Текст книги "Қисмат тарозуси"
Автор книги: Б. Омонова
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 11 страниц)
ҲИКОЯНИНГ ТАҚДИРИ
Қиз таҳририят биноси ёнида бирдан тўхтаб, унинг ташқи кўринишига разм солди. Кўп қаватли бу бино сирли бир қасрдай кўринди. Биринчи дуч келган ўрта ёшлардаги истараси иссиққина аёл унинг келиш сабабини билгач, маданият бўлимига киришни маслаҳат берди.
Қиз эшик тутқичини иккиланиб бир лаҳзагина тутиб тургач, секин очди. Стол устида тахланиб турган қоғозларни ҳафсала билан титкилаётган кексароқ ходим бош кўтарди. Унинг жиддий иш билан шуғулланаётгани шундоқ юзидан кўриниб турарди.
– Ассалому алайкум… мумкинми?
– Ваалайкум ассалом, келинг, қизим, – унинг овози ҳам вазифасига ўта мос, босиқ эди.
– Ҳим… ҳалиги… олиб келувдим, – деди қиз ийманиб остонада турганча.
– Киринг. Марҳамат, ўтиринг, – бетакаллуфгина мулозамат қилди кекса ходим юзида ҳамон ўша ўзгармас жиддийлик билан. Қиз диванга омонатгина чўкди. “Асабини бузмаётганмикинман”, деган ўйдан ўзини ноқулай ҳис этди. Шунинг учун шоша-пиша қўлёзмасини узатди. Ходим эринибгина ҳикояни оларкан унга кўз қирини ташлади. “Яхшигина кийинган, кўзлари катта-катта. Ҳуркиб қарашлари уни жуда ёшга ўхшатади”, хаёлидан ўтди унинг.
– Буни ташлаб кетасизми, ё ҳозир кўриб берайми?
– Ҳозир, иложи бўлса… – деди қиз шошиб гўё ходим айниб қолишидан қўрққандай.
– Ҳм… – ходим ўқишга тутинди. “Бошланиши ёмон эмас”, ўйланди у сатрлар узра секин кўз югуртираркан. Ниҳоят у ҳикоя воқеаларига шўнғиб кетди. Унда 28-30 ёшлар чамасидаги олий маълумотли, чинни ишлаб чиқариш корхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаётган қизнинг ички кечинмалари, ҳаётининг бир зайл, ўзгаришсиз кечаётгани, ҳамон ёлғиз, севгидан узоқдалиги, ҳеч кимни севмай, севимли бўлолмай ўтаётгани оддий кундалик воқеалар баёнида аниқ ва лўнда ифода топган эди. У оилада кенжа қиз экан. Ота-онаси дунёдан ўтишган, ака-опалари аллақачон уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетишган…
Мана, қиз ишдан қайтаяпти, ёнгинадаги хиёбондан эса ёш йигит ва қиз қўл ушлашганча ўтиб кетишмоқда. Бир-бирларига меҳр билан термулишади. Чеҳраларида бахтиёрлик…
Ходим хўрсинди… Эсига ўзининг ёши ўтиб, икки болали одамга эрга тегиб кетган тўнғич қизи тушди. Ҳикоядан бош кўтарганча деразага қараб қолди. У бир зумда ўтирган хонасини ҳам, қизни ҳам, ўзини ҳам унутиб қўйди. У ҳозир куй эшитишни хоҳларди. Оғир, мунгли танбур куйини… Кейин эса мана шу куй билан ёлғиз ўтиргиси келиб кетди. Беихтиёр шундай бўлди. Жимжитлик ҳукм сурар, сукунат аллақаёқлардан маъюс танбур нидоларини юлқиб келар, ходим эса ҳикоядаги қиз тақдирига шерик эди. У ўзининг ҳозиргача ўтган ҳаёти давомидаги бутун қайғули воқеаларни қиз билан боғлаб эслар, чуқур “уҳ” тортаркан, “бечора қиз, хўш унинг шундай бўлишига ким айбдор?” дея ўзи билан ўзи олишарди. “Хунуклигими, ёки камсуқумлигимикан? Йўқ, йўқ, мана масалан янгалари ҳам айбдор”, – ўйланди ходим. “Негаки, ҳикояда катта янгаси қачонлардир ўқимаган бир йигитдан совчи келганда “йўқ” дея жавоб бериб, орадан анча вақт ўтгандан кейингина буни оила аъзоларига маълум қилган, дейилган. Демак, янгалари… У кўчада болаларини етаклаб юрган дугона-ларини кўриб қолади дейлик. Қандай аҳволга тушаркин?..” Ходим ўзи ўйлаган манзарани тасаввур қилган сайин баттар фиғони чиқар, бунга худди ўзи айбдордай изтироб чекарди. Кўз олдига яна маъсума қиз келди. Қоп-қоронғи тунлардаям у ёлғиз. Танбурнинг ноласи эса пардаларга сиғмай тўлғанади. Зимистон тун қўйнига дард бўлиб қуйилади.
“Эҳ, бу ажойиб ҳикоя, буюк асар дебочаси” бирдан ҳикояга баҳо берди ходим. “Лекин, – яна ўйланиб қолди. – Балки, бу қиз ўз бошидан ўтганини ёзгандир? Ахир бундай нарсани тасаввур билан ёзиш амри-маҳолку”.
У бош кўтариб, қизга назар ташлади. Мана у, бокира, маъсума қиз. Кўзларида ғамгин ўй… Ходим бош чайқади. Шу гўзал қиз ўз дардларини сатрларга тўкиб, қоғоз билан баҳам кўраяпти, уни минглаб одамлар билан баҳам кўришни хоҳлайди, шундай бўлади ҳам.
Ходим қўлидаги қаламни ишлатмай, яна ҳикояни бошидан ўқишга тутинди. Хона сокин. Дераза раҳидаги тувакларда ўсаётган чиройли, яшил гуллар унга кўрк, шинамлик қўшганди. Хонага деразадан баҳор ҳавоси қуйиларди. Осмон булутсиз. Қуёш шунақаям чарақлайдики… Ходим эса ҳикояни ўқиш асносида қизга ўқтин-ўқтин нигоҳ ташлаб қўяр, гўё ҳикоя руҳидаги бутун изтиробларни муаллиф кўзларида кўришни истагандай. Бир сўз демай ҳикоя ўқиш билан овора ходимни анчадан буён кузатиб турган муаллиф ниҳоят зерика бошлади. У ходимнинг бутун вужуди билан таҳрирга киришганича, ҳозир ҳеч нарсага эътибор бермаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, диванга бемалолроқ ўтириб олди. Сўнг сумкачасидан кичкина ойначасини чиқарди. Бармоқларидаги тилла узукларини бир-бир алмаштириб таққач, кафтлари орасига ойначани олганча юзини томоша қила бошлади. Буни ходим дарров сезди. Ҳикоя муаллифининг бу қилиғи унга бошқача таъсир қилди. Бу гўё ҳикоя қаҳрамонининг табиатига мос тушмаётгандек эди. У ҳикояни четга сурди-ю, қаламини стол қирраларига урган кўйи бироз ўйланиб қолди. Сўнг сўради:
– Қаерда ўқийсиз?
– Пединститутда.
– Ҳмм, нечанчи курс?
– Тўртинчи.
– Адресингиз?
Қиз айтди. Ходим қизга ҳайрон қаради. Унинг нима деб сўрамоқчи бўлганини қиз дарров сезди. Ахир шундоқ шаҳар марказида жойлашган кўча ва уй ҳар кимниям қизиқтириши шубҳасиз.
– Ҳалиги… Қайнатам уй олиб берганлар. Тўрт хона-ли… Ўғилчамиз бор… – қизнинг кўзларида шодликми, фахрми, бир нарса йилтираб кетди. Ҳаётидан мамнун эди у.
Ходим бўшашди. Хаёллари алғов-далғов. “Бу бутунлай бошқа қиз”, деган хулосага келди. Кўзларида норозилик барқ урди. Ҳикоядаги воқеалар ҳам энди қандайдир сохта, хира кўриниб қолди. Улар ходимни алдаётгандек эди. “Ҳикоя ҳеч кимни ишонтиролмайди”. У шундай қарорга келди нимадандир ўкиниб. Сўнг муаллифга юзланди. Бир муддат тургач, секин деди:
– Ҳикоя дуруст, аммо…
Орага оғир жимлик чўкди.
– У бўшроқ ёзилган. Ундаям деб бўлмайди… – ходим дудуқланиб қолди. Кейин хаёлларини жамлаб, қатъийгина қилиб:
– У ўқувчини воқеалар ҳаётийлигига ишонтиролмайди,… – деди. Қиз ерга қараб қолди. Қўлёзмани сўзсиз олди-ю, сумкачасига солиб қўйди. Кўзларига лоқайд тус берди…
– Раҳмат, кечирасиз, сизни овора қилдим.
Хона эшигини очаркан, ходим сўнги бор унинг кўзларидаги маънони ўқиб олишга интилди. Энди бу кўзларда маъюслик, ҳеч бир сўз билан ифодалаб бўлмайдиган маъюслик бор эди. Ходим эса “бу барибир бошқа қиз, кўзларидаги маъюслик ҳам ҳикоя қаҳрамонининг ўйларини сира акс эттирмайди”, дея ўзини ишонтиришга уринарди…
Ходим шу кўйи узоқ ўтириб қолди. Ҳамон ҳикоядаги қиз тақдири юрагини ларзага солар, унга ачинар, хаёлида эса дам-бадам тўнғич қизи гавдаланарди. Шу чоқ нимадир ярқ этиб миясига урилди. Шошиб бешинчи қават деразасидан пастга қаради. Одамлар орасидан қизни тополмай хомуш тортди. Бирдан хаёлида яна танбурнинг оғир мусиқаси янгради. Гўё қандайдир ярадор қушнинг парвози куйга айлангандек. Унинг мажруҳ қанотларида дунёнинг бутун изтироблари, дардлари, умид-армонлари жамулжам эди. Ажабо! Бу куйни у қаерда эшитган экан-а?..
Кекса ходим сесканиб кетди. Дарвоқе, унинг тўнғич қизи танбур чертишни жуда яхши кўради-я…
ТЕРАКЛАР
Самолётдан тушдим-у қишлоғимизга борадиган автобусга ўтирдим. Юрагимни ширин соғинч ҳисси қамраб олган. Ўқиш қийин, йўл узоқ. Шу сабабли салкам уч ойдан буён келганим йўқ.
– Холмат буванинг тераклари, – навбатдаги бекатни эълон қилади ёш ҳайдовчи. – Тушадиганлар борми?
– Бор, бор, – бир гала киши гур-р этиб ўрнидан қўзғалди. Улар қатори мен ҳам автобуснинг олдинги эшигига интилдим.
– Қизим, – гавдали бир йўловчи менга мурожаат этди, – Холмат буванинг тераклари деган жой шу эканда?!
– Худди шу жой, амаки, – шошилиб жавоб бердим йўлимда давом этиб. – Ўртоғимникига келаётгандим, – дея гапни давом эттирди йўловчи. – У менга йўлни шундай тушунтирган эди.
– Сиз бундан автобус бекати Холмат бува номига қўйилган экан-да деб ўйламанг. Одамлар ўзи шунақа одатланишган, – йўловчи амакига шуларни уқтираман-у, беихтиёр хаёлга чўмаман. Йўл-йўлакай теракларга тикиламан. Баҳор шамоли япроқлар узра куй чалади. Қизиқ, бултур шу пайт келганимда бунақа эмасди. Бир йилда шунча ўсиб, баланд бўлиб кетибди-я. Соясиям чакки эмас. Негадир, ҳар гал тераклар ёнидан ўтганимда уларнинг бақувват таналарига тикиларканман, оддийгина умр ўтказган, ана шу теракларни парваришлаган камсуқум, беозор қария – Холмат бува ёдимга тушади. Бувани эсласам, яна бир воқеа ёдимга келади.
Ёз охирлари эди ўшанда. Мен унда ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Қишлоғимиз кўчалари бўйлаб қувур суви ўтказиладиган бўлди. Бу вақтда Холмат буванинг йўл ёқасига икки қатор қилиб экилган ёш ниҳоллари энди бўй чўза бошлаганди. Тартиб билан ташланиб келаётган қувурларни жойлаштириш учун эса теракларни қўпориш мўлжалланди. Ҳамон эсимда, ерсургич тераклардан йигирма-ўттиз қадам нарида тўхтаб турарди. Раис енгил машинасидан савлат билан тушганча чолга яқинлашиб, унга жиддий уқтира бошлади:
– Энди, Холмат бува, буларни бир ёқлик қилиб, трубаларни жойлаштирмасак бўлмайди. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Водопровод масаласи нозик иш…
– Бунга йўл қўймайман, – деди чол пинагини бузмай теракларга тикилганча. – Буларни деб мен, биласанми, кечалари ухламайман-а!!!
– Ислом, қани бошла, – жаҳл билан бақирди раис ерсургич ҳайдовчисига, – қўпор бу терак-перакларни!
Чол кенг қулочини ёйганча ерсургич қаршисида туриб олди.
– Овунчоқларимга тегма деяпман!
Бирдан чол худди ёш боладек ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди.
Ҳайдовчи йигит чидаб туролмади, кабинадан сакраб тушди-ю, чолни турғизиб қўйди. – Хотиржам бўлинг, бува, теракларингиз шу ҳолича қолади…
Улар ниҳолларни четлаб ўтдию, ноқулай бўлса-да, йўл ёқасидан чапроққа қувур ётқизиб кетишди. Энди эса ана шу тераклар қад кўтариб турган жой автобус бекати бўлди.
Бундан тўрт йил муқаддам Холмат бува кўз юмганда одамлар унинг тобутини бир лаҳза тераклари тагига қўйиб, сўнг олиб кетишибди. Тераклар эса йил сайин кўкка интилади. Шапалоқдек барглари сал шабадагаям маҳзун қўшиқ куйлай бошлашади.
Йўлда кетаётганимда беихтиёр икки бола суҳбати қулоғимга чалинади.
– Камол, сени кечқурун Холмат буванинг тераклари ёнида кутаман…
ҚАЛТИС ДАШНОМ
Қишнинг сўнгги кунлари. Ариқ ёқалари, томларнинг усти яшил майсаларга бурканаётгани баҳордан дарак бериб турибди. Қўкда порлаб турган қуёш ҳам бутун борлиқни баҳор – янги фасл яқинлашаётгани билан табриклаётгандек, ёқимли илиқлик таратиб, киши руҳига ҳузур бағишлайди.
Ҳовли этагидаги кенг супада уч-тўрт ёшдаги бола акаси ясаб берган оппоқ қоғоз қушчани у ёқданбу ёққа учириш билан овора. У қушчасини осмонга ирғитиб, ҳовли бўйлаб югуради. Қоғоз қушча кўкка кўтарилганида, болакайнинг қувончи ичига сиғмай қийқиради.
Бехосдан қушча пастгина девордан ошиб, қўшни ҳовлига тушди. Бола югуриб бориб, девордан мўралади. “Қушча” қўшни холанинг ўчоғи ёнига бориб тушибди. Хола қозонда нимадир қайнатаётган экан. Қушчани кўрди-ю, девордан қараб турган болага ўшқирди.
– Ҳой сеними, қоғозинг овқатга тушса нима бўларди?! Қани, йўқол нарига!
У шундай дея қоғоз қушчани йиртиб-йиртиб оловга ташлади. Бола ўкинганча чопиб онасининг олдига борди:
– Ойи, анави хола ёмон экан, каптаримни ёқиб юборди.
Онаси унинг гапига тушунмади шекилли, парво қилмай ўз иши билан машғул бўлди. Болакай нима қилишини билмай, яна девордан қаради. Холага кўзи тушиб киприклари намланди.
Бола қўлига қоғоз олиб, ўзи “каптар” ясашга урин-ди. Аммо уддалай олмади. Руҳи тушиб, қоғозни четга улоқтириб, алам билан йиғлаб юборди.
Гўё қўшни хола қоғоз қушчани эмас, боланинг мурғак қалбидаги бир олам қувончни ўтга ташлаган эди.
УРУШ ХОТИРАСИ
Ватан озодлиги учун бўлган жангларда иштирок этган, эркаклар билан бир қаторда туриб уларга суянч, руҳан таянч ва мададкор бўлган, матонатлар кўрсатиб жанггоҳларда шаҳид кетган барча хотин-қизларнинг мангу порлоқ хотирасига бағишлайман.
Чол тўшакда кўзини шифтга қадаганча алланарсаларни зўр бериб ўйлаётган қиёфада эди. Ҳар йили 9 май арафаси негадир у ўзини бошқа кунлардан фарқли ўлароқ нохуш ва касалманд ҳис этарди. Ҳеч ким ва ҳеч нарса билан иши бўлмай қўярди, онда-сонда гаплашишниям йиғиштирарди. Олдига кампирими, қизи ё келини қўйган бир коса овқатни беиштаҳа, карахт, ҳеч афтини ўзгартирмай имиллаб еб оларди. Унинг юзидан на таомдан ҳузур, ёки норозилик – ҳеч вақо уқиб бўлмасди. Олдида ўралашган невараларини қувиб соларди. Кексайиб, ожизлашган сайин ёлғизликка иштиёқи баттар кучайиб борарди. Уни на турмуш ташвишлари, кечмиши, ё бугуни, на эртанги куни қизиқтирарди. “Ё парвардигор, – дея ёлворарди у баъзан узун тунлар уйқуси қочганда, – бунча умримни чўзмасанг, илоё юриб турган ҳолда омонатингни топширишни хоҳлайман. Бировларга юку хорзор булиб ўлишдан ўзинг асрагайсан, тангрим”.
…Чол бировлар деганда кампири, болалари, келин ва куёвларини назарда тутарди. Уларга оғирлиги тушмаслиги учун жон-жаҳди билан тиришиб яшарди. То рўзғор қурганларидан буён баъзан уруш, яраш билан ўтган умрлари сўнгида чол уларга ўзини негадир тобора бегона сезиб борарди. Унинг гаплари ҳеч қачон гапдон хотини турганда фарзандларига таъсир этмаган.
Ўз ҳаётий тажрибалари, орзу-умидларини ҳеч бир йўл билан болаларига тушунтириб етказа олишдан умидини узган кун чол уларга тўсатдан бегона бўлиб қолганини ўзиям, улар ҳам сезмасдилар.
Чолнинг нафақаси келган кунгина барчаси унга меҳрибон ва оқибатли бўлиб қолгандай туюларди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашичиси, қаҳрамон майор унвонига эга, ўз замонининг олижаноб, мард, довюрак, шижоатли йигитининг кексалик дунёси шундай ўтарди.
Чолнинг назарида болалари унинг бугунги давлат томонидан белгиланган жуда катта имтиёзлари эвазигагина унга умр ва омонлик тилашаётгандек кўринарди.
Ҳовлида гангур-гунгир овозлар эшитилди-ю бир оздан сўнг эшик очилиб катта ўғли кириб келди. У бола-чақали бўлиб сал нарироқда яшар, гўшт комбинатида ишлаётгани ҳатто ташқи кўринишига мос эди. Басавлат гавдаси, семиз қорни, қип-қизил таранг юзларига отаси беҳолгина тикиларкан, гўё кўзлари «Шу менинг ўғлимми? Наҳотки?» дер ва ҳеч бир яқинлик ҳис қилолмасди. Ўғли эса отасининг бу қарашлари, хулқ-атворига кўникиб кетганидан, буларнинг барчасини уруш кўрганлиги, ташвишлар туфайли мияси чарчаганидан деб билар ва ортиқча изоҳлашга ҳам уриниб ўтирмасди. Ота-бола сўрашган бўлдилар. Сўнг ўғли унинг каровати ёнидаги нимранг кўрпачага омонат чўккалаб у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлгач, асл муддаосига кўчди.
– Энди, ота, ҳадемай Ғалаба куни – байрам. Собиқ қаҳрамонсиз, ҳар доимгидек мухбирлар, сураткашлар сиз билан қизиққани-қизиққан. Сал мазалари йўқ, ундан кейин бобойни гапиртириш осон эмас десам ҳам ҳеч ҳоли-жонимга қўйишмайди булар. Энди, ота, ҳозир биттаси келган, Тошкентдан экан. Суҳбат қиламан дейди, ёшгина бола, – “ёшгина” сўзига алоҳида урғу бериб, беписанд деди у, гуё отасига далда бериб шошиб ётманг дегандай, – шунга…
Бироз жим қолди.
– Яхшироқ тайинла, – пичирлади онаси. У қачон келиб ўғли ортига ўтирган, пайқамабдиям, – тағин анави овсар хотин билан бўлган саргузаштларини бошламасин. Худо урган буни, кошки, кеча телевизорчилар келган пайтдагидек жим туриб берса эди. Бир бало қилиб тушунтир, гапирмасин. Уруш деса ўшани бошлайди, куйдириб ўлдирди бу мени. Умримни соб қилдим шу гумроҳ чолни деб. Шунча бола туғиб бердим. Бу бўлса безрайгани-безрайган.
– Э, бўлди-ей, кўп жаврайсиз-да, – унинг гапини бўлиб, силтаб ташлади ўғли, – чиқинг ҳовлига, у ёқбу ёқларни тозалашсин, айтинг, ҳадемай меҳмонлар ҳам келиб қолишади. Нима дейиш ўзимниям эсимда.
Кампир сал кўнгли тинчиб ташқарига чиқди. Чол барини эшитарди. Ҳали қулоғи ўткир эдики, ўзи ҳақидаги нохуш гаплар, қарғишларни эшитганда, менинг ҳам қулоғим кар бўла қолсайди, деб ўкинарди.
– Бобой, гапни эшитдингиз-а, у бола сизни қаерларда жанглар қилганингиз, хўш, қанча душманни ўлдирганингиз, қандай қаҳрамонликлар кўрсатганингиз, қайси генераллар, полковниклар топшириғини бажарганингиз, ана шулар билан қизиқади, ўшалардан гапиринг, сизнинг ишқий саргузаштларингиз билан уларнинг нима иши бор?
Ҳа, энди бўлса бўлгандир бу номаъқулчилик. Шуни гапириб ётиш шартми, одамни шарманда қилиб. Уларга бунинг ҳеч қизиғи йўқ, набарот, қаҳрамонликлар битиладиган очерк, мақолалар учун материаллар керак.
Ўшандай инсонларни излаб юришибди. Так что, мени тушундингизми, шундоқ қилинг… – отаси унга ҳеч бир маъно англаб бўлмас нурсиз кўзларини лаҳзагина қадаркан, паришон деди:
– Мен худди ухлаб ётган одамга ўхшайман. Бари-бари тушимда бўлаётгандек. Жуда-жуда бемаъни туш-лар кўраётгандекман. Мен, мен… уйғонишни истамайман. Бу аҳмоқона тушлар жонимга тегиб кетди.
– Э, оббо, – энсасини қотириб ўрнидан туриб кетди ўғли, – эски ноғора, эски ўйин, эсимни танигандан буён сиздан эшитганим шу сўзлар, «Мен уйқудаман, сенлар менинг тушимсанлар, уйғонишни хоҳламайман». Ичи-да эса «бечора энам, куйганича бор-да, бу эзма, дарвеш билан бир лаҳза гаплашиш одамни жинни қилворади, ўлмаган энамни жони…», ўйларди ташқарига йўналаркан.
“Мухбир келармиш” – тўнғиллади чол унинг ортидан. Қайси куни ойнаи жаҳондан биттаси келиб тасвирга тушириб кетувди. У кетгандан кейинги ёқавайрон машмашани асти қўяверинг. Чолнинг ёдига ўша воқеа тушиб кулгуси қистади. Телевизорга оладиганларнинг талаби катта бўларкан, уй деворларига патлик гиламлар осилсин, дейишди. Амаллаб топиб келишувди, энди байрам билан табриклаб ҳаммангиз отангизга либослар кийдириб, қўлларига гуллар тутқазасизлар, чиройли чиқади, деб қолди. Ҳовлида бор невара-чевара йиғилган, кинога олишни томоша килишарди. Келинлару ўғиллари, кизларию куёвлари тўн, яктак, бир балолар топиб келиб, уни қучоқлаб елкасига ташлашарди. Шундан сўнг ҳалиги оператор тасвирга туширди. Кетгандан кейин бирови ёпган тўн бошқасига алмашиб кетганидан жанжал, бировиники йўқолган, тополмай гаранг. Бўлди томоша, бўлди томоша. Чол барини қайта эсларкан, болалари қилиқларидан ҳеч ранжимасди, кўнглида эса «уларнинг нимасидан хафа бўлиш мумкин, ўпкалашга арзимайдиган одамлар-да» деган ёт бир туйғу ўтарди.
Гўё тасвирчи ойнаи жаҳон учун сохта тасвир уюштиргани каби, кампири ва фарзандлари қилиғи ҳам унинг учун аллақачон сохтага айланиб кетганди.
“Бугун яна келишади, – чолнинг кўнглида ўкинчли хаёллар ўтди, – урушнинг бутун даҳшати ва мазмуни акс этган ва баъзан кўнгли тўлиб кетганидагина саноқли дўстларига умри давомида авайлаб, яшириб келган сирини айтиб қўйган (хотинига эса гўё ҳамма жойда айтиб юрадиган ёқимсиз ва нохуш саргузашт туюлган) бу воқеа наҳотки ишқий манзара булса?! Ахир у пайтлар бизга бундай туюлмаганди-ку. Биз иккимиз ҳатто йигит ва қиз эканимизни унутгандик. Гўё дўст, гўё тану жони битта вужудга айланган эдик. Наҳотки, унинг ўша, қийин дақиқалар орасида ҳам ҳаёт, инсон, яшаш ҳақидаги қисқагина, аммо уқсалар умрларига безак бергувчи гаплари овсарона бўлса?!
Ё, тангрим! Инсонлар ўзи қандай бўлса, тасаввурлариям шундай бўлади, ўша фикр қобиқларидан нари ўта олмайди, дейишарди. Наҳот, мен билан уруш ҳақида сўзлашганлар ундан ўзгача маъно билолмадилар, ё мен ўзим уларга тўлиқ етказа олмадимми? Шунчалар ожизманми? Ўзгаларга фикр етказиб, таъсир этиш бобида шунчалар кучсизманмики, дунё кўрмаган, ўқимаган, қишлоқдан нари чиқмай умри ҳовлида ўтган хотинимдан ҳам заифроқ бўлсам”.
“Йўқ, – чол ўрнидан сапчиб туриб кетди. Кўзлари аламли бир оловдан тафт олган каби совуқ чақнаркан, тангрига илтижо каби қўлларини кўкка чузганча қатъий шивирлади, – мен… мен эмасман. Мен одам нусхадаги, бутун ҳис-туйғуларидан ўша машъум дақиқаларда жудо бўлган, минг уринмай, минг ахтармай, қатрасини ҳам тополмаган эгасиз орзули ночор бир кимсаман.
Бас, ҳеч ким керакмас. Ҳеч кимни кўришниям, гаплашишниям истамайман. Бугун менга ёлғизлик ва хилват жой керак”.
Чол елкасига яктагини ташлаганча ҳеч ким кўрмаслиги учун орқа даргоҳдан чиқиб, ҳовли четидан оқадиган чуқур канал кўпригидан ўтди ва паст-баланд тепаликлар оралаб ўзига таниш тутзор томон йўл олди. У ўзи ният қилган ва орзиққан жойга етиб келди. Қари тутга суянганча ўтириб қолди, атрофни олазарак кузатаркан, кимсасиз эканидан кўнгли тўлиб, енгил тин олди. Тез юрганидан юраги ҳарсиллаб, нафаси бўғзига тиқилиб келарди. Кўзларини юмди ва чуқур-чуқур нафас ола бошлади, миясида эса ўзи учун шунча йилдан буён азиз ва таърифланмас бўлган, умрининг мазмуни ва овунчига айланган ҳам ширин, ҳам даҳшатли хотираларни зўр бериб жонлантира бошлади…
Қуюқ туман туфайлигина қуршовдаги отишмадан бир амаллаб қочиб қолган икки солдат 17-18 ёшлар чамаси қиз ва 20 ёшлардаги йигит гоҳ эмаклаб, гоҳ чопишиб олдга елиб борардилар. Елкаларида автомат, қиз қўлидаги дорилар солинган халтага қараб унинг қисм ҳамшираси эканини билиш қийин эмасди. Улар тепаликдан тушиб шохлари тарвақайлаган, ёйилиб барг ташлаган баланд арча дарахти остига келдилар. Иккаласи ҳам ҳолдан тойган, бир сўз дейишга ҳам мадорлари йўқ эди. Кун қоронғулашиб юлдузлар бирин-кетин кўзга ташланиб қолди. Қиз ҳам, йигит ҳам кўм-кўк ўтлар устида ёнма-ён жимгина осмонга тикилганча ётишарди. Ўрмонни зулмат эгаллай бошлади. Бойўғли ва яна аллақандай қушларнинг беўхшов ёқимсиз сайраши эшитиларди. Мабодо, аҳёнда олислардан ракеталарнинг визиллаб учиши, замбарак ўқларининг гумбирлаши эшитилиб қолмаса, бу ерда уруш кетаётганига ақл бовар қилмасди.
– Қандай тинч, чиройли манзара, – қиз йигит кўксига бош қўйганча пичирлади, – қачон уруш тугаркин? Қачон бизникилар қорасини кўраркинмиз? – Сўнг ваҳимали қўшиб қўйди, – балки шу ерларда ўлиб кетармиз.
Шусиз ҳам хавотирдан синиққан, эзилган йигитнинг эти увишиб кетди, қизни маҳкам қучоқлади ва овутмоқчи каби сочларидан силаб ўпа бошлади.
– Сенга нима бўлди, София, қўрқяпсанми? Сен ҳеч қачон бундай кайфиятда юрмагандинг-ку, ҳеч қачон бундай дема, қара, эрталабдан буён қанча йўл босдик. Ажабмас, яқин орада бирон-бир кулбага ёки аҳоли яшайдиган пунктга яқинлашган бўлсак. Шундай бўлиши керак. Харитани эслаб қолганман. Аниқ шу тарафда биз учун йўл бор. Ана ундан кейин омадимиз келди деявер. Дам оламиз. Сенинг оёқларингни даволатамиз, – тўқиётган умидли ўйларига ўзининг ҳам ишонгиси келарди унинг.
– Қара, оёқларим шишиб кетди. Биз бу кеч шу ерда ухлаймизми?
– Ҳа, бироқ тонг оқариши билан дарҳол кетишимиз керак. Немисларга дуч келишимиз мумкин.
– Бу-ку аниқ, ҳар ҳолда чалғитиб қочдик-а?
– Ҳа, жуда омадлимиз. Тағин биргалигимизни айтмайсанми?..
– Сени жуда севаман, жонгинам. Бироқ қўрқиб кетяпман. Мен яқинда юролмай қоламан. Сенга юк бўлиб қолмасмикинман…
– Юк бўлгандаям жуда керакли ва азиз юксак мен учун. Сени тоабад елкамда кўтариб юришгаям тайёрман. Ке, бирон нима еволамиз, – йигит туриб ўтирди ва халтасидан икки бўлак текис кесилган қора нон ва бир бўлак пишлоқ олди. Пишлоқнинг бирини кўпроқ қилиб бўлди-да бир бўлак нонга қўшиб қизга тутқазди. Егуликни кўриб қизнинг кўнгли анча кўтарилди, чеҳрасидаги бояги чарчаш ва маъюс ифодани юлқиб ташлаб улушини секин-секин ея бошлади.
Энди улар ҳам яқинлашаётгандек туюлган хавфдан, ҳам совуқдан бир-бирининг пинжига тиқилганча ётардилар.
– Ҳеч уйқум келмаяпти, – қиз йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлади.
– Оёқларинг оғрияптими? Сен мени хафа қиляпсан. Шу кунгача бу қизда қўрқув ҳақида тасаввур ҳам бўлмаса керак деб ўйлардим.
– Ҳа, тағин қўрқиб кетяпман.
– Ахир қисмда ҳаммага далда, куч бериб юрган шундай жасоратли қиз-а.
– Биласанми, мен нимадан кўпроқ хавотирдаман. Иккимизнинг ажралиб қолишимиздан.
– Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Нима бўлганда ҳам қисматимиз бир бўлади. Ундан кейин яхши ният қилиш керак. Мана кўрасан, парвардигор бизга ёруғ кунни ўзи ато этади. Ке, бошқа гаплардан гаплашамиз.
– Қайсидан?
– Уруш тугагач, икковимиз қишлоғимга қайтамиз. Онам, сингилларим билан танишасан, янги ҳаёт бошлаймиз. Болаларимиз бўлади, тўғрими?
– Ҳамқишлоқларинг бу хунук қизни қаердан топдинг, деб сени мазах қилишмайдими?
– Жиннивой, сен жуда чиройлисан. Сочларингни қара, худди, ҳа нимани эсладим, айтайми, ҳалиги буғдой пояларини кўрганмисан, сал шамолдаям қанақанги текис, чиройли шовиллайди-ку, ўшанга ўхшайди. Кўзларинг эса гўё мадонна. Биби Марямникидақа сеҳрли ва нурли… Ўзинг билмайсан-да!
– Юзларимдаги сепкил-чи? Ҳозир уруш. Кейин ўзим юзларимни парвариш қиламан, бодринг суви, ҳар хил шарбатлар суртаман. Урушдан олдинги пайтдагидек тиниқ ва силлиққина бўп қолади. Истаганча ўпаверасан. Ўшанда сен мени баттарроқ яхши кўриб қоласан. Қариндошларингниям мени севишга мажбур қиламан. Уларнинг бизга ҳаваслари келади. Мен сенга жуда зўр хотин бўламан.
Йигит юрагидаги барча андуҳларни итқитиб, очилиб кулди ва маҳбубасини баттарроқ эркалаб, бағрига тортди.
– Ҳозир ҳам жуда зўрсан. Сени қанчалар севишимни билсайдинг. Буни айтиб бўлмайди-да. Афсуски, шоир эмасман. Чиройли-чиройли гапириб, сени ишонтириб қўя қолардим.
– Шунисиям яхши. Шоирлар севгиларига севгилиларини ҳеч қачон ишонтира олмайдилар.
– Нега?
– Чунки улар ўзларини ҳаддан ташқари ақлли ва мукаммал биладилар. Муҳаббатни бир қолипга ўзлари солволишади, унинг темир қонун-қоидаларига сўзсиз риоя этишни севгилиларидан талаб этишади. Муҳаббат эса руҳ сингари озод ва эркин, ҳеч нарсага бўйсунмайдиган, ҳеч бир қонунни писанд қилмайдиган, таъриф бериб бўлмас буюк туйғу.
– Қара, қандай ақллисан. Айт-чи, бизнинг нечта боламиз бўлади?
– Ўзинг нима дейсан?
– Қанча бўлсаям, майли.
– Йўқ, жоним, ҳар битта инсон дунёга келаркан, у бутун бир тақдир бўлади. Кўзимиз тириклигида нечтасини ақлли қилиб ўстира олишимизга, бахтли қилишимизга кучимиз етса, ўшанча қиламиз…
Тонг отиши ҳамон улар атрофни кузата-кузата то чошгоҳгача юрдилар. Ўзларига хавфсиз ва ишончли туюлган томонга икковиям ҳолсизланиб қолгунча юрдилар. Сўнг қалин буталар орасига дам олгани чўзилдилар.
– Биласанми, – бир оз дам олиб ўзига келган қиз йигит томон ўгирилди, – тўғрисини айтсам, мактаб пайтлари мен бир болани севиб қолгандим. Очиғи, у менга жуда ёқарди. Юқори синфда ўқирди.
– Уям севармиди?
– Ҳа, у менга узундан-узоқ мактублар ёзарди. Бироқ ҳайронман, улар менга ҳеч қандай ҳаяжон бағишламаган, таъсир ҳам этмаган. Ўқиганда нуқул кулгим қистарди. Бироқ мен севгимни ундан ўта сир сақлардим, жонгинам.
– Нега? – сўради йигит энди бир оз қизиқиш билан. Чамаси, ўқ овозлари, қўрқув ва таҳлика юракка хавф со-либ турганда, уларни бир дам унуттирадиган, холис, батамом ўзга дунё кечинмалари ҳақидаги бу телба-тескари суҳбатлар унга жуда хуш ёқаётганди. Ва маъқули ҳам шу эди.
– Нега дейсанми? – қиз ақлли ва фозилона гап айтмоқчи каби юзларига жиддий тус берди. Гўё у ёш бўлсада, севги бобида бошидан ўтказган ва ўзича хулосалаган ноёб бир ҳаётий тажрибасини суҳбатдоши билан оқилона баҳам кўрмоқчи каби эди. – Нега десанг, инсон ҳамма вақт ҳар нарсага тайёр туриши керак. Ҳаёт экан ўлимга ҳам, севги келса ҳижрон ва айрилиққаям. Шунинг учун унга севгимни баралла тўкиб-солишни ва у билан умрбод боғланиб қолишни ҳеч ҳам хоҳламасдим. Ҳар ишнинг бошида шубҳа ва гумон ҳам яхши нарса. Хаёлимда у қачондир бошқа биттаси билан бўлиб кетадигандек ва унга ўта боғланишим ва ўта севишим, агар тайёр турмасам, ҳаётимни барбод қилиб, бемаънолик касб этиши, бутун умрга етгулик жароҳатлаши мумкин эди. Умр, фақат севги жиннилиги туфайли вайрон бўлиб қулайдиган, мазмунини йўқотиб, у дунёга ишқни кучайтирадиган ҳислар ғиштидан қурилган иморат эмас, аксинча, яшай билиш санъатини моҳирона намоён эта олиш учун одамзодга берилган ноёб имконият деб қараш керак. Худди шундай бўлди. Вақтида менга узундан-узоқ ишқий мактублар битган бу бола бир кун мендан чиройлироқ ва келишганроқ қиз билан етаклашиб олдимдан ўтиб кетди.
Ўша пайтда билсанг, азизим, йиғламадим ҳам, ўкинмадим ҳам. Чунки, мен бунга тайёр эдим. Бутун вужудимни қоплаб олиб, юрагимни ширин ҳис ва орзулар фатҳ этган илк муҳаббат ўйлари орасидан ҳижрон ва бардош учун етарли жой ажратиб қўйган эдим. Ўшаларгина мени суяди. Куч ато этди ва маъюсликлардан асраб қолди. Ўшалар таъсиридами, қувониб ҳам кетдим.
– Нимадан? – йигит кўз олдида янги бир дунё очилаётгандек лаҳзалардагина ҳикоя қилиб бўлинадиган бу сирли манзаралардан ўзи учун керакли алланималар олиб қолмоқчи каби чанқоқлик ва ҳузур билан эшитарди. Нималарнидир ундан олдинроқ англаб етган ва ёшига номуносиб ҳукмлар чиқара олган сирли муҳаббат оламининг гўзал ва ёқимли, андак қайғули таассуротларини ола билган бокира бир қалб кечинмаларини жон қулоғи билан тингларди.
– Нимага қувонганимни айтсам, ўзим аввалданоқ қилган башоратимга кароматгўйлигимга. Уларнинг тўғри чиққанлигига…
– Буни қара-я, қойилман! – йигит завқланиб кулди, – шундан ҳам ўзингни хурсанд қилиш иложини топибсан. Аммо тентак бўлсанг ҳам ақлли тинтаксан, қўзичоққинам. Буни қара-я, – лаб-лунжини йиғиштиролмай илжаярди йигит чин дилдан унга қойил қолганини ҳам яширгиси келмади.
– Сенга, азизам, бир шеър ўқиб берайми?
– Ҳали сен шеър ҳам ёзасанми? Шоирман дегин.
– Нега энди, – деди қиз норозироқ оҳангда, – шеърни фақат шоирлар ёзарканми? У шеър ёзадиганларниям шоир деб бўлмайди. Ҳа, эшит, унча келишмасаям хафа бўлма, ахир менинг шоирликка даъвоим йўқ.
Ўн олти ёш!.. Сокин ёшлигим,
Баъзан шаддод бебошлигимдир.
Ярми ўйсиз, ярми эса лим –
Уруш, даҳшат дилғашлигимдир.
Ўн олти ёш! Рози бўл мендан,
Бердинг талай ҳислар яширин.
Бу туйғулар, бу ўйларим-ла
Бедор ўтди тунларим ярим.
Кутганларинг улгуролмадим,
Тафаккурим қолди бетайин.
Ақл-идрок кучи етмагач,
Интиқ кутдим пирларнинг пирин.
Ахир топмам пирсиз – нажотсиз
Минг ахтармай бу борлиқ сирин.
Ўн олтилик ширин лаҳзалар
Қора қирғин урушда қолган.
Нетай, ўн еттимнинг бошин ҳам
Шу жаҳаннам ўтларга солган.
Бугун борман, балки эртан кун
Исмим, жисмим йўқолгай беиз.
Истиқболга менсиз етганлар
Унутарлар мени шубҳасиз.
Унутарлар уруш сўзини
Луғатдан ҳам топиб отарлар.
Шунда, шунда менинг армоним
Ўн олти ёш қизга қайтарлар.
Руҳим менинг учар бахтиёр
Кўриб унда ўз ёшлигимни.
Баъзан қайсар, баъзида ўжар
Ўйсиз шўхчан бебошлигимни.
Қилолмаган ишларим гуноҳ
Айтилмаган сўзлар гуноҳдир.
Таъбирига идроким ожиз
Йўйилмаган тушлар гуноҳдир.
Алвидо, эй ўн олти ёшим,
Дилда борин сақлаб нетарман.
Гуноҳларим ювиб кетарман.
Умидларинг оқлаб кетарман,
Гар меҳрибон бўлса, худойим!
Қиз сокин, жуда ширали овозда нозик қилиб шеърни тугатгач, йигит чуқур ўйга чўмганча узоқларга тикилиб қолди. Унинг нималар ҳақда ўйлаётганини шу топда ҳамроҳи минг маротаба кароматгўй бўлмасин, барибир билолмасди. Сўнг у қизга маъюс, армонли нигоҳини ташлади. Нимжон елкаларини силаб, беозор қучганча шеърни қайтатдан эшитди.
– Нима, ўн олти ёшингда кўп гуноҳ қилганмисан? Қайси томондан? Сивгинг туфайлими? – чўчиброқ сўради у.
– Ўзим ҳам шундай савол берсанг керак деб ўйловдим. Бунинг севгига мутлақо алоқаси йўқ, жоним. Билсанг, ўсмирликнинг ўн беш-ўн олти ёши жуда сирли ва жумбоқли. Бу ҳар кимнинг бошида бор, кимдир сал илғаб қолади, кимдир йўқ. Бу ёшда ўзлигини англашга интилган инсон учун келгусини белгиловчи жуда катта имконият Аллоҳ томонидан ёки табиат томонидан ато этилиши мумкин, дердилар дадам. Афсуски, бизнинг ёшларимиз бу ё ўзига оро бериб ўзгаларга ёқиш илинжида, ё ишқий ҳавасмандликлар туфайли, ё бойликни ўйлаб энг керакли дақиқаларни қўлдан бой бериб қўядилар. Кўп иш ва ўқиш билан машғул бўладиган бу ёшимда кўнгил тўладиган ишлар қилолмадим деб хавотирдаман… Ке, қўй, булар ҳақида бошқа пайт…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.