Текст книги "Электрон бола, ёвуз малика ва биз"
Автор книги: Нигина Ниёз
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 9 страниц)
КВАДРАТ ҚИЗНИНГ ФИТНАСИ
Шундай оддий мисолнинг ҳалигача ишланмагани биномликлар орасида турли миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Бир фигура «булар Ёвуз маликанинг айғоқчилари, чўзиб ўтирмай, қатл қилиш керак, мамлакат хавф остида қолган бир пайтда марказдагиларнинг қўл қовуштириб ўтирганига ҳайронман» деса, бошқалар «Афтиддн булар илм-фан тараққий этмаган сайёрадан келишганга ўхшайди» дейишарди. Бироқ, биномликлар орасида Лога сингари, ердан келган болаларнинг ёнини оладиганлар ҳам чиқиб қолди. Улар «Болалар ҳали ёш, шунинг учун кўп нарсага ақллари етмайди, агар ўргатса, биздан ҳам ўзиб кетишлари мумкин», – деб ҳисоблашарди.
Лога ҳам фикрлар гирдобида гангиб қолаёзди, болалар билан учрашишнинг ҳеч иложини тополмасди. Айниқса, «Қатл қилиш керак» дегувчиларнинг кўплиги Логани чўчитар, ёрдам қилишга шошиларди. Лога «Тенгламалар биносини» ҳар томондан мукаммал ўрганиб чиқди. Фақат боғ тарафдаги кичик деразадан фойдаланиш мумкин, холос. У ҳам бўлса тўртинчи қаватда. Тўғри чизиқлардан ёрдам сўрамаса, бу деразанинг ҳам фойдаси йўқ. Лекин асосий гап шундаки, уларнинг деярли ҳаммаси «қисқартириш» тарафдори. Чунки тўғри чизиқлар ориқ, узун, хоссалари жуда оддий бўлгани учун ҳам кучсиз, қўрқишади. Улар ёрдам беролмайди.
Ниҳоят, Лога бир фикрга келди. «Бориб деразага у-бу нарса отаман. Биронтаси эшитиб, мўраласа, чақириб мисолни сўрайман. Кейин ишлаб қайтариб бераман. Бундан бошқа илож йўқ», – деб йўлга тушди. Лога катта кўчадан кейин дарахтзор томонга ўтиб олди ва уни кутиб турган Трапетсияхонимнинг қизи Квадратни кўрди.
Логани кўриши билан Квадрат қиз хурсанд бўлиб кетди ва энтикканча йигит билан саломлашди.
– Йўл бўлсин! – деди у кулиб.
– Болаларнинг олдига. Уларга ёрдам бериш керакмиди?
Квадрат аввалига индамади. Бир оз сукутдан сўнг чеҳраси очилиб:
– Вой, жуда тўғри ўйлабсиз. Ўзга сайёраликларни қаттиқ синаш адолатдан эмас, ахир. Мен ҳам уларга жуда-жуда ёрдам қилишни истардим. Истасангиз ҳамроҳ бўлай? – аслида Квадрат қиз буни сира истамаётганди. Ахир мана шу касофатлар туфайли онаси икки букилиб ётибди-да! Яна шу хумбошларга ёрдам берарканми? Улардан ўч олибгина хуморидан чиқади. Логанинг таклифи эса айни муддао!
– Ҳайрият, менга ўхшаб фикрлайдиганлар ҳам» бор экан-ку, – деди Лога соддалик билан.
Улар бинога боғ томондан боришди. Лога тўртинчи қаватдаги деразага анча тикилиб қолди, кейин ердан тош излай бошлади. Беш-олтитасини йиғиб, секин деразага қараб отди. Бироқ ичкаридан ҳеч қанақа жавоб бўлмади.
– Вой, боласи тушмагурлар-ей, ухлашяпти шекилли, – кулиб гапирди Лога.
– Ҳа, жуда беғам фигураларга ўхшашади, тақдирлари ҳал бўлаётган бир пайтда бемалол ухлаб ётишса-я, – кўнглида борини очиқ айтди Квадрат қиз. Лога қизга ялт этиб қаради-ю, дарров кўнглига ёмон фикр келди: «Ҳа, у тўғри айтяпти, бундай вақтда фигуранинг тинчгина ухлаб ётиши ақлга сиғмайдиган нарса, ёки уларни махфий равишда тинчитиб қўя қолишганмикан».
Лога шошилганча ўн қадамча наридаги дарахтдан узун айрига ўхшаш ёғоч синдириб келди, кейин эҳтиёткорликни ҳам унутиб, деразани тарақлатиб ура бошлади.
– «Мунча куйиб-пишмаса, – ўйлади Квадрат қиз, – келгиндилар унинг учун бирон логарифмик қоида яратиб қўйишгандай. Ҳар қалай бу эси паст журналистни тўхтатмаса бўлмайди. Биров сезиб қолса, тамом!» У Логани туртиб, жим ишорасини қилди. Иккови дарахтлар орқасига ўтиб яширинишди. Иккита Куб суворий дераза атрофида анча айланишди. Улардан бири ерда сочилиб ётган тошларни йиғиб, итқитиб юборди. Кейин деразага қараб бақирди.
– Ҳой шумтакалар, бекорга вақт кетказиб нима қиласанлар, мисолингни ишла ундан кўра!
Шу вақт дераза шарақлаб очилди. Дарахтлар орқасида турган Лога бехосдан олдинга интилди. Бироқ деразани очган учинчи Куб суворий эканини кўриб ҳафсаласи пир булди. Қандайдир кўнгилсиз ҳодиса юз бергани аниқ. Эртагаёқ марказга боради.
У ерда маълум бўлишича, болалар очликдан ўзларидан кетиб қолибди. Ўша куни тезлик билан Тиббий тажрибахонага олиб кетишибди. Болалар оддий мисолларни еёлмагани учун биномликлар ўзга сайёраликлар очлик эълон қилишган, деб тушунишибди. Лога касалхонага йўл олди. Зир югуриб ерликлар ётган палатани излади. Болалар ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Кейин лаборатория бошлиғининг олдига бориб болаларнинг қаердалигини сўради.
– Тавба, ҳозиргина биттаси келиб, сўраб кетувди. Мен сен юборган бўлсанг керак, деб ўйловдим. Болаларни аллақачон Тенгламалар хонасига олиб кетишган.
– Ҳм, тушунарли. Айтганча, мендан бошқа яна ким қизиқиши мумкин уларга?
– Ҳалиги, отинг қургур, нимайди-я? Ҳа, Трапетсиянинг қизи шекилли…
Лога ичида қизга тасанно айтиб, лаборатория бошлиғи билан хайрлашди-да, шошилганча Тенгламалар биносига қараб йўл олди. Лога паралеллепипед шаклида қурилган иморатга етмаёқ кўк йўлкадан тушиб қолдй. У ёғига панжара бўйлаб яёв кетса ҳам бўлаверади. Кейин ҳеч ким йўқмикин, дегандай ён-верига бир қараб олди-да, панжарадан сакраб боғга тушди. Кутилмаганда шу тарафга қараб келаётган Квадрат қизни кўриб қолди.
«Ҳайрият кеч қолмабман», – хаёлидан ўтказди у. Қиз ҳам Логани кўриши билан зўрма-зўраки жилмайди. Аммо кўнгли ғашланди: «Мисолни ўзим ишлайман, деб олиб қўйса-я?» – ўйлади у.
– Яшасин, яшасин! – деди Лога хушчақчақ оҳангда, – сизни жуда уринтириб қўйдим-да, мисолни менга бера қолинг энди. Ўзим ечай…
Квадратнинг кўзлари ғалати бўлиб кетди. «Ана айтмадимми?» Мисолни янада қаттиқроқ қисганча деди:
– Йўғ-е, сиз журналист бўлсангиз, бунақа нарсалар анча ёдингиздан кўтарилгандир?
– Нега энди?! Поклик мисолини ишлай билиш ҳар бир биномликнинг бурчи эмасми?!
Квадрат қиз нима деб жавоб беришни ҳам ўйлаб қўйганди.
Қилаётган ишимиз қоидага хилоф! Буни мендан яхши биласиз. Бу ишнинг мен томонимдан бажарилгани яхши, – Соддадил Лога рози бўлди. Қизнинг шум ниятини қаёқдан билсин!
– Ҳай, майли, – деди у. – Мисолни кечга қолмай иш-лаб бўлсангиз керак. Сизни шу ерда кутаман, – деб Квадрат билан хайрлашди.
Квадрат қиз уйга кириши билан анча трапецияга ўхшаб қолган опа-акаларига тўлиб-тошиб бўлган воқеаларни гапириб берди. Қизнинг эпчиллигидан ҳамма хурсанд эди. Фақат касал ётган онагина бу ишга норозилик билдириб:
– Шу ишинг менга ёқмаяпти-да, қизим, – деди синиқ товушда.
Опа-ука Трапетсиялар онани тинчлантиришди-да, бошқа хонага чиқиб, мисолни қандай ишлаш хусусида маслаҳатлаша бошлашди.
– Ҳаммасини чалкаштириб юборамиз-да, охирига нол чиқариб қўямиз, хумбошларнинг шундай қилиши турган гап.
– Йўқ, унақаси кетмайди, – деб эътироз билдирди Квадрат қиз, – чунки биринчидан, болалар лақиллатганимизни билиб қолишлари мумкин, иккинчидан, мисолнинг тўғри ишланганига Лога ҳам шубҳа қилмаслиги керак!
Ҳамма Квадрат қизнинг фикрига қўшилди. Улар мисолни шундай усталик билан ишлашдики, унинг хато ишлангани дарров кўзга ташланмас, аслида эса биномликлар қонун-қоидаси қўпол равишда бузилганди. Улар ўз макрларидан ўзлари мамнун, бопладикми, – дегандай нуқул қиқирлаб кулишар, бунинг оқибати нима бўлишини ўйлашмасди ҳам, фақат онагина бирон кўнгилсизликни сезгандай:
– Нима қиляпсизлар, гўдакларни бадном қилиб. Улар қатл қилингани билан мен тузалиб қолармидим, бўталарим, – дерди нуқул. Бундай пайтда Квадрат қиз онасининг бу қадар онгсизларча меҳрибонлигига сира тушуна олмасди.
– Ҳайронман-да, сизга! Ўзингиз манави аҳволда ётибсиз-ку, яна уларга ачинасиз! Гўдакмиш… – ахий-ри ойисини жеркиб берди у. – Сизни шу аҳволга солиш қўлидан келган фигурани гўдак деб бўладими?! Мен улардан нафратланаман… – Квадрат қиз у ёғини гапиролмай ҳўнграб йиғлаб юборди.
У ишланган мисолни буклаб чўнтагига солди-да, йўлга тушди. Белгиланган жойда Лога уни аллақачон кутиб турарди. Уни кўриши билан ичида ғижинди қиз. «Овсар, эси паст!»
Лога ўзида йўқ қувонч билан қизнинг олдига келди. Қиз эса ҳафалигини, кўзларининг қизарганини билдирмаслик учун нуқул ерга қараб гапирарди. Лога ҳам буни сезди, шекилли, қизнинг бошини кўтариб ўзига қаратди ва унинг кўзларига синчковлик билан тикилди-да:
– Нима бўлди, бетобмисиз? – деб сўради.
– Ҳа, бир оз тобим йўқроқ, буни ўзингиз элтиб берарсиз, – қўллари қалтираганча тўрт буклоғлиқ қоғозни Логага узатди у. Лога қоғозни шошилиб очди ва ҳар бир сатрга тез-тез кўз югуртириб чиқди.
«Билиб қолди, шекилли. Ҳозир бир тарсаки туширса нима қиламан», ўйлади қиз. Лога эса қизнинг хаёли қочганидан фойдаланиб унинг тўртбурчак юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди. Кейин:
– Боплабсиз, раҳмат-е!, – деди энтикиб ва югурганича «Тенгламалар» биносига қараб кетди.
Лога ҳақиқатан хатони пайқамади. У мухбирлик ишлари билан бўлиб, айрим қоидаларни унутган, уларни такрорлаб кўришга ҳеч вақт тополмасди. Бунинг устига журналист бўлса ҳам, у жуда содда эди. Шунинг учун минг қоидани билганида ҳам, ўта айёрлик билан қилинган хатони пайқамаслиги мумкин эди.
Квадрат қиз кутилмаган ҳаракатдан анчагача ўзига келолмай туриб қолди. Сўнгра чайқала-чайқала уйига йўл олди.
ФАНДА ИНҚИЛОБ
Кечга яқин ҳаво дим бўлгани учун Шодмон деразани ланғиллатиб очиб қўйди-да, истамайгина бориб яна столга мук тушди. Рўпарасида эса Омон мисол ишлаш ўрнига қўлидаги ручканинг ичак-чавоғини ағдариб, сиёҳга беланиб ўтирарди.
Шодмон унга эътибор бермас, мисол ишлашга астойдил киришиб кетганди. Аммо бу гал ҳам унинг мисоли нотўғри чиқди, шекилли. У жон ҳолатда ручка билан қоғозни деразадан улоқгириб юборди. Қоғоз шундоққина Квадрат қизнинг оёқ остига келиб тушганидан Шодмон бехабар эди. Жаҳлдан Шодмон қип-қизариб кетган, ўзини қаерга қўйишни билмай, хонанинг у бошидан бу бошига зир югурар, кўлига тушган нарсани отар, нуқул:
– Мана, мана, бўлмасам, жонимга тегди. Осса осиб юборсин-е! – деб бақирарди. Шовқинни эшитиб, хонага икки суворий югуриб кирди. Шодмон уларга ҳам ўшқириб берди.
Омон бориб ювиниб келди. Шодмон бўлса столни баданглатиб уриб, овозининг борича аламдан ашула айтиб ўтирарди.
Ашула роса авжига чиққан пайтда Шодмоннинг юзига нўхотдеккина нарса «чирс» этиб тегди. Шодмон войвойлаганча чап юзини ушлаб қолди.
Омон эса полдан кичкинагина оқ нарсани олиб, шошиб-пишиб очди. Не кўз билан кўрсинки, тайёр ишланган мисол. У югуриб бориб деразадан пастга қаради ва унга қўл силкитганча панжара томон чопиб кетаётган Логани кўрди.
ҚАТЛ МАРОСИМИ
Қатл майдони ҳар хил фигуралар билан гавжум. Улар «мисол хато ишланганмиш, жуда қўпол хатомиш», деб шивирлашишар, кимдир диққат бўлиб «уф» тортар, бошқалар эса «ажаб бўлибди, баттар бўлишсин» дейишарди.
Шодмон чайқалиб турган иккита дорни кўриб, кўз ўнги қоронғилашиб кетди.
– Мисол хато экан, дўстим. Бизни алдашибди! – деди ҳазин товушда орқада келаётган Омонга қараб. Омон эса гапиролмас, кўзларидан тирқираб ёш оқарди. Наҳотки, куним битган бўлса! Юқорида уларни суд ҳайъати кутмоқда эди. Ўртада Пирамид Тўғричизиқович. Унинг қовоқлари уйилган, худди уни биров хақорат қилгандек қаттиқ ҳафа эди. Болалар ҳисоблаш марказида биринчи бор кўрган одамга у сира ўхшамасди. Куб суворийлар болаларни қандайдир тўртбурчак курсига оломонга тескари қаратиб ўтқазиб қўйишди. Сўзни Пирамид Тўғричизиқович олди:
– Мен жуда ҳафаман. Кўпни кўрган бўлсам ҳам бунақа ҳодисани биринчи марта учратишим. Шу вақтгача қанча-қанча сайёралардан меҳмонлар келиб кетишган. Ҳаммасини иззат-икром билан жўнатганмиз. Лекин бундай, илмни менсимайдиган мавжудотларни биринчи кўришим. Булар бизнинг сайёра ёшларини ҳам илм-фандан айнитадилар. Ёвуз маликага ўхшаш текинтомоқларнинг етишиб чиқишига бизнинг мамлакатимиз йўл қўёлмайди!
Шоҳ нутқини тугатиши билан майдонда қарсак янгради. Унинг илм-фан ҳақидаги сўзлари Омон билан Шодмондан бошқа ҳаммага мойдек ёқиб тушди.
Шоҳдан кейин яна бир қанча одам сўзга чиқди. Ҳаммалари болаларнинг хатосини кечириб бўлмайди, деб топишди. Ниҳоят, ҳукм ўқилди. Омон ҳўнграб йиғлаб юборди. Шодмон эса авф этинглар, деганча оломом олдида тиз чўкди. Ҳамманинг юраги эзилиб кетди. Шунга қарамасдан Куб суворий болаларнинг кўзини боғлашга киришди.
Шу вақт майдонда ҳаллослаганча Лога пайдо бўлди:
– Мен, мен, қаршиман, қатъиян қаршиман! – деди нафаси бўғзига тиқилиб. Шоҳга қарши чиқаётган журналистни кўриб, ҳамма анқайиб қолди.
– Хатони улар қилишмаган. Мисолни уларга ким ишлаб берганини мен жуда яхши биламан. У Трапетсияхонимнинг қизи Квадрат! – дейиши билан ҳамма «оҳ» уриб юборди.
Квадрат қиз ҳеч кимни овора қилмай, ўзи ўртага чиқди ва бўлган воқеанинг ҳаммасини гапириб берди.
– Агар, – деди у нутқининг сўнггида, – бундай бебошликка чек қўймасак, халқимиз бутунлай қирилиб кетиши мумкин. Кейинги йилларда теорема, таърифлар хато айтилиб, қанчадан-қанча фигуралар касалликка чалинди ва қанчалари ҳаётдан кўз юмди. Шу йили «Прогресс» газетасида тиббий лаборатория бошлиғи Силиндрнинг ҳисоботи босилди. Ҳисоботда эълон қилинган рақамларни кўрдингизми? Айрим кишиларнинг лоқайдлиги туфайли мен шундай шафқатсиз йўл тутишга мажбур бўлдим ва суд ҳайъати чиқарган ҳукм ўз кучида қолади, деган умиддаман.
– Бекор айтибсиз! Хатони қилган сиз-ку! Сиз учун улар жавоб беришсинми? – ғазабдан титраб гапирди Лога. – Улар ҳали ёш, ҳали гўдак! Балки у-бу нарсани ўргатсак, катта олим бўлиб кетишар, унда сиз қотилга айланасиз, тушуняпсизми?
– Биринчидан, улар бу мисолни умуман ишлашолмасди, иккинчидан эса, тушунтирганингиз билан улар қулоққа илишмайди, бу шундоққина кўриниб турибди! Учинчидан, мисолни тўғри ишлаб болаларнинг қўлига тутқазиш эса очиқдан-очиқ айғоқчиларни яшириш билан баб-баробар!
– Сиз, Квадрат хоним мисолни хато ишлаб, ўз ватанпарварлигингизни намоён қилганингиз билан болаларнинг айғоқчи эканини исботлай олмадингиз-ку!
Чор-атрофда шовқин-сурон кўтарилди, ҳамма ўзаро баҳслашарди. Суд ҳайъати қайта ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашгани кириб кетди. Лога эса майдон ўртасига туриб олиб, Куб суворийларга бақирди:
– Болаларнинг кўзини ечиб юборинг, сизларга айтяпман!
Бирдан Логанинг тарафдорлари кўпайиб қолди. Шоҳга қарши чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди-да!
– Ечиб юборинг! – оломон ҳам талаб қила бошлади энди. Логадан рухсатнома сўраган Куб суворий ортиқ шовқин-суронга чидаёлмай, шартта қора латтани ечиб юборди. Болалар эса бошларини эгганча ҳамон нима бўлаётганига тушунолмай гарангсиб туришарди.
Суд ҳайъати қайтиши билан ҳамма жим бўлиб қолди. Узун қора кўйлак кийиб олган конус шаклидаги фигура сўзга чиқди.
– Журналист Лога, Квадрат хоним ва бир қанча гувоҳларни тинглаганидан сўнг суд ҳайъати қайта ҳукм қилади. Болалар билан шуғулланиш журналист Логага топширилсин. Лога бутун масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда болаларнинг ҳар бир қилмиши учун боши билан жавоб беради. Квадрат хоним математик қонун-қоидани бузгани ва қаллоблик қилгани учун уч ҳафта қамоққа маҳкум этилади. Ҳукм ўқилиб бўлгач, майдонда яна шовқин кўтарилди. Кимлардир Логани табриклар, болаларнинг елкасига дўстона қоқиб қўярди. Бошқалар эса «Тавба, хўп замонлар бўлди-да, фанни оёқ ости қилганлар бир ёқда қолиб, туппа-тузук фидокор фигураларни қамоққа тиқишади-я» деб ажабланишарди.
Лога хурсандлигидан терисига сиғмас, болаларни уйига олиб кетишга шошиларди.
* * *
Квадрат қизни икки Куб суворий уйига кузатиб бор-ди. Унга уйдагилар билан хайрлашиш ва керакли анжомларни олиш учун бир кунга жавоб берилганди.
Қизнинг ака-опалари майдонда бўлганлари учун воқеадан хабардор, фақат онагина ҳеч нарсани билмасди.
Трапетсия хоним қизини суворийлар бошлаб келганини кўрибоқ қандайдир кўнгилсизлик юз берганини сезди.
– Нима бўлди? – деди ётган жойидан қўзғалмоқчи бўлиб, лекин туролмади. Ҳолсизгина ёстиққа бош қўйди. Қиз нима дейишини билмай, кароватнинг ёнига бориб чўккалади ва онасининг бошларидан силаб, трапециясимон юзларидан чўлпиллатиб ўпа бошлади. Квадрат онасининг ўзига жавдираб қараб турганини кўрди-ю, томоғига бир нарса қадалди, қиз йиғисини тийиб, «қулт» этиб ютинди-да, онасини юпатишга тушди
Кўпга эмас, мен дарров қайтаман. Бунинг устига учрашув уюштириб туриш мумкин. Асрлар ўтиб турганда уч ҳафта нима деган гап66
Бином сайёрасида жазо муддати бир ойдан ошмайди.
[Закрыть].
Она дарров ҳаммасига тушунди, мадорсиз қўллари билан қизининг бошини бағрига босганча «оҳ» уриб юборди.
– Вой шўрим! Пешонам қурсин, пешонам! Энди менга шу ҳам бормиди? Айтдим-а, сенларга, айтдим. Қани гапга кирсаларинг, – она қуйилиб келаётган ёшларини тиёлмас, ака-сингиллар эса маъюс бош эгиб туришарди. Квадратнинг анчагина бўйи чўзилиб қолган опаси кийимкечакларни йиғишга ёрдамлашди. Ҳамма овоз чиқармай ўз ишини қилар, худди уйда азадек, пичирлашиб гаплашишарди. Гўёки бу билан улар ичларидан қуйилиб келаётган ғазабни, исённи беркитмоқчи бўлишар, Куб суворийлар олдида ортиқча гап айтиб юборишдан ҳам чўчишарди.
Нарсаларни саранжомлаб бўлгач, Квадрат қиз ҳамма билан қучоқлашиб хайрлашди.
– Барибир мен ҳақман! – деди у мағрур, – адолат ғалаба қозонади!
Икки Куб суворий Квадратни олдиларига солиб, олиб кетишди. Унинг ака-опалари эса сингилларига ачинганча қараб қолдилар.
Трапетсиянинг катта ўғли уйга кираркан, муштини қисганча:
– Мен ҳали кўрсатиб қўяман, ўша Логасига, ростдан ҳам боши билан жавоб беради, синглим учун! Шундай қилмасам Трапетсия ўғли отимни бошқа қўяман! – деди.
ҚЎШИШНИНГ НИМА КЕРАГИ БОР?
Хибсдан озод қилинган Омон билан Шодмон нима қилишларини билмай довдираб тургандилар, судда уларни ҳимоя қилган йигит келиб қолди. У бошқа фигураларга сира ўхшамасди. Кўзлари ўшанақа саккиз шаклида бўлса ҳам, қўл-оёқлари одамники каби жойлашган, фақат улар чизиқдек тўғри, қиррадор эди. Оппоқ терисида эса логарифм чизиқлари кўзга ташланиб турарди. – Менинг исмим Лога, – деди у очиқ чеҳра билан болаларга қўл узатаркан, – энди меникида турасизлар!
Йигит олдинга ўтиб йўл бошлади. Улар негадир ўзи юрар йўлкага чиқишмади. Йўлка ёнидаги дарахтзор оралаб кета бошлашди. Барглари соябондай катта, антиқа дарахтлар ҳам, балгнд бўйли, терисида чизиқлари бўлган бу ғалати йигит ҳам болаларни жуда қизиқтирарди. Лога ҳам болаларнинг гавда тузилишини, ҳаракатларини завқ билан кузатар, саволлар бериб, уларни гапга солишга ҳаракат қиларди. Йигит улар билан тезроқ эл бўлиб олишни истарди. Шунинг учун чўзиб ўтирмади. Уларнинг дўстлашиш ҳақидаги фикрларини билиш учун:
– Катетлар квадратининг йиғиндиси нимага тенг! – деб сўради жилмайиб.
Болалар эса бу саволни бошқача тушунишди. Математика тилини тушунмай, Лога билимимизни текширмоқчи, деб ўйлашди.
Омон Шодмонга қараб:
– Бошланди! – деб қўйди ва энсаси қотганидан оғзига келганини қайтармай жавоб берди.
– Б2 !
Лога ҳаҳолаб кулиб юборди.
– Оббо фигураси тушмагурлар-ей, ҳазилкаш экансизлар-ку! Сизга гипотенузанинг, учинчи томоннинг кераги йўқ экан-да! Бир текисликда ётган иккита нуқтадан битта ва фақат битта тўғри чизиқ ўтади, деган аксиома ёқаркан-да! Оббо, сизлар-е! – хушчақчақ оҳангда деди Лога.
– Мен ҳам болалигимда сизларга ўхшаган қайсар эдим, аксиомадан бошқасини тан олмасдим. Ҳозир-чи, ҳозир, эҳ укалар, теорема ҳаётнинг илдизи эканини тушундим, – ҳаяжон билан гапирди Лога, – теорема бу улкан нарса. Ҳар бир теоремада бир кашфиёт бор. Ахир ҳаётнинг ўзи теоремалардан иборат-ку. Уларни ҳар куни, ҳар соатда ечмоғимиз лозим.
Болалар бир-бирларига қараб елка қисиб қўйишди Теоремани еб бўлмаса, нега ҳаётнинг илдизи деяпти бу! Шодмон бўлса ҳеч нарсага тушунмаганини яшириш ниятида салмоқланиб гапирди:
– Тўғри айтасиз, ечиш керак, бусиз ҳеч яшаб бўлмайди!
– Ана сен ҳам англай бошлаяпсан!
Бу мақтовдан Шодмоннинг боши осмонга етди. «Бопладимми» дегандай Омонга мамнун керилиб қараб қўйди.
– Ҳали кўп нарсани ўрганиб оласизлар, – деди Лога болаларнинг елкасига қўлини ташлаб.
Шундай қилиб болалар икки соат деганда Логанинг уйига етиб келишди. У осмонўпар биноларнинг ўн олтинчи қаватида тураркан. Лифтда бир пасда юқорига чиқиб олишди. Лога болаларга улар турадиган хонани кўрсатиб:
– Сизлар бемалол жойлашаверинглар, мен ҳозир дўкондан у-бу нарса олиб келаман, – деди-да пастга тушиб кетди.
Болалар нарсаларини жавонга жойлашди, ҳатто Омон бу жавонни худди Куб суворийга ўхшаркан, деб кулиб қўйди. Кейин параллеллепипед кароватини тўғрилаб ўтирди.
– Бу роса бошни қотирадиганга ўхшайди-ку, а? Квадрат катетларининг йиғиндиси эмиш, – энсаси қотди Омоннинг.
– Квадрат катетларининг йиғиндиси эмас, катетлар йиғиндисининг квадрати, – деб дўстининг айтганини тўғрилади Шодмон.
– Вой-бў-ў, дарров билағон бўлиб қолдиларми, кел, баҳс бойлашамиз.
Шу вақт эшик мусиқа чалиб очилди, хонага бир талай қоғоз кўтарганича Лога кириб келди.
– Мазза қилиб ейдиган бўлдик – деди у қоғозга алланималарни ёзаркан.
Нимани, қоғозними? – эси чиқиб кетди Омоннинг, – дўконда қоғоздан бошқа нарса қолмаптими?
– Йўғ-е, – кулди Лога, – ҳозир кўрасизлар! Фантехника Ривожланган пайтда ҳамма нарса ҳисобда ва ихчам, – деди-да болаларни ошхона томон бошлади. Улар ўртаси ҳавоза қилиб ишланган стол атрофига ўтиришди. Лога қоғоздаги мисолларнинг жавобини ёзди-да, стол ўртасидаги қора тугмачани босиб, ичига жавобни ташлади. Шу пайт Омон билан Шодмон кўз ўнгида мўжиза юз берди. Стол ўртаси очилиб, қандайдир тухумсимон ликобчаларда буғи чиқиб турган овқат ғириллаб юқори кўтарилди. Буни кўриб Омон:
– Қойил-е! Мана буни техника деса бўлади! – деб юборди. Ноз-неъмат тўла дастурхонга суқ билан тикилар-кан «Қалай!» дегандай Шодмонни елкаси билан туртиб қўйди.
Ҳаммалари аста тановул қилишга киришишди. Уларнинг қошиқлари ҳам ғалати экан-е! Худди ручканинг қопқоғига банд ўрнатилганга ўхшайди. Ўшанда овқат олиб, оғизга қуйиш керак. Болалар унга ўргангунча овқатнинг ярмини тўкиб ичишди-ёв. Шодмон ҳатто чарчаб кетди. Пешонасини билинар-билинмас тер қоплади. Дам олволиш мақсадида, бояги саволни қайтар, дегандай секин Омонни туртди. Омон бўлса ҳамма ёғига тўкибсочиб овқат ичар, узунчоқ қошиқни оғзига олиб келиб, лабларини чўччайтириб хўриллатарди. Омон Шодмонга ўхшаб ножўя ҳаракат қилишдан уялмас, қанақаси қулай бўлса, ўшанақа қилиб овқат ичар, унинг шу одати яхши эди. Омон оғзидаги овқатни апил-тапил чайнаб ютди-да:
– Ҳалиги, – деди ғудраниб, – сиз боя квадрат катетларининг йиғиндиси дедингизми ёки катетлар йиғиндисининг квадрати дедингизми?
Лога пиқ этиб кулиб юборди:
– Вой шоввозлар-е, ҳақиқатда ҳам сизлар туппа-тузук фигуранинг оёғини осмондан қилиб юборар экансизлар. Мен боя катетлар квадратининг йиғиндиси, дедим. У ўз навбатида гиппотенузанинг квадратига тенг!
Яна болалар ҳеч нарса тушунишмади. Логага бақрайиб қараб тураверишди.
– Майли, математиклар мактабига жойлаштириб қўйганимдан кейин ҳаммасини билиб оласизлар, энди эса ётиб ухланглар!
Ухлаш қаёқда дейсиз, математиклар мактабини эшитгандан кейин ухлаб бўларканми?!
Омон билан Шодмон анчагача гаплашиб ётишди. Мактабдан қандай қилиб қочиш йўлларини маслаҳатлашишди. Лекин бирон қарорга келолмай ухлаб қолишди.
Лога алдамаган эди. Эрталаб болаларни вақтли уйғотиб, мактабга олиб кетди. Омон билан Шодмон Логанинг кетидан эргашишга мажбур эдилар. Биномлик уларнинг ҳеч нарса билмасликларини ҳисобга олиб, «Бошланғич таълим олиш курси»га жойлаштирди, муаллим билан гаплашиб, ишга жўнади. Омон билан Шодмон ийманибгина синфга киришди. Митти-митти фигуралар уларни турганча қарши олишди. Болалар бу иззат-икромдан эриб кетиб, охирги партага бориб ўтиришди.
Шундай қилиб, болалар учун янги ҳаёт бошланди. Митти-митти фигуралар чийиллаб жавоб берар, доскадаги мисолларни пақиллатиб ишлаб ташлашарди. Агар ўрганишмаса, билишмаса ҳаётда анча қийналиб қолишар, бир умр қотган нон еб ўтишларига тўғри келарди-да! Омон билан Шодмон ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас, деганларидек, шу ерда ҳам ўз билганларидан қолишмади.
– Қани, сен чиқ, – деб қолди кунлардан бир кун Паралеллепипед муаллим оёғини тапиллатиб ўтирган Омонга, – доскадаги мисолни ишла!
Омон досканинг олдига туриб олиб, мисол ишлаш Ўрнига ҳар хил қилиқ қила бошлади. Синфдаги фигурачалар эса пиқир-пиқир кулишарди. Бир маҳал нима гап, дегандай муаллим орқасига ўгирилди, ҳали ҳам оппоқ турган доскани кўриб аччиқланди:
– Нима қилиб турибсан, қўшмайсанми? – деди. Омон доскага ўгирилди, сонларни ёзиб, яна бир нима демоқчидай муаллимга қаради. Унинг авзойи бузуқлигини кўриб индамади. Яна қўшишга киришди. Лекин нуқул ҳисобдан адашиб кетаверди. Жонига тегди шекилли, шартта синфга ўгирилиб:
– Мен-ку қўшавераман, бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Лекин бундан нима фойда. Бирон ишга қўл уришдан олдин бу ишнинг элга фойдаси бор-йўқлигини билиш керак-ку! Умуман, менга тушунтириб беринглар-чи, ўзи қўшишнинг нима кераги бор! – деди-да, ер остидан ўқитувчига қаради. Паралеллепипед муаллим Омонга қараганича тахта бўлиб қолган, нуқул титраганча «қў, қў, қў», – дерди.
Муаллимни тиббий лабораторияга олиб кетишди. Омон эса худди ўзи айбдор эмасдек, – мен фойдасини билишим керак эди-да, – деб такрорларди.
Eртасига мактабга Логани чақиртиришди. У «Курс» раҳбарининг хонасидан тунд қиёфада чиқди. Даҳлизда турган Омон билан Шодмонга ўқрайиб қаради ва бош чайқаганча индамай кета бошлади.
– Лога ака, ҳафа бўлманг энди. Мен жўрттага қилганим йўқ. Ростдан ҳам қанақа фойдаси борлигини билмоқчийдим-да!
Логанинг учбурчак қошлари чимирилди:
– Қани юринглар-чи, бўлмасам, – деди у қатъий, – мен сизларга қанақа фойдаси борлигини кўрсатиб қўяй!
Лога болаларни бир қанча автозаводларга олиб борди. Механизмларнинг ишлаш фаолиятини бевосита ўша қонун-қоидалар билан боғлиқлигини тушунтирди. Тушгача айланиб юришди. Омоннинг жуда қорни очиб кетди.
– У-бу нарса еб олсак бўлармиди, – деб таклиф қилди у. Ҳаммалари шинамгина ошхонага киришди. Лога юмалоқ стол устидаги қизил дафтарчани Омоннинг олдига суриб қўйди.
– Ўзинглар танланглар. Ахир сиз меҳмонсиз!
Омон қорни очиб кетганидан шошиб қолди. Дафтарчада палов, шўрва, чучвара деб ёзиб қўйилган бўлса керак, деб ўйлади ўзича. Бироқ, китобчани очди-ю ҳайрон бўлиб қолди. Китобчанинг бошидан охиригача мисол.
– Алгебра китобидан фарқи йўқ-ку бунинг, – деди
Шодмонга қараб, – битта-яримтаси китобини ташлаб кетганга ўхшайди?
Шодмон Лога эшитмасин, деб дўстининг қулоғига пичирлади.
– Яхшилаб қидириб кўр!
Лога болаларнинг тўхтовсиз дафтар варақлаётган-ларини кўриб мийиғида кулиб қўйди. Кейин ўзини гўлликка солиб:
– Ҳа, ҳеч қайси овқат ёқмаяптими, дафтар варақлаб қолдинглар, – деб сўради. Омон билан Шодмон бараварига ялт этиб Логага қарашди.
– Йў-ўқ, мана ҳозир! – деди Омон дудуқланиб дафтар ичидан энг осон мисолни, яъни тиши ўтадиганини топиб, таваккалига ишлай бошлади. Ишлаб бўлгандан кейин нима қилишини билмай, Логага бақрайиб қараб тураверди.
– Стол ўртасидаги қора тугмани босиб, ичига жавобни ташласанг, керакли нарсаларнинг ҳаммаси автомат равишда пайдо бўлади, – тушунтирди Лога.
Омон Лога айтгандай қилди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай, квадрат стол очилди ва ўртадаги иккита тўртбурчак чуқурдан моғор босган қотган нон билан уч стаканда сув ғириллаб юқорига кўтарилди.
Омон кутилмаган ҳодисадан анграйиб қолди, Шодмон ҳам оғзини очганча нима бўлганига тушунмай бир қотган нонга, бир Омонга қарарди. Жуда шунчалик бўлмаса-да, шунга ўхшаш ҳодисани кутган Лога ҳеч нарса сезмагандай:
– Боядан бери моғорлаган қотган нон қидираётган эдингларми? Ерликлар уни шунчалик эъзозлашларини билмас эканман, – деб кулди.
Логанинг бу пичинги Шодмонга қаттиқ ботди, ўрнидан туриб қотган нонни атрофдагиларнинг ҳиринглашига эътибор бермай қарсиллатиб синдирди, стакандаги сувларни ҳамманинг олдига суриб қўйди ва:
– Ростданам Ердан орқада экансизлар, бунда ахир пенитсиллин бор, – залга хитоб қилди у, – тушуняпсизми, пенитсиллин! Моғорлаган қотган нонни, айниқса, Омон яхши кўради, – дея ноннинг энг кўкариб кетган жойини дўстига узатди. Омон нонни кўнгли тортмайгина олди. Шодмон эса хушчақчақ оҳангда қўшиб қўйди:
– Олавер Омон, уялмасдан олавер, ҳали кўп, етади! Омон унга ўқрайиб қаради. Буёғига Шодмон ҳам моғорлаган нонни қанчалик хуш кўришини намойиш қилиши керак эди. Шунинг учун ноннинг бир чеккасидан иштаҳа билан тишлаб тортмоқчи бўлди. Бор кучи билан тортадики, қани энди узилса, ахийри бир амаллаб узиб олди. Кейин Омон томонга ўгирилиб пичирлади:
– Ҳали кўчага чиққин, сен қуруқ!
Шу пайт стакандаги сувни эрмак қилиб ичиб ўтирган Лога гапга аралашди.
– Бир нима дедингми Шодмон!
– Ҳмм ҳалиги нон жуда ширин, айниқса, пенитсиллини кўп экан, деяпман.
Бир маҳал ноннинг тахирлигидан Омоннинг башараси бужмайиб кетди. Буни кўриб Шодмон, дарров сергакланди.
– Башарангни бужмайтирма, – деб туртди дўстини у – илжайиб ют!
– Ютолмайман! – нола қилди Омон.
– Ютасан, ўзинг пиширган ош, деб шуни айтишадида, – пичирлади яна Шодмон.
– Қанақа ош, – ҳайрон бўлди Лога.
– Ошдан ҳам кучи зўр бу пенитсиллиннинг? Пенитсиллин жуда зўр теоремами дейман?
– Қанақа теоремалигини билмайман-у, лекин ҳароратни жуда тез туширади.
– Нима, нима? – қайта сўради Лога.
– Ҳалиги, касалнинг ҳарорати баланд бўлса, у шайтонлайди, ҳатто шуни ҳам тузатади, бу тушмағур!
Бу гапдан Логанинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Болаларга нисбатан унда дарров шубҳа туғилди. Омон бўлса шарақлаб кулиб юборди. Қовун тушириб қўйганини сезган Шодмон бирдан жим бўлиб қолди. Логанинг уларга ғалати қараётганини сезган Омон:
– Шодмон ҳазил қилмоқчи бўлди, шунинг гапига ишониб ўтирибсизми? – деди. Лога «Сизлар билан жинни бўлиш ҳеч гапмас» деб бош чайқаганча кулди. Сафарлари қариб, қотган нонга қоринлари тўйган болалар ўринларидан туришди. Ҳамма уларга қизиқсиниб қараб турарди.
Болалар бош эгганча тез-тез юриб, ошхонадан чиқиб кетишди. Кўчада ичаклари узилгунча кулишди. Лога эса. уларга ҳайратланиб қараб турарди. У болалар хатоларини тушуниб, осон мисолни ишлолмаганлари учун ўз устиларидан кулишяпти, деб ўйлади ва анча енгил тортди. Ахир у болалар учун боши билан жавоб беради-да!