Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Раис бобо уларнинг ёнгинасига келиб отдан тушди, тўриқ йўрғани ўз ҳолига қўйиб, дастурхон ёнига ҳорғин чўкди. Баъзи Соли оқсоқолга ўхшаган тенги-тўшлари уни Йўлдошвой, Йўлдош оқсоқол дейишади-ю, аммо кўпчилик унга «раис бобо», деб муомала қиларди. Шунга ўрганиб, одатланиб кетишган.

Раис ҳам бугун, негадир, хафадек кўринар эди. Одамларга бир нарса бўлганми ўзи?

– Абдиғиёс, ишлар қалай? – деди у сал мийиғида кулишга ҳаракат қилиб. Раис кимни чақирмасин, унинг исми олдига «абди» қўшмасдан айтмас эди. – Чойдан борми, бир пиёла қуй.

Ғиёс ака қора қумғондан зарангга чой қуйиб узатди. Раис бобо чойдан бир ҳўплаб, бошини чайқади.

– Шу дейман, қора қумғоннинг чойи бўлакча бўлади-да… – у устма-уст чой ҳўплар, ҳар ҳўплаганда «ҳа-а…» деб қўяр, тамшаниб бошини чайқар эди. Бу чой Ғиёс акага ўрганиш бўлиб кетган. Шунинг учун ҳам раис бобонинг бу гапи уни таажжублантирмас, иссиқда, от устида юриб чанқаб келганидан, деб ўйларди. Раис бобо чойни ичиб бўлиб, зарангни Ғиёс акага узатди. – Қалай, сигирларга сўна доримадими?

– Ҳозирча тинч, – деди Ғиёс ака қора қумғондан зарангга чой қуя туриб. – Яқин орада чиқиб қолмаса деб қўрқяпман.

– Ёшлар бор, бир амаллар, – деди раис. Бунақа пайтда раис Ғиёс аканинг туғма подачи эканини, унинг олдида ҳал бўлмайдиган ҳеч қандай муаммо йўқлигини, у бор жойда сўна… борингки, бўри ҳам ҳеч гап эмаслигини таъкидлаб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар эди. Бугун эса калтагина қилиб: «Ёшлар бор, бир амаллар», деб қўя қолди. Нима гап ўзи? Нега Ғиёс акани қўшмади? Ғиёс ака буни сезиб, раиснинг юзига тикилди. У гапни чалғитиш учунми, нарироқда ҳўл кийимларини сиқаётган Тўрага қаради.

– Ҳа, Абдитўра, вой-бўй, уст-бошинг шалаббо-ку. Ишлар тузукми, ота ўғли? Абдикамол қани?

– Шу ерда, – деди Тўра ийманиброқ.

– Ҳа, майли, молларингга қарай туринглар бўлмаса. Абдиғиёс аканг билан озгина гапимиз бор… – деди раис. – Ҳа, айтгандай, Абдитўра, буёққа қара: анави тўриқ йўрғани яланғочлагин-да, сувга олиб тушиб, бир пишиб ташла. Маза қилсин, бечора. Кўпикка тушиб кетди, жонивор. Совисин.

– Хўп.

Катталарнинг суҳбатидан қандай қилиб нарироқ бўлишни ўйлаб турган Тўра чаққон бориб тўриқ йўрғанинг устидан эгар-тўқимини сидирди. Бечоранинг тўқимлари тердан сасиб кетибди. Шаҳарда очиқиб қолганми, сувга тушса ҳам ариқ четидаги ўтларни чимдиб курт-курт чайнар, бошига, кўзига ёпирилган чивинларни кўриб, бошини, думини бетўхтов силкир эди. Тўра от устини бир сидра ювиб, сўнг қашлағич билан бўйинларини, ўмровини, қапталини қаший бошлади. Тўриқ йўрға боягидай ўт чимдимас, бошини силкиб, думини ликиллатмас, кўзларини юмганча роҳат қилиб жим турар эди. Тўра Ғиёс ака билан раис бобога кўз қирини ташлади. Раис бобо ажриққа бемалол ёнбошлаб нималарнидир гапирар, Ғиёс ака чўккалаганча… ҳаяжонми ё ўйчанми, ҳайтовур, тушуниб бўлмайдиган бир ҳолатда унинг гапларини жимгина тинглар, аммо гапларини Тўра эшитмас эди.

Йўрғани яхшилаб ювиб-тараб бўлиб, ариқ бўйига олиб чиқди. От сувдан чиқиши билан мириқиб силкинди, теварак-атрофга сув пуркалгандек бўлди. Пишқириб оёғи билан ер тирнаб кишнади.

– Жонивор, бирпасда жони кирди-қолди.

Тўра бундай қараса, раис бобо билан Ғиёс ака ўринларидан туриб буёққа келишаётган экан.

– Бироз сабр қилинг, усти қурисин, – деди Ғиёс ака. – Ҳозир эгар уриб бўлмайди… Уст-бошингизни ҳўл қилади.

– Вақтим борми қуришини кутиб ўтиришга. Абдитўра, қани, эгарни ол!

Раис бобо тўриқ йўрғага миниб, тизгинини қўлига олди-ю, Ғиёс акага:

– Гап шу! – деди-да, отнинг бошини қишлоққа бурди.

Ғиёс ака аста бошини қимирлатиб унинг кетидан қараб қолди. Раис бобо унга бир муҳим гап айтиб кетгани шундоққина билиниб турар эди.

– Камол келмадими?

Тўра елкасини қисди.

– Гап бундай, Тўра. Менинг зарур ишим чиқиб қолди. Мен ҳозир кетавераман. Подани аста ҳайдаб йўлга тушаверсанглар ҳам бўлади. Кун пешиндан оғиб қолди. Боргунларингча кеч кириб қолади.

– Майли.

…Тўра Ғиёс акани кузатиб қўйиб, молларини бир айланиб чиқди ҳамки, Камоладан дарак бўлмади. Нима бўлди экан унга? Ё Тўрани қўрқитиш учун бирор жойда бекиниб ётганмикан? Бекинса шунча вақт ётадими?

Тўра Камоланинг ўзини боплаб қўрқитмоқчи бўлди. Оёқ учида аста ариқ бўйлаб юқорига юра бошлади. У ҳар қадамда тўхтар, қалинроқ ўтлар орасига авайлаб қарар, сув бўйидаги толларнинг тагларини эҳтиётлик билан шитирлатмай очиб мўралар, тағин олдинга юрар эди. Бирор туп гиёҳ тагидан Камола қўққисдан чиқиб, «ваҳ!» деб юбориши мумкин-да!

Тўра ўзини шунга тайёрлаб ҳушёрлик билан олдинга силжир, бир лаҳза тўхтаб атрофга қулоқ солар эди. Бир маҳал сувдан чалпиллаган товуш чиққандай бўлди. Тўра ўша томонга қулоқ солди. Сув яна чалпиллади. «Ҳа, мана энди қўлга тушдинг… Ка-молвой!» деб ўйлади Тўра. У лип этиб тол тагига беркинди. Шу жойдан туриб қўрқитади уни. Тол шохларини эҳтиётлик билан икки томонга айириб мўралади, бирпас ўзини йўқотиб, турган жойида оғзи очилганича қотиб қолди…

…Тўра орқасига бурилди, бўшашиб узоқлаша бошлади. Худди биров ўласи қилиб калтаклаб ташлагандай, оёқлари зил-замбил, кўтариб босишга мажоли йўқдай судраб босарди. Нима бу, тушими ё ўнгими? Нима бўлди ўзи?!

У сувотга келиб бирпас қаққайиб турди, хаёлини жамлади. Шунча уринса ҳам орқасига, ҳозир ўзи келган томонга журъат қилиб қараёлмади. Нима бўлди ўзи? Шунча ўйлаб кўрса ҳам хаёлига бирор тузукроқ фикр келмади. Энди фикримни жамлайман деганида, ўйлари товуқ патларидай тўзғиб кетар, ҳамон аъзойи бадани қизиб сирқирар эди.

У базўр энгашиб қўлига таёғини олиб, мириқиб кавш қайтараётган сигирларни қўзғата бошлади…

Пода ёйилиброқ йўлга тушган маҳалда, нариги томонда – эгнига ўша қалин рўдапо фуфайка, оёғида эски оғир кирза этик, бошида боғичи тепасига қайтариб боғланган рангпар қулоқчини, қўлида таёғи – чеккага чиққан сигирларни қайтариб келаётган Камолага кўзи тушиб қолди. У: «Наҳотки ўша, бояги Камола бўлса!» деб ўйлади, бироқ қиз келаётган томонга ботиниб қараёлмади…

Иккинчи боб

Тўра тўриқ йўрғани сувга олиб тушиб юва бошлаганда, Ғиёс ака, нима гап, дегандай раисга ўгирилди. Раис юмшоқ ажриққа ёнбошлаб бироз сукут қилгач:

– Гап бундай, Абдиғиёс,– деди салмоқ билан, – сенга яна повиска бор…

Ғиёс ака чурқ этмади. У ўзича тахмин қиларди: «…бир марта чақириб: «Кўзинг ярамайди», деб қайтаришган эди. Энди бу гал олиб кетиши аниқ. Навбат менга ўхшаганларгаки келибдими, демак…»

Улар худди устларига оғир тоғ қулаб тушгандай, бир фурсат жимиб қолишди. «Мен ҳам кетадиган бўлсам, чорванинг аҳволи нима кечади?» деб ўйларди Ғиёс ака. Раис бўлса: «Агар уруш шу зайл қаҳрига олаверса, мамлакат аҳволи нима бўлади? Уруш бошланганига мана энди икки йил бўлди. Ҳамма ер ҳам ўзимизнинг колхозимиздай… урушнинг асорати билинди-қолди. Барча ишга яроқли, билагида кучи бор йигитларимиз кетиб бўлди. Колхоз иши хотин-халажга, менга ўхшаган чолу кампирларга, Тўрага ўхшаган бўғини қотмаганларга қараб қолди. Ҳали-замон булар ҳам аскар ёшига етиб… Охири бахайр бўлсин-да, ишқилиб…» – деб хаёл сурар эди. У чуқур тин олиб, ҳамма ўйини битта сўзга жамлаб айтди:

– Қийин!

– Ҳа, оқсоқол, чорвага қийин… – деб унинг гапига қўшилган бўлди Ғиёс ака. Унинг бу гапи бояги ўйининг давоми эди.

– Э, Абдиғиёс, – раис тутақиб кетди, – ғалати гапларни гапирасан. Чорвани жин урармиди? Анавиларга қийин, – сувда тўриқ йўрғани юваётган Тўрага ишора қилди у. – Ҳали ўқийдиган, билим оладиган маҳали. Пода кетида тезак босиб, чанг ютиб юришибди. Суяги қотмаган болалар-а! – У ёнбошлаганча бирпас хаёл суриб ётди. Ғиёс ака ҳам шу гапдан сўнг оғиз очиб бир нима демади. Бироздан сўнг раис тирсагига суяниб ўрнидан тура бошлади. – Гап шу, Абдиғиёс, қишлоққа эртароқ қайтиб, ҳозирлигингни кўравер. Мен кетдим. Яна урушдан кўчиб келган уч-тўртта оилани беришди колхозимизга. Уларга ҳам жой ҳозирлашимиз керак…

У отига миниб йўртиб кетди. Ғиёс ака раиснинг орқасидан қараганча бошини чайқаб ўйларди: «Бу бечора чолга ҳам қийин, жуда қийин. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса ҳам тиним билмайди. Юрт қатори икки фарзандини урушга жўнатди. Кенжаси Раҳимжондан келган қорахат қаддини букиб кетди бечоранинг. Устига-устак, юрт ташвиши…»

Куннинг тафти боягисидан қайта бошлаган, шундай бўлса ҳам ҳаво кишини лоҳас қиладиган даражада дим ва иссиқ эди. Шунинг учунми ё ҳалиги гапларнинг таъсириданми, Ғиёс ака қора терга тушиб кетган, ҳаловатини йўқотган, юрагининг аллақаеридир билинар-билинмас титрар эди. Раис кетганидан сўнг у яна бироз юмшоқ ажриқ устига чўзилмоқчи, ором олмоқчи бўлди-ю, аммо ётолмади. У, сувот атрофида қавш қайтариб ётган, тикка турганча бир-бирини ялаётган сигирларни беихтиёр айланиб чиқди, ўзича нималардир деб ғудранди. Ғиёс акани боядан бери кузатиб турган Тўра унинг тушуниб бўлмайдиган ҳолатидан ҳайрон эди. Ғиёс ака айланиб келиб, бояги ўзи ёнбошлаган ажриқ тепасида бироз елкасини қашиб, нималарнидир ўйлаб турди-да:

– Тўра, ҳой Тўра! – деб чақирди.

– Лаббай… – дея қўлида ғижимланган кўйлаги, унинг олдига келди Тўра.

– Камол қани?

Тўра елкасини қисди:

– Ҳали ариқ бўйлаб юқорига кетувди…

– Гап бундай, Тўра. Менинг зарур ишим чиқиб қолди. Мен ҳозир кетавераман. Энди… сигирларни ўзларинг ҳайдаб борасанлар. Боргунларингча кеч кириб қолади.

– Майли.

– Эшакни олиб кел.

Тўра аста бориб ариқ ёқасидан эски ўчоқ ёнида кулга ағанаётган эшакни турғазиб олиб келди, эгар урди, сўнг устига илашиб қолган хашак-хушак ва чангларни тозалади. Ғиёс ака шолча хуржунини эгар устига ташлаб, узангига оёқ қўйди. Тўра уни қўлтиғидан олиб, миндирди.

– Хўп, мен кетдим. Секин йўлга тушаверинглар.

Тўра, хўп дегандай бош силкиди. Ғиёс ака эгарда бир томонга қийшайиброқ ўтирганча халачўп билан эшагининг бошини қишлоққа бурди.

Одатда подачининг улови қаттиқ юрмайди. Пода кетидан аста юриб ўрганиб қолганидан бўлса керак, йўл-йўлакай ўт чимдиб, одатдагидек бир-бир босиб келар, Ғиёс ака ҳам шунга ўрганиб қолгани учунми ё хаёл билан бўлибми, эшагини кўпам қистамас эди. Гўё эгасининг вазни устига унинг оғир ўйлари ҳам қўшилиб босгандай, сур эшакнинг бели майишиб, оёғини зўрға кўтариб босарди… Ғиёс ака аҳён-аҳёнда: «Хих, бор бўлгур», деб тақимини қимтиб қўярди.

Ғиёс ака бош подачи. Камола билан Тўра унга ёрдамчи. У жуда дўлвор, гапирган гапига ўзи кулмай, бошқалар куладиган одам. Унинг энг қаттиқ сўкиши: «Бор бўлгур! Бор бўлгур!» холос. Шундан нарига ўтган эмасди. Ёши элликларга бориб қолган, содда, оқкўнгил киши. Унинг баъзи соддалик билан гапирган гапларига, қилган ишларига ҳамма кулади. У бўлса парвойи палак. Бу гал унинг ҳарбийга иккинчи марта чақирилиши. Илгари чақирганида, Ҳарбий Комиссариатга каноп қоп орқалаб бориб, орқалаб қайтиб келди. Ҳарбийга яроқсиз деб топишибди. Кўзида трахома касали бор экан.

Ўша аввалги чақирилиши эсига тушди шекилли, Ғиёс ака аста мийиғида кулиб қўйди.

…Айни қиш, ҳаммаёқ оппоқ қор: дарахтларда, ўт-ўлан ва жинғил шохларида оппоқ булдуруқлар осилиб турибди. Ҳаво очиқ бўлса ҳам, кун анча қаҳрли, аччиқ изғирин қулоқ ва бурунларни аёвсиз чимдир, ачиштирар эди. Аскарликка чақирилган йигитлар миниб олишган ридивон арава ғичир-ғичир қилиб шаҳарга кириб келяпти.

…Арава ғилдираклари қор устида худди амиркон кавуш мисол ғарчғурч товуш чиқариб, шаҳар Ҳарбий Комиссариати ҳовлиси ёнига келиб тўхтади. Йигитлар аравадан енгил сакраб тушиб, ҳовлига кириб кетишганида, Ғиёс ака аравадан бир қоп юкни аранг кўтариб олди-ю, орқалаганча кириб келди. У бир зум теварак-атрофга қараб анграйиб тургач, ҳовли чеккасидаги дарахтга қопини суяб, ёнига ўзи ҳам чўнқайди: ҳовли тўла одам, қий-чув, биров бировнинг гапига қулоқ соладиган эмас. Эшик олдидаги дарахтларга от, эшаклар боғланиб ташланибди. Фарзандларини кузатиб қўйишгами ё комиссиянинг қарорини ўз қулоқлари билан эшитишгами – ҳарқалай, чол-кампирлар, хотин-халаж ҳам келган. Баъзиларнинг кўзларида ёш… Ким ўғлининг бўйнига осилиб йиғлар, ким жигарпорасини ўтқазиб қўйиб ниманидир куйиб-пишиб уқтирар, кимлар овқат олиб келишиб, йигитларни зиёфат қилишар эди. Ҳов анови чеккада гармошканинг авжи баланд: ёшгина қиз-жувонлар қандайдир русча ашулани айтишиб, ер депсинишиб ўйин тушишяпти… Бир рус йигит, хотини бўлса керак, ёш, оппоқ, сулувгина жувонни четроққа олиб чиқиб, бағрига босиб, бетўхтов ўпарди. Унга Ғиёс аканинг кўзи тушиб қолиб, юзини тескари бурди: «Бор бўлгурнинг уялмаганини қара!»

Аҳён-аҳёнда ичкаридан ҳарбий кийимдаги бир рус йигит чиқиб, кимларнингдир исм шарифини айтиб чақирар, чақирилганлар тўполонда, қий-чувдан эшитишмаса ҳарбий киши тағин такрорлар, товуш берган йигитни ичкарига бошлаб кириб кетар эди.

– Абдирайим, у нима деб қичқиряпти? – деб сўради Ғиёс ака ҳалигина ўзи билан бирга келган йигитдан. Абдирайим нима учундир ҳаяжонда, у ёқдан-бу ёққа юриб махорка тутатарди.

– Камасияга чақиряпти, – деди у махорка қолдиғини бир чеккага отиб.

– Бизларниям чақирармикан?

Абдурайим ажабланиб бир қараб қўйди…

– Чақиради.

– Зийракроқ бўлиб тур, ука, бехабар қолмайлик тағин.

Абдурайим Ғиёс акага тағин бир қаради-ю, индамай юришда давом этаверди. «Атайлаб повиска юбориб чақиртириб келишади-ю, ичкарига таклиф қилишмайдими? Ғалати гапларни гапиради. Ҳазилми ё чиними?!»

Ғиёс ака хаёлга кетиб қолган экан, оғир қўл зарбидан ўзига келди. Бундай қараса – Абдурайим.

– Ҳа? – деди у ағрайиб.

– Туринг, чақиришяпти.

– Ким? Қаёққа?

– Қаёққа бўларди? Ичкарига-да. – Абдурайимнинг товуши ўктамроқ чиқди.

Ғиёс ака шоша-пиша, орқа-олдига қарамасдан дарахтга суёқлик турган қопини орқалаганча ичкарига қараб юрди. Абдурайим ҳай-ҳайлаганча қолаверди…

Ғиёс ака ичкарига кириб, бўғма каноп қопини гуп этказиб полга қўйганида, одамлар аввалига таажжуб билан бир-бирларига қарашди-ю, кейин юзларига табассум қўнди. Ғиёс ака ҳам ҳайрон бўлиб қолди: рўпарада тепакал бир ҳарбий киши оқ халат кийиб олган, жиддий, олдида қоғоз дегани уюлиб кетибди… нималарнидир қирт-қирт ёзиб ўтирибди. Ўнг томонда эса беш-олтита йигит, онадан қандай туғилган бўлса шундай – қип-яланғоч, оқ халатли бир врач аёлнинг олдида навбат кутиб туришипти. «Буни қара-я! – Тағин аёл кишининг олдида… – Ғиёс ака уятдан шолғомдек қизариб кетди. – Мен ҳам ечинаманми? Наҳот?!»

Теварак-атрофдагилар – ҳалиги яланғоч йигитлар, оқ халатли ҳамширалар унинг эгни-бошига, оппоқ деворга суяб қўйилган каноп қопига қараб пиқир-пиқир кулишар, аммо буни Ғиёс ака пайқамас эди. Аёлларнинг пиқир-пиқирини эшитиб, эндигина бошини кўтарган бояги жиддий тепакал ҳарбий кишининг нигоҳи Ғиёс акага тушди шекилли, ҳайрон бўлиб:

– Это что ещё?! – деди.

– Нима деяпти?! – деди Ғиёс ака атрофига аланглаб.

Рус тилини билмаслигини пайқаган ҳамширалардан бири Ғиёс акага яқинлашди. Татар экан.

– Қабчиғиздоғи ний дия, – деб тушунтирди у Ғиёс акага.

Ғиёс ака қопига қаради. У ҳарбийга чақирилганини эшитиб, бир кун аввал Шарифа холага анчагина нон ёптирди. Шаҳарга бораман-у поездга ўтириб кетавераман, деб ўйлаган эди. Бунақа комиссияга тушишини туш кўрибдими?

– Нон, – деди Ғиёс ака тепакал ҳарбийга қараб.

Каноп қопдаги нон эканлигини эшитишиб, атрофда турганлар бирдан кулиб юборишди.

– Ох, артист! Ох, Чаплин!.. – деди ҳалиги тепакал ҳарбий кулгидан ўзини зўрға тийиб. – Ну, ладно. Давай военний билет!

– Нима деяпти! – деб тағин ҳамширага қаради Ғиёс ака.

– Воянний билетингизни беригиз.

Ғиёс ака этигининг қўнжидан уч-тўрт қават қоғозга ўралиб букланган ҳужжатларини олиб, ҳалиги ҳарбий кишига узатди. Очиб қараса:

ғижимланган колхоз меҳнат дафтарчаси-ю, йиртилган ҳарбий билет… Ҳарбий билетнинг ярмидан кўпроқ қисми йўқ. Ҳарбий киши ҳайрон бўлиб Ғиёс акага қаради:

– Это что?!

Ғиёс ака ҳамширага қаради.

– Бул ний дия? – деди ҳамшира юзида табассум ўйнаб. Унинг юзидаги табассум Ғиёс акага сал дадиллик бахш этди.

– Белат…

–Билет иканини била. Ёртиси қоя онинг?

– Ҳа, ярмими? – деб ҳарбий кишига бир қараб олди Ғиёс ака. Кейин ҳадеб ҳамширага қарайвергани тортинибми ё ўзи ҳам бир ўрисчалаб гапирай дедими, тутила-тутила тушунтириб кетди: – Буни мен сандиқ четига қўйганский, тузукми? Сичқон ярмини мужиб кетганский, тузукми?..

– Что, что?!

Ғиёс ака тушунтиролмадим шекилли, деб ўйлаб қайтадан изоҳ бера бошлади:

– Ўртоқ началник, сичқон кемирганский, панамайиш, мужиганский.

– Ладно-ладно, – деди тепакал ҳарбий жиддий. Афтидан ниҳоятда жаҳли чиққан, атрофдагилар кулай деса ундан ҳайиқишар, оғизларини беркитиб тескари ўгирилиб олишган, фақат елкалари силкинар эди, холос. Тепакал ҳарбий Ғиёс аканинг билетини бир бошдан варақлаб кўра бошлади: унинг тепа қисми – туғилган йили-ю, исми шарифи ёзилган жойи йўқ эди. Буёғини Ғиёс аканинг ўзидан сўрашга мажбур бўлди: – Фамилия?

– Отангизнинг эсми нечик? – гапга аралашди ҳамшира.

– Мамасоли.

– Ўзингизники?

– Ғиёс.

– Год рождение? – деди тепакал ҳарбий худди ҳамширанинг ёшини сўраётгандай унга қараб.

– Туғилган йилингиз? – деди ҳамшира ҳам ўз навбатида Ғиёс акага қараб.

Шу жойга келганда Ғиёс ака бироз тутилиб қолди.

– Туғилган йилинғизни сўрий.

– Абдалим билан тенгман, – деди Ғиёс ака, – ану, Кориздаги Абдалим бор-ку…

Ана холос! Кориз деган қишлоқ қаерда-ю, Абдалим неча ёшда? Буёғини энди ўзингиз билиб олаверинг!

Хуллас, Ғиёс ака комиссияга тушди, кўзи трахома деб топилиб, керак бўлсанг ўзимиз чақирамиз дейишгач, яна қопини орқалаб Қарқаралига қайтди. Шу-шу бўлди-ю, уни қишлоқдаги Бойзоққа ўхшаган баъзи шўх йигитлар «Ғиёс Мужиганский» деб атаб кетишди…

… Ғиёс ака кўк эшаги устида шу воқеани эслаб келаркан, у гўё ҳозир содир бўлаётгандай аъзойи бадани совқотиб, танаси жунжикиб, бир қимтиниб қўйди. «Ўтган гап ўтди-кетди. Энди буёғи нима бўлади?»

У онадан туғилиб эсини танибдики, умри шу пода кетида ўтиб келяпти. У фақат пода боқиш учун туғилган. Ғиёс акасиз – подани, подасиз – Ғиёс акани тасаввур қилишолмайди ҳамқишлоқлари. Гўё бошқаларнинг, ҳатто ўзининг ҳам наздида бошқа иш унга ярашмайдигандай. Унинг учун қишлоқда подадан ҳам муҳимроқ иш йўқ. Негаки, қишлоқ аҳли молсиз яшай олмайди. Айниқса, ҳозирги кунларда! Уруш бўлаётган, озиқ-овқат танқис кезларда одамларнинг жонига ора кираётган нарса нима? Сут, қатиқ! Сут-қатиқсиз, қурт-ёғсиз тирикчилик қийин, жуда қийин! У боя: «Энди буёғи нима бўлади?» деганда, мана шуларни назарда тутган эди. Дарвоқе, буёғи нима бўлади? Камола билан Тўра подани эплай олишадими? Ғиёс аканинг ўрнини боса олишадими, йўқми? Олди ёз, ҳадемай сўна деган бало чиқади. Ана унда бу бебош сигирларни бошқариш қийин. Жуда қийин!

Бу гал, албатта, уни аскарликка олишади. Фақат кўзидан сал-пал сув оқишини ҳисобга олмаса, нима, у бошқалардан камми? Бир йигитдан қолишмайдиган кучи бор… Ё Тўра билан Камоланинг ёнларига тағин бир одам қўшишларини илтимос қилиб кўрсамикан? Кимни? Ишга яроқли одамларнинг ҳаммаси далада, пахтада, бедада. Ҳадемай буғдой ўроқ маҳали ҳам келиб қолади. Ишчи қўли етишмайди. Давлатга ғалла керак. «Борди-ю… борди-ю, қишлоққа кўчиб келишган ўрисларнинг болаларини ёрдамчи қилиб олинса-чи? Масалан, ана чолнинг набирасини. Отинг қурмағур нима эди? Ҳа, Сергий! Ўзи ҳам пишиққина, чаққонгина, югурдаккина…»

Ғиёс ака ўзининг бу фикридан худди ёмби топиб олгандай хурсанд бўлиб, қўрғонига яқинлашиб қолганини ҳам сезмади. Кулранг ҳанги ҳар кунги юриб ўрганган йўлидан тўғри боғ эшик томонга қараб кела бошлади. Боғ эшик паст, бунинг устига тор эди. Эшак тўғри ичкарига қараб йўл олди… Ғиёс ака пешанаси эшик тепасига тегиб, орқасига чайқалди-ю, тупроғи ўйнаб кетган бўсағага гуп этиб йиқилиб тушди. Яхшиямки, эгнида юмшоқ гупписи бор. Бўлмаса… отдан йиқилгандан кўра эшакдан йиқилган ёмон, дейишади. Хатойи азим бўлиши ҳеч гап эмасди-да!

Эшак Ғиёс акани эгар-тўқимига қўшиб сидириб, эшик олдига астагина ташлади-да, ем еб ўрганган охурига қараб кетди. Ғиёс ака шоша-пиша ўрнидан туриб, «Ҳа, бор бўлгур», деб уст-бошини қоқаётган маҳалда ичкаридан Шарифа хола югуриб-елиб чиқиб келди.

– Ҳа, отаси, нима бўлди?..

– Ҳеч нима бўлгани йўқ. Мен бир идорага бориб келай.

Шарифа хола ҳайрон бўлганича, эрининг орқасидан қараб қолди. Ғиёс ака эса, ҳалиги ёрдамчи бола ҳақидаги фикрини раисга тезроқ айтиш учун шошиларди…

Учинчи боб

Тўранинг хаёли жойида эмасди: «Наҳотки, шу бояги Камол бўлса!»

У Камола томонга ботиниб қараёлмаса ҳам кўнглидаги шу гап унинг хаёлини тўзғитиб юборар, фикрини бир жойга тўплашга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, барибир бу саволга жавоб топишдан ожиз эди. Иккаласи бир қишлоқда туғилиб, бир мактабда, ҳатто бир синфда аҳил, тотув, дўст бўлиб ўқишган бўлса-ю, келиб-келиб бугун, бир лаҳзалик тасодиф уларни ўрталаридаги олтинга ҳам бермас қадрдонликларидан жудо қилиб қўйса! Ахир хафа бўлмасинми? Шундай яхши дўстидан, сирдошидан-а? Албатта хафа бўлади-да!

У Камоланинг қиз болалигини билар эди. Шундай бўлса ҳам улар бир-бирларидан ётсирамай, сен – ўғил, сен – қиз, демай ўсишган, шу бугун, кутилмаганда ўша эътиқодларининг чилпарчин бўлганидан, битта ажойиб дўстидан айрилиб қолганидан хафа эди.

У ўзини: «Камола қиз бола эмас», деб ишонтиришга ҳаракат қилиб, зимдан у томонга қаради: Камола эгнида қалин фуфайка, пахталик чолвор, оёғида оғир кирза этик, бошида боғичини тепага кўтариб боғлаб олган рангпар қулоқчин, пода кетида сас-садосиз, ўйчан келар эди. Тўра бу манзарани кўриб бояги ҳолатни эслади.

Тарвақайлаб ўсган тол тагида ҳозиргина сувдан чиққан Камола унинг кўз олдида гавдаланди. Онадан қандай туғилган бўлса шундай… «Во ажабо! Ҳали Камол қиз боламиди?!» Тўранинг бошига дафъатан шу фикр келди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб кетгандай бўлди. Ўзига ўзи ишонмай, кўзларини қайта-қайта юмиб очди, кўз ўнгида ҳалиги сурат! Ёпирай!

Ана, ҳўл сочлари анчагина бўртиб қолган оппоқ кўкраклари устига ёйилиб тушган, бармоқлари билан тараяпти… Ўрмоқчи шекилли! «Бу рўдапо уст-бошлар, қўпол фуфайка, дағал кирза этиклар ичида шундай гўзал бадан яшириниб юрганмиди?!»

Нима бўлганини ўзи ҳам билмайди, дафъатан Тўранинг аъзойи бадани қўрғошиндек оғирлашиб, дир-дир титраб, ўзини идора қилолмай қолди. У аста ўрнидан туриб, беихтиёр бир-икки қадам олдинга силжиди. Хаёлида фақат бир нарса ҳукмрон: «Камол қиз боламиди?!»

Тўра Камоланинг қиз бола эканини билар эди-ю, аммо унинг ўғил болаларча муомаласи, ўзини тутиши-ю юриш-туришлари эътиқодига ўғил бола бўлиб сингиб кетган эканми, у ҳамон битта саволни такрорлар эди: «Ёпирай, Камол қиз боламиди?!»

Тўра шундай хаёл билан беихтиёр силжий-силжий Камоланинг ёнига бориб қолганини сезмади. Тўсатдан унга Камоланинг кўзи тушиб қолди-ю, аввалига шошиб «вой!» деб кўкракларини бекитди, кейин жонҳолатда бақирди:

– Кет! Кет!

Товушининг аччиғини! Оламни бузиб юборай дейди-я! Нақ кўзларидан ўт чақнаб кетди. Тўрага худди шундай туюлди. У қизнинг товушидан қаттиқ уйқудан чўчиб уйғонгандек, сапчиб кетди-да, бирдан ўзига келди.

– Кет деяпман сенга!!!

Тўра Камола келаётган томонга ҳамон журъат қилиб қараёлмас эди…

…Тўра ўкинч билан тўла ниҳоясиз хаёллари, аҳён-аҳён қаеринидир жиз этказиб, қаеринидир қитиқлаб ўйнаган ва нима эканлигини ўзи ҳам тузукроқ англаб етмаган ширин ҳислари оғушида, подани ҳайдаб, қишлоққа кириб келганини сезмай қолди.

Одатда, қишлоққа яқинлашганида сигирлар илдамроқ юришади. Пода кетидан кўтарилган чанг худди ер бағирлаб сузиб юрган булутдай… одам одамни кўриб бўлмас даражада тўзон кўтарилган. Ҳар куни қийқиришиб, бир-бирларини туртишиб пода кетида хушчақчақ кириб келадиган Тўра билан Камолаларда ун йўқ. Кўча бошига кириб келиши билан ўрганиб қолган баъзи сигирлар ўз қўралари томон жадал йўл олишди. Бир тўп бола қий-чув кўтариб, чанг-тўзон орасидан ўз сигирларини қидиришар, топганлари эса олдига солиб қувлашар эди.

Қишлоқ идорасига яқинлашиб қолишган маҳалда, тўсатдан ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди: узоқда кимнингдир йиғлаб қочгани, кимнингдир уни қувлаб, қарғаб келаётгани кўзига элас-элас чалинди. Қочиб келаётгани – қишлоққа яқинда кўчиб келган Франтишек деган поляк бола, қувлаб келаётгани эса – Ғиёс аканинг келини Зулайҳо хола эди. Бир тўп бола Зулайҳо холанинг кетидан кўча чангитиб чопиб келарди: баъзилари Франтишекни тутиш ниятида, баъзилари эса томошанинг пайида. Франтишек ўзини сигирлар орасига урди. Зулайҳо хола қўлида таёғи, жағи тинмай қарғаб астойдил қувлар, болалар эса Франтишекни тутиб бериш ниятида сидқидилдан ҳаракат қилишар эди. Бир маҳал Франтишек қутулолмаслигига кўзи етди чамаси, қочиб келиб Тўрани пана қилди. Унинг яккалигини кўрибми ё бошқача бир меҳр уйғондими, Тўра уни бағрига босиб Зулайҳо холадан паналади. Қўрқувдан кўзлари қинидан чиқаёзган Франтишек дир-дир титрар, жовдираб Тўрадан нажот истар эди.

– Нимага уряпсиз? Нима қилди бу бола сизга? – деб сўради Тўра шовқин-сурон солаётган холадан.

– Нима қилгани билан сенинг ишинг бўлмасин! Буёққа тур, ўлдираман!

– Ахир, тушунтирсангиз-чи?

– Қўйвор дейман!

– Сузмасини ўғирлапти… – деди бир қорамалоқ бола.

Дарвоқе, холанинг қўлида сузма халта, тупроққа тушиб кетган шекилли, бир томони лой, оғзидан оққан оппоқ сузма халта устидан тупроқ аралаш сизиб турар эди. Бирпасда одамлар тўпланиб қолди. Зулайҳо хола ҳамон жаҳл устида, кўчани бошига кўтарарди:

– Ўлар бўлсак ўлиб бўлдик буларнинг дастидан! Ўзимизнинг жулдурвоқилар етмаганидек…

Кўриниб турибдики, айб Франтишекнинг ўзида. Тўра уни нима деб ҳимоя қилсин? Ўғирлик айб эмас десинми? Нимасига раҳми келади? У ўзи ҳам сезмаган ҳолда Франтишекни ҳамон пана қилиб турар, Зулайҳо холага бермас эди. Унинг нимасига раҳми келди? Мусофирлигигами ё шунча одамнинг ўртасида ёлғизлигигами? Ҳарқалай, нимадир уни ҳимоя қилишга ундарди. У нима ўзи? Бунга Тўранинг ақли етмас эди. Ахир, бу Франтишек бечора қишлоққа ўзи келибдими? Уруш бўлмаганида у нима қиларди бу ерларга келиб? Ахир, у оч-ку! Оч бўлгандан кейин нимадир ейиши, тамадди қилиши керак-ку!

Тўра шуларни ўйларди-ю, буни дилидан тилига чиқара олмас, жаҳлданми ё ҳаяжонданми дир-дир титрар, миқ этмай Франтишекни пана қилиб турар эди. Зулайҳо холага ҳозир бирор гап уқтириб бўлмасди: бир ҳафта бўлди – эридан қорахат олди. Алам ўтида ўртаниб, кимни қоралашни, кимни қарғашни, кимдан ўч олишни билмай юрганди у. Аслида сузма баҳона. Бўлмаса унча-бунчага жаҳл қилиб ўтирадиган аёл эмасди…

Зулайҳо хола Тўрани айланиб ўтиб Франтишекни савамоқчи бўлди. Тўра бунга йўл қўймади. Кейин Зулайҳо холанинг лўлилиги тутиб кетиб, йиғи аралаш шовқин кўтарди:

– Келиб-келиб немисни ҳимоя қиласанми, жувонмарг!

– Бу бола немис эмас, хола!

Буни қарангки, Зулайҳо хола олиб келинган бир хонадон полякларни немислар, деб юрган экан. У жаҳл устида таёғини кўтарди. Тўра тап тортмади. Бу пайт идора томондан шовқин-суронни эшитиб раис бобо, Ғиёс ака, яна уч-тўртта киши етиб келиб, жанжалнинг боиси нима эканлигини тушунолмай ҳайрон бўлиб туришганларида, тўсатдан Тўранинг орқасига Зулайҳо холанинг таёғи шақ этиб тегди. Қаёқдан пайдо бўлиб қолганини ким билсин, ўртада Камола кўндаланг туриб қолди.

– Келинойи!.. – унинг товуши аччиқ чиқди.

– Қоч нари, юзсиз!

– Келинойи!..

– Сен ҳали уни ҳимоя қиладиган бўлиб қолдингми, а? Ҳа, яшшамагур, битта боланинг онаси бўлай деб қолганингда… нимага бирга пода боқишиб юрибди, десам…

– Келинойи… – Камола шундай деди-ю, кўзларига ёш олганча чопиб кетди.

Атрофдагилар бу гапни эшитиб, ҳайратдан қотиб қолишди.

Франтишек ҳамон Тўранинг орқасида дир-дир титраб турар, Зулайҳо хола ҳали ҳам кимнидир чандиб, кимнидир қарғаб, шовқин солар эди.

Раис индамай келиб холанинг олдига кўндаланг бўлди:

– Келин, яхши эмас… Яхши эмас. Биламиз, сенга оғир. Эрингдан келган қорахат, билсанг, бутун қишлоғимиз учун оғир. Нима қилайликки, уруш экан… – деди у салмоқ билан. Шу топда унинг кўз олдидан ўғли Раҳимжондан келган қорахат лип этиб ўтди, томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Оғир тин олиб, гапида давом этди: – Қишлоғимизда қорахат олган ёлғиз сенми? Сен Исонинг аччиғини Мусадан оляпсан, келин. Бу немис эмас, поляк боласи. Бу бечоралар ҳам уруш туфайли уй-жойидан айрилиб, тентираб юришибди. Ҳа, бола болалигини қилибди, оч. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?

Зулайҳо хола раисга жавоб қайтаролмади. Аламига чидаёлмай қўлидаги таёғини бир четга зарб билан улоқтирди-ю, уйига қайтар экан, уввос солиб йиғлаб юборди. Ғиёс ака келинининг аҳволига раҳми келдими ё кечагина қорахат келган укаси эсига тушдими, кўзларига жиққа ёш олиб: «Ҳа, келини бор бўлгур», деб бошини чайқади. Раис бирпас индамай турди-да, бу аёлга ҳозир осонликча гап тушунтириш қийин, деб ўйладими, елкасини қашиганча, идора томон кетди. Унга Ғиёс ака ҳам эргашди…

Тўра Франтишек билан болалар қуршовида йўлга тушди. Бечора ҳали ҳам ўзини босолмас, нимжон ва камқувват гавдаси титрар, ҳадеб ялтоқланиб теварак-атрофига қарар, Тўрага қандай миннатдорчилик билдиришини билмас эди. Сал юрмасдан, ким етказа қолгани номаълум, Франтишекнинг отаси ўпкасини босолмай, ҳаллослаб етиб келди. Бечора чол қадди дол бўлиб қолган, ранги ўчиб кетган, шляпасини қўлига олиб тез-тез айлантирар, нима гаплигини билмай, энтикар эди. Соқол босиб кетган заъфарон юзлари ғижимланган қоғоздек оппоқ. У келиши билан ўғлига бир қаради-да, қовоқ солиб, нималардир деди. Ўғли нимадир деб гап қайтарган эди, у:

– Шалён1, – деб битта тарсаки урди. Франтишек тағин Тўрани паналади. Чол воқеани сал англади шекилли, тепакал бошини эгиб Тўрага таъзим қилди, ғужурлаб миннатдорчилик билдирди. Тўра Франтишекни аста отасига қараб итарди. Бечора чол таъзим қила-қила ўғлининг елкасига бир туртиб, уйига бошлаб кетди…

Қий-чув билан овора бўлиб, Тўра поданинг тарқалганини ҳам сезмай қолибди. У ўрнидан жилмай хаёлини жамлашга ҳаракат қилиб кўрди. Миясига ҳеч нарса кирмас, лўқиллаб оғрир эди. У бир-бир босиб уйга кетди. Камолаларнинг эшиги олдига яқинлашиб қолганида бирдан қулоғи тагида Зулайҳо холанинг товуши жаранглаб кетгандай бўлди: «…Битта боланинг онаси бўлай деб қолганингда…»

Бу гап боя унча таъсир қилмаган эди. Қулоқлари шанғиллаб кетди. Худди миясини нимадир пармалаб ўтгандай бўлди. «Бечора Камол! Бу гапга қандай чидади экан? Нимага унчаликка борди Зулайҳо келинойи? Мени ҳимоя қилгани учунми? Ростданам, у мени нега ҳимоя қилди? Ачинганиданми? Ё аяганиданми?»

Тўра уйларига шу аҳволда кириб келди. Битта хаёл унга маҳкам ёпишиб олган эди. «Нега Камол мени ҳимоя қилди? Аягани учунми?» У шу алфозда, бир жойда қўним топмай, қош қорайгунча юрди. Нима қилишини билмасди. Ҳар куни бу маҳалда ўзи сигирларни оғилга олиб кириб боғлар, уларнинг олдига хашак ташлаб, ҳовлига сув сепар, кейин ўйнагани кўчага чиқар эди. Бу ишларнинг биронтасини ҳам қилмади. Боши ғувиллар, бугунги воқеалар кўзидан ҳеч нари кетмасди. У ҳовли ўртасидаги шийпонда бошига битта болишни қўйиб ётиб олди. Ойиси унинг бу кайфиятини чарчаганликка йўйди, безовта қилмай қўя қолай, деб гапирмади.

Бироз муддат ўтгач, эшикдан қўшни Хадича хола гапириб кириб келди. «Ўтга кирган хотиннинг ўттиз оғиз гапи бор», деган сўз аслида шу Хадича холага айтилган бўлса керак. Уни қишлоқдагилар «Информ-бюро хола» дейишади. У: «Вой айланай, овсин…» деб гап бошласа бас, қишлоқнинг у бошидан кириб бу бошидан чиқади-ю, ўзининг бу ерга нима учун кирганини ҳам унутиб қўяди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации