирча шу уйда, Қундузхонларникида турадиган бўлишди. «Уйимни эркаги йўқ. Ўғлимдек бўлиб кетар, – деди кампир кўзига ёш олиб. – Қундузхонни биринчи эри аллақачон уйланибди. Қизимнинг боши очиқ. Ҳеч ким таъна қилолмайди. Тақдир-да бу…»

Паймонқул куёв бўлган биринчи кунданоқ кампирнинг ишончини оқлади. Фермернинг ишидан бўш вақт топиб ғизиллаб қишлоққа келди. Қайнонасининг «қўяверинг, чарчагансиз, вақти бўлар буниям», дейишига қарамай уйнинг тушган жойларини сувади. Орадан икки кун ўтиб оҳак топиб келиб, оқлади. Ҳовлига жон кирди гўё. Келгуси ҳафтада узумларни хомток қилди. Бу қора чайир чарчаш нималигини билмасди. Заршода ҳам Қундузхонга ҳавас қилди: «Эримга қўшилиб ичиб кетадими, дегандим. Меъёрини биларкан. Темирга ўхшайди бу эринг. Эҳтиёт бўл, қўлдан чиқарма».

Паймонқулнинг «қўлидан чиқиб кетиши» Қундузхоннинг хаёлига ҳам келмаганди. Дугонаси Заршоданинг гапидан юраги орқага тортди. «Ҳеч қачон, ҳеч кимга бермайман, – деди ўзича. – У ўлгунимча меники! Энди дунёга келгандек бўлдим. Қани, биров кўз олайтирсин-чи!».

Унинг эрига ҳеч ким кўз олайтирмади. Индамас Паймонқул бой-боягидек Қундузхонга талпинарди. Уку, қўйиб берса, Паймонқулни ёнидан жилдирмаса.

Ширин энтикишлар билан ойлар ўтди. Куз келиб, йиғим-терим бошланди. Фермер буғдойдан бўшаган ердан Паймонқулга томорқа берди. Томорқа ер Паймонқулга икки ҳисса тегди: Қундузхоннинг улуши ҳам бор эди. Паймонқул бу ернинг бир қисмига маккажўхори, қолганига ерёнғоқ экди. Экинларини ишдан кейин, тунлари суғорар, ғира-шира тонгда туриб кетмон билан ерёнғоқ пушталарига кириб кетарди.

Пахта терими охирлаганда маккажўхори етилди, ерёнғоқ пишди. Бирам ҳосил бўлди, бирам! Паймонқулга ҳамма ҳавас қилди. «Тер тўкди йигит, баракасини берсин», дейишди. У маккажўхори сўталарини қайириб келиб кампирнинг ҳовлисини тўлдириб ташлади. Пояларини ўша ерда қуритиб, оғилхонага босди: «Сигир қиламиз», деди қисқа қилиб. Ерёнғоқ ҳосилиям йирик-йирик, оппоқ, тилладек бўлди. Қуритиб қопланганда унинг омборхонаси шифтигача лиммо-лим тўлди.

Қундузхон бахт дарёсига боши билан шўнғиганди гўё. Сувларидан симириб тўймасди. У даладалигида қизи кампирга ўрганиб қолган экан. Онаси билан кўпда иши ҳам йўқ. Энди Қундузхон ўзи билан Паймонқулни боғлайдиган риштани интизорлик билан кута бошлади. Узоқ кутмади. Йиғим-терим тугаб, бутунлай уйга қайтганларида ҳомиладор эди. Буни ҳеч кимга айтмади: кўз тегишидан қўрқди. Лекин, тез орада бошқа қўрқинчли воқеа юз берди.

– Сурхондарёга бориб келаман, – деди Паймонқул бир куни.

Бу гап Қундузхоннинг кўксига ханжар бўлиб санчилди. Танидан қон сачрамади-ю, этидан тирноғигача ситилиб оқди. Тиззаси қалтираб, нима дейишини билмай қолди.

– Йў-ўқ, – деб деворга сирғалиб, кўрпачага ўтириб қолди.

– Паспортимни бер, – деди Паймонқул унга эътибор бермай.

– Паспорт… йў-ўқ, – деди яна Қундузхон.

Паймонқул ҳаммасини тушунди. Индамай уйдан чиқиб кетди. Шу бўйи қайтиб келмади. Қундузхон унга «йўқ» деганига ўкинди. Ахир, уйига бориб, қайтиб келарди-ку?

Орадан бир ой вақт ўтди. Паймонқул қайтмади. Шу бир ой ичида Қундузхон нима бўлса бўлди. Озиб кетди. Асаби тез-тез бузилади. Онаси унинг аҳволидан хавотирга тушди. «Чин дунё бўлса, қайтади, қўявер», дейди ҳар сафар унинг кўз ёшини кўрганида.

– Орқасидан бораман! – деди ниҳоят Қундузхон Заршодага дардини айтиб. – Паспорти менда!

– Қийналиб қоласан, қаҳратон қиш бўлса… – Заршода унинг қаппайиб қолган қорнига ишора қилди.

– Бошқа иложим йўқ. Чидолмайман! Энди бахтимни топдим деганимда… Уни яхши кўраман!

– Иложи бор. Милицияга ёзиб бер! – Заршода йўл кўрсатди.

– Ёзиб бераман!

– Ёз!

– Нима деб ёзаман? – ҳиқиллади Қундузхон. – Ташлаб кетди, десам олиб келиб беришадими?

– Бирон нарсангни… олиб кетган, – деб ёз.

– Пул олиб кетган, – деб ёзаман!

Қундузхон худди шундай қилди. «Беш миллион сўм пулимни олиб кетди» деб Ички ишлар бўлими бошлиғи номига ариза ёзди. «Энди Паймонқулни олиб келиб беришади» деб кута бошлади.

Бироқ …ҳамма машмаша шундан кейин бошланди. Паймонқулни Сурхондарёдан олиб келишди. Аммо, унинг олдига эмас. Ҳибсда сақлаб, Қундузхонни терговга чақиришди. Қундузхоннинг юрагига росмана ғулғула тушди: «Нима бўлади? Паймонқулни қамашадими? Буёғини ўйламабди. Хам сут эмган банда. Товуқ мия! Энди ростини айтса-чи?»

Қундузхоннинг боши ғовлаб кетди. Терговчини хонасига кирганида ана шундай аҳволда эди.

Сочига оқ оралаган терговчининг олдида Паймонқул ўтирарди. Унга кўзи тушиб ғалати бўлиб кетди. «Ранги кетиб қолибди, – ўйлади у. – Бу ерда оч қолган. Ҳаммасига мен айбдорман!»

Паймонқул унга тикилиб бир қаради-ю, индамади.

– Синглим, энди ростини айтасанми? – деди терговчи бехосдан.

«Ҳаммасини билишибди, – ўйлади Қундузхон. – Шарманда бўлдим! Унинг кўнгли қолди мендан. Бир оймас, юз йил кутсам бўлмасмиди…» Унинг боши чир айлана бошлади. Кўз олди қоронғилашди. Кўнгли айниди. Қорнидаги бола безовталанди…

Уни Паймонқул ушлаб қолди. Терговчи узатган сувни ичирди. Аммо, бир оғиз сўз демади.

– Ҳомиладорман, яхши кўраман, – дея ғўлдиради. – Ҳеч қандай пул олмаган.

Қундузхоннинг кўзидан дув-дув ёш оқарди. У карахт ҳолда қанча ўтирганини билмайди. Терговчи қандайдир қоғозларга қўл қўйдирди.

– Туҳмат қилиб, жиноят ҳақида ёлғон хабар ва ёлғон кўрсатма бергансиз, – дея таъкидлади у. – Паймонқулни қўйиб юборамиз. Энди, сиз жавобгар бўласиз, у – гувоҳ. Қишлоқдан ҳеч қаёққа кетмай туринг! Қўл қўйгансиз…

Паймонқул билан иккилари олдинма-кейин чиқиб кетишди.

– Уйга борамиз? – деёлди Қундузхон кўчага чиққанларида.

– Шийпонга бораман. Ишим бор, – гапни калта қилди Паймонқул.

… Қундузхон Паймонқулни саот сайин, кун сайин кутди. Келишини сўраб Худога илтижо қилди. Юрагида изтиробли бўрон. Қишлоқда ҳаёт ҳар доимгидек сокин эди. Ҳамма ўз иши, ташвиши билан банд. Паймонқул шийпондан бери келмади.

… Улар бир ҳафтадан кейин судда учрашишди. Паймонқулни кўриб юраги сирқираб кетди. У биринчи учрашган кунларидагидек бардам, кўзлари чақнаб турарди.

Қундузхон судда терговчига берган кўрсатмаларини тасдиқлади.

Ҳукм ўқилаётганда «Паймонқул бу ердан чиқиб уйга борармикин?» дея ўйларди. Судянинг «Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, унга тайинланган жазони шартли деб, бир йил синов муддати белгилансин», деган сўзларини элас-элас эшитди.

2012 й.
ФИРИБГАР

Терговчи Санжар Муродов cўроқ ҳужжатларини тартибга солиб ўтирарди. Хонага навбатчи қисмдаги сержант кириб келди.

– Санжар ака, бунақасини кўрмагандим! – У ҳаяжонини яширолмасди. – Худди кинодагидек! Арз қилиб келганларни олиб кирайми?

– Аввал тушунтиринг, – унга қаради терговчи. – Нима гап?

– Иккита девдек-девдек йигит олдинма-кетин кириб келишди. Иккаласиниям фирибгар аёл лақиллатган! Бунақа содда йигитларни кўрмагандим. Биттаси фақат сизни сўраяпти. Яна…

– Олиб киринг!

Сержант гапини тугатолмай чиқиб кетди. У, Санжар Муродов вақтини беҳуда ўтказмаслигини яхши биларди. Терговчининг сочларига оқ оралаган. Келгуси йили нафақага чиқади. Аммо, ишда ҳеч ким унинг олдига тушолмайди. Санжар Муродов киришса, қилни қирқ ёрадиган жиноятчи ҳам қопқонга тушиб, типирчилаб қолади. У фош этган жиноятлар афсонага айланиб, тилдан-тилга кўчиб юради.

Ўзини анча босиб олган сержант ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги иккита йигитни бошлаб кирди. Улар қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришди. Санжар Муродов алик олди. «Қишлоқ йигитлари экан, – хаёлидан ўтди. – Кенгчиликка ўрганишган, кўнгиллари ҳам кенг. Бундайларни алдаш осон. Фирибгар мана шунақаларни қармоғига илинтиради-да.» Йигитлардан озғин, қорачадан келган, ўрта бўйлиси қўлидаги қоғозни узатди.

Санжар Муродов шикоят аризасига тез-тез кўз югуртирди. Унда шундай ёзилганди:

«Мен бозорда сигиримни сотиб, «Москвич» машинамда қишлоққа қайтаётгандим. Йўлда бир аёл қўл кўтарди. «Гулобод» маҳалласига олиб кетинг», деди. Йўл-йўлакай бошига бир иш тушганини гапириб борди: Эри билан «Дамас» автомашинасида юк олиб кетаётган экан. Йўлда машиналари олдиндаги «Нексия»га урилган. «Нексия» ҳайдовчиси бир миллион сўм талаб қилибди. Аёл, «Пул топиб берсангиз, тилла тақинчоқларимни гаровга қолдираман, икки соатда қарзимни фоизи билан қайтараман», деди. Аёлга молни пулини, бир миллион сўмни бердим. У менга бир жуфт зирак, тилла занжири, узугини қолдирди. «Буларнинг нархи камида бир ярим миллион сўм» деди. У манзилимни ёзиб олди. Кейин машинадан тушди. Мен уйимга кетдим. Тилла тақинчоқларни хотинимга кўрсатганимда, «ҳаммаси қалбаки» деди».

Шикоят аризасининг остига «Бахтиёр Ҳакимов» деб имзо қўйилган.

– Аризани ким ёзди?

– Қишлоқда… адабиёт ўқитувчимиз Ҳайдаржон ака.

– Молни бозорга қандай машинада олиб бординглар? – терговчи ҳамон тик турган Бахтиёрга қаради.

– Э-э, ака, сигирни «Москвич»да обориб бўмайдику! Ҳар якшанбада қишлоқдагилар йиғилишиб, юк машина кира қилишади. Молни шуларга қўшиб юбордим. Ўзим эски «Москвич»имда боравердим. Шуни ёзмабди Ҳайдаржон ака.

– Аёлнинг исми нима экан?

Бахтиёр каловланди:

– Сўрамабман, – деди бошини қашиб. – Сигирни пули кўпаяди, дебман.

– Паспортини ҳам кўрмагансиз, албатта.

– Шу, эсимга келмабди.

– Кўриниши қандай эди?

– Яхши кийинган… Эллик ёшларда. Келишган, – у терговчига қараб олди, – қорача аёл.

– Алоҳида белгилари борми?

– Й-йўқ… Тепа лабида чандиғи бор! Ҳа-ҳа, чандиқ!

– Худди ўзи! – деб юборди Бахтиёрнинг ёнидаги йигит.

Санжар Муродов, қўлини чўзганича нимадир демоқчи бўлаётган йигитга қаради. Бу йигитнинг бўйи Бахтиёрдан анча баланд, кўзлари катта-катта, икки чеккаси осилган мўйлови ўзига ярашиб турибди.

Терговчи ўтиришга ишора қилди. Йигитлар қарама-қарши турган курсиларга чўкишди. Санжар Муродов бўйдор, мўйловлик йигитга қаради:

– Сизни аризангиз қани?

– Ҳали ёзганим йўқ… Мениям худди шунга ўхшаган аёл…

– Лақиллатиб кетди, демоқчимисиз?

– Ҳа-да, – ерга қаради йигит.

– Исм-шарифингиз?

– Дадаев Фарҳод… Отамдан қолган «Жигули» бор, кира қиламан. Тирикчилик-да, ака.

– Хў-ўп?

– Тошкентга, Сирғалидаги бозорга кетаётгандим, – у яна терговчига қаради.

– Кейин-чи? Ҳаммасини бир бошдан айтаверингда! Ёш боламассизлар-ку?

– Машинамга запчаст олгани кетаётувдим, – энди Фарҳод дадил гапира бошлади. – Пул бор. Ўша, тепа лабида чандиғли аёл йўлда тўхтатиш учун қўл кўтарди. Бир-икки сўм зарар қилмайди, дедим-да, тўхтадим. У машинага чиққанидан эрининг «Дамас»и «Нексия»га урилганини айтишга тушди. Ҳар гапида «ўргулай сиздан» дейди…

– Шунақа, «ўргулай сиздан»ни кўп айтди менгаям! – қўшилди Бахтиёр.

Терговчи қўлини кўтариб, «жим» ишорасини қилди. Бахтиёр бир Санжар Муродовга, бир Фарҳодга тикилганича жим бўлди. Ёзнинг охирги кунлари бўлишига қарамай ҳаво иссиқ эди. Хонанинг деразаси очиб қўйилган. Лекин, ичкари дим. Йигитларнинг пешоналари иссиқданми ё ҳаяжонданми тер томчилари билан қопланган. Улар бошларини эгиб, жим бўлиб қолишди.

– Қанча пул сўради? – терговчининг саволи Фарҳодни ўзига келтирди.

– Саккиз юз минг.

– Бердингми?

У «тасдиқ» маъносида бошини қимирлатди:

– Икки соатдан кейин фоизи билан қайтараман, деди. Уяли телефонимниям ёзиб олди.

– Гаровга тилла бердими?

– Қаёқдан билдингиз?! – Фарҳод ажабланди.

Санжар Муродов унинг саволига эътибор бермади.

– Тилласи қалбаки, албатта, – деди ниманидир эслашга уриниб.

– Қалбаки экан, – тан олди Фарҳод. – Заргарга текширтирсам, «қалбаки» деди. Кейин, бу ерга келдим.

Фарҳод чўнтагидан тилладек ялтираб турган тақинчоқларни чиқарди. Бўш қўли билан мўйловини силади. Терговчига тикилиб, тақинчоқларни столга қўйди:

– Мана, сирға, занжир, узук.

Буни кўриб Бахтиёр ҳам гаровга қолдирилган «тилла»ларини столга ташлади. Улар бир хил эди: зирак, занжир, узук. Фарҳод Санжар Муродовга заргарнинг хулосасини ҳам узатди. У, хулосага кўз югуртириб, Фарҳодга бир варақ қоғоз узатди:

– Сиз ҳам шикоят аризаси ёзиб беринг!

– Нима деб ёзай ?

– Қандай алданган бўлсангиз, шундай ёзинг! «Мен, фалончи» деб…

Санжар Муродов йигитларга бир «сен», бир «сиз»лаб мурожаат қилаётганини сезмасди:

– Исмини айтмагандир?

– Айтди! – Фарҳод худди пулларини қайтариб олаётгандек суюниб кетди. Мўйловини силаб қўйди. Кўрсаткич бармоғини кўтариб, овозини баландлатди: – Айтди, Маржона-а, деди!

– Маржона?!

– Ҳа!

– Адашмадингми, ука?

– Йўқ. Мен унга ҳазил ҳам қилдим… Э-э-э, шунчаки…

Терговчи унинг ғўлдираб айтган кейинги гапларини эшитмади. Юзидаги ифодани яшириш учун ўрнидан туриб, очиқ деразадан ташқарига тикилди. Иккинчи қаватдан туман марказидаги кўҳна маҳалланинг жинкўчалари кафтдек кўриниб турарди. Маҳалланинг сақланиб қолган бу тарихий қисмида эски уйлар деярли қолмаган. Лекин, катта йўлга олиб чиқадиган қулай йўлакларга тегилмаганди. «Наҳотки, ўша аёл бўлса, – дея ўйларди у. – Белгилари ҳам ўхшаяпти. Юрмаган ери йўқ. Бу томонларда ҳеч ким танимайди, деб ўйлаган бўлиши мумкин. Исмини нега айтади? У бундай эҳтиётсизлик қилмасди-ку. Оғзидан чиқиб кетганми? Харом еб ўрганган тузалмас экан-да…». У ортига ўгирилиб, қоғозга мук тушиб ўтирган Фарҳодга қаради:

– Бўлдими?

– Мана, бўлди. – Фарҳод пешонасидаги терни артиб, қўлидаги қоғозни терговчига узатди.

Санжар Муродов аризани олиб, столга қўйди:

– Бораверинглар, ўзимиз чақиртирамиз, – деди.

– Топиладими, ака? – Бахтиёр илтижо билан тикилди. – Хотинимнинг олдида шарманда бўлдим!

– Шунчалигам содда бўладими одам? – Санжар Муродов яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин индамай қўл силтаб қўяқолди.

– Бўлди! – Фарҳод қўлини кўксига қўйди. – Бунақа «савоб» қилиш йўқ энди.

Улар чиқиб кетишди. Терговчи компьютерга ўтириб нималарнидир излай бошлади.

* * *

Фарҳод билан Бахтиёр узун-қисқа бўлиб Ички ишлар идорасидан чиқишди. Иккаласининг ҳам диққатлари ошганди.

– Топармикан? – деди Бахтиёр. – Ё, молни пули арқонини ушлаб кетдими?

– Топади! – деди Фарҳод ишонч билан. – Бу терговчини Тошкентдаям яхши билишаркан. Ушлаган жойини қўйвормайди, дейишади.

– Қаёқдан билдинг? – Бахтиёр ажабланди.

– Қўшним мелиса, ўша айтди. «Санжар Муродовга кираман», деб турволганим шундан. Бўлмаса, сениям бошқа терговчига дуч қилишарди, ошна.

– Агар пулимни топиб берса, чойхонага эрийман, – кулди Бахтиёр.

– Кимга?

– Сенга-да … танишганимизга.

– Қорним очди, ҳозир эриб қўяқолмайсанми? – деди Фарҳод ярим ҳазил, ярим чин қилиб.

– Анов хотинга пул бераётганингда шу айёрлигинг қайда эди?

– Сеники-чи, оғайни?

Улар кулиб юборишди. Бахтиёр Фарҳодни қулоғига нимадир деб пичирлади. Йигитлар яна қаҳ-қаҳ отиб кулишди. Қўл ташлашиб, бозордаги чойхонага борадиган бўлишди.

Бозор дарвозасига яқинлашганларида ғала-ғовур эшитилди. Дарвозадан ташқарида ҳам кўчанинг икки тарафини савдо аҳли эгаллаб олганди. Нон, муздек сув сотувчилардан нарида чархчи, ёғочсоз усталарнинг дўконлари кўзга ташланади. Ёпиқ дўконнинг зинасига ўтириб олган мугат хотин йиғлоқи овозда садақа сўрамоқда:

– Садақа балони қайтарар, тавба гуноҳни кўтарар. Рўзайи рамазон кунлари яқин, ўргулай сиздан. Фарзандсизга фарзанд, савдогарга омад ато этсин, ўргулай сиздан, чўнтагингиздаги юз сўмгинани садақа қилинг…

Бахтиёр Фарҳодни қўлидан тортиб, тўхтатди:

– «Ўргулай сиздан», деяптими?!

Фарҳод унинг нима ўйлаганини дарҳол тушунди:

– Бу, лўли хотин. У бўлса…

– «Ўргулай сиздан» деганида овози ўхшаб кетди… Шошма, бироз турайлик. Юр, мана бу ерда, чеккароқда.

Улар гўшт дўконининг ёнбошига ўтиб, кузата бошлашди. Девона шундай нолалар қилардики, ўтаётганлар беихтиёр унга қарашар, кўпчилик унинг олдига ёзилган оқ дуррага пул ташлаб ўтарди. Гадой хотиннинг овози турланиб, «ўргулай сиздан» деганида оҳангли титроқ пайдо бўларди. Вақти-вақти билан олдидаги пулларни йиғиб, енгил нимчасининг ички чўнтагига солади. Бир сафар юзи аралаш ёпган оқ рўмоли тушиб кетди. Унга кўзи тушган Бахтиёр:

– Худди ўзи! – деди типирчилаб.

Девонани Фарҳод ҳам таниди:

– Маржона… – деди пичирлаб. – Оббо айёр-ей, гадойчилик қиларкан-да! – овозини баландлатди.

– Юр, таппа босамиз-да, пулларимизни қайтариб оламиз! – деди Бахтиёр олдинга талпиниб.

– Тўхта, оғайни! – билагидан ушлади Фарҳод. – Ҳозир пулларимиз чўнтагидамас.

– Унда, терговчини олдига олиб борамиз.

– Бозорда шовқин кўтаради. «Урди» деб туҳмат қилишиям мумкин.

– Бўлмаса, нима дейсан?

– Сен шу ерда қараб тур. Мелиса бошлаб келаман.

Фарҳод, шундай деб, одамларга қўшилиб бозор дарвозасидан чиқиб кетди. Тез-тез юриб йўлни нариги томонидаги милиция таянч пунктига кирди. Хонада иккита милиционер гаплашиб ўтиришарди. Улар савол назари билан Фарҳодга қарашди. У бор гапни қисқа қилиб тушунтирди. Аввалига ишонқирамай эшитган ёш йигитлар «Санжар Муродов»нинг номини эшитиб ҳушёр тортишди. Улардан ёшроғи столдаги телефонга ёпишди. Қўнғироқ қилиб, Фарҳоднинг гапларини қайтарди:

– Ҳа, дарвоза олдидаги девона ўша эмиш, – деди гўшакка.

Бироз эшитиб турди-да, гўшакни қўйди: – Санжар ака, ушлаб олиб келинглар, деяптилар. Улар бараварига ўринларидан туришди.

* * *

Маржонани терговчи хонасига олиб киришди. У Санжар Муродовни кўриб юриб келаётган жойида тўхтади. «Ман бир лўли гадо бўлсам…» деб келаётган аёлнинг кўзлари даҳшатдан ола-кула бўлиб кетди:

– Си-из-з?! – дея олди титроқ овозда.

– Нега ажабланасиз? – Санжар Муродов унга тик қараб турарди. – Мени шу вилоятга ишга ўтказишди… Эски «қадрдон»ларимни учратарман, деб ўйламагандим. Энди, лўли қиёфасига кирдингизми, Маржон опа?

– Ортимдан қувиб юрасизми, дейман, ўргулай? – чимирилди аёл.

– Содда йигитларга исмингизни айтмас эдингиз?

– Бехос, оғзимдан чиқиб кетибди, – лабини тишлаб, бошини сарак-сарак қилди аёл. – Бошқа вилоят, ким танийди, деб қўя қолгандим, ман ўлай.

– Ўлманг, Маржон опа, унда манави девдай-девдай йигитларни ким алдайди?

– Пичинг қилманг, ўргулай сиздан. Бу йигитлар ширин сўзга мойил экан-да. – У Фарҳод билан Бахтиёрга бир-бир қараб қўйди. – Шу галча келишиб қўя қолайлик? Йигитларга пулларини қайтараман. Сизниям қуруқ қўймайман, ўргулай?

– Гадочиликнинг пулиданми?! – терговчи чақиб олди.

– Садақа сўрашда мугатлар олдимга тушолмайди! – аёлни кўзи чарви еган мушукни кўзидек ялтираб кетди. – Пул ёғилиб турса, қандай қилиб ҳунаримни ташлай!?

– Қалбаки тақинчоқларни қаердан олдингиз?

– Отчопар бозоридан, арзонгина. Худди тилланинг ўзгинаси, ўргулай.

Аёлнинг бу гапини эшитиб Бахтиёр чидай олмади. Терговчи, «сизлар жим турасизлар», деб тайинлаган бўлишига қарамай:

– Инсофингиз борми ўзи?! – деб юборди.

Маржона йигитларга бир қараб қўйди-ю, индамади.

– Бу аёлни танидингларми? – терговчи ҳам эшик олдида узун-қисқа бўлиб турган йигитларга қаради. – Сизлардан пул олиб, гаровга қалбаки тақинчоқларни қолдирган аёл шуми?

– Шу, худди ўзи! – деди Бахтиёр жонланиб.

Фарҳод ҳам боши билан «тасдиқ» ишорасини қилди.

– Олиб чиқинг! – деди терговчи милиционерларга. – Юзлаштириш ҳужжатларини расмийлаштирамиз.

– Расмийлаштиришга шошмасангиз бўларди, – деди аёл чиқиб кетаётганида. – Сизда алоҳида гапим бор. Биласиз, камбағал эмасман, ўргулай.

Санжар Муродов унинг гапига эътибор бермади.

– Бу сафар ҳам қўлга тушди, – деди ўрнига ўтираркан.

– Танир экансиз-да? – Фарҳод ажабланиб терговчига қаради.

– Кўринишини тасвирлаганларингдаёқ билганман. Аввалги сафар бунақа осон қўлга тушмаганди. Бу аёл ёшлигида тўйларда ўйинчи бўлган. Ўша пайтдан йигитларни алдашга уста… Уялинглар-е!. .

Бахтиёр билан Фарҳод ерга қарашди.

– Пулимизни қайтарадими, ака? Ўзи гадойчилик қилиб юрса, – деди базўр Бахтиёр.

– Қайтаришга мажбур. «Камбағал эмасман», дегани рост. Бу аёлни данғиллама уйи, бир ўғил, бир қизи бор. Гаражида мойи артилмаган машинаси турибди.

Бу гапларни эшитиб Бахтиёр билан Фарҳод лол бўлиб қолишди.

– Фирибгарлиги учун уч марта судланган! – давом этди терговчи.

– Ташламабди-да? – ажабланди Бахтиёр.

– Энди кимни алдарди, қамалади, – қўшимча қилди Фарҳод.

– Эшикдан чиққанида айтган гапини эшитмадингларми?

– Йў-ўқ. – мўйловини силади Фарҳод.

– «Қамоқда ҳам одамлар бор, ўргулай», деди-ку…

2012 й.

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации