Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Қандай яхши. Ҳамма ерда ҳам ҳамиша шунақа бўлса!

– Қанақа? – Ҳабиба Сафаралига қараб жилмайди.

– Қанақа бўларди? Мана шунақа-да! Истаган қизингни ресторанга таклиф қилиб, дилкаш суҳбат қуриб ўтира олсанг!

– Қийин эканми? Мумкин…

– Раҳмат сизга, Ҳабиба!

– Хурсандмисиз?

– Жуда… – деди Сафарали Ҳабибанинг такаллуфидан жонланиб. – Менга қаранг, Ҳабиба. Шу… анавилар билан барибир дам ололмайсиз, бизнинг купеда жой бор, кўчиб қўя қолмайсизми?

– Қўшниларингиз рози бўлармикан?

– Э, бир қари чол бор, холос, – у «сассиқ чол» деб юборишига оз қолди. – Уйқудан бош кўтармайди.

Ҳабиба купесига кириб, чамадончасини кўтариб чиқди. Икковлари бошлашиб, Сафаралиларнинг купесига киришди. Киришса, чол йўқ. Сафарали Ҳабибага қараб елкасини қисди. Чол бирон станцияда тушиб қолганга ўхшайди. Кулиб юборишди.

Иккалови рўпарама-рўпара ўтиришгач, гап топилмай қолди. Ичкилик Сафаралининг бадан-баданини қиздириб борар, қизиган сайин у Ҳабибанинг бутун хатти-ҳаракатини синчиклаб кузатар, гап тополмай қийналар эди. Ниҳоят Ҳабиба, дам олиш ниятида бўлса керак, ўрнидан туриб ўзига жой ҳозирлай бошлади. Сафаралига гап топилди.

– Бегона эркак билан тунагани қўрқмайсизми?

– Нега? Сиз шунчалик хавфли одаммисиз?

– Ҳарҳолда…

– Сиз-чи? Аёл киши билан тунагани қўрқмайсизми?

Сафарали жавоб тополмай анграйиб қолди. Аммо бироздан кейин ўзига келиб:

– Сиздан-ку қўрқмайман. Бироқ ўзимдан…

Ҳабиба қошларини чимириб, бир қараб қўйди-да, ўтириб туфлисини еча бошлади. Энгашганида қия очиқ ёқасидан унинг оппоқ сийнаси кўриниб кетди. Сафаралининг юраги қаттиқ урди. У ўзини босиш учун бўлса керак, апил-тапил ўрнига чўзилди.

– Вой-вой ану кишини… Ечиниб ётинг, – деди Ҳабиба кулиб.

– Ҳа, ҳа. Ечиниб ётиш керак, – деди Сафарали ўрнидан туриб. – Аввал сиз ётиб олинг… Кейин мен чироқни ўчириб ётаман.

– Хўп. Аввал сиз чироқни ўчириб туринг…

Сафарали чироқни ўчирди. У қоронғида тескари қараб, энтикканча қаққайиб тураверди. Вагон аллалагандай чайқалиб, ғилдираклар бир оҳангда тақ-туқ, тақа-туқ қилиб борар, купе ичини аллақандай атир ҳиди босиб кетган эди.

– Бўлди, ёқаверинг… – деди ниҳоят Ҳабиба.

Чироқ ёнганда у оппоқ чойшабга ўралиб, кулиб ётарди.

– Энди сиз ҳам ётинг.

Сафарали сал ҳушёр тортиб, ўрнига ўтирди. Этигини, костюм-шимини ечиб ёнбошлади-ю, уни чиқмай қолди. Бир маҳал Ҳабибанинг товуши эшитилди:

– Хайрли тун. Яхши тушлар кўриб ётинг, Сафарали ака.

– Раҳмат, сиз ҳам…

Сафарали ўйлар эди: «Шундай ётганимнинг ўзи туш эмасмикан? Ё тавба! Бу қандай бўлди? Ўзингни бос, Сафарали!» Лекин унинг қулоғига шайтон шивирлар эди: «Қўлингни узат, галварс! Шундоқ ёнгинангда юмшоқ бўлиб ётибди-я! Ухлаётгани йўқ, шундоқ узатсанг қўли қўлингга тегади… Сени кутиб ётибди!» У беихтиёр Ҳабиба томонга қўлини узатди. Унинг қўлларини топди… Мунча иссиқ бўлмаса!

– Ҳабиба… – дерди у энтикиб.

У индамади, анчадан кейин Сафаралининг панжалари орасидан қўлчаларини чиқариб олиб:

– Сафарали ака, – деди ялинганнамо оҳангда, – жуда чанқаб кетяпман…

Сафаралида жон қолмади, ўрнидан сапчиб турди:

– Ҳозир проводникдан чой олиб келаман.

У ҳақиқатан ҳам қаёқдандир чой олиб келди. Стаканларга қуйиб ичишди.

– Ресторанда овқатни кўп едик-да ўзи, – деди Ҳабиба айёрона кулиб. – Мана, сиз ҳам ичинг, кейин маза қилиб ухлаймиз.

Сафарали чироқни ўчиргач, қоронғида жилмайди: қизлар ўзи айёр бўлади. Бунинг бепарволигини қара, гўё ҳеч нарсани сезмагандай!

Ётишди. Сафарали тағин қўлини узатди. «Энди йўл очиқ.»

Нима, шу қаймоқдай сийнани бағрига босса гуноҳми? Ахир у кутиб ётибди-ку! У тасаввур қилишга уриниб кўрди: пар ёстиқда оппоқ чойшабга ўралиб ётган Ҳабиба. Йўқ, Муҳаббат шекилли? Йўқ… Бир маҳал унинг бошига Муҳаббат келгандай бўлди, туролмади. Баданлари биров калтаклаб ташлагандай зил-замбил; гапирмоқчи бўлди, лабларини қимирлатишга чоғи келмади… Ҳа, дарвоқе, бу турган Муҳаббатми ё Ҳабибами? Қайси бири? Поезд ҳамон тақ-туқ, тақа-туқ қилиб илгарилар, Сафаралининг негадир боши айлангандай бўлар, ҳозиргина кўрганлари худди саробдай кўз ўнгида жимирлар эди…

* * *

…У ўрнидан турганида кун ғира-шира ёришиб қолган эди. Жон ҳолатда сакраб туриб, деразанинг дерматин тўсиғини кўтарди. Аттанг. Ёнида ёшгина жувон ётган бўлса-ю, бу эрталабгача донг қотиб ухласа! Ҳаммаси ўша лаънати ичкиликдан!

Сафарали бундай орқасига қараса, Ҳабибанинг ўрни йиғилган, ўзи йўқ. Ё тавба, бу қандоқ бўлди? Ё тушмиди? Сафарали тепани титкилади: чамадони ҳам йўқ. Йўлакка отилди. Поезд бир маромда елиб борарди. Ҳабиба станциялардан бирида тушиб қолибди!

Сафарали шалвираб купега қайтиб кирди. Ҳабиба ўрнини тартиб билан йиғиштириб кетган эди. Дераза ёнидаги кичкина стол устида иккита стакан турар: унинг шундай ёнгинасида уйқу дорисидан бўшаган целлофан қутичаси ётар эди. Ичида иккита-учта таблетка ҳам қолибди… Сафарали бир нимага тушунгандай бўлди: «Оббо Ҳабиба-эй! Тоза боплаб кетибди-ку».

* * *

Шу ҳафта ичи ёмғирдан кўз очмаган олам бугун чароғон; ўт-ўланлар ҳам, дов-дарахтлар ҳам қуёш нурида жамолини кўз-кўз қилиб, товланади. Ёз чинакамига шу бугун бошлангандай, чумчуқлар ўзларини қалин ва салқин буталар орасига олиб, гўё ногаҳоний иссиқдан нолигандай чирқиллашади. Чумчуқ пир-р этса ҳам вовиллайвериб жонга тегадиган занжирзада итлар ўзларини девор соясига уришиб, қип-қизил тилларини осилтирганча ҳансирашади…

Сафарали ишхонасидан пиджагини елкасига ташлаб, терлаб-пишиб қайтганида Муҳаббат ҳовли ўртасидаги водопровод яқинида кир ювиб ўтирар эди. Сафарали бир зумгина унга тикилиб турди: Муҳаббатнинг юзлари офтобда ял-ял ёнар, назарида хотини яна ҳам тўлишгандек кўринар эди. Ҳозир у хотинини биров у ёқда турсин, ҳатто ўзидан ҳам қизғанди. «Шу ўтиришида ҳовлига бирорта бегона эркак кириб келса, нима бўлади?» деган хаёл кўнглидан лип этиб ўтди-ю, «бу қанақа ўтириш, хотин!» деёлмай:

– Шундай иссиқда-я, бай-бай-бай…– деди ачинган оҳангда. – Уф-ф, олам ёниб кетди, чамамда. Қўйинг, йиғиштиринг!..

– Вой, келдингизми? Кўрмабман ҳам… – дея Муҳаббат кўпикли қўллари билан кўйлагини тузатди, пешанасидаги мунчоқ терларини артди. – Озроқ кир тўпланиб қолган эди. Ювиб ола қолай деб… Ҳа, ишларингиз нима бўлди?

– Тузук, – деди Сафарали мужмалроқ қилиб. – Бир чой ичайлик.

– Ҳозир, Сафарали ака, шуни бўлай… Дамингизни ола туринг.

Сафарали индамай уйга кириб кетди. Кирди-ю, пиджагини қозиққа илиб, ўзини каравотга ташлади. Уй йиғиштирилиб, поллар ярақлатиб ювилган, дераза пардалари туширилгани учун бўлса керак, уй ичи нимқоронғи, салқин эди. Сафарали учун офтобли кунга қараганда шу нимқоронғи уй маъқулроқ эди. Ҳозир унинг боши қотган, Фарғонадан қайтибдики, боши майда-чуйда можаролардан чиқмайди: Ҳабиба воқеаси… Нортожининг совхозимизга бўшаб кел, деб қилаётган хархашаси, бунинг устига…

Галина! Олеся!.. Э-ҳе! Бу ташвишлар қайси биридан кам?

Ҳа, ҳақиқатан ҳам Сафаралига қийин бўлди. Галина билан Олеся ҳақидаги гапларни қайси тил билан Муҳаббатига айтади? «Илгари ҳам бир марта уйланган эдим. Сизга ёлғон гапирдим. Мана, энди қизимдан хат келибди», дейдими? Буни эшитиб Муҳаббат нима дейди? «Ҳа, яхши қилган экансиз», деб қўя қолса-ку бир нав, борди-ю, «Боринг, ўша пахмоқ соч Галинангиз билан қўша қаринг», деса нима бўлади? Борди-ю, ҳамма гапни ўзи айтиб қўя қолса-чи? Оғироёқ бўлиб юрганида…

* * *

Сафарали шу каби хаёллар билан боши қотиб юрганида хаста кўнглининг бир чеккасида умид учқуни йилт этгандай бўлди…

Нортожи Сафаралини қўярда-қўймай қишлоққа зоотехникликка таклиф қилган, ҳатто совхоз чорваси билан таништирган эди. Унинг яхшигина зоотехник эканидан хабар топган совхоз раиси ҳар куни одам юборавериб, Сафаралини жон-ҳолига қўймади. Сафарали: «Ахир мен ҳозирги ишхонамда анча ишлаганман, ҳеч қандай ёмонлик кўрганим йўқ. Нима деб бўшайман? Жавоб беришмаса-чи?» деса, раис:

«Ахир, ука, шу ернинг ўтини ўтлаб, сувини сувлаганингиздан кейин меҳнат ҳам қилишингиз керакда!..» – деди.

Шу гапдан кейин Сафарали чурқ этолмади. Ишхонасига бориб бўшаб келишдан бошқа чораси қолмади. Ишхонасига келса, чамаси, бу гаплар бошлиғининг ҳам қулоғига етган шекилли, нохушроқ қабул қилди:

– Келинг, Сафарали?

Сафарали мақсадини ийманиброқ айтди. Бошлиқ столи устидаги қаламларини ўйнаб ўтириб, луқма ташламай, унинг гапларини сабр билан эшитди:

– Ҳм-да, шундай қилиб, кетаман денг?

Сафарали ерга қаради.

– Биздан бир гап ўтганмиди?

– Йўғ-э, – деди Сафарали шошиб. – Унақа гап йўқ.

– Нима қилиб катталар аралашиб юрибди? – деди бошлиқ босиқ овоз билан.

– Бу раиснинг иши бўлса керак…

– Ўзингиз нима дейсиз?

– Ўзим… – деб чайналди Сафарали. – Ҳарҳолда қишлоғимиз… яқин, бунинг устига ўз касбим…

– Хайр, бўлмаса аризангизни ташлаб кетинг.

Бошлиқнинг осонликча кўниб қўя қолганига қараганда, раис буларга ҳам қаттиқ ёпишган чоғи. «Тутган жойини кесмай қўймайдиган хилидан, дейишганларича бор экан», деб ўйлади Сафарали.

У секретар қиз олдида ўтириб, икки энлик ариза ёзиб қолдирди-да, ундан сўради:

– Қачон келсам экан?

– Мен бугун қўл қўйдириб қўяман, – деди секретар қиз. – Эрталарга бир хабар олинг.

Сафарали бугун эрталаб бораман-у, аризамга бошлиқ қўл қўйса бўшаб келавераман, деб ўйлаган эди. Афсуски, ундай бўлмади. Бошлиқнинг қовоқ солгани ҳам ҳеч гап эмас экан, бирга ишлаб ўрганишиб қолган ёр-биродарларидан қолди балога. Бири хафа бўлган, бири: «Ҳа, ёғлироқ жой чиқиб қолдими», деб пичинг қилган… Э-ҳе, ҳаммадан бурун анави профком аёлнинг обходнойга қўл қўймай тихирлик қилгани-чи! Ҳамманинг ўртасида:

– Келин ойимиз Сафарали акамизга бой-феодалларча муносабатда бўлиб, ишдан бўшашга мажбур қилибдилар! – деб одамларни роса кулдирди. Сафаралини изза қилди. Бироқ унга нима деб жавоб қайтарсин! Бўшашининг сабабини батафсил айтиб ўтириши шартми? Бошлиққа айтди, бўлди-да!

Хуллас, Сафарали секретардан профкомга, профкомдан бухгалтерияга, қўйинг-чи, ҳатто кутубхонага ҳам кириб обходнойга қўл қўйдириб чиқди. У кутубхонадан энди чиқиб кетаётган эди, кутубхоначи қиз чақириб қолди:

– Сафарали ака!

Сафарали орқасига бурилиб: «Нима гап?» дегандай қизга тикилди.

– Сизга хат бор. Мана…

Аслида хатдан юрак олдириб қўйган Сафарали гўё бу гапни эшитмагандай, турган жойида ҳайрон бўлиб қолди.

– Хатингизни олинг деяпман. Вой, анави кишини.

Сафарали хатни аста олиб, қўрқа-писа адресига қаради. Бирдан чеҳраси ёришиб: «Бўтавойдан!» деди-да, қизга раҳмат айтиб, кутубхонадан чиқиб кетди. У ҳовли ўртасидаги дарахт тагига бориб, хатни эҳтиётлаб очди. «Қадрдоним Сафарали! – деб бошлабди Бўта хатни. Шу жумлани ўқиганидаёқ Сафаралининг ҳалқумига бир нарса келиб тиқилгандай бўлди. Аъзойи-баданига енгил бир титроқ ёйилди. – Эҳтимол, бу хатни олиб ажабланарсан. Мен ўша ўзинг билан Украина ерлари учун жанг қилишган қуролдош дўстинг – Бўтавойман. – Хатнинг шу жойига келганида Сафаралининг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Бир ютиниб олиб, хатни ўқишда давом этди. – Ўн уч йилдан бери сени сўроқлайман, дўстим. Яқинда бир иш билан Чимкентга ўтиб, кутилмаганда Бойзоқни учратиб қолдим. Ҳали ҳам ўша-ўша қувноқлиги, ҳазилкашлиги; икки гапнинг бирида «Шўрт вазми!» дейди. Роса отамлашдик. Қўярда-қўймай уйига олиб кетди. Барча қуролдош дўстларни эслашдик. Айниқса, Винницадаги гапларни!.. Бойзоқ сени бир марта Тошкентда кўрган экан, заводда технолог бўлиб ишлаётганингни, уйланганингни (келин муборак бўлсин!) айтди. Уйингнинг адресини топиб беролмади, таваккал қилиб ишхонангга ёздим. Иложи бўлса биз томонларга бир келиб кет. Айни дам оладиган пайт; дарё бўйига тушиб балиқ овлаймиз, қимизхўрлик қиламиз, ўтган-кетганларни эслашамиз. Келин болани ҳам ола кел. Жавобингни кутаман. Сени соғинган дўстинг, БЎТАВОЙ».

Сафарали хатни ўқиб бўлгандан сўнг ҳам анчагача хаёлини йиғиштириб ололмай, дарахт тагида туриб қолди. Унинг бошида нуқул Бўтавойнинг гаплари: «Айниқса, Винницадаги гапларни!..», «Шўрт вазми!», «Қимизхўрлик…»

Сафаралининг иши асосан тугаган, фақат соат иккидан кейин бухгалтерияга кириб ҳисоб-китоб қилишиб, тегишли ҳақини олиши керак эди. Бугундан кейин ҳам кун бор-ку ахир, оларман, деди-да, кутиб ўтирмай тўғри уйига қараб кетди…

* * *

Муҳаббат буғини бурқиратиб кичкинагина мўъжаз рух самоварни кўтариб кирганида Сафарали ҳорғин ўрнидан туриб ўтирди. Унинг бу кайфиятини кўриб Муҳаббат аввалига ҳайрон бўлди, кейин ёқимли жилмайиб сўради:

– Тобингиз йўқми?

– Сал ланжроқман, иссиқдан бўлса керак… – деб жилмайди. Шу билан Сафаралининг паришонлиги тарқаб, иштаҳа билан босиб-босиб чой ичди. Эр-хотин чой устида ундан-бундан гаплашиб ўтиришди. Муҳаббат гап орасида Нортожи яна йўқлаганини, кечроқ бир учрашмоқчи эканини айтди.

– Қачон келди? – деб сўради Сафарали Муҳаббатнинг терлаб, буғриқиб кетган юзларидан кўзини узмай.

– Эрталаб, сиз чиқиб кетишингиз билан.

«Хайрият, кир ювиб ўтирганида келмабди, – деб ўйлади ичида Сафарали. – Боягидай очиқ-сочиқ ўтирганида келса борми!..»

У иссиқ чойдан ҳўплар экан:

– Булардан балога қолдим шекилли, – деди.

Шу топда Муҳаббат қўлидаги пиёлани столга қўйди-да:

– Айтгандай, анав кунги хатни кўрсатмадингиз ҳам, Сафарали ака? – деб қолди. – Қанақа хат эди, кимдан эди?

Сафарали бир нафасга каловланиб қолди-ю, ўзини тезда ўнглаб олди.

– Э, эсим қурсин… – деб ўрнидан туриб бориб пиджаги чўнтагидан хатни олиб, Муҳаббатга берди. Муҳаббат аввал Сафаралига бир табассум ҳадя қилиб, хатни ўқий бошлади… Ўқиб бўлгунча Сафарали миқ этмай нафасини ичига ютиб ўтирди. Муҳаббат хатдан бошини кўтарганида:

– Дўстимдан… – деди фахр билан.

Бироз сукут қилгач, Муҳаббат сўраб қолди:

– Энди Бўтавой акага нима деб жавоб берасиз?

– Қайдам… – деб елкасини учирди Сафарали.

– Идорадаги ишларингиз нима бўлди?

– Нима эди?

– Миямга бир фикр келиб қолди, агар ишларингиз битган бўлса, бир ўша ёқларга бориб, ўртоқларингизни кўриб, дам олиб келмайсизми?

– Қандай қилиб?

– Энди совхоз ишига шўнғиб кетиб дам ололмайсизми, дейман-да, – деди Муҳаббат меҳрибонлик билан. У ўзича, Сафаралининг кейинги пайтда турли хаёллар билан боши қотиб юрганини чарчаганликка йўйган эди. – Шу кунгача чидаган совхоз яна уч-тўрт кунга чидар. Ҳа, мунча хаёл суриб қолдингиз?

– Сиз-чи?

– Мени бўри емас. Сожида опанинг қизини опкириб тура тураман.

– Йўқ, уни айтаётганим йўқ… – деди Сафарали ғалати илжайиб.

– Вой, анави кишини… – деди Муҳаббат қизариб.– Ташвиш қилманг. Ҳабиба опамлар, тағин озроқ бор, деганлар…

– Ҳабиба?! – деди Сафарали қулоқларига ишонмагандай ҳайрон бўлиб. – Қайси Ҳабиба?

– Ҳа? Жа ҳайрон бўлиб қолдингиз? Ҳабиба опамларни танирмидингиз? – деди Муҳаббат нозли кулиб.

– Йў-йўқ… – деди Сафарали довдираб.

– Танимасангиз, билиб олинг: Ҳабиба опам Нортожи акамларнинг хотинлари.

– А?

– Ҳа. У киши докторлар.

Ахир у, проводникнинг айтишига қараганда, Сирдарё станциясида тушиб қолган эди-ку? Қандай қилиб Нортожининг хотини бўлади? Ахир Нортожи бу ерга ишга ўша Сирдарёдан келмадими? Эсим қурсин! Ҳабиба онасиникига тушиб, уларни кўриб, сўнг бу ёққа келиши ҳам мумкин-ку! «Доктор дедими?» Унинг кўз олдидан аввалги кунги Фарғонадан келаётгандаги – купедаги ҳангомалар бир-бир ўтди… Стол устидаги иккита стакан, уйқу дорисидан бўшаган целлофан халтача… «Тўғри, бу шумлик доктордан бошқанинг қўлидан келмайди. Дори бериб ухлатиб тушиб кетибди-я!» Шу билан бирга унинг бошига бир даҳшатли фикр келди: «Ҳамма гапни эри Нортожига оқизмай-томизмай айтган бўлса-я! Тўхта, – деди у ўзига ўзи тасалли бериб, – нималар деб валдираяпман ўзи!» Сафаралининг қулоқлари шанғиллаб кетди.

У Бўтавойникига кетиш масаласини энди пайсалга солиш – жиноят устида қўлга тушиш билан баробар, деган қарорга келди. Совхоз ишига тушгунча айланиб, дам-пам олиб келиш баҳонасини топиб бергани учун ўзига Муҳаббатидан азизроқ, яқинроқ, мунисроқ киши йўқдай туюлди. У ёнма-ён ўтирган хотинини қучиб, эркалади.

– Бўлмасам келишдик, – деди Сафарали қувониб.– Мен эртага ишхонага бориб, ҳисоб-китобимни қилиб келаман. Сиз кўйлакларимни ювиб, дазмоллаб қўйинг.

– Вой афанди-ей, ҳозир сизнинг кўйлакларингизни ювмай, кимнинг кўйлакларини ювдим? Фақат дазмол босиш қолди.

– Яшавор, акангнинг хотини!

– Бўлди, бўлди, суюлманг…

Сафарали ўзида йўқ хурсанд! Ўн уч йиллаб кўришолмай юрган дўстини кўради-ю, хурсанд бўлмасинми ахир? Бундан ташқари Галя, Олесянинг кейинги тақдири ҳақида ҳам дўсти билан маслаҳатлашиб олади. Шунақа гапларни Бўтавойдек қадрдон дўстига айтиб маслаҳатлашмаса, ким билан маслаҳатлашади! Дўсти нима деб маслаҳат берса, шундай қилади. Кейин бу гапларни Муҳаббатга айтадими ё йўқми, маълум бўлади!

* * *

Эрталаб чой маҳалида Нортожи кириб келди. Нақ Сафаралининг юраги қинидан чиқиб кетай деди. Нортожи унинг шубҳаси борасида гап очмагач, кўнгли жойига тушди: «Хайрият, Ҳабиба айтмабди!» У бироз ўзига келиб, Нортожига Бўтавойдан келган хатни кўрсатиб, уч-тўрт кунга бориб келишга қарор қилганини, агар мана шу кунларда бормаса, кейинчалик ишга шўнғиб кетиб қўли тегмаслигини айтди. Гапининг охирида манзират қилди:

– Агар иложини қилсангиз ўзингиз ҳам юринг, поезд билан атиги беш-олти соатлик йўл, – деди.

– Раҳмат, – деди Нортожи миннатдорчилик билдириб. – Озгина зарур ишлар бор. Бўлмаса қимиз ичиб, ҳордиқ чиқариб келганга нима етсин. Аввал ўзингиз бир бориб келинг, агар маъқул жойлар бўлса, кейинчалик оила билан; сиз Муҳаббатни оласиз, биз Ҳабибани, машинага тушиб бир ҳафта ўйнаб келамиз.

– Маъқул.

– Ундай бўлса, қани кийининг. Шаҳар томонга бориб келадиган ишим бор эди. Сизни ҳам ишхонангизга ташлаб ўтаман.

– Э, яшанг! – деди Сафарали. Аммо кўнглида бироз ўнғайсизлик ҳам йўқ эмасди. – Муҳаббат, бўлмаса сиз у-буларни тайёрлаб туринг. Кечқурунги, соат бешдаги поездда кетаман.

Нортожи билан Сафарали бошлашиб чиқиб кетишди…

Сафарали уйга тушдан кейин қайтди. Келса ҳамма нарса тахт экан. Эр-хотин ўтиришиб, бир косадан шўрва ичиб бўлгунларича соат уч бўлди.

– Хўп, энди мен турай. Ҳа, деганда тўрт ҳам бўлиб қолади, – деди Сафарали ўрнидан қўзғалиб.

Муҳаббат ҳам турди. Сафаралининг, нимагадир, оғзининг таноби қочди. Бу Муҳаббат билан хайрлашгиси, уни бағрига босгиси келганидан эди. Бу – Муҳаббатга аллақачон таниш бўлиб қолган одат. Муҳаббат тайёрлаб қўйилган кичкина чамадонни олиб бериш учун каравот томонга энгашаркан, Сафарали уни бағрига босди. Муҳаббат юзини четга буриб, бирпасгина Сафаралининг кўксига бошини қўйиб, бағрида жимгина турди. У ҳаяжонданми ё оғироёқлигиданми, тез-тез нафас олар, Сафаралининг кўйлакчан бадани ёқимли бир ҳароратдан ёнар эди.

– Эсон-омон ўтиринг, – деди Сафарали Муҳаббатнинг қулоғига. Бу гапни у қичқириб айтдими, секин айтдими, билолмади.

– Йўлга чиқсангиз дом-дараксиз кетадиган одатингиз бор… – деди Муҳаббат бошини эрининг кўксидан олиб. Бу гапни у жавобни ўзи бериб қўйганидан сўнг, тезроқ қайтинг, деёлмагани учун айтганини Сафарали пайқади.

– Узоғи билан уч кун…

Муҳаббат Сафаралини кузатиб уйига киргач, худди бир азиз нарсасини йўқотиб қўйгандай, нима иш қилишини билмай каравотга ўтирди. Уй йиғиштирай, супуриб-сидирай деса, таомилга кўра, уйдан биров сафарга чиққан куни орқасидан уй супурилмайди. Эртага йиғиштирадиган бўлиб каравотга чўзилди. Кейин туриб китоб ўқиди. Бир вақт қараса, кеч кириб қолибди. Чиқиб Сожида опанинг қизи – Муҳайёни чақириб келди. Улар анча маҳалгача гаплашиб ўтириб, ухлаб қолдилар.

Муҳаббат одатига кўра бугун ҳам эрта турди, ҳовлиларни супурди, товуқларни ташқарига чиқарди. Кейин ичкарига кириб, ўрнини йиғди, Муҳайёни уйғотиб, қўлига сочиқ берди.

– Ювиниб келинг, чой ичамиз.

Қиз сочиқни елкасига ташлаб, ҳовлига чиқиб кетди. Муҳаббат унинг ўрнини ҳам йиғиб бўлиб, кечаги китобни столга қўймоқчи эди, стол устида ётган хатга кўзи тушиб қолди. «Сафарали акам тушмагур шошилинчда кечаги ўртоғидан келган хатни қолдириб кетибди, шекилли», деб ўйлаб бундай хатга қараса, бутунлай бошқача: Украина, г. Винница… Заремба. Муҳаббат қизиқиб, конвертни очиб қараса, бир қизнинг сурати… Кейин хатни ҳижжалаб ўқий бошлади…

Муҳайё ювиниб кирганида Муҳаббат бир аҳволда столда ўтирар, ранги оқариб кетган эди. Қиз қўрқиб кетди.

– Ойингизни чақиринг, – деди Муҳаббат бирор жойи оғриётгандай юзларини бужмайтириб.

Қиз эшикка отилди.

Сожида опа алпанг-талпанг югуриб кирганида Муҳаббат гилам устида у ёқдан-бу ёққа ағанар, инграр эди. Сожида опа нима қилишини билмай қолди. Ҳовлига чиқиб, қизига бақирди:

– Муҳай! Ҳай Муҳай ўлгур. Бери кел! Тез гузарга чиқиб «Тез ёрдам»ни чақиргин! – У шундай деди-да, зудлик билан уйга қайтиб кирди. – Вой шўрим, бу қандай беғам эркакки, хотинининг ой-куни яқинлашиб турганида кетиб қолса…

* * *

Сафарали бу маҳалда Омонкелди номидаги колхозга қатнайдиган пассажир машинада ўйдим-чуқур, четларида қамиш, жинғил ўсган сертупроқ йўлдан олдинга силжир, бақириб гаплашиб кетаётган йўловчиларнинг гапларига парво қилмас, ўз хаёли билан банд эди. Бу жойларнинг паст-у баланди, ўт-гиёҳлари Винницанинг чет ёқаларига сал-пал ўхшар, ўйдим-чуқур ерлар, ковланиб, ўт босиб қолган ариқлар, ташландиқ марзалар ўша уруш йилларидаги окопларни, траншеяларни эслатар эди. У машинада чайқалиб олға силжир экан, ўша йиллардаги манзаралар кўз ўнгидан липиллаб ўта бошлади.

Винница яқинидаги бир қишлоқ. Жангчилар ҳозиргина тиним топган отишмалардан сўнг милтиқ ва автоматларини бағриларига босганларича, окопда ҳордиқ чиқаришар, атроф лойгарчилик бўлгани учун уларни бир-биридан ажратиш қийин эди. Ўзлари шу аҳволда бўлсалар ҳам, ҳазил-мутойибани қўймас, кечқурунлари блиндажларда бошланган қизиқчилик оппоқ тонг отиб ҳужум бошланганида ҳам давом этар эди. Жангчилар орасида фарғоналик Расулжон тузуккина ашула айтар, айниқса унинг «чаман ичра» радифи билан айтиладиган ашуласи ҳаммага маъқул тушар эди. Бўтавой билан Бойзоқ-ку, ўзлари бир аҳволда юрсалар ҳам, кун бўйи окопда «чаман ичра»ни хиргойи қилганлари-қилган. Ҳатто Бўтавой душманга қарата ўқ узганида ҳам оҳангини ўзгартирмай:

– Тағин бири йиқилди, чаман ичра! – дейди.

Бунга Расулжон индамайди. Мийиғида кулиб қўя қолади. Бир гал ҳамма окопда жим ётган эди, тўсатдан ўқ узилди. Жангчилар бу кутилмаган ўқ товушидан ялт этиб қарашди. Ўқ узган Бойзоқ экан. У окопда навбатчилик қилар эди. Бўлим командири – украин йигит Тарас Прокопенко унга ўқрайиб:

– Шо се таке? – деди.

Бойзоқ парво ҳам қилмай, аввал отган томонига бўйнини чўзиб қаради-да:

– Атқан ўғим қате кетти, шамен ишре, шўрт вазми! – деди.

– Шо? – деди Тарас унинг нима деётганига тушунмай, кулгидан ўзларини тўхтатолмай думалаб қолишган жангчиларга қараб…

Сафарали ўтирган жойида пиқ этиб кулиб юборди. Ёнидаги йўловчи орқада ўтирган киши билан нима ҳақдадир баҳслашиб келаётган экан шекилли, бирдан ранги ўзгариб, Сафаралига ўгирилди:

– Нега куласиз?

– Ўзим, шундоқ…

Йўловчи Сафаралига бошдан-оёқ разм солди-да, елкасини қисиб, яна суҳбатдоши билан баҳсини давом эттирди.

Ҳақиқатан ҳам йўловчиларнинг гаплари Сафаралининг қулоғига кирмас, ўз хаёли билан банд эди. Тағин унинг кўз ўнгидан қуролдош дўстларининг таниш башаралари ўта бошлади. Тағин ўша Расулжон, Бўтавой, Бойзоқ… Бундай пайтларда, айниқса, жанг кетаётган маҳалда, жангчилар учун кулиб туриб хўмрайиш, хўмрайиб туриб кулиш ҳеч гап эмас. Вазият ўзи шундай: сал отишма тўхтаса бас, ҳазиллашишади, душман тараф бош кўтарса қовоқ уюшади. Бир гал ўқ товуши тиниб турганда, Бўтавой Бойзоқдан:

– Нега мўйлов қўйгансан? – деб сўраб қолди.

– Маскировка этувге, – деди овози дўриллаб Бойзоқ.

– Бу нима деганинг?

– Қудай тағалам, шўрт вазми, Баякенгнинг минав авзин бийиктев қилип жаратқанғўй. Сўни жосирип турувға…

Окоп ичи кулгидан янгради. Бойзоқ бўлса парвойи палак, кулаётганларга қараб:

– Нега кулесиндер? Зашем?.. – дейди.

Сафаралининг ич-ичидан кулгиси қистади-ю, ёнида ўтирган йўловчининг ўқрайгани эсига тушиб индамай қўя қолди. Автобус қир-адирларни орқада қолдириб ҳамон илгарилар, йўловчилар бир-бирларига гал бермай бақириб гаплашишар, баъзан автобус ичини янгратиб кулишар эди. Сафаралини ҳамон ўша даҳшатли йилларнинг кулги ва фожиага тўла таассуротлари тортар эди: немисларнинг Белгород – Курск томонларида бошлаган ҳужумлари.. похол тўшалган ертўла, бошидан яралангани ва ниҳоят, Галя уларни ўрмонга олиб боргани, партизанларга бориб қўшилгани, ярадор бўлиб қолган Бойзоқ билан хайрлашганлари…

Сафаралининг узуқ-юлуқ хотиралари аста-секин хира жонлана бошлади: ҳамма ёқ чанг-тўзон, қуюқ қора тутун, яллиғланган аланга. Ана, немисларнинг бир қирувчи самолёти «виғ-ғ-ғ» этганча шўнғиб келяпти… Сафарали беихтиёр бошини ушлаб пастга энгашди. Боши олдинги ўриндиқнинг темир суянчиғига қаттиқ урилиб, кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Бундоқ қараса, автобус кучаниб-чираниб тепаликка чиқиб кетаётган экан. Виғиллаётган нарса ҳам автобуснинг гази экан. Сафарали ўзини ўнглаб олиб, ёнида ўтирган йўловчидан сўради:

– Биродар, Омонкелдига анча борми?

Йўловчи унга: «Тилингиз бор экан-ку, оғайни», дегандек бир қаради-ю:

– Шу тепаликдан ошганимиздан сўнг… – деди. – Нима, биринчи келишингизми?

– Биринчи келишим.

– Кимникига кетяпсиз?

– Бўтавой деган оғайнимникига.

– Э, анави боғбонникига денг? Сафарали Бўтавойнинг нима иш қилишини билмаса ҳам йўловчининг гапини бош эгиб тасдиқлади.

Сал ўтмай автобус Омонкелдига кириб келди. Тепаликдан қараган кишига қишлоқ яққол кўринар эди. Ҳандалакдек ширингина қишлоқ экан. Автобус қишлоқнинг ўртасига келиб тўхтади. Ҳамма тушди. Охирги бекатда шинамгина чойхона ҳам бор экан. Ҳалиги йўловчи тушиши билан чойхона томонга қараб юрди ва келишгангина бир норғул йигит билан гаплашди. Кейин улар аста Сафаралининг олдига қайтиб келишди, йигит у билан сўрашди:

– Салом алайкум, меҳмон!

– Ваалайкўм… – деди Сафарали сал ийманиб.

– Аканемис акам ўзлари кўрсатадилар, Бўтавой боғбонникини.

Сафарали ҳайрон бўлиб ҳалиги йигитга қаради, йигит уни аста чойхона томонга бошлади. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, бир чойнак чой ичишди. Ҳалиги йигит, ўтирган жойида, ўтиб кетаётган чуваккина, чўққи соқол, духоба дўппи устидан кўк қийиқчани чамбарак қилиб танғиб олган, енгил кулранг куртка белидан белбоғ боғлаган бир чолни олдига чақириб, Сафаралини таништирди.

– Меҳмон. Бўтаникига келибди.

– Ҳа, тузук-тузук, бахтли бўлинг… – деди қария қўлларини кўксига қўйиб такаллуф билан.

– Энди гап бундай, Умрзоқ ота. Мен бир иш билан шаҳарга тушиб кетяпман, – деди ҳалиги йигит. – Шу автобусда…

– Ҳай, ҳай, йўлингизни берсин, – деди чол ҳамон кўксидан қўлини олмай.

– Икки-уч соатлардан кейин қайтиб чиқаман. Энди, оқсоқол, меҳмонни Бўтаникига ўзингиз бошлаб борасиз-да.

– Ҳай, жоним билан…

– Бўта уйида эмасдир-ов?

– Уйида бўлмаса полизда бўлади-да, – деди чол. Кейин Сафаралига қараб, қўшиб қўйди: – Ҳа, зап келибсиз-да, меҳмон.

Ҳалиги норғул йигит у ёқ-бу ёққа аланглаб, бирдан йўлнинг нариги чеккасида велосипедда келаётган ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги болани кўриб қолди-да, чақирди.

– Бери кел, Қувондиқ.

Бола унинг олдига келиб, велосипедидан тушди.

– Сен учиб бориб, Бўта акангни айтиб кел. Уйингизга меҳмон келди, дегин. Хўпми?

Бола сал эриниброқ «хўп» деди. Кейин ҳалиги йигит негадир чўнтагини ковлаб, янги эллик тийинлик олди-да, болага чўзди:

– Ма, мана бу чақани ол. Уч энди!

Бола велосипедига мушукдек сакраб, шахт билан педални босди. Чол хи-хилаб кулди:

– Аканемис ака ишди кўзини билади…

– Энди сизлар бораверинглар. Шаҳардан вақтлироқ чиқсам, мен ҳам бораман.

– Ҳай, – деди-да, Умрзоқ ота Сафаралини бошлаб йўлга тушди.

«Туппа-тузук йигитнинг исми Аканемис бўлгани нимаси?!» деб ўйлади Сафарали йўл-йўлакай. Сабабини Умрзоқ отадан сўрашга ботинолмади.

Бўтавойнинг ҳовлиси гузардан унча узоқ эмас, бор-йўғи беш-ўн минутлик йўл экан. Улар кириб келишганда ҳовлида тўладан келган, келишгангина бир аёл юрарди. Нотаниш одамга кўзи тушгач, бироз ҳангу манг бўлиб турди-да, тортиниброқ пешвоз чиқди.

– Меҳмонни кутиб олинг, Ризвон келиним, – деди Умрзоқ ота Сафаралига ишора қилиб. – Бўтавойди ўртоғи экан. Ўзбекистондан…

Ризвоннинг чеҳраси очилиб кетди.

– Сиз Сафарали ака эмасмисиз?

Сафарали қимтиниброқ бош силкиди. Улар худди илгаридан таниш одамлардай сўраша кетишди. Ризвон «Мен ҳозир», деб уйига қараб чопди. Бу маҳалда Сафарали билан Умрзоқ ота ҳовлини томоша қила бошладилар: ҳовли чорсигина, шинамгина экан. Уй кунгайга солинибди: анча кўркам, олди айвонли, берироқда ёғочдан сўри, сўри атрофи турли-туман гул, райҳон, жамбиллар билан яшнаб турибди.

Шу маҳал Ризвон уларни ичкарига таклиф қилди. Сафарали ҳурмат юзасидан отага йўл берди.

– Қани, марҳамат, Умрзоқ ота!

– Қани, қани, меҳмон… Ҳай, шундайми? Бахтли бўлинг…

Улар саранжом-саришта, озода, салқин уйга кириб ўтиришгач, Умрзоқ ота фотиҳа қилди.

– Хуш келибсиз, – деди Ризвон илтифот билан.

Улар энди бир-икки пиёладан чой ичган ҳам эдиларки, ташқаридан эркак кишининг товуши эшитилди.

– Ана, ўзлари ҳам келиб қолдилар, – деди Ризвон эшик томонга қараб.

Сафарали ўрнидан учиб турди. Эшикдан Бўтавой қулочини ёзиб кирди. Икки қадрдон дўст худди ёш болалардек қучоқлашиб, орқаларига қоқишиб кўришишди. Икковларининг ҳам кўзлари намланди. Буларни кўриб, бир чеккада турган Ризвон ҳам кўзига ғилт-ғилт ёш олди. Умрзоқ ота бўлса намланган кўзларини булардан олиб қочди. Ўтиришди. Сафарали ўртоғига қараб кўзларига ишонмас, нуқул: «Оббо Бўтавой-ей!» дер эди.

– Буни қара, ҳали ҳам ўша-ўша Сафаралисан, – дерди Бўтавой.

– Сен ҳам… Чакка сочларингга сал оқ оралабдими? – дерди Сафарали.

– Қўй, хотинимнинг олдида унақа дея кўрма!

Чой ичиб бўлингач, Бўтавой ўрнидан турди-да, тахмонда турган қора амиркон қинли чуст пичоғини олиб, Умрзоқ отани ташқарига имлади. Ота ўрнидан туриб: «Ҳай, ҳай», деганича ҳовлига чиқиб кетди. Бўтавой Сафаралига «ҳозир» деди-ю, отанинг кетидан ташқарига чиқди. Бир минут ҳам ўтмай қайтиб кириб Сафаралининг олдига чўкка тушди.

– Оббо сен-эй! Демак, хатни олибсан-да?

– Олдим-у йўлга тушдим.

– Яша, оғайни! Жуда хурсанд қилдинг-да! – Бўтавой тахмондан иккита ёстиқ олиб, Сафаралининг ёнига ташлади. – Ёнбошла, дўстим. Беш-олти соатлаб поездда ўтириш осон эмас. Толиққандирсан.

– Унчалик эмас…

Улар ёнбошлашишди.

– Ҳалиги Аканемис юборган бола бориб айтса ишонмабман…

– Вей, менга қара, бу одамнинг исми нега бунақа-а? – деб қолди Сафарали тирсагини ёстиқдан олиб. – Ким топган бу исмни?

– Раисимиз.

– Раис?!

Бўтавой бош ирғади.

– Қандай қилиб?

– Ўзи келади, ўшанда сўрайсан, – деди Бўтавой кулиб.

Сафарали ҳам ижакилаб сўраб ўтирмади. Бирор гап бўлса керак-да, деб ўйлаб, елкасини қисиб қўя қолди. Сал ўтгандан кейин:

– Ҳа, айтгандай, Бойзоқнинг аҳволи қалай экан? – деб сўраб қолди Сафарали.

– Ҳали ҳам ўша-ўша Бойзоқ. Ҳозир бир бошдан айтиб бераман, – деди-да, ўрнидан туриб ҳовлига чиқиб кетди. Ташқарида кимлар биландир гаплашди. Кейин сўри яқинидаги қудуқ чиғирининг «ғийт-ғийт»и эшитилди. Бир зум ўтмай оғзи берк оқ капрон бидон кўтариб кирди. – Эсим қурсин. Қудуққа ташлаб қўйган эдим… Қудуқ беминнат холодильник-да, ёзда!

– Ия!… Қимизми?

– Қўлбола… – деб жилмайди Бўтавой. Сўнг икки пиёлага тўлдириб қуйди. Қимиз юзига майда кўпикчалар қалқиб, жимир-жимир қилар эди. – Қани, сипқор!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации