Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Ану, Маткарим шўро нима бўлди?

– У баччағар душманнинг энг каттаси экан. Қаранг, фирқага кириб, шўрога раис бўлиб олиб… инглизлар билан тил бириктириб, қуролни бу оларкан-у, ақчасини бой бераркан. Тўланхўжа шуларни гапиришга улгурибди-ю, жон берибди, ярамас.

Бу орада Сарви хола янги чой дамлаб кирди. Қодир ота қизишиб, талай нарсани айтиб берди: унинг гапига қараганда, Замонали бошлиқ аскарлар Маткарим шўрони қўлга олганларидан кейин, тўппа-тўғри Бўрижарга боришибди. Бирон соат қидиришгандан сўнг, Тўланхўжа айтган ғорни топишибди. Тўғриси, Қодирга ўхшаган болалар ҳам ёрдам берибди. Ғор оғзидан шох-шаббаларни олиб, бундоқ қарашса, йигирматача милтиқ, анчагина қилич, битта пулемётни беркитиб қўйишган экан. Ҳаммасини отларга юклашиб, шаҳарга олиб тушиб кетишибди. Қодир ва унинг бир-иккита ўртоғи ҳам улар билан шаҳарга боришибди. Қодир ўша жойда Руфат Хайруллинни учратибди. Кейинчалик Маткарим шўрони сўроқ қилишганида у тилмочлик қилибди. Ҳа, айтгандай, Ориф муаллимни ҳам ўша идорада кўрибди. Негадир у Қодирга қараб кўзини сирли қисиб қўйибди.

– Э, чоли тушмагур, отам замонидаги гапларни айтиб, тойчоқларимнинг миясини ҳам ачитиб юбордингиз-ку, – деб қолди бир маҳал Сарви буви. – Ичинглар, чой тағин совиб қолмасин.

– Ҳа, айтгандай, ану сандиқдаги тугунчангни ол, кампир, – деб қолди Қодир ота ниманидир эслаб.

– Қайсини? Тағин нима балони эсладингиз?

– Қайси бўларди? Анави пенса ҳужжатларим турган папка бор-ку…

Қараса бўлмайдиган. Чоли тушмагур гап қайтарганни ёмон кўради. Сарви хола «уҳ» деб эринчоқлик билан ўрнидан туриб, тахмондаги кўрпаларни ерга қўйди. Сўнг сандиқни очиб, бисотни анча титди, бир қизил қийиққа боғланган тугунчани олди.

– Мунча имилладинг, кампир? – деди Қодир ота тоқатсизланиб.

– Мана, олдим, бунча шошилмасангиз…

Сарви хола қачонлардир яшил бўлган-у, аммо вақт ўтиб сарғиш тортиб қолган эски папкани чолига узатди. Қодир ота ёшига ярашмаган чаққонлик билан папканинг боғичини ечиб, сарғайиб, четлари титилиб қолган қандайдир қоғозлар орасидан бир сурат олди-да, унга узоқ тикилиб қолди. Сўнг болаларга қараб:

– Мана, кўринглар, – деди, – Ўша операция кўнгилдагидек тугаганидан сўнг шаҳар мелисаси олдида суратга олишган эди. Ҳаммамизга битта-биттадан беришган…

Кўҳна хотиралар ҳаяжониданми, Қодир отанинг сурат тутиб турган қўли билинар-билинмас титрар эди. Фурқат билан Анвар суратни авайлаб олиб, томоша қила бошлашди. Суратнинг орқасига ёпиштирилган картон қоғоз сарғайиб, чет-четлари титилиб кетган, ундаги баъзи кишиларнинг юзларига доғ тушган, чизилиб, хира тортиб қолган эди. Болаларга ўша вақтдаги суратга тушириш тарзи қизиқ бўлиб туюлди: орқада беш-олти солдат тикка турибди. Уларнинг орқасида эса алвон. Алвонга лотин ҳарфларида беўхшов қилиб: «Яшасин Ўзбекистон шўролар жумҳурияти!» деб ёзилган. Ҳалиги қатор турганларнинг олдида тўрт киши савлат тўкиб ўтирибди. Эгниларида гимнастёрка. Галифе шим, оёқларида каттакон ботинкаю обмотка, бошларида эса – қалпоқ; уларнинг олдида иккита ёшгина йигитча бошларини бир-бирларига теккизиб, оёқларини икки ёққа узатганча ёнбошлаб ётишарди. Бири аскар кийимида, бири эса бошида чимкашта дўппи, устида бўз кўйлак, узун бўз иштон, ялангоёқ. Суратнинг пастроғига рус тилида «Июнь, 1921 год. Ташкент» деб ёзилган эди.

– Қани, биронтасини танидингларми? – деб қолди Қодир бобо шу маҳал.

Фурқат билан Анвар бир-бирларига қарашди, сўнг боболарига елка қисишди, Сарви буви жилмайиб гапга аралашди:

– Ўша олдинда чўзилиб ётгани, дўппи кийганни айтяпти, бобонг.

Болалар тағин суратга тикилишди. Улар боболарининг бир маҳаллари ўзларига ўхшаган ёш бола бўлганига ишонмайроқ, таажжубда турар эдилар.

– Аслида мен тушмаслигим керак эди, – деди Қодир ота. – Суратга тушишаётганида шу атрофда турган эдим, Замонали тоғам чақириб қолдилар, кел, сен ҳам туш, хизмат қилдинг, деб. Шундай қилиб, мен ҳам тушиб қолдим. Барибир шундан кейин мен ҳам отрядга қўшилиб кетдим.

– Манави сизнинг ёнингизда ётган аскар кийимидаги бола ким?

– Қайси? Манавими?– дея кўрсаткич бармоғи билан нуқиб кўрсатди Қодир ота. – Танимадиларингми? Бу Руфат тилмоч-ку!..

– Атийми? – деб суратга энгашди Анвар. Болалар суратга тикилиб ҳайратда эдилар.

Қодир ота уларга суратдаги бошқа кишиларни ҳам таништира бошлади:

– Мана бу ўртада қилич осиб ўтирган тоғам, унинг ёнидаги хушбичим йигит – Ориф муаллим, ҳалиги қишлоғимизга гадой бўлиб борган… Буёғидаги бурни катта мўйловли киши тоғамнинг қадрдон дўсти: оти Омон махсум. Бундан уч йилмикин, тўрт йилмикин аввал кўрувдим. Қариб букчайиб қолибди шўрлик. Қоратош маҳалласида тураркан. Тоғам билан ёшликда қилган ишларини гапириб, бир кулади, бир кўзига ёш олади шўрлик. Жуда яхши одам. Ҳа, айтгандай, ану Ғафур Ғулом деган ёзувчи тоғам билан Омон махсумнинг ёшлиги ҳақида «Шум бола» деган китоб ёзган-ку.

Анварнинг кўзлари чарақлаб очилиб кетди. Анвар билан Фурқат учун бу гап кутилмаган янгилик эди. Дарвоқе, бу китобни ким ўқимаган? Ким маза қилиб кулмаган дейсиз? Қаранг, бу китобнинг қаҳрамонлари улғайгач, буларнинг бахтини деб курашган ҳам экан-да! Болалар «Шум бола» китоби қаҳрамонларининг кейинги ҳаёти ҳақида ҳеч нарса билмасдилар. Нафақат булар, бошқа болалар ҳам билишмайди-да! Қизиқ…

– Кейин нима қилишган улар? – сўрашди болалар бараварига.

– Энди, болаларим, мен гапга нўноқ одамман, – деди Қодир ота, чарчади шекилли, оғир тин олди. – Омон махсум шаҳарда, Қоратош маҳалласида яшайди. Узоқ эмас. Ўша кишидан сўрасаларинг, кифтини келтириб, айтиб беради.

– Ўзингиз айтиб бера қолинг, жон бобо?

– Ҳа, жа қизиқиб қолдиларинг. Бир гап борми?

Анвар билан Фурқат ҳаприқиб бу ёққа нима учун келишганини, «Гулхан» журналининг топшириғини айтиб беришди.

– Э-э, шундай демайсанларми? – деди Қодир ота жиддий тортиб. – Энди, болаларим, мен сенларга айтсам, чол одам хато қилиб қўйишим мумкин. Яхшиси, буни ҳукуматнинг ўзидан сўранглар. Идораларда ҳужжатлари бор. Сақланган бўлиши керак. Кейин ўзимиз ҳақимизда ўзимиз гапирсак мақтанган бўлиб қоламиз…

– Бобо, – деди Фурқат бир бобосига, бир Анварга қараб. У ниманидир ийманиб айтолмай турарди. – Агар йўқ демасангиз, шу суратингизни бизга бериб турсангиз. Кўпайтириб олиб, сўнг қайтариб берардик. Мактабимизда лабораторияларимиз бор. Ўшанда.

– Майли, бўталоқларим, майли, – деди Қодир бобо. – Фақат йўқотмасаларинг бўлгани. Бу менга ўша йиллардан эсдалик.

– Йўқотмаймиз, – дейишди болалар бараварига.

Фурқат билан Анвар хурсанд эди. Бекорга келишмаган экан. Шунча нарсани билиб олишди. Эҳтимол, қидиришни давом эттиришса, ноёб ҳужжатларни топишар ҳали. Балки…

V

… Бугунги эшитган гаплари кечаси Анварнинг тушига ҳам кириб чиқди. Эрталаб турганларида Қодир ота уйда йўқ эди. Кеча, «бир ишим бор», деб кетганича кечқурун келган эди. Чамаси ўша иши битмаган-у, бугун яна ўша ёққа кетган. Сарви буви невараларини қаймоқ билан сийлади. Улар қоринларини тўйдириб олиб, кўчага чиқишди. Негадир бугун Сатторхўжа кўринмас эди. Бирпасдан сўнг уларнинг дарвозасидан кечаги қора бахмал камзулли кампир челак кўтариб чиқиб, нарироқда уюлиб ётган ахлатнинг устига нимадир ағдарди-да, болаларга бир қараб қўйиб, белини ушлаганча ҳовлига кириб кетди. Кеча бобом айтган Тўланбойнинг кенжа хотини Умри шу кампир бўлса керак, деган фикр Анварнинг хаёлидан йилт этиб ўтди. У Фурқатни туртиб, кампирга ишора қилди.

– Нима?

– Умри буви, – деди Анвар шивирлаб. – Тўланхўжанинг кенжа хотини.

– Э-э, Сатторхўжанинг бувиси-я!

– Ҳа, Жавлонхўжа аканинг онаси.

Бу гапдан кечаги Жавлонхўжанинг қўрслиги, буларни «шум болалар», деб уришгани эсига тушиб кетди. Анвар ўзича унга «шум бола» қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. У ўз режасини Фурқатга айтди.

– Қандай қилиб? – деб сўради Фурқат қизиқиб.

– Кейин кўрасан… Бир боплаб адабини берамиз Жавлонхўжани. Иккинчи қўрслик қилмайдиган бўлади.

– Қўй-е!..

Болалар қарашса, бобоси ҳали-бери келмайдиган. Зерикишди чоғи, уйга кириб, Сарви бувидан кетишга рухсат сўрашди.

– Бобомга салом деб қўйинг, буви.

– Ҳа, майли, эртароқ кета қолинглар, бўлмаса, – деди Сарви буви меҳрибонлик билан иккаласининг пешанасидан ўпиб хайрлашаркан.–Шундоқ чиқиб туринглар…

– Хўп буви, ўзингиз ҳам тушиб туринг бундоқ, – деди Фурқат худди катталардай.

– Тушамиз, тушамиз. Бобонгнинг бироз юмушлари бор, битсин… Анваржон, хайр, Меҳрихонга, адангга, Маҳфузага салом эт.

Болалар йўлга тушишди. Бироз юргач, орқаларидан «тез ёрдам» машинаси сигналини чалиб, шитоб билан ўтиб кетди. Болалар эпчиллик билан ўзларини четга олишди.

– Мунча ҳовлиқади бу! – деди Анвар устига сачраган бир-икки томчи лойни арта туриб. Улар яна йўлга тушишди. Хиёл юришгач, бундоқ қарашса, шундоқ кўчанинг бошида Жавлонхўжа келаётибди. Қўлида ўроғлиқ нарсаси бор. Магазиндан тағин нимадир ўмариб келяпти, гумон қилишди болалар. Анварнинг эсига бояги режа тушиб, мияси тез ишлаб кетди. У шу заҳоти ғалати йўрғалаб бориб, Жавлонхўжага салом берди, сўнг орқасига ўгирилиб, Фурқатга айёрона кўз қисди-да:

– Жон амаки, мени кечиринг, – деди иккала қўлини кўксига қўйиб. – Жон амакижон, кечира қолинг…

Жавлонхўжа қаддини ростлади. Ҳалиги нарсани у қўлидан бу қўлига олди. Ҳозиргина олдиларидан ўтган «тез ёрдам» машинаси унга ҳам лой сачратиб ўтиб кетган шекилли, чўнтагидан дастрўмолини олиб, сўкиниб артаркан, бир чеккага туфлаб сўради:

– Сен бола нима иш қилувдингки, мен кечираман? – У ҳали ҳам у ёқ-бу ёғини артарди.– Тфу, лаънати…

– Ану, чипор товуғингизни сўйиб қўйдим…

– Нега сўяр экансан?–Жавлонхўжанинг товуши ўзгарди.

– Анақа… томдан қа-қағлаб тушиб… ану бостирма тагида турган кулранг қашқангизни ҳуркитиб юбориб…

– Ҳуркитса чипор товуқни сўясанми, лаънати!

– Нега сўймас эканман, – деди Анвар ҳам товушини бир баҳя кўтариб, – тойингиз бирдан юлқиниб, бостирманинг устунини тойдириб юборди-да!

– Кейин нима бўлди, жувонмарг?

– Кейин охурда курт-курт кавш қайтариб турган буқангизни том босиб ўлдирди.

– Вой, бўрдоқи буқам! – деди Жавлонхўжа инграб. – Саттор қаёқда эди, Саттор!

– Сатторхўжангиз ҳуркиган тойдан қочаман деб, айвондаги тошойнангизга бошини уриб олиб, чил-чил қилди.

– Нима деяпсан ўзи, ҳароми? Бошини чил-чил қилдими, ойнаними?

– Ойнани ҳам, бошини ҳам.

– Вой болам… – у юрагини чангаллаб, деворга суянганича ўтириб қолди. – Ўзи омонми?

– Ўзини ҳалиги сизга лой сачратиб кетган «тез ёрдам» олиб кетди, амаки.

– Вой жувонмарглар… Сенлар нима қилиб юрувдиларинг бизникида, а?

– Анақа, рангли телевизорингизни тузатмоқчи эдик.

– Вой, телевизор яп-янги эди-ку!.. Нима бало орттирдиларинг яна?

– Анақа, тағин ҳам яхшироқ кўрсатадиган қилаётувдик…

– Дард қилаётувдик! Нима бўлди? – деди Жавлонхўжа силласи қуриб.

– Анақа… Орқасидан пов этиб олов чиқиб… Йўғ-э! Аввал пуф этиб тутун чиқди шекилли, а? – деб Анвар Фурқатга ўгирилган эди, қараса серрайган кўйи ҳайкалдек қотиб қолибди. Шу билан гапни тўхтатди. Жавлонхўжа худди ўзидан кетаётган одамдек деворга суяниб ўтирар, аммо иккала кўзи очиқ, маъносиз, зўрға нафас оларди. Шу пайт негадир унинг кўз ўнгида кечаги бобоси ҳикоя қилиб берган воқеа гавдаланиб кетди: саратонда тупроғи кўпчиб ётган катта йўл ўртасида, икки қўли орқасига қайириб боғланган, оқ сурп кўйлагининг кўкраги қип-қизил қон, афт-башараси тупроққа беланган. Тўланхўжа жимгина чўзилиб ётарди…

Негадир Анварнинг бадан-бадани сесканиб кетди.

– Юр, кетдик, – деди у Фурқатнинг қўлтиғидан олиб.

– Бу нима қилганинг, ўлиб қолса нима бўлади? – деди Фурқат бўғилиб.

Анвар унга жавоб қилмади, олдинга тушиб тез-тез юриб кетди…

VI

Автобуснинг охирги бекати шундоққина қишлоқ магазинининг олдида эди. Бугун дам олиш куни бўлганидан бекатда автобус кутиб турган одамлар анчагина эди. Чунки шаҳарда ишлайдиганлар шанба куни қайтишади. Бирпасдан кейин одамлар бундан ҳам кўпайиб кетади. Анвар билан Фурқат бекатда кўп турмади. Ҳадемай автобус келиб қолди. Улар чаққонлик билан автобусга чиқишиб, орқадаги ўриндиққа ўтириб олишди.

Кўп куттирмай автобус жойидан жилди. Болалар боя Жавлонхўжа билан бўлган воқеадан сўнг жим ўтирганча атрофни томоша қилиб келишарди. Кўчанинг икки томонидаги паст-баланд иморатлар, қатор мирзатераклар, баъзи эшикларнинг олдига қўйилган скамейкалар ғиз-ғиз орқада қолиб борар, автобус текис асфальт йўлдан шиддат билан олға интиларди.

Автобус қишлоқдан чиқиб, поезд йўли тагидан ўтгач, болалар нимагадир бир-бирларига сирли қарашиб, тараддудга тушиб қолишди:

автобус ғизиллаб пастликка қараб кета бошлади… Шаҳарнинг ташқарисидаги айланма йўлга чамаси юз метрлар етмасдан баҳайбат жарлик бошланар эди. Улар ўша жарликни яхшилаб кўриш ниятида эдилар. Негаки, иккаласининг хаёлида ҳам «ўша пайтлари Тўланхўжалар қурол яширган Бўрижардаги ғор ўша ерда эмасмикан», деган тусмол чарх урар, ҳаяжондан юраклари ҳаприқар эди. Автобус пастликка учиб тушиб, кучаниб баландликка кўтарила бошлади. Иккаласи ҳам ўринларидан туриб кетишди. Жарлик ҳақиқатан ҳам ваҳимали эди. Кечаси у ёқда турсин, кундуз кунлари ҳам бу ерларда юриш анча хавфли эди. Агар орқа ўриндиқда ўтирган кексароқ киши «ўтиринглар, болалар», демаганида, улар ҳали-вери ўтиришмас, орқаларига ўгирилиб, ойнадан томоша қилган бўлшарди. Йўқ, бўлмади. Автобус ғиз этиб ўтди-кетди. Улар ўтиришди. Анвар қўлидаги газетага ўралган суратни авайлаб ушлаганча, индамай келарди. Фурқат эса ўйлаб келаётган хаёлини яширолмади. Автобус айланма йўлдан ўтиб, шаҳар кўчаларидаги бекатларда уч-тўрт марта тўхтаб одамларни туширди, йўловчиларни олди. Қарашса, улар уйларига тезгина етиб қолишадиган.

– Анвар, – деди Фурқат оҳиста Анвар томонга энгашиб.

– Нима?

– Калламга бир фикр келиб қолди.

– Қанақа фикр?

– Ҳали кун эрта. Агар хўп десанг, ҳозир уйга тушмай, тўғри Хадрага ўтсак-да, Қоратош маҳалласига борсак.

– Қоратошда нима қиламиз?

– Омон махсумни топиб гаплашсак…

– Қойил! – деди Анвар юзи ёришиб кетиб. – Ундан ҳам анча нарсани билиб олар эдик.

Анвар Фурқатнинг таклифидан жудаям хурсанд бўлиб кетганди. Тўғри-да, ҳозирдан уйга бориб олиб нима қилишади? Ҳаммадан ҳам у ойисига, синглиси Маҳфузага рўпара келишдан чўчирди. Тағин ўша машмаша бошланади: «Қаёқларда санқиб юрибсан? Нимага бир оғиз фалон ёққа кетяпман, деб қўймайсан? Қачонгача сени деб юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз?» – деган саволлар ёғилади. Нима, у ёш боламидики, ҳадеб тергайверишади. Балки ойижониси қўлига ўқлоғини олиб, кўчада пойлаб тургандир… Балки синглиси анави Фурқатга келган хатни кўрсатиб, шарманда қилар… «Яша, Фурқат, калланг ишлайди-да, сенинг! Мен сен билан бекорга ўртоқ бўлиб юрибманми? Кечқурун дадам келганида кириб борамиз. Дадам индамайдилар. Дадам бўлсалар ойим ҳам уришмайдилар»…

Улар ўзлари тушадиган бекатда тушмай, тўғри Хадрага ўтиб кетишди.

Хадрада ниҳоятда машиналар кўп эди. Автобус, троллейбус, трамвай… Улар бир амаллаб кўчанинг нариги чеккасига ўтиб олишди-да, Фурқат кўчасига бурилишди. Тахминан бир километрча юрганларидан сўнг Қоратош маҳалласига кириб боришди. Бу маҳалла ҳам ўзича бир шаҳар экан: паст-баланд иморатлар, ҳали ҳам лойсувоқда турган қинғир-қийшиқ синчли уйлар, эгри-бугри жинкўчалар бирам кўп эканки, юравериб: «Омон махсумнинг уйини биласизми?»– деб ўтган-кетгандан сўрайвериб, ҳолдан тойишди. Одамлар ҳам қизиқ-да, «Фамилиясини билмайсанми? Қайси кўчада туришади?»– деб сўрашади. Фамилиясини билса, қайси кўчада туришини билса, улардан сўраб ўтиришармиди? Ўзлари топиб боришарди-ку!..

Улар Қоратошдан Бешёғочгача икки-уч марта бориб келишиб, жуда ҳолдан тойишди. Энди қайтмоқчи бўлиб турганларида олдиларидан ҳасса таяниб келаётган қадди дол чолга дуч келиб қолишди. Фурқат худди ёмби топиб олгандай дарров чолнинг олдига югуриб борди:

– Ассалому алайкў-ўм, бобо.

– Ваалайкум… – деди чол қироат билан юришдан тўхтаб.

– Анақа, Омон махсум деган чолни билмайсизми?

– Қайси Омон? Қаерда туради? – деди чол ўнг қўлини пешанасига соябон қилиб.

– Билмаймиз…

– Анақа, гражданлар урушида иштирок этган, – дея Анвар гапга аралашди.

– Урушда иштирок этганлар кўп, болам. – деди чол соқолини тутамлаб. – Билмадим, чироқларим. Суриштириб кўринглар-чи, балки бошқалар билишар.

Чол шундай деди-да, ҳассасини дўқиллатиб йўлга тушди. Болаларнинг ҳафсаласи пир бўлди.

– Ҳа, айтгандай… – деди чол нарироқда тўхтаб. Фурқат билан Анвар ҳам шартта тўхтаб, орқасига ўгирилишди.– Мана бу кўчадан сал юриб қайрилсаларинг, чойхона келади. Ўша чойхонага бориб суриштиринглар, балки биладиганлар бордир.

Чол шундай деди-ю, йўлига кетди.

Фурқат билан Анвар чойхонани ҳеч қийналмай топиб боришди. Яхши бўлди. Ўзлари ҳам қоринлари очиб, роса ҳолдан тойишганди. Чойхонада одам жуда кўп экан. Аксари чоллар, ўрта яшар кишилар. Болалар бир чеккага бориб ўтиришди. Фурқат бориб бир чойнак чой, қанд-қурс, битта нон кўтариб келди. Яхшиям чўнтакларида озроқ пуллари бор экан. Одамлар болаларга таажжуб билан бир-бир қараб қўйишди. Бунақа пайтда маҳалла болалари чойхонага киришмасди. Бошқа ёқдан келган тахмин қилишиб, индашмади.

Чойхоначи жуда сермулозамат киши экан. Бир-икки марта болаларнинг олдига келиб: «Чой олиб келайми?» – деб мулозамат қилиб кетди. Чой ўрталаб қолганида Анвар аста ўрнидан туриб, ҳалиги чойхоначининг олдига борди.

– Амаки, сиз анақа, Омон махсум деган чолни билмайсизми? – деб сўради астагина. – Анақа, гражданлар урушида қатнашган.

Чойхоначи Анварга қараганча бироз ўйга толди. Шу пайт Анварнинг миясида бир фикр туғилиб қолди. Чопганича ҳалиги чой ичиб ўтирган жойга бориб, газетага ўралган суратни олиб келди. Уни шошилиб очиб, Омон махсумни кўрсатди.

– Мана бу!

Чойхоначи энгашиб суратга тикилди, суратда йигирма беш-ўттиз ёшлар чамасидаги, бурни катта, эгнида ҳарбий гимнастёрка, бошида қалпоқ, чол эмас, мўйловли йигитча ўтирар эди. У ҳайрон бўлиб қолди.

– Бу чол эмас-ку!..

– Бу йигирма биринчи йилда олинган сурат. У киши ҳозир чол… – деди Фурқат гапга аралашиб.– Ану, Ғафур Ғулом китоб ёзган эканлар-ку, у киши ҳақида. Ўзлари жудаям қизиқ киши эканлар…

Чойхоначи бирдан қиқирлаб кулиб юборди.

– Э, шунақа демайсанларми, – деди анча маҳалгача ўзини кулгидан тўхтатолмай. Сўнг шартта тўхтаб, жиддий қиёфага кирди. Негадир юзига фотиҳа тортди. – У кишини танимаган одам борми? Икки йил олдин, тўқсон ёшда оламдан ўтдилар.

Фурқат билан Анвар бир-бирларига аянчли қарашди-да, аста чойхонадан чиқишди. Уларнинг Омон махсум ҳақидаги умидлари пучга чиққан эди.

Яхшиямки, жиндек чой ичиб олишгани, бўлмаса чарчоқдан, омадсизликдан йиқилиб қолишлари ҳеч гап эмасди. Улар оёқларини судраб босишиб, базўр Хадрага етиб келишди-да, тағин бояги маршрутдаги автобусга чиқишди. Энди уларнинг бутун умидлари Атийдан эди.

– Бугун кеч бўлди, – деди Анвар автобусдан тушаётиб.– Эртага гаплашамиз. Атий кўп нарсани билади. Мана бу суратни ҳам кўрсатамиз.

– Суратни кўрса, эски хотиралари эсига тушиб, сайраб кетади, – деди Фурқат хайрлашиш учун қўлини чўзаркан. – Эртагача…

Фурқат уйига кириб кетди. Анвар уйига боришга оёғи тортмайроқ туриб қолди. Ойиси тағин қувлаб қолса-я! Унинг бахтига дадаси уйда бўлсин-да. Дадаси бўлса ойиси сал ҳайиқиб туради. Хайрият, дарвоза очиқ экан. У ичкарига кирди. Уйда чироқ ёқилибди. Ойиси йўқ, дадасининг ўзи креслода газета ўқиб ўтирибди. Авзойи ёмон эмас.

– Ассалому алайкум, дада, – деди Анвар ўзини хушчақчақ кўрсатиб. – Қалай, чарчамай ўтирибсизми?

– Ваалайкум… – деди дадаси ҳам ўғлига бир қараб қўйиб. – Чарчамасдан ўтирибмиз.

– Қодир бобомлар салом деб юбордилар…

– Саломат бўлсинлар.

Шу пайт ойиси билан Маҳфуза кириб келишди. Анвар қараса, уларнинг кайфиятлари ҳам ёмон эмас. Кўнгли сал жойига тушди. Эгни-бошини еча бошлаган эди:

– Биратўла ювиниб кир, – деди ойиси.

Анварнинг кўнгли ёришиб кетди. Ташқаридан хурсанд ҳолда Фурқат чопиб кирди.

– Анвар! Анвар! Мана, хат келибди! «Гулхан» журналидан…

Қайси кўз билан кўрсинки, Фурқатнинг қўлида ўша, ўзи уларнинг почтасидан яшириб олган кўк конверт турарди. Юраги орқасига тортиб кетди.

Анвар бундай разм солса, бир чеккада Маҳфуза унга кулиб қараб турибди. У ҳамма гапни тушунди; синглиси Маҳфуза акасини бадном қилмай деб, хатни секин олиб чиқиб, Фурқатларнинг почта қутисига ташлаб қўйган экан…

Маҳфуза акасига сирли жилмайиб кўз қисиб қўйди. Анвар эса шу топда нима дейишини билмас, сингилжонига меҳри товланиб кетган, нуқул бир Маҳфузага, бир Фурқатга қараб тиржаяр; бу унинг ҳам синглисига самимий миннатдорчилиги, ҳам Фурқатнинг «Гулхан» журналидан хат олганига ҳавас қилгани, ҳам ўзига шундай хат келмаганидан таажжубга тушгани эди.

* * *
САРАТОН
 
Севги тили сўзсиз тил,
Кўз билан кўр, дилдан бил.
Бир қараш ё бир имо
Билан боғланар кўнгил.
 
Абай

Биринчи боб

Арпа бошоқлари сарғайиб, буғдой бошоқларига ранг кира бошлаган, қовун палаклари таноб ёзиб, туйнаклар этик бошидай бўлиб қолган палла. Деҳқонларнинг тили билан айтганда: йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт.

Офтоб тиккага келган, теварак-атроф иссиқдан ҳансираб, узоқузоқларда кумуш сароб имлагандай бўлади. Бундай маҳалларда жон-жониворлар ўзларини қўярга жой топишолмай қолишади. Мол учун ёз фаслининг ўзига яраша роҳатлари билан бирга чивин, сўна каби азоблари ҳам бор…

Бизнинг Камола билан Тўра учун чинакам меҳнат энди бошланиб келаётган эди. Баъзан одамлар уларга: «Сизларники маза-да! Подани ўз ҳолига қўйиб, яйловда мириқиб дам оласизлар. Қийин бўлганда бизларга қийин: биз пахта экамиз, сув суғорамиз, энгашиб ягана қиламиз, қулочкашлаб кетмон чопамиз…» – дейишади. Бу ҳам тўғри. Аммо мол боқиш ҳам улар ўйлаганчалик осон иш эмас. Буни пода боқиб кўрган билади. Қани энди ўша, мол боқиш осон дейдиганлар бир кунгина соя-салқинсиз яйловда, пода кетида юрса-ю, кун тиккага келиб, мияни қиздириб турганида, сўна чақиб тумтарақай сочилиб кетган сигирларнинг бошини қовуштираман, деб кетидан ҳарсиллаб чопиб кўрса! Ана шунда биларди бу ишнинг улар ўйлаганчалик «маза»лигини! Иссиқда пода кетида кўтарилган қуюқ чангдан бир ютиб кўрса, ана шунда биларди бу ишнинг ҳам ўзига яраша ташвишлари борлигини!

Пода ҳар куни офтоб тиккага келганида Белариқ бўйига – сувотга олиб келинади. Ҳозир ҳам Камола билан Тўра пода кетида чангга ботиб келишяпти. Кун иссиқ, дим бўлишига қарамай, улар устларига қалин фуфайка, пахтали шим, кирза этик кийиб олишган, бошларида қулоқ боғичлари қайтарилган қулоқчин. Эгниларидаги кийимларнинг ранги қанақалигини билиш у ёқда турсин, чанг-тўзон орасида уларнинг қайси бири Камола-ю, қайси бири Тўралигини ҳам ажратиш қийин эди. Камола оиланинг ёлғизи. Эрка ўсганлиги учунми ё болаларга кўпроқ аралашиб юрганиданми, ҳарқалай, феъл-атвори, шўхлиги, гап-сўзларидан унинг қиз бола эканини ажратиш қийин. Шунинг учун уни одамлар кўпроқ Камол деб атаб кетишган…

Ғиёс ака поданинг олдида, эшакка миниб олган, устида пахталик сирма чопон, бошида кўҳна тулки тумоқ, хаёл суриб сувотга қараб кетяпти. Орқасида пода, пода кетида Тўра билан Камола. Сувот подачиларнинг, қолаверса, молларнинг бироз ором оладиган жойи. Бу жойда Белариқ оқади, ариқ бўйида худди кампирнинг тишидек сийрак ўн-ўн беш туп тол бор, соя-салқин… тагидан ғир-ғир шабада эсиб туради.

Сигирлар сувотга келиши билан ўзларини сувга уришди. Улар сув ича-ича қоринлари кажава бўлгач, тол соясида тупроғи ўйнаб кетган юмшоқ ерга ётиб олиб, бемалол кавш қайтаришга тушишди, тикка турганлари эса думлари билан устиларига қўнган пашшаларни қўрий бошлашди.

Ғиёс ака ариқ бўйидаги чимдан ясалган ўчоққа қора қумғонни ўрнатиб, чой қайнатишга киришиб кетди. Тўра билан Камола устки кийимларини ечиб, белларидан келадиган сувга Камолаларнинг «ола»сини олиб тушишди, қашлағич билан ювишга машғул бўлишди. Камола аҳён-аҳёнда пиқир-пиқир кулиб, Тўрага сув сепиб қолади. Кулгиси худди кумуш танганинг жарангидек тиниқ. Тўра ҳам бўш келмайди… Ола сигир кўзларини олайтириб, гўё уларнинг бу шўхликларини ёқтирмаётгандек, оғзини очмай, чўзиб: «Ҳим-м», деб қўяди.

Нарироқда ўчоққа энгашиб зўр бериб ўт пуфлаётган Ғиёс ака бошини кўтариб, нималардир деб ғудранди-да, аслида намланиб юрадиган кўзлари тутундан баттар ачишиб, юзларини ювиб кетган кўз ёшларини артиб қичқирди:

– Камол, ҳой Камол!

Ариқнинг кечигидан аввал бир шўх кулги, кейин «лаббай!» деган овоз келди.

– Буёққа қара, бор бўлгур, – деди бўйнини чўзиб Ғиёс ака. Товуш чиққан томондан ҳеч ким кўринмагач, ўзича деди: «Кап-катта бўлиб қолишса ҳам болаликлари қолмади-қолмади-да, бу бор бўлгурларнинг. Кун бўйи мол кетидан юриб чарчамаганларини-чи буларнинг. Бироз ором олишса-чи!..»

Уст-боши шалаббо бўлиб кетган Камола бўй кўрсатди.

– Чақирдингизми, амаки?

– Манави ўтини бор бўлгур ёнмаяпти. Бир қучоқ қуруқ ўтинми, тезакми териб келасанми, девдим…

– Хўп бўлади, ҳозир…

Камола ариқ томонга бир айёрона қараш қилди-да, сув ёқалаб чопиб кетди.

Сал ўтмай Тўра ҳам ариқдан «ола»ни етаклаб чиқди. Тиззалари титилиб кетган эски тринка шимининг почаларидан сув сирқиб оқар, ранги билинмай кетган чит кўйлаги шалаббо бўлиб бадан-баданларига ёпишиб қолган эди. Ола сигирнинг юнглари бир текис ётиб, офтобда ялт-ялт қилар, дўмбира бўлиб кетган қорнидан сув сирқиб тупроқ устига оқар эди. Тўра сигирни нарироқдаги тол соясига ҳайдаб, ўзи Ғиёс аканинг олдига аста келиб чўкди.

– Кўйлагингни ечиб тушсанг бўлмайдими сувга, бор бўлгур, – деди Ғиёс ака кўз ёшларини артиб.

Тўра индамади. Камола бир қучоқ қуруқ хашак билан бир-иккита таппи кўтариб келди. Тўра ўчоққа хашакдан бир-икки тутам ташлади. У сал фурсат ўтмай бирдан лов этиб ёниб кетди. Сўнг устидан таппи синдириб қалади. Қора қумғонга жон кирди: аввал, жиғиллаб товуш чиқарди-ю, кейин вақирлаб қайнай бошлади. Учала подачи уч-учлари сарғайиброқ қолган қалин ажриқзор устига бўз дастурхонларини ёзиб, чойга ўтиришди. Дастурхон устида, одатдагидек, бир-иккита зоғора, пишлоқ, қурут, қовоқда айрон пайдо бўлди; қовоқнинг оғзини маҳкам беркитиб, уни эшак устида эгар қошига илиб юради Ғиёс ака. Сувсаганларида Камола ҳам, Тўра ҳам бориб тик туриб қулт-қулт ютиб кетаверади.

Чой ўрталаб қолганида Ғиёс ака юмшоқ ажриқ устига ёнбошлади. У Тўра билан Камолага бугун негадир хомушроқ кўринарди. Дарвоқе, бугун қандайдир нохуш хабар эшитадигандай кўнгли ғаш эди. Бу қандай хабар, уни билмасди. Ўзи шунақа, кўнгли сал ғашланса албатта бирор нохуш хабар эшитади. Ҳар куни бу маҳалда қизиқ-қизиқ гаплардан гапириб, ёшларни кулдириб ўтирадиган Ғиёс ака бугун миқ этмай ёнбошлаб ётибди. У анча маҳалгача хаёл суриб индамай ётди. Камола билан Тўра унинг бу аҳволини тушунишолмай, бир-бирларига аланглаб қараб олишди. Орадан анча вақт ўтди, Ғиёс аканинг хаёлига бир фикр келди чамаси, бошини кўтариб Тўрага мурожаат қилди:

– Тўра, бу йил неччига кирдинг?

Тўра ҳам орадаги ноқулай жимликни кўтариш учун илжайиб туриб жавоб берди:

– Абдуғани билан тенгман.

Камола пиқирлаб кулиб юборди. Тўра бу гапи билан Ғиёс аканинг қишда ҳарбий комиссариатга чақиришганида берган жавобини эслатганди. Ғиёс ака бу шамани тушундими ё тушунса ҳам унга аҳамият бергиси келмадими, қошларини чимирди.

– Абдуғанининг неча ёшга кирганини мен қаёқдан биламан, бор бўлгур!

Камола Ғиёс аканинг ранжиганини сезиб, дарров жавоб қилди:

– Тўра бу йил ўн олтида.

– Унақа эмас, – деди Тўра қаддини ростлаб. – Қаёқдан биласан ўн олтига кирганимни?

– Ҳим, биламан… – деди Камола шўхлиги тутиб.

– Билмайсан.

– Биламан. Еттинчини бурноғи йили битирдик, а? Мен етти ёшимда мактабга борганман, етти йил ўқидим, – деди Камола бидирлаб. Сўнг бармоғини букиб санаб исбот қила кетди: – Еттига еттини қўшсак – ўн тўрт бўладими? Битирганимизга икки йил бўлди… Қани, қўшгин-чи, ўн олти бўладими?..

– Мен мактабга борадиган йилим касал бўлиб қолганман, бир йил кейин, саккиз ёшимда борганман, билдингми? Бу йил ўн еттидаман, – деди Тўра писанда билан. У яқинда бобоси келиб, шаҳарга олиб кетаман, деганини, у ерда ўқишини давом эттирмоқчи бўлганини ҳам айтмоқчи эди-ю, тағин Камола, мақтанчоқлик қиляпти, деб ўйламасин деб айтгиси келмади.

Камола индамай қолди. У, негадир, шу пайтгача Тўрани ўзи билан тенг, деб юраркан. Буни қаранг-а, ўзидан бир ёш катта экан-ку!

Боядан бери болаларнинг тортишувига аралашмай ёнбошлаб ётган Ғиёс ака оғир тин олиб:

– Ўғлим Мансур омон бўлганида ўн еттига кириб қолар экан. Сен билан бир кунда туғилган эди, раҳматлик… – деди.

Ғиёс аканинг бу гапи орага бироз жимлик солди. Нима учундир у бугун марҳум ўғлини эсга олди. Ўғли икки яшарлигидаёқ қизамиқдан нобуд бўлган. Шундан кейин у икки қиз кўрди-ю, лекин ўғил кўриш насиб бўлмади. У баъзан Тўранинг юриш-туриши, пишиқлигини зимдан кузатиб ҳавас қилар, ўғли бўлиб, ўзининг севган касби – подачиликни қўлидан олишини жуда-жуда истар эди. Унинг назарида бундан суюмлироқ, бундан ҳам завқ ва шавқлироқ иш йўқ эди дунёда. Ўғли омон бўлиб қўлидан таёғини олса… қани эди! Ундан кейин… ундан кейин мана бу Камоладек қизга уйлантирса, набира кўрса…

Ғиёс ака негадир шу ҳақда кўп ўйларди. Ким билади, бу оғир ўйлар унга қайдан ёпишди? Балки Тўранинг бўй-басти сабаб бўлгандир. Балки Камоланинг беғуборлигига ҳаваси келгандир. Эҳтимол Тўра билан Камола ўртасидаги мурғак ва тиниқ, беғараз муносабатларга ҳаваси келаётганидандир. Эҳтимол… Ҳарҳолда буни билиш қийин эди!

Тўра билан Камола бирпас жим ўтиришди-ю, Ғиёс аканинг кайфиятини тағин унутишиб, гапга тушиб кетишди. Тўра дастурхонда турган битта қурутни олиб синдирмоқчи бўлган эди, кучи етмади. Сўнг ўрнидан туриб, фуфайкаси чўнтагидан қаламтарошни олди-да, яна жойига ўтирди, қурутни қаламтарош тиғи билан синдирди, бир бўлагини Камолага узатди, бир бўлагини Ғиёс акага… Шу пайт Камола чаққонлик билан Тўранинг қўлидан қаламтарошини юлиб олди.

– Буёққа бер, –деди Тўра қўлини чўзиб.

– Ҳо, бериб бўпман…

– Бер дедим, сенга!

– Аҳа, бериб бўпман. Ололмайсан, ҳи-ҳи…

– Бер дедим… – Тўра ўрнидан турди.

Камола ҳам ўрнидан учиб туриб, ариқ бўйига қараб қочди. Тўра уч ҳатлашдаёқ унга етиб олди.

– Буёққа бер!

– Кучинг етса, ола қол… Ҳи-ҳи…

Ғиёс ака бошини кўтариб қичқирди:

– Ҳой, бор бўлгурлар, қўйсаларинг-чи. Тағин ҳазилларингдан ўт чиқиб кетмасин. Ҳазилнинг таги зил, дейдилар.

Бу маҳалда Тўра билан Камола олишиб, бир-бирларини суришиб ариқ бўйига яқинлашиб қолишган эди. Ғиёс ака ўрнидан оғир туриб тағин бир марта қўйинглар, дегунча, иккаласи қучоқлашганча шалоп этиб сувга йиқилишди.

Ғиёс ака ўрнидан туриб кетди.

– Ҳазилларинг бор бўлсин!

Камола чаққон ҳаракат қилиб сувдан чиқди. Шунча ҳаракат қилса ҳам, унинг қўлидан қаламтарошини ажратиб ололмаган Тўра: «Шошмай тур, сеними!» – деганича қирғоқдаги ўтларни ушлаб чиқа бошлади. Камола эса қиқирлаб: «Тутиб бўпсан, ҳи-ҳи…» деб ариқ бўйлаб юқорига қараб қочди. Тўра ариқ бўйига чиқди-ю, тўхтаб қолди.

– Раис бобомлар…

Шаҳар томондан ёлғиз салт отлиқ йўртиб келарди. У отда бир ёнига қийшайиб ўтирар, бу ҳолат ҳаммага таниш, ўрганиш бўлиб кетган, шунинг учун ҳам ҳамқишлоқлари уни узоқдан танир эди. Ғиёс ака ҳам уни таниб пешвоз чиқди. Тўра хижолат тортиб, ариқ бўйида турганича, шалаббо бўлиб кетган кийимларини сиқа бошлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации