Текст книги "Қисмат тарозуси"
Автор книги: Б. Омонова
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 11 страниц)
– Кет, – бақирди хотини, – сендай эрнинг боридан йўғи, кўзимга кўринма.
– Айтмасанглар ҳам кетаман. Жонимга тегдинг ҳамманг, – у шундай дея ерда ётган дўпписини қоқиб-қоқиб кўчага отилди.
Ранги ўчиб Шодиқулнинг уйига кетди. Бу вақтда уларникида ҳам Бозорқулникидан тузукроқ аҳвол эмасди. Қўшниларникига ўтиб уларни безор қилган хўрози ва макиёнлари устида хотини билан жанг кетарди. Хо-тини янги товуқхона қуриш керак деса, Шодиқул бор айбни калтафаҳм товуқларга тўнкарди.
– Мана қўшниларнинг хўроз-товуғи бирон марта ҳовлимизга адашиб кирмайди, эчкисиям жойида. Бу энг ёмон чиққан паррандаларни сотиб йўқотиш керак, – дер, уларга минг яхши товуқхона қурганинг билан барибир санғиб кетаверади деб жаврарди. Уларни ҳовлига яхши ўргатолмагани учун хотини ва икки ёш боласини айбларди.
Тўсатдан кириб келган Бозорбойнинг рангини кўриб унга пешвоз чиқди ва иккаласи дарвоза ёнига қўйилган тахта ўриндиққа ўтиришди.
– Тинчликми?
– Сарик бедана йўқ.
– Қанақасига?
– Қафас эшиги очиқ қолибди, кимдир атай очган, жўрттага қилган.
– Энди нима бўлади? Раҳим чиллакникига борамиз деб қўювдик-ку, каллаварам, ҳеч бўлмаса шу кеча кўзқулоқ бўлиб турсанг бўларди-ку, аҳмоқ.
– Кафасни ёпган эдим, – ўзини оқларди у гарчи қарамаган бўлсаям, – кимдир бу ишни атайин қилган, мен ҳам бопладим уларни. Қандай қилиб дейсанми, эртага бозорга чиқиши керак бўлган буюмларнинг ҳаммасини синдириб ташладим.
– Ростдан-а, ўғлинг ясаганни-я, яхши қилмапсан. Мен ҳам анави тўртта товуқнинг дастидан уйдагилар билан жиқкамушт бўлиб ўтирибман. Янги товуқхона қур дейди. Қурган билан калтафаҳм товуқлар барибир қочиб чиқиб санғийверади. Юр, яхшиси, Пирматникига борамиз.
– Унинг хотиниям, икки ҳафта бўлди, кетиб қолган отасиникига.
– Оҳ, Пирмат, қандай бахтли, меникилар бир соатга бир жойга чиқмайди. Ҳамма шароитни қилиб берган ман-де, меникидақа шароитни ҳеч қаерда топишолмайди, ҳатто ота-онаси, қариндошиникидаям, яна қадримга етмайди нонкўрлар, – минғирларди Бозорбой, – кун кўрмаган хотин тушган экан менга, шундоқ шу ҳовлига ёпишиб олди-қўйди. Айниқса ўғлинг бўйинг қатори бўлиб қолса қийин бўларкан, тўйгунингча уриб-тепиб хумордан чиқолмасанг, ҳозир ҳаммаси менга душман.
– Қўй нолишларингни, ақлли одамлар ўтган ишларни эмас, келгусида қилинажак ишлар тадбирига киришадилар.
– Мамарайим буваникига боришдан ҳам маҳрум бўлдик, шу ақли паст хотинларимиз туфайли, кўнгил ёрадиган жой эди-я, вой номардлар-а.
– Менга қара, кетдик Пирматникига, уям хотини кетиб қолиб юраги қисилиб ўтиргандир. Миямга бир фикр келди, ўша ёқда гаплашамиз.
Икковлари Пирматникига келишганда, дарҳақиқат, у ҳам айвонда телевизор кўрганча сигарет тутатиб ўтирарди. Анча пайтгача ўзларининг нечоғли ақлли ва уддабурон йигитлар бўлганлари, бахтга қарши уларга яхши хотин тушмаганидан зорланиб, нолидилар. Сўнг Шодиқул гап бошлади:
– Сизларга айтсам, яхши пул топадиган бир жой бор эмиш?
– Қаер экан у?
– Мардикор бозор.
– Эсинг жойидами, энди шу қолувди, ҳаммага кулги бўлайликми?
– Эшитишимча, у ерга одамлар бекорга бормас экан, ҳа, танишим Эшназар айтиб берди, арзимаган у-бу юмушлар учун бир кунда йигирма-ўттиз минг ишлаб олиш мумкин экан.
– Ростдан-а?
– Ҳа, рост, ўлай агар, шундай эшитганим рост. У жойга-чи бойваччалар бориб одамларни ёллашаркан. Арзимаган ишгаям, улар учун қийин туюлади-де, ўтин ёриш, ё бўлмаса бир хонани суваб тартибга келтиришми тушиб колса, нима дединглар, агар уччаламиз қойил қилиб ташлардик, таваккал-де, ўйчи ўйини ўйлагунча таваккалчи ишини битирибди, дейишади-ку, ҳаммамизда ҳунар бўлса, одамлар, таниш-билишлар кўрмаслиги, пайқамаслиги учун бошқачароқ кийиниб очки тақиб борамиз.
– Гапингдаям жон бор, бир омадимизни синасак синабмиз-да, айтганингдек балки Худо ол қулим деб юборса ажабмас.
Улар шу кеч Пирматникида тунаб, эрта билан кетадиган бўлдилар. Ширин хаёллар ва бошланажак саргузаштларини гапиришиб-гапиришиб икки шиша ароқни бўшатдилар.
Эртасига мардикорлар бозори деган жойга йўл олдилар. Ҳақиқатда жуда кўплаб одамлардан кўра уларнинг омади дарҳол юришганидан эслари оғиб қолаёзди. Қоп-қора шляпа ва енгсиз кофта, шим, кўзойнак таққан чиройли аёл икки одам ҳамроҳлигида атрофдагиларга қараб келаркан, улардан бири деди:
– Ораларингда тош терувчи уста, йўнувчи, кулоллар борми?
– Бор, – дея қичқиришди ҳар уччалови дарҳол омади келиб харидор топилганидан, ўзлари ўйлагандан ҳам кўра ишлари тез юришиб омад қуши бошларига қўнганидан:
– Бор, мана бизлар.
– Қани бу ёққа келинглар-чи, – ҳар уччаловига бошдан-оёқ разм солишиб сўрашди:
– Тошларни йўниб, қазиш ишларига қалайсизлар, ҳақини яхши тўлаймиз. Иш бир ҳафталик. Ҳозир сизларни олиб кетамиз.
– Биз розимиз, иш ҳақини келишайлик.
– Унда четроққа ўтсак…
Улар одамлардан сал нари қуюқ баргли гужум тагида тўхтадилар. Аёл, уларнинг бошлиғи, шекилли, сигарета тутатганча деди:
– Иш унча қийин эмас, қазиш ва тошларни жойлаштириш, эвазига бир миллион, фақат сабрли ва эҳтиёткор бўлишларинг талаб этилади.
– Розимиз, учаламизга бир миллион, бир ҳафталик иш учун! – қичқиришди улар ўзларида йўқ қувониб.
Гўзал аёл беписанд кулди. Сигаретини секин тутатаркан, уларга яқин келди.
– Учалаларингга бир миллион эмас, ҳар бирингизга бир миллиондан, яъни жами уч миллион.
Уларнинг эси оғиб қолаёзди. Шодлигу қувончдан юз-кўзлари порлаб, барисига рози эканликларини билдирдилар.
– Фақат бир шартим бор, – деди аёл.
– Қанақа шарт?
– Сизларни у жойга кўзларингизни боғлаб олиб борамиз. Ҳар ишда эҳтиёт яхши, нима дейсизлар?
Бу гапдан улар сал сергаклансалар-да, бироқ хизмат ҳақи уларни шошириб қўйган, майда-чуйда хаёлларга берилмай туйғулар гирдобида эдилар, бу уларни чўчитолмади.
– Бўпти, келишдик.
– Қани, кетдик бўлмаса.
Улар бозор дарвозасидан чиқдилар ҳамки, икки одам уларни орқаси ёпиқ катта машинага чиқарди ва бири учаласининг ҳам кўзларини қора боғич билан маҳкам беркитди. Анча юришгач бир жойга секин-секин туширдилар. Уч-тўрт киши чамаси уларни аллақандай зиналардан кўтарилишига астойдил ёрдам қилиб қандайдир ўриндиқларга ўтқиздилар. Бирпасдан кейин мотор гувиллаб, осмонга кўтарилаётганини ҳис қилдилар.
– Ё тавба, биз учиб кетяпмизми?
– Осмонда-я.
– Буни қаранглар-а, ҳов биродарлар, бизни қаёққа олиб кетаяпсизлар?
– Борганда кўрасизлар. Энди эса жим. Хавотирланманглар, ҳаммаси жойида бўлади. Бемалол кетаверинглар, булутлар оша кетатуриб кўкдан завқланишинглар мумкин.
Унинг овози ўта хотиржам ва мулойим, таскинли эдики, кўнгиллари бир қадар жойига тушди.
Вертолёт бир соатдан ошиқроқ учиб қўнгач, бириси уларнинг кўзини ечди. Атроф тоғ, чўққи эди, адирлик, жарлик, узоқда қуюқ арчазору чакалакзорлар. Уларни етаклаган икки одам бир жойга олиб борди. Бу жой тик қояга яқинроқ бўлиб, анча чуқурликда эди.
– Мана шу жойни кавлаш керак. Барча асбоблар бор. Ҳозир овқатлангач секин тушасизлар, қоя тарафдаги тошларни бу тарафга тахлайверасизлар, олти метрлардан сўнг эса мана бу чап тарафга икки метрлар кириб борилади. Кавлашда эҳтиёт бўласизлар, оддий тошга ўхшамаган ҳар бир метал ва бўлак тошларни алоҳида уясизлар. Сизларни уч маҳал овқат ва ичимлик, барча шароит билан таъминлаймиз.
Улар овқатланиб бироз дам олишгач, секин пастга тушиб иш бошладилар. Тепада икки одам, улар ҳарбий кийимга ўхшаш либосда бўлиб, қуролланган эди, улар билан қоладиган бўлди.
Иш олдинига яхши кетди. Юмшоқ тоғ тупроғи, кейин эса тошларга, аллақандай хумдон бўлакларига дуч келишларидан билдики, бу ер қандайдир хазина яширилган, ёки бирон тоғ тепасига қурилган қадимий қандайдир хона бўлган дея ўйлаб қолдилар. Тошга ҳар хил ёзувлар ўйилган эдики, бундан улар қизиқсиниб баҳслашишни бошладилар.
– Бу ерда ё қандайдир хазина кўмилган, ёки энди қандайдир бойликни гумдон қилишмоқчи улар, – деди Пирмат жиддий тарзда атрофни синчков кузатаркан.
– Тўғри айтдинг, ҳақиқатда бу ерда катта сир бор, бўлмаса кўзимизни боғлаб олиб келишармиди, – қўшилди Бозорбой.
– Тўхтанглар, буни ўйлаб кўриш керак. Ахир ўзлари ҳам бу ишни қилишлари мумкин эди-ку, яна ҳар биримизга бир миллиондан ваъда қилишди-я, тағин чув тушиб ўтирмайлик, – ҳар доимгидек чуқур мулоҳазасини бошлади Шодиқул.
– Нима дединг? Улар бизни алдаши мумкинми?
– Бўлмасам-чи, бундай одамлардан ҳар бало кутиш мумкин. Мана бугун тўртинчи кун, қанча қазиб ташладик. Менимча улар айтган олти метру чап томондан қоя тарафга борадиган икки метрга жуда оз қолди.
– Бу билан нима демоқчисан?
– Биз ишни чўзишимиз керак.
– Нега энди?
– Чунки, чунки… – деди бироз ўйланиб Шодиқул, сўнг ваҳима билан давом этди, – улар бизни ўлдириб юборишлари мумкин.
– Наҳотки!
– Ҳа, қадимги китоб, эртаклардаги хазина ёнидан албатта одам суяклари чиққан деган гапларни ўқиганмиз. Улар хазинани кўмиб, изини яшириш ва гувоҳ қолдирмаслик учун иштирокчиларни ҳам шу бойлик ёнига кўмишган.
– Қўйсанг-чи?
– Албатта, булар шу ишни қилади деб аниқ айтиб бўлмайди, бироқ биз шунга қарши ўзимизни муҳофаза қилишга тайёр бўлишимиз керак.
– Қочиб кетамиз! – деди Бозорбой кўзлари олазарак.
– Бу осон дейсанми? – Пирмат жавоб қилди. – Вертолётда бир соатроқ йўл юрдик-ку, ҳатто қаердалигимизни ҳам билмаймиз.
Бирдан уларнинг қулоғига от туёқларининг дупури эшитилиб сергакландилар. Чуқур тепасида ўша марди-кор бозорида уларни ёллаган чиройли аёл кўринди. У кўзидаги кўзойнагини олиб, қаҳрли овозда деди:
– Ҳали шундоқ турибди-ку, булар нима қилиб ўтирибди. Бугун тўрт кун бўлди.
– Бу аблаҳлар жуда дангаса экан. Чўзилиб кетаяпти, – жавоб берди кузатиб турувчилардан бири.
– Нарвонни тушир, буларни чиқаринглар, яхшилаб кўрайлик-чи, харитани опкелинглар.
Йиғма нарвондан чиқариб олиб ва овқатланиш учун ажратилган жойга олиб бориб қўйишгач, ҳалиги аёл ва икки шериги аллақандай қоғозларга қараб узоқ баҳслашишди. Асбоблари билан ўлчамлашди ҳам. Сўнгра икки кузатувчи йигитларга нималарнидир уқтирди-да, аёл шляпасини ва кўзойнагини тақиб жуда чаққонлик билан отлардан бирига жойлашди, қолганлар ҳам. Сўнг отларини шамолдай елдириб кетдилар адирликлар томон. Уларнинг отда кўп юрганлиги шундоққина билиниб турар, ажойиб суворийлар эди. Бозорбой, Шодиқул ва Пирмат улар кетидан ҳайрат билан қараб турарканлар, боягина ўзлари тўқиган ваҳимали башоратлари чинга ўхшаб туюла бошлади.
– Кўрдингларми, – улар олдига яқинлашди йигитлардан бири, – сизлар ишни чўзаяпсизлар, улар норози бўлишяпти, яна уч кун қўшиб беришди. Бунда албатта ишни тугаллаш керак, овқатланиб дам олинглар, кун салқинлашяпти, қани ишни давом эттиринглар, иложи борича чиққан нарсаларни бутун олишга ҳаракат қилинглар.
Уччалалари тағин имир-симир қилиб ковлашни бошладилар.
– Яна уч кун, бир ҳафсала қилсак ҳозир тугатишимиз мумкин, лекин биз вақтдан ютдик. Бу кунлар ичида вақтни бой бермай қочиш тадбирини тузишимиз керак, – деди Пирмат. – Бўлди, бугун, кеч тунда йўлга тушамиз, – қатъий қарорга келди.
– Йўлни билмаймиз-ку!
– Боя мен чамалаб кўрган эдим. Отлиқлар кетган тарафдан йўл соламиз.
– Тентак бўпсан, улар вертолётгача отда боришади, сўнг учиб кетишади, улар кетган йўлда бало борми, яхшиси адирлик томон кетамиз.
– У тарафда мабодо қувишса, бизни осонгина топиб олади, ҳамма ёқ кафтдек кўриниб турибди, яширинча жой бўлмаса, – тўнғиллади Бозорбой.
– Гапингда жон бор. Ҳақиқатдан биз арчазору тўқайзор оралаб кетамиз.
– Бошда келганимда анави йигитлардан нега қурол билан турибсизлар деб сўраганимда бу ерда бўри, айиқлар кўплигини айтувди.
– Ваҳимага тушма, бу шунчаки бизни чўчитмаслик учун айтилган гап, вой, аблаҳлар, биз ҳам анойилардан эмаслигимизни кўрсатишимиз керак.
– Анави аёлни отда кўрдингми, кўзлари жуда даҳшатли кўринди.
– У менимча қароқчи аёл, уларнинг бошлиғи бўлса керак. Биласанми нима, азалдан аёллар бойлик, хазина бор ишгагина бош суқадилар. Уларнинг дарди-касали бу пул. Менимча, булар қандайдир яширин нарсаларни бу ерга кўмадилар, сўнг ўзлари тушунадиган белги қўядилар-у қочиб кетадилар. Бизни эса гувоҳ қолдирмаслик учун ўлдирадилар. Китобларда ўқиб, киноларда кўрганимиз бошимизга тушиб ўтирса-я, бу қандоқ кўргулик…
– Уч миллион эмиш, эй Худо, тинчгина уйимда ўтирсам бўлмасмиди, – йиғламсиради Бозорбой, – уйдагиларнинг қарғиши урди мени, эсиз, улар минг қийналиб, хурсандчилик билан ясаган буюмларни синдирдим-а, уволига қолдим шуни. Ундан кўра қарашсам, ёнида турсам бўлмасмиди....
Ўғлининг битирув кечасида кўрсатган ҳунарини эс-лаб, пушаймон қила бошлади. Ўша кунги воқеа шундоққини кўз олдида жонланди.
Кўчада Шодиқул ва Бозорбой кетиб борардилар. Аллақачон кеч тушиб бўлган. Кўчада ўтаётган бир киши сўради:
– Ҳа, Бозорбой, ўғлингнинг битирув кечасидан қайтаяпсизларми?
– Қанақа битирув кеча? Ҳа-я, эсимга тушди, юр, Шоди, борамиз, ўғлим эрталаб айтувди-я, буткул ёдимдан кўтарилибди.
Шодиқул гапга қўшилди:
– Э, галварс, эртароқ айтмайсанми, кетдик, ҳозир тугаб қолсаям керак.
Улар кириб боришганда ўйин-кулгу авжга чиққан, ота-оналар, ўқитувчилар, битирувчилар даврани тўлдириб рақс тушишарди.
Уларни кутиб олган Вали муаллим кечикдингизларда, дея уларни бўш столга ўтқизди. Бир пас еб-ичишгач, Шодиқул уни ўйинга тортди.
– Юр, Бозор, ҳамма ота-оналар ўйинга тушяпти, биз ҳам чиқамиз
Бозорбой чиқишга чиқди-ю, тағин авзойи бузилиб тумшайиб қолди. Шодиқулнинг бошқа бир одам билан берилиб рақсга тушаётганини кўриб секин хотини ёнига борди:
– Бу нима?
– Фахрий ёрлиқ, бизга беришди, ўғлимиз коллежни аъло тамомлагани учун.
Бозорбойнинг негадир алами келди, унинг ким биландир уришгиси келаётганди:
– Нега энди сенга беради?
– Ахир ўзингиз эртароқ келмадингиз-ку, дадаси, ўшанда сизга топширишарди, бўлди, ҳамма бизга қараяпти.
– Қараса қарар, нима мен бегона хотин билан гаплашяпманми? Ҳозир Жамшиднинг дадаси келади, ўзига топширасизлар демадингми? Ана, Сотволдининг хотини жимгина ўтирди. Эри олди-ку ўша ёрлиқни.
– Вой, дадаси, сиз келгунингизча бирин-кетин топширишни бошловди-де. Сиз кечикиб қолдингиз. Бўлди қилинг энди…
– Сен ўзинг атай шуни хоҳлагансан. Ниятингга етдингми энди? Бизнинг оилада бош инсон менман деб кўрсатмоқчийдинг, шунга эришдинг-қўйдинг.
Ёнларига Толиб муаллим келиб қўшилди:
– Бўлди. Бу ер сизларга тортишадиган жой эмас, уят бўлади. Ёшингизга муносиб иш қилинглар энди.
– Вой тирранча, ҳали сен ақл ўргатадиган бўлдингми менга, кўрсатиб қўяман, – унинг ёқасига тармашиб кетди.
Жамшиднинг синфдоши Акбарнинг жаҳли чиқди:
– Бор, дадангга қара, ичволиб тўполон қиляптилар.
Унга Фаррух ҳам қўшилди:
– Уйга тез олиб кет дадангни, тушундингми, битирув кечамизни расво қиладилар, нимага олиб келдинг ўзи?
Жамшиднинг ранги ўзгариб кетди.
– Оғзингга қараб гапир.
– Тўғри-де, бугун ўйнаб-куладиган кунимиз. Энг унутилмас кечамиз…
Сабина қўшилди:
– Фаррух, ўйлаб гапирсанг-чи, Жамшид шундай бўлишини хоҳловдими, кўнглига тегадиям демайсан-а.
Фаррухнинг баттар асаби қўзиди:
– Бўлди, сен қўшилма…
– Бўлди қилсанглар-чи! – Акбар уларни босишга ҳаракат қилди.
Жамшид кўзларида бир дунё ўкинч билан маст, ҳар нарса деб алжираётган отаси томон отилди ва уни Шодиқул амакиси, қўшниси Даврон ака ёрдамида уйга олиб кетишди.
– Мен-чи, хотиним ишга чиқди деб новвойликни йиғиштирдим. Қўшнимнинг ўғли тайёр ёрдамчи эди, қандоқ кунларнинг қадрига етмадим-а… – энди Шодиқул хотираларга берилади. Ўша куни хотини ниҳоятда хурсанд кириб келганди:
– Ассалому алайкум, дадаси, биласизми, маош олдим.
– Ваалайкум, ростданми, қанча экан?
– Олтмиш минг.
– Олтмиш минг, давлатимиздан ўргулай, жуда яхши иш бўпти-да.
– Энди ҳамма муаммоларимизни секин тўғрилаб олсак бўлади, сиз топган пулларингизга қўшимча-де бу, тўғрими?
Шодиқул ёқтирмай ғудурлади:
– Ҳмм..
– Ҳозир, мен бориб болаларни боғчадан олиб келай.
Шодиқул секин новвойхонасида ишлаб турган қўшнининг ўғиллари ёнига борди.
– Ҳаким, Нурмат, бу ёққа келинглар, сизларга айтсам, бугун ишни тугатинглар-у эртадан новвойхонани ёпамиз, тушундингларми?
– Шодиқул ака, нега энди, нима, биз ёмон ишлаяпмизми?
– Мен сенларга ёмон ишлаяпсанлар деб айтаётганим йўқ. Тўғрисини айтсам, одамлар текинхўрликка ўрганиб қолишди, айниқса, кўчамиздаги аёллар. Нон ёпиш ўрнига тайёргинасини сотиб олишади-да, бекорчи вақтини эрининг миясини эговлаш билан ўтказади, ундан кўра хамир қоришсин. Олов ёқишсин. Ана ўшанда бўш вақти кам қолади.
Нурмат тушунмади:
– Бу нима деганингиз? Ахир ҳамма сиздан хурсанд, Ишимиз енгиллашди, нонингларнинг таъмию сифати бошқача деб.
Шодиқулнинг афти буришди:
– Сизлар тушунадиган тилда айтсам, бироз мазам йўқ, мана, келинойинг ишга чиқди. Ўқитувчиларга маз-за экан, тузуккина ойлик беришаркан, шундан фойдаланиб сал даволаниб олсам девдим. Белим оғрияпти.
Ҳаким ҳам унга қўшилди:
– Сиз бемалол даволанаверинг, биз Нурмат билан ишни юргизаверамиз, ўрганиб қолдик-ку.
Шодиқул кўнглидагини очиқ айтиб қўя қолди:
– Булди, эртадан новвойхонани ёпамиз, уқдингларми?
Пирмат ҳам афсусда эди:
– Эсларингдами, Мамарайим амакимнинг ўғли Жаҳонгир уччаламизга қанча иш таклиф қилди-я, қанийди ўша кунлар қайтса, хотиним, икки боламни уйга қайтариб опкелардим, бошқача ҳаёт бошлардим,
Пирмат ўзининг бахтиёр кунларини эслади. Ўша куни ажойиб қор ёққанди. Атроф сокин. Маош олган куни ўғли-қизию хотинини олиб коньки учишга борганлари, болаларининг шодон қийқиришлари, қорбобо ясашлари хаёлида гавдаланди. Хотини ҳам ўшанда бахтиёр эди, ғам-ташвишсиз эдилар. Шу он қоп-қора кийинган ваҳимали одам унинг оғзига бутилка билан ароқ қуя бошлади: “Ич, ич, буни, қани бошла”, унинг барзанги қўллари уни зўр бериб бўғарди… Пирмат чўчиб кўзларини очди ва шерикларига маъносиз тикилиб қолди.
Шодиқул унинг ҳолини кўриб шошиб қолди:
– Пирмат, сенга нима бўлди? Мазанг жойидами? Гапирсанг-чи!
Бозорбой деди:
– Алаҳсиради шекилли, Пирмат, қани бошингни кўтар…
Пирмат маъюс кулимсиради:
– Ўтиб кетган, мен қадрига етмаган кунлар шамоли сал туртиб кетди-ёв.
Шу пайт тепада аллакимларнинг кескин оҳангдаги гаплари эшитилди.
– Олиб келдингларми?
– Ҳа, етказиб келишди.
– Анавиларни нима қиламиз?
– Биттасидан бошлайлик…
Улар ранглари ўчганча тахтадек қотиб қолдилар, энди битта-битта чиқариб бизни ўлдиришни бошласалар керак, деган хаёл ўтарди ҳар бирининг хаёлидан. Бозорбой эти жунжикиб ғужанак бўлиб ўтириб олди, Шодиқул ортига тисарилиб қазиб олинган катта тошга суянди. Тепадан бир йигит уларга йиғма нарвон ташларкан катъий деди:
– Қани, биттанг тепага чиқ, колганларинг ишни давом эттиринглар.
Пирмат ҳар икки огайнисини маъюс кузатаркан, нарвонга яқинлашди. Иккиси гўё уни охирги маротаба кўриб қоладигандек кўзларида ёш қалқди.
– Мен кетдим, нима бўлса бўлар, агар мабодо кўришмасак, билингларки, мен қўрқоқларча ўлиб кетмаган бўламан, охирги дақиқамгача бу иблислар билан олишиб, битта-яримтасини гумдон қилиб сўнгра ўламан… Омон қолсанглар, хотинимга айтинглар, мени кечирсин…
Шундай дея иккисининг бағридан юлқиниб мардларча нарвондан чиқиб кетди. Бозорбой ва Шодиқул юм-юм кўз ёш тўкиб, унсиз ўтириб қолдилар.
– Агар унга бир нарса бўлса, ўч оламиз, йўқса Шодиқул отимни бошқа қўяман, Бозор, эшитяпсанми, шу бугун кеч қочиб кетамиз.
– Йўлни билмаймиз-ку, чакалакзор, жарликлар бўйида бизни айиқ, бўрилар ғажиб ташлаши мумкин.
– Ваҳима қилма, бу иблис, қароқчиларнинг қўлида ўлгандан кўра шу дуруст.
Улар тепада кузатиб турган йигит ҳар замон қараган пайтларгина ишга уннашган бўлар, бошқа вақтларини эса кўргуликларидан нолиб ўтказишарди. Икки соатлар деганда Пирмат тўсатдан тушиб келиб, улар қувончдан ирғишлаб кетдилар. Унинг эсон-омон қайтгани-ю, тепада нима иш бажарганини сўрай кетдилар. Пирмат тепада аллақандай бочкасимон асбоблар, ўлчагичлар, яна у ҳеч кўрмаган алламбало шишасимон аппаратлар ўрнатишиб чизишаётганини айтди.
– Худога шукур, ишлари бошидан қолсин, илоё уч миллионгаям ўт тушсин, уларни дуч қилган кунга минг лаънат. Бошқа чидолмайман, шу бугуноқ қочамиз, тағин бир кун шу ерда қолсак, нақ инфаркт бўламан, – Шодиқулнинг гапини шериклари ҳам маъқулладилар. Ўз ваҳималари билан бу одамлар кавлаш баробарида чиқаётган ноёб сопол парчалари, тошга чизилган шакл ва битилган ёзувларга-да мутлақо қизиқмасдилар. Уларнинг фикри-ёди бу ердан тезроқ жуфтакни ростлаш, йўл топиб соғ-омон уйларига етиб бориш, дилини оғритган ким борки, барчасининг кўнглини топиш ва олдингидек ҳалол пул топиб тинчгина яшаш…
Шу тариқа тун ярмида йигитлар ухлагач эҳтиёткорлик ва эпчиллик билан қочиб қолдиларки, буни ҳеч ким сезмади. Пирмат ерда ётган қалин арғамчини бели-га боғлаб оларкан, йўлда керак бўлар деб қўйди. Улар шу тарзда тонг оқаргунча ўзларига қулай деб билган арчазорлару сўқмоқлар билан тинмай юрдилар. Чарчаб, дармонлари кетгач бир ғорсифат қиялик орасига тўхтадилар. Шу пайт Бозорбойнинг қулоқларига от дупури эшитилгандек бўлди.
– Эшитяпсизларми, от дупури, ҳойнаҳой анави қароқчи аёл шериклари билан изимизга тушган шекилли, – деди у.
– Бўлиши мумкин, озгина дам оламиз-у, тонгданоқ йўлга тушамиз. Улар шу қарорлари билан уйқуга кетдилар.
Бекорчиларнинг бахтиёр юрти ёхуд жодулар мамлакатида
Ана шу ухлашлари буйича Шодиқул аллақандай ноғораларнинг даранг-даранг овозидан чўчиб уйғонди. Не кўз билан кўрсинки, учовларини бир қанча ярим яланғоч одамлар қуршаб олган эди. Улар ёввойи кўринишда бўлиб, кийимлари жун матодан, елкаларига ўт-ўланлар осиб олишган эди. Ҳадеб қўлларидаги ноғораларини беўхшов чалишар ва гулхан атрофида гир айланиб рақс тушишарди, алланимабалолар дея қичқиришиб ирғишлашарди. Пирмат, Бозорбой ва Шодиқул биз мабодо ибтидоий замонга келиб қолмадикмикин деган хавотирга тушдилар. Сочлари тўзғиган аллақандай чийилдоқ овозли ажина Пирматни туртиб кетди, Бозорбой тўнғиллаганча уни итариб ташлади. Яна бири югуриб келиб Шодиқулни туртган эди, у беихтиёр кулимсиради. Бундан у ажина ниҳоятда бахтиёр кўринишда чийиллади:
– Қарагин, мен уни кулдирдим.
– Йўқ, бекор айтибсан, мен уни кулдирдим.
– Ҳой, шовқин солманглар, булар ким? – сўради тўсатдан уларнинг бошлиғи – сочлари тўзиган алвасти пайдо бўлиб.
– Булар одамлар, юртимизга бостириб киришмоқчи!
– Ҳа-ҳа, уларни дарҳол йўқотиш керак.
– Яхшиси, уларни сихга тортамиз, ёки қозонда қовурдоқ қиламиз.
– Ҳа, шундай қиламиз.
Бу гаплардан кейин ажиналар уларга ёпишиб кетди.
– Ҳой, тўхтанглар, буларни мен бошлаб келдим, тўғри, уларни бу ерга келтириш учун кўп вақт ва ошиқча куч сарфламадим, бироқ уларга тегинишларингга йўл қўймайман, – қичқирди бирдан пайдо бўлиб қолган кекса қора шайтон.
– Ростданми, уларни сен олиб келдингми?
– Ҳа, мен етаклаб келдим, мен, эсларингда бўлсин, биз жуда камайиб кетяпмиз, шу сабаб ўзимизга ўхшаган одамларни йулдан уриб, сафимизни кенгайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси, буни, эсларингдами, сўнгги йиғилишимизда келишиб олгандик, хоқонимиз бу хабарни эшитса, жуда хурсанд бўлади, – мақтанди шайтон.
– Қойил, бир йўла учтасини йулдан оздириш улкан ютуқ, сенга ҳавасимиз келяпти, бунга қандай эришдинг? – сўради алвасти.
– Тўғри, ҳозир одамларнинг камдан-ками бизга қулоқ солишяпти, қаерга борсак қувиб солишаётган бир пайтда буларни сихга тортиш адолатданмас.
– Келинглар бундай қиламиз, хоқон келишини кутайлик.
– Яхшиси ўзимиз унинг олдига борайлик, ул зот қандай ҳукм чикарсалар шу бўлади.
Хоқон олдига барчаси етаклашиб кетдилар. Хоқон ўз саройида барча аҳли аъёнлари ва ёрдамчилари, маслаҳатчилари иштирокида кекса шайтон гапларини эшитиб ўйланиб қолди:
– Буларни ўз юртимизга ўргата олармиканмиз? Уларнинг бизга ўхшашлик томонлари қандай, панд бериб қўймасмикин?
– Ҳозир айтиб бераман, азиз хоқоним, ўхшашлик томони шуки, бу уччаласиям ишлашни ёқтирмайди, текин овқат ва жойга муҳтож, меҳнатсиз яшаб бахтли бўлишни хоҳлайдилар, ухлашни яхши кўрадилар, ёлғон гапириш кундалик одатлари, ғийбат, фисқу фужурларни яхши кўрадилар.
– Қойил, улар жуда бизбоп одамлар экан, уларни етаклаб келиб яхши иш қилибсан, – деди хоқоннинг кекса маслаҳатчиси.
– Улар бу хислатлари билан юртимизга тез мослашиб кетадилар, – деди яна бири.
– Сафимиз яна кенгаядиган бўлди.
– Шайтонга бунинг учун мукофот берилиши лозим, онҳазратим.
– Барчангизнинг гапларингизни маъқуллайман, ҳозирги шиддаткор, бўйсунмас вақт тизгинларида бир йўла уч одамни алдаб-авраб ўз йўлига солиш осон ишмас. Буни шайтон уддалади. Уни кийса чарчамас ва навқиронлик билан таъминловчи пўстин билан тақдирлаймиз.
– Оҳҳ, – атрофдагилар ҳушларидан айрилаёздилар. Шайтонга ҳаваслари келаётганини яширолмадилар.
– Яшасин улуг ва адолатли ҳукмдоримиз!
– Унга абадий шон-шарафлар бўлсин!
– Бизга-да бундай шараф насиб этсин!
– Шайтонга ҳамиша омад кулиб боқади-я, – ҳасад қилди дўрдоқ лабларини қийшайтирганча алвасти.
– Ажиналаримиз ундан ўрнак олсалар арзийди, кейинги пайтда уларнинг таъсири одамларга деярли билинмаяпти, бу аҳволда ҳадемай ишсиз қоладилар, бундан ҳам ёмони, улар секин-секин унут бўлиб кетадилар,
– Бу қимматбаҳо пўстин билан шайтон ҳеч чарчамасин, бундан-да улуғвор ишларга отлансин, сафимизни ўз ҳийлалари билан тўлдирсин, қисқаси, бизнинг борлигимизни ҳамиша одамларга уқтириб турсин.
– Энди, азизим шайтон, ҳамроҳларингни юртимизнинг энг яхши жойларига олиб бор, урф-одатларимиз билан таништир, ўзларини қандай тутишларини ўргат, – ҳамду санолардан сўнг якун ясади хоқон.
Унинг гапидан барча ажиналар, алвастилар, ялмоғизу шайтонлар секин-секин тарқалдилар.
– Эшитдингларми, юринглар, энди сизларни барча гўзал жойларимиз билан таништирай, яхшиям сихга тортилишинглардан асраб қолдим, бунинг учун раҳмат денглар, ҳаммасини сўзимнинг чинлиги ва самимийлигига ишонтирдим, ахир бунга лойиқман-да, мен ҳамма дан уддабурон ва ақллиман, тўғрими, тан оламан, сизлар туфайли қимматбаҳо пўстинни қўлга киритдим, бунинг учун сизларгаям раҳмат.
– Раҳматингни кейин айтасан, ҳозир эса қорнимиз оч, унутма, пўстин биз туфайли сенга насиб этди, қани энди егулик келтир, – деди Пирмат.
– Вой-вой, кўнгилларининг кўчасидан, овқат эмиш-а, бу ернинг қонун-қоидалари бор. Бу жойда овқат умуман ейилмайди, ўрнига ҳар куни бир дона кичкинагина дори ичилади холос, ҳали ўзларингизам кўникиб кетасиз, унутмангларки, сизлар бахтиёрлар юртидасизлар, бу юрт аҳли шунинг учун бахтлидирларки, улар овқат емайдилар, меҳнат ҳам қилмайдилар.
– Овқат емайдилар дейсанми? – сўради Бозорбой.
– Ҳа, ахир овқат ҳамма бахтсизликлар, фисқу фасодлар, уруш-жанжаллар, ташвишлар, касалликлар, азобуқубатлар, кўролмасликлар, душманликларнинг сабабчисидир. Сизларга тушунтирсам, хуллас барча-барча ёмонликлар мана шу овқат туфайли содир бўлаётгани учун биз шундай қарорга келганмиз. Бу ахир энг одилона йўл, шунинг учун биз сизлардан фарқли ўлароқ бахтиёрроқмиз ва ҳаётимиз ҳам мазмунли, шодликларга тўла. Тасаввур қилинглар, ҳеч бир меҳнатсиз бахтли бўлиш анъанаси фақат биздагина бор, – шайтон тинмай мақтанардики, унинг бу сўзамоллигидан учовлари ҳам ҳайратда эдилар.
– Ҳеч бўлмаса, эй ошна, анави мевадан татиб кўриш мумкиндир ахир, – Пирмат шундай дея бир дарахтни силкий бошлади. Тапир-тупур тушган меваларни шайтон ҳар томонга отаркан даҳшатли овозда қичқирди:
– Бизнинг қонун-қоидаларимизни бузишга ҳеч бир кимсанинг ҳаққи йўқ, хоқонимиз ва барча аҳли аъён олдида сизларнинг кафилликларингизни олганман ахир. Буни унутманглар, акс ҳолда, пўстиним ҳаққи қасам ичаман, сизларни энг олий жазо кутади, кечга томон сизлар учун тайёрланган митти дорини ичасизлар ва қорин ташвишини унутиб, бахтиёрлик томон кета бошлайсизлар, ахир шуни ўзинглар хоҳловдинглар-ку!
Кўл бўйида балиқ тутиб ўтирган бир одамнинг юз-кўзларидан бахтиёрлик уфуриб турарди. У тутган балиқчаларни ёнида турган каттакон саватга солиб қўярди. Шайтон унинг ёнига ўтириб, балиқларни бир-бир қайта кўлга ота бошлади. Бунинг қилиғидан шериги ниҳоятда мамнун бош ирғаб елкасини силаб қўйди.
Бундан ажабланиб қолишган ҳар учови уларга тикилиб ўтиришаркан, Бозорбой тутақиб кетди:
– Ҳой шайтон, нега бундай қиляпсан, ахир у бечора бу балиқларни озмунча куч ва вақт сарфлаб тутяптими, бу ишинг адолатданмас.
– Нега энди, мен ахир унга ёрдам қиляпман, каллаварам, балиқларни сувга отмасам, бу қандай қилиб уларни ушлайди. Шунга ақлинг етмайдими? Унга балиқ керакмас, фақат уларни қармоқда тутиш ҳузур бағишлайди холос.
Бозорбой очликдан чидолмай саватдаги хом балиқчалардан бирини оғзига тиқмоқчи эди, шайтон унинг қўлидан маҳкам ушлаб қолди.
– Тўхта, тўхта, ошна, бундай қилма, бизнинг юртдаги қонун-қоидаларни бузма, – деди у балиқни тортиб оларкан.
– Биттасини чўнтагига солиб қўйди, – икки кўзи сувда бўлса-да хотиржамгина деди балиқчи.
Унинг бу гапиданоқ шайтон дарҳол Бозорбойнинг ўғирлаб олган балиғини олиб сувга отди. Очликдан силласи қуриган одамлар оёқда зўрға туришарди.
– Қани энди кетдик, ҳали сизларга кўрсатишим керак бўлган қанча нарсалар бор. Кўриб бизнинг юртимизда яшаш нақадар бахт эканини тушуниб қоласизлар.
– Ҳа, илойим, юртларингга ўт тушсин-а, – секин тўнғиллади Бозорбой.
Унинг гапини шайтон эшитиб қолишидан чўчиган Шодиқул гапни бошқа ёққа буришга интилди.
– У нима деяпти? – яхши тушунмай сўради шайтон.
– Ҳақиқатда ўлкаларингиз жуда ажойиб экан деяпти, – Бозорбойнинг гапини тўғрилаб кетди Пирмат.
– Ҳа, энди билдинглар, сизларга айтдим-ку, – мақтанди шайтон.
Йўлда бир қанча аёлларнинг бахтиёр ўйинга тушаётганини кўрдилар.
– Узун кийимлар кийиб олган бу аёллар ўз бахтиёрликларини шу тарзда намойиш этишяпти, – деб қўйди шайтон уларга тушунтираркан.
Аёллар тўсатдан буларни-да рақсга чорлаб кетдилар, улар таъқибидан зўрға қочиб чиқишгач, шайтон бошчилигида яна йўлларида давом этдилар.
Адир бўйлаб қоялар ёнида тинмай хуррак отиб ухлаб ётишган ниҳоятда семиз одамларни кўрдилар:
– Бу одамларни кўрдингларми, улар уйқу билан ўзларини бахтиёр сезадилар.
Сўнг улар елкасига оғир ва қўрқинчли илонлар осиб олган одамларни-да кўрдилар. Катта қора мушукни сийпалаган бир одам, ундан сал нарида ҳайбатли кўппакни етаклаган яна бири кетиб борарди.
Буларнинг барчаси шод-хуррам эди.
Ниҳоят чўққида жойлашган катта ва ўта эски ибодатхона қаршисида тўхтадилар.
– Манави ибодатхонанинг эҳромида қуёш тоши мавжуд, унинг тарихини эса ўзим сизларга айтиб бераман. Бир вақтлар само шаҳзодаси навқирон Ораш коинот бўйлаб сафар қиларкан, унинг қўлидаги узук кўзига жойлаштирилган қимматбаҳо ёнар тош тўсатдан Ер юзига тушиб кетади ва парча-парча бўлиб – етти бўлакка бўлиниб сайёра бўйлаб сочилиб кетади. Ўшанинг бир бўлаги эса худди мана шу ибодатхонада сақланади, тушундингларми, уни эса Карен дев қўриқлайди.
– Қуёш тоши дейсанми, уни дев кимдан қўриқлайди?
– Инсонлардан-да, ёвуз одамлар қўлига тушиб қолса борми, исталган пайтда улар ҳамма ёқни жаҳаннамга айлантириб юборишлари мумкин.
Ахир, бу тош билан улар самовий куч-қудрат манбаига эга бўладилар, истаган ишларини қилишлари мумкин. Аниқки, Ораш бу тошни излаб топишга уриниб ҳам ўтирмаган, бунга унинг вақти ҳам, сабр-тоқати ҳам бўлмаган, бироқ ҳар эҳтимолга қарши у ёмон одамларга ўтиб қолиши ва бундан одамлар жабр кўришини сезиб девга уни қўриқлашни буюриб кетган.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.