ЧОРАСИЗ
Мағрур бошим ёнингизда эгилди,
Кўз ёшларим пойингизга тўкилди,
Тоқатларим чок-чокидан сўкилди,
Кундан кунга сиз олислаб борасиз,
Етолмадим, чорасизман, чорасиз.
Севги деган дунёлардан бездим мен,
Сиз туфайли айрилиқда кездим мен,
Бевафо ёр бўлганингиз сездим мен,
Кундан кунга сиз олислаб борасиз,
Етолмадим, чорасизман, чорасиз.
Қаҳратондай меҳри қаттиқ ёргинам,
Бу оламда ҳам йўғ-у ҳам боргинам,
Зор кутганим, ҳам номуси оргинам,
Кундан кунга сиз олислаб борасиз,
Етолмадим, чорасизман, чорасиз.
ТОҒ ОДАМЛАРИ
Тоғликлар азалдан марду баҳодир,
Меҳнаткаш, оқкўнгил ҳар ишга қодир,
Юксак қоялардек тенгсизу нодир,
Эҳ тоғнинг одами, тоғ одамлари.
Ўхшашинг топмадим кезиб дунёни,
Лафзда барқарор, бутун иймони,
Лоқайдмас, ҳамиша қайноқдир қони,
Эҳ тоғнинг одами, тоғ одамлари.
Шодмон тақдиримнинг эгаси тоғлик,
Армонсиз яшадим, бахтли не чоғлик,
Таърифлашга сўзим бўлмас адоғлик,
Эҳ тоғнинг одами, тоғ одамлари.
АСРА, ИЛОҲИМ
Ўлим ҳақ , ҳамманинг навбати келар,
Бир куни кексайиб қаддинг букилар,
Ажал фариштаси атрофда елар,
Бемаҳал ўлимдан асра илоҳим.
Кексайиб ўлсалар ҳурматда бўлар,
Фарзандлар бел боғлаб хизматда бўлар,
Отам, онам деса салтанат бўлар,
Бемаҳал ўлимдан асра, илоҳим.
Ҳеч кимнинг ёш умри хазон бўлмасин,
Бир гули очилмай бевақт сўлмасин,
Ҳижрондан юраклар қонга тўлмасин,
Бемаҳал ўлимдан асра, илоҳим.
МЕҲРИ БОР
Севги ҳаёт кўрки, севги муқаддас,
Муҳаббат буюк деб олайин нафас.
Севгисиз ҳаёт бу мисоли қафас,
Юрагимда унинг қуёш меҳри бор.
Севган ёрни эслаш ширин завқ бўлар,
Гўё ғам-ташвишинг шу он йўқолар,
Дилдаги ғуборлар буткул тўкилар,
Юрагимда унинг қуёш меҳри бор.
Дилга ҳукмрондир ширин хотирот,
Кўнгил яйраб кетар эсласанг бот-бот,
Ишққа асир бўлсин жамий одамзот,
Юрагимда унинг қуёш меҳри бор.
ҒАНИМАТ БИЛГИН
Ҳаёт қисқа, вақтинг ўтказма бекор,
Бад ахлоқ ишлардан доим қилгин ор,
Оилангга суянч бўлишинг даркор,
Беш кунлик дунёни ғанимат билгин.
Инсондек яшагин, инсон бўлиб қол,
Ўз меҳнатинг билан улушингни ол,
Топганинг, еганинг бўлсин пок-ҳалол,
Беш кунлик дунёни ғанимат билгин.
Ўтдилар, ўтармиз, сўроғи бордир,
Оқкўнгил одамга фароғат ёрдир,
Боқий дунёси рост, фоний бекордир,
Беш кунлик дунёни ғанимат билгин.
Кимсага ёмонлик қилмагин ҳаргиз,
Сен деган тилингдан чиқсин сизу биз,
Ўзингдан қолдиргин яхши деган из,
Беш кунлик дунёни ғанимат билгин.
УЗУК
Севгим рамзи дея нозик бармоққа
Кўзлари порлаган узукни солдинг.
Узук баҳонаси билакдан тутиб,
Юзимдан оловли бўсалар олдинг.
Бир куни эскириб узук синажак,
Севгимиз эскирмас, яшнаб туражак.
Олтин эскирмагай – севгим чинакам,
Узук ришта бўлиб боғлансин доим,
Бизни ажратмасин сўнги дам қадар,
Қўша-қаришликни берсин илоҳим.
Бир куни эскириб узук синажак,
Севгимиз эскирмас, яшнаб туражак.
ҚАЛАМИМ
Юксакларга парвозим,
Янгроқ ўткир овозим,
Эътибору эъзозим
Қаламим туфайлидир.
Халқ қалбида қолганим,
Халқдан ҳурмат олганим,
Топганим, йўқотганим
Қаламим туфайлидир.
Шодон бахтиёрлигим,
Тилга эътиборлигим,
Бахтим, барқарорлигим,
Қаламим туфайлидир.
ВИСОЛ ВА ҲИЖРОН
Тоҳир – Зуҳра, Лайли – Мажнунга,
Насиб этса висолнинг они,
Шунча қадр олишармиди,
Машҳур бўлармиди достони.
Айрилиқ фурсати оғирдир,
Ҳижрони қанчалар қийноқли,
Висолга етмаган ошиқлар
Мангуга ардоқли, ардоқли.
Йўқдан бор қилгувчи Оллоҳим,
Совутма ҳеч қачон ёримдан,
Севгимдан айирма, майлига
Айиргин давлатим – боримдан.
ҚИЗИМ КЕЛИН БЎЛГАН УЙ
Олайин деб раҳматин,
Ошираман ҳурматин,
Кўтараман заҳматин —
Қизим келин бўлган уй.
Қўни-қўшнисин ҳатто,
Эъзозлайман бехато,
Бу Оллоҳ этган ато —
Қизим келин бўлган уй.
Кичикдир катта бошим,
Илиниб ичган ошим,
Ахир унда қуёшим —
Қизим келин бўлган уй.
Ўстирдим тарбиялаб,
Ёмон кўздан авайлаб,
Узатдим силаб-сийпаб —
Қизим келин бўлган уй.
Энди эгадир ўзга,
Баъзан қолиб гап-сўзга,
Шерикдир ризқи-рўзга —
Қизим келин бўлган уй.
ОШИҚЛАР
Олам чароғондир, чексиз, бепоён,
Унга яқин бўлар жамийки бор жон,
Ғайратда чарчамас, гапдон, қизиққон
Севиб ҳам севилган бахтли ошиқлар.
Олдидан чиққанда тошни эзади,
Ўзини оламда бахтли сезади,
Қўйиб берсанг агар дунё кезади
Севиб ҳам севилган бахтли ошиқлар.
Юрагига қил ҳам сиғмай қолади,
Қизил гулдай ранги сариқ бўлади,
Ичган қадаҳига оғу тўлади
Севган-у севилмай қолган ошиқлар.
Ишлари ўнгидан келмайди асло,
Боққанда кўзлари боқади бежо,
Яшашдан безади, тўйиб кетар ё
Севган-у севилмай қолган ошиқлар.
ТАБАССУМИНГГА
Бу олам кимга тор, кимга кенг бўлган,
Баъзи мағрур бошлар ерга тенг бўлган.
Лоқайд инсон дўстга на бўй, енг бўлган,
Дунёни алишмам табассумингга.
Оламда гул юзли, нозли қизлар кўп,
Юракни ўртовчи ширин сўзлар кўп.
Сендан ҳам сулувроқ ойдай юзлар кўп,
Дунёни алишмам табассумингга.
Сенинг табассуминг яйратар бағрим,
Боқмасанг юрагим оғрийди сим-сим.
Сендан ўзга кўнглим ололмас ҳеч ким,
Дунёни алишмам табассумингга.
ҚАЛДИРҒОЧГА ЎХШАТДИНГ
Мени қалдирғочга ўхшатма,
Осмондаги ойим ҳам дема.
Ел ўйнаган қаро сочимни,
Шарқираган сойим ҳам дема.
Мен башар фарзанди, инсон наслиман,
Севсанг агар мени шундоғимча сев.
Ортиқча ташбеҳга йўқ менда тоқат,
Севсанг мени йўғу борлиғимча сев.
Қалдирғоч гўзал қуш шак-шубҳа йўқдир,
Эрта баҳорданоқ келади учиб.
Учирма қилгач у пaлапонларин
Ўзга иссиқ юртга кетади учиб.
Мени ойим дединг қоронғи тунда,
Ёритгувчи дилим, қалбим муқаррар.
Ой жуда олисда, қўлинг етмайди,
Ойдек совуқликдан минг бор алҳазар.
МАҒРУР ТУТИБ БОШИМНИ
Аёлман-да, баъзилар
Синайди бардошимни.
Мен асло кўрсатмайман
Кўздан оққан ёшимни.
Ҳижронда эзилсам ҳам
Мағрур тутиб бошимни.
Сездирмайман ҳеч кимга
Кўздан оққан ёшимни.
Бунчалар оғир қилган
Раббим тақдир тошимни.
Пинҳон тута оламан
Кўздан оққан ёшимни.
Висол, бахт насиб қилса
Порлаган қуёшимни,
Дунё кўрсин севинчдан
Кўздан оққан ёшимни.
ИЙМОНДАН АЙИРМА
Инсонга не керак энг аввал,
Мустаҳкам ирода ҳам иймон.
Инсонмиз инсондек яшайлик
Иймондан айирма ҳеч қачон.
Инсонга не керак энг аввал,
Осуда яшамоқ ҳам соғлик.
Беҳуда ўтказма бир кунни
Инсоннинг ҳаёти ўлчоғлик.
Инсонга не керак энг аввал,
Ширин ҳис-туйғую муҳаббат.
Токи юрагимиз тепаркан
Бизни тарк этмасин садоқат.
ОТА
Ўғилларин тиззасига ўтқазиб
Қизини кафтида сақлаган ота.
Палапон қушчадай учирма қилиб,
Тўй куни узатиб, йиғлаган ота.
Она қизим, ширин қизим, жоним деб,
Қизининг сочини силаган ота.
Оқ қанддайин ўраб, асраб, авайлаб
Тўй куни бахт, иқбол тилаган ота.
Қизининг тақдирин ўзга қўлларга
Тутқазиб, оқ йўлга шайлаган ота.
Ич-ичдан ҳаяжон ва титроқ билан
Раббимга шукрона айлаган ота.
САЛОМ-САЛОМ, КЕЛИН САЛОМ
Бутун оламда сарвар,
Ҳам улғу мўътабар,
Улуғлардан улуғвор,
Салом-салом, келин салом,
Яратганга минг салом.
Доим имонда бўлган,
Умматларин қўллаган,
Тўғри йўлга йўллаган,
Салом-салом, келин салом,
Пайғамбарларга салом.
Оилага раҳбар бош,
Меҳри гўёки қуёш,
Ҳурмат қилар қари-ёш,
Салом-салом, келин салом,
Қайнотасига салом.
Оқ рўмолли диловбар,
Ширин сўз, ўзи лобар,
Қиз-келинга баробар,
Салом-салом, келин салом,
Қайнонасига салом.
Оиланинг сардори,
Меҳрибон вафодори,
Йигитларнинг номдори,
Салом-салом, келин салом,
Қайноғасига салом.
Аёлларга дугона,
Уйда меҳрибон она,
Латофатда ягона,
Салом-салом, келин салом,
Қайнопасига слом.
Қўлу оёғи чаққон,
Меҳнатда элга ёққан,
Сулув қизларга боққан,
Салом-салом, келин салом,
Қайнукасига салом.
Доим юзларин нурли,
Қалби тўла ғурурли,
Қадри юксак шуурли,
Салом-салом, келин салом,
Қайнсинглисига салом.
Ярашиқли савлатли,
Яхши дўстли, давлатли,
Ҳар қачон ҳам ҳурматли,
Салом-салом, келин салом,
Тоғаларига салом.
Қилган ишлари достон,
Юрган йўли боғ-бўстон,
Хайрли ишга посбон,
Салом-салом, келин салом,
Амакиларига салом.
Камтарин ниҳоятда,
Тенги йўқ адолатда,
Кўнгли яхши ниятда,
Салом-салом, келин салом,
Аммаларига салом.
Асал томар тилидан,
Ҳар иш келар қўлидан,
Гуллар унсин йўлидан,
Салом-салом, келин салом,
Холаларига салом.
Мудом меҳри жўш урган,
Яхшиликка ўй сурган,
Хизматда дадил турган,
Салом-салом, келин салом,
Қўшниларига салом.
Тўй бўлсин деб тилаган,
Яхши ниятга йўллаган,
Қийналганда қўллаган,
Салом-салом, келин салом,
Ҳамма-ҳаммага салом.
ҚЎЙГИЛ ҲОЛИМГА
Болалигим ўтди мисоли чақмоқ,
Наздимда порлайди ёрқин ҳамма ёқ.
Ўксиниб эслайман, хаёлим тарқоқ,
Қўй армон, қийнама, қўйгил ҳолимга.
Товон қадар сочим бўй қизлигимда,
Олма каби таранг ой юзлигимда,
Аҳдимга вафода бир сўзлигимда,
Қўй армон, қийнама, қўйгил ҳолимга.
Ошиқлар юрарди йўлимда сарсон,
Муҳаббатдан сармаст, кўпирганда қон.
Гўёки бош эгар замину осмон
Қўй армон, қийнама, қўйгил ҳолимга.
Болаликни қўмсаб эзилар бағрим,
Ёшликни эсласам дил оғрир сим-сим.
У кунларга қайтмас ҳаётда ҳеч ким,
Қўй армон, қийнама, қўйгил ҳолимга.
АЗИЗ РАФИҚАМ
Умрим ўтар баъзан кўча-кўйларда,
Дўстлар даврасида, базму тўйларда,
Сен мени кутасан турли ўйларда,
Барча дардларимга ўзингсан малҳам,
Бахтимга омон бўл азиз рафиқам.
Бошимга иш тушса елиб-югурган,
Ҳарна юмушимни қилиб улгурган,
Ғаму қувончларда ёнимда турган,
Ҳаётда кўрмагин ташвиш ила ғам,
Менинг бир умрлик азиз рафиқам.
Гўзаллар баъзида сузса қош-кўзин,
Болданда ширинроқ сўзласа сўзин,
Қанчалар меҳрибон тутмасин ўзин,
Мен учун барчадан яқинсан санам,
Жонимда азизсан менинг рафиқам.
Ҳаёт давомчиси, фарзандимга бош,
Оилам чироғи, меҳри бир қуёш,
Кўзингда кўрмайин бирор қатра ёш,
Оламнинг қувончи бўлса ҳамки жам,
Сенга етолмагай азиз рафиқам.
РАНЖИМАНГ
Ёрим дея кўнгил бергандим,
Ёрим дея гуллар тергандим,
Ҳатто қуёш – ойим дегандим,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Билмам қандай келди бу алам,
Зир титради дилимдан нолам,
Кўз ёшимга ғарқ бўлди олам,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Оғритдимми дилингиз жоним,
Сиз ўзингиз жону жаҳоним,
Қалбимдасиз то сўнгги оним,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Аразламанг юракни доғлаб,
Рақибларим кўнглини чоғлаб,
Ярашмоққа борай сўроқлаб,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Келмасангиз кўп изтиробим,
Васлингиздир менинг талабим,
Лабингизга қўяйин лабим,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Рашким этди дилингиз хуфтон,
Кечирингу келинг мен томон,
Сиз билан ҳаётим фаровон,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
Гиналарни унутиб бир зум,
Ёнингизга борайин ўзим,
Сизга боқиб қувнайди кўзим,
Севган ёрим мендан ранжиманг.
ЭРКАК ВА АЁЛ
Эркакка ярашар мардлик, жасурлик,
Оилада бўлсин қадри, қиммати.
Унинг учун ҳусн эмас, муҳими —
Забардаст билагу алп қомати.
Аёлга ярашар кўрку гўзаллик,
Хипча бел, нозиклик, чирой, латофат.
Қиз йигитдай бўлай десин жасоратда,
Йигит қиздай бўлай демасин фақат.
УЗОҚЛАШТИРМА
Сен ўзингдан узоқлаштирма,
Ўзингга торт, яқин бўлайин.
Агар мени қадримга етсанг
Бағрингга нур, чақин бўлайин.
Йўлларингни ёритган офтоб,
Ҳаётингга маъною мазмун.
Истиқболинг порлоқ этгали
Садоқатда турай туну кун.
Юз ўгирсанг мендан мабода
Ботган ойдай бўлиб сўнайин.
Кўксингга бош қўйиб сўнгги дам
Меҳринг сезиб, сўнгра ўлайин.
МЕНИ СЎРОҚЛАБСАН
Мени ўйлаш учун топибсан имкон,
Эшитиб қалбимни босди ҳаяжон.
Бир ширин ҳисларга асир бўлди жон,
Мени сўроқлабсан танишларимдан.
Оламда қувонч, ғам ёнма-ён турар,
Яхши хабар қалбга севинч уфурар.
Юрак муҳаббатда, шодликда урар,
Мени сўроқлабсан танишларимдан.
Мудроқ дил кўз очди уйқудан бугун,
Сўлғин юзларимда чирою гулгун.
Фараҳбахш ўй билан чароғондир тун,
Мени сўроқлабсан танишларимдан.
Тўзғиган сочимни қайта тарадим,
Ҳаётга ҳайратла кулиб қарадим.
Раббимдан мадад бер, дея сўрадим,
Мени сўроқлабсан танишларимдан.
ТУРЛАНИШ
Эрталаб совуқдан жунжикиб таним,
Изғирин қиш бўлиб тикан санчилди.
Чошгоҳга етганда кесилиб дами
Совуқнинг заҳарли тиғи янчилди.
Офтоб чарақлади майин жилмайиб,
Оламни бир зумда чулғади тафти.
Энди елпинамиз сояга ўтиб,
Иссиқ ҳоким бўлиб олганда запти.
Кечга томон ҳаво бир оз салқинлаб
Баҳорнинг нафаси уфурди бирдан.
На иссиқ, на совуқ – мўтадил иқлим
Майин шаббодадан яйраб кетди тан.
Бир куннинг ичида уч фасл кўрдик,
Яратганнинг иши – Ўзи билади.
Агар ишонганинг шундай турланса
Сақлагин, сақлагин – жинни қилади.
ТУҲМАТГА ҚОЛМА
Дунёда энг ёмон не бало туҳмат,
Ғам-аламга этгай мубтало туҳмат,
Дўстни дўстга айлар нораво туҳмат,
Ёрни ёрга этар бевафо туҳмат,
Ҳатто шоҳни қилгай хор, гадо туҳмат.
Дастурхон устида отам доимо,
«Туҳматга қолма», деб қиларди дуо,
Ажабо, бу сўзда бир олам маъно,
Гул юзларни қилгай каҳрабо туҳмат,
Ажалдан ҳам ўтар бесадо туҳмат.
У қанча мардларнинг бошин эгмаган,
Кўзлардан беҳуда ёшлар тўкмаган,
У не кўнгилларга алам юклаган,
Хаста қилар сизни, ё адо туҳмат,
Яшаш учун бермас нур, ҳаво туҳмат.
Бир оғиз ёлғон сўз умрга офат,
Қалбингга солади мангу жароҳат,
Уни қуритайлик, бермайин фурсат,
Токай юзга суртар бир қаро туҳмат,
Жигарлардан этгай ё жудо туҳмат.
Ҳаётда пок, ҳалол яшасанг арзир,
Мудом эзгуликка не етсин ахир,
Тинчу тотувликдан яшнасин бағир,
Оламда топарму интиҳо туҳмат,
Ҳалима, ҳушёр бўл бедаво туҳмат.
ВАТАННИ СЕВ
Бировнинг ёрига бўлма ҳеч шайдо,
Ўзга давлатига бўлма маҳлиё!
Бойлик учун кечма Ватандан асло,
Бепаноҳ, бенажот – топмассан вафо,
Юртдан кечган бўлар хор, ватангадо!
Ўз еринг ташлама етим бўлсанг ҳам,
Элингни ардоқла сен ким бўлсанг ҳам,
Соғинч эзар қалбинг, метин бўлсанг ҳам,
Ўзга юртда бўлсанг ҳоким мабодо,
Элдан кечган бўлар хор, ватангадо!
Оғирлик сезилмас дўстлар бор учун,
Жонинг берсанг арзир севган ёр учун,
Бахтли, соғ ўстирган гул диёр учун,
Туғилган тупроқдан сен бўлсанг жудо,
Охири бўлгайсан хор, ватангадо!
Бошингга иш тушса, дўст-ёринг қалқон,
Руҳингни кўтаргай ўз халқинг ҳар он,
Роҳат ўз уйингда, ҳаёт фаровон,
Дил тубида чиқар охирги нидо —
Юртдан кечган бўлар хор, ватангадо!
Бегона юртларда сочинг оқариб,
Тупроғинг қўмсарсан бир куни қариб,
Охир адашганин ҳис қилар ғариб,
Халима, бу ғамни ҳеч кўрмас раво,
Ҳеч кимса бўлмасин хор, ватангадо!
КЕЛИНЧАК
Қоши қаро, кўзи хумор келинчак,
Бахтинг эрур номусу ор келинчак,
Бўл ҳаммага меҳрибону куюнчак,
Қайин ота, қайин сингил келсалар
Доим кулиб тургин, ҳушёр келинчак.
Беҳуда рашк билан ёринг қийнама,
Уй-жойларни энди қиёс айлама,
Қайнонангни бегона деб ўйлама,
Дуо олгин бўлиб бедор келинчак,
Сабринг қишни этсин баҳор келинчак.
Тонгда туриб саломингни тарк этма,
Ғайрат қил, ўзгадан нимадир кутма,
Бахтли юртнинг шод қизисан унутма,
Олқишларга бўл сазовор келинчак,
Бўлсин ҳамроҳ ою-қуёш келинчак.
БЎЛ ЙИРОҚ
Дўстларим, ҳатто ажалдан қўрқмагайман мен вале,
Ажални-да маҳв этувчи туҳматидан қўрқаман.
Ёнингга келса бериб гул, орқангдан-чи тош отиб,
Фисқу фасод, майда гапдан, кулфатидан қўрқаман.
Миш-мишли гап тарқатар, бундай одамдан қил ҳазар,
Туҳматидан келадиган заҳматидан қўрқаман.
Билмадим, қайдан оларкан мунча чиркин иғвони
Яхшилик қилган бўлару миннатидан қўрқаман.
Воажаб ушбу оламда қалби қаролар бор экан,
Юз ўгургум ҳар қачон, мен хизматидан қўрқаман.
Андиша бирла ибо йўқ мақсади бўлса ўзим
Жаннатий ваъда қилару жаннатидан қўрқаман.
Чин сўзим шудир Ҳалима, иғвогардан бўл йироқ,
Сохта дўстнинг минг тавозе, раҳматидан қўрқаман.
БУ ҲАЁТ…
Дўстинг қилса хиёнат
Кенг дунё бўлганда тор.
Оҳ, бу чалкаш ҳаётдан
Жонингга етар озор.
Фарзанд сўзинг уқмаса,
Қийналасан муқаррар.
Бош урасан қаёққа,
Бу ҳаёт бунча ўжар.
Инсонсан, қаддингни тут,
Чалкаш, ўжарликни енг.
Шунда кўринар кўзга
Олам чароғону кенг.
ҲОЖИЛАРГА
«Ойнаи жаҳон»да кўриб турибман,
Бўлғуси ҳожилар туришар қатор.
Кўзларида қувонч, қалбида ғурур,
Ҳаж йўлида бўлсин оқ йўл, омад ёр.
Баъзилар ҳаётда қилган гуноҳдан
Тавба қилиш учун қилишмоқчи ҳаж.
Ҳаждан ҳожи бўлиб қайтганидан сўнг
Гуноҳ қилмасликка топишсин илож.
Оллоҳим уйидан покланиб қайтсин,
Умидла боришган – қўлласин Раббим.
Ҳожилар тавбаси ижобат бўлиб,
Умидсиз қолмасин оламда ҳеч ким.
ҚЎЙГИН, АЗИЗИМ
Ҳаётимда йўқдир ҳаловат,
Турмушимдан йўқолди роҳат.
Ўйлаганим сенсан муҳаббат,
Сен мени тинч қўйгин, азизим.
Қийноқларинг ўтди жонимдан,
Пайдо бўлдинг ҳар бир онимдан.
Тарк этиб кет менинг ёнимдан,
Сен мени тинч қўйгин, азизим.
Сен куйдирдинг ёнди бор таним,
Мағлуб бўлдим, зўр бўлди ғаним.
Азоб бўлди бахт деб тутганим,
Сен мени тинч қўйгин, азизим.
Юз ўгирдинг, ҳаётим сокин,
Сенсиз яшаш азоб экан, чин.
Кел муҳаббат, деб оламан тин,
Сен мени тинч қўйма, азизим.
КЎРИБ ЁҚТИРДИМ
Сени бир даврада кўриб ёқтирдим,
Лутфи карамингга интизор бу дил.
Орадан ўтса ҳам қанча ой, йиллар
Сени ҳали ҳамон соғинар кўнгил.
Сен-чи парвоинг йўқ, эсламайсан ҳам
Менга суюк бўлдинг, азизим билгил.
Балки сен ўзганинг азизидирсан,
Сени ҳали ҳамон соғинар кўнгил.
Яна бир неча бор йўлиқдим сенга
Айтмоқчи бўлдиму ожиз бўлди тил.
Эзилиб қийналдим, билармикинсан,
Сени ҳали ҳамон соғинар кўнгил.
Ўтли боқишларинг доим ёдимда,
Юрагимга сиғмас шу он ҳатто қил.
Интизор кўзларим мангу қўмсайди,
Сени ҳали ҳамон соғинар кўнгил.
ОҲ, ШУ БИРГИНА КУЙ
Оҳ, шу биргина куй бағримни эзиб,
Ёдимга туширди ўтган кунларни.
Илк севги, илк азоб, илк ҳаяжонлар,
Бедорликда ўтган ўша тунларни.
Оҳ, шу биргина куй бағримни эзиб,
Беғубор болалик ёдимга келди.
Ажин босган юзим силайман шу дам,
Гўёки танамга изғирин елди.
Оҳ, шу биргина куй бағримни эзиб,
Ўтган азизларни туширди ёдга.
Гўёки ўзимни қайта кашф қилдим,
Қайтадан қайтарди ўтмиш ҳаётга.
ШИРИН КУЛИБ КЕТАСАН
Табассум ҳадя қилиб,
Ширин кулиб кетасан.
Муродга етказмасанг,
Нечун асир этасан.
Мақсадинг азоб бермоқ,
Инсофинг борми ахир.
Ҳеч мурувват қилмайсан,
Бунча бўлдинг тошбағир.
Ўзингга ром қилдингу
Азобларга ташладинг.
Осойишта кўнгилни,
Айтгин, нега ғашладинг.
Саховатинг аяма,
Илтифотли бўл дилдор.
Ўзим сенга шайдоман,
Бир умрлик харидор.
ОРЗУ
Севиб қолдим бир гўзал қизни,
Ҳар куни бир кўрсайдим қани.
Рўмол бўлиб яралсам эди,
Боши узра ўралсам қани.
Чаман бўлсам гулзор оралаб
Ёнгинамда юрсайди қани.
Тароқ бўлсам, сунбул сочини
Ҳар кун тараб ўрсайди қани.
Севги деган бир оташ экан,
Қўлларидан тутсайдим қани.
Пиёлага айланиб бир кун
Лабларидан ўпсайдим қани.
ЎЗИНГ СЕЗИБ ОЛ
Дилим сенга боғланган,
Келишингни истардим.
Ипсиз илиниб қолдим,
Билишингни истардим.
Билиб туриб ўзингни
Билмагандек тутмагин.
Сенинг вафодорингман
Буни ҳеч унутмагин.
Фақат қизлик ғурурим
Қўймас этмакка ошкор.
Тортган азобларимга
Бир ўзингсан сабабкор.
Ўтса ҳамки ой, йиллар
Айтолмайман ошкора.
Фақат боқишларимдан
Сезиб қоларсан зора.
ЙИҒЛАМА, МУҲАББАТ
Тутган гулимиз сўлди,
Йўлимиз айро бўлди,
Қўлдан қадаҳ тўкилди,
Қўй йиғлама, муҳаббат.
Озорлар етиб жонга,
Кетдик икки томонга,
Айбни қўйиб замонга
Қўй йиғлама, муҳаббат.
Айро кетдик кўзда ёш,
Тугаб ҳижронда бардош.
Тутилди кўкда қуёш,
Қўй йиғлама, муҳаббат.
Кетсанг қоламиз ёлғиз,
Сенсиз ожиз, ғарибмиз.
Ташлаб кетмагин ҳаргиз,
Қўй йиғлама, муҳаббат.
ЛОЙСУВОҚ УЙ
Оддий лойсувоқ уй турар қаршимда,
Бир аёл ўчоққа олов ёқарди.
Атрофда на девор ва на дарвоза,
Юзингга меҳрла кулиб боқарди.
«Борар ердан хола, бир оз адашдим,
Озроқ ором олай, менга жой беринг.
Йўлларда қийналдим, толиқдим-толдим,
Агар илож бўлса қайноқ чой беринг».
Дастурхонда нони, қайноққина чой,
Кўрпача тўшади ёстиқлар олиб.
Кейинги кун бўлдим яна сафарда,
Баланд бир уй турар ҳайратга солиб.
Ҳашаматли уйга келиб тўхтадим,
Айлана деворлар, эшик нақшинкор.
Босдим тугмачани, чиқди бир хоним,
Мени бошдан оёқ кузатди бир бор.
«Опажон адашдим борар еримдан,
Бир кеча жой беринг, бўлайин меҳмон».
Кибр билан боқиб менсимагандай,
Тарс этиб эшикни ёпди шу замон.
Девор, дарвозасиз анов уй билан
Қаср мисол уйни айладим таққос.
Биринчи беканинг қалби қаср экан,
Иккинчисиники кулбага қиёс.
СИЗ ЭРКАКЛАР
(Ҳазил)
Ошиқлигингни сезса
Қилар баъзан эрмаклар.
Еттинчи осмондасиз
Сиз эркаклар, эркаклар.
Содда эмассиз – қувсиз,
Севиклига сергаклар.
Бошимизга бошэга
Сиз эркаклар, эркаклар.
Сиз ҳақингизда кўпдир
Афсонаю эртаклар.
Соғ-омон бўлингизлар
Сиз эркаклар, эркаклар.
Ҳаётда ҳукмронсиз,
Оилада тиргаклар.
Аёл бахти, қувончи
Сиз эркаклар, эркаклар.
Ҳаддингиздан ошмангиз
Бирда сергап, камгаплар.
Бизсиз ўтмас кунингиз
Сиз эркаклар, эркаклар.
БОРДИР АЛАМИМ
Ёшгина қиз эдим, бахтиёр эдим,
Назаримда йўқ эдим камим.
Илк севгидан мамнун яшардим,
Мени совчиларда бордир аламим.
Ўзга бир йигитдан келган совчилар
Мақташиб оширди юракда ғамим.
Ота-онамни ҳам кўндиришибди,
Мени совчиларда бордир аламим.
Исён этиш учун имкон топмадим,
Ошкор этар бўлди энди қаламим.
Икки севган қалбни айро айлаган
Мени совчиларда бордир аламим.
ЭНГ УЛУҒ
«Тушунмадим, бир шеърингда сен
Ватанни энг улуғ дегандинг.
Бошқасида энг улуғ Она,
Бирда Муҳаббатни улуғлагандинг».
Майли шарҳ берайин ёзганларимга,
Онам оналардан мен учун улуғ.
Муҳаббат буюкдир ҳар қандай онда,
Ватаним ватанлар ичида қутлуғ.
Гоҳида дўстликни улуғ деганман,
Гоҳи оқибатни ёздим шубҳасиз.
Сендай сўровчимга жавобим тайёр:
Ҳар нарса ўзининг жойида азиз.
ЖАВОБИМ
Дединг: яхши кўрдим сени азизим.
Дедим: қалбимда йўқ зарра муҳаббат.
Дединг: фироқингда фидойи бўлдим,
Не учун қилмайсан азизим шафқат.
Дедим: нима қилай сeвмасам сени,
Уйғонмаса дилда ишқнинг учқуни.
Бир лаҳза эслашга имкон топмадим,
Бўлмадим ҳеч қачон севги тутқуни.
Ёлборма, қийнама ўзингни асло,
Муҳаббат боғидан турибман четда.
Севгига асира бўлмадим, нетай,
Барча саволингга жавобим шунда.
ШИРИН АЗОБ
Ҳаётда ҳар нарса бўлади,
Бемор бўлсанг тузаларкансан.
Йўқчиликка дуч келиб ногоҳ,
Қарздор бўлсанг узиларкансан.
Муҳаббатга дуч келсанг агар,
Боғланасан қийноқни уюб.
У тузалмас оғриқ тобора,
Доғланасан кундан-кун куюб.
Муҳаббатнинг қисмати аччиқ,
Болдан тотли етсангиз агар.
Гоҳи ширин, аччиқ бўлса ҳам
Интиламиз унга ҳар сафар.
СЎНГГИ ПУШАЙМОН
Олам сирларига ҳайратла боқдим,
Биз олий ҳилқатмиз – онгли мавжудот.
Гар шундай бўлса-да, хатоликлар ҳам
Қилиб сўнг афсуслар чекамиз бот-бот.
Жуда юксакларга интиламизу
Етишмай қолади чидаму сабот.
Енгиш учун имкон қидирмай туриб,
Афсуски курашсиз енгиламиз бот.
Ота-онамизнинг қадрига етмай
Баъзан ўзгалардан кутамиз нажот.
Ҳаётда қоқилиб, дўстни йўқотгач
Яна минг афсус-ла чекамиз фарёд.
Билиб ё билмайин қилиб хатолар,
Ўлчоғлик умрини яшар одамзод.
Энди ўнглаш учун бўлмайди имкон,
Минг афсус, афсус ҳам қилолмайсан, дод.