Текст книги "Қисмат тарозуси"
Автор книги: Б. Омонова
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 11 страниц)
– Мактабдан сўнг қаерда ўқимокчийдинг?
– Баъзан артист бўлгим келарди. Кўпроқ врач бўлиш истаги зўр келарди. Баъзан, биласанми, асосий ишимдан ташқари театрда ишлайман деб қўярдим. Укам икковимиз ҳам гоҳи бўш пайтлар ҳар хил ҳайвонлар овозларини қилишни яхши кўрардик. Ёш болалар жон-дилим…
Қўшниларимиз гўдакларини баъзан бизга қарашга ташлаб кетарди. Уларни зериктирмасдик. Ялмоғиз, дев, ажина товушларини… Мана, кўрсатайми? – Қиз чеҳрасини ҳар хил қиёфага солиб, оғзини чўччайтирганча берилиб “санъат”ини намойиш қилишга киришди. Унинг билан зерикишга ўрин қолмайдиган ёқимтой ҳамроҳининг бу қилиқларидан йигит гоҳ ҳайратда қолар, гоҳ куларди. Улар учун гўё уруш йўқ эди. Келажак ҳаётлари, орзулари ва сурурли хаёллар тўлқини икки ёш боши узра сузиб юрарди.
– Сен ўлим ҳақида қандай фикрдасан? Боя инсон ўлимга ҳам тайёр туриши керак девдинг, – йигит чалқанча ётганича қизнинг тиззасига бош қўйди.
– Ўлим, – қиз бир лаҳза нигоҳларини узоқларга қадаганча давом этди, – бу… бу туғулиш каби табиат қонуни.
Инсон туғилиши биланоқ ажал фариштаси ҳам унинг атрофида айланиб юраркан. Қизиқ, бу фаришта унинг ёнгинасида кечаю кундуз ҳамроҳ бўлишига қарамай ер юзидаги ўн фоиз одамгина уни ўзларига дўст, бу ўткинчи дунёнинг баъзан йўқчилик, баъзан хасталик, баъзан хорликдан таналарини озод этувчи муқаддас куч деб ҳисоблашмаса, қолганлар уни душман санашади. Ирим қилиб қочадилар.
– Нега? Нима учун?
Олдин ўтган мард, шерюрак ота-боболаримиз ўлимдан қўрқиш эмас, унга рўпара бўлишни орзу қилишган. Ўз шиддатлари билан униям ҳатто чекинтиришга, то бу фоний дунёда мақсадлари амалга ошмагунча уни маҳв этишга муваффақ бўлганлар. Шундай кезлардагина улар ўзларига одилона баҳо бера олганлар, таналарини ашаддий синовдан қутқара олганлар. Айниқса, шаҳид ўлмоқликни, яъни дин ва халқ эътиқоди йўлида ўлмоқликни Аллоҳдан илтижо қилганлар. Ва кўпинча, не бахтки, бундай инсонлар орасидагина буюк ва жаҳонгир, улуғ ва руҳан ўлмас одамлар етишиб чиққан. Улар умр ёши учун эмас, мангуликка ёзилажак ёшлари учун курашганлар. Афсус, улар сони йиллар сайин камаймоқда. Бу жуда ваҳимали ҳолдир.
– Ҳа-а, – йигит баттар ҳайратланиб унга тикилиб қолди, – қизиқ, сен буларни қаердан биласан-а?!
– Отам ҳам, онам ҳам фалсафа билан шуғулланардилар. Билимгоҳда дарс беришарди. Уйда ҳам уларнинг баҳси тугамасди. Шунинг учун улар суҳбатидан ўзимга қизиқ ва ғайритабиий туюлган нарсаларни ой-динлаштириш учун диний-фалсафий адабиётларни кўп ўқирдим. Бора-бора булар менинг борлиғимни шу қадар чулғаб олдики, эҳ… агар уруш бўлмаганда эди, қанча китоблар ўқирдим, дунё ва коинот, ҳаёт ва инсон ҳақда бемалол ўй сурардим, таҳлилларимни дафтарга ёзиб борардим… – София чуқур хўрсинди.
– Олдин қаерда яшагансизлар?
– Мен Қаршида туғилганман. Сўнг Тошкентда яшардик. Бешинчи синфгача рус мактабида ўқирдим, кейин икки йил ўзбек мактабида. Мен саккизинчи синфга ўтган ёз дадамни Киевга ишга таклиф килдилар. Қандайдир илмий-тадқиқот ишлар буйича. Дадамнинг ҳол-жонига қўйишмагач, Киевга кўчиб кетдик. Бу ерда халқ фалсафаси, ўзбекларнинг ўтмиш маданиятига қизиқиш жуда катта экан. Келиб-кетувчиларнинг давра суҳбатларидан билиб олганман, улар дадам, онам билан биргаликда соатлаб баҳс қилардилар, бир-бирлари билан аёвсиз тортишардилар. Бўш вақтимда эса украин тилини ўргандим. Ўртоқларим кўп эди. Айни уруш бизнинг энг қувноқ ёшлигимизнинг гўзал пайтларига тўғри келди. Биринчи марта ўқ овози, бомба портлашлари, ўлаётган инсонлар… дадам, онам… Бу даҳшат, жудаям даҳшат эди. Кейин укам йўқолиб қолди… – қиз бошқа гапиролмади. У йиғлади. Ногоҳ ўзи ҳам билмай қиз қалбидаги азобли оғриқни қўзғатиб қўйганига жуда пушаймон йигит беихтиёр ўрнидан турди. Қизга таскин бергиси келмади, «майли, қайтага юрагини бўшатиб олади». Сўнг у атрофни диққат билан кузатиб ҳозир ўтажак йўлларини чамалай бошлади. Кун сал қоронғулашди, улар хавфсиз дея тахмин қилишгач умидли томон – буталар оралаб илдам юриб кетдилар.
Софиянинг оёқлари оғриётганди ва бу юришларига анча халақит қиларди. У тўсатдан дам-бадам ерга ўтириб қолар, этигини ечар, оёқларини шамолда бироз уқалар, сўнг яна бир амаллаб кияр ва юришда давом этарди.
– Бошқа чидолмайман, – киз оғир «уҳ» тортганча қулоч етмас, танаси бесўнақай ғадир-будир кекса дарахтга суяниб олди, этикларини ечиш учун ёрдамлашаётган йигитга ўксиб тикилди. – Қара, азизим, ўтирсам ва оёқларимни очиб қўйсам, оғриғи бироз тўхтагандай, гўё манави чап оёғим ҳеч ўзимникига ўхшамайди, ё нима бало, пайтава халақит қиляптимикин?
– Озроқ чида, юрагим сезиб турибди, дарё яқин, – пичирлади далда бермоқчи каби йигит ҳали ўзи аниқ билмасаям.
– Ке, сен ҳам чўзил, – қиз ўтлар устига ётганча ҳамроҳига қаради ва яна қўшиб қўйди, – бирон нима дегин, Султон, йўл бўйи чурқ этмай келяпсан, сенга нима бўлди? – хавотирланиб унинг чарчоқ ва изтиробли юзларига тикилди София.
– Ҳеч нарса, нимаям дейин. Сен гапиравер, мен эшитавераман, – ҳозир унинг юрагига қил ҳам сиғмас, олдиндан рўй беражак нохуш воқеаларни сезган каби бутун вужуди мажолсиз бўлиб кетар, лекин рўпарасида фақат ўзигина паноҳ, суянч деб билган ожиз ва касалманд, айниқса аллақачон юрагининг бир парчасига айланиб қолган ватандош қиз тақдири уни баттар ташвишга солар, ўзидан ҳам уни кўпроқ ўйлар, авайлар, ачинар, бироқ иложсизлик бағрини ўртаб борар, қалбида кечаётган бу оғриқли ва хавотирли ўйларни зинҳор унга билдирмасликка тиришарди.
– Бир қўшнимиз бўларди. Кекса, нимжон чол. Хотини ва болалари билан келишмасди. Уйларидан доим жанжал, қий-чув эшитиларди. Унча-мунчамас, олти боласи бор эди. Тўрт қиз, икки ўғил. Катта қизи эридан ажралиб тўртта боласи билан келволган эди. Чолнинг кампири эса роса жаврақи, шаллақи эди. Тинмасдан, ҳатто бировлар олдида ҳам, эрини қарғагани қарғаган эди. Чол бўлса ҳеч нима демасди. Секин ўрнидан турарди-да, кўл бўйига жўнарди. Унинг ортидан эса биз болалар ҳам эргашиб борардик. У ахир бизга гоҳида балиқ тутишда ёрдам берарди. Шунда у соҳилда ўтириб кўлга тикилганча хаёл сурарди. Жуда-жуда хафа бўларди. Сўнг тиззасига бош қўйганча… йиғларди… – София жим қолиб ўзига беҳад изтиробли ва қайғули туюлган бу ҳикояси суҳбатдошига қандай таъсир қилаётганини билмоқчи каби унинг юзларига қаттиқ тикилди. Йигит кўзларида ўзи кутганчалик тасаввур ва кўникмани кўриб, ишонч ҳосил қилди чоғи, чалқанча ётганча давом этди.
– Чол йиғларди… чол-а?.. Сен ҳам бундай ҳолатни ҳеч кўрганмисан?
– Ҳа.
– Қаерда?
– Ҳаётда, жонгинам, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз истаймизми-йўқми, тақдир агар пешонамизга йиғлашни ёзибдими, йиғламай иложимиз йўқ. Турмуш жуда икир-чикирлари кўп дунё.
– Мен сени ҳеч қачон йиғлатмайман. Сўз бераман сенга. Мен ҳеч қачон шаллақи хотин бўлиб кечаю кундуз тепангда жаврамайман.
– Ақллигим ўзимни.
– Сен нима деб ўйлайсан, ўша чол нимага йиғларкин-а?
– Бундан бошқа чораси йўқлигидандир?
– Ҳа-а, топдинг, ёшлигида хотини билан роса айтишгандир, ким билади, калтаклагандир ҳам, кейин эса унини ўчиролмагач индамас одам овчиликни касб қилгандир. Шундай қилсам қутулишим осон бўлади деб ўйлагандир?
– Яхши йўл.
– Мен сени жуда паҳлавон ва ҳақиқий эркак қилиб тарбиялайман. Биз ҳеч қачон уруш нималигини билмаймиз. Мен ҳамма ишларни қилишда жон деб қарашавераман. Чарчадим деб айтмайман. Ўшанда сен ҳеч қачон қаримайсан. Ҳозиргидек навқирон бўлиб қолаверасан.
Йигит жавоб ўрнига бир сўз демай қизни маҳкам қучди. Унинг юзларини ҳовучига олганича узоқ ўпди.
– Сени севаман, жоним! – эҳтирос билан пичирлади йигит бахтдан сархуш овозда, – бироқ менга нисбатан анови синовларинг бор-ку бўлмағур, барини йиғиштирасан. Чунки сени яхши кўраман, бу синовларга ҳожат йўқ.
– Ростданми, сен менга рашк қилишга ҳеч йўл қўймайсан-а? Рашк, билсанг, бу жуда ёмон. Бу балога гирифтор бўлишни хоҳламайман. Баъзан орзу қилардим, менинг шундай севгилим бўлсаки, уни жуда кўп инсонлар, қизлар севса ва ҳавас қилса. Бироқ унга бу ҳисларини тўкиб-солишга журъат этишолмаса. Унинг кўзларида фақат мени ва менинг севгимни кўришса.
– Шундай бўлади, азизим. Хавотир олма, мен сени шундай севаманки…
Энди улар бир-бирларини нечоғли севишларини исботлашмоқчидек, телбаларча қучоқлашишар ва тинмай ўпишардилар…
***
Тонг азонда улар яна йўлга тушдилар. Чакалакзор оралаб юриш жуда қийин эди. Бир-бирига чирмашиб кетган буталар қадам босишгаям халақит қиларди. Йигит хаёлида “Немислар қуршовидан омон чиқиш яна кимларга насиб этди экан, ҳозир улар қаердайкин? Бун-дан кейин қандай йўл тутиш керак. Нажот йўли борми ўзи?..” деган саволлар кезар эди.
Султон умидсиз ўтириб қолди. Бир ҳазин, ғамбода шабада бутун вужудини сирқиратиб совуқ элакдан ўтказа бошлади.
“Ёлғиз бўлганда унга ҳамма нарса барибир бўлган ва тақдир ҳукмига ўзини тутиб берган бўларди. Ёнида София. Бундай мусибатли, бахтсиз кунларда толе унга ато этган муҳаббат!.. Унинг тақдири қандай бўлади? Қандай? Хизмат қисмида уни ҳамма солдатлар яхши кўришар, сингилларига қарагандай самимий ҳазиллашиб юришарди. Ҳаммага бирдай ёрдам берадиган, ёш бўлсада, анчагина тиббий тажрибага эга, ўзбек қизлари деганда ҳаммага қандайдир ёқимтой ва чиройли тасаввурни кўрсата билган бу қизчанинг жасур қадамларидан ўшанда у қанчалар фахрланарди, гўё ундан куч олгандай бўларди.
Энди эса…”
Султон чуқур хўрсинганча елкасидан автоматни олиб қайта тозалаб чиқди, пистолетини кўздан кечирди. Бу вақтда қиз ухлаб қолганди. Йигит энгашиб унинг юзларига узоқ тикилди.
“Бечора, уруш сени не кўйларга солди. Кўз олдида ота-онаси ўлими, бедарак кетган укаси, мусофирчилик… Шунақа ғамга қандай чидаб юрибсан-а, азизим. Тағин йўл бўйи хавотирдан чалғитишга, бошқа-бошқа гаплар билан мени овутишга, кулдиришга ҳаракат қиласан. Бу куч сенга қаердан ато этилган!? Бундан кейинги ҳаётимиз қандай бўлади ё душман ўқидан, ё йўл тополмай касалликлардан ўлиб кетмасмиканмиз…”
София тўсатдан алланималар деб алаҳлай бошлади. “Тушида қўрқдими?” ўйланди у. Султон кафтини унинг пешонасига босди, қўрқиб кетди. “Бунча иссиқ, ёниб кетай дейди-я”. Йигит қизнинг рўмолини олди-ю ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакда намлаб пешонасига босди, сўнг шинелини ечиб маҳкам ўраб қўйди. Қиз кўзларини очиб атрофга қаради, тепасида Султонни кўриб секин жилмайди, кейин пешонасидаги ҳўл рўмолга ишора қилди:
– Буни сен қилдингми, жоним?
– Ҳа.
– Қандай меҳрибонсан. Бироқ менинг оёқларим оғриб кетяпти.
– Тўхта, мана секин-секин уқалайман, шишлари бироз қайтар. Бирон-бир кулбани учратсайдик.
Унинг таскинлари умидсизроқ чиқаётганини қиз сезиб турар, лекин билдирмасликга ҳаракат қиларди. Тобора йигитга юк бўлаётгани учун ўзини ёмон кўриб борарди. Шу пайт узоқдан итларнинг хуриши қулоққа чалинди, иккови ҳам тахтадай қотиб қолдилар.
Қиз ўзини йигит қучоғига отди, унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб унсиз йиғлади. Султон бир қўли билан қизнинг сочларини силаркан, иккинчиси билан автоматни яқинроқ суриб қўйди. Иккаловининг юрак урушлари бемалол бир-бирларига эштилиб турарди.
Итлар овози узоқдан, ҳув адирлар ортидан келяпти. Султон ўрнидан туриб кафтини пешонасига қўйганча олисларга тикилди. Бироқ қуюқ дарахтлар оралаб овоздан бошқа ҳеч нарса уқиб бўлмасди.
– Биласанми, София, – йигит қиз ёнига чўккалаб унинг иссиқ, нимжон бармоқларини қўлга олганча гап бошлади, – биз дарёга яқин қолдик. Бир амаллаб сувдан ўтиб олишимиз керак. У ёғи бизга бехатар. 52-дивизия полки ўша ёқда эканини аниқ биламан. Кел, секин-секин юрамиз. – Қиз итоаткорона ўрнидан қўзғалди. Бу кеча унинг кўз атрофиям шишинқираб чиққанди.
Султон беҳад қайғу ва изтироб билан унга тикиларкан, ички нидо билан Оллоҳга ёлвора бошлади: “Э, парвардигор, мени қўй-у унга раҳм қил, гуноҳсиз бу бандангдан шафқатингни дариғ тутма, эгам, ахир у касал. Унга жуда-жуда қийин. Бизга куч-қувват ато этгайсан, бехатар бир йўлга чиқишга кўмаклашгайсан. Агар сенга жон қурбонлик керак бўлса, ол жонимни, ол… ол… Фақат унга раҳм қил, парвардигорим, раҳм қил, раҳм қил…”.
– Сенга нима бўлди, кўзларингда ёш, азизим? Ё мен билан юриш сенга қийин бўляптими-а? – гуноҳкорона, ғариб руҳда деди қиз.
Бу гапдан Султонниг хаёлий илтижоси тарқаб, қаршисидаги бир жуфт жавдираган кўзларга ўксиниб тикилиб қолди.
– Бир қўлинг билан бўйнимдан қучоқлаб оласан, сени кўтариб оламан.
– Қўявер, ҳали ўзим ярайман.
Иккиси секин-секин бирдай ортга ўгирилдилар-у, энг яхши, ширин дамлари ўтган, ҳадемай хотирага айланиб қоладиган, бирга ўтирган жойларига тикилдилар. Иккисиниям кўнглида бирдай фикр ўтарди. Бирга юрган, бирга дам олган ҳар бир жой улар учун қадрдон гўшага айлангандек эди. Гўё ташлаб кетишни хоҳламас, қўлларидан келса бирга олиб кетгудек эдилар. Ярим соатча ингичка сўқмоқ бўйлаб юрдилар.
– Ҳали дарёга узоқми?
– Бўлса керак, чарчадингми, кел, дам оламиз.
Султон атрофидаги ёввойи мевалардан бир ҳовуч юлиб келди. Улар меванинг шўр, тахирлигига қарамай артиб-артиб иштаҳа билан ея бошладилар.
– Сузишга қалайсан?
– Кел, сен ҳам чўзил, жонгинам, мени судрайвериб тоза чарчадинг, бир ўзингга енгилроқ бўлармиди. Хаёлимда гўё сувга тушсак, оёқларим оғриғи билинмай кетадигандай. Тезроқ сувнинг у тарафига ўтишни истайман.
– Яқин қолди, ҳозир сен куч йиғиб дам олволишинг керак, – ўтларни қўли билан текислаб унинг ёнига чўзилди йигит.
– Биласанми? – қиз бироз тўхталиб сўнг давом этди, – гоҳида мен ўз ўлимимнинг қандай бўлишини биладиганга ўхшайман.
– Бўлмағур гапни қўйсанг-чи, яратган қандай ҳукм ўқиса, ўша бўлади.
– Йўқ, менга кичкиналигимданоқ бир эркак қийнаб-қийнаб ўлдирадигандек туюлаверарди. Мен қўрқаман. Ўлсам ҳам яхшироқ, мард инсон қўлида ўлишни истайман:
Йигит бир сўз демай паришон тикилиб қолди. Қиз чуқур хўрсинди. Сўнг бошини енгил кўтариб халтасидан сарғайган блокнот чиқарди.
– Ҳозир… Эшит.
Мен сенга суяниб турибман,
Толедан тилабон топганим.
Ўзимни ўзимдай билганим,
Кўп истаб ахтариб топганим.
Мақсад бир – юракда озодлик,
Энг яхши тилаклар пайванддир унга,
Озод юртни истаймиз девдик,
Озод руҳни қўшиб-да бунга.
Бугун иккисига йўл йўқдир,
Бугун иккисиям даргумон.
Қачон ёруғ кунларни тақдир
Айлагайдир бизларга омон.
Гар вужудим айрилса ногоҳ,
Нетай йўқлик сари кетаман,
Сенинг омонлигинг тилабон,
Энг тилсимли илтижоларга,
Руҳим қўшиб ташлаб кетаман.
Сен яашайсан, яшашинг керак,
Мен учун ҳам ёниб, севгилим,
Бизнинг курашимиз қутлуғдир,
Ўлимимиз энг буюк ўлим!
– Қачон ёздинг бу шеърни?
– Кеча тунда. Ой ёруғида. Ҳаммаёқ жим-жит эди. Сен эса ёнимда пишиллаб ухлардинг, беихтиёр уйғониб кетдим. Ҳеч уйқум келмади. Пайпасланиб ёзувдим. Барибир тушунса бўлар экан, мабодо душман қўлига ту-шиб қолсак, эй худо, тасаввур ҳам қилгим келмайди, буни. Лекин биламан.
– Нимани?
– Улар бизни тирик ушлашга ҳаракат қиладилар. Чунки, биз қуршовдан қочган солдатлармиз. Кимлар билан алоқа ва кучда эканимизни билиш учун шундай қиладилар. У аблаҳлар мени сенинг ёнингда роса азобли таҳқирлаб, мазах қиладилар. Бундай воқеалардан уч-тўрттасини эшитганман. Кейин бор кучлари билан маълумот олишга интиладилар, сўнг итдай отиб ташлайдилар. Мен эса уларнинг бу қилмишларига йўл қўймайман. Ҳеч қачон. Мабодо ўқимиз тугаб қолса сен мени қўлларинг билан бўғиб ўлдир, майлими?
– Нималар деяпсан?
Ҳақиқатнинг даҳшатли манзараси София тилидан айтилар ва йигит кўз олдида жонланарди, ўлишдан ҳам баттарроқ бошларига тушажак мудҳиш азобли кўргуликлар зарбидан вужуди музга айланиб борарди.
– Нега сени ўлдирар эканман? Жинни бўлма, ниятингни яхши қил дедим-ку сенга. Кейин, бўлди гапирма…
– Йўқ!
Қиз шаҳд билан унга қаттиқ ва жиддий тикилди. Бу кўзлар қароғида бояги нимжонлик, қўрқув ва умидсизликлардан асар ҳам йўқ эди. Ҳаётга муҳаббат, урушга чексиз нафрат, аёлларга тугул, баъзан эркак зотига ҳам камдан-кам насиб этадиган жасорат ва бардош, мардлик ва матонат уйғунлашиб кетганди. Бу туйғулар қорачиқларда зўр қувват бўлиб жамланиб энди йигитга ҳам, унинг тушкун вужудига ҳам ингичка нур бўлиб оқиб кира бошлади. Ва бунинг таъсири билан йигит сезди. Хавф катта. Сўнгги дақиқаларни ҳисоб-китоб қилиб келишиб олиш лозим бўлган тиғиз лаҳзалар.
Қиз ҳамон аллақайси нуқтага қадалганча ҳикоясини давом эттира бошлади:
– Улар ёпирилиб келаверадилар, биз эса отаверамиз. Сўнгги ўқни ўзимиз учун асраб қўйишимиз кераклигини беихтиёр унутиб қўйган бўламиз. Албатта, бундай бўлишига йўл қўймаймиз, ҳар ҳолда ўйлаб қўйишимиз керак, шунда, жоним, сен бармоқларинг билан мени бўға бошлайсан. Ўзим ёрдамлашиб тураман, оғриди демайман. Кулиб туравераман. Нимага йиғлаяпсан, азизим, ҳа, майли, мен ҳам йиғлаяпман-ку. Мен сендан жуда-жуда рози ва миннатдор кетаман. Аёл эдим, сивгилим мени хор бўлишимга йўл қўймай, меҳрибон бармоқлари билан бу азоблардан қутқарди дейман.
– Эй худойим! – пичирлади йигит.
– Шундай қиласан-а?
Қиз йигитни маҳкам қучиб, юзларини кўксига босди. Кўз ёшлари эса тинимсиз оқар, ёмғирдай қуйиларди.
– Ҳа…
Йигит дадиллашиб қиз юзларини кафтига олганча уни ўзига қаратди.
***
Дарё ёқасида
Эртаси куни оқшом қиялаб сал бўй ташлаганда улар дарё соҳилига чиқиб олган эдилар. Дарё пишқириб ўзандан ошгудек важоҳат билан оқарди.
Сувнинг сал секин оқадиган жойини топиш учун дарёнинг пастлик тарафига ўтиш керак бўлади. Ҳарқалай қуйидан юқорига ўрлаётган сув бироз уларга енгилроқ ташвиш келтиради. Иккиси ҳам нажот билан сувга термулдилар. Гўёки шу зилол совуқ сувгина уларни неча кундан буён таъқиб этаётгандек туюлаётган душманлар нигоҳидан, очлик, мадорсизликдан, касаллик азобларидан қутқазиб қоладигандек эди. Йигит бироз юргач, изига очиқ чеҳра билан қайтди.
– Биласанми, худди мўлжалимдаги жой анови ерда. Энди биронта ёғоч топиш керак. Униям иложи бор экан, буни қара! – У сал четроқда йиқилган ёш дарахт танасига ишора қилди. Сўнг ўзига беҳад ишонч ва умид-нажот билан боқиб турган заиф вужудни маҳкам бағрига босди. Шу лаҳзаларда улар на урушнинг, на одамларнинг бир-бирини қирғин қилиш сабабини, на ўлимнинг совуқ шарпасини ҳис қилардилар. Энди уларнинг хаёллари ҳаёт ва яшаш, бирга бўлишнинг ширин ўйлари билан банд эди.
– Кўрдингми, ҳамма айтганларим тўғри чиқди. Бизнинг полк шу тарафда. Сувдан ўтиб оламиз-у ҳамма балодан халос бўламиз. Сен бўлсанг қаёқдаги гапларни ўйлаганинг ўйлаган.
– Тезроқ ўтайлик, жоним, – қиз икки қўллаб йигит бошини кўксига босди, – юрагимни эшит, потирлаб кетяпти, худди қинидан чиқиб кетгудек.
– Ҳозир… – йигит унинг қучоғидан чиқиб автоматни бўйнига осди, пистолетни эса қиз унинг қўлидан юлқиб олди.
Султон ёғоч ёнига бориб алланималарни чамалагач, уни дарёнинг қуйи тарафига судрай бошлади. Қиз эса оғриётган оёқларини унутган кўйи кўм-кўк ўт устига ўтирганча ҳозиргина йигитдан олиб қолган қуролга тикиларди.
У шу ҳолатда ўз ихтиёри билан урушга келган, отаси, онаси, ёш укаси эвазига қасос ўти билан мудҳиш жангларда иштирок қилган, неча бир ярадорлар дардини енгиллатган, баъзиларига ҳаёт бахш этган жасоратли жангчига эмас, аллақандай қизиқарли ўйинчоқни берилиб томоша қилаётган гўдакка ўхшаб кетарди. Шу чоқ дарахтлар орасидан икки немис отилиб чиқди. Қиз қўрқув аралаш сапчиб турди-ю, мажолсиз чўккалаб қолди. Унинг кутилмаган фалокат сабаб очилган катта-катта кўзлари гўё ўзини унутгандай эди, бутун кучини тўплаб севгилиси томон қадалганидан ҳаммадан кўра унинг учун даҳшатда эканини кўрсатарди. Қорнини маҳкам чангаллаганча икки қўллаб ҳозиргина ғижимлаб ўйнаётган “ўйинчоқ”ни секин кўксига томон кўтара бошлади. Номаълум тилда қуролни ташлашга ундаётганларгаям эътибор бермади. У сўнгги бор йигит томонга боқди. Ва олдин у билан гаплашган ҳолат гўё кўз олдида намоён бўлди. Пистолетнинг қарсиллашидан ҳатто тепасида турганлар ҳам қотиб қолдилар. Қиз юзтубан кўм-кўк ўтлар устига йиқиларкан, йигит ўзига қараб қолган жуда таниш маъюс кулимсирашни илғаб қолди, жуда мамнун, хотиржам, ўзига омонлик тилаётган кўзларини эслаб қолди. Қўллари автоматга шаҳд югурганини эслайди. Сунг боши аллақайга учиб кетгандай бўлди ва шалоплаб сувга тушди. Қиз тепасида турган капитан ва ёшгина офицер бир-бирларига сўзсиз қараб қолдилар. Капитан қизни эҳтиётлаб ўнглаб ётқизди ва унинг ҳали қон тирқираб оқаётган кўксидан пистолетни четга олиб қўйди. Ҳали бундай воқеаларга кўпам дуч келмаган, балки энди уруш кўрган-у унинг жароҳатларига кўникмаган офицер ёш боладек гандираклаб турарди.
– У… у ҳайронман, ўзини нега ўлдирди? – деди зўрға эшитиладиган руҳсиз одам каби пичирлаб.
– Бу жуда чиройли, айтиш мумкинки, уруш кетаётган бўлса-да, жуда камдан-кам учрайдиган ниҳоятда чиройли ўлим, – ҳайратини яширмади капитан. Унинг ўз мақсади йўлида ҳеч иккиланиш билмайдиган ифода, бу каби нарсаларга жисми-жони билан ўрганиб кетганлиги, кўзи қотганлиги, ҳаёти фақат ҳарбийликда ўтаётгани, унинг кенг пешонасидаги қалин чизгилардан, бургут важоҳатли шиддатли кўзларидан, дадил юзларидан шундоқ билиниб турарди. Сўнг у ўз феълига унча мос тушмас ачиниш билан қўшиб қўйди.
– Агар буларнинг ёш қизча ва ёш бола эканини билганимда, ўлай агар, бунча шошмасдим, – деди у беписанд.
Қисматки, Султон ва София дарё ёқасидаги кичик немис отряди қаршисидан чиқиб қолгандилар.
– Ҳай майли, кетдик, лейтенант.
– Бироқ, бироқ ахир… у ўзини ўлдирмаса ҳам бўларди-ку, у нега шундай қилди-а!
Ўзининг кутилмагандаги кўнгилчанлиги билан ёш офицернинг довдирашига йўл очиб қўйганидан капитан афсусланган каби унга жаҳл ва ишончсизлик билан қараб қолди.
– Сиз лейтенант, офицерлик либосини нотўғри кийганга ўхшайсиз. Бу жой уруш майдони. Уруш эса кўнгилчанликни кечирмайди, йиғлоқилар ҳам бу ерда керакмас. Эслаб қолинг, ёш дўстим, чиройли ишлар қилган инсоннинггина ўлими боя айтганимдек беҳад гўзал бўлиши мумкин. Агар бу қизча шундай ишлар қилишга қодир бўлмаса, бу ёқларда сиз-у мени овора қилиб юрмасди ва ҳозир ўзига шундай ҳукм чиқармасди. Сиз билан мендан ҳаётини сақлаб қолишимизни жонжаҳди билан сўрарди, тирик қолишнинг минг бир йўлини ахтариб йиғларди, ёлворарди. Бунинг эвазига қисми ҳақидаги бор билганлариниям тўкиб соларди…
Гаплари ёш офицерга қандай таъсир қилганини билмоқчи каби унинг буришган, алланималардан норози ва беҳад изтироб акс этган чиройликкина юзларига тикилиб қолди.
– Ана ўшандагина унга ачиниш керак эди. Раҳмшафқат қилиш керак эди. Лекин аксинча бўлди. Энди эса, қимматли лейтенант жаноблари, бундай ўлимга ачинмаслик, алҳол, қойил қолмоқ ва ҳавас қилмоқ керак.
Унинг сўнгги сўзларидаги кинояни офицер тўлиқ тушунди. Бу билан капитан гўё демоқчи эди: «Сенинг ақалли шу қизчалик жасорат кўрсата олишингга шубҳам бор…».
Капитаннинг юрагида ачиниш уйғота олган бу қизнинг сепкилли юзлари, катта қўй кўзлари ва малларанг сочлари, нимжон чеҳраси ёшлигида армонли ўтган ва касаллик туфайли мангу йўқотган илк муҳаббатини беихтиёр эслатиб қўйганди. «Сочлари худди Эленникидай-а… Ё тавба, худди ўзи. Эҳ, Элен, Элен…» Ва сўнгги сўзлари ёш лейтенантга нисбатан у ўйлаганчалик истеҳзоли эмас, далда ва хайрихоҳ, юпанчли эди.
– Чиройли қиз экан, – шивирлади кета туриб яна бир қайрилиб қараркан.
– Э-э, чиройлиларини кўрмапсиз. Бу унчалик эмаску!
– Ҳарқалай кўнгилчанлик уйғота оладиган даражада жозибадор экан. Уруш пайти шундай дея баҳо берган маъқулроқ. Ундан кейин, бас, лейтенант, сиз менинг жиғимга тегяпсиз, ўтган беҳуда ишлар учун пушаймон қилишни жинимдан баттар ёмон кўраман…
***
Чолнинг хонасида
Кеч тушиши олдидан чол яна ёлғиз қолди. Ва у бу ёлғизликни ўз қувончи-бахтига айлантириб олганига анча бўлган эди. Қачонлардир бир сураткашга илтимос қилиб чиздириб олган суратини олди. Чол уни гоҳ ёстиғи тагига қўяр, гоҳ каровати тагига тахланган кийимлари орасига яширар, чамаси ёқимсиз ва масхарабоз нигоҳлардан авайламоқчи бўларди. Шу тарз оқшом шабадаси секин хона деразасидан оқиб кира бошлади. Тиниқ, салқин ва ёқимли ҳаводан чол кўксини тўлдириб чуқур-чуқур нафас олди. У шу қиёфада гўё бугун ҳам, эрта-индинлар ҳам энди жуда яхши яшайдиган ҳолатда эдики, буни ўзи ҳам сезиб қувонарди. Қайтган хотиралар ҳаққи-ҳурмати, улар нечоғли даҳшатли, мудҳиш, азобли ва қайғули бўлмасин, улар оралаб шу дамгача етиб кела билган қудратли муҳаббати туйғуларининг ғаройиб руҳидан маст эди. Бу кеча эса унинг ҳаётида энг узун ва сўнгги тун бўлишини билмасди.
Нари-бери шошиб овқатлангач, дераза пардасини суриб қўйишни сўради. Гўё ўзи ҳам билган ҳолда тунга интиларди, бу билан туннинг келишини тезлатиш илинжида эди. Сўнг кароватга ётганича кўзларини юмди. Қўллари эса кўксига босилган суратни авайлаб силабсийпарди.
“Шундан сўнг, жонгинам, мени дарёдан қишлоқ одамлари қутқариб олибдилар. Госпиталда ҳушимга келдим. Ҳеч нарсани эслолмасдим, ўзимгаям ўхшамасдим. Ўзимни аллақачон оламдан ўтган деб ҳисоблардим. Сени ахтарардим, санитарларнинг асабларини қон қилардим. Бироқ мени даволадилар, яшашни истамаган бир телбага ҳаёт инъом этдилар. Мен ўлишни хоҳлардим, айнан урушда ўлгим келарди. Не-не қора қирғинлар, ўлимлар шоҳиди бўлдим-у, ўзим ўлмадим. Қаҳрамон бўлдим, қўша-қўша орден-медаллар олдим. Ҳаммага намуна килишди. Ажал етмаса қийин экан, қишлоққа қайтдим. Ёлғиз, сенсиз, фақат хаёлларинг менинг ажралмас ҳамроҳларим эди, сўзларинг… ҳайронман шундоққина қулоқларим остида жаранглаб турарди. «Инсон ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Ҳаёт экан ўлимга ҳам, севги келса ҳижрон ва айрилиққаям… Умр… инсонга яшаш билан санъатини намоён этиш учун берилган имконият…».
Хуллас, сенинг шу қадрдон ўгитларинг кучи билан, онам, сингилларим тилаги билан уйландим. Хотинимга сенинг ҳаётинг ҳақидаги, турмуш ва инсон ҳақидаги орзу ва истакларингни узоқ ҳикоя қилиб берардим. Унда қандай бўлмасин оз бўлса-да сенинг аксингни кўрмокчи эдим холос. У шундай қилар, мени тушунар, деб ўйлагандим. Ахир, сен у дунёда эдинг-ку! Бироқ булар эвазига ўта рашкчи, тили заҳар хотинимдан сенинг руҳингга қарғиш ва маломатлар олдим, холос. Орзула-рим унга ҳеч қачон таъсир этмаслигини ҳис қилган кун сени ҳеч кимга гапирмай қўйдим, меҳрибоним. Хоти-ним менга ишонмай, йўлимни боғлаб ташлайман дедими, тўққиз бола туғиб берди. На ақлли ўстиришни, на бахтли қила олишни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган хотиним…
Сенсиз яшай олмасам керак, девдим. Яшадим.
Ҳар 9 май куни яқинлашганда юрагим тапирлаб кетаверади. Сен бу кунларга ета олмадинг, мангу армоним менинг. Қандай қилай, сени жуда соғиндим, ҳамон кўз олдимда ўн етти ёшдасан, ҳамон шафқатли ва меҳрибонсан!”
Чол мижжаларидан оқаётган ёшларга эътиборсиз, кўксидаги расмни баттарроқ қучди. Тун ярмидан ошган чамаси, чол ғаройиб туш кўрди. Гўё ўнги каби. Рўпарасида қўлларини узатганча расмдаги ўша қиз – севгилиси унга шундоққина боқиб турарди. Сочлари малларанг ялтирайди, кўзларида меҳрибон бир ўт чақнайди, қўллари нозик, эгнида пуштиранг кўйлак…
– Жонгинам, – ўша қайноқ, меҳрли овоз чол қулоқлари остида янгради, – бечорагинам менинг, қийналдингми, булар сени тушунмадиларми, тепангда кечаю кундуз жавраб тоқатингни тоқ қилдими, нуқул ўлимни – у дунёни ўйлайсан. Наҳот, хотининг мени унуттирмаган бўлса. Шунча йилдан буён-а, эллик йилдан ошибди. Наҳот, болаларинг сенга қувонч бермади, бу дунёга қизиқиш ва умид уйғотолмадилар. Нега бунча ўзингни ёлғиз ва ғариб ҳис этасан, бечорагинам ўзимни. Биласанми, жоним, ёнингга тез-тез келмоқчи эдим, бироқ сени тўйиб яшасин дедим-да. Энди эса, севгимни ёлғиз сенга баралла айтганим каби соғинганимниям ҳеч яширолмайман. Жуда-жуда интизорман, қадрдоним, соғиниб кетдим. Кел ўзимга, турмуш ташвишларидан ўнгланолмаган ва яшай билиш санъатидан бебаҳра кимсалар оғритган бошингни кўксимга қўй, мен сенга ҳозир ҳаммасини унуттираман. Кел, ўзимга кел… кел…».
Агар у туш бўлса, чолнинг сўнгги кунларида энг ёқимли, энг сархуш, энг бахтли тушларидан эдики, бундан у уйғонишни асло истамасди. Ва шу кўйи бошқа уйғонмади ҳам.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.