Электронная библиотека » Салом Муҳаммад » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Катта хонадон 1"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Салом Муҳаммад


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
17. ҚАЛТИС ЖАВОБ

Ҳилоланинг миясига қон тепди: юзлари чўғдай ёниб, киприклари пир-пир учди. У оғайниларидан бирортасига гард юқишини, бу можаролар уларнинг қулоқларига етиб, безовта қилишини мутлақо истамас эди. Акаларию опалари учун у ўзини қалқон қилишдан қайтмаслигини ўзи яхши биларди. Аммо ҳозир ўзи ила бир ёстиққа бош қўймиш жонивор нималар деб валдираётир…

– Акаларимга тил тегизма, – деди у ниҳоят паст, нафратли овозда. – Улар ҳеч кимни нонини тортиб олиб, еганлари йўқ. Ҳеч кимни бошини ёрмаганлар ҳам.

Жавоб ўринли эса-да, қалтислиги ҳам йўқ эмас эди. Ҳилола қалтислигини ўйлаб ҳам ўтирмади. Умуман, ўзбек хонадонида эрни сенсираш жоиз эмаслигини, бу қилиқ яхшилик келтирмаслигини у кўп марталар эшитган. Шу билан бирга адолатсизлик юз берганда ўзини тутолмаслик одати ҳам борлигини тан олади. Ҳозир ҳам шундай вазият юзага келди, чамаси.

Босит кўзларини чақчайтириб, тишларини ғижирлатиб:

– Нима дединг? – дея ўрнидан сакраб туриб, хотини томон бостириб кела бошлади. Шу топда у қутурган қоплонни эслатарди. Бундай ҳолат аввал ҳам рўй берган: бир мартасида Ҳилола қайнанасининг уйига қочиб кириб, қутулган, бошқа бир сафар калтак зарбидан қовоқ, кўзлари кўкарган, чаккасида шиш пайдо бўлган, оқибатда икки кун ҳовлидан ташқарига чиқмаган эди. Энди нима қилсин? Яна қочсинми? Қаёққа?.. Йўқ, энди ундай қилолмайди. Қорни ҳам қаппайган…

Майли, нима бўлса бўлар, қимирламай тураверади. “Қоплон” эса бир-бир босиб, тишларини қайраб, яқинлашяпти. Ҳилола англадики, эри унинг қочишини истаяпти, лекин ўлжа рангги оқарганча қотиб, нафрат ила кўз қадаб турибди. Бундан Босит бадтар ғазабландию муштини ҳаволатиб, аёлининг бошини мўлжаллади. Аммо мўъжиза юз берди – онаизор шиддатли отилиб, ўртага ташландию мушт унинг елкасига тушди. Кампир беихтиёр чинқириб юборди:

– Илоё жувонмарг бўл…

Яхши гапга ҳам, ёмонига ҳам – дуою қарғишга ҳам фаришталар омин деяркан. Онаизорнинг қарғиши фаришталар қулоғига етиб борган бўлса, не ажабки…

Ҳилола ҳам ўзини тутиб туролмади:

– Аблаҳ, ифлос… – деган сўзлар унинг тишлари орасидан отилди. У шу топда қўрқувни буткул унутган эди.

– Ўлдираман! – Босит яна хотинига ташланди. Бироқ онаси палапонини қутқармоқчи бўлган майнадай яна ўғлига тармашди:

– Мана, мани, онангни ўлдир! Уни уришингга сираям йўл қўймийман, инсофсиз! Қорнидаги бачасига бирор кор-ҳол бўлса, ўзингни қамоқда чиритаман!

Онасини урганидан қўрқиб кетдими ёки боласи ҳақидаги гап таъсир этдими, ҳар қалай, Босит жаҳлдан тушган каби ногоҳ бўшашди, индамай ортига бурилди. Ҳилола унинг онасидан кечирим сўрашини кутиб, ҳамон қаққайганича қотиб турар эди. Аммо бундай ҳол амалга ошмади, аксинча, у тўнғиллаганча:

– Орага тушганнинг аҳволи шундай бўлади, – дея даҳлизга ўтди. – Бундан кейин мени ишимга ҳеч ким тумшуғини тиқмасин.

– Ҳоо, нимага аралашмас эканмиз! – деди Ҳилола ўзини тутолмай.

– Аралашсанг – ўласан! – Босит кўзлари хунук тус олиб, қичқириб юборди. Ҳилоланинг бутун вужуди титраб-қақшаб, эътироз билдиришга куч тополмади, фақат қайнанаси билагидан тутиб, индамайгина, аммо тез ташқарига етаклади. Кампир эса:

– Отанг келсин, кўрасан, – деб ўғлига пўписа қилди.

– Билганизни қилаверинг, – деди Босит хириллаганнамо.

Бироқ кечқурун онаси воқеани на эрига, на бошқа фарзандларига айтди. Гўё ҳеч нима юз бермаган эди. Эртасига эрталаб Босит ишга отланаётган чоғда Ҳилола:

– Мен кетаман, – деди.

– Қаёққа? – у хотинига ажабсиниб тикилди.

– Қаёққа бўларди, уйимга, ҳовлимга-да.

– Ҳовлингда нима бор, жонгинам? – Босит кулимсиради. – Борсак, бирга борамиз. Мен бир оз пул ишлай, ўзим айтаман.

– Вой уятсиз… – Ҳилола кафтларини юзига босди. У йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмас эди. – Шунча қилиқлардан кейин бу нимаси?

– Қанақа қилиқ? – бошини қийшайтириб, хотинига лол боқди у.

– Э, боринг-э! – хотини қўл силтади. – Мен сизни серёзний одам деб ўйлабман.

– Ҳалиям серёзний одамман. Ҳа, нима бўлди? – Босит ортига қайтиб, Ҳилоланинг билагидан тутди-да, каравотга ўтқазди. – Бирор гап ўтдими?

– Онайиздан сўранг, – у юзини тескари бурди. – Бечора ойижоним…

Босит нима воқеа бўлганини сўрайвергач, Ҳилола ҳаммасини қисқача гапириб бергач:

– Болайизга ўзларини қалқон қилдилар, – деди мунгли бир овозда. – Энди юзларига қандай қарайсиз?

Босит қовоғини солиб, ерга қаради.

– Мен уялиб кетдим, онагаям шунақа муомала қиладиларми… Акаларим ота-онамни кўзларига тик қарамаганлар.

– Бас, етар.

– Ойимдан кечирим сўрайсизми?

– Қилмаган ишим учун кечирим сўрайманми?

– Наҳотки мени ёлғончи деб ўйлайсиз!

Босит ҳали бирор марта ҳам Ҳилоланинг ёлғон гапирганини эшитган эмас. Яна ҳеч кимни ёмон отлиғ қилмаган. Кимдир бировни айбламоқчи бўлса, у бўтана ичидан тиниқлик излайди.

– Йўқ, сени ёлғончи деёлмийман, – деди у ниҳоят хотинига. – Балки билмай қўлим тегиб кетгандир-да, шуниям гап деб кўтариб юрибсанми?

– Ҳоо, бу кичкина гапми? Хай, кечирим сўрамайсизми?

– Мен ҳеч кимдан кечирим сўрамаганман.

– Сизни туққан, ўстирган…

– Бўлди-да, энди. Бўпти, ўйлаб кўраман, – деганча у қўзғалди, юзини кўрсатмай илжайди.

– Ланжлик эркак кишига ярашмайди. Мендан эмас, онайиздан кечирим сўрасайиз, яхши бўлади. Кечиктирмасдан. Ҳозир айни вақти.

– Э, бошимни оғритма, кечқурун бир гап бўлар.

– Унда мен кетдим, алвидо! – деб юборди Ҳилола.

– Бекорларни айтибсан! – Босит шахд ортига бурилди. У бехос жиддийлашган, кўзлари қатъият тусини олган эди. – Ҳеч ёққа кетмийсан!

Ҳилола яна ғалва чиқишидан чўчиб турса-да, буни сездирмасликка уриниб, ярим кулги, ярим эркаланган каби эрини эритмоқчи, мақсадига эришмоқчи бўлди:

– Ойимдан кечирим сўрайсиз, а?

– Ҳа, сўрайман, кечқурун. Бўлдими?

– Бўлди… – деди Ҳилола бир оз ён бериб. Аммо ўзидан қаноатланмади. Унинг эридан ишончи анча йўқолган, бу ҳовлида яшашга юраги безиллаб қолган эди. Хоҳиши бўйича, заррача иккиланмай, ҳозироқ бу ерни тарк этишга тайёр. Лекин қорнини дўппайтириб, ҳаммага ташвиш орттириб, ота ҳовлига боришни ҳам ўзига эп кўрмас, бундан уялар, Карамгул билан шу ҳолатда тўқнашувни, унинг таъналари ёмғирига дуч келишни сира истамас эди. У яна икки аланга ичра ёнарди.

– Қандай кунга қолдим, а, Худойим! – деб юборди у ички бир дард ила кўкка хитоб қилганча. Унинг оҳи келажак тутқичлари учун осмонга сингиб кетди. Ҳозирча уни ҳеч ким эшитмади. Аксинча, кимдир, эҳтимол, қалбининг қайсидир пучмоғидир унга таскин берди:

– Балки унга Худо инсоф бериб, гапида турар. Сабр қил. Бошқа иложинг ҳам йўқ.

Дарҳақиқат, кечқурун Босит қоғоз халтани тўлдирган ҳолда, очиқ чеҳра ила ишдан қайтди. Халтада олма, икки дона лимон, ярим килоча шоколад бор эди. Худди шифохонага бировни кўргани боргану уни топмай, нарсаларни қайтариб олиб келгандай.

– Буларни кимга олувдиз? – атайлаб сўради Ҳилола.

– Кимга бўларди, сенга-да! Бировга олиб, уйга келтираманми?

Ҳилола ичида “Худога шукур”, дея суюндию ташида:

– Раҳмат, – деди. – Битта лимонни, икки дона шоколадни олиб қўяман. Қолганини ойимга олиб кирасиз.

– Ойингга эрлари олиб берадилар, – деди у кескин овозда.

– Вой, ҳали гапиздан қайтдизми?

– Қайтганим йўқ, ҳозир бирга кирамиз. У кишига бошқа бирор нима олиб бераман.

– Хўп денг, дадаси, – Ҳилола эркаланган бўлди. Аммо ўз гапидан қизаринқиради. – Шуларни олиб кирайлик.

– Майли, ярмини олиб қол, – Босит рози бўлди. Шу билан қаноатланмай қоғоз халтадаги нарсаларнинг кўпроғини стол устига олиб қўйди-да, қолганини шундоқлигича ўраб, хотинига тутқазди. – Ма, ўзинг берасан. Қани, юр.

– Хўп, – Ҳилола халтани олмай, бўйнини қийшайтириб, жилмайди. – Буни ўзиз берганиз яхши-да.

– Нима фарқ қилибди: мен бердим нимаю сен бердинг нима – бари бир эмасми?

– Бари бир эмас-да. Аёл киши ҳар нарсага эътибор беради.

Онаси телевизор кўриб ўтирган экан, ўғлининг, ортидан келини кириб келишидан ажабланган каби бурилиб қаради. Тўғри, бунақа келишлар янгилик эмас. Баъзан ойнаи жаҳонда тузукроқ фильм, машҳур артистлар консерти бўлганда, камёброқ таом қилинганда, бирор жиддий масала ҳал этилганда оила аъзолари жамланадилар. Эрталабги воқеадан кейин келини тўнини тескари кийиб олдимикан? Худо сақласин-а!

Уйда отаси йўқлигидан қувониб кетган Босит:

– Яхши ўтирибсизми, онажон? – дея волидаси ёнига борди.

Онаси ҳанг-манг. Ўғлида бунақа одатни, бунақа сўрашишни аввал кўрмаган, шунчаки оддий гап-сўзлардан нари ўтишмаган.

– Офтоб қаёқдан чиқди, бачам? – онанинг кўзлари ёшландию ўғли ортида салгина жилмайиб, ярим хавотирли ҳолатда турган келинига нигоҳ ташлади.

– Кеча сизни хафа қилиб қўйдимми, онажон?

– Хафа?.. – онаси бошини эгди. Ўша дамда ўғлидан хафа бўлганини, кейин атайлаб қилмади-ку, деган ўйда буни ёдидан чиқарганини эслади. – Билмай қилдинг, а?

– Ҳа, нима қилганимни ўзим ҳам билмийман, мана бу айтди, – у хотинига ишора қилди. – Шу ростми?

– Ҳа, рост. Хайрият бирор нимага урилмадим.

– Мени кечиринг, онажон.

– Ўша нарсани ичмасанг, оғзингга олмасанг, кечирганим бўлсин, бачам.

– Майли, ичмасликка ҳаракат қиламан, – дея Босит қўлидаги қоғоз халтани онасига тутқазди. – Манг, келинизни сизга буюртмаси.

Ҳилоланинг дилига қувончга ўхшаш ёқимли туйғу қуйилди, ютиниб қўйдию кўнглида дарҳол ўзини айблади: “Ҳа, ёқмай қолсин…”.

– Мен айтмадим, ўзлари, – дея эрининг гапига тузатиш киритди.

– Нимайкан бу? – онаизор халта ичига қўл тиқиб, мева ҳамда бошқа ширинликларни олди. – Вой, раҳмат, бачам, сизгаям раҳмат, келинжон. Ҳозир чой қўяман.

– Қўзғолманг, ойижон, мен ўзим, – деб Ҳилола ошхона сари ўтди, Босит онасининг ёнига чўкди…

18. ТИКАНЛИ ЙЎЛЛАР

Умид палакларида гул кўринди: она хурсанд – шояд шу келингинаси туфайли ўғли ёмон дарддан қутилса; оилага файз кирса. Бу воқеани эшитиб, отанинг ҳам кўнгли хотиржам тортди, хайрият, деганча мукофотига “юзта оқидан” отиб олди. Буни қайнанасидан эшитиб, Ҳилола кулгандай бўлдию миясида зид фикрлар уйғонди: “Майли, қувонинг, дадажон. Аммо қувончнинг давомли йўлларини изламайсизми? Уни арақ билан мустаҳкамладизми? Афсус. Оиладаги вазият илдизга, ўзизга бориб тақаларкан-да. Шу ёшдаям ифлос нарсадан қутулмагансиз-а? Афсус, илдизга қурт тушган экан-да…”

Бу ўйлар ўйлигича, тишдан ташқарига чиқмай қолаверди. Иложи ҳам йўққа ўхшарди. Қайнатасига у бунақа гапларни айтолмайди. Қайнанаси-ку, эрига ғоят итоаткор, унинг буйруғини бажарувчи, шунчаки хизматини ижро этувчи мушфиқа аёл. Ҳатто болаларига ҳам сўзи ўтавермайди баъзан.

Юз берган воқеалардан Ҳилоланинг кўнглида, булут орасидан мўралаган Ой янглиғ салгина ёруғлик пайдо бўлди, холос. Аммо булутлар ниҳоятда кўп ҳамда қуюқки, Ойни батамом ҳалқумига ютиши мумкиндай туюлади. Боз устига, Боситдан унинг кўнгли совуган, ишончи йўқолган, энди дилига илиқлик бериши даргумон эди. Фақат биргина илинж – эрини жарликка қулашдан сақлаб қолиш мумкинлигини ҳис этиш. Шубҳасиз, яхшиликни, эзгуликни ўйлайдиган аёл учун шунинг ўзиёқ анча таскин-тасалли берарди. Бошқа йўлларнинг эса кўп тиканлари бор, тиканларни босиб ўтиш ғоятда мушкул савдо.

Вазият яна тиканли йўл томон юришга мажбур этди. Орадан бир неча кун ўтиб, Ҳилоланинг дилига яна булутлар ёпирилди, бутун борлиғини зулмат қоплади.

Унча кеч эмас эди. Шунга қарамай, Ҳилола эридан хавотирланиб, ҳар хаёллар тўридан қутулолмай, гўёки қоронғу кўчаларда адашиб юрарди. Худди шу лаҳзада дарвоза тақиллади, кимдир “йўл бу ёқда, бу ёққа кел”, дегандай бўлди. У отилиб чиқди ва хавотир аралаш:

– Киим? – дея паст овоз чиқарди.

– Ким бўларди, эринг-да, – деган қувноқроқ овоз қулоғига урилдию негадир сесканди, шошилиб дарвозани очди. Бурнига худди аввалгига ўхшаш ҳид урилгач, хаёлида ўзи учиб юрган шар “пақ” этиб ёрилди, у гўё қулаб тушди:

– Янами? – деган мунг лабларидан сирғаниб чиқди.

– Нима янами? – дағал овоз майин мунгни босиб, янчиб ўтди. Индамади, илгакни илиб, ортига бурилди. Дод солиб йиғлагиси келарди, қалбини ғам-ғуссалардан озод этишни истарди. Лекин йиғлашни зулматга чўкиш, енгилиш деб билгани учун бу йўлга тамба босди.

– Нимага қаққайиб ўтирибсан? – ичкарига кирганидан сўнг Босит сўради.

– Нима қилай? Яна ичганиз, анавиндан ютганиз учун табриклайми?

– Сенга ким айтди ундан ютган деб?

– Айтиш шарт эмас: анқиб турибди, пуф-э, – Ҳилола афтини буриштириб, тескари қаради.

Босит хохолаб кулди:

– Ҳа, энди шунақа бўлиб қолди-да, хотинвой.

– Ёлғончи. Ичмийман демаганмидиз? – фойдасизлигини билса-да, у таънадан ўзини тиёлмади.

Босит секин юриб келди-да, Ҳилоланинг ияги аралаш тумшуғидан тутди:

– Тергов қилаёпсанми?

Ҳилола тўлғаниб, ўзини олиб қочишга уринди, лекин кучи етмади.

– Сенга айтаёпман? Ҳозир бошингни олиб, биқинингга қўйсам, нима дейсан? Нимага менга хўжайинлик қиласан? Айт ҳозир! – Босит таҳдидни кучайтириб, овозини кўтарди, тишларини ғичирлатди. Унинг кўзлари қўрқинчли тус олган, гўё ичига деву жинлар киргану вужудини ғижимлар, оғриқ зарбига чидолмай хотинига чангалини ботирарди.

– Қўў… оғ-ғриёпти… – Ҳилола талвасаланиб, силтанарди, ичдан келаётган овоз тишдан ташқари ўтмас, юзлари қип-қизариб, кўзлари ўйнарди. Бироқ Босит қўлини бўшатмас, ундан жавоб кутар эди. Жавобнинг эса иложи йўқ: лаблари қаттиқ сиқув остида – дод сололмас, қочиш имкони ҳам берк. У бир амаллаб иккала қўлини унинг қўлларига заифгина босдию ва кутилмаганда оғзини йириб, эрининг бармоғини тишлаб олди. Оғриқ зарбидан Босит уни нарига силтаб юборди, Ҳилола довдираганча деворга бориб урилди, сўнг эшик қиррасига боши тегиб, биқинга қулаб тушди. Кўз олди қоронғулашиб, бир лаҳза нима бўлганини пайқамай, ҳушдан кетди. Унинг оғзидан, бурнидан сизиб қон оқарди. Қонни кўриб, эри ҳушёр тортди. Гўё вужудини эгаллаган жинлар ўз ишларидан қониқиш ҳосил қилдию энди уяларига бекинишди.

– Ҳилола, тур, сенга нима бўлди? – Босит энди нима қиларини билмай, хотини томон эгилди. Аммо ҳеч қан-дай овоз чиқмагач, қўрқиб кетдию уни секин кўтариб, каравотга олди.

Айни шу топда аввал онаси, ортидан отаси очиқ эшикдан ичкари киришди. Онаси беҳуш, рангги докадай оппоқ келинини кўриб, чинқириб юборди:

– Нима қилдинг, ҳайвон?

– Боринг, сиз аралашманг! – онасига ўшқирди Босит.

– Нима деяпсан? – отаси олдинга отилиб чиқиб, ўғлининг ёқасидан тутди. Отаси эллик беш ёшлар атрофида бўлса-да, ҳали анча бақувват, жаҳд қилса, анчамунча йигитларга ҳам бас келиши мумкин бўлган – соғлом одам эди. Боз устига, ҳозир ўғлининг қаршилик кўрсатишига ишонмас, шу пўписа билан попуги бир оз пасайишига умид қилган эди. Бироқ Боситнинг кўзлари олайиб кетди, ёқасини бўшатиш учун падарининг қўлларига ёпишар экан:

– Боринг, ота, сиз ҳам аралашманг, – дея юлқиниб чиқишга уринди. Бу ҳаракат ва гап отанинг ҳамиятига қаттиқ тегди. У оилада ўзини ҳукмрон – ҳокими мутлақ ҳисобларди. Ундан хотини қўрқар, болалари ҳайиқар, гап қайтаришлар деярли юз бермас эди. Ўғлининг ҳозирги ҳаракати қуюшқондан чиқиш бўлиб туюлди унга.

– Мен аралашмайми? – у кўзларини ўғлига қаттиқ тикди. Овозида зарда ҳамда кескинлик сезиларди.

– Ҳа, аралашманг, хотин меники, ўзимга қўйинг.

Ота ўғлининг оилада ҳукмрон бўлишини, гап ўтказишини жуда истаган. Аммо бу тарзда эмас-да: ота аралашдими, демак, жим тинглаши, буйруғини сўзсиз бажариши шарт-да. Шуни ўйладию у қўлини ёқадан бўшатиб, ўғлининг юзига тарсаки тортиб юборди. Босит бир қадам тисарилиб, кўзларидан чақин чаққан каби довдираб кетди. Юзига кафтини босдию отасига ўқрайиб қаради. Кўзларида ғазаб учқунлари “чирсилларди”. Бундан оила бошлиғи янада ғазабланиб, боласининг елкасига бир неча мушт туширди. Босит эса энди қараб туролмади – ярим қаричча чекиниб, ота-сининг елкасидан қаттиқ тутдию бир неча бор силкиб, нарироққа итарди. Падари йиқилмай, деворга суяниб қолди. Босит яна ҳамла қилгудай олдинга интилганда биқин томондан қаттиқ тепки тушди. Бу шовқинни эшитиб, уйдан шошиб чиққан акасининг зарбаси эди.

Отаси ва акаси Боситни қуртдаккина савалашиб, оёқ-қўлларини кир ёядиган ип билан чандиб ташлашди.

– Кўрнамак! – сўкиниб, ҳансирарди отаси. – Манга қўл кўтардинг-а. Шу кетишингда итдай ўлиб кетасан!

Ҳилола кўзини очганда каравотда ётар, биқинида қайнанаси кўз ёши тўкар, эри нарироқда, ерда ёйилган кўрпачада қўл-оёқлари боғлиқ ҳолда чўзилиб ётарди.

– Вой, нима бўлди? – у шошилиб ўрнидан турдию эрига яқинлашди. – Сизни нимага боғлашди?

– Отага қўл кўтарганнинг ҳоли шундай бўлади, қизим, – деди йиғи аралаш қайнанаси. Босит индамади, ғижиниб, тескари қаради. Ҳилола қайнанасига ишонмагандай, эрига саволчан кўз қадади: “Отангга қўл кўтардингми? Шу ростми?”

– Ёлғон гапирманг, она, – тўнғиллади Босит. – Мен ҳеч кимга қўл кўтармадим.

– Уятсиз, ўзинг ёлғон гапиропсан. Аввал келинга ёпишдинг, уни қийнадинг, кейин отангни туртиб юбординг.

– Бўлмаган гап! – тўлғонди Босит, хотинига ипни еч дегандай ишора қилди. Ҳилола қаттиқ боғланган ипни ечишда анча қийналди, қайнанаси ёрдам бермади.

– Тавба қилмагунча ечманглар, девдила отаси, – иккиланиброқ гапирди қайнанаси. – Қаранг, қилғилигидан тониб ўтирибди бу аҳмоғиз. Шунча тепкилардан кейин ақли кирадими, деб ўйловдим.

– Қанақа тепкилар? – Ҳилола таажжуб ила аввал қайнанасига, кейин эрига шошқин кўз ташлади. Босит елка қисди. У чиндан ҳам ҳеч нимани эсламас эди. Унинг лаблари атрофида, чап юзининг юқорироғида қизғиш доғлар кўринар, бу Ҳилолага вазиятни англат-гандай бўларди. Қўл-оёқлари ечилиб, қўзғалганидан кейин Босит сездики, елкаси ва қуймичида оғриқ кучайди, афтини тириштирди.

– Хай, тавба қиласанми? – сўради онаси ўрнидан туриб, ўғлининг кўзига умидвор тикилиб.

– Қилмаган ишимга тавба қиламанми? – у елкаларини уқалаганча тўнғиллади.

– Ҳали отангминан акангдан балога қолмасам бўлганийди.

– Шунақами? – Боситнинг овози кўтарилди. – Ҳали мен уларга боғлаш нималигини кўрсатиб қўяман.

– Ундай дема, бачам, – онаси эзгин нола каби овоз чиқарди. – Отангга қўл кўтардинг, бу катта гуноҳ. Отанинг қарғиши ўқ, дейдилар. Қарғишга қолма, бачам.

– Хўп, – бирдан пасайди у. – Лекин айтиб қўйинг, оилавий ишимга ҳеч ким бош суқмасин.

– Бу гапингни отанг эшитмасинла, уларни ўзинг биласан-ку…

Ҳилоланинг рангги оқариб, биқинига секин қулади.

– Вой, сизга нима бўлди, келинжон! – қайнанаси шошилганча Ҳилоланинг билагидан тутиб, ёнига ўтирди. Босит ҳам анграйиб, аёли бошига эгилди.

– Ҳамма ерим оғриб кетаёпти, ойижон, – ингроқли жавоб қайтарди келин.

– Йўғ-э, ҳали эрта эмасмикан? – деб қайнанаси Боситга хавотирли назар ташлади: “Урганмидинг, касофат?”

– Бил… билмасам… – оғриқ зўридан Ҳилоланинг лаблари қийшайиб кетди.

– Дўхтир чақирайми? – Босит безовталаниб, хотинига кўз тикди.

– Йўўққ… Ўтиб кетар…

Шунга қарамай, Босит кўчага чиқиб, сал ўтмай, бир неча ҳовли нарида яшайдиган, туғруқхонада ишлайдиган ўрта ёшли аёл шифокорни бошлаб келди. У аёл Ҳилолани наридан-бери кўздан кечириб, зудлик билан уни ётқизишу даволатиш зарурлигини таъкидлар экан:

– Боладан айрилиб қолишлариз ҳеч гап эмас, – деди.

Босит қаёқдандир “Москвич” бошлаб келди.

Ҳилола бир ҳафтадан ортиқроқ вақт даволанди. Уни камқонлик, қувватсизлик кўпроқ қийнар, яна қўрқинчли тушлару босинқирашлар безовта қилар, уйқусида ҳаловат йўқ эди. Ҳар қалай, муолажалар сезиларли таъсир қилиб, у анча ўзига келгандай бўлди. Гарчи, эри ҳар куни унинг ёнига қатнаб турган, кўнглини кўтаришга уринган эса-да, Ҳилола яна ўша ҳовлига қайтишни мутлақо истамас, эри билан бир хонада яшашга безиллаб қолган эди. Эртага жавоб бериладиган оқшомда овқат олиб келган қайнанасига дилини ёрди:

– Ойижон, хафа бўлманг, мен эртага ўз ҳовлимга кетаман.

– Йўқ, ундай деманг, айланай, уят бўлади. Одамлар нима дейди?

– Одамлар нима деса, деяверсин, ойижон, мен бола соғлом туғилишини хоҳлайман. Жанжалларни энди юрагим кўтармайди.

– Энди жанжалга йўл қўймаймиз.

– Кошкийди сизга боғлиқ бўлсайди, ойижон, – Ҳилоланинг кўзлари ёшланиб, четга қараганча гапини давом эттирди. – Бу дардга йўлиққанлар сўзларида туролмас эканлар.

– Отасиминан акалари бирлашиб, шармандали бу йўлдан қайтармасак, бўлмайди.

Ҳилола ҳаракатдан натижа чиқишига инонмай, бош чайқади. Сўнг:

– Менга осойишталик керак, ойижон, – деди қатъий. – Неварайиз соғлом туғилиши жуда зарур.

19. ҚАЙНАНА ОЧГАН “СИР”

Қайнанаси бу фикрга ичдан қўшилган эса-да, келинни қўлдан чиқаришдан жуда чўчир эди. Шу ўйда у:

– Ҳовлиздаям сизга ким қарайди? – деди. – Раҳматли онайиз бўлгандаям майлийди.

– Мен ўзимни эплайман, ойижон, – Ҳилола кулган бўлди. – Яна… янгаларим бор ахир, опаларим хабар олиб турадилар. Фазли акам жуда меҳрибон…

Кампир бурнини жийириб, кулди:

– Янгалариз…– дедию тилини тишлаган каби тўхтаб қолди. Келин унга таажжуб ила боқди: “Наҳотки нималарнидир эшитган бўлсангиз? Йўғ-э…”.

– Янгаларим ёрдамларини аямайдилар.

– Билмасам… – қайнана елкасини қисди. Унинг кўзларида ташвиш кезинарди гўё. Ниҳоят, у иккиланишдан тўхтаб, кўнглидагини дангал айтди: – Кичик янгайиз сизга дўст эмас.

Ҳилола ногоҳ қизариб кетди:

– Нимага ундай дейсиз, ойижон?

– Биламан-да. Билмасам айтмийман-да. Ўша ёққа бормаганиз маъқул, айланай.

– Нимани биласиз? Сизга бировлар бир нималар деганми?

– Ўша янгайизди ўзидан эшитганман.

– А? Ўзидан? У мени чақдими? – Ҳилола ғазаб кучи ила қайнанасини саволларга кўмиб ташлади.

– Э, тилгинам қурсин, буни сизга бекор айтибман-да, – у бош тебратиб, афсус чекди. – Бефаҳмман-да ўзим.

– Йўқ, ойижон, айтганиз ўринли. Балки, ҳақиқатдан ҳам тўғри гапларни айтгандир у. Мен ўзимни тузатишим керакдир.

– Жа соддайкансиз, ўргилай, – қайнана беозор кулди. – Рост гап бўлса, ўзизга айтмай, бошқаларга айтадими?

Ҳилола ўйга чўмди: “Мени ёмон кўриши рост. Лекин қайси ёмон томонимни ошкор этган? Буларга қандай етказган?” Бу ўйдан юраги сиқилди. Бироқ ўзини кулганга олди:

– Сизга қачон, нима деб ёмонлашга улгурдийкан у?

– Э-ҳе, ўша пайтда, совчиликка биринчи маротаба борганимизда ўзимга айтувди.

– А? – деб юборди Ҳилола беихтиёр. – Қизиқ, нима деган экан, а?

– Жуда уришқоқ, бошиз жанжолдан чиқмайди, деган.

– Мана, айтмадимми, тўғрисини айтган, – синиқ кулди Ҳилола.

– Ҳеч ҳам тўғри эмас экан, анча вақт отасиминан хавотирга тушиб юрдик. Бирон мартаям жанжолкашлигиз сезилмади.

– Унга ишонмадизларми?

– Ишондик, лекин… – қайнанаси тилини тишлаган каби тўхтаб қолди.

Ҳилола унинг “эҳтиётсизлиги”дан ўзича хулоса чиқарди: “Ўзи буларни ҳамма биларкан, биз билмас эканмиз, бошқа ким ҳам тегарди бунга?”.

– Барибир ўғлимизга бас келолмайди, деб шу ишни қилгансизлар, а? – ниҳоят Ҳилола миясига келган фикрни айтди.

– Йўқ, ундай ўйламадик. Отаси: “Боситга шунақа жанжалкашроғи мос тушар, балки буни йўлга солиб олар”, дедилар.

– Лекин, барибир адашгансизлар.

– Биза сиздан, шундай келин топганимиздан хурсандмиз. Кейин бошқалардан ҳам роса суриштирганлар. Ҳеч ким ёмон гап айтмаган. Билмадим, ўша янгайизга нима ёмонлик қилгансиз?

– Ойижон, – деди Ҳилола сал ўйлаб олгач, Карамгулни ёмонотлиғ қилгиси келмай, миясига келган фикрга ўзи ҳам ишониб, – балки унинг кўнглига Худо солган бўлишиям мумкин, мени бу одамга раво кўрмагандир.

– Билмасам… – деди қайнанаси елка қисиб. У келини айтган тахминга ишонган эди. – Хай, нима бўлгандаям бу аҳволда у ёққа бормаганиз маъқул.

– Қўрқаман… – Ҳилола шивирлади, киприклари намланди. – Сал бўлмаса иккаламизни аҳволимизга маймунлар йиғларкан.

Қайнанаси бошини эгди, хомуш сукут сақлади. Сўнг:

– Шундай қилганиз маъқулакан, айланай, – деди ниҳоят. – Айтаман, отаси бирор мошина топиб, ҳовлизга обориб қўяди.

– Йўқ, бу томонидан хотиржам бўлинг, опам язнамга айтиб қўйганлар.

Худди шу чоғ улар ўтирган узунчоқ курси ёнида Босит пайдо бўлди.

– Опанг язнангга нимани айтган? – у хотинига қаттиқ тикилди. Ҳилола қайнанасига қараб олди-да:

– Бошқа, ўзимизни гап, – деди. Кейин эрини чалғитиш ниятида: – Чарчадизми? – деб сўради ундан.

– Чарчамадим. Хўўш, биздан яширадиган нима гап бор экан? – энди у онасига кўз тикди. Унинг кайфи борга ўхшарди. Наҳотки яна қора дори ичган? Энди бундан қандай қутулиш мумкин? Ё Худо!…

– Яширадиган гап эмас… – дейишга мажбур бўлди Ҳилола. – Бир дори керак бўлувди, шуни опамга айтувдим.

– Нимага опангга айтаркансан? – овозини кўтариб деди Босит. – Мен ҳали ўлганим йўқ.

– Санга оғирлик тушмасин, деёптилар-да, – онаси гапга аралашиб, келинини ҳимоя қилди. – Бечора келингинам.

– Ёлғон, язнасига мендан шикоят қилган, – деди Босит. Кейин дағдағага ўтди: – Шуни билиб қўй: уйдаги гапни, мени ишларимни бировга айтсанг, калланг кетади.

– Ҳай-ҳай, – онаси ўғлининг оғзига кафтини босди, – яна ичдингми, инсофсиз?

– Тамом, мени сиз билан ҳеч қандай алоқам йўқ, – деди Ҳилола ҳам жаҳлга миниб. – Бу ердан жавоб беришлари билан ўз уйимга кетаман. Кўнглиз тусаганини қилиб юраверинг.

– Кетиб кўр-чи, – у Ҳилоланинг елкасидан тутиб, қаттиқ қисди.

– Қўйворинг, елкам оғриди, – Ҳилола силтаниб, унинг сиртмоғидан чиқди. Босит яна интилиб, унинг тирсагидан ушлади. – Қўйвормасангиз, қичқираман, мелиса келади. Ўзизга қийин бўлади.

– Мелисангниям ўлдираман, сениям, язнангниям, акаларингниям калласини оламан.

– Ўй, касофат, нималар деётганингни ўзинг биласанми? – онаси ўғлига маҳкам ёпишди. Ўғли силтаниб, кампирни нарироқ итқитди. Ҳилола югуриб, ичкари кирди. Шовқинни эшитиб, навбатчи шифокор, ҳамширалар, дарвоза ёнида ўтирадиган қоровул – кўпчилик йиғилиб келишди. Салдан кейин, эҳтимол, шифокор сим қоққандир, миршаб пайдо бўлди. Уни кўриб, Босит жимиб қолди.

– Нима гап? – йиғилганлардан сўради миршаб. Қоровул унга ниманидир тушунтирди. – Бунақа одамни нега бу ерга киритдингиз?

– Гапимга қулоқ солмай кириб кетди.

Миршаб Боситнинг билагидан тутганча:

– Қани, юринг, – дея етаклаб, ташқарига олиб чикди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации