Электронная библиотека » Пахлавон Махмуд » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Ишқ ёғдуси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 01:00


Автор книги: Пахлавон Махмуд


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 4 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Паҳлавон Маҳмуд
Ишқ ёғдусиРубоийлар

«Келди хатинг учиб, юрак пок бўлди…»

 
Келди хатинг учиб, юрак пок бўлди,
Қон йиғлади кўзлар бари, ғамнок бўлди.
Бўлмаса гар шафеъ Муҳаммад дасти,
Бил, барча ниқоблар бари чок-чок бўлди.
 

«Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи…»

 
Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи,
Бир-бир бари дўст ер тубига кетмоқчи.
Чарх қоидаси шу бўлса, эрта-индин
Бир-бир келибон, бизга-да гал етмоқчи.
 

«Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил…»

 
Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил,
Мушкул барини қошимда сен осон қил.
Шодманки бугун, эрта не қилсанг ёзғут,
Ундан-да тағин улуш бериб, шодмон қил.
 

«Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим…»

 
Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим,
Бермайди менга омон менинг аҳволим,
Эй хожа, хабар олмасанг аҳволимдан,
Тобора ёмон-ёмон менинг аҳволим.
 

«Минг дард чекибон, қадди камонинг менман…»

 
Минг дард чекибон, қадди камонинг менман,
Парвона сифат фидойи жонинг менман,
Гар бўлмаса васлинг, оҳ, муяссар, жоним,
Пойингда қолиб, ранги сомонинг менман.
 

«Чун ойни хира қилгучи тобонинг бор…»

 
Чун ойни хира қилгучи тобонинг бор,
Гулзор ила баҳс этар гулистонинг бор,
Бир лаҳза ҳаялламай совут тешгувчи,
Ҳар биттаси бир найзаки, мужгонинг бор.
 

«Каъба қора тоши дардларим дармони…»

 
Каъба қора тоши дардларим дармони,
Йўқ Каъбага борган кишининг армони,
Гар қора тошингдан ўпич олсам, ёр,
Айб этма, шудир, ахир, Худо фармони.
 

«Холларки, кўрар ани юзингда банда…»

 
Холларки, кўрар ани юзингда банда,
Гуллардаги доғларни қилур шарманда,
Йўқ – йўқ бу гапим ғалат, у хол гул терган
Занжи боласи Хўтандаги гулшанда.
 

«Зулму итобларингдан кеч кўнглим учун…»

 
Зулму итобларингдан кеч кўнглим учун,
Кўнглим бу – тугун, сен ани еч кўнглим учун.
Мен кўнглинг учун ўзгага бермам кўнглим,
Сен ўзгага берма кўнгил ҳеч кўнглим учун.
 

«Бердингки, қаноат, мис эдим, зар бўлдим…»

 
Бердингки, қаноат, мис эдим, зар бўлдим,
Сўнг нури яқийнинг-ла мунаввар бўлдим.
Хўб куйди ёниб барча ғараз бир бошдан,
Холис яралишга мен муяссар бўлдим.
 

«Ёраб. Карам эт, фаромушу хор бўлмай…»

 
Ёраб. Карам эт, фаромушу хор бўлмай,
То ёру биродарга сира зор бўлмай.
Жой бердинг, ахир, беш-ўн кун остонангдан,
Мен бошқа эшикка ҳеч талабгор бўлмай.
 

«Қилмишларим, оҳ заҳри гуноҳ тоттирди…»

 
Қилмишларим, оҳ заҳри гуноҳ тоттирди,
Ҳам феъли бадим хижолат, оҳ, торттирди.
Файз бермакчи эди юракка қутлуғ олам,
Лекин бу юрак ўзи фасод орттирди.
 

«Сидқимни умид этди Мустафо арабий…»

 
Сидқимни умид этди Мустафо арабий,
Ҳам дилда муқим, Худоё, чорёри набий.
Оҳ, қилмаки шарманда қиёматда мени,
Берганда ҳисоб сенга, шу – кўнглим талаби.
 

«Ёраб, ки, разолатни Расулингга тайин…»

 
Ёраб, ки, разолатни Расулингга тайин,
Қилдингу, ой тўлишди ҳар лаҳза сайин.
Исёними охиратда қил икки бўлак,
Бирни Ҳасан айласин авф, бирни – Ҳусайн.
 

«Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам…»

 
Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам,
Сирри ниҳонларни, эй, қилғучи рақам.
Қилганда жазо куни қора номамни,
Айлама навмийд… раҳмдил-ку қалам.
 

«Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим…»

 
Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим,
Бегонадан ўзни сен халос айла, кўзим.
Ихлос ила остонама кел бир тонгда,
Бахт топмас эсанг, сўнг эътироз айла, кўзим.
 

«Мулзамман, ахир, неъмати бисёр сендан…»

 
Мулзамман, ахир, неъмати бисёр сендан,
Навмид эмасман ҳечки, кирдор сендан.
Хоҳла оловда ёқ мени, хоҳ лутф эт,
Мен сендану жаннат сендан, нор сендан.
 

«Ўлтирди кўзинг ҳам омий, ҳам золимни…»

 
Ўлтирди кўзинг ҳам омий, ҳам золимни,
Боғлайди сочинг ҳам одил, ҳам золимни.
Бир кулганда лабинг, Каъба ила маъбаддан
Айлайди халос ҳам солик, ҳам солимни.
 

«Ўлтирди кўзинг ҳам олим, ҳам омийни…»

 
Ўлтирди кўзинг ҳам олим, ҳам омийни,
Йўқ қилди сочинг не яхшилар номини.
Бир кулдию лаъл лабинг чиқарди ҳайдаб
Узлатидан Боязид Бистомийни.
 

«Оқшом чоғи ёр ётган эди уйқуда…»

 
Оқшом чоғи ёр ётган эди уйқуда,
Ҳусн боғида гул тердим ажиб туйғуда.
Тонг қушларини уйқусидан уйғотдим,
Қилдим кераг-ов шу ишни, оҳ, беҳуда.
 

«Дил ойна бўлиб етди юзи ойингга…»

 
Дил ойна бўлиб етди юзи ойингга,
Етди тароқ зулфи сумансойингга.
Оҳ, сурма бўлиб кўзингга етган хокман,
Ундан тўкилиб тушсам эди пойингга.
 

«Дунёни ҳамиша бевафо кўрмишман…»

 
Дунёни ҳамиша бевафо кўрмишман,
Ҳам ўзни ғарибликда адо кўрмишман.
Ҳар кимки жамъ этган эрса Қорун молин,
Маҳшар кунида ани гадо кўрмишман.
 

«Шамшод қадинг заминга аро бўлғай…»

 
Шамшод қадинг заминга аро бўлғай,
Тим қора сочинг жаҳонда ғавғо бўлғай.
Маҳшар куни боқмаса қиё фаттонинг,
Бир-бир бари эл залил, расво бўлғай.
 

«Олам бари ҳуснинг била, ёр, жонондир…»

 
Олам бари ҳуснинг била, ёр, жонондир,
Ҳажрингда жаҳон завол топиб, гирёндир.
Қон тўкса, хунимни олмагум ҳеч кимдан,
Ошиқ бари қон тўкиб, санго қурбондир.
 

«Сен каби йўқ бўлак бир одил, Оллоҳ…»

 
Сен каби йўқ бўлак бир одил, Оллоҳ,
Ҳеч бошқа азизни билмас, о дил, Оллоҳ.
Тушди бошимга ғам, қўлимни тутғил,
Додим шуки, додимни қабул қил, Оллоҳ.
 

«Қошимдан ўшал сарви хиромон кетди…»

 
Қошимдан ўшал сарви хиромон кетди,
Кўзлардан оёқ остима кўп қон кетди.
Қошимға, келиб раҳмики, қайтмас эрса,
Айлангки ҳисоб – танимдаги жон кетди.
 

«Кўрсатди юзин бамисли бир моҳ ҳамага…»

 
Кўрсатди юзин бамисли бир моҳ ҳамага,
Кулгичлари бирла қазди у чоҳ ҳамага.
Маст келдию мажлисга, қиё боқди секин,
Чектирди қиё қарашлари оҳ ҳамага.
 

«Бил, барча нифоқ, чарх, кийнангда сенинг…»

 
Бил, барча нифоқ, чарх, кийнангда сенинг,
Жанжал барига сабаб хазийнангда сенинг,
Юлдуз бари қалбаки, ёриб кўксинг оч,
Чин дурлар аён бўлғуси сийнангда сенинг.
 

«Йўлингда асо-қуруқ таёқ, айт, не керак…»

 
Йўлингда асо-қуруқ таёқ, айт, не керак,
Йўлингда юрак юрар, оёқ айт, не керак.
Ҳар қанча қоронғу бўлса-да ушбу йўл,
Иймон била равшанки, маёқ, айт, не керак.
 

«Ҳасратли бу танда дард султон бўлди…»

 
Ҳасратли бу танда дард султон бўлди,
Дарёи аламга ғарқ ширин жон бўлди.
Ишқинг бу фалак, учиб юрак лочиндек,
Қўнмоққа илож топмади ҳеч, қон бўлди.
 

«Май била мушки тар лабин очганидир…»

 
Май била мушки тар лабин очганидир,
Ўйлаш уни кўздан уйқунинг қочганидир.
Сут тўлган идиш чеҳраси, сабз хатти эса
Зулфи – илон сутга заҳар сочганидир.
 

«Ошиқ бу юрак ёри вафодорсиз хун…»

 
Ошиқ бу юрак ёри вафодорсиз хун,
У бўлса, керак эмас шароби гулгун.
Умр ёри вафодорсиз ўтиб бормоқда,
Тутти хумори кўп. У афюн… афюн…
 

«Бўлғайми баҳор сўлим? Билиб бўлмас ҳеч…»

 
Бўлғайми баҳор сўлим? Билиб бўлмас ҳеч,
Етгайми унга қўлим? Билиб бўлмас ҳеч.
Бор умрини ухлаб ўтказибдур бахтим,
Уйқуми бу ўлим? Билиб бўлмас ҳеч.
 

«Кўнглим уйи ҳар лаҳзада равшан у билан…»

 
Кўнглим уйи ҳар лаҳзада равшан у билан,
Бурро бу тилимда шавкату шан у билан,
Яшнайди юрак баҳор бирлан у билан,
Ҳам бўлди кўнгил дашти, ки, гулшан у билан.
 

«Эй талх, ширинликка нажотинг йўқ ҳеч…»

 
Эй талх, ширинликка нажотинг йўқ ҳеч,
Дилташнаману, оби ҳаётинг йўқ ҳеч.
Зотингда на фитна бор, на шўриш, ғавғо,
Таъм мулкида бир тотли ижодинг йўқ ҳеч.
 

«Икки кўзингда фитна, ёр, ухлаб ётар…»

 
Икки кўзингда фитна, ёр, ухлаб ётар,
Икки сочингда икки дор ухлаб ётар.
Ноз-ишвалисан. Тилинг заҳар. Остинда
Бўлганча шай уйғонишга мор ухлаб ётар.
 

«Чеҳрангни ҳусн мулкида гул-гул қилдинг…»

 
Чеҳрангни ҳусн мулкида гул-гул қилдинг,
Сайратдингу бизни, маст булбул қилдинг.
Сочингни тугун-тугун қилиб, эй дилдор,
Сен парчаладинг, юракни чил-чил қилдинг.
 

«Дурга тўлиқ макон бу май киштийси…»

 
Дурга тўлиқ макон бу май киштийси,
Жаҳондаги жаҳон бу май киштийси.
Кўп хавф – хатарлидир бўлак киштийлар,
Чун, хавфдан омон-омон бу май киштийси.
 

«Ҳақ раҳмати деб биларман сен ойимни…»

 
Ҳақ раҳмати деб биларман сен ойимни,
Топмоқ тилагум дилингда ўз жойимни.
Шод этмасин, айт, нечун мени қошинг, ёр,
Кўнглимни биларсан, кўриб авзойимни.
 

«Бир бахт, ки, бахти бериё сендандир…»

 
Бир бахт, ки, бахти бериё сендандир,
Кўнглимки қоронғудир, зиё сендандир.
Содиқ дилу тоза меҳр ҳам лутфи қадийм
Бу барчаси биздану, дуо – сендандир.
 

«Ўртаб мени, денгизни жимирлатма, шамол…»

 
Ўртаб мени, денгизни жимирлатма, шамол,
Тинч сув бетидек топди анинг ҳусни камол.
Уммондаги сув парисимас ёр акси,
Ғойиб бўла кўрмасин, ки, сувдан у жамол.
 

«Бад нафсига тушдилар, ки, мук маккорлар…»

 
Бад нафсига тушдилар, ки, мук маккорлар,
Ҳақ ишда егай ёзда ушук маккорлар.
Ҳақ арслонлари қолди – кетдилар саҳрода,
Иззатда яшаб ўтар мушук маккорлар.
 

«Эй нури чароғ мисли бу тақдир сеники…»

 
Эй нури чароғ мисли бу тақдир сеники,
Ҳам яхши дуо бирла бу таъсир сеники.
Оламни азиз номинг ила қилди баланд,
Лутфи шаҳаншоҳи жаҳонгир сеники.
 

«Ёлғон эса сўз маъниси, гулдек у сўлар…»

 
Ёлғон эса сўз маъниси, гулдек у сўлар,
Майга қадаҳ, маънига чин сўз тўлар.
Дилда Худога бўлса ишқинг қанча,
Кўнглингда сенинг шунча Худо файзи бўлар.
 

«Ком ила нокомни, чу, омухта қилиб…»

 
Ком ила нокомни, чу, омухта қилиб,
Оламни ақлга жойладинг нуқта қилиб.
Инсон чала бир нусха эди сернуқсон,
Қилдинг-ку мукаммал сен уни пухта қилиб.
 

«Сенга муҳаббатим дилимнинг нақши…»

 
Сенга муҳаббатим дилимнинг нақши,
Кўр, мана, ихлос. Қора шу, оқ шу.
Дўстни безаб томоша қилмоқ бу – айб,
Қандай эса шундай уни кўрган яхши.
 

«Шавқингда сенинг ҳамиша бетоқату тоб…»

 
Шавқингда сенинг ҳамиша бетоқату тоб,
Дил емай-ичмай туну кун бўлди хуноб.
Сенга фақат яқин бўлиш бу – камдир,
Ташнага соҳилда сув ичмаслик – азоб.
 

«Ёдинг-ла – жаҳон арсаи тасхийр бўлсин…»

 
Ёдинг-ла – жаҳон арсаи тасхийр бўлсин,
Жавлонгаҳинг само билан ер бўлсин.
Зоҳир бу эрур қабза ва мазмун шамшийр,
Дастингда жаҳон қабза ва шамшийр бўлсин.
 

«Ҳар лаҳза алам, чу, рўзиғорингга келур…»

 
Ҳар лаҳза алам, чу, рўзиғорингга келур,
Мисли хазон ели баҳорингга келур.
Қанча тиниқ кўзгу ғуборингга келур,
Бор-йўқ неки бордур, йўқу боринга келур.
 

«Тожлар келибон саждага қуллуқ айтгай…»

 
Тожлар келибон саждага қуллуқ айтгай,
Бошқа бари йўлдан, ки, оёқ бош тортгай.
Истаб сени диллар келадир иймонга,
Ғурбатзадалар мисли ватанга қайтгай.
 

«Дардинг, ки, юракда сирли нурга айланур…»

 
Дардинг, ки, юракда сирли нурга айланур,
Боғингдаги ҳар барг бир умрга айланур.
Сийнамдаги сафҳамга ёзарканман фол,
Қўлда қалам куйиб кўмирга айланур.
 

«Маҳшаргача давринг, ки, бақо топмоқда…»

 
Маҳшаргача давринг, ки, бақо топмоқда,
Мангу умрни мутлақо топмоқда.
Сен ёққа юзин қаратмас ҳеч нодонлар,
Сендек яна Қибла гўиё топмоқда.
 

«Оҳ, энди не нафки, вақти таҳсил ўтди…»

 
Оҳ, энди не нафки, вақти таҳсил ўтди,
Гоҳ у чақин, гоҳ у бўлиб ел, ўтди.
Таҳсил савобисиз ҳаётим ўйлаб,
Бир ҳафта икки кўзимдан, оҳ, сел ўтди.
 

«Мен софи жаҳонман, осмон ҳаққа йўлим…»

 
Мен софи жаҳонман, осмон ҳаққа йўлим,
Юлдузларини гуҳар деб очғум – ки, қўлим.
Риндона ўлим янгилик эрмас, чунки,
Икки жаҳон – қимор, ютуқдир шу ўлим.
 

«Маърифатингки, чун, хуш оҳанг бўлди…»

 
Маърифатингки, чун, хуш оҳанг бўлди,
Жондин уялди бу юрак танг бўлди.
Барча гуноҳларим юкин осмоққа
Тавба отин оёқлари ланг бўлди.
 

«Зикрингда кўнгил, кўнгиллар фарзонасидир…»

 
Зикрингда кўнгил, кўнгиллар фарзонасидир,
Ҳар сўз бу – калом гул боғининг донасидир.
Лаблар бу – тилим мисли зикр доираси,
Бир-ики тиш тасбеҳнинг донасидир.
 

«Бошдан оёқ қаламману, Ҳақ била мен…»

 
Бошдан оёқ қаламману, Ҳақ била мен,
Тинмай югуриб маънига кирмоқ била мен.
Мизроб бу тилим бермаги-чун битта садо,
Минг– минг тиламан кўксини тирноқ била мен.
 

«Дилдор кўчасида дил ловуллаб ёнади…»

 
Дилдор кўчасида дил ловуллаб ёнади,
Қонга жигар, жигарга қон чулғанади.
Кўзим куядир, қопоқ оёғин артса,
Кўз кўрса уни, куйиб қопоқ тўлғанади.
 

«Қадринг каби юлдузларинг эй бунча баланд…»

 
Қадринг каби юлдузларинг эй бунча баланд,
Сендаги мўйлар бари гуёки сипанд.
Ёв юлдузи қўйғуси сипанд тухми каби,
Сенга бало йўлини чарх қилгуси банд.
 

«Лаълинг қошида шаккару қанд касод бўлар…»

 
Лаълинг қошида шаккару қанд касод бўлар,
Бўйнимда сочинг… энди каманд касод бўлар.
Чеҳрангни очиб гул каби сен зеб бердинг,
Оташда куюб, энди… сипанд касод бўлар.
 

«Зулфингки, нигор, чун, атри аттор бўлди…»

 
Зулфингки, нигор, чун, атри аттор бўлди,
Кўксингда нафас насими гулзор бўлди.
Тўкдингки, ёшинг, у, мушки тотор бўлди,
Тан узра теринг Адҳами булғор бўлди.
 

«Ҳар киши ўз бахтига шай, фахр этади…»

 
Ҳар киши ўз бахтига шай, фахр этади,
Ҳақ файзи билан нолада най фахр этади.
Фахр этади бахт гули ишқ боғи аро
Қул-қул қилибон, шишада май фахр этади.
 

«Хом ғишт бу нафасни дилдаги доғ пишитар…»

 
Хом ғишт бу нафасни дилдаги доғ пишитар,
Хом мевани ёз бўйи, ахир, боғ пишитар.
Пишганки, сафолни хом этар кўз ёшим,
Оҳим эса хом сафолники, оҳ, пишитар.
 

«Қошингда сенинг лаъли Бадахшон инграр…»

 
Қошингда сенинг лаъли Бадахшон инграр,
Ёқут тўладир қонга ва маржон инграр.
Инграйди хатингни кўрибон нуқтаи хол,
Зулфингдаги хушбўй ила райҳон инграр.
 

«Тиғ урдингу, кўзга қалқди ёқут жолам…»

 
Тиғ урдингу, кўзга қалқди ёқут жолам,
Ўт бердингу ўрлади самога нолам.
Дардингни фақат менинг дилимга берма
Ҳеч бўлмаса, тенг яримни чексин олам.
 

«Эй, ки, ҳусн танлади руҳ, жисмингни…»

 
Эй, ки, ҳусн танлади руҳ, жисмингни,
Дўст ила душман тутиб, эй, измингни.
То қилди назар шоҳи жаҳонгир сенга,
Жумла жаҳон алқади пок исмингни.
 

«Бахт аҳли сахо пешалигин қўймади ҳеч…»

 
Бахт аҳли сахо пешалигин қўймади ҳеч,
Ҳам аҳли ҳасад кўзларини ўймади ҳеч.
Ер эди-ю кўзлари оч кўпларни,
Оч кўзга ўзи ҳам ўхшади… тўймади ҳеч.
 

«Ёдинг била, билки, равшан андиша чироқ…»

 
Ёдинг била, билки, равшан андиша чироқ,
Нуринг била қилди ёғдулиқ пеша чироқ.
То гавҳари хокингни фалакдан олдинг,
Қилди ани ўзига бир шиша чироқ.
 

«Лутфингни сенинг, ки, пойладим мен юз йил…»

 
Лутфингни сенинг, ки, пойладим мен юз йил,
Сиррингни юракка жойладим мен юз йил.
Садафда дур каби лабим ичра сўзинг,
Тиш остинда сени авайладим мен юз йил.
 

«Ҳар қанча узоқ бўлса-да қутлуғ манзил…»

 
Ҳар қанча узоқ бўлса-да қутлуғ манзил,
Сен бирла ҳаёт эрур у беҳишт – маҳфил.
Кўзлардаги пардани кўтар, эй ғофил,
Манзил-ку йироқ, унга яқиндир дил, бил.
 

«Етказмади наф бизга агар нақлимиз, оҳ…»

 
Етказмади наф бизга агар нақлимиз, оҳ,
Дурлар эзамиз тош ила ва ҳақлимиз, оҳ.
Дилларга заҳар сочди бириккан тиллар,
Шул боис, ахир, кирди бироз ақлимиз, оҳ.
 

«Бизлар-ку алам тузоғидан озодмиз…»

 
Бизлар-ку алам тузоғидан озодмиз,
Ғам еб бу кўнгил тўқ ва шу боис шодмиз.
Ҳушёрлик ҳиди ва рангини билмасдан,
Чун баргиси мор – масти модорзодмиз.
 

«Йиғлаб кеча пок сийна бўлибман, дўстлар…»

 
Йиғлаб кеча пок сийна бўлибман, дўстлар,
Беғашу бекийна бўлибман, дўстлар.
Кўз ёш ювибон кўнгилда бор кир-чирни,
Охири ойина бўлибман, дўстлар.
 

«Ишқ дастида оҳларга муносиб бўлдик…»

 
Ишқ дастида оҳларга муносиб бўлдик,
Ишқ аҳдини боғларга муносиб бўлдик.
Ташладику нигоҳ, кўриб покларни,
Бизлар-да нигоҳларга муносиб бўлдик.
 

«Мангу бу оламда, қани, ким бўламиз…»

 
Мангу бу оламда, қани, ким бўламиз,
Бир лаҳза отиб тонг каби, таслим бўламиз.
На атру, на ранг, на завқ қолмайди абад,
Яйраймизу бир, жим бўламиз… жим бўламиз…
 

«Дилда не ҳол бир куни этгум? Билгум…»

 
Дилда не ҳол бир куни этгум? Билгум,
Қай Дажла бўлиб кўзимдан кетгум? Билгум.
Ўлмасдан аввал кирса бас ақлим. Бир кун
Қайси бир остонага етгум? Билгум.
 

«Сен-ку йироқ. Қулоққа достон келди…»

 
Сен-ку йироқ. Қулоққа достон келди,
Қутлуғ нафасинг билан гулистон келди.
Ноз ўқини юз қадам наридан отдинг,
Жон кетдими, билмадим, ва ё жон келди…
 

«Узлатда бари фақр эли шодондирлар…»

 
Узлатда бари фақр эли шодондирлар,
Ўзга бари эл ғофилу нодондирлар.
Чун тикса кўзин яхши-ёмонга ногоҳ,
Ҳар мижжаси жизғинак бўлиб, қондирлар.
 

«Қомати бутларинг сабаб дилда тугун…»

 
Қомати бутларинг сабаб дилда тугун,
Ишқ ҳусни ўзингдаю, ўзинг жилва бугун.
Кўйингдаги тупроқ тутиё кўзларга,
Бошқаси бир шунчаки ўткинчи кукун.
 

«Бизлар сира аҳли фузало бўлолмадик…»

 
Бизлар сира аҳли фузало бўлолмадик,
Ё соҳиби саҳфаи сафо бўлолмадик.
Зоҳиримиз силлиғу, ботин – расво,
Афсуски, май тўла мино бўлолмадик.
 

«Кўнглим менинг, эй, умид атлас қилма…»

 
Кўнглим менинг, эй, умид атлас қилма,
Ҳам кўҳна либос кийишни ҳеч бас қилма.
Ҳақни тиласанг замонадан озодсан,
Ҳеч аҳли замонга зорлик арз қилма.
 

«Гар аҳли вафони қилмаса рад мўъмин…»

 
Гар аҳли вафони қилмаса рад мўъмин,
Чин мўъмин ўшал. Бошқа бари бад мўъмин.
Исо учиб кетди хиёнатлардан,
Сидқ аҳли учун келди Муҳаммад мўъмин.
 

«Тупроқни ватан тутгучи бир эр менман…»

 
Тупроқни ватан тутгучи бир эр менман,
Ўлмак нима, билмай ўкраган шер менман.
Юз йил яшабон, бўлса-да бошим осмон,
Ер менман… ер менман… ер менман…
 

«Ҳақ йўлидан ўзга йўлга озим бўлма…»

 
Ҳақ йўлидан ўзга йўлга озим бўлма,
Бу куфру, бу дин дебонки қосим бўлма.
Икки жаҳондан ўт, унут ўзликни,
Асло сан ўзингга, қўй, мулозим бўлма.
 

«Босмовчи тарозуда, ки, тош нур – маним…»

 
Босмовчи тарозуда, ки, тош нур – маним,
Ҳар не бўлар эрса дилга манзур маним,
Мардлар синаган кунида нақд дурларни,
Дур деб ҳисобга кирмагич дур маним.
 

«Афсуски, шоҳи пешво қолмағуси…»

 
Афсуски, шоҳи пешво қолмағуси,
Офтоб каби тонгда раҳнамо қолмағуси.
Ҳақ тандаги илм уйи қоронғу бўлса,
Шаръ кўзларида зарра зиё қолмағуси.
 

«Лутфинг каби, ё рабки, йўлимни очғил…»

 
Лутфинг каби, ё рабки, йўлимни очғил,
Тавфиқ қилай илтижо, қўлимни очғил.
Ҳам мағфиратинг далилига оч кўнглим,
Ҳам ҳамдингга қил бурро, тилимни очғил.
 

«Олисда туриб, дилга навобахшим ўзинг…»

 
Олисда туриб, дилга навобахшим ўзинг,
Кўнглимда муҳаббат бир умр нақшим ўзинг.
Гарчандки ёмонлигим сабаб олиссан,
Барча ёмонлар ичра, эй, яхшим ўзинг.
 

«Сенданки кўзим нури, йироқдек назарим…»

 
Сенданки кўзим нури, йироқдек назарим,
Сенга муҳаббатимдан, эй, бехабарим.
Меҳринг азалу абадни етказди хабар,
Эй, қош ила кўз каби яқин, мўътабарим.
 

«Диллар бари меҳринг ила гулшан бўлди…»

 
Диллар бари меҳринг ила гулшан бўлди,
Диллар бари пойингдаги равзан бўлди.
Дунёда агар ёқилса бир шамъи умид,
Ул машъали бахтинг ила равшан бўлди.
 

«Тоатда ики кўзим қароси чўғман…»

 
Тоатда ики кўзим қароси чўғман,
Водий мағфиратда кўнглим тўқман.
Тавба ҳидин ҳидладиму, лекин ҳеч
Ул ўзи не – кўрган, эшитган йўқман.
 

«Оҳ, эрта ғамин ебон, ки, мунг мунглабмиз…»

 
Оҳ, эрта ғамин ебон, ки, мунг мунглабмиз,
Ҳар дамни дебон зар, жарангин тинглабмиз.
Қилгач орани очиқ бу дунё бирлан,
Ҳақ йўлида ҳамсафар, ки, минг-минглаб биз.
 

«Денгиз эди руҳ, қақради. Дил доғ ундан…»

 
Денгиз эди руҳ, қақради. Дил доғ ундан?
Шуъла сочар ишқ бўлибон моҳ ундан.
Икки кўзим икки тегирмон. Чиқади
Дурдона юрак майдаланиб, оҳ, ундан.
 

«Эски бу даҳр ҳосили. Хирмон янги…»

 
Эски бу даҳр ҳосили. Хирмон янги.
Битмаса ҳар куз ҳосил, армон янги.
Кўҳна ва янги менга дўстдир. Яъни
Дард эски қадрдондиру, дармон янги.
 

«Олдинг, чекибон тиғ, шараф. Шон олдинг…»

 
Олдинг, чекибон тиғ, шараф. Шон олдинг.
Ёвлар баридан, ҳамла қилиб, жон олдинг.
Тийғинг сенинг ҳимматингдан ожиз чиқди,
Ҳиммат қилибон ер ила осмон олдинг.
 

«Осуда жаҳон, асли, шитоб бирла гўзал…»

 
Осуда жаҳон, асли, шитоб бирла гўзал,
Дил бўлса хира, бир моҳитоб бирла гўзал.
Ишқ машриқидан тонглар отиб келмоқда,
Чун чархи фалак бир офтоб бирла гўзал.
 

«Ишқингда сенинг дил иши ибром тортмоқ…»

 
Ишқингда сенинг дил иши ибром тортмоқ,
Орзу қилиб, умидлар этиб ком тортмоқ.
Ҳам овлабон ов агарки бир қуш тутсанг,
Бошқасига ишинг тағин дом тортмоқ.
 

«Кўксимни ситам-ла чок этиб сўкмагингиз…»

 
Кўксимни ситам-ла чок этиб сўкмагингиз!
Ҳам унга ишқ тухмини, о, экмагингиз!
Андуҳ кўчати бўлиб мени унсин деб,
Ҳар томчи шаробни хокима тўкмагингиз!
 

«Ёстиққа тегиб бошингиз, Ҳақ дард берди…»

 
Ёстиққа тегиб бошингиз, Ҳақ дард берди,
Сидқу вафо чечакларин Ҳақ терди.
Осмон тилади даво дуо айлаблар,
Юлдуз бари унга “Омин, омин” дерди.
 

«Бор мўъжизаларни аҳли дил тердилар…»

 
Бор мўъжизаларни аҳли дил тердилар,
Ҳар нарсаки, жузвин ақли кулл тердилар.
Шодликни кўрингки, бу чаман саҳнида
Гулларнинг ўзи, ажабки, гул тердилар.
 

«Хаттинг ила лаълинг узра бир жон кўкарур…»

 
Хаттинг ила лаълинг узра бир жон кўкарур,
Бу жон ила қисматимда ризвон кўкарур.
Ризвон аро дилга бахш этиб қудратлар,
Икки жаҳон туҳфаси – иймон кўкарур.
 

«Ҳеч бўлмаган ҳолимга кўзи нам камдир…»

 
Ҳеч бўлмаган ҳолимга кўзи нам камдир,
Муҳлик яра дилда кўп ва малҳам камдир.
Бахт ҳақда сўзим жунунли ва мазмундор,
Бахтим менинг ҳам шўрдиру, ҳам камдир.
 

«Мен қушману, юлдуз бариси донимдир…»

 
Мен қушману, юлдуз бариси донимдир,
Ҳар икки жаҳон рост ила ёлғонимдир.
Риндона бу ҳолим, тикибон икки жаҳон.
Гардкам дея ўйнаб ютиб олғонимдир.
 

«Нозик юрагим. Кўр бу нафис гулларни…»

 
Нозик юрагим. Кўр бу нафис гулларни,
Ҳам асра-авайла аҳли ишқ дилларни.
То зулм этибон, кўнгилни синдиргайсан,
Тинглаки синганда бу чил-чилларни.
 

«Гавҳар бариси, ёр, назарингдан тўкилур…»

 
Гавҳар бариси, ёр, назарингдан тўкилур,
Дарёи насиба гуҳарингдан тўкилур.
Толе тўкилур бош оёғингдан бисёр,
Ҳам жумла-жаҳон чашми тарингдан тўкилур.
 

«Ёр зулфи дея мудом чекиш нола ўйим…»

 
Ёр зулфи дея мудом чекиш нола ўйим,
Қон бу юрак доғини деб, лола ўйим.
Тақдир эрур оина каби бир қўлда,
Бир қўлда тароқ мисли, ки минг тола ўйим.
 

«Бода қувончбахш ва у руҳни пешлар…»

 
Бода қувончбахш ва у руҳни пешлар,
Бода шифо, санчса чаёнлар нешлар.
Тунлар ичибон шароб, сармаст бўлғил,
Майдан топар, оҳ, тунлари куч дарвешлар.
 

«Бу киштийки, қондин орқайин, жондан тинч…»

 
Бу киштийки, қондин орқайин, жондан тинч,
Шоҳ-дарға. Шарафдан эмину, шондан тинч.
Ғарқ бўлмаса у, учирмас ҳеч тошқинлар,
Тўлқинни писанд этмас у. Тўфондан тинч.
 

«Юз айш эшик қоқар. Юрак муз. Очман…»

 
Юз айш эшик қоқар. Юрак муз. Очман,
Ишқ дарди баёнига сира сўз очмам.
Йўлга тўкилди доғларим. Кўрмакка
Сўлғин, мана, бир ғунчаману… кўз очаман.
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации