Электронная библиотека » Б. Омонова » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Қисмат тарозуси"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Б. Омонова


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 11 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Нима ниҳоят?

– У бахтли ҳам бўлолмайди, фарзанди отасиз туғилади ва етим ўсади, қизим эса бу ғамни кўтаролмайди, оиламиз шаънига ҳам доғ тушади, шов-шув гап бўламиз, қаддимиз букилади, эрим тўнини терс кияди ва оқибатда Ибратнинг ишлари ҳам орқага кетади, уни эрим суяб турибди, ахир.

– Бўлди, агар менинг кетишим билан булар барҳам топса ва у бахтли бўладиган бўлса кетганим бўлсин. Фақат, фақат унга, Ибратга яхши қаранглар, илтимос, унга меҳрибон бўлинг, у… у… бахтли бўлиши керак.

– Раҳмат, жонгинам ҳақиқатда доно ва оқкўнгил қиз экансиз. Бу ҳимматингиз туфайли Оллоҳ сизга ҳам кўп саодатли кунларни ато этади ҳали, гапимга ишонинг. Шундай қилишингизга ишонардим. Икки соатдан кейин самолёт учади. Укам кузатиб қўяди. Нарсаларингизни тахлайверинг.

– Қўяверинг, ўзи нима нарсам бор.

– Хатира, нима гап, қаерга кетмоқчисан, эсинг жойидами, – бари гапдан узуқ-юлуқ хабардор Одина хола югуриб кирди, – ишинг нима бўлади?! Бегоналар нима деса ишониб кетаверасанми, йўқ, сени қўйвормайман.

– Холажон, нима деяпсиз, биз унинг қариндошлари бўламиз, – бу аёлнинг кириб келишидан чўчиганини билдирмасликка ҳаракат қилди Дилдора, – биз унинг келажагини ўйлаб қиляпмиз.

– Қўяверинг, мен барибир бу жойларга сиғолмайман. Ҳақиқатда узоқларга, мени ҳеч ким танимайдиган олис жойларга кетгим келяпти ва тез орада ўлгим келаяпти. Қиладиган ишим ҳам қолмади, мен учун ташвиш қилманг, ҳақиқатда булар менинг қариндошларим. Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган, энди эса хайр, сизни ҳеч қачон унутмайман, холажон, ажойиб гурунгларингиз учун раҳмат, таскинларингиз ҳамма вақт қалбим юпанчи бўлиб қолаверади. Ҳаётимдаги энг азиз инсон бахти учун бу ерлардан кетаман. Ўшанда ҳаммаси яхши бўлади.

– Барибир, бу мумкин эмас, – Одина хола қўлларидан юлқиниб чиққан Хатира машинага чиқиб олди. Йигит унинг жомадонини жойлаштиргач «аэропорт» сўзини англаб қолган аёл бир пас довдираб қолди. Ва дарҳол миясига келган фикрдан енгил тортганча телефонга қўл чўзди.

Ибратнинг қўл телефонини Хатира катта-катта ёзиб қўйганди.

– Алло, бу Ибратми? – аёл унинг «ҳа» сўзини эши-тиши билан. – Биласизми, мен Одина холаман, Хатира билан бирга ишлаймиз.

– Нима, – телефондан безовта овоз эшитилди, – тинчликми, тезроқ гапиринг, илтимос?!

– Уни ҳозиргина машинада бир танноз аёл ва нотаниш одам келиб аэропортга олиб кетишди, қариндошларимиз дейишди, бутунлай бошқа жойга Аграми, Ашхабодми, ўша ёққа кетишга кўндиришди…

***

Хатира чиқиб кетгач Одина хола ва икки аёл унинг тўсатдан кетиб қолиш сабабини муҳокама қилиб ўтиргандилар. Шу пайт қоровул кириб қолди.

– Хатирани бир йигит сўраяпти, нима дейин?

– Тўхтанг, у ёш йигитми?

– Унчаликмас, ўртача.

– Ҳа, топдим, – азалдан феъли шўх Дамира ўйлаган ўйидан қувониб кетди, – унинг йигитини роса кўҳлик дейишувди, ҳозир бир ҳазил қиламиз, сиз унга ҳозир чиқяпти денг.

– Нима қилмоқчисан? – қоровул ҳайрон бўлиб сўради.

– Мен Хатираман дейман, уни ишонтириш учун манави кийимларни кийиб, юзимга ниқоб тутаман.

– Тентаклик қилма, у ахир Хатирани жуда яхши танийди-ку.

– Танигунча, дугонажон, уни яхшилаб кўриб оламан ва кейин эса тўсатдан жўнаб кетганини айтаман.

– Вой-бу, худди ўзи бўлдинг-а, тавба, – кулди дугонаси, – бу жуда қизиқ бўлса керак, бу фикр каллангга қаёқдан келиб қолди ўзи.

– Бечора йигит Хатира эмаслигимни билгач қай аҳволга тушаркин, ҳозир чиқяпти денг, кетдим, ҳой қизлар… – шундай дея у кўчага отилди.

Бироз вақтдан сўнг уни катта юк машинаси йўлдан ўтаётганда уриб кетибди деган хабарни эшитиб барчалари даҳшатга тушдилар. Қиз воқеа жойининг ўзидаёқ ҳалок бўлган, қоровулнинг айтишича, Хатирани сўраган йигит бу атрофда кўринмасмиш. Бу жуда шубҳали эди ва зудлик билан ички ишлар бўлимига хабар қилдилар.

***

Телефонни қулоғига тутганча Ибрат пастга отилди, йўловчи таксини шошилиб тўхтатди-ю, “Аэропортга” дея олди, холос.

Таниш чеҳрани зўр бериб излай бошлади. Ана у қўлида жомадон, ёнида боя хола айтган нотаниш одам…

– Хатира!.. – ҳозир уни йўқотиб қўядигандай бақирди Ибрат, – тўхта, Хатира!..

Қиз таниш овоздан чўчиб тушди, у томонга қаради ва қотиб қолди. Одамлар эса уни самолётга ўтиш йўлкаси томон суриб борарди.

– Хатира-а-а, – йигит овозида алланечук даҳшат бор эди, мана уни аниқ кўриб турарди. Шу пайт йўлдан ўтаётган машиналардан бири уни зарб билан туртиб юборганини кўриб қолди.

– Ибрат, – унга отилди Хатира.

У етиб келганда шофёр алланималар деб сўкинарди, Ибрат эса ерда чалқанча ётар, шу ердан ўтаётганлардан бири унинг бошини кўтарарди. Хатира ҳам етиб келди ва тиз чўкди. Ибратнинг пешонасидан қон оқаётганди.

– Ибрат! – ингради Хатира.

Лекин кутилмаганда Ибрат ўрнидан турди. Чўнтагидан дастрўмол олиб пешонасига босди ва Хатиранинг ёнида довдираб, гандираклаганча туриб қолди. У шу топ икки томонлама оғриқ зўридан зўрға оёқда турган каби эди. Унчалик қаттиқ урилмабди, фақат пешонаси бетон-га теккан эди.

– Хатира!.. – шофёр унинг ўзи билан ўзи овора эканлигидан фойдаланиб у билан ҳеч кимни иши йўқлигини тушуниб қолди ва секин жўнаворди. Одамлар ҳам “хайрият, ҳеч нарса қилмапти” дея тарқалдилар. – Хатира, сенинг эсинг жойидами, дабдурустдан қаёққа отланиб қолдинг? – энди Ибратнинг жаҳли чиқа бошлаганди.

– Узоқларга кетишим ҳамма учун фойдали бўлишини тушундим.

– Тентак, ким нима деса ишонаверасанми? Нима қилаётганингни билмасдан-а, бунчаям қолоқ бўлмасанг.

“Қолоқ “сўзидан Хатира тўхтаб қолди.

Боягина анави аёлнинг уқтириши эсига тушди. “У сизни ўзига муносиб деб билмайди. Шунинг учун ҳар доим сизни хўрлайди, камситади, ҳа-ҳа.”

– Сен ҳалитдан мени камситишни бошладингми, Ибрат, ўқимаганимни юзимга солмоқчимисан, қолоқман мен, тушундингми, энди қўйвор, ҳозир самолёт кетиб қолади.

– Сен эмас, мен қолоқман, тушундингми, – йигит тутақиб кетди. – Билимсиз бўлмаганимда, онамдан, сизлардан олисда шунча азоблар чекиб мусофир юрармидим. Энди сен ўша мусофирликни хоҳлаб қолдингми? Ҳеч қаёққа кетмайсан, ҳозир мен билан кетасан, ҳеч қаёққа қўйиб юбормайман, бундан кейин бир қадам ҳам ёнимдан жилмайсан, эшитдингми?

– Йўқ, Ибрат, бу ерда қололмайман. Сенга жуда қийин бўлади.

– Ким айтди буни, худди ёш болага ўхшайсан-а, ҳозир биринчи навбатда бу ердан тезда кетишимиз керак.

У такси тўхтатди.

– Чиқ машинага.

– Ибрат, фақат тўхта, бир гапимга жавоб бер, фақат яширма, алдама мени, илтимос, менга ачинма, раҳмдиллик ҳам қилма.

– Нима, нима, машинага ўтир, кейин гаплашамиз.

– Йўқ, олдин жавоб бер.

– Нима экан у?

– Сен унаштирилганмисан? – қиз зўр бериб унинг кўзларига тикилди, гўё рост гапни унинг оғзидан эмас-у, кўзларидан, нигоҳларидан оладигандек, – сенинг севган қизинг бор ва у ҳомиладорми?..

Ибрат бир лаҳза ниманидир тушунгандай бўлди ва унга ғалати тикилиб қолди. Сўнг унинг соддалигидан баттар асабийлашди.

– Қанақа унашиш, қанақа қиз, қанақа бола, эсинг жойидами ўзи? Ким айтди буни, қаердан ўйлаб чиқардинг, менда ҳеч ким йўқ тушундингми. Ҳеч кимни севиш тугул, қарамаганман ҳам. Бола эмиш, бировнинг қўлидан ҳам ушламаганман. Ўзим нима азобларда юрдим-у шу кунгача, гапингни қара.

– Фақат алдама, Ибрат, қасам ич.

Ибрат ниманидир тушунган каби унга яқинлашиброқ келди.

– Дунёдаги энг азиз нарсаларим ҳаққи қасам ичаман. Энди кўнглинг тинчидими, чиқ машинага.

– Ибрат.

– Ҳозир сени уриб ташлайман, яхшигина калтак ей-сан мендан, – уни итариб машинага солди ва шофёрга “Шош” меҳмонхонасигача деди.

Меҳмонхонада уларни навбатчи тўхтатди. У Ибратнинг пешонасига ғалати тикилиб, шубҳали деди:

– Тўхтанг, жаноб, бу кишига мумкинмас. Исмлари расмийлаштирилмаган.

– Кечирасиз, бу киши менинг одамим, ишонаверинг, эртага ҳаммасини ёздириб қўяман.

– Йўқ, мумкин эмас.

– Аҳволимни қаранг, фалокат, йиқилиб тушдим, келинг, сиз билан сал четроқда гаплашайлик, – Ибрат навбатчини четга олиб қўлига пул тутқазди.

– Майли-ю, лекин гап бошқа томонда, яъни менинг навбатимда ортиқча гап бўлиши мумкин эмас. Буни эса олиб қўйинг ва бошқа ҳеч қачон менга бундай муомала қилманг, илтимос, мен хизматдаман, буни унутманг, сиз бизнинг энг ишончли мижозимизсиз, ҳозирги аҳволингизга қараб рози бўлмай иложим йўқ.

– Минг раҳмат сизга, ташвишланманг, ҳаммаси жойида бўлади, – кейин у Хатирага юзланди, – кетдик.

Ибрат хона эшигини очди. Қиз хонанинг бежиримлиги, гўзаллигига ҳайрат билан боқди. Эшикни ичкаридан қулфлаган йигит унга яқинлашди ва бир дам тикилиб қолди. Сўнг уни маҳкам бағрига босиб деди.

– Кечир мени, Хатира, сенга жуда қўпол гапирдим, мени қанчалар қўрқитганингни билсайдинг, ҳалиям худо бир ёрдам қилди, минг шукур.

– Ибрат, сен билан узоқ гаплашиб олишим керак.

– Энди ҳаммасига улгурамиз. Уй олмагунимизча шу ерда яшаб турамиз

– Оғрияптими? – қиз унинг пешонасини авайлаб ушлади.

– Бироз, ҳозир мен ювиниб чиқай, кейин овқатланамиз, сен ўтира тур. Ҳа, нарсаларингни ана шкаф, тумбочка, хуллас истаган жойингга қўявер. Мен ҳозир, қара йиқилганимда ҳамма ёғим чанг бўпти, – у шундай дея ечиниб олди-ю, сочиқни олиб ваннага кириб кетди.

Ибрат ювиниб чиққанда кун бўйи нохушликлардан толган қиз диванда ухлаб қолганди, бир қўли пастга тушиб турар, юмуқ кўзларидан-да унинг ниҳоятда ғам, озор тортгани шундоқ кўриниб турарди.

Ибрат ҳам қувонч, ҳам соғинч, ҳам шукроналик билан унга яқинлашди ва эҳтиётлаб қўлини диванга олиб қўйди. Сўнг устига пахмоқ чиройли адёл ёпиб узоқ тикилиб қолди. “Ҳеч нарса емадиям, уни кетишга кўндирган аёл ким экан, нима учун, нега… Ҳеч нарсага ақлим етмаяпти, тўсатдан Хатиранинг хорижга кетиши кимга керак… Майли, тонг отсин, бир гап бўлар”. У секин диванга, қиз ёнига ўтирди. Хатиранинг ёнига бош қўйганча секин чўзилди. Шу пайт қўл телефонининг безовта жиринглашидан шошилиб ўрнидан турганча стол устидан уни олди-ю залга чиқди.

У Хатира уйғониб қолишини истамасди.

– Ибрат, бу сизмисиз? – аёл кишинингҳаяжонли овози эшитилди.

– Ҳа, ассалому алайкум, ким бу?

– Одина холангизман, Хатирани топдингизми?

– Ҳа, – Ибратнинг овози жонланиб қолди, – холажон, минг раҳмат сизга, сизнинг олдингизда қанчалик қарздор эканимни билсангиз эди. Бир умр миннатдормиз сиздан.

– Худога шукур, болам, жуда хавотирландим. Ҳалиги одамлар ким экан, билдингмизми?

– Ҳали аниқлолмадим, холажон, аэропортдан зўрға тутиб хонага олиб келдим. Бафуржа сўраб оламан десам, ухлаб қолди, эртага аниқлаштираман. Ўзи роса чар-чади, унга яна кўп қўпол гаплар гапириб уришдим. Бун-дан виждоним қийналиб кетяпти.

– Минг қилсаям ёнингиздан жилдирманг, унга кўзқулоқ бўлиб туринг. Бизда нима воқеа бўлганини билсангиз эди.

– Қанақа воқеа?

– Вой, ўғлим, сизга айтсам, бу жуда ғалати. Хатиралар кетишгач, бирон соатлардан сўнг кимдир қоровулдан Хатирани сўрапти. У кириб қандайдир йигит Хатирани сўраяпти деди. Шу ерда Дамира деган шўх қиз бор эди. «Индаманглар, бир боплаймиз, унинг йигити келган, роса кўҳлик дейишди, ҳозир бир ҳазил қиламан. Хатираман деб чиқаман», деди ва худди унга ўхшаб рўмол билан юзларини ўраб олди. Шу ердагилар роса кулишди, ҳақиқатдан ҳам у шу қиёфада Хатиранинг ўзи эди. У чиқиб кетди. Биласизми, бир неча дақиқадан кейин уни шундоқ дарвозадаги бурилишда юк машина уриб кетди.

– Кейин нима бўлди? – кутилмаган воқеадан даҳшатга тушди Ибрат ва тўсатдан энди барисига тушуниб қолди ва титраб кетди.

– У ўлди, болам, – йиғламсираган овозда гапирди аёл, – лекин булар жуда ғалати-я, Хатирани олиб чиқиб кетишлари, унинг номи билан чиққан қизнинг ҳалокати. Бу тасодифмикин, ўғлим, шу, худо кўрсатмасин, юрагим сезиб турибди, бечора Хатиранинг жонига кимдир қасдланмаганмикин?

– Минг раҳмат, холажон. Кўзимизни очяпсиз. Мен бунинг тагига етмасдан қўймайман.

– Уни эҳтиёт қилинг, болам, авайланг уни…

– Хўп, сўз бераман сизга, уни доим назоратимда ушлайман.

Суҳбатдан сўнг у дераза ёнига келди ва нафрат билан деди: “Аблаҳ, кимлигингни энди билдим. Ҳали ҳаммаси учун жавоб берасан, лаънати…”

***

Аброр Вали ишдан кечроқ қайтаркан, дарвоза ёнида турган қизи ва бир йигитга кўзи тушди. Улар бир-бирининг пинжига тиқилишганча берилиб гурунг қилишар, ниҳоятда бахтдан сармаст эдилар. Аброр ўйланиб қолди. Отасининг машинасига кўзи тушиши биланоқ кўздан ғойиб бўлдилар.

У уйга кирганда қаршисидан чиққан хотинидан сўради:

– Қизинг қани?

– Ҳозиргина шу ерда эди, адажониси.

– У нима ишлар қилаётганидан хабаринг борми, ахир онасисан?

– Нима қилибди?

– Нима қилибди эмиш, ҳозир келаётсам кўчада бир йигит билан турибди. Унга тушунтирмовдингми, бас қилсин болалик қилиқларини, эрта-индин тўй. Кўрган кўзга, эшитган қулоққа яхшимас. Қадамини ўйлаб боссин. Деворниям қулоғи бор.

– Қизингиз ҳаммасига тушунди, у тўйга рози. Зокир билан эса шунчаки дўст бўлиб қолишини айтди.

– Ақлинг жойидами ўзи? Қанақасига дўст, умуман учрашмасин. Ибратнинг қулоғига етса бир тасаввур қил, нима бўлади. У келажагини ўйласин. Ибрат ақлли, мулоҳазакор, босиқ-вазмин, бунинг устига бой ва тадбиркор. Ундан кейин у ғирт етим, унинг биздан бошқа ҳеч кими бўлмайди. Бизга жуда мос йигит. Уни қўлдан чиқариш эса аҳмоқлик. Менда мансаб бор, лекин бойлик йўқ. Мансаб эса ҳали ҳеч кимга абадий буюрмаган. Уларда эса ҳеч ким эгаллолмайдиган ва ҳеч кимса тортиб ололмайдиган қудрат бор. Бунинг маъносини чақиб ол.

– Хўп, дадаси, айтганингиздай бўлади.

– Кўпроқ муносабатни у билан яқинлаштиришга қаратсин, вассалом, – у чўрт бурилиб хонасига кириб кетди.

Хотини эса ҳамма гапнинг таг маъносини тушунди, қизини тергамоқ учун унинг хонасига йўналди.

– Алфия, қаерда эдинг?

– Шу ерда эдим.

– Ёлғон гапирма, ҳозир ким билан гаплашдинг.

– Ҳа-а, уми? Зокир келганди, у билан гаплашиб турган эдик, дадам келиб қолдилар, бор гап шу.

– Эсингни йиғ, қизим, Зокир билан гаплашма. Сен-га барини тушунтирдим-ку, фақат бўлажак қайлиғинг Ибратни ўйла. У тенгсиз йигит.

– Ойи, нима десам экан, мен сизга айтсам, тўғри, сизлар танлаган куёв менга маъқул. У чиройли, ақлли ва бой. Бироқ у мендан анча ёши катта, йигирма ёш, лекин у жуда зерикарли. Ҳа, у билан шу феъли-атвори бўладиган бўлса, зиқ бўлиб яшашимга тўғри келади. Лекин, на илож, мен ҳаммасини ўйладим. Шунинг учун Зокирни дўст сифатида доим ушлаб қолмоқчиман. У мени севади ва ҳозирги ҳолатимизни ҳам тушунади. Биз дўст бўлиб қоламиз, ойи, бир умр дўст, у билан мен ҳеч қачон зерикмайман.

– Эсингни йиғ, буни Ибрат билиб қолсами.

– Билмайди, ойи, билсаям бунга парво қилмайдиган хилидан. Табиатан у шунақа. Уни бир-икки кўрганимдаёқ буни тушуниб олганман.

– Ишқилиб, қизим, эҳтиёт бўл, тағин ҳасадгўй, душманларимизга бу яхшигина дастак бўлиб қолмасин.

– Хавотирланманг, ойи, ҳаммаси жойида бўлади, сизнинг қизингизман-ку ахир.

Алфия шундай дея қизчалардек югуриб келиб ойисини маҳкам қучоқлади.

***

Иш мўлжалдагидек чиқмаганидан Аброр эсанкираб қолди. Тағин ҳалок бўлган қиз бутунлай бошқа бўлиб чиқса-я. Шофёрнинг терговдалиги, бу ишга энг кучли ва энг қайсар мутахассислар жалб этилганлиги унинг баттар хавотирини оширди. Шошилинч чора кўриш мавриди ҳозир, дея ҳисоблади, кечикиши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. У узоқ ўйлаб кўрди ва қатъий хулосага келди. Сейфда анчадан буён сақланаётган тўппончани олди ва бўлаклаб бир-бир тозалаб кўздан кечириб чиқди. Сўнг телефонни олди ва Равилга уни бугун кўрмоқчилигини айтди. Учрашишга жой белгиладилар. Хилват шаҳар четидаги Аброр Валининг чорбоғи.

Кун пешиндан оққан пайти улар келишган жойда учрашдилар. Аброр ёллаган одамларга ўз номи ишлатилмаганини жуда яхши биларди. Лекин Равил ҳам қўлга тушса, унда ҳаммаси тамом деб ўйларди у. Шунинг учун тезда Равилни йўқотишдан манфаатдор эди.

– Яхши иш бўлмади, дўстим.

– Ҳа, ким билибди воқеа бундай тус олишини. Унинг номи билан чиқибди-я.

– Бу ёғи нима бўлади?

– Шофёр ҳибсга олинган, у терговда, қолаверса бу автоҳалокат, нари борса уч-тўрт йил беришар. Қолган чораларни кўрамиз.

– Бу сафар чиндан ҳам адашдингиз, Равил. Бу автоҳалокат эмас, қотиллик деган маънода иш кўриляпти. Қаттиқроқ сиқувга олишса ҳаммасининг калити очилади. Шунинг учун бу хатони ўзим тўғриламоқчиман. – У шундай дея тўппончасидан уни нишонга олди.

– Ҳа, номард, шундай қилишингни билардим.

Шу пайт орқадан отилган ўқ Аброрнинг тўппонча тутган қўлига тегди ва қурол учиб кетди. Яраланган қўли оғриганидан талмовсираган одамни орқадан шамолдек келган икки киши маҳкам ушлаб олди.

– Номард, касофат, мени ўлдирмоқчи бўлдингми, мени-я, – Равил ғазаб ва афсус билан ингради. У шу қиёфада катта пул учун бўлса-да шу каби тубан одамга хизмат қилганидан афсусда, озорда эди.

– Менинг одамларим, бу менинг одамларим. Улар ҳеч қачон, ҳар қандай шароитда ҳам сотилмайдилар. Бу воқеа бахтсиз ҳодиса сифатида қайд қилиниши, айбдор бор-йўғи бир неча йилга қамалиши ҳам мумкин эди. Ва озгина саъй-ҳаракат билан уни қутқариб олиш мен учун ҳеч нарса эмас эди.

– Янглишяпсан бу сафар, Равил, иш бўйича мамлакатдаги энг кучли мутахассислар шуғулланаётганлиги ҳақида хабарим бор.

– Ҳа, ҳа, энди тушунарли, шофёр мабодо тилидан тутилса, менинг номимни айтишини яхши тушунгансан. Шунинг учун мендан қутулмоқчи бўлгансан, аблаҳ. Энди бу ёғига ўзинг балогардон бўласан. Айбингни бўйнингга оласан. Сенинг буюртманг билан бу иш содир бўлганини яхшилаб тушунтирасан, профессорсан-у, – истеҳзоли кулди ва бармоқлари билан унинг иягидан ушлаб кўзларига ўткир тикилди, – ҳа, худди шундай қиласан, қилмишингга яраша жазоинг шу.

– Йўқ, ўтинаман, бу керакмас.

– Бас қил, гапларимни яна бир такрорлашга мажбур қилма, иблис, қолаверса, сенинг яхши кўрган хотининг, эрка қизинг ва… ва ёлғиз ўғлинг бор-а!

Аброр Вали ҳайкалдек қотиб қолди.

– Кетдик, йигитлар.

Улар зумда кўздан ғойиб бўлдилар.

***

– Ибрат, сиз билан гаплашмоқчи эдим, жуда қизиқ воқеалар, худди тушдагидек, – адвокатнинг телефондаги ҳаяжонли овозидан энди ишхонага келиб улгурган Ибрат гўшакни маҳкам чангаллаганча, титроқ ва безовталик билан сўради.

– Нима гап, Аслиддин, шундоғам кўнглим жуда ғаш?

– Хатиранинг жонига қасд қилишгани рост экан. Шофёр буни терговда кутилмаган тасодиф дея оёқ тираб турганди. Тўсатдан Аброр ака келиб бу ишнинг бошида ўзи турганини, шофёрнинг айби йўқлигини, бу қотилликка у фатво бергани, мабодо бажармаса ўлим билан таҳдид қилганини, бундан жуда афсус-надоматда эканини айтди. Унинг айтишича, хаёли кейинги пайтларда паришонхотир ва ўзи ҳам тушуниб бўлмас ўйлар билан ўзини бошқаролмай қолганмиш.

– Ҳа, буни сиз билан бафуржа ўтириб мулоҳазалашсак, кўп нарсанинг тагига етардик. У иблисни ўлдирмоқчи эдим. Ахир у бегуноҳ бир инсонни ўлдирди, бошқасини эса турмага тиқди. У жазосини олиши керак.

– Ҳа, у албатта қилмишига яраша жазоланади. Қолганини кўришганда гаплашамиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

– Раҳмат сизга, жуда миннатдорман тақдирдан, менга яна бир содиқ дўст туҳфа этганлигидан.

– Кўришгунча, дўстим.

– Хайр.

КЎҲНА ИБОДАТХОНА ХАЗИНАСИ
ёхуд танбалларга гаройиб омад
(Ҳажвий қисса)
 
Иллат излаганга иллатдур дунё,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё…
 
Бобур

Пирмат, Бозорбой ва Шодиқул бир кўчада туришади. Феъл-атвори бир-бирга ўта мослиги сабаб улар орасидан қил ўтмайди. Бир-бирига меҳрибон ва қалин. Уччаласи ҳам ишламайди. Олдинлари бинойидек Пир-мат қўли гул уста-наққошлик, Бозорбой кулолчилик, Шодиқул эса новвойчилик қилардилар… Нима бўлди-ю, улар ҳунарларини ташлаб, ўзларига маъқул йўлни танладилар. Пирмат ароққа ружу қўйди, шу сабабли хотини икки боласини олиб тез-тез отасиникига кетиб қоларди. Қўшнилар, шулар билан бир қаторда албатта Бозорбой ва Шодиқул ҳар жанжалдан сўнг улар ўртасига туши-шар ва яраштириб қўйишарди.

“Пул топмайсан, давлат ишида ишлаб, одамларга ўхшаб ойлик олмайсан деб хотиним кун бермайди, – дея тушунтирарди Пирмат ўзини оқлашнинг минг бир йўлини топиб, – нима қилай, қанча иш изладим, йўқ, буюртма бўлса бориб қилиб бераман, иш бўлмаса одамлар эшигини тақиллатиб, менга юмуш беринглар дейманми…”.

Бозорбой эса кулолчиликни катта ўғли бинойидек эплаётганини кўриб кўнгли тўлди. Ўғли, хотини ва кичкина қизи усиз ҳам бемалол ишни эплашар, ҳар бозор куни сотувга нарсалар тайёрлай бошлашганди. У эса ўзининг болаликданоқ севимли ўйини – бедана боқиш ва уриштириш фикри билан банд бўлиб қолди. У уззукун чойхонадан бери келмас, ошналари Пирмат ва Шодиқул билан аллақайларга санғир, кечқурун бир олам таассуротларини хотини, ўғли ва қизига айтиб беришга ошиқар, бироқ хотинининг бу бўлмағур, фойдасиз, бекорчи эрининг саргузаштларини эшитишга тобитоқати йўқ эди.

– Ундан кўра биттагина сигир, иккита эчкига қарасангиз бўлмайдими, шуларни бир айлантириб келсангиз ҳам фойда эди.

Бозорбойнинг зорланишича, унинг сигири ва эчкилари энг расво ва ёмон ҳайвонлар эди. Минг уларни боқиб, айлантирган билан сути ҳам кўпаймайди, семирмайдиям, яхшиси уларнинг баҳридан ўтиб сотиб юбориш керак.

Шодиқул эса хотини болаларини боғчага жойлаб мактабга (у ўқитувчи эди) декретдан чиққан куниёқ новвойчиликни йиғиштирди. Ҳаркалай хотинининг ой-лиги билан кун ўтиши мумкинлигини ҳис қилган сайин қалбан яйраб борарди.

– Ҳеч бўлмаса ер қаровсиз ётибди, йигирма сотих шундоқ катта ер-а, қанча экин-текин қилиб кунимизга яратсак бўлади, – дея уқтиришларига ўз билганича тушунтиришга ҳаракат қиларди.

У ўз ерини ишлов беришга арзимаслиги, бу ер бутун тумандаги энг ярамас жойлиги, у ерда ҳамма нарсанинг жудаям ёмон ўсишини ва қанча меҳнат, куч сарф қилинмасин барибир ҳамиша шунақа бўлиб қолаверишини хотини, қўни-қўшниларига айтиб чарчамасди. Айтишича, унинг еридаги ёввойи ўтлар, бошқаларнинг даласидагига қараганда, сўзсиз тезроқ ўсарди. Бирон-бир пайт у ишга уннамоқчи бўлса, албатта, ак-сига олиб кетмон оёғини жароҳатлар, ёки ёмғир ёғиб ишни охирига етказишга халақит берарди. Унинг қўраси бузилиб ётар, товуқхонаси ҳам ундан баттар эди, хўроз ва тўрт товуғи қўшниларникида адашиб юрарди.

Бироқ бу уччаласи ҳам маҳаллада анчагина ўзига яраша эътиборли эди. Улар ҳеч қачон маҳалла бошлаган энг оғир ишларга ҳам кўмаклашишдан қайтмасдилар, агар қишлоқда ҳашар билан бир иш бошлашмоқчи бўлишса, улар биринчилар қатори ишга киришардилар, қишлоқдаги аёллар ҳам уларга ҳар хил топшириқлар ёки хатто ўзларининг эрларига-да малол келадиган икир-чикир юмушларни қилиб бериш тўғрисидаги илтимослар билан мурожаат этишга ўрганиб кетишганди. Хуллас, бу уч қаҳрамонимиз ўзгаларнинг ишларини бажонидил бажариб ташлайверардилар-у, лекин ўзларининг ишига асло қиё боқмасдилар, оила бошлиғи вазифасини адо қилиш ва рўзғорнинг каму кўстини тўлдириб, батартиб тутиш улар учун хаёлга сиғмайдиган ва имкониятдан ташқари иш бўлиб туюларди.

Баъзан улар чойхонада ўтириб олиб ёзнинг узун куни қишлоқдаги ҳар хил ивир-сивир гаплардан мижғовлашишар ёки турли-туман боши-кети йўқ ҳикояларни айтиб эзмаланишарди.

Лекин баъзида қандайдир бир ўткинчи ташлаб кетган эски газета сабаб бўлиб, уларнинг ўртасида шундай донишмандларча мунозаралар авж олардики, айрим давлат арбобларининг бунақа гаплардан воқиф бўлмоқлиги учун унча-мунча пул харж қилишларига тўғри келарди. Ҳатто бир неча ой муқаддам содир бўлган воқеалар устида шунақанги доноларча фикр юритишардики, асти қўяверасиз.

Уларни омадли дейишимизга сабаб, чойхона эгаси Мамарайим бува уларнинг узоқ қариндоши ҳисобланарди. Узоқ вақтлар қишлоқ оқсоқоли бўлган бу ўта ақлли ва тадбиркор одам ҳозир чойхонани бошқарар, катта-катта лавозимларда ишлайдиган тўрт ўғлига ҳам ҳикоямиз қаҳрамонлари Пирмат, Бозорқул ва Шодиқулни ўзининг аждодларидан эканлигини уқтириб бўлган эди. Бунинг таъсирида унинг ўғиллари ҳам бунга кўникиб кетгандилар. Чол бахтли ота бўлишдек саодатга муяссар эди, ҳар ҳолда унинг чойхона тугул, уйида ҳам дастурхони атрофида бир тўда оила аъзолари, қариндошлари қатори, албатта Бозорбой, Шодиқул ва Пирматни кўриш мумкин эди. Чолни шу сабабдан яна бахтли дейиш мумкин эдики, толе унга бағрикенглиги ва сахийлиги учун камбағал қариндошларни ортиғи билан ато қилганди. Уларнинг ҳаммаси, Ирвинг айтмоқчи, дунёдаги барча камбағал қариндошлар каби, жўшқин ва тез эллашиб кетадиганлардан эди.

Уларнинг ҳаммалари Мамарайим бобони эъзозлар, қулай пайт келди дегунча гурр этиб ёпирилиб чолни қуршаб, ўзларининг иштироклари билан унинг хонадонини янада ҳаётбахш этардилар.

Ўзларини ниҳоятда оқибатли ҳисоблаган бу кишилар ўзларининг оммавий шодиёналарини-да баъзан сахий чол ҳисобига нишонлашар, сомсаю кабоб, жиззаю паловхонтўра атрофида ўтиришганча бу оламда қариндошлар учрашувидан, қалб, кўнгил яқинлигидан завқли ҳеч нарса йўқ деб бир-бирларини ишонтирардилар.

Мамарайим чол бўйи кичик бўлсаям ниҳоятда кўнгли кенг ва меҳрибон, ўта раҳмдил инсон эди. У дунёдаги шу катта қасрдек хонадон ичидаги энг бирламчи одам эканлигини англаб боши кўкка етарди. Тўрт ўғлига ҳам, гарчи улар катта корхона эгалари, бири профессор, тадбиркорлик соҳасидаги баланд мавқеларда ишласалар-да, барчасини ўз қариндошларининг ҳурматиззатини қилишга, қўлидан келгунча уларга ёрдам беришга тинмай ундагани сабаб аллақачон улар ҳам бу борада отасининг кўнглига йўл топа олган эдилар. Иш-ларига ажратиши лозим бўлган вақтининг бир қисмини мана шу қариндошлари учун бажонудил сарфлашга ўрганиб кетгандилар. Чол ёшлиги, инқилоб ҳақида, ундан сўнг ўзи қатнашган Жаҳон уруши тўғрисида, ундаги қиёмат қойим ҳақида, кўз олдида шаҳид кетган биродар-дўстлари тўғрисида узоқ гапиришни яхши кўрарди, чунки у ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бундай, яъни унинг ҳисобидан истиқомат қилиб юрган кишилардай бутун вужуди қулоққа айланиб тинглайдиган кишиларни учратмаган эди. Унинг ҳикоясини юзинчи марта эшитишга тўғри келган бўлса-да, барча ҳикоясини кўзи ва оғзини катта очиб донг қотганча тинглашар, ўрни-ўрни билан қойил қолаётганларини билдириб туришни ҳам эсдан чиқармасдилар.

Нима бўлди-ю бу ҳаловатдан улар жудо бўлдилар. Негаки ҳар уччовининг хотини Мамарайим бувага рўзғоридаги бор гапни тўкиб солишган, эрларининг дангасалигини, ароқхўрлигини, бедана уриштиришу ухлашдан бошқа нарсага ярамаслигидан нолишган. Ва эрларини йўлга солишга ёрдам беришга ўтинишган. Шундан сўнг чол энди уларни кўрса суҳбат мавзуини батамом ўзгартирар, оила улуғ эканлиги, унинг соҳиби зиммасида ўта масъулиятли вазифалар борлиги, ҳар бир эркак унинг моддий томондан мўл-кўл қилиши лозимлиги, шу баробарида фарзандлари тарбияси учун масъуллигини соатлаб айтиб уқтиравергач, қаҳрамонларимизнинг секин-секин бу иссиқ жойдан қадамлари узила бошлади. Қаҳрамонларимизга табиийки бу насиҳатлар ёқмас, ўзларининг ҳақлигини эса бошқаларга тушунтира олишган бўлса-да, ҳеч қачон бу чол олдида исботлашга журъату куч топиб ишонтиролмасдилар…

Шу сабаб улар оиласидагилар билан баттар ёвлашиб борардилар.

Бир кун кечда уйига қайтган Бозорбой бугунги эшитганларини завқ билан сўзлашни бошлади. У хотинидан сўради:

– Ҳалиги Қирмиз холани танир эдинг-а, қўшни қишлоққа турмушга чиқиб кетган?

Хотини индамади.

– Ҳўв, сенга гапиряпман, нима бало қулоғинг том битганми?

– Қайси Қирмиз хола?

– Қайси Қирмиз хола эмиш, ҳув Жодининг катта опаси-чи, энди эсингга тушдими?

– Хўш, нима қипти Қирмиз холага?

Бозорбой нимадир эсига тушиб юзи ёришиб кетди ва ўғлига юзланди:

– Жамшид, сен танийсан-а Қирмиз холани, ҳув ўтган йили невараси сени ёнингга келувди-ку?

– Билмадим, эсимда йўқ.

– Сен бола нимага бунча шалпаймасанг-а, кеча еган овқатингниям эслолмайсанлар, вой тавба, шунақаям бўладими?

Хотини аччиқ билан унинг ёнига келди:

– Бизнинг нима ишимиз бор у аёл билан, яхшиси аҳволингизга қарасангиз-чи, кўчадан бери келмай топиб келадиганингиз шунақа бекорчи гаплар.

Бозорбойнинг энсаси қотди:

– Бир кўнгил ёзиб бундоқ гаплашиб бўлмаса булар билан. Вой, Худойим-эй. Пешонамга нега мунақа одамлар битилди-я…

У тўнғиллаганча ухлашга ётаркан тасаввур қилди. Эртага кечқурун беданасини қўшни қишлоққа уриштиргани олиб боришлари керак. У эрталаб соат ўн биргача ухлади. Кўзларини уқалаб ташқарига чиқди ва ҳайрон қолди. Офтобга жуда чиройли ясалган йигирмага яқин идишлар қўйиб қўйилган. Улар моҳирона безатилган эди. Булар кўзалар, сопол лаганлар, пахта акси туширилган косалар, ҳар хил ҳайвонлар, шамдонлар. Бари лойдан, чиннидан ясалган. Эрининг уларни мамнун томоша қилаётганини кўрган хотини яйраб мақтанди:

– Рихситиллангизнинг иши, Мастура қизингиз иккаласи ясашди, бир ҳафтада, бозорга олиб чиқсак бир дунё пул бўлади, анча ўнгланиб оламиз.

– Нега айнан бу шаклларни ясади ўғлинг, ҳайвонлар кимга керак?

– Рихситиллангиз бозорни анча ўрганди, шунақа буюмлар харидоргир эканлиги, уларни қизиқиб олишаётганини кўриб, устози Фурқат домласиникига анча қатнади болагинам. Ўрганиб ўзи ясади, Мастура ёрдам қилиб турди. Кўз тегмасин, ўғлингиз жуда қобилиятли, сиз ҳам сал қарашсангиз бўларди, дадаси, – аёл секин кўнглидагини чиқара бошлади, – бинойидек ҳунарингиз бор, ишимиз юришиб кетарди, бош бўлиб турсангиз.

– Яна дийдиёингни бошладингми, ҳеч тўймас эканда кўзинг. Мана ўғлинг кап-катта бўлиб қолди. Ишини уддалаяпти. Яна нима дейсан. Ҳеч мени тушунмайсан. Буям шу пайтгача ишлади, энди майли озроқ дам олсин демайсан, номард хотин.

– Ҳай-ҳай, секинроқ, шусиз ҳам қўни-қўшни биздан безор бўлиб қолди. Айтдим-қўйдим-да.

– Сенинг дийдиёларингни ҳамма эшитиб бўлган, билдингми, эрталабдан миямга урадиган гап қиласан-а, вой бошим.

У тўнғиллаганича юз-қўлини ювиб дастурхондаги овқатни паққос туширди ва секин беданалари олдига кетди. Бир пасдан кейин эрининг ваҳимали бақириғи эшитилди, ўнлаб беданалар солинган қатор қафаслардан биридаги унинг севимли сариқ беданаси йўқ. Қафас эшиги очилиб ётар, қуш эса аниқки қочиб кетганди. Бозорбойнинг эси оғиб қолаёзди. Айнан шу беданани бугун кечқурун қўшни қишдоқдаги Раҳим чиллак деган беданабознинг қуши билан уриштиргани олиб бориши керак эди. Дўпписини қўлига олиб уйига югурди. Хоти-ни, ўғли ва қизи ўзлари ясаган буюмлар ёнига янгиларини офтобга қуритишга авайлаб қўйишарди. Кўзлари олайиб улар ёнига чопди:

– Бедана қани? – бақирди у овози борича, – сенлардан сўраяпман, сариқ бедана қани?

– Ҳой-ҳой, дадаси, нима бўлди, қафасда эди, ахир ўзингиз кечгача ўша ёқда эдингиз-ку.

– Кимдир қафасни очган, атай шундай қилгансанлар, бугун Раҳим чиллак билан бедана уриштиришимиз керак эди. Ютуққа катта пул қўйилган, сенларнинг мана бу кўза-пўзангдан кўра шу минг марта дуруст эди. Қочириб юборгансанлар жиғимга тегиш, ишимнинг белига тепиш учун… топинглар дейман, бўлмаса нақ…

– Бу нима деганингиз, – деди ўғли, – у ерга сиздан бошқа ҳеч ким яқинлашмаган. Ўзингиз яқинлашма дегансиз.

– Ўзингиз, ўзингиз? Ҳаммасига мен айбдор-а, сен ҳам манави сли паст хотин – онангнинг ёнини олаяпсанми, – у жаҳл устида хотини билан тортиша кетганди, ўғли ўртага тушди.

– Сенлар атай иш қилишни билсанглар, мен ҳам сенлардан кам эмасман, мана бўлмаса, мана, мана, – шундай дея телбаларча ўғли ясаган идишларни чилпарчин синдира бошлади. Бунга тоқат қилолмаган хотин яқинроқда турган катта таёқни олиб унга югурди. Ўғли ўртада ажратгунча Бозорбой буюмларнинг деярли ҳаммасини улоқтириб ташлади. Айниқса калласига хотинининг таёқ билан ургани жуда алам қилиб, жинини қўзитиб юборди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации