Текст книги "Қисмат тарозуси"
Автор книги: Б. Омонова
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 11 страниц)
– Қизлар, буёққа келинглар, ўн еттинчи хонадаги хушсурат йигитга ҳеч эътибор берганмисизлар?
– Ҳа, у ҳар доим эрталаб чиқиб кетади ва жуда кеч қайтади, унинг хонасини эса Барчиной йиғиштиради.
– Барчин, бу ёққа кел, ўн еттинчи хонадаги киши билан ҳеч суҳбатда бўлганмисан?
– Ҳа, – деди қиз хизматчига хос соддалик билан, – у хонасига ҳеч кимни киритмайди, ўзи бўлгандагина хонасини тартибга келтиришга рухсат беради.
– Кийимлари, нарсалари роса кўпми?
– Эътибор қилмабман, ундан кейин меҳмонларнинг нарсаларини титкилаш, юриш-туришига разм солиш бизнинг вазифамизга кирмайди, – қиз шундай дея кетиб қолди.
– Вой-бў, доно бўлмай кетсинлар, – лабини бурди Тамила, – жа-а шашти баланд-у буни.
– Энди, меҳмонхона директорининг қариндошиман деб тоза жонга тегади, шекилли.
– Қўявер, парво қилмаймиз. Усиз ҳам неча бир ишларимиз, режаларимиз бинойидек чиққан, ахир. Унга кунимиз қолмайди.
– Тўғри, бундан сир олиб одам қилиш қийин, лекин, опажон, сизни тушундим, ўзим кириб чиқсаммикин.
– Йўқ, Тамила, директор билиб қолса нима бўлади, бу ёғини ўйлаб иш қилишимиз керак. Унинг феълини биласан-ку. Қолаверса, бунақа мижозларнинг кўнгли нозик, инжиқ бўлади, лаш-лушини йиғиштириб кетворади. Биз эса хўжайиндан балога қоламиз. Улар бизнинг мижозимиз, қолаверса, энг катта пулниям ўшандақалар тўлашади. Ундайларни узоқроқ ушлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Менда бир фикр бор. Шўхлик билан ундан роса фойдалансак бўлади. Йўл-йўриғини ўзим кўрсатаман.
Тамила уни тушунди ва маъноли кулди.
– Илинармикин, ахир бирон марта қўшимча хизмат ҳам буюрмайди-ку.
– Эркакларнинг баъзилари шунақа, сал уқувсизроқ бўлишади, уларни йўлга солиш жуда осон. Нима десамикин, бунақалар пулни аямайди, лекин кўпинча бунга ақллари етмайди ёки тортинишиб журъат этишолмайди. Шунинг учун ташаббус биз томондан бўлиши керак.
Улар бир нималарни пичирлашгач, аввало Гуля борадиган бўлди.
Хона тақиллашидан Ибрат кийимини устига ташлаб “киринг” дея овоз берди.
– Бу мен…
Остонада ҳамма ёғи бўёқ билан чапланган қизни кўриб Ибрат ҳайрон қаради
– Нима гап, синглим?
– Ҳалиги, нима десамикин, – қиз ҳам Ибратнинг ўткир нигоҳларига қараркин, бироз ўзини йўқотгандек бўлди, – у-бу хизматлар керак бўлса айтаверинг, сиз ошхонада жуда камнамосиз, кино, видео зал бор, ҳалиги… бу нарсалардан сизни хабардор қилмоқчи эдим.
– Раҳмат, синглим, менга ҳеч нарса керакмас, раҳмат, кафеда овқатландим, энди эса дам олмоқчиман.
Йигит гапим тамом дегандек чарчоқли нигоҳлари билан унга маъносиз қараб қўйди. У шу тобда ҳар галгидек ёлғиз ўтиришни, корхонада бугун бажарилган ишлар ва эртанги қилинажак юмушлар ҳақида хаёл суриш-ни афзал билаётган эдики, бу қарашдан унга яқин келиш тугул хонага киришга ҳам журъат тополмади қиз.
– Майли, яхши қолинг, – дея лабларини чўччайтирганча норози ҳолда эшикка йўналди. Ва уни кутиб турган икки ҳамроҳига яқинлашди.
– Ҳа, нима бўлди, дарров қайтдинг?
– Бу ишни уддалолмадим, қўлимдан келмади.
– Сен нима ишни уддаловдингки, буни эпласанг, аҳмоқ, шундай қулай пайтдан фойдаланолмайсанлар, эссиз ёшлигим-а, қайтмайди-да, – астойдил уф тортди Венера.
– У гўё ҳайкал, менга шундай туюлди.
– Тўхтанг, қани мен бир ҳаракат қилай, – қизиқсинди Тамила. Венера унга кўзлари ёниб тикилди, қариб қуюлмаган бу аёл пул учун ҳар балодан қайтмаслик касалидан қутула олмаган эди.
– Бора қол, азизим.
– Ҳозир бир нарса ўйлаб топамиз ва бадқовоқ, ёввойи, бироқ кўркам йигитни ишга солиб кўрамиз, – у ойнага яқинлашиб кўзгуга тикилди, ашула хиргойи қилиб, бироз пардоз билан шуғулланди,
– Духи беринглар, энг яхшисидан, ҳа, худди шуниси.
Хонани хушбўй ҳид тутиб кетди. Қиз эса ўзига ўта ишонган қиёфада, қўғирчоқ мисол ярим яланғоч кийиниб, қўлига патнисни олди – унга уч-тўртта қадаҳ қўйди ва ҳозир очилган узум шарбатидан тўлатиб маъноли кулиб қўйди, сўнг эса ўн еттинчи хонага йўл олди. Эшикни тақиллатмасдан очиб кириб келган ярим ялонғоч қизга йигит ҳайрат ва шубҳа билан қараб қолди. Ибрат бу вақтда ечинганча диванга чўзилган эди. У оғиз очмасданоқ, қизнинг ўзи гап бошлади.
– Азиз меҳмон, сизга узум сокидан келтирдим, барча хоналардаги мижозларнинг бугун ундан татиб кўриш қувончини тилаганмиз. Бу асл узумдан тайёрланган, ич-сангиз ўзингиз ҳам амин бўласиз, – қиз унга патнисни тутаркан, беихтиёр йигитнинг очиқ баданларига, кенг елкалари ва чиниқишдан бўртиб чиққан бақувват билакларига суқ билан тикилди.
Ибрат олиш-олмасликни билмай бироз иккиланиб қараб қолди.
– Олинг, ҳеч тортинманг…
У Ибратнинг қўлига қадаҳ тутқазди-да, патнисни столга қўйди ва бемалол йигит қаршисига ўтириб олди.
– Меҳмонхонадаги мижозлардан фарқли ўлароқ доим иш билан бандсиз, бироқ бизда сизнинг чарчоғингизни ёзадиган барча хизматлар муҳайё. Дейлик, видеобар, кулгухона, ёки руҳшунос, балки… массаж хоҳлайсизми, роса яхши мутахассисларимиз бор, мана бунақа қилиб, – у Ибратга яқин келди, унинг қўлларини секин-секин силай бошлади, – мана бунақа қилиб, сиз хоҳласангиз бўлди.
Ибрат нима қилишни билмасдан унга ҳайрон қараб ўтирар ва ҳеч нарса тушунмаётган эди. Қиз эса энди унинг очиқ кўксига қўлларини келтирди ва секин пайпаслай бошлади. Ўзига келгач, Ибрат секин унинг қўлини олиб қўяркан зўрға деди.
– Менга ҳеч нарса керакмас.
– Нега энди? – қиз жойлашиб ўтириб олди. Унинг ўзи ҳам шу пайтгача учратмаган, ажабтовур феълли бу йигитга қизиқиб қолганди.
– Айтинг-чи, сиз уйланганмисиз?
– Йўқ.
Қиз энди уни бир қадар тушунгандек бўлди.
– Ҳмм… тушунарли, нима, севган кизингиз бордир, ахир.
– Ҳа, бор эди.
– Энди-чи, сизни ташлаб бошқасига турмушга чиқиб кетган, тўғрими? Ё вафот этган, топдимми?
– Йўқ, йўқ, тополмадингиз.
– Бу ҳақиқатда жуда қизиқ, унда нима бўлган, – қиз қўлини чўзиб унинг кўксидаги медальонни ушлади ва ундаги расмга кўзи тушди.
– Булар ким?
– Онам ва севган қизим.
– Айтинг-чи, севган қизингиз жуда чиройлимиди?
Ибратнинг кўзларида шу саволданоқ бир нур йилтираб кетди. Бу қароқларда шу тобда азобли бир соғинч мужассам эди. Ва беихтиёр у ҳақида гапиргиси келди.
– Ҳа, биласизми, у дунёдаги энг меҳрибон, олижаноб, гўзал қиз. Қалби ҳам беғубор эди. Биз у билан синфдош эдик, мактабга бирга борардик, бирга дарс қилардик… – ҳикоясини бўлмай эшитаётган қиз унинг қароқларидаги ўтли бир нурни англаб етаркан деди:
– Ҳақиқатдан ҳам ошиқ экансиз. Бундан ортиғи бўлмайди, – кетишга отланди ва юракдан чиқариб деди:
– Яхши ухланг, жаноб, тунингиз хайрли бўлсин, тушларингизда эса сиз учун азиз бўлган инсонлар гўзал қиёфада намоён бўлсинлар, хайр.
У шундай деб хонада узоқ қолиб кетганлиги учун Тамилани мақтаб ёнидаги Гуляни койиб ўтирган Венера опасига яқинлашди.
– Нима гап?
– Уни койиманг, Венера опа, унда айб йўқ. Режалаган ишимизни бу сафар уддасидан чиқолмадик. Афсус…
***
Кабинетда жиринглаган телефон гўшагини олган Ибрат унинг овозидан Аброр Вали эканлигини сезди. Сўрашишгач, у ўзининг навбатдаги юрак хуружи қўзиганини, агар вақти бўлса Ибратни кўриб гаплашмоқчи эканлигини айтди.
– Кеч соат олтиларга ўтаман, Аброр ака, соғлигингизни асранг, – Ибрат астойдил ачинди. Шундай бақув ват одам-а, ким ўйлабди шундай одамда юрак касали бор деб, бечора ишқилиб тузалиб кетсин-да, йигит ўз ишлари ривожида унинг иштирокини тан олар ва унга меҳри баланд эди.
Бу вақтда Аброр Вали уйига телефон қилиб хотинига қизи Алфияни олиб соат олтига касалхонага келишларини тайинлади.
– Кечикма, – тайинлади у, – Ибрат ҳам келади.
Хотини кутилмаган учрашув ташкил этишдан эрининг яна бўлак бир мақсади борлигини ҳис этиб алланарсани тушунгандек бўлди. Улар кечқурун учрашарканлар, дўхтирлар унинг касали қалтис эканлигини айтишганини, кўзи тириклигида қизи ва Ибратнинг тўйини кўриш орзуси эканлигини айтиб қолди. Ибрат юраги увишиб, худди эрта-индин бу одам ўлиб қоладигандек ва буни ҳеч қачон истамайдиган нигоҳлари билан ўйланаркан, бирон нима дейишга ҳам ожиз эди. Алфия отасини маҳкам қучди, хотини эса унсиз йиғлашни бошлади.
– Унақа деманг, бизни қўрқитманг, ҳали жуда ёшсиз. Бундай бўлиши мумкин эмас, ҳали невараларингиз камолини кўриб, уларга бош-қош бўлишингиз керак.
Бу одам қандай сўзни кутаётганини йигит сезди. Ҳозирнинг ўзидаёқ унинг тақдири ҳал бўлади ва Хатирадан умидини узиб ундан жудо бўлади.
– Тўйни тезлаштирсак девдим, Ибрат.
– Яхши, сиз истагандек бўлади.
Барча чеҳралар шу сўзданоқ ёришиб кетди.
– Унда эртага шаҳардаги энг катта магазинга борамиз, мен доктордан озгина вақтга рухсат оламан, ўзим сизларга тўй тақинчоқларини олиб бераман, келишдикми!
***
Меҳрибонлик уйида Хатиранинг ишлаётганига ҳам тўрт йил бўлди. Бу орада у ўзининг меҳрибонлиги ва самимийлиги билан барчанинг меҳрини қозонишга улгурди. Директор Нафосат Розиқовна ҳам унга бўлак меҳр ва ишонч билан муомала қилар, уни ҳамма томонлама аяшга, ёрдам қилишга интиларди. Одина хола билан деярли сирдош эди. Бу аёл уч фарзандини уйли-жойли қилиб тинчиган, қолган умрини етим ўтган болалиги ҳаққи-ҳурмати шу жойга бағишлашга аҳд қилган, табиатан тоза қалбли, жуда гурунгчи, шўх эди. Ҳар гал рўзғоридан, ўғиллари, келинлари, қуда-андаларидан гап топиб келар, Хатира у билан гаплашса ҳечам зерикмас, кўнгли анча очиларди.
Бу жойда рўй берган воқеа кунлардан бир кун унинг ҳаётига бурилиш ясашини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Етти ёшли, янги келган Зайнаб исмли қизчанинг қулоғидаги тилла зираги йўқолишидан бошланди. Қизча чинқириб йиғлар, атрофида тўпланганларга парво ҳам қилмасди.
– Нима гап? – тарбиячилар, ҳатто энагалар ҳам у томон югуришди.
– Зирагимни йўқотдим, биттаси йўқ, ойим олиб бергандилар, ойижонимдан эсдалик эди. Энди нима қиламан…
– Йиғлама, топилиб қолар, у ёқ-бу ёққа тушиб қолгандир.
– Ҳа, ҳа, уни ҳеч ким атай олмаган, ахир қулоғингдан ечмагансан-ку, кимдир тортиб олса ўзинг кўрардинг, – болалар бирин-кетин уни юпатмоққа тутиндилар.
– Келинглар, излаймиз.
– Йиғлама, Зайнаб, ҳозир ҳаммамиз уни қидирамиз, кўрасан, ҳадемай топилиб қолади.
– Қаерларда юрувдинг ўзи?
Бу каби таскинлардан қизча бироз тинчиб, уларга ишонч, умид ва миннатдорона тикилди. Ҳамма кеч тушгунча зиракни излади, ҳатто бундан Нафосат Розиқовна ҳам хабар топиб, у ҳам ташвишга тушиб қолди.
– Топилармикин, эҳ худойим, Хатира қизим, бирон янгилик борми? – у ҳозир анча жойларни болалар билан титиб келгач қизга юзланди.
– Йўқ, опа, – маҳзун овозда жавоб қилди қиз, – тополмадик, бечора қизчага қийин бўлди, онасидан ёдгор экан, овуниши роса қийин бўлади энди.
Директор эса олисларга тикилганча жим турар, унинг хаёлидан нима ўтаётганини ҳеч ким билолмасди. Ниҳоят “тополмадик” сўзидан яна йиғлашни бошлаган қизча ёнига келди.
– Болагинам, қани бу қўлингдагини кўрсат-чи?
– Йўқ, йўқ, – қизча қўрқув ва ваҳима билан унга қаради.
– Тинчлан, биласанми, ҳали бирон жойдан зирагинг чиқиб қолар. Эртага эса Хатира опанг сени шаҳримиздаги энг катта магазинга олиб боради, бундан-да чиройлисини иккалангиз танлайсиз ва сотиб оласизлар.
– Пулим йўқ-ку.
– Нима деяпсан, қизалоғим, пулни мен бераман, бу ерда мен ҳам сенинг онангман-ку, тўғрими, булар опаларинг, холаларинг, буни эса асраб қўямиз. Мабодо топилса иккаласини яна тақаверасан, топилмаса бундан чиройли узук ясатиб бераман, унгача у менда туради, хўпми?
– Ростдан -а, – қизча қувониб кетди.
– Ростдан, эшитяпсанми, Хатира қизим, эртага борасизлар, бугун кеч тушди, мана пул, яна томоша ҳам қиласизлар ва энг чиройлисини танланглар.
Кейин эса мени қучоқлайсан. Раҳмат, ойижон дейсан. Шу гапни айтсанг бас.
– Раҳмат, ойижон, кўрдингизми, ҳозир ҳам айтдим.
Тарбиячилар, мураббийлар, ҳатто болалар ҳам Нафосат опага шундоқ самимий ва чиройли тикилдиларки, буни тасвирлаш қийин эди. Фақат айтиш мумкинки, барчанинг кўнгли ажиб бир енгил ҳис билан чулғанди ва ўз жойларига тарқалдилар.
Эрталаб Хатира билан қизча шаҳардаги энг катта магазинга йўл олдилар. Қиз анчадан буён бу йўллардан юрмаган ва томоша қилишига бироз имкон бўлганидан қувонган ҳам эди. Мана қатор пештахталарда терилган бежирим, қимматбаҳо тақинчоқлар, кимни мафтун этмайди дейсиз. Анча айланишгач, ниҳоят Зайнаб иккаласи танладилар.
– Ниҳоятда гўзал зирак. Олдингисидан ҳам чиройли, тўғрими, – бирдан ўйламай айтиб қўйган сўзи қизчага таъсир этишини ўйлаб Хатира хавотирга келди.
– Тўғри, бу чиройли, – ўкиниб қолди қизалоқ кафтидаги зиракларни ўйнаркан, – бироқ олдингисини ойижоним олиб бергандилар-да, улар ҳам чиройли эди…
Шу мурғак гўдакнинг қалбидаги ўкинчни ҳис этаркан Хатиранинг юраги зирқираб кетди, уни чалғитиш мақсадида деди:
– Кел, тақиб қўяман, – қизчанинг зиракларини қулоқларига тақиб қўйгач қўлларидан тутиб етаклади, – юр, энди анави томонларни айланамиз.
Шу пайт ногаҳон миясига яшин чақмоғидай бир зарб урилиб ҳушидан айрилишига оз қолди, кўзларига ишонмасди, салгина нарида Ибрат турарди.
У жуда чиройли бўлиб кетганди. Қадди-қоматига ярашиб тушган костюм-шим, галстукда эди. Ёнида эса салобатли, кўринишидан катта мансабдорга ўхшаш улуғроқ ёшли одам ҳам бор эди. Яна бир асл кийимлар кийиб, ўзига оро берган хушрўй жувон ва жуда ёш, латофатли қиз. Улар чамаси тақинчоқ танлашарди. Балки никоҳ узуги харид қилаётгандир.
Ҳа, айнан улар шу бўлимда эдилар, шулар ташви-шида эканлиги бир қарашданоқ сезиларди. Армон ва ҳавас, соғинч ва дард аралаш, ўзи умр бўйи кутган бир инсонни бу даражада кузатиш даҳшат эди. Хатира ўзини четга олди. Ҳашаматли устунлар унинг ўксик кўзларини тўсиб қолди. Ибрат ҳар қалай усиз бахтли эди. Унга шундай туюлди. Улар чамаси бўлажак бахтли кунлари, тўй учун тайёрланаётганди. Тўсатдан Ибрат бўйнидаги қандайдир медальонни ёнидаги хушбичим қизга кўрсатиб алланарсаларни сўзлай кетди.
Шу тобда унинг юзлари шунақа ёришиб кетдики, кўзлари чақнарди. Аллақандай гаплари туфайли улар ҳеч нарса харид қилмади. Ёқмади шекилли дея ўйлади Хатира уларни эринмай кузатаркан. Ниҳоят улар оҳиста Хатира ёнидан ўтиб кета бошладилар.
– Энди бошқа магазинларга бориб тўйга тақинчоқлар танлашса керак, бунча бахтлисан, азизим Ибрат, шодон кунларинг муборак бўлсин. Улар олдида мен кимман… – қизнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди, – мен сенга халақит қилмайман, азизим, паналардангина сенга бахт тилаб ўтаман, севгилим. Мендай бахти қаро қиз учун яна нима керак. Бироқ сени шунчалар соғинганманки, шунчалар, оҳ… Сени кўрмаганимга, гаплашмаганимга йигирма йил бўпти, йигирма йил. Бу айтишга осон. Бу орада қанча воқеалар, кўргуликлар бўлмади дейсан. Мени унутганинг шундоқ билиниб турибди. Бироқ кўнгил учун ҳар ҳолда мени қидирганинг, ёдлаганинг, газетадаги эълонинг учун раҳмат.
Ибрат эса ҳамроҳлари билан қизнинг шундоққина ёнидан ўтиб кетар, унинг чеҳрасида маъюслик уфуриб, бир қўли билан бўйнидаги медальонни маҳкам бағрига босиб олган эди. Мана у унинг ёнгинасида… бир қўли… қадамлари… Қиз нафас олишга ҳам қўрқиб, ноилож уларни кузатарди. “Оҳ!.. Ибрат бу сенсан, ёнгинамдасан-у, лекин мени ҳеч қачон бу қўлларингни тутолмайман, кўзларингга боқиб болаликдаги мисол гап лаша билмаймиз ҳам. Мана қадамларинг, худога шукр, бус-бутун ва дадил эканлигини ҳис этиб турибман. Сени кўрдим, буни йигирма йил орзу қилгандим. Тирик экансан, онангнинг руҳи шод бўлади энди. Ахир, ахир баъзида биз сени ўлиб кетган деб ўйлардик ва ҳаққингга дуо қилардик. Гоҳ сени тирик дея ўзимизни ишонтиришга уриниб, бир-биримизни овутардик… Мен эса… жуда бахтсизман ва шундайлигимча ўлиб кетсам керак…”.
Дилидаги бу унсиз фарёдга чидолмаган қиз ёнида ҳеч нарсани англаёлмай, опасининг ғалати яширинишларидан ҳайрон қараб турган кичкина ҳамроҳига, ўзи каби шу ёшданоқ бахтсизликка, ғамга ошно қизчани қучоқлаб йиғлаб юборди.
– Сизга нима бўлди, опажон? Бошингиз оғрияптими?
Қизча опасини маҳкам қучоқлаб, унинг бошини силай бошлади.
– Йўқ, болажон, ўзим, ўзим… юр, – қиз унинг қўлларидан тортқилаб кўчага отилди. Ана олисда Ибрат ҳамроҳлари билан жуда ҳашаматли, қоп-қора машинага ўтирмоқда эди.
“Ибрат!” деб бақирмоққа чоғланган қалбини зўр матонат билан ушлаб турар, уни яна қайтиб бошқа кўрмаслик даҳшати шундоқ ҳам дардлардан озорда юрагига ваҳима солмоқда эди. Мабодо у ўзини кўрсатганда нима бўларди. Албатта, бу хунук, юзларини ниқоб билан тўсиб олган, қаримсиқ қизга ачиниш билан қарарди. Балки кўрганига пушаймон ҳам қилиб қолиши мумкин. Айниқса, анавилар олдида, яна қаллиғи олдида қанчалар ноқулай аҳволга тушарди. Ҳа, ҳа, шундан бўлак ҳеч нарса. Умидсиз лаблари секин пичирлади:
– Бахтли бўл. Ибрат, мен учун ҳам сен бахтли бўл, азизим. Хотиржам бўл, сени ҳеч қачон ноқулай вазиятларга соладиган саҳналар уюштирмайман, сенга ҳеч қачон халақит қилмайман…
***
Ибратнинг корхонаси кейинги уч-тўрт ой давомида ўзи ишлаб чиққан режаси асосида иш олиб бориб мислсиз омадга эришди. Энди корхонаси ташқи қиёфаси билан шаҳардаги энг кўркам бинога айланганди. Ёнатрофига кўрк, салобат бағишлаётганди. Газета, радио, телевидениеда чиқаётган кетма-кет рекламалардан сўнг харидорлар кети узилмасди. Мамлакатнинг бошқа жойларидан ҳам бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун йул босиб келишарди. Буюртмалар беришарди. Бундан ташқари яна автомобилларни таъмирлаш ва ёнилғи қуйиш шоҳобчаси ташкил этди. Ишчи ўринларни ҳам кенгайтира борди.
Унинг ҳаётини ва хаёлини остин-устун қилиб юборган воқеа эса кунлардан бирида юз берди. Магазинни иш бошкарувчиси билан айланиб юрганда Аброр Вали ва адвокат Аслиддин Дўст келиб қолди. Улар ишлаб чиқариш жараёнидан бошлаб сотилишигача кузатарканлар ҳайратларини яширолмасдилар. Бундан бир йил олдинги кўримсиз бинодан асар ҳам йўқ, эски дастгоҳлар ўрнига ажабтовур, замонавий компьютерлашган бошқаришга ўтилган эди.
Ишхонадаги тартиб, ишчилар чеҳраларида хотиржамлик, ўз ишидан қониқиш, мамнунлик бор эди.
– Навбатма-навбат ишчиларни чет элга, тажриба алмашишга юбориб турибмиз. Бу жуда асқотяпти. Ойлик маошлариям кўтарилди. Бундан улар хурсанд ва иштиёқ билан ишлашяпти.
Суҳбатлашиб турганларида Ибратнинг кўзи магазинга кириб келган оддийгина кийинган кишига кўзи тушди. У жуда таниш кўриниб, қаерда кўрганлигини эслашга уринди ва топди. Бу унинг ўша адабиёт ўқитувчиси эди. Тўғри, у Ибратларнинг синфига жуда оз вақт дарс берган бўлса-да, лекин унинг ўта билимдонлиги учун яхши эслаб қолган эди. У харид қилган нарсаларини бир-бир авайлаб катта чарм сумкасига жойлаштираркан, тўсатдан билагидан қаттиқ тутган қўлдан чўчиб тушди ва ўгирилди. Бироз улар шу кўйи бир-бирига тикилишдилар.
– Оқил ака!.. Устоз, бу сизмисиз, кўзларимга ишонмаяпман.
– Ҳалиги, ҳалиги, – ўта замонавий кийинган кўркам йигитга қараб довдираб қолди. – Ибрат…
– Топдингиз, устоз, – Ибрат ўзидан-да тортиниб, кўришишгаям ноқулай ҳис этаётган, неча йиллар ўтсада ҳамон ўша ўзгармас, содда ва ишонувчан кўзларни, тафтли ва нурли юзни яқиндан кўраётганидан бир лаҳза ҳузур қилиб ҳаяжон билан уни маҳкам қучди.
– Унутмапсиз, Оқил ака!
– Шунча йил бўлди-я кўришмаганимизга, қайларга кетиб қолдинг, сени хорижда дейишувди.
– Қайтдим, устоз, ҳали ҳаммасини гапириб бераман. – Сўнг ёнидаги ҳамроҳларига юзланиб фахр билан гапирди. – Бу киши менинг муаллимим, адабиёт ўқитувчимиз Оқил ака бўладилар, эсингиздами, Аброр ака, бу киши ҳақида сизга гапириб бергандим.
– Ҳа-ҳа, жуда яхши, жуда яхши-да, – Аброр ҳам унинг қўлидан тутиб кўришаркан.
– Бу киши, – давом этди Ибрат, – қаҳрамон ўқитувчилардан десам ҳам арзийди. Чунки биз тоғда турамиз. Тоғ мактабларида одатда ўқитувчилар етишмайди. Чунки, унча-мунча одам тоғ шароитига кўниколмасди, кетиб қоларди. Оқил ака эса ўзи шаҳарлик бўлатуриб ажиб бир меҳр билан биз билан бўлдилар.
– Ҳа, ҳа, нимасини айтасан, ўғлим, тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деб бекор айтишмас экан. Ўқитувчиликнинг шуниси яхши-да, қайга борсанг шогирдларинг ёнингга югуриб келади. Уларнинг бир оғиз устоз деган сўзидан дилинг яйрайди, чеккан заҳматларинг, бир вақтидаги шўхликларини унутасан. Шунинг учун бу касбга умримни бағишлаганман.
– Устоз, бугун дийдор аталган кун экан биз учун. Азиз меҳмоним бўласиз. Ҳамма-ҳамма гаплардан гаплашамиз. Кетдик мен билан, мана булар сизга совға, – Ибрат у харид қилган нарсаларга ишора қилди. – Бу менинг корхонам, магазиним. У сиз учун доимо очиқ.
– Ие, ие, раҳмат, Ибратжон, лекин мен шерикларим билан келганман, бўлмаса жон деб қолардим. Сенга шеър ўқитардим, эсингдами, жуда ширали овозинг бор эди, ўзинг ҳам ёзиб турардинг, ашула ҳам айтардинг.
– Агар қолсангиз шеър тугул, қўшиқ ҳам куйлаб бераман, – болаларча уни қолишига астойдил ҳаракат қиларди Ибрат, – буни жуда хоҳлаяпман. Жуда бўлмаса эртага кетарсиз.
– Шерикларим кутиб колади-да, болам. Мана шу магазин манзилини бериб, машинанинг эҳтиёт қисмларини буюришганди, ундан кейин эрта ўтиб индинга Ҳикмат отанинг қирқ оши маъракаси бўлади…
– Нима? – довдираб қолди Ибрат кутилмаган бу нохуш янгиликдан, – Ҳикмат ота оламдан ўтдиларми?
– Ҳа, болам, индинига маъракаси, нима, хабаринг йўқмиди?
– Дунёбехабар бўлиб қоляпман, устоз, илоҳим Ҳикмат отанинг жойлари жаннатдан бўлсин, икки ой олдин қишлоққа боргандим, у киши зиёратида бўлган эдим. Бу бизнинг охирги учрашувимиз бўлган экан-да. Жуда тетик кўрингандилар.
– Энди каричилик-да, ўғлим, эрта нима бўлишимизни ўзимиз ҳам билмаймиз.
– Индинга қирқ оши дедингизми, эртага ўтаман. Албатта бораман.
– Бор, ўғлим, дийдор ғанимат. Борсанг бафуржа гаплашиб ўтирамиз.
– Сизни кузатиб қўяман.
– Йўқ, ана жиян машинада кутиб турибди, раҳмат, ўғлим, кўришгунча.
– Кўришгунча.
У кетгач Аброр унинг елкасига қўлини қўйди.
– Оламдан ўтган кишининг охирати обод бўлсин, қариндошингизмиди?
– Ҳа, қариндошим, ҳаётимдаги энг яқин одамларимдан бири эди, – кўзларига ёш қалқди унинг.
– Ҳамдардлигимизни қабул қилинг.
– Эртага эрталаб сиз билан йўлга чиқамиз. Фотиҳага бирга борамиз. Биз сизнинг ёнингизда бўламиз.
– Албатта, – адвокат ҳам астойдил гапирди, – чин дилдан таъзиямни қабул қилинг. Оллоҳнинг иродаси бу. Биз ҳаммамиз унинг иродаси билан иш қиламиз. Эртага мен ҳам сизлар билан бўламан.
***
Ибрат меҳмонхонага кеч қайтди, қўлларини чалкаштирганча хона бўйлаб узоқ юрди. Ўзининг бепарволигидан изтироб чекди. «Тузукроқ хабар ҳам ололмадим, э парвардигор, бу нима деган гап. Фақат иш, фақат муаммо, уларнинг ечими дея инсонийликдан ҳам чиқиб кетдим, шекилли. Қандай инсонлар ҳамма нарсага вақт топадиган, улгурадиган, бўшашиб кетяпман, шекилли…».
Кўз олдида чолнинг нуроний чеҳраси намоён бўлди. Бу уларнинг сўнгги суҳбати эди.
«– Хатирани излаяпсанми, болам, топасан-а, қани менинг кўзларимга қарагин.
– Қандай билдингиз, ота?
– Ҳа, мана, топасан… кўзларингда, болам, бир қудрат кўрдим, уни топ!»
Адашган экансиз, отахон, башоратингиз тўғри чиқмади. Сўнгги тилагингизни ҳам бажаролмадим. Хатирани тополмадим, кучим етмаяпти, кечиринг мени, кечиринг…
– Оҳ, онажон, – у бўйнидаги занжирни олиб, медальонда акс этган икки чеҳрага узоқ тикилди. Қадрдон лари. Улар қанчалик олис ва йироқ. – Маҳшар куни кўришгунча, онажон! – кўзларидан армон ёшлари юзларига томди.
***
Эрта тонгда йўлга тушган оқ машина шаҳардан чиқиб довон сари кета бошлади. Улар тоғлар сари, Ибратнинг болалиги ўтган ва мангу армонларни ҳадя қилган забардаст чўққилару инсонлардан ҳамиша ниманидир бағрида яширган сиру синоатларга тўла азим тоғлар сари кетардилар. Тоғларки, инсон қанчалар буюк кашфиётлар соҳиби бўлмасин, унга қўллари етмаслигини тирик уқтириб турган юксак чўққилар. Шунинг учун ҳам мағрур тургандир балки. Йўл-йўлакай табиатни суқ билан томоша қилдилар, барчаси худди олдингидек ўзгармас қиёфасида сақланган, ниҳоятда гўзал эди. Айни баҳор эмасми, ҳамма ёқ кўм-кўк ўтлар, чўғдай лолаларга бурканган адирлар, арча, қарағай, тут дарахтлари, мусаффо ҳаво, бир гўзал ҳаво эдики, бу ҳавони ҳеч қаердан топиб бўлмасди.
Машина магнитафонида эса маҳзун бир қўшиқ янграб борар экан, олд ўриндиқда кетаётган Ибрат суянчиққа бошини қўйиб, кўзларини юмди. Кўз олдида беғубор болалиги, онаси, дўстлари, Ҳикмат ота, тоғалари шундоққина кўрингандек бўлди. Яна… Хатира ҳам. Армони, дарди эди у…
Машинанинг орқа ўриндиқларига жойлашган Аброр Вали ва адвокат берилиб ўзларича нималарнидир гаплашиб кетардилар, Ибрат учун шу топда бу жуда маъқул эди. Хотираларини жонлантиришига ҳеч ким халақит бермайди. Шу топда ҳеч ким билан гаплашгиси йўқ. Ниҳоят машина тўхтади.
– Шу жойдан пиёда чиқасизлар, у тарафга машина юролмайди, – шофёр шундай дея кабинадан чиқди.
– Шуниси маъқул, қайтанга томоша қилиб кетамиз.
Учовлон пастга тушдилар. Ибрат ёшлигидан кўра анча ўзгариб кетган ингичка йўллар бўйлаб секин-секин тик кўтарила бошлади.
– Жуда чиройли жойлар экан, – астойдил гапирди адвокат атрофга суқ ва ҳавас билан тикиларкан, – бундай жойларда ўсган одам ё шоир, ё қўшиқчи, ё олим бўлмай иложи йўқ.
Улар йўл-йўлакай анча тепага кўтарилишгач Ҳикмат отанинг ғарибгина кулбасига етиб олдилар. Уларни қишлоқдаги уч-тўртта ўрта ёшли одам ва кекса бир чол ҳамда ўқитувчиси Оқил ака кутиб олди. Уларни ичкарига бошлашди. Ҳамма ёқ ораста, йиғиштирилган. Марҳум ҳақига дуои фотиҳа ўқидилар ва унинг яхши инсонлиги, ажойиб суҳбатлари, камсуқумлиги ҳақида гапирдилар.
– Ажойиб инсон эдилар у киши. Урушда қатнашган, ногирон эдилар, бироқ шунга қарамасдан қишлоқнинг барча ташвиш, шодликларига қўшилар эдилар, қўй боқардилар. Ҳаётининг сўнгги йилларини ёлғизликда ўтказдилар, на илож, тақдир экан, кетидан зурриёди қолмаса-да, яхши номи, ҳикматли ҳикоялари юрагимизда қолди, иним. Оллоҳдан фақат юриб турган ҳолда омонатимни олгин, дея сўрайман дердилар доим. Ниятига етдилар, бу дунёни беозоргина тарк этдилар, ҳатто ўладиган кунлари ҳам атрофни айланиб, барчамиз билан гаплашгандилар. Икки соатлар қолганда Жабборни чақириб, ўзларини ёмон ҳис қилаётганини айтибдилар, дарҳол дўхтир айтдик, шу кўйи ўзларига келмадилар.
– Ҳа, майли, қолганлар омон бўлсин, юртимиз тинч бўлсин.
Фотиҳадан сўнг меҳмонлар қўзғалдилар. Таомил шу. Марҳум чиққан жойда узоқ қолиб кетмайдилар, қариндошлари бўлса бошқа гап.
– Катта раҳмат, ҳурмат-иззат қилиб келганларингиз учун отанинг арвоҳи шод бўлади, албатта, энди, Ибратжон, тўй-ҳашамларга ҳам келиб тургин.
– Худо хоҳласа, устоз, боғланиб турамиз, албатта, сизлар ҳам қачонки шаҳарга тушсангиз, корхонага кириб ўтингизлар. Мен ўша жойда бўламан.
– Уйингниям манзилини бериб кет-да, болам.
– Ҳали уйим йўқ, меҳмонхонада тураман.
– Э-э, кечирасан… Ўғлим, агар хоҳласанг бизга қайт, шаҳарда ундай қийналиб юрма, мана биз бормиз, келсанг уй-жой қуришингга ёрдам қиламиз, бизда ҳашар деган нарса бор, ҳеч кимни ёлғизлатиб қўймаймиз.
Кекса чолнинг гапидан кулишдилар. Аброр Вали тушунтира кетди:
– Хавотирланманг, отахон, Ибрат катта корхона эгаси, ҳадемай ўзи орзусидаги уй-жойни қуриб олишга бемалол кучи етади. Бироқ, тўғрисини айтсам, сизлардаги меҳр-оқибатга тан бермай илож йўқ. Бебаҳо, бебаҳо фазилатлар… – у қойил қолганини яшириб ўтирмади.
– Энди, ўғлим, бу дейман, сўраганнинг айби йўқ, оила қурдингми, бола-чақалардан дегандай, – негадир бироз истиҳола билан сўради яна чол.
– Йўқ, ҳали оилам йўқ.
– А, шунақами, – Ибрат овозидаги қандайдир алам, изтироб ва армон сасини ҳис этган қария алланечук бўлиб кетди, ниманидир тушунгандай бўлди.
– Ҳечқиси йўқ, – гапга қўшилди Аброр, – яқинда Ибратнинг тўйи бўлади, худо хоҳласа, тўйига бош бўлиб турасизлар.
– Ие-ие, бўлмаса-чи, албатта, бироқ сизларни яхши меҳмон қилолмадик. Хатира бўлганда бирон нима пиширарди, аксига олиб эртага маърака учун у-бу олгани бозорга тушиб кетибди-да.
Ботинкаси ипини боғлаётган Ибрат чўчиб тушди. Меҳмонлар ҳам кутилмаган бу сўздан қотиб қолдилар. Ибрат кўзларини катта-катта очганча, тасаввур этиб бўлмайдиган бир ҳолда гандираклаб ўқитувчисига яқинлашди, унинг ранги оқариб кетганди.
– Яна бир қайтаринг, Оқил ака, ким дедингиз?
– Хатира-да, – Оқил ака ҳеч нарса тушунмай Ибратнинг туришларига ҳайрон қаради, сўнг дона-дона қилиб астойдил тушунтира кетди.
– Қўшни қиз бор эди-ку, сенинг синфдошинг, нима эсингдан чиқиб кетдими, Хатира, у ҳам анча бўлди, бу ердан кетиб колганди, бироқ Ҳикмат отанинг ўлимини эшитиб дарров етиб келди. Аямай пулларини сарфлади. Буни ҳатто баъзи бир ўғил ҳам қилолмайди. У бечора фарзандидан ортиқроқ елиб-югурди, мана ҳозиргача уйига эгалик қилиб, марҳумнинг ҳақига дуо қилиб, кечқурун шам ёқиб, келган-кетганлардан таъзия қабул қилиб турибди.
– Демак, у шу ерда денг..
– Ие, Ибрат, наҳотки эсингдан чиққан бўлса, бироқ кўрсанг дарров танийсан. Лекин бечора доим ниқобда юради, юзлари куйиб кетган ахир. Шўрликнинг бахти ҳам чопмади шу сабаб, олдин ойдеккина эди. Сенга нима бўлди, рангинг оқариб кетибди, ҳаво алмашганигаде, сув ичиб ол, ҳозир олиб келаман.
Ибрат ўгирилиб ҳамроҳларига якинлашди.
– Мен қоламан…
Аброр Валининг ҳам, адвокатнинг ҳам хаёлидан нима ўтаётгани ёлғиз ўзларигагина аён эди.
Бироздан сўнг Аброр деди:
– Эртага хорижлик ҳамкорлар билан муҳим учрашув борлиги эсингиздадир, балки кейинроқ келарсиз.
– Йўқ, йўқ, менинг ҳозир шу ерда қолишим ҳамма нарсадан муҳимроқ. Мен иш бошқарувчим билан боғланаман. Ўрнимга у бемалол чиқиш қила олади. Сизларни кузатиб қўяман.
Ҳозирги ҳолатда ҳеч қандай куч Ибратни бу ердан олиб кетишга қодир эмас эди. Буни яхши тушунган ҳамроҳлари у билан бўшашган бир кайфиятда хайрлашмоққа тутиндилар.
Аслиддин Дўст кўзлари билангина йигитни табрикламоққа тутинди. Лекин буни сўз-ла айтишга журъат тополмади, буни Ибрат тушуниб турарди.
Бироз юришгач адвокат “алланарса эсимдан чиқибди” дея ортига югурди.
– Ибрат, дўстим, сизни кутилмаган омадингиз билан чин қалбимдан табриклашга ижозат беринг. Сиз уни маҳкам ушланг ва эҳтиёт қилинг, бахтли бўлинг!
Чин дилдан айтилган бу сўзларни Ибрат самимий қабул қилди.
– Қаранг, бу мўъжиза-ку, қадрдоним, Ҳикмат ота, ҳатто у ўлганда ҳам менга ёрдам қилмоқчи.
– Кейин бафуржа таассуротларингиз билан ўртоқлашамиз, ҳозир эса Сизни гўзал ва бахтли дақиқаларингиз учун ёлғиз қолдирамиз.
– Раҳмат, адвокат, раҳмат.
– Хайр…
Аброр акага югуриб етиб олган адвокат негадир ўзини қушдек енгил ҳис қиларди.
– Нима эсингиздан чиқибди, Аслиддин?
– Ҳа, эртага жўнатиладиган шартномаларга яна битта банд киритишни сўрагандим, бу кейинги ишланаётган проекти бўйича. Мен унга буни аллақачон тайёрлаб қўйганимни айтдим, боя айтиш ёдимдан кўтарилибди.
Аслиддин Дўст машинага ўтиришиб то шаҳарга еткунча суҳбат мавзусини бутунлай бошқа томонга буришга ҳаракат қилди. Ва бунга эришди ҳам. Чунки, Аброр Вали ҳам гўё шу ниятда кетаётгандек эди. Юрагидан эса «Бу хурсанд бўлди, аттанг, бекор уни Ибрат билан таништирибман, менга ён босмади, ландавур, аблаҳ» каби ўйлар ўтар, бироқ одатига кўра, сездирмасликка ҳаракат қиларди.
***
– Ибрат, демак, сен қолдинг-а, бироз дам олиб ўтира тур, ўғлим, мен бирров уйга ўтаман, кечроқ келарман. Қолганинг жуда яхши бўлди-да, бир гаплашадиган бўлдик.
У чиқиб кетгач Ибрат бутунлай бошқача бир меҳр билан уй ичидаги камбағалгина, лекин бари соддагина буюмларга, гиламларга, тўшалган топ-тоза кўрпачаларга, дастурхонга – ҳаммасига кўз югуртирди. Буларнинг барига Хатиранинг қўли теккан ахир. Ҳозир эса у кириб келади. Қандай бўларкин!!!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.