282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Халима Маликова » » онлайн чтение - страница 4

Читать книгу "Сизни излайман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 06:40


Текущая страница: 4 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ҲАЛОВАТИМ ОЛИБ ҚЎЙДИНГКУ

 
Гуноҳкор сўзимми, сўзимни кечир,
Гуноҳкор кўзимми, кўзимни кечир,
Гуноҳкор ўзимми, ўзимни кечир,
Ҳаловатим олиб қўйдингку.
 
 
Кўзим ҳам, ўзим ҳам, сўзим ҳам эмас,
Бу бир асов юрак асло бўйсунмас,
Ўзини йўлига солмасдан қўймас,
Ҳаловатим олиб қўйдингку.
 
 
Энди ҳам ҳузурим, тинчим йўқолди,
Уларнинг ўрнини муҳаббат олди,
Танамга бир ширин изтироб солди,
Ҳаловатим олиб қўйдингку.
 
 
Аммо муҳаббатнинг қайғуси ширин,
Қалбингга солгани туйғуси ширин,
Унда ҳис-ҳаяжон, умид яширин,
Ҳаловатим олиб қўйдингку.
 

РЎМОЛ

 
Бир парча латтаю, аммо бошингда
Савлату давлатдек бўлиб ярашар.
Камёб бўлдими-а, рўмол ўраган
Ўтган кетганлар ҳам бир бор қарашар.
 
 
Ушбу йўловчининг аксарияти
Фаришта мисол деб қилишар ҳавас.
Қизлар соч кесишди, шимлар кийишди,
Эркакликни даъво қилишмаса бас.
 
 
Сочни узун қилиб, ё пахмайтириб,
Тиздан иштон кийиб юрган эрлар бор.
Аёллик даъвосин қилишмаса деб
Қўрқаман, асрагин ўзинг, алҳазар.
 

ОҚИБАТ

 
Қарз сўраб келди ука акасига,
Чимирилди қошлар ҳамда совуқ нигоҳ.
Қалам, қоғоз олди шунда ёндан ака,
Қўшнисини чақиртирди бўл деб гувоҳ.
 
 
Қоидаю қонун, дея ёзди тилхат,
Ушбуларни ҳатто қалам ёзмай қолди.
Тилхат ёзиб, гувоҳ билан энди ака
Укасини йўқотганин сезмай қолди.
 
 
Эй воҳ, қандай кунлар бўлди, туғишганлар
Қарз беришар бир-бирига тилхат билан.
Қариндошлик ришталари узилмоқда,
Меҳр ўрни тўлаётир нафрат билан.
 
 
Ўзим кўрдим, Оллоҳ гувоҳ бир етти ёт
Қарз берди сўровчига холис бўлиб.
Мен иккинчи манзарани кўрарканман
Шукр, дея шеърлар ёздим завққа тўлиб.
 

ЎТГАН КУНЛАР

 
Ўтаётган ҳар бир лаҳзанинг
Қадрига ет, кетмасин бекор.
Ўтган кунлар қайтиб келмайди,
Ёдингда тут, унутма зинҳор.
 
 
Болалигинг қайтмаганидек
Йигитлик ҳам қайтмас ёнингга.
Оллоҳ берса кексалик келар,
Сокинлик чўкади қонингга.
 
 
Бир кун афсус қилмаслик учун
Ҳар бир онинг ўтсин унумли.
Яхши дўстлар даврасида бўл,
Яшаб ўтгин гўзал, мазмунли.
 

КУЗАТИБ ТУРАСАН

 
Эркак аёл билан учрашиб қолса
Кузатиб турасан, қиласан ғийбат.
Балки улар дўстдир, кўнгиллар тоза,
Балки юракларда ўчмас муҳаббат.
 
 
Гап-сўзларин тинглаш сенга хуш ёқар,
Иғво учун мавзу топилар шу дам.
Айт, нима ишинг бор, қўйгил ҳолига,
Эссиз инсонийлик, садқаи одам.
 
 
Қалбида на севги, на бир ҳавас бор,
Юраги фасодга ботиб тўлганлар.
Қаердан ҳам билсин бу гўзал ҳисни
Севиш-севилишдан маҳрум бўлганлар.
 

КУЛГУЛАРИНГ БЎЛСИН ДИЛИНГДАН

 
Гоҳида синовчан боқасан,
Шу дам нелар ўтар кўнгилдан.
Доим ёруғ юзла боқайлик,
Кулгуларинг бўлсин дилингдан.
 
 
Баъзан истеҳзоли жилмайиб,
Сохта сўзлар учар тилингдан.
Оҳ, бунчалар ичи қорасан,
Кулгуларинг бўлсин дилингдан.
 
 
Тирноқдан кир излашкасбингми,
Камчилик ахтаришфеълингдан.
Кўришайлик ёруғ юз билан,
Кулгуларинг бўлсин дилингдан.
 

КЎЗГУГА БОҚАМАН

 
Кўзгуга боқаман, сураман ҳаёл,
Юзимдаги ажин орзуми, армон.
Дуо қилишади қўша қаринг деб,
Юз ёшларга киргин, бўлгин деб омон.
 
 
Оқ сочли момо бўл, онам тилаги,
Сочимдаги оқни силайман маҳзун.
Ҳа, ҳа, момо бўлдим, Раббимга шукр,
Аммо уйқум қочар, узун бўлар тун.
 
 
Дармоним камайиб қолди танамда,
Нуронийлик пайти етди, минг шукр.
Менга осойишта тинч ҳаёт бердинг,
Гўзал илҳом, ижод, бердинг ҳам ғурур.
 
 
Неваралар ўйнаб ёнимда турар,
Энди чеварамдан оламан ҳузур,
Шундай пиру бадавлатга етказган
Раббим сенга беҳад ташаккур.
 

МУҲАББАТИМ СОҒИНДИМ

 
Сочларимга оралади оқ,
Ҳаёт шавқи, завқига қондим.
Лекин унутмадим ҳеч қачон,
Ўша муҳаббатим соғиндим.
 
 
Умр ўтар экан пайдар-пай,
Гўёки уйқудан уйғондим.
Яхши-ёмон кунни унутиб,
Ўша муҳаббатим соғиндим.
 
 
Илк муҳаббат ва илк ҳаяжон,
Дунё ташвишларидан тондим.
Лекин қалбда қолди умрбод,
Ўша муҳаббатим соғиндим.
 
 
Муҳрланган каби юракда
Мангуга севгимга талпиндим.
Кексалик солсада юзга из
Ўша муҳаббатим соғиндим.
 

ГАП-СЎЗГА ЯҚИНМАН

 
Ким-кимлардир нима қилса ҳам
Кўзга кўринмайди – панада.
Аммо мени кўрар барча кўз,
Гап-сўзга яқинман янада.
 
 
Ёмғирдек ёғади гирдимда
Баъзида ғийбатлар кўпайиб.
Оллоҳдан тилайман туну кун
Оёқларим кетмасин тойиб.
 
 
Лекин шукр қилайин, Раббим
Барчанинг нигоҳин қаратган.
Минг-мингларча одам ичидан
Кўзга яқин қилиб яратган.
 

ЖОНГА АЗОБ ЕТМОҚДА

 
Ҳаёлим пароканда,
Фикрим тўзғиб кетмоқда.
Унутолмай ўзингни
Жонга азоб етмоқда.
 
 
Ўша мафтункор чеҳранг
Мени асир этмоқда.
Мамнун эдим бахтимдан
Жонга азоб етмоқда.
 
 
Ўзинг ёққан оловдан
Умрим ёниб ўтмоқда.
О, ҳисси бағритош
Жонга азоб етмоқда.
 
 
Сенсиз яшаш файзсиз,
Бахт қуёшим ботмоқда.
Ўзинг мурувват қилгин
Жонга азоб етмоқда.
 

УНУТГАНИМ ЙЎҚ

 
Сенга бағишладим бутун ҳаётим,
Юксакка кўтардим муҳаббатингни.
Бирор лаҳза бўлсин унутганим йўқ
Сенинг ширин сўзинг, садоқатингни.
 
 
Шафқатсиз хотира эзар бағримни,
Мангуга қалбимга соҳиб бўлиб қол.
Ҳаёлимда ҳузурингга бораман,
Бевақт кўз юмганим – мен афтодаҳол.
 
 
Кундан-кун ёдингда сўниб боряпман,
Ширин хотиротдан энтикар кўнгил.
Сенинг бирла учиб кетди бахт қушим,
Руҳий осудалик истаб қолар дил.
 
 
Юракда пок ҳисни эъзозлаганча
Томирда қон эмас ҳижрон оқмоқда.
Ҳузурингда бир кун ҳозир бўламан,
Сабрга суяниб куним ўтмоқда.
 

ОРАСИ ЯҚИН

 
Бахт қўлингда пайти қилгин эҳтиёт,
Қўлингдан кетмасин, нозикдир ғоят.
Эҳтиёт қил, раҳна тушмасин шояд,
Бахт билан бахтсизлик ораси яқин.
 
 
Бахтинг юз ўгирмас гар бўлсанг ҳалол,
Иймонли бўлганга чекинмас иқбол.
Доимо виждонинг тоза бўлиб қол,
Бахт билан бахтсизлик ораси яқин.
 
 
Бахтсизлик келади тойса оёғинг,
Бошингга тегади қўлда таёғинг,
Таниб бўлмас бўлар сину-сиёғинг,
Бахт билан бахтсизлик ораси яқин.
 
 
Мудом эзгуликка ташлагин қадам,
Ғариб, бечорадан аяма ёрдам,
Саҳовати билан улуғдир одам,
Бахт билан бахтсизлик ораси яқин.
 

ГУМОН ЁМОН

 
Менга қараб кулди танишим,
Нега кулди, қараши ёмон.
Кўролмайди, деб қайғурасан,
Гумон билан яшама инсон.
 
 
Қўшним менга қаради жиддий,
Ишим чалкаш бўлган бегумон.
Энди ичинг еб битирасан,
Гумон билан яшама инсон.
 
 
Бир гап борми, тортасан ҳушёр,
Ўз аёлим бунча меҳрибон.
Атрофимда гирди капалак,
Гумон билан яшама инсон.
 
 
Кулса кулади, деб ўйлайсан,
Қарамаса рангларинг сомон.
Нега бунча юрагинг қора,
Гумон билан яшама инсон.
 

СЕВГИ УЙИМНИ

 
Севар эдим бир йигитни чин дилдан,
Куйлар эдим фақат севги куйимни.
Сезиб қолдим унинг кўнгли ўзгада,
Ўзим барбод қилдим севги уйимни.
 
 
Йўқ мен эмас, керак экан бойлигим,
Англаб етдим, бузмоқчиман тўйимни.
Кўзи менда, юрак ўзга дилдорда,
Ўзим барбод қилдим севги уйимни.
 
 
Севмаганла турмуш қуриб бўлмайди,
Тушунмайди орзуларим, ўйимни.
Ўз вақтида англаб қолдим, минг шукр,
Ўзим барбод қилдим севги уйимни.
 
 
Ўз тенгимни топай энди ҳаётда,
Бўйларига тенглаб кўриб бўйимни.
Сохта севги изҳор қилган керакмас,
Ўзим барбод қилдим севги уйимни.
 

СЎЛИМ ҚИШЛОҚЛАР

 
Обод кўркам шаҳарлар бисёр,
Бунча завқли-шавқли бу чоғлар.
Ҳар томонда юксалишлар мўл,
Дилга яқин сўлим қишлоқлар.
 
 
Шаҳарларда яшаш мароқли,
Кўпаймоқда хиёбон, боғлар.
Лекин барчасидан гўзалроқ
Дилга яқин сўлим қишлоқлар.
 
 
Шаҳарнинг ҳам жозибаси бор,
Аммо кўркам кўринган тоғлар.
Тоғ ёнида ҳув салобатли
Дилга яқин сўлим қишлоқлар.
 
 
Одамлари бағри кенг, сахий,
Тўлиб оқар зилол булоқлар.
Элнинг ризқин тўкин қилувчи
Дилга яқин сўлим қишлоқлар.
 

УМРИНГИЗ БОҚИЙ

 
Деманг: ўлсам, бу оламдан кетсам ўзим,
Энди йўқдир фарзандларга айтар сўзим,
Ёруғ дунё қолди мангу юмсам кўзим,
Онажоним, то абад умрингиз боқий.
 
 
Ой ҳуснингиз қизингизга ёдгор бўлди,
Ўгитингиз ўғлингизга мадор бўлди,
Ҳаётингиз давомчилари бор бўлди,
Онажоним, то абад умрингиз боқий.
 
 
Қизларингиз орзунгиздек яшар бахтли,
Қайнонасин хизматида олтин тахтли,
Куёвингиз меҳрибондир ҳамда аҳдли,
Онажоним, то абад умрингиз боқий.
 
 
Биз ўғиллар сиз айтгандек иноқ, аҳил,
Яшаяпмиз орамиздан ўтмайди қил,
Бирлик бўлган жойда ҳеч иш бўлмас сабил,
Онажоним, то абад умрингиз боқий.
 

ЁҚИМЛИ СЎЗ

 
Инсон борки озодликка интилар,
Эрки учун курашади олмай тин.
Озодлик деган сўз энг ёқимли сўз,
Қафасдаги қуш ҳам сайрармиш ғамгин.
 
 
Табаррукдир она Ватан, она ер,
Малъунларнинг тузоғига тушмагин.
Ўз эркингни ўзга элдан қидирма,
Қафасдаги қуш ҳам сайрармиш ғамгин.
 
 
Ватаним тинч, оилам тинч, кўнглим тинч,
Бу ҳаётда улуғвордир тинчлик чин.
Ишонмагин узоқдаги саробга,
Қафасдаги қуш ҳам сайрармиш ғамгин.
 

ОНАЖОНГИНАМ

 
Дунёда сиз каби меҳрибон ким бор,
Энг азиз, мўътабар зот Сиз улуғвор,
Ўссин дея фарзанд соғлом, бахтиёр,
Бўлган парвоналар туну кун бедор,
Оҳ онажон, онам, онажонгинам.
 
 
Ўргатдингиз поклик, меҳрибонликни,
Раво кўрмагайсиз ҳеч ёмонликни,
Сиз-ла топдик шуҳрат, бахту шодликни,
Сиз-ла топдик ҳурмат, тинч-омонликни,
Оҳ онажон, онам, онажонгинам.
 
 
Хато қилсак койиб, йиғлаб кечирган,
Дард чексак, ўзига дардни кўчирган,
Доим кулиб туриб, ғамни ўчирган,
Емай едиргану ичмай ичирган,
Оҳ онажон, онам, онажонгинам.
 
 
Бир зум болакайга айланиб қолсам,
Кўксингизга яна бошимни қўйсам,
Жаннати ҳидингиз ҳидлаб бир тўйсам,
Арзир мудом сизни эркалаб суйсам,
Оҳ онажон, онам, онажонгинам.
 
 
Доим тўла бўлсин чеҳрангиз нурга,
Ҳар сўзингиз тенгдир олтину дурга,
Тилакларим юрсак ҳамиша бирга,
Бошга кўтарсак оз, ўтказсак тўрга,
Оҳ онажон, онам, онажонгинам.
 

ОҒАЖОНИМГА

 
Баланд тоғлар бугун пастлаб қолдими,
Сор лочиним йўқликка йўл олдими,
Ажал ўзин оғусини шай қилиб,
Оғажоним косасига солдими,
Боқийликка кетган оғам, оғажон.
 
 
Қуриб кетсин дунёнинг ҳижронлари,
Энди қайтмас дийдор кўришонлари,
Фарзанд меҳри бошқа, жигар бўлакдир,
Тирқирайди юрак отган қонлари,
Боқийликка кетган оғам, оғажон.
 
 
Меҳнат билан тиним билмас эдингиз,
Жаннат сари тушсин оға йўлингиз.
Кўргим келиб соғинганда топмадим,
Қабрингизда тинч-хотиржам ётингиз,
Боқийликка кетган оғам, оғажон.
 
 
Эзгу ишларингиз – изингиз қолди,
Зор йиғлаб орқада қизингиз қолди.
Қилган тиловатим сизга ёр бўлсин,
Юракда насиҳат сўзингиз қолди,
Боқийликка кетган оғам, оғажон.
 

ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ

 
Қийналсанг қийналади,
Ўйлансанг ўйланади,
Дам олсанг дам олади,
Юрак энг яқин дўстдир.
 
 
Севсанг севиб қолади,
Ҳаётдан завқ олади,
Қайғунг ҳам йўқолади,
Юрак энг яқин дўстдир.
 
 
Шодсан – қувончга тўлар,
Оҳ урсанг хомуш бўлар,
Чок-чокидан сўкилар,
Юрак энг яқин дўстдир.
 
 
Эзганда ғаминг кам-кам,
Абад тўхтаганда ҳам,
Сен билан қолар шу дам,
Юрак энг яқин дўстдир.
 

ИЛИНЖ

 
Сен нақалар бахтлисан бахтли,
Чунки севилгансан – суюксан.
Гарчи ҳиссиз инсон бўлсанг ҳам
Севганлар наздида буюксан.
 
 
Бу ҳаётда танлаганим сен,
Қиё боқмай айлама абгор.
Мен севги фитнаси қурбони,
Қийноқларга қолдирма зинҳор.
 
 
Севги кучли экан, на қилай,
Унга асир бўлдим тобора.
Қалбини уйғотса муҳаббат
Сендай ҳиссиз инсонни зора.
 

МЕЪЁРИ ЯХШИ

 
Болнинг ҳам ози ширин,
Медангга тегади такрори.
Жами таом ўрнида тотли,
Ҳар нарсанинг меъёри яхши.
 
 
Фарзанд ширин, талтайтирмагин,
Баъзан бўлар унинг озори.
Эрка қилма, бошингга бало,
Ҳар нарсанинг меъёри яхши.
 
 
Дўстинг билан сирлаш майлига,
Дилда қолмас ғашлик ғубори.
Лекин сиринг борича очма,
Ҳар нарсанинг меъёри яхши.
 

АЁЛ ҚАСОСИ

 
Аёл машҳур эди, жуда бой эди,
Гўзалликда тенгсиз, танҳою дилбар.
Ёш йигит айланди ёни-верида,
Севгилига жонин беришга тайёр.
 
 
Аёл бахтли эди, бахтиёр эди,
Ишонди йигитнинг муҳаббатига.
Ўйлайди – ишқ ёшни танламас экан,
Синчковла боқмади кўнгил қатига.
 
 
Йигитнинг нияти шум эди бошдан,
Аёлнинг давлати қизиқтирарди.
Унинг мақсадидан бехабар аёл
Лоладек очилиб, яшнаб борарди.
 
 
Аёл икки қўллаб ярим бойлигин
Тутқазди йигитга – йигит давламанд.
Энди эркалашлар сўнди, совиди,
Ташрифлар камайди – у иш билан банд.
 
 
Аён бўлди бир кун ошиқ йигитнинг
Борлиги ёшгина ёри даъфатан.
Ташландиқ буюмдек ҳис қилди ўзин
Парчаланди юрак, музлаб кетди тан.
 
 
Бир кун келди йигит, сўзлади аёл:
«Сенинг муҳаббатинг пулдан, буюмдан.
Мен сени севмайман, ҳазар қиламан,
Кўзимга кўринма, йўқол уйимдан».
 
 
Эркак ташлаганин ҳис қилса аёл
Эзилиб қийналар, қасосда ёнар.
Ҳайдаб чиқарганда вафосиз ёрни
Қалбида ҳаётнинг завқи уйғонар.
 

ҲАВАСИ КЕЛАДИ

 
Номардларга эгмаганда бош,
Бўлганида ҳақсизлик йўлдош,
Тўлганида кўзларимга ёш –
Қушларга ҳавасим келади.
 
 
Қафас каби тор бўлса олам,
Ҳеч қаерга етмаса нолам,
Изтироблар келганида жам –
Қушларга ҳавасим келади.
 
 
Бахтдан масрур бўлган онимда,
Омад юрса доим ёнимда,
Иқбол кулса хонадонимда –
Қушларнинг ҳаваси келади.
 

СОҒИНДИМ

 
Буюклардан буюкроқ эдинг,
Суюклардан суюкроқ эдинг,
Лекин бағри куюкроқ эдинг,
Қадрдоним, сени соғиндим.
 
 
Наҳот энди қайтмас у йиллар,
Талпинмаса севилган диллар,
Ишқ сўзини айтмаса тиллар,
Қадрдоним, сени соғиндим.
 
 
Ҳижрон эзиб қилганда адо,
Наҳот сендан бўлганман жудо,
Айтолмайман жоним, алвидо,
Қадрдоним, сени соғиндим.
 
 
Ўзинг бирла олдинг қувончим,
Мангуликка йўқолди тинчим.
Сенинг ўрнинг босолмас ҳеч ким,
Қадрдоним, сени соғиндим.
 

НЕВАРАМ

 
Данакдан мағизи ширинроқ,
Тиниб-тинчимайди бижилдоқ,
Овози ёқимли қўнғироқ,
Наслим давомчиси неварам.
 
 
Ёнимда айланиб ўргилар,
Гоҳ йиғлаб, гоҳида шўҳ кулар,
Кемтик юрагимни тўлдирар,
Наслим давомчиси неварам.
 
 
Сиқилсам тинчлатар асабим,
Туширар чиққанда ғазабим,
Чалғитар хаёлим турмай жим,
Наслим давомчиси неварам.
 
 
Бағримга босганда вужудин,
Ҳузурдан оламан яйраб тин,
У берар дардимнинг шифосин
Наслим давомчиси неварам.
 

ҲУШЁР БЎЛ

 
Ҳақиқий бўридан қўрқмагин, болам,
Тоғларда яшайди у йиртқич ҳайвон.
Орамизда бордир одам бўрилар
Улардан қўрқишинг даркор ҳар бир он.
 
 
Бўрилар йиртқичдир, ҳушёрсан ундан,
Лекин алданасан одам бўрига.
Ахир у одам деб доғда қоламиз,
Сезмасдан тушамиз улар тўрига.
 
 
Баъзилар юзида инсон ниқоби
Юраги ҳис қилар на шодлик, на ғам.
Ундай бўрисифат одам наслидан
Ҳамиша асрасин яратган Эгам.
 

ОСУДА ҲАЁТ

 
Рақибларим зарба бердилар,
Учолмадик қайрилди қанот.
Лойқаланди тинчгина турмуш,
Иккимизга осуда ҳаёт.
 
 
Биз интилдик завқли яшашга,
Етар эди ғайрату сабот.
Оқибатда кўпдек туюлди
Иккимизга осуда ҳаёт.
 
 
Бу бир келар дунёда баъзан
Тўла экан сиру синоат.
Қийин бўлди яшашимиз ҳам
Иккимизга осуда ҳаёт.
 
 
Бунча қаҳр ғазаб на керак,
Инсонмизми, қолсин яхши от.
Насиб қилсин бошқаларга ҳам
Иккимизга осуда ҳаёт.
 

ҲУРКАККИНА ОҲУМСАН

 
Ҳуркаккина оҳумсан,
Қалбимдаги оҳимсан,
Самодаги моҳимсан,
Қўлим етмас севгилим.
 
 
Дийдорингга бўлиб зор,
Ҳижрондан чекиб озор,
Кетар бўлдим чор-ночор,
Қўлим етмас севгилим.
 
 
Қалбингда ориятинг,
Шу эдими ниятинг,
Етмади қатъиятинг,
Қўлим етмас севгилим.
 
 
Қуёшдай нур сочайлик,
Висолга йўл очайлик,
Хўп де, бирга қочайлик,
Қўлим етмас севгилим.
 
 
Топсанг агар жасорат,
Тўсиқни қилсак ғорат,
Висол ёр бўлса шояд,
Қўлим етмас севгилим.
 

ТИЛ БОТИРИ КЎП ЁМОН

 
Тил ботири кўп ёмон,
Бўлар бошингга бало.
У сени чоҳга судрар,
Қилар ғамга мубтало.
 
 
Тилинг бўлса югурик
Ҳар доим қилар мулзам.
Даврада четга чиқиб
Тик бошингни қилар ҳам.
 
 
Ҳамиша мадад берар
Ботир бўлса юрагинг.
Энг қийин вазиятда
Бўлар қалқон – тиргагинг.
 

ҚАЙДАНАМ КЎРДИМ СЕНИ

 
Қайданам кўрдим сени,
Севиб қолдим бир пастда.
Энди қандай яшайман
Юрагим бўлди хаста.
 
 
Хаста юрак ночордир,
Табибим бўлгин ўзинг.
Унга малҳам – даводир
Меҳр-ла боққан кўзинг.
 
 
Ҳаётим сенга боғлиқ,
Ўзинг қилгин ҳимоя.
Йиқилар бўлсам аста
Кипригинг билан суя.
 

ЛАЙЛИМСАН ДЕДИНГ

 
Мени Лайлимсан дединг,
Гоҳи Ширин атадинг.
Айт қандай ниятдасан,
Ахир нима мақсадинг.
 
 
Қайс севгач Лайлисига
Етолмай мажнун бўлди.
Жону жаҳондан кечиб,
Юрак бағри хун бўлди.
 
 
Фарҳод Ширинни севиб,
Чиқиб кетди тоғ-тошга.
Бевақт ўлим айирди –
Ҳижронни солди бошга.
 
 
Шу сабабли севгилим
Ўз номим билан ата.
Фарҳод ёки Мажнундек
Айрилиб қилма аттанг.
 

САБОҚЛАРИМ

 
Отам уйидаги қувноқ бўй қизман,
Тўсиқ йўқ, равондир мен учун ҳар ёқ.
Зимдан кузатаман, ёрдам бераман,
Янгамнинг ишлари мен учун сабоқ.
 
 
Унинг қилган иши маъқул, номаъқул,
Онам нигоҳидан сезаман, бироқ
Керагин оламан, дилга жойлайман,
Янгамнинг ишлари мен учун сабоқ.
 
 
Юрагимда асраб-авайлаганим –
Ёр уйига борсам, тугаса фироқ.
Қайнонам кўнглига йўл топиш учун
Янгамнинг ишлари мен учун сабоқ.
 

ИБРАТ

 
Юртим ғами менинг ғамимдир,
Хизмат билан элни қилай шод.
Агар халқим миннатдор бўлса
Миннатдорман мен ҳам умрбод.
 
 
Бош эгамга содиқман мангу,
Қадрлайин бўлиб меҳрибон.
Ёрим мени севса юракдан
Мен ҳам дилдан севайин ҳар он.
 
 
Ҳар соҳада, ҳар бир қадамда
Фарзандимга ўрнак бўлайин.
Болам мендан андоза олсин,
Мен ҳаётдан ибрат олайин.
 

МЕН ТУҒИЛГАН ТУПРОҚ

 
Тўлғоқ тутганида азиз волидам
Қовун полизида ёрибди кўзи.
Жўякнинг ичида, лойга беланиб
Қолибман ингалаб, онамнинг сўзи.
 
 
Шунда доя кампир Зубайда момо,
Кесибди киндигим икки тош билан.
Биғиллаб йиғлабман лойнинг ичида,
Ер узра сачрабди покиза бир қон.
 
 
Ҳамон ҳайратдаман, ювилмаган тош,
Ўт-ўланлар аро ётсамда фақат.
Юқмабди аъзомга очиқ даладан
На бир касаллик, на бирор иллат.
 
 
Қашқадарё ери, Кўкбулоқ ери,
Демак, ҳоли экан барча иллатдан.
Шу сабаб феълимда ўхшашлигим бор –
Таваллуд топган ер, мен учун Ватан.
 

БЎЛСА

 
Яхшидир қиз зоти иболи бўлса,
Покиза ҳам субҳи-саболи бўлса,
Имони, инсофи, одоби бўлса,
Ошкора этмаса – ниҳона бўлса.
 
 
Сўзласа ерларга боқиб сўзласа,
Каломи кўнгилга ёқиб сўзласа,
Ишқини яширса, дилдан бўзласа,
Гўзалдир севгиси пинҳона бўлса,
Ошкора этмаса – ниҳона бўлса.
 
 
Камтарлик ярашар қизу аёлга,
Бормаса ёмонлик ўю хаёлга,
Келмаса ҳаётда миннат малолга,
Гўзалдир севгиси пинҳона бўлса,
Ошкора этмаса – ниҳона бўлса.
 

АЁЛГА ТАЪЗИМ

 
Аёл ҳорғин ташлайди қадам,
Юзларида кўпчиган доғи.
Белин ушлар, лабларин тишлар,
Уни тўлғоқ қийнаган чоғи.
 
 
Дақиқалар намунча ҳиссиз,
Имиллайсиз, юрмайсиз илдам.
Осон эмас аёлга ахир,
Келмоқдаку оламга одам.
 
 
О, аёлнинг кучи қудратда,
Қирқ йигитга бордир тенглиги.
Шу қудратдан асли онанинг
Фарзандига бағри кенглиги.
 
 
Шу туфайли Расули Акрам
Эъзозлаган аёлни чексиз.
Авваламбор яхшилик қилгин
Волидангга, демаган бежиз.
 
 
Асло онанг дилин оғритма,
Унинг кўнгли нозик, гўё гул.
Ҳаёт пайти қилмайин рози
Икки дунёнг куйдирма буткул.
 

СЕВГИНИНГ ҚУДРАТИ

 
Севги билан гўзалдир ҳаёт,
Севги билан улуғвор одам.
Севги безар инсон қалбини
Севги билан одамдир одам.
 
 
Севгида ватанни ўйлайман,
Севги дея босарман қадам.
Бор меҳримни элимга бердим,
Севги билан одамдир одам.
 
 
Севгида фарзандни ўйлайман,
Унга баҳшидадир жоним ҳам таним.
Илк меҳримни боламга бердим,
Севги билан одамдир одам.
 
 
Севгида ёримни ўйлайман,
Куйлагайман токи сўнгги дам.
Муҳаббатсиз яшаш азобли,
Севги билан одамдир одам.
 
 
Дўстинг боши қайғуда қолса,
Юракка қил сиғмайди шу дам.
Дўст севгиси тоғлардан баланд,
Севги билан одамдир одам.
 

ЯШАЙМАН

 
Заминим, осмоним мусаффо,
Ўтказган ҳар оним мусаффо,
Имоним, виждоним мусаффо,
Қалбим ҳаловатда яшайман,
Тилим тиловатда яшайман.
 
 
Қаерга узатсам қўлимни,
Оллоҳим очади йўлимни,
Пок тутиб ҳам ўнги-сўлимни,
Қалбим ҳаловатда яшайман,
Тилим тиловатда яшайман.
 
 
Ҳаёт бир бор, урушкеракмас,
Нопокликка юришкеракмас,
Менга тинчлик, тенглик бўлса бас,
Қалбим ҳаловатда яшайман,
Тилим тиловатда яшайман.
 

ҚЎЙИШАР ҲАЙКАЛ

 
Ҳашаматли хона, мағрур амалдор,
Котиба қиз кирар: «Кирмоқчи шоир».
Амалдор беписанд, силкийди қўлин –
Кутсин, кутаверсин мен бандаман ахир.
 
 
Кимгадир қўнғироқ қилар бепарво,
«Ало, учрашувлар қаерда бугун?
Кечаги зиёфат жа, зўр бўлдида»,
Сирли кулиб айтар, юзлари гулгун.
 
 
Кутишхонасида бетоқат шоир,
Синиққан рангида ташвиш сояси,
Ичкарида «муҳим ишлар» билан банд,
Ҳамтовоғин сўзин йўқ ниҳояси.
 
 
Ўткинчи амални абадий билиб,
Ҳокисор шоирни қилмоқда маҳтал.
Билмайди бир куни унутилар у,
Балки бу шоирга қўйишар ҳайкал.
 

АЁЛЛАР БОР

 
Эркак эркакман деб кўксингга урма,
Аёл аёлда, деб беписанд турма,
Аёлни ўзингдан асло кам кўрма,
Ҳаёт тажрибамдан айтаман такрор –
Баъзи эркаклардан мард аёллар бор.
 
 
Майда гап, мижғовлик, эрга хос эмас,
Тирноқдан кир излаш унга мос эмас,
Ғийбат, чақимчилик сира ярашмас,
Ҳаёт тажрибамдан айтаман такрор –
Баъзи эркаклардан мард аёллар бор.
 
 
Эркаклар ҳамиша эр бўлиб қолсин,
Оила жиловин қўлига олсин,
Ватанига посбон, шер бўлиб қолсин,
Ҳаёт тажрибамдан айтаман такрор –
Баъзи эркаклардан мард аёллар бор.
 

ОНАЛАР

 
Тўлғоқ азобларин тезда унутар,
Туғиш қийноқларин ичига ютар,
Дилбандин камолин ҳар онда кутар,
Унутар барисин толган оналар,
Боласин бағрига олган оналар.
 
 
Кўнмайин йиғласа бирга йиғлаган,
Кўксин пора қилиб бағрин тиғлаган,
Кулганда ўзини бахтли чоғлаган,
Унутар барисин толган оналар,
Боласин бағрига олган оналар.
 
 
Мижжа қоқмай чиқар бўлганда бемор,
Кенг дунё кўзига бўлиб кетар тор,
Қийналиб туну кун бўлсада абгор,
Унутар барисин толган оналар,
Боласин бағрига олган оналар.
 

ТУННИНГ СУКУНАТИГА

 
Қулоқ тутдим туннинг сукунатига,
Тун. Юлдузлар кўкда қилганда жилва,
Жамладим фикримни сокин тун ичра,
Ҳамроҳ бўлди менга тез оқар жилға.
 
 
Кундуз ташвишларин қолдириб ортда,
Осойишта тунга етган онимда,
Гоҳ маҳзун, гоҳ сирли хаёл ўтмоқда,
Бир варақ қоғозу қалам ёнимда.
 
 
Ўтирган жойимда атрофга боқдим,
Гўёки жами жон олмоқда ором.
Лекин бедорлар бор – яхши ё ёмон
Ниятда ухламас, улар беором.
 
 
Йўқ-йўқ, фақат ошиқ бўлсин беором,
Ёрининг ишқида тунлари бедор.
Шоирлар тунларни тонгга уласин,
Яхшилар ҳеч қачон чекмасин озор.
 

ҚИЙНАЛИБ ҚОЛСАМ

 
Қачон қийналиб қолса
Ёдимга тушар онам.
Ёрдам бераётгандек
Ёнимга тушар онам.
 
 
Диққат бўлиб сиқилсам
Шу онда ҳамроҳ онам.
Бошларимни силайди
Тортганимда оҳ онам.
 
 
Ҳар куним ҳар онимда
Фарзандимни ўйлайман.
Қалбдаги ширин сўзим
Болаларга сўйлайман.
 
 
Оғзимдаги ошимни
Боламга илинаман.
Ўйласам шундай дунё —
Ахир ўзим онаман.
 

БЎЛАР

 
Инсофидан айрилганлар бўри бўлар,
Нафси тубсиз чоҳ бўлади, ўри бўлар.
Инсофлини дунёлари обод бўлиб,
Юзларида фариштанинг нури бўлар.
 
 
Иймонлини ҳар доимо қўли очиқ,
Иши олға босаверар йўли очиқ.
Иймонсиздан асрагайсан паноҳбоним,
Кийимлари тиздан бийик, кўкси очиқ.
 
 
Лоқайд одам инсон эмас, ҳиссиз ёғоч,
Айтма унга дил изҳорин олдидан қоч.
Диёнатли киши билан бўлсанг ҳамроҳ,
Майли унга арзу ҳолинг, қалбингни оч.
 
 
Инсофсизга йўлдош қилмагин Оллоҳим,
Иймонсизга дуч қилмагин, дилдан оҳим.
Лоқайдларга ёндош қилма тақдиримни,
Иймонлидан айирмагин, ё Оллоҳим.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации