Электронная библиотека » Салом Муҳаммад » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Катта хонадон 1"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Салом Муҳаммад


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
23. АҚЛЛИ МАСЛАҲАТ

– Ўзинг биласан, ажралишини сираям хоҳламийман, – деди акаси. – Ўйлаб қарасам, ажрашмаса бўлмасакан.

– Ақлли маслаҳат бермабсиз, ака.

– Ҳовлиқма: бердисини айтмадим ҳали.

– Ҳайдаб юборибдими? – чўчиб сўради ука.

– Ҳай-ҳай, ҳайдашдан худо сақласин. Падарлаънати куёв қорадори ичаркан. Ичганда ҳеч кимни танимаскан…

– Об-бо! Бадбахт…– амаки “уф” тортиб юборди. – Жуда ямон бўлибди. Ҳар ердан эшитиб тураман, қорадори ичувчилар хумор қилганда бировни ўлдиришдан ҳам тоймасакан.

– Шуни биларкансан, нимага гапни кўпайтирасан? Ўзимни қаерга қўйишни билолмай турибман.

Маҳмуд амаки бошини қуйи эгиб, тўлғонганча сукутга кетди. Гўё атрофини қароқчилар тўдаси ўраб келяптию қочадиган бирор бурчак, тешик йўқдай. Салдан кейин:

– Қорнида бачаси бор, кичкина келинминан келишмайди. Шу ҳолга чидайсилами? – деб сўради.

– Хўп, нима қил дейсан?

– Акаларидан бирортасиникига борса, бўлмайдими? Шояд куёвга худо инсоф берса.

– Ўзинг гаплаш, жиянингни кўндир.

Амакининг жиян билан “музокараси” натижа бермади. Бундан Ҳилоланинг ўзи ҳам сиқилиб, нима қиларини билолмай, боши қотди.

Эртаси куни Карамгул қизчасини етаклаб, қорни “дўппайган” ҳолатида онасиникига кетиб қолди. Бу воқеа Ҳилолани гўё катта гулхан ўртасига улоқтирди.

Яхшиямки, худди ўша куни анча-мунча лаш-лушлар кўтарганча Босит билан отаси бош эгиб, кириб келишди. Ҳилола бундан қувонмади. Уларнинг келиши Ҳилолага нажот беролмас, кўнглини кўтаролмас, аксинча, отасининг “зуғуми”ни кучайтириши мумкин эди. Одил бобо эса довдираганча, уларга қанақа муносабатда бўлишни билолмай, лекин мезбонга хос ярим тавозе ила қаршилади.

– Эгилган бошни қилич кесмас, қудажон, – деди меҳмон қуда ичкари кириб, омин қилишганидан сўнг. Унгача Ҳилола нариги ҳовлидан Парварда янгасини бошлаб келди. Ўзи уларга кўриниш бермаслигини янгасидан илтимос қилди.

Парварда чой кўтариб кирганда Босит бошини эгиб ўтирар, отаси уй эгасига ўзини оқламоқчи бўлгандай, лекин бир оз паст тушиб гапирарди:

– Қудажон, ман бехабар қолибман, сизни кўргани кетгандир-да, деб ўйлабман.

Парварда ўзини тутолмади:

– Қуда бова, Ҳилола бирор айб иш қилдими?

– Йў-йўқ, ҳеч айб иш қилгани йўқ, – қуда дарҳол изоҳ берди. Босит Парвардага хўмрайиб кўз ташладию шу заҳоти назарини пастга туширди. – Келинимдан мингдан-минг розиман, уни ҳаммамиз ҳурмат қиламиз.

– Бизаям Ҳилолани яхши кўрамиз, қуда бова.

– Бор, ўзингни ишингни қил, бу ишга бош тиқма, – Одил бобо Парвардага эшик тарафни кўрсатди. Келиннинг сўзи оғзида қолди. У иккала ҳовлида ўзини анча эркин сезар, ёши катталиги ва учинчи келинлиги боис баъзи масалаларни, хусусан, аёлларга тегишли муаммоларни ҳал этишда ўзини ҳақдор ҳисобларди. Қайнатаси эса унинг мададини кескин рад этди. Ноилож у чойникни куёв сари суриб, ўрнидан турди. Ортидан қайнатасининг:

– Ҳурмат қилиш шунақа бўладими, қуда? – деган пастроқ, беозор сўроғини эшитди. Худди чол: “Хафа бўлмангу айтмай иложим йўқ…” деганга ўхшади. Парварда ичда ғижинди: “Мундай қаттиқроқ гапирмайсизми?”

– Ҳовлини каттаси сиз бўлсайизу нималар бўлаётганини мундай суриштирмасайиз…

– Кейин суриштирдим, бундан ўтибди, қудажон, – у ўғли сари бармоқ нуқиди. – Энди ичмийман, деб манга сўз берди.

Одил бобо ногоҳ бўшашиб, жиддиятини йўқотди, худди елкасидан оғир юк ағанагандай сезди ўзини.

– Тўғри, вақтида бизаям ичганмиз, локин чегарадан чиқмаганмиз. Хусусан, анави… қорадори дегани одамни одамликдан чиқараркан…

Бу гапга чидай олмадими ёки бошқа ниятдами, Босит иккала пиёлага чой қуйди-да, қудаларга узатиб, ўрнидан турди.

Бу пайтда Ҳилола ўз уйида ўзи билан ўзи овора эди. Унда аввал енгил оғриқлар, кейин устма-уст қаттиқ оғриқлар қўзғалган, тўлғоқ азоби бошланган эди.

– Янга, янгажон, – дея ингранди у остонада кўринган Парвардага. – Аҳволим чатоқ, янгажон!..

– Нима? Ҳали узоқ эмасдими? – Парварда шошиб, унинг ёнига келди.

– Билмасам… Вой… Ўламан…

– А?.. Ҳозир… “Тез ёрдам” чақираман, – у ташқарига чопиб чиқдию супада Боситга дуч келди. Телефон аппарати меҳмонхонада: қуда ёнида сим қоқиш ноқулай. Шу боис у куёвга мурожаат этди: – Дўхтир чақириш керак.

– Нимага? – анқайиб сўради Босит.

– Ҳилолани мазаси қочди.

– Йўғ-э, – у Парвардага ишонқирамай қаради. Ҳилола бу ердан кетмаслик учун найранг қиляпти, деган ўй кечди унинг миясидан. – Нимага мазаси қочади, янга?

– Ким билади, балки… вақти бўлиб қолгандир… Тезроқ тилпон қилиш зарур…

– Ҳозир машина топиб келаман, – Босит дарвоза сари йўналди…

* * *

Орадан беш соатча вақт ўтиб, Ҳилола туман марказидаги туғриқхонада кўзини очди. Чақалоқнинг “инга” товушини эшитиб, у яна ҳушдан кетган эди. Ёнида Роҳила опасини кўриб, беихтиёр йиғлаб юборди.

– Йиғлама, Ҳилол, ҳамма қийинчиликлар ўтиб кетди, – дея юпатди у синглисини. – Ҳаммамизни қўрқитиб юбординг.

– Тамом бўлдим, деб ўйладим, опажон, – Ҳилола опасининг билагию бармоқларидан тутиб, кўзларига суртди.

– Қизчанг муборак бўлсин, Ҳилол!

– Раҳмат… Ишқилиб, соғми?

– Соғ.

– Чалалиги билинмайдими?

– Соғлом, оппоққина…

Ҳилола ширин жилмайиб, кўзини юмди, кўзларидан бир неча томчилар думалади. Роҳила хотиржам тортиб, ташқарига чиқди. У ерда Парварда, Босит, унинг онаси сабрсизланиб, илҳақ кутишарди, ҳаммалари Роҳила сари интилишди.

– Суюнчи беринг, қуда хола! – дея у қуданинг елкасидан қучди.

– Раҳмат, қудажон! – қайнана ўнгарилиб, Роҳилани қаттиқ қучоқлаб олди. – Ўғилми, қизми?

– Ҳалво.

– Қиз бўлгани яхши, онасига суянчиқ бўлади.

Босит ёнидан яқиндагина муомалага чиққан битта беш юз сўмлик пулни чўнтагидан чиқариб, қайнопасига тутқазди.

– Доя дўхтирга беринг буни, куёв, – Роҳила қип-қизариб, пулли қўлни нари итарди. – Кўўп хизмат қилди.

– Сизам катта хизмат кўрсатдиз, олинг, қудажон, – дея қайнана Роҳилага мурувват қилди. – Қайтарманг, бу суюнчи.

– Соғ қолгани менга ҳаммасидан ҳам кўпроқ суюнчи, қуда хола.

– Албатта, ҳаммамиз ҳам хурсанд бўлдик.

24. АЖИБ ТУЙҒУ

Шу тунда, соат ўн бирга яқин Нуриддиннинг уйида телефон давомли “сайради”. Бунақа лаҳзаларда, одатда, эшик тақиллаши, телефон садоси хонадонда ташвиш уйғотади. Хусусан, олислар билан томирлари боғланган кишилар кўпроқ чўчиб, ҳар хил хаёлларга боришлари табиий ҳол. Озода ҳам шундай туйғулар қуршовида кўзларини уқалаганча даҳлизга югурди. Нуриддиннинг ҳам уйқуси қочиб, шубҳаларга кўмилиб, хотини орқасидан шошқин қадам ташлади.

– Алў, Роҳилахон, тинчликми?

– Тинчлик, тинчлик! Суюнчи чўзинг, янгажон, Ҳилола қизлик бўлди! – дастакдаги овозни Нуриддин ҳам баралла эшитдию беихтиёр тўлқинланиб кетди.

– Вой, қачон? Муборак бўлсин! – Озода жилмайиб, эрига қаради.

– Яқиндагина.

– Вой, яхши бўлибди-я, акайиз жуда ташвишланиб юрувдила. Мана, ўзлари…

– Роҳила… синглим… – дастакни қулоғига тутдию Нуриддин дилидаги гапларни айтолмади, томоғига бир нима тиқилгандай бўлиб, кўзларидан шовуллаб сув қуйилди.

– Ҳа, акажон, соғмисиз? – Роҳиланинг ташвишли овози унинг қулоқларига урилди. – Ҳаммаси ўтди, яхши бўлди, акажон.

– Қийналмадими? – ниҳоят ўзини тутиб, сўради акаси.

– Сал-пал, энди… ака, биринчи бола…

– Ҳа, мен шундан доим хавотирдайдим. Катта ёшда турмушга чиқди. Чақалоғи…

– Уч килою етти юз. Зўр.

– Ўҳ-ҳў… Бечора сингилгинам…

“Табиий, ёшликда қувват кўп бўлади, – ўзича ўйларди у онасининг кечган азобларидан хулоса чиқариб. – Туғилиш, одамдан митти одам суғрилиб келиши улкан кучни, кучанишни талаб қилади. Хайрият, Ҳилола шу машаққатлардан омон ўтди”.

– Ака?..

– Ҳа, ҳа… – Нуриддин шошганча дастакка қараб гапирди. – Уйидагилар билдими буни?

– Ҳаммалари роддом дарвозаси ёнида кутиб ўтирдилар. Боситни ўзи Ҳилолани роддомга олиб келди.

– А?.. – Нуриддин ҳайратланди. – Ҳилола уйига қайтувдими?

Роҳила воқеани қисқача гапириб бергач:

– Энди уни Босит қишлоққа юбормаскан, – деди.

– Бунга Ҳилола кўнармикан?

– Билмадим. Бошқа иложиям йўқ, ака. Карамгул онасиникига кетиб қолган.

– Ҳмм… буниси яхши бўлмапти.

– Нима, дадаси? – эрининг ёнида тик турган Озода безовталаниб, бошини дастак сари эгди. Эри “жим” дегандай кўрсатгич бармоғини лабига босди. Дастакдан садо таралди:

– Э, барибир отам қараб ўтирмайдилар, бориб олиб келадилар.

– Ҳилолага мендан салом айт, табриклаб, пешонасидан ўпиб қўй, хўпми?..

* * *

Роҳила синглиси ётган палатага кирганида Ҳилола чақалоқни эмизганча, қитиғи келаётган бир алфозда юзларини тириштирар, кулмоқчи бўларди, қизчасининг қалин, маллатоб сочларига меҳр ила, тўймай боқарди.

– Ҳа, ширин эканми? – дея Роҳила ҳам чақалоқнинг лўппи, оқиш-қизғиш юзидан ўпди, сўнг синглисининг пешонасига лаб босди: – Буниси катта акам учун. Салом айтиб, сенга бардош тиладилар.

– Илойим соғ бўлсинлар. Сезиб юрардим: акам мен учун кўп изтироб чекардилар. Қувониб кетган бўлсалар керак.

– Қувониш ҳам гапми! Нафасларидан билдим, гапиролмай қолдилар, овоз чиқармай йиғладилар.

– Кўз олдимга келдилар: йиғи босиб келса, гапиролмайдилар, чуқур-чуқур нафас олиб, ўзларини ўнглайдилар. Бечора акам, мени деб…

– Акам ҳаммамизни ўйлайдилар. Лекин сендан кўпроқ, доим ташвиш тортадилар.

– Биламан. “Онам сени менга топшириб кетганлар” дейдилар доим. Мен дарди бедаво бўлсам… ташвиш устига ташвиш орттиравераман.

– Тақдир. Атайлаб қилмайсан-ку. Шу учун онам катта акамга тайинлаган бўлсалар керак-да.

– Онажоним… – Ҳилоланинг кўзлари ёшланди. – Онамдай бўлиш жуда қийинлигини тушуниб турибман.

– Тўғри, ўлим остонасидан қайтдинг. Лекин онам… – Роҳила кенжа синглисининг дунёга келиш лаҳзаларини эслаб, ўзича бош чайқади. – Сен туғиладиган пайтда онамдан умид узувдик.

– Онам айтиб берувдилар. Ўшанда сиз…

– Тўққизинчи синфда ўқирдим. Рўзғор, қозон-товоқ бўйнимдайди.

– Сиз биринчи қизлари, катта акам биринчи ўғил бўлганлариз боиси масъуллик юкланган-да.

– Ҳа. Ўша вақтда каттамиз билан Заҳри акам университетда ўқирдилар. Бир кун аввал икковлари баҳорги таътилга келиб қолдилар. Онамда ҳомила қийин ўтаётувди, мен ҳаммасини билардим. Жиғилдонлари қайнарди. Қор устини очиб, ўрадан тез-тез савзи олиб берардим. Буни ўғиллар сезмасдилар.

– Катта акамгаям сездирмасдиларми?

– Онам катта акамдан ҳеч нимани сир тутмасдилар. Лекин ўшанда мани деб бачам қийналмасин, деган хаёлга бориб, азобларини билдирмаганлар. Нурдин акам бўлсалар, таътилга келишлари билан бир-икки соат уйда бўлардилару ўртоғларини қидириб, чиқиб кетардилар… Ўша, сен туғиладиган кун ҳам… э, буни эслаш керак эмас, – Роҳила ўрнидан турди. Ҳилола унинг этагидан тортди-да:

– Айтинг, айтақолинг, опа, – дея ялинчоқ овозда илтижо қилди.

– Юз марталар эшитгансан-ку, нима қиласан кўнглингни бузиб!

– Кўнглим бузилмайди, қайтага онамга қойил қоламан. Акам… – Ҳилола пиқиллаб кулди.

– Катта акам бечора бундай бўлишини қаёқдан билсинлар. Кечга яқин уч-тўртта жўраларини, яхши кўрадиган муаллимларини бошлаб келдилар.

– Нимага?

– Аввал мактабда гурунглашиб ўтирганлар. Акамни каттагина бир очерклари журналда чиқувди. Ўшани ювамиз, дейишганмией, акам уларни уйга таклиф қилганлар-да. Бу ёқда онамни дард тутиб ётибди…

– Э… – Ҳилола ийманган каби бошини адёл панасига олди. – Отам қаёқдайдилар? Индамаганларми?

– Отам чўлдайдилар. Заҳри акам каттамиз билан ғиди-пиди қилдилар, йиғламсираб, акамни айбладилар.

– Меҳмонлар олдидами?

– Супада баҳслашдилар. Заҳри акам эркароқ ўсган, катта билан тик гаплашаверардилар.

– Ҳаа, – деди Ҳилола. Унинг билишича, Нуриддин тўнғич ўғилгина бўлиб қолмай, укаларини қаттиқ назорат қилган, ўз измидан чиқармаган, онаизорининг кўмакчисига айланган. Ҳатто баъзи ишлари бўйича қишлоқнинг бошқа болалари ҳам унга эргашганлар. – Катта акам жуда қатъиятли, ўз сўзини ўтказадиган, ориятли бўлган эканлар.

– Рост, акамдан зир титрардик, яна жуда яхши кўрардик.

– Қизиқ гап: ҳам қўрқиш, ҳам яхши кўриш. Ишонгим келмайди.

– Акам ҳеч ёлғон гапирмасдилар, тўғри маслаҳатлар берардилар.

– Ҳа, гап бу ёқда экан-да – адолатли бўлганлар-да.

– Топдинг. Ким жавр кўрса, онамга эмас, катта акамга арз қиларди. У киши ҳеч кимни аяб ўтирмай, айбдорни боплаб жазолардилар.

– Хай, меҳмонларни ўша ноқулай вазиятда уйга олиб келишлари-чи, ўринлийдими?

Роҳила ўйланиб қолди. Жуда қалтис ҳамда нозик лаҳзалар кўз ўнгида жонланди. Бир ёқда онаси оғир аҳволда, иккинчи ёқда, меҳмонхонада мактабнинг обрўли муаллимлари. Нуриддин вазиятни кўриб, донг қотиб қолган. Заҳриддиннинг “тихирлиги” ҳам миясига урган. “Сиз ўзизни, обрўйизни ўйлайсиз, онам нима бўлсалар ҳам майли, а? – дейди Заҳри йиғламсираб. – Ҳозир мен меҳмонхонага кириб, кетинглар дейман уларга”. Нуриддиннинг жон-пони чиқиб кетади. Бошқа маҳал бўлганида-ку, укасини роса дўппосларди. Лекин уканинг ҳақлиги кўриниб турибди. Бош ака ўринсиз иш қилгани рост. Шундай эса-да, укасига: “Ундай қилиб бўлмайди, – дейди ниҳоят у. – Ахир устозларга қўполлик қилиш яхшими? Уларни мен олиб келдим.” “Онам бир нима бўлсалар-чи?”– Заҳриддин бўш келмайди.

– Ээ, жуда ноқулай бўлганакан-да, опа, – деди Ҳилола.

– Акам уларни атайлаб олиб келмаганлар. Малимлар ҳам буни билмаганлар.

– Кейин-чи?

– Акамни ўзлари йўлини топдилар.

– Қандай қилиб? – Ҳилола қаддини тиклаб, тирсагига суянди.

– Учовимиз келишдик: Заҳри акам сездирмасдан меҳмонларга хизмат қиладилар; катта акам “Тез ёрдам” билан онам ёнида туман марказига борадилар; мен меҳмонларга овқат пишираман. Дарҳол ишга киришдик.

– Меҳмонлар Нурдин акамни сўроқлаб, безовта бўлганлар. Заҳри акам: онамни олиб, районга кетдилар, деб қўйганлар.

– Ҳа…тушундим…

– Меҳмонлар хижолат чекиб, ўзларича акамни койиб, ҳовлимиздан дарров ғойиб бўлганлар.

– Акам бечора, ғалати аҳволга тушибдилар.

– Ҳа, анча вақтгача уялиб, ўзларини айблаб юрдилар. Чунки, ўша кеча жуда оғир ўтди. Эсимизни тани-ган ҳаммамиз мижжа қоқмай, акамни пойлаб ўтирдик. Ўша вақтларда инсофли дўхтирлар кўп бўлган. Акам ўшалардан биттасини уйқусидан уйғотиб, туғруқхонага келишига эришганлар. Азонга яқин туғилибсан, акам йиғлаб юборганлар.

– Бу воқеани бир марта онам айтиб берувдилар. Мени деб…– Ҳилола кўзларини юмди. – Қадрларига етмадим. Мана энди она бўлиш қанчалик қийинлигини билиб турибман. Онагинам тирик бўлсайдилар, бошимга кўтарардим.

Роҳила кулди. У туғруқхонада ҳамшира бўлгани боис аёллар дардини, аҳволини, улар ҳар лаҳзада ўлим хавфи остида, ажал рўпарасида қалтираб туришларини кўп кўрган.

– Шундай деймизу ваъдамиз эсдан чиқади, оналар вафотидан кейин оҳ-воҳ урамиз. Хўш, энди нима қилмоқчисан?

– Ана шугинани кўнглимдагидай тарбиялайман, – Ҳилола уйқусида тамшаниб, лабчаларини чўччайтириб қўйган чақалоққа қаради. – Бундан бошқа ташвиш кўзимга кўринмайди.

– Ширинми?

– Ширин, жуда ширин.

– Лекин бошқа ташвишларинг ҳам бор. Яна қишлоққа қайтасанми?

– Билмасам, бошим қотган.

– Сизларни жон-жон деб уйимга олиб кетаман, ўзим зўр парвариш қиламан.

– Йў-йўқ, сираям сизникига бормийман.

– Босит сўзида турармикан?

– Сўзида турмаса, бизадан энди умидини узсин, – у яна чақалоққа меҳр билан тикилди. – Кўрамиз, опа, бир гап бўлар.

– Катта акам ҳам қишлоққа қайтишингни, Карамгул билан олишиб юришингни хоҳламаёптилар.

– Биламан, опа, ҳовлимиз ё мени сиғдиради ё Карамгулни. Шу учун ҳам бунақа балоларга гирифтор бўлдим-да. Мени Худонинг ўзи жазолади.

– Бу-чи? – Роҳила чақалоққа ишора қилди. – Буям жазоми?

– Э, йўқ, бу мен учун жазодан кейинги мукофот! Бундан бошқа ҳеч ниманинг қизиғи йўқ менга. Лекин отам ҳам азиз…

25. ОТАНИНГ РЕЖАСИ

Янги невара дунёга келишидан Одил бобо кўпроқ қувонди. Тўғри, у киши неварага жуда ҳам ташна эмас. “Худога беадад шукрлар бўлсинки, навераларга бойман, – дерди чол ўзига ўзи. – Маниям, фарзандларимниям Оллоҳ-таоло яхши сийлади. Ҳаммасини зурёди бор. Ҳилоладан хавотирим каттайди: кеч турмушга чиқардик, шундайича ўтиб кетмасайди, деб қўрқардим. Меҳрибон Эгам марҳамат қилди…”.

Хушхабар олиб келган катта куёви Рауфни қайната қўярда-қўймай меҳмонхонага олиб кирди.

– Энди биир эрийдиган бўлдиз, бова, – деди кулиб Рауф.

– Эриймиз-да, куёв, бу хабарга эримай бўладими? – фотиҳадан сўнг қувноқ жавоб қайтарди Одил бобо.

– Яшириб қўйганлариздан бир-бир чиқараверинг, мен анча-мунчага кўнмийман, – деб Рауф таранг қилмоқчи бўлди. У қайнатасининг нозик томонини яхши билар, кенжа қизидан ҳеч нимани аямаслигини ҳис этарди. – Пенса пуллариям тўпланиб қолгандир, а, бова?

– Кечагина икки ойлигини қўшиб берувди. Хўш, нима истайдилар? Нима буюрай? Айтаман, ҳозир палов бошлайди.

– Ким пиширади? Келиниз онасиникида деб эшитдим…

– Бугун онасиникидан олиб келаман. Ошни Парварда қилади.

– Ҳм… – Рауф ўйланиб қолди. Хотини ҳамда бошқа қайниларию қайнсингиллари таъсирида у ҳам Карамгулни хуш кўрмас эди. Табиатан у ҳам нозик таъб, тозаликка жуда эътибор берар, бу борада Карамгулнинг ҳаракатларидан астойдил ғижинарди. Қайнатасининг уни олиб келмоқчи бўлганидан шахди синди. – Йўқ, овора бўлманг, бова, мен жуда шошиб турибман, – у қўзғалди.

– Қаёққа шошасиз? Ихтиёр ўзизда-ку? Ё оловга келувдизми? Бир ҳокандозини сандалидан олиб берайми?

Рауф кулди:

– Энди олов керак эмас, газимиз бор, бова, гугурт бўлса бас. Қуруғидан чўзаверинг.

– Қуруғидан бўлса – қуруғидан-да, – Одил бобо чолварининг чўнтагига қўл тиқиб, дарҳол бир даста пул чиқарди. – Ана, истаганизча олаверинг.

– Суюнчига шуни ўзи етади, бова, – дея Рауф пулни олиб, ўз киссасига тиқди, кейин қайнатасининг кўзларига назар ташлади. Одил бобо бепарво илжайиб турарди. – Хўп, бизга рухсат, – куёв эшик томон йўналди.

– Ўтиринг, юзта-юзта қилайлик.

– Хай, ўзиз жиндай оласизми, бова? Неварали бўлдиз…

– Сиз билан олсак, оламиз-да, куёв.

– Ундан уйда борми ўзи?

– Уйда-ку, йўқ. Ҳозир ҳовлимизда ҳеч ким ичмайди. Фазлиям намоз ўқишга ўтган.

– Хай, унда дўкондан ўзим олиб келай… – Рауф яна эшик сари юрмоқчи бўлди. Одил бобо уни қайтариш илинжида:

– Майли, олиб келинг, локин ўзиз ичасиз: тўқиштириб, яна ўзизга бераман.

– Йўқ, бунақаси кетмайди, бова, – Рауф энди киссасидаги пулни қайта чиқарди. – Битта юз сўмликни оламан, бова, қуруқ бўлмасин, суюнчига.

– Ҳаммасини олаверинг, кечдим, Ҳилолага у-бу қилиб борасилар.

– У ёғидан хотиржам бўлинг, бова, Ҳилолани ёлғизлатиб қўймаймиз, – куёв пулни қайнатасининг чўнтагига мажбуран тиқиб қўйди. – Мен ҳам биир ҳазиллашдим-да.

– Биламан, – Одил бобо ногоҳ хомушланди. – Хабариз бўлдими, энди нима қиларкан уйидагилар?

– Билмадим, Ҳилолани кўндирсалар…

– Ҳилолага сизлар ҳам тушунтиринглар-да, бачам.

Рауф қайнатасининг дардини тушуниб, чолга раҳми келди. Гарчи, Карамгулни қайтариш ўзига ҳам унча ёқмаса-да, хонадон бошлиғининг кўнглини кўтарди:

– Божам энди ичмасликка сўз берибди.

– Сўз беришга беради-я, локин гапида турармикан? – Одил бобо бу ҳолат куёвига боғлиқдай унга умидворлик билан қаради. – Эчки қасам қилмадимикан?

Рауф елка қисди. Сўнг дарвоза томон юраркан:

– Келиниз келармикан? – деб сўради.

– Келади. Нимага келмасакан? Ким ўз бачасини етим қилишни хоҳлайди.

– Сиз хушомад қилиб борманг, бова, зарурат туғилса, ўзи келади.

– Ҳурмати учун-да. Ўзим биламан, қолиб кетмайди.

– Фазлини ўзини юборсайиз-чи, бова?

Одил бобо куёвига ғалати қаради. Гўёки, шуниям билмайсанми, нодон, ўзи елкасига аранг ортмоқлаб қўйганман-ку, дегандай бўлди чол. Кейин йўлига, худди сир бермасликка уринган каби:

– Кўрамиз, – деб қўйди. Куёв дарвозадан чиқиб, анча тўкилиб шалвираб қолган уловга ўтираётганида: – Қийнамаёптими? – деб сўради автобусга ишора қилиб.

– Қийнаёпти, лекин на илож, рўзғорни инқиллаб-синқиллаб тортопти.

– Латареямга катта ютуқ чиқса, янгисидан олиб бераман, – дея қайната ҳазилнамо кулди.

– Унда тезроқ ютинг, бова, – Рауф уловини ўт олдирди. Бутун атроф-теваракка тутун пуркаб, зўриқиб, кучаниб, олдинга интилди автобусча. Қайната бош тебратиб, ортидан қараб қоларкан:

– Шуларниям иши юришиб кетсайди, кўнглим жойига тушарди, – деди ўзича.

* * *

Шамсия узоқдан чопқиллаб келиб:

– Бобожоним! – деганча ўзини чолнинг бағрига отди. Одил бобо унинг зарбига тебраниб кетдию йиқилишдан ўзини аранг тутиб, неварасини қучоқлаганча пешонасидан ўпди-да, бир нафас жим қотди. Шамсия анча каттариб қолган, баъзи майда ишларда онасига ёрдам берар даражага етган эди. Одил бобо уни еру кўкка ишонмагани каби у ҳам бобосига қаттиқ меҳр қўйган, она-отасининг қўлига тутқич бермай, кўпинча бобосига талпинади. Шу улуғ одамнинг ҳимоясида эркин ўсишини мурғак қалби ҳис этади, чоғи.

Қизининг ортидан қорнини ламиллатиб, Карамгул ҳам уйдан чиқдию қайнатасига пешвоз юрди. Яқин келиб тўхтагач, ҳадикнамо салом берди. Одил бобо ўрнидан кўтарилиб, алик оларкан:

– Бухчангни кўтар, кетдик, – деди.

Карамгул қовоғини уйиб, тескари ўгирилди:

– Мени қизизга талатгани олиб борасизми?

Одил бобо унга олайиб қаради-да, лабини тишлаб олиб:

– Қизим кетди, – деди. – Унгаям Худо фарзанд берди.

– Вой, нима? – деб дарҳол чолга юзланди Карамгул. – Қачон?

– Уям қизлик бўлди. Кеча. Эри олиб кетувди.

Кейинги гап Карамгулни ичдан суюнтирган эса-да, қайнатасининг бир сўзи билан дарҳол боравермаслигини билдиргиси келиб:

– Мен энди бормийман, – деди.

– Нимага?

– Қизиз барибир яна қайтиб келади, мени сиғдирмайди.

– Бу гапни қаердан олдинг? Ўйлаб гапиропсанми?

– Ўзим биламан-да.

– Ўзинг билсанг, ўзингга қийин бўлади. Шуни хоҳлайсанми?

Карамгул индамай пастга тикилди, оёғи билан ер чизди. Одил бобо яна унинг нозик еридан тутгиси келди:

– Ман Шамсияни олиб кетаман.

– Ҳоо, мен буни сизларга бериб бўлибман.

– Майли, қорнингдаги ўзингга, бунга бошқа она олиб берамиз.

– Башқа она олиб беяшизми, бобожон! Уй-я! – ҳеч ниманинг фарқига бормай Шамсия бобосининг бўйнидан қучди. Карамгул қизига олайиб қаради.

– Онанг бормаса, жазоси шунақа бўлади, қизим, – Одил бобо қизчанинг пешонасидан ўпиб қўйди, сўнг келинидан сўради: – Хай, шунга розимисан?

– Йўқ! – деди қатъий оҳангда Карамгул. – Бизани ўзлари келиб, олиб кетсинла.

Одил бобо ичдан ғижинди, кейин ичидагини юзага чиқарди:

– Сани эринг келтириб қўювдими? Ўзинг яхши биласан, у келмайди. Қани, бўлақол, имиллама.

– Кириб, дамизни олинг, чой қўяй.

– Онанг уйдами? Акаларинг-чи?

– Ҳозир ҳеч ким йўқ. Онам келсалар…

– Унда ман Шамсияни олиб кетавераман. Кейнимдан борасан, – дея Одил бобо дарвоза ёнидаги эски ўрик кундаси устида бир нафас ўтириб, дам олди. Келини Шамсияни қайта кийинтириб, йўлга отлантирди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации