282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Халима Маликова » » онлайн чтение - страница 3

Читать книгу "Сизни излайман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 06:40


Текущая страница: 3 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ТУШКУНЛИК

 
Сен кетдинг келмас бўлиб,
Маҳзун шеърлар топилди.
Орзу-ҳавас эшиги
Мангуликка ёпилди.
 
 
Уйим ёруғ-чароғон,
Дилим чироғи ўчди.
Энди мени юпатиб,
Ҳижрон шамоли қучди.
 
 
Дил ғамли, кўзим кулар,
Соғиндим, қалбим яра.
Энди менга ҳамоҳанг
Шовуллайди шаршара.
 
 
Дунё тўла одамлар —
Ғамли, кўзлари ёниқ.
Сен туфайли бир умр
Кўнглим ойнаси синиқ.
 

ИЛТИЖО

 
Отажон, меҳнатдан топинг ризқ,
Онам есин ҳалолдан фақат.
Мен – ҳомила онам қорнида,
Менга қилинг меҳр ва шафқат.
 
 
Онам ризқи бўлса покиза,
Кўз очаман мен иймон билан.
Онагинам тор қорнидаёқ
Улғаяман тоза қон билан.
 
 
Отам ҳалол насиба топса
Онам сути бўлади ҳалол.
Покиза сут эмиб улғайган
Инсон билинг, топажак иқбол.
 

КУЛАМАН

 
Қувноқ давраларда хандон куламан,
Гулгун очилганга қилгум табассум.
Ғамгин чеҳраларга боқиб, шу замон
Маюс-ла термулиб қоламан бир зум.
 
 
Меҳр берар бўлсам юракдан чиққан
Учқунга эрийди, ҳатто музлар ҳам.
Жаҳл қилар бўлсам юракдан чиққан
Нафратга музлайди иссиқ юзлар ҳам.
 
 
Мени таниганлар беташвиш дерлар,
Мағрур кўтараман ҳар он бошимни.
Чеҳрамда ҳамиша табассум бўлар,
Асло кўрсатмайман кўзда ёшимни.
 

ТИНЧЛИК

 
Яшайсан осойишта,
Хонадонинг саришта.
Тарк этмайди фаришта
Тинчлик хукмрон бўлса.
 
 
Уйқунг тинч, ҳаловатли,
Ўтган кунинг роҳатли.
Инсонлар садоқатли
Тинчлик ҳукмрон бўлса.
 
 
Болалар ўсар соғлом,
Тонг каби шуурли шом,
Ижодкорларда илҳом
Тинчлик ҳукмрон бўлса.
 
 
Кўнгилни орзу-ҳавас
Тарк этмайди бир нафас.
Дунё бўлмас тор қафас
Тинчлик ҳукмрон бўлса.
 
 
Ҳар жойда тўй, тантана,
Тўкин бўлар ҳар хона.
Оромда ота-она
Тинчлик ҳукмрон бўлса.
 

СЕН

 
Ягона ишқимни сенга тутқаздим,
Йўлингда бепарво давом этдинг сен.
Энди ҳувиллайди бўш қолган қалбим,
Бир лоқайд боқдингу ўтиб кетдинг сен.
 
 
Бўш қолган юракка келди изтироб,
Соғинч-у аламлар жой олди шу он.
Гўё сукунатда теварак-атроф,
Бутунлай зимистон гўёки жаҳон.
 
 
Англадим ҳижронда дардлидир юрак,
Ўхшайди бўшлиққа, музликларгами.
Висолда чароғон кўринар ҳаёт,
Билинмас дунёнинг ортиғи-ками.
 
 
Кетар бўлсанг агар ташлаб азобга,
Қалбдаги севгимни юлиб кетгин сен.
Алам, қайғулардан қутилтиргин-у
Бари муҳаббатим олиб кетгин сен.
 

СУЯКСИЗ ТИЛ

 
Қадр топай десанг агар эл ичида,
Айтар сўзинг обдон ўйла, англагин, бил.
Ўйламасдан айтган сўзинг бир офатдир,
Дейдиларки, оғзингдаги суяксиз тил.
 
 
Ёру дўстинг ичра ҳурмат олай десанг
Бўш қўймагил ўз ҳолига, эҳтиёт қил.
Ҳам қадрсиз, ҳамда азиз қиладиган
Дейдиларки, оғзингдаги суяксиз тил.
 
 
Танангдаги бир парча гўшт, сен ҳукмрон,
Қилар сени азизлардан ёки сабил.
Қайга бурсанг ўша томон кетаверар,
Дейдиларки, оғзингдаги суяксиз тил.
 

УЗОҚЛАШТИРМА

 
Сен ўзингдан узоқлаштирма,
Ўзингга торт яқин бўлайин.
Агар мени қадримга етсанг
Бағрингга нур, чақин бўлайин.
 
 
Йўлларингни ёритган офтоб,
Ҳаётингга маъною мазмун.
Истиқболинг порлоқ этгали
Садоқатда турай туну кун.
 
 
Юз ўгирсанг мендан мабода
Ботган ойдай бўлиб сўнайин.
Кўксингга бош қўйиб сўнгги дам
Меҳринг сезиб, сўнгра ўлайин.
 

СЕНИ ТОПМАДИМ

 
Боғу чаманлардан, ҳар турли гулдан
Ўхшаши борми, ахтардим изинг.
Ҳар бир сўқмоқчадан, сен ўтган йўлдан
Топарманми, дея босган ҳар изинг.
 
 
Бирор гул, ғунчага ўхшамас ҳидинг,
Изларингни шамол олиб кетибди.
Беҳуда югурдим тўрт тарафга мен,
Тушундим, ҳижроннинг вақти етибди.
 
 
Изладим на исинг, изинг топмадим,
Куз келиб, майсалар қуриб сўлгунча.
Изладим, оҳ урдим, аммо ҳеч жойдан
Англадим, топмасман сени ўлгунча.
 

ҚУВОНЧИМ

 
Тим қоронғи юракларни
Ёритмаса ёзган шеърим.
Беҳудага кетар экан
Заҳмат билан тўккан терим.
 
 
Юлдуз бўлиб ярақлайман
Чақмоқ каби чаққанимда.
Кўлмакдайин тўхтамайман
Дарё бўлиб оққанимда.
 
 
Ҳатто бирор ғамли юрак
Таскин топса ашъоримдан.
Мен ўзимни бахтли атай
Ўтган умр баҳоримдан.
 
 
Ёзганларим бир чеккада
Ҳеч ётмасин чангга ботиб.
Қўлма-қўлда ўқисалар
Яшнагайман тонгдай отиб.
 

ЎЙГА ТОЛАМАН

 
Ҳаётда дуч келсам тўсиққа,
Қийналганда ўйга толаман.
Нима хато қилган эканман,
Дея бир зум ҳайрон қоламан.
 
 
Бир ғарибни камситдимми, ё
Камни кўриб кибрландимми?
Ютуғимдан ғурурга бориб,
Мақтовлардан ҳаволандимми?
 
 
Фарзандларим тарбиясида
Йўл қўйдимми хатога бирор.
Адашганни йўлга солмасдан,
Ёрдам бермай, қилганмидим ор.
 
 
Барчасига йўқ дейман, лекин
Зорим бору аммо йўқ зўрим.
Нима қилай, хом сут эмганман,
Фақат беайб Парвардигорим.
 

ОҚҚУШ ҚИЗЛАРИМ

 
Оқ қанддек ўрадим, ўстирдим,
Бир зум ҳам узмадим кўзларим.
Йўлларингиз бехатар бўлсин
Оққуш каби учган қизларим.
 
 
Вояга етказдим авайлаб,
Узатишга кўзим қиймайди.
Қизиқ дунё, сесканиб кетдим,
Энди бошқа савол қийнайди.
 
 
Ўтириб қолсая уйимда,
Боқаман уларга жавдираб.
Узатиш ҳам қийин, қолиш ҳам,
Кўзимдан ёш чиқди тирқираб.
 
 
Кимнидир уйига тушасан,
Оқ бўлсин йўлларинг, дилбандим.
Бугундан сен учун онадир
Ёрингни онаси, фарзандим.
 

СУЯНЧИҚ

 
Ҳақиқий дўст топсанг агар мабодо,
Сирлашгани тайёр бўлса ёнингда.
Зир югуриб, муаммода қолмайсан
Чунки қалқон дўстинг ҳар бир онингда.
 
 
Юпатгувчи онанг бўлса бошингда
Ҳар доимо сенинг учун парвона.
Суянчиғинг – отанг турса қошингда
Йўлинг очиқ йўловчисан ягона.
 
 
Кўнглинг олиб, дилинг равшан айлаган
Дилбар бўлса оилангда сенга ёр.
Яхши-ёмон кунларингда елкадош
Армонсизсан, сен бахтлисан бахтиёр.
 
 
Энди чиқса не тўсиқлар қаршингдан
Янчиб, босиб ўтажаксан бегумон.
Ота, она, дўстлари бор одамлар
Қоқилмасдан олға босар ҳар замон.
 

СИЙЛАШАЙЛИК

 
Бугун суҳбат қурганларни
Балки эрта кўролмаймиз.
Ҳозир бирга юрган билан
Эрта мумкин юролмаймиз.
 
 
Чоҳ қазима кимларгадир,
Умр қисқа, бўғизда жон.
Ҳар бир кунни ғанимат бил,
Ҳамроҳ бўлсин инсоф, иймон.
 
 
Кенг дунёга сиғмаганлар
Сиғишади тор қабрга.
Нима ҳожат кўролмаслик,
Оёқ чалиш ва жабрга.
 
 
Келинг дўстлар, қучоқ очинг,
Кенг дунёни қилмайлик тор.
Қасдлашмасдан сийлашайлик,
Эрта жавоб беришлик бор.
 

ДАСТУРХОНИНГ ОЧИҚ БЎЛСА…

 
Кўпаяр дўсту ёрларинг,
Қувватланар қарорларинг,
Сезилмас йўғу борларинг
Дастурхонинг очиқ бўлса.
 
 
Гадо кириб тўйса агар,
Савоби бир куни тегар,
Қайга чўзсанг қўлинг етар
Дастурхонинг очиқ бўлса.
 
 
Камга ҳиммат кўрсатайлик,
Агар бўлса чўмич мойлик,
Эгам ўзи берар бойлик
Дастурхонинг очиқ бўлса.
 
 
Ағёрларинг ёр бўлади,
Ҳаётинг гулзор бўлади,
Икки дунёнг бор бўлади
Дастурхонинг очиқ бўлса.
 

РАББИМ ҚЎЛЛАСИН

 
Тураман дегандим, елкамдан босди,
Тўғри сўзларимга қовоғин осди.
Қийналдим ўзимни ўнглолмай рости,
Раббим қўллаганди, енгдим барисин.
 
 
Қоқилишим кутди баъзи бировлар,
Тамом бўлди, дея ўйнаб гаровлар.
Баъзан мадад қилди ўзга бировлар,
Синадим одамнинг ёшу қарисин.
 
 
Дўстингман деганлар юзин ўгирди,
Билдириб-билдирмай бурин жийирди,
Кўролмаслар роса елиб-югурди,
Демади, тинч қўйинг, ғами арисин.
 
 
Баъзида қоқилиб, тиз чўкиб қолдим,
Қаддим ростлаёлмай бел букиб қолдим.
Шунда Яратганга дилдан ёлбордим,
Раббим қўллаганди, енгдим барисин.
 

ИШҚ ДЕЯ

 
Сўраса сен учун недир муқаддас,
Табаррук севгидир асл фароғат.
Энг сўнгги дамда ҳам севгини ўйлаб
Юрагим ишқ дея тўхтасин фақат.
 
 
Қўлимда тор билан вафони куйлай,
Бўлса ҳам бу ҳаёт менгa бешафқат.
Сўнгги дам мол-дунё ҳаваси эмас,
Юрагим ишқ дея тўхтасин фақат.
 
 
Инсон келар экан ҳаётга бир бор,
Тарк этмасин уни буюк муҳаббат.
Бир умр покиза севгини куйлаб
Юрагим ишқ дея тўхтасин фақат.
 
 
Тилагим орзую армон ушалсин,
Ошиқлар ҳеч қачон чекмасин заҳмат.
Ҳалима тилида такрорлар доим
Юрагим ишқ дея тўхтасин фақат.
 

НИЯТ

 
Бурун замон йигитлар
Севганига етмаса,
Ҳатто узоқ-узоқдан,
Бир бор кўриб кетмаса,
Кўксин заҳ ерга бериб,
Ғамга ботиб ётаркан,
Ҳеч сўз қулоққа кирмай
Туну кун оҳ отаркан.
Ҳозир йигитга осон
Қизларга қийин бўлди.
Қизга етиш ҳеч гапмас,
Йигитга ўйин бўлди.
Қиздан йигитлар қочиб,
Изҳорин қиз айтмасин.
Бир ўтинчим ой қизлар
Ўзлигин унутмасин.
 

ҚАЙТАР ДУНЁ

 
Ўзингни яқин тутиб,
Юракка ўт солдингку.
Ошиқлигимни сезиб,
Билмасликка олдингку.
 
 
Ўзинг дилга ўт ёқдинг,
Энди ўзинг ўчиргин.
Мендаги ишқ ўтини
Юрагингга кўчиргин.
 
 
Шунда бошингга тушса,
Куйдирса ўт – аланга.
Балки пушаймон бўлиб,
Ўйлармидинг танангга.
 

БОҒЛАНГАН

 
Дилим сенга боғланган,
Келишингни истардим.
Ипсиз илиниб қолдим —
Билишингни истардим.
 
 
Билиб туриб ўзингни
Билмагандек тутмагин.
Сенинг вафодорингман
Буни ҳеч унутмагин.
 
 
Фақат қизлик ғурурим
Қўймас этмакка ошкор.
Тортган азобларимга
Бир ўзингсан сабабкор.
 
 
Ўтса ҳамки ой, йиллар
Айтолмайман ошкора.
Фақат боқишларимдан
Сезиб қоларсан зора.
 

ТУШМАСИН ҒУБОР

 
Севгим чин, севгим пок, севгим беғубор,
Севгим бамисоли яшнаган баҳор.
Келинг, ишқ бобида суҳбат қурайлик,
Бир умр таратсин, ёқимли иффор.
Бу эзгу ҳис кирар юракка бир бор,
Севгига тушмасин заррача ғубор.
 
 
Бунчалар буюксан, бунчалар суюк,
Ҳам бағри куюксан, азиз муҳаббат.
Ҳалима дер мангу севгини куйлай,
Севги билан тўлсин бу гўзал ҳаёт.
Майли ишқ қалбимга берса ҳам озор,
Севгига тушмасин заррача ғубор.
 

СЕНДАН ЙИРОҚДА

 
Сендан йироқдаман, жуда йироқда,
Лекин нафасингни сезиб турибман.
Умр ўтаяпти, ҳижрон, фироқда,
Лекин мен ҳалиям ўша-ўшаман.
 
 
Меники бўласан – бу орзум эди,
Лекин сароб бўлди ўйлаганларим.
Бир бор эшитишни хоҳламадилар
Номингни қўшиқда куйлаганларим.
 
 
Нега айро тушдик, йўлимиз айро,
Ғанимлар қўймади ўз ҳолимизга.
Тошбағирлик билан тортиб олдилар,
Ҳатто раҳна солди иқболимизга.
 
 
Сендан йироқдаман, жуда йироқда.
 

НИҲОНА СЕВГИ

 
Айтилмаган севги – қадрли севги,
Юрагингда қолган ниҳона севги,
Ишқ ўтида куйиб, ёнган бўлса ҳам
Изҳор этилмаган пинҳона севги.
 
 
Гўзалдир, зебодир, софдир, беғубор
Қалбингни ўртаган ягона севги.
Дилида бир умр асраб сақлаган
Сийму зарҳаллардан дурдона севги.
 
 
Майли ҳижрон тиғи бағрингни эзсин,
Бир бор кўришликка бўлгин интизор.
Тилинг айтолмаса кўзларинг айтсин,
Севгингга туширма ҳеч қачон ғубор.
 

ХИНО ҚЎЙИБ

 
Ўсмаю гул, хино экиб,
Ҳовлини гулзорлар этиб,
Ошиққа озорлар этиб,
Бунчалар шайдо этасиз.
 
 
Хинодан оппоқ бармоқлар
Қирмизи рангда товланар.
Севган юрак оловланар,
Азобни пайдо этасиз.
 
 
Ўсмаларни қўйиб қошга,
Йигитни ташлаб оташга,
Қийноқ солиб азиз бошга
Бунча таманно этасиз.
 
 
Хиноли қўлга «илиниб»,
Киприклар юракни тилиб,
Ошиқларни қатор қилиб,
Билмам, на ғавғо этасиз.
 

ОВСИНИМ
(Ҳазил)

 
Мақол бор, овсиним олдин кетмасин,
Қийналиб орқада асло қолмасин.
Бунда кўп маъно бор, ҳам бағри кенглик,
Ҳаёт йўлларида ўзига тенглик.
 
 
Қаҳ-қаҳ уриб кулса юзлари хилол,
Чимрилиб қошларим, келади малол.
Ногоҳ кўзларида кўриб қолсам ёш,
Юрагим эзилиб, тугайди бардош.
 
 
Баъзан аразлашиб қолишсак агар,
Минг-минг пушаймонда юргим муқаррар.
Овсиним, ҳаётда бўлгин йўлдошим,
Нозик туйғуларим дилдан сирдошим.
 
 
Дерлар: қор ёнади топсанг қаловин,
Қўлимизда тутиб эрлар жиловин
Бурайлик аҳиллик, иноқлик томон,
Бизга ҳамроҳ бўлсин инсофу иймон.
 

УЛ САНАМГА

 
Ул санамга етолмай
Оташ кирди бағирга.
 
 
Не қилайин, кўксимни
Қўйиб ётайми ерга.
 
 
Лутфингни дариғ тутдинг,
Бошим урай қаерга.
 
 
Мақсадим сенинг билан
Юрсайдим бирга-бирга.
 
 
Чидайман ситамингга,
Қийноғингга, жабрга.
 
 
Илтифот қилмасанг гар
Путур етгай сабрга.
 
 
Ёдинг билан ўтарман
Киргунимча қабрга.
 

ҚУВОНЧЛАРИМ ҚУЧСИН ОСМОННИ

 
Қувончларим бир қуш мисоли
Самоларга айласа парвоз.
Ғуссаларим гўё шабнамдек
Қуриб, сингиб кетса бўлар соз.
 
 
Севинчларим қучиб осмонни
Инсонларнинг бошига қўнсин.
Андуҳларим учган юлдуздек
Бир кўриниб, бир зумда сўнсин.
 
 
Шодликларим шаббода мисол
Ҳар хонага келганда кириб,
Қайғу деган ернинг остида
Қуриб кетсин жимгина чириб.
 
 
Тилакларим сарҳади йўқдир,
Фақат эзгу, умид армоним.
Одамларга инсоф тилайман
То чиққунча танамдан жоним.
 

КИБРУ ҲАВО

 
Иш йўлингда муаммолар қатор турар,
Омад кетиб, мушкулотга юзин бурар,
Инсон ўзин мудом чигалликда кўрар
Устун бўлса кибру ҳаво иймонингдан.
 
 
Бедор бўлиб тун кечалар ўйланасан,
Чиқайин деб бу гирдобдан қийналасан,
На қилай деб ўз-ўзингга сўйланасан
Устун бўлса кибру хаво иймонингдан.
 
 
Раҳмон эмас, шайтон бўлади ҳамроҳинг,
Эгри бўлар юрганингда ҳар бир роҳинг,
Назарингда тугамасдек тортган оҳинг
Устун бўлса кибру ҳаво иймонингдан.
 

ЎЗ ЎРНИДА АЗИЗ

 
Гул бандида турганда
Қадри бўлади буюк.
Кўзлар қувониб қарар
Барчага бирдек суюк.
 
 
Ўз пайтида айтилган
Сўз тегади нишонга.
Ҳеч ким қайтара олмас
Озор етказмас жонга.
 
 
Иззатин билган меҳмон
Улуғланар ниҳоят.
Тўрда бўлади жойи
Ҳам эътиборда ғоят.
 
 
Ўзини тута билган
Қизлар бўлади тахтли.
Тилини тия билган
Келин бўлади бахтли.
 
 
Қишу баҳор, кузак, ёз
Вақтида келса қутлуғ.
Жаҳонда жами нарса
Ўзин ўрнида улуғ.
 

ЭНГ УЛУҒ НЕЪМАТ

 
Бойлик деб юриб елдинг,
Тўпладинг анча-мунча.
Инсон ҳеч тўймас экан,
Ҳатто кўзи ўлгунча.
 
 
Дунём кўп деб кеккайдинг,
Совуқ бўлди сўзларинг.
Фақат бойликни кўрди
Ғафлат босган кўзларинг.
 
 
Олам устуниман, деб
Юрганингда ногаҳон,
Оғир дардга йўлиқдинг,
Тор кўринди кенг жаҳон.
 
 
Балки энди англарсан
Ёддан чиқармай ҳар вақт.
Ёруғ дунёда танҳо
Тани соғлиқ олий бахт.
 

БОЙЛИК ЙИҒМАДИМ

 
Фарзандим сен учун бойлик йиғмадим,
Ўйчан термуласан кўзимга шу тоб.
Менинг бор топганим, йиғган бисотим
Саноқли ёзганим, асарим – китоб.
 
 
Туганмас хазинам, бори давлатим,
Кўзларимнинг нури, тўкканим терим,
Зару зарҳалларга тенгсиз бойлигим
Қисса, хикоялар, достоним, шеърим.
 
 
Улар мангу уйғоқ, мангу бедордир,
Ҳар бир хонадондан жой олган албат.
Фақат бир менгамас авлодларимга
Келтирар абадий шуҳрат, саодат.
 
 
Ижодкор, шоира аёл фарзанди
Бўлишлик сизларга туганмас бойлик.
Қалбингизда мангу ифтихор бўлсин,
Қолдирдим ўчмас ном, фахр чиройлик.
 

ҚИЙИНДИР УНУТМОҚ

 
Севган бўлсам ҳамки бошқани,
Ўзгада бўлсада юрагим,
Лекин умрдошим сен бўлдинг,
Энди сен ҳаётим, тирагим.
 
 
Чунки сен мен учун ҳаётда
Хўжамсан, раҳбарим, ҳам ёрим.
Энди пок тутишим лозимдир
Қалбимни, уйимни ҳам орим.
 
 
Кўнгилдан чиқарай севгимни,
Сен учун унутай бош эгам.
Оҳ, қийин эканда унутмоқ,
Юракдан ўчириш бунча ҳам.
 

ҚИРҚ ЁШИМДА

 
Қирқ ёшимда ақлим ўзга чирой очар,
Ҳусним тўлиб, гўё ойдек нурлар сочар,
Кучларимга куч қўшилиб, ғамлар қочар,
Яна ижод, меҳнат қилиб толсайдим,
Шу ёшимда қирқ йилгача қолсайдим.
 
 
Сўнг оламга тийрак кўзла боқар эдим,
Меҳнатимла эл-юртимга ёқар эдим,
Ишқ чамани ичра гуллар тақар эдим,
Халқ дилини ҳамиша шод қилсайдим,
Шу ёшимда қирқ йилгача қолсайдим.
 
 
Имкони йўқ орзуларни қилдим ҳавас,
Юрагимдан жўшиб чиқар энди бир сас,
Эзгу ҳислар туғёнида олай нафас,
Севгилимнинг кўнглига чўғ солсайдим,
Шу ёшимда қирқ йилгача қолсайдим.
 
 
Қирқ йилдан сўнг бирданига бўлса саксон,
Майли шунда томиримда тўхтаса қон,
Само томон учиб кетса омонат жон,
Рози бўлиб сўнгги нафас олсайдим,
Шу ёшимда қирқ йилгача қолсайдим.
 
 
Қани эди шундай бўлиб қолса дунё,
Ёш боладек ҳавасларим қалбимда жо,
Ҳалима дер: Тангрим агар қилса бажо,
Мен умрбод гўзал бўлиб қолсайдим,
Шу ёшимда қирқ йилгача қолсайдим.
 

ДИЛ ИЗҲОРИ
(Йигит ва қиз айтишуви)

 
Йигит: Навосиз дутор ҳам соз бўла олмас,
     Ўрдак учган билан ғоз бўла олмас,
     Рашку муҳаббатни билмаган юрак
     Гўё қиш-у баҳор, ёз бўла олмас.
 
 
Қиз: Кесатиқ беҳуда, эй азиз йигит,
     Агар севсанг шубҳа-гумонинг унут,
     Ахир мени қийнар ҳаё, андиша,
     Қизлар учун билсанг, севгидир сукут.
 
 
Йигит: Бир кун сенга етгум, сезади кўнглим,
     Лекин бугун нечун етмайди қўлим,
     Ёнгинамда кулиб турасан аммо,
     Қанча сенга юрмай, йироқдай йўлим.
 
 
Қиз: Қўйгил, юрагимни эзмасин сўзинг,
     Қалбимда меҳрлар уйғотган ўзинг,
     Сен учун яшарман дунёда билсанг,
     Ишқинг пинҳон-пинҳон куйлатган ўзинг.
 
 
Йигит: Баъзан чин севги ҳам ўтмас ҳисобга,
     Ошиқлар ҳам учрар кўп изтиробга,
     Лекин муҳаббатда янглишсанг агар,
     Умринг қолиб кетар экан саробга.
 
 
Қиз: Қалбда ширин ҳислар яшар беғубор,
       Дилим бамисоли яшнаган баҳор,
     Келгин, қалб гулларин асрайлик ҳушёр,
     Азизим, ишончга тушмасин ғубор.
 
 
Йигит: Ахир севги билан тотлидир ҳаёт,
     Севги билан гўзал, кучли ҳар бир зот.
 
 
Қиз: Ҳалима, ишқ безар инсон қадрини,
     Ишқдан бахт топганлар яшар доим шод.
 

УЗОҚЛАРНИ КЎЗЛАЙМАН

 
Баъзан узун кечаларда
Ўз-ўзимга сўзлайман.
Илҳомимнинг қанотида
Узоқларни кўзлайман.
 
 
Кўролмади баъзи нокас
Тўсмоқ бўлиб йўлимни.
Оллоҳ берган иқтидорим,
Боғлаб икки қўлимни.
 
 
Кўп қийналиб чиранмагин,
Сени албат йиқаман.
Қуёш каби порлаб тонгда
Офтоб бўлиб чиқаман.
 

БИЛМАЙСИЗ

 
Мени кузатасиз жимгина зимдан,
Гоҳ қараб қоласиз босган изимдан,
Маънолар излайсиз юзу кўзимдан,
Эсимда ортдан кўп зор қолганингиз,
Билмайсиз юракдан жой олганингиз.
 
 
Гоҳ мағрур деб хафа бўлиб кетасиз,
Қизлар андишасин англаб етарсиз,
Вафо, садоқатни аъло тутарсиз,
Тўғри, синовларда кўп толганингиз,
Билмайсиз юракдан жой олганингиз.
 
 
Сизни кўрсам олам чиройга тўлар,
Қалбим гўё қушдай типирлаб қолар,
Сизни кўрсам дилдан қайғу йўқолар,
Мени ҳам меҳрда лол қилганингиз,
Билмайсиз юракдан жой олганингиз.
 
 
Ҳушёр бўлинг, кимдир қазимасин чоҳ,
Орамизга раҳна солмасин ногоҳ,
Ҳалимага бир дил ҳамиша ҳамроҳ,
Ҳар синовда ғолиб, зўр келганингиз,
Билмайсиз юракдан жой олганингиз.
 

НАСИҲАТ

 
Бўлсанг ёвуз, ичинг қора,
Ҳаётинг қабиҳлик ора,
Дилингда шумлик тобора
Бўлса косанг оқармайди.
 
 
Отангни менсимай ўтсанг,
Онанг хизматин унутсанг,
Оилангни ташлаб кетсанг
Косанг асло оқармайди.
 
 
Дўстинг бўлса хиёнаткор,
Боланг ўтса меҳрингга зор,
Ўзинг эса кўп дилозор
Бўлсанг косанг оқармайди.
 
 
Яхшилик қилмасанг элга,
Эҳтиёт бўлмасанг тилга,
Аламлар солсанг кўнгилга
Билгин косанг оқармайди.
 

ЗОР ҚИЛМА

 
Ҳаётда кўп ошно, қадрдон дўст, ёр,
Имон, диёнатда яшар бахтиёр,
Лекин ажаб, гоҳ дўст дўстин этар хор.
Майли ризқу рўзим этмагин бисёр,
Оллоҳим, номардга қилмагин ҳеч зор.
 
 
Ҳар доим дўстим деб ёнингда юрган,
Шодлик, қувончларда тўрда ўтирган,
Бошга иш тушса-чи, юзини бурган,
Сохта «содиқ»ларга этмагин дучор,
Оллоҳим, номардга қилмагин ҳеч зор.
 
 
Дўст алдаса қалбинг эзилар экан,
Юракдан нимадир узилар экан,
Кўзда ёшинг дурдек тизилар экан,
Бевафони дилга этмагин дилдор,
Оллоҳим, номардга қилмагин ҳеч зор.
 
 
Садоқат қайдасан, меҳр қайдасан?
Дўстларинг қалбига қачон қайтасан?
Дўст ўзгарса дардинг кимга айтасан?
Ҳалима тилагинг дилдан эт изҳор:
«Оллоҳим, номардга қилмагин ҳеч зор».
 

ЁЗИ БЎЛАДИ

 
У ҳориди, деманг одамлар,
Босар яна босган қадамлар.
Ўтди деманг ўт-оташ дамлар,
Бир қишнинг бир ёзи бўлади.
 
 
Шижоатда ўтди ҳаётим,
Улуғларга ёндошдир зотим.
Қайиролмас ғаним қанотим,
Бир қишнинг бир ёзи бўлади.
 
 
Баъзан ҳаёт пасту баланддир,
Омадингни меҳнатдан қидир.
Пешвоз чиқса хўжаи Ҳизир,
Бир қишнинг бир ёзи бўлади.
 
 
Меҳнатим йўлимни ёритар,
Орзу қилган мақсадга етар.
Ашъорларим юксакка элтар,
Бир қишнинг бир ёзи бўлади.
 

АФСУС

 
Айрилиқдан қалб бўлди вайрон,
Ҳижронларда хор бўламизда.
Балки бир кун висол ёр бўлар,
Аттанг, унда кеч қоламизда.
 
 
Оҳ-воҳ билан ўтмоқда кунлар,
Дилга ўчмас доғ соламизда.
Келажакка умид боғладик,
Лекин қачон, кеч қоламизда.
 
 
Тўсиқлардан ўта олмадик,
Енгилдикми, тан оламизда.
Қачонлардир кўришармиз ҳам,
Афсус, унда кеч қоламизда.
 

ГУМОН

 
Йўқотиб узугимни
Дилни қийнади гумон.
Қўшни қиз олганмикан
Қадам олиши ёмон.
 
 
Кеча янгам келганди,
Кулиши ғалатими.
Қайним сал шўҳроқ эди,
Ёки ўша олдими.
 
 
Балки яқин дугонам
Олган бўлса-я, наҳот.
Эркатой қайни синглим
Қилдимикин жиноят.
 
 
Шубҳа-гумон ўтида
Куярканман қийналиб.
Ёстиқ остидан топиб,
Қолдим ўзим уялиб.
 

КЎНГИЛ ОШЁНИ

 
Етди нуронийлик пайти замони,
Тоғдай кўтарилар кўнгил ошёни,
Кўпириб ёшарар тандаги қони
Неварани эркалатганда.
 
 
Чарчоғингни тамом олади улар,
Кўнгилдаги ғашлик шу он йўқолар,
Юрак уриши ҳам меъёрда қолар
Неварани эркалатганда.
 
 
Вижир-вижирлайди қалдирғоч каби,
Кўзлари мунчоқдек, олчадек лаби,
Равшан бўлар экан кексанинг таъби
Неварани эркалатганда.
 
 
Насиб этсин барча инсониятга,
Невара суйишдек улкан ниятга,
Қалбимиз тўлади меҳр-муҳаббатга
Неварани эркалатганда.
 

ШОИР ЙИГИТ

 
Ҳар куни неча бор йўлимни тўсиб,
Битта ошиқ йигит шеърлар берарди.
Кўксидан оловлар отилар эди,
Ашъорида сўзлар дурин терарди.
 
 
Мақтандим қизларга шеърин кўрсатиб,
Ҳар куни бир неча ғазал олибман.
Қаранг, тақдир экан, ўша йигитни
Беқарори бўлиб севиб қолибман.
 
 
Қизлар ҳавас қилди, бахтинг бор экан,
Шундай шоир йигит сен учун шайдо.
Байрамлар кетидан келар байрамлар,
Шоирчи шеър билан йўлимда пайдо.
 
 
Шоир деганида қизлар наздида
Бойвачча, мансабдор бўлар намоён.
Аслидачи, унинг бору давлати
Шеъри эканлиги кундайин аён.
 

ЧАҚИМЧИ

 
Чақимчидан дўст бўлмас,
Иғво билан боқади.
Бошқани ғийбат қилган
Бир кун сени чақади.
 
 
Чақимчилик оғир дард,
Ундан қутулиш гумон.
У тандаги иллатдир,
Чақимчида йўқ иймон.
 
 
Илон каби буралар,
Чақмаса юролмайди.
Агар иғво қилмаса,
Бир жойда туролмайди.
 
 
Қани мумкин бўлганда
Чақсайди ўз-ўзини.
Оғриганда вужуди
Очармиди кўзини.
 

ВИЖДОН АЗОБИ

 
Кимсага жафо қилма,
Ёмонлик раво қилма,
Тўғри юргин, қоқилма,
Виждон азоби оғир.
 
 
Ўзгани қилма ғийбат,
Бошга келтирма кулфат.
Қулоқ сол сўзга албат,
Виждон азоби оғир.
 
 
Учирма бахт қушингни,
Йиғгин ақли-ҳушингни,
Билиб қилгин ишингни,
Виждон азоби оғир.
 
 
Қийналганга бер мадад,
Орттирма беҳуда дард,
Обрўйингга тушса гард,
Виждон азоби оғир.
 

ЯНА ҚАЙТА КЕЛСАМ…

 
Мақсадларим аниқ ва равшан,
Интиламан мангу зиёга.
Яна шундай яшаб ўтардим
Қайтадан келганда дунёга.
 
 
Орзуларим беқиёс, бекам,
Йўл бермайман асло рўёга.
Худди шундай тарзда яшардим
Қайтадан келганда дунёга.
 
 
Ижод, илҳом тарк этмади ҳеч
Минг шукрлар бўлсин Оллоҳга.
Шу тақдирни албат танлардим
Қайтадан келганда дунёга.
 
 
Обрў топдим, меҳнатим билан,
Чўзсам қўлим етар самога.
Яна шу йўлимдан борардим
Қайтадан келганда дунёга.
 

ЁРИМ ЙИҒЛАЙДИ

 
Севги асли жумбоқ экан еча олмадим,
Суйганимни ёрим десам, ёрим йиғлайди.
Ишқ чамани ичра кездим, ета олмадим,
Суйганимни орим десам, орим йиғлайди.
 
 
Ошиқ бўлиб севиб қолдим, на қилай жоним,
Сен ўзингсан муҳаббатим, жону жаҳоним.
 
 
Бу дунёда кўп эканку дарди бедаво,
Дард қайғули, даво қайда, дорим йиғлайди.
Гул юзлигим ёнгинамда, қўлим етмайди,
Ҳижронларда бағрим куйди, борим йиғлайди.
 
 
Ошиқ бўлиб севиб қолдим, на қилай жоним,
Сен ўзингсан муҳаббатим, жону жаҳоним.
 
 
Ҳар мушкулни ечиш учун имкон топарман,
Муҳаббатда ожиз қолдим, зорим йиғлайди.
Энди ҳамроҳ маҳзун куйлар, менинг сирдошим,
Қўлга олсам, наво бўзлар, торим йиғлайди.
 
 
Ошиқ бўлиб севиб қолдим, на қилай жоним,
Сен ўзингсан муҳаббатим, жону жаҳоним.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации