Текст книги "Катта хонадон 1"
Автор книги: Салом Муҳаммад
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
26. АРИЗА ҚАЙТАРИЛДИ, АММО…
Карамгулни қайнатаси алдамаган экан, Ҳилола ота ҳовлисига қайтмади. Энди қайнсинглисига қарашли бир даҳлизу иккита хонага у эгалик қилади. Асосий муддаоси ҳам шу эди. Бироқ Ҳилоланинг у хонадонда ўтроқлашуви, бахтли ҳаёт кечириши Карамгулнинг қасамига зид келарди. Ҳилоланинг сарсон-саргардон, қийналиб, эзилиб яшашини, янгасига ялинишларини у жуда хоҳлаган эди. Бунинг устига, қизига Бахтигул деган исм ҳам қўйибди. Уни кўргани борган Парварда чақалоқнинг жуда чиройли эканини, онаси унга ҳаддан зиёд меҳрибонлигини айтиб, овсини жизғанагини чиқараёзди.
Бироқ Ҳилола-чи, ўзини бахтли ҳисоблармикан?
Ҳар қалай, уч ҳафтадан буён Босит ишдан эрта қайтади, қизчасини суйиб, эркалайди, хотини атрофида парвона. Қайнанаю қайната ҳам келиндан миннатдор. Унга бундан ортиқ нима керак? Шояд қизига қўйилган исм оилага бахт келтирса…
Аммо бу бахт чанқоқ кимсага сув каби кўринган сароб бўлиб чиқди.
Ўша куни, душанбада Босит ҳали ишга кетмаган, энди кийина бошлаган эди. Дарвоза тиқиллади. Нимадандир хавотирланиб, уни Боситнинг ўзи очди. Ўттиз ёшлар атрофидаги, келишган бир йигит.
– Ҳилолахон шу ерда яшайдиларми? – сўради у.
– Ҳа, – рангги бўзариб, кўзлари ола-кула бўлиб, овоз чиқарди Босит. – Унда нима ишиз бор?
– Мен туман суд идорасидан, Ҳамидовман, – йигит қизил муқовали, қалин гувоҳномасини кўрсатди. Босит ўзини орқага олиб, унга серрайиб қаради:
– Бизани судлик ишимиз йўғиди-ку, – деди у бўшашиб.
– Ҳилола Одил қизи ариза берган.
Ҳилола дераза ойнасидан йигитни танидию нима қиларини билолмай, шошиб қолди. Ўшанда, аризани қабул қилишдан аввал йигит унга бир неча савол берган, ажратишга жиддийроқ сабаб йўқ, дея аризани қайтармоқчи бўлган эди. Аммо Ҳилола сўзида қаттиқ туриб, ажралмасам бўлмайди, аризамни олинг, деганди. Кейин терговчи суриштириб, аризачининг эриникига қайтганини билгач, масалани ойдинлаштириб олишни мўлжаллаган. Ҳилола эса кейинги кунлардаги жиддий вазият оқибатида суд идорасига боролмаган эди. Энди уларга нима дейди?
Ҳали у аниқ фикрга келиб улгурмасиданоқ терговчи Боситнинг ортидан ичкарига кирди-да, Ҳилола билан саломлашгач:
– Демак, аризани қайтариб оласиз, а, опа? – деб сўради.
– Биз фарзандли бўлдик, – дарҳол жавоб қайтарди хотини ўрнига Босит. – Мендан бемаслаҳат ариза берган.
– Табриклайман, – дея йигит сумкасидан Ҳилоланинг аризасини олди. – Шуни бизга хабар қилганингизда овора бўлмасдик.
– Кечирасиз… – Ҳилоланинг юзлари чўғланиб, эрига бир қараб олди. У терговчига нимадир демоқчига ўхшарди. – Мен…
– Фикрингиздан қайтганингиз ростми?
– Рост бўлмаса, бу ерда яшардими? – жеркиганнамо деди Босит. – Аризани бу ёққа беринг, – у терговчига қўл чўзди.
– Ариза сизга эмас, эгасига қайтарилади, – терговчи энди овозини анча кўтариб, унинг истагини рад этди. Сўнг Ҳилоладан сўради: – Хўш, нима дейсиз?
– Ажрашмоқчимисан? – Босит хотинига бўзрайиб қаради.
– Сизга неча марталар айтганман…– Ҳилоланинг кўзларида аллақандай қўрқув сезиларди. – Кетганимда, ҳовлимизда ёзувдим…
– Жаҳл устидами? – сўради терговчи. – Бундай ҳоллар тез-тез учрайди. Лекин чуқур ўйламай иш қилмаслик керак, опа.
Насиҳатлар Ҳилолага ёқмаган эса-да, маъқуллаганнамо бош эгди. Хаёлидан: “Мени ҳолимга тушганингда нима қилардинг?” – деган ўй ўтди. У Боситнинг ўзгаришига инонқирамай турар, ҳа демай, деву ажиналар унинг ичида бош кўтариши мумкиндай туюларди. Бироқ, айни топда, бу ўйини юзага чиқаришга, ошкор айтишга ҳам журъат этмас эди.
– Мана, аризангизни олинг, – терговчи бир неча қатордан иборат ёзувли қоғозни эгасига узатди. Босит бу сафар жимгина қараб турди. Аслида у қоғозда нималар ёзилганига жуда қизиқаётган эди. Буни сездими ёки ёзувни эридан сир сақлашни истадими, Ҳилола қоғозни дарҳол олиб, майда-майда бўлакларга бўлганча халатининг биқин чўнтагига тиқди.
* * *
Бахтигул ювошдай, камроқ йиғлайдигандай, серуйқулидай туюлган эди. Бироқ бугун кун бўйи деярли ухламади, ҳуда-беҳудага йиғлайверди. Уни овутиш анча қийин кечди. Бундан Ҳилола ҳам, қайнанаси ҳам ҳайрон. Болани нима безовта қилаётган экан, а?
Табиатдаги бирор ўзгаришни, ҳодисотларни, даҳшатли воқеаларни паррандаю даррандалар, ҳайвонот оламию ҳатто ўсимликлар ҳам кўпинча аввалдан сезадилар, қандайдир белги берадилар. Аммо одамзод буни деярли пайқамайди. Айрим, авлиёсифат кишиларгина бундан мустасно. Баъзан чақалоқлар ҳам ниманидир англаган каби безовталанадилар.
Мурғак Бахтигул ҳам нимадандир огоҳлантирмаяптимикан? Буни онасию бувиси хаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Ҳар қалай, у кечга борибгина бир оз ором олди. Шу аснода онасида бошқа бир ташвиш ногоҳ бош кўтарди: ҳар куни уйга эртароқ қайтадиган Босит нечундир бугун кечикяпти – бир соат эмас, икки соат… – ҳамон ундан дарак йўқ! Ўзи нима гап! У беҳудага кечикмайди. Наҳот яна “жўра”лар тузоғига илинди?
Дарҳақиқат, ярим тунда дарвоза тақиллади. Бешик ёнида эндигина кўзи илинган Ҳилола чўчиб уйғондию сакраб ўрнидан турди. Энди дарвозани очиш, унга рўпара келиш зарур, аммо бутун вужуди қалтирар, ташқарига чиқишга юраги бетламас эди. Қайнанаю қайнатаси қотиб ухлаб қолишган. Уйғоқ бўлганда ҳам улар дарвоза очишни ўзларига эп кўрмайдилар – ўғилларини жиловлаб олишни гўёки келинга юклаганлар. Келин эса…
Иложсиз қолган келин пилдираганча дарвоза ёнига борди:
– Киим?
– Оч-э, онангни! – бўғиқ овозда сўкинди Босит. – Ким бўларди, ўйнашинг!
– А? – дедию Ҳилоланинг калитга борган қўли таққа тўхтади, лабларидан: “Тилинг кесилсин илоё”, деган сўзлар заифгина сирғанди. Лекин сўзлар дарвозадан нарига ўтолмади. Қани энди Худо шу топда унга улкан куч пайдо этса-да, эшикни шиддатли очиб, унинг тумшуғидан дадил тутиб, онажонини сўккан тилни оғзидан чиқартириб қаттиқ тортса, товба қилмагунича қўйиб юбормаса-да. Аммо бунинг сира иложи йўқ. Дарвозани очмаслиги ҳам мумкин эмас. Очсину қочсинми? Қаёққа? Алоҳида бошқа эшик йўқки, ўзини панароқ бирор ерга урса. Бешикдаги боласи-чи? Қизча бувиси ёнида бўлганида ҳам майлийди. Бахтигул йўқлигида нечундир унчалик қўрқмас, бир бошга бир ўлим-да, дея ўзига тасалли берарди. Энди дилбандини хатарга қўёлмайди. Уни ташлаб кетишга, хатарга қўйишга мутлақо ҳаққи йўқ. Шундай экан, муроса йўлини топиш зарур.
У шоша-пиша калитни бурашга киришди, лекин, аксига олгандай, темир матоҳ ҳеч айланмайди, худди қотиб қолгандай. Ёки бармоқларидан мадор кетгану калитни бурашга кучи етмаяпти.
– Нимага имиллайсан, қанжиқ?
– Сўкинма, эй, ифлос! – деб юборди Ҳилола беихтиёр. – Мана бунинг очилмаяпти, мен нима қилай?
Боситнинг тиш қайрагани эшитилди, лекин сўкинмади.
– Калитни тўғри тиқдингми?
– Ҳа… – дея Ҳилола калидни тортиброқ қайта тиқди-да, яна буради. Бу сафар қулф “ширқ” очилди. Босит дарвоза қанотини итарди, хотини ўзини эшик ортига олишга улгурди. Эри бир неча қадам олдинга юрди-да:
– Нимага тез очмадинг? – дея бошини буриб, таҳдид ила сўради.
– Бола эмизаётувдим, – деган сўз тилига келиб қолди унинг.
– Мен кутииб ўтиришим керакмиди, а? Уйда бошқа киши, анави терговчи боридими, а? – Босит ўгирилиб, Ҳилоланинг елкасидан қаттиқ тутди. Нозиккина суяклари қисирлаб, у дод деб юборишига сал қолди.
– Қўйворинг, оғрияпти, – Ҳилола силтанди. – Бу гапларни қаёқдан олдиз?
– Қаёқдан олдим? Мен билан ажрашиб, унга тегмоқчийдингми, а? – Босит унинг иккала билагидан қаттиқ сиқиб, ўзига тортди-да, кўзларига ваҳшиёна тикилди. – Шундайми, а? Ростини айт-чи?
– Ўйлаб гапиряпсизми? Укамдай бола мени бошига урадими?
– Нимага мендан сўроқсиз ариза бердинг бўлмаса?
– Мана шунақа қилиқлариз жонга тегди. Ана, яна ичибсиз…
Босит жаҳл билан Ҳилолани туртиб юборди. Бундан ўзи ҳам тебраниб, бир неча одим тисарилди. Ҳилола эса довдирай-довдирай ҳали очиқ қолган дарвоза табақасига бориб урилди. Агар шу тўсиқ бўлмаганида ёмон йиқилиши, боши қиррали остонага тегиши, жиддий шикастланиши тайин эди. Уни Худо асради. Яна Оллоҳнинг ўзи қочиб қолишига ҳам йўл кўрсатди: ярим очиқ дарвозадан сакраб ўтганини, кўча томон чопиб кетганини ўзи ҳам англамай қолди. Босит буни кутмаган эди, у ҳам хотини ортидан кўчага чиқиб, сўкинганча уни қува кетди.
– Мендан қочиб қутулолмийсан, ўлдираман сени, – дерди у нуқул ярим ғулдираганча. – Яхшиси, тўхта.
Бу гаплар Ҳилоланинг қулоғига кирмас, қочишгина нажот йўли деб билар, аммо қаёққа, кимникига боришни ўзи ҳам билмас эди. Опасининг уйи анча олисда, унгача Босит етиб олиши, кайф аралаш уни бирор савдога йўлиқтириши ҳеч гап эмас. Қанийди энди унга бас келадиган, гапи ва кучини ўтказа биладиган бирор кимса дуч келиб. ундан мадад сўраса. Ана, чап ёнда-ги тор кўчага яқинлашяпти. Бироқ у ёққа бурилиш нажот дегани эмас: яширинадиган таниш уй ё бурчак йўқ. Ие, ана, кимнингдир қиёфаси кўриняпти! Баланд бўйли, ёши элликлар атрофидаги, ёшлардай тетик – миршабликдан нафақага чиққан, кўпинча бозор атрофида айланиб юрадиган, кўплар негадир ҳайиқадиган кимса ўз дарвозасидан ўтиб, шу томон яқинлашаяпти. Ҳилола таваккал қилиб, ўша одам сари бурилдию чопишда давом этди:
– Тоғажон, мени қутқаринг, – деган ярим қичқириқ унинг лабларидан беихтиёр отилиб чиқди. У кишига бу хонадон аъзолари яхши таниш, баъзан қайнатаси билан гурунглашиб ўтирганини Ҳилола бир неча марта кўрган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам уни нажоткордай деб билди. – Бир оз тутиб турсайиз, бас. У мени ўлдиради…
– Ҳой, Босит, нима қилаёпсан ўзи? – у киши Ҳилолага эътибор қилмай, ўзига яқинлашаётган қўшнисига бақирди. Босит таққа тўхтади, ҳеч нима демай, ортига бурилди. Унгача дарвоза ёнида кўринган аёлни Ҳилола қучоқлаб олди. Аёл ҳамсоя келинчакни дарҳол ўз ҳовлисига олиб кирди.
Ҳилола тинимсиз ҳансирар, бутун вужудидан тер ёғилар эди. Ҳамсоя уни тинчлантиришга уриниб, айвонга таклиф этди. Аммо Ҳилола бош чайқади:
– Йўқ, холажон, чақалоғим ухлаб ётувди, бормасам бўлмайди.
– Фарзанд кўрсаям бу аҳмоқ ҳеч тийилмади, тийилмади-да, – дея аёл Боситни қоралашга тушди. – Буни кўтарадиган киши ичади-да. Нима, уришиб қолдинглами?
– Йўқ, кўчадан келди. Дарвозани кеч очганимга… – Ҳилола томоғига бир нима тиқилгандай бўлиб, гапини давом эттиролмади.
– Шовқинни эшитиб, амакиз югуриб чиқдила.
– Хайрият… Раҳмат сизларга.
– Юринг, ўзим обориб қўяман, – аёл уни қўлидан тутганча кўчага чиқди. Ҳар қалай, Ҳилоладаги қўрқув анча пасайиб, бутун хаёлини Бахтигул қамради…
Бу пайтда қайнатасию қайнанаси ҳам уйғонган, Боситни сўка-сўка ичкарига олиб киришган, энди Ҳилолани қидираётган эдилар. Қўшни етагида келинларини кўриб, хижолат оҳанггида унга миннатдорчилик билдиришди. Ҳилола ўз хонасига киришга чўчигани боис қайнанасидан илтимос қилди:
– Бахтигулни чиқариб берасизми, ойижон.
– Хотиржам бўлинг, келин, у бизани уйимизда. Сиз ҳам шу ёққа киринг, эрталаб гаплашамиз.
Ҳилола қайнанасига сўзсиз эргашди. Қайнатаси ўғли нимадир деб вайсаётган хонага ўтди.
Ҳилола жимгина ухлаб ётган Бахтигулни кўриб, кўзларидан беихтиёр томчилар отилди.
* * *
Ҳилола тун бўйи мижжа қоқмади. Энди нима қилади? Унинг муаммосини ким ҳал этади? Боши берк кўчага кириб қолмадими? Аризани йиртиб, хатога йўл қўйдимикан? Отасини қувонтиргани-чи? Яна ота ҳовлига қайта оладими? Уф…
У навбатдаги ёнга ағдарилганда қайнанаси чидаб туролмади:
– Кўп ўзизни қийнаманг, келин, ухлаб, дамизни олинг.
– Бундай аҳволда ухлаб бўладими, ойижон?
– Эртага таъзирини берамиз, хотиржам бўлинг, айланай.
– Билмадим-да… Қизим бундай ҳолда ўсишини сира истамийман.
– Бизаям истамаймиз. Бобоси бирор йўлини топар.
Ҳилола кўп эшитган, ўқиган, ҳатто Масков телекўрсатувларини юрак ҳовучлаб томоша қилган: қорадори, хусусан, героин дардига йўлиққанларни даволаш осон эмас. Бунга жуда катта пул керак бўлади. Ҳатто бойларнинг болалариям шу йўлда нобуд бўлган. Шундай экан, Боситни соғайтиришга йўл бўлсин…
– Бошқа йўл йўқ, ойижон, – деб Ҳилола қаддини тиклади. – Бу ҳовлида қизим ногирон, қўрқоқ бўлиб ўсади. Ажралишга тўғри келади.
– Сизни тушунаман, айланай, – қайнана ҳам “уф” тортди. – Балким, вақтинча қишлоғизда яшаб турарсиз. Бу аҳмоқни йўлга солишга уринамиз. Ақли қайтганидан кейин сизларни олиб келамиз.
Ҳилола бундай бўлишига сира ишонмас эди. Шундай эса-да, қайнанасига эътироз билдирмади. Эрталаб эри билан учрашишни хоҳламай, шу хонада чой ичди. Отаю ўғилнинг шовқинларини ҳам шу ерда эшитди. Босит ишга кетганидан сўнг янгидан ариза ёзди-да, боласини кўтарганча суд идорасига йўл олди. Ўша терговчи:
– Яна нима бўлди? – дея ҳайратангиз қаради унга.
– Ўйладим, ажрашишдан бошқа тузукроқ йўл йўқ экан.
– Сабабини кўрсатинг унда. Сабабсиз ажратолмаймиз.
Ҳилола бир дам ўйга чўмди: қорадори ичади, десинми? Уради, сўкади, дегани маъқулми? Рўзғорга қарашмайди, деса-чи? Ҳаммаси ҳам тўғри. Ёзса, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Ажрашадиган эр-хотинлар кўпинча шундай йўл тутадилар, бир-бирларини балчиққа қорадилар: ундай эр дунёдаги энг жирканч кимса; ундай аёл ҳеч нимага ярамайдиган, энг кераксиз матоҳдай таассурот уйғотади. Йўқ, Ҳилола бунақа йўлдан юрмайди. Нима бўлганда ҳам у билан бир ёстиққа бош қўйган, бирга яшаган, қолаверса, энг муҳими, жигарбандининг отаси. Шундай экан:
– Сабаби – бир-биримизга мос эмасмиз, – деди Ҳилола дангалига.
– Яъни, сиз ўқимишли, муаллима, у эса оддий кўнадўз…
– Ундай эмас, – Ҳилола терговчининг гапини кесди. – Буни ўзим ҳам билардим. Билиб текканман.
– Унда…
– Биз бир-биримизни ўрганмадик, иккимиз икки қутб эканмиз.
– Майли, шу гапларни аризага қўшинг.
Ҳилола қоғозни индамай олди-да, пастроғига: “Изоҳ: Биз бир-биримизни тушунмадик, бу эса, бирга яшашимиз учун халал беряпти”, деб ёзди-да, яна имзо чекди. Терговчи қоғозни кўздан кечириб чиққач, қошларини чимирдию индамай уни устол чеккасига қўйди. Ҳилола раҳмат айтганча хонадан чиқди ва бағрига қизчасини босганча бекат сари юрди.
27. МАСТАВАГА ТУШГАН ЧИВИН
Бироқ бир неча одим босар-босмай Ҳилола таққа тўхтади: “Тўғри иш қилдимми? Яна қайси юз билан отамга кўринаман? Яна отамни қийнайманми? Яхшиси, аввал опамникига борай…”
У ортига бурилиб, шаҳар чеккасидаги замонавий қурилган икки қаватли уйлар сари қадам ташлади. Аввал ўйламаган экан, опасию язнаси ишда, жиянлари мактабда бўлса, нима қилади? Уларнинг келишини кутиб, остона олдида сарғайиб ўтирадими? Ҳамсоялари нима деб ўйлашади?
Лекин энди ортга қайтишга имкон йўқ. Таваккалчига Худо ён босаркан. Чунки, таваккал қилган киши Оллоҳнинг марҳаматини кўзда тутаркан. Худди шундай бўлди ҳам.
Эшикни опаси очдию аввал қувончдан кўзлари чақнаб кетди, кейин бўшашиб, синглисига ҳайрон тикилди.
– Меҳмон оласизма, опажон?
– А? Бўлмасам-чи! – у синглисини қучоқлаб, юзларидан ўпди, жиянчасини қўлига олганча чўлпиллатиб, ўпичларга кўмди. Сўнг уларни уйга олиб кираркан: – Яқинда ишдан келувдим, – деди-да, Ҳилолага хавотирли, саволчан тикилди.
– Бормай қўйдиз, сиздан бир хабар олай, дедим, опа.
– Раҳмат. Мен ўлай, шу ёвуққинада яшаб, сендан хабар ололмай қўйдим. Шеригим таътилга чиқувди, уни ўрнигаям ишга боряпман. Хай, ўзинг тинчми?
Ҳилола индамай ерга қаради. Бундан Роҳиланинг дили ўртаб, бир дамда не ўйларни бошдан кечириб:
– Яна ичяптими у? – деб сўради.
Ҳилола бўлиб ўтган воқеаларни, яна ариза ёзиб, судга топширганини чой устида гапириб берди.
– Ээ, ёмон бўлибди, – деди Роҳила ҳавоси чиққан шардай бўшашиб. Кейин жиғи-бийрон бўлганча қудаларга таъна-маломатлар ёғдирди. – Жа баланд кетувдилар-ку, уддалай олмадиларми?
– Уни уддалаб бўларканми, опа? Бошқа иложим қолмади. Сиздан маслаҳат олай деб келдим. Энди отамга қандай тушунтирсам экан, а?
– Отам-ку, тушунадилар, лекин Карамгул…
– Балки у билан тил топишарман.
– Бунга ишонмийман. Яхшиси, бизаникида яшайвер.
– Силаям кўпчиликсизлар, иккитагина хоналариз бор…
– Уйимиз тор бўлиши мумкин, лекин кўнглимиз кенг. Сени ҳеч ким хафа қилмайди.
Ҳилола индамади. Роҳила овқатга тараддуд бошлади. Уйда гўшт йўқ эди, кўпроқ сабзавот солишни мўлжаллаб, мастава қилишга киришди. Пиёз тўғраётиб, хаёлга берилиб, чап қўли бош бармоғи учини кесиб олди. Териси шилинган бармоғининг гўшти оппоқ – оқариб кўринса-да, нечундир қон чиқмай турди. Оғриққа аранг чидаётган эса-да, бу ҳолатдан ўзи ҳайрон қолди: “Қизиқ, нимага қон чиқмаяпти?”
Айни шу топда Бахтигулни ухлатиб, ошхонага кирган Ҳилола:
– Нима ҳаракат, опа? – деб опасидан сўради.
– Палов қиламан, десам, гўшт йўғакан, мастава қилмоқчиман.
– Мен учун ҳеч нима керак эмас, опа, – деди Ҳилола хижолатли овозда. – Қорним тўқ.
– Биламан, сени қорнинг ҳамиша тўқ. Яна… қайнананг ҳам тўйдириб юборган, – кулди Роҳила. – Бизани суюқ паловимизгаям жой топилар.
Ҳилола эрталаб бир пиёлагина памил чой ичган, томоғидан бошқа ҳеч нима ўтмаган, йўлда келаётиб, очлик таъсирида оёқлари титрагандай туюлган, йўли жуда олисдай кўринган эди. Бахтигулни эмизмоқчи бўлганда тузукроқ сут келмай, чақалоқ анча ғингшиган. Бироқ қанчалик яқин эса-да, буни опасига айтолмайди. Сир бой бермайди. Аммо “суюқ палов”га эътироз билдирмадию ногоҳ Роҳиланинг бармоғига кўзи тушиб:
– Вой, опажон, бармоғизни кесиб олдизми? – деб унинг қаршисига чўнқайди.
– Ҳа, мана, энди сал қон чиқди, шошилмайгина ўлай… – у энди пичоқни четга суриб, бармоғини ювди.
– Шу ишни қилманг, опа, керак эмас…
– Нималар деёпсан, Ҳилол, аёғинг тагига қўй сўйсак арзийди.
– Жудаям камситманг, опа, – кинояли кулди Ҳилола. – Подшони қизи маликага қўй камлик қилади, туя сўйинг.
– Хўп, туя сендан айлансин, ҳозирча, туя етиб келгунча, томоқдан бир нима ўтиб турсин. Кейин бир гап бўлар.
– Унда, туя келгунча сиз куч йиғииб, қўлизни созлаб туринг, суюқ паловни менга топширинг, давом эттирай, – дея у кулиб, пичоқни олди.
– Қоним қуйилганга ўхшайди, қон чиқиши қийин бўлди.
– Балки қониз камайгандир, опа. Топганизни ўзиз емай болаларга тиқасиз.
– Биз-ку, кўрадиганимизни кўрдик, ейдиганимизни едик, энди… шу болалар сал ноқулай пайтда ўсаёпти-да. Каттасини бир амаллаб ўқитдик, эрга бердик.
– Ҳозир ҳам ундан ҳеч нимани аямайсиз, буни биламан. Шу учун язнам билан кўп айтишасиз.
– Ҳа, нима қилайки, фарзанд экан… Ҳали кўрамиз, ўзинг нима қиларкансан…
* * *
Гарчи, қоринлар оч эса-да, опа-сингилнинг томоқларидан ҳеч нима ўтмади. Мастава кечги овқат ўрнини босди. Киракашликдан кечроқ қайтган Рауф Ҳилолани кўриб, бир нафас гарангсиб қолди. Тўғри, авваллари ҳам қайнсинглиси тез-тез келиб турарди, аммо турмушга чиққанидан буён бир марта ҳам ётиб қолмаган. Уйига қайтиб кетмабдими, бу – яхшилик аломати эмас.
– Божам тузукми? – дея у лоқайдгина сўради. Ҳилола индамай опасига қаради. Роҳила эса:
– Тузук бўлмай ўлсин! – деб қарғанди. – Яна ҳеч кимга тинчлик бермаётган экан у касофат.
– Неччи марта айтганман, у одам бўлмайди деб. Сен пиширган ош.
– Язна, қўйинг энди шу гапни, бунга ўзим айбдорман.
– Қорниз очми? – Роҳила эрини чалғитишга уринди. – Ё бирор нима еб олганмисиз?
– Эсинг жойидами ўзи? – Рауф хотинини жеркиди. Унда шунақа бефаросатлик хусусиятлари, аёлини қариндошлари ҳузурида ҳам калака қилиш каби қилиқлари бор эдики, Ҳилола бундан ҳамиша нафратланарди. Бироқ ўз бошига тушган кулфатлардан сўнг язнасининг “ўйин”лари ҳолва бўлиб қолди. – Ҳозир кўчадан овқатланиб бўладими?
– Сўрадим-да, отаси, унда маставани иситиб келай, – Роҳила ўрнидан туриб, ошхона сари зипиллаб юрди. Аммо эри уни тўхтатди:
– Менга қара, эсинг оғиб қолгани йўқми?
– Ҳа, нима бўлди? – Роҳила эри ёнига қайтиб келди. – Эсимга нима қилибди?
– Меҳмонга ош қилмайдиларми? Нимага палов қилмадинг?
Роҳиланинг тили “қичиди”: “Қайси масаллиғингга палов қилай?” демоқчи бўлди. Ёлғиз бўлганида албатта айтарди. Гап кўпаймагани маъқул. Унда меҳмонни ноқулай аҳволга туширади. Буни сезиб, Ҳилола ҳам жонга ора кирди:
– Маставани ўзим айтдим, язна. Опамни маставаларини соғинувдим.
– Унда майли. Ахир меҳмонга палов қиладилар-да.
– Мен меҳмон эмасман-ку, язна, нимага бегоналаштирасиз?
– Бўпти, эртага палов қиламиз, харажат қилиб келасиз, Лола, – дея Роҳила яна бурилиб, ошхонага ўтди. Салдан кейин бир коса овқат кўтариб кирди. Унгача эри бир пиёла чой ичиб, нон кавшаниб турди. Косани рўпарасига қўйганча у овқатга қошиқ солдию айлантиришга тушди.
– Бунинг нимаси? – бехосдан у бурнини жийириб, пешонасини тириштирди, қошиқдаги овқатни яримлатганча хотинига кўрсатди.
– Нимайкан? – Роҳила эридан дарҳол қошиқни олиб қарадию бўшашиб, гўё ерга қапишди. – Вой ўлай, чивин қаёқдан тушибди?
– Бефарқ, палакатсан-да, – Рауф жаҳл билан косани нари сурди.
– Совусин деб, қозонни очиқ қолдирувдим… Уйда чивин йўғиди, қаёқдан келиб қолибди, сабил.
– Мен кўчадан келтириб, овқатингга ташладим, – деди пичинг тарзда эри. – Ҳаммасини тўкиб ташла!
– Хўп. Тухум қовуриб берайми?
– Бўлди, бас, чивин билан тўйғиздинг! – Рауф ўрнидан турди.
Ҳилола ўзини жуда ноқулай ҳис этди, ётиб қолганига пушаймон еди: “Ҳа, ўзим ҳам ошга тушган чивиндай бўлдим. Э, буларни турмушигаям ҳавас қилиб бўлмайди… Ҳозир кимни турмушига ҳавас қилиш мумкин? Билмадим…”
Аммо эрталаб Ҳилола кечаги фикридан қайтиб, ўзини овқатга тушган чивин эмаслигини ҳис этди. Гап шундаки, ювиниб, дастурхон рўпарасига ўтиргач, кўзларига ишонмай, ҳали уйқудаман чоғи, деган хаёлда юзини чимчилаб кўрди. Оғриқ туйди, демак, ҳаммаси рост: дастурхонда бир коса қаймоқ, иккита иссиқ нон, бозорларга энди чиқа бошлаган бир тақсимча зардоли, тўрт бурчак шаклли қанд. Булар – шу кунларда тансиқ нонушта ҳисобланади. Кўп хонадонларда қандни аллақачон унутишган.
– Опа, бу нима қилганиз? – чой кўтариб кирган опасига дастурхонни кўрсатиб, норози оҳангда сўради Ҳилола.
– Нима қилибман?
– Ҳозир, пул қаҳат бўлган замонда шулар шартмиди?
– Э, ҳа, бу язнангни иши. Саҳарда чиқиб кетувди, иши юришган бўлса керакки, тўлиб-тошиб қайтди.
– Мен учун бунақа дабдабанинг кераги йўқ, опа, хафа бўлдим, – Ҳилола аччиғланган каби тескари қаради. – Меҳмон эмасман-ку?
– Хафа бўлишинг ўринсиз, унга ҳеч нима деганим йўқ. Кечаги қилиғидан уялган бўлса, ажаб эмас. Э, қўйсанг-чи, – опаси қўл силтаб, чой қайтаришга киришди, – ваҳимангга арзимайди. Ўзи язнангни феълини билмийсанми?
Шубҳасиз, кенжа қайнсингил поччасини ёмон билмайди: кўнглида ғубори йўқ – ичи билан таши бир хилдай; бори юзага қалқиб чиқаверади; яна ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Энди уни ўзгартириб бўлармиди?
– Ўзлари қани? – ниҳоят очилиб, пиёлани оларкан, опасидан сўради у. – Биир уришиб берай.
Роҳила кулди:
– Пешинга ўз қўлим билан Бахтигулга палов қилиб бераман, деб яна чиқиб кетди.
– Йўқ, керак эмас, унгача мен кетаман.
– Кетаманинг нимаси? Қаёққа борасан? Эрингникигами?
Ҳилола аввал сукут сақлади, сўнг бош тебратди. Сал ўтгач, ўйчанлик билан:
– Худога шукур, оғайниларим кўп, – деди. – Ҳаммалариникига бир-бир меҳмон бўламан. Бу орада Боситда бирор ўзгариш бўлса…
– Ўзгариш бўлишига ишонасанми?
– Йўқ, ишонмийман. Лекин умид узганим ҳам йўқ.
– Барибир уни яхши кўрасан-да, воз кечолмийсан. Бу – яхши.
– Шундай деманг, опа, – Ҳилола тумтайди. – Уни яхши кўриб бўларканми?
– Нимага бўлмайди: кўз очиб кўрганинг – ўша-да. Унгача бировга тузукроқ кўнгил бермагансан. Анави Дониёрни айтмаганда. Ҳалиям у Тошкандамикан?
Ҳилола енгил хўрсинди. Кўз ўнгида ювошгина Дониёрнинг бошини қуйи солиб туриши, соддадил кўз қарашлари намоён бўлди. Аммо бу кўп давом этмади. Дарҳол унинг ўрнини Боситнинг ичган дамлардаги баджаҳл қиёфаси, ҳар хил ҳолатларда турланишлари, пичоқ сиртини унинг томоғи атрофида юргизишлари бир-бир жонланди: “Қандай даҳшатли хатога йўл қўйдим, а?”
– У ўғил кўрганмиш… – деди яна гап ковлаштириб опаси.
– Қўшгани билан қўша қарисин, – деб Ҳилола пиёлани дастурхонга қўйди, қаймоққа ботириб, оғзига солган нон бўлаги ҳам томоғига тиқилди. Роҳила буни сезиб, Дониёрни эслатганига пушаймон бўлди:
– Тақдиринг шунақайкан, ўксима, укажон, ҳали олдинда яхши кунлар бўлади, умидингни узма.
– Раҳмат. Энди мен кетаман, опа, – деб Ҳилола қўзғалди.
– Йў-йўқ, сираям-да, язнангдан балога қоламан.
– Язнамга тушунтирарсиз.
– Ҳеч ким тушунтиролмайди, қўй, бу фикрингдан қайт. Барибир ошсиз бир қадам ҳам силжитмийман.
Шу вақт нариги хонадан Бахтигулнинг йиғлагани эшитилдию опа-сингил баравар ўша томон чопишди. Айни шу топда йўлакда шалақ автобуснинг таниш гулдираши қулоққа чалинди. Роҳила синглисига кулимсираб қаради: “Энди кетиб бўлибсан!”
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?