Текст книги "Электрон бола, ёвуз малика ва биз"
Автор книги: Нигина Ниёз
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 9 страниц)
ҚИЛИЧ ТИШЛИ ЙЎЛБАРС
Мана ракетанинг қандайдир балчиқ кўлга тушиб, ботиб қолганига ҳам, болаларнинг номаълум ўлкадаги ғалати саёҳати бошланганига ҳам икки-уч кун бўлиб қолди.
Бу ер биолог олимлар томонидан бундан бир неча асрлар илгари кашф қилинган эралар макети эди. Унинг вужудга келиш тарихи ҳам қизиқ. Бу ишга биринчи бўлиб, эрамиздан олдинги, тахминан 728–610 йилларда яшаган Солярис исмли буюк аллома асос солганди. Айтишларига қараганда у жуда сержаҳл, ўта даражада қайсар одам бўлган экан. Агар у ҳақлигини билса, вилоят раҳбарларига ҳам қулоқ солмай, ишни бошлаб юбораркан. Ашаддий илмпарвар бу одам бутун умрини кичкинагина лабораторияда ўтказган экан.
Солярис бир ҳужайрали жониворлар устида иш олиб борар, ҳужайралар бўйича йирик мутахассис эди. У тахминан 728–736 йилларда бир ҳужайрали жонивор – инфузорияларни сунъий равишда вужудга келтиришга муваффақ бўлди. Солярис инфузорияларнинг кўп ҳужайрали жониворларга айланиши жараёнини ҳам тезлаштиришга эришди. Инфузориялар ойлар ўтгани сайин ўз кўринишини ўзгартирар, ҳужайра тўқималари ҳам мураккаблашиб борарди. Солярис тадриж – эволютсия назариясида бурилиш ясайдиган улкан ишга қўл урганига шубҳа қилмасди. Бироқ у пайтларда ҳеч ким олимни тушунмас, ҳатто уни жиннига чиқариб қўйишганди. Одамлар унинг жиғига тегиш учун доим:
– Ўша итбалиқларингиздан бизларга нима фойда? – деб сўрашаркан. Солярис эса уларнинг пичингини тушунмас, ишга қизиқишаяпти деб ўйлаб, астойдил хурсанд бўлиб кетар, жон-дили билан очган кашфиёти ҳақида сўзлаб берар экан. Олимнинг асосий мақсади коинотдаги барча жонзотларнинг бир ҳужайралилардан тарқалганини амалда исботлашдан иборат эди. Шу йўсинда ботаника, биология, кимё ва қатор ижтимоий фанларда мураккаб муаммолар ҳал қилиниши мумкин эди. Бироқ Соляриснинг ўзи бу илмий фаразни исботлаш учун бир неча асрлар кераклигини билмасди. Табиийки, одамларни ҳам бунга сира ишонтириб бўлмас, бу итбалиқдан келгусида динозавр пайдо бўлади, деб уқтириш билан баробар эди. Одамлар уни масхаралаб «Текинхўр инфузория» деб аташарди.
Солярис оёқли балиқчаларни кашф қилмагунча «тентак олим»нинг устидан кулиб юраверишди. Шу балиқчалар туфайли у бутун дунёга танилиб кетди. Сайёранинг ҳар чеккасидан бу ноёб жонзотларни кўргани одамлар оқиб кела бошлади. Шундан кейингина илм ҳайъати Солярисга тажриба учун махсус ер майдончаси ажратиб берди. Лекин бу даврга келиб олим анча кексайиб, тез-тез касалликка чалинадиган бўлиб қолганди. Шундай бўлса ҳам макет-эрани барпо қилишга ўзи бошқош бўлиб турди. Бунинг учун авваламбор ажратилган жойнинг ўзида керакли ҳарорат ҳосил қилинди. Ҳаво таркиби ҳам, босим ҳам ҳисоб бўйича мўтадил ҳолатга келтирилди. Тажриба майдони кенгайиб бораверди. Сунъий ёритгичлар, атмосфера таркибини мўтадилловчи асбоблар бир неча бор мукаммаллаштирилди.
Олимларнинг кузатишича, ҳозир бу ерда Юра даври кечмоқда. Ўсимликшунос олимлар ҳам, палеонтологларнинг текширувлари ҳам шуни тасдиқлашмоқда.
Макет-эра ноёб тажриба майдони бўлиши билан бирга унга хос бошқа вазифани ҳам бажарарди. Яъни илмлар мамлакатида камдан кам учрайдиган айрим ялқов, илм ёқмас кишилар шу ерга сургун қилинар, улар дангасаликлари туфайли ибтидоий даражада ҳаёт кечириб, ёввойилашиб кетардилар.
Жадваллар ерликларни атайлаб шу ёққа жўнатишганди.
Омон дўстига шу икки-уч кундаги кузатишларини қўрқувдан титраб-қақшаб гапириб берди. Тонгда тоғдек келадиган ғалати ҳайвонларнинг сув ичгани келганини ҳам айтди. Омондаги даҳшатли қўрқув Шодмоннинг ҳам кўзларида аксланди. Ранги қув ўчиб, дўстининг шубҳаларини диққат билан тинглади.
– Жа, унчаликмасдир-ов, – ишонқирамади Шодмон. Бу билан у биринчи навбатда «ундай эмаслигига» ўзини ишонтирмоқчи бўлганди.
Ўрмон сувга туташ бўлиб, дарахтзор оралаб кетишга тўгри келарди. Бу иккиси учун ҳам даҳшат. Улар ўрмонда қандайдир ваҳимали жонзотлар борлигини у ердан келаётган ўкирик товушлардан ҳам сезиб туришарди. Бир пайтнинг ўзида эса қўрқаётганликларини бирбирларидан яширишга, ўзларини тетик тутишга ҳаракат қилишарди. Ўғил бола учун бундан ҳам огир синов бормикан? Улар кемадаги буюртма столга қўлларидан келганча овқат буюртириб, чойшаблардан қоп тикиб, егуликка тўлдиришиб, ҳар иккиси биттадан қоп орқалаганча ўрмонга кириб кетишди.
Дарахтларнинг барглари шокиладай ерга эгилиб тушган. Одам бўйи баробар ўсган ўт-ўланлар дарахтларнинг барги билан туташиб кетган. Шу туфайли ҳаво ҳам худди ним яшил рангга бўялгандек туюлар, бу эса ўрмонга афсонавий гўзаллик бахш этарди. Турли хил рангда очилиб ётган, кўзни олувчи духоба гуллар ҳар қандай кишини маҳлиё қилиб қўярди.
Болалар антиқа гулларга мафтун бўлиб, баъзан хатарни ҳам унутишарди.
Улар гулларга тикила-тикила анча ичкарилаб кетганларини сезмай қолишди. Қоронғи тушиб, дарахтларнинг барги тўқ яшил тусга кира бошлади.
Ҳаммадан даҳшатлиси бу ердаги йиртқич ҳайвонлар тунда овга чиқишар, ўрмонда, кўл бўйида, сайҳонликда изғиб юришарди. Айниқса, қилич тишли йўлбарс-махайрод жуда хавфли эди. Улар ўзидан ўн-ўн беш маротаба катта ҳайвонни ҳам бирпасда саранжом қилишарди.

Ўтлар қалин ўсганлиги туфайли ер юзи кўринмас, Омон оёғи остида нималарнингдир қирс-қирс қилаётганини сезиб борарди. Болапар шох-шабба бўлса керак деб, унга эътибор қилишмади. Аслида бу ер махайродлар макони бўлиб, қирсиллаётган нарса ўлжаларнинг суяги эди. Бир маҳал Шодмон узоқда қандайдир ёниб турган яшил кўзларни кўриб қолди.
– Тисс, – деб дўстини ҳам энгаштирди у, – анавининг ёнишини қара!
Махайрод бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Болалар ўтлар орасидан унинг думинигина кўриб қолишди, холос.
Омон эса буни кўриб, тарки одат амримаҳол деганларидек, айни пайтда махайроднинг улар томон пусиб келаётганидан бехабар ғоз туриб дўстини масхаралай бошлади.
– Вой, бўў, юракдан ҳам бор экан-да! Оғайни, чумчуқ пирр этса, юрагингиз ширр этадиган бўлиб қолибди-ку! Оддий мушукдан беркиниб ўтирипти-я, «пишт» десанг қочади-ю!
Шу дам ўтлар орасидан махайроднинг улкан гавдаси кўринди, иккита узун қилич тишлари ярақлаб кетди. Буни кўрди-ю, Омоннинг гапи оғзида қолди. Худди сал қимирласа, йўлбарс ҳамла қиладигандек иккиси ҳайкалдек қотди. Омон:
«Ҳай, пишт!» демоқчи эди, овози чиқмади. У нима қиларини билмай қопини титкилай бошлади. Бир бўлак қотган нон олиб махайроднинг калласини пойлаб туриб, қаттиқ ирғитди. Бу улкан йўлбарсга қилча таъсир қилмади. Балки баҳона бўлди. У энди ўкириб, думларини диккайтирганча ҳужумга ўтди. Омон қандай қилиб қопни ташлаганча дарахтнинг учига чиқиб олганини билмай қолди. Бундай тепага қараса, Шодмон ундан ҳам баландроқдаги шохни қучоқлаганча дир-дир қалтираб ўтирипти. Махайрод эса дарахтнинг атрофида гирр айланиб ўкирар, дарахтга тирмашар, бироқ қилич тишлари чиқишга халақит берарди.
Бу ноёб ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетишига ҳам асосан шу қилич тишлари сабаб бўлганди. Қилич тиш умуртқа поғонасига салбий таъсир кўрсатар, унинг фаолиятини бузарди. Махайрод аламдан Омоннинг қопини тилка пора қилди, егулик қидириб ер искади. Бироқ ҳеч нарса таъбига ёқмади, шекилли, ириллай-ириллай, яшил кўзларини чақчайтириб, дарахтлар орасида ғойиб бўлди.
Болалар қўрқа-писа дарахтдан пастга тушишди. Гарчи юришга мадор қолмаган бўлса-да, улар бу мудҳиш жойни тезроқ тарк этишга шошилардилар. Кўп ўтмай Шодмон чарчаганидан ортиқ юролмай қолди. У оёғини судрар, бироқ оёқлари ўзига бўйсунмасди. У ортига ўгирилиб, Омонга гапирмоқчи эди, томоғи қуриб кетганидан қаттиқ йўталиб юборди.
– Омон, – деди у йўталдан тўхтамай, – бир оз дам олволайлик. Бунақада йиқилиб қоламиз!
Омоннинг ҳам ортиқ чопишга ҳоли қолмаган. У Шодмонга жавоб ҳам қилмай, ўзини таппа ерга ташлади. Шодмон ҳам чўккалади, иккисининг тинкаси қуриган, очлик ва уйқусизлик уларни хароб қилганди. Болаларнинг тамадди қилишга ҳам ҳоллари келмай, тонг ғираширасида уйқуга кетишди.
Шодмон кечга яқин ерни зириллатиб юборган гурс-гурс қадам товушларидан уйғониб кетди. Улардан сал нарида танаси дағал, кулранг тери билан қопланган, баландлигининг ўзи ўн-ўн беш метр келадиган махлуқлар ўтлаб юрарди. Улар шунақанги катта эдики, нақ ўнта филни устма-уст қўйганга ўхшар, ҳаракатларида қандайдир номутаносиблик бор эди. Шодмон тушим эмасмикин деб, аввалига ишонмади. Кўзини ишқалаб, катта очиб қаради. Бундай баҳайбат махлуқларнинг ўтлаб юргани унга ғалати туюлди. Шу пайт бир неча қилич тишли йўлбарснинг Шодмонга таниш бўлган яшил кўзлари ялтираб кетди. Улар ҳар томондан игуанодонларни ўраб олишаётган эди.
Бўлғуси жангнинг қандай даҳшатли бўлишини ҳис этган Шодмон Омонни уйғотиб, қопни орқалаганча дарахтларни паналаб йўлга тушди. Нима гаплигидан бехабар Омон махлуқларга тикила-тикила тили калимага келмай, дўстининг кетидан эргашди. Кўп ўтмай орқадан дарахтларнинг қарсиллаб сингани, игуанодоннинг бўкириб, гурс-гурс қилиб қочгани эшитилди.
Бир зумда ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Гурсиллаган оёқ товушлари яқиндан эшитила бошлади. Тағин бир-икки мастодонтнинг ўкиргани эшитилди. Бир маҳал қорнидан, оёқларидан тирқираб қон оқаётган игуанодон сайҳонликка чиқиб югуриб қочди. Махлуқ ҳамон ўзини қаерга қўйишни билмай, атрофга даҳшат солиб бўкирар, гурс-гурс этиб ўзини ерга отарди. Бироқ барибир у мастодонтлар таъқибидан қочиб қутулолмади.
Омон эса ўкирикларнинг тинганига қарамай ҳамон чопиб борар, орқадан ҳаллослаганча Шодмон келарди. Кутилмаганда олдинда бораётган Омон ғойиб бўлди. Фақат узоқдан унинг бақиргани эшитилди, холос. Бу овоз кўпроқ ернинг тагидан келаётганга ўхшарди. Шодмон овоз келган тарафга қараб чопди. Чор атрофга аланглади, лекин ҳеч нарса кўрмади. Сал нарироқда кимнингдир инграгани эшитилди. Шодмон ўша ёққа югуриб борди-ю, оёғи тойиб чуқурликка мункиб кетай деди. Қараса Омон чуқур қилиб қазилган каттакон ўра ичида шохшаббаларга кўмилганча инграб ётибди. Уни шу аҳволда кўриб Шодмоннинг ўтакаси ёрилди, – Омон! – деб бақириб юборди у, – ҳеч қаеринг лат емадими?
Дўсти жавоб бериш ўрнига ингради. Қандайдир найзалар орасига қисилиб қолган Омон кўзи билан тагига ишора қилди. Шодмон шох-шаббалар остидан ғўдайиб чиқиб турган, учи найза қилиб тарошланган ходаларни кўрди-ю, юраги шув этиб кетди. Демак Омон ҳам тамом бўлибди, деб ўйлади ўзича. Нима қиларини билмай, аввал ўранинг атрофини гирр айланиб чиқди. Кейин шохшаббаларни олиб ташламоқчи бўлганди, қўли етмади. Шодмоннинг назарида дўсти найзага санчилган-у, роса азоб чекаётгандай.
Шодмон бирпасда қаердандир узун ёғоч топиб келди. Лекин шунда ҳам шох-шаббаларни олиб ташлашга жуда қийналди. Кейин ёғочнинг бир учини Омонга узатиб юқорига куч билан торта бошлади. Ўнг томонга ўтиб тортиб кўрди, орқа томонга ўтиб тортди. Қани энди Омон жойидан қўзғалса! Худди елимлангандай унинг ўзи ҳам қимир этолмасди.
Шодмон атрофида нималар бўлаётганига эътибор қилмас, ҳатто юзма-юз келиб қолган ёввойиларни ҳам кўрмас, дарди-фикри дўстини қутқариш эди. Бир пайт кимдир кўлларини қаттиқ орқага қайирди. Оғриқ азобидан Шодмон инграб юборди.
Бир пасда ҳандақ атрофини қандайдир ярим яланғоч, сочлари пахмайган, кир-чир одамлар ўраб олишди, ўзларича қийқириб тантана қилишди.
Ёввойилар чаққонлик билан хандақни шох-шаббадан тозалаб, Омонни шафқатсизларча у ердан тортиб олишди. Унинг найзага илиниб қолган кўйлаги шир этиб йиртилди. Елкасидан тирқираб қон оқа бошлади. Ёввойилар икки ўлжанинг ҳам қўл-оёғидан ёғочга боғлаб, уларни худди жонвордай осилтириб, кўтарганча қаёққадир олиб кетишди.
ЛОГА ЁВВОЙИЛАР ОРАСИДА
Улар зах ва сассиқ ҳид анқиётган ғорга киришганида ҳаммаёқ қий-чув, тўс-тўполон бўлиб кетди. Омон ва Шодмонни тутиб келган ёввойига ўхшаганлардан яна ўн бештаси уларни ирғишлаб, хурсандлик билан қарши олди. Бирдан улар орасида таниш ва мўтабар чеҳра ярқ этиб кўзга ташланди. Камон ёғочда осилиб турган Омоннинг юраги ҳаприқиб кетди. Унинг рўпарасида соч-соқоли ўсган Лога ёввойи одамлар билан баббаробар ирғишлаб қийқирарди. Омон чидаёлмай ётган жойиданоқ:
– Лога, Лога ака! – деб бақириб юборди. Чеккалари бўртиб-бўртиб кетди. Бўй басти, таниш чеҳраси худди ўша эди.
Ёввойилар қўл-оёқларини бўшатиши билан Омон ҳам, Шодмон ҳам ўзини унинг бағрига отди. Лога уларни танимаганга олди. Иркит қўллари билан болаларни итариб юборди, иккиси ҳам орқаси билан гурс этиб қаттиқ йиқилди. Атрофдагилар қийқириб уларни масхара қилишди.
Омон кўзларига ишонмай:
– Бу мен, Омонман! Наҳотки танимаётган бўлсангиз! – деди жонҳолатда йиғлагудек бўлиб. Лога ғалати кулди. Илгарилари Логанинг бунақа кулганини сира кўрган эмасдилар. Кейин у Омонга қараб кўз қисиб қўйгандай бўлди.
– Шодмонга қараб бошини сараклатди. «Саёқ юрсанг, таёқ ейсан!» деганида бу.
Шундагини Шодмоннинг кўнгли сал таскин топди. Ёввойилар орасига тушиб қолгани ҳам майлига, Логани деб қўрқиб кетди. Агар Лога уларни деб шу ахволга тушса, бунга қандай қилиб чидарди.
Лога ғалати қилиқлар қилиб ўйнади-да, Шодмонга яқинлашиб:
– Eхтиёт бўлинглар. Мени ишорамни кутинглар! – деди.
Шодмоннинг кўнгли жойига тушди. Бу Лога ака ростдан ҳам мард одамда. Ўша куни унга чой қайтариб, қаёқдаги гапларни айтишди, уни ҳафа қилишди. Бу бўлса, мана яна кечирди, уларни…
Шодмон бир амаллаб дўстини четга олиб ўтди. Атрофдаги ёввойиларни итариб-итариб ташлади-да, Омонни ҳайвон терилари ташланган харсангнинг устига ётқизди.
Омон ўрнидан димоғини ёргудай қўланса ҳид анқиётганига қарамай юз тубан ётиб олди. Унинг елкалари бетўхтов силкинар, у оғриқданми, ўзидан уялибми, йиғлаётганди.
Шу пайт қоп-қора сочлари паришон ёйилган бир қиз пайдо бўлди. У Омонга қараб бир нарсалар деб чулдиради. Кейин сочининг бир тутамини ғарч этиб тишлаб уздида, уни Омоннинг елкасидаги ярага куйдириб босди. У оғриқнинг зўридан инграб юборди. Қиз бир дақиқагина Омоннинг бошини силаб ўтирди-да кейин қаёққадир ғойиб бўлди.
Шодмон уларга ўз укасидек меҳрибончилик қилаётган қизга эътибор қилмас, хаёлида фақат Логани ўйларди. Айни пайтда у бу қизнинг Нилуфар эканини, бир вақтлар истеъдодли олима бўлганини хаёлига ҳам келтиролмасди.
«Логада ҳам артистлик қобилияти бор эканми? – ўйлади Шодмон. – Ёввойиларнинг орасида худди уларга ўхшаб кетибди. Ғирт разведкачи бўлибди-қўйибди. Агар ўзини шунақа қилиб кўрсатмаса, бу ёввойилар уни соғ қўйишармиди?! Сихга тортиб, еб юборишарди, балки. Бу жун босган одамлардан қўрқмай бўладими? Кўзининг чақчайганини қаранг…
Eнди Логанинг ишорасини кутишга тўғри келади. Тезроқ кета қолишсайди. Бунақа шароитда Омоннинг яраси йиринглаши мумкин-ку, ахир…
Лога эса улардан сал нарида айланиб юрарди. Ўтинўтин Шодмонлар томонга қараб қўярди. Ҳа, чиндан ҳам у бир нималарни режа қиляпти, шекилли…»
Бир пайт қадам товушлари эшитилди. Шодмоннинг юраги «шув» этиб кетди, қайрилиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, тепасида бояги қиз бир бўлак гўштни ушлаб турарди. Шу топда қиз кўзига жуда хунук кўриниб кетди.
«Нега бизга ёпишиб олди, – ўйлади у, – балки Логанинг ёнимизга келишига шу халақит бераётгандир».
Қиз гўштни Омоннинг оғзига суқди. Омон ижирғаниб юзини терс бурди. Қиз қўярда қўймай унга чала пишган гўштдан бир-икки тишлам едирди. Кейин Шодмонга узатди, ўзи ҳам гўштдан оз-моз тотинган бўлди. Шу пайт қаердандир пайдо бўлган ёввойи одам қизнинг қўлидаги гўштга чанг солди. Қиз чинқириб унинг сочига ёпишди. Ёввойи одам бир қўли билан шошилиб гўштни оғзига тиқаркан, иккинчи қўли билан қизни итариб юборди. Қиз гурс этиб йиқилди. У кучи етмаслигини сезди шекилли, ортиқ талашмади. Белини ушлаганча чўлоқланиб аллақачон ухлаб қолган Омоннинг ёнига келиб, мункайиб ўтирди.
Воқеадан таъсирланган Шодмон қизга бақрайиб қараб қолди. – Жасур қиз эканми? Нега буларга мехрибончилик қилиб қолди? Чиндан ҳам… Бу қиз ё айғоқчи ёки бу болаларнинг ақли жойида эканини хис қиляпти. Барибир эхтиёт бўлиш керак?! Шунинг учун Шодмоннинг ўзи Логанинг олдига борди. Лога у томон бурилиб қарамади.
– Тунда йўлга чиқиш хатарми? – ўз-ўига гапиргандай деди у юзини терс ўгирганча. – Ўрмонда йиртқич ҳайвонлар ғиж-ғиж… Тонг отишини кутишга тўғри келади…
– Чарчадим. Чарчаб кетдим! – деди Шодмон.
– Бир оз сабр қил! – Лога унинг елкасига меҳр билан қоқиб қўйди-да, бир бў бўлак гўшт берди.
Шодмон нари кетди. Лога берган гўштни ушлаганча мудраб қолибди. Шунда уни биров туртгандай бўлди. Шодмон чўчиб уйғонди ва тепасида қорни хурмачадай катта, кўзлари бежо боқадиган бақалоқ киши пайдо бўлди. У очкўзлик билан Шодмоннинг қўлидаги гўштга тикилди.
– Озгина бер, – ялинди у.
Шодмон математика тилини бузиб гапирган бу кишига ялт этиб қаради, лекин гўштни бергиси келмади.
– Агар берсанг, бир сир айтаман, – яна кўзини гўштга лўқ қилиб туриб олди у.
«Балки…» ўйлади Шодмон, нотаниш ҳислар қалбида туғён урди. У гўштни бояги кишига узата туриб:
– Айтинг, бўлмаса сирингизни, – деди.
Бақапоқ очофатларча гўштга ташланди. Шошиб иккиуч тишлам узиб, кўзларини ола-кула қилиб чайнай кетди. Кейин оғзи тўла гўшт билан ғўлдираниб сўзлай бошлади. Бақалоқнинг чапиллатиб овқат ейиши ҳам, овқат тўла оғзини катта очиб қаҳ-қаҳ отиб кулиши ҳам Шодмоннинг ғашига тегар, лекин шундай бўлса-да, унинг ҳикоясини умид билан тингларди, қулоғи динг эди, қандай сирни айтмоқчи экан у? Бақалоқ ўзининг қачон сургун қилинганини, Наркис билан қандай танишганини, Маликаи олампаноҳларига қандайдир номалар олиб бориб турганини ва Шодмонни умуман қизиқтирмайдиган алланарсалар ҳақида гапирди. Охири у;
– Қочиб қолларинг! Эртага бу ерда қирғинбарот бўлади, – деб қўшимча қилди-да, қандай сирли пайдо бўлган бўлса, худди шундай ғойиб бўлди. Шодмон бу ғалати кишининг гапларига умуман ишонмади. Шу ердаги эси пастлардан биттаси бўлса керак-да, деб ўйлаб, бамайлихотир ўтираверди.
Қачон уйқуга толганини ўзи ҳам билмай қолди.
Омон тонгга яқин ғўнғир-ғўнғир товушлардан уйғониб кетди.
Ғорда қандайдир уч-тўрт нотаниш йигит ивирсиб юрар, улар гулхан атрофида тўп-тўп бўлиб ухлаб ётган ёввойиларнинг юзига чироқ тутиб кўришар, афтидан кимнидир қидирмоқда эдилар.
Навбат Логага келганида, у чинқирганча нотаниш йигитлардан бирига ташланди.
Саросимага тушган Омон эса нима қиларини билмай шошганча Шодмонни уйғота бошлади. Бу пайтда бошқа ёввойилар ҳам уйғониб кетишган, улар қўлларидан келганча ўзларини ҳимоя қилишар, чинқиришар, дуч келган нарса билан босқинчиларни савалашарди. Анавилар нуртўп қурол билан ёввойиларни қираётгандилар.
Ваҳшийлашиб кетган Наркис эса ҳеч кимни аямас, аввал оёғи билан тепкилар, кейин шафқатсизларча асбобнинг тугмасини босарди…
Тўполонда ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетганди, анави босқинчиларни фақат нур қуроли тутганидан ажратиш мумкин эди, холос. Омон билан Шодмон урйиқитда туртиниб-суртиниб Логани излашарди. Бироқ, уни бу пайтда босқинчилардан иккитаси тепкиламоқда эди. Буни кўриб Шодмон уларга кучи етмаслигини билса ҳам жонҳолатда улардан бирига ташланди. Бироқ кечикди. Йигитлардан бири нур асбобини Логага йўиалтирди. Лога қўллари билан кўксими чангаллаганча юз тубан йиқилди.
Омон чаққонлик билан унинг бошини тиззасига олди. Қўллари билан тўзғиб кетган сочларини текислади. Лога уйқудан уйғонмоқчи бўлгандай кўзларини зўрға очди. Иккисига бирма-бир қаради, жилмайди, нурсиз кўзларига жон кирди гўё. Кейин болаларга бир нима демоқчи бўлиб тўлғонди, лекин гапиролмади. Омоннинг қўлларини маҳкам қисганча жон берди.
Шу тоб Шодмон унга совуққина тикилиб турган узун сочли йигитни кўриб қолди. Жуда нохуш эди бу ҳолат. Бироқ, кутилмаганда пайдо бўлган бақалоқ, ҳамма ишни пачава қилди. У Наркиснинг қулоғига бир нималар деб шипшиганди, босқинчиларнинг ҳаммаси гупира-гупир югурганча ташқарига отилдилар.
Шодмон ҳали ҳам Логанинг тепасида ҳўнграб йиғлаётган Омонни қўлидан тортиб мажбурлаб турғазди-да, бояги йигитнинг орқасидан чопиб кетди…
4-ҚИСМ
ИСТИБДОДТИЛГАН МАМЛАКАТНИНГ ТУНГИ МЕҲМОНЛАРИ
Болалар Наркиснинг кетидан пойлай-пойлай қандайдир шаҳарга келиб қолишди. Улар айни пайтда бу ернинг ўзлари келишни орзу қилган, Ёвуз малика босиб олган Физиклар юрти эканини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Бу ялқовлар мамлакатида Омон билан Шодмон ҳурматли одамлар эди. Устига устак сочи узун йигитнинг Логани ўлдириши, уларнинг сургун қилиниши, Герц – бу воқеаларнинг ҳаммаси бирам ғалати… Айни чоғда болалар уйга қайтиш йўлини ҳам билишмасди. Улар учун биргина йўл қолганди. Курашиш, Герцни топиш…
Шу тоб Омон илжайиб дўстига қаради. «Бу шум яна бир нимани ўйлади-ёв, – дея хаёлидан ўтказди Шодмон, – қанийди, бир йўлини топган бўлса…»
Шаҳар жуда ифлос эди. Ҳар ер, ҳар ерда ахлат уюмлари, турли механик асбоб қисмлари ириган-чириган сабзавотларга қўшилиб сочилиб ётар, марказий кўчалардаги плакатлар синдирилган, ҳашаматли баланд биноларнинг мармар деворлари ўпирилиб тушганди. Онда-сонда бетартиб кўчаларни зириллатганча навкарлар ўтиб қолар, улар орасида оёғидан учқун сачрайдиган ғалати одамлар ҳам бор эди…
Ялқовлар маликаси саройини улар узоқ излашмади. Кошона шундоққина улар келган боғнинг қаршисида жойлашган экан. Бино сира саройга ўхшамагани учун болалар пайқашмабди. У учта баланд-баланд қора мармардан ишланган туташ айлана бинолардан иборат бўлиб, ўртадагиси четдагиларига нисбатан каттароқ эди. Бинонинг оқ мармардан ишланган зинапоясида эса ярми қизил, ярми кўк кийим кийиб олган соқчилар турарди.
Болалар ичкарига тўғри кириб кетишмоқчи эди, соқчилар йўл тўсишди. Юрт кезиб, ҳар хил тиллар-ни ўрганавериб, уста бўлиб кетган болалар учун соқчиларнинг тилини тушуниш унча қийин бўлмади.
– Парол, – деди ўнгдагиси кўзини олайтириб.
– Билмадим, – елкасини қисди Шодмон.
– Олим бўлмасанг, олам сеники! – қичқирди чап томондагиси.
– Олим бўлмасанг олам сеники! – пиқирлаб кулиб унинг жавобини қайтарди Омон.
Бояги соқчи яна кўзини олайтирди.
– Бунинг айтганини қайтарма! – оғзини чўччайтириб бақирди у, – жавобни айт. Билмасанг кўп бу ерда ўралашма!
Омон билан Шодмон парол илм тўғрисидаги мақолларнинг тескариси экан деб ўйлаб, билган мақолларининг тескарисини айта бошлашди:
– Илмсиз ўзар, илмли тўзар.
– Йўқ, йўқ бу эмас, бу эмас! – бошини чайқаб бақирди соқчи.
– Маликага боғлиқ томони ҳам бор, – секин Омоннинг қулоғига шипшиди ўнг томондаги соқчи. Омон бир оз ўйланиб турди-да:
– Физика фанларнинг маликаси! – деб бақирди ишонч билан. Шу заҳотиёқ соқчининг ёғоч найзаси Омоннинг бошига қарс этиб тушди.
– Бунақа сўзлар учун биласанми нима қилишади? Омон ҳайрон бўлиб бош чайқади.
– Осишади! – қўлини бигиз қилиб тепага ишора қилди у. Шодмоннинг энсаси қотиб кетди:
– Бўлар-бўлмасга осаверишар экан-да! Мисол ишлолмасанг ҳам осишади булар, ножўя гапирсанг ҳам!
Соқчининг қутилмаганда бирдан чиройи очилиб кетди.
– Бизда тескариси, – деди у ҳовлиқиб, – мисол ишлолмасанг, яша оғайни, ўзимиздан экансан, деймиз! Маликамиз ҳам ҳали карра жадвалини билмайдилар, – мақтанди у.
Омон эса ўзини ақлли қилиб кўрсатиш мақсадида:
– Ростдан-а, – деди ҳайратланиб худди ўзи биладигандек.
– Тавба! – унга қўшилди Шодмон. Болаларнинг масхаралашаётганини тушунмаган соқчи:
– Шунақа, а, а! – деди яна керилиб.
Шу пайт эшик очилди-ю, Шодмон учун анча таниш бўлиб қолган бақалоқнинг хурмачадай қорни кўринди. Шодмон хурсанд бўлиб кетганидан ўйлаб ҳам ўтирмай:
– Бақалоқ! – деб бақириб юборди.
Бақалоқ аввалига Шодмонга ва унинг ўртоғига ҳайрон бўлиб қаради. Кейин уларни қаерда кўрганини зўр бериб эслай бошлади.
Шодмон унга ғорда гўшт берганини, бирга отамлашишганини айтганди, бақалоқ, бирпасда дўстона қучоқ очди. Ахир бир марта туз еган жойингга, минг йил салом бер, дейдилар-ку!
– Ҳа, оғайни бу сенмисан? – ҳи-ҳилаб кулди у, кейин болаларга бақрайганча сўради, – бу ерда нима қилиб юрибсанлар ўзи?
– Жуда бизлар боп жой эканда бу ер. Саройда ишпиш топилмайдими бизларга? – жилмайди Шодмон.
Бақапоқнинг қиёфаси жиддийлашди. У болаларнинг қандай омон қолишганини, нима учун саройдан иш керак бўлиб қолганини сўраб-суриштириб ўтирмади. Зеро, унда бунақа ақлнинг ўзи йўқ эди. Фақат Маликанинг бир вақтлар хизматкор керак, деганини эслади-ю, болаларни эмас, ўзининг мукофотланишини ўйлаб, уларни ичкари бошлади.
Икки томони кўзгудан иборат бўлган узун даҳлиз. Тўғрида ойнаванд катта эшик. Оёқ тагига тўшалган гилам кир бўлиб кетган, у ер-бу ердан ситилиб чиққан ипи тўзиб ётар, даҳлизнинг шифтидан осилиб чиқиб турган ҳар хил симлар эса бу бинони кимлар меҳнат сарф қилиб бунёд қилган-у, қандай одамлар уни бузишга журъат этга-нидан далолат берарди. Бақалоқ ҳуштак чалганча шифтга тикилиб кетаётган Шодмонга ғаши келиб танбеҳ берди:
– Ўв, ҳадеб шипга тикилаверма, акс ҳолда «шпион» деб ўйлашимиз мумкин.
Шодмон эса ўзидан мамнун жилмайиб қўйди. Кейин худди ўзини билмаганга олиб:
– Йўқ, бу симлар ўзи ниманики? – деб сўради соддаларча.
– Э, – қўл силтади бақалоқ, – яхши асбобники бўлганида шунақа осилиб ётармиди…
– Ҳа, асбоб ёмон бўлгани учун симлари шунақа чиқиб қолган демоқчимисиз?
Аввалига бақалоқ нима деб жавоб беришни билолмади. Фақат автомат эшик жиринглаб очилганидан кейин ўзига таъсир қилди. Нима учун шу тирранчанинг олдида ўзини оқлаб ўтириши керак. У ким бўлибди!
– Йўқ, ёмон аппарат бўлгани учун атайлаб суғуриб олганмиз, – деб жавоб берди у кейин.
– Нимаси ёмон экан?
– Нимаси бўларди, агар ўша аппарат бўлганида сен бу ёққа ўтолмасдинг, тушунарлими?!
Улар куб, пирамида шаклидаги турли аппаратлар ўрнатилган ва пачоқлаб ташланган катта зал бўйлаб юриб боришди-да, худди боягидек иккита соқчи турган эшик олдида тўхташди. Соқчилар қўриқлаш ўрнига чўнқайиб ўтириб олганча карта ўйнашар, ёғоч найзалари эса эшикка тираб қўйилганди. Улар ўйинга берилиб кетишганидан бақалоқни ҳам пайқашмади. Ҳатто бақалоқ уларнинг қулоғига бир нарсалар деб шипшиб тушунтирганида ҳам:
– Бор, бор, бошни қотирма, – деб ўйинни давом эттираверишди. Бақалоқ, болаларга қараб:
– Ҳаҳ дангасалар, – деб кулдим ҳижолатомуз, кейин эгилиб яна илтимос қилди. Бу гал соқчилар кимга гапиряпсан ҳам дейишмади. Бақапоқ, дўқ-пўписа қилган бўлса ҳам майли эди, соқчилар ҳатто унинг илтимосига ҳам қулоқ солишмагани жуда алам қилди. У соқчининг карта ушлаб турган қўлини пойлаб туриб бир тепганди, карталар ҳар ёққа сочилиб, соқчининг ўзи эса икки юмалаб ичкарига кириб кетди.
– Яхши гапни тушунмайди, бу тўнкалар, – деди болаларни ичкарига таклиф қиларкан у.
Ичкаридаги соқчи эса ўрнидан тура солиб уларнинг йўлини тўсди.
– Қаёққа! Мумкин эмас! – деди у кўзини ғилай қилиб.
– Бор, бор, картангни ўйна!
– Шу гапингиз учун раҳмат, – деб соқчи, картасини излаб кетди. Шу пайт ичкаридан аёл кишининг:
– Нима гап? – деган ҳирилдоқ овози эшитилди. Болалар билан бақалоқ югуриб олдинга ўтишди. Катта, чиройли қилиб безатилган хонада сочлари тўзиб кетган (афтидан бир ой тароқ тегмаган бўлса керак), юз-кўзини дидсиз, алламбало қилиб бўяган бир аёл катта, тўқ кўк рангли оромкурсида ёнбошлаганча мудраб ўтирарди. Уларни кўриб Малика эринибгина бошини кўтарди.
– Хизмат, – деди чўзилиб, – мановлар ким? – сўради у. Бақалоқ жавоб бериш учун энди оғиз жуфтлаганди, орқадан соқчининг чийиллаган овози эшитилди:
– Улар босқинчилар, Маликам, мени уриб ўтиб кетишди!
Аёл соқчига қараб қўли билан бепарвогина «кетавер» ишорасини қилди-да, яна нурсиз кўзларини бақалоққа қадади.
– Ўзингизнинг… ҳалиги илтимосингизга кўра… Ёввойи одамлардан майда-чуйда хизмат учун битта-яримтасини тутиб келсин, деган экансиз, бақалоқ ер остидан аста болаларга қаради.
– Э, шунақами, – Малика эриниб сўзлаётганидан гаплари ҳам чўзилиб кетаётганга ўхшарди. Кўзлари совуқ йилтиради.
– Бир товоқ ош билан мукофотланасан, боравер, сен бўшсан!– деб ясама табассум қилди Малика.
Кап-катта одам бир товоқ ош мукофотга хурсанд бўлиб, ирғишлай-ирғишлай чиқиб кетди. Бақалоқнинг ўзини бундай тутгани болаларга жуда эриш туюлди.
Маликани бепарвогина кузатаётган Шодмон бирдан сергак тортди. Ахир бундай совуқ йилтирайдиган кўзларни у қаердадир кўрган эди. Айниқса, жилмайганда бу кўзларнинг нурсиз ва ҳаракатсизлиги яққол кўзга ташланарди. Ҳа, ҳа, бу кўзларни у қаердадир кўргани аниқ. Малика болаларга нима ишлар қилишлари кераклигини эринибгина тушунтирар, ора-чора оғзини кафтдек очиб эснарди. Шодмон эса унинг гапларини тингламас, ҳамон ўз хаёли билан банд, бир-бир ўзи учрашган одамлар қиёфасини хотирасида тиклаб кўрарди. Ўйлай-ўйлай Шодмон ахийри эслади. Фақат саройдан чиқиб, уларга махсус хизматкорлар кийими келтириб берилганидагина эслади. Бундай кўзлар Логанинг олдига қандайдир асбоб билан яқинлашган йигитдагина бор эди. Ўшанда ҳам жуда хунук иршайганди у. Бу кўзларни энди у ҳеч қачон унутолмаса керак.
Омон эса бу вақтда башарасини бужмайтирганча ярми кўк, ярми қизил матодан беўхшов қилиб тикилган кийимнинг уёқ-буёғини ағдариб кўрар, ҳаракатсиз бир нуқтага тикилиб ўтирган Шодмонга эътибор ҳам бермасди.
– Киймайман бунақа кийимни, – ахийри уни отиб юборди Омон. Бу – масхарабозларнинг кийими-ку.
– Нима сен сарой хизматкорларига инглизча костюмшим олиб келишади, деб ўйлабмидинг. Киявер энди ноз қилмай. – Шу пайт Маликанинг хонаси томонидан қулоғига таниш овоз чалингандай бўлди. Шодмон кийимини чаққонлик билан устига илиб, эшик тирқишидан мўралади ва ўша заҳотиёқ шахд билан ортига тисарилди.
– Бу ўша, ўша! – деб шивирлади қўрқув аралаш кўзларини жавдиратиб. Омон гап нимадалигини дарров тушунди. У ҳам югуриб бориб, эшикнинг тирқишидан ўша ёққа қаради. Баланд бўйли, қоп-қора қошлари туташ кетган қандайдир йигит Малика билан алланималар ҳақида берилиб суҳбатлашарди. Кўринишидан у бақалоққа ҳам, кўчада кўрган одамларига ҳам сира ўхшамасди. Кўзлари худди Маликаникига ўхшаб ҳиссиз боқса-да, уларда қандайдир қатъиятлилик бор эди. Шодмон ҳам бир оз ўзига келганидан кейин яна эшик тагига келди. Энди икковлари биргалашиб Малика билан Наркиснинг суҳбатини тинглай бошлашди. Суҳбат чоғида улар йигитнинг исми Наркис эканини билиб олишганди.
– Хирахандон келдими? – сўради Наркис Маликага жиддий тикиларкан.
– Келди, келди, – боши билан ҳам тасдиқлади Малика ва бирдан рангсиз юзида табассум жилваланди.
– Менимча, Хирахандонни гум қилиш керак. У мен тўғримда жуда кўп нарса билади. Ҳозирги замонда ҳеч кимга ишониб бўлмайди.
– Ҳаммани йўқотаверсак, унда ким билан ишлаймиз? – айёрона жилмайди аёл.
– Мен билан! – ғурур билан деди Наркис, – Гап бундай, менинг у ёқда бўлганимни ҳам, бу ерга келганимни ҳам ҳеч ким билмаслиги керак, ҳеч зот! Тушунарлими! Бундан буён сизнинг олдингизга ҳам фақат кечалари келаман.
Наркис шошилиб юзини қора ниқоб билан ўради-да, эшик томон йўналди.