Электронная библиотека » Пахлавон Махмуд » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Ишқ ёғдуси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 01:00


Автор книги: Пахлавон Махмуд


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

«Ер устида юрганлар аро бахтли қани…»

 
Ер устида юрганлар аро бахтли қани?
Ўз нафсини тизгинлаган, оҳ, жаҳдли қани?
Эл емак-ичмаги билан аввора,
Оҳ, ҳамма қорин аҳли… юрак аҳли қани?
 

«Андишани сен ўзингга, дил, кор айла…»

 
Андишани сен ўзингга, дил, кор айла,
Умрингни совурма елга, бедор айла.
Манзур эса элга не, бари бор сенда,
Ўз қасрингга ўзинг ўзингни меъмор айла.
 

«Риндларга қиморхона жаҳон бўлмаса мос…»

 
Риндларга қиморхона жаҳон бўлмаса мос,
Сўз қотмағуси улар, ки, ким беихлос.
Сирти харобу, муҳташам кўнгли кулар,
Икки жаҳон ёлғони ростига бир оз…
 

«Дарвеш дилидан на кек, на кин бор сенга…»

 
Дарвеш дилидан на кек, на кин бор сенга,
Инсоф ила эътиқоду дин бор сенга.
Қудратли бу қавм олдида таҳлика нечун,
Ҳар эзгу амалда офарин бор сенга.
 

«Тортти сени чоҳига ишқ-дард, тушдинг…»

 
Тортти сени чоҳига ишқ-дард, тушдинг,
Банд этди дилинг зулфи муаттар, тушдинг.
Энди қутулдингми десам ул биридан,
Бошқасининг домига бадтар тушдинг.
 

«Ёдинг ила ҳар даму, ҳар он тоза бўлур…»

 
Ёдинг ила ҳар даму, ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг,
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.
 

«Кимларки, агар аҳлики, афлоқдирлар…»

 
Кимларки, агар аҳлики, афлоқдирлар,
Сийнаси доғу, кўкси кўп чокдирлар.
Лаблари лаъл, агарчи зулфи хушбўй,
Аввало хуш хулқи билан покдирлар.
 

«Жом жаранги, гул ҳиди хуш бўлсин…»

 
Жом жаранги, гул ҳиди хуш бўлсин,
Ҳам жумла жаҳон дарди фаромуш бўлсин,
Ёмғир куйини тингла булут соясида,
Сўнг неча қадаҳ бўлса насиб, нўш бўлсин.
 

«Ғам бандидан эркин бизу, озод бизлар…»

 
Ғам бандидан эркин бизу, озод бизлар,
Оч бўлганда ебон ғам, билингиз, шод бизлар.
Ҳушёрлик ҳиди рангини не этгаймиз,
Наргислар ила, асли, бир авлод бизлар.
 

«Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлғайман…»

 
Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлғайман,
Сарчашма суви мисли зилол бўлғайман.
Гардларни ювиб фориғ этар кўз ёшим,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.
 

«Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ…»

 
Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ,
Ҳам дилда хумор – май таъмини тотгани йўқ.
Оҳ, нега бу дард, ёр, сени уйғотгани йўқ,
Ол қўлга қадаҳ, токи қуёш ботгани йўқ.
 

«Тонг бу – юзинг ва ундан, ёр, гул ёғилар…»

 
Тонг бу – юзинг ва ундан, ёр, гул ёғилар,
Хулқинг, эса фасли баҳор – гул ёғилар.
Хуш кечади давримиз,ёришди уфқ,
Юз очади бу рўзигор – гул ёғилар.
 

«Рўй берди жаҳон. Жаҳон ўзинг, рўй ўзинг…»

 
Рўй берди жаҳон. Жаҳон ўзинг, рўй ўзинг,
Дарё бу – ақл. Оққан узун ўй ўзинг.
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу ўзинг, гулдаги хушбўй ўзинг.
 

«Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма…»

 
Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу – шароб. Қуй тўлатиб. Маст қилма,
Ё раб, карам эт. Жумла жавонмардларни
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма.
 

«Рухсоринга мен термуламан… ханда қилар…»

 
Рухсоринга мен термуламан… ханда қилар,
Эркимни тағин мендан олиб, санда қилар.
Ким агар озод эрур – шод эрур,
Мен эса шод, гарчи лабинг банда қилар.
 

«Зулфинг қошида бўлди бути чин таслим…»

 
Зулфинг қошида бўлди бути чин таслим,
Ғамзангга сенинг қилди ўзин дин таслим.
Чеҳрангни сенинг кўргач аросатда Худо,
Ўз қудратига ўқиди таҳсин таслим.
 

«Келгай десалар сурурда кўз ёшлар эдим…»

 
Келгай десалар сурурда кўз ёшлар эдим,
Йўлингга суман, гуллар эка бошлар эдим.
Хоки раҳингни тўтиё айлаб сўнг,
Чеҳрангни кўриб, барин ўриб ташлар эдим.
 

«Афсуски, бугун бўлди ўтин уд била тенг…»

 
Афсуски, бугун бўлди ўтин уд била тенг,
Бўлди Халил маснади Намруд била тенг.
Ўз давлатидан ғофилу маст наздинда
Эшшакнинг ҳанги нағмаи Довуд била тенг.
 

«Дастингда бу дил тиғланибон, кўп хундир…»

 
Дастингда бу дил тиғланибон, кўп хундир,
Маҳшаргача ўз умридан у маҳрумдир.
Соғлар не қилиб сендан омонлик кўрсин,
То сен туғилибсанки, бари марҳумдир.
 

«Эй сарвиқадму, сиймтану, гулрухсор…»

 
Эй сарвиқадму, сиймтану, гулрухсор,
Даврангга яқин келмасин ҳеч бир хасу хор.
Гар чаман ичра юксалиб турмишдир,
Гул шохи билан тенг бўла олғайму чинор.
 

«Билмак сени мушкул вале шайдойингман…»

 
Билмак сени мушкул вале шайдойингман,
Ҳам бамисол ерда хаси пойингман.
Расвоману, лек шунчаки расвойингмас,
Жоним тикибон, фидойи расвойингман.
 

«Бошдаги ҳушдан майи ноб афзалдир…»

 
Бошдаги ҳушдан майи ноб афзалдир,
Маст кўздаги ёш ва изтироб афзалдир.
Ҳеч кимга вафо раво эмас дунёда,
Дард чеккан эмас, масти хароб афзалдир.
 

«Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз…»

 
Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз,
Басма-бас ичдик…дод деди соғаримиз.
Хум устида бизми эгилиб тургувчи,
Кетдикми қолиб хум тагида ё баримиз.
 

«Келди ҳайит, ҳар не ёмон – кетсин, кел…»

 
Келди ҳайит, ҳар не ёмон – кетсин, кел,
Май ва гулоб жомни макон этсин, кел.
Рўза тугаб, йиғилди бор жой намоз,
Барча заволларга завол етсин кел.
 

«Бир зарб берамиз… чарх фили яксон бўлғай…»

 
Бир зарб берамиз… чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғараи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.
 

«Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен…»

 
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўлиб юпун, хўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг
Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен.
 

«Дунёнинг иши тўс-тўполон, жанг деб бил…»

 
Дунёнинг иши тўс-тўполон, жанг деб бил,
Номарднинг эмас марднинг иши танг деб бил.
Дунёнинг иши бу – Каъбатайну нарддир,
Омадли ўйин ҳийлаю найранг, деб бил.
 

«Руҳинда бўлай десангки, сердардларнинг…»

 
Руҳинда бўлай десангки, сердардларнинг,
Мардга юкин, бу шартидир шартларнинг.
Мард бўласан, эгилма ҳеч номардга,
Хизматига шай яшасанг мардларнинг.
 

«Бул ҳожики Маккадан, Минодан қайтди…»

 
Бул ҳожики Маккадан, Минодан қайтди,
Зинҳор демангиз Каъбадан одам қайтди.
Аждарга дўниб қайтди илон, денг, ҳаждан,
Бир хонахароб, денгки, худодан қайтди.
 

«Ҳеч қаротош дур каби маъдан бўлмас…»

 
Ҳеч қаротош дур каби маъдан бўлмас,
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тинглаки, Пурёрвали айтади сўз,
Аслида номард сира одам бўлмас.
 

«Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир…»

 
Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир,
Дунёдаги бор аланга сийнамдандир.
Ишлайди кулол… бу кўҳна дўстлар хоки,
Ўт, сув ила мавжуд хазинамдандир.
 

«Дард мени ўлдирди, маломат – ватаним…»

 
Дард мени ўлдирди, маломат – ватаним,
Ишқ мени сўлдирди, муҳаббат – кафаним.
Жаннат сеники, зоҳидо, мен булбули маст,
Куй мени куйдирдики, дўзах чаманим.
 

«Кўзларники, давр жаврида гирён кўрдим…»

 
Кўзларники, давр жаврида гирён кўрдим,
Офат барини, борича имкон, кўрдим.
Нуҳ кўрдию минг йил яшабон бир тўфон,
Мен бўлмасам ҳамки Нуҳ, минг тўфон кўрдим.
 

«Ҳолимни билиб кетмак учун келгайсен…»

 
Ҳолимни билиб кетмак учун келгайсен,
Бунча сени қийнади ким сўргайсан.
Ойина бериб қўлингга дерман: “Термул,
Кўзгуда уни, эй қарокўз, кўргайсан”.
 

«Йўқдир хабаринг бошида не ҳол дунё…»

 
Йўқдир хабаринг бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол-дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ уни ҳам,
Кўргайму раво йўқми бу қаттол дунё.
 

«Умринг маъниси не, менга де, – дедим…»

 
Умринг маъниси не, менга де, – дедим,
Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона, – деди.
Дунёга умид боғласа кимки, не, – дедим,
Ё маст, ё аҳмоқ, ёки девона, – деди.
 

«Уфқ томон томди қуёш – бир лахта қон…»

 
Уфқ томон томди қуёш – бир лахта қон,
Кесди кокил Зуҳро, ой бўлди ниҳон.
Тонгга тун мотам тутиб кийди қаро,
Бир совуқ оҳ чекди, бир оташ фиғон.
 

«Кўзимдаги суратингни, эй ёрқин моҳ…»

 
Кўзимдаги суратингни, эй ёрқин моҳ,
Ёмғир каби тўкдим ўлиминг қўйгач доғ.
Дарҳол танигай энди сени келганлар,
“Гул юзлининг, оҳ, худди ўзи бу тупроқ”.
 

«Қилди наво тонг қуши хуш чоғ ичра…»

 
Қилди наво тонг қуши хуш чоғ ичра,
Қўйганича лола дилим доғ ичра.
“Мангу эсанг, мард эсанг ҳам, ич май, тур,
Сўнг ётасан мангуга тупроқ ичра”.
 

«Ишқ дардини, дил, токи таманно қилдинг…»

 
Ишқ дардини, дил, токи таманно қилдинг,
Халқ ичра ўзингни хору расво қилдинг.
То гул сари, райҳон сари парво қилдинг,
Сен ўзни абад маҳкуми шайдо қилдинг.
 

«Айтмасалар борма ҳеч. Меҳмон аччиқ…»

 
Айтмасалар борма ҳеч. Меҳмон аччиқ.
Хор этадир, қўйгани ҳар нон аччиқ.
Тотлидир ўз нону сувинг миннатсиз,
Миннатда кабоб бўлса, ширин жон аччиқ.
 

«Кўп менда савол энди жавоб ким қилғай…»

 
Кўп менда савол энди жавоб ким қилғай?
Кўп менга гуноҳ энди савоб ким қилғай?
Қайдаки хоки пок – тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф, ким қилғай?
 

«Дилбарга дедимки: “Сўзларинг чил-чилдир…»

 
Дилбарга дедимки: “Сўзларинг чил-чилдир,
Бунга сира борми сабаб, айт, билдир”.
Айтдики: “Сўзлаганда оғзим тор деб,
Қимтинаман ҳаёда, боис шулдир”.
 

«Минг дод, ҳазин дил ўзига жавр ўлди…»

 
Минг дод, ҳазин дил ўзига жавр ўлди,
Фарёд, у дард, ғам ўтига қоврилди.
Ҳайҳотки, қанча парвариш қилсам ҳам,
Барбодки, мева бермайин соврилди.
 

«Дўст билма жаҳонни, дўстлиги оғиру пуч…»

 
Дўст билма жаҳонни, дўстлиги оғиру пуч,
Ҳеч кийну нифоқдан ўзга йўқ, зоҳири пуч.
Минг йил яшасанг ҳамки, ўлим келгусидир,
Минг мулкни эгалла, барибир охири – пуч.
 

«Ҳуснингга эмасди– ку хазон мойил ҳеч…»

 
Ҳуснингга эмасди– ку хазон мойил ҳеч,
Фаҳму фаросатлими Азройил ҳеч.
Ўйламади нетмади, жонинг олди,
Қолмадим, оҳ, бу ишига қойил ҳеч.
 

«Бизга малол бергучи дўст– ёр йўқдир…»

 
Бизга малол бергучи дўст– ёр йўқдир,
Дўст, ёрга сира биздан ҳам озор йўқдир.
Ор-номусу, ифтихор либосин ечдик,
Дўст бирла фахр йўқ дўстдан ҳам ор йўқдир.
 

«Чарх урфи ситамдирки, яралган дамдан…»

 
Чарх урфи ситамдирки, яралган дамдан,
Сидқ аҳли халос бўлмади дард мотамдан.
Ит бўлайин вафоси бор одамга,
Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан.
 

«Меъмор фалак қаср ила айвон этгай…»

 
Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгаю, вайрон этгай.
Пештоқини бу кун ўзига тенг этгач,
Эртасига ер била яксон этгай.
 

«Гоҳида, оҳ, ул лоларўйимда ўйим…»

 
Гоҳида, оҳ, ул лоларўйимда ўйим,
Гоҳида зулфи мушки бўйимда ўйим.
Алқиссаки, рўю бўйидан не афзал,
Бўлса гар, шу ҳақдаги ўйимда ўйим.
 

«Бу кўзгуда бир ғаройиб аҳвол бўлди…»

 
Бу кўзгуда бир ғаройиб аҳвол бўлди,
Бир боққан эдим, ақлу ҳушим лол бўлди.
Ўзгалар айби кўзга ташланмай ҳеч,
Барча гуноҳларимки, яққол бўлди.
 

«Бадфеъл одам ҳамиша дилхаста бўлур…»

 
Бадфеъл одам ҳамиша дилхаста бўлур,
Чиқса талаб йўлига, побаста бўлур.
Яхшини деб, ҳатто ёмон бирла агар
Ким ўнгишар, толега пайваста бўлур.
 

«Маҳмуд ношукурликка томон бўлса, ёмон…»

 
Маҳмуд ношукурликка томон бўлса, ёмон,
Ҳақ бергучида гар ҳақ тамом бўлса, ёмон.
Айбламангиз кимсани, эскирса либос,
Гар ҳар не либос ичра ёмон бўлса, ёмон.
 

«Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма…»

 
Йўқ андуҳимиз, нега хуш айём таъма?
Чошгоҳ эса, дейлик, не учун шом таъма.
Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан,
Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч хомтаъма.
 

«Тупроқ бари оқил элининг бошларидир…»

 
Тупроқ бари оқил элининг бошларидир,
Зарралари, дур тишу кўз-қошларидир.
Сарв, лола ва сумбул дема ердан унган,
Қоматлари, гулчеҳралари, сочларидир.
 

«Ҳеч сира дўст, ҳеч сира ҳамдам йўқдир…»

 
Ҳеч сира дўст, ҳеч сира ҳамдам йўқдир,
Қилгучи халос бизни бу ғамдан йўқдир.
Кўз тутма садоқатни сира одамдан,
Ҳеч сидқу вафо қилгучи одам йўқдир.
 

«Шоҳлик тиласанг, ғариб-гадо бўлмоқ шарт…»

 
Шоҳлик тиласанг, ғариб-гадо бўлмоқ шарт,
Ўздан кечиб, элга ошино бўлмоқ шарт.
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг
Қўлларин ўпмак, хокипо бўлмоқ шарт.
 

«Умринг майидан ё маст, ё ҳушёр бўлсанг…»

 
Умринг майидан ё маст, ё ҳушёр бўлсанг,
Сен хоҳи башанг, хоҳи, ки, абгор бўлсанг.
Ҳеч булар оқил қошида мушкул эмас,
Мушкули бу – бўлсангу мард – зор бўлсанг.
 

«Шоҳию атлас кийим хоҳлаш не учун…»

 
Шоҳию атлас кийим хоҳлаш не учун,
Суврат дея кўнглингники, доғлаш не учун.
Гар қилсанг умид ўз кунинг озод ўтишин,
Ўзгага ўзни, қани, боғлаш не учун.
 

«Йўлга қара, йўлни кўрарлар кетди…»

 
Йўлга қара, йўлни кўрарлар кетди,
Бошла ўзинг, бошда юрарлар кетди.
Қавмингга бориб, ҳолини сўр, қил йўқлов,
Йўқлаб сени, ҳолингни сўрарлар кетди.
 

«Чанг солса ажал, йўқ сира дармон ҳайҳот…»

 
Чанг солса ажал, йўқ сира дармон ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон, ҳайҳот.
Ер эди бир вақтлари шоҳ Кирмонни,
Шоҳнинг ўзини ер энди кирмон, ҳайҳот.
 

«Гул рашкда ёниб, ки, оҳ, сўнар шу лаҳза…»

 
Гул рашкда ёниб, ки, оҳ, сўнар шу лаҳза,
Лола, дилинда доғ, сўнар шу лаҳза.
Гарчандки, ўчирмасам-да ҳуснингдан, ёр
Хўб уялиб, чароғ сўнар шу лаҳза.
 

«Мискин бу кўнгил, ҳаётдан ҳам безганман…»

 
Мискин бу кўнгил, ҳаётдан ҳам безганман,
Чунки умр хорлигини сезганман.
Кийдим дея тож, нўхта уриб бошимга,
Зил салла юки билан таним эзганман.
 

«Кимманки, ахир, тавоф талаб этгайлар…»

 
Кимманки, ахир, тавоф талаб этгайлар,
Еб ичганима жавоб талаб этгайлар.
Фаришта ҳам ҳисобда йўқ жойларда,
Мендан не учун савоб талаб этгайлар.
 

«Дард чекмак учун, не чора, мен хос бўлдим…»

 
Дард чекмак учун, не чора, мен хос бўлдим,
Ғам тийғи билан аламга кўп мос бўлдим.
Мисли Қуёшгул, бу фалак боғинда
Ғунчаламасдан олдин… қийғос бўлдим.
 

«Ишқ ичра нишон ўзим менинг, тийр – ўзим…»

 
Ишқ ичра нишон ўзим менинг, тийр – ўзим,
Мажнун бу – ўзим, жунунга тадбийр – ўзим.
Чексиз бу самода пойидор маҳбусман,
Қўзғалса фаришта нафси, занжийр – ўзим.
 

«Савдои муаттарда димоғим гуллар…»

 
Савдои муаттарда димоғим гуллар,
Ишқ дарди жарангида қулоғим гуллар.
Ишқ телбалигин доғи ғариб бошимда,
Гул гаштида бошимдан оёғим гуллар.
 

«Ҳарф нуқтасини дилимда доғ деб англанг…»

 
Ҳарф нуқтасини дилимда доғ деб англанг,
Дафтарда эмас, танда сиёҳ деб англанг.
Тим-тим бу қароликда керакмас лек шаъм,
Сўзимдаги бу маънини доғ деб англанг.
 

«Гулзор биза бўлди диляролиғ рамзи…»

 
Гулзор биза бўлди диляролиғ рамзи,
Тўй-тантана – дил андуҳ аролиғ рамзи.
Туз гарчи мисол таъмлилик ҳам оқлиққа,
Манглайдаги шўр – юзи қаролиғ рамзи.
 

«Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу…»

 
Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу —
Шоҳ бахти эрур…дарвиш учун кулфат бу.
Ой бўлса ярим, бир куни албат тўлғай,
Нурни йўқотса кун, ёмон зулмат бу.
 

«Қилган қабулинг қошида, бил, рад афзал…»

 
Қилган қабулинг қошида, бил, рад афзал,
Яхшинг қошида ёмон ҳам минбаъд афзал.
Кофирсану, даво қиласан мўъминлик,
Мўъмин эса сендек, яна…муртад афзал.
 

«Бердим қаламимга сўз, тилим лол этдим…»

 
Бердим қаламимга сўз, тилим лол этдим,
Орифману, кўнглимда ажиб ҳол этдим.
Сўз давлати султонлари таслим бўлди,
Бу мулкни тафаккур ила ишғол этдим.
 

«Бир кўрса сени, барқини боғ сўндиради…»

 
Бир кўрса сени, барқини боғ сўндиради,
Лола ловуллашни, ки, оҳ, сўндиради.
Қошингда сени, ўчирмасам ҳамки мен,
Ўзни хижолатда чароғ сўндиради.
 

«Эй ишқ, алангасан, не дудинг йўқ ҳеч…»

 
Эй ишқ, алангасан, не дудинг йўқ ҳеч,
Эй ғам, не навосанки, сурудинг йўқ ҳеч.
Ҳеч маълум эмасдир йўқу боринг, орзу,
Эй айш, чекинг йўқдир, ҳудудинг йўқ ҳеч.
 

«Тиғи адоват била чарх тўккай қон…»

 
Тиғи адоват била чарх тўккай қон,
Тинчлигида дарду балолар пинҳон.
Меҳр ипин ишқ чархи йигиргай ишқ, оҳ,
Ул ипни қаҳр тиғи кесармиш шул он.
 

«Номинг-ла сенинг топди бу айём шараф…»

 
Номинг-ла сенинг топди бу айём шараф,
Бир номки, келур ул била пайғом, шараф.
Бўлғуси бугун муродинг ҳосил, эй дўст,
Лабларда шароб, қўлда эса жом шараф.
 

«Ер қаъри эрур туз тўла, осмон тўла туз…»

 
Ер қаъри эрур туз тўла, осмон тўла туз,
Сайёра тўлиқ туз била, уммон тўла туз.
Икки кўзим туз тўла кўз ёшга тўлиқ,
Оҳ, бўлмади деб нега бу туздон тўла туз.
 

«Айёр бу зоҳидда на ҳолат бўлмиш…»

 
Айёр бу зоҳидда на ҳолат бўлмиш,
Феъли риё, урфи жаҳолат бўлмиш.
Каклик деса, товус каби товланмишдир,
Товус деса, каклик у, разолат бу бўлмиш.
 

«Миш-миш эзади, хаста юрак инжилади…»

 
Миш-миш эзади, хаста юрак инжилади,
Дастимда менинг, эмишки, дур янчилади.
Кўз не учун очилмасин, айтинг ахир,
Ҳар тил тикани лаҳзада минг санчилади.
 

«Ҳамла қилар менга ғам-оғу, кўраман…»

 
Ҳамла қилар менга ғам-оғу, кўраман,
Кўз очаман, ҳар кўзда қайғу кўраман.
Ўй сураман бошни оёғимга қўйиб,
Ўзни таниб, тиззани кўзгу кўраман.
 

«Билғилки, маҳак бирла таниқ тилломон…»

 
Билғилки, маҳак бирла таниқ тилломон,
Олтин суви ичрамас, аниқ тилломон.
Мен ой каби олмасман омонат нурни,
Офтоб нуридек асл, ёниқ тилломон.
 

«Сўз мулкида, оҳ, файзли нафаслар йўқдир…»

 
Сўз мулкида, оҳ, файзли нафаслар йўқдир,
Чин ишқлару, чин меҳру ҳаваслар йўқдир.
Қадри кетиб қолди хитобим ерда,
Сўзимга муносиб, беғаразлар йўқдир.
 

«Номаи иқболда не мазмун? Сўрай…»

 
Номаи иқболда не мазмун? Сўрай,
Тушми ё ўнг? Бу тақдир нечун? Сўрай.
Яхшиси, кўксимни ёриб, кўнглимдан
Ул не учун бўлганини хун сўрай.
 

«Ҳар гулда мудом умид ва орзу кўраман…»

 
Ҳар гулда мудом умид ва орзу кўраман,
Гул чеҳрасида шодлигу кулгу кўраман.
Ҳижрон қадаҳинда мен симирган қоннинг
Ёр лабидан олганин улгу кўраман.
 

«Тил каби биз, бил, тиғи паррон эмасмиз…»

 
Тил каби биз, бил, тиғи паррон эмасмиз,
Таҳликани қўй, дил, сенинг қурбон эмасмиз.
Токайгача сен уйқуда, бахт, биз эса уйғоқ,
Уйғона қол, тунқотар посбон эмасмиз.
 

«Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен…»

 
Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қил сен.
Доно оёқ остиндаю, нодон бошда,
Ёраб, бу фалакни остин-устун қил сен.
 

«Айш қилғусимиз, токи нигорлар келгай…»

 
Айш қилғусимиз, токи нигорлар келгай,
Бизларга бўлиб тонг ели зорлар, келгай.
Ҳеч келмас эдик фасли баҳорларсиз биз,
Биз келмасак ҳам, гарчи баҳорлар келгай.
 

«Сал–пал ўқидик, соҳиби дафтар бўлдик…»

 
Сал–пал ўқидик, соҳиби дафтар бўлдик,
Сал-палгина зеб топдигу, зевар бўлдик.
Билдик бу жаҳонни, ғам билан дард бўлдик,
Кечдик баридан… энди қаландар бўлдик.
 

«Кўзларки ёмон… кўзларингга тегмасин ҳеч…»

 
Кўзларки ёмон… кўзларингга тегмасин ҳеч,
Маст лаълларинг кулгуда. Ғам чекмасин ҳеч.
Ҳар лаҳзада Оллоҳга менинг зорим шул,
Қаддингни сенинг эгмасин ҳеч… эгмасин ҳеч.
 

«Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он…»

 
Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди хазонларни тўзон.
Дарду фироқ гардини қум соатидек
Дилга тўкар бош, дил эса – бошга томон.
 

«То туғилиб, ҳаётга биз шайланамиз…»

 
То туғилиб, ҳаётга биз шайланамиз,
Минг орзу-умид, хаёл билан бойланамиз.
Осмон бу чароғдону, чироқдир офтоб,
Биз эса савр каби секин айланамиз.
 

«Чарх урма, фалак, йўқ менда идрок барибир…»

 
Чарх урма, фалак, йўқ менда идрок барибир,
Ойнаи тийнатим эмас пок барибир.
Кўзёш тўкибон, руҳни ювиб қил эъзоз,
Чун, хокни ювган билан у хок барибир.
 

«Дил тори учун ишваларинг бармоқдир…»

 
Дил тори учун ишваларинг бармоқдир,
Нозингдан ишим ўзимни қутқармоқдир.
Кўнглим балиғин қочгали ҳеч чораси йўқ,
Зулфинг ҳам ўзи ип, ҳам ўзи қармоқдир.
 

«Менданки, бу йўл эрур нишон не қилманг…»

 
Менданки, бу йўл эрур нишон не қилманг,
Боқий бу саодатники фоний қилманг.
Келганда санам йўлга сочиб гулларни,
Босмоғига тупроғини монеъ қилманг.
 

«Қайда шароб, қайда, ахир, у? Келтир…»

 
Қайда шароб, қайда, ахир, у? Келтир,
Бездирди бу шодлик мени. Қайғу келтир.
Бир-икки қадаҳ лозим, ахир, ёқди хумор,
Ўтни ўчир, ҳаяллама. Сув келтир.
 

«Ҳамдамларим, эҳ, ягона билгайлар ўзин…»

 
Ҳамдамларим, эҳ, ягона билгайлар ўзин,
Юз гулни кўриб чаманда, юлгайлар ўзин.
Мен эса кўзгуга гапирган боладек,
Соям ила соз гурунглар кўргайман ўзим.
 

«Даъво қиласан, толибо, афлок менга…»

 
Даъво қиласан, толибо, афлок менга,
Хокман-ку ўзим, нега керак хок менга.
Бахт бу – хашак тегса улуш денгиздан,
Гавҳар насиб этсин сенга, хашак менга.
 

«Ким сенга фидо бўлғайи шай то бўлмас…»

 
Ким сенга фидо бўлғайи шай то бўлмас,
Орифлигу ишқ кўнглида пайдо бўлмас.
Расвоси эрурман сенга шайдоларнинг.
Айт, қани, ой, ким сенга шайдо бўлмас?
 

«Тақво тузидан келар-ку парҳез таъми…»

 
Тақво тузидан келар-ку парҳез таъми,
Гуноҳнинг ҳам қочар-ку ҳар кез таъми.
Ҳар нарсада туз бор, маза бор, сув ювади,
Ел олади. Кетар барин тез таъми.
 

«Ёдлаб, ки, жалолни биз биёбон кетдик…»

 
Ёдлаб, ки, жалолни биз биёбон кетдик,
Тан оламидан, чорлаб эди жон, кетдик.
Ўй ўйладим етмиш икки йил мен тун-кун,
Саргашта бўлиб келдигу, ҳайрон кетдик.
 

«Оқилни енгиб қўйгучи ҳеч ҳис бўлмас…»

 
Оқилни енгиб қўйгучи ҳеч ҳис бўлмас,
Минг ҳасад эт, зар барибир мис бўлмас.
Номард-ку бир ит, мард эса дарёи муҳит,
Ит тегса, бу дарё ҳаром ҳаргиз бўлмас.
 

«Тун бошқаронғу… туғса, шояд, кўрамиз…»

 
Тун бошқаронғу… туғса, шояд, кўрамиз,
Найлайди давр айланиб ғоят кўрамиз,
Умр аввали не, кўрган эдик, хайрият,
Умр охири не бўлур, ниҳоят, кўрамиз.
 

«Берма ёлғонлара жой на жон, на ёндин…»

 
Берма ёлғонлара жой на жон, на ёндин,
Домдир ўзи ва фарқи ҳам йўқ дондин.
Тўғрилиги сабаб учар ёйдин ўқ,
Йўқса чиқармиди у тинч ўқдондин.
 

«Йўлингга назар солсанг агар чеккил оҳ…»

 
Йўлингга назар солсанг агар чеккил оҳ,
Юрганда ҳозир бўл, четида бордир чоҳ.
Чун, очса эшик мард сенга ўз одамидек,
Ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ.
 

«Кўнглим кўчасинда мен ибодат қилдим…»

 
Кўнглим кўчасинда мен ибодат қилдим,
Мард чайқала покларни зиёрат қилдим.
Рўзани тутганимга шоҳидлик шул,
Ийд бўлсанг намозни бетаҳорат қилдим.
 

«Дарбадар этма асло бўлсанг мард чин…»

 
Дарбадар этма асло бўлсанг мард чин,
Кўзла мудом хешу аёлинг тинчин.
Боғдан ошиб чиқса дарахтнинг шохи,
Мевага кўз олайтар ҳар ўткинчи.
 

«Дўст бўлғали бир умрга доно танла…»

 
Дўст бўлғали бир умрга доно танла,
Ҳамда гўзал, бир гули раъно танла.
Бўлмаса гар айлама нобуд вақтинг,
Кашф эт сен ўзингни, ўзни танҳо танла.
 

«Кўп чекдиму дард, бўлмадим ҳеч шод, дариғ…»

 
Кўп чекдиму дард, бўлмадим ҳеч шод, дариғ,
Ғурбатда бу жон, қилмадилар ёд, дариғ.
Афсус, надомат юки елкамда маним,
Дийдор қиёматгача барбод, дариғ.
 

«Ринд қасрига давлат урибон бош, келди…»

 
Ринд қасрига давлат урибон бош, келди,
Гар ҳар нима пинҳон эса, сўнг фош келди.
Халқ таънасидан халосману, шукрим кўп,
Офтоб, сенинг ошёнинга хуффош келди.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации