Электронная библиотека » Халима Маликова » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Сизни излайман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 06:40


Автор книги: Халима Маликова


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ТАВБА ҚИЛСАНГ

 
Яхшилик қил, қайтар яхшилик,
Ҳеч кимсага қазимагин чоҳ.
Чин дилингдан илтижо қилиб,
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
 
 
Ютуқлардан гердайма асло,
Кулфат келар сездирмай ногоҳ.
Қайғу ғамдан қутулайин деб,
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
 
 
Билмай берсанг кимсага озор,
Гуноҳингга қўшилса гуноҳ.
Дил-дилингдан чекиб надомат
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
 
 
Такрор қилма хатоларингни,
Кеч бўлади сўнгги оҳу воҳ.
Тўғри йўлга қўйиб қадаминг
Тавба қилсанг кечирар Оллоҳ.
 

ТАҚДИР АЗАЛИМ

 
Сен менинг қисматим – тақдир азалим,
Пешонамга битган азиз илҳомим.
Сен туфайли доим бедорман – бедор,
Сен туфайли ўчмас мангуга номим.
 
 
Айланайин Раббим, ўзингга шукур,
Шундайин неъматни қилгансан раво.
Шу боис йўлларим доимо равон,
Шу эрур ёзмишим, айни муддао.
 
 
Ғам чексам ғуборим ёзгувчи шеърим,
Шод бўлсам илҳомга қўшилар илҳом.
Ҳар на бўлганда ҳам сен менинг бахтим,
Яхшими-ёмонми шоир деган ном.
 

ИЗЛАРМАН

 
Беш кунлик бўлса ҳам дунё аслида,
Орзу-армон бўлар одам наслида.
Севгим ғунча ёзган баҳор фаслида
Йўқотган бахтимни ҳамон изларман.
 
 
Не фойда топдилар айириб бизни,
Икки томон тортқилаб иккимизни.
Айрилиқда ўтказдик умримизни,
Йўқотган бахтимни ҳамон изларман.
 

ОЛИСЛАБ КЕТДИНГ

 
Узатсам етмайди қўлларим,
Узоқдан-узоқдир йўлларим,
Ботқоқдир ҳам ўнгу сўлларим,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
 
 
Чақирсам етмайди овозим,
Етмайди сен томон парвозим,
Торлари узилди шўҳ созим,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
 
 
Ҳар сўзинг эслайман туну кун,
Топмайин изингни мен дилхун,
Азиз, қадрлисан мен учун,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
 
 
Ҳар тонг туриб такрор ва такрор,
Ёд айласам сени неча бор,
Тиловатим бўлсин мангу ёр,
Олислаб кетдинг ёр, олислаб.
 

ҲИЖРОНИНГ ҲАМ БАХТ

 
Тақдиримга сенинг севгингни боғлаб
Яратгандан шодман, беҳад чинакам.
Ҳиссиз одам билан юз йил яшашдан
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
 
 
Сени севганимга афсус чекмайман,
Ширин ёдинг билан яшайман ҳар дам.
Ўтган умримни гар сарҳисоб қилсам
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
 
 
Биллурдек соф қалбинг, умидинг чексиз,
Ироданг метиндек, мангу мустаҳкам.
Сенинг ҳаёлинг-ла яшай бошласам
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
 
 
Сенинг юрган йўлинг нурларга тўлсин,
Сендек эъзоз топсин ҳар битта одам.
Босган изларингни кўзимга суртиб,
Бахт деб ардоқлайман ҳижронингни ҳам.
 
 
Ҳар йигиту қизга омад ёр бўлсин,
Дилда эзгу ниятлар бисёр бўлсин,
Қариндошлар доим мададкор бўлсин,
Ҳар инсоннинг ёри вафодор бўлсин,
Суянчиғинг, содиқ дўстинг бор бўлсин.
 
 
Ғамда ғамдош, шодликда шод бўлар дўст,
Сенинг учун фақат зафар тилар дўст,
Икки дунёда ҳам вафо қилар дўст.
Ҳар балога қалқон дўстинг бор бўлсин,
«Мол» дўстингмас, «жон-жон» дўстинг бор бўлсин.
 
 
Сен қийналсанг бошин урармиш тошга,
Сен йиғласанг кўзи тўлади ёшга,
Ҳалима дер: «Дўст тенгдир ой, қуёшга».
Дўст борки, пок ҳислар барқарор бўлсин,
Ҳаммага ҳар куни у дийдор бўлсин.
 

ТОҒАЛАР

 
Дейдиларки, яхши тоғалар,
Еттита отага тенг бўлар.
Улар қадрин билинг ҳамиша
Дуо қилса дунёнг минг бўлар.
 
 
Тоғаларнинг меҳри уммондир,
Сингил боласига туганмас кондир,
Тоға унутмасин улуғлигини
Унутса, охири замондир.
 

СОДИҚ ДЎСТИНГ БОР БЎЛСИН ҚАДРИГА ЕТИНГ

 
Севгини ўйин билманг, уни асраб авайланг,
Синдирманг дил ойнасин, берманг беҳуда озор.
Минг-мингларча ошиқлар етмаган орзусига,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
 
 
Ота-она ғанимат, ҳаёт пайти қадрланг,
Ўксимасин кўнгли ҳеч, ёддан чиқарманг зинҳор.
Қанча-қанча инсонлар ўсган ота-онасиз,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
 
 
Фарзанд ҳаёт қувончи, арзимаган ғавғога
Ажралиб эру хотин болани қилманг абгор.
Қаердадир ким-кимлар етмаган тирноғига,
Кимларгадир топилмас, кимларгадир хор-зор.
 

АЪЛОСИ СОҒЛИҚ

 
Ҳаётда кўп бўлар қувончли дамлар,
Ёнингда дўстларинг сенга эш бўлар.
Бахт қадаҳи камроқ, баъзида тўлар,
Барча аълолардан аълоси соғлиқ.
 
 
Беморга мол-дунё кўринмайди,
Амал, шуҳрат жонга оро кирмайди.
Яратгандан ўзга ёрдам бермайди,
Барча аълолардан аълоси соғлиқ.
 

УМИДИМ КЎП ҲАЛИ…

 
Олам жозибали, қувончли бўлар
Дилга илҳом, ижод келган маҳали.
Ёшим бир жойдаю қаламим ўткир —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
 
 
Бижилдоқ, ғижилдоқ невараларим,
Шулар ҳаётимнинг боли-асали.
Қараганим сари завқим келади —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
 
 
Ҳаёт бир маромда ўтмайди асло,
Гоҳо ғамли бўлса, гоҳ шодлик гали.
Барибир саботла олға босаман —
Ҳаётдан умидим жуда кўп ҳали.
 

ИШОНЧ

 
Ҳаётнинг қоронғи сўқмоқларида
Адашдим, ёмонлар отди чоҳларга.
Гоҳ эгри, гоҳ баланд довонларида
Қалбимни тўлдирди оҳу воҳларга.
 
 
Эгилган қаддимни тиклаб оларман,
Барча зарбаларга бераман бардош.
Ижодим қалбимга ишонч сингдирган,
Имоним йўлимни ёритган қуёш.
 

ЧИМИЛДИҚДАН ЧИҚҚАН КЕЛИНЧАК

 
Бахтдан порлаб ёнар кўзларинг,
Ҳаё билан тўсдинг юзларинг,
Майин-майин ширин сўзларинг
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
 
 
Сен бахтлисан, бахтдан масрурсан,
Юрагингда ўзгача ғурур.
Ёринг билан мангу даврон сур
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
 
 
Сенда жамдир ибо, назокат,
Барқ уради ишқ тўла ҳаёт.
Тарк этмасин асло муҳаббат
Чимилдиқдан чиққан келинчак.
 

ҲАВОЛАНМА

 
Парвоз этма самоларга
Бир кун ерга қўнишинг бор.
Ютуғингдан ҳаволанма
Ахир бир кун сўнишинг бор.
 
 
Оёғинг узилса ердан
Тақдирингга кўнишинг бор.
Инсонсан – инсондай яша
Шунда ўсиб, унишинг бор.
 

МУҲАББАТ ШИРИН

 
Севги қудратлидир, севги муқаддас,
Унда шодлик, висол, қайғу яширин.
Қанчалар ҳижрони бағрим тилмасин
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
 
 
Севгисига етмай бағри куйганлар
Етиша олмаган бирига бирин.
Ҳижрони аччиқдан-аччиқ бўлса ҳам
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
 
 
Етган бор, оламда етмаганлар бор,
Ҳеч кимса билмаган севгининг сирин.
Ишқ туфайли қийноқ, озор топса ҳам
Барибир ҳаётда муҳаббат ширин.
 

ҲИЖРОНИНГГА БЕРДИМ ДОШ

 
Ташлаб кетдинг бевафо,
Кўзларимга тўлди ёш.
Қанча азоб тортсам ҳам
Ҳижронингга бердим дош.
 
 
Келдинг бир кун ёнимга,
Остонамга уриб бош.
Аммо қабул қилмадим –
Ҳижронингга бердим дош.
 

ШОИР ЎЗИ ШУНАҚА
(Ҳазил)

 
Ўчмас юрак олови,
Қўлида ишқ жилови,
Гоҳида одамови —
Шоир ўзи шунақа.
 
 
Доим давраларга бош,
Кексайса ҳам кўнгил ёш,
Чарақлаб турган қуёш —
Шоир ўзи шунақа.
 
 
Ишқ деб ёзар чарчамас,
Севгидан тўйдим демас,
Гўзаллар кўп, ғам емас —
Шоир ўзи шунақа.
 
 
Бирини кўзин севар,
Бошқасин ўзин севар,
Биттасин сўзин севар —
Шоир ўзи шунақа.
 
 
Шоҳу гадо бари бир,
Қилмайди юзи-хотир,
Фақат ҳақиқатни дер —
Шоир ўзи шунақа.
 

ЯХШИЛАР

 
Яхшиларга ҳар онда
Учрайди тўсиқ, довон.
Уларнинг ҳаётида
Севинч, алам ёнма-ён.
 
 
Ҳақсизликка яхшилар
Қараб тура олмас жим.
Уларни тўғри йўлдан
Қайтара олмас ҳеч ким.
 
 
Мангу яшаб ўтади
Покиза виждон билан.
Уларнинг ҳаёт тарзи
Кураш, шараф-шон билан.
 

БАНДАНГМАН

 
Бандам дегин Раббим ҳар маҳал,
Ибодатда бўлай бетакрор.
Мушарраф қил марҳаматингга,
Ғазабингга қилмагин дучор.
 
 
Билмам жойим дўзаҳ ё жаннат,
Мен бандангман, бордир гуноҳим.
Лекин дилдан садоқатдаман,
Кечиргувчи ўзинг Паноҳим.
 

КЕКСАЛИК ЗАВҚИ

 
Хизматингга шай бўлса фарзанд,
Неваралар турса асал-қанд,
Беморлик танангга бермаганда панд
Кексалик ҳам бир давр экан.
 
 
Чол кампир ёнида мададкор,
Иззат-ҳурмат бўлса пурвиқор,
Ризқу рўзинг бўлганда бисёр
Кексалик ҳам бир давр экан.
 
 
Тану жонинг бўлса саломат,
Яшаш тарзинг ҳузур-ҳаловат,
Кимса чектирмаса надомат
Кексалик ҳам бир давр экан.
 
 
Тўй-ҳашамнинг азиз меҳмони,
Ором олса роҳатда жони,
Ҳамроҳ бўлса инсоф, иймони
Кексалик ҳам бир давр экан.
 

ҚЎЙГИЛ ҲОЛИМГА

 
Болалигим ўтди мисоли чақмоқ,
Наздимда порлайди ёрқин ҳамма ёқ.
Ўксиниб эслайман, хаёлим тарқоқ,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
 
 
Товон қадар сочим бўй қизлигимда,
Олма каби таранг ой юзлигимда,
Аҳдимга вафода бир сўзлигимда,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
 
 
Ошиқлар юрарди йўлимда сарсон,
Муҳаббатдан сармаст, кўпирганда қон.
Гўёки бош эгар замину замон,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
 
 
Болаликни қўмсаб эзилар бағрим,
Ёшликни эсласам дил оғрир сим-сим.
У кунларга қайтмас ҳаётда ҳеч ким,
Қўй армон қийнама, қўйгил ҳолимга.
 

БИР ШИРИН ДАРД

 
Муҳаббатинг чексиз алангасидир
Қалбимдаги ўчмас нурафшон ёғду.
Энг қимматли азиз бойлигим ўзинг,
Сенсиз чекар мангу юрагим қайғу.
 
 
Эҳтиросим зоҳир тутдим, сақладим,
Севгимни ҳеч қачон этмасман ошкор.
Бир ширин дардни ҳис қилиб яшайман –
Севилган табибдир, севган-чи бемор.
 

БИР ЖОНОН ЯХШИ

 
Ҳалол меҳнатимдан топсам ризқимни,
Текин бол, қаймоқдан қаттиқ нон яхши.
Ёруғ дунёмизнинг хуш пайтлари кўп,
Баридан дўст ила дийдор он яхши.
 
 
Ўзганинг миннатли зиёфатидан
Ўзингдаги камтар дастурхон яхши.
Фоизга пул бериб бойиб кетгандан
Борига шукрона ҳам иймон яхши.
 
 
Дуч келсам тўсиққа, турли зарбага
Бир коса шаробу тинч имкон яхши.
Безиб кетсам тоғ-тошларга бош олиб,
Бир ғариб кулбаю бир жонон яхши.
 

ҚЎМСАШ

 
Оламда энг буюк – бу инсон насли,
Бахтлидан бахтлилар гўдаклар асли,
Болалик беғубор, нақ д баҳор фасли,
Ёшлик қўшиғини айтгим келади,
Яна болаликка қайтгим келади.
 
 
Отанинг қучоғи фарзандга Ватан,
Она кўксин эмиб улғаяркан тан,
Асло қайтмас кунлар болалик экан,
Ёшлик қўшиғини айтгим келади,
Яна болаликка қайтгим келади.
 
 
Ғаму ташвишлардан ҳоли кунларим,
Олманинг энг ширин боли кунларим,
Бош қўйсам уйқуга кетган тунларим,
Ёшлик қўшиғини айтгим келади,
Яна болаликка қайтгим келади.
 
 
Қайтмоқ йўқ,эсласам кўздан ёш сизар,
Қайтиш бир армондир, қалбимни эзар,
Фақат орзуларга хаёл етказар,
Ёшлик қўшиғини айтгим келади,
Яна болаликка қайтгим келади.
 

УЧГИМ КЕЛАДИ

 
Ҳаёт ташвишидан тўйсам, чарчасам,
Яшашдан умидим узгим келади.
Балиқдек кенг уммон узра тўлқинлар
Ичра қулоч отиб сузгим келади.
 
 
Ҳаволар етмаса муаммолардан
Гоҳида оғулар ичгим келади.
Ҳавасим келади шунда қушларга
Самога улардек учгим келади.
 
 
Балки кўнглидагин сўзлаёлмайин
Сувдаги балиқнинг армони бисёр.
Чақ-чақлаб осмонга парвоз қилсада
Ҳар битта қушнинг ҳам ўз ташвиши бор.
 
 
Инсонмиз, жонзотга қилмасдан ҳавас,
Дадил енгиб ўтсак ҳар мушкулотни.
Ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ,
Қадрлаб, берилган бир бор ҳаётни.
 

КЎКЛАМ

 
Олам гўзал, келмоқда баҳор,
Кундан кунга камаймоқда қор.
Таратмоқда табиат иффор,
Мен кўкламни яхши кўраман.
 
 
Майса ердан бошин кўтарар,
Дарахтларда куртак кўз ёрар.
Мажнунтоллар попугин тарар,
Мен кўкламни яхши кўраман.
 
 
Уйғонмоқда мудроқ табиат,
Қурт-қумурсқа – қимирлаган жон.
Ҳаммасида бир эзгу ният,
Мен кўкламни яхши кўраман.
 
 
Кўм-кўк довуччалар очар юз,
Ўсимликда барча ризқу рўз.
Таърифига тополмадим сўз,
Мен кўкламни яхши кўраман.
 

ОТА УЙИ

 
Тўйинг куни йиғла қизгина,
Кетмоқдасан ўзга маконга.
Тўйиб йиғла, юрагинг бўшат,
Ота уйи энди бегона.
 
 
Шўхлигингу эркалигингни
Олиб кетар бугун ёр-ёрлар,
Ўзга ҳаёт, ўзгача турмуш
Эрта тонгдан сени кутарлар.
 
 
Ортда қолди болалик уйинг,
Келажакда нелар билмайсан.
Меҳмонга кел, буткул келмагин,
Қайтиб келсанг энди сиғмайсан.
 
 
Ўз уйингга энди меҳмонсан,
Қабул қилгин ёр хонасини.
Майли тиллоданми, тупроқдан,
Азиз билгин остонасини.
 

УНУТМА

 
Кечагина тинғирлатиб торингни,
Устозим деб югурардинг, елардинг.
Мен ҳам машҳур бир ҳофиз бўлайин деб,
Ҳар не деса айтганини қилардинг.
 
 
Секин-аста сени таниб элу юрт,
Тетапоя бўлдинг устоз қўлида.
Парвоз сари қанот ёйиб шайландинг,
Қадам қўйдинг пиллапоя йўлида.
 
 
Олқиш, мақтов ёғилиб ҳар тарфдан,
Ўзинг тугул кўтарилди бурнинг ҳам.
Устозингни эслаш учун вақтинг йўқ,
Кўриш учун фурсатинг йўқ бирор дам.
 
 
Кеккаясан, мағрурлигинг бир дунё,
Гўё осмон устунисан, пурвиқор.
Ўтган кунин, устозини унутган
Эсда тутгин, бўлар бир кун хору зор.
 

ОНА ТИЛАГИ

 
Онанинг бағрига жаҳон жойланар,
Меҳридан, ҳатто тош сувга айланар,
Дуосидан ёв ҳам сулҳга шайланар,
Она дер: «Мендан ҳар дил рози бўлсин,
Тилагим: Фарзандлар ортимда қолсин».
 
 
Тунни тонгга улаб, тинмаган ўзи,
«Омон бўл, улғай», деб айтар ҳар сўзи,
Фарзанд бахти билан ёруғдир юзи,
Она кутган шодумон ой, кунлар келсин,
Тилагим: Фарзандлар ортимда қолсин».
 
 
Қизи, зурриётин асал – қандидир,
Ўғил, суянчиғи, дилин бандидир,
Умрининг такрори ё монандидир,
Ҳалима дер: «Даврон вақтида бўлсин»,
Тилагим: Фарзандлар ортимда қолсин».
 

ИЛОН БОҚИБДИ

 
Дейдиларки бир киши
Илон бола боқибди.
Вақти келиб, етилиб,
Эгасини чақибди.
 
 
Қўйнида сақлаб мудом
Парвариш қилган экан.
Емай ўзи едириб,
Эркалаб суйган экан.
 
 
Баъзан баъзи одамни
Ўхшатишар илонга.
Илон заҳри тузалар,
Одамники қасд жонга.
 

БАХТЛИ БЎЛГИН

 
Афсус, эрта бева номини олдинг,
Қиёматга қолди ёрнинг жамоли.
Қовжираган лабинг, сўлғин юзингни
Яшартирсин фарзанд бахти-камоли.
 
 
Эҳтиромда бўлгин энди бир умр,
Эсмасин тақдирнинг совуқ шамоли.
Ҳижронларда сал эгилган қаддингни
Ростлантирсин фарзанд бахти-камоли.
 

ЖАҲЛ – ДУШМАН

 
Жаҳл душман, ақл дўст бўлар,
Жиловла вақтида ғазабни.
Жаҳлга бермагин эркингни
Йўл қўйсанг емирар асабни.
 
 
Бўлайин десанг сен саломат
Ҳасаддан йироқ бўл ҳар доим.
Ғурбатга йўл берма ҳеч қачон,
Сўзлашсанг сўзлашгин мулойим.
 
 
Жаҳл бу жаҳолат қуроли,
Отига миндирса сакрайди.
Ўринсиз ғазабдан сақлангин,
Сақланганни Худо ҳам асрайди.
 
 
Донони ғазабда синарлар,
Ўзин тута билган донодир.
Қаҳрини, ғазабни босолган
Ҳаётида ҳар ишга қодир.
 

ОШНО БЎЛСАНГ

 
Номардга ошно бўлсанг
Бир кун тепар кетингга.
Балчиққа тош отмагин
Сачраб кетар бетингга.
 
 
Лоқайдга бўлсанг йўлдош
Қоласан ора йўлда.
Қилган ишинг кўринмас,
Ҳасрат бўлар кўнгилда.
 
 
Ялқов билан иш қилсанг
Сенга қолар оғири.
Биринг икки бўлмайди,
Ажрайсизлар охири.
 
 
Ҳамроҳ бўлса жўмардинг
Йўлинг бўлади равон.
Эгилмайсан, синмайсан,
Омад кетмас бирор он.
 

ЗОР БЎЛДИНГ

 
Тингламай падар сўзин
Кетган номус-ор бўлдинг.
Арпа емас от эдинг,
Энди унга зор бўлдинг.
 
 
Онанг кўзин ёшлатиб,
Қарғиш олдинг, хор бўлдинг.
Арпа емас от эдинг,
Энди унга зор бўлдинг.
 
 
Кенг дунёлар кўзингга
Сиғмай қолди тор бўлдинг.
Арпа емас от эдинг,
Энди унга зор бўлдинг.
 
 
Инсофга келиб кўрдинг—
Оқибатга ёр бўлдинг.
Эл-юрт, ота-онангга
Таянч, мададкор бўлдинг.
 

ҚАНОАТ ҚИЛ

 
Давлат келса мабода, кеккайиб кетма асло,
Йўқсилларга меҳр бер, доимо шафоат қил.
Катта кетсанг ғурурла секин тушиб қоласан,
Борида исроф қилма, йўғида қаноат қил.
 
 
Сочма ҳар ён молингни, кўз-кўзлаб мақтанмагин,
Элу юртга ярашиқ инсон бўл, садоқат қил.
Босар-тусаринг билмай бир кун афсус чекарсан,
Борида исроф қилма, йўғида қаноат қил.
 
 
Мол-давлат қўлдан кетиб, қийналиб қолсанг агар,
Оҳ-воҳ чекиб уринма, Оллоҳга ибодат қил.
Қалбингда илоҳ бўлса, давлат келар бир куни,
Борида исроф қилма, йўғида қаноат қил.
 

ЎЗИНГСАН БОРИМ

 
Севганим йироқда, лекин ёнимда
Меҳрибон ва мушфиқ азиз аёлим.
Ардоқлаб, авайлаб дилда сақлаган
Ўзга бир аёлда эди ҳаёлим.
 
 
У бўлди ўзганинг ёри-дилдори,
Менинг-чи, ҳаётда ўзингсан борим.
Фарзандим онаси, ҳаёт йўлдошим,
Омон бўл, суянчим, ҳамроҳим – ёрим.
 

БУВИЖОНИМГА

 
Фарзандлари олдида бурчини адо этиб,
Қизларин қутлуғ жойга – кошонага қўндирган.
Элу юртга тўй бериб, орзую ҳавас билан
Қуда-анда йўлини, қоидасин дўндирган.
 
 
Ўғли учун сеп-сарпо йиғиб келин туширган,
Той бериб, бешик олиб орзу мақсадга етган.
Барча кўнгилда бўлган ўйларин қойиллатиб,
Менинг жон бувижоним, дилидан армон кетган.
 
 
Ўғил-қиз ташвишига набиралар қўшилган,
Энди бувижонгинам бизлар учун куяди.
Болаларидан қолган ўшал азиз жонини
Энди невараларга бўлиб-бўлиб қўяди.
 
 
Онани улуғ дерлар бувимни қандай атай,
Демак, бувижонгинам улуғларнинг улуғи.
Жондай азиз бувимиз бор экан уйимизда
Шудир уй фариштаси, кўнглимизнинг тўлиғи.
 

ОЛИСНИ КЎЗЛА

 
Оламда чалкашлик, мураккаблик кўп,
Сўзласанг, ҳар доим ростини сўзла.
Ҳаёт карвонига қўшилай десанг
Йўлга чиққанмисан, олисни кўзла.
 
 
Рақибинг ёнида бош эгма ҳаргиз,
Орқада судралмай, олға бос, ўзла.
Умр йўлларида депсиниб қолмай
Йўлга чиққанмисан, олисни кўзла.
 
 
Номардлар олдида мағрур кўтар бош,
Дунё тор бўлганда дўстингга бўзла.
Кўлмакдек бир жойда қолиб кетмагин,
Йўлга чиққанмисан, олисни кўзла.
 

ИНСОН БЎЛИНГ

 
Бошга иш тушганда юзингиз буриб,
Энди бу тамом деб, айтманг одамлар.
Ғилдирак дунё бу, айланиб келар,
Ҳақ йўлидан асло қайтманг одамлар.
 
 
Оллоҳим изнила муаммолардан
Кун келиб пок виждон билан чиқарман.
Қаршимдаги баланд бу тўсиқларни
Эътиқод-иймоним билан йиқарман.
 

МЕН БИЛАМАН

 
Мен биламан бир куни яна
Осмонимда чарақлар қуёш.
Мен у кунни кутиб юрибман,
Насиб қилса етади бардош.
 
 
Сенинг тўсиқларинг вақтинча,
Қора ниятингни умри кам.
Наҳотки порлаган қуёшга
Тенглашмоқчи бўлса хира шам.
 
 
Фикр қил, ёзилса қулочим
Оламни қучади бир куни.
Ёмонлик шамдайин ўчади,
Қолади ачимсиқ тутуни.
 
 
Ижодим, илҳомим туганмас,
Осон ўтажакман довондан.
Умидим, ишончим буюкдир,
Яхши номи қолсин инсондан.
 

МАРҲАБО

 
Қаранг, қаранг кун ботаяпти,
Қип-қизил бўлибди ушбу он.
Назаримда шафақнинг ранги
Кўксимдан отилиб чиққан қон.
 
 
Бағрим қон, нечундир кўнгил ғаш,
Ёнмасдан тутайди олов ҳам.
Ўйлайман, шу турган тоғлардан
Ўтолмайман, ортади шубҳам.
 
 
Эрта, тонг отмоқда қизариб,
Кўнгилда умидли ҳаяжон.
Атроф ёришмоқда, ажиб ҳис,
Қалбимда бир умид ҳукмрон.
 
 
Ғайратим, саботим, мақсадим,
Умидим ўзгача бардавом.
Ҳар инсон кўнглида тонг отсин,
Қуёшжон, марҳабо, ассалом.
 

ТИЛАГИМ

 
Тилагим, аввало тинч бўлсин дунё,
Уруш отлиғ бўлмасин асло.
Тугасин мушкулу, муаммо
Сўнгги нафасимни олганда.
 
 
Қарз сўзи ўчсин ҳаётдан,
Муҳтожлик айирар қанотдан.
Тилим тутилмасин оятдан
Сўнгги нафасимни олганда.
 
 
Ҳаргиз ётиб, бўлмайлик бемор,
Номардингга қилма асло зор.
Иймон, инсоф доим бўлсин ёр
Сўнгги нафасимни олганда.
 
 
Шай бўлсин ўғил-қиз бел боғлаб,
Қолсинлар одамлар сўроғлаб.
Ла илаҳа, дейин очиб лаб
Сўнгги нафасимни олганда.
 

ШОХЧАЛАР

 
Мағрур бир шох ўртада,
Атрофида шохчалар.
Лаганбардор япроқлар
Шивирлашиб най чалар.
 
 
Хушомаду таъзимдан
Шох кўзи тиниб кетди.
Шохчалар кўп эгилгач,
Шох бирдан синиб кетди.
 
 
Бидирлашиб шохчалар
Шохни айблай кетишди.
Сохта хушомад билан
Шох бошига етишди.
 
 
Асли мўрт эди ўзи,
Дея бўлар давогар.
Кўпайса сохта дўстлар,
Синишлиги муқаррар.
 

ИККИ ДЎСТ

(Чорак аср Сирдарё туманига раҳбарлик қилган Муҳиддин Каримов ва Умар Хўжаевга бағишлайман.)
 
Олис-олислардан елкама-елка
Икки дўст келмоқда дадил, мардона.
Ерга таъзим айлаб эъзозладилар,
Бахт берди уларга табиат она.
 
 
Ҳаёт текис йўлдан иборат эмас,
Унда бор тўсиқлар, кўринмас ғовлар.
Янги ерлар очиш осон иш эмас,
Қишда совуқ, ёзда пуркаб оловлар.
 
 
Чекинди қўриқлар, қақраган чўллар,
Ўрнини бўшатди боғу бўстонга.
Шунда ҳам чарчоқни билмади дўстлар,
Таърифи арзийди мангу достонга.
 
 
Сизлар бошлаб берган бунёдкорликни
Давом эттирмоқда ёш авлод ҳар он.
Шод бўлсин руҳингиз, юртимиз обод,
Гуллаб яшнамоқда ҳур Ўзбекистон.
 

ПИНҲОНЛИК

 
Йигит бўлиб туғилмаганман,
Дейсан баъзан кўнглинг шикаста.
Севгинг изҳор қила олмасдан
Қийналганда нолийсан аста.
 
 
Йўқ қийналма, азиз сингилжон,
Аёл билан мунаввар олам.
Ибо, ҳаё унда мужассам,
Муқаддасан, синглимсан, онам.
 
 
Майли изҳор қилма ишқингни,
Пинҳон қолсин мангу юракда.
Ахир аёлнинг сирлилиги
Шунинг учун бўлса керак-да.
 

ОТАМГА

 
Нуроний чеҳрангга боқаман, ота,
Ўтмишингга ўйчан назар соламан.
Ҳаёт дафтарингни варақларканман
Оғир тақдирингдан ибрат оламан.
 
 
Қонли жанггоҳларда тобланиб чиққан
Бағри кенг, қўллари қадоғим отам.
Фарзанд бахти учун заҳматлар чеккан
Улуғим, кўзимнинг қароғи отам.
 
 
Бизлар учун намунаю ўрнаксиз,
Буюкдан буюксиз, фахримсиз отам.
Босган изингиздан босиб ўтамиз,
Порлоқ келажагим, бахтимиз отам.
 

ГУЛ ВА ТИКАН

 
Боғдан уздим битта атиргул,
Ногоҳ қўлга кирди тикони.
Шунда кечди хаёлдан, ахир
Тиконсиз гул бўлмас экани.
 
 
Гулни севсанг тиконини ҳам
Қадрлагин, қилма уни хор.
Гўзалликнинг соқчиларидай
Шу тиконлар сергак ва бедор.
 
 
Ёрни севгин худди гулдайин,
Чида унинг озорларига.
Насиб қилса шўх булбулдайин
Ҳидидан маст бўлмоғинг тайин.
 

ДЎСТЛИК
(Мувашшаҳ)

 
Дўстлик сен нақадар поксан, юксаксан,
Ирқлар, миллатларга бўлинмас зарра.
Ложувард осмондек тиниқсан, софсан,
Шаънингга қўшиқлар айтай минг карра.
Оламда йўқ бўлсин уруш ва низо,
Дўстликни бузганлар тортгуси жазо.
Жон билан баробар дўст сўзи албат,
Одамга тегишли, меҳр-муҳаббат.
Номусдек асрагин дўстлик сўзини,
Ўзингдан баланд тут унинг ўзини.
Ғайри сўзларига этма итоат,
Лозим бўлса қилгин азобга тоқат.
Инжилма, дўст учун тўкиб қонингни,
Майли фидо қилгин ширин жонингни.
 

ФИРОҚИ АФЗАЛ

 
Кўнгилсиз никоҳдан ўзи асрасин,
Муҳаббат сўзини ёзайлик зарҳал.
Суймаган ёр билан висол кўргандан
Суюклининг ёди, фироқи афзал.
 
 
Етмасанг севгингга, ҳижронда қолсанг,
Тақдиринг ўзгалар қилганида ҳал.
Кўнгилсиз ёр билан яшаб ўтгандан
Суюклининг ёди, фироқи афзал.
 
 
Инсонмиз, инсондек умр кўрайлик,
Севилиб яшайлик, мангу ҳар маҳал.
Севгисиз бир аср бирга бўлгандан
Суюклининг ёди, фироқи афзал.
 
 
Тонг отар, кун ботар – ҳаёт ўтмоқда,
Умримни сарҳисоб қиламан ҳар гал.
Суймаган ёр билан даврон сургандан
Суюклининг ёди, фироқи афзал.
 

ҲАВОЛАНМАМ

 
Орзум жуда буюкдир,
Ватан кўзи-қароғим.
Талпинаман самога,
Аммо ерда оёғим.
 
 
Доимо олға босиш
Менинг машъал-маёғим.
Юксакка интиламан,
Аммо ерда оёғим.
 
 
Ижод илҳоми сўнмас,
Ўчмас асло чироғим.
Кўзларим юлдузларда,
Аммо ерда оёғим.
 
 
Ашъорларим ҳамроҳим,
Яқин бўлар йироғим.
Қўлим етар осмонга,
Аммо ерда оёғим.
 

ЭГСА БОШИНИ

 
Тоғу тош тоб бермай титраб кетаркан
Мард номард олдида эгса бошини.
Ҳаёт жумбоқ бўлиб яралган экан,
Гуноҳсизлар тўкар баъзан ёшини.
 
 
Ҳиссиз, ҳаяжонсиз кимса олдида
Дардингни айтмагин, лоқайддир улар.
Сўзингни жимгина тинглайди, аммо
Пинагин бузмайди, устингдан кулар.
 
 
Молу дунёси кўп сезмайди дардинг,
Сени тинглаш учун унинг вақти йўқ.
Тинглагин, аслида сен бахтиёрсан,
Ўзга ғамин билмас, унинг бахти йўқ.
 

СЕНИНГ ЎРНИНГ

 
Табассумла юраман,
Таниш кўрсам хайр-хўш.
Лекин қалбим тўрида
Сенинг ўрнинг мудом бўш.
 
 
Сен юрарсан хуш-хандон,
Шаробларга уриб нўш.
Лекин мен қийналаман,
Дилда сиймонг ҳамон бўш.
 
 
Айрилиқ бир томонда
Азоблари бўлар қўш.
Балки бағринг бутундир,
Менинг бағрим ҳамон бўш.
 
 
Ўйлама, дер дўстларим,
Қайғурма, дер тенгу тўш.
Лекин илож бўлмади,
Мангу қолди жойинг бўш.
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации