Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Тўққизинчи боб

Камола Раҳбар опаникига кириб келганида кун хуфтон бўлган, ҳамма даладан қайтиб, бирор оби-ёвғон қилиш тараддудида ўчоққа ўт ёқаётган маҳал эди. Раҳбар опанинг ишлари, ай0+ниқса, шу кунларда кўпайиб кетган: пастки синфлар аллақачон таътилга чиққан, олтинчи ва еттинчи синфлар имтиҳон топшираётган пайт. Бирор ҳафтадан сўнг улар ҳам бўшаб қолади. Раҳбар опа болаларнинг ёзги дам олиши ва уларнинг бебошвоқ юрмай, колхознинг бирор ишига фойдаси тегиши ҳақида қайғуради. Ахир у шу мактабнинг директори-да! Нафақат ҳозир ўқиётган ўқувчилар, у ҳатто яқиндагина мактабни битириб кетган Тўра билан Камолага ўхшаб шаҳарга бориб ўқиёлмай, шу ерда бирор иш билан машғул бўлиб юрганлар ҳақида ҳам қайғуради. Қайси кунги Зулайҳо хола кўтарган можарони эшитиб, Ризвон келинойидан кам қайғургани йўқ. Ҳарҳолда Камола уяти кучли қиз экан. Шу гапдан сўнг подага чиқмай қўя қолди. Раҳбар опа Камола билан бир учрашмоқчи бўлиб юрган, лекин атайлаб келиб учрашсам, албатта, ўша гап учун келган, деб ўйлашини андиша қилар, шу сабабли у бирор тасодифни кутиб юрар эди. Бугун эрталаб шу тасодиф юз берди. У Камола билан учрашиб самимий гаплашди, пода кетида юриш унга ярашмаслигини, ўзига муносиб бирор иш топишини, агар рози бўлса уни мактабга ишга олиши мумкинлигини айтган эди.

Ишга ўрганиб қолган эмасми, кун бўйи уйда ўтираверса ҳам бўлмас экан. Камола уй ишларини кўпи билан бир соат ичида қилиб бўлди, дадасига хат ёзди… Ҳовлига чиқди, уйга кирди. Гаплашадиган ҳеч ким бўлмаганидан зерикди. У пода кетидан юриб сезмас экан; кундуз кунлари қишлоқ худди ўғри уриб кетган уйдай ҳувиллаб қоларкан. Ҳадеб ўй сураверсанг ҳам бўлмайди, жинни бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас. Хуллас, у бир амаллаб кунни ўтказди-ю, кечқурун ойиси келиши билан шоша-пиша Раҳбар опанинг таклифини айтди.

– Ойинг билан маслаҳатлашиб кўр, дедими? – деди Ризвон келинойи супада оёғини осилтириб, ечинмай ўтираркан. – Нимасини ўйлашасан, қизим, майли, деявермайсанми?

– Олдингиздан ўтай дедим-да. Опамлар шундай дедилар, – деди Камола ойисининг муомаласидан хурсанд бўлиб. – Агар хўп десангиз розилигингизни опага бориб айтиб келаман. Ўзлари хабар қилгин, дегандилар.

– Бориб келақол, қизим. Ҳа, айтгандек, нима иш қилар экансизлар, шуни ҳам билиб кел.

Раҳбар опа уни очиқ чирой билан қарши олди. Ҳовлида, дераза ёнидаги сўрида ўтириб у ёқ-бу ёқдан гаплашди. Ичкаридан сўрига тушаётган чироқнинг сўниқ нурида Камоланинг бироз тўлишиб қолган гавдаси, шамол ялаган юзи қизариб-бўртиб лов-лов ёниб турар, Раҳбар опа ундан кўзларини олмай тикилиб ўтирар экан, шайтоний бир фикр кўнглига келди, уни синамоқчи бўлди. У эҳтиётлик билан сўради:

– Балки подага чиқарсан?

– Йўқ, – деди Камола уни фикридан айниб қолди ҳисоблаб.

– Нега? – деди у бироз жилмайиб. – Балки сени Тўра хафа қилгандир?

Камола опанинг юзига ялт этиб тикилди-ю, жилмайиб турганини кўриб, ерга қаради, индамади. Опанинг ичини ҳавасга ўхшашроқ бир ҳис қитиқлагандай бўлди. Энди гапни кавлаш – қизнинг нафсониятига тегиб қўйиш эканини фаҳмлаб, гапни бошқа ёққа буриб юборди.

– Бўпти, келишдик, – деди у меҳр билан елкасига қўлини ташлаб. – Эртага мактабга кел. Бешинчи синфни бошқага бердик, олтинчи синфга етакчилик қиласан.

Камола ўрнидан турди.

– Мен борай бўлмаса, опа?

– Бўпти, эртагача.

Камола Раҳбар опанинг уйидан анча енгил тортиб чиқди. Ҳали болалар чиқиб ўйнайдиган маҳал бўлмаганидан кўча бўм-бўш, қоронғи эди. Ёлғиз ўзи кўча ўртасида хаёл билан келар экан, кимдир биров орқасидан мой тупроқни поп-поп босиб келаётганини эшитди. Ким экан у?

– Камол?!

Бу таниш овозни эшитиб, Камоланинг аъзойи баданига титроқ кирди…

Тўра идорадан чиқиб уйларига кириб келганида онаси майда-чуйда ишларини қилиб бўлиб, ўғлини кутиб ўтирган эди. Салима хола уни ранжиброқ қарши олди.

– Қаёқларда юрибсан, ўғлим. Овқатингни иситиб берайми?

Куни билан бир фойдали фикр кетида юриб, қорни очганини ҳам сезмаган Тўра, онасининг гапини эшитгач, бўшашибгина супа четига ёнбошлади.

– Опкелинг…

У жуда чарчаган эди. Иложи бўлса овқатни ҳам ичмасдан ётиб қўя қолса! Салима хола оғзи беркитилган тунука товоқни супа ёнига олиб келди-да, примусга ел бера бошлади.

– Камолнинг дадасидан хат келди, – деди Тўра чўнтагидан туморча шаклидаги учбурчак хатни олиб кўрсатиб. У шундай оҳангда айтдики, унда Камоланинг дадасидан хат келгани учун севинч ҳам, ўзининг дадасидан келмагани учун ўкинч ҳам бор эди. – Мана.

– Қалай, тинчликмикан? Ўқидингми? – деди онаси шошиб-пишиб примусга ўт қўяр экан. Салима холанинг ҳаяжонланганича ҳам бор:

Тўранинг дадаси ёзган хатдан Камоланинг дадаси соғ-омонлигини, Камоланинг дадаси ёзган хатдан Тўранинг дадаси тинчлигини билиб олса бўларди.

– Ўқиганим йўқ.

– Қани, ўқи-чи?

– Бировнинг хатини ўқиш яхши эмас, ойи.

– Вой-бў-ў, жудаям културний бўлиб кетяпсанлар-да, – деди Салима хола ўғлидан ранжиб. – Ўқимасанг ўқима. Ҳозир олиб чиқиб, Камолага ўқитаман. Овқатингни иситиб берай… Устингдаги жандаларингни ечсанг-чи, ҳечқурса…

Тўра онасининг гапига мийиғида кулиб, уйга кириб кетди. У устидаги фуфайкасини ечаётиб, бурчакда турган чиройли, чети гулдор сирланган оқ тоғорачага кўзи тушиб қолди. Тўранинг кўзи уйларидаги буюмларга шунчалик ўрганиб қолган эдики, бирорта ортиқча нарса ёки бегона буюм дарров кўзига кўрина қоларди. У ечиниб бўлиб, бурчакдаги тоғорачани қўлига олиб томоша қила бошлади. Жуда бежирим, дид билан ишланган эди. Гуллари ҳам хаёлни ўғирлайдиган даражада чиройли. Тўра уни қаерда кўрган эди? Тоғорачани илгари бир жойда кўргандай бўлаверди. Бирданига эсига кўрган жойи лоп этиб тушди-ю, сесканиб кетди. Ахир у бу тоғорачани пан Дворжекнинг уйида кўрган эди-ку? Унга Бойғози чўлоқнинг ҳам ҳаваси келувди. Бирдан унинг қулоғи остида раиснинг гаплари жаранглаб кетди: «Мендан сенларга насиҳат шу: булинган элдан буюм олманглар, ўзларинг ҳам булинасанлар!»

Тўра тоғорачани кўтарганича, ҳовлига чиқди.

– Ойи, мана бу тоғорачани қаёқдан олдингиз?

Салима хола бу маҳалда супага дастурхон ёзиб, иситилган овқатни олиб келаётган эди.

– Нима эди?

– Сўраяпман-да.

– Ану кўчиб келганлардан. Бир чиройликкина, дўмбоқ қиз кўтариб кириб қолди. Қарасам, сотаман, деганга ўхшади. Бир килоча жўхори олиб чиқувдим, олди-ю тоғорачасини ташлаб кетди…

– Нега олдингиз, ойи?

Тўранинг кўз ўнгига қайси куни борганларидаги ҳолат кўриниб кетди: кампирнинг пинжига тиқилиб, тор юбкасини тортқилаб, бўлиққина оппоқ сонларини бекитишга ҳаракат қилаётган қош-кўзи тимқора, дўмбоққина қиз ҳуркак назар билан қараб турар, жуда аянчли, бечораҳол бир аҳволда эди.

– Нима қипти? Текин олибманми? Ўзи олиб келиб тургандан кейин…

Тўра ойисининг гапидан ёниб кетай деди ва раиснинг ўша кунги гапини дона-дона қилиб такрорлади. Салима хола, умуман, бошқа аёллар каби буюмга қандай ўч бўлса, эски удумларга ҳам шунчалик ишонар, риоя қилар эди. Раиснинг гапини ичида такрорлади. «Булинган уйдан буюм олма…» Дарров унинг кўз олдига узоқ элларда жон олиб, жон бераётган эри кўриниб кетди. Супа четидаги Камоланинг дадасидан келган ҳалиги туморча шаклидаги хатга шубҳа билан бир қараб қўйди. «Тинч-омон бўлсин-да, ишқилиб!» Улғайиб қолган ўғли кўз олдида унинг бу ишидан хафа бўлиб турибди. У бўлса суриштирмай бошқа юртлардан озиб-тўзиб келган, оч ва ночор бир бечоранинг нарсасини арзон-гаровга олиб қолиб ўтирибди.

У шуларни ўйлар экан, гўё эрига бир кор-ҳол бўлиб, азамат ўғилгинасидан ажралиб қоладигандай қўрқиб кетди:

– Вой шўрим, энди нима қилдик?

Тўра онасининг бу заифлигидан дарров фойдаланди.

– Ўзига олиб бориб бериш керак.

– Шундай қила қол, ўғлим…

Тўра супанинг четига омонатгина ўтириб олиб, хўрдани ичар экан, онасига қараб:

– Ичига тағин бир килоча жўхори солинг, – деди.

Салима хола ўғлининг гапини қайтаролмади. Индамай ичкарига кириб, яримлаб қолган халтасидан чамалаб тоғорачага жўхори ағдарди.

– Уч-тўртта қурутингиз бўлса ёмон бўлмасди, – деди тағин Тўра хўрдани ичиб бўлиб, қошиқни ялар экан.

Салима хола яна ичкарига кириб, беш-олтита қурут олиб чиқди.

– Ма, ўғлим, олиб бора қол.

Тўра тоғорачани кўтариб чиқиб кетди. Қишлоққа оқшом салқини тушган, чирилдоқлар инидан чиқиб, атрофни ҳашаротларнинг тунги қўшиғи билан тўлдиришган, кундузи иссиқдан ҳансираб девор тагида тилларини осилтириб ётган итларга ҳам жон битиб, бир-бирларига гал бермай вовиллашар, қаердадир болаларнинг қийқириқлари эшитилар эди. Илгарилари бу маҳалда кўчага ялангоёқ чиқиб кетадиган Тўра негадир ойисининг эскириб қолган калишини кийиб олиб, катта кўчада мой тупроқни поп-поп босиб, тоғорачани олиб келар эди. У то пан Дворжекникига келгунича кўчада ҳеч кимни учратмади. Яхши бўлди. «Қаердан келаётибсан?», «Қўлингдаги нима?», «Қаёққа боряпсан?» деган саволларга унинг ҳеч ҳам тоқати йўқ эди шу маҳалда.

Одатдагидек, пан Дворжекнинг уйидагилар шундай роҳатижон ҳавода уйда ўтиришган экан. «Буларда ҳовлида ўтириш расм эмас эканда?!» У шу хаёлда аста эшикни тақиллатди. Худди аввалгидай эшик сал қия очилди-да, пан Дворжекнинг тепакал боши кўринди. Тўрага кўзи тушгач, ажабланган бир қиёфада унга бошдан-оёқ разм солди. Қўлидаги ўзининг тоғорачасига кўзи тушиб, ҳайрон бўлиб қолди.

– Прошен, далей66
  Марҳамат, киринг.


[Закрыть]
.

Тўра ичкарига кириб, салом берди:

– Здрасти.

Пан Дворжек қўлини қўлига ишқаб, салгина бошини эгиб нимадир деди. Тўра унга тушунмади. Тоғорачани қўлида ушлаганча, уй ичидагиларга битта-битта разм солиб чиқди: кампир илгариги ўрнида ўтирарди. Кристина эса бурчакдаги пишиқ ғишт синиқларидан ишланган ўчоқ бошида чўмич ушлаб турар, Франтишек дераза рахида индамай ўтирар, онаси пани Райла кўринмас эди. Қаёққадир чиққан бўлса керак. Уй ичини буғ, қандайдир одамнинг кўнглини беҳузур қиладиган ҳид босиб кетибди.

– Кристина, на… – деди Тўра тоғорачани унга чўзиб.

Кристина олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай, ҳайрон бўлиб турар эди. Шу пайтда уларнинг кўнглида: «Жўхорисини қайтариб олгани келган», деган шубҳа ҳам йўқ эмасди.

Пан Дворжек кўксига қўлини қўйиб, ялинган оҳангда:

– Зачем? – деди.

Тўра индамай тоғорача ичидаги жўхорини шу ерда турган бир тақсимчага ағдарди-да, тоғорачани илгариги ўрнига қўйиб қўйди. Сўнг чўнтагидан қурут олиб, Франтишекка, Кристинага берди. Унинг юзидаги табассумни кўргач, улар сал юмшашди. Тўранинг юзидаги жилмайиш, юмшоқлик аста-секин уларнинг юзига ҳам ўтди.

– Миломи, пане…77
  Ташаккур.


[Закрыть]

Пан Дворжек Тўрани ўтқазишга жой тополмай қолди. У ҳамма гапни бетаржимон тушунган. Тўрадан беҳад миннатдор, қандай қилиб Тўрани хурсанд қилишни билмас эди. Тўра бир чеккада қурут сўриб турган Франтишекнинг қоқ суяк елкасини силади-да, кетиш тараддудига тушди. Пан Дворжек гавдасига ярашмаган бир чаққонлик билан даҳлизга чиқиб, қандай тез чиққан бўлса, шундай тезлик билан қайтиб кирди. Қўлида яп-янги лампа шиша ушлаб турарди.

– Пане… – У шундай деди-да, шишани Тўрага чўзди. – Прошен…

Тўра шишани қўлига олиб томоша қилди. Заводда қилинганидан сира ҳам қолишадиган жойи йўқ, яп-янги, ялтиллаб турар эди. «Қандай қилиб қилди экан? Менга беряпти шекилли? Йўқ, олмайман.»

Тўра шишани хўп томоша қилгач, Пан Дворжекка узатган эди, у хафа бўлиб, шишани яна Тўрага қараб итарди.

– Прошен…

Тўра қийин аҳволда қолган эди. Олай деса, раиснинг гапи эсида, олмай деса, пан Дворжек йиғлаб юборай деб турибди. Хафа бўлиши мумкин. «Майли, ола қолай. Буни у элидан кўтариб келмаган-ку, ахир. Шу ерда қилган.» У ўзини шу гаплар билан овутиб, шишани олишга мажбур бўлди. Шундан кейингина пан Дворжекнинг юзига табассум ёйилди. Пани Кристина ҳам чиройли кулиб қараб турар, тўрда ўтирган кампир ҳам нималарнидир пичирлаб, Тўрани дуо қилар эди.

Кўнгли жойига тушди шекилли, пан Дворжек сўраб қолди:

– Пане… Гдзе штекло?

Тўранинг эсига аввалги келганларидаги ваъдалари тушди. У мактабнинг кимё кабинетидан, синиқ, ишга яроқсиз шиша найчалар, колбаларни олиб келиб бермоқчи эди.

– Будет, – деди Тўра ваъдасига вафо қилмаганидан уялиб.

– Когда?

– Завтра.

– А, другай дзен? Прошен…

– Дасвидания.

– Жегнайсе!88
  Хайр.


[Закрыть]

Пан Дворжек Тўрани кузатиб чиқиб, эшикни зичлаб ёпди.

Тўра қоронғида лампа шишани эҳтиётлаб ушлаб кўчанинг ўртасида келар экан, муюлишдан кимдир чиқиб, йўлга тушди. У аввалига эътибор бермади-ю, сўнг бироз юргач, олдиндаги одамнинг ким эканини билиш ниятида қадамини илдамроқ босди. Назарида қиз болага ўхшатгандек бўлди. Ким экан у? Яқинлашганда таниб қолди.

– Камол?! – деди у ҳайрон бўлиб.

Ҳалиги одам индамади-ю, лекин қадамини секинлатди. Тўра унга бараварлашди: «Бу маҳалда нима қилиб юрибди».

Камола ҳам тахминан шундай ўйда эди. Улар бири йўлнинг бериги чеккасида, иккинчиси нариги чеккасида секин юриб келишар, нимадан гап бошлашни ҳам билмас эдилар. Қизиқ, яқиндагина бирга мол боқишиб, кечқурунлари бирга кўча чангитишиб ўйнаб юрадиган бу икки самимий дўстнинг оралари бунчалик узоқлашиб кетди? Нега бир-бири билан гаплашишга юраклари дов бермайди? Нега?

Буни уларнинг ўзлари ҳам тузукроқ тушунмас, бу туйғудан уларнинг ўзлари ҳам хижолатда, айни чоқда шу туйғудан уларнинг ўзлари ҳам миннатдор, шуниси маъқулдек эди. Тўра қоронғида юрак ютиб унинг қаёқдан келаётганини, нима учун ишга чиқмаётганини суриштирмоқчи бўлар эди-ю, журъат этолмас, уни хафа қилиб қўйишдан чўчир эди. Бир маҳал у Камола оғиз очиб бир нима демаса ҳам, ҳеч нарса сўрамаса ҳам:

– Пан Дворжекникидан келаётувдим… – деди астагина.

Камола индамади. «Пан Дворжекникида нима қилади у?»

Тўра юрак ютиб сўради:

– Нега ишга чиқмаяпсан, Камол?

Камола қалбида рўй берган ўзгаришларни, подага чиқишни онаси ман этганини айтиб ўтирмади. Жўнгина қилиб жавоб берди:

– Раҳбар опа мактабда ишлайсан, деди.

Тўра энди Камоланинг подага чиқмаслигига кўзи етди. Қаеридир ачишиб кетди.

– Мактабда нима иш қилар экансанлар?

– Етакчилик…

Иккаласи ҳам индамай қолди. Бир маҳал Тўра қўлида шиша борлигини сезиб қолиб, бояги пан Дворжекка берган ваъдаси эсига келди.

– Камол…

– Ҳим?

– Бир нарса илтимос қилсам майлими?

Бу саволдан Камола ҳаяжонга тушди, баданидан чумоли ўрмалагандай бўлиб, ёнига чўчиб қаради.

– Нимайди?

– Ану, мактабга борсанг… – деди Тўра тутилиб, – ану, кимё кабинетидаги синиқ шишалар, найчалар, ишга яроқсиз колбалар бор-ку, ўшани олиб келсанг. Менинг ҳечам қўлим тегмаяпти: эрталаб кетаман, кеч қайтаман. Ўзинг биласан-ку…

– Кимга керак у? Сизгами?

Тўранинг юраги қинидан чиқиб кетай деди: «Сиз» дедими? Нима учун у мени «сиз» дейди? «Сизгами?» Бу сўз аввалига унинг қулоғи тагига тортиб юборгандай таъсир этди-ю, бора-бора ичига қандайдир илиқлик бахш этгандай бўлди. Анча жимликдан сўнг тили калимага келди:

– Йўқ, менга эмас, пан Дворжекка. Ўша шиша синиқларидан лампа шиша қиларкан.

– Майли, опа хўп деса…

Шу билан гап тугаб қолгандай бўлди. Бироз жим боргач, Камола астагина «хайр» деди-ю, қадамини жадаллаштирди. Тўра шошиб қолди. У кетяпти! Нима десин? Тағин бирпас тургин, десинми?

– Камол… – деди у қўрқа-писа.

– Ҳм? – Камола орқасига қайрилди.

– Дадангдан хат келди.

– Вой, қани?

– Ойим уйларингга олиб чиқиб кетдилар.

– Вуй, раҳмат, Тўра ака! – Камола шундай деди-да, чопқиллаганича уйларига қараб кетди.

Боя унинг «сиз»лагани Тўранинг қулоғига эриш туюлиб бора-бора қалбига бир илиқлик бахш этган эди. «Тўра ака» дегани эса қалбига ёғдай ёқди. У, худди маст одамдай гандираклаб, уйларига қандай кириб келганини ҳам, қандай қилиб ўринга ётганини ҳам билмади.

У сармаст эди…

Ўнинчи боб

Дунёнинг ишлари хўп қизиқ-да: қувонч билан қайғу, меҳнат билан ташвиш ҳамиша ёнма-ён юради. Тўра эрталаб подани олиб чиқиб кетаётганида ҳам, яйловда сигирлар кетида юрганида ҳам, офтоб тиккага келганда сигирлар сўнадан думини хода қилиб, сувот томонга қочганларида ҳам ва ниҳоят, пешин пайтида Қарқаралига қайтиб келаётганида ҳам кўнгли равшан, руҳи баланд эди. Унинг кўзига ҳамма нарса чиройли, сирлидек туюлган эди. У ҳамма нарсага шоирона кўз билан қарар, ундан бирорта маъно ахтарар, табиатдан унинг муқобилини қидирар, ўхшаш нарсаларни топгудек бўлса, мурғак қалби чапак чалиб, уни қутлар эди.

Камоланинг кеча кечқурунги бир оғиз сўзи – «сиз»лагани, «Тўра ака» деб мурожаат қилгани унинг руҳини шунчалик кўтариб юборди! Бу руҳ қанотида у қушдай енгил учиб дунёни кезиб чиқди; бу руҳ уни гоҳ жилмайтирди, гоҳ кўзларига қувонч ёши келтирди… Ҳа, у руҳан тетик эди. Илоннинг инига қўл ур десанг тап тортмайдиган, тоғни уриб талқон қил десанг, қайтмайдиган бир аҳволда эди. У кун бўйи шундай кайфиятда юриб, кечаги раис маъқуллаган ўзининг таклифи ва унинг ижроси ҳақида ўйламаган эди. У пода кетида қишлоққа кириб келаркан, шу масъулият ташвишини ўйлаб, кун бўйи уни осмонларга олиб учган орзулари, қалбига ширин ором берган хаёллари қуш патидай тўзиб кетди. «Нима қилсам экан? Ваъдага вафо қимматми ё ориятми? Ахир бу таклифни ўзим киритдим-ку? Бошқа биров эмас!.. Қўлимга челак олиб, елкамга халта осиб уйма-уй «Ошолол!» деб қичқириб, садақа йиғиб юрганим уят бўлмасмикан? Камола нима деркин?» дерди бир хаёли. Яна бир хаёли унга тамоман қарама-қарши пичирларди: «Нима бўпти? Ахир мен уни ўзим учун қилаётганим йўқ-ку? Кўчиб келганларни деб, бева-бечораларни деб, урушнинг даҳшатини кўзи билан кўриб, заҳматини чекканлар учун, ишониб паноҳ тортиб келганлар учун шундай қилмоқчиман-ку. Бунинг нимаси уят? Ошолол йиғишни уят санаб, қўлимиздан келадиган ишни қилмай, аҳволи танг бечораларнинг аҳволини яна ҳам танглаштиришнинг ўзи катта гуноҳ эмасмикан? Ўз ориятимни ўйлаб, катта гуноҳга йўл қўйганимнинг ўзи уят эмасми? Одамлар нима деса дер».

Тўра шу таскин билан подани қишлоқ кўчасига ҳайдаб кирганида, қуёш худди ярим мис баркашдек қизариб ботиб борар, томлардаги, бўғотлардаги, хашак уюмлари устидаги тўрғайлар, гўё қуёш ботаётганини фақат шулар сезаётгандай, тинмай чирқиллашар ва бундан одамларни огоҳ қилар эди. Тўра чангга ботиб, Сергей билан бирга келар экан, барибир ҳалиги масъулиятдан ҳаяжонда, юрагининг аллақаери билинар-билинмас титрар, ҳалитдан одамлар унга таънаомуз қараётгандай бўларди.

У йўл-йўлакай уй-уйларга сигирларни қолдириб, атиги беш-олтита сигир билан қишлоқ марказига келганида, идора олдида турган Бойғози қўлини кўтариб қичқирди:

– А-ай, Тўра! Бери кел!

Тўра таёғини судраб аста унинг ёнига келди-да, нима дейсиз, дегандай унга тикилди. Бойғози:

– Жур билай, – деди-да, оқсоқланиб идорага кириб кетди. Тўра унинг кетидан эргашди. Коридорга кираверишда, дераза ёнида, битта катта пақир, дераза рахида брезентдан тикилган яшил халта турар эди. Бойғози ўшаларга ишора қилди. – Мине, дайиндап қўйдим…

Тўранинг юраги ҳаприқиб кетди, индамади.

– Э, нега индемейсинг? Жарамайма? – деди Бойғози чўлоқ «кўнгли тўлмади чоғи», деб ўйлаб. – Оқсоқол «бироз кутиб, одамлар жумистан қайтқан сўнг бастасин», деди.

– Шу… Бойғози оға, қандоқ бўларкан? – деди Тўра бироз ийманиб. – Уят бўлмасмикан?

– Э-а, уялам, де, – деди кулиб у.

– Ҳар ҳолда…

– Уялатин бўлсанг, билай қил. Сен бирер сағаттан кейин ўсинде кел. Сен уялсанг, мен уялмаймин. Ўзим бастап берем. Қасимда журесинғўй?

– Юраман, оға! – Тўра қувониб кетди.

Бор бўлмаса. Кейинроқ кел!

Тўранинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлиб, идорадан енгил чиқди. Уни идора олдида Сергей кутиб турган экан, биргалашиб уйларига кетишди.

Сергей Тўраларнинг уйидан бир коса қатиқ ичиб бўлиб кетмоқчи эди, Тўра рухсат бермади.

– Ошолол собрат будем, – деди у.

– Чего?!

Тўра унга ошолол нималигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Сергей тушунмаганича қолаверди. Иккаласи бирпас ҳовлиларида айланишиб, у-бу ишларни қилган бўлишди, кейин Тўра сигирни боғлади, охурларга хашак солди, уйга чироқ ёқди.

Ҳадемай қош қорайиб, Салима хола ҳам ишдан қайтиб келди. Тўра Сергей билан аста идора олдига чиқди. Ҳали идорага раис келмаган, Бойғози чўлоқ Тўрани кутиб турган экан. Булар келиши билан Бойғози чўлоқ майнабозчиликка бўлса керак – худди бозорда ун сотаётган аллоплардек енгини шимарди, кирза этикларининг қўнжини тортди, қозоқи қалпоғининг айвонини тортиб пешонасига сурди-да:

– Қани, олиб шиғинглар, пақир мен қалтани, – деди. Тўра ичкаридан халта билан пақирни олиб чиқди. Бойғози кулгили бир оҳангда қошларини чимириб, у ёқ-бу ёққа қараб деди: – Кане, ўнгдан бастаймизба ё сўлдан. Арвақтарим ўнгдан жур, деп тур. Омин! Кане кеттик…

Бойғози пақирни қўлига олиб, оқсоқланганича олдинга тушиб, қишлоқнинг кунчиқиш томонига қараб юрди. У билан қорама-қора Тўра билан Сергей ҳам эргашишган, одамлар энди ишдан қайтиб келишиб, овқат тараддудига тушишган пайт эди. Кунчиқиш томонда биринчи хонадон Муса мулла деган кишиники эди. Бойғози дарвозага яқинлашиши билан, орқада келаётганларга «тезроқ юринглар», деган маънода ишора қилди. Оқсоқ юримсоқ, деб шуни айтсалар керак-да, у Тўра билан Сергейга етказмай борарди. Бойғози чўлоқ дарвозани тақиллатиб ўтирмади, «ғийт» этказиб очди-да, ичкарига кириб кетди. Тўра билан Сергей унинг орқасидан эргашиб етиб боргунича, у ўчоқ бошига бориб қичқирди:

– Ошо-ло-ол!

Ҳовлида боғлоқлиқ турган олапарнинг товуши Бойғозининг товуши билан баравар чиқди. Ҳовлининг хашак босиб қўйилган томонидан эркак кишининг товуши эшитилди:

– Қўй, олапар!

Бир чол сал энгашиб (таҳорат олган бўлса керак) қумғон кўтариб келарди. Яқинлашганда танишди. Муса мулланинг ўзи экан.

– Ассалому алайку-ум, оқсоқол, – деди Бойғози чўлоқ чўзиб.

– Ваалайкум… Келинглар, келинглар.

– Шу, оқсоқол, ошолол йиғиб…

Муса мулла бироз индамай турди-да, ҳа, деб ясама кулди.

– Биз чолу кампирда нима ҳам бўларди? Ўзимиз зўрға амал-тақал қилиб ўтирибмиз, – деди қумғонини тандир бошига қўйиб. – Пешонамизда битта сигиримиз бор. У ҳам Ғиёс кетгандан бери сути қочиб қолди. Кўрмайсанми, Бойғози болам, сигир боқиш ҳам қаёқдаги қаланғи-қасанғиларга топширилди.

Тўра турган жойида худди яшин ургандай тили калимага келмай қолди. «Демак, Сергей билан мен қаланғи-қасанғи эканмиз-да? Вой хасис чол-эй!

Енгини шимариб келган Бойғози чўлоқ ҳам нима дейишини билмай қолган эди. Тенгқур бўлганида роса боплардику-я. У, бунга гап айтиш бефойда, деб энди орқасига қайтмоқчи бўлиб турувди, ичкаридан Муса мулланинг кампири неварасини кўтариб чиқиб қолди. Бир қўлида тунука товоқ.

– Келинглар, болаларим, хуш келибсанлар, – деди кампир очиқ чеҳра билан. – Овқат қилмовдик, қатиқ бўлса ҳам олиб кетаверасизлар-да…

– Бўлаверади, шеше, минав қув шалингиздай, жўқ демесенгиз бўлғани, – деди Бойғози. У кампирдан миннатдор, чолдан хафа бўлиб, қатиқни пақирга ағдартирди-да, чолга хайр ҳам демай чиқиб кетди. Навбатдаги ҳовлига етгунча у миқ этмади. Галдаги дарвоза олдига борганида, бу индамаслигим Тўраларга таъсир қилмасин дедими, тағин шўхлиги бошланди:

– Ошолол!

Кўп куттирмай ичкаридан бир кампир чиқди, қўлида заранг, оғзи тўла дуо:

– Худоё умрларингдан барака топинглар. Жуда яхши ўйлабсизлар, озгина қўғирмоч қилувдим, қани, халтангни оч, болам, – деди Тўрага яқинлашиб. У қўллари титраб, халтага қўғирмочини ағдарар экан, тинмай дуо қиларди: – Илоё юртимизга қасд қилганлар паст бўлсин…

Чолидан аллақачон айрилган, иккита азаматини урушга жўнатган бу кампир бояги Муса мулланинг тамоман акси эди. Қизиқ дунё эканда!

Улар ҳалиги кампирнинг ёнгинасидаги ҳовлига киришди. У Мастура янганинг ҳовлиси эди. Ишдан энди қайтиб келган бўлса керак, ўчоғининг тўқитқасидан гувлаб чиқаётган олов қарийб ҳовлининг ярмини ёритиб турар, ўзи тандир устида нимадир қилар, атрофида майда-чуйда уч-тўрт бола гирдикапалак бўлиб, қийқиришар эди. Кирувчилар яқинроқ боришиб қичқиришди:

– Ошолол!

Мастура янга қўлида капгири, қаддини ростлаб, олов яллиғидан терлаб кетган бўлса керак, пешонасини енги билан артди-да, чиройи очилиб:

– Келинглар, келинглар, – деди. У жўхори қовураётган экан. Ҳалиги майда болалар қозондан атрофга учган оппоқ бодроқларни теришар, қизиқиб кетиб, оловга яқинлашиб қолганларини сезмас эдилар. – Ҳой, яшшамагурлар, қоч! Ёниб ўласанлар… – У болаларга танбеҳ бериб, кирувчиларга қараб жилмайди. – Ҳозир бирпасда бўламан…

– Маъқул, кутейик женге…

…Ошолол деган товуш тўртинчи ҳовли эшиги олдидан чиққанида, Бойғозиларнинг кетларидан беш-олти бола эргашган, улар бозорда юргандай чувиллашишар, Бойғози чўлоқ билан баб-баравар бақиришар, хижолатпазлик билан бошланган ишнинг охири хурсандчиликка айланиб кетган эди. Болаларга ўйин керак-да! Текин томоша топилди-қўйди. Сергей учун ҳам бу иш хурсандчилик бўлди. Навбатдаги ҳовлига боришганида болаларга қўшилишиб у ҳам қичқирди:

– Аса-лўл…

– Ошолол!

Бу ҳовли Информбюро холаники эди. Холанинг ўзи чиқди, қўлларида ҳеч нарса йўқ эди:

– Вой чироғларим-эй, ҳали ҳеч нарса қилолганим йўқ эди. Овқатим бироздан кейин пишади, бир айланиб келинглар, болаларим. Буни қара-я, ошолол сўрашларингни кеча эшитувдим-а, ўчоққа ўтни эртароқ ёқсам бўларкан-а…

Информбюро холанинг гапи кўпайиб борарди. Бойғози унинг гапини бўлди:

– Бўпти, сўған-да, раҳмет. Энди эртен келемиз. Насяга-де кўнаверамиз, шеше… – деди пақирини қўлига олиб.

– Уят бўлди-да, болаларим…

– Жўқ деганингизде не қилардиқ? Қудайлиғингизди айттингиз-ғўй…

Навбат Зулайҳо холаникига келганида Бойғози тўхтамай ўтиб кетди. Улардан илгарироқ келиб бақиришни мўлжаллаб турган болалар ҳайрон бўлиб турдилар-да, индамай буларнинг орқаларидан чопишди. «Эридан қорахат келганини ҳисобга олган бўлса керак», деб тахмин қилди Тўра. Бойғози бўлса: «Тағин бирор гап бошлаб юрмасин», деб ўтиб кетган эди. Навбатдаги уй Камолаларники эди. Шу жойга келишганларида Тўра сал ўзини тортиброқ турди. У негадир ҳаяжонда, ким чиқар экан, деб бир четда кутиб турарди. Эшик ғичирлаб очилди. Тўранинг юраги қинидан чиқиб кетай деди. Камола қўлида коса, эшик олдига чиқиб болаларга битта-битта қаради. Четроқда турган Тўрани таниди шекилли, аста келиб Бойғозининг қўлидаги пақирга косадаги овқатни қуйди. Болалар ўзи жимиб қолдими ё Тўрага шундай туюлдими, унинг қулоғига ҳеч нарса эшитилмас, ҳамма унсиз қимирлар, оғизлари пичирлаб гаплашаётгандек бўларди.

Болалар чувиллашиб навбатдаги ҳовлига қараб чопишганда Камола уларнинг кетидан қараб қолди…

Шу зайл ошолол йиғиш давом этар, болалар «оқ суяк», «ботмон-ботмон» ўйинларини йиғиштириб қўйиб, уларнинг кетидан чопишарди.

Шу куни Тўра бир нарсани фаҳмлади: у ўзича шу қишлоқда туғилдим, бу қишлоқнинг одамларини ипидан-игнасигача биламан, деб ўйлар эди. Шу бугуннинг ўзида у турли-туман одамларга дуч келди. Бири-бирига сира-сира ўхшамас эди. Ҳатто ҳар куни кўриб юрган одамлари ҳам қилган муомаласидан сўнг аввалги ўзига ўхшамас эди. Ўзича бу тузук одам деб юргани хасис, бу унча эмас, деб юрган одами эса, қўли очиқ чиқиб қолди. Одамнинг одамлиги, фақат сўзидагина эмас, унинг муомаласида, олиш-беришида, ишида экан, шундан билинар экан унинг яхши-ёмонлиги! Шунга ишончи комил бўлди.

У хаёл билан бўлиб, қишлоқнинг ярим хонадонидан ошолол йиғишганини сезмай қолибди. Йўлда буларни раис тўхтатмаганида, эҳтимол у хаёл суриб, Бойғозига, болаларга беихтиёр эргашиб кетаверган бўлармиди!

– Хўш, ишлар қалай? – деди раис қамчини ерга таяб ўтирар экан. – Бирор иш чиқадиганми?

Бойғози чўлоқ пақирни раиснинг олдига қўйди. Салкам бир пақир овқат йиғилибди.

– Тағин минау қапта-да бар, – деди Бойғози Тўранинг елкасида турган қопга ишора қилиб.

Тўра шундагина елкасида халта борлигини сезиб, аста уни раиснинг олдига қўйди. Раис халтани кўтариб, чамалаб кўрди.

– Бунинг ишинда нан-да бор, талқан-да бор, қувирмашта бор…

– Тузуксизлар-ку… – деди раис хурсанд бўлиб. Кейин пақирни кўтариб, йиғилган ошдан ҳўплади, томоғини тақиллатиб, бошини сарак-сарак қилиб деди: – Оҳ-оҳ-оҳ… Ҳай, садағанг бўлай кўпчилиг-эй, шу меҳринг, шу оқибатинг бўлмаганда халқ бўлармидинг? Бир муштдан урсанг ўлдирасан, бир қошиқдан берсанг тўйдирасан!

Ошолол йиғишни хушчақчақликка, томошага айлантириб юборган ўйинқароқ болаларнинг қий-чуви раиснинг гапини эшиттирмай қўйди. Бундан на раиснинг, на Бойғозининг, на Тўранинг жаҳли чиқди. Қайтага уларнинг қий-чувлари сокин оқшомга ярашиб турар, теварак-атрофга руҳ бахш этар эди.

– Қани, халтангни оч! – Раис бобонинг гапидан мамнун жилмайиб турган Тўра, аёл кишининг товушини эшитиб, ялт этиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида, қўлида товоқ ушлаб Зулайҳо хола турар эди. Нима дейишини билмай шошиб қолди.

– Ай бола, нега анқайип турсин, – деди Бойғози Тўрага танбеҳ берган бўлиб. Аслида, Зулайҳо холанинг уйига қайрилмай ўтиб кетганидан ўзи хижолатда эди.

Тўра шошиб, халтасининг оғзини очди. Зулайҳо хола қўллари титраб товоқда олиб келган бодроғини халтага ағдарар экан, Тўрага гинахонлик қила кетди:

– Нега мени ҳатлаб ўтиб кетдинг, ука, – у бундан сўнгги гапини йиғи аралаш айтди. – Ё амаким ўлди, деб мени одам қаторига қўшмаганингми бу? Қатордан қолгунча хатардан қол, дейдилар. Бундай камситма, ука.

Унинг гап оҳангида камситилгани учун алам ҳам, айни пайтда, Тўранинг назарида, тунов кунги ўйламай қилиб қўйган чакки иши учун узр ҳам бор эди, у бу гапларни бақирмасдан, шовқин кўтармасдан айтди. Тўра, сенга айтаман, раис бобо, Бойғози, сизлар эшитинг, қабилида айтди. Буни раис бобо билан Бойғози чўлоқ ҳам тушунди. Индашолмади. Зулайхо хола кетди.

– Да-а,– деди чўзиб Бойғози. Сўнг у, раис бир нима деса керак, деб елкасини қашиб кутди. Аммо раис ҳеч нима демади. Бир сония жимликдан сўнг:

– Ҳай, – деди раис, – энди гап бундай: бугунга шу етар. Кунига йиғсанглар, баъзи оилаларга малол келади. Кунора бўлсин, хўпми?

– Жақси, оқсоқол.

– Нима дейсан, Абдитўра?

– Майли…

– Хўш, буни ким тарқатади?

– Тарқатмай неси бар?

– Сенинг идорада ишинг бор, – деди раис Бойғозига. – Абдитўра, ўзинг олиб бориб берақол. Биринчи галда, илгари кўчиб келганларга. Кейин бошқаларга. Оиласига қараб, овқатингнинг етишига қараб тақсим қил, хўпми?

– Хўп.

– Қани юр, Бойғози, – раис Бойғози билан бошлашиб кетаркан, бир нима эсига тушди шекилли, орқасига қайтди. – Ҳой, Абдитўра, овқатни тарқатиб бўлганингдан сўнг идорага кириб ўт. Гап бор.

– Майли.

Тўра халтани Сергейга бериб, ўзи пақирни кўтариб олди-да, пан Дворжекларникига қараб юрди. «Раиснинг нима иши бор экан менда?» деб ўйларди у пақирни авайлаб кўтариб бораркан. У хаёли билан бўлиб, орқасидан эргашиб келаётган бир тўп боланинг қий-чувига, йўл-йўлакай олдиларидан чиқиб акиллаган кучукларга ҳам парво қилмас эди…

Тўра кеч хуфтонда овқатни бир амаллаб тарқатиб бўлди. Умрида бунақа ишни қилмаган эди, жуда қийналиб кетди. Бировга кўп, бировга оз, дегандек… Бечоралар айтмайди-ю, лекин пақирга кўзларини мўлтиратиб тикилишади, тағин озроқ қуярмикан, деган маънода ориқ юзларини буруштириб жилмайишади. Ярим ўжов ортиқроқ қуйсанг миннатдор бўлиб, бошлари ерга теккунча таъзим қилишади…

Хуллас, ёмон бўлмади. Тўра бу ишларни бир ёқли қилиб, Сергейни бобосига топшириб, идорага келди. У бўсағадан ҳатлаб ичкарига кирар экан, ҳамон: «Раис менга нима дер экан?» деб ўйларди. У идора эшигидан кирди-ю, ҳайрон бўлиб қолди. Девор тубидаги скамейкада Розиқ жилмайиб ўтирарди. Саломлашди.

– Ҳа, келдингми, азамат? Яша, ота ўғил. Иш бундай бўпти, – деди раис хурсанд бўлиб. «Кўрдингизми, қандай йигитларимиз бор-а», деган маънода ёнгинасида ўтирган қўнғизмўйлов вакилга қараб хурсанд жилмайди. – Энди, ўғлим, гап бундай, Ғиёс акангни яна бир ойга қолдиришибди. Бошқаларни индинга кузатиб қўямиз… Энди сен бир-икки кун Ғиёс акангга бўлишиб турасан. Кейин хирмонга, Соли оқсоқолнинг ихтиёрига ўтасан. Хўпми?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации