Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Ҳеч нарса қилмасмикан?

– Қўрқма.

– Азбаройи шифо…– Сафарали бир кўтаришда пиёлани оқ урди, тамшаниб лабларини ялади. – О, зўр! Муздай, а? Қудуқда туриб шунчаликми?

Бўтавой ҳам қўлидагисини симириб бўлиб, бош ирғаб қўйди. Кейин бир нарсани эслагандай:

– Хўш, ҳали гап нимага келиб тўхтаган эди? – деди сочиқ билан лабларини артар экан. – Ҳа, айтгандай, Бойзоқ ҳақида эди-я? Мен уни Чимкентда учратиб қолдим. Икки-уч йилдан бери шу боғбонлик деган дардисарни орттириб олганман.

– Боғбонликнинг нимаси ёмон?

– Мен боғбонликни ёмон деяётганим йўқ. Қилаётган ишинг олға босмаса, боғ-роғинг кенгайиб, ҳосили ортмаса – бу ёмон! – деб бироз сукут қилди Бўтавой.

– Гап кўламида бўлса кенгайтиравермайсанми?

– Жон деб кенгайтирар эдим. Аммо раисимиз… Бунинг устига сувдан камчилмиз. Ишни бир амаллаб бошлаганимизда дарёда сув тузуккина эди. Ҳамма ўтқазган кўчатларимизни бир туя чиғир бемалол сув билан таъмин қилар эди. Сал кенгайтирган эдик, туя жонивор куни-туни бақириб айланса ҳам, чиғир шўрлик куни-туни ғичирлаб ишласа ҳам таъминлай олмай қолди. Устига устак дарёнинг суви уч йил аввалгидай эмас, тортила-тортила товонига тушиб кетди.

– Нега?

– Нега бўларди? Йўл-йўлакай бўғиб олавериб жон-ҳолига қўймаяпсанлар-ку, бу дарё бечорани. Билмадим, оқибати нима бўлади? Агар шундай аҳволда кетаверса, Орол денгизи қуриб қолади, деган гаплар бор, – деди Бўтавой куйиб-пишиб. Сафарали кутилмаганда тарсаки келиб теккандай қизариб, илжайиб ўтирарди. Бўтавой пиёлаларни яна қимизга тўлдириб, гапида давом этди: – Ахийри ўйлаб-ўйлаб, моторли насос сотиб оладиган бўлдик. Раисни зўрға кўндирдик. «Девор миниб ўрганганга от ёқмайди», деган гап ҳақ экан, оғайни. «Ўша туя чиғир ҳам бўлаверади», деб аввалига роса оёқ тиради раис. Биз кўпайишиб кетдик: Умрзоқ ота, Аканемис, парторгимиз, коммунистлар… Ниҳоят кўндирдик. «Лекин бир шартим бор: ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб бераман-у, насосни ўзинг бориб олиб келасан», деди раис.

Мен раис тайинлаган ерга бориб, нима қиларимни билмай бошим қотиб турганда, йўлакнинг у бошидан биров мен томонга кела бошлади. Оёқ олиши танишроқ. Кўзимга иссиқ кўринди. Айниқса мўйлови… Қарасам, ўзимизнинг Бойзоқ! «Бойзоқ!…» дедим мен кўзларимга ишонқирамай. «Бўтабоймисинг? – деди у ҳам қучоғини кенг ёзиб. – Айналайин боврим, амансингба?..» Шундай қилиб иккаламиз ўпишиб кетдик. Ўтган-кетганлар ҳайрон. «Ай, шўрт побери, неғиб журсин бул жерде?» – дейди мўйловини силаб. Мен нима учун келганимни айтдим. «Сўлма бар шаруанг? Шепуха! – деди у мени қўлтиғимдан олиб. – Ал энди саған насос керак бўлса авели авулға журесинг. Авулға барип шай ишип, кемпиримди кўрмай кеттинг барғўй, шўрт вазми, насости алип бўпсинг…» Уйига бормай бўлармиди у шайтоннинг? Бордим. Анча тузук яшар экан. Аёли билан ҳам ҳазиллашавериб, кўз очирмас экан.

– Қариб қолибди-я?

– Мўйловига, сочларига оқ оралаган. Уйида бир соатлар чамаси бўлиб, ўтган-кетган гаплардан сўзлашдик. Сени Тошкентда кўрганини айтди. Ишхонангнинг адресини олдим. Бало, бало! Қизиғи шундаки, Бойзоқ област ижроия комитетининг хўжалик бўлимида ишларкан. Хуллас, ишимни битириб берди. Област базасидан «Андижанец» деган янги моторли насосни олиб қайтдим… Эртага кўрсатаман.

– Тузук ишлаётибдими? – деди Сафарали эснаб.

– Ў, ишлаганда қандоқ! Анча ишимиз юришиб кетди. Ўшанда сен томонга бир ўтиб келай ҳам дедим-у, насосни ўлжа кўриб, тезроқ қайта қолдим, – деди Бўтавой ўрнидан туриб. У дераза пардасини туширди. – Кун аста-секин исиб келяпти. Қани тағин бир пиёладан ичайлик, кейин сен ҳам бирпас чўзилиб ол. Кечаси билан йўл юриб келгансан.

Чарчаганиданми ё ичига қимиз кирганиданми, Сафарали сал бўшашиб эснаб ўтирган бўлса-да, чўзилишдан ийманиб:

– Йўғ-э, гаплашиб ўтирамиз, – деди.

Улар пиёлаларини бўшатиб дастурхонга қўйишлари билан, қўлларини артиб Умрзоқ ота кириб келди.

– Ҳа, отахон, қалай? – деди Бўтавой ўрнидан туриб.

– Тузук, тузук. Яхши боққан экансиз,– деди Умрзоқ ота чўққи соқолини силаб.

– Эшитдингми, Сафарали? Бир барра қўзи бор эди, ота ҳозир шуни саранжом қилиб кирди.

Эшикдан бир найновгина бола кириб, одоб билан салом берди.

– Бизнинг ўғил, – деди Бўтавой. – Назиржон…

– Нечанчи синфда ўқийсан, ўғлим? – сўради Сафарали у билан қўл бериб кўришганидан сўнг.

– Тўққизинчида, – деб жавоб берди Назиржон овозини дўриллатиб.

«Йигитча бўлиб қолибди», – ўйлади Сафарали.

– Буни қаранг, дарровда соат икки ҳам бўлипти-я! – деди Бўтавой ўрнидан туриб. – Қани, ўғлим, бу ёққа юр-чи?

Ота-бола бошлашиб чиқиб кетганларида Сафарали ўйлар эди: «Қара, умр ўтиб кетаверар экан-да! Кечагина фронт окопларида, ғалабадан сўнг уйимизга қайтсак, бола-чақа орттирсак, деб юрган йигитнинг ўғли бу йил тўққизинчи синфда ўқияпти. Тўққизинчида! Тўққиз… Тўхта, нега тўққизинчида ўқир экан?.. – У ўзича хомчўт қилиб кўрди. – Етти ёшида мактабга кирган бўлса… тўққизинчида ўқиётган бўлса, тўққиз-у етти – ўн олти. Хўш, эллик саккиздан ўн олтини чегирдик дейлик. Қирқ икки! Ия! Қирқ учинчи йилда, ҳали уйланмаганман, деган эди-ку».

Сафарали шу ўйлар билан банд экан, Умрзоқ ота унга гап уқтирар эди:

– Умридан барака топсин, ҳа. Бўтавой яхши бола чиқди. Ийманиб юриб кўрган бахтдан, ҳақиқат учун чекилган машаққатни афзал кўрадиганлардан. Ҳа…

«Менинг Олесям ҳам еттинчи синфда ўқиётган бўлса керак», – деб ўйларди Сафарали.

– Дарё бўйида ётган партав ерни уч йил ичида жаннатга айлантириб юборди-я, – дерди Умрзоқ ота давом этиб. – Айтганини қилмай қўймайдиган, ориқ гапириб семиз чиқадиганлардан. Ҳа.

«Олесям жавобимни кутиб ўтиргандир. Галя нима хаёлда экан?» – деб ўйларди Сафарали.

Умрзоқ ота ҳамон гап уқтирарди:

– Бу ишларнинг ўзи бўлмади. Раис билан кўп олишди. Раис ҳам жуда ошиб кетган эди шу пайтлари. «Қўй» дейдиган хўжаси ҳам, «ҳой» дейдиган аммаси ҳам йўқ эди. Бўтавойлар аскарликдан қайтди-ю, жиловлаб олишди… Ҳозир булар кўпчилик. Ҳа, бахтли бўлишсин…

Сафарали хаёлини йиғиштириб олиб, Умрзоқ отанинг гапини чала илғаб қолди.

– Лаббай?

– Аканемис ҳам бирга эди ўшанда.

– Қаерда бирга эди.

– Боғ ташвиши бошланганда-да…

Шу маҳал уйга Бўтавой бояги норғул йигитни бошлаб кириб келди. Гап билан бўлиб, булар пайқашмади.

– Ҳамма ташвишни бошлаган ўзингиз, оқсоқол, – деди Бўтавой ўтираётиб.

– Келинглар, келинглар, – деб Сафарали жойидан қўзғалмоқчи эди, эшикдан кирган йигит қўймади, у:

– Қўзғалманг, ўтираверинг, ака. Ҳа, қалай, зерикмай ўтирибсизми, меҳмон? – деганича дастурхоннинг бир чеккасига чўккалади. – Нимани гапиряпсиз, оқсоқол?

– Ўша, ҳалиги, боғ можаросини-да…

* * *

Эллик бешинчи йилнинг илк баҳори эди. Қишлоқ урушдан сал аввал барпо этилгани учун ҳали бу ерда боғ-роғ йўқ, мевани фалон пулга узоқдан, шаҳардан ташиб ейишга тўғри келар экан. Бўтавой айтганидек, ўша пайтда ҳамма ташвишни Умрзоқ ота бошлабди. Тўғрироғи, тутантириғини Умрзоқ ота тутатибди-ю, бу ёғини Бўтавойлар алангалатибди. Унда Бўтавой мол фермасида ишлаб юрар экан. Бир гал боғ ҳақида гап чиқиб кетганда, Умрзоқ ота: «Шу ишни зиммангга олмайсанми? Қачонгача болаларимиз мева деб шаҳарга кўз тикиб ўтиради, отангдан мол қолгунча тол қолсин, деган», дебди. Шу гап баҳона бўлибди-ю, бу ёғи «газак» олиб кетибди. Бу гап колхоз муҳокамасига тушганда, раис оёғини тираб:

– Давлат менга план берган. Пахта плани! – дебди у кўкрагига муштлаб.

– Давлат планни ёлғиз сизга берган эмас, – дебди ўрнидан туриб Бўтавой. – Бизга ҳам берган, мана бу ўтирган қора кўзларга ҳам берган…

Раиснинг анча йилдан бери қаттиқроқ эшитган гапи – шу экан. У сал бўшашиб:

– Ўртоқ колхозчилар, тушунинглар ахир, мен партия солдатиман. Партия нимани буюрса шуни қиламан, – дебди куйиб-пишиб.

Бу гапни эшитиб ҳамма жимиб қолибди. Мажлис аҳлининг ўртасидан бир келишгангина йигит қад кўтарибди. У – Рустамжон экан.

– Раис, ҳали сиз «партия нимани буюрса шуни қиламан», дедингиз. Ундай бўлса анави алвонга ёзилган шиорни олиб ташлайлик, – дебди у босиқлик билан. Ҳамма гур этиб саҳна пештоқида турган алвонга қарабди. Унда «Партия ва халқ бирдамдир!» дейилган экан. – Биласизми, бу нима дегани? Бу, халқ билан партиянинг бирлиги, фикри бирдир, дегани. Сиз бўлсангиз партияни халқдан ажратиб қўяяпсиз. Партиянинг фикри халқнинг фикри, халқ муддаоси партия муддаоси эканини унутмаслигимиз керак.

Шу жойда раиснинг обрўси сал дарз кетибди.

– Ҳарҳолда маслаҳатли тўн тор келмайди. Мен катталар билан бир кенгашай.

– Шуни ҳам кенгашиб ўтирадими? Ер ўзимизники бўлса, сув ўзимизники бўлса… – дебди кимдир.

Яна Рустамжон ўрнидан турибди:

– Биз нотўғри иш қиляпмизмики, рухсат сўраймиз,– дебди у қизишиб. – Бу аҳволда салдан кейин кетмонга даста қилиш учун ҳам юқоридан рухсат сўраймиз. Ахир боғ-роғ экономический жиҳатдан…

Рустамжоннинг гапи бўғзида қолибди: бу гап раисга тегиб кетибди. У титраб-қақшаб ўрнидан туриб:

– Бемаҳал қичқирган хўрознинг бўйни узилади! Ҳаддингдан ошма, бола! Аканемислигингни бошқа жойда қиласан, – дебди.

Одамлар қийқиришиб кулишибди. Бу гал раиснинг Рустамжонни бемаҳал қичқирган хўрозга ўхшатганигами ё «экономист» сўзини бузиб, аканемис деб айтганига кулишибдими, буни билиб бўлмабди.

Мана, уч йил ўтибди. Хўроз ўз вақтида қичқирган экан, боши ҳам узилмабди, қайтанга иши ривож топибди. Ўша вақтда оддий табелчи экан, ҳозир партия ташкилотининг секретари бўлибди. Боғ-роғ ҳам гуркираб кенгайиб кетибди. Бироқ шуниси ёмон бўлибдики, одамлар уни ўша мажлисдан бошлаб «Аканемис» деб атаб кетишибди. Колхозда ўз исмидан кўра бу исми машҳурроқ экан. Ўзи ҳам бу исмга кўникиб кетибди. Қишлоқда бирор иш мужмал бўлиб турган бўлса, «Рустамжон айтди», деса битмаслиги мумкин экан-у, аммо «Аканемис айтди», деса битмай қолмас экан…

Бу воқеаларни Бўтавой ўзича гапириб берди. Ўтирганлар гап билан бўлиб, вақт тушдан оғиб, дераза пардаларининг, деразаларнинг очилганини ҳам, Назиржон оёқ учида юриб кириб янгилик тариқасида беш-олтита помидор, бодринг, иккита ҳандалак ташлаб чиқиб кетганини ҳам, косаларда шўрва тортилганини ҳам сезишмади. Сафаралини хаёл элитган: нуқул Расулжонни ўйлайди, Назар аканинг қўрслиги кўз олдига келади.

– Қани, марҳамат, шўрвага қаранглар, – деб мулозамат қилди Рустамжон. Кейин бир ҳўплаб, бошини чайқади. – Совиб қолаёзибди.

– Э-ҳа, айтгандек… Манави янгиликларни қаранг,– деди Бўтавой.

– Яхши ҳамки сиз келдингиз, Сафарали ака. Бўлмаса бу қурумсоқ бизларга ҳидини ҳам сездирмасди, – деб кулди Рустамжон. Кейин пиёлаларга бир-бир қимиз қуйиб чиқди. – Қани, шуни олиб юборайлик, кейин шўрва жуда кетади-да!

Бўтавойдан сўнг Сафарали ҳам тортиб юборди. Тортишга тортди-ю, башарасини бужмайтириб:

– Бу нима бало? – деди.

Рустамжон Умрзоқ ота томонга ишора қилиб: «Тис-с!» деди. Сафарали: «Қурмағурлар, қимизга оқидан қўшишибди-да!» деб ўйлади-да, бундан аввалги пиёлаларда нима учун фарқига боролмаганига таажжубланиб шўрвадан босиб-босиб ичди. Анча қизиб қолибди шекилли, буни ўзи ҳам сезади-ю, аммо негадир беихтиёр хурсандчилик қилгиси, гапиргиси, кулгиси келади…

Сафарали:

– Ҳали ҳам ўша раисми? – деб сўраганини ўзи ҳам пайқамай қолди.

– Ҳа, ўша, бироқ ҳозир тузук бўлиб қолган. Бемаслаҳат иш қилмайди, – деди Рустамжон. – Кейинги пайтларда шу нарсага ақлим етдики, ҳадеб райондаги баъзи амалдорлар тергайверганидан кейин ҳам раис бечора юрак олдириб, орқа-олдига қарайверадиган, ялтоқ бўлиб қолган экан. Баъзан биз уни тушунмасдан, ҳадеб бечорани ёмонотлиқ қилиб юрар эканмиз…

Улар яна бир пиёладан бўшатишди. Қизиқ устида нима қилиб бўлса ҳам, бирор гапда дўстини мот қилиш пайида ўтирган Бўтавой, Рустамжоннинг айбини топгандай:

– Хўш, сен нима учун ёш боланинг қўлига пул бердинг. Ёш болани пулга ўргатиб бўладими? – деди.

– Қайси пул? Қанақа пул?

– Хи-хи-хи, омон бўлгур, – деб кулди Умрзоқ ота. – Боя эрталабки… ҳалиги, отинг қурмағур, Жўра чопонйиртарнинг ўғлига пул берганингизни айтаётибди.

– Э-ҳа, – деди Рустамжон эслаб. – Бу киши келган эканлар. Бориб Бўта акангни айтиб кел, десам қийшанглади. Кейин эллик тийин бердим. Учиб кетди. Буни-чи, оғайни, биз «экономист»ларнинг тилида моддий рағбатлантириш, дейилади! Тушунарлими!

– Тушунарли! – деди Бўтавой кинояомуз. – Сенлар ҳам моддий рағбатлантиришни биларкансанлар-ку, а?

Рустамжон Сафаралининг кўзини шамғалат қилиб, Бўтавойга «калланг борми ўзи?» деган маънода кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқди. Сафарали бу гаплардан бехабар, хаёли ўша Фарғонада, Йигиталида, Расулжонда эди… Бу ердаги бўлиб ўтган гаплардан билиб, туйиб олгани шу бўлди: Расулжон ёлғиз! Бир ўзи! Агар атрофида мана бу Бўтавойга, Рустамжонга ўхшаган қўллаб-қувватловчи одамлари бўлганидами, Назар акани аллақачон эгиб, одамларни ўйлайдиган қилиб олган бўлар эди… У шу ҳақда ўйлаб ўтириб, кайфи ошиб қолибди шекилли, бирдан:

– Расулжон ёлғиз! – деб юборди.

– Э, айтгандек, Расулжон борми оламда? – сўраб қолди Бўтавой.

– Юрибди Фарғонада, чаман ичра…

Мастлик – ростлик, деганларидай, Сафарали бор гапни айтди-қўйди. Расулжоннинг ёлғизлигини ҳам, Назар аканинг қўрслиги-ю, Йигиталининг қилиқларини ҳам… Ҳаммасини айтди!

Боядан бери сирини бой бергиси келмай ўтирган Рустамжон, Сафаралининг гапларини эшитиб: «Э, бу гапларнинг олдида бизнинг раиснинг «ишлари» жуда жўн экан-ку», деб ўйлаб, ўзига ўзи тасалли берган бўлди. «Бўтавой бечоранинг оғзини бекорга боғлаб ўтирган эканман. Айтаверса бўлар экан», деди ичида. У вазиятни бироз енгиллатиш учунми ё бу қўшиғининг тагида бирор гап борми, аста хиргойи қилди:

 
Ҳар элнинг одати бошқа,
Итлари қора қашқа…
 

Улар бир-бирларини жуда тушунишган эди. Хиргойидан сўнг бир-бирларига маъноли қараб олдилар-да, бирдан хахолаб кулиб юбордилар.

Назиржон кириб, ҳовлига – сўрига жой қилишганини айтди.

– Энди менга рухсат, – деди Умрзоқ ота ҳовлига чиққанидан сўнг, – уйга борай, мол-ҳолга қарашим керак, полизга боришим керак.

– Майли, раҳмат, отахон. Бўлмаса сиз ишларингизни қилиб, тезроқ боринг. Полизда ҳеч ким йўқ. Бироздан сўнг Сафарали иккаламиз ҳам бориб қолармиз. Жой қилиб қўйинг, ҳўв дарё томондаги чайланинг усти бор-ку?

– Хўп… – Чол кўксига қўлини қўйганча чиқиб кетди.

Сафаралилар сўри томонга юришди…

* * *

Икки дўст Умрзоқ ота ҳозирлаб қўйган жойда – баланд чайла устида ёнма-ён суҳбатлашиб ётар эдилар.

– Шундай дегин, – деди Бўтавой.

– Шундай.

– Бу гаплардан Муҳаббатнинг хабари борми?

– Гап мана шунда-да, – деди Сафарали бу ёнига ағдарилиб. – Сен билан маслаҳатлашиб…

Бўтавой жим бўлиб қолди. Анчадан кейин:

– Лаънати уруш! – деди салмоқ билан. – Қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Отани боладан, болани онадан айириб, сарсон қилиб қўйди…

Сафарали индамади. Бўтавой гапини улаб кетди:

– Айтган эдим шекилли, Ризвонни урушдан олдин яхши кўриб юрардим. Унинг ҳам юрагидан ургандим. Ҳалиги Винница яқинида бомбардимон тагида қолганимда биттаси уйга шошилиб қора хат юборибди. Бу шум хабарни эшитиб, ота-онаси Ризвонни қўшни қишлоқлик Азимжон деган йигитга узатибди. Турмуш қилганларидан сўнг уч ой ўтар-ўтмас менинг тириклигимдан хабар топишибди. Ўзим госпиталдан хат ёзган эдим-да! Кейин Азимжонни ҳам аскарликка чақиришибди. Буни қараки, ярим йил ўтар-ўтмас, ундан ҳам қора хат келибди. Ризвон ҳомиладорлигича, мана шу Назиржон қорнидалигича қолаверибди. Қирқ бешинчи йили ҳарбийдан қайтганимдан сўнг турмуш қурдик. Мана, кўриб турибсан, оғайни, тузуккина яшаяпмиз. Тағин икки ўғил, бир қизимиз бор… – деди Бўтавой. – Сенинг бошингга тушган иш ҳам шунга ўхшашроқ. Фақат қизинг ёнингда эмас. Ачинарлиси шу!

– Энди нима қилсам экан? – деди Сафарали секин бошини болишдан кўтариб.

– Авваламбор, – деди Бўтавой чалқанча ётганича Олтин қозиқ юлдузидан кўзини олмай. – Муҳаббатга айтмай чакки қилибсан. Айтишинг керак эди. Гап-сўзингга қараганда, хотинингнинг сендан бўлак ҳеч кими йўқ. Соддагина, удли-шудли, паст-баландни тушунадиган аёлга ўхшайди. Тушунарди. Ундан кейин, мана, фарзанд кутаётган экансан, Галяхон розилик бериб… Олесянинг келгиси бўлса, мен сенга айтсам, чақалоққа опа, Муҳаббатга эш бўлади… Гапингга қараганда, қизинг сени зўрға топибди. Москва, Ўзбекистон ҳарбий комиссарлигига ёзибди. «…Билмадим, сиз мени қизим деб тан оласизми, йўқми?..» дебди-ку, ахир хатида.

– Тўғри айтасан… – деди Сафарали руҳланиб. – Борсам келармикан?

– Буни маслаҳат қилиш керак. Аввало Муҳаббат билан… Микола Заремба дедингми, ҳозирги отасини? Ҳа, у билан ҳам, Галя билан ҳам маслаҳатлашиш керак. Албатта, Олесянгнинг ўзига ҳам кўп нарса боғлиқ. Келаман деса, ахир «султон суягини хўрламас», деган гап бор, олиб келасан-да…

– Кошкийди келса! – чуқур хўрсинди Сафарали.

Бўтавой гапнинг бу ёғини ҳазилга олди:

– Шуни олдиндан айтиб қўяй, агар келадиган бўлса, ё Назиржонни сенга бераман, ё Олесяни бизга берасан. Сенда суқсурдек қиз туриб, мен келин қидириб юраманми? – деди у Сафаралининг биқинига туртиб. – Бўлди энди, ухла!

* * *

Сафарали қуёш терак бўйи кўтарилиб қолганида уйғонди. Бу маҳалда Бўтавой ўрнидан туриб насосни юргизган, баъзи майда-чуйда ишларини битириб, Умрзоқ ота иккаласи елкаларида кетмон, пайкал этагида юрар эди.

Сафарали кийиниб, чайла нарвонидан пастга тушаётганида, Бўтавой келиб қолди:

– Ҳа, Сафарали, қалай?– деди у дўстидан ҳол сўраб.

– Уйғотмабсан ҳам, – деди Сафарали бир нимадан ижирғангандек. Унинг ранги анча синиққан эди… «Қимиз амал қилибди», ўйлади Бўтавой. Кейин:

– Қани, юр, дарёга тушамиз. Тўр ташлаб қўйган эдим. Насибангга битта-яримта балиқ тушиб қолган бўлса… – деди жилмайиб. – Ўша ерда ювинасан.

Сафарали Бўтавойга эргашди, у йўл-йўлакай полизга сув келадиган ўқ ариқни, қип-қизил бўёққа бўялган янги «Андижанец» маркали насосни томоша қилди: насос тариллаб, йўғон резина шлангда тепага сув отар эди. Дарё суви ҳақиқатан ҳам анча пастга тушиб кетган экан. Улар насос турган жойдан бироз ўтиб, сув гирдоб бўлиб оқадиган, серқамиш қирғоққа келишди.

– Қани, ечин!

Сафарали аввал юз-қўлини муздай дарё сувида ювиб, сўнг ечинди. Улар белларидан сувга тушишиб, таналари жунжикиб, энди тўрни торта бошлаганларида:

– Дада!– деган товуш эшитилгандай бўлди. Иккаласи ҳам ялт этиб товуш чиққан томонга қаради. Шундайгина дарё суви ялаб ташлаган қия қумлоқ қирғоқда Назиржон люлкали мотоциклидан туша бошлади.

– Ия, куёв тўра-ку, – деди Бўтавой жилмайиб. – Нима қилиб юрибди ўқишига бормай!

Сафарали илжайди.

– Суюнчи беринг, Сафарали амаки, – деди Назиржон қўлидаги бир парча қоғозни ҳавода силкитиб.

– Телеграмма!..

– Телеграмма?! – деди Сафарали ҳайрон бўлиб.

У телеграммани шошилинч қўлига олиб, кўз югуртира бошлади:

«Муҳаббатхон ўғил туғди. Чақалоқ 3 кг. 800 г. Соғликлари яхши. Хавотир олманг. Ҳабиба».

Сафарали бир оёғи сувда, бир оёғи қирғоқда турганча қотиб қолди. Эсига бир нима тушиб, ён чўнтагини ковлаб хат олди. Бундай қараса, Бўтавойнинг хати. «Эҳ, каллаварам, Олесянинг хатини Бўтанинг хати билан алмаштириб келибман-ку? Муҳаббат унинг хатини ўқиган, албатта ўқиган! Энди буёғи нима бўлди?» У шу хаёл билан телеграммани ушлаб турган қўллари дир-дир титраб, «Ҳали анча бор эди-ку? Ҳабибанинг ўзи айтган экан-ку? Нега бунча эрта?» деб ўйлар, уни ҳозирги ҳолатидан: фарзанд кўргани учун қувоняптими ё Муҳаббатининг муддатидан илгарироқ қутулганидан хавотир қиляптими, билиб бўлмас эди…

Мана шунақа гаплар… Олдинда Сафаралини тағин Олеся ва Галинадан келган хат учун Муҳаббат олдида жавоб беришдек ташвиш кутар эди. Бир ҳурматли адибимиз айтганидек, дунёда ташвишсиз одам борми? Ва, аксинча, ташвиши бўлмаган одам – одамми?

Тошкент, 1968–1973-й.
* * *
ҚАҲР ВА МЕҲР
1. Айни ёз эди…

Йўқ, ҳечам мақтанаётганим йўқ. Ҳандалакдеккина ширин қишлоғимиз бор: уч маҳаллага бўлинган бўлса ҳам орастагина, шинамгина. Номи ҳам ўзига ярашиб тушган: Чаман! Одамлари ҳам қишлоғимиздай содда, ёқимтой, заҳматкаш. Одамларимиз қандай юмуш билан шуғулланишмасин, қишлоғимизга ярашиб турадигандай назаримда: ўроқ ўриши ҳам, кетмон чопиши ҳам, қўш ҳайдаши, сув суғориши ҳам…

Қишлоғимиз оқшомини бир кўрсангиз: одамлар даладан қайтиб келаётган, пода орқасида булутдек чанг қолдириб, қишлоқ сари силжиётган, кун бўйи анғиз устида донлаб, ғужғон ўйнаб юрган қора зағчалар қишлоқ осмонини ажиб бир куйга тўлдириб, Сир бўйига – қўноқ жойига шошилаётган… Қараб туриб ҳайрон қоласан: гўё мамлакатимизда уруш бўлмаётгандай. Бунақа пайтда одамларнинг уруш туфайли чекаётган азиятлари-ю, лаънати урушнинг қишлоғимиз бошига солган ва солаётган нохуш надоматлари ҳам эсингга келмайди. Қишлоқнинг оқшом кўринишлари – тирикчилик мусиқаси сени бир нафас ўз оғушига олиб сармаст қилиб қўяди. Аслида шундайми? Йўқ, бу фақат ташқи кўриниши. Қишлоқ тирикчилигига, одамларининг ички кайфиятига тузукроқ разм солган киши бошқача ҳолатни туймай иложи йўқ. Шу кичкина қишлоқ умри, тирикчилиги ташқаридан қараганда гўё тинч оқар сойга ўхшайди. Жимир-жимир қилиб юзаси силлиқ оқиб турибди, аммо таги-чи, таги? Тагида гирдоблар, шоввалар, буралиб оқадиган жойлари бор, шоввалар йўлида харсанглару тўнкалар ётибди…

Ишдан қайтаётганимда шундай кайфиятда эдим. Келсам ойим уйда эканлар. Бизлардан илгарироқ қайтибдилар.

– Келдингми, болам, сигирларингга қара.

Камзулимни ечиб, чопганимча поданинг олдига чиқиб кетдим. Қуёш энди қизариб ботиб, поданинг олди қишлоққа кириб келаётган экан. Болаларнинг қий-чуви-ю, сигирларнинг маъраши, итларнинг вовиллаши… ҳатто мана бундай шабадасиз оқшомда сигирларнинг туёқларидан кўтарилган оппоқ чангнинг каттакон жулдур кўрпага ўхшаб ҳавода муаллақ қалқиб юриши, ҳамма-ҳаммаси ҳар куни бўладиган манзара. Лекин бу манзара ҳар куни янги, ҳар куни қизиқ бўлиб кўринади менга. Кундузи далада, кўчада кўролмаган болаларни шу ерда кўрасан. Ҳув, ана, қуюқ чанг орасида Карим кўзойнак оласини олдига солиб, тарғилнинг думидан ушлаганча чопиб боряпти…

Жалил билан Абдунабилар ҳам шу ерда. Ана, Ирискелди бобо келяптилар таёқларини дўқ-дўқ этказиб. Унинг ўғли Қалмақон пода кетидан у ёқдан-бу ёққа чопади, четга чиққан сигирларни қайтаради:

– Ҳой, кўзойнакнинг тарғили, қайт орқангга, қорасон теккур!

Баъзан жаҳли чиқиб кетса, бутун қишлоқ эшитгудай қилиб сигирларни эгаларига ўхшатиб сўкади:

– Ҳе, эгангга ўхшамай ўл, сумилтирик! Бу сенга «Қовунқурт» маҳалласими, суриштирмай кириб кетаверасан…

Бунақа пайтда баъзи сигирлар шохини бигиз қилиб Қалмақонга ўдағайлагандай бўлади. Шунда у таёғини ўқталиб пўписа қилади:

– Яхши мол бўлай десанг, Карим кўзойнакка ўхшама, бўйнингга пичоқ тортилгур!

Биз қотиб-қотиб куламиз…

«Карим кўзойнак» деганимиз – бу қишлоғимиз бухгалтери Иззатулла аканинг ўғли. «Қовунқурт» маҳалласидан. Ўзи биз билан тенг. Бир синфда ўқиймиз. Қоп-қора, озғин, рангпар, ўз ишига пишиққина, шумгина. Бунинг устига кўзойнак тақиб юради. Кўзи ночор бўлса керак-да. Қишлоғимиз кичкина бўлгани учун бу ерда рўй берган барча ғайритабиий ишлар худди кафтда тургандай кўринади-қолади. Бунақа одамга ҳамқишлоқлар дарров ўзларича лақаб ҳам тўқиб олишади. Қишлоғимиз ёш-яланглари орасида Каримдан бошқа кўзойнак таққан бола йўқ. Аммо Каримлар Чаманда уч-тўртта. Улардан бу Каримни фарқлаш учун бўлса керак, бухгалтернинг ўғлини «Карим кўзойнак» деб атаб кетишган. Шунга ўхшаш баъзи катталар Қўчқор муаллимни «Қўчқор чўлоқ» деб аташади. Негаки, у яқинда аскарликдан бир оёғидан айрилиб, қўлтиқтаёқда қайтиб келди. Ўзи жудаям яхши одам. «Сиз»лаб сўзлаши одамларимизга пича эриш туюлса ҳам у каттаниям, кичикниям «сиз»лаб гапиради; ҳурмат маъносидамиш. Ҳозир у бизларга, яъни мактаб болаларига бригадир: буғдой ўримида ҳам, пахта яганаси-ю чеканкасидаям, хирмондаям… Мана эрта-индин ариқ тозалашга, чаловга чиқсак, унда ҳам бизларга бош-қош бўлади. Фронтда кўрган қизиқ-қизиқ воқеаларни айтиб беради. У киши билан бирга ишлаган одам ҳеч ҳам чарчамайди, зерикмайди ҳам. Шундай одамни қандай қилиб «Қўчқор чўлоқ» дейсан? Ҳеч ҳам-да! Карим кўзойнак бошқа гап. Ўзиниям анув куни «Эшак карвон»дан, сўнг хирмондан боплаб ҳайдадик-да! Сира эсидан чиқмайдиган бўлди.

«Қилган ишлариям, феъл-атвориям худди отасининг ўзи-я! Ё тавба!» деб ёқа ушлашади баъзи катталар. Отасининг қанақалигини биз қаёқдан биламиз? Ўзи ингичкадан келган, кўзлари ич-ичига кириб кетган, ранги заҳил, шопмўйлов бир одам. Мўйловининг учлари нақ қўчқор шохидек қайрилиб, қулоқларига тегай-тегай деб туради, жазирама саратон бўлса ҳам бошидан қоракўл телпагини, эгнидан қора драпдан кўкрак чўнтакли қилиб тиктирган кителини, галифе шимини ташламайди. Биз болалар учун бухгалтер, холос. Бошқасини билмаймиз…

…Сигирларни олиб кириб оғилхонага боғладим. Ойим уларни бирпасда соғиб, қўшниникига тегишик1111
  Сутни бугун бу қўшни у қўшниникига олиб чиқиб беради, эртасига у қўшни бу қўшниникига. Шундай қилинганда сут, қатиқ, ёғ, сузма баракалироқ бўлади.


[Закрыть]
ка бериб кирди. Сўнг сандал атрофида овқат ичиб ўтирганимизда:

– Индинга чаловга чиқар экансанлар, бобонгнинг олдига тушиб чиқмайсанми? – деб қолдилар ойим. – Сариёғ билан сузма тўпланиб қолди. Кўйлаклик мато олиб қўйдим, деяётгандай бўлувдилар. Ҳадемай сентабр келиб қолади. Синглингга кўйлак тикиб беришим керак. Бир юмушга тушиб кетганингдан кейин бу ишларга қўлинг тегмай қолади, болам.

– Майли, – дедим косамнинг тагини ялаётиб. – Бир ўзимми?

– Аъзам ўртоғинг тушмасмикин?

– Билмадим.

– Сўраб боқ.

Секин Аъзамларникига чиқсам, Пўлат амаким фонус кўтариб ҳовлида юрган эканлар.

– Ассалому алайкум, амаки, Аъзам уйдами?

– Ваалайкум… Ҳа, Эргашвой, сенмисан. Кир, киравер, ўртоғинг уйда.

Кирсам, Аъзам хонтахта устига мук тушиб олиб, еттинчи чироқнинг хира ёруғида қирт-қирт қилиб хат ёзиб ўтирган экан. Менинг кириб келганимни пайқамади ҳам. Аҳён-аҳёнда қаламининг кетини тишлаб, нималарнидир ўйлаб қолади, кейин бурнини шилқ эткизиб тортади. Бир маҳал менга кўзи тушиб қолди-да:

– Ие, сенмисан? Ҳечқурса йўталиб ҳам қўймайсан-а… Қўрқитиб юбординг-ку, – деди ёзишда давом этиб.

– Нима қиляпсан?

– Собит акамга хат ёзяпман. Мана, кеча хат келди, – деди у сал мақтаниб. Қўлида учбурчак қилиб букланган хат турарди: – Эргашвойга, келин ойимларга салом де, депти.

– Саломат бўлишсин. – Мен шундай дедим-у, индамай туриб қолдим. Бу гап тополмаганимдан эмас, йўқ. Шу кунларда дадамдан хат келмай турган эди. Мен Аъзамга ҳавасим келиб индамай қолгандим. Сўнг муддаога кўчдим: – Эртага бир шаҳарга тушиб чиқмаймизми? Ойим ёғ, сузма йиғилиб қолди, деяптилар. Сизларники ҳам тўпланиб қолгандир.

– Дадамлардан сўраб кўрай-чи?

Аста ўрнимдан турдим. У ҳам турди.

– Бўлмаса дадангдан сўраб боқ. Хўп десалар бирга тушиб чиқамиз.

– Майли. Қайтанга хатни ҳам шаҳарга олиб бориб, вокзалдаги почта қутисига ташлаймиз. Тезроқ боради.

…Эрталаб Аъзам иккаламиз икки эшакда шаҳарга жўнадик. Тўғри бобомларникига бордик-да, эшакларимизни ҳовлига боғлаб, олиб келган сузма ва сариёғларимизни уйга қўйиб, вокзалга чиқдик. Вокзалнинг рўпарасида кичиккина бозорча ҳам бор. Бу бозорчадагилар, айниқса, поезд келиши олдидан ҳаракатга тушиб қолишади. Кирланиб, ранги билинмай кетган узун-узун пештахталар ортида эгни-бошидан ёғ ҳиди анқиб турган семиз-семиз хотинлар чигит ёғига пиширилган сомсалар, балиқлар, яхна ғоз гўштлари, мол туёқлари, пиширилган тухумларни сотиб ўтиришибди. Бир қозоқ кампир айрон шопиради… Иштаҳани қитиқловчи хушбўй ҳид расталарни тутиб кетган. Бизлар тупугимизни қулт-қулт ютиб, бир-биримизга қараймиз. Бир оёғини оқ дока билан қалин қилиб боғлаб, қўлтиқтаёққа осилиб олган, эгнида гимнастёрка-ю, бошидаги пилоткаси бир томонга хиёл қийшайиб турган аскар йигит қўлидаги нарсасини одамларга кўз-кўз қилиб бақиради:

– Махорка, махорка! Первой сорт! Олинг…

Латта-путта бозорига ўтгандик, бизнинг қишлоқдан келганимизни сезишди шекилли, атрофимизни ўраб олишди:

– Мана, галифе шим…

– Мана, солдатча этик. Ол, армонда қоласан.

– Ханжар немеский… Ялтиллайди. Ол!

– Лампа-шиша… Ола қол, арзон бераман. Ўттиз сўм…

– Мана буни бир кўргин-чи, шивёт, худди ўзингга ўлчаб тиккандай, – деб бир чаққон йигит Аъзамнинг елкасига қўлида кўтариб юрган, уриниб қолган қора костюмини ёпди. Костюм унинг эгнида ҳалпиллаб турар эди: – Ол, арзон бераман. А, лаббай? Э, пулинг йўқми? Майли, йўқ бўлса, сариёғми, буғдойми, алмаштираверамиз…

Оломон орасидан зўрға сирғалиб четга чиқсак, мункиллаб қолган бир кампир нимадир дегандай бўлди. Қарашлари илтижоли, аянчли эди. Ёнига боргандик, кўйлагининг кенг енгидан бир қоғоз чиқарди-ю, эҳтиётдан бўлса керак, теварак-атрофга аланглаб секин шивирлади:

– Заборной керак эмасми, болаларим?

Бош чайқаб ўтиб кетдик. Иккаламизда ҳам сас-садо йўқ, миқ этмай келяпмиз. Қанча юрдик билмайман, бир маҳал Аъзам «ий» деб қолди.

– Нима бўлди?

– Сал бўлмаса хатни ташлаш ёдимдан кўтарилаётибди.

– Ҳа-я. Юр, мен ҳам кеча дадамга хат ёзиб чўнтагимга солиб олувдим.

Дарҳол орқамизга қайтдик. Аввалги келганларимизда бир неча марта кўрганмиз. Шундоққина перронда, «Ресторан» деб ёзиб қўйилган жойда каттагина почта қутиси бор. Ҳамма хатни шу ерга олиб келиб ташлайди. Ким билади дейсиз? Поезд шундоққина ёнгинасида бўлгандан сўнг тезроқ олиб кетади, деб ўйлашса керак-да. Балки шундайдир. Ким билади тағин? Биз ҳам хатларимизни ўша қутичага ташлаб, ортимизга қайтдик. Миқ этмай поезд йўли бўйлаб кетиб боряпмиз. Йўл бўйида челак кўтариб, кўмир териб юрган болалар: «Эшелон келяпти, эшелон келяпти!» деб бақиришиб, четга чопишди. Шу маҳал узоқдан паровознинг ҳорғин товуши эшитилди! Сал ўтмай станцияга кираверишдаги семафор кўтарилди. Аъзам иккаламиз ҳам бир чеккага чиқиб, поезднинг келишини кута бошладик. Сал ўтмай паровоз «оҳ-уҳ» қилиб станцияга кириб келди. Кўз узмай қараб турибмиз: қизил вагонларда бирининг қўли, бирининг оёғи шикастланган, бошқа бири қўлтиқтаёққа суянган солдатлар… Баъзилари тикка туришибди, баъзилари ўтиришибди. Бошини оқ дока билан танғиб, устидан чучвара қалпоғини бостириб кийиб олган бир солдатнинг гармошкаси авжида…

Вагонлар шақир-шуқур қилди-ю, ўтди-кетди. Шундоққина кўриниб турибди: поезд вокзалга бориб тўхтагач, бозордаги ҳалиги аёллар олдиларида олиб ўтирган нарсаларини кўтарганча солдатлар томон ёпирилишди…

Кун пешиндан оққанда чарчаб-ҳориб, шалпайиб бобомларникига қайтиб келдик. Хайрият, бобом уйда эканлар. Меҳрибонлик билан кутиб олиб, пешанамиздан ўпдилар. Кейин ўпка-гина ҳам қилган бўлдилар:

– Қаёқда санғиб юрибсанлар. Ахир олиб келган нарсаларинг иссиқда бузилиб қолишини билардиларинг-ку. Яхшиям келиб қолдим Бўлмаса…

– Вокзалга чиққандик, – деди Аъзам. – Хат ташлагани…

– Баҳай…

Мен ич-ичимдан қувондим. Демак, бобом олиб келган сузмаларимиз-у сариёғларимизни саранжомлаганлар. Яшанг, меҳрибон бобожоним!

– Кампир, ҳой кампир, – қичқирдилар бобом, – мана бу бўталоқларингга қара, кучукдек очга ўхшайди.

Бувим бизни яхшилаб меҳмон қилдилар: оппоқ бўлка нон, ҳолвайтар… қанд, туршак!.. Қорнимизни тўйдириб, ётиб дам олдик.

Кун қайтганда йўл тараддудини кўра бошладик.

– Эргаш, – деб қолдилар бир маҳал бобом. Бундай қарасам, ҳовлининг бурчагидан обдаста кўтариб келаётган эканлар. Таҳорат олган бўлсалар керак. – Ҳеч нарса ололмадим. Пешиндан сўнг бозорнинг мазаси қочади. Керак нарсаларни ололсам, Эшмат акангдан бериб юбораман. Ҳар куни келиб туради-ку, ҳўкиз аравасини шалдиратиб.

– Хўп.

– Ойинг бошқа ҳеч нарса демаганмиди?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации