Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Найчи

Зияматларникида тўй тараддуди бошланди-ю, Ғиёс найчига жон кирди қолди. Негаки, тўй бўлган жойга ҳамма қариндош-уруғлар, ёр-биродарлар, таниш-билишлар тўпланишади. Маҳаллада ўзини кўрсатаман деб минбар қидириб юрган одамга бундан яхши, бундан ҳам қулай фурсатнинг топилиши қийин. Тўй эгаси – Зиямат Расулматов деган йигит. У институтда дарс беради. Лингвист. Яқиндагина кандидатлик диссертациясини ҳимоя қилиб, эндигина қаддини ростлаб келаётганлардан. Асли сайрамлик. Қорачадан келган, ювошгина, ўнта гапирганингда битта жавоб қилади. Дадаси билан ойисининг олтин тўйлари баҳонасида қариндош-уруғ, ёр-биродарларига наҳорга ош бермоқчи.

Зиёли одамнинг тўйига кўпроқ зиёлилар келишади-да! Шундай бўлгандан кейин гап-сўз ҳам, муомала ҳам зиёлича бўлиши керак. Ғиёс найчи буни яхши билгани учун иложи борича бисотидаги барча яхши гапларини ишга солиб, ўзича тўйбошилик қиляпти. Нияти – зиёлиларнинг назарига ҳам тушиб қўймоқчи.

– Ҳўв, укам, барака топкур, деразадан шлангни чиқариб, мана бу жойларга бир сув сепиб юбор… Ҳўв, ука, анави столга дастурхон ёзиб, у-бу қўйиб қўйинглар. Ҳа, иш деган бундоқ бўпти, акаси жонидан. Чойнинг тўқсон бешидан дамланглар… Қани, меҳмонлар, бу ёққа ўтинглар. Ҳўв Саиджон, келинг-да, сиз ҳам бундоқ. Азиз жойингизни бирпас мана бу ерга қўйинг! Қих-х-х…

Саиджон ҳам шу уйда яшайди. Филолог. Кандидатликни бир йил аввал ҳимоя қилган. Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим. Университетни Зиямат иккаласи бирга тугатган Ўзи оқ-сариқдан келган шўх йигит. Фарғонанинг Қувасидан. Зияматнинг тамоман акси. Ҳазил-мутойиба деган жойда ўзини томдан ташлайдиганлардан. Шунинг учун бўлса керак, бу уйда биронта ҳам йиғин Саиджонсиз ўтмайди. Маҳаллада Ғиёс найчига бас кела оладиган, унинг ҳазил-мутойибаларига муносиб жавоб қила оладиган, ўрни келганда жиндек ҳовуридан тушириб қўя оладиган ҳам мана шу Саиджон. Ғиёс найчининг ҳозирги муомаласи:»Ҳа, биз мана шунақа, лозим бўлса Саиджонингизни ҳам нўхталаб ола биламиз», қабилида бўлди.

Саиджонлар нарироқдаги дастурхон атрофида давра қуриб олиб эрталаб бўладиган ошнинг сабзисини тўғрашмоқда эди. Ғиёс найчининг гапларидаги оҳангни Саиджон тез илғади-ю, бегона одамлар орасида унинг шохини синдириб қўйишдан ўзини тийди, қолаверса, унинг олдига ўтиб гап сотса, ишдан қолишини ўйлаб, тавозе билан қўлини кўксига қўйиб, раҳмат деб қўяқолди.

– Ўзингиз биласиз, йигитнинг гули, – деди Ғиёс найчи Саиджонни гапига кўндира олмаганидан бироз оғриниб, – Нима ҳам деймиз. Қани, чойга қаранг, меҳмон.

– Раҳмат, – бошида яп-янги марғилон дўппи, эгнида эндигина дазмолдан чиққан енги калта кўйлак, дастрўмоли билан юз ва бўйинларини тез-тез артиб, ийманиброқ ўтирган тилла тишли йигит, афтидан, Зияматнинг куёви бўлса керак, Ғиёс найчи узатган чойни ўтирган жойидан жиндек қўзғалиб, миннатдорчилик билдириб олди.

– Қараб ўтиргунча танишиб ўтирайлик, – деди Ғиёс найчи қўлидаги пиёланинг шамасини бир чеккага тўкиб. – Қаерда ишлайсиз, ука?

Дафъатан берилган бу савол марғилон дўппилик йигитга ёқинқирамадими, ҳафсаласизроқ жавоб қилди:

– Савдо соҳасида, домла.

– Яхши, яхши, исмингиз нима? – деди тағин Ғиёс найчи чуқур кўзларини унга қадаб.

Гўё Ғиёс найчи терговчи-ю, шўрлик йигит қўлга тушиб қолган айбдордай хижолат бўлиб, пешонасининг терини рўмолчаси билан тез-тез артиб жавоб берди:

– Умархўжа, домла…

– Яхши, яхши, – деди Ғиёс найчи тепакал бошини силкитиб, – вазирларингизни танийман. Жуда ажойиб одам.

Умархўжа бу гапни эшитиб: «Хизматингиздамиз, акахон», дегандай иккала қўлини кўксига қўйиб, сал бўлмаса ўрнидан туриб кетаёзди. «Ҳа, ўзим ҳам бу одам каттароқ жойда ишласа керак, деб ўйловдим-а. Бирон трест-престнинг бошлиғимикан? Вазиримизни ҳам танир экан…» деган фикр ўтди унинг хаёлидан.

Буни сезган Ғиёс найчи: «Буниси гаҳ деса қўлга қўнадиган хилидан экан. Энди мана бу индамайгина ўтирган оқсоч чолни бир чертиб кўрай-чи», деб ўйлади. Найчининг ўнг томонида, боядан бери гапга қўшилмай, фақат эшитиб ўтирган ёши улуғроқ одам кўринишдан бироз ўжарроққа ўхшарди. Найчи ҳам буни сезди шекилли, эҳтиёт бўлиброқ муомала қилди:

– Ўзлари-чи, домлажон?

– Биз ҳам шу Зиямат билан бирга… институтда… – домла Зияматни ҳам, Саиджонни ҳам университетда ўқитганини, улар ўзининг яхши шогирдлари эканини айтиб ўтирмади.

– Раҳмат домлажон, раҳмат, – деди Ғиёс найчи унинг тўйга ташриф буюрганидан гўё боши осмонга етгандай бўлиб. – Раҳмат домла, тўйга нима етсин!

– Ўзлари қаерда ишлайдилар? – деб сўраб қолди кутилмаганда оқсоч домла. Ғиёс найчи домлани кўп куттирмай жавоб қилди:

– Вазирликда, – деди-да, домласи тушмагур тағин саволга тутиб ўтирмасин учун гапини улаб кетди. – Менинг исми-шарифим, домлажон, Ғиёс Йўлчиевич, чинозликман. Ўзлариники-чи?

– Аброр… Бойқўрғонданмиз.

– Яхши, яхши. Шу дейман, домлажон… – У домланинг оғзини очирмади. «Ҳа, бунақалар номи улуғ, супраси қуруқ бўлади, – ўйлади у ичида, – Орқасига бармоқ урсанг ҳўл бўлмайди-ю, аммо бир гапнинг кетига тушса, тагига етмай қўймайди».

Тўғри-да, сал гап узилса «Қайси вазирликда ишлайсиз? Қанақа лавозимда? Неча йилдан бери?» дегандақа саволлар бера бошлайди. Ковлаштириб ўтиришнинг нима кераги бор? Вазирлик кенг даргоҳ бўлса, у ерда катта ҳам, кичик ҳам ишласа! Ғиёс найчи шу истиҳолага бориб, гапни бошқа ёққа бурди:

– Ҳозиргилар одатларимизни яхши билишмайди, домлажон. Зияматжонни кеча олдимга чақириб олиб, ука, дедим, сен билан биз бу ерга четдан келганмиз. Чолу кампирнинг олтин тўйи бир марта бўлади, шундоқ экан, тўй тўйдек ўтсин, эллик кило гуруч дамлайсан. Хўш, эллик килога эллик кило мол гўшти, ўн кило қўй гўшти думбасиминан соласан, беш-олтита қази ҳам сол, дедим. Ҳа, келган одам устингдан кулиб кетмасин-да, укам, дедим. Билмадим, гапларим ёқмадими, рўйхуш бермади. Қаранг, гуручни Чўнғаранинг девзирасидан ол, десам: «Хоразмники ҳам бўлаверади», дейди. Шаҳарда донг чиқарган бир милиса ошпаз бор. Ўшани олиб келайлик, десам, ё унга кўнмайди денг. Институтнинг ошпази билан гаплашиб қўйганмиш. На мусулмончиликни билади булар, на одатларимизни!

Ғиёс найчи ҳамма нарсани фақат ўзи биладигандай, барча мусулмончилигу одатлар фақат унинг зиммасида тургандай уф тортиб юборди. Унинг бу ташвиши чап томонда ўтирган Умархўжа учун одамгарчилик, ўнг томонида ўтирган Аброр домла учун беҳуда корчалонлик бўлиб туюлди. «Мана шунақалар-да, мусулмончилик билан бемаъни одатларимизни пеш қилиб. Одамларни издан чиқарадиганлар, – ичида мулоҳаза қилди домла. – Унча-бунча одамни тезлаб белини чиқариб юборишдан ҳам тоймайди булар!»

– Тўғри-да, исрофгарчиликнинг нима кераги бор, – деди домла эътироз билдириб. – Ҳа, энди, йигирма-йигирма беш кило гуруч ҳам анча-мунча одамга етади. Кейин, кечагина катталаримиз шу ҳақда, яъни ортиқча исрофгарчиликлар, бемаъни дабдабабозликлар ҳақида гапиришган бўлса-ю, биз унга амал қилмасак…

– Э-э, домлажон-эй, бунақа гаплар бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бўлаверади, – деди Ғиёс найчи домла билан астойдил баҳслашишга бел боғлаб. У кимлардандир эшитган дабдабали гапларини ишга сола бошлади: – Бу – ҳаёт! Катталар гапираверади. Ҳаёт ўз йўлида давом этаверади, домлажон. Ҳа, ишонаверинг, домлажон. Мана, масалан, ўзимиз ҳам бир пайтлар бўйра аъзоси бўлганмиз районда. Бўйра аъзолари қатор тизилишиб ўтирардик-да, райком секретари ўзи гапириб, ўзи тасдиқларди. «Бўлди, гап тамом, вассалом!» дерди. Ўрнимиздан туриб индамай кетаверар эдик…

Аброр домла найчининг тумтароқ гапларини эшитиб шунчалик жаҳли чиқдики, гўё қаршисида Ғиёс найчи эмас, ўзининг талабаси ўтирибди-ю, домласи тушмагур сал бўлмаса: «Бер зачёткангни!» деб юбораёзди. Найчи ҳам унинг важоҳатидан қўрқиб кетди. У суҳбатдошининг бунчалик жаҳли чиқади, деб ўйламаган, домланинг институтда дарс бериши хаёлидан кўтарилган эди. Шунингдек, унинг бу баҳсдан бирон-бир хусумати ҳам йўқ эди. Фақат, шунчаки маҳалла-кўй олдида ўзининг анча-мунча нарсадан хабари борлигини, манаман деган олимлар билан бемалол масала талашиши мумкинлигини ва олимлар уйида бекорга яшамаётганини бир намойиш қилиб қўймоқчи эди, холос. Бўлмади. Энди бундан бу ёғига масалани чуқурлаштириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Негаки, найчи одамлардан эшитган, билган «илми»ни ишга солиб бўлди. Энди бу ёғи саёз! Бир амаллаб мавзуни бошқа ёққа буриш керак.

– Домлажон, мен унақа демоқчи эмасдим, – деди у ялинганнамо илжайиб.– Ўша бўйра аъзолари ўртага ташланган масалани ҳал қилишда фаол аралашса… демоқчийдим.

– Бу бошқа гап, – деди домла сал ўзига келиб. – Аралашганда ҳам ақл билан, фаросат билан одилона аралашиши керак. А, сиз бўлсангиз…

Ғиёс найчи энди оғзини очса нодонлиги билиниб қолишидан хавфсираб ўтирганда, даврага рўпарадаги озиқ-овқат магазинининг мудири Тешавой ака келиб қўшилди. У ўтирганлар билан бир-бир кўришиб чиққач: «Кампир-чолнинг умрлари узоқ бўлсин, тўй бўлсин-у, ғам бўлмасин!» деб яхши тилак билдирди. Сўнг ташрифим қуруқ бўлмасин, дедими, ё бошқа танишлар сабзи тўғраш билан банд бўлганлари учунми, Ғиёс найчига мурожаат қилди:

– Мабодо бринза керак бўлса, марҳамат, Ғиёс ака. Ҳозиргина олдик. Свежий.

Тешавой магазинчининг келгани жуда обрў бўлди-да! Шу баҳона улар қарийб боши берк кўчага кириб қолган мавзудан чалғишди. Бунинг устига унинг магазинга келган янги молни тўғри келиб найчига айтгани ҳам соз бўлди. Ҳа, энди кўриб қўйсин-да одамлар, найчининг ҳам унча-мунча одам эмаслигини!

Ҳозиргина домланинг олдида паст кела бошлаган Ғиёс найчининг кўкси ажабтовур кўтарилиб қолди.

– Тунов куни олган эдик, – деди шу атрофда хизмат қилиб юрган йигитлардан бири.– Жуда тузи ўткир экан-эй. Сув ичавериб, сув ичавериб…

– Жудаям унақа эмас, – эътироз билдирди Ғиёс найчи ҳалиги йигитнинг гапини чўрт кесиб. Энди гапга қўшилаверса ҳам бўлади. Чунки, мавзу бринзага ўтиб кетди.– Жуда зўр бринза. Тунов куни вазирлигимизнинг магазинидан қўнғироқ қилиб: «Сизга ҳам икки кило олиб қўйдик», дейишган эди. Олиб келдим. Ўзиям полшинский экан денг, қарамабман, ёғи тегиб кастонди расво қилибди.

Домла эътибор бермаган экан, энди кўрди: у шундоқ иссиқда ҳам эгнига қора кўк костюм тагидан оқ кўйлак кийиб, галстук тақиб олибди.

Боядан бери нариги столда найчининг гапларига қулоқ солиб сабзи тўғраётган Саиджон чидаёлмади шекилли, қўлидаги пичоқни ёшроқ бир йигитга тутқазди-да, домлалар ўтирган столга ўтди.

Қорадан қон чиққунча сариқдан жон чиқади, дейишади-ку ахир. Ўзини босишга харчанд ҳаракат қилса ҳам бўлмади.

– Ғиёс ака, бу дейман «бронза»си тушмагур «кастон»ингизни расво қилибди-да, а? – деди истеҳзо билан. Саиджоннинг бир одати бор:

мана шунақа чираниқ ва ўпирди гапларни эшитса чидаёлмайди, пов этиб ёнади кетади. Мана, ҳозир ҳам шундай бўлди. – Айланай сиздан тақсирим, бронза эмас, бринза. Буни ўзимизда пишлоқ дейишади. Кас тон эмас, костюм. Полшинский деганингиз нимаси? Мабодо полский демоқчи бўлсангиз, у полякларники эмас, болгарларники. Бронза дегани – маъдан дегани. Яъни, масалан, ўзларининг бюсти ясалгудай бўлса керак бўладиган…

– Э, бўлди, бўлди, – деди Ғиёс найчи зўрма-зўраки илжайиб. У азбаройи мулзам бўлганидан қизариб кетган эди. – Бу Саиджонга ҳазил қилиб ҳам бўлмайди. Бўпти, домлажон, – у домлага мурожаат қилиб ўрнидан турди.– Мен бир бозорга бориб, майда-чуйда олиб келай.

Найчи Саиджон билан гап талашиб обрў ололмаслигини яхши биларди. Обрў борида жуфтакни ростлаб қўяқолай, деб ўйлади шекилли, уйига қараб юрди ва сал ўтмай булар ўтирган жойдан машинасида ўтиб кетди.

Қуёш қатор-қатор иморатлар ва ўша иморатлардан ана ўтиб кетаман, мана ўтиб кетаман деб турган мирзатераклар ортига беркиниб, ҳовлига қўнғир салқин тушди. Одамлар боягидан гавжум. Сабзи тўғраётганларнинг қўли қўлига тегмас, оғзилари ҳам гапдан бўшамас эди.

Саиджон тушмагур Аброр домлани ҳам, Умархўжани ҳам, тағин бир-иккита қўни-қўшниларни ҳам ишга солиб юборибди: ўзлари ўтирган столга ҳам тўғраш учун пиёз олиб келинибди.

Аброр домла кўзларидан ёш оқизиб, пиёзни йирик-йирик тўғрар экан, бошини чайқаб кулди. Саиджон бурнини тортиб, домлага саволомуз тикилди.

– Ғалати одам экан-ку, а? – деди у кўзларини рўмолчаси билан артар экан Саиджонга қараб.

Саиджонлар яшаётган мавзени Високовольтний дейишади. Тўғрироғи, Академиклар шаҳарчаси. Чеккароқда бўлгани учун шаҳар марказига нисбатан баҳавороқ. Ҳарорати ҳам бир-икки даража фарқ қилади. Дарахтлар кўп, соя-салқин. Улар яшаётган уйда ғирт зиёлилар истиқомат қилишади: академиклар, фан докторлари, профессорлар, фан кандидатлари. Нимадир сабаб бўлиб, найчи бечора ҳам шу уйга тушиб қолган. Ўзини бу уйда яшаётганлардан кам тутгиси келмайди, баъзан бунинг уддасидан ҳам чиқади: ичиб-ейишдан улардан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Тагида оппоқ «Газ–24». Аммо, савод масаласи сал чатоқроқ. Бу масалада ҳам қўни-қўшниларидан ўтиб кетгиси бор-у…

… Саиджон хаёлдан арилиб бундай қараса, Аброр домла ҳалиям пиёз аччиғидан намланган кўзларини «Бу қанақа одам ўзи?» дегандай унга тикиб турган экан.

– Ҳа, Саиджон, жа нафасингиз ичингизга тушиб кетди, – деди Аброр домла.

– Йўқ, домлажон, найчи ҳақида нима десам экан, деб ўйлаб турибман-да.

– Назаримда. У киши сиздан сал ҳайиқади шекилли, а?

– Шунақа, домла, – гапга аралашди қўшни йигитлардан бири кулиб.– Ҳўв ўша воқеани домлага гапириб берақолинг, Саиджон ака.

– Бир гап ўтган шекилли, а? Эшитайлик бўлмаса?

– Қўймадингиз-қўймадингиз-да, домлажон. Ҳа, энди, шунақа бўлувди. – Саиджон қувлик билан кулди. – Бир куни денг, балконда турсам, пастдаги скамейкада найчи ўтирибди. Мени кўриб, «тушинг» деб имлади. Мен бирон муҳим гапи бўлса керак, деб ўйлаб, зудлик билан кийиниб, унинг олдига тушдим. Ўнг қўлини чўзиб мен билан кўришди, чап қўлида қандайдир қоғоз. Чарчаганнамо. Ҳали уйига ҳам кирмаган шекилли, ечинмаган, бошидаги сомон шляпаси елкасига томон оғиб кетибди.

– Ҳорманг, қўлингиздаги нима? Рўйхатга ўхшайдими? – деб сўрадим.

– Уф, – деди у қўлидаги қоғоз билан елпиниб. – Имтиҳондан келяпман.

– Нима бало, қариганда тағин ўқишни бошлаб юбордингизми?!

– Э, йўқ, имтиҳон олиб келяпман, – деди у парво қилмай. – Мана бу ўша имтиҳон топширган талабалар рўйхати.

Қўлидаги рўйхатни аста олиб қарадим. Йигирматача одамнинг исми-шарифлари машинкада ёзилиб, уларнинг рўпарасига қизил, кўк қалам билан қандайдир белгилар қўйилибди.

– Ҳали шунақа ҳунарингиз ҳам борми? – дедим рўйхатни унга қайтариб бериб.

У мени ҳайратда қолдирганидан хурсанд бўлиб илжайди. Ҳақиқатан ҳам ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, иккиланиб қолган эдим.

– Қайси техникумда?..

– Техникумингиз нимаси? Институтда, – деди у жиддий. Ўзини ўша гапига мослаштириш учун бўлса керак, қаддини ростлаброқ ўтирди.

– Қайси институт?

– Халқ хўжалиги…

– Унвонингиз ҳам бордир, унда? – деб сўрадим мен ийманибгина.

– Қанақа унвон? – деди у бир оз саросимага тушиб.

– Масалан, доцент, кандидат дегандақа-да.

– Э, уми? – У: «Ҳали хабарингиз йўқми? дегандай менга қаради. – Кандидатскийим тайёр, келаси ҳафтада ёқлайман.

– Қойилман-э, сизга, – дедим астойдил хафа бўлиб. – Келаси ҳафтада ҳимоя қилар экансиз-ку, кўздек қўшнимиз ахир, эсдалик учун авторефератингизга табаррук имзонгизни чекиб беришни ҳам билмайсиз-а. Офарин-э, ака деган ҳам шунақа бўладими?

– Тўхтанг, тўхтанг. Бу апто…

– Автореферат.

– Бу апторепротингиз нимаси тағин?

Найчи шу аснода ишончини барбод қилди қўйди. Мен чиройли бошланган бу ёлғоннинг тезгина тугаб қолмаслигини жуда-жуда истардим. Шунинг учун рефератга билганимча изоҳ бера бошладим.

– Диссертация ёзилиб бўлингач, ўша ишнинг мазмунини бир ёки икки босма табоқ ҳажмида чоп эттирилади. Ҳамма ҳам сизнинг беш юз бетлик қўлёзмангизни ўқиб ўтирмайди, ўша қисқа рефератингиз орқали танишади.

– Э, уми? Эрта-индин чиқиб қолади.

«Буни қаранг-а, – деб ўйладим астойдил ғашим келиб. – Реферат эрта-индин чиқармиш-да, унинг индинига ҳимоя қилармиш!»

Шундан кейин гапларимиз сал қовушмай қолди. Мени ўз ёлғонига «қаттиқ ишонтирганидан» хурсанд бўлиб уйига кетди. Мен ҳам ичим тўла истеҳзо билан уйга кирдим. Негадир қўлим ишга бормас, ҳалиги гаплар хаёлимда болалаб, алам қила бошлаган эди. Бирдан калламга: Бир боплаб таъзирини бериб қўймайманми?! Деган фикр келди. Кўп ўйлаб ўтирмай, шартта ёзув машинкамга ўтирдим-да, ҳовлимизга қарашли олти домда яшайдган таниш-билишларнинг рўйхатини қила бошладим. У ёқ-бу ёғи билан икки юзтача одам бўлди. Сўнг ўша рўйхатни кўтариб найчиникига йўл олдим. Чиқсам, овқатланиб бўлиб диванга ёнбошлаб, бир чойнак кўк чойни майдалаб, телевизор кўраётган экан.

– Э, келинг қўшни, – дея ўрнидан туриб мулозамат қилмоқчи бўлди. Мен чаққон бориб унинг елкасидан босдим.

– И-и-й, қўзғалмасинлар, эрта-индин диссертация ҳимоя қиладиган одамсиз, уриниб қоласиз.

У ўрнига қайта ёнбошлаб, «Отангга раҳмат, тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди», дегандай қараш қилди. Қўлимдаги қоғозга ҳам бир қур кўз ташлаб олди.

– Янга кўринмайдиларми?

– Ошхонада, – деди қўлимдаги қоғозга яна бир бор тикилиб. – Болалар нариги уйда дарс қилишяпти.

Тугал ахборот бераётганидан, «Ёлғизмиз, гапинг бўлса гапиравер», деяпти шекилли деб ўйлаб, мен даромад қила бошладим:

– Ғиёс ака, ўзбекларда яхши бир одат бор. Яқин кишиси тўй бошласа, қўни-қўшни, дўст-ёрларию қариндошлари: «Бизга нима хизмат бор?» деб қамишдан бел боғлаб тайёр туришади. Сиз билан биз Академиклар шаҳарчасида, мана шу уйда яшаётганимизга ўн йилдан ошди. Минг марта шукурким, «сиз» тилимиз «сен»га айлангани йўқ. Қариндошдан ҳам аъло ака-ука бўлиб кетдик. Тўғрими?

– Жуда тўғри!

– Мана, худо хоҳласа, бирор ҳафтанинг нари-берисида ҳимоянгиз бўлар экан. Ҳозир ҳимоя қилиш ҳам бамисоли фарзанд тўйидек катта тўй ҳисобланади. Тўғрими?

– Тўғри.

– Бунга етган ҳам бор, етмаган ҳам бор, – Мен унга кўз қиримни ташладим. У энди ўрнидан туриб ўтирган эди. – Шу денг, боя бу яхши гапни ўз оғзингиздан эшитиб бошим кўкка етди, ака. Индамай қараб туришни ўзимга эп кўрмадим. Тўйгарчиликда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тўғрими?

– Тўғри… – бу гал унинг жавоби сал бўшашиброқ чиқди.

– Шунга маҳалламиздаги таниш-билишларимизнинг рўйхатини қилиб киргандим, мана. – Қўлимдаги рўйхатни аста унга узатдим. – Энди ака, идорадагиларингизни, яқин-йироқдаги қавм-қариндошларингизни билмадим, уларни ўзингиз рўйхат қиларсиз, ё бу ишни бир биладиган одамга топширарсиз. Ҳозирча маҳаллада мен биладиганлар икки юзтача бўлди… Нима қиламиз? Ё эртага ўзимизнинг домдагиларни шу ерга тўплаб, маслаҳатлашиб оламизми? Майли, маслаҳатлашсак маслаҳатлашаверамиз-у, аммо менингча тўйни ҳовлида қилгандан «Зарафшон»да қилган яхши, ака. Ресторанга боришдан аввал ўша куни эрталаб ҳовлида уч-тўрт юз одамга ош берамиз. Ҳа, ундан кейин кечқурун ресторан. Рестораннинг шуниси яхши – уринмайсиз. Ўзлари хизмат қилишади. Одам бошига ўрта ҳисобда минг сўмдан ҳисобласак… хўш, тахминан тўрт юз, беш юз одам келди дейлик. Ҳа энди, нари-бериси билан ниҳояти тўрт юз минг, беш юз минг сўм атрофида бўлар экан. Нима деган гап бу? За то, қанча-қанча обрў. А, лаббай?

– …

Қарасам найчининг рангида ранг қолмабди, қўлидаги рўйхат дир-дир титрайди, кўзлари ҳам аллақандай маъносиз… Буни кўриб ўзим ҳам чўчий дедим. Гапни юмалоқ-ястиқ қилиб қўяқолдим:

– Вой Ғиёс акажон-эй, имтиҳон оламан деб росаям чарчабсиз-да, – дедим ғамхўрлик қилиб. – Бунақада бўлмайди, узилиб қоласиз, ака. Ўзингизни кўпам қийнайверманг, эҳтиёт қилинг. Ҳозирги студентлар ҳам жуда шўх бўлиб кетишганда. Савол беравериб домла бечоранинг тинка-мадорини қуритиб юборишади.

Ғиёс найчи бу гапларга ҳам ҳеч қандай муносабат билдирмади. Ҳатто кўнгил учун бир пиёла чой ҳам тутмади. Қарасам бўлмайдиган, аста ўрнимдан турдим.

– Майли ака, сиз яхшилаб дам олинг, қолган гапларни эртага беш-олтита бўлиб гаплашармиз. Э, мунча шалваясиз? Қўрқманг ака, мана биз бормиз. Ҳаммаси жойида бўлади. Ҳозирча хайр, – деб эшикни аста ёпиб чиқиб кетдим. У чурқ этмаганича қолаверди. Шу чурқ этмаганича диссертация, ҳимоя, домлалик ҳақида ҳанузгача чурқ этмайди. Мен ҳам бу гапларни кейинчалик ковлаштириб, эсига солиб ўтирмадим. Шу-шу у мен билан эҳтиёт бўлиброқ гаплашадиган бўлиб қолган.

Ҳангома асносида стол теварагига анча одам тўпланиб қолган, ҳаммалари қиқир-қиқир кулишар, Аброр домла эса, тўғралган пиёз аччиғидан кўзлари ёшланиб, жилмайиб ўтирар эди. Бироздан кейин аста мийиғида кулиб, гапириб қолди.

– Бу дейман, Саиджон, қўшнингиз бечорани тоза ўрганибсизлар-да, а?

– Бўлмасам-чи, домла. Ахир у киши билан шу домда ўн йилдан бери бирга яшаймиз-да, – деди кулиб. У ниманидир ўйлаб, бироз сукут қилди. Сўнг кулгичлари ўйнаб, гапида давом этди: – Рухсатингиз билан мен бир башорат қилайми, домла? Мана, кўриб турарсиз: найчи ҳозир бозордан қайтиб келяпти. Сал ўтмай кўча бошидан машинасининг сигнали эшитилади. Машинасининг сигналини бу ҳовлида танимайдиган одам йўқ. Худди эгасининг овозига ўхшаб хаста. Хўш, ундан кейин тўғри мана шу йўлдан ўтади. Ваҳоланки, домнинг орқасидан айланиб ўтса ҳам бўлади. Йўлкага нима учун сув сепилгани, тўй бўлаётгани, одамлар олдида одоб сақлаш лозимлиги ҳақида-ку, ўйлаб ҳам ўтирмайди. Тўғри ўтади-да, машинасининг тумшуғини гаражга тўғрилаб, савлат тўкиб тушади. Сўнг хотинини чақиради ва ҳоказо… Ана, домла, агар менинг шу башоратим нотўғри чиқса, бояги «тоза ўрганибсизлар-да, а?» деган гапингизни қайтиб оласиз.

Саиджонни авлиё деса ҳам бўлар экан. У гапини тугатиши билан кўча бошида машинанинг хаста сигнали эшитилди.

– Ана домла, келяпти. Бир кузатинг-а!

Ҳамма нафасини ичига ютиб, кузата бошлади. Буни қарангки, унинг ҳамма ҳаракати Саиджоннинг башорати бўйича юз берди. Одамлар ҳайрон. Ие, ана Саиджон қилган башоратнинг охири жиндек бузилди: найчи машинадан савлат тўкиб тушгач, хотинини эмас, аввал ўғлини чақирди:

– Отабек!!!

Ўғлининг бўйи анча чўзилиб, кап-катта йигит бўлиб қолган эди. Сал ўтмай эгнига кўк спорт костюминни кийиб олган Отабек чиқиб келди.

– Нима, дада?

– Э, йўқ, ойингни чақир, сен кўтаролмайсан, – деди найчи товушини бир баҳя кўтариб. Унинг бақириб-чақирганини шу атрофдаги ҳамма эшитиб турар эди. Ўғли ҳеч нарсага тушунмай, елкасини қисди-да, уйга кириб кетди. – Тезроқ, имиллама!

Хосият янга чиқди. Найчи машинасининг багажини очиб, иккита ўртамиёна қовун олиб, хотинига тутқазди. Қовунлар нари борса уч килодан олти кило келар, Отабек эса бунақа юкдан уч-тўрт баравар оғирини ҳам бемалол кўтара олар эди.

Саиджон «қалай?» дегандай Аброр домлага тикилди. Домла ҳадеганда муносабат билдиравермагач, у найчи томонга яна бир бор назар ташлади. «Ҳа немисский кастонингга полшинский бронзанинг ёғи тегиб расво бўлгур!» деди ичида истеҳзо билан. Домла ҳам кўп кутдирмай ёрилди:

– Кўзимизни бақрайтириб туриб алдади-я, – деди у ич-ичидан кулиб. – Вазирликда ишларкан. Тағин ҳалигиндақа, элликни юз қилиб кўпиртириб ёзадиганлардан бўлмасин.

– Кўпам ваҳима қилаверманг, домлажон, – Саиджон дарҳол сўз тизгинини илиб кетди. – Бу одам ниҳояти алдаса ўз оиласини, маҳалласини алдади. Давлатни алдагани йўқ-ку.

– Тўғри айтасиз, Саиджон, – домла ҳам бўш келмади. – Ҳар қандай давлат оиладан, маҳалладан бошланади. Бу одам бугун ўз оиласига, маҳалласига олти кило қовунни йигирма кило қилиб кўрсатса, эртага одамларни давлат миқёсида алдамаслигига ким кафолат бера олади?

Уларнинг бу даҳанаки, ярим ҳазил жангини атрофдагилар бутун жисми қулоққа айланиб тинглашар, «қиқир-қиқир кулишар, ора-чорада «Ҳа, домла, бўш келманг!», «Саиджон олаверинг…» деб уларга пишанг бериб туришар эди.

– Домлажон, ташвиш тортманг, – деди ниҳоят жиддий тортиб Саиджон. – Бу одам шунчаки ўзини хурсанд қилиб юрадиган маҳаллий кўзбўямачилардан. Шундан ўзга ғарази йўқ.

–Ҳа-ҳа.

– Сиз айтаётган давлат миқёсидаги кўзбўямачилар фақат ўз балои нафсларини ўйлайдиган карнайчилардир… – Саиджон домласига ғолибона тикилди. – Бу ким бўпти уларнинг олдида? Бу фақат Таъминот вазирлигининг кичкинагина бир бўлимида амал-тақал қилиб ютган чўт қоқар, холос! Маҳаллий тил билан айтганда оддий бир найчи.

Ўтирганлар ҳаяжонларини яшира олмай, қийқиришиб, патир-путир чапак чалиб юборишди. Саиджоннинг бу гапидан домла ҳам хурсанд бўлиб, пастга қараб бошини сарак-сарак қилиб, маза қилиб кулди. Сўнг дафъатан сўраб қолди:

– Нега бу одамни найчи дейсизлар-а? Ростдан ҳам най чаладими?

– Қани, айтинг-чи, домла. Най чалиш учун нималар керак бўлади?

– Санъат, ҳунар…

– Яна?

– Яна? Билмадим…

– Ўпка домлажон, ўпка керак бўлади, – деди Саиджон таъкидлаб.–Бу одамнинг эллик фоизи ўпка-ку. Шундоқ бўлгандан кейин найчи бўлади-да, домлажон.

Домла тағин бошини сарак-сарак қилиб пастга қараб кулди. Ўзича найчи билан Саиджон айтган карнайчини қиёс қилиб кўрди: «Найчининг эллик фоизи ўпка бўлса, унда карнайчиларнинг оёғининг тирноғидан то қулоғигача ўпка экан-да!..»

Стол атрофидагилар маза қилиб кулишар, балкондаги карнайдан таралаётган шўх куй уларнинг гап-сўзларини тиниқ эшиттирмас, ҳамма хурсанд, хуллас, тўй кайфияти ҳукмронлик қила бошлаган эди…

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации