Текст книги "Катта хонадон 1"
Автор книги: Салом Муҳаммад
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
20. ОДИЛ БОБОНИНГ ИЗТИРОБИ
Қўлида рангли халтача билан кириб келган Ҳилолани кўрган заҳоти Одил бобо супа ўртасида таққа тўхтади, нечундир, кўзлари қисилди. Қизи хавотирни йўқотиш илинжида жилмайганча салом бердию отасига ёпишди:
– Соғинувдизми, отажон? – у падарининг юзларидан қайта-қайта ўпаркан, ўзи истамаган ҳолда кўзларидан бир неча томчи сизилди. – Ўзим келмасам, бормайсиз ҳам.
Бу гина отасининг кўнглида вужудга келган гирдобга чўп ташлади, хатарни бартараф этгандай бўлди.
– Нечук?.. Ёлғизсан? Куёв қани?
– Биласиз, ишдала. Сизни кўргим келди, ота.
– Ундай бўлса, майли… Қани, уйга кир, – Одил бобо меҳмонхона сари юраркан, овоз берди. – Ҳой, Карамгул, бу ёққа қара, Ҳилола опанг келди.
Улар хонага кирар-кирмас орқадан ярим илжайганча Карамгул кўринди. Ҳилола унга юзланаркан, кеча қайнанаси айтган гаплар лоп этиб, эсига тушдию қалқкан каби бир силкинди. Тўс-тўполонлар, эрининг қилиқлари, миршаб, туғруқхона – шифохонадаги гап-сўзлар туфайли у “чақув”ни унутаёзган экан, энди, Карамгулни кўрганда хотира буғлари орасидан юзага қалқди. Ичида: “газанда”, деган ёмон сўз тил учига югургилаб келди. Бироқ тилини тишлаб, у сўзни ортга қайтарди. Жилмайишга уринди.
– Опажон, яхши келдизми? – деганча Карамгул уни ўз қучоғига тортди, Ҳилола ҳам барча кирдикорларни унутиб, уни қучоқлади. Юзлар ёнасида оғизлар очилиб, ўпич садоси эшитилдию аммо иккаласиники ҳам ёлғондакам, ҳавойи тарзда – ёноқдан ташқарида, ҳавода чўлпиллади. Одил бобо уларнинг кўришувидан кўнгли таскин топди. Боз устига, қизининг тўлишгандай кўриниши, қорнини унча билинтирмаслик учун сал эгилиброқ туриши отада сал хотиржамлик туйғусини уйғотди.
– Яхши даволаниб чиқдизми, опа? – Ҳилоланинг кўзларига қарамай, четга нигоҳ бурганча сўради Карамгул. – Сизни бориб кўролмадик ҳам.
Ҳилола индамади, отасига юзланди. Одил бобо ҳеч қачон қизларию келинлари ортидан туғруқхонага бормаган, болалари туғилганда ҳам аёли ортидан юрмаган. Фақат сиртдан суриштириб, зарур ёрдамни ортиғи билан адо этган. Бундан отаси хижолат ҳам чекмаслигини Ҳилола яхши билади, шу боис гина қилишни ўринсиз ҳисоблайди.
– Санга нима бўлди, бачам? – эзгин овозда қизидан сўради чол. – Яхши еб-ичмавдингми? Қонинг камайган экан, деб эшитдим.
– Ким билади, ота, еб-ичишдан камчилик йўқ, – дея Ҳилола янгасига қараб олди, худди еганим олдимда, емаганим орқамда, демоқчи бўлгандай. Карамгул ютиниб қўйди. У қайнсинглисини бахтсиз қилишни мўл-жаллаган эди. Аммо кўриниб турибдики, Ҳилола бой оилага келин бўлди, ҳа демай, фарзанд ҳам кўради. Карамгул ниятига эришолмади. Мана, қайнсинглисининг гапларидан ҳам билиниб турибди. Ҳилоланинг эса унга қарашида аллақандай таажжуб бор: “Наҳотки ўзинг билмаган ҳолда мени бахтсизликдан қайтармоқчи бўлгансан? Лекин, афсуски, ўзинг эмас, деву париларинг мени ботқоққа итарган. Буни билишингни, қувонишингни сираям хоҳламийман. Аммо қўлимдан нимаям келарди…”.
– Куёв, қудалар яхши юриптилами?
– Ҳаммалари тузик, отажон, сизга салом айтиб юбордилар, – деди ёлғондан Ҳилола ва яна янгасига қараб олди. Карамгул секин ўрнидан турди-да:
– Мен чой қўйиб келай, – дея эшик сари юрди.
Тушлик ўтди. Кечги овқатга тараддуд бошланди. Лекин Ҳилола кетиш ҳақида оғиз ҳам очмади. Бундан отаси таажжубланди, аммо сўрашни ўзига эп кўрмади. Эртасига, нонушта чоғи ота тоқатсизланди:
– Тинчликми, қизим?
– Тинчлик, – деди ўзини хотиржам тутишга уриниб, Ҳилола. Аслида отаси не маънода бу саволни берганини у яхши тушунди. Опалари ҳар сафар ҳовлига келишса, уларнинг узоқроқ қолишини чол истамас, тезроқ ўз уйларига қайтишларини, жуфти ҳалолларидан узоқлашмасликларини алоҳида таъкидлашлари Ҳилоланинг ёдида турибди. Бироқ кенжа қизини қистамаётгани унга ғалати туюлаётган эди.
– Ҳовлингдан келиб, ўзлари олиб кетадилами? – ниҳоят сўради чол. – Куёв ўзи келмоқчийдими?
– Ҳа, – дея Ҳилола ер чизди, кипригидан бир томчи думалаб тушганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Гарчи, отасининг кўзлари хира тортган эса-да, қизининг сўниқ “ҳа”си Одил бобонинг хавотирини кучайтирди, бошини қизи сари яқин келтириб, яна саволомуз қаради.
– Ота, энди у ёққа бормийман, – деди ниҳоят бошини дадил кўтариб, лекин кўзларини четга тикиб Ҳилола.
– Бу нима деганинг? – отанинг кўзлари ногоҳ “йиртилиб”, овозини хийла кўтариб сўради ундан. – Ҳазиллашаёпсанми?
– Ҳазил эмас, рост, отажон, – Ҳилоланинг киприкларидан тушаётган томчилар энди кўпайди. Одил бобо бўшашиб, қўллари шалвираганча ёнига тушди. Бир дам нима дейишини билолмай, қизига тикилганча жим қотди. Бундай ҳол юз беришини у мутлақо кутмаган эди. Тўғри, ёш оилада ҳар хил камчиликлар, турли келишмовчиликлар юзага келмай илож йўқ. Бошқа икки қизи ҳам шундай вазиятларга дуч келишган. Аммо момоқалдироқлар тезда ўтиб кетган. Ҳар қалай, Ҳилола опалари Роҳила ёхуд Ҳабибага ўхшамайди, улардан анча фарқланади: рўзғор тутишда, пазандаликда, муомалада Ҳилола тенгсиздай…
– Нима бўлди, қизим? – секин, маъюс оҳангда сўради Одил бобо ўз одатига хилоф равишда. – Уришдинглами? Қайсарлик қилдингми?
Ҳилола гапиролмади, бошини тебратди. Ахир қари отасига бу гапни қандай айтсин? Қон босимлари кўтарилиб, аҳволлари оғирлашмайдими?
– Ҳайдаб юбордими?
– Йўқ, ўзим, яширинча келдим, ота.
– Яширинча? – отанинг жон-пони чиқиб кетди. – Девона бўлганинг йўқми?
– Соппа-соғман.
– Соғ бўлсанг, ҳозироқ йўлга туш. Бу ҳовлига ҳеч қачон ёлғиз келма.
– Йўқ, кетолмийман, ота, у ҳовлини елкамни чуқури кўрсин, ота.
– Ўша ҳовлидан нима ситам кўрдинг, ростини айт ҳозир. Бўлмаса ўзим обориб қўяман.
– Суриштирмай-нетмай бердиз, энди ҳамма бало-қазолар бошимда гурзисини ўйнатаёпти.
– Бало-қазолар… Тушунмадим?
– Унингиз ичаркан…
Ҳилоланинг гапи тугамай қолди, отаси ногоҳ ловуллади:
– Ичмайдиган одам борми ҳозир, аҳмоқ?! Қайси эркак ичмайди? Ман-чи? Ичмаганманми?
– У гиёҳванд экан?
– А? Гиёҳванд? – Одил бобонинг кўзлари чақчайди. – Бу нима деганинг?
– Қорадори ичаркан…
– Имм… – Одил бобо тўсатдан бўшашиб, деворга суянди, бир неча лаҳза тилига бирор калима ҳам келмай, қизига жим қараб қолди. Cўнг ўзича пичирлади:
– Ло илоҳа иллаллоҳ, Ло илоҳа иллаллоҳи Муҳаммадин Расулуллоҳ, Ё пока Парвардигоро, бошимизда шунақа кўргиликлар ҳам боридими? – кейин бир нафас жимиб, қизидан сўради: – Қорадори ичишини аниқ билдингми?
– Ҳа, киссасидан топиб ҳам олдим.
– Аттанг… Аввалдан ичарканми ё энди бошлабдими?
– Аввалдан теккан касаллик экан, ота, уни ҳеч ким тузукроқ суриштирмаган. Уни кўпчилик биларкан.
– Заҳри аканг яхши ойлайкан, девди-ку? Ёлғон айтганми?
– Акам кимдан сўраган бўлсалар, тўғри маълумот ололмаганлар.
Одил бобо бир оз ўйлаб туриб:
– Хай, ишқилиб, тўполон-мўполон қилмайдими? – деб сўради қандайдир умидворлик билан. – Баъзилар ичганда, наша чекканда тинч ухлайди, ҳеч кимга озор бермайди. Шунақа хилидан бўлса…
– Айтолмийман, отажон, ҳайвонга айланади.
– Отаси индамайдими?
– Отасиям, онасиям, акалариям бас келолмайди.
Шу пайт эшик яқинида Карамгулнинг гавдаси кўриндию Ҳилола отасига қараб, бармоқларини ўз лабларига босди: “Бу билмасин, отажон!”. Бироқ отаси унинг ишорасига эътибор бермади. Аксинча:
– Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, – деди овозини ўзгартирмасдан. – Модомики келибсан, унга чидамабсан, буниям билмай иложи йўқ.
Карамгул таққа тўхтаб, қайнатасининг оғзига тикилди, қулоғи тиккайди. У орада ғалати гап бўлиб ўтганини, бундан бехабар қолганини сезиб:
– Нима бўлди, Ҳилол опа? – деб сўрадию унинг ёнига секин ўтирди.
– Ҳеч нима бўлгани йўқ, – деди Одил бобо хотиржам овозда. У келинига ҳисоб беришни истамади. Фақат: – Яна бирга бўласизла, – деб қўйди. – Муроса қилишларинг керак.
– Хаа… Куёв ёмон одам эканми? – Карамгул қайнсинглисига тикилди. Аммо Одил бобо уни жеркиб берди:
– Ким ёмон деди? Ичаркан, тамом.
– Вой ўлай… кўп ичарканми?
– Оббо, мунча суриштирдинг, бошни қотирмасанг-чи.
– Ҳилола опамни ўйлайман-да. Қийин бўлибди опам бечорага.
– Раҳмат, қайғурганиз учун, – деди қуруққина овозда Ҳилола. У ҳозир шундай дейишни жуда ўринли ҳисоблади. Хаёлида: “Чиндан ҳам қайғураяпсанми ё хурсандмисан?” деган сўроқ кўндаланг турди.
– Акайиз ҳам гойида ичадила, – кулди Карамгул. – Лекин ҳеч кимга ишлари бўлмай, маза қилиб ухлайдила.
– Қачон? Яқинда ичдими? – шошилиб сўради Одил бобо.
– Йўўқ, ким қачонги гапни айтдим-да, бова. Ўзи ичдилами, ичмадилами, билиб ҳам бўлмайди.
– Акамдақа одам оламда топилмайди, қадрларига етишиз керак.
– Вой, қадрларига етамиз-да, худога шукур.
Бу гапдан Одил бобонинг кўнгли кўтарилди. Сал ўтмай эса яна хомушланди. Дастурхонга қўйилган, Ҳилола келтирган ёғлиқ ҳолвадан, димлаб пиширилган шакар лавлагидан татиб ҳам кўрмади. Бир пиёла чой ичдию ўрнидан қўзғалди.
– Ота, сиз яхши кўрасиз, деб лавлави, ҳалво келтирувдим.
– Қорним тўқ, бачам… – овоз юмшоқ, эзгин эди. Бундан Ҳилола ўзини айблади: “Ҳаҳ нотавон, отангни хафа қилгунча ўлиб, ўша ёқларда қолиб кетганинг яхши эмасмиди? Дардисар…”.
– Аччиқлаб келдизми, Ҳилол опа? – сўради Карамгул қайнатаси чиқиб кетганидан сўнг.
– Ҳа.
– Ишқилиб, сизни урмадими? – атайлаб ковлаштирди Карамгул. Буни Ҳилола сезиб турса-да, ўзини гўлликка олиб, вазиятни чигал ҳолга туширмасликка уринди.
– Йўғ-е, нимага ураркан?
– Ундай бўлса, яхшийкан, ўзи келиб, яна олиб кетайкан.
– Керак эмас, ялинсаям бормийман, – деди қувлик қилиб Ҳилола. Бу гап замирида сен ҳам кетсанг ёмон бўлмасди, деган маъно ётарди. Аммо сал ўтмай, шумлигидан ўзи пушаймон еди: “Ўзинг не ҳолдаю бунга ёмонлик тилашинг Худога хуш келадими? Йўқ, ёмонлик тиламийман. Бундай одам суробида бўлишини, катта ҳовлимизнинг покиза бекаси бўлишини жуда истайман…” – Акамдай бўлганида бошимга кўтарардим, ҳеч бир хизматдан қайтмасдим.
Кейинги гап Карамгулнинг эрига бўлган қарашини ногоҳ бир неча поғона юқори кўтаргандай бўлдию у мамнун илжайди:
– Мен ҳам уларни бошимга кўтараман.
– Шунга қараб иш тутсангиз, кўнглидай иш қилсангиз, ўзизгаям, акамгаям, болаларизгаям яхши бўлади, Карамгул. Отам ҳам хурсанд бўладилар.
Бу сўзлар унга маъқул тушди, шу топда қайнсинглисига раҳми ҳам келди. Аммо уни бир савол қийнарди: Ҳилола эриникига қайтиб кетадими ё шу ерда қоладими? Қолса, яна хўжайинлик қиладими ё унинг ишларига аралашмайдими?
– Энди нима қиласиз, опа? – ниҳоят Карамгул юрагини кемирган саволни берди. – Қорнизда бачайиз бор, олиб кетаман, деб келса, бормайсизми?
Ҳилола ўзини кулганга олди, кейин уни тинчлантириш ниятида:
– Кўрамиз, – деб қўя қолди. Ўрнидан туриб, ўз уйига ўтди: у ёқ-бу ёқни тартибга келтиришга – саранжом-саришта қилишга тутинди…
21. КАСОФАТ ИЛДИЗИ
Худди келишиб қўйган каби дам олиш кунларидан бирида катта ҳовлининг кўпгина аъзолари ота ҳузурига ташриф буюрдилар. Иттифоқо, улар орасида Нуриддин ҳам бор эди. Кетма-кет кўрган ғалати тушлари уни беихтиёр йўлга отлантирганди. Дарҳақиқат, аҳвол у кутганидан ҳам чигал бўлиб чиқди: отаси жиддий шамоллаган; қон босими ортиб кетган; лекин шифохонада ётишни кескин рад этган. Ҳилоланинг ҳам кўриниши ташвишли: рангги синиққан; анча озган; энг нозик жиҳати, нега ик-киқат ҳолида ўз ҳовлисида эмас, бу ерда? Отасига хиз-мат қилишини мўлжаллаб, эри атайлаб юбормагандир, албатта. Нуриддин бу ҳақда суриштиришга ҳали улгур-ганича йўқ. Кейинроқ Фазлиддиндан билдики, вазият жуда қалтис – ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ҳодиса юз берган. Энди буни тузатиб бўлармикан?
Шу тариқа, ўз-ўзидан мунозара бошланиб кетди. Бу сафар ҳам шаҳарлик ака-укалар ош харажатини қилиб келишган экан. Одатдагидай, хонадоннинг иккинчи фарзанди Шавқиддин вазиятга енгил қараган ҳолда елим халтадан яримта шиша чиқарди-да:
– Булар ҳаммаси ўтади-кетади, – деди кулганча, ўтиришга қувноқлик руҳи киритишга уриниб. – Ҳаммамизда бунақа можаролар бўлган, шундай эмасми, ака?
– Йўқ, шундай эмас, – жиддий оҳангда эътироз билдирди катта ака. – Тўғри, паст-баландликлар юз берган.
– Мана бу бошқа гап, ака, – Шавқиддин шишани очишга уринди. – Биргаликда бориб, гаплашамиз, отаси тузук одамдай кўринувди, бизани тушунади.
– Қўй, укажон, ўшани очма, – Нуриддин шишани унинг қўлидан тортиб олиб, четга қўйди. – Биласан, мен мутлақо ичмийман. Ҳусниддин ҳам ичмайдиган бўлибди. Табриклайман.
– Хай, биза ичамиз, ака.
– Кенжа синглимизнинг бу аҳволда келишини байрам қилишинг яхши эмас. Ундан ташқари, бу биз айтган паст-баландликлар эмаски, гап-сўз билан уни текислаб юборсанг. Асли касофатликлар илдизи шу ичкиликка бориб тақалаяпти.
– Бу оддий ичкилик эмас, ака, гиёҳвандлик, – деди Фазлиддин.
– Шунақайкан, – Одил бобо хўрсиниброқ унинг гапини маъқуллади. – Куёвминан ҳам, қудаминан ҳам гаплашиб кўриш керак.
– Хўш, Ҳилоланинг ўзи нима дейди? – Нуриддин чеккада маъюс ўтирган синглисига қаради.
– Гаплашишдан бирор фойда йўқ, ака, у тузалмас дардга йўлиққан. Геройиндан укол ҳам олибди. Акалари қонгаям беладилар. Салдан кейин жўралари яна бошини айлантирган.
– Ҳаммамиз бориб, таъзирини берсак-чи, – яна ўз гапини ўтказмоқчи бўлди Шавқиддин. – Шунақа одамлари борлигини англаб турса, ичишдан тортинади, ўзини тияди. Биринчи бўлиб, ўзим калла қиламан уни.
Ҳилоланинг хаёлида эрининг таҳдидлари, “Акаларингниям сўяман”, дея тиш қайрашлари жонландию титраб-қақшаб:
– Сираям керак эмас, ака, – деди. – Бу билан уни баттар қутуртирасиз.
– Кейин “группавой ҳужум” деган модда ёпиштириш ҳам осон бўлади, – деди ўйланқираб Ҳусниддин. – Оқибатини ўйлаш зарур. Бирор маъқулроқ йўлини қидиришимизга тўғри келади, акалар.
– Ҳа, тўғри, – деди Одил бобо “модда” сўзидан чўчиб тушиб. – Иш мелисага бормасин-да. Нурдин, ўзинг бир гаплашиб кўрасанми?
Нуриддин бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрган: ўзи яхши танийдиган туман газетаси бош муҳаррири ҳамда милитсия бошлиғи иштирокида Босит билан суҳбатлашиш, уни жиддий огоҳлантириш, балки қўрқитиш орқали тўғри йўлга солса, бўлмасмикан?
– Агар фойдаси тегса, мен ҳозироқ тайёрман, – деди тўнғич ўғил. Кейин у синглисидан сўради: – У қорадори ичадими ёки героиндан баданига санчдирадими?
– Билагида кўкарган, игна изларига ўхшаш ерларни кўрувдим.
– Ҳм, адо бўлган экан, – бош тебратди Ҳусниддин. – Билмадим-да.
– Овора бўлманглар. Гаплашса, хўп дейди, лекин гапида турмайди. Жўралари қўймайди уни.
– Хай, унда нима қилиш керак? – отаси жаҳл жиловини бўшатиб, қизига қаради.
– Буни ўзимга қўйиб беринглар, – деди Ҳилола қатъий оҳангда.
– Нима қилмоқчисан? – сўради Нуриддин.
– Ажрашаман, тамом-вассалом. Ариза ёзиб, эртага судга олиб бораман.
– Ҳмм… – Одил бобо кўзларини юмиб, ичида бир нималар деди, лабини тишлаганча бош тебратди. Бу усул оталарига маъқул тушмаганини фарзандлари аниқ тушундилар. Ота, аввало, қизи эридан ажрашибди, деган гап-сўзларни кўтаролмаслигини, кейин Ҳилола билан Карамгул ўртасида яна “жанг”лар кучайишидан чўчиётганини яхши ҳис этиб турардилар. – Йўқ, ажрашиш тўғри кемайди. Ҳа демай, фарзандли бўласан, қизим, балки ақли кириб қолар.
– Йўқ, мени тушининг, ота, сизга сираям оғирим тушмайди. Ўзимни-ўзим… – у сўзини тугатолмади, бўғзига нимадир тиқилиб, шошганча ўрнидан турдию ўзини ташқарига олди. Унинг ўғжиган овозидан чўчиб, Роҳила шошганча ортидан чиқди. Ака-укалар бир-бирларига қарашди. Сингиллари нимага жаҳл билан чиқиб кетди?
– Аҳвол жуда жиддий, ота, – деди ниҳоят тўнғич ўғил. – Эрининг сонга кирмаслигига кўзи етиб турибди.
– Ундай бўлса, шартта ажратиш зарур, – деди Заҳриддин. – Ижинг-бижинг деб оғиз қимирлатиш билан иш битмайди.
– Ўйламай гапирма, Заҳри! – Отаси унга ярим қичқирди. – Карамгул минан муроса қилолмайди у!
– Яна Карамгул! – Заҳри ҳам бўш келмади. – Жонга тегди шу келиниз.
– Биламан, сан уни ёмон кўрасан. Санга қолса, ҳайдаб юборардинг.
– Бўлмасам-чи, аллақачон! Бир соат ҳам ҳовлида қўймасдим. Бўпти, Ҳилола бизаникида яшайди.
– Гап қаерда яшашида эмас, – деди Нуриддин ўйланиброқ. – Ҳилола ўз ҳовлисидан бошқа ҳамма ерга сиғади, ардоқланади.
– Нима демоқчисан, бачам?
– Майли, у ажрашиш ҳақида ариза бераверсин. Қани, кутайлик, уларга бу қандай таъсир этаркин? Балки шундан бирор хулоса чиқариб олишар.
– Сўд шартта ажратиб юборса-чи? – хавотирли мулоҳаза юритди хонадон бошлиғи.
– Э-ҳее, ажратиш осон эканми? – кулди Шавқиддин. У бунақа можароларни бир неча маротаба бошдан кечирган. Катта қизи эридан ажрашмоқчи бўлиб, ота уйига боради, ҳафталаб, ойлаб биргаликда яшайдилар. Куёви кўз ёшини оқизиб, энди ичмийман, урмийман, дея хотинини олиб кетади. Маълум вақт тинч яшайдилар, сўнг яна можаролар. – Акам тўғри айтдилар, синаб кўриш керак. Мен куёвимиз бу йўлдан қайтишига ишонмай қолдим, тем более, героинни укол қилдираркан.
Ихтиёр яна Ҳилоланинг ўзида қолди. Катта ҳовлида янги ғалвали кунлар бошланди…
22. ЖИДДИЙ МУАММО
Ҳилола эри билан ажрашиш хусусида ариза бериб қайтган эса-да, кўнгли нотинч: Босит буни эшитганидан кейин қандай ҳолатга тушаркин? Наҳотки пичоғини кўтариб, отасию акаларига ҳужум қилади? Бошқа ёқларга қочиб кетиш керакмикан? Аммо қаёққа боради? Акаларининг уйларини Босит сиртдан билади, дараклаб, барибир, топади. Унда…
– Э, Худойим, қандай кунга қолдим, а? – у юраги сиқилиб, очиқ дераза тарафга қаради. – Турмушим бунча чигал бўлмаса? Дониёрнинг қарғишига қолдиммикан?
– Ҳа, албатта-да, – дегандай бўлди унга аллақандай ички овоз. – Ўшанда Заҳри билан Баҳри акангга, бўлар иш бўлди, энди орқага қайтиш яхши эмас, фотиҳа бузилмасин, деганингда, бу кўргиликларни кўрмасмидинг…
– Бунга юзим чидамади-да. Яна… отамга яқин бўлгим келди…
– Мана, отангга яқинсан, лекин нима каромат кўрсатаяпсан? – яна сўради ўша овоз. – Қайтага отангниям, оғайниларингниям қийин аҳволга солдинг.
– Отам… – шивирлади у. – Отажон, биламан, жуда хафасиз: икки тарафиздан аланга қутириб келяпти.
– Ҳой, ким бор? – деган овоз супадан эшитилди. – Карамгул, Ҳилола…
– Ҳа, отажон, – Ҳилола лапанглаб, аммо шошқин ташқари чиқди. Отаси темир каравот қиррасига суяниб ўтирарди. – Бирор нима керакми?
– Нима қилопсан?
– Ҳеч нима. Китоб ўқиб ўтирувдим.
– Китобингни қўй, ветнамдан аччиқ чой дамла.
– Хўп бўлади, ҳозир… – у шошганча ошхона сари юрди. Салдан сўнг чойнак кўтариб, меҳмонхонага кирди. – Яна бирор нима керакми, ота?
– Йўқ, – Одил бобо бошини қуйи солиб, кўзларини юмди. Шу заҳоти одатдаги мудроқли, “пих-пих” овоз таралди. Ҳилола нима қиларини билмай, отасига бирпас қараб турди-да, чойни қайтарди.
– Пиёлага сузиб қўй, қизим.
Юмшоқ, меҳрга йўғрилган овоз Ҳилолани бўшаштириб юборди: “Қанийди отамга тузукроқ фойдам тегсайди! Аслида фақат зарарим тегяпти. Карамгул жанжал чиқариш пайида. Қилиқлари заҳрини ичимга ютиб келяпман. Аммо бу узоқ давом этмаслигидан қўрқаман. Кейин нима бўлади, билмийман…”.
Отаси қаддини ростлаб, пиёладаги чойни ҳўплади.
– Яна қуяй, – Ҳилола пиёлага қўлини чўзди.
– Йўқ, чойникни ёнимга қўй.
Ҳилола отасининг одатини яхши билади. Чол чойни иложи борича ўзи оз-оздан қуйиб ичишни хуш кўради. Айрим вақтлардагина, ҳолатига қараб, бошқаларнинг қуйишини ихтиёр этади.
– Бошиз оғриёптими, отажон? – сўради Ҳилола отасининг кўзлари қизарганига, кайфияти сустлигига эътиборини қаратиб. – Ветнам чойи қон босимизни жуда тушириб юборади-ку, ота.
– Саникини туширади, бир пиёласигаям чидамийсан. Манга бу дори бўлади.
– Отаа, бир нимадан хафага ўхшаёпсиз. Шунга…
– Келин кетаман, деёпти.
– Қаёққа кетаркан?
– Онасиникига-да, қаёққа бўларди.
– Кетмайди, ёлғон айтади.
– Кетмаслигини қаёқдан биласан? Ҳу бир марта кетиб қолувди-ку.
– Хай, кейин қайтиб келмадими?
– Ўзим бориб, олиб келганман.
– Ялиниб бормаганизда ўзи келарди, ота. Уни ўргатиб қўйдиз…
– Ундай дема. Униям бачаси бор. Қорнидаям бор. Мани навараларим бировларга қарам бўлишини сираям хоҳламийман.
– Хай, унга нима дедиз? Кетма, деб оёғига ёпишмадизми ишқилиб?
Одил бобо индамади. Пиёлага чой қуйиб, тўхтовсиз ичди. Ҳилоланинг танглиги яна кучайди. Муаммо кенгайиб, хавфли яра каби тус ола бошлаганини чуқур ҳис этди. У отасининг Карамгулга эгилишини сира-сира истамас эди.
– Фазли акам нима деёптилар, ота?
– Аканг, кетса кетаверсин, дейди-да.
– Карамгулни мақсади нима ўзи, ота? Бирор шарт қўйдими?
– Уни шартига энди ман кўнмийман.
Ҳилола ичдан қувониб кетди. Ниҳоят, қалтис дамда отаси унга ён босяпти. Аммо у қувончини ошкор этмай, падари томон секин сурилиб, елкасига суянганча эркаланди:
– Уни дарди мени йўқотишдан бошқа нарса эмас. Кошки унга зарарим теккан бўлса…
Отаси чурқ этмади.
– Отаа, мен уни кетишини хоҳламийман. Жиянимниям жуда яхши кўраман.
– Биламан.
– Ўзини тузатса, олам гулистон: ҳеч ким пишагини пишт демайди.
– Қўй бу гапингни, қизим, шу рўзғорни ўша эплаб ўтирибди-ку.
Ҳилола лабини буриб, четга қаради:
– Эҳ, ота, ота! Қани аввалги отам? Онамга қандай зуғум қилардиз. Супага битта барг тушсаям онам бечора балога қолардилар.
– Онанг бошқайди, бачам. Хўўш… Сўд санга аниқ бирор нима дедими? – қизини чалғитишга уринди Одил бобо.
– Кўриб чиқамиз, деб айтди, – деди Ҳилола хоҳлархоҳламас. Фақат аризада эрига бирор айб қўймагани, ажралиш сабабини кўрсатмагани, бу ҳолат жараённи қийинлаштириши мумкинлигини айтгиси келмади. Кўнгли чўкиброқ: – Ота, мен кетишимни истаяпсизми? – деб сўради.
– Қаёққа кетасан?
Шу пайт меҳмонхона эшигидан Маҳмуд амакининг саллаю соқолли қиёфаси кўриндию Ҳилола шошиб ўрнидан қўзғалди. Отаю қиз бу ажиб, меҳрибон кишининг қандай пайдо бўлганини пайқамай қолибдилар.
– Ассалом, амакижон! – Ҳилола амакисининг елкасига ёпишди. У киши жияни кифтига секин уриб, алқаш билан кифояланди. Маҳмуд амаки ҳеч қачон жиянларию ҳатто фарзандларини ҳам бағрига босмайди, қалбидаги яқинлик туйғусини ошкор ифодаламайди.
– Ваалейкум, жиян, ассалому алайкум, ака, яхши ўтирибсилами?
– Ўзинг тузукмисан? Анча ҳаялладинг, тинчликми?
– Уч кун келолмадим, сал тобим бўлмади, ака.
– Ия? Нима бўлди? Той тепдими?
– Э, қувватсизлик. Озроқ ланг бўлибман. Энди тузукдайман.
– Худо шифо берсин, – Одил бобо юзига бармоқларини суриб, дуо қилди.
– Нимани можароси? – Маҳмуд амаки аввал жиянига, кейин акасига қаради.
Ҳилола ҳовлидаги “хунук” вазиятни амакиси эшитишини хоҳламас эди. Мулла Маҳмуд акасию кўп уламолар сингари эр-хотинлар ажраши бобида жуда қаттиқ қўл, иложи борича ҳеч бир оила бошига бундай “расво” кун тушмаслигини тез-тез такрорлаб турар, гапини “талоқ” деган сўздан ҳатто Аршиаъло ларзага келаркан, дея таъкидлаш билан мустаҳкамларди. Ўтган сафар у жиянидан:
– Ойланг тинчми? – деб хавотир аралаш сўраган эди.
– Тинч, – деб қўювди Ҳилола сир бермай.
– Куёв ичмайдими?
– Ичади.
– Ҳаддидан ортиқ ичмаса бўлгани, – девди амакиси бош тебратганча.
Ҳилола индамай ерга қарагач, Маҳмуд амаки хавотири кучайиб:
– Хай, урмайдими? – деб яна майдалаб сўраган эди.
– Йўқ…
– Ичкилик ичиши ўтиб кетади, фарзандли бўлганидан кейин қадрингга етади, жиян, хафа бўлма…
Ҳилоланинг ҳамон оиласи бағрига қайтмаганидан, отаю қиз ўртасида нимадир гап ўтганидан, акасининг “Қаёққа кетасан?” деган сўроғини эшитиб қолиб, Маҳмуд амаки жуда ташвишга тушди.
– Бу эридан ажрашопти, – деди дабдурустдан Одил бобо.
– А? – ҳуши учиб кетди амакининг. – Йўғ-э? Ўйлаб иш қилопсизлами?
Ҳилола шарт ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. У ҳозир насиҳат эшитишга тоқат қилолмас эди. Гарчи, чойникда совумаган чой бўлса-да, чойгумнинг тагига газни ёқди. Амакиси вьетнам чойинигина эмас, аччиқроқ дамланган оддий кўк чойни ҳам ичолмайди. Ҳилола бир марта памил чой дамлаб берганида у кишига маъқул тушиб, жиянини мақтаган эди.
Ҳозир у бошқа чойникка памил чой дамладию энди уни ичкарига олиб киришга юраги бетламади: амакисига қанақа баҳона кўрсатади?
Шу хавотирда у жуда оҳиста қадам ташлаб, хонага кирдию чойникни қария ёнига секин қўйиб, тез ортига бурилди. Унгача ака-ука ўртасида бу масала жиддий баҳсга сабаб бўлган эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?