Текст книги "Танланган асарлар"
Автор книги: Носир Фозилов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 60 страниц) [доступный отрывок для чтения: 20 страниц]
Агар навбатдаги ўқув йилимиз бошланиб, адабиёт муаллимимиз қишлоғимиз тарихи ҳамда унинг нима учун Чаман деб аталиши ҳақида иншо ёзиб келинглар, демаганида борми, ҳеч балони билмай, Чаман деган қишлоқда яшаймиз, деб юраверар эканмиз. Тўғри-да, қишлоғимизда қаққайиб турган бирон дарахт бўлмаса ёки бир туп гул ўсмаган бўлса, бунинг нимаси чаман?
Аъзам иккаламиз ўйлаб-ўйлаб, ахийри унинг дадасидан сўрайдиган, сўнг ёзадиган бўлдик.
Кечқурун Аъзамларникига кирдим. Улар овқатланиб бўлиб, чой ичиб ўтиришган экан. Ўртада хонтахта, хонтахта устида еттинчи чироқ лип-лип қилиб ёниб турибди. Хонтахта теварагида Аъзамнинг ойиси, дадаси, иккита синглиси билан укаси ўтиришибди. Чироқ уларнинг юзларини базўр ёритиб турибди. Теварак-атроф нимқоронғи. Киришим билан дадаси: «Кел, кел, Эргашвой», деб мулозамат қилди. Аъзам бўлса, менинг нима учун кирганимни билиб турганидан ўтирган жойида бир қимирлаб олди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин ҳамма чиқиб кетиб, Аъзам, дадаси, мен – учаламизгина қолдик. Аъзам билан мен бир-биримизга қараймиз, лекин юрак ютиб, сўз очолмаймиз. Ахийри, Пўлат амаким кўнглимизда бир гап борлигини сездилар шекилли, ўзлари сўраб қолдилар:
– Ҳа, Эргашвой, ишлар қалай? Ўқишларинг яхши кетяптими?
– Тузук.
– Анави ўртоқларинг билан ярашиб олдиларингми?
– Қайси? – мен ялт этиб Аъзамга қарадим. У ҳам менга қараб елкасини қисди.
– Қайси бўларди. Анави кўзойнак тақиб юрадиган қора бола борку… Қовунқуртлик. Ҳисобчининг ўғли…
– Э, уни айтяпсизми? Уришмаганмиз-у…
– Ким билади, ану чопонйиртарлик Абдунаби деган ўртоқларинг сал орамиз узоқроқ, девди-ку.
– Шунчаки ўзимиз…
Пўлат амаким мийиғларида жилмайиб, қувлик билан иккаламизга бир-бир қарадилар-да:
– Жудаям унчалик бўлмаса кераг-ов, – дедилар. Сўнг пича сукут сақлаб, иккаламизни кузатдилар. Бизлардан садо чиқавермагач, гапни ўзлари давом эттирдилар: – Унақа бўлар-бўлмасга жиртинг-пиртинг қилаверманглар. Суриштириб келганда ҳаммаларинг бир ернинг боласисизлар. Ҳа, аҳил бўлиш керак, тотув бўлиш керак. Немиснинг уруши ҳам етиб-ортиб турибди. Сенларники ортиқча…
– Амаки, нега қишлоғимизнинг отини «Чаман» деб аташади? Ўзи кичкинагина қишлоқ бўлса-ю, нега уч маҳаллага бўлиниб кетган?
Менинг бу сўроқларимни кутмаган эканларми ё бирдан гап мавзуси ўзгариб кетганигами, амаким бироз анграйиб менга қараб турдилар-да, шуни ҳам билмайсанми, дегандай бошларини чайқаб, кулимсираган бўлдилар. Сўнг айтадиган гапларини бошидан ўйлаб олдилар чоғи, ерга қараб жим қолдилар. Аллавақт ўтгач, бошларини кўтариб, иккаламизга қарадилар.
– Дастлабки пайтлар Дадамат деган бир чапдаст йигит кўчиб келиб, шу ерда бир йиллар чамаси яшади. Сўнг қўшниси билан уришиб, чопонини йиртибди, одамлар уларни муросага келтириб қўйгач, кейинчалик нарироққа уй солиб кўчиб кетди. Ҳозир у жойлар йигирма-ўттиз хонадонли маҳалла. Бироқ ўша воқеа одамларнинг эсидан чиқмайди. Шу-шу «Чопонйиртар» маҳалласи аталди-кетди. Исмоил деган бир киши бўларди. Ўзи қоп-қора. Балки сенлар эслаёлмасаларинг керак. Ўттиз еттинчи йили оламдан ўтди, бечора. Жуда яхши одам эди. У киши товуқ фермага бошлиқ бўлиб, ҳозирги ўтирган жойимиздан четроққа қўра солиб олди: Одамлар у кишини қоп-қора бўлгани учун «қовунқурт» дейишарди. Кейинчалик у ерга ҳам одамлар иморат қуришиб, кўпайишиб кетишди. Шу-шу бу жой ҳам «Қовунқурт» маҳалласи аталди-кетди, – деб амаким бироз сукут қилдилар. – Ҳалиги кўзойнакли ўртоқларинг ўша Қовунқуртнинг неваралари… Шунақа! Энди қишлоғимизни нима учун «Чаман» деб аташгани ҳам қизиқ. Эшмат аравакаш деган бир қизиқчи йигит… Ҳозир ҳам бор-ку. Анави аравакаш чол-да. Бобонг бериб юборган ул-бул нарсаларни олиб келиб бериб юради-ку. Ўша кунлардан бир кун шаҳардан қайтиб келаётиб, қишлоққа кираверишдаги ариққа араваси тиқилиб чиқолмай турган экан. Уст-боши лой, шалаббо, обдон ҳолдан тойган… ўзи жонидан тўйиб турган маҳалда бир отлиқ ўтиб кетаётиб: «Биродар, бу қишлоқнинг номи нима?» деб сўраб қолибди. Эшмат аравакаш истеҳзо билан: «Бу қишлоқни «Чаман» дейишади», деб юборибди. Бу гап одамларнинг қулоғига етиб, роса кулишибди. Шу-шу қишлоғимизнинг оти «Чаман» бўлиб кетди. Илгари номи «Ёйилма» эди. У энди бировнинг эсига ҳам келмайди. Одамлар «Чаман»га ўрганиб кетишди. Бир йиғинда одамлар ўртасида гап ҳам бўлди: қишлоғимиз номини ўзгартириш ҳақида. Лекин йиғинга таклиф этилган меҳмонлардан бири: «Ўзи чиройли номку, биродарлар. Нима қиласизлар ўзгартириб? Чаман бўлмаса чаман қиласизлар. Яхши ният-да. Уруш тугаб йигитларингиз қайтиб келишса, албатта, чаманзорга айлантириб юборишади. Ҳали қараб турасизлар, бу ерлар жаннатдек бўлиб кетади», деди.
Кимдир: «Номи Чаман» бўлиб, биронта гиёҳ ўсмаса…» деб минғирлаган эди: «Ўсмаса ўсмас. Ерларимиз шўрхок. Ҳа, йигитларимиз қайтиб келишса, шўрлари ҳам ювилар, дарахт ҳам экармиз, гулзор ҳам бўлар. Лекин ука, гап унда эмас. Гап одамларимизнинг яхшилигида, покдомонлигида, дилбарлигида. Бу ном қишлоғимизнинг ҳуснига қараб эмас, одамларимизнинг табиатига қараб қўйилган. Ҳа, мен сизга айтсам, бу ном ўзимизга ярашади!» деди оқсоқоллардан бири. Шу билан гап тугади. Ана шунақа. Бу номга ҳамма ўрганиб, кўникиб кетган. Шу номга яраша ишлашади, шу номга яраша иш тутишади. Чаманликлар бир гапни айтдими, уни ўз вақтида қилмай қўймайди.
– Сенлар ҳам шунга қараб иш тутмоқларинг керак, – дедилар сўнг амаким. – Бўлар-бўлмасга жўжахўроздай жиқиллашаверадиган бўлсаларинг, бу қишлоқнинг номи «Чаман» эмас, «Жанжал» бўлади.
Амакимнинг ҳамма гапи ҳам бир бўлди-ю, охирги гапи ҳам бир бўлди. Аъзам иккаламиз бир-биримизга ер тагидан қараб, миқ этмай ўтирардик. Қанча ўтирдик билмадим, охири амаким: «Вой-во-эй», деб белларини ушлаб, қўлларига таяниб, ўринларидан турганларида, бизлар ҳам жилдик…
Ҳақиқатан ҳам бундай ўйлаб қарасак, Карим ҳақидаги фикримиз унчалик тўғри эмасга ўхшайди. Қинғир иш қилдинг, деб четлатиб қўйсак, у баттар бўлмайдими? Шунақа чакки ишлар қилганида нега ўртага олиб дакки бермаймиз-у, нуқул ҳайдаб юборамиз? Мана бугун мактабда катта мажлис бўлиб, ўқувчиларнинг пахтага чиқиши ҳақида гап бўлди. Негадир гапга чиққан болалар мавзудан четлаб, нуқул Каримни танқид қилиш билан овора бўлишди: Карим ундоқ, Карим бундоқ. Қизиқ, биронтамиз қандай қилса тузалади, қандай қилиб тўғри йўлга солиш кераклигини айтмаймиз-а!
Уйга кириб, ечиниб ўрнимга ётганимда ҳам Карим ҳақида ўйлардим. Қаранг, мажлисда нуқул бизни мақташади. Ҳа, энди мақтов кимга ёқмайди дейсиз. Нуқул Аъзам, Абдунаби, Жалил… бир-биримизга қараб, оғзимизнинг таноби қочиб тиржаямиз. Кўриб қўй, дегандай Карим шўрликка тикиламиз. У бўлса, ер ёрилса-ю, ерга кириб кетса! Бошини қуйи эгганча миқ этмай ўтирибди. Биронтамиз бундоқ ўрнимиздан туриб: «Ҳой, Карим ҳам биз билан бирга ишлаган, аммо сал адашди, уни тўғри йўлга солиш ҳаммамизнинг бурчимиз эди. Солмадик. Тўғриси, солишни истамадик. Унинг шунақа бўлиб қолишида бизнинг ҳам айбимиз бор!» деб айтолмадик. Тағин биз чаманликлар эмишмиз-а!
Эрталаб ҳамма болалар қишлоқ ўртасидаги мактабга отланишди. Ўзи қишлоғимизда битта тўлиқсиз ўрта мактаб бор, холос. Еттини битирган болалар шаҳарга тушиб ўқишади. Бир йилдан кейин бизлар ҳам шаҳарга ўқишга кетамиз.
Шу хаёллар билан мактабга етиб бориб, энди синфга кирган ҳам эдимки, дарсга қўнғироқ чалинди. Одатдагидек синфда қий-чув. Болалар худди қулоқларидан олгандай қичқиришиб гаплашади. Биров бировни қувлаган, биров парта устида югурган.
– Салом, Эргаш! – деди кимдир ёнгинамдан чопиб ўтиб кетаётиб. Қарасам, Аъзам. Ўғилой найновнинг бир нарсасига теккан шекилли, орқасидан қувлаб ўтди.
Эшик ғийқ этиб очилиб, қўлтиғида таёғи, бир қўлида харита Қўчқор муаллим кириб келди. Бирпасда қий-чув тўхтаб, ҳамма жой-жойига бориб тик турди.
– Салом…
– Салом. Ўтиринглар, – муаллимнинг товуши юмшоқ, хотиржам чиқди. Сўнг у синфга кўз югуртириб, аста қалин йўқлама дафтарини қўлига олди: – Қани, бугун ким навбатчи? – деди
– Мен… – ҳалигина Аъзамни қувлаб юрган Ўғилой ўрнидан дик этиб турди.
– Кимлар йўқ?
– Каримдан бошқа ҳамма бор, муаллим.
Қўчқор муаллим негадир навбатчига эмас, синфга қараб:
– Нега келмабди? – деб сўради бепарвогина.
Болалар муаллимнинг шу саволини кутиб туришган экан шекилли, бир-бирларига гал беришмай чувиллаб кетишди.
– Кечаги танқидни кўтаролмаган бўлса керак-да.
– Ўртоқларини мақташганини эшитиб алам қилгандир-да!
– Жазаси…
– Баттар бўлсин!
Муаллим қўлларини ҳавога кўтариб, «бас» демаганида, билмадим, бу болалар тағин нималар деган бўлишар эди.
– Бўлди қилинглар, энди дарсимизни бошлаймиз. Қани, аввалги дарсимизда қайси мавзуни ўтган эдик? Қани, ким айтади?
Шу пайт эшикни кимдир аста тиқирлатди, сўнг ғийқ этказиб очди. Ҳамма ялт этиб эшик томонга қаради. Мен аниқ кўрдим: эшик тирқишидан кўк дуррасининг икки учини қимтиб тишлаб олган бир аёлнинг боши кўринди.
Муаллим:
– Навбатчи, чиқиб билинг-чи, нима гап экан? – деди.
Ҳаммамизнинг диққатимиз ўша ёқда. Ўғилой эшикка қандай тез чиққан бўлса, шундай чаққон кириб келди-да, муаллимнинг қўлига бир парча қоғоз тутқазиб, худди қойил қилдимми дегандай, шартта келиб ўрнига ўтирди. Бу пайт, деразадан шундоққина кўриб турибмиз, ҳалиги хатни келтирган кўк дуррали аёл пойинтар-сойинтар қадам ташлаб, Қовунқурт маҳалласи томонга жадал юриб борарди. Муаллим эса хатга тикилганча хаёлга толгани, жиддий тортиб, қўлларининг билинар-билинмас титраётганига қараганда, бирон кор-ҳол юз бергани аниқ эди.
– Карим ўртоқларингнинг… – деди муаллим салмоқлаб анча сукутдан сўнг, – акасидан қорахат келибди…
Синф оғир нафас олгандай бўлди. Ҳозиргина ўша оғир хатни енгил кўтариб кирган Ўғилой:
– Вой, Аҳмад акам… – деб йиғлаб юборди.
Ҳалигина Карим ҳақида, унинг нима учун дарсга келмагани ҳақида фолбинлик қилиб, ҳар турли ножўя гапларни айтган болаларнинг ҳам унлари ичларига тушиб кетган эди…
Бугунги дарслар татимади. Охирги қўнғироқ чалинганда Аъзам, мен, Абдунаби, Ғаниш, Жалил – ҳаммамиз ўртадаги ҳамма гина-кудуратни унутиб, ўртоғимиздан кўнгил сўрагани Қовунқурт маҳалласига қараб йўлга тушдик…
Каримларнинг уйларига яқинлашай деб қолганимизда Аъзам тирсагимни туртиб, орқага ишора қилди. Қарасам, бир чақиримча нарида иккита ўқитувчимиз билан бутун синфимиз болалари келишяпти. Уларни кўриб, қувонганимдан кўзларимдан ёш чиқиб кетди. «Қаҳр ҳам, меҳр ҳам тарбия воситаси, – деган эдилар тунов куни Қўчқор муаллим Карим чаловдан ҳайдалганида, – қани, кўрайлик-чи, қаҳримиздан тўғри йўлга тушмаса, унда меҳримизни ишга соламиз. Купчилик меҳрига тоб бера оладигани бўлмайди!»
ҲИКОЯЛАР
Полиз оқшоми
Сумбула тушиб, ҳавога куз нуқси уриб қолган кунларнинг бирида қишлоқ оралаб юрган мухбир йигит костюмини елкасига ташлаб, қовун полизга келди. Бу пайт полизда ҳамма иш билан банд; кеч кириб қолгани учун одамлар пушталарга уйиб қўйилган қовунларни четга, тарозибон олдига ташиб чиқишар, полиз ўртасида саралаб қовун узиб юрган чол қичқириб, йигитларга нималарнидир уқтирар эди. Ҳожи бува деганлари шу киши бўлсалар керак, деб ўйлади мухбир йигит. Сўнг теварак-атрофга бир зум диққат билан қараб турди-да, костюмини четроқдаги чайла ёнидан чиқиб турган шохга илиб, полиз ўртасига қараб юрди. Қовунларни қопларга солиб, бир-бирларига орқалатаётган йигитлар ҳазиллашишар эди:
– Ҳа, бўрикалла, думалаб жўна!
– Тағин кўтараман деб, ичинг тушмасин, босволди!
– Ҳали хомаксан-да, оғайни, хомаксан.
– Амирига ўхшаб белингни ушлаб туришингни қара, кўтарсанг-чи.
– Ҳожи бувам келяптилар… Ҳоп! Қочдик!..
Ҳожи бува булар томонга кела бошлаганда ҳалиги йигитлар қопларга ярим-ярим қилиб солган қовунларини орқалашиб, палаклар орасидаги илон изи сўқмоқдан югургилаб келишарди. Ҳожи бува уларнинг кетидан ҳай-ҳайлаб:
– Ҳой, секинроқ, заҳа ейди! – деди, сўнг қўлини пешонасига соябон қилиб, мухбир йигитга қаради. – Қай боласан, ҳой!
– Ассалому алайкум, – деди мухбир йигит чолнинг истиқболига юриб. – Меҳмонман, бува.
– Ие, келинг болам, келинг, – деди Ҳожи бува. – Мен сизни анави ишёқмаслардан бирими, девдим. Кўрмайсизми, буларга гап бўлса, ўйин бўлса бўлгани.
«Бечоралар югуриб-елиб қовун ташишяпти-ю, шундан ҳам норози бу чол, – деб ўйлади мухбир йигит. – Фермер аканинг ғайратли чол деганича бор экан».
Салом-аликдан сўнг Ҳожи бува бу йигитнинг оддий меҳмон эмаслигини, бир-икки оғиз гап билан иш битмаслигини билди.
– Меҳмон, бирпас сабр қиласиз-да, энди. Ишни тугатиб, йигитларга жавоб бериб юборай, кейин отамлашаверамиз.
– Майли.
– Бўлмаса сиз полизди оралаб туринг, – Ҳожи бува қўлини кўксига қўйиб, узр сўраган бўлди. Негадир мухбирнинг сурнайпоча шимига қараб жилмайиб қўйди.– Ҳай, томоша қилиб туринг-чи.
У кетди. Мухбир шимига қараб елкасини қисди-да, Ҳожи буванинг орқасидан жилмайганча қараб қолди.
Мухбир йигит полиз оралади. Ариқ ичидан биққидек семиз бир типратикан йўрғалаб чиқди. «Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?» дегандай мунчоқ кўзларини йилтиратиб, бир зум қараб турди-да, яна яшил палаклар ичига шўнғиб кетди. Палакларга қараб туриб мухбир йигит ҳайрон бўлди: одатда, бу пайтда палаклар сарғайиб, полизга хазонрезлик нуқси уриб қолар эди. Қаранг, баъзи сув қийналиб чиқадиган дўнг жойлардаги палакларни демаса, пастки, канал бўйидаги, қулоқ бошидаги палакларнинг ҳали ҳам авжи баланд, ям-яшил найчалари нақ осмонга сапчийман деб турибди. Ҳали ҳам гули, тугунчалари бисёр. Энгашиб палакларни титиб қарасанг, сапча хомаклар сероб… Тўрга кирганлари билан ранг олганлари палак орасидан ёриб чиқиб, манаман деб кўкрагига муштлаб ётибди. Нариги пайкал тарвуз полизи экан. Ҳар тарвузларки, йўлбарсдай! Худди голланд сигиридай ола тарғил Қўқон арава гупчагидай чўзинчоқ қўзивойларнинг уфққа ёнбошлаб ботаётган қуёш шафағи шуъласидан пешоналари ялт-ялт қилади…
Мухбир йигит, «чоли тушмагур буларни қандай парвариш қилди экан», деб ҳайрон эди…
Қуёш ботиб, салқин тушди. Полизнинг тароватли, ҳандалак, босволди бўйини уфурган файзли оқшоми бошланди. Мухбир йигит салқиндан эти жунжикди шекилли, канал бўйидан аста пастга тушиб, чайла томонга юрди. Бу пайт полизда шовқин-сурон тиниб, Ҳожи бува қовун ташувчи йигитларга рухсат бериб юборган, пайкалда фақат уч-тўртта чол билан шофёр йигитларгина қолган эди. Мухбир йигит чайла ёнига илиб қўйган костюмини олиб кияётганида Ҳожи бува келиб қолди.
– Қалай, томоша қилдингизми, ўғлим?
– Раҳмат.
– Ҳа, салқинладингизми? – деди бува кулиб. – Кечаси бундан ҳам салқин бўлади. Хўш, мана энди қулоғим сизда. Жадалламасак, пахта терими ҳам бошланиб қолди, эрта-индин мошин танқис бўлиб қолади.
– Гаплашадиган гап ҳам йўқ… Ўзим шундай, полиз оқшомини бир кўрай деб келувдим, – у қалам-дафтарини олиб, чолни чўчитиб юбормасликка, иложи борича жўн гаплашишга, гап тизгинини кўпроқ чолнинг ўзига қўйиб беришга ҳаракат қилар эди. – Бирор гап чиқиб қолса, кейин сўрарман, ота.
– Шундоқ денг. Ундоқ бўлса… – деди Ҳожи бува соқолини тутамлаб, – бугун полизда қоласиз. Оқшом энди бошланади. Мана бу кийимларингиз бўлмайди, ўғлим. Ечиниб, чайлада неварамди фуфайкасиминан шими бор, кийиб олинг.
– Ўзи-чи?
– Тошкентда, ўқишда.
– Майли, шу ҳам бўлаверади.
– Йўқ-йўқ, кийиб олинг, ўғлим. Бу сурнайпоча шимда қийналиб қоласиз, – деб кулди чол. – Оқшомди оғанаб ётиб кўриш керак… Ҳу ўртадаги супага жой қиламан. Қани, бу ёққа юринг-чи, бир тамадди қилиб олайлик. Ҳу анави қовунди олволинг… Мана бу жой сизники, – деди чол йигитга буклама каравотни кўрсатиб. – Мана бу кўрпани ҳам ёпининг. Тонгга яқин салқинроқ бўлади.
Улар ечиниб, жой-жойларига ёнбошлашди. Мухбир йигитнинг бутун хаёли оқшом гўзаллигида, полиз гашти-ю, табиат сеҳрида эди. Чол буни сезди шекилли, бироз фурсат ўтгач, сўради:
– Қалай?
– Гўзал, – деди юлдузларни томоша қилиб ётган мухбир. У аслида гапни нимадан бошлашни билмаётган эди. Шу баҳона бўлиб сўради:
– Қачондан бери қовун экасиз, ота?
– Пенсияга чиққанимдан бери.
– Пенсияга қачон чиққансиз?
– Ўнинчи йил. Ишлаб ўрганиб қолганмиз, ўғлим. Қараб ётолмадик. Тўрт-бешта чол маслаҳатни бир жойга қўйиб, фермер боламга арз қилдик. Қовун экамиз, дедик. У аввалига кўнмади. Нима қиласиз ўзингизни уринтириб, Парпи бува, невараларингизди даврида юринг ялло қилиб, деди. Қаёқда, кўнмадик. Мана, кўриб турибсиз, бешта чол беш гектар ерни айлантириб ётибмиз.
– Парпи бува деганингиз ким?
– Мен-да, Парпи бува.
– Ие, сиз Ҳожи бува эмасмисиз?!
– Бу номди анави болалар қўйишган, ҳазил қилишиб. Қовун экканимизнинг иккинчи йили қовунларимиз бир битиб берди. Донғи нақ Тошканга етди. Фермер боламиз бир арава қовунди саралаб ўшаққа, кўргазмага жўнатибди. Кўргазмадагиларга маъқул бўлиб қолибди шекилли, қовун экканди ўзи келсин, дейишибди. Фермер болам қўярда-қўймай мени ҳам оборди Тошканга… Мен сизга айтсам, қовунимизга берган шаҳодатномани ўз қўлим билан қишлоғимизга олиб қайтдим. Шу-шу Ҳажга бориб келган Ҳожи бува аталдим кетдим. У пайтларда биз учун Маккаю Мукаррамамиз ҳам, Мадинаи Мунавварамиз ҳам Тошкан эди-да. Бошқа қаёққа ҳам борардик биз шўрликлар.
Аввалги йили фермер болам қовунларимиздан кўнгли тўлиб денг, бир куни катта мажлисда: «Парпи бува бошлиқ оқсоқолларимизга минг раҳмат. Энди бувани Маккаи Мукаррамага жўнатамиз. Бир маза қилиб, Ҳожи бува бўлиб келсин», деса бўладими.
– Бошқа оқсоқоллар-чи? – деб қолди мажлисда ўтирганлардан бир-иккитаси.
– Эрга навбат, шерга навбат деганлар, – деб жавоб қилди фермер йигит. –Худо хоҳласа агар қовунлар келаси йили ҳам яхши битиб берса, уларни ҳам жўнатамиз. Хотиржам бўлинглар.
Шундай қилиб, ўтган йили Ҳажга сафар қилиб келдим. Бу йил ҳам қовунларимиз яхши, Худо хоҳласа бошқалар ҳам Ҳожи бува бўлиб келса ажаб эмас.
– Қалай экан у ёқлар? – сўради мухбир йигит оҳиста.
– Нимасини айтай? Тараф йўқ. Ҳаммаёқ яроқлаб турибди. Муқаддас жойларди кўрганимизда, у ерларда кезиб юрган илоҳий туйғуларди ич-ичимиздан туйганимизда нуқул кўзларимизда ғилтиллаб ёш айланади, денг. Ё парвардигор, дейман ичимда, илгарилари бу жойларга келиш қаёқда эди? Ахир, хаёлимизга ҳам келтиролмасдик-да, ўғлим. Мустақиллик бўлмаганида қаёқда эди бу гаплар!..
Чолнинг ўпкаси тўлиб кетди шекилли, овозига билинар-билинмас титроқ ингани учун бироз сўлиш олди. Шундан фойдаланиб мухбир йигит чолни мавзудан чалғитиш учун гапни айлантириб юборди.
– Маккаи Мукаррамадаги одамларнинг кайфиятлари қандоқ экан? У ерда яшаётган битта-яримта ҳамюртларимизни ҳам кўргандирсиз?
– Кўрдим, болам, кўрдим. Боя айтганимдай ҳамма нарса бажо экан-у… – деб Ҳожи бува бирпас жимиб қолди. – Аммо, у ерларда яшаётган ҳамюртларимизга битта нарса етишмас экан-да. Бу – юрт меҳри! У бечоралар бир умр эл соғинчи, юрт соғинчи билан яшар эканлар. Бизларни самолётдан ўша ердаги ҳамюртларимиз кутиб олишди, меҳмонхонада ҳам ўшалар хизмат қилишди…
Андак сукутдан сўнг Ҳожи бува:
– Соатингиз қанча бўлди, ўғлим? – деб сўради.
Мухбир йигит гугурт чақиб соатига қаради.
– Ўн ярим.
– Ўн ярим? Ие, концертни ўтказиб юборибмиз-ку, – чол ёстиғи тагидан кичкина «Селга» радиоприёмнигини олиб, мурватини буради. Концерт ниҳоясига етай деб қолган экан. – Неварамди совғаси. Олтин тўйимизда қилган. – Чолнинг овозида озгина ғурур, озгина фахр бор эди.
– Набирангиз қаерда ишлайди?
– Ҳали Тошкентда ўқишда, демадимми? Мактабди битириб, бир-икки йил ёнимда ишлади. Кейин ўқишга кетди. Бугун сентябрди ўними? Ўн икки кун бўлди кетганига, кеча қовун ортган мошинда тушиб кўриб чиқдим.
– Ўн кун ўтмасдан-а?
– Э, кампири тушмагур қўймади-да, бўлмаса тушармидим шаҳарга.
– Нима, шаҳар ёмонми?
– Шаҳар-ку, яхши! Бозорди кўриб хафа бўлиб кетасан-да.
– Нега?
– Хўш, нима сездингиз?
– Ҳеч нарса.
– Қовунларди ўз қўлимиз билан экканмиз-у, бозорди кўриб, бир нуқсонимиз очилиб қолди, ўғлим. Памлаган бўлсангиз, қовунларимизди хили асосан ҳандалагу тўрлама қизилуруғминан ананас. Худонинг қудрати, бозорда ҳам мана шунақа қовунлар… Ўзбекистон қовунди макони, буни биласизми? Шундоғ бўлгандан кейин амири, чўгири, обиноввот, гулоби, кўкча, ундан сўнг десангиз, бузоқбоши, кампирқовун, бегизот, бўрикалла, хўш деганингиздан, қўйбош, қизилуруғ, тилими тилни ёрадиган шакарпалак… Эҳ-ҳе, юз хил қовунларимиз бор-а, ўғлим.
– Уч юз хил деб ёзишади-ку олимлар.
– Балли, ана ўша қовунларди кўпчилиги йўқ-да.
– Нега?
– Нега бўларди, ўғлим, сирти ялтироқ бўлишини ўйлаймиз-да!. Ичиминан ишимиз бўлмайди. Энди экаман. Шу гал тушганимда тўртта-бешта қовун олиб чиқдим уруғликка. Бошқа ёқдан обкелишган экан. Бизнинг қовунларимизга ўхшамайди. Ундан кейин мен сизга айтсам, харидорлар ҳам жуда инжиқ бўлиб кетибди. Ҳа, ношукур бўпкетипти! Тилладай сарғайиб, ҳиди анқиб турган бўлса ҳам «Хом эмасми? Дори солинмаганми?» деб бармоғи билан эзиб кўради денг. Шунақа демасин, деб қовунди ўзим саралаб узаман. Ҳалигиндақа гаплар жуда оғир ботади, ўғлим. Харидор қовунди босса, нақ пешонамда бармоғининг изи қоладигандай қийналаман. Тарвузларди кафтларига олиб қисганларида виждоним сиқилаётгандай бўлади… Тўғри, баъзи бир инсофсиз деҳқонлар бор, дори солиб қовунди сулув қиладиган. Шуларди касопатига қоламиз бизлар ҳам. Қовунди ҳадеб бир жойга экаверса ҳам бўлмайди. Ер кучсизланиб, шумғия чиқиб кетади. Бу йил иккинчи жой алмаштиришимиз. Нуқул бўз ер қидирамиз. Икки йил экиб, сўнг еримизди пахтага бўшатиб берамиз… – деб бироз осмонга қараб ётди Ҳожи бува.
«Қовуннинг яхши бўлиш сабаби шунда экан-да», деб ўйлади мухбир йигит.
Чол бирпас тин олиб, сўради:
– Гап нимада тўхтовди?
– Харидорларда.
– Ҳа, бугун мундоқ бозор оралаб келаётсам, тузуккина иккита йигит, сизникидай сурнайпоча шим кийган… бориб қовун олди.
Шундоққина супанинг ёнгинасида қўққисдан бир нарса қарс этиб ёрилди. Қаттиқ қарсиллади. Мухбир йигит чўчиб тушди.
– Ҳа, акангди қовуни! – деди Ҳожи бува, кейин хихилаб кулди. – Қаранг ёрилишини! Кўкча. Ўзиям асал. Дори солинган қовун бунақа ёрилмайди, ўғлим. Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Маккага сафаримиздан олдин кампир тушмагур қўярда-қўймай бир елим халтага тўлдириб, худди ўрис қизларнинг ўрилган олтин сочидай товланиб турган қовун қоқи солиб берса бўладими? Ҳой, онаси, буни оғирдан ортиқ қилиб қандай кўтариб юраман десам, керакли тошнинг оғирлиги йўқ, ўшаттаги мўмин-мусулмонларга берасиз, савоб бўлади, деб қўймади кампири тушмагур. Тўғри қилган экан. Обордим, ўша жойдаги бизга хизмат қилаётган ҳамюртларга, ҳожиларга тарқатаётсам, бирпасда одамлар атрофимизни ўраб олишди.
– Қовун қоқи неча пул?– деб сўрашади нуқул.
– Текин, биродарлар, олинглар… Ўзбекистондан насиба.
– Бирпасда халтамдаги қовун қоқиларни талаб кетишди. Бундай қарасам, ёнгинамда оппоқ уст-бош кийиб, бошига оқ салла ўраб олган мўйсафид қўлидаги қовун қоқи бўлагини шира-пирасига қарамай кўзларига суртиб, ҳиқ-ҳиқ йиғлар, Яратганга шукроналар айтар эди. Кейин билсам, илгарироқ ватандан чиқиб кетган ҳамюртларимиздан экан…
Бу гапдан мутаассир бўлиб ётган мухбир йигит сўради:
– Нима, у ёқларда қовун экилмас эканми?
– Қаёқда, – деди Ҳожи бува. Кейин гапини давом эттирди. – Бир қўлим текканида бозорларни айландим. Расталарда турган мевалар ранг-баранг. Нақ кўзни қамаштиргудай. Ҳамма нарса бор. Бироқ буларнинг барини бошқа мамлакатлардан олиб келишар экан. Еб кўрсангиз, уларда на маза бор, на матра. Бизнинг ерларга Яратганнинг назари тушган, ўғлим. Ҳамма нарсамиз худди бояги қарс этиб ёрилган кўкчадай ширин. Ҳа, обиноввот!..
Чол яна жимиб қолди. У гап нимада тугаганини ўйлармиди ё бошқа мавзу қидирармиди, қоронғида билиб бўлмас эди. Мухбир йигит чолни мавзудан четга чиқиб кетмасин, деб савол берди:
– Бояги менга ўхшаб сурнайпоча шим кийган йигитлар нима бўлди?
– Ҳа, айтмоқчи, – гапини давом эттирди чол. – Тағин, ўғлим, хафа бўлманг, сурнайпоча деганимга.
– Йўғ-е.
– Улар олган қовунларини бир чеккага олиб чиқишди. Биттаси зўрға энгашиб, қовуннинг дум берган томони у ёқда қолиб, тескари томонига пичоқ солса бўладими? Қараб туриб нафсониятим қўзиб кетди: экиб бердим, ке энди сўйиб ҳам берай дедим. Бориб қўлидан пичоқди олдим. Қовунди бу ёғидан мана бундай қилиб сўяди, ўғлим, дедим. Қаққайиб турганининг номуси келди шекилли: «Пулимизга олганимиздан кейин қанаққиб сўйсак бизнинг ишимиз, отес», деди. Индамадим. Ростини айтсам, жаҳлим чиқди. Сўйиб бердим-да, буёғроққа келиб турдим. Қовунди ҳам худди кемшик кампирлардай чала-чулпа еб кетишди. Биз деҳқонмиз, қовунимизни қадрлайдиганга текин берамиз, ўғлим. Ҳалиги кўрнамакларнинг нописандлик билан чала егани ғашимга тегди-да. Тозалаб еса хурсанд бўламиз. Жуда кўнглим хира бўлди… Катта мактабга бориб, неварамди кўрдим-да, тез қайтиб чиқа қолдим… – Ҳожи бува шу ерда гапини тўхтатиб, мухбир йигитга қараган эди, у асабийлик билан босиб-босиб сигарет чекаётган экан. Чол уни хафа қилиб қўйдим шекилли деб ўйлаб, сўз қотди: – Қовун сўйиб берайми, ўғлим?
– Раҳмат, ота. Эрталаб.
– Майли, қовун есанг саҳар е… деганлар. Ҳу анави ўқариқ бўйида битта яхши ҳандалагим бор. Эрталаб кўриб, бир кунлигинг бор-ов, деб қўйган эдим. Худо хоҳласа эрталаб ўшани сўйиб бераман, – деди Ҳожи бува. Меҳмоннинг мухбир эканлиги энди эсига тушди шекилли, бошини сал кўтариб, сўради: –Хўш, ўғлим, энди гапингиз бўлса сўранг?
– Раҳмат, отахон. – деди мухбир йигит кулиб. – Менга керакли гапларнинг ҳаммасини айтиб бердингиз.
Ҳожи бува ҳайрон бўлиб қолди. «Қизиқ, аввалги мухбирлар қоғозқаламини олиб, сўроқ қилавериб, бошингни қотирар эди-ку?! Чакки гап гапирмадимми ишқилиб?!»
Ҳандалак бўйини аста уфуриб ўтган дайди шабада палаклар оромини бузди. Ҳожи бува радиочасининг товушини бир баҳя кўтарди. Оромбахш «Чўли ироқ» полизнинг сеҳрли оқшомига яна ҳам файз киритди. Қаердадир йилқичи қуши «от йўқ, от йўқ» деб чўзиб-чўзиб сайрар, осмондаги юлдузлар эса имлаб, нимадир дегандай бўларди…
Супа ёнидан бир нима шитирлаб ўтди. Мухбир йигит чўчиб ўрнидан турди.
– Ҳе, текинхўр кирпи-ку. Қовунди сарасини излаб юрибди, – деди Ҳожи бува хихилаб. – Ётаверинг ўғлим.
Атроф туннинг сирли либосига бурканган. Канал томондан қурбақаларнинг аҳён-аҳёнда қуриллаши, чўпонларнинг ўтови томондан итларнинг ҳуриши эшитилади.
Мухбир йигит Ҳулкар тиккага келганида кўзи илиндими ё Чўлпон туғилганидами, буни билмайди. Эрталаб бошини кўтарганида ҳали қуёш чиқмаган, тонгги шудрингдан кўрпаларнинг усти ҳўл бўлиб қолган эди. Ҳаво танани жунжиктирадиган даражада салқин. Қовун юкланган машиналар кўринмас, Ҳожи бува аллақачон ўрнидан туриб, қовун полиз оралаб юрарди. Бир маҳал Ҳожи бува мухбир йигитни чақириб қолди. У ўрнидан туриб, фуфайкани елкасига ташлади-да, ўша томонга юрди.
– Мана буни қаранг! – деди Ҳожи бува қалин палакни икки қўли билан айириб. – Кечаси сизга ваъда қилган ҳандалагим…
Худди кесилган коптокка ўхшаб, ҳандалакнинг ярми йўқ, ичи эса бир текисда қиртишланиб, тозалаб ейилган эди.
Бу кирпи текинхўрнинг иши. Тозалаб ебдими, қандини урсин! – деди Ҳожи бува кулиб.
Чол кирпининг бу ишидан ниҳоятда хурсанд эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?