Текст книги "Қисмат тарозуси"
Автор книги: Б. Омонова
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц)
Бу вақтда икки халта юк кўтариб келаётган Хатира опасини узоқдан кўрган қўшниси, олти-етти ёшли Олим югуриб борди:
– Беринг, Хатира опа, кўтаришиб бораман.
– Мана бунисини олақол, сал енгилроқ.
– Хатира опа, ҳалиги сизларникига чиройли кийинган катта одамлар келишди.
– Кимлар дединг?
– Ҳалиги… Кўзойнак таққан каттакон одамлар, уларни танимадим.
– Нега келишибди, ҳа-я, балки Ҳикмат отанинг танишларидир. Улар ҳозир ҳам шу ердами?
– Иккитаси кетди, биттаси уйда ўтирибди.
Хатира алланарсани сезгандек тўхтаб қолди.
– Олимжон, унинг кўриниши қандай?
– Баланд бўйли, чиройли одам, қора костюмли.
– Менга қара, мана бу сумкаларни ол-да, уйга элтиб қўй, – кўзлари безовта шошилиб деди у.
– Нега, сиз бормайсизми?
– Йўқ, мен кейинроқ кирарман. Ўша меҳмон кетгандан кейин, илтимос сендан, бора қол!
– Хўп, – бола оғир сумкаларни аранг судраганча эшикни очди.
Бу вақтда Хатира тоғ томонга, қуюқ арчалар бағрига яширинишни хоҳлаганидан улар томон интиларди.
У шохлари тарвақайлаган арча панасидан минг ҳадик ва изтироб, соғинч ва армон билан узоқдаги эшикка тикиларди. “Бу Ибрат, ҳа, ҳа, Ибрат!.. Энди нима қилдим. Шу аҳволда қандай кўринаман унга, нима дейман. У мени аллақачон унутишимни истаётгандир. У албатта менга ачиниш билан қарайди. Юрагида бир вақт илдиз отган ёшлик муҳаббати аллақачон ўтиб кетган, энди уни ҳеч ҳам қайтаролмайди. Магазинда кўргани ёш ва гўзал қиз унинг қайлиғи ва у бахтиёр. Мен эса унга ҳеч қачон халақит қилмасликка, кўринмасликка онт ичганман. Юрагимга энг яқин одамим мени ғариб, нотавон ва ожиз ҳолда кўришини ҳеч қачон истамайман. Лекин… Оҳ… узоқдан бўлсаям уни яна бир кўрсайдим, биргина, яна бир марта…”
Эшикнинг “ғийқ” этиб очилганидан Ибрат чўчиб тушди. Бор вужуди қулоққа айланиб, гандираклаб ўрнидан турди ва остонада кичкина болани кўрди. Бола унга салом бергач, эҳтиётлаб сумкаларни секин бурчакка қўйди.
– Яна ким бор, – Ибрат минг ҳаяжон билан айвонга чикди, ҳеч ким йўқлигидан ҳайрон бўлиб болага қаради.
– Ҳеч ким.
– Отинг нима, болакай?
– Олим.
– Олимжон, чиройли исминг бор экан. Бу халталарни ўзинг олиб келдингми?
– Йўқ, Хатира опамники. Мен уларга кўтаришиб келдим.
– Ўзи қани!
– Билмадим. Сизларникида меҳмон бор дейишим билан сумкаларни элтиб қўйишимни сўради-ю, кетиб қолди.
– Қайси томонга?
Бола қиз кетган томонни кўрсатди.
– Ҳув анави тоғ томонга.
Ибрат чўққига элтувчи қалин арчазорлар оша ўтган сўқмоқ йўлларни эслади.
– Қайси томонга дединг?.. Мен ҳозир, – Ибрат шарт костюмини ечиб ташлади-ю, кўйлакчан у кўрсатган томонга югура кетди. Бола унинг ортидан ҳайрон қараб турарди. Изидан келаётган йигитни кўрган қиз чўққи томон югураркан, Ибратнинг оппоқ, бениҳоя ўзига ярашиб тушган кўйлаги, яна… яна қоп-қора жингалак сочларини кўргандек бўлди. “Йўқ, у мени афтодаҳол, айниқса мана бундай қиёфада кўрмаслиги керак. Агар кўрса ҳадсиз ачиниш билан бахтсизликни бўйнига олиши мумкин. Севганидан эмас, ачинишдан.
Йигит ҳам қизнинг қорамтир кўйлагини кўриб қолди ва у томон бурилди.
– Хатира!.. – унинг овози тоғда ҳам акс садо билан келди, – Хатира, тўхта, сени кўриб турибман-ку, шошма, Хатира, нега мендан қочяпсан… Мен Ибратман, эшитяпсанми, Ибратман!..
Жим-житлик. Кун эса оғиб борарди. Ҳар қалай чўққига элтувчи йўлни Хатирадан кўра Ибрат яхши эслаб қололмасди албатта, чунки у аллақачон бу йўлларни бир қадар унутган. У бир вақтлар юрган йўлларни энди чакалак ва ўтлар қоплаган, шу сабаб бошқа сўқмоқлар очилганди. Ўтиб бўлмас шох-шаббаларга дуч келиб изига қайтди ва бошқа томонга чопаркан, чўққи томон кийикдек ирғишлаб кетаётган қизга кўзи тушди…
– Тўхта, Хатира, ҳадемай қоронғу тушади, у ер жарлик, буни ўзинг ҳам биласан-ку. Шошмасанг-чи, кетма.
Қиз тўхтаб унга қаради. У жуда тик, қиррадор тепаликка чиқиб олган эди. Қоятошга суянди ва ўкинч билан йигитга тикилди. Улар энди бир-бирини аниқ кўрдилар..
– Эшитяпсанми, Хатира, ахир мен Ибратман, нега қочиб кетяпсан, мен хаммасини биламан, азизим, сени соғинганман, жудаям соғинганман!.. Тушуняпсанми, – йигит кўзларида ёш йилтиллади…
Қиз эса ҳеч нарсани тушунмаган ва бу сўзлар унга айтилмаётгандек баттар чўққи томон шитоб билан югуриб кетди.
– Хатира-а-а!…
– Ибрат!..
Чақмоқдек миясига урилган бу шиддаткор овоздан йигит қалтираб кетди. Бор вужуди соғинчга айланганидан, ўзига ҳам итоат этмас аллақандай қудратли бир куч билан ёниб ва бир умидворлик билан тепага қаради. Ана у бир вақтлар ҳар замон иккаласи чиқиб бутун чоратрофни томоша қилганлари, унча-мунча одам юрак бетлаб чиқолмайдиган тик чўққида турарди.
– Ибрат, – қайтарди у яна, – мени кўришни хоҳлайсанми… Ростданам-а?
– Бу нима деганинг, сўраб нима қиласан, сени қанчалар соғинганимни ва излаганимни билмайсан ахир.
– Бўлмаса мени ушлаб ол, ҳозир ёнингга учиб тушаман, биласанми учиб тушаман, худди шундай қиламан, – ўжар овозда деди қиз бамайлихотир.
– Нима!? Эсинг жойидами ўзи?
Ибрат унинг қочиш сабабини энди тушунди ва юз беражак мудҳишликнинг олдини олиш мақсадида тиз чўкиб қўлларини унга чўзди.
– Бундай қилма, Хатира, бундай қилма, илтимос қиламан, мени тирик ўлдирма, яшашга имкон бер менга, ўтинаман, ундай қилма, ахир бундай бўлиши мумкин эмас. Агар жуда хоҳлаётган бўлсанг, тўхта, иккимиз бирга сакраймиз, ўшанда чиройли чиқади. Бир лаҳза бўлса-да қўлларингдан ушлайман ва қушдек учиб кетамиз, фақат тўхта, мен ҳам барибир ташлайман. У ёқларга бир ўзингни юбормайман, эшитяпсанми?! Сенинг бир ўзингни юбормайман. Сен сўнгги илтимосимни бажар, фақат тўхта…
Қиз ўзи унчалик кутмаган бу сўзлардан ҳайкалдек қотиб қолди. Йигит сўзларидаги қатъий оҳангни ҳис қилиб эти увишиб кетгандек бироз иккиланиб қолди. Ибратнинг кўзига энди ҳеч нарса кўринмасди. Сўзларидан қиздаги иккиланишни сезган йигит умид билан унинг олдига, тепага югурди.
Мана ниҳоят қоя… ёнида эса Хатира… Йигит пешонасидан оққан терни кўйлаги енги билан артганча унга яқинлашди. Хатира эса унга қарамасди. Эси оққан мисол олисларга миқ этмай тикилганча ҳайкалдек қотиб турарди. Йигитнинг ўзи томон секин яқинлашаётганини сезгач хўрлиги келиб унсиз йиғлади, кўзларидаги ёш томчилари юзига оқа бошлади.
– Менинг аҳволим жуда ёмон, Ибрат.
Унинг овозида чидаб бўлмас азоб, армон, муҳаббат, соғинч ва дардни туйган йигит секин унинг ёнига келди ва тиз чўкиб унинг оёқларидан қучди.
***
Аброр Вали кабинетига кириб келган адвокатни ўрнидан туриб қаршилади. Сўрашишгач деди:
– Сизни бир муҳим иш юзасидан сўратган эдим.
– Қайси иш?
– Ҳалиги Ибратнинг синфдоши қидирилиши юзасидан.
Адвокат, табиийки, Аброрни Ибратнинг энг яқин одамларидан бири деб биларди, шунинг учун бемалол гапира бошлади. Ибрат учун жонкуярона сўраётганлигига шубҳа ҳам қилмай астойдил тушунтиришга киришди:
– Хотиржам бўлинг. Ўша қизнинг топилиши учун бор кучим ва имкониятимни сарфлаяпман. Газета-га эълон бердик, бошқа жойларга ҳам сўровномалар жўнатдим. Яқинда бир одамим ипини топгандек гап қилди, кўнглингиз тинч бўлсин, худо хоҳласа топилади, бу воқеа яқинда юз беради, юрагим сезиб турибди. Бунга ишончим комил. Эҳ, Ибрат бу қизни қанчалар севишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Бу фақат эртаклардагина бўлади.
Аброр Валининг авзойи ўзгариб кетганига эътибор ҳам бермасди у.
– Биласизми, адвокат, сиз бу ишга кўп вақт сарфлаб юбормадингизми, – у адвокатга шундай маъноли қарадики, бундан у ҳатто довдираб ҳам қолди, – ҳа, кўп меҳнат ва вақт сарфлаяпсиз. Вақтни тежаган ақлли одамлар бу каби иш тутмайдилар. Сиз қиладиган ишлар бусиз ҳам қалашиб ётибди, адашмасам, сиз ва Ибрат излаётган ва кутаётган нарса сароб эмаслигига ким кафолат бера олади. Бу игна билан қудуқ қазишдек гап.
Адвокат энди тушунди. Бу ишни тўхтатишга бўлган ишора эди.
– Ҳа. Ҳа, балки… бўлиши мумкин.
– Бўлиши мумкин эмас, бу аниқ нарса. Сизни омма ўртасида эътиборли бўлиб танилишингизга бир қадар хизматларим сингганига ўзингиз ҳам шубҳа қилмассиз. Демак, сиз менинг одамимсиз. Мен сизга бир сирни айтиб қўймоқчиман, қизим Алфия билан Ибратнинг тўйига тайёргарлик кўряпмиз. Уларни унаштириш маросими яқинда бўлиб ўтади. Ибрат ундан аллақачон умидини узган, топилганда ҳам унга уйланмайди, наҳотки тушунмайсиз, ёрдам қилиши мумкин, холос, бир вақтлар онаси учун азият чекканлиги сабабли. Бошқа ҳеч нарса. Уни фақат ҳозирги кунда сизгина эслатишингиз мумкин. Лекин бунга эҳтиёж бормикин. Албатта маъно йўқ. Шу сабаб унинг хаёлини бўлишгаям зурурат борми!? Аминманки, ҳеч ким учун қизиғи йўқ ишнинг сиз учун ҳам фойдаси йўқ. Яхши режалар билан шуғуллансак девдим.
– Маъқул гап, сиз нима десангиз шу.
– Ҳа, айтганча, Ибратга ҳам икки оғиз гапириб қўйсангиз. Тадбиркор одамлар вақтини беҳуда иш учун совурмайдилар. Улар романтик эмас, реал нарсаларга эътиборни кўпроқ қаратадилар. Мени тушунгандирсиз.
– Бир қадар, – бўшашган кўйи деди адвокат.
– Омон бўлинг, шу бугуноқ Ибрат билан учрашинг, маслаҳатим шу.
***
Узоқ изланишлардан ва бу суҳбатдан ҳафсаласи пир бўлган Аслиддин Дўст ниҳоят Ибрат билан учрашишга ахд қилди. Ўз кабинетида уни катта умид билан қаршилаган йигитга ҳозир айтажак гаплари кутилмаган зарба бўлишини сезиб бироз хавотир ила сўрашишгач гапнинг индаллосига кўчди.
– Жаноб, сизни хурсанд қиладиган хабар йўқлигидан кўнглим жуда озорда.
– Нима демоқчисиз бу билан? – алланечук изтироб билан унга тикилди Ибрат.
– Гап шундаки, Хатирадан умуман дарак йўқ. Ҳатто у мурожаат қилиши мумкин бўлган жами косметолог бўлимлар ҳужжатлари билан ҳам танишиб чиқдим, газетага эълон бердик, менимча, у ё исмини ўзгартирган, ё бирон чет давлатга ўтиб кетган, ё бўлмаса, – изқувар оғир хўрсинди, – унинг бошқа жойларда қариндошлари бормиди?
– Ҳа, уларнинг тожикистонлик қариндошлари бўлиши мумкин, шундай деб эшитгандим, бироқ уларни сираям кўрмаганман.
– Тақдир бу, Ибрат, балки улар билан топишишгандир, ё вафот этганмикин?
Бу сўздан Ибрат бир қалқиб тушди. Энг ёмон, энг даҳшатли туюлди бу сўзлар шу топда. Ана шу сўзларни эшитишдан у доим юрак ҳовучлаб юрарди. Беҳуш, карахт ҳолда, умид занжирлари узилган ва бир лаҳзада ҳаётдан, яшашдан буткул умидини узган ғариб инсонга айланиб қолганди. Армон отлиқ ўткир бир ханжар унинг шундоқ ҳам ярадор юрагини тилиб ўтгандек бўлди.
– Бундай деманг, Аслиддин, ақалли шу сўзни айтманг. Ундан кўра у аллақачон турмушга чиқиб кетган, бир этак болалари бор, қаерлардадир тинч яшаяпти денг, шундай десангиз бўлади-ку, – ялинчоқ овозда инграркан, гўё айтаётган сўзлари чин дилдан ҳақиқат бўлишини Оллоҳдан тилаётгандек ҳам эди. – Ундан кўра у сизни унутган ва аллақачон ўз йўлини топиб яшаб юргандир денг, адвокат жаноблари, бунчалар тошбағир, бераҳм бўлмасангиз.
Ибрат кўзларини юмди. Икки кафти билан сочларини маҳкам қисди ва кўз олдида ўзи истаган манзарани чизди.
Мана Хатира тўлишиб, чиройли аёл бўлиб кетган, атрофида болалари, тоғлик аёлларга хос кийимлари ҳам ўзига жуда ярашиб тушган.
“– Хатира, нега мени кутмай турмушга чиқиб кетдинг. Ахир иккимиз бундай келишмагандик-ку. Озгина сабр қилсанг бўлармиди.
Хатира шўх кулди. Худди олдингидек.
– Алам қилсин, нега энди сени шунча йил кутишим керак экан. Дугоналаримдан қаерим кам? Унинг устига сендан хат-хабар ҳам тўхтаб қолган бўлса. Кутиб менга зарил кептими, яхши қилибман, ажаб қилибман, бир алам қилсин.
Йигит маъюс кулимсираркан олдингидек тегажаклик қилиб унинг жиғига теккиси келди. Ёшликдагидек унинг жаҳлини чиқаришни, қовоқларини уюб тумтайиб туришларини кўргиси келди.
– Вой-бу, булар сенинг болаларингми, бунча кўпайтириб ташладинг, нечта?
– Тўртта, уч ўғил, бир қиз, ҳаммасини ўзим туққанман.
– Ажойиб-ку буларинг, лекин намунча хунук бўлмаса, анависини бурнини қара, бурунвой, буниси шалпангқулоқ, тўхта, аммо-лекин мана буниси менга ўхшабди.
– Нега унақа дейсан, болаларим ҳаммаси чиройли, тўғри, улар қоп-қора бўлиши мумкин, ҳали катта бўлганда ранглари тиниқлашиб кетади.
– Шунақами… Хатира, майли бўлар иш бўлибди… Энди эса кел сени бир қучоқлай, ахир сени шунчалар соғинганманки, жудаям, жудаям, – йигит бу сафар астойдил гапирди, ҳатто унинг кўзларида ёш йилтилларди, – битта қучоқлай, шунчаки… шунчаки…
– Қўйсанг-чи, Ибрат, гапингни қара, худди ёш болага ўхшайсан-а.
Ибрат шу топда ҳеч нарсани кўрмаётган, эшитмаётгандек ҳам эди. Ошиқ ва вафоли, содиқ ва соғинчли кўзлари аро фақат ва фақат севгилиси, ҳамон ўша-ўша бўлган буғдойранг қизнигина кўрарди холос.
– Кел, Хатира, азизим, биргина қучоқлай шунчаки, шунчаки…”
Бу хаёл эди, албатта. Ибрат ёш тўла кўзларини адвокатга тикаркан, миясидан ўтган лаҳзалар таъсирида секин пичирлади:
– Қанийди, у мени унутиб қаерлардадир болалари билан тинч-омон яшаётган бўлса. Мен шундаям бахтли сезардим ўзимни, унинг болалари билан ўйнардим, уларни яхши кўрардим, жудаям яхши кўрардим, эшитяпсизми мени…
***
Бу тоғ, бу чўққи ва кўм-кўк осмон, оппоқ булуту барча яшилликлар худди бундан йигирма йил бурунгидек эди. Ибрат ўзини гўё ўшандаги ўн олти-ўн етти ёшли йигит каби сезди, ёнида эса Хатира, у ҳам ўша ёшда.
– Қара, Хатира, ҳеч нарса ўзгармапти. Худди олдингидек, яхшиям бу жойларда ёмон одамларнинг қадамлари кам бўлади. Ва шу табиатнинг сўлим бўлагини ўзлаштиришга ошиқмайдилар.
Қиз индамади.
– Биласанми, шу топда сенга бирон нима совға қилишни жудаям хоҳлаяпман, лекин миллионер бўлганимда ҳам ҳозир ҳеч нарсам йўқ, – Ибрат тўсатдан худди олдингидек қиз билан талашиб-тортишиш, жанжаллашишни хоҳлаб қолди.
– Бирон нима десанг-чи?!
– Нима дейин, – Хатира бутунлай ўзгариб кетган, олдинги шўхлигу қувноқликдан асар ҳам қолмаганди, – шундай ўтиргим келяпти.
Ибратнинг эса олдингидек уни жиғига теккиси келарди.
– Жуда бўлмаса, кел олдингидек бир жанжаллашайлик, сени бақириб уришишларингни жудаям соғинганман.
– Қўйсанг-чи, ёш болага ўхшама.
Ибрат шўхлик билан атрофга кўз юборди, тўсатдан қувониб кетди.
Сал нарида адашиб, ё бирон сабаб сувдан чиққан ҳолда уларга бақрайиб тикилиб турган қурбақани секин энгашиб олди-да билдирмасдан Хатиранинг бошига қўйиб қўйди.
Қурбақа миқ этмасдан турарди. Ўша пайтлар улар ҳатто ўргимчак, тошбақа, қурбақалар билан ўйнашар эдилар. Балки бу қари бақа худди ўша йиллардагининг ўзидир. Ибрат секин кулимсираб кўзларини бошқа тарафга, оғаётган уфқ сари қаратди.
Тоғда қуёш ботиши шунақаям гўзалки, таърифга тил ожиз.
Бошида нимадир ғимирлаётганини сезган қиз қўли билан ушлади-ю, туртиб юборди. “А-а!!!” дея қўрқиб кетди, кўзлари катта-катта очилди ва жон ҳолатда бошидагини олиб ташлади. “Шап” этиб тушган бақани кўрди-ю, йигит ҳазилини тушунди.
Унинг ҳам болалиги эсига тушиб кетди.
– Нима қилганинг бу, Ибрат, – ростдан аччиқланди у, – жаҳлимни чиқарма, ҳозир сени ростданам уришаман, биласан-ку аяб ўтирмайман, ҳозир сени…
– Нима қиласан, қани айт-чи…
Қиз ўрнидан туриб бақани қўлига олди ва Ибратнинг ёнига яқинлашди.
– Ҳозир ичингга солиб қўяман, – улар бир дақиқада болаликдагидек олишиб кетишди. Тўсатдан Ибратнинг қўли қизнинг бошидаги енгил рўмолни илиб кетди ва гўё йигит кўзи олдида чиройли мўъжиза юз бергандай бўлди. Шалоладек жилоланаётган, худди олдингидек таниш ва хушбўй сочлар йигит кўзига шунақа чиройли кўриндики, тортишишни унутиб унга маҳлиё тикилиб қолди. Қиз ўнғайсизланиб қўлидаги бақани сувга ташлади ва йигитга яқинлашди.
– Бер рўмолимни, Ибрат.
– Хатира, ниқобингниям еч.
– Йўқ-йўқ, – қиз қўрқиб қочмоққа тутинди, гўё йигит кела солиб унинг ниқобини тортқилайдигандек, йигит ярадор, чандиқ чеҳрасини кўриб қоладигандек, – бунақа қилсанг, нима қиламан, айтайми?
– Айт, айтсанг-чи.
– Яна йўқолиб қоламан, – қиз ўзи оғзидан чиққан сўз даҳшатини англамасдан турибоқ, Ибрат миясига тўсатдан яшин урилгандек бўлди. У ҳозиргина топган бахтини йўқотишдан кўра ўлимни афзал биларди, энг даҳшатли туюлган бу сўзлардан юраги қалқиб кетди. У кўксини чангаллаганча секин эгилиб қолди. Хатира унинг бу ҳолатини яна ҳазил деб ўйлади ва унинг ёнига келиб завқ билан кузата бошлади.
– Қойил, Ибрат, – болаларча завқланиб Хатира, – жуда ўхшатяпсан. Олдинлари ҳам дарсга бормаслик учун, ё бирон ишни қилгинг келмаса, мана шунақа қилиб ҳаммани қўрқитардинг, яша, унутмабсан, азизим.
Бироқ йигит унга беҳол, ранги оқарганча, афтодаҳол яқинлашаркан, унинг рангини кўриб қиз қўрқиб кетди ва ҳақиқатдан аҳволи ёмон эканлигини билиб, маҳкам қучди ва икковлон ерга ўтириб қолдилар.
Йигит бошини тиззаларига олган қиз энди унга ёлвора бошлади.
– Ундай қилма, азизим, мени қўрқитма, сенга нима бўлди, кўзингни оч.
Йигит чўнтагидан қиз учун нотаниш аллақандай таблеткани беҳол олиб оғзига солди ва кўзларини юмди. Бир неча сониялардан сўнг секин очилган кўзлари сўнгсиз илтижо ва умид билан ёлворди.
– Энди бу гапни айтмайман, де, Хатира.
– Қайси гапни?
– Энди йўқолиб қолмайсан-а?!.
Шундагина ўйламасдан айтилган гап Ибратга қаттиқ таъсир қилганини тушуниб етди ва ёқимли бир ҳаяжон, севинч ила унга тикилди.
– Шунга шунчами, шунга-я.
– Шунга шунчалик, – йигит кўзини ундан ололмади, кўкка тикилди. “Эй парвардигор, шунга шунчамимиш… азизим… бу гапни ҳеч қачон айтмайман де, айтмайман де, ёлвораман, Хатира…”.
…фақат кўзлари сўзлар эди. Ҳозиргина ичган дорисидан бироз тетиклашган йигит шамолда чиройли силкинаётган сочларни авайлаб силади:
– Қара, бунча чиройли сочларинг…
– Қўй бунақа гапларни, – яна нимадир айтишга чоғланган йигит сўзидан ўзини ноқулай сезган қиз гапни бошқа ёққа бурди, – ҳадемай кеч тушади, уйга қайтишимиз, Ҳикмат отанинг арвоҳи учун чироқ ёқишга кечикмаслигимиз керак.
– Чироқ дейсанми? – йигит тушунмади.
– Ҳа-да, – қиз астойдил унга тушунтиришни бошлади, – ўлик чиққан уйда қирқ кунгача чироқ ёқилади. Умидвор, ўз уйидан кўнгил узолмай безовта келган арвоҳ бу кунларда ёруғликдан таскин топиб қайтармиш…
У дунёда эса Ҳикмат ота мен учун чироқни ким ёқади, арвоҳим қандай таскин топади, деб ўйламаслиги керак. Мен унга барча расм-русумларини ўтказиб, унинг ҳаққига доим дуо қиламан, деб ваъда берганман.
Азизим, Ибрат, сен ҳозир онангни эслаяпсанми? – йигит кўзларида ёшни кўриб ўзича тушунди ва шунга йўйди қиз, – хавотирланма, онанг, Биби Шоҳсанам вафот этганларида, унга ҳамиша Ҳикмат ота иккаламиз чироқ ёқиб қўярдик, ис пиширардик, ҳатто қўшниларга-да берардик. Унга охирги кунларигача сенинг олдингдан одам келганлигини, соғ-омон эканингни, тезда қайтишингни айтиб турардик. У бечора жамики ёлғонларимга чин дилдан ишонарди, мен билан ҳеч қачон зерикмасди. Мени шунақа яхши кўрардики. Бир куни нима қилдим, айтайми, у оғир ётган кунлар эди. Қизлардан эшитишимча эски тақинчоқларни, ҳатто сочларни-да қиммат нархда оладиган иккита аёл тоққа келганлигини эшитиб қолдим. Ўшанда сочларим жуда узун ва қалин эди. Қиммат олади деб эшитдим ва сотдим. Кейин нима қилдим, айтайми, чиройли рўмол сотиб олдим ва буни сизга Ибрат юборибди, деб бердим. Антиқа рўмол эди, бу жойларда унақаси йўқ, шу сабаб у ишонди ва кўрсанг эди, жуда-жуда қувониб кетди. Шу воқеадан сўнг уч кун ўтгач оламдан ўтди.
Ибрат кўзларида ёш ила қизни ўзи англаб бўлмайдиган улуғ ва олижаноблик меҳри ила авайлаб қучди. Бу туйғу шу қадар кучли эдики, унда муҳаббатдан кўра одамгарчиликнинг энг олий намунаси зоҳир эди гуё.
***
– Равиль, азизим, тинч-омонмисан? – ўта бадбашара, баланд бўйли қора кўзойнак таққан одамни илиқ қаршилади.
– Раҳмат, анчадан буён йўқламай қўювдингиз.
– Тўғри айтдинг, энди сенга ҳеч қачон ишим тушмаса керак, деб умид қилардим. Лекин ҳаёт, тақдир… қизиқ экан, унинг ўйинларидан қутулиб бўлмас экан.
– Очиқроқ айтаверинг, нима хизмат? – афтидан бу одам гап айлантиришларни кўпам хуш кўрмасди. Шунинг учун унинг тезроқ муддаога ўтишини хоҳлаётганди, бунинг устига у доим шошилиб юрар, касби тақозоси биланми бир жойда кўп ушланиб қолиш унинг одатига кирмасди.
– Шошилма, азизим, бу галгиси ўта нозик, шу сабаб ҳам тасодифий ҳалокат бўлиши керак.
– Сизни бир қадар тушундим.
– Бир қишлоқи, тоғлик қиз, шаҳарга яқинда келган, ҳали унчалик мослашолмаган, тушуняпсанми, баъзан бир ўзи тоғларга ҳам, чўққиларга ҳам чиқиб сайр қилишни жуда ёқтиради. Шундай ҳолатларда салгина эҳтиётсизлик туфайли ҳам ҳалокат содир бўлмаслигига ким ҳам кафолат беради.
– Албатта, мен буни тушундим.
– Мана бу жойда манзил, исми, белгилари, хуллас, барча маълумотлар бор, расми ҳам. Эҳтиёт бўл, обдон ўйлаб иш қил. Хизмат ҳақи олдингиларидан икки ҳисса ортиқ бўлади.
– Келишдик.
– Омадингни берсин.
***
Дилдора эшик қўнғироғини алланималарни ўйлаб хаёлга чўмганча юриб очди ва қувониб кетди.
– Жавдат, укажон, бормисан!
– Саломалайкум, опа, тинч ўтирибсизларми?
– Худога шукур, шунақа экан-да жигарчилик, бунча камнамо бўлмасанг, сўратмасам, бир йўқлай ҳам демайсан .
– Иш билан, ташвишлар ҳам кўпайиб кетди.
– Э, иш, ташвиш адо бўларканми, – уни ичкари хона томон етакларкан, аёл астойдил укасини анча кутгани билиниб қолди, – дийдор ғанимат, укам.
– Тўғри айтасиз, опа, тинчликми ўзи?
– Ҳозир гаплашамиз, бир пиёла чой опкелай.
Опаси чаққонлик билан дастурхон тузади ва ҳасратли овозда деди.
– Сени бир маслаҳатли иш бўйича чақирувдим.
– Қанақа иш?
– Биласанми, олдин сенга гапириб берувдим. Хорижда бир неча йил яшаб бизга тағин қайтган Ибрат деган йигит ҳақида. Поччанг унинг ишларини юргизишда анча ёрдам қилган. Унга меҳри тушиб куёв қилиш тараддудида эдик.
– Нима! Алфияни-я, ахир унинг севгани бор-ку, Зокир нима бўлади?
– Уни гапирмаям қўяқол. Поччанг у ҳақида эшитишниям хоҳламайди. Бир гапни айтдими, бир ишни бошладими, ниҳоясига етмай қўймайди, биласанми, Ибрат ҳақиқатан очиқкўнгил, тадбиркор, миллионер, ишбилармон йигит. Буни инкор этолмайман, бироқ… – аёл жим қолди.
– Нима бироқ, агар унда тўйни бошлайверинг.
– Ҳа, тўйни ҳатто баҳорда ўтказишни мўлжаллаб қўювдик, бироқ Ибратнинг синфдош қизи топилиб қолиб ҳамма режамиз бузилиб кетди. Уни бир вақтлар Ибрат жуда қаттиқ севган ва ҳозир ҳам ундан кўнгил узолмайди. У қизнинг юзлари даҳшатли куйиб кетган ва у ҳамиша ниқобда юраркан. Уни излаб тополмасдан ноилож Алфияга уйланишга рози бўлган.
– Ҳечқиси йўқ, бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ, Алфиягаям қанча харидорлар бор, жуда яхши бўпти, ҳар ким ўз йўлидан кетаверсин.
– Қанийди шундай бўлса, лекин поччанг режаси чаппа кетганидан авзойи бузуқ юрибди. Ахир дўстларига Ибратни куёв қилиши ҳақида аллақачон айтиб бўлган. Йўлида тўғаноқ бўлган анови қизни бир бало қилиб қўйишидан қўрқаман. Бирон кор-ҳол юз берса, поччанг қўлга тушиб қолади деган ваҳимадан эсим чиқаёзяпти. Шунинг учун ўзим уни бир илож қилиб узоққа жўнатмоқчиман.
Укаси энди тушунгандек бўлди.
– Тушунмадим, қаёққа?
– Ашхабодга, Фотима опамникига. У уни ўзи ишлайдиган Меҳрибонлик уйига жойлаб қўяди. Шунда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам, у бечорагаям озор етмасди, поччанг ҳам қўл уражак машъум воқеалардан четда қоларди.
– Энди ҳаммаси равшан, поччам шу даражага боради, деб ўйлайсизми?
– Бу аниқ, кўнглим сезиб турибди, унинг қандайлигини жуда яхши билганим учун хавотирдаман. Бир ҳафтадан буён тинчи йўқ. Опамиз билан гаплашдим. Менинг таклифим унга-да маъқул. Бу қиз ҳозир ҳам меҳрибонлик уйида яшаб, ишларкан. Манзили менда бор. Уни бир амаллаб бугун самолётга чиқарсак опамиз кутиб олади, унга қўлимдан келганча ёрдам қилишга тайёрман, фақат бизга халақит қилмаса бўлди. Шу билан ҳаммаси тинчийди. Ибрат унинг изини тополмайди. Ва бизнинг истагимизга ғов бўладиган куч қолмайди.
– Нима деб ўйлайсиз, у қиз рози бўлармикин?
Аёл истеҳзоли кулди.
– Оллоҳ нима қилиб бўлса-да унинг менинг яхшигина, ҳеч кимга безиён таклифимга рози бўлишини унинг кўнглига солсин ишқилиб, ҳар ҳолда бу ерда ўлиб кетгандан кўра.
Укаси ваҳима ичида опасига қаради:
– Иш шунчалик даражада бўлиши мумкинми?
Аёл қатъий деди:
– Ҳа, поччанг менга ҳеч нарса демайди. Лекин мен у билан йигирма йил яшаб кўзларидан нимага тараддудланаётганини билиб оламан. Тунов куни бир таниши, қўрқинчли одамни чақирди, улар ичкарида махфий гаплашишди. Бу одамни поччанг энг сўнгги чора кўраётгандагина чақиртиради.
Йигитнинг юраги увишди.
– Унда сизнинг вариантингиз жуда маъқул.
– Ҳа, агар мен бу ишни қилмасам, тушимда аён бўлдики, катта хато бўлади. Бу қалтис ўйин. Ибрат билиб қолса… Бу йигит ҳам анойилардан эмас, поччангдан қолишмайди, ўжар феъл-атвор ва катта бойликка эга, гуноҳкорларни аяб ўтирмайди. Поччангдан ажралиб қоламан, ука. Бу кунларга еткунча қанча йўлларни босиб ўтганлигимизни поччанг унутган бўлса-да, менинг асло эсимдан чиқмайди. Мамлакат миқёсидаги бу мавқе, бу обрў, бу мансаб, бу бойлик… Йўқ… йўқ… Бир сабаб билан буларнинг баридан ажралиб, номимизга доғ тушишини истамайман, тушуняпсанми, укажон.
– Унақа деманг, иш бунчалик қалтис тусда бўлмас деб умид қилайлик… – энди барчасини тушуниб даҳшатнинг қиёфасини яққол кўз олдига келтираркан титраб кетди, – ҳозир нима қилишимиз керак?
– Ҳозир сенинг машинангда у қизни топамиз ва кетишга кўндирамиз. Самолётга чиқариб юборсак бўлди. Қолган ҳужжат, буюм, у-бу нарсаларни секин-секин жўнатарман. Опамиз ҳам гапимизни маъқуллади. У ерда уни хор қилишмайди. Ахир у бечораям бегуноҳ-ку.
– Кетдик, опа, айтганингиздек нима бўлса ҳам у кўнсин-да.
– Тўсатдан у йўқолиб қолади. Поччанг одамлари ҳам топишолмайди, Ибрат ҳам. Жуда чиройли хотима топади бу воқеа.
***
Ниҳоят аёл укаси билан шаҳар четроғидаги Меҳрибонлик уйига етиб келди. Хатирани сўраган, авзойи бузуқ, чеҳраларида бесаранжомлик шундоққина кўриниб турган бу икки одамни Одина хола хушламайгина ичкарига бошлади. Юрагида уйғонган алланечук шубҳа ва ҳадик сабабини ойдинлаштириш учунми, феълига зид ўлароқ, Хатиранинг хонасига бошлаб киргач, эшикка қулоғини тутди.
– Хатира сизмисиз?
– Ҳа, келинг, – қиз кутилмаган меҳмонлар ташрифидан, хонасининг кўримсизлигидан сал ноқулай ҳолатга тушди.
Аёл унга разм соларкан, тақдир беайб, беаёв жазолаган бу қизнинг фақатгина кўриниб турган қошу кўзларига тикилиб бир зум карахт қотди. “Жуда чиройли бўлган экан ҳақиқатдан ҳам, лекин на илож бу ўйинда сен ютқазишингга тўғри келади, бечора қиз”.
– Сиз билан гаплашмоқчи эдим. Биласизми нима, ўзимни таништирсам, Ибратнинг бўлажак қайнонасиман, унаштирилган қизининг онаси.
– Нима!? Ибрат унаштирилганмиди, – ҳамиша қўрқиб, хадиксираб юрган сўзларнинг ҳақиқат эканлиги ҳозир очилиши мумкинлигидан қизнинг эти увишиб кетди. “Ҳа, у уларни кўрган, ўша тилло магазинида кўрган, гўзал қиз ёнида турган аёл, айнан унинг онаси экан.
– Биласизми, сиз ҳақингизда Ибрат гапириб берганди, синфдоши экансиз, у чет элда бўлганида онасига қараб турган экансиз, ҳатто уни қутқариш пайтида юзларингиз куйиб кетганлиги ва сизнинг олдингизда шу сабаб қарздорлигини айтганди. Сизни топишни ва тўйларида ҳам ўзингиз бош бўлиб, дўстлари қаторида туришингизни хоҳловди. Шунинг учун ҳам сизни излаган. Бунга албатта эрим, яъни бўлажак қайнотаси ўз адвокати билан ҳам ёрдам берди, газеталарда эълон беришди, сизни имкон қадар қидиришди, бироқ…
– Нима бироқ, айтаверинг, – Хатира ишонди. Кўз олдидан ярқ этиб магазинда ёнма-ён турган Ибрат ва унга жуда муносиб тушган гўзал қиз ўтди. Уларга ўшанда чин қалбдан бахт тилаганди. Демак, бу аёл ёлғон гапирмаяпти. Ўшанда улар никоҳ тақинчоқларини харид қилаётганини ўзи ҳам кўрган эди-ку.
– Бироқ, у сизни учратгач, аҳволингизга ўта ачинган ва олдингиздаги қарздорлик ҳисси севгисидан-да устун келган.
– Демак… – нимадир демоқчи бўлди-ю, Хатира гапира олмади, у қотиб қолганди.
– Ҳа-ҳа, азизим, деярли сиз мен тенгисиз, ёшингиз ҳам қирққа яқинлашиб қолди. Ҳаёт ва турмуш ҳақида менимча синарли тажрибага эгасиз ва гапларимни тушундингиз деб ўйлайман.
– Мен, мен нима қилишим керак, – қиз беҳол деворга суянди. Деворда эса Ибратнинг ёшлик сурати осилган эди.
– Ҳозир айтаман, сиздан яшириб нима қилдим. Улар бир-бирини жуда севишарди, унашишгач эса Ибрат деярли ҳар кун бизникида бўлар, суҳбатлари ҳеч тугамасди. Бундан ҳаммамиз бахтиёр эдик. Бироқ, минг афсуски, сизни кўргач… Нима десам экан… Биласизми, у яхши инсон, кўнгилчан, раҳмдил, боя айтганимдек сизнинг олдингизда ўзини гуноҳкор ҳис этди ва қизимдан воз кечди. Энди эса сизга уйланиш тараддудида юрганмиш. Бу биз ҳазм қилолмайдиган воқеа. Шунинг учун улар ўртасига тушмаслигингизни маслаҳат берардим. Ёшингиз ўтиб қолди, дея олмайман, ҳар ҳолда биронта ўз тенгингиз чиқиб қолар.
– Мен у билан гаплашишим керак. Ҳаммасини ойдинлаштириб оламиз. Бироқ у онаси руҳини ўртага қўйиб қасам ичдики, шу пайтгача бирорта қизни севмаган ва бунга интилмаган ҳам экан.
– Қўйсангиз-чи, – аёл беўхшов, ёқимсиз кулиб юборди, – худди ёш болаларнинг гапини гапирасиз-а, ким айтади сизни қирқ ёшга кираяпти деб-а, – атай шу сўзларни урғулаб ўтди аёл, – эркаклар айтаверади-да ишини битириш учун ўзини минг кўйга солиб, у билан нимани гаплашасиз, бизни ёмон отлиққа чиқарасиз, кўнглингиз ҳам сезиб турибди-ку, Ибрат кўркам, билимдон, ўта замонавий йигит, сиз унга умуман тўғри келмайсиз, мен аёлман, ҳаммасини тушунаман. Эрта тўйингиз ҳам бўлди, дейлик, ундан кейин унинг ўзи ҳам раҳмдиллик қилганини тушунади ва афсусланади, бундай бўлиши табиий ва бошқа гўзал қизларга қарамайди деб айта оласизми, сизни уйга қамаб қўйиб чўриси каби муносабатда бўлмайди деб айта оласизми? Сизга жоним ачиганидан айтяпман. Сиз бу жойлардан кетинг, мен сизга ҳаётдаги энг тажрибали, олдиндан барини кўра биладиган аёл сифатида маслаҳат бераётибман, ўзингизни камситишларига, яна хўрлашларига йўл қўйманг. Мана, Ашхабодда менинг опам туради. У худди мана шунақа Меҳрибонлик уйида ишлайди. Мен у билан телефонда гаплашдим. Мана, самолётга билет, мана йўл пуллари, у сизни аэропортда кутиб олади, ишга жойлаб қўяди. Тинчгина ишлаб юраверасиз. Оллоҳ номи билан қасам ичаман, сизга фақат яхшилик тилаяпман.
– Нега бунча меҳрибонлик, – аёл сўзларини фавқулодда тўғри, дея тушунаётган бўлса-да иккиланиб деди қиз.
– Нима десам экан, мен онаман, Хатира, қизим тақдирига бефарқ бўлолмайман, агар менинг ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам айнан шу йўлни тутардингиз. Тўғрисини айтсам, – аёл бир тўхтамга келган каби Ха-тиранинг рўпарасига ўтди ва унинг қайғули кўзларига тик қараб қўлларидан ушлади, – азизим, Хатира, қизим ҳомиладор, яқинда Ибрат иккиси фарзандли бўлишади, нима қилай, дардим ичимда, эрим бундан бехабар, билса нима бўлади. Ёшлик – шўхлик, деб шуни айтишса керак-да. Ўзим ҳам раҳмдиллик қилдим. Ибрат билан узоқ суҳбатларига халақит қилмадим. Ўтмишида катта қийинчиликларни бошидан ўтказганлигини билганим учун, майли уларни муҳаббатлари аро унутсин, дея йўл бердим. Севгиларига тўғаноқ бўлгим келмади. Мана оқибати. Энди тушунгандирсиз менинг аҳволимни. Ёлғиз илтимосим, – аёл кўзларига ёш олиб йиғлади, – бизни ёлғиз сиз қутқара оласиз, қасам ичаманки, тирик эканман, у ерда сизнинг қийналишингизга йўл қўймайман. Доим ҳолингиздан хабардор бўламан. Биз ҳаётда чин дугоналар бўлиб қоламиз.
Хатира тирик ҳайкал эди гўё.
– Бизга ёрдам қила оласизми?
– Ҳа, агар… агар… шу сўзларингиз рост бўлса, – аёлнинг ҳолатидан Хатира таслим бўлганди. Жавобни эшитган аёл баттар роль ўйнашга киришди.
– Сиз бу ерда қолсангиз, Ибрат ўз бурчини ҳеч қачон унутмайди. Қарздорлик бурчи ила сиздан кўнгил узолмайди ва ниҳоят…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.