Электронная библиотека » Нигина Ниёз » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 16:40


Автор книги: Нигина Ниёз


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ОЛТИН ҚОИДА ЎҒИРЛАНДИ

Лога кўчама-кўча тентирайвериб жуда чарчади. Яхши ухламагани, вақтида овқат емагани туфайли кўзлари ичичига ботиб кетган, силласи қуриб, боши қаттиқ оғрирди. Бугун ҳеч қаёққа чиқмай, яхшилаб дам олмоқчи, кейин фикрини бир жойга қўйиб, қидиришни давом эттирмоқчи бўлди. У ювиниб-таранди, ошхонадаги столнинг қора тугмачасини босиб, нонушта буюрди-да, бехосдан болаларни, уларнинг биринчи марта моғор босган қотган нон буюртиришганини эслаб, мийиғида кулиб қўйди. Унинг юзида жилва қилган табассум бир зумда ғойиб бўлди, нигоҳи яна бир нуқтага қадалди. Яна турли хаёллар Логани қийнай бошлади. У болаларни ҳайдагани учун ўзини койир, уларнинг йўқолишига ҳам фақат ўзини айбдор деб биларди. У оғир ўйлардан қутулиш ниятида радионинг тугмачасини босди. Фан янгиликлари бўлимидан қандайдир шошилинч хабар берилаётган экан. Лога сергак тортди, радиодаги хабарни диққат билан тинглай бошлади.

– Математиклар йил ҳисоби бўйича шу йилнинг 35 май куни аҳлимиз бошига оғир мусибат тушди. Биномликлар ғурури, ҳалқимиз бойлиги бўлмиш уч олтин қоида ўғирланди. Бош ҳакамнинг фикрича бу ўзга саиёраликларнинг иши. Бутун мамлакатнинг илм аъёнлари олтин қоидаларни қутқариш режасини тузмоқдалар. Ўйлаймизки, адолат ва илм албатта тантана қилади!

Кутилмаган янгилик Логага қаттиқ таъсир қилди. «Ўзга сайёраликлар» сўзини эшитиши билан Лога қандай сапчиб ўрнидан турган бўлса, худди шундай «шилқ» этиб ўтириб қолди. Қўлини иягига тираб, бир нуқтага тикилганча узоқ ўтирди. Нонушта буюртирганини бутунлай унутган, радионинг тўхтовсиз вайсаётганига эътибор қилмас, уни ўчириб қўйиш кераклигини хаёлига ҳам келтирмасди. «Наҳотки, – ўйлади у, – наҳотки болалар сотқин бўлса! Курсга бормай шундай режа тузишганидан у бехабар қолдимикан. Ҳа, ҳа, рост. Кейинги вақтларда улар Логадан кўп нарсани яширадиган, кўп шивирлашадиган бўлиб қолишганди. Ҳеч нарсадан бехабар Лога болалардаги бу ўзгаришга жиддий эътибор қилмади. Вақтида фалокатнинг олдини олмади. Энди ҳаммаси тамом. У ҳам, болалар ҳам. Энди Логарифм сўзи Биномдан, бутун коинотдан сидириб ташланади».

Айни пайтда Лога ерлик укаларининг сотқин эканлигига сира ишонгиси келмасди. «Йўқ, сира бўлиши мумкин эмас, – ўзига ўзи қарши чиқарди Лога, – болаларнинг қўлидан ҳар нарса келиши мумкин. Улар ҳатто ҳисоблаш марказини ҳам портлатиб юборишлари мумкин, лекин сотқинлик… Унинг тушунишича, ерликлар сотқинлик ва хиёнатни ёмон кўришади. Бу уларнинг ишига ўхшамаяпти. Орамизда қандайдир фирибгар бор. Болалар орқали мени йўқотишмоқчи, шекилли. Бу кимга керак бўлиб қолди экан? Ҳозироқ таҳририятга бориб маълумотни ким берганини аниқлайман».

Лога паришон ҳолда эшикка йўналди. Радио ҳамон тўхтовсиз гапирар, онда-сонда Логанинг ҳам номи тилга олинарди. Лога буларга эътибор қилмай, эшикни ҳам қулфлашни унутиб лифтни чақирди.

Пешин бўлишига қарамай, кўчада одамлар гавжум, ҳаммалари қаёққадир ошиқишар, ўғрилар ҳақида баҳслашишарди. Бир маҳал уч-тўртта фигура «Ана Лога, ана Лога» деб қувлай кетди. Лога ҳам ҳеч нарсага тушунмай, жон-жаҳди билан қоча бошлади. Қувлаётган фигураларга бошқалар ҳам қўшилди. Лога йўлкаданйўлкага чаққонлик билан сакраб ўтар, онда-сонда орқасига қараб қўярди. Лога мамлакатнинг чеккасига келиб қолганини ҳам билмай, ўша ердаги дарахтлар панасига яширинди ва бехосдан унинг кўзи галстукка тушди. У очкўзлик билан галстукни ердан олди. Ҳа, болаларники. Улар буни бўйинга бойлаб юришни ёқтиришарди. Лога яна чўккалаганча изларни ахтара бошлади. Шу дам япроқлари елпиғичдек катта дарахт тагидаги пайҳон қилинган майсаларга эътибор қилди. Тўртбурчак оёқ излари, трапециясимон излар билан чалкашиб кетган. Афтидан узоқ туришганлиги сабабли излар юмшоқ ерга анча ботиб кирган ва бу излар кимники эканини интеграл бўйича аниқлаш Лога учун қийин эмасди.

«Брадис ва Трапетсия ўғли! Бу фикрдан Логанинг ўзи ҳам чўчиб кетди. «Ҳа, ҳа, – ўйлади у, – ўшаларнинг иши бу, – демак улар болаларни кузатишган. Лекин нима учун? Олтин қоидаларни асраб қолиш мақсадидами? Олтин қоида бу ерда нима қилади? Лекин бу ер шаҳарнинг чеккаси-ку», – яна шубҳа ўйғонди Логада. У яна изларни қайта текшира бошлади. Қизиқ икки фигура из икки томонга қараб кетган. Болалар эса учинчи, йўлка тарафга кетишган. «Тавба, олтин қоидаларни олиб кетаётган болаларни нима учун ушлаб олишмади экан, нега?» Шу пайт орқа томонда дарахт шитирлади. Лога шаҳд билан орқасига ўгирилди. У силкиниб қолган бутадан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Лога ўзини ҳам кимдир кузатаётганини, кимдир уни таъқиб этаётганини ичидан ҳис этди-да, даҳшатдан юраги гупиллаб ура бошлади. У орқаолдига қарамай йўлка томонга қараб чопиб кетди. Бироқ, ортидан кимдир қувиб келаётганини дарахт шитирлашининг зўрайишидан ҳис қилар, қайрилиб қарашга ботинолмасди. У қандай қилиб Жадваллар ноҳиясига келиб қолганинй ўзи ҳам сезмай қолди.

Пифагор ҳам, Брадис хам уйида йўқ экан «қизиқ, улар қаёкда бўлиши мумкин, нима учун иккаласи ҳам йўқ».

Лога аввалига қорнининг нега ачишиб оғриётганига ҳайрон бўлди. Кейин эрталабдан бери туз тотмаганини эслади. Атрофга қоронғи тушгани, ёритгичлар аввалгидек сеҳр билан жилваланаётганига энди эътибор қилди. У мадорсизликдан оёғини зўрға судраб босар, бадани-даги логарифмик чизиқлар анча хиралашган, аъзолари қувватсизликдан қирсиллаб-қирсиллаб кетарди.



Лога Трапетсиялар туманида фақат бир уйнинггина чироғи ёниб турганига эътибор қилди. У секин-аста энгашиб деразага яқинлашди-да, ичкарига мўралади. Жамоат жам. Жадваллар билан Трапетсия ўғли нима ҳақдадир баҳслашишар, ора-чора ҳузур қилиб кулишарди. Энди у чеккага ўтиб олиб, уларнииг ғўнғир-ғўнғир овозларига қулоқ сола бошлади. Бу суҳбатдан Лога «ўзга сайёралик» ва «ракета» деган сўзларни илғаб олди, холос. Демак, болаларнинг қаердалиги уларга маълум!

Лога қандай қилиб эшик тугмачасини босганини ҳам, эшикни ким очганини ҳам билмай қолди. Шахд билан иттифоқдошлар ўтирган хонага бостириб кирди. Тўғри Жадвал ёнига борди. Лога уйқусизлик ва ғазабдан қизариб, ич-ичига ботиб кетган кўзларини унинг бужмайган башарасига қадади-да:

– Болалар қаерда? – деб сўради бўғилиб. – Сизлар биласиз, ҳозир айтасиз, бўлмаса нақ қоидаларингни чилпарчин қиламан! – деди.

Жадвал ижирғаниб Логанинг қўлини бўйнидан олиб ташлади. Лога бу кўпол ҳаракатдан мувозанатини йўқотди-ю гандираклаб кетди.

– Ўз оёғи билан келганини қаранг, – Логанинг аҳволини кўриб тетик гап ташлади Брадис, – ҳамма бу сотқинни қидириб юрипти-ю! Ўзингга ўхшаган ишёқмас тирранчаларингни биз қаёқдан биламиз? Ҳаммага яхши кўриниш учун «Уларга бошим билан жавоб бераман», деб қасам ичгандинг-ку, ўшанда! Мана жавоб берадиган пайт ҳам келди!

Ақлини йўқотаёзган Лога бу гаплардан ҳушёр тортди. Бу аҳволда барча қимматли хоссаларидан айрилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Жадвал эса Логани янада эзиш ва хоссаларидан маҳрум қилиш мақсадида эски гинақудратини бошлади.

– Ўғриликни ҳам сен ўргатгандирсан, уларга! Сен фанимиз душманисан. Мендаги кўпайтириш, бўлиш хоссаларини «ўғирлаб» олганингдаёқ, бунга шубҳа қилмагандим.

– Болалар қани! – яна каловланиб Жадвал томон кела бошлади Лога.

– Ё тавба, буни сендан сўраш керак! Сен-ку, уларга кўз-қулоқ! – Лога гавдасини ортиқ кўтаролмай қолди ва столга тиралиб олганча бугун боғда кўрганларини ва из уларники эканини айтди.

– Агар, – деди Лога қатъий, – болаларнинг қаердалигини айтмасанглар, ҳаммасини, атайлаб ўғирлик уюштирганингизни марказга бориб айтаман. Ишонмасангиз изларингизни кўрсатаман Куб суворийларга!

Бу гаплардан иттифоқчилар саросимага тушиб қолишди. Демак, Лога ҳамма сирдан бохабар.

– Шу девонага ким ҳам ишонарди, – деди Брадис жадвали дўстларини тинчлантириш мақсадида, – афт-башарасига қараб бўлмайди-ку!

Иттифоқчилар Логанинг эшикка йўналганини кўриб учовлари баб-баробар унга ёпишишди. Лога, албатта, уч барзангига қаршилик кўрсатолмади. Улар шундоқ ҳам аллақачон ҳушидан кетиб йиқилаёзган Логанинг қўл-оёқларини боғлаб, тўртбурчак идишга солганча аллақаёққа олиб кетдилар.

ПАРВОЗ

Болалар бир неча кундан бери ҳужрада оч-наҳор қамалиб ўтиришар, Логадан эса ҳамон дарак йўқ эди. Логани қаттиқ хафа қилган бўлишса ҳам, ундан негадир умид узишмаганди. Бир чеккаси уларнинг Логадан бошқа халоскори ҳам йўқ, эди-да!

– Ҳамма айб сенда, – деди Шодмон Омонга қараб, – нима қилардинг Логага гап қайтариб, тилингни тиёлмай-санми? У бўлмаганда дордан сени ким қутқарарди. Мана оқибат!

– Мен тўғрисини айтдим. Агар Логада одамгарчилик бўлганида биз мусофирларни кўчага ҳайдаб қўймасди.

Шодмон бу гал дўстига эътироз билдиролмади. Рост-да, ахир Лога одам эмас, фигура-ку, қандай қилиб унда одамгарчилик бўлсин! Бироқ уларга қилган ғамхўрликлари-чи, дордан қутқаргани, курсга жойлагани-чи, буларни нима дейиш керак унда! Агар ҳозир Лога бўлганида уларни бунақанги хор қилдириб қўймасди, ёрдамини аямаган бўларди. Болалар қилган ишларидан пушаймон бўлсаларда, буни очиқ тан олгилари келмасди. Чунки Логанинг уйдан ҳайдаганини сира кечира олмасдилар.

Шодмон ахийри Логани кутиш бефойда эканини тушунди. Агар келиш нияти бўлганида у бунақа чўзиб ўтирмасди. Доим керакли вақтда пайдо бўларди. Келмадими, демак, у болалардан қаттиқ ҳафа! Шунинг учун бу ердан қутулиб кетишнинг бошқа йўлини излаш керак эди. Наҳотки ўзлари бунинг уддасидан чиқишолмаса!

Неча кундан бери хор бўлиб, эшикка тикилиб ўтиргани Шодмоннинг ўзига таъсир қилди.

– Қачонгача шу аҳволда ўтирамиз, – деди у алам билан, – кимдир келиб, юринглар кетдик, демагунича ўтираверамизми? Яна Лога қутқариши керакми, ўзимизчи, ўзимиз қачонгача бошқаларга юк бўлишимиз керак!

– Омон, – деди У яна сал ҳовуридан тушиб: – Ке, битта найранг ўйлаб топ, шу ердан чикиб олсак бўлгани, қолган ишни менга қўйиб берасан!

Омон бир оз ўйланиб турди-да, дўстининг ҳақ эканига ишонди, кейин пойлоқчиликда ким турганини билиш учун эшик тепасидаги туйнукдан ташқарига мўралади. Эшик тагида шумшайиб ўтирган кичкина Квадратни кўриб хурсанд бўлиб кетди.

– Анави Квадрат турибди, ғирт довдир, қочишнинг айни пайти. Ҳақиқатан Квадрат жуда содда экан. Омон унга катта хўрозқанд, шоколад, вертолёт, яна нима балолар олиб келишни ваъда қилганди, соқчининг ўзи эшикни очиб берди. Яна уларнинг орқасидан кичкина Квадрат қўлчаларини силкиганча:

– Тезроқ келинглар! – деб қолди.

Улар ҳаш-паш дегунча ракеталар пунктига етиб келишди. Ўзиюрар йўлкалар шу ерда тугаб, у ёғи қора мармар ётқизилган поёнсиз майдон эди. Анча узоқ масофага чўзилган бу майдон ойнадек ярқирар, одамнинг акси кўринарди.

Фигуралар Малика истибдодидан кейин чет мамлакатларга чиқмай қўйишган, бу ерда бир-иккита бортмеханик ва Куб суворийлардан бошқа ҳеч ким кўринмасди. Кун қоқ пешин бўлганлиги сабабли, битта-яримта фигура келишини хаёлига ҳам келтирмаган Куб суворий билан бортмеханиклар муздеккина қаҳвахонада шахмат ўйнаб ўтиришарди. Болаларга эса бу ер умуман Ҳеч ким келмайдиган, кимсасиз майдондек туюлди. Гўё биномликлар ўлкаларида шундай майдон борлигини унутгандек эдилар. Шунга қарамасдан қора ранг фонида қип-қизил бўлиб узоқдан кўзга ташланадиган ўнтача юмалоқ, шарсимон ракета ярақлатиб артилиб, учишга шай қилиб қўйилганди. Бу албатта, бортмеханикларнинг иши. Омон аллақандай сира металга ўхшамайдиган қип-қизил, ялтироқ моддадан ишланган ракетани завқ билан кузата бошлади.

– Вой, Шодмон, эшиги йўққа ўхшайди буларнинг, – деди у тўсатдан ваҳима босиб. Ҳовлиққанча етиб келган Шодмон ҳам ракета атрофини синчиклаб кўздан кечира бошлади. Ҳеч нарса тополмади. Бортмеханик келгунча қўлларидан бир иш келмай ўтираверишди. Бир маҳал эгнига худди ракета рангидаги қип-қизил ялтироқ жомакор билан бошига қизил қалпоқ кийган параллеллепипед шаклидаги фигура нариги четдаги ракетанинг ёнига яқинлашди. Ўзи билан олиб келган темир зиначадан юқорига кўтарилди. Ракетанинг ён томонига алланималарни ёзиб тугмачани босди. Ракета юқорисидаги люк визиллаб очилди. Бортмеханик юқоридан ичкарига тушиб, у ерда анчагача қолиб кетди. Кейин алланималарни олдида, ташқарига чиқди ва люкни яхшилаб беркитиб, ракетадан нари кетди. У бутунлай ғойиб бўлгач, Омон югуриб ракетанинг олдига борди.

– Шодмон бунинг ҳам эшиги шифрланганга ўхшайди, энди нима қиламиз. Ҳамма нарсаси қулф-калит буларнинг. Бирам ўзларига эҳтиёткор халқ экан-е!

Кейин Шодмон Омоннинг елкасига чиқиб, ракетанинг ёнига кичкинагина қилиб ёзилган формулани кўрди.

– Иксни топиш керак экан-да! – деди уни зўрға кўтариб турган Омонга.

– Вой-бў, сен иксни топгунингча, мен тамом бўламанку! – бўғилиб гапирди Омон.

Шодмон ҳамма сонларни кетма-кет ёзиб, тугмачани боса бошлади. Бирдан ғаройиб ҳодиса юз берди. Визиллаб люк очилди. Ё машина бузилган, ёки Шодмон анча билағон бўлиб қолган. Бироқ болалар бортмеханик Брадис жадвалининг буйруғига кўра эшикни жўрттага очиқ, қолдириб, ракета йўналишини «Макет-эрага» тўғрилаб қўйганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Шодмон юмалоқ «дарчага» тирмашиб ичкарига тушди, кейин Омонни тортиб чиқарди-да, люкни аста беркитди.

3-ҚИСМ

БИОЛОГИЯ МАМЛАКАТИДА ДИНОЗАВРЛАР ОРАСИДА

Наркисдан ўқиш давридаёқ ҳамма қўрқарди. Бу ўта қайсар, қизиққон талабадан, ҳатто, муаллимлар ҳам чўчиб туришарди. Чунки гап талашганда у катта-кичикни ажратиб ўтирмасди. Шунга қарамай, Наркис тушунса-тушунмаса, берилган адабиётларнинг ҳаммасини ўқиб чиқарди. Айниқса, керакли саҳифа бетини эслаб қолиш унинг севикли машғулотларидан эди. Шунақа саҳифаларни ёзиб қўйиш учун махсус дафтар ҳам тутганди. У ҳар жавоб берганида атайлаб ўша бетни қистириб ўтарди. Йўқ, Наркис илм фидойиси эмасди. У ўзини атайлаб шундай қилиб кўрсатишга уринарди. Мунозараларда уни таниб бўлмас, қизишиб баҳслашар, ўзининг ҳақлигини қандай қилиб бўлмасин ахийри исботларди.

Аслида унга илмпарварлиги учун эмас, балки худбинлиги, ўзига бино қўйгани учун Наркис деб ном беришганди. Қадимги юнон (грек) афсоналарига кўра, Наркис Маъбуд Аполлоннинг ўғли, жуда чиройли, келишган йигит эди. Спорт ва илм-фан мусобақаларида биринчиликни олмаса ҳам, учинчи, тўртинчи, совринли ўринларни эгалларди. Битта камчилиги – Наркис доимо булоқбўйига келиб, ўзининг сувдаги аксига маҳлиё бўлиб, соатлаб, баъзан кун бўйи ўз чиройини томоша қилиб ўтирар эди. Йигитнинг бундай ўзига бино қўйишидан, ўзини севишихудбинлиги, манманлигидан жаҳли чиққан қуёш маъбуди Зевс уни бир дуо билан сувда ўсадиган нилуфарга ўхшаш наргиз гулига айлантириб қўяди. Илм-фан аҳлини хор қилувчи Ёвуз маликага вазир бўлиб олган Наркис олимлар орасида жосуслик қилиб, қайси олим Маликага ашаддий душман эканлигини билиб берар, Малика ўша олимни тезда йўқ қилар эди.

Мана ўқишлар ҳам битди. Бироқ у олимлар орасида кўзга кўринолмай юрди. Унинг «жим-жит» бўлиб кетганидан ҳамма ҳайрон эди. Шунга қарамай, Наркис майда-чуйда, арзимаган ишларни қилиб, югуриб юраверди. Бирон кашфиёт қилиш қўлидан келмаса ҳам у жуда уддабурон, айёр йигит эди.

Макет-ерага ҳам доим ўзи борарди. Бошқаларни йўлатмасди. Чунки шу йўл билан у айбини беркитмоқчи бўлар, илм аҳли эса буни тушунмай, нуқул уни мақташарди. Негаки, у ёққа бориш ҳақиқатан жасорат ҳисобланар, йиртқич динозаврлар, заҳарли ҳашаротлар билан тўлиб-тошган макет-ерада ҳар қандай ҳодиса юз бериши мумкин эди.

Сунъий равишда барпо қилинган қадимги эрада даҳшатли калтакесак-динозаврларнинг бир қанча тури тикланди! Бу ҳазилакам гапми! Энди зоолог ҳамда биолог олимлар фанда мисли кўрилмаган ихтиролар қилишлари мумкин. Балки шу вақтгача бутун коинотда бирдек тан олинган тадриж назарияси ҳам ўзгариб кетар?! Айниқса, Нилуфар бу ҳақда тўлқинланиб гапирар, қоп-қора шаҳло кўзлари чақнаб кетарди. Нилуфарни эслаб Наркиснинг юраги эзилди. Бу ёш, истеъдодли олима қиз Наркисдан сира ёрдамини аямас, бир чеккаси уни ёқтирарди ҳам. Қонунга хилоф равишда кичик-кичик илмий мақолаларини ёзиб берар, масалаларни ечишга кўмаклашарди. Агар у бўлмаганида Наркиснинг сири аллақачон ошкор бўларди.

Хуллас, у Нилуфарнинг улкан муаммо устида ишлаётганидан хабардор эди. Очиқ, содда қиз йигитдан ҳеч нарсани яширмасди, ҳатто жадвалларни ҳам.

Наркис иш эълон қилинмасидан вақтлироқ отни қамчиламоқчи бўлди. Бироқ ҳарчанд уринмасин қизни кўндиролмади. Ҳатто Нилуфар уни жосусликда айблади-я! Юқоридагиларга айтмоқчи ҳам бўлди.

Ўша мудҳиш тун ҳамон уни қийнайди… Энди қизни бир ёқлик қилмай иложи йўқ эди. Лекин бахтга қарши Наркис бундай қилолмади, ими-жимида Нилуфарга дори бериб, эс-ҳушидан айирди. Кейин уни руҳий шифохонадан ўғирлаб, макет-эрадаги ёввойи одамлар орасига ташлаб келди. Бу воқеага ярим йил бўлмай, Наркиснинг номи бутун мамлакатга ёйилди. Ҳамма уни табрикларди. Ишнинг бировники эканини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади.



Кунлардан бир кун у макет-эрани экран орқали кузатаётган вақтида ёввойи одамлар орасида юрган Нилуфарга кўзи тушди.

Нилуфар ўша-ўша гўзал. Фақат сочлари паришон ёйилган, ич-ичига ботган кўзлари ғамгин. Наркис қизни кўриши билан лабораторияда ўтирганини, хонада ассистентлар борлигини ҳам унутиб «Нилуфар», деб қичқириб юборди. Унга Нилуфар экран орқали Наркиснинг қабиҳ ишларини гапириб бераётгандай туюлиб кетди. Лаборантлар эса буни бошқача тушунишди. Унинг қиз билан муносабатини билган ассистентлар Наркисга ачиниб кетишди. Ҳатто бу «қора хаёлни» чарчаганликка йўйиб, мажбурлаб дам олишга юборишди. Бироқ у дам олишдан озиб, чўпдай бўлиб қайтди. Унинг егани ичига тушмас, уйқусида ҳаловат йўқ эди. У Нилуфар бир йилга қолмай тафаккурдан айрилади, деб ўйлаганди, бироқ унинг тахмини нотўғри бўлиб чиқди.

Eҳтимол, Нилуфар қайтишнинг иложини топса, истаган вақтда кириб келиши мумкин. Наркис фақат бир нарсага, ўша вақтдаёқ қизни бир ёқлик қилмаганига ачинарди. Энди у ўз хатосини тузатиш йўлларини ахтара бошлади. Ўйлаб-ўйлаб, ёввойи одамларнинг табиий шарт-шароитни бузаётгани ҳақида гап тарқатди. Бундан унинг нияти бошқа ёввойилар билан бирга Нилуфарни ҳам йўқ қилиш эди. Наркис зудлик билан у ёққа экспедиция тузиш кераклигини айтди. Бу таклифдан кейин унинг обрўси янада ошиб кетди.

Наркис чор-атрофи гулзор, ҳатто юмшоқ девор бўйлаб ҳам нақшинкор гуллар ўстирилган имо-рат ичига ўзида йўқ, хурсанд кириб борди. Ҳамма билан очилиб сўрашди. Гўёки унинг жўнаши муқаррар-у, бошқаларнинг ҳам бундан хабари бордек. Фақат Марказий билим юртини янгигина битириб келган лаборант қиз унинг олдидан қандайдир қоғозларни кўтарганча шошиб ўтиб кетди.

– Настарингул, – орқасидан чақирди Наркис уни таниб.

Қиз овозни эшитиб, бир чўчиб тушди. Наркисни кўриб орқага қайтди.

–шитдингизми, Наркис, макет-эрага қандайдир ракета қўнганмиш.

– Ракета?! – ҳайратини яширолмай қайта сўради йигит.

– Ҳа, ракета. Экран орқали унинг Биномдан келганини аниқлашибди. Дарров боғланиб сўрашса, ҳа, икки болани ўшанда сургун қилгандек, дейишибди. Тавба, дедим мен. Сургун қилишса, ракетанинг нима алоқаси бор, ҳайронман.

– Биномликлар шунчалик бойиб кетишибдими?

– Буёғини эшитинг, буёғини? Бизникилар ракетанинг нима алоқаси бор, деб сўрашса, болалар олтин қоидаларни ўғирлаб қочишмоқчи эди, биз бошқарув нуқтасидан ракета йўналишини атайлаб ўзгартириб қўйдик, дейишибди. Бу воқеалар сизга ғалати туюлмаяптими?

– Жуда ғалати? Наҳотки уларнинг бойлигини олиб кетаётган фигураларни тўхтатиб қолиш ўрнига бемалол макет-ерага жўнатворган бўлишса, тушунолмаяпман?

– Ҳа, айтганча лаборатория бошлиғи сизни кирсин, деганди.

Наркис қиз билан хайрлашмай ҳам шахд билан юриб ёйсимон даҳлиздан ўнгга бурилди-ю, эшикни ҳам тақиллатмай ичкари кирди.

Оппоқ сочлари орқасига таралиб, чўққи соқоли билан бирлашиб кетган, бирёқ қоши сал юқорига кўтарилган лаборатория бошлиғи Наркисни кўриб, унга пешвоз чиқди. Наркис хонадаги ҳовуз ташқарисида юрган оёқли балиқчаларга ҳам эътибор қилмай бошлиқ билан саломлашди. Кейин:

– Чақиртирган экансиз? – деди.

– Биласанми, Наркис ишлар шошилинч бўлиб қолди. Одамлар аллақандай ракета, яна нима балолар ҳақида жаврашяпти. Экспедиция бугуноқ макет-эрага жўнаши шарт. Уларга сен бош бўласан. Мана рўйхат. Танишиб чиқ.

Наркис рўйхатни тез-тез кўздан кечирди-ю, бир номзодда нигоҳи тўхтаб қолди.

– Гулдиёрни нега ёздинглар? – сўради у норози оҳангда.

– Ундан бошқа зўр палеонтолог врач йўқлигини билмагандай сўрайсан-а. Ўша даврда яшаган ҳайвонлар анатомияси ва физиологиясини ундан яхши биладиган мутахассис йўқ-ку! Бир йўла ҳайвонларни ҳам кўрикдан ўтказиб келасизлар. Қолаверса, Гулдиёрнинг илмий иши ҳам шу мавзуда!

Ножўя гапирганини билиб Наркис Гулдиёрнинг номзодига ортиқ монелик қилмади. Фақат:

– Бирга ўқиганмиз, жуда мижғов йигит. Қачон қарасанг фалсафа сотгани сотган, нуқул адолатдан гапиради. Ишни бузмаса деб қўрқаман-да! – дея ўзини оқламоқчи бўлди у.

Лаборатория бошлиғи унинг гапларини истеҳзо билан тинглади-да:

– Шунақалар ҳам керак, бўлмаса дунё турармиди, – деди жилмайиб. Наркис бошлиқнинг пичингини тушунди-ю, индамади. Ичидан зил кетди. Бироқ экспедиция аъзоларининг бўйнига солинган арқон ўз қўлида эканидан мамнун бўлди.

Шунинг учун ҳам Наркис ҳамма ғазабини ичига ютиб, индамай чиқиб кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации