Текст книги "Танланган асарлар"
Автор книги: Носир Фозилов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]
– Ҳа, айтгандай… Кўйлаклик мато олиб қўйдим, деган экансиз.
– Ҳа, дарвоқе… ҳой кампир, анов кунги читни ўраб, хуржунга сол. – Бобом бир нарса эсларига тушгандай сўрадилар: – Бу, дейман, Иззатулланинг нечта сигири бор?
– Иккита.
– Қизиқ, ўғли кунора бозорга келади-ку… Ё «Қовунқурт»дагиларнинг ёғ, сузмаларини ҳам йиғиб келармикин?
– Билмадим.
Эшакларимизга миниб, Чаманга йўл олдик.
Қорачиқ сойидан ўтиб, Қарсақли ўзанига яқинлашганимизда, қаршимизда бир қора кўринди. Яқинлашиб қолганида танидик: Карим кўзойнак дадаси миниб юрадиган қора йўрғада йўртиб келяпти. Шундоққина ёнимизга келганида:
– Ҳа, йўл бўлсин, кечлатиб… – деди Аъзам.
– Шаҳарга, – у шундай деди-ю, қовоқ-тумшуқ қилиб ўтди-кетди. Биз бир-биримизга қараб елкамизни қисдик.
– Хирмондан ҳайдалганидан бери ўроқчиларга қатиқ ташийдиган бўлиб олибди бу ярамас, – деди Аъзам. Кўриб турибман, у бу гапни ички бир ғазаб билан айтяпти.
– Ким айтди?
– Дадам.
– Қизиқ.
Бу бола худди ёнлари силлиқланган соққа ошиққа ўхшарди. Қайси томонга отсанг ҳам дик этиб олчи ёни билан туради. «Эшак карвон»дан ҳайдаган эдик, хирмонга қўриқчи бўлиб олди; қўриқчиликдан ҳайдаган эдик, мана энди ўроқчиларга қатиқ ташийдиган бўлиб олибди. Қаерга борса ҳам, нима иш қилса ҳам бир ишкал чиқармай қолмайди. Нечук у ерда тинч юрганийкин-а?
– Нима билан ташиётган экан?
– Нимани?
– Нимани бўларди, – дедим Аъзамнинг паришонхотирлигидан жаҳлим чиқиб. – Қатиқни-да.
– Э-э, уними? Ирискелди бобонинг бақироқ туясида.
Одатда, қишлоқдагилар шаҳарга эрталаб тушиб, кечқурун қайтиб чиқишар эди. Кечқурун тушган одам қўнмасдан чиқмасди. Карим кўзойнак қўнса керак, деб ўйладим. Шу маҳал бобомнинг бояги гапи қулоғим тагида тағин бир бор эшитилиб кетгандай бўлди: «…Иззатулланинг нечта сигири бор? Қизиталоқнинг ўғли кунора бозорга келади. Худди ўнта сигири бордай…»
«Қизиқ! Бизларда ҳам иккитадан сигир бор. Шаҳарга икки-уч ҳафтада бир тушамиз-у! Бу кўзойнак бошқаларнинг сариёғ, сузмаларини ҳам олиб тушса керак-да…»
Барибир, у ҳақда қанча ўйласам ҳам, Карим кўзойнакнинг қилиб юрган ишини ҳалолликка йўя олмасдим. Негаки, унинг яқингинада, яъни бундан тахминан йигирма кунлар илгари қилган бир иши кўз ўнгимдан сира кетмасди…
2. «Саллот этигини ҳаром қилма, болам»Буғдойга ўроқ тушганига энди бир ҳафта бўлган эди. Аъзам иккаламиз бир зарурат юзасидан шаҳарга кетяпмиз. Қуёш тикка кўтарилиб қолган. Жавзо. Кўланкаларимиз иссиққа дош беролмагандай борган сари бағримизга тиқилади. Эшакларимиз ўйиб ташланган чуқур йўлда тупроқни бир маромда поп-пуп босиб, ялқовгина қадам ташлайди.
Иккаламизда ҳам сас-садо йўқ. Темир йўлдан ўтиб, шундай йўл четига, икки ёғочга ўрнатиб қўйилган суратни кўриб, иккаламиз ҳам ҳанг-манг бўлиб қолдик. Каттакон матога бир оқ сочли аёлнинг сурати чизилибди. У олдинга жиддий боқиб, қўлини бигиз қилиб турибди. Қарашларида катта бир сеҳр бордай. У ёққа ўтсанг ҳам сенга қарайди, бу ёққа ўтсанг ҳам. Сурат тагига катта ҳарфлар билан: «Сен фронтга қандай ҳисса қўшдинг!» деб ёзиб қўйилган. Аъзам иккаламиз суратнинг бир у ёғига, бир бу ёғига ўтдик. Барибир, ҳалиги аёл биздан кўзларини олмай, қўлини бигиз қилиб турарди: «Сен фронтга қандай ҳисса қўшдинг?». Шаҳардан чиққанимиздан бери шуни ўйлаб келяпмиз. Мана, йигирма беш чақирим йўлнинг ярмини босиб ўтдик. Ҳали ҳам ўша ўй! Ўй билан бўлиб, йўл четидан чигирткаларнинг орқа оёқларини силтаб учишларига ҳам, сўфитўрғайларнинг ҳавода муаллақ қанот силкиб, саратон дастидан қилаётган нолаларига ҳам эътибор бермаймиз.
Бир пайт ёнгинамиздан шаҳар томонга нотаниш йўловчи ўтиб қолди: шу саратонда ҳам чакмон кийиб, белини қийиқча билан боғлаб олган. Бошида қалпоқ. Устига бир қоп-бир қоп нарса юкланган иккита эшакни ҳайдаб кетяпти. Аъзам бирпас йўловчининг орқасидан тикилиб турди-да, менга қараб жилмайди.
– Кўрдингми?
– Нимани?! – дедим ҳайрон бўлиб.
– Қишлоқда нима кўп, эшак кўп, – деди у кулиб.
– Нима бўпти?
– Йиғиб, анавиндай қилиб буғдой ташисак-чи? – деди у йўловчига ишора қилиб.– Загатовка!..
Мен унинг мақсадини дарров фаҳмладим.
– Қойил! Бироқ қишлоқдагилар кўнишармикан?
– Кўнишади. Ирискелди бобога айтамиз, ўзи гаплашади вакил билан.
– Бўпти.
Қишлоққа яқинлашганимизда йўлни тўғри «Қолғонкўл»даги хирмонга қараб солдик.
Ҳаммаёқни димоқни қитиқловчи янги, хушбўй буғдой ҳиди тутиб кетган. Ўроқ энди бошланган маҳал, иш қизғин. Буғдой ўрилиб, сап-сариқ анғиз бўлиб қолган пайкалларда мактаб ўқувчилари бошоқ териб юришар, нариги томондан бошларини рўмол билан маҳкам танғиб олган қиз-келинчаклар бричка аравага паншахада буғдой ғарамларини юклашар эди. Узоқдан таниб келяпмиз: Ирискелди бобо яланг оёқ хирмон совуряпти. Устида тердан ранги билинмай кетган яктак, белини маҳкам боғлаб, белбоғига чувда1212
Жундан эшилган ип, унда қопларнинг оғзи тикилади.
[Закрыть] қистириб олган… Бошида қозоқи кигиз қалпоқ, қайирмасида жуволдиз санчиқлиқ. Чанг, қипиқ босган юзидан бир-икки томчи тер пастга чизиб тушибди. Ғир этган шабада бўлмаса ҳам Ирискелди бобо ёғоч курак билан ҳавода буғдой шопиради… Бирданига тўртта хирмон тушибди бу жойга. Биттасига Ирискелди бобонинг кичкина набираси пол босяпти. Катта набираси Ғанишер эса нариги хирмонда тўрт-бешта отни қатор боғлаб, ўзи бирига миниб олиб ҳайдаб юрибди. Анави чеккадаги хирмон ҳали янги кўринади. Аравада устма-уст ғарам олиб келиб ташлашяпти.
Салом бериб, эшакларимиздан тушдик.
– Катта йигит бўлинглар, – деди Ирискелди бобо бизга парво қилмай. Биз индамай бобонинг буғдой совуришига қараб турардик. Сап-сариқ буғдой тепа бўлиб уюлиб ётипти. Топ-тоза! Хирмон этагида нимадир ўраб қўйилган сочиқ, унинг ёнида хурмача, ичига қошиқ солинган заранг… Нарироқда иссиқдан худди резинка копток палласига ўхшаб қовжираб қолган ҳандалак косасининг пўчоғи.
Иккаламиз ҳам боя йўлда ўйлаган ўйимизни тезроқ Ирискелди бобога айтсак деймиз. Бироқ у курагини ерга қўя қолмайди. Биз бир-биримизга қараймиз. Ниҳоят Ирискелди бобо ишдан тўхтаб, қалпоғи тагидаги рўмолчаси билан юзларини артди-да, курагига суяниб бизларга қараб:
– Қани, Аъзам, мана бу буғдойнинг орқасига ўт-чи, – деди.
Аъзам уйиб қўйилган буғдой орқасига ўтди.
– Қарагин-чи, мен кўринаманми? – деб сўради яна.
– Йўқ, кўринмайсиз, бобо!
– Илоҳим кўринмай кетай, бўтам, – деди Ирискелди бобо хурсанд бўлиб. Кейин билсак, Ирискелди бобо ҳосилни ўлчаётган экан.
Шундан кейин биз бобонинг хурсандлигидан фойдаланиб, мақсадимизни айтдик. У гўё бир нимани эслагандай: «Дарвоқе», деб соқолини тутамлаб, бироз ўйга толиб турди-да:
– Полномош1313
Уполномоченный – (вакил) сўзининг бузилгани.
[Закрыть] болам, ҳай полномош болам! – деб қичқирди.
Чеккароқдаги янги хирмон соясида нималарнидир ёзиб-чизиб ўтирган киши биз томонга ялт этиб қаради. Ўрнидан аста туриб, бобонинг олдига келди. У ўрим-йиғим пайтида қишлоғимизга бириктирилган вакил эди. Бошида оқ коломинка кепка, эгнида оқ кўйлак, белини ингичка белбоғ билан боғлаб олган, попугини ёнига осилтириб қўйибди. Галифе шим, этик. Яқинлашганда кўрдим: худди бурнининг тагига қўнғиз ёпиштириб олгандай мўйлов…
– Хўш, оқсоқол? – деди у Ирискелди бобонинг ёнгинасига келиб. Кейин «нима гап?» дегандай, бизларга бир-бир қараб қўйди.
– Бир гап чиқиб қолди… – Бобо бизнинг режамизни унга ўзимиздан ҳам зиёд қилиб айтиб берди. – Хўш, бунга нима дейсиз?
– Ҳозироқ раис билан гаплашиш керак. У киши ҳам йўқ демайди, биламан, – деди қўлларини уқалаб. – Яшаворинглар! Шу бугуноқ бўш эшакларни тўпланглар. Аъло фикр! Йигирмата эшак йиғилса, ўрта ҳисобда эллик килодан ғалла юкланса… Уҳ-ҳў, бу деярли бир тонна ғалла деган сўз. Ҳар куни!.. Хўш, нечта бола керак бўлади?
– Бешта эшакка битта бола етади.
– Баракалла! Яшаворинглар!
Шу куниёқ тўпланган эшакларнинг сони йигирмадан ошиб кетди. Болалардан: Жалил, мен, Карим кўзойнак, Аъзам, Ҳолиқ бобонинг набираси Ғанишер борадиган бўлдик.
Шу-шу бўлди-ю, «Эшак карвон» аталиб кетдик. Эшитишимизга қараганда, бу ташаббусни бошқа қишлоқдагилар ҳам маъқуллашибди. Уч-тўрт кундан сўнг заготзерно эшиги олдида бошқа қишлоқлардан келган «Эшак карвон»ларни ҳам кўрдик.
Оғзимиз қулоғимизда, илгарилари йўл чеккасида турган суратдаги аёл ҳар ўтганимизда: «Сен фронтга қандай ҳисса қўшдинг!» деб таъна қилса, энди гўё: «Фронтга сен ҳисса қўшяпсан!» деб бизларни, фақат бизларни кўрсатиб тургандай бўларди.
Кундуз кунлари жун қопларга буғдой солиб, оғзини тикиб, тайёрлаб қўямиз-да, саҳарда – Чўлпон юлдузи туғилган маҳалда қопларни эшакларга юклаб, йўлга тушамиз. Битта эшакнинг юкини сал енгил қилиб, устига чўққайиб миниб оламиз-у, тўрттадан эшакни етаклаймиз… Баъзан йўлда Карим кўзойнак уйқуни қочириш учун ғалати қўшиқлар, латифалар айтиб беради.
Шундай қилиб, заготзернога етиб борганимизни ҳам сезмай қоламиз. Ҳар куни шу аҳвол: шаҳарга эрталаб келамиз. Буғдойни топшириб, туш маҳалда қишлоққа етиб борамиз. Йўлда, Қорачиқ сойига келганда чанг босган уст-бошларимизни қоқиб-суқиб, чўмилиб, афт-башараларимизни ювиб оламиз…
Бир куни тўққиз юз қирқ кило деб олиб келган ғалламиз заготзернода тўққиз юз ўн саккиз кило чиқиб қолди. Қоплар у ёқда ҳам, бу ёқда ҳам тарозига кўтарасига қўйилади. Бағбақаси осилиб тушган, хўппасемиз, қирғизбашарасидан ёғ ҳиди анқиб турадиган тарозибондан шубҳалана бошладик. Барибир кам! Нима бўлди ўзи?
Ғаллани топшириб бўлиб, жун қопларимизни қўлтиқлаб кўчага чиқсак, орамизда Карим кўзойнак йўқ. Тўполонда унинг бор-йўқлигини ҳам пайқамабмиз. Анча кутдик. Бир маҳал қўлтиғига каноп қоп қистириб олганча бир новча бола билан бозор томондан тиржайиб келиб қолди. Негадир унинг бу иши ёқинқирамади бизларга.
– Аммамнинг ўғли, – деб таништирди Карим кўзойнак ёнидаги болани. Манглайига бир тутам соч қўйиб олган бу ориққина бола бизлар билан бир-бир қўл бериб кўришаркан, «Эрик» деб бош силкир, шаҳарлик учар болалардан эканлиги кўриниб турарди. У бизларни катта йўлгача кузатиб қўйиб, кетига қайтди…
Қорачиққа келиб сув ичиб, чўмилиб, яна йўлга тушдик. Бироз юрмасимизданоқ Карим кўзойнак қорнини чангаллаб вой-войлай бошлади.
– Нима бўлди? – сўраймиз атрофини ўраб.
У зўрға:
– Ўрик… – дейди.
– Ўрик?! Э, ўрик еб, совуқ сув ичса қорин оғрийди, дейишарди, – дедим мен.
– Ўрикни қаёқдан олиб ея қолувдинг? – деди Аъзам бир нарса сезгандай.
– Аммамнинг ўғли… – дейди-ю, қўлтиғидаги нарсани баттар бағрига босади.
– Буёққа бер, – деди Аъзам ўроғлик қопга қўлини чўзиб. – Нима, еб қўярмидик? Ўзи нима аҳволда-ю, бағрига босади тағин?
– Нима экан ўзи?
Аъзам каноп қопдаги нарсани ушлаб кўриб, Розиқнинг башарасига тикилди.
– Этикми?! Қаёқдан олдинг?
– Аммамнинг ўғли…
Аъзам каноп қопни тортиб олиб, ерга ағдарди: бир жуфт кирза этик гурс этиб ерга тушди. Қопнинг бурчак-бурчагидан бир сиқимча буғдой тупроқ устига дув тўкилди…
Ҳамма нарса аён бўлди. Карим кўзойнак йўл-йўлакай «заҳар танг қилиб қолган» бўлиб, орқада қолар экан-у, каноп қопга буғдой солиб, «аммасининг ўғли»га оширар экан. Кейин ҳаммамизнинг қопимиз кўтарасига тортилганда, унинг айби ёпилиб қолаверар экан. Шу заҳотиёқ уни «карвончилар» сафидан бўшатдик. У айбига иқрор бўлиб, бу гап шу ерда қолишини ялиниб сўради. Иккинчи бундай қилмайман, деб ёлворганидан сўнг бошқа индамадик.
Карвонимиздан ҳайдалгандан сўнг Карим кўзойнак хирмон атрофида ишлай бошлади: сув олиб келади, чувда эшади, буғдой қоплашади… Бора-бора отга миниб қўриқчи ҳам бўлиб олди. Бизларни кўрса хўмрайиб, салом ҳам бергиси келмайди.
Шу кунларда ёш болалар ҳам бошоқ терар, уч марта хирмонга тўкиб, бир марта ўз уйларига олиб кетишга ҳақли эдилар. Кеча Аъзамнинг кичкина синглиси ўз улушини уйига олиб кетаётган экан, Карим кўзойнак отда орқасидан қувлаб бориб, қўлидаги халтасини тортиб олибди. Бечора қиз чинқирганча қолаверибди. Шу билан у бизлардан анави ишимиз учун ўч олибди гўё…
Шаҳардан қайтиб, у билан бир очиқчасига гаплашиб, таъзирини бериб қўймоқчи бўлдик. Нима, бизлар кўпчиликмиз, у битта. Иззатулла ҳисобчининг ўғли бўлса ўзига! Тинч юрсин-да…
Тушда хирмонга етиб келсак, хайрият, у бор экан. Бир нимани сезгандай, Ирискелди бобога шошилинч нимадир деди-ю, отига мина бошлади. Икки марта сакраб зўрға минди. Мен аста бориб, отнинг жиловини ушладим. Аъзам хотиржам унинг ёнига бориб:
– Қани, буёққа туш-чи, – деди.
– Нимага?
– Гап бор.
– Нима гапинг бор, айтавер, – деди Карим кўзойнак ранги докадек оқариб, кўзойнаги офтобда ярқираб кетди.
– Туш деяпман сенга! – деб уни Аъзам юлқиб юборди. Карим кўзойнак қулаб тушай деди сал бўлмаса. От жиловини ушлаб туриб, бир ғалати нарсага кўзим тушиб қолди: Карим кўзойнак от ёлини қучиб пастга энгашганда, ўнг оёғидаги кирза этиги қўнжидан шув этиб буғдой тўкилди. Жаҳлим чиқиб кетди! От жиловини чаққон Ғанишга тутқаздим-да, бир сакраб, уни отдан ағдардим. Бирпасда тўполон бўлди-қолди. Жаҳл устида Аъзам йиқилиб ётган Каримни икки марта тепди, кўзойнаги учиб кетди. Қаёқдандир қўлида кураги билан Ирискелди бобо етиб келди.
– Ҳой, бўталоқларим, нима бўлди сенларга? Ҳой, жинқарча, бас!
Ҳамма четга чиқди. Ўртада сўппайиб Карим қолди. Қўлида ҳозиргина тимирскилаб топиб олган кўзойнаги. Шу пайт вакил йигит ҳам етиб келди:
– Нима гап ўзи?
– Этигини ечсин, нима гаплигини биласиз… Еч этикни!
– Сенга айтяпмиз, – деди Аъзам. Шунда ҳам Карим ўртада безрайиб тураверди. Ирискелди бобо билан вакил йигит ҳали ҳам ҳайрон. Аъзам шахт билан бориб, Каримни итариб юборди. У гандираклаб ўтириб қолди. Яна кўзойнаги учиб кетди. Мен унинг ўнг оёғидаги этигини суғуриб олиб ерга тўнкардим… Анчагина буғдой тўкилди ерга.
– Ўйноқлаган тойлоқ ўт босмайин қўймайди. Ўйноқлаб, уйингга тез-тез бориб келишингдан қўрқувдим. Бундан чиқди, ҳар уйингга борганингда шунча буғдой кетаркан-да! Қани, еч этикни, ҳисобчининг арзандаси, саллот этигини ҳаром қилма! – Бобонинг соқолларигача титраб кетди. – Ҳалолнинг қадами олти қулоч-у, ҳаромники бир қарич… Эҳ!
Карим чап оёғини ҳам аста этикдан суғуриб олди; шув этиб анча буғдой ерга тўкилди.
– Ҳар куни неча марта бориб келардинг «Қовунқурт»га? – сўради вакил астагина.
– Шу эди холос… – деди Карим йиғламсираб.
– Ростингни айт!
– Рост, мана Қобилдан сўранг, ишонмасанглар… – деб ёнида турган укасига қаради.
– Тулки ўз думини гувоҳликка чақиряпти, – деди кимдир.
Бирдан кулги кўтарилди.
– Бор энди, туёғингни шиқиллатиб қол! – деди Аъзам. – Иккинчи хирмонга яқинлаша кўрма!
Карим аста ўрнидан турди-да, анғизлар орасини пайпаслаб кўзойнагини топиб олганча, худди ўғри мушукдек орамиздан сирғалиб чиқиб, орқа-олдига қарамай жўнаб қолди. Ирискелди бобо астойдил хафа бўлиб, вакилга қараб деди:
– Мана, кўриб қўй, полномош бола, қўли эгри болани! Тағин бу ҳисобчининг ўғлимиш-а!
3. ЧаловдаЧаловга чиққанимизга уч кун бўлди.
Айтгандай, чалов нима, биласизми? Чалов – сувда ўсадиган яшил япроқли ўсимлик. Жуда қалин ўсади, ҳар йили ёзда бир марта ариқни тозалаб турилмаса, қишлоққа оқаётган ҳозирги сувнинг ярми ҳам бормайди, чалов сувни тўсиб, оқишини сусайтириб қўяди.
Қорачиқ деган сойимиз бор. Шу сойдан қишлоғимизга бир ариқ чиққан. Уни Белариқ деб аташади. Айтгандай, шаҳарга олиб борадиган йўл ҳам шу ариқ билан ёнма-ён. Бу ариқ шаҳар билан Чаманнинг ўртасида – белида бўлгани учун шундай деб аташса керак-да. Уч кун бўлди – Белариқда кўкрагимиздан сув кечиб чалов оляпмиз. Бор-йўғимиз ўн икки киши. Қўчқор муаллимдан бошқа ҳамманинг қўлида ўроқ. Сувни вақтинча бошидан тўхтатиб қўйган бўлса ҳам, ариқ жуда чуқур. Кўлмак сувнинг ўзи ҳам баъзи жойларда кўкракдан келади. Ариқ ичи майда қамиш, қўға… Чаловни олишга халақит беради. Аҳён-аҳёнда икки оёғимиз ўртасидан, қўлтиғимиздан шув этиб сувилон ўтиб қолади. Баъзи қўрқоқ болалар сувни чалп-чулп кечиб ариқ бўйига қочиб чиқишади. Мен қўрқмайман демоқчи эмасман. Ҳарҳолда илон – илон-да… Эрталаб сувга тушгинг келмайди. Совуқ. Тананг сесканади. Қуёш тиккага келганда, сув анча исийди-ю, бироқ бошингдан офтоб ўтиб кетади. Булутли кунларда маза. Башарангга тез-тез сув тегиб, офтобда қурийверса ҳам бўлмас экан. Нақ чаккаларинг тиришиб, ёрилиб кетай дейди.
Назаримда, ишимиз унмаётгандай. Кунига уч юз, уч юз эллик метр ариқнинг чаловини оламиз. Ариқ бўйида олинган чаловлардан аввал ям-яшил уюмлар ҳосил бўлади-да, сўнг офтобда қуриб, қовжираб, сарғиш тортиб қолади. Ариқ ичида чалов ниҳоятда қалин, бунинг устига сувда юриб ишлаш жуда мушкул.
Уч кун бўлди. Шу уч куннинг ўзи ҳам анча мадоримизни олиб қўйди. Бироқ руҳимиз тетик, ҳазил-мутойиба авжида. Чаловда қизлар, жувонлар йўқ. Фақат мактабда ўқийдиган болалар, йигитлар. Ҳозир орамизда фақат Карим кўзойнак йўқ. У бизларга қатиқ ташийди. Бошқалар шу ерда: Абдунаби ҳам, Аъзам ҳам, Жалил ҳам… Раис бобо айтган гапининг устидан чиқди. Тушда бир маҳал иссиқ овқат қилиб беряпти. Ёрма гўжа! Қўчқор муаллимнинг ўзи пиширади. Бунинг устига сувдан унча-мунча балиқ тутиб, қовуриб еб турамиз. Аммо Карим кўзойнак туяда олиб келадиган қатиқда на маза бор, на матра. Исой бобога одам юбориб суриштирсак: «Мен бузилмаган қатиқ бераман, агар ишонмасанглар текшириб олинглар», деб анча хафа бўлибди. Шундан кейин тағин Карим кўзойнакдан шубҳалана бошладик. Мен тунов кунги бобомнинг гапини айтиб бердим: болалар ҳайрон бўлишди.
– Суюлтириб олиб келганига қараганда сув қўшса керак-да, лаънати, – деди Аъзам.
– Ферма билан Белариқ ўртасида сув йўқ-ку, қандай қилиб қўшади.
Бизлар чуғурлашиб турганимизда қўлтиқтаёқда оқсоқланиб Қўчқор муаллим келиб қолди. Шундай бўлса ҳам Аъзам гапни давом эттирди:
– Ламаймизмирой?
– Дайқан либқи? – деди Аъзам.
Қўчқор муаллим бу қанақа тил, дегандай бизларга қаради. Бизлар мактабда шунақа тилда гаплашамиз, майнабозчиликка. Масалан, бир сўзни айтмоқчи бўлсак, у сўзнинг охирги бўғинини олдига олиб гапираверамиз. Қизларники бошқача. Улар, масалан, «Уйга кетасанми?» демоқчи бўлса, «ултишга келтишасанми?» деб гапиради. Ҳозир Аъзам бундай гапираётганининг сабаби майнабозчилик эмас, Қўчқор муаллимга билдирмай, Карим кўзойнакни пойлаймизми, деяётган эди. У Абдунабининг: «Қандай қилиб?» деган сўроғига жавоб берди:
– Татўрт лабо либбў лаймизпой. Римизби манингфер даёни, римизби таўр дайўл. Михўп?
– Тибўп.
– Чонқа мизбошлай?
– Рби атдансо нгсў.
Қўчқор муаллим бироз ҳайрон бўлиб турди-да, охири чидаёлмади шекилли, сўради:
– Ҳой, болалар, бу қанақа тил ўзи? Ветнамчами? Нима деяпсизлар?
– Тағин бир соатдан сўнг тўртта бола бўлиб Қорачиққа балиқ тутгани борамиз. Муаллим рухсат берармикан, деяпмиз, – деди Аъзам айёрона кулиб.
– Боласи тушмагурлар-эй. Шу гап экан-у, тўғри гапириб қўя қолсаларинг бўлмасмиди?
Абдунаби қиқирлаб кулиб юборди. Билдириб қўймаса эди, деб турибмиз ичимизда. Аъзам шайтон бунинг ҳам иложини топди.
– Абдунаби, Аъзам, Эргаш, қани бир ҳаракат қилайлик… Ҳадемай балиқ овига борадиган маҳал ҳам бўлиб қолади.
Ишга тушиб кетдик. Қўчқор муаллим овқатга уннай бошлади. Ўчоқ кечаги жойда бўлгани учун бизлардан анча нарироқда қолиб кетган.
– Муаллимга ўтин йиғиб бериш керак, – деди Аъзам.
– Озгина ишлайлик, кейин бориб туяқорин судраб келамиз.
Туяқорин деган нарса ростдан ҳам туянинг қорнидай катта, сал шамол турса, илдизидан қўпорилиб юмалаб юради. Шохида тикани кўп, уни ўша қўпорилган илдиздан ушлаб олиб келмаса, қўлга тикани санчилади.
Овқатга чамаси ярим соатлар қолганда тўрт бола ариқдан чиқиб, тўртта туяқорин судраб келдик. Қўчқор муаллимнинг боши осмонга етди. Қозонга сув қуяётганда рухсатини олдик.
– Балиққами энди? – деди у таёғига суяниб қаддини ростлар экан.
– Ҳа, – Аъзам бизларга қараб кўз қисди.
– Майли-ю, кечикмай келинглар. Ҳадемай қатиқ ҳам келиб қолади.
– Хўп.
Кийимларимизни ҳам киймасдан чопганимизча йўлга тушдик. Ферма билан Белариқ ўртаси уч километрча келади. Ўрталиқда тўп-тўп жинғил, тўронғиллар… Худди тўқайга ўхшайди. Ўртасига кириб кетса, отлиқ у ёқда турсин, туя минган ҳам кўринмай кетади.
Тўрт бола тўрт жойда Карим кўзойнакни кутиб турибмиз. Бошимиздан, баданимиздан офтоб ўтиб боряпти. Атроф жимжит. Фақат қаердадир, сояда чигиртка иссиқдан нолиб чириллайди. Қаердадир бир бўзтўрғай бўзлайди. Менинг ёнгинамда бир сўфитўрғай худди тушай деса тушолмаётгандай бир жойда туриб қанот силкиб, вижирлайди. Буни Аъзам кўрса, унга ҳам ҳазил қилган бўларди: тушолмайдиган бўлсанг нега чиқасан, деб.
Жинғил тупларининг панасида пойлаб турибмиз. Бир томондан офтоб қиздириб, иккинчи томондан жинғилнинг тамакиникига ўхшаш аччиқ ҳиди димоғимизни ачиштириб, жиққа терга тушириб ташлади. Бўйинларимизга жинғил гули ёпишиб қичиштиради. Шу туришимизда атайлаб қидириб келган одам ҳам тополмайди бизларни.
Ана, ферма томондан бир қора кўринди. Шу бўлса керак… Йўқ, у отлиқ экан, қишлоққа қараб кетди.
Яна битта қора кўринди! Буниси албатта Карим кўзойнак… Айтганим келди. Ўша!
Болаларга: «Жойларингдан қимирламанглар», ишорасини қилди Аъзам. Яқинлашиб қолди. Карим кўзойнак туясини савалаб, лўкиллатиб келяпти. Савалаган сайин бақиради туя бечора. У шундоққина ёнимиздан ўтиб кетди. Қимир этмай турибмиз. Туянинг овози анча узоқлашди. Бизлар бир жойга тўпланиб бошимизни кўтариб қарадик.
– Жинғилларни паналаб қорама-қора бораверамиз.
– Кетдик.
Бирдан туянинг қораси кўринмай, овози ўчиб қолди. Йўқотиб қўйдик. Энди нима қилдик, деб ҳайрон бўлиб турсак, Аъзам жеркиб берди:
– Нима қилиб турибсанлар, юрмайсанларми?
– Қаёққа?
– Э, қанақасанлар!– деди Аъзам жаҳли чиқиб. У осмонга имо қилди. Сал нарироқда, тепада беш-олтита қора зағчами, қора қушнинг палапонларими, айланиб учиб юрарди: – Тепада қуш айланса, албатта, тагида бир гап бор, деявер.
Қушлар айланаётган жойни мўлжаллаб бораётгандик, Аъзам таққа тўхтади. Бармоғини оғзига кўндаланг қилиб: «Жим!» деди.
– Ана, ана, кўрдингми?.. Ҳув, катта туп жинғилнинг тагига қара!
Ҳаммамиз аниқ кўрдик. Туя чўкиб ётарди. Карим кўзойнак жинғил тагида ғимирлаб юрибди… Ана, туяга минди. Туя бир бақириб ўрнидан турди-да, йўлга тушди. Узоқлашгандан кейин ҳаммамиз югуриб бордик, ўша жойга қарасак, жинғил атрофи шўрхок эмасми, топталавериб тупроғи ўйнаб кетибди. Туя бир марта чўкканига бунчалик бўлмайди. Бир пайт Аъзам жинғил тагидан каноп қопга ўроғлиқ нарсани судраб чиқди. Очиб қарасак, жигарранг каструлка, ичида эндигина кувидан олингандай, ҳали унча етилмаган оппоқ сариёғ!
Анграйиб қолдик.
– Вой, аблаҳ! – деди Аъзам.
Бизларга ҳамма нарса аён бўлди: бу акам ҳар куни фермадан чиққандан туя жониворни савалаб, бақиртириб, лўкиллатиб келаркан-да, шу жойга етганда чўктириб, бидонларнинг оғзини очаркан. Қарабсизки, икки бидондан икки килодан тўрт кило ёғ чиқиб турибди-да ҳар куни! Мана унинг шаҳарга кунора тушишининг сабаби!
– Қани, кўтаринглар, – деди Аъзам. – Кўзойнак кетиб қолмасдан етиб боришимиз керак.
– Кетдик!
Икки бола қопнинг икки томонидан кўтариб, йўлни бошқа ёқдан солдик. Бирпасда етиб бордик. Хайрият, Карим кўзойнак ҳам эндигина келиб, туясини чўктираётган экан – йўлнинг буёғига секин ҳайдайди-да, хумпар!
Қопни бир чеккага олиб бориб қўйдик. Қўчқор муаллим сезиб қолган экан:
– Ўҳ-ҳў, ўлжа катта-ку, – деди жилмайиб.
– Катта! – дедик.
– Лаққа тутдингларми дейман?
– Ундан ҳам зўрини…
– Қани кўрайлик.
– Кейин… – деди Аъзам ялингандай.
Қўчқор муаллим Аъзамнинг жавобидан ҳайрон бўлиб елкасини қисиб қўя қолди.
Одатда соат бирлар атрофида чаловчилар бир литрдан қатиқ ичишиб, яна ишга тушадилар. Соат учларга бориб, иссиқ овқат тайёр бўлади. Ҳамма товоқларини кўтариб бидон атрофига уймалашиб қолди… Бидон очилиб, бир товоққа қатиқ қуйилганда:
– Яна кечагининг ўзи, – деди Жалил. – Бундан айрон минг марта яхши!
Аъзам чидаёлмади. Жадал бориб бидоннинг ичига энгашиб қаради:
– Нега мунча суюқ?
Карим кўзойнак индамади.
– Мен сендан сўраяпман, нега суюқ?
– Мен қаёқдан биламан, – деди у кўзларини чақчайтириб. Лекин нимадандир хавотирланаётганини хатти-ҳаракатидан сезиш мумкин эди.
– Билмайсанми?
– Билмайман.
– Эргаш, олиб кел, – деб имлади Аъзам. Абдунаби иккаламиз бояги каноп қопни келтириб, болаларнинг ўртасига қўйдик. Карим кўзойнак турган жойида бақрайганча қотиб қолди. Болалар ҳайрон. Қўчқор муаллим ҳеч нарсага тушунолмай ҳаяжонда. Аъзам қоп ичидан каструлкани олиб очди.
– Буни ҳам билмайсанми?
Карим кўзойнакдан садо чиқмади.
Аъзам бир тарсаки қўйиб юборди. Карим кўзойнак ағдарилиб тушди. Ойнаги бир томонга учиб кетди. Аъзамни болалар ушлаб қолишди. Қўчқор муаллим ўртага чиқди:
– Тўхтанглар, нима гап ўзи?
Мен воқеани бир бошдан тушунтириб бердим. Ҳамма ғазабга минган. Қўйиб берса Каримни кўзойнаги билан еб қўядигандай. Барибир бўлмади: биринчи бўлиб қатиқ олган Жалил ўзини тутолмади, қўлидаги товоқни қатиқ-патиғи билан Карим кўзойнакнинг башарасига отди. Яхшиямки кўзойнаги ерга тушган, бўлмаса ойнаси синиб, кўзини чиқариб юборармиди!
Болалар Жалилни ушлаб қолишди-ю, бироқ унинг оғзини ушлашолмади. Етти пушти қолмади Карим кўзойнакнинг. Хумордан чиққунча сўкди. У бўлса ғингшиб, йиғлаб, башарасини артарди. Қўчқор муаллим аста бориб, уни қўлтиғидан суяб турғазди.
– Қани, буёққа келинг, ўғлим, – дея уни ариқ бўйига олиб борди. – Бир юзчаларингизни ювинг-чи…
Карим кўзойнак юзларини ювди, артинди, кўзойнагини тақди. Қўчқор муаллим уни ариқ бўйига ўтқазди. Ҳамма балога тикилгандай тикилиб турибди.
– Қани, ўғлим, айтинг-чи, мана бу нима? – Қўчқор муаллим унга ариқдаги сувни кўрсатди.
– Сув… – деди Карим кўзойнагини йилтиратиб.
– Сув нима демакдир?
Карим кўзойнак саволга тушунолмадими ё ҳозирги аҳволга бу саволнинг нима алоқаси бор, дедими, миқ этмай тураверди.
– Сиздан сўраяпман?
– Билмадим…
– Билмасангиз, яхшилаб билиб олинг: сув – ҳаёт демакдир. Бу сув қишлоғингизга ҳаёт олиб боради, экинларингизни суғоради, дон бўлади, қовун-тарвуз, пахта бўлади. Тушундингизми?
– Тушундим.
– Энди мана бунга қаранг, – деди Қўчқор муаллим ариқ бўйидаги бир уюм чаловни кўрсатиб. – Бу нима?
– Чалов.
– Буни нима учун оляпмиз сувдан?
– Сув тезроқ оқсин, деб…
– Сувнинг йўлини тўсмасин, деб-а?
Карим кўзойнак бошини қимирлатди.
– Шу сув йўлидан, ҳаёт йўлидан мана бу ғовни, – Қўчқор муаллим уюлиб ётган чаловларни кўрсатди, – олиб ташлаётганларнинг насибасини туя қилган одамни нима десак бўлади?
Карим кўзойнак индамади.
– Ундай одамнинг мана бу чаловдан нима фарқи бор? – Қўчқор муаллим титраб кетди. Жаҳли чиққанини биринчи марта кўриб турибман, кўкариб кетаркан: – Вей, муштдай бошингизга шунча айёрлик қандай қилиб сиғди, а? Ким ўргатди сизга?
– Отасидан ўрганган-да! – деди кимдир.
Карим кўзойнак йиғламсираб, башарасини буриштирганча, миқ этмай ўтирарди. Қўчқор муаллим болаларга қараб деди:
– Қани, болалар, нима қиламиз буни?
Қўчқор муаллимнинг у билан «сиз»лаб муомала қилаётганини кўрган болалар энди бунга унча жазо ҳам бермаса керак, деб ўйлаб турарди. Шундай бўлса ҳам:
– Энди бунга қатиқни ишониб бўлмайди, – деди Жалил дўриллаб.
– Чаловга тушсин. Шунда билади у бу ишнинг оғирлигини. Нима, бизлардан ортиқ жойи борми бу текинхўрнинг!
Бошқалар ҳам шу фикрга қўшилди:
– Тўғри!
– Йўқ, – деди Қўчқор муаллим. – Хайрли ишга тўғаноқ бўлганни мана бу чаловдай четга чиқариб қўйиш керак. Шу бола ишларканми?! Йўқ, ишлайдиган одамнинг турқи бўлак бўлади. Бу ишимизга фақат халақит беради, холос.
– Муаллим тўғри айтади. Нима, шунинг ёрдамига зор қолибмизми? Ариқни ҳам ҳаром қилади бу қовунқурт!
Мен ҳам чидаб туролмадим. Унинг илгариги ишлари ҳам эсимга тушиб кетди.
– Бу ярамас «Эшак карвон»га ҳам доғ туширган, – дедим. – Хирмондан буғдой ўғирлаган. «Саллот этиги»ни ҳаром қилиб…
– Ана! – деди кимдир менинг гапимни тасдиқлаб.
– Энди, яхши йигит, шу дақиқадан бошлаб озодсиз, – деди Қўчқор муаллим. – Бу ишни ҳам эплаёлмадингиз.
Карим кўзойнак аста ўрнидан туриб, туяга бораётган эди:
– Туяни ўз ҳолига қўйинг, – деди Қўчқор муаллим. – Бечорани шунча кундан бери бегуноҳ савалаётганингиз ҳам етар… Йўнғичқа ўраётганларнинг улушини мана бу болалардан бири элтиб беради.
Карим кўзойнак аста ўрнидан туриб, йўлга тушди. У сал нарироққа боргач, орқасига қараб нималардир деди. Нима деса дегандир-у, лекин унинг аҳволи ачинарли эди. У дўстларидан ажралиб, яккаланиб қолган, болалар қаҳр устида турибди-ю, аммо кўнгилларининг бир бурчида ачиниш, жиндек меҳр ҳам йўқ эмасди.
– Аъзам, сиз туяга минингда, нариги бидондаги қатиқни йўнғичқа ўраётганларга етказинг, – деди Қўчқор муаллим. – Илҳақ бўлиб ўтиришгандир. Эртага бошқа одам тайин қиламиз.
Аъзам туяга миниб, йўнғичқа ўраётганлар олдига кетди. Қўчқор муаллим бўлса ўчоқ бошига бориб, косов билан қозон тагидаги оловни қўзғай бошлади. Ҳамма қовоғини солиб, кайфи бузилиб турганда қатиқ ўтади дейсизми? Ҳамма бир-бирига қараб имлашди-имлашди-да, ариққа, ишга тушиб кетишди… Қўчқор муаллим ўзининг Каримга нисбатан жудаям қаттиққўллик қилганидан эзилди шекилли, анча вақтгача ҳеч ким билан гаплашмади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?