Электронная библиотека » Носир Фозилов » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Танланган асарлар"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Носир Фозилов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Тўра иш билан бўлиб, атрофга разм солмабди. Кеч кириб қолгани, шаҳарга жўнатиладиган қопларни тикиб улгура олмайдиган бўлгани учун Соли оқсоқол Бойғозини юбориб, Камолани хирмонга олдирибди. Тўра эс-ҳушини йиғиб, ёнига қараса, Камола ёнгинасида қўли-қўлига тегмай чувда билан қоп тикяпти; қовоқлари осилиб кетган, булар томонга қарашни истамасди ҳам. Унга Тўранинг Манзура келинойи билан қоп кўтаришаётгани, бармоқларини ботириб, унинг билагини ушлаши ёқмаган эди.

Иккинчи аравага ғалла юкланиб бўлгач, Манзура келинойининг кетадиган маҳали бўлиб, тараддудга тушиб қолди. Камола ҳам у билан кетмоқчи эди, Соли оқсоқол илтимос қилди:

– Жон қизим, оппоқ қизим, сал кейин кетарсан. Мана бу қопларни ҳам тикишиб юбор.

Камола ноилож қолди.

Катта арава йўлни чангитиб, Ғиёс ака подани ҳайдаб ўтди. Кун уясига ёнбошлади. Манзура келинойи йўлга тушди. Мактаб болалари ҳам терган охирги халта бошоқларини кўтаришиб, турнақатор бўлиб йўлга тушишди. Камоланинг қўли қўлига тегмайди, тезроқ бўлиб, тезроқ кетсам, дейди. Кеч кирган сайин эса Тўранинг ҳаяжони ортиб борарди:

«Сирғани қандай берсам экан?!»

Тўрғайлар қуёш ботганидан дарак бериб чириллай бошлашди. Атроф дим, кун ботиши билан секин-аста ҳовур кўтарилиб, куни билан саратон яллиғида тандирдек қизиб турган борлиқ енгил тин олгандай бўлди, фируза уфқ бироз сарғимтир тусга кириб турди-да, сўнг аста-секин қорая бошлади. Камола ҳаяжонда эди: «Қачон кетаман-у уйга қачон етиб бораман». Ҳа, унинг ҳаяжонланганида жон бор. Хирмон билан қишлоқ ораси қарийб уч-тўрт чақиримча келар, шуни ҳам қанча айланма йўллардан, сойлардан, ўт-ўланлар орасидан босиб ўтилар эди. Қиз бола тугул, баъзи эр етган бола ҳам кеч кирганда бу ерлардан ўтишга ҳайиқар эди.

Атрофга тун қора чодирини ёзганда Камола қопларни тикиб бўлди. Бўлди-ю, «энди қандай кетаман?» дегандай, Соли оқсоқолга термилди.

– Ҳой, Тўра, бери кел!– деди Соли оқсоқол Тўрага.

Тўра унинг олдига келди.

– Гап бундай: сен ану кулранг қашқа билан ғир этиб Камолани қишлоққа ташлаб кел.

– Майли… – у шундай деди-ю, сирғани ҳадя этишга вақт яқинлашиб келаётганидан қаттиқ ҳаяжонга тушди.

Тўра кулранг қашқани етаклаб келаётганида, қўнғизмўйлов вакилнинг ёнида нималарнидир ёзиб, ҳисоб-китоб қилиб ўтирган Бойғози қичқирди:

– Ай, отти қайда олип баратирсин?

Тўра хирмон томонга ишора қилиб, нимадир деди. Бойғози тушунмади чоғи, ўрнидан туриб, оқсоқланганича Тўранинг олдига келди.

– Соли бобом ану Камолни қишлоққа ташлаб келишимни буюрдилар, – деди Тўра.

Бойғози бир чеккада ийманибгина турган Камолага қаради. Сўнг оғзининг таноби қочиб, Тўрага қараб, чап кўзини қисди:

– Нармална!

Тўра унинг гапига аҳамият бермади, индамай бориб фуфайкасини олди-да, Камолага ишора қилди. Нарироққа бориб, фуфайкани эгарнинг кетига буклаб солди, кейин орқасига Камолани миндириб, йўртиб кетди.

Теварак-атрофга қоронғилик чўккан, чирилдоқларнинг, баъзи тунги қушларнинг сайрашларини ҳисобга олмаганда, ҳаммаёқ жимжит. Тўра кулранг қашқанинг жиловини ўз ҳолига ташлаб қўйган, юрак ютиб бир нима дегиси бор-у, лекин айтмоқчи бўлган гапи тилига келмас, Камола ҳам индамас эди. Бугун унга атаб сирға олганини айтсамикан? Қандай қилиб айтади? Ё индамай бериб қўя қолсинми? Тўранинг қўли беихтиёр чўнтагига борди. Ие, сирға фуфайкада-ку? Фуфайка эса Камоланинг тагида. Ўб-бў!

Шу хаёлда келаркан, кулранг қашқа қандайдир сувсиз, чеккалари ўт босиб кетган чуқур ариққа тушди, ўша ариқдан тепаликка чиқаётганида Камола сирғалиб тушиб қолишдан чўчиб, Тўранинг белидан маҳкам қучоқлаб олди. Тўра боя тушда ариқ бўйидаги гужум тол орасида қандай аҳволга тушган бўлса, ҳозир ҳам шундай аҳволга тушиб, ўзини идора қилолмай қолди. У Камоланинг қўлларини шаппа ушлади. Иккаласининг қўли ҳам дир-дир титрар, томирларидаги қон гуп-гуп урар эди. Камола қўлини аста тортди, чиқаролмади. Иккаласида ҳам ун йўқ, гўё буни от ҳам сезгандай бир текисда одимлайди. Бир маҳал Камола қалтираб-титраб тилга кирди:

– Қўлимни қўйиб юборинг…

– Камол, – деди Тўра унинг қўлларини қўйиб юбормай аста: – Бизларни яқинда аскарликка олишаркан…

Камола гўё бир нимадан чўчигандай, зудлик билан қўлларини тортиб олди-ю, бир лаҳза жим қолди, сўнг Тўранинг тер ҳиди анқиб турган елкасига бошини қўйди. Тўранинг аъзойи бадани жимирлашиб кетди, кейин… кейин кўйлаги нам бўлганини ҳис қилди. Камоланинг кўз ёшларидан нам бўлган эди унинг кўйлаги. Тўра дарҳол орқасига ўгирилиб, уни юпата бошлади:

– Камол, ўйнаб айтдим… Ҳазиллашдим…

Барибир фойдасиз эди. Камола ўксиб-ўксиб йиғлар, ўзини тўхтатолмас эди.

Улар шу аснода ўсмирликнинг сеҳрли сарҳадидан балоғат остонасига қадам қўйганларини, анчадан бери ўзларини таҳлика ва ташвишга солиб юрган мужмал туйғулари ойдинлашиб, тотли ҳисга, ширин орзуга айланганини сезмай қолишган эди. Кулранг қашқа эса уларга халақит бериб қўйишдан чўчигандай, бир-бир одимлаб келарди. Тўра ярим ўгирилиб, Камолани беихтиёр бағрига олди. Камола қаршилик қилмади, у ҳозир қаршилик қилишдан ожиз, борлиқни унутган… шароб ичмай маст эди…

«Воажабо! Бу қандай туйғу бўлдики, ихтиёрим қўлимда эмас, бутун борлиғим бир тотли ҳис оғушида… Шу қимматбаҳо, ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган нарсани ташлаб шаҳарга, ўқишга – бобомнинг ёнига борарканманми? Йўқ, ҳеч қачон! Камоласиз ҳеч қаёққа бормайман… уни ҳам олиб кетаман! Камолам, мен сени…»

Ўз ҳолига ташлаб қўйилган кулранг қашқа қишлоқ яқинига келганда, «огоҳ бўлинглар!» дегандай қаттиқ кишнади. Кўп ўтмай итларнинг вовиллагани, болаларнинг қийқириқлари эшитила бошлади. Қаердандир Сергей билан Франтишекнинг бараварига қичқириғи эшитиларди:

– Асалў-ўл!

– Ошолол!..

Камола сергакланиб, Тўранинг бағридан аранг чиқди-ю, секин от устидан сирғалиб ерга тушди, тушди-ю, орқа-олдига қарамай, чопқиллаб кетди. Тўра унинг орқасидан қараб қоларкан, бир нарса эсига тушиб, бақириб юбораёзди: сирғани бериш ёдидан кўтарилибди! У, «эҳ, хомкалла!» деб ўзини койиди, аламига чидаёлмай кулранг қашқанинг бошини орқага буриб, ниқтади. От туёғининг қаттиқ дупури тун осудалигини бузди…

Тўра Камолага атаб шаҳардан олиб келган совғасини топшира олмаганидан ўкиниб, қиз унинг ўзига ҳар қандай совғадан ҳам бебаҳо, ёрқин, покиза туйғу ҳадя қилиб кетганини сезмай қолган эди…

Тошкент, 1972–1973
* * *
ТАШВИШ

Одатда, ўқ тегса, унинг оғриғи ўша заҳоти эмас, анчадан кейин билинади. Сафарали Фарғонадаги қуролдош ўртоғи Расулжонникига бориб, у ерда бўлиб ўтган дилсиёҳлик ва хижолатпазликларни шунчаки одатий бир гап, деб ўйловди-ю, аммо бир кун ўтиб уни поездга олиб чиқиб кузатиб қўйишгач, купесига кириб ёнбошлаганида, ўша гапларнинг захми сезила бошлади. Назарида, Сафарали – Сафарали бўлганидан бери – шунча ташвишларни бошидан кечириб, Улуғ Ватан урушининг жаҳаннамий оловларига минг бор кириб чиқиб ҳам унинг боши бунчалик қотмаган эди.

Нима бўлди ўзи? У иссиқ ва дим купеда чалқанча ётаркан, бўлган воқеаларни бир бошдан кўз олдига келтира бошлади…

* * *

Ўша куни Сафарали ишдан ҳориб-чарчаб, оч қолиб тун ярмида уйига қайтди. Муҳаббат эрини ҳар галгидай меҳрибонлик билан кутиб олди, қўлига сув қуйди, сочиқ тутди. Сўнг токчада турган хатни олиб Сафаралига тутқазди:

– Боя почталён ташлаб кетувди, – деб эрига савол назари билан тикилди. Сафарали ҳам хатга тикилди-ю, ҳайрон бўлиб елкасини қисди.

Муҳаббат эрининг овқатини иситиб бериш учун ташқарига чиқди. Сафарали конверт сиртидаги адресга қайта тикилди. Хат Винница шаҳри, А. Заремба деган одамдан эди. Сафарали ўйланиб қолди. Бунақа одам билан ҳеч ҳам таниш бўлмаган эди-ку? Бу Заремба дегани ким бўлди экан? Ё фронтда бирга бўлган ўртоқлариданмикан? Бирон Заремба фамилияли одамни эслолмади. У конвертни йиртди. Ичидан битта фотосурат чиқди. Суратда бир аёл билан ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги қиз кулиб қараб турар эди. Қизиқ! Сафарали тикилиб қараб ҳам уларни таниёлмади. «Хат адашиб келмаганмикан?» – деб тағин конвертга кўз ташлади. Тўғри! Ўзининг фамилияси, ўзининг исми, жуда тўғри, жуда аниқ ёзилибди. Тағин суратга тикилди. Қизнинг истараси иссиқроқ кўринди, уларни кимларгадир ўхшатгандай бўлди. Сафарали суратнинг орқасига қаради: «Алла ва Галина Заремба» деб ёзилибди. «Э, тўхта, тўхта! Э…» унинг вужуди жимирлашиб кетди. «Галина, – деди у шивирлаб. Товуши паст чиқдими ё баланд чиқдими, буни пайқаёлмай қолди. – Ё тавба! Одам деган ҳам шунчалик ўзгариб кетадими-я?!»

Сафарали Галинани фронтда учратганида ё ўн етти, ё ўн саккизлар чамасида эди. Ҳозир ўттиз уч-ўттиз тўртларда бўлса керак. Ҳалиги суратдаги аёл қирқлар чамасида: сочларига оқ оралаган, унда-бунда юзларига ажин тушибди. «Нима бўлди сенга Галина? Довюрак, халоскор Галинам!»

Сафаралининг кўз ўнгида қоронғи ва зах ертўла гавдаланди: ертўла туйнугидан хирагина нур тушиб турибди. Қўлида фонар ушлаб олган бир чол уларнинг устига энгашиб:

– Сизларни Галя ўрмонга олиб кетади, – деди. Чолнинг ёнгинасида қора матодан кўйлак кийган бир қиз турар, ертўлада беш-олти жангчи инграб ётар, ҳаммаси оғир ярадор эди. Сафарали ҳам шулар орасида, ертўлада ўзига келди. Ярадорларни шу чол билан ҳалиги қиз ертўлага кўтариб олиб киришибди.

Фронт анча илгарилаб кетибди.

Галина ярадорларни бир амаллаб ўрмонга олиб кирди…

Шундай қилиб Галина билан Сафарали бора-бора бир-бирларига ўрганишиб, бир энлик ҳам ажрашмайдиган бўлиб қолишди. Сафарали тузалгач, Галина иккови бир тан, бир жон бўлиб ёвга қарши курашишди. Ўқ овози тинган чоғларида улар келажак турмуш режаларини тузишди. Сафарали Галинасиз ҳаётини тасаввур қилолмасди у вақтда. Улар сокин ўрмонда, хилватроқ жойни танлаб, чалқанча ётиб олишиб, тубсиз кўм-кўк осмонга тикилишар, «Як ти думаеш Халя?» – деб ҳазил қилиб қўяр эди.

Қирқ тўртинчи йили армиямиз бутун фронт бўйлаб ҳужумга ўтиб, фашистлар асоратидан Белоруссия, Украина озод қилинди. Ленинград қуршови ёриб ўтилди. Худди шу пайтда партизанлар қўшилмасидан ҳарбийга йигитлар танлана бошлаганида, Сафаралини ҳам олишди. У армия билан Ғарбга қараб йўл олди.

Шундай қилиб, у Галина билан Винницада хайрлашди. Сўнг Польша учун бўлган жангларнинг бирида оғир яраланиб, Познан шаҳридаги госпиталда ўзига келди: ҳамма ёғи оппоқ дока билан чандиб ташланган эди.

У ўзига келгач, Галинани қидириб хат ёзди. Аммо хати қайтиб келаверди. Мана, орадан ўн беш йил ўтибди. Ниҳоят мана бу хат…

Сафарали эс-ҳушини йиғиб, тўрт буклоғлик хатга яна кўз югуртирди. Хат «Здравствуй, папа», деб бошланибди. У тағин суратга тикилди. Бу гал суратдаги аёл унга хомуш тикилиб тургандай бўлди. Бу таниш, қадрдон ва азиз инсоннинг қалбида ушалмаган не-не орзулари бордек туюлди. Бунинг учун ўзи… Йўқ, йўқ, лаънати уруш, тақдир айбдор!.. Сафарали хатни кўздан кечириб чиқди. Хат охирида Олеся деган қиз имзо чекибди. У хатни бошидан қайта ўқий бошлади. Унда Олеся ўзининг қирқ бешинчи йилнинг баҳорида туғилганини, ақлини танигандан сўнг дадам деб юргани – Микола Заремба ўгай отаси эканини, ўзидан сўнг учта укаси ўгай отасиданлигини тасодифан эшитиб қолиб, туну кун йиғлаганини, ниҳоят унинг ўз отаси фронтда ҳалок бўлгани ҳақидаги хатни ўқиб бериб уни тинчитишганини ёзибди. «Ўтган йили радиодан Ватан уруши иштирокчиси ўз фарзандларини қандай топганлиги ҳақидаги бир ҳикояни эшитиб, мен ҳам Мудофаа министрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий комиссариатига хат ёздим. Мана, ниҳоят яқинда Тошкентдан қувончли хат олдим. Сизни – дадамни топдим! Билмадим, сиз мени қизим деб тан оласизми, йўқми? Укаларимнинг ота-онаси бор. Мен эсам… Ойимларнинг айтишларига қараганда, мен сизга ўхшаб кетармишман. Шунинг учун ҳам расмимизни юбордик…»

Сафарали расмга қаради. Кўрган заҳоти кимгадир ўхшатган эди-я! Ҳа, ҳақиқатан ҳам худди ўзи.

* * *

Ташқаридан Муҳаббатнинг оёқ товуши эшитилди. Сафарали хатни шошиб қўйнига тиқди. Нима қилсин! Хатни Муҳаббатга кўрсатсинми, ё? Хўш, борди-ю айтса нима бўлади? Ахир одамнинг бошидан нималар ўтмайди? Йўқ, айтиш керак…

Сафарали ички сирлари билан курашиб, Муҳаббат иситиб олиб кирган маставанинг таъми қанақалигини ҳам, уни қандай ичиб бўлганини ҳам билмади. Унинг бугун бунчалик индамас бўлиб қолганини хотини чарчаганликка йўйиб, тезгина ўрин солди… Улар ётишди. Муҳаббат ортиқча гап гапирмас, Сафарали эса: «Хатни айтсам, ўзи оғироёқ бўлиб юрганида ёмон таъсир қилмасмикан», деган андишада ўз хаёллари билан ўзи олишиб ётар эди. Нима қилсин, айтсинми? Ё… У хотини томонга ўгирилиб, энди оғиз жуфтлаганида, қўли бехосдан Муҳаббатнинг қорнига тегиб кетди. Бир нима қимирлагандай бўлиб туюлди-ю, айтмоқчи бўлган гапи бўғзида қолди. Негадир ширин энтикди. Бу энтикиш узоққа бормади. Яна хат кўз ўнгига келди. Йўқ, айтиш керак. Айтмаса бу сир дард устига чипқон бўлади.

– Муҳаббат, – деди у астагина. Муҳаббат дарровда жавоб бера қолмади. Сафарали тағин ялинган оҳангда: – Муҳаббат, – деди. – Ҳалиги… ҳалиги хатнинг кимдан келганини сўрамадингиз?

– Кимдан экан? – аста сўради Муҳаббат.

– Хат… Хат…

Шу пайт эшик зарб билан тақиллаб қолди. Муҳаббат чўчиб тушди. Сафаралининг гапи бўғзида қолди. У ўрнидан апил-тапил турди-да, енгил-елпи кийиниб, эшикни очди. Қараса, эшик олдида забардаст бир йигит турибди. Уни Сафарали дафъатан таниёлмади. Ичкаридан тушиб турган нур ёруғида синчиклаб тикилди.

– Ие, Йигиталимисан?

Йигит бошини қимирлатди. Сафарали уни сал-пал ҳаяжон ва шубҳа билан бағрига босди.

– Оббо сен-эй, қандай шамол учирди? Ярим кечада… Қаёқдан?

– Уйдан…

– Фарғонадан-а?!

Йигитали бош ирғади.

Даҳлизда Муҳаббат кўринди. Йигиталининг бемаҳал келиши Сафаралининг кўнглига бироз шубҳа солган бўлса ҳам, у қувонган бўлиб:

– Йигитали келди, Муҳаббат, – деди.

– Ассалому алайкум, янга,– деди Йигитали ийманиброқ,– сизларни бемаҳалда безовта қилдим чоғи…

– Э, безовтаси бор эканми, жиян. Қани, ичкарига.

Улар ўтиришди. Муҳаббат «мен ҳозир», деб ташқарига чиқиб кетди.

– Тўғри келяпсанми? – деди Сафарали унинг келиш сабабини тезроқ билиш ниятида.

– Ҳа, тўғри уйдан.

– Тинчликми?

Йигитали бошини хам қилди. Сафарали ҳамон унга савол назари билан тикилиб турар эди. Йигитали ёрилди:

– Назар акани… ўлдириб қўйдим…

– Нима дединг?

– Назар акани ўлдириб қўйдим…

– Нега?!

Йигитали бироз индамай ўтирди-да, бор гапни айтиб берди.

Сафарали қуролдош дўсти Расулжон билан жанг майдонида жон аямас дўст тутинган. Борди-келди қилиб туришади. Сафарали Расулжонникига ўтган йили кузакда – Йигиталини уйлантирганида борган эди. Ўшанда зап тўй бўлган эди-да! Колхоз раиси Назар аканинг ўзи тўйга бош бўлган. Фарғона водийсига донғи кетган артистлар тўйга келишиб, роса қиздиришган… Сафарали ўшанда яхши кайф қилиб олиб, ёшгина артистка билан ўйин тушганини ҳали ҳам оғзининг таноби қочмай эслаёлмайди… Шундай яхши кунида отахонлик қилган одам, мана кўрмайсизми энди? Нима қилибди денг? Йигиталини шаҳарга механизаторлар курсига ўқишга жўнатиб, хотини Ойнисани, оғироёқлигига қарамай, тошқин кезида ишга солибди. Оқибатда Ойниса етти ойлик боласини тушириб қўйибди. Буни қаранг! Ҳа, ахир оғироёқ ёшгина келинни совуқда, ариқ ишларига олиб чиқмасаям бўларди-ку! Йигитали ўқишдан қайтиб келиб шу ҳангомани эшитибди-ю, боласи тушмагур ёш-да, Расулжон амакиси билан ҳам маслаҳат қилмай тўғри идорага бориб, стол устида турган мармар кулдон билан Назар аканинг бошига туширибди…

– Яхши бўлмапти, жиян, – деди Сафарали хафа бўлиб. – Ўлганини қаёқдан билдинг?

– Столнинг тагидаги гиламга йиқилиб тушди, – деди Йигитали бошини баттар эгиб.

– Хўп, шундай бўпти, нега амакингга бир оғиз айтмадинг?

– Амаким уйда йўқ экан…

– Кутсанг бўлмасмиди?

– Қўрқдим…

– Ҳа, боласи тушмагур-а. Хунук иш бўлибди! – Сафаралининг бояги хат боисидаги ташвиши ҳам бир нави экан. Унинг устига бу ташвиш қўшилиб нима қилишини билмай қолди. Индамай чой ичишди, Муҳаббат гап нимадалигини чала-чулпа илғаган бўлса ҳам, уларнинг оғир ташвишда эканликларини кўриб, оғиз очиб бир нима дейишга, аниқроқ сўраб олишга журъати етмади. Орадан анча муддат ўтгандан сўнг Сафарали бир қарорга келди шекилли, шартта ўрнидан туриб кийина бошлади. – Тур, кетдик.

Йигитали билан Муҳаббат ҳайрон бўлиб унга қарашди.

– Нимага анграясан? Боришимиз керак, олдини олишимиз керак. Бўлмаса иш чатоқ бўлади. Муҳаббат, Сожида холанинг қизини чақир. Бирга бўлсин сен билан. – Муҳаббат индамади. Йигитали, итоаткорона ўрнидан қўзғалди. – Бир амаллаб самолётга чиқамиз. Лётчиклар билан гаплашиб бўлса ҳам…

Йигитали миқ этмай унга эргашди…

* * *

… Улар «Бўстон» колхозига кириб келишганда қуёш энди жамолини кўрсата бошлаган пайт эди. Йигитали Ширинсой устидаги якка чўпдан Сафарали билан олдинма-кетин ўтаркан, кечадан бери ичига сиғдиролмай келаётган аламини икки оғиз сўзда ифода қилди-қўйди:

– Қачонгача пахта деб одамни унутамиз, тоға? – У Сафаралини амакиси Расулжоннинг жонажон ўртоғи бўлгани учунми, ҳарқалай, тоға дерди. Умуман олганда Йигиталининг гапида жон бор. «Сенинг гапинг тўғри, жиян», деб сал пишанг берса борми, Йигитали оламга ўт қўйишдан ҳам тоймайди. У раисни эслади. «Бўстон»нинг раисини шу атрофда ким танимайди, дейсиз. Сафарали унинг қаттиққўллигини, пахта деганда отасини ҳам аямаслигини эшитган эди. Раисни синглиси Сожиданикига уч-тўрт марта келганида кўрган, суҳбатида бўлган, бир дастурхон атрофида ўтириб чой ичишганди. Бир гал нима ҳам бўлиб– ди-ю, бир колхозчининг сигири пахтага тушибди. Уни раис кўриб қолиб, дарров сўйдирибди-да, умум қозонига солибди. Сигирнинг эгаси – эри урушда ҳалок бўлган аёл экан. «Бола-чақамни шу сигирнинг сути билан боқиб ўтирибман», деб ялинса ҳам қулоқ солмабди.

… Улар қишлоққа кириб келганида, Сафарали Йигиталига ўгирилди:

– Сен тўғри уйга боравер, – деди жиддий. – Мен раисдан хабар олиб ўтаман.

Йигитали гап қайтармади, уйга қараб кетди. Сафарали йўлни тўғри идорага қараб солди.

У идорага келганида, ҳеч ким кўринмас, фақат ёшгина бир қиз қабулхонада машинка чиқиллатиб ўтирар эди. Сафарали ундан раисни сўради. Қиз унинг далага чиқиб кетганини айтди. «Хайрият, тирик экан, ўлмабди…» – деди кўнгли таскин топиб.

– Келиб қолармиканлар?

– Ким?

– Раис-да.

– Кутиб туринг, келиб қолишар.

Сафарали эшик олдида кутди. Бироздан сўнг кўча томондан машина гуриллагандай бўлди. «Келди!» деб ўйлади Сафарали. Чиндан ҳам идора олдига ҳаво ранг «Волга» келиб тўхтади. Машина эшиги очилиб, қарсиллаб ёпилди. Салдан кейин Сафарали раиснинг қотма гавдасини кўрди. У ён-верига қарамай тўғри идорасига ўтиб кетди. Сафарали котиба қиздан рухсат сўраб, ичкари кирди. Раис рўпарадаги стол ёнида бошини эгиб, ҳорғин ўтирар эди. Столнинг бир четида чойнак, пиёла. Ўртароқда қаламдон. Чап томонда шапалоқдай келадиган мармар кулдон… «Яхшироқ тегмаган экан, бу кулдон билан астойдил урса, одам тил тортмай ўлиши аниқ! Икки килоча бор-а. Бир Худо асрабди раисни!» Сафарали раиснинг ажин тушган пешанасига, озғин юзига, қизариб кетган бўйнига қараб бир нафас тўхтаб қолди. Унинг ўнг қовоғи мўматалоқ бўлиб кўкариб кетган эди. У бошини аста кўтариб, мулозамат қилди:

– Келинг.

Сафарали аста бориб, унинг қаршисига ўтирди. Гўё ҳеч нима билмагандай гап бошлади:

– Кеча боласи тушмагур… ўқишдан қайтган экан…

– Шунақа денг… – деди раис кинояомуз. – Сиз билан илгари кўришган эдик, шекилли? Олмазорданмисиз?

– Худди шундай… Сожидахон синглингизнинг қўшниси…

Раис бу гапга парво ҳам қилмади. Бироз сукутдан сўнг тўнғиллади:

– У жиянингизми, бошқангизми билмадим, нонкўр экан! Мен унга оталик қилган эдим…

Сафарали ҳаяжонини босиб, секин гап бошлади:

– Оталик қилган одам охиригача қилади-да…

– Индамаганим – оталик қилганим эмасми! – раис тишларини ғижирлатди.

«Устомон одам экан, – деб ўйлади Сафарали, – айб ўзида бўлмаганида нима қилишини билардику-я!»

– Оталик қилган одам ҳали туғилмаган неварасини нобуд қилмайди!

– Ҳали ўзи бола-ку, болани нима қилади? – бу гапни раис мазах билан айтди. Сафарали ғазабдан қалтираб кетди.

– Ҳа, албатта, сизга бола эмас, план керак…

– Менга қаранг, ука. Шундоғам насиҳатгўйларим кўп, ўзи биттасидан – Расулвой деганидан қутулолмай гарангман. Тўғри, менга план керак. Давлат мендан план талаб қилади…

Сафарали унинг гапини бўлди:

– Лекин давлат, кўзи ёрий деб турган хотинни тошқин тўсаётганингда муздай сувга тушириб ишлатгин, мактаб болаларини далага олиб чиққин, демайди-ку! Сиз фақат бугунни ўйлаяпсиз. Эртани ўйламаяпсиз.

Раис ижирғаниб юзини ўгирди. Шартта ўрнидан туриб, қўлларини орқасига қилиб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.

– Мен мана шу колхознинг қаддини кўтариш учун боримни аямаяпман, – деди у Сафаралининг устига бостириб келиб. – Керак бўлса жонимни ҳам бераман. Уруш йиллари колхознинг бутун оғирини зиммамга олганимда қаёқда эдиларинг!

Сафарали ҳам ўрнидан сакраб турди.

– У маҳалда бизлар ҳам сизнинг тинчлигингизни ўйлаб жанг майдонида қон кечиб юрган эдик. Сиз бугун кўкрагингизга муштлаб, гўё ҳамма нарсани ўзингиз қилган бўлиб гапиряпсиз-у, аммо ҳамма ишни қилган ўша қора кўз колхозчиларингиз! Меҳнатнинг оғири ўшаларнинг зиммасига тушяпти! Одамлардан ўзингизни ажратиб гапирманг! Улар хоҳласа шунақа чирпирак қилиб урадики, эсингизни йиғолмай қолсасиз. Ҳа…

Раис кинояли кулди.

– Кўрамиз, чирпирак қиладигани қачон туғиларкин! Давлат менга бу ишни ишониб топшириб қўйибди. Мен давлатнинг айтганини қиламан…

– Бекорларни айтибсиз, – деди Сафарали ҳам бўш келмай. – Мана шу гапингиз билан давлатга туҳмат қиляпсиз! Давлатнинг мақсади битта! У ҳам бўлса халққа сидқидилдан хизмат қилиш! – У кескин бурилиб, эшикни шартта очди. Чиқиш учун бир оёғини ташқарига қўяётиб орқасига ўгирилди. – Ҳали бу гаплар шундоқлигича қолиб кетмайди. Кўрамиз ҳали зўрлигингизни!

У эшикни қарсиллатиб ёпди-ю, цемент зиналардан чопқиллаганча тушиб кетди…

Сафарали қизди-қизди билан шунча гапни айтиб юборди-ю, Йигиталиларникига борганида ўзига ўзи ҳайрон қолди. Аслида у: «Раис ўлиб қолган бўлса, энди бу ёғи нима бўлади?» – деб ваҳима қилиб, қуролдош дўстига учрашиб, бамаслаҳат иш кўришни кўнглига тугиб келган эди. Бундоқ қараса, раис балодек юрибди. Қўрққан олдин мушт кўтарар қабилидами ё адолат юзасиданми, ҳарқалай, унинг оғзидан туядай-туядай гаплар чиқиб кетди.

Кечқурун Йигиталиларникига Расулжон ҳам чиқди. Сафарали раисга айтган гапларини бир-бир такрорлади. Расулжон бу гапларни аввалига индамай эшитиб ўтирди-да: «Жуда тўғри қилибсан, кўнглимдаги гапларни айтибсан. Мен ҳам яқинда роса ғижиллашган эдим», – деди. Сафаралининг эсига раиснинг: «Шундоғам насиҳатгўйларим кўп. Ўзи битта Расулвой деганидан қутулолмай гарангман!» деган гапи тушди.

Расулжон бироз индамай ўтириб, кўнглидаги ҳамма гапни бир оғиз сўзга жойлаб айтиб қўя қолди:

– Йўқ, ҳали бу раис билан кўп олишамиз. Болалар мактабни йиғиштириб пахта яганасига чиқсин, дебди. Шундоғам бу бола бечораларнинг меҳнатдан боши чиқмайди. Ўқиши чала бўлади. Кейин олий ўқув юртига бориб йиқилиб келади. Билими чала-да! Кейин ким бўш? Қишлоқ болалари бўш, ўқитувчиларининг мазаси йўқ, деган маломатларни эшитамиз. Бунга чидаб бўладими, ахир!

Сафарали унинг асабий ҳаракатларидан, куйиб-ёниб гапиришларидан шу нарсани уқдики, у бу ҳақда раис билан кўп олишган, яна олишади! «Бунинг дарди олдида менинг гапларим жуда кўримсиз бўлиб қоларкан. Шу бўлмағур гапларни Расулжонга гап деб айтиб ўтирибман-а! Э, суф-э менга!»

* * *

…Дўстлар анча маҳалгача асабий гаплашиб ўтиришиб, ахийри гап мавзуи қуролдош дўстлари: Бўтавой, Бойзоқлар ҳақида кетганида бироз жаҳлдан тушиб, кулишиб, яйрашиб олишди. Айниқса, Бойзоқнинг окопларда қилган қилиқларини, оғзини тўлдириб: «Шўрт возми!» деб ўрисча гапиришларини, Расулжон яхши кўриб айтадиган «Чаман ичра» ашуласини тили келса-келмаса «Шамен ишре» деб бузиб айтиб, ҳаммани кулдиришларини бир-бир эслашди.

«Бўстон»га аэродром анча узоқ бўлгани учун Сафаралини эртасига туш пайтида «Фарғона – Тошкент» поездига чиқаришиб қўйишди. Сафарали танбурга чиқаётиб:

– Расулжон дўстим, энди сен ҳам бир боргин Олмазоримизга. Томоша қилдираман. Вақтинг бемалолроқ бўлса Бойзоқ билан Бўтавойнинг олдига ўтиб келамиз, – деди такаллуф билан. – Йигиталини… болалик қилса ҳовридан тушириб қўярсан.

– Каникул пайтида бўлмаса, ҳозир қаёқдан қўлим тегади дейсан, дўстим. Йигиталидан хавотир олма! Биз кўпчиликмиз, – деди Расулжон уни ишонтириб.

Поезд ўрнидан жилди.

* * *

Мана, поезд шу жилганича тақа-туқ, тақа-туқ қилиб келяпти. Сафарали бўлиб ўтган гапларни қайта-қайта хаёлдан ўтказиб, худди урушга кириб чиққандай чарчади. Балки ундан ҳам баттар! У бугун ҳам қолиб, дўсти Расулжон билан Йигитали ва унинг онаси Каромат хола билан отамлашса бўлар эди-ку, аммо қололмади. У шу келишида Галя ва Олеся ҳақидаги ҳангомаларни айтиб, Расулжондан маслаҳат сўрамоқчи эди. Айтолмади. Нега деганингизда, уларнинг ўз ташвишлари ҳам оз эмас экан. Жоиз кўрмади. Вақти ҳам тиғиз эди. Уйида Муҳаббатнинг ёлғиз ўзи қолган. Қўшни Сожида хола кириб хабар олади-ю, шундай бўлса ҳам… нима деб бўлади. Оғироёқ. Бунинг устига ҳозир ишлаётган жойидан тезроқ бўшаб, ўзи яшаб турган Олмазорга ишга келишга ваъда берган. Олмазор совхозининг парторги Нортожи ҳар куни: «Қачон бўшайсан-у, қачон келасан?» деб тиқилинч қилгани-қилган. Шундай пайтда дом-дараксиз кетса улар нима деб ўйлашади?

Аксига олгандай купесидаги одамларнинг ярми йўл-йўлакай тушиб кетди. Гаплашадиган, бундоқ юрагини ёзадиган одам йўқ. Битта чол, қаерда тушишини ким билади дейсиз, Фарғонадан чиққандан ухлади, ҳали ҳам ухлаб келяпти. Сафарали юраги сиқилиб ўрнидан турди. Вагон деразалари терлаган эди. Енги билан артиб, «дарча» очди. Ташқарида кўм-кўк садалар лип-лип этиб орқада қолар, уфқ қон рангида, чамаси кун ботган эди. Дала, дала, дала. Табиат худди етим боладай мунгли. Одам боласи кўринмайди. Ғилдиракларнинг «тақ-туқ»и бўлмаса пақ этиб ёрилиб кетишинг ҳеч гап эмас. Сафарали, дили баттар ғаш тортиб, дераза олдидан кетди. Нима қилишини билмай жойига қайта ўтирди. Нотаниш чол ҳали ҳам ухлаб ётарди. «Сассиқ чол!» У қисилиб ўзини қаёққа қўйишини билмай қолди. Шундай кунда самолётга чиқмай поездга чиққанини қаранг! Бу ҳам кўргилик-да! Ахир бугун Сафарали учун оддий кун эмас эди-ку! У бу кунни худди янги йилни кутгандай кутиб оларди ҳар йили.

У купесида бирпас ўтирди. Столи устидаги ғижимланган қоғозларни жирканиброқ йиғиштириб, деразанинг дерматин тўсиғини тушириб қўйди. Купе ичи яна ҳам қоронғи тортиб, юраги баттар сиқилиб кетди. Ўрнига чўзилиб китоб ё журнал ўқиши мумкин эди-ю, бироқ бу ерда на китоб бор ва на бирон овунадиган нарса! Нима қилсин? Ё ресторанга чиқиб юз грамм отсинми? Ҳа, шундай қилмаса виждони олдида гуноҳкор бўлади. Ахир бу кун унинг онадан қайта туғилган куни-я!

Сафарали вазмин ўрнидан турди. Ҳозир айни пайти, ресторан очиқ. Унинг назарида, эси бутун одам бир ўзи ичмайди. Кимни таклиф қилса экан? Аксига олгандай вагонда биронта ҳам таниш дуч келмаса-я! Ҳалиги хурракчи чолни уйғотай деди-ю, кўнгли тортмади. Қўшни купедагилар ўзи бир улфат шекилли, ҳар замон-ҳар замонда у ердан кулги кўтарилади. Бир маҳал, ҳалиги кулги эшитилаётган купе ёнида турган қизга кўзи тушиб қолди. Сафаралининг кўнглига келган биринчи гап шу бўлдики, кўзлари катта-катта экан. Қош қорайиб теварак атрофда ҳеч нима кўринмай қолса ҳам қиз деразага тикилиб турибди. У ногаҳон хаёлига келган бир фикрдан чўчиб тушди. ЙЎғ-э, қиз болани-я! Дабдурустдан нима деб ўйлайди? Силтаб ташлаши ҳам мумкин. Мулзам бўлиш ҳеч гап эмас. Ундан ташқари…

Қиз бўйдоргина, озғин экан. Борадиган жойи ҳам унча узоқ эмасга ўхшайди: кийимини ўзгартирмабди. Ё… Эҳтимол, эри ё отаси билан кетаётган бўлиши мумкин. Шундай бўлса ҳам Сафарали беихтиёр қиз томонга қадам ташлади. Қиз буни ё пайқади, ё… Сафаралининг кўнглида соф ният борлигини билсайди. Нега шунақа-я, бу одамлар, дарров шубҳага боришади. Гўё нотаниш одамда нуқул ғараз бўладигандай. Ҳозир Сафарали билан бориб бироз ҳангомалашса-ю, эзгу ҳисларини ўртоқлашса ўзига ҳам ёмон бўлмасди, бу димиққан вагонда ёлғиз зерикиб турмасди.

– Менга қаранг… – Сафарали қандай қилиб гапириб юборганини билмай қолди. – Ресторанга бориб жиндек ўтирмаймизми, а?

Қиз ялт этиб унга қаради. Унинг бежиримгина бурни устига тер қалққан эди. У: «Қизиқмисиз?!» дея орқасига сал тисарилди-да, тағин деразага қараб олди. Сафарали гапни бўшаштирмади.

– Бугун… туғилган куним эди…

Қиз индамади.

– Аксига олиб биронта таниш учрамаса-я…

Қиз унга авайлаброқ қаради:

– Туғилган куним, денг, – унинг товуши самимий чиқди.

– Қайта туғилган куним…

Қиз унинг бу гапига ҳайрон бўлиб, ялт этиб қаради.

– Шундай…

– Ундай бўлса бирорта улфат топиб, нишонланг.

Сафарали елкасини қисди. Улар бироз жим қолишди.

– Зерикиб турган экансиз… – деб минғирлади Сафарали яна.

Қиз индамай купеси томон кетди. Эшикни очган эди ичкаридан гуп этиб сигарет тутуни урилди, маст-аласт шовқин-сурон эшитилди. Қиз бурнини жийириб, эшикни чаққон ёпиб, бироз қараб турди-да:

– Менга қаранг, юринг кетдик, – деди.

…Вагон-ресторанда одам сийрак эди. Улар оппоқ дастурхон ёзилган столни танлаб, дераза ёнида рўпарама-рўпара ўтиришди.

Сафаралига қиз яна ҳам чиройли туюлиб кетди. Буни қаранг, озғинлик ҳам шунча ярашадими кишига?

– Нима ичамиз?

– Асосан сиз ичасиз, сизнинг туғилган кунингиз…

Сафарали официанткани чақириб, ўзича таомлар буюра бошлади.

– Мен озгина ароқ ичаман, сизга жиндек вино заказ қилдим. Ҳа, айтгандек, танишмабмиз ҳам. Отингиз нима? Меники Сафарали.

– Ҳабиба.

– Ана, танишиб ҳам олдик. Хафа бўлмайсиз-да…

– Йўқ…

– Тағин бу қанақа одам ўзи, деб ўйламанг. Ҳар йили шу кунни нишонлаш одат бўлиб қолган.

– Яхши одат. Қандай қилиб «қайта туғилганингизни» айтиб бермайсизми?

– Айтаман. Аввал жиндак-жиндак… – деди Сафарали мийиғида кулиб. Бу маҳал официантка патнисини лопиллатиб келиб қолди. Патнисда ноёб балиқ, икра, янги бодринг ва помидордан салат… анча нарсалар бор эди.

– Вой, шунинг ҳаммасини еймизми?

Сафарали қўлида мўъжаз графинни тутганича қимирламай қолди: «Товуши мунча чиройли бўлмаса?» Улар биринчи рюмкани Сафаралининг «қайта туғилгани» учун ичишди. Иккинчи рюмкани тезгина қуйиб, танишганликлари учун кўтаришди. Сўнг бироз танаффус қилиб, Сафарали урушда бошидан кечган ҳангомаларни: Галя билан қандай учрашгани-ю, Галя уни бир ўлимдан қандай олиб қолганини… ва ана шунда ҳаётга иккинчи бор келгани – қайта туғилганини ҳаяжон билан гапириб берди.

– Ҳозир-чи, ҳозир?

– Нима ҳозир?

– Ҳозир келин ойим бормилар? – сўради Ҳабиба кўзларини четга олиб қочиб.

– Бор… – ичкилик таъсир қилди шекилли, Сафаралининг кўзлари сузила бошлади.

– Яхши кўрасизми?

– Жуда!..

– Болаларингиз-чи?

– Йўқ.

– Менинг битта ўғилчам бор.

Сафаралининг дили сал ғаш тортгандай бўлди. Бу ёғини – эрини ва унинг кимлигини – суриштириб ўтирмади.

– Сиз… ёшсиз, – деб қўя қолди унинг кўзига тикилиб туриб.

Ҳабиба мийиғида кулди. У сўнгги рюмка ортиқлик қилаётганини сезиб:

– Энди бас… Кетайлик, – деди. Сафарали аввалига Ҳабибага бир кўзини сузиб қаради-да, олдида турган рюмкани ичиб, итоаткорона ўрнидан турди.

Улар ўз вагонларига етиб келганларида, негадир жим бўлиб қолишди. Ниҳоят Сафарали ёрилди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации