Электронная библиотека » Пахлавон Махмуд » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Ишқ ёғдуси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 01:00


Автор книги: Пахлавон Махмуд


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

«Еллар эсибон турли ўйин бошладилар…»

 
Еллар эсибон турли ўйин бошладилар,
Хас-чўп ва булутларни суриб ташладилар.
Аввалги ҳавас ишққа дўниб бу дамда,
Аҳли жунун шаъм кўзини ёшладилар.
 

«Бахш этсин у борлиққа зиё кўз ташлаб…»

 
Бахш этсин у борлиққа зиё кўз ташлаб,
Қилсин у дилни маҳлиё кўз ташлаб.
Бизга назар солиш каби кулфатдан
Қутулсин оҳиста қиё кўз ташлаб.
 

«Оҳ, мангу қазо ҳукмида сиймоман мен…»

 
Оҳ, мангу қазо ҳукмида сиймоман мен,
Яктолар ичинда, билки, яктоман мен.
Сиртим осойишта, юрак – туғёндир,
Қаъринда наҳанг сузгучи дарёман мен.
 

«Кулди у. Гулситон овози келди…»

 
Кулди у. Гулситон овози келди.
Сўзлади. Биз томон овози келди.
Чимрилган эди, қулатди юз одимдан,
Ноз-ишва ўқи, камон овози келди.
 

«Дард тилди дилимнию, дили чок бўлдим…»

 
Дард тилди дилимнию, дили чок бўлдим,
Ерга тўшаб қон гиламим, пок бўлдим.
Кўзёшима тўлди ҳовучим лиммо-лим,
Айб айламангиз, на чора, шўрҳок бўлдим.
 

«Эзгуми ҳеч ниятимиз – бир биламиз…»

 
Эзгуми ҳеч ниятимиз – бир биламиз,
Борми аҳамиятимиз – бир биламиз.
Тил тиғи билан дилни очиб ташлаймиз,
Не, ўзи, моҳиятимиз – бир биламиз.
 

«Султон сеники, шоҳу шаҳаншоҳ сеники…»

 
Султон сеники, шоҳу шаҳаншоҳ сеники,
Минг йўллар аро Ҳақ йўли, валлоҳ, сеники.
Кундуз чиқадидир қуёш– сенинг. Ботгач у,
Пардоз берибон тунда чиқар моҳ – сеники.
 

«Ҳар қайдаки тутқун ихтиёр истайди…»

 
Ҳар қайдаки тутқун ихтиёр истайди,
От, ўқинга бўлмоқни дучор истайди.
Жоним қуши парвозни мурод қилғайдир,
Ов лочини қилмоқни шикор истайди.
 

«Мен – пашша… Сен эрса бир малак, чорам не…»

 
Мен – пашша… Сен эрса бир малак, чорам не?
Айт, бўлмайин гирди капалак чорам не?
Ғинғиллаб эдим кириб ётоқхонангга,
Сен сира бузмадинг пинак.Чорам не?..
 

«Ким кимсасиз ўлмоқни, ки, ёқтирди бари…»

 
Ким кимсасиз ўлмоқни, ки, ёқтирди бари,
Дур каби шодадан йироқ турди бари.
Гар кимки ўзин биргина маржон билди,
Ҳақ ташна қулоқ топса, ки, тақдирда бори.
 

«Бул йўқдану бул бордан эмас кўчмак ишинг…»

 
Бул йўқдану бул бордан эмас кўчмак ишинг,
Кундан кунга тун-кун бўлибон кечмак ишинг.
Касбим менинг – умримни чигаллаштирмоқ,
Раҳм айла ўзинг, бўлса тугун – ечмак ишинг.
 

«Жоним, бу жаҳонни айюҳаннос тутди…»

 
Жоним, бу жаҳонни айюҳаннос тутди,
Ҳар дилни ғаму, ғулғула, васвас тутди.
Сўнгги нажот мулкига барвақт етди,
Тупроққа юзин то Хўжа Аббос тутди.
 

«Беилму амал равзон ривзон бўлмас…»

 
Беилму амал равзон ривзон бўлмас,
Рўза намоз бўлмаса, иймон бўлмас,
Ўтмакка илож топса-да қил кўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
 

«Тоза юрак ва софназар бўлмоқ бахт…»

 
Тоза юрак ва софназар бўлмоқ бахт,
Борлиқни билиш ва бехабар бўлмоқ бахт.
Ҳар лаҳза етишса кеча минг дард сенга,
Чекмак барини ва бехатар бўлмоқ – бахт.
 

«Қуш каби мен, тирикчилик бошимда…»

 
Қуш каби мен, тирикчилик бошимда,
Сув ичаман, гарчи наҳанг қошимда.
Ютгач бу наҳанг —ўлим, ниҳоят, бир кун,
Қабримда бўлар таним, бошим-тошимда.
 

«Майхона учун гадо билан шоҳ барибир…»

 
Майхона учун гадо билан шоҳ барибир,
Борлик учун толибу гумроҳ барибир.
Фалак учун қуёш билан моҳ барибир,
Дарвиш учун кулгу билан оҳ барибир.
 

«Йўлингда сенинг вужуд мудом кўз бўлди…»

 
Йўлингда сенинг вужуд мудом кўз бўлди,
Ҳар тун қадар, ҳар тонг эса – Наврўз бўлди.
Кўрган сени икки-уч кунимдан бошқа,
Кунлар кун эмас десам, бу чин сўз бўлди.
 

«Умримдаги, афсус, яшил чоғ кечмиш…»

 
Умримдаги, афсус, яшил чоғ кечмиш,
Ҳеч борми илож, баҳор ила боғ кечмиш.
Кечмоқда ҳаёт ҳаётлигидан, айтинг,
Ким кўрди қочон шоҳлигидан шоҳ кечмиш?
 

«Мен гарчи ибодат ҳар нафас қилғайман…»

 
Мен гарчи ибодат ҳар нафас қилғайман,
Мен гарчи балои нафсни паст қилғайман.
Қайта ва қайта тавба этгум, чунки
Қайта ва қайта ўзни маст қилғайман.
 

«Дунё бўла олмағай муқаддас, яхши…»

 
Дунё бўла олмағай муқаддас, яхши,
Дарвиш каби англа сен буни бас, яхши.
Ёпинчиғинг бўздан эт, бу – бахтдир,
Ёлғончи агар ким деса: ”Атлас яхши.”
 

«Тинмай тўкамиз дод чекибон, ёш бизлар…»

 
Тинмай тўкамиз дод чекибон, ёш бизлар,
Бор мотаму дардларга бериб дош бизлар.
Дўстларни йўқотмайин бунингдек, эй воҳ,
Йўқ бўлсак эди ўзларимиз, кош, бизлар.
 

«Тупроққа кўмилгайману мен бир кун пок…»

 
Тупроққа кўмилгайману мен бир кун пок,
Дўст руҳига кўчгайман агар бўлсам ҳалок.
Тан тупроқ эрур, жон эса – Ҳақ ёғдуси,
Нур била нур яшар, ахир, хок била хок.
 

«Ақлимни менинг қилгучи лол инсондир…»

 
Ақлимни менинг қилгучи лол инсондир,
На кофиру, на муслим у бир ҳайрондир.
Ҳақ не, гумон не – ахтариб, ўй ўйлаб,
Икки жаҳони шу билан вайрондир.
 

«Кофир деб атанг эл аро, хоҳ достон денг…»

 
Кофир деб атанг эл аро, хоҳ достон денг,
Хоҳ май ичибон, масту аласт, сарсон денг.
Не десангиз, майли мени, бир шарт бор,
Яхши-ёмонми, ҳар қалай, инсон денг.
 

«Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз…»

 
Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз – турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз, чунки товуқмиз ҳаммамиз.
 

«Мен қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил…»

 
Мен қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Чун берди азоб, дардима барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ,
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.
 

«Лола дилим, на чора, пора-порасан…»

 
Лола дилим, на чора, пора-порасан,
Ҳам ёниб, ҳам ёқиб мени оварасан.
Келдингу аста-аста тупроқ ичингдан,
Тупроққа сен энди аста-аста борасан.
 

«Боғларга, не бахт, баҳор келиб кетгувси…»

 
Боғларга, не бахт, баҳор келиб кетгувси,
Тоғларга уним, барор келиб кетгуси.
Топғилки қарор жаҳонда, чунки инсон
Топмоққа абад қарор келиб кетгувси.
 

«Муртад била гоҳида, не тонг, обид тенг…»

 
Муртад била гоҳида, не тонг, обид тенг,
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши-ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобуд тенг.
 

«Бор халқ жаҳон неъматига кўз тутди…»

 
Бор халқ жаҳон неъматига кўз тутди,
Армон ила тупроққа қараб юз тутди.
Мендан ема ўз ғамингни, кўз ёш ичма,
Бу айбим учун, кўр мени, кўп туз тутди.
 

«Чеҳраси ойина десам, бу камдир…»

 
Чеҳраси ойина десам, бу камдир,
Ҳусни саодат бахшдир, кўркамдир.
Хаттини кўрса кимки, айтар бахт деб,
Йил яхши келур белгиси шу кўкламдир.
 

«Кўрсам уни мен, сийнаси чок бўлмишман…»

 
Кўрсам уни мен, сийнаси чок бўлмишман,
Дийдор ғами билан ҳалок бўлмишман.
Бўлсам дея бир кун оёқ остинда,
Умид билан йўлингда хок бўлмишман.
 

«Ёраб, не ажаб, қилса мени қон тавба…»

 
Ёраб, не ажаб, қилса мени қон тавба,
Мен айладим, излаб сени, паймон, тавба
Этдимки пушаймон, бу пушаймонимдан,
Қилдирди мени бошқа пушаймон тавба.
 

«Сўз бўлди зилол лабинг аро то гавҳар…»

 
Сўз бўлди зилол лабинг аро то гавҳар,
Бозор аро қиздирдики савдо, гавҳар.
Қўлда қадаҳ тутиб, гавҳар излайман,
Излаш ва топиш учунки дарё, гавҳар.
 

«Кўз гавҳаридан тўкканмиз қон бошқа…»

 
Кўз гавҳаридан тўкканмиз қон бошқа,
Бўлса бу ишқ дардлари пинҳон бошқа.
Биз бирла санам асло бўлолмас бирга,
Жон бергучи бошқадир ва жонон бошқа.
 

«Ҳусн аҳлига тингламоқ бугун панд қайда…»

 
Ҳусн аҳлига тингламоқ бугун панд қайда,
Биз бирла хаёлни айламак банд қайда.
Ғофилдир улар замон каби бизлардан,
Чунки улар қайдаю, дардманд қайда.
 

«Бўлдинг қорачиқ, гавҳару дур ҳар кўзга…»

 
Бўлдинг қорачиқ, гавҳару дур ҳар кўзга,
Ҳам қош ила кипригу ва нур ҳар кўзга.
Меҳрингга сенинг, бил, бутун олам муҳтож,
Ҳар дилга – ҳаёт, ёғду зарур ҳар кўзга.
 

«Эсганда баҳор еллари, кўп хор ўсмиш…»

 
Эсганда баҳор еллари, кўп хор ўсмиш,
Санчилгач улар, ғунчалар абгор ўсмиш.
Гул сархушу, лола сармаст, наргис хуммор,
Барчаси ишқ-дардга гирифтор ўсмиш.
 

«Боғ аро тўлғониб секин сув таралар…»

 
Боғ аро тўлғониб секин сув таралар,
Дилларга яшил умид ва орзу таралар.
Ғунча очилмоғига зор диллардан
Дод отилар, тарқалар оҳ, ув таралар.
 

«Хўпларки анор гулларидек лаб очадир…»

 
Хўпларки анор гулларидек лаб очадир,
Дилдан кетадир сабр ва бардош қочадир.
Тонг чоғида ҳусн аҳли аламни билмас,
Дард аҳлидан ҳусн аҳли тамом бошқачадир.
 

«Ёраб, на ниҳон, на ошкородирсан…»

 
Ёраб, на ниҳон, на ошкородирсан,
Ақлу ҳушу илм мулкига ородирсан.
Кўксимдаги руҳ-эшиклар очилғай ланг,
Дил чиққуси пешвоз, не томошодирсан.
 

«Ҳижрону алам менга кўзу қош бўлди…»

 
Ҳижрону алам менга кўзу қош бўлди,
Соғинч нури тушди, кўзларим ёш бўлди.
Олисми-яқин йўл, мен учун фарқсиздир,
На дилда умид, на сабру бардош бўлди.
 

«Қулоқларига қатради қон тақдим…»

 
Қулоқларига қатради қон тақдим,
Чаккасига зулф ила райҳон тақдим.
Туҳфам уни хушбўй ва хушрўй этди,
Оҳ, сўнгра ёниб лаъл лабига… жон тақдим.
 

«Ташрифидан дард ила гирён бўламан…»

 
Ташрифидан дард ила гирён бўламан,
Оламни кияр бошимга эл… қон бўламан.
Келмоқда гулим, бошдан оёғига унинг,
Бошдан оёғим ила қурбон бўламан.
 

«Ҳар дам ўзини замона бунёд этгай…»

 
Ҳар дам ўзини замона бунёд этгай,
Диллар синиғин териб, мени шод этгай.
Ўтмиш – келажак тоғларининг ўртасида
Келган киши кетган кишини ёд этгай.
 

«Гарчи хато сўзламади созим, йўқ…»

 
Гарчи хато сўзламади созим, йўқ,
Дунё ишига қолмади ихлосим, йўқ.
Тасбиҳу ридо, салла – булар бор, лекин,
Дилларга нима бўлса агар лозим – йўқ.
 

«Ёраб, мени сен эл барига ёв қилдинг…»

 
Ёраб, мени сен эл барига ёв қилдинг,
Ҳар дам мени сен ўзим учун ғов қилдинг.
Худбин бу кўнгил фасодларим фош айлаб,
Бошимдан оёқ алғову далғов қилдинг.
 

«Тонг пайти кечиб ғам, юраги шом бўлдинг…»

 
Тонг пайти кечиб ғам, юраги шом бўлдинг,
Ҳам дарду сукунат куйига ром бўлдинг.
Сен бахтим эдинг, жойи тузоқ – дом бўлдинг,
Яхши эдинг, ахийри бадном бўлдинг.
 

«Дийдорга тўйинг…бунингдек ҳеч дам бўлмас…»

 
Дийдорга тўйинг…бунингдек ҳеч дам бўлмас,
Такрор биров бировга ҳамдам бўлмас.
Бўлса пароканда агар дон излаб,
Осонлик ила қушлар, ахир, жам бўлмас.
 

«Кимки агар бўлса-да минг яхши-ёмон…»

 
Кимки агар бўлса-да минг яхши-ёмон,
Қолмас омон, қолмас омон, қолмас омон.
Умр тожини ечгай, барини кетгай олиб,
Қабри томон, қабри томон, қабри томон…
 

«Кимнингки никоҳида аёли бўлғай…»

 
Кимнингки никоҳида аёли бўлғай,
Юз йил яшаб у билан, ҳаёли бўлғай –
Бир тушса кўзи ўзгага ногоҳ, сўнгра
Ул ўзгада фикри ва хаёли бўлғай.
 

«Қай дилга фалак жабр ила бедод айлар…»

 
Қай дилга фалак жабр ила бедод айлар,
Бедод эвазига Ҳақ ани шод айлар.
Куз фасли хазон ўйнаса ғужғон қайда,
Ул жойда баҳор майсани бунёд айлар.
 

«Гар жангда келар бўлсаки эр эр била тенг…»

 
Гар жангда келар бўлсаки эр эр била тенг,
Не-не қалъалар бўлғусидир ер била тенг.
Рўза тутиб кундузи, тунлар ўкраб,
Шер бўлмаган, асли, бўлмағай шер била тенг.
 

«Бу хона вафо манзили… бир шарт бордир…»

 
Бу хона вафо манзили… бир шарт бордир,
Ташриф беижозат, кимдаки дард бордир.
Сидқ бирла келувчиларнинг ҳар пойинда,
Икки кўзимга ёғду минг дард бордир.
 

«Сен сўзим эшит фаҳмига чин етсанг агар…»

 
Сен сўзим эшит фаҳмига чин етсанг агар,
Бор кўргулигинг жафо, вафо этсанг агар.
Ўқсану сен, асрий адл тўғрилигинг,
Пучга чиқар, лаҳза хато кетсанг агар.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации