Текст книги "Ишқ ёғдуси"
Автор книги: Пахлавон Махмуд
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 4 страниц)
«Чарх овчию, каклик каби жоним бордир…»
Чарх овчию, каклик каби жоним бордир,
Какликникидек оҳу фиғоним бордир.
Холлари тўшда ошкор какликнинг,
Кўксимда менинг доғи ниҳоним бордир.
«Токайгача бегона ғамин чеккаймен…»
Токайгача бегона ғамин чеккаймен,
Яхшиси, дилга ўз ғамим эккаймен.
Ниҳолда бир ғўра бўлибман, май қуй,
Мевамни, билолмадим, қачон тўккаймен.
«Ҳусни сабаб эл дили парвоз қилар…»
Ҳусни сабаб эл дили парвоз қилар,
Тақлид қилиб унга фалак ноз қилар.
Кўзгу қилар жаҳонни Қоф гардишли,
Сўнг кўзгусининг олдида парвоз қилар.
«Ёрга қадаҳ мисли қуёш айланади…»
Ёрга қадаҳ мисли қуёш айланади,
Шод бўламан ва аста… бош айланади.
Ул мени тупроққа қўяр, йўқдир ажаб,
Сўнгра… мозоримдаги тош айланади.
«Ҳар жинс ўзига кўп, беадад нақд истар…»
Ҳар жинс ўзига кўп, беадад нақд истар,
Нақд бўлса, кўпаймак била бир бахт истар.
Ҳимматли ақл меҳнат учун истар жон,
Жон бўлса ҳузур қилғали бўш вақт истар.
«Жонларга тегиб, меҳрдан бегона ўзим…»
Жонларга тегиб, меҳрдан бегона ўзим,
Сўзлар чоғи бешарм ва мастона ўзим.
Маҳрумман учиш бахтидан, ўтдан-да жудо,
Тунлари пашша, кундуз парвона ўзим.
«Кўзлардаги ёш дилимни гулшан қилғай…»
Кўзлардаги ёш дилимни гулшан қилғай,
Ҳар гулни умид билан ёқиб, шаъм қилғай.
Ул шаъм куч олиб ишқинг аро машъалдан,
Ер юзини бахт ила гулшан қилғай.
«Хақ дафтари ишқ аҳли учун ҳужжатдир…»
Хақ дафтари ишқ аҳли учун ҳужжатдир,
Умри абад, бахтли учун ҳужжатдир.
Хизру Масиҳодан умр ғунчангга
Мангу баҳор дахли учун ҳужжатдир.
«Дилни фироқинг ила чок айлама ҳеч…»
Дилни фироқинг ила чок айлама ҳеч,
Ишқ тухми ниш урди, сен ҳалок айлама ҳеч.
Ишқ бу шарофатки, мушарраф бўлдим,
Қисматни сен энди аста хок айлама ҳеч.
«Кўнгли совуқ, урмаса гулзоримни…»
Кўнгли совуқ, урмаса гулзоримни,
Руҳи чироқ, ёритса дийдоримни,
Асраса кўз қаросидек оримни,
Йўғимни бор, йўқ этмаса боримни.
«Йўллари кўп, барчаси беркларданман…»
Йўллари кўп, барчаси беркларданман,
Зуҳд васвасаси бирла тирикларданман.
Гулшанга қўнолмадим агар-чи қушдек,
Эгнинда қанот, кўнглида эркларданман.
«Тахти бақо узра у ардоғлиқдир…»
Тахти бақо узра у ардоғлиқдир,
Бўлсинки омон, йўқса дилим доғлиқдир.
Бахт узугин қошида бўлсин ўрни,
“Бахт” “Тахт” бўлиши нуқта билан боғлиқдир.
«Замин жаҳонгир, тугамас йўллари ҳам…»
Замин жаҳонгир, тугамас йўллари ҳам,
Туғёнда эрур ўнглари ҳам, сўллари ҳам.
Фол боқди замин ҳақда менинг лўливашим,
“Ҳар лаҳза қилич дастасида қўллари ҳам”.
«Туз тотмадим ҳеч. Ишқ юрагим қон айлар…»
Туз тотмадим ҳеч. Ишқ юрагим қон айлар.
Ҳеч ухламадим. Ёр мени нолон айлар
Ҳолимга менинг тушсами бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар.
«Гул сочгувчи бошимизга ул моҳдир бил…»
Гул сочгувчи бошимизга ул моҳдир бил,
Ул моҳ биза раҳм этгувчи бир шоҳдир, бил.
Бир-биримиздан нафақат биз огоҳ,
Унутма ҳеч, у биздан огоҳдир, бил.
«Устимга улуғ сафар либосин ёпдим…»
Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб, кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат ўзингни топдим.
«Номамни ўқи. Унда имон тасдиқдир…»
Номамни ўқи. Унда имон тасдиқдир,
Аввал эди тасдиқ, у ҳамон тасдиқдир.
Айлангки қабул иноятим… бу кундан,
То бўлгунича охир замон тасдиқдир.
«Аччиқ бу жаҳон, ки, жон ширин бўлмайди…»
Аччиқ бу жаҳон, ки, жон ширин бўлмайди,
Ҳолва десанг, забон ширин бўлмайди.
Чарх лаззатини насиб бўлурми тотмоқ,
Бу даргумон… гумон ширин бўлмайди.
«Йўқ тоқати ҳеч… аста замон кетмоқда…»
Йўқ тоқати ҳеч… аста замон кетмоқда,
Ҳушёрману, дилда фиғон кетмоқда.
Кетганда санам кетгани янглиғ ошиқ,
Ҳар ботганида қуёш, жаҳон кетмоқда.
«Ҳаққа киши шунча талабгор бўлғай…»
Ҳаққа киши шунча талабгор бўлғай,
Кечгай у бор-йўғидан, абгор бўлғай.
Шунда фалак – айлана, у – бир нуқта,
Айлана нуқтага мудом зор бўлғай.
«Чарх бу суворий. Учқур от кўрсатгай…»
Чарх бу суворий. Учқур от кўрсатгай.
Суръат ва саботини у бот кўрсатгай.
Фол очмоқ эсанг, толе қараб кўр шарққа,
Ёғду – келажак. Ул шу заҳот кўрсатгай.
«Дунёга сочиб сен дурри шоҳвор, кетдинг…»
Дунёга сочиб сен дурри шоҳвор, кетдинг,
Дарёлар ишин айладингу ор, кетдинг.
Чун, топди шарофатинг билан денгиз файз,
Кашкул қилибон садафин, абгор кетдинг.
«Қушлар таралар нафис-нафис нола бўлиб…»
Қушлар таралар нафис-нафис нола бўлиб,
Ошиқ дилидан суғирилар ўқ лола бўлиб.
Ҳар куни тонг пайти фиғон қалбимдан,
Тортилади хамирдаги тола бўлиб.
«Зулм била адолатинг сенинг мард олишар…»
Зулм била адолатинг сенинг мард олишар,
Гўёки, саломатлик ила дард олишар.
Ҳамла қилар бўлса сенинг найзинга нафс,
Семурғ илан гўёки аждар олишар.
«Лаълида мушк ва май ниҳон ўхшайди…»
Лаълида мушк ва май ниҳон ўхшайди,
Қаҳ-қаҳларидан дилда фиғон ўхшайди.
Сут шишасидир чеҳраси, хатти оғу,
Ҳар зулфи шуни ичган илон ўхшайди.
«Менга висолингки, насиб то бўлмас…»
Менга висолингки, насиб то бўлмас,
Бил, емагим ичмагим асло бўлмас.
Бўлсанг-да яқин, далда бўла олмас бу ҳол,
Ташнага сув десанг, тасалло бўлмас.
«Мен-ку хазон, ваҳки, елар ел қаттиқ…»
Мен-ку хазон, ваҳки, елар ел қаттиқ,
Ҳолимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўз ёш бу вужудни аямай ювмоқда,
Девор гувала, нетай, келар сел қаттиқ.
«Дунё елади. Тўхтаганин кам кўрдим…»
Дунё елади. Тўхтаганин кам кўрдим,
Шодлигида, оҳ, неча минг ғам кўрдим.
Бу кўҳна работ ҳар ёғидан йўқликнинг,
Даштига йўл кетганини ҳам кўрдим.
«Ўткинчи бу оламда киши хуррам эмас…»
Ўткинчи бу оламда киши хуррам эмас,
Йўқки биров, кўнгли анинг беғам эмас.
Шод бўлса бу оламда бирон одам агар
Бил, бу иков на олам, на одам эмас.
«Сўйла, фалак, ҳолима вой келдими ё…»
Сўйла, фалак, ҳолима вой келдими ё?
Бахтми, уни бергувчи бой келдими ё?
Шарқ саридан бошима офтобми келур,
Ғарб саридан қошима ой келдими ё?
«Ақлу заковатга чунон ёр бўл сен…»
Ақлу заковатга чунон ёр бўл сен,
Ичсанг-да неча қадаҳни, ҳушёр бўл сен.
Давлат бор экан, уйқуга кетмас бахтинг,
Уйғоқ бу соадат била бедор бўл сен.
«Дарддан бўлак, эй фалак, сенинг тарҳинг йўқ…»
Дарддан бўлак, эй фалак, сенинг тарҳинг йўқ,
Бир лаҳза тин олгучи сира чархинг йўқ.
Дард заргари бағрингни тешиб қўймишдир,
Зар, гавҳару дурдан барибир, фарқинг йўқ.
«Хум бағрига боданинг қизи етмишдир…»
Хум бағрига боданинг қизи етмишдир,
Ток – сепли келин. Никоҳдан у ўтмишдир.
Бодангга бегонага бахт ёр бўлғай,
Ток соқийни ўғил, бодани қиз этмишдир.
«Қўрқитса сени журму гуноҳ шайтонни йўқот…»
Қўрқитса сени журму гуноҳ шайтонни йўқот,
Ҳақ аҳли сафинда бўлки, оҳ, шайтонни йўқот.
Ҳақ ариғинда фақр оқар… бошингга
Тож эмас, йўқ, танла кулоҳ, шайтонни йўқот.
«Оқ йўл сенга, ишқинг мен учун жон бўлди…»
Оқ йўл сенга, ишқинг мен учун жон бўлди,
Сен ҳақда хаёлим, маҳи тобон, бўлди.
Ҳақ соясиман, тушдим ахир бошингга,
Бу соя туфайли бошинг осмон бўлди.
«Қўлда қалам толе эмас, доғ битар…»
Қўлда қалам толе эмас, доғ битар,
Дард экаман, бир-бир униб, боғ битар.
Бу боғда гулу, сарву суман, сунбулнинг
Ҳар япроғида, не қилай, бир зоғ битар.
«Зуҳро каби, нафис, навосоз қалами…»
Зуҳро каби, нафис, навосоз қалами,
Булбул каби маст ва нағмапардоз қалами.
Ичса-да сурма, бош тиқиб довотга,
Асло бўғилмайди, хушовоз қалами.
«Кўпларда фақрдан ҳеч нишон, ҳеч ном йўқ…»
Кўпларда фақрдан ҳеч нишон, ҳеч ном йўқ,
Инсон аро бор, ҳайвон аро ғирром йўқ.
Соф дурга қўшилса ногоҳ чиркин дунё,
Бил, уни пок этгали ҳеч ҳаммом йўқ.
«Кўксимни қилар пора шу дард бўлғайдир…»
Кўксимни қилар пора шу дард бўлғайдир,
Доғимга топар чора шу дард бўлғайдир.
Дард тоғи ҳавола бўлди дўст-ёримга,
Менга насиб, зора, шу дард бўлғайдир.
«Маст бўлмоғима лаби кифоят айлар…»
Маст бўлмоғима лаби кифоят айлар,
Борлиқ унга ошиқ ва шикоят айлар.
Оламнинг ўзи битар экан ишқнома,
Унга ўқиб берар, ҳикоят айлар.
«Инсонман, ахир… бир истироҳат топсам…»
Инсонман, ахир… бир истироҳат топсам,
Не бўлди бир-икки ой, ки, роҳат топсам.
Йўқ… Йўқ… Мен учун малҳами ҳайфдир ёрнинг,
Минг шодман агар, ки, бир жароҳат топсам.
«Ишқда вужудимни совуқ ўй чақади…»
Ишқда вужудимни совуқ ўй чақади,
Гул очилиб, димоғни хуш бўй чақади.
Бу дардда ўзим силайман ўз бошимни,
Сўнг, мисли илон, қўлимни ҳар мўй чақади.
«Дейман, мени асра бир нафас зор, эй дил…»
Дейман, мени асра бир нафас зор, эй дил,
Йўқ мени бор эт, то ўзинг бор, эй дил.
Билмаса гар Ҳақни, ахийр олгай тан,
Ҳақ таниганга бўлса ким ёр, эй дил.
«Биз бир ажиб қул, кўзи ёш қондирмиз…»
Биз бир ажиб қул, кўзи ёш қондирмиз,
Мотамзадалар суҳбатида жондирмиз.
Шоҳбози жаҳонмиз, бу ҳаёт бизга тузоқ,
Кўп макрига алданиб, ки, қурбондирмиз.
«Файз уммонига токайгача фозил ботгай…»
Файз уммонига токайгача фозил ботгай,
Кибр кўлмагидан қачон у бир нам тотгай.
Ҳар нарсани билмакка келар оқиллар,
Жоҳиллар эса оёғи мажруҳ ётгай.
«Сўзласа, жон олгучи кўп сирлари бор…»
Сўзласа, жон олгучи кўп сирлари бор,
Маккора умид, ҳийлаю тадбирлари бор.
Чун, зоти анинг гарчи тиниқ бир кўзгу,
Гардида ошно аталур кирлари бор.
«Овга ўшал кўзлари фаттон чиқади…»
Овга ўшал кўзлари фаттон чиқади,
Арслон баридан қолмайин ҳеч жон чиқади.
Кенг бу жаҳон саҳни ўзи ов майдон,
Ундан омон чиқса шу жонон чиқади.
«Боғману, бағримда чаман нолаларим…»
Боғману, бағримда чаман нолаларим,
Дардимни билиб бош эгди лол лолаларим.
Икки кўзим икки улуғ дарёдир,
Қолган бари дарёлар азиз болаларим.
«Туҳмат бир исирға, биз уни эп кўрамиз…»
Туҳмат бир исирға, биз уни эп кўрамиз,
Кулоққа бир-бир тақамиз, зеб кўрамиз.
Ғам заҳрини ҳижрон қўлидан неча юрак,
Тотди… бу луқмани биз ҳам… еб кўрамиз.
«Ҳеч қилма таъма, азоб бериб жонингга…»
Ҳеч қилма таъма, азоб бериб жонингга,
Мулкингни ярат, эришгил ўз шонингга.
Ўз ковагингга кир, илон бўлсанг гар,
Бўлсанг агар қуш, қўн ўз ошёнингга.
«Шунча тиниқ– назардан пинҳондир ул…»
Шунча тиниқ– назардан пинҳондир ул,
Биллур кабимас, бамисли бир жондир ул.
Қанча йироқ кетса-да бутхонамдан,
Ҳаммадан ҳам менга қадрдондир ул.
«Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир…»
Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойинаси чанггу зангдир.
Сув-ку яқин, узатсам ҳеч етмас қўл,
Соҳилга борай десам, оёғим лангдир.
«Ерни бировларки бисот деб тургай…»
Ерни бировларки бисот деб тургай,
Ўлча, улаш, ё ол, ё сот деб тургай.
Оқил билади, қабрдир ул еб тўймас,
Кирмаса тез-тез одам, “дод” деб тургай.
«Инсону малойикка мададкорим ўзинг…»
Инсону малойикка мададкорим ўзинг,
Тун била тонг аро сен ошкорим ўзинг.
Ўз нафсима чора топмайин тутқунман,
Кел, айла халос, чунки халоскорим ўзинг.
«Наздингда агар далда, агар Ҳақ бўлсин…»
Наздингда агар далда, агар Ҳақ бўлсин,
Сўз бир асос бирлаки барҳақ бўлсин.
Дўстлар дилида нася саодат ҳижрон,
Дийдоринг ила ахийри у нақд бўлсин.
«Ул келса, чалиб бонгини, ҳиммат келади…»
Ул келса, чалиб бонгини, ҳиммат келади,
Ҳар янграшида ёмонга заҳмат келади.
Майхонасидан ўтаркан бутхонасига,
Гуллар очилиб пойида, раҳмат келади.
«Ёраб, назарингни қалбима жо қилдинг…»
Ёраб, назарингни қалбима жо қилдинг,
Авф айладингу, гуноҳни рўё қилдинг.
Фош этдингу қошимда не-не сирларни,
Мадҳингда тилим булбулигўё қилдинг.
«Ҳар битта ситора доғ, дардманд бу фалак…»
Ҳар битта ситора доғ, дардманд бу фалак,
Бағрим бу – кабоб, кўздаги ёшим бу – намак.
Кўйингда юрак куйди, қора доғ бўлди,
Кўксимдаги чок – кўз ва қораси бу – юрак.
«Сен кулсанг агар, кулгудан дилчокка бор…»
Сен кулсанг агар, кулгудан дилчокка бор,
Ҳам завқ ила шавқингники ғамнокка бер.
Дардманд ила кўр баҳам шароб ичганда,
Ҳам ғам еганингда, ундан нопокка бор.
«Бу кемага бунча ҳайрон қолманг асло…»
Бу кемага бунча ҳайрон қолманг асло,
Шоҳ дарғадир унга, ўйга толманг асло.
Қўрқитмасин ҳеч мавжу довуллар сизни,
Тўфон ғамидан хавотир олманг асло.
«Шодман… чекибон ғам, неча тоат қилдим…»
Шодман… чекибон ғам, неча тоат қилдим,
Воқиф бўлибон, ишққа ибодат қилдим.
Сўнг тавба гулин уздиму, ҳидлаб кўрдим,
Раҳматга етишдим, то итоат қилдим.
«Ҳар сўзим ақл ҳавосидир, англарман…»
Ҳар сўзим ақл ҳавосидир, англарман,
Талх май эса бахт сафосидир, англарман.
Тошга тегиб, қадаҳ синаркан чил-чил,
Тавбам ушатиш навосидир, англарман.
«Дўст дея мард ёргучи бош ҳеч ким йўқ…»
Дўст дея мард ёргучи бош ҳеч ким йўқ,
Дўст дардини қилгувчи талош ҳеч ким йўқ.
Ёр холини бир нуқта билиб паргордек,
Гир айланибон, тўккучи ёш ҳеч ким йўқ.
«Ишқ водийсида зору забун, сайронман…»
Ишқ водийсида зору забун, сайронман,
Ҳам сочи гирифториману ҳайронман.
Ноз, жилваси рангимни ёмон синдирди,
У қўйди бино ҳуснига, мен вайронман.
«Жанг авжида. Жон қушлари шаддод ўйнар…»
Жанг авжида. Жон қушлари шаддод ўйнар,
Қумрию калхат бўлишиб, дод, ўйнар.
Дўст дастида ўйнайди қилич ялтиллаб,
Ёв остида ҳам гижинглаган от ўйнар.
«Эй чарх, сенинг ҳуснинга инсон маҳкум…»
Эй чарх, сенинг ҳуснинга инсон маҳкум,
Тийғ ила ҳар жон тўкибон қон, маҳкум.
Лутфингга сенинг ер юзи шод эгай бош,
Ҳар ҳодисаю, мўъжиза, имкон маҳкум.
«Бўлсам эди, оҳ, зоту бисотдан четроқ…»
Бўлсам эди, оҳ, зоту бисотдан четроқ,
Узлатга кетиб, хотира – ёддан четроқ.
Дўст, ёру диёр, барчасидан бездим мен,
Кетмоқдир хаёлимдан, ҳаётдан четроқ.
«Сендаги туғ, сендаги байроқ тепада…»
Сендаги туғ, сендаги байроқ тепада,
Чақнайди саодатинг, ана, боқ, тепада.
Тикка келиб қуёш турар бир лаҳза,
Офтобинг эса мудом сенинг қоқ тепада.
«Мен мўридаги дуд каби ҳар тонг тураман…»
Мен мўридаги дуд каби ҳар тонг тураман,
Минг дард ила ҳолим кўп ғариб-танг, тураман.
Туҳфаси шул – ёдласа бир ўтганда,
Бўлганча оёқ изларидан чанг, тураман.
«Майлига, энди қисмати марг бўлайин…»
Майлига, энди қисмати марг бўлайин,
Кўзларидан Дажлалари тарк бўлайин.
Шу юз қаролиғдан омон қолсам гар,
Дилдор эшигинда бир югурдак бўлайин.
«Кўпдир гуноҳим… замон-замон йиғларман…»
Кўпдир гуноҳим… замон-замон йиғларман,
Осийлигим ҳеч бармас омон, йиғларман,
Бошин силаса падар, ўғил йиғларми,
Ёт менга намоз, ўқиб ёмон йиғларман.
«Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ…»
Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару шонга муваффақ йўл йўқ.
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл-бўлак ҳақ йўл йўқ…
«Мен олий бу толега дучор юз йиллаб…»
Мен олий бу толега дучор юз йиллаб,
Меҳрики хаёлда ёдгор юз йиллаб,
Ардоқли эрур коғозда сўз. Тил, дилда
Эзозланадирсан, эй, нигор, юз йиллаб.
«Қаддингни қулоҳ эгибди, тожинг аршда…»
Қаддингни қулоҳ эгибди, тожинг аршда,
Мушкулларинг ердадир, иложинг – аршда.
Меҳроб лиққиллайди ва титрар воиз,
Сен эса осмонда, ривожинг – аршда.
«Ёраб, не сиринг бўлса, хабардор айла…»
Ёраб, не сиринг бўлса, хабардор айла,
Жаҳл уйқусидан уйғоту, бедор айла.
Афюн каби ғафлат мени кўп маст этди,
Соч атрингни димоғимгаю ҳушёр айла.
«Мангу ҳаёт, мангу сахо сенга насиб…»
Мангу ҳаёт, мангу сахо сенга насиб,
Хизр умру куни, яъни бақо сенга насиб,
Бахт бергали инсонни тилаб, кўрди сени,
Сўнг қилди ани, ки, мутлақо сенга насиб.
«Ғам базмида оромга қирон солгаймиз…»
Ғам базмида оромга қирон солгаймиз,
Биз телбаю мастона сурон солгаймиз.
Ғам заҳри-ла кўпларни зиёфат қилдик,
Паймонамиза энди бир он солгаймиз.
«Ушбу жаҳонга қош сену, кўз ҳам сен…»
Ушбу жаҳонга қош сену, кўз ҳам сен,
Шодлигу ғам сен ва сукут, сўз ҳам сен.
Жангу осойиш, ризқ ила рўз ҳам сен,
Ер чеҳрасини очгучи Наврўз ҳам сен.
«Ёрдан ўзни четга олсам дейман…»
Ёрдан ўзни четга олсам дейман,
Ҳам қалбига ўт мен ёқа солсам дейман.
Етмайди чидам, бу бахтга юз тушмайди,
Гарчи мен оқил бўла қолсам дейман.
«Кокиллари қирқ илон унинг, мен ёлғиз…»
Кокиллари қирқ илон унинг, мен ёлғиз,
Сонсиз хатару, офату мунг, мен ёлғиз.
Кокил чигалин ёзиш тароқнинг бахти,
Чунки тароқлар тиши минг, мен ёлғиз.
«Умринг бу шараф, на шеър, на достон шартдир…»
Умринг бу шараф, на шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд, на арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилғали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида, минг жон шартдир.
«Олган нафасинг тонг елига, ёр, нусха…»
Олган нафасинг тонг елига, ёр, нусха,
Чеҳрангдан олар лолаю гулзор нусха.
Аттор эса соч ҳидингдан атрин олмиш,
Қаддингдан эса – Адҳами булғор нусха.
«Аҳли замон либоси минг тур бўлди…»
Аҳли замон либоси минг тур бўлди,
Девлар ясаниб олиб бугун ҳур бўлди.
Бир боқди рақибларга у маҳваш турклар,
Морлар ғужанак бўлиб олиб, мўр бўлди.
«Етти жаҳон Қибласи, айём қутлуғ…»
Етти жаҳон Қибласи, айём қутлуғ,
Олди дилинг бодадан ором қутлуғ.
Жом жаранги бизга файз бахш этди,
Ҳам бода шараф бўлди ва ҳам жом қутлуғ.
«Номардман агар топиб илож, чорасини…»
Номардман агар топиб илож, чорасини,
Даф этмасам дилда ситам ёрасини.
Келса оғиздан жигарим, мен ялагум
Йиртқич ялаган каби жигарпорасини.
«Мардманми ўзимни шоҳга лоқайд этмасам…»
Мардманми ўзимни шоҳга лоқайд этмасам,
Илму амалга қунт ҳар пайт этмасам.
Мардманми ҳаромхўрга эгиб бошимни,
Луқма есам, гар шу заҳот қайт этмасам.
«Қадр оқшомида шаробга хуморман мен…»
Қадр оқшомида шаробга хуморман мен,
Ичмак ила, мастлик ила ҳушёрман мен.
Хумларни қучиб, қадаҳдан олдим бўса,
Кўзгуга ҳам ошиқу хушторман мен.
«Май чораси ҳар қанча илождан яхши…»
Май чораси ҳар қанча илождан яхши,
Ақлу, ҳушу, йўл-йўриқ, ривождан яхши.
Жом азал эрур мингта фаровон мулкдан,
Сархум эса Хисравдаги тождан яхши.
«Ошиқ бўлишар сен каби раънони кўриб…»
Ошиқ бўлишар сен каби раънони кўриб,
Ориф бўлишар сен каби донони кўриб.
Озодалар ҳам қошингда расводирлар,
Мен эса расво, сенга расвони кўриб.
«Тонгни қуёш аста сочар томларга…»
Тонгни қуёш аста сочар томларга,
Хисрав қуядир ёғду майин жомларга.
Шуъла шаробини симир сен ҳайрон,
Осонми етиш, айт, ки, бу аёмларга.
«Уст-устига Ҳақ файзики бисёр бўлмас…»
Уст-устига Ҳақ файзики бисёр бўлмас,
Май қул-қулидек ҳар куни такрор бўлмас.
Унмайди-ку ҳеч меҳригиё ҳар боғда,
Гул йўқки бирон-мингта тикан ёр бўлмас.
«То борки жаҳон, дардига тадбир бўл сен…»
То борки жаҳон, дардига тадбир бўл сен,
Жавлон қилибон, марду жаҳонгир бўл сен.
Қудрат ва саботинг бу – замин мазмунидир,
Дастингда ўзинг ҳамиша шамшир бўл сен.
«Адлинг ила, эй, яхши-ёмон осуда…»
Адлинг ила, эй, яхши-ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон, осуда,
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қийида,
Қўйма қилични бир замон осуда.
«Кўйинда анинг ҳар из низоли, кўп совуқ…»
Кўйинда анинг ҳар из низоли, кўп совуқ,
Дилдаги минг доғ мисоли кўп совуқ.
Қурбон бўла келдим сенга, дермен, айтур,
“Сен кабилар минг ва висоли кўп совуқ…”
«Ёраб, нафас эт, сўзингдан иқбол томсин…»
Ёраб, нафас эт, сўзингдан иқбол томсин,
Оғзим тўла дур… тилим нечун лол томсин.
Аччиқ ва чучук не, фарқладим мен энди,
Ниятга етай, тилимдан, айт, бол томсин.
«Кўксимдан юрак кўринди, жондан қутулай…»
Кўксимдан юрак кўринди, жондан қутулай,
Суйинчи ол – яхши-ёмондан қутилай.
Тавба ушатган элни соч ҳар ёққа,
Гурас-гурас яхши– ёмондан қутулай.
«Ёр кўйида кўзларим чироқ – ёқилдилар…»
Ёр кўйида кўзларим чироқ – ёқилдилар,
Нур таратиб, чақин каби чақиндилар.
Дийдалари ажиб тегирмон ёрнинг,
Дур дилни эзиб, ки, майда-майда қилдилар.
«Санчилса-да қўш тийғи, ҳамон зорман мен…»
Санчилса-да қўш тийғи, ҳамон зорман мен,
Ҳам хирқасига асир, гирифторман мен.
Чун, тун-кун анинг хизматида борман мен,
Жон бахш этар у, ўлгали тайёрман мен.
«Ишқида ҳар лаҳзаки ором билмас…»
Ишқида ҳар лаҳзаки ором билмас,
Ҳеч ким бўлак ҳеч кимни ҳавас ҳам қилмас.
Ул қўйса тузоқ, ўзга тузоқлар шўри,
Бошқа тузоққа битта ҳам қуш илмас.
«Май васли жунун аҳлини кўп тиндирмиш…»
Май васли жунун аҳлини кўп тиндирмиш,
Ўлгунча қадаҳни ёр этиб, чун, турмиш.
Кимларки, қадаҳ ясабди бу тупроқдан,
Тупроққа ани тағин уриб синдирмиш.
«Эй тилка юрак, қилма шикоят энди…»
Эй тилка юрак, қилма шикоят энди,
Йўлга чиқибди ёр, ниҳоят энди.
Тегмишки, товонлари улуғ йўлларга,
Оҳ, чеҳраси ҳам кўринса, шояд энди.
«Очди юзин ва бўлди моҳи ҳамманинг…»
Очди юзин ва бўлди моҳи ҳамманинг,
Орзу ила армонию доғи ҳамманинг.
Маст киргач у мажлисдагилар даврасига,
Сергак бўлибон қолди нигоҳи ҳамманинг.
«Оҳ даштида масканимники бор этгум…»
Оҳ даштида масканимники бор этгум,
Ошуфта ўзимни бадтарин зор этгум.
Ишқда, муҳаббатда камолот сўнгсиз,
Топсам-да камол, ўзимдан, оҳ, ор этгум.
«Ҳақ сояси ва қуёш иков – бир бахтдир…»
Ҳақ сояси ва қуёш иков – бир бахтдир,
Дилларни қилар талош иков – бир бахтдир.
Бир-бирларига шуъла ва чеҳранг нисбат,
Бил, ёшга қўшилса ёш, иков – бир бахтдир.
«Бизларга насиб адл ила инсоф, ақл…»
Бизларга насиб адл ила инсоф, ақл,
Бир телба учун, оҳ, неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи теварак ақл ва атроф ақл.
«Дилларни мусаффо нафасу, доғ пишитар…»
Дилларни мусаффо нафасу, доғ пишитар,
Дилларни ловуллаб, ки, оловгоҳ пишитар.
Кўз ёш тўла кўзадир вужуд, лекин хом,
Хом бу сафолни дард ясар, оҳ пишитар.
«Кўзёш, не ажаб, кўзда қароқни ювса гар…»
Кўзёш, не ажаб, кўзда қароқни ювса гар,
Дўст йўқки бирон, дилимда доғни ювса гар.
Маъно эгаси саналса одам, мен шул,
Шул шарт билаки, салла гуноҳни ювса гар.
«Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан…»
Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахт, ғам, азоб, умид, ишқ – барчаси билан.
Юракни парча-парчалаб, қулоқни мен
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.
«Мақсад сари йўл Каъбадан доим бўлсин…»
Мақсад сари йўл Каъбадан доим бўлсин,
Майхона бу йўл сўнгида жойим бўлсин.
Бу йўл кўп азиз, муборагу, лекин ҳеч
Бўлмади обод… илойим, бўлсин.
«Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт…»
Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир-бирига чамбарчас,
Подшоҳ биз ила, биз подшоҳ бирла ҳаёт.