Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Еттинчи боб

Қарқаралидан чиққандан сўнг тахминан уч чақирим нарида, қишлоқ билан яйлов орасида йўлнинг икки чеккаси буғдойзор бўлиб, йўл ниҳоятда тор эди. Подачилар шу ерга келганда сигирларнинг буғдойзорга уриб кетишидан эҳтиёт бўлишарди. Баъзи-баъзида колхознинг дала бригадири Соли оқсоқол шу жойда ҳозир бўлиб турар, биргалашиб подани бу ердан ўтказишиб қўяр эди. Ғиёс аканинг йўқлигини эшитган бўлса керак, у бугун ҳам ўша жойда, от устида кутиб турган экан. Пода яқинлашиши билан қамчисини ҳавода ўйнатиб қичқирди:

– Жадалроқ ҳайданглар! Ҳа, ҳайт! Икки ёнидан…

Тўра бир томондан, Сергей бир томондан таёқларини ҳавода ўйнатишиб қичқиришарди:

– Чу! Ҳайт!..

– Соп! Ну, соп!..

Сигирлар ариқ бўйларидаги ўтларни чимдишга ҳам улгуришмай икки ариқ ўртасидаги мой тупроғи ўйнаб ётган арава йўлни чангитганларича олдинга интилишар, орқада келаётган Тўра билан Сергейни чангдан таниб олиш мушкул эди. Соли оқсоқол отда олдинга тушиб, сигирларни бошлаб кетди… Бир маҳал буғдойзордан кенг, ёйиқ далага чиқиб олишганида Соли оқсоқолнинг кўзи Сергейга тушиб қолди.

– Ие, янги ёрдамчи қутлуғ бўлсин!

– Бир ўзим қолиб… – деди Тўра минғиллаб.

– Тузук, оёқ-қўли чаққонгина экан, – деди оқсоқол хурсанд бўлиб.

Тўра индамай йўлга тушди. Оқсоқол ҳам отининг бошини орқага бурди-ю, бир нима эсига келди шекилли, сал юрмай қичқирди:

– Тўра, ҳой Тўра!

Тўра орқасига ўгирилиб, Соли оқсоқол отининг жиловини тортганча, ўзи томонга қараб турганини кўрди, секин унинг олдига қайтиб борди.

– Шу дейман… – деди оқсоқол ниманингдир хаёлига бориб. – Эртага арпага ўроқ тушади. Одамларимиз танқисроқ. Хирмонга қараб, ҳисоб-китоб қилиб турадиган бир одам керак. Қалай, ўтасанми?

– Пода нима бўлади? – деди Тўра оёғи билан тупроқ чизиб.

– Анавинга ўхшаган ўрис болалардан йўқми? Бир-икки кун ўргатардинг, эплаб кетишарди.

– Қайдам… – деди Тўра ўйланиб. – Топилади-ку, бироқ раис бобомлар нима дер эканлар?

– Уёғини менга қўйиб беравер, – деди Соли оқсоқол кулиб. – Сен болалардан тағин бир-иккитасини топгин-да, уч-тўрт кун ўргатгин. Хирмонга ўтганингдан кейин ҳам ўзинг ўқтин-ўқтин қараб турасан, майлими? Ўйлаб кўргин-а.

– Майли…

Бу айни Тўранинг кўнглидаги гап эди. «Бу бошқа гап. Ҳарҳолда хирмон хирмон-да. Одамлар кўп… Муомала қиласан, кулишасан, бироз бўлса ҳам кўнглинг ёзилади. Пода кетида юравериб диққинафас бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Болаларни қандай топдим энди? Франтишкани-ку, бир амаллаб кўндирарман, лекин Серёжа иккаласи эплай олмас. Айниқса, ҳозир. Раис бобомлар тағин кўчиб келадиганлар бор, дедилар-ку. Ўшаларнинг ҳам болалари бор бўлса яхши бўларди… Камола…»

Унинг хаёли Камолага келиб тақалди-ю, гўё ичидан офтоб чиқиб, чеҳраси ёришиб кетгандай бўлди, вужудини аллақандай ширин туйғу чулғади-да, беихтиёр жилмайди.

Одамнинг табиати қизиқ, ҳаётида рўй берган яхши ва ёмон ҳодисага қараб, худди баҳор ҳавосидай ўзгариб туради: гоҳ чароғон, гоҳ булутли осмон мисол. Тўранинг шу топдаги кайфияти ғоятда кўтаринки эди. Негаки…

У ўзини шу лаҳзада катталардай ҳис қилди. Олдингига қараганда бошқачароқ бўлиб қолганлигини сезди. Кўз олдига Камоланинг ариқ бўйидаги қиёфаси келди… Эрталабки учрашувни эслади…

Ҳали офтоб чиқиб улгурмаган эди. Тўра ўрнидан апил-тапил туриб, тўғри Афанасенко бобонинг уйига бориб, Сергейни эргаштириб чиқди. Улар ҳар куни пода тўпланадиган жойда одамлар сигирларини ҳайдаб чиқишларини кутиб туришарди. Тўранинг кўзлари Камолаларнинг дарвозаси томонда. «Кеча Ризвон келинойининг ўзи олиб чиққан эди «ола»сини. Ойимларнинг айтишларига қараганда, Камола касал бўлиб қолганмиш. Шунинг учун кеча чиқолмаган. Бугун тузук бўлиб қолгандир, чиқар…» У шу хаёлда турар экан, анчагина сигир тўпланиб қолганини сезмади ҳам. Унинг кўнгли, кўзи ҳамон ўша ёқда. У эса кўринмайди. Пода кетадиган маҳал ҳам бўлиб қолдики, ундан дарак бўлавермади. Одатда, Камолаларнинг «ола»сидан бошқа бировники бўлиб, ўз вақтида олиб чиқишмаса, кутиб ўтирмай подани ҳайдаб кетаверишган бўларди. Бугун жўнаш вақтидан анча ўтиб кетди, у эса ҳали ҳам ниманингдир илинжида турар, Камолаларнинг дарвозасидан кўзини узмас эди. Бир маҳал дарвоза қия очилиб ёпилгандай бўлди. Юраги орзиқиб кетди. Кейин тағин дарвоза ланг очилиб, ичкаридан аввал ола сигир, кейин, кейин… бошқа биров чиқди. Бу ким бўлди экан? Ризвон келинойининг ўзи деса, боя кетмонини елкасига ташлаб, ишга кетганини кўрганди. Тўра беихтиёр ўша ёққа қараб юрди: қайси кўз билан кўрсинки, таниёлмай қолгани – Камола экан. Устида бежирим қилиб тикилган кўк гулли чит кўйлак. Сочини иккита қилиб ўриб орқасига ташлаб олибди. Нақ тақимини ўпай деб турибди. Ўнг ёноғидаги холи, тимқора қошлари, иболи қарашлари уни мутлақо ўзгартириб юборибди. «Во ажабо! Шу ўзимизнинг Камолами? Нега бунча ўзгариб кетибди?»

Дафъатан уларнинг кўзлари кўзларига тушиб қолди. Камола жилмайди. Тўра худди билмасдан чўғ ютиб юборгандай, бутун аъзойи бадани жизиллаб кетди. Нима дейишини билмай, аста «ола»ни олдига солиб ҳайдаб кета бошлади.

Камола бир табассум ҳадя қилди. Бу табассумдан унинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Айни пайтда бир дайди фикр зарбидан ғариб бир аҳволга тушиб қолди. «Бу кўйлакда у пода боқишга чиқмайди!»

У бу фикри ва хулосасидан чўчиб тушди, ўзининг бир ноёб нарсасидан айрилиб қолгандай, ич-ичидан ўртаниб кетди…

Шу аҳволда қишлоқдан чиқиб келаётганида Соли оқсоқолга дуч келди, унинг гапи, илтимоси кўнглини бир баҳя кўтаргандай бўлса, бу таклиф Камоланинг табассуми каби дилини яйратиб юборди. Тўра пода кетида қарама-қарши хаёлларга ғарқ бўлиб аста келар экан, ўша хаёлларнинг тафти билан унинг юзи гоҳ чарақлаб кетар, гоҳ тундлашиб қолар эди. У бошидан кечаётган ҳисларга сира ҳам ақли бовар қилмасди. Кечагина оддий кўринган нарсалар бугун негадир бошқа бир фазилати, бошқача бир қирраси билан намоён бўлар ва бу кўринишлар унинг кўнглида қандайдир шоирона кайфият уйғотар эди. Унингча, бугунги тонг бошқа тонгларга мутлақо ўхшамас, кайфиятига бунчалик фаол таъсир кўрсатган эмас эди. Назарида кун ҳар куни чиқади, тушлик пайти бўлади ва кеч киради. Бундан бошқа унинг кўзга ташланадиган жиҳати йўқдай эди. Бугун ҳамма нарса сеҳрли, ҳамма нарсада ўзига хос маъно бор.

Тўра атрофига разм солди. Қуёш терак бўйи кўтарилган бўлса ҳам, ҳали тунги салқин ўзининг ҳарир этагини Қарқарали яйловларидан йиғиштириб олишга улгурмаган, гиёҳларнинг баргларидаги зумрад шудринглар ҳали-замон офтоб тиғига бардош беролмай буғга айланиб кетишини сезгандай, кўзчаларини жавдиратиб мунгли боқишар, гўё нажот тилагандай болдирларга суйкалиб, кўз ёшлари билан почани ҳўл қилишар эди. Чиннидек мусаффо осмонда яна бир гўзал тонг отганидан миннатдор сўфитўрғай-у сарғалтоқлар ўзларида йўқ шод; пир-пир учишиб, қанот қоқишиб, вижир-вижир сайрашади. Йўл чеккасидаги сарғиш тортиб қолган буғдойлар, эрта-индин ўроқ тушай деб турган бошоқлари гўё саховатли қуёшга таъзим қилаётгандай… бўлиқ бошоқларини эгиб, бир текис чайқалиб турибди. Ундан теварак-атрофга кишини маст қилувчи муаттар ҳид таралади…

Қизиқ, Тўра бу жойдан деярли ҳар куни пода ҳайдаб ўтарди-ю, табиатнинг бу қадар дилбарлигини, шабнамнинг мунчоқ кўзга ўхшашлигини-ю, мунгли боқишини, осмоннинг чиннидек мусаффолигини-ю, сўфитўрғай ва сарғалтоқларнинг сеҳрли сайрашларини, сомоннинг кишини бу қадар маст қила оладиган ҳиди борлигини сезмаган-сезолмаган, билмаган-билолмаган эди. Нима бўлди ўзи унга? Нега у энди теварагидаги ҳодисаларни тиниқроқ кўрадиган, чуқурроқ ҳис қиладиган бўлиб қолди? Нега?

Бу савол уни ҳозиргина эмас, аввалги кундан, юлдуз санаган кундан бери – осмондаги юлдузларни чароғон кўрганидан, кўнглини қандайдир, ўзи ҳам англаб етмаган сеҳрли илиқ ҳис чулғаганидан, дилини мавҳум, аммо ҳузурбахш бир нур ёритганидан бери қийнайди. Лекин у бунга ҳануз жавоб тополгани йўқ. Бундан қутулишга ҳарчанд уринмасин, ҳаракат қилмасин бу унинг қўлидан келмас эди. Бирпас подага овунган бўлади-ю, тағин ўша кайфият, ўша ўйлар хаёлини банд қилади…

У дафъатан юмшоқ шўрхок ерда келаётганини сезиб, сергак тортди. Бундай қараса, ялангликдаги жинғилзорга келиб қолибди. Бу жой ҳар куни тушлик қиладиган ердан анча чет, иссиқнинг қутурадиган жойи. Мабодо сигирларга сўна дорийдиган бўлса, улар тумтарақай бўлишар, бирорта паналайдиган соя жой йўқ эди. Дарҳол сигирларни қайтариш, Белариққа – сувга яқинроқ жойда ўтлатиш керак. У бир чеккада кесак отиб ўз куйи, ўз оҳангида юрган Сергейга қараб қичқирди:

– Серёжа!

Сергей унинг товушини эшитмади чоғи, қайрилиб ҳам қарамади. Чунки офтоб анча тиккага келиб қолган, ҳарорат заптига ола бошлаган, унча-мунча товушни шўрхок тупроғ-у, ҳарорат ютиб юборар эди. Тўра бор кучи билан тағин қичқирди:

– Серёжа!

Сергей буёққа қараб бироз ағрайиб турди-да, қўлини пешонасига соябон қилиб:

– Чево? – деди.

Тўра таёғини ҳавода ўйнатиб ишора қилди:

– Они суда! – у шундай деди-да, сигирларни бир чеккадан Белариқ томонга ҳайдашга тушди. Сергей оёқ-қўли чаққонгина бола эмасми, у ёқдан-бу ёққа сигирларни ҳайдай бошлади.

– Со-оп! Ну, соп!

– Ҳей, «соп»га бало борми? «Ҳайт» дегин, «чув» дегин… – деди Тўра унга кулиб.

Сергей унга ағрайиб бироз қараб турди-да:

– Ну ладно, – деб сиғирларни қистай бошлади, – Со-оп! Ну…

– Секинроқ!..

…Шаҳардан Қарқаралига келадиган катта арава йўлига яқинлашганда сигирларни ўз ҳолига қўйишди. Ҳарорат ўз кучини кўрсата бошлаган, иккаласи ҳам терлаб-пишиб кетган эди. Бу йўл ариққа анча яқин, мабодо сўна дориб қолса, тезда сувотга қараб ҳайдашади-ю, ариқ бўйидаги толлар тагида соялатишади. Ҳозирча бироз ўтлагани маъқул.

Тўра жадал юриб поданинг олд томонига ўтди. Сигирлар тўхтаб ўтлай бошлади. Атроф жимжит. Сергей билан гаплашай деса тилини яхши билмайди. Иссиқ авжига ола бошлаган, ҳалигина ўзлари келган томонда кумуш сароб каттакон денгиз мисол чайқалиб ўзига имлагандай бўлар эди. Йўл чеккасидаги янтоқлар худди занг босган симдай қовжираб ётар, чигирткалар орқа оёқларини силтаб сакрашар, саратоннинг тафтига бардош бера олмай, чириллашар эди. Бир сўфитўрғай осмонга чиқиб олиб, бир жойда қанот қоқар, бетўхтов вижирлаб сайрар эди. Ундан нарироқда қора калхат ўз санъатини намойиш қилаётгандай, қанот силкимай бир текис сузиб юрибди. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси Тўранинг назарида, хаёлида, кўз ўнгида. У таёғига суяниб турар, яна ўша шоирона кайфият уни чулғаб олган эди. Нимага эканини ўзи ҳам билмасди; негадир йиғлагиси келар, оҳ, деса ичидан олов чиқиб кетадигандай бир аҳволда эди назарида. Бир маҳал куйлагиси, шеър айтгиси келиб қолди. Ўзича шеър ҳам тўқиди:

 
Осмондаги бўзтўрғай,
Бўзламасанг на бўлғай…
 

Тўқиди-ю, ўзига ёқмади. Хаёлида бу қўшиқни қаердадир эшитгандай бўлди. Худди бировдан қолган ошни ичгандай, ўзидан ўзи нафратланиб кетди. Ўзининг ёлғизлигидан, кўнглининг вайронлигидан хўрлиги келди. Бунинг устига дадажонини соғингани қўшилди… Ичидан хўрсиниқ келди, кўзлари намланди… Яна Камоланинг қиёфаси кўз ўнгида гавдаланди…

Бир маҳал кимларнингдир гангир-гунгур гапидан, кулгисидан ўзига келди. Бундай қараса, Камолаларнинг ола сигирини қучиб, унинг бўйнини қашиб турибди. Худди айб иш қилиб қўйгандай қизариб кетди. Секин бошини кўтариб йўл четида тўхтаб турган бричка аравани, унда ўтирган беш-олти кишини, кимларнингдир кулишиб аравадан тушиб келаётганини кўрди.

Аравадагилар ҳарбийга чақирилганлар эди. Подани кўриб тўхташибди. Ғиёс ака аравадан сакраб тушиб, Сергейнинг олдига аста кела бошлади. Орқадан Бойғози қичқирди:

– Мужиганский оға, бир ўрисшалаб жиберинг ўғон.

Аравада қаттиқ кулги кўтарилди. У:

– Ҳазилинг бор бўлсин, – деди-да, Сергейдан сўради. – Тўра қани?

– Во-он…

Ғиёс аканинг кетидан Розиқ, Бойғози чўлоқ, Абдусамат тракторчилар ҳам келишар эди. Тўра ҳам буларга қараб юрди. Ғиёс акани кўриши билан боядан бери ўзи тўлиб турган эмасми, унинг кўксига бошини қўйиб товушини чиқармай ўксиб йиғлаб юборди. Ғиёс ака шошиб қолди.

– Ҳой, боласи бор бўлгур, қўй, йиғлама. Дарров олиб кетаётгани йўқ-ку. Аввал камасия қиларкан… – деди кўзлари баттар қизариб. – Буни қара, боласи тушмагур, бағир босиб қолган экан-да…

Тўра Ғиёс акадан зўрға ажралди. Бу аҳволни кўриб, атрофда турганлар ҳам хомуш тортиб қолишди. Ғиёс ака белидаги чорсисини ечиб, кўз ёшларини артди, раҳмдил товушда гап қотди:

– Ҳозирдан бошлаб сувотга ҳайдайверинглар, ҳа, кун ҳам қизиб кетди, тағин ким билади, бир гап бўлиб қолса эплолмай қоласанлар…

Бу гапдан ҳалигина хомуш тортиб, кўзи намланиб турган Розиқ пиқ этиб кулиб, тескари ўгирилди. Бошқаларнинг ҳам юзига табассум югурди. Бойғозига гап топилди:

– Бу Мужиганский оғам армияга борғанда-да, пода боқса керак, – деди кулиб. – Ўл жақтағи сийирлер сизнинг «Ҳайт! Чу»ингизни тусунмейди. Мана Сергейдан «Соп!» деювди ўйренип олинг…

– Чўп, дегани нимаси, бор бўлгур?

– Шўп эмас, соп… – деди кулиб Бойғози чўлоқ. – Сўлайма, Серёжа?

Сергей кулиб ерга қаради.

– Бўпти, жўнадик. Кун қизиб кетди…

Улар Тўра билан хайрлашиб, аравага ўтиришди. Тўра билан Сергей арава кўздан ғойиб бўлгунча қараб туришди-да, кетларига қайтишди…

Зулайҳо холанинг сигири бирдан чўзиб «Мў-ў!» деди-да, безовта бўлиб, чопганича ўзини сигирлар орасига урди. Тўранинг бошига бир фикр яшиндай урилди: «Бошланди! Сўна!» Подага безовталик инди, бошқа сигирлар ҳам қимирлаб қолишди. Яхшиям ариқ бўйига яқин жойга олиб келишган экан. Тўра дарров сигирларни сувотга қараб қистай бошлади.

– Чў, чў! Ҳайт… Серёжа, давай!..

Сергей нима бўлаётганига тушунмай, бир чеккада ҳайиқиброқ, ҳайт десанг қочиб қолгудай бир аҳволда турар эди.Тўранинг ҳаракатини кўрганидан сўнг шунга тақлид қилиброқ, аммо қўрқа-писа, сигирлардан узоқроқда чопиб юриб қичқира бошлади:

– Ну-у! Хайт… Со-оп!

Шу заҳоти бир сигир думини хода қилиб, бўкирганича сувотга қараб чангитиб чопиб кетди. Кетидан бошқа сигирлар ҳам эргашгандай бўлди. Улар ариқ бўйига бир зумда етиб келишди.

Сигирлар аллақачон етиб келишиб, сувга ўзларини уришган, оғизлари кўпириб, бир-бирларига гал беришмай бўкиришар, бир жойда жим туришолмай думлари билан устларини қўришар, думларидан сачраган сув ариқ рошларига худди ёмғирдек сепилар эди. Тўра билан Сергей ариқ бўйида қаққайиб турибди. Гўё сигирлар ариқдан чиқиб қочиб қоладигандай. Сигирларнинг думидан сачраган сув уларнинг устларини шалаббо қилиб юборган, юз-кўзларидаги чанг сув билан қоришиб лой бўлиб кетган эди.

– Ҳорманглар-ов…

Тўра билан Сергей товуш чиққан томонга ялт этиб қарашди. Қўшни қишлоқ подачиси Илёс бобо эшак устида кулиб турарди. Тўра юзларини енги билан артиб, унга томон юрди.

– Ассалому алайкум…

– Ваалайкум ассалом – деб Илёс бобо ҳам эшакдан туша бошлади. – Нима, сўна тегдими? Ғиёс қаёқда?

– Ғиёс акамни аскарликка чақиришипти.

Илёс бобо унинг гапларига ишонқирамай бироз тикилиб турди-да:

– Ҳа, – деди чўзиб. Сўнг эшагининг устидан хуржунини олиб, ариқ бўйидаги юмшоқ ажриқ устига авайлабгина қўйди-да, қамчисига таяниб ўтирди. – Шундай дегин. Анави сариқ бола қай бола?

– Серёжа…

Илёс бобо кафтини пешонасига соябон қилиб тикилди.

– Серёжа дедингми? Ўрисми?

Тўра бош ирғади. Бобо ҳайрон бўлди. Тўра унга изоҳ берди:

– Кўчиб келганлардан.

– Э-э, шундоқ демайсанми? Қалай, чаққонгина эканми?

– Тузук.

– Ҳа, дуруст, дуруст, – деди Илёс бобо дастрўмоли билан пешонасини, бўйинларини артиб. – Буни қара-я, аскарликка чақирди, дегин. Бир кўргим, гаплашгим бор эди-да. Подани болаларга ташлаб келувдим. Ҳай, тушлик қилдингларми?

– Йўқ, ҳозир келдик ўзи, – деди Тўра.

Ростини айтганда уларнинг тушлик қиладиган ҳеч вақолари йўқ эди. Ғиёс ака эди эшак устига у-бу ортиб, буларни тушлик қилдириб юрадиган. У йўқ бўлгандан кейин унинг эшаги ҳам йўқ-да. Тўра подада битта эшак бўлиши кераклигини, у-бу нарсаларни унинг устига юклаб, баъзан эса оёққа дам бериш ҳам лозимлигини бугун ҳис қилди.

Илёс бобо Тўранинг бўшроқ жавоб қилганидан ҳали бу шўрликларнинг тушлик овқатлари ҳам бўлмаса керак, деган ўйда ёнига ўгирилиб, хуржунини олдига тортди. Хуржундан меш олиб оғзини еча бошлади:

– Мен сенларни бугун бир меҳмон қилай. Чақир ўрис ўртоғингни.

Тўра ариқ бўйида, шундоқ иссиқ кунда гуппи чопон-у қулоқчинни бостириб кийиб олган чолга қараб ҳайрон бўлиб турган Сергейнинг олдига борди.

– Давай, – деб юзини уқалаб, сувга ишора қилди. Кейин ўзи ариқ бўйига чўққайиб юз-қўлини юва бошлади. Буни кўриб Сергей ҳам энгашди.

Улар артиниб, Илёс бобонинг олдига олдинма-кейин келишганида иккита зарангга тўлдириб овқат қўйилган, у айрон бўлиб айронга, гўжа бўлиб гўжага ўхшамасди.

– Қани, олинглар, азаматлар, – деди Илёс бобо уларга. Сергей иккиланиб турарди. Бобо унга ҳазил аралаш кулиб гап қотди: – Чаво? Менинг уст-бошимни кўриб ҳайрон бўлиб турибсанми? Сенинг мана бу юпқа кўйлагингдан кун ўтиб кетади. Меникидан ўтмайди. Бир терлаганимдан сўнг муздаккина бўлиб юраман. Понил? Қани, кушайт!

Сергей илжайиб, ажриқ устига чўкди. Тўра зарангни қўлига олиб бир ҳўплаган эди, қараса бу ошда айрон ҳам, туюлган буғдой гўжа ҳам, кесилган угра ош ҳам бор. У ҳайрон бўлиб бободан сўради:

– Бобо, бу қанақа овқат ўзи?

– Нима, ёмонми?

– Йўқ, жуда ширин…

– Ошолол-да, – деди бобо илжайиб. – Кўпчиликнинг овқати мана шунақа ширин бўлади. Нима, сенлар ошолол йиғмайсанларми?

Тўра овқатни иштаҳа билан ичар экан, кўнглига келган бир фикридан дили ёришиб кетди. Шу фикр овқат ичиб бўлганларида ҳам, Илёс бобони эшагига миндириб жўнатганларида ҳам, бироз ҳордиқ чиқариб, пешинда подани қишлоққа қараб ҳайдаб кетаётганларида ҳам уни тарк этмади. У шу фикр билан қишлоққа хурсанд кириб келди…

Саккизинчи боб

Ёрдамчиси янги бўлгани учун ишонмадими ё хаёлига келган фикрни тезроқ раисга етказмоқчи бўлдими, Тўра бугун подани қишлоққа ҳар кунгисидан анча эртароқ ҳайдаб кириб келди. Эртароқ келишга келди-ю, баъзи сигирларни эгалари олиб кетиб, беш-олтитаси кўчада қолди. Чунки буларнинг эгалари ҳали даладан қайтишмаган эди. Тўра уларни битта-битталаб ҳовлиларга олиб кириб, молхоналарига боғлади. Шундан кейин тинчиб, Сергей билан тўғри уйларига келди, унга бир косада қатиқ ичирди, битта тунука товоққа тўлдириб қатиқ қуйиб берди. Сергей оғзи қулоғида, тунука товоқдаги қатиқни авайлаб кўтарганича уйига кетди.

Одатда, қишлоқ идорасига одамлар бирор муҳим иш бўлиб қолгандагина тўпланишарди. Шунда ҳам колхозчилар даладан қайтишгач, кеч хуфтонда. Тўра қандай қилиб кунни кеч қилишни билмасди: сигирига хашак солди, қудуқ қовға44
  Қудуқдан сув олинадиган махсус пақир.


[Закрыть]
си майишиб қолган экан, тузатди… Бостирма тагидаги охурнинг бир-икки кесаги кўчган экан, ярим кетмонгина лой қориб кесакларни жойига қўйди, сувади. Ҳовлиларини кўздан кечирди. Уч пахсали деворларининг тепа томони нураб қолибди. «Бир қўл текканда лўмбоз қўйишим керак экан…»

Тўрада, айниқса кейинги кунларда, ажойиб ўзгаришлар содир бўла бошлади. Катталардек фикр юритадиган, фойдали ишга уринадиган, ўйлаброқ гапирадиган бўлиб қолди. У кечагина ёш болаларга қўшилишиб, кўчада «оқ теракми, кўк терак» ўйнаб юрган эди. Ҳозир ҳам кечқурунлари ўша ўйин хумор қилар эди-ю, аммо негадир истиҳола қилар, гўё ўйнаса одамлар ундан куладигандай туюларди назарида.

У ҳовлида майда-чуйда ишлар билан ивирсиб юрганида Салима хола ишдан қайтиб келди. Тўра шундагина қош қорайиб қолганини сезди. Ойиси келиши билан уйга чироқ ёқиб, овқатга уннай бошлаганида, Тўра идорага қараб йўл олди.

Хайрият, идоранинг чироғи ёқилипти. Демак, кимдир бор. «Раиснинг ўзи бўлса керак. Ҳали Бойғози чўлоқнинг қайтиб келадиган вақти бўлгани йўқ». У аста бориб деразадан мўралади. Раиснинг хонасида уч-тўрт одам гаплашиб ўтирар эди. У ўтирганлар орасида фақат битта кишини танимади. Бошқалари – раис бобо, Соли оқсоқол, Абдихолиқ бригадир, бошланғич комсомол ячейкасининг секретари Тожихон опа… «Идорага йиғилишганидан бирор муҳим масала ҳал қилинаётган бўлса ажаб эмас. Кирсаммикан ё… Соли оқсоқол ҳам шу ерда экан. Эрталабки гапни айтдимикан? Айтмаган бўлса кирсам эсига тушар. Кирганим яхши!..»

Тўра аста ичкарига мўралади. Раис бува кўзи тушиб қолиб қичқирди:

– Абдитўра?

Тўра бегона одамдан ийманиброқ ичкарига қадам қўйди.

– Ассалому алайкум.

– Ваалайкум ассалом. Ке, ўтир. Қалай, шеригинг тузукми? Бир иш чиқадиганми?

Тўра ийманиброқ жавоб қилди:

– Ёмон эмас.

– Ўртоқ полномочин, – дея мурожаат қилди раис ўгирилиб. – Бу бола колхозимизнинг манаман деган ёшларидан. Подачи. Манави Соли оқсоқол хирмонга берасан, деб икки оёғини бир этикка тиқиб, тиқилинч қиляпти…

«Соли оқсоқол айтибди.»

Бошида энсаси баланд оқ каламинка кепка, устида ёқаси гулдор оқ украинча кўйлак, белини учи попукли чизимча билан боғлаб олган, галифе шиму жигарранг брезент этик кийган нотаниш киши «яхши» деб илжайди. Илжайганида аслида узунчоқ юзи яна ҳам чўзилгандай, қўнғиздайгина қора мўйлови бурнининг тагига сурилгандай бўлди.

Ҳар йили пахта терими, буғдой ўрими маҳалида баъзи вакиллар келиб мавсум тамом бўлгунча колхозда юрар, баъзан колхоз раҳбарларининг жонига тегиб кетар эди. Райондан чиққандан кейин ҳамма нарсани биламан, деб ўйласа керак-да. Бободеҳқонларга деҳқончилик ҳақида ақл ўргатмоқчи бўлар, шу билан асл деҳқонларнинг ғашига тегар эди. Баъзилари қишлоқда масхара бўлишар, ҳатто эсдалик учун бирор лақаб ҳам орттириб кетар эди. «Бу ҳам ўшанақаларнинг биридирда», деган гап Тўранинг кўнглидан лип этиб ўтди. «Ҳали бошини ярим эгиб, «яхши» деганига қараганда, арпа ўроғи муносабати билан келган вакил бўлса ажаб эмас. Хирмонга ўтсам «яхши» бўлса, албатта ўша масалада келади-да. Бу ҳам ўзининг иши кўнгилдагидек битишини, район олдида юзи ёруғ бўлишини истайди-да!»

Раис бобо истеҳзоли илжайди.

– Яхшилигига яхшику-я, – деди жиддий. – Мамлакат учун ҳозир ғалла зарур. Аммо ўша ғаллани амал-тақал қилиб етказиб берадиган одамлар ҳам биз учун зарур-да. Улар ҳам ўша моли билан, сут-қатиғи билан яшаб келяпти. Моли боқувсиз қолса, бу ҳам ёмон-да, – раис бу гапларни Соли оқсоқолга жавоб тариқасида айтарди-ку, аммо қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит, қабилида вакилга шама қиларди.–Ўрис болалардан тортиш керак, дейсан. Тўғри… Аммо уларни ўргатиш керак. Иккинчидан, улар орасида чиқа солиб мол боқиб кета оладигани йўқ. Сен от устида юриб билмайсан, чоғи. Уларнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, уйига кир. Мен кеча ҳов четдаги бир украиннинг уйига кирдим. Бечоралар етиб келгунча озиб-тўзиб бўпти. Қозонида нимадир қайнаётган экан. Бундай энгашиб қарасам, қайнаётган нарса нима дегин, шу ўзимизнинг ҳалиги шўра бор-ку, ўшанинг барги. Ичида бир-иккита қизил қалампир айланиб юрибди. Кўм-кўк сув. Бунинг оти шўрва. Бир кекса кампири бор экан, юзлари салқиб қолибди. Қўрқиб кетдим. Қайтиб келиб, уйимдан икки килоча жўхори бериб юбордим… Бундайлардан нима кор-у нима хайр?

Ўтирганлар чурқ этмай қолди. Раис узун тин олиб, жимликни бузди:

– Тағин қийналсак ўн беш-йигирма кун қийналамиз. Буёғи буғдой ўроққа илиниб кетсак…

Бу гапларни эшитиб Тўранинг кайфи учиб кетди. Назарида ҳалиги юзлари салқиб қолган украин кампир ўлиб қолгандек, шоша-пиша томдан тараша тушгандай қилиб:

– Менинг бир таклифим бор, – деди. Нимадир гапирмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаб турган раис бобо Тўрага тикилди. Ўтирганлар ҳам ҳайрон; индамас бу бола журъатни қайдан олганига ҳамма ҳайрон эди. Тўра томоғини қириб олиб, гапини давом эттирди: – Ошолол йиғсак-да, кейин уни кўчиб келган оилаларга бўлишиб берсак…

Раис бобонинг назарида ҳозир кесакдан ўт чиққандай бўлди. Кўзларига ишонмагандай, Тўрага тикилиб қолди. Бу таклиф комсомол аъзосидан чиққанидан ғоят мамнун бўлган Тожихоннинг юзида табассум ўйнаб кетди.

– Отангга раҳмат, ўғлим, – деди раис беҳад хурсанд бўлиб. Кейин Соли оқсоқолга тегишди: – Сен мана шундай тадбиркор болани хирмонга оламан, дейсан-а…

Тўра ўз таклифининг юрагидаги орзусига кўндаланг бўлганини сезиб қолиб, қаеридир жиз этиб кетди, аммо сир бой бермади.

– Жуда яхши таклиф, – деди раис вакилга қараб. – Ошолол ота-боболаримиздан қолиб келаётган удум… Ҳозир бизни хижолатдан қутқарадиган удум… Жуда соз, ўғлим, жуда соз. Эртагаёқ бошлайсизлар. Нима дейсизлар?

– Жуда маъқул гап.

– Маъқул бўлганда қандай, – деди Соли оқсоқол ҳам гул-гул яшнаб. – Илгари подачилар қўлига сув қовоқ, елкасига халта осиб олиб уйма-уй: «Ошолол!» – деб юрарди. Биров қурут, биров ош, яна биров битта нон дегандек… топганини олиб чиқаверарди. Нонни халтага, овқатини идишга қуйиб олишарди. Эртага бошлайдиган бўлсаларинг битта пақир, битта каттароқ халта олиб олинглар…

Тўра ич-ичидан хижолат бўлиб кетди. Таклифни қилишдан аввал тузукроқ ўйлаб кўрмаган экан. Буни қаранг: энди бир қўлига пақир, елкасига халта осиб, эшикма-эшик: «Ошолол!!»– деб қичқирадими? Гадойга ўхшаб-а? Кўрганлар нима дейди. Камола нима хаёлга боради? Ўл-а! Келиб-келиб топган гапинг шу бўлдими, демайдими? Буёғи қизиқ бўлди-ку!

Тўра шу алпозда ичидаги гапини ташига чиқаролмай ўтирар, ўтирганлар бири олиб, бири қўяр, Тўранинг отасига тортганлигини мақташар, ҳалиги ўйлар билан унинг зил кетаётганини сезишмас эди.

Улар шу алпозда ўтирганларида эшикдан қамчисини буклаб ушлаб олган Бойғози чўлоқ кириб келди. У ҳамма билан бир-бир сўрашди-ю, қўнғиз мўйловли вакилни танимади шекилли, сипогина қилиб: «Саломатсизба?» деб қўяқолди. Сўнг қўлтиғига қистириб олган бир даста газетани стол устига ташлади. Газета орасида туморча қилиб букланган тўрт-бешта хат ҳам бор эди. Тўра аввало, хатларнинг орасида бир букланиб елимланган хат борми, деб қаради. Хайрият, кўринмади. Чунки қишлоққа келган қорахатлар шундай бир вараққа ёзилиб, икки букланиб ёпиштирилган бўларди. Бошқалар ҳам, стол устига олиб келиб ташланган газета ва хатларга қўл чўзса куйдирадигандай, унга бир-бир қарашди-ю, индамай ўтираверишди.

– Қани, сўйла, – деди раис Бойғози чўлоққа тикилиб.

– Нени сўйлейин, оқсоқол? – деди Бойғози чўлоқ вакилга бир қараб олиб.

– Нимани бўларди? Олиб борган одамларинг нима бўлди?

– Одам кўп. Камасияга кирелмади. Эртега киреди, – деди у сал нафасини ростлаб.– Шиқитга шиғармаётир. Потирлатиб олиб жатир…

Раис «ҳим» деди-ю, бироз сукут қилди.

– Бизга ажратилган одамлар нима бўлди?

– Олиб келдим, оқсоқол. Уш уй екен. Барлиғи ўн жон. Бўлинген жайларға ўрналастирдим, – деди Бойғози раисга ҳисоб бериб. Раис индамади, лекин унга маъноли тикилиб ўтираверди. Унинг нима маънода тикилганини Бойғози тушунди. – Ушеви қартанг. Басқалари жастер. «Абиржиғэн, қийналған»… ўрисша сўйлейди…

«Абиржиған, қийналған». Ҳа, бундай пайтда, албатта, танасидан куч ёғилиб турган, кела солиб ишга тушиб кетадиган одамлар келмас эди. Урушнинг барча кулфати-ю, жабр-у жафосини чеккан, уй-жойидан маҳрум бўлган, мажруҳ аҳволда қолганлар, аксари қари-қартанглар, ишга яроқсиз ёш болалар келишарди. Албатта, бундай пайтда ишга яроқлими ё йўқми, деб танлаб ўтириш – ўтакетган аблаҳлик бўлур эди. Начораки, ҳозирги долзарб кунларда сал-пал колхознинг оғирини енгил қиладиган одамлар келса ёмон бўлмасди, деган бир фикр раиснинг, нафақат раиснинг, бошқаларнинг ҳам кўнглида йўқ эмасди. Бу, албатта, чорасизликдан.

– Мана шунақа, – деди раис вакилга қараб. У ҳозирги хаёлидан ўтган ҳамма гапни мана шу бир оғиз сўзга жойлаб айтган эди. – Хўш, шундай қилиб, арпа ўроққа қачон тушамиз? Бояги гап-гапми, Соли оқсоқол, эртаданми?

– Менга қолса бир-икки кунлиги бор…

– Кунгай томонларида ўроқни бошлайверсак ёмон бўлмасди, – деди вакил муддаога ўтиб. – Район тиқилинч қиляпти…

– Битта молотилка дедингизми? Шуни иккита қилишнинг иложи бўлганида… Уч-тўрт жойга хирмон қилиб… шу билан анча ишимиз юришарди.

– Фақат бешта колхоздагина бор. Бошқаларда бу ҳам йўқ, оқсоқол. Сизга, ишчи кучингизнинг камлигини ҳисобга олиб, тағин битта комбайн ҳам беришди, – деди вакил ҳатто районда ҳам аҳвол танглигини билдириб.

– Йўқ бўлса начора. Ота-боболаримиздан қолган увал55
  Хирмон устида от билан тортиладиган, шох-шаббадан қилинган мола.


[Закрыть]
ни айлантираверамиз-да, – деди раис. Бошқа гап қолмагач, ўтирганларга буйруқомуз гапира кетди. – Бўлмаса гап бундай. Тағин икки кундан сўнг ўроқни бошлаймиз. Тожихон, қизим, сен ўзингга ўхшаган қизлардан, ишга яроқли аёллардан танлаб, ўроққа чиқишларини тайинлаб қўй. Ўроқларни тайёрлашсин. Эртадан бошлаб Маҳкамбой темирчи уларнинг ўроқларини чархлаш, тоблаш билан машғул бўлади. Гап шу. Сенга рухсат, қизим.

– Хўп бўлади…

Тожихон секин ўрнидан туриб, хайрлашиб чиқиб кетди.

У ёқ-бу ёқдан бироз гаплашиб ўтиргач, гап фронт аҳволи ҳақида борди. Тўра, бундай гапнинг мазмунига қулоқ солса, Москва остонасида қўшинларимиз немисларнинг адабини бериб, қарши ҳужумга ўтишибди, бир-иккита катта шаҳарларимизни қайтариб олишибди. Энди немис-фашистларининг додини бериш учун жанг қилаётган йигитларимизга уст-бош, овқат ва руҳан озиқ бўларлик катта-катта ишлар қилмоқ керак экан. Шу пайтда гўё Тўра беиш, фронт учун ҳеч нарса қилмаётгандек, пода кетида ўйнаб юргандек бўлиб, аянчли бир аҳволда ўтирарди. «Ҳамма фронт учун бирор фойдали иш қилса-ю, мен бўлсам… Энди эртага елкамга халта осиб, қўлимга пақир кўтариб, худди гадойлардек, ошолол сўрайман, уйма-уй, ҳовлима-ҳовли юриб… Бирор каттароқ иш қилсам бўлмайдими?»

Тўра шу хаёллар билан банд бўлиб ўтирганда одамлар ўринларидан туришди. Бойғози бир-иккита газета олиб раисга берди.

– Кимлардан хат келибди? – сўради раис.

– Ўрмондан, кейин… – Бойғози хатларни қўлига олиб кўра бошлади. – Салимжондан… Ҳой Тўра, тўхта, Камолнинг отасиданда хат бор, олиб шиғиб бер…

Тўранинг қаеридир жиз этиб, орқасига қайрилди. Бойғози чўлоқ унга туморча қилиб букланиб, уч бурчак муҳр босилган, адреси йирик-йирик қилиб ёзилган хатни узатди.

Раис бобо вакилни бошлаб чиқар экан, орқасига қайрилди.

– Ҳа, айтгандек, Бойғози, – деди у бир муҳим гап айтаётгандек. – Ану Дворжек чол эрталаб бир нима деди. Тушунмадим. Кечқурун келарсан, девдим, келмади. Шундан бир хабар олгин. Нима гапи бор экан?

– Хўп, оқсоқол, мана бу казеттерди тарқатип, қабар оламин.

Идоранинг чироғи ўчди. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Тўра қўлидаги хатни авайлаб ушлаб келарди: «Ҳозир ўзим олиб кириб берсаммикан ё ойимдан бериб чиқарсаммикан? Бемаҳалда кирганим қандоқ бўларкан? Ойимдан бериб чиқарганим маъқул».


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации