Электронная библиотека » Б. Омонова » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Қисмат тарозуси"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Б. Омонова


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 11 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Нега энди, ахир бу тош яхши одамлар қўлига ўтишиям мумкин-ку?!

– Ўшандай одам келгунча у қўриқлайверади, хомкалла, мана неча асрки, унга ҳеч ким етишолмаган. Ердаги одамлар ўз тириклик ташвишларидан нари ўтолмайдику, бу ғаройиб тошни қидиришга вақт ажрата олармидилар?

Ана шу пайт дев бош кўтарди. Учовлари қўрқувдан қалтираб кетдилар.

Бу ниҳоятда улкан ва бесўнақай, жундор дев эди.

– Одам, одам иси, оҳ, уни егим келяпти, – бўкирди у.

– Карен, булар дўст, мен уларни бу ерга келтирдим, хавотирланма, – девнинг важоҳатидан ҳатто шайтон ҳам талвасага тушиб қолди.

– Буларни ейман…

– Хоқонимиз уларга бу ерда яшаб қолиш имконини бердилар, энди улар ўз дунёларини унутиб, юртимизда яшайдилар, бахтиёр бўлмоқчилар, тушундингми?

– Унда нега уларни менинг олдимга бошлаб келдинг?

– Бу уччаласини юртимиз урф-одатлари билан таништириб юрибман…

– Овқат, – даҳшатли бўкирди дев.

Кўринишидан жуда оч эди, шу сабаб ҳозир ҳеч қан дай гапни эшитиш ва тушуниш ҳолида эмасди. Кўзларидан ўт чақнаб, атрофга сочилди. Тишлари қисирлаб кетди.

– Унга овқатини келтиринглар, – чийиллади шайтон овозининг борича.

Ёрдамчилари девга улкан думалоқ дорини ғилдиратиб олиб келдилар, дев уни ютди ва тинчиб жойига чўзилди.

– Сизлар манави қоя ёнида дам олиб туринглар, мен ҳозир келаман, – шайтон шундай дея зумда кўздан йўқолди.

– Аҳволимиз ҳақиқатан ёмон…

– Жуда ёмон!

– Энди нима қилиш керак?

– Зудлик билан бу жойдан қочиб қолиш керак.

– Бу ердан, бу жодугарлар тўдасидан қочиш осон бўптими?

– Бунинг фақат бир йўли бор.

– Қандай йўл?

– Қуёш тоши…

– Қуёш тоши дейсанми?

– Ҳа, айнан қуёш тоши!

– Уни қандай қўлга киритишимиз мумкин?

– Бизга яна бир бахтсизлик, эҳ худойим-эй!

– Бўлди, нолима, яхшиси қочиш тадбирини тузиш керак, девни қандай бўлмасин чалғитиб тошни олиш керак. Шунда барча одамлар учун кутилмаган ҳодиса бўларди-да.

Улар шу тариқа пичирлашиб алланарсаларга келишиб олишгач, қайтиб келган шайтонга дедилар:

– Ҳой шайтон, барча нарсада сендан ўтадиган устаси фаранг йўқ экан, сенга қойилмиз, қани айт-чи, девниям алдаш қўлингдан келадими?

Шайтон бироз ўйланиб қолди, бироқ ожизлигини билдиргиси келмади.

– Албатта, нимайди?

– У ҳолда қани алдаб кўр-чи?

Шайтон иккиланмай дев томон кетди. Қорни тўйиб, ором олиб ётган девнинг қулоғига чиқиб шивирлай бошлади. Шундан сўнг дев атрофни ларзага солиб ўрнидан турди ва шайтон кўрсатган тарафга кета бошлади. Улар узоқлашиши ҳамон Шодиқул шоширди:

– Қани кетдик, вақтни бой бермайлик, ҳар бир дақиқа ғанимат!

– Кетдик, ё шу йўлда ҳалок бўламиз, ё қутулиб кетамиз, – деди Пирмат.

– Муқаддас сафар сари олға, таваккалчига худо ёр, – Бозорбой дадилланиб кетди.

Улар жуда чаққонлик билан қоя тепасидаги ибодатхона томон шошилдилар. Узоқданоқ аллақандай шуъладан тетикланиб кетдилар.

– Ана кўринди, яна озгина, озгина…

– Тўхтанглар, аблаҳлар, – девнинг ваҳимали ўкириги эшитилди. Зумда қасир-қусур қояларнинг силкиниши туфайли учовлари қалтираганча қотиб қолдилар, дев оғзидан уларга қарата олов пуркай бошлади…

– А-а-а… – Шодиқул ўз овозидан ўзи уйғониб кетди. Сапчиб ўрнидан туриб қарасаки, ёнгинасида хуррак тортишиб жўралари бемалол ухлаб ётарди. Қуёш аллақачон кўтарилиб, бутун сатҳни эгаллаган.

– Хайрият-эй, туш экан. Бунчалар ҳам бемаза туш бўладими, бу жойлар хосиятсиз экан, тезроқ кетиш керак, – шундай дея у Пирмат ва Шодиқулни турткилаб уйғота бошлади.

Йўл-йўлакай қоринлари очганидан ёввойи дўлана ва тахир кўк тоғ жийдаларини чайнаб-чайнаб кетардилар. Анча юришгач бир кекса чол ва чамаси ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги болага дуч келдилар. Улар аллақандай ўсимликларни теришар ва халталарга авайлаб жойлардилар. Оёқлари зўрға судралишган, қоринлари оч бу уч-чалови уларни кўриб ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Чол улар саломига жавоб қайтаргач:

– Сайёҳмисизлар? – дея сўради.

– Ҳа-ҳа, саёҳатчилармиз, – тайёр жавоб топилганидан шод бўлдилар, – бир кун бўлди, шерикларимизни йўқотиб қўйдик. Айланишга чиқиб йўлни адаштирдик.

– Ҳа, болам, – хотиржам деди чол, – ҳечқиси йўқ, тоғда бунақа воқеалар табиий ҳол, ҳамроҳларингиз ҳам излашга тушишгандир, топишиб оласизлар.

– Айтганингиз келсин, бироқ егулик, айниқса сув… – тамшанди улар.

– Ҳа-ҳа, тушунарли, ҳов Алижон, – узоқда ер тагидан ниманидир эҳтиётлаб кавлаётган неварасини чақирди чол, – неварам Алишержон, ҳозир яқинроқдаги булоқни кўрсатади, мана буларни еб, сув ичиб туринглар.

Улар чол узатган шишадаги сувни ичиб, ул-бул еб бироз ўзларига келгандай бўлдилар. Шунда Пирмат сўради:

– Бобо, эрта тонгда бу чўққиларда нима қилиб юрибсизлар?

– Э, болам, – тушунтирди чол, – ҳозир ҳаммасини айтиб бераман.

Чолнинг айтишича, унинг ёши тўқсон олтида экан. Ажлодлари бари табиблар бўлиб, одамларни ҳар хил тоғ ўтларидан тайёрланган дамламалар, гиёҳлар, илдизлар билан даволар эканлар. Чол ҳам аждодларига муносиб улар йўлини давом эттирганлигини, қанча одамлар ундан шифо топганини, уларни даволаш баробарида ўзи ҳам тетиклашиб, бардамлик ҳис этишини, ҳозирда унинг икки ўғли чет элларда ўқиб келган докторлар эканини, катта шифохоналарда одамларни замонавий дорилар билан бир қаторда гиёҳлар билан ҳам муваффақиятли даволаётганларини мароқ билан фахрланиб гапириб берди.

– Тўғри, – деди чол, – ҳозир баъзи бировларга, тенгдош чолларга ўхшаб чойхонада ҳангомалашиб, давлатимиз бераётган нафақани еб-ичиб дам олиб ётишим ҳам мумкин эди, бироқ мен бундай қилолмайман. Меҳнатсиз бир кун ҳам яшолмайман. Ўзимни нокерак ҳис этиш бу ўлим каби гап мен учун.

Шундай дея чол уларга меҳнатнинг инсон ҳаётидаги роли, турмуш баракаси, оқибат, ҳалоллик тўғрисида узоқ гапирди. У гўё ўзи билан ўзи гаплашаётгандек чуқур хаёлга чўмиб сўйлади.

– Инсон шундай яшаб ўтиши керакки, болалари шу оилада туғилганидан пушаймон емасин, эл-элати унинг шу маҳаллада яшаётганидан хурсанд бўлсин, тўғрими, болам, – у кулимсираб ёнгинасига келиб ўтирган набираси сочларини силади, – худо хоҳласа, ҳозир билганларимни шу набирамга ҳам ўргатяпман. Қайси жойда қай гиёҳлар, илдизлар борлигини жуда яхши билади у ҳам. Келажакда оталари каби одамлар яхши кўрган энг яхши дўхтир бўлади у ҳам…

Уччовлари, яъни Бозорбой, Шодиқул ва Пирмат бу ерда кўп тўхталолмасдилар, бироқ бу учрашувдан бошлари осмонга етгудек бўлиб, бола кўрсатган булоқдан тўйиб сув ичиб, ювиниб олдилар, сўнг улар кўрсатган йўлдан кетишга чоғланарканлар, қуюқ хайрлашдилар.

Улар узоқ юрдилар. Сўнг оч-наҳор бир тиниқ булоқ ёнида тўхтадилар. Сувдан тўйгунча ичиб, юз-қўлларини ювишгач, егулик илинжида атрофга нажот билан термулдилар. Кутилмаганда Шодиқул бола кўтариб елкасига халтасини жойлаб олга икки лўли аёл томон чопди.

– Ҳай-ҳай, бола билан-а, беринг менга халтани, беринг, ёрдамлашаман.

Лўли ҳайрон бўлди:

– Вой, акун, нима қиляпсиз? Қўйинг, ўзимиз.

– Бола билан қийналиб қоласиз, қўяверинг, сал наригача кўтаришсам бироз бўлсаям ёрдам-де.

Шодиқул чаққонлик билан лўли аёлнинг елкасидан халтасини олиб ўзи осиб олди. Бироз юришгач, уларни гап билан чалғитиб халтадан битта-битта нонни олиб секин елкаси оша ташлаб кетаверди. Шу зайлда анча нарига боришгач, халтасини лўлига бериб изига қайтди. Қайтишда боя ташлаб келган нонларни териб бағрига босганча қувонди, ишбилармонлигидан, пайтдан ўз вақтида, оқилона фойдаланиб қолганидан фахр ила шериклари ёнига қайтаркан, улар олдига ундирган қаттиқ нонларни қўйди:

– Мана тайёр егулик, лўлиларимизга раҳмат-эй. Шу жойларгаям қадами етиб, яна ўзгаларгаям ризқ улашиб юрганига. Қани, Пирмат, Бозор, олинглар, Оллоҳ бизни ҳарқалай севади-де, шу ергача жонимизни омон сақлаб, ризқимизни улашиб турибди-я. Қишлоққа қайтсам, худо хоҳласа, шундай ишлар қилайки, эҳ…

Қаттиқ нонни ўртасидан бир уриб синдирганча булоқ сувига ботириб оғзига солди.

– Оҳ, оҳ, мазасини қара-я, буғдой нонни бунчалик ширин бўлишини шу пайтгача сезмовдим, ёки эътибор бермаган булсам керак…

У тумшайиб ўтирган Бозорбойга, сал нарида кўкка қараб алланималарни ғамгин ўй суриб ётган Пирматга саволомуз қараб қўйди ва ўзича тушуниб юпатмоққа тиришди:

– Бўлди-да энди, намунча аза очмасанглар, бўлар иш бўлди, анавилар қўлидан эсон-омон қутулдик, йўлимизни топиб уйга қайтяпмиз, хатоларимизни англадик, тоғларни сайр қилдик, нима бўпти шунга, хатони ҳаммаям қилади-де, бизни биров кўрмаган бўлса…

Пирмат ўйчан деди:

– Ҳайронман, уйдагилар биз ҳақимизда нима деб ўйлашаётган экан. Хотиним, болаларим уйга қайтдимикин-а?

Бозорбой ҳам ғамгин деди:

– Менинг уйимдагилар ниҳоятда хурсанддир, қутулганига шукур қилиб ўтиришгандир, айниқса хотиним кейинги пайтларда менга айтиб юрган дайди, бетайин сўзлари тўғри чиққанини ҳамманинг олдида исботлаганидан оғзи қулоғидадир.

Шодиқул деди:

– Қаердан биласизлар, балки бошқачадир, мен хотинимдан ҳам кўра болаларимни, икки ўғлимни ўйлаб ўтирибман. Ҳойнаҳой онаси уларга, сизларни даданг ташлаб кетди, деб мендан совутиб ўтиргандир.

Бу орада эса кутилмаган фалокат рўй берди. Анча юришгач Бозорбойнинг боши айландими, сўқмоқ кенг бўлса-да оёғи четга тойиб, чамаси икки метрлар пастликка думалаб кетди. Тушган жойи нақ қиррали тош жой эди. Унинг ўнг қўли қийшайиб, оёғи шишиб кетди. Суяклар жойидан қўзғалганди. Пирмат дарҳол оғриғига қарамай чиққан жойларни бинойидек жойига туширди. Иккаласи шартта кўйлагини ечишди-да йиртиб-йиртиб Бозорбойнинг шилиниб қон оқаётган қўлини қисиб бойлаб, бўйнига танғишди, Шодиқулнинг кўйлагини бўлиб-бўлиб оёғини боғлашди. Бироқ у юролмас, секин-секин Пирматга суянганча инқиллаб судраларди… Улар минг азобда пешиндан сўнг ниҳоят чўпонларга дуч келдилар. Сон-саноқсиз қўйларни боқиб юрганлар кекса чол ва кампир эди. Уларни кўриб дарров ўтовга олиб кирдилар, аҳволларига ачиниб, чиққан жойларга қўй ёғидан суртиб тахтакачлаб қўйишди. Сўнг илиқ сутда тоғ мўмиёсидан эритиб ичиришди.

– Энди буни қимирлатиб бўлмайди, суяги қийшиқ битиб кейинчалик ҳам тез-тез чиқадиган бўлиб қолади.

Кампирнинг бу гапини чоли ҳам тасдиқлади. Улар йигирма кун шу ерда қолиб кетдилар. Шодиқул ва Пир-мат жон деб қўйларни боқишар, жунларини олишда уларга ёрдам беришар, ҳатто кампирга кичкина ер тандир ҳам қуриб беришди. Арча қўрида пишган тандир ка-боб, эчки сути, қўй ёғидан қилинган патирлар уларнинг оғзида бир умр қолишини айтиб чарчамасдилар. Чолкампирнинг набиралари ва болалари билан иноқлашиб кетдилар. Кўп нарсани тушундилар. Меҳр-оқибат, мўлкўллик, иноқлик, тўкин ҳаёт замирида меҳнат ётганини англаб етдилар. Ниҳоят кетиш олдидан кампир улар учун катта халтага патир, бир қўйнинг тандир кабобини бутунича жойлади, яна қаймоқ соларкан, йўлда ейсизлар деб қўйди. Адирликларга онда-сонда келиб турадиган дала машинасига чиқарканлар, кўзларида ёш қалқиб бу оқибатли одамлар билан хайрлашдилар. Шофёр уларни тоққа яқин шаҳарчадаги гавжум бозор яқинига тушираркан:

– Бу жойда транспорт кўп бўлади, истаган манзилларингизга шу ердан кетиш қулай, автобуслар ҳам бор, – деб қўйди.

Пирмат таксичилар ёнида қишлоқларига элтиб қўйиш нархини гаплашиб турар, Шодиқул эса Бозорбойни суяб атрофга шукроналик билан боқаркан, яна бир нохуш ҳолат юз берди. Чол-кампир жойлаб берган халтани бўйи баланд бир бола анча кузатиб турган шекилли, қулай пайт бўлиши билан шаппа кўтариб қочиб қолса борми. Кўриб қолишгач, Пирмат тезликда унинг кетидан югурди. Шодиқул эса шу яқиндаги скамейка-га Бозорбойни ўтқазди-ю у ҳам ўғри кетидан чопди, бироқ бозор тўла одам, йўлдан тинмай ўтиб-қайтаётган машиналар оралаб ўғрини тутиш осон эмас. Шу пайт машина қаттиқ сигнал берди. Шодиқул кўрсинки, ерда машина туртиб юборган Пирмат чўзилиб ётарди. Жон ҳолатда унга ташланди. Ҳайдовчи ҳам югуриб келди. Пирматнинг чап кўзи кўкариб кетган, пешанасидан қон оқарди. Дарҳол уни кўтариб машинага солишмоқчи эди, кутилмаганда унинг ўзи ўрнидан турди. Устибошини қоқди ва машина эгасини излади. Бу вақтда у бинт, йод олиб келиб қолди. Яқинроқда дори сотадиган аёлни чақиришди. У жароҳатни яхшилаб тозалаб, сўнг бинт билан боғлаб қўйди. Пирмат олижаноблик билан айб ўзидан ўтганини, машина йўлига нотўғри тушиб қолганини тан оларкан, барчаси унинг омон қолганига шукрона айтардилар. Машина эгаси қайта-қайта узр айтиб уччаловиниям машинага чиқариб қишлоққача олиб бориб қўйишга ваъда берди. Тўсатдан у уччовлонга синчков тикилди, соч-соқоллари бир ойдан буён ўсиб кетган бўлишига қарамай ниманидир эслагандек бўлди. Сўнг аллақандай газетани олиб уларга узатаркан деди:

– Мабодо, мана бу расмлар сизларники эмасми?

Улардан тетикроғи шу топ Шодиқул эди, дарҳол олиб ўқимоқчи бўлди-ю, расмларни кўриб қотиб қолди. Газетанинг сўнгги сахифасида ҳар уччаласининг расмлари қатор чиқарилган эди. “Қидирилмоқда”.

– Ўқи, ўқи-чи, – сабри чидамади Бозорбойнинг.

– Суратлардаги Пирмат, Бозорбой ва Шодиқул исмли йигитлар қидирилмоқда, – у ташлаб-ташлаб ўқий бошлади, – бу йигитлар бир ой муқаддам уйларидан чиқиб кетишганча қайтиб келишмаган, охирги марта уларни Мардикорлар бозорида кўришган… қидирув пайтида Ургут тоғларидаги бир жарлик ёнидан уларнинг йиртилган ва қонга беланган кийимлари парчалари топилган. Яна айрим миш-мишларга кўра тоғдаги йиртқич ҳайвонлар уларнинг гўштларини бурда-бурда қилиб, еб ташлаган деган гапларга қарамасдан қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

– Ҳайвонлар улар гўштларини бурда-бурда қилиб еб ташлаган деган гапни ким ўйлаб топдийкин, – бу гапдан жаҳли чиққан Бозорбойнинг алами келди, – менимча, буни Раҳим чиллак тўқиб чиқарган.

– Садир чўтал айтган бўлиши ҳам мумкин.

– Ҳали борай, мен уларга кўрсатиб қўяман, аблаҳлар, – тишлари ғижирлаб, кўзлари олайиб кетди Бозорбойнинг.

Бундай ҳолатда уларни тинчитиш ва кайфиятини кўтариб, хотиржам қилиш ёлғиз ўзининг зиммасида эканини ҳис қилган Шодиқул юпатишга тушди:

– Бўлди, бўлди, тинчлан, асабингни бузма…

Ниҳоят улар қишлоққа киравериш йўлига бурилганларида йўл ёпиб қўйилганини кўрдилар.

– Начора, – деди шофёр, – уйларингиз эшигигача олиб бориб қўймоқчи эдим-у, йўлни ёпишибди, омон бўлинглар.

– Хайр, хайр, – улар эҳтиёткорона машинадан чиқдилар-у, қадрдон қишлоғи томон ошиқдилар. Қишлоққа кираверишданоқ кўчада ўйнаб юрган тўрт-беш ёшли ўн-ўн беш болакай улар кетидан югурди. Бари танибтанимай соч-соқоли ўсиб, ажабтовур кўринган кишиларни жиғига тегиб қийқира бошлашди. Ярим-яланғоч бу болакайлар қўлларидаги ёғоч от, коптокни улар томон отишар, мабодо теккудек бўлса шунақаям чувиллашардики, азбаройи уларнинг шовқинидан уйлардаги итлар ҳам хура бошлади. Болаларнинг бу бемаъни қилиқларидан жаҳли чиққан Шодиқул уларни анча наригача қувиб кетди, пўписа қилиб кетларидан бир-икки тош ҳам отиб қўйди. Бироқ улар яна бироздан кейин тағин ортларидан эргашиб оларди. Итларнинг безовта хуриши-ю, болаларнинг қийқиришига уй бекалари ҳам секин дарвоза, дераза тирқишидан мўралай бошладилар. Уларга кўзлари тушгач бир-бирларини чақириб шивирлашганча, бир ойдан буён дом-дараксиз кетган, эндиликда буткул кўримсиз ва ярадор ҳолда қайтишаётган ҳамқишлоқлари изидан тушиб олдилар… Уч қаҳрамонимиз ортларидан эргашган болакайлар ва аёллар тўдасини кўриб ўз уйларига тезроқ кириб олишга шошилдилар. Биринчи уй Пирматники эди, уларни кўрган хотини, болалари, қари онаси ва қўшнилари югуриб чиқишди, худди у дунёдан қайтиб келгандай сезишиб кўз ёши тўкдилар. Шу жойда Шодиқул барча йиғилган катта-кичикка ҳақиқатан ҳам Мардикор бозорига боришганини, у ерда бир таниш оғайниларини кўришмоқчи бўлганини, бахтга қарши уни тополмай катта бир ўғирликка гувоҳ бўлишганини, улар изидан тушиб тоққа чиқишганини, ҳатто олишувлар бўлгани, бироқ нима бўлса-да, ўғирлик молларни жойига қайтаришга у аблаҳларни мажбур қилишганини қўшибчатиб шундай мароқли ҳикоя қилдики, ҳатто ёнида ўтирган Пирмат ва Бозорбой ҳам бунга чиппа-чин ишонди. Бир неча кун уларнинг хонадонлари ниҳоятда оқкўнгил ва ишонувчан, меҳрибон ҳамқишлоқлари ташрифи билан тўлиб-тошди. Ҳар бири Шодиқул тўқиган саргузаштни айтиб чарчамасдилар. Қишлоқдагилар, айниқса Мамарайим амаки барча келди-кетдиларнинг бошида турди, жиянларининг эсон-омон қайтгани, шу баробарида катта бир жиноят йўлини тўсганидан хурсанд ҳам бўлишди.

Шундан сўнг, ўз ваъдаларидек, улар дарҳол ишга киришдилар. Бундан хотинлари ва болаларининг бошлари осмонга етди. Пирмат Мамарайим бува ўғилларининг корхонасига ишга кирди, бўш қолди дегунча, ерини ишлар, дарахтларга ишлов берар, барча юмушларни ўз зиммасига олди. Бозорбой эса гарчи оёғи оғриб секин-секин битаётган бўлса-да, ўтирган ҳолда ўғли Рихситиллага қараша бошлади, турли буюмлар кўпая бошлади. Шодиқул эса яна қўшнисининг ўғилларини ёнига олганча новвойликни давом эттирди. Экин экиб, бегона ўтларни юлишни астойдил қилди шекилли, томорқаси ҳам бинойидек бўлиб қолди. Лекин кунора уч оғайни учрашишар, холи қолганларида дуч келган балодан қандай қутулганларини шивирлаб гаплашишар, ишлари юришиб кетаётганидан суҳбатлари яна авж олар, хуллас, улар ҳаёти жуда яхши изга тушишига баъзан улар учун ёқимсиз туюлган бу воқеаларни бот-бот эслашлари анча ёрдам қилаётганди.

Шундай бахтиёр кунларининг бирида Шодиқул телевизор кўриб ўтириб нохос ҳайрат билан қотиб қолди. Мана, экранда ўша қароқчи аёл, яна ўша қоп-қора кийимда, унинг икки ёнида икки эркак, уларни ички ишлар ходимлари дея тасаввур қилди Шодиқул, сўнг ҳаяжон ичида деди: “Хайрият. У қўлга тушибди, аблаҳлар, ҳозир, ҳозир…”. У шошиб телефонни олди-ю Пирматнинг уй рақамини тера бошлади, шошиб-пишиб суюнчи олишга интилди.

– Пирмат, ўзингмисан, телевизорни биринчи каналга бура, анови қароқчи аёл шериклари билан қўлга тушиибди, ҳа-ҳа, икки қўлидан маҳкам ушлаб олиб кетишяпти, тутиб олишибди.

Кейин шоша-пиша Бозорбойнинг уйига қўнғироқ қилди:

– Ким бу, келин, Бозорбойни чақиринг, зарур ишим бор, тез-тез… Бозорбой, ўзингмисан, телевизорни қўй биринчи каналга, қўйдингми, танидингми, анави қароқчиларни, қўлга тушишибди, қилмиш-қидирмиш деб шунга айтадилар-де…

Кейин кўнгли хотиржам телевизорга креслони яқин суриб ўтирди ва ҳузур билан томоша қила бошлади.

“…яна бир тадқиқотчимиз томонидан эрамиздан олдинги даврдаги қадимги аждодларимиз оловга сиғинишган пайтдаги Қуёш тоши номини олган қимматбаҳо тош қазиб олинди. Тўғри, бу мовий жилоланадиган қимматбаҳо тош мутахассислар томонидан ҳали кўп ўрганилади, таркиби текширилади ва мўъжизавийлиги исботланади. Бироқ бу қадимий тошнинг топилиши қадимий маданиятимиз намунаси, фан оламини янада бойитади. Бу тош асл таркибга эга бўлиш билан бирга нур сингдириш хусусиятига эга, шу сабаб қадимги аждодларимиз унга чин дилдан эътиқод қўйишган. Бу тош энг баланд чўққида илк бор қурилган “Қуёш ибодатхонаси” жойидан топилди. Тўғри, бу ишга тадқиқотчимиздан олдин ҳам кўп олимлар қизиқишган, қидирув ишлари олиб борилган ва натижа чиқмагач, иш тўхтатилган. Сабаби, қазув ишларини олиб боришга бу жой жуда хатарли эди. Исталган пайти тоғ жинслари кўчиш хавфи мавжудлиги сабаб ишнинг охирига етишига умид боғламаганлар. Ёш тадқиқотчимиз эса барча умидсизликларни енгиб, хатарларни писанд қилмай, мураккаб ва қалтис вазиятлар бўлса-да, иш бошлади ва бугунги муваффақиятга эришди. Қадимги ибодатхона қолдиқлари орасидан қимматбаҳо мана бу металлар, шаклдор ёзувлар, тошга акси туширилган аллақандай битиклар ҳам топилди…

Телевизорда Бозорбой, Пирмат ва Шодиқул қазиган жойларни кўрсатишарди.

“…Аввалига ҳеч ким буни, яъни Қуёш тошининг мавжуд эканига ишонқирамади, чунки бу ҳақдаги маълумотлар айрим манбалардагина қайд этилган эди холос. Азиз томошабинлар, бундан неча асрлар олдин аждодларимиз кароматли тош дея сиғинишган, уйларига бахт, осудалик, ўзларига омонлик олиб келувчи дея қарашган тош, қаранг, қандай товланади-я, минг бир жилоланишини қаранг, хуллас, тадқиқотчи томонидан топилган бу ўта ноёб топилма кўҳна маданиятимиз хазинасига қўшилган улкан ҳиссадир.

Ҳукуматимиз бундай қийин ва мураккаб, қалтис тоғ чўққиларида жонларини гаровга қўйиб қазув ишларини олиб борган кишиларни муносиб тақдирлайди. Тадқиқотчимизга илмий даража ва пул мукофоти. Бу ишларда унга яқиндан ёрдам берган “Ватанпарвар” ташкилоти аъзоларига ва қазув ишларини охиригача етказган мана бу уч йигитга ҳам бир миллиондан пул мукофоти топширилади…”

Шодиқулнинг кўз ўнгида уларни кузатиб турган ҳалиги назоратчилар, яна улар ўрнига олиб келинган уч йигитга қараркан эси оққан мисол шивирлади:

“Қирқига чидаб-а?!”

У креслога суяниб қолди.

Ҳикоялар

ЁМҒИР ҲИДИ

Зулфия опага


Мен баҳор ҳавосини севаман. Ёмғир ҳидини ҳам. Ёмғирдан сўнг замин қандайдир юввош тортиб, сокин бўлиб қолади. Само эса ўзининг бутун дардларини томчилаб тўкиб, ғуссадан фориғ бўлгандай мусаффо тортади.

Кейин… Кейин майин шабада эсади. Атрофга аллақандай кўкатларнингми, япроқларнингми ёқимли ҳиди гуркираб кетади. Қуёш жилмайиб чиқади-да, нурлари билан борлиқни қучиб эркалайди. Мен ана шу чоқдаги ёмғир ҳидини, шабадани, кўкатларнинг исини, қуёшнинг кулишини жуда-жуда севаман.

Мана, ҳозир ҳам ёмғир ёғаяпти. Кеч соат етти. Одатдагидек уйимиз сокин. Ойим ҳали ҳам касалхонадан қайтмабдилар. Умуман, ҳамма врачлар ҳам шундай бўлса керак. Ойим доимо иш билан чопгани-чопган… Бир вақт ойим кўриндилар. Ивиган ёмғирпўшини ечиб, сумкани четга қўйдилар. Қоғозга ўроғлиқ каттароқ нарса сумкадан чиқиб турар, ойимнинг тим қора қошлари остидан ҳамиша ўйчан боқувчи катта-катта кўзларида қандайдир безовталик, маъюс бир ифода қалқиб турарди.

– Ойижон! Келдингизми?! – ҳар галгидек унинг бағрига отиламан.

– Келдим, келдим, жоним қизим, қалай, қўрқмадингми?

– Йўқ, энди ўрганиб қолганман. Ойи, юринг чой ичамиз.

– Бошим оғриб турибди, – ойимнинг товуши қалтираб кетди. Ҳақиқатан ҳам у касалга ўхшарди, ранги оқариб, тез-тез нафас оларкан, бир пас менга тикилиб тургач, сўнг секингина ён томондаги хонага – бир вақтлар дадам аллақандай китобларни титиб ишлаб ўтирадиган хонага кириб кетдилар. Мен ойимнинг сумкасидан чиқиб турган қоғозни қизиқсиниб тортиб кўрдим. Қимматбаҳо костюм-шим, яп-янги галстук…

Юрагим зирқираб кетди. Ахир бугун тўққизинчи апрель – дадамнинг туғилган куни-ку. Агар ҳозир тирик бўлганларида ўттиз саккиз ёшга тўлган бўлардилар. Булар ойимнинг ҳар йил одатга айланиб қолган, лекин ҳар гал эгасиз тахланиб турадиган совғалари… Кўзларимга ёш қуйилиб келди. Югуриб боғга чиқдим. Яна ёмғир, тотли ҳидлар. Гуллар орасидан тўрт-бешта қип-қизил атиргулни барги билан юлиб олдим. Шишагулдонга солиб, секин дадамнинг хонасига кирдим. Ана ойим… бир вақтлар дадам ишлаб чарчаганларида ёнбошлаб дам оладиган диванда ғужанак бўлиб ётиб олган. Тўрдаги деворда дадамнинг бахтли табассум билан тушган сурати. Гулларни сурат тагига қўйдим. «Салом, дадажон, бу гулларни сизга опкелдим, ана ойим ҳам совға келтирдилар, эшитяпсизми, дада? Биз ҳар гал баҳорнинг шу кунида сизни совғалар билан қаршилаймиз. Ҳар гал шу куни ёмғир ёғади. Дадажон, биласизми, мен ёмғирни шунақаям яхши кўраманки…».

Дилимдаги унсиз бу нидолардан ойим бехабар, унинг ўзи сўнгеиз изтироблар нчида минг азоб, минг дардда ёнаётганини ёлғиз мен билиб турибман, холос. Ойимга халақит бермайман. Қайтиб ташқарига чиқаман. Нақшинкор айвон устунига суянганча ёмғирни кузатаман…

Бундан тўрт йил муқаддам худди шу куни эди. Мен ўшанда 3-синфда ўқирдим. Ойим шифохонада врач, дадам эса университетнинг механика-математика факультетида дарс берардилар. Дадамнинг докторлик диссертациясини ёқлаганига бир ойдан ошганди. Хонадонимизда дилларни чароғон этгувчи шодлик, қувонч ҳукмрон эди. Шу куни дадамнинг туғилган кунини нишонламоқчи эдик. Дадам менга тилла сирға, ойимга узук олиб бердилар. Қўшнилар хизматга чиқишди. Иккита нотаниш киши айвонда дастурхон тузарди. Тайёргарлик катта. Дадамнинг ишхонасидан ҳам меҳмонлар келишмоқчи эди. Бир вақт дадамнинг машинаси кўринди. Югуриб дарвозани кенг очдим. Дадам машинани эндигина гаражга қўювди ҳамки, ойим чақириб қолдилар.

– Қодир ака, – ойим ҳамиша дадамнинг номини атаб чақирарди, – Нигорахон билан Аҳмаджонни олиб келсангиз бўларди.

– Кеч бўп қолди, чарчадим, – дедилар дадам негадир қовоқларини уюб, – чарчадим, етар, ҳозир меҳмонлар ҳам келиб қолишади.

– Вой, ана машина, ғир-р этиб борасиз-у, опкеласиз. Нигорахон ўн йиллик қадрдоним-а! Бирон гап бўлса, бечоралар югуриб келишади, машинаси билан опкетиб, машинада қўйиб кетишади.

Нигора холам ойим билан институтда бирга ўқиган, энг яқин дугонаси. Ҳозир ўзларининг Кўкдаласидаги қайсидир касалхонада врач бўлиб ишлайди. Эрини ҳам кўрганман. Роса салобатли одам. Ойим уни каттакон киши деб гапирадилар. Мен уларнинг уйига икки марта борганман. Уйлари шунақаям ҳашаматлики, мен тенги қизи Ҳилоланинг тилла сирғаси бор. Мана энди меникиям бор. Қандай яхши-я менинг дадам…

– Ҳимоя зиёфатига таклиф қилдик-ку, етади, – дадам шундай дея костюмини ечиб, стул суянчиғига ташлади, демак бормайдиганга ўхшайди.

– Бора қолинг, энди вақтни ўтказмай, – жаҳллари чиқди ойимнинг.

– Гулноза ҳам борсин, Ҳилола дугонасини кўриб келади.

Бу гапни эшитиб кувониб кетдим. Секин дадамнинг пинжига суқилдим.

– Дадажон, борайлик, роса машинага тушгим келяпти.

Дадам қўллари билан сочларимни силаб турдилар, сўнг асабий бўлиб ойимга бақирдилар:

– Ҳоли-жонимга қўясанми бир пас, бормайман дедимми, тамом, – дадам чўрт ўгирилиб ичкари уйга кириб кетдилар. Ҳовлида хизмат қилаётган қўшниларимиз ҳам шовқинни эшитишди шекилли, биз томон қараб-қараб қўйишарди. Ойим бироз қотиб турдилар. Сўнг дадамнинг кетидан уйга кириб, эшикни шарт ёпиб қўйди. Кўзларимга ёш тўлиб келди. Рост-да, нима қипти Ни-гора холамларни олиб келишса. Нимага дадам бунча ойимга бақиради? Анчадан сўнг бошини эгган кўйи хомуш чиқди, билагига костюмини ташлаб, шошмасдан машинага яқинлашди. Хурсанд ҳолда чопқиллаб дадамнинг ёнига бордим.

– Гули, сен қола қол, қизим. Ҳозир амакиларинг келишади, сен ойингга ёрдам берасан.

Хўрлигим келиб ойимга қарадим. Ойим ўз сўзини ўтказганидан, қўшниларнинг олдида эрини шунақа йўлига солиб, ҳукмини бажартира оладиган хотин эканидан мамнун бўлиб, айвонда намойишкорона турарди.

– Қодир ака, олиб бора қолинг, машинада ўйнаб томоша қилиб келади.

Машинага газ бераётган дадам менинг ўксиганимни сезди шекилли, тушиб ёнимга келдилар, пешонамдан ўпиб эркаладилар.

– Кейин, кейин сени томоша қилдираман, қизим, хўпми, ҳув олдингидай тоққа лола тергани чиқамиз. Эсингдами ўшанда қандай ёмғир ёғганди, роса югургандик-а? – дадам мени юпатишга уринаркан, унинг мен учун қанчалар азиз ва қадрдон кўзларида нимадандир норозилик сезилиб турарди. Эҳтимол чарчаганидандир, кейинги пайтда анча чўкиб қолдилар. Ростда, кечалари иш билан бўлиб уйқу нималигини билмайдилар. Ойим, даданг шу ишни деб ахийри ўзини адо қилади, дердилар. Ҳаво ранг «Жигули» то катта йўлдан кўринмай кетгунча кузатиб турдим. Анча маҳал дугоналарим билан арғимчоқ учиб, сўнг ойим ёнига келдим, қизиқ, дадам ҳалиям қайтмабдилар. Ҳамма меҳмонлар келиб бўлишган. Ясатилган, ноз-неъматга тўла столлар атрофини одамлар қуршаб олган. Ана, тўрда дадамнинг ҳимоя зиёфатида биринчи бўлиб сўзлаган амаки, басавлат, жиддий кўринишли. Ҳозир ҳам атрофидаги аллақанча одамларга нималарнидир гапириб кулдирарди. Ҳамма дадамни кутарди.

– Бунча кеч қолди Қодир акангиз, кетганларига тўрт соат бўляпти, – ойим безовта шивирлай бошлади Абдулла амакига, – йўл бор-йўғи бир соатлик, бир хабар олмайсизми, тавба, бирам кўнглим ғашки…

Абдулла амаким билан яна бир киши енгил машинада чиқиб кетишди.

…Бир маҳал даҳшатли воқеанинг гувоҳи бўлдик. Ўшанда нималар бўлди, хотирлолмайман ҳам. Фақат кетма-кет енгил машиналар, «Тез ёрдам» ходимлари, оппоқ нарсага ўралган дадам. Наҳотки… Қий-чув… Сўнгсиз фарёдлар. Оҳ, мен севимли дадамдан ажралиб қолгандим. Тахи бузилмаган столлар ағнаб кетди, овқатлар чала пишганча козонларда қолди. Ойим ҳушидан кетди. Югуриб дадамни ётқизишган диванга яқинлашдим. Дадам таниб бўлмас ҳолда ётарди. Даҳшат ва қўрқув аралаш бақириб юбордим.

– Дадажо-он!..

Кимдир мени азот кўтариб четга опкетди. Дадам ўша куни жарлик ёнидаги йўлдан ўта туриб қулаб кетибди. Эҳ, бу воқеа дадамнинг энг бахтли кунига, туғилган кунига тўғри кепти-я. Ажаб, ўшанда ойдин осмонга қаердандир булутлар йиғилди. Шунақаям ёмғир ёғдики… Шундан кейинги азобларимизни тасвирлолмайман. Ойим адойи тамом бўлди. Эҳ, унинг кўз ёшларини, армонларини…

Жимгина ёмғирга термуламан. Дадам билан ёмғирда лола терганимиз ёдимга тушади. Тим қора ғамгин осмонга қарайман. Борлиқдан юрагимга энг яқин одамимни, дадамни ахтараман. Ёмғир томчилари тарновга тушиб ноғора чертади. Тарқаётган сийрак булутлар орасидан хирагина юлдузлар заминга нигоҳ ташлайди. Сомон йўли тиниқлашади. Бир пасда ёмғир тинади. Атрофда мунаввар ўсимликларнинг, она ернинг тотли ҳиди… Баъзан шундай пайтда яна булутлар тўпланади-ю, шар-рос ёмғир қуяди. Баҳор ҳавоси-да.

Мен бу ўткинчи ёмғирларни барибир севаман. Улар бизнинг энг бахтли кунларимизни эслатади. Яна… яна улар ойимнинг кўз ёшларига ўхшайди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации